Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
2-БОБ. Билиш – қиёс ва ўхшатишдан бошланади
Сифатлаш. Тансиқ ас-сифат санъати

Сифатлаш, ғарб филологиясида эпитет ҳам дейилади – бадиий-тасвирий воситалардан бири бўлиб, кишилар, нарса, ҳодисаларнинг белги-фазилатларини билдирувчи, аниқловчи сўздир. Сифатловчилар аниқланмиш сўз билан бирга келиб, ўша сўзнинг у ёки бу хислатини, ижобий ёки салбий белгиларини аниқлайди. Шеъриятда сифатлашлар кучли образлиликни, таъсирчанликни оширувчи омил бўлиб ҳисобланади.

Шарқираб оққувчи тоза ирмоқлар,

Ҳали гард қўнмаган майса, япроқлар.

Ўн етти, ўн саккиз ёшли чақмоқлар –

Шоир бўламан деб келган болалар.226226
  Сирожиддин Саййид, Ватан абадий, “Шарқ”, 2001, 56-бет.


[Закрыть]

Ушбу бир банд шеърнинг дастлабки ҳар учала мисраси сифатлашли бирикмалардир. Муаллиф шоир бўламан деб келган болаларни “тоза ирмоқлар, майса, япроқлар, ўн етти ёшли чақмоқлар”га қиёслаб, ана шу қиёсларга мос сифатлашларни қўллаганки, бунда сифатлашлар ўхшатишлар билан ажойиб шоирона қоришиқ ҳолда келган.

Сифатлашларнинг тансиқ ас-сифат деб аталган тури ҳам бор. Бунинг луғатини сифат қалаштириш, кўп сифатлашлар келтириш усули десак мазкур санъат моҳиятини аниқроқ тасаввур қилиш мумкин. Мумтоз адабиётдаги ўта инжалик, хаёл парвозининг мислсизлиги, рубобий тимсоллар тавсифида орзубоп сербўёқлиикни тақозо этади. Шоир ёр сулувлиги ҳақида қалам сурар экан, унга бирор ўхшатиш ёки сифатлаш келтириш билан чекланмай, гоҳо у гўзалнинг кўрки унсурларини қалаштириб ташлагиси келади.

Чунончи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур лирик қаҳрамоннинг ақлу ҳушини олган маҳбуба чиройини тавсифлашда шу усулдан фойдаланади:

Сабру ҳушу ақлу динимни олибдур, найлайин,

Сарвқадде, гулрухе, райҳонхате, насринбаре.227227
  Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳрами асрор топмадим, “Ёзувчи”, 1993, 43-бет.


[Закрыть]

Кўряпмизки, шоир маъшуқанинг сарв қоматли, гул юзли, райҳон мийиқли, оқ гулдай танли дея унинг сифатларини қалаштириб ташламоқда. Шунинг учун бу санъат атамаси – тансиқ ас-сифатдир.

Бундай шоирона тавсифу таърифда Муқимийнинг олдига тушадиган мумтоз шоир кам топилса керак. Муқимий қаламига мансуб қуйидаги ғазалнинг дастлабки уч байтини ўқиган киши тансиқ ас-сифат санъатини яққол тасаввур қилади:

Нигори маҳвашиким кам бўлур мундоғ пари пайкар,

Зарифу зираку дилхоҳу дилжў, дилкашу марғуб,

Расотабу салимилвазу базморо ажаб дилбар.

Адофаҳму сухансанжу шакаргуфтору шўрангез,

Сабиҳулважҳу некушаклу матбуу некуахтар…

Қуйида Муқимийга хос сифатқалаштиришларни аниқ тасаввур этишнинг осон йўлини танлаймиз. Ўша сўзлар ва уларнинг луғатларини бериш билан чекланамиз. Китобхон уларни байтга қўйиб, ҳузур қилиб тушуниб олаверади:

пари пайкар – пари вужудли, сумбати паридай;

санавбарбўй – қомати санавбар ниҳолидай;

насринрўй – юзи насрин гулидай оппоқ;

сунбулмўй – сочлари сунбул;

сийминбар – кумушбадан;

зариф – ақли ўткир;

дилхоҳ – кўнгил истаган;

дилжў – кўнгил олувчи;

марғуб – ёқимли, севимли;

расотаб – истеъдодли, таъби расо;

салимилваз – соғлом жуссали;

базморо – базмни қизитувчи;

адофаҳм – сўзни нозик тушунадиган;

сухансанж – гапдон, гапга чечан;

шакаргуфтор – ширинсўз, тили ширин;

шўрангез – (ҳусни билан) замонга ғавғо солувчи;

сабиҳилважҳ – чеҳраси гўзал, сулув юзли;

некушакл – жуссаси шинам;

матбу – ёқимли, мақбул;

некуахтар – бахтли юлдуз эгаси.

Сифатнинг ижобий фазилат саналадиган юқоридагидай белгиларидан ташқари салбий ҳисобланадиганлари ҳам бўладики, бундай сифатлашларни санаш ҳам тансиқ ас-сифат бўлади:

Ул пари ишқида йўқ ўлмакдин ўзга чорае,

Чун ўзи қотил, сўзи муҳлик, кўзи хунхор эмиш.228228
  Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳрами асрор топмадим, 1993, 45-бет.


[Закрыть]

Ёки шоир Махмур “Дар ҳажви Хўжа Мир Асад” номли ҳажвиясида тансиқ ас-сифатнинг ана шу усулига мурожаат этганки, бу санъат шеърда Мир Асадга нисбатан ўқувчида кучли нафрат ҳиссини уйғотади:

… Кеча кўнглим қушиким қилди тама бирла ҳаво,

Хўжам Мир Асад даргоҳига айлади жо.

Аждаҳо пайкари масмум ҳақоратгари халқ,

Мори ифритсифат соҳиби дашному изо.

… Манбаи жаҳлу, макони ғазабу, маъдани қаҳр,

Хилқати жавр, вужуди ситаму, жисми жафо.

Ташбеҳ санъати

Ташбеҳ – ўхшатиш демакдир. Шоир тасвирда бирор нарсани иккинчи бирор нарсага ўхшатса – ташбеҳ санъати бўлади. Ўхшатишлар беҳад хилма-хил: ҳажман ўхшатиш, рангини ўхшатиш, ҳидини ўхшатиш, хатти-ҳаракатини ўхшатиш, феъл-атворини ўхшатиш, нарсани одамга ва одамни нарсага ўхшатиш… Ташбеҳдан мақсад: ўша ўхшатилган нарсани аниқроқ тасаввур этиш; бутун таъсирчанлиги билан кўз олдига келтириш; ўхшатиб суйдириш ва ўхшатиб бездириш; ўхшатиб мақташ ва ўхшатиб расвои жаҳон қилиш… Хуллас, бу ташбеҳ деган санъатнинг имкониятлари чек-чегарасиздир.

Бадиий санъат сифатида ташбеҳ образлилик яратувчи восита бўлиб, поэтика илми мундарижасида катта ўрин тутгани каби, бадиий ижодда ҳам энг кўп қўлланиладиган усулдир. Мумтоз адабиётдаги ташбеҳдан замонавий адабиётимиздаги ташбеҳлар янги-янги оҳорли ўхшатишлар қўлланилиши билан фарқ этиб туради. Бироқ бу фикр зинҳор мумтоз адабиётда янги-янги ўхшатишлар озроқ экан. деган хулосага келтирмаслиги лозим. Алишер Навоий ва Нишотийлар ижодида оҳорли ташбеҳлар ғиж-ғиждир. Масалан:

Гоҳ икки ришта янглиғким, топар бир-бирга тоб,

Иккилик фаҳм ўлмоғидек бир-бирига чирмашиб.229229
  Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, “Фан”, 1990, 46-бет.


[Закрыть]

Нишотийдан: Эл кўзига бўлмиш эди жилвагар,

Қуббаи зар бирла нечукким сипар.230230
  Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 92-бет.


[Закрыть]

Сўз санъат даражасига кўтарила борганда пайдо бўлган биринчи санъат – ташбеҳ дейиш мумкин. Сўнг бунинг асосида ўнлаб янги-янги санъатлар: истиора, талмеҳ, муболаға, ружуъ, тажнис, ийҳом ва бошқалар пайдо бўлди. Ташбеҳ-ўхшатиш ҳақида Арасту шундай ёзади: “Поэтик санъатнинг келиб чиқишига иккита сабаб бўлиб, иккаласи ҳам табиийдир. Биринчидан, тақлид. Ўхшатиш инсонга болаликдан хос бўлган хусусият. Инсон бошқа мавжудотлардан ўхшатиш қобилиятига эгалиги билан фарқланади. Ҳатто дастлабки билимларни у ўхшатишдан олади ва бу жараён самаралари барчага ҳузур бағишлайди… Бу фикрни янада аниқлаш учун айтиш лозимки, бундай қобилият бировда заиф, бировда (шоир, рассомларда) кучли бўлади ва у туғма истеъдод деб аталади. Иккинчи сабаб, одамларнинг тасаввур қилиш қувватидир. Бу қувват ҳам истеъдодга алоқадор бўлиб, турли одамларда турличадир”.231231
  Арасту, Поэтика, “Янги аср авлоди”, 2011, 93-бет.


[Закрыть]

Ташбеҳ санъатининг хиллари жуда кўп бўлиб, адабиётшуносликда нисбатан кенгроқ ишлангани ва оммавийроғи қуйидагилардир:

∙ ташбеҳи мутлақ;

∙ ташбеҳи киноят;

∙ ташбеҳи машрут;

∙ ташбеҳи измор;

∙ ташбеҳи тафзил;

∙ ташбеҳи акс;

∙ ташбеҳи мусалсал.

Ташбеҳи мутлақ санъати. Буни ташбеҳи том, ташбеҳи сариҳ сингари атамалари ҳам борки, атамаларга кўра буни изоҳлайдиган бўлсак:

Мутлақ ташбеҳ – ҳамишалик, доимий ўхшатиш;

Ташбеҳи сариҳ – аниқ, ёрқин ўхшатиш;

Ташбеҳ том – тўлиқ, мукаммал ўхшатиш.

Ташбеҳи мутлақнинг бошқа ташбеҳлардан сезиларли фарқи: матндаги ўхшатишнинг яққоллигидадир. Айниқса, ташбеҳда тўрт унсур кўпроқ қатнашади: ўхшаш нарса, ўхшатилган нарса, ўхшатиш воситаси, ўхшаш сифат. Чунончи:

Сарвдек қадди фироқида фиғонимдур баланд,

Гул киби рухсори ҳажрида ёшимдур лолагун.232232
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 96-бет.


[Закрыть]

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мазкур байтида иккита мутлақ ташбеҳ бор: биринчи мисрадаги ташбеҳ унсурлари: ўхшаш нарса: қад; ўхшатилган нарса: сарв; ўхшаш сифат: баландлик; ўхшатиш воситаси: -дек қўшимчаси.

Иккинчи мисрадаги мутлақ ташбеҳнинг тўрт унсури: ўхшаш нарса: рухсор (юз, чеҳра); ўхшатилган нарса: гул; ўхшаш сифат: лолагун (лоларанг); ўхшатиш воситаси: киби кўмакчиси.

Ташбеҳи мутлақ моҳиятини мумтоз адабиётшуносларимиз, жумладан, Атоуллоҳ Ҳусайний қайд этадиларки: “У каломда бир нимани бир нимага ўхшашликка далолат қилувчи лафз воситаси билан ўхшатмоқдан иборатдир”.233233
  Атоуллоҳ ҳусайний, Бадойиъу-с-санойиъ, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 212-бет.


[Закрыть]
(Алибек Рустамов таржимаси).

Олим ташбеҳи мутлақнинг анъанавийлигига – доимийлигига ишора қилгандай бўлади. Бироқ ташбеҳи мутлақнинг оҳорли намуналари ҳам кўплигини инобатга олмоқ керак. Бу ижодкорнинг маҳоратига боғлиқ. Мутлақ ташбеҳ қатнашган байтлар:

Қошлари остида гўё икки фаттон кўзлари

Икки ҳинду баччадурким ёндошиб ё тортадур.234234
  Фурқат, Танланган асарлар, ўша нашр., 1975, 150-бет.


[Закрыть]

Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,

Рўзгоримдек ҳам ўлғанда қоронғу келмади.235235
  Алишер Навоий, ТАТ, 3-жилд, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2011, 615-бет.


[Закрыть]

Замонавий адабиётда ҳам ташбеҳ санъати кенг қўлланилади. Абдулла Ориповдан:

Тоғдай оғир юкни кифтига олиб,

Қушдай енгил бўлиб юради шоир.236236
  Абдулла Орипов, Юртим шамоли, “Ёш гвардия”, 1876, 161-бет.


[Закрыть]

“Бобурнома” муаллифи ота сифатида ўзи ва хотинининг Ҳумоюн мирзо ташрифи туфайли шодликларини қуйидаги ташбеҳлар орқали таъсирчан ифодалай олган: “ … ўшул соатким, биз анинг онаси билан отини тутуб, сўзлашиб ўлтуруб эрдукким, ета-ўқ келди. Кўнгуллар гул янглиғ очилиб, кўзлар чироғдек ёруди”.237237
  Бобур, Бобурнома, “Шарқ”, 2002, 266-бет.


[Закрыть]

Ташбеҳи киноят. Ташбеҳи мутлақ билан ташбеҳи киноятнинг фарқи шуки, биринчисида ўхшатилган ва ўхшаш нарсалар бўлади, ташбеҳи киноятда эса, ўхшатилган нарса қатнашади, холос. Мумтоз шеъриятда кўзни ғизол-кийикка ўхшатиш расмдир. Унда кўз – ўхшаш нарса, ғизол – ўхшатилган нарса. Қуйидаги байтда кўз ўрнида унга ўхшатилган нарса қатнашган, холос:

Шўх икки ғизолингни ноз уйқусидин уйғот,

То уйқулари кетсун, гулзор ичида ўйнат.238238
  Алишер Навоий, МАТ, 4-жилд, “Фан”, 1989, 60-бет.


[Закрыть]

Иккинчи мисрада ҳам ташбеҳи киноят бор. Шоир қиз юзини гулга ўхшатса, “юзинг гулдек” деса, ташбеҳи мутлақ бўларди. Бироқ Навоий ўхшаш нарса: “юз” сўзини қолдириб, ўхшатилган нарса: гулзорни қўллаган ва ташбеҳи киноят содир бўлган. Демак, ташбеҳи киноятда ўхшатилган нарса (сўз) назарда тутилар экан.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг:

Эй гул, мени зор этмаки, ҳуснунг чаманида,

Кўзни юмуб очқунча бу гулзор топилмас239239
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 30-бет.


[Закрыть]

байтида ҳам иккита ташбеҳи киноят қатнашмоқда: “гул” сўзида қиз, “гулзор”да эса, унинг чеҳраси назарда тутилмоқда.

Поэтика соҳасидаги қарашлар инкишофи ва таснифлар ташбеҳи киноятни ҳозир истиора санъат деб ҳисоблашни тақозо қилмоқда. Чунки бундай ўхшатишда ҳам бир нарса ўрнида иккинчи бир нарса қўлланилмоқда.

Эсда тутиш жоизки, ташбеҳдан мақсад – ҳамиша таъсирчанликдир. Масалан, мумтоз шеъриятда қизни гулга ўхшатиш расмдир. Алишер Навоий қуйидаги байтида қиз сўзи ўрнида унга ўхшатилган нарса: “гул хирмани”ни ишлатган:

Не келса тонгла келсун, бир тун усрук ётса ҳам хушдур,

Киши гул чоғи бир гул хирманин тортиб қучоғинда.240240
  Алишер Навоий, ТАТ, 1-жилд, Ғ.Ғ. номидаги НМИУ, 2011, 49-бет.


[Закрыть]

Ташбеҳи машрут. Ташбеҳи машрут шартли ўхшатиш демакдир. Шоир байтда ўхшатишни қўллайди-ю, бироқ бирор шарт қўяди: воқеа шу шартга мувофиқ бўлсагина ўхшатиш тўғри бўлади, деган мулоҳаза шу санъат моҳиятини белгилайди. Ташбеҳи машрутни қўллаган санъаткор қўйилган шарт бажарилсагина ўша нарса ўхшайди, деб писанда қилади.

Оғиз ичра тилингдек ғунчада гул барги тар бўлғай,

Вале бу шарт илаким, барги гул ичра шакар бўлғай.


Қадингга сарви раъно ўхшағай, лек ул замонким сарв

Хиромон бўлғаю гул бергай, ул гулдин самар бўлғай.


Юзунг даврига ой даврини ташбеҳ этгамен, вақте

Ки анда хол ила хат фитнаи даври қамар бўлғай.241241
  Алишер Навоий, МАТ, 4-жилд, “Фан”, 1989, 442-443-бетлар.


[Закрыть]

Кўриняптики, Алишер Навоийнинг мазкур байтларида гўзал ташбеҳи машрутлар қатнашган. Шу ғазалнинг етти байтида шундай санъат ишлатилган.

Ташбеҳи измор. Ташбеҳи измор атамасининг луғати: замирида ўхшатиш бор, демакдир, яъни бу – зимдан ўхшатиш усулидир. Атоуллоҳ Ҳусайний “Баройиъу-с-санойиъ” асарида “измор луғатда кўнгилда сақламоқдур” деб қайд этган. Бу санъат қатнашган байтга жиддий аҳамият берилмаса, ташбеҳни сезмай қолиш мумкин. Масалан:

То олғали кўнглимни ул юз била ул гису,

Кундуз менга не ором, кеча менга не уйқу.242242
  Бобур, Девон, 1994, 52-бет.


[Закрыть]

Бобур бу байтда ташбеҳи изморни қўллаган. Шоир фикрига кўра байт мазмуни қуйидагичадир: Ёримга маҳлиё бўлганимдан бери юзининг кундуздай порлоқлигидан оромимни йўқотганман, кечадай узун сочларини ўйлаб кўзларимга уйқу келмайди. Бобурнинг яна бир байтига назар ташлайлик:

Очилди зулфию хайлар намудор ўлди юзида,

Гул узра чун бўлди пайдо кеча очилса шабнамлар.243243
  Бобур, Девон, 1994, 21-бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Унинг гажаклари очилиб, юзида тер томчилари кўринди. Ҳа, кеча очиқ келса, гул юзига шабнамлар қўнади. Зимдан назарда тутилган ташбеҳларни тизиб кўрайлик:

Зулф – кеча; хай (юздаги тер) – шабнам; юз – гул.

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан икки байт намуна олайлик:

Сочим фикрида тунлар айласанг печ,

Қарорурму жаҳонинг тун киби ҳеч?


Қошим меҳробини ёд айлаган дам,

Янги ойдек бўлурму қоматинг хам?244244
  Алишер Навоий, МАТ, 8-жилд, “Фан”, 1991, 370-бет.


[Закрыть]

Ташбеҳи измор орқали шоир китобхон зукколигини, идрокини синамоқчи бўлади ва “топа олсанг, ҳалолинг бўлсин, мазза қил!” дегандай бўлади.

Ташбеҳи тафзил. Ташбеҳи тафзил атамасининг луғати қиёсий ўхшатиш демакдир. Демак, шоир матнда бир нарсани иккинчи бир нарсага ўхшатади-ю, ўхшатиш мос эмаслигини қайд этса (чунки қиёсда айтади-да) ташбеҳи тафзил санъатини қўллаган бўлади. Мавлоно Лутфий ёзади:

Шамъи меҳру гулни нисбат қилса бўлмас сизгаким,

Умри гул бир ҳафта, куннинг ҳам заволи бор дурур.245245
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 56-бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Қуёш шамъи ва гулни сизга ўхшатиб бўлмайди, чунки гулнинг умри бир ҳафта, қуёшнинг ҳам заволи бор. Кўрганимиздек, шоир ёрни бир қуёшга, бир гулга ўхшатди ва бунинг ўринсизлигини, қиёсда кейингиларнинг умри ёрдай боқий эмаслигини уқтирди. Мавлоно Лутфийнинг қуйидаги байтида ҳам анъанавий ташбеҳи тафзил келтириилади: яъни соч мушкка ва бинафшага ташбеҳ берилади:

Сочингким мушк анинг шармандасидур,

Бинафша бўйни боғлиқ бандасидур. (Лутфий, 46-бет).

Зокиржон Фурқатдан ташбеҳи тафзилга мисол:

Юзинг гулдин мусаффодир, лабинг ранги ҳинодин ҳам,

Хатинг хушбў чаман райҳонидин, мушки Хитодин ҳам.246246
  Фурқат, Танланган асарлар, Ўша нашр., 1975, 122-бет.


[Закрыть]

Мазмуни:Юзинг гулдан мусаффо, лабинг ҳино рангидин тоза;

Мийиқдаги тукларинг чамандаги райҳон ва Хито мушкидан ҳам гўзалдир.

Ёки:

Жаннатнинг гулларидин гулзорингиз чиройлик,

Ҳуру пари юзидин рухсорингиз чиройлик. (Фурқат, 100-бет).

Ташбеҳи акс. Ташбеҳи акс – аксича ўхшатишдир, яъни бир нарса иккинчи бир нарсага ўхшатилади-ю, яна қайта ўша иккинчи нарса биринчисига ўхшатилади. Бунда аввал ўхшаш нарсага ўхшатиш келтирилади, сўнг ўхшатиш келтирилган нарса ўхшаш нарсага қайта ўхшатилади. Ташбеҳнинг ушбу навини ташбеҳи маъқус ҳам дейдилар.

Атоуллоҳ Ҳусайний ташбеҳи акс санъатига қуйидаги мисолни келтиради:

Бўстон чун осмон шуд,

Осмон чун бўстон шуд.247247
  Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойиъу-
  –санойиъ, Ўша нашр., 216-бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Бўстон осмондай бўлди, Осмон бўстондай бўлди.

Мамарасул Бобоевнинг “Гулдаста” шеърида ташбеҳи акс намунаси учрайди:

Гулдастам! Чўмилиб шудрингларга,

Хонамни безабсан келинчакка хос.

Шу сабабдан, сени у гулрўларга,

Гулрўларни сенга қиларлар қиёс.248248
  “Шарқ юлдузи” журнали, 1973 й., 10-сони.


[Закрыть]

Кўряпмизки, шоир гулдастани гулрўларга, кейин гулрўларни гулдастага қиёсламоқда. Алишер Навоийнинг “Муншаот”идан:

Хушо, базм аро ўту май бўлса дай,

Май андоқки ўту ўт андоқки май.249249
  Алишер Навоий, МАТ, 14-жилд, 1998, 141-бет.


[Закрыть]

Ташбеҳи мусалсал санъати. Ташбеҳи мусалсал – кетма-кет уланган ўхшатишдир. Бунинг моҳияти шундай: шоир бирор нарса ёки ҳодисани бошқа бирор нарса ёки ҳодисага ўхшатади. Сўнгра шу ўхшатилган нарсани бошқа нарса ёки ҳодисага ўхшатади. Ҳар гал навбатдагисига ўхшатиш шеър охиригача давом этаверади, яъни ўхшатишлар бир-бирига уланиб кетаверади. Шеърда назарда тутилган моҳият-фикр ўхшатишлар воситасида ифода этилиб, юзага чиқади.

Ташбеҳи мусалсалнинг энг яхши намунаси Алишер Навоийнинг қуйидаги ғазалида кўзга ташланади:

Ёрдин айру кўнгул мулкедурур султони йўқ,

Мулкким султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ.


Жисмдин жонсиз не ҳосил, эй мусулмонларким ул,

Бир қаро туфроқдекдурким, гулу райҳони йўқ.


Бир қаро туфроғким, йўқтур гулу райҳон анга,

Ул қоронғу кечадекдурким, маҳи тобони йўқ.


Ул қоронғу кечаким, йўқтур маҳи тобон анга,

Зулматедурким, анинг сарчашмаи ҳайвони йўқ.


Зулматеким, чашмаи ҳайвони онинг бўлмағай,

Дўзахедурким, ёнида равзаи Ризвони йўқ.


Дўзахеким, равзаи Ризвондин ўлғай ноумид,

Бир хуморедурки, анда мастлиғ имкони йўқ.250250
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 252-253-бетлар.


[Закрыть]

“Ғаройиб ус-сиғар” девонидан олинган ушбу ғазалдаги ташбеҳи мусалсал санъати мазмунини идрок этайлик: шоир ёрдан жудо бўлган кўнгулни султонсиз мамлакатга ўхшатади; султонсиз мамлакатни жонсиз танга; жонсиз танни гул ва райҳон ўсмайдиган қора тупроққа; гулу райҳон ўсмайдиган қора тупроқни порлоқ ойи бўлмаган қоронғи кечага; порлоқ ойи бўлмаган қоронғи кечани обиҳаёти бўлмаган зулматга; тириклик суви бўлмаган зулматни ёнида жаннат боғи бўлмаган дўзахга ўхшатади. Яъни ўхшатишлар занжирсифат бир-бирига уланиб кетаверади. Агар шеър мазмунини мулоҳаза қилсак, ўхшатиш манбаи ёрдан жудо бўлган кўнгил эди. Ўхшатишлар занжирининг уланишига қаранг: ёрсиз кўнгил – шоҳсиз мамлакат, жонсиз тан, гиёҳсиз қора туфроқ, ойсиз тун, обиҳаётсиз зулмат, жаннатсиз дўзах…

Ўхшатишлар занжири икки дунёни улашга хизмат қилмоқда: ишқ, абадият, бахт ва фожиа моҳиятига диққатимизни тортди.

Ташбеҳни юқоридагидек тасниф этишдан мақсад: ушбу бадиий санъатнинг ифода имкониятлари беқиёслиги ва қўлланилиш миқёсининг ғоят кенглигини мумтоз шоирларимиз жуда яхши билганликларини қайд этишдир.

Замонавий адабиётда ҳам ғоятда оҳорли ташбеҳлардан фойдаланиш худди мумтоз адабиётдаги сингари доимий амалиётдадир:

Булутларга ёндош, осмон остида,

Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.

Қиличнинг дамидай арқон устида

Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.251251
  Абдулла Орипов, Юртим шамоли, “Ёш гвардия”, 1976, 161-бет.


[Закрыть]

Адабиёт бор экан, ташбеҳ сўз санъатининг ранг-баранг гуллари каби умрбоқий бадиий санъат бўлиб қолаверади.

Муғолата санъати

Муғолата истилоҳи атамасининг луғавий маъноси адаштириш, ғалатга йўллаш, хато содир қилиш каби тушунчаларни англатади. Ушбу шеърий санъатнинг моҳияти шундаки, шоир ижод жараёнида атайлаб, ўзи билатуриб нотўғри ўхшатиш-ташбеҳ келтиради. Гўё у китобхонни синамоқчидай, жўрттага хатога йўл қўяди-ю, ўша заҳоти ўз камчилигини тузатади: ўхшатишнинг ҳаққоний вариантини манзур этади. Шуниси борки, санъаткор нотўғри ўхшатишдан мутлақо воз кечиб, хатони тан олиб тузатиш йўлидан бормайди. Аксинча, гўё у “мен тўғри ташбеҳ келтирган эдим-у, сиз негадир тез англай олмадингиз, фикримни мана бундай тушунсангиз, менга эътирозингиз қолмайди” дегандай бўлади.

Ўзбек ва форс-тожик мумтоз шеъриятида юзни гулга, оғизни ғунчага ўхшатиш ҳолатлари анъанавий ҳодиса эди. Масалан:

Гул юзинг ҳажрида ўздин кетгай эрдим дам-бадам,

Гар бу сариғ юзга кўзум урмаса ҳар дам гулоб!252252
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 25-бет.


[Закрыть]

Ёки:

Жаҳон боғини ахтарсам сенингдек гулузор ўлмас,

Суман бар, спрв қомат, ғунча оғизлиқ нигор ўлмас.253253
  Фурқат, Танланган асарлар, Ўша нашр., 1975, 164-бет.


[Закрыть]

Тожик адиби ва адабиётшуноси Фахриддин Алий Сафий ўзининг “Латоиф ат-тавоиф” китобида муғолата ҳақида яхши маълумот беради: “Муғолата санъати ташбеҳ санъати навларидан биридир. У шундайки, шоир шеър айтишда бир нарсани бошқа бирор нарсага ўхшатади-ю, урфиятда ўшанинг акси амал қилади. Сўнг (муаллиф) ифодани шундай ўзгартирадики, натижада англашилмовчилик (муғолата) бартараф бўлади”.254254
  Мавлоно Фахриддин Алий Сафий, Латоиф ут-тавоиф, Душанбе, 1968, 128-бет.


[Закрыть]

Муаллиф келтирган мисолда юз гулга эмас, ғунчага, оғиз ғунчага эмас, гулга ўхшатилади:

Даҳанат ба гул монад, эй дилнавоз,

Чу ғунчаест рухсорат, эй дилфируз.255255
  Ўша асар, ўша бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Эй дилнавоз, оғзинг гулга ўхшайди, Эй дилафрўз, юзинг ғунчага ўхшайди.

Дастлаб, бундай кутилмаган, дағал ташбеҳга нисбатан ўқувчи эътирози лов ёнади-ю, сўнг муаллиф томонидан унга усталик билан сув сепилади:

Рухат – ғунча, лекин шукуфта тамом,

Даҳан – гул, вале ношукуфта ҳануз.256256
  Ўша асар, ўша бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Юзинг ғунча, лекин тамом очилган, Оғиз – гул, лекин ҳали очилмаган.

Шоир Комил Хоразмий бу байтни жуда дилкаш таржима қилган:

Юзингдур ғунча-ю, лекин очилгандур тамом, эй гул,

Даҳонинг гулдур, лекин ҳануз очилмаган ғунча.257257
  Маҳмудали Юнусов, Комил Хоразмий, 1960, 93-бет.


[Закрыть]

Бу усулнинг хусусияти шундаки, муаллиф ҳақиқий, расм бўлган ўхшатишдан кўп узоқ кетмайди, ўша ташбеҳни шахс ёки предметнинг бошқача вазиятига мувофиқлигини ҳисобга олиб, муғолатага йўл қўяди, холос. Келтирилган мисолдан ҳам кўриниб турибдики, ҳар иккала ўхшатиш манбаи гулдир: фақат унинг икки вазияти – ғунча ва очилган чоғлари олинган бўлиб, ҳар мисрада бир мартадан ана шу ҳолатлар ўрин алмаштирилади.

Қизиқ жойи ва муҳими шундаки, шоир шу усул билан, бироз қалтис ижодий ҳаракат натижасида ўз китобхонининг адабиёт соҳасидаги билимини синаб қўяди, тасаввурини бироз титкилаб юборади. Бу ҳол оддий адабий синов бўлмай, маълум маънода ўқувчини бадиий ижод табиати билан яқиндан таништириш усули сифатида ҳам диққатга сазовордир.

Ташбеҳ хатолари ҳамиша ҳам муғолата санъати билан баравар келавермайди. Муаллиф ўз хатосини тузатмаган лаҳзаларда муғолата усули рўёбга чиқмайди ва жумладан қуйидаги ҳолат ижодкор эътиборсизлиги ва шеър камчилиги деб қаралади:

Ғунчадек чеҳрангга Эркин жон фидо этгай, санам,

Қатра қонидин гул унсин то муҳаббат боғида.258258
  Эркин Воҳидов, Муҳаббатнома, Т., 1986, 239-бет.


[Закрыть]

Чунки ғунчага ўхшаган юз гўзал ҳисобланмайди. Камолга етган қизнинг юзини ғунчага ўхшатиш мантиқан ҳам жоиз эмас.

Маснуъ санъати

Ўзбек мумтоз адабиёти вакиллари орасида фақат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидагина маснуъ намунаси бордир. Маснуъ адабиётшунослик луғатларида акс этмаган шеърий санъат бўлиб, луғавий маъноси “бадиий санъатларга бой” демакдир. Маснуънинг иккинчи бир хусусияти шундаки, ижодкор бир байт маснуъ яратиб, ўшандаги бирикмаларни такрорлаб, бир байтдан яна бир неча байтлар ҳосил қила оладики, бунда кўпроқ вазн жиддий ўзгаришларга учрайди, натижада оҳангдорлик ўзгача бўлади. Бобур маснуъсининг биринчи байти:

Тишинг – дур, лабинг – маржон, хадинг – гул, хатинг – райҳон,

Юзунг – ҳур, сочинг – анбар, сўзунг – мул, менгинг – Мўлтон.259259
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 68-бет.


[Закрыть]

Бадиий санъатлар сарҳисоби билан байт таркибига ёндашсак, саккиз карра ташбеҳ-ўхшатиш санъати қўлланилганига гувоҳ бўламиз:

биринчиси: тишинг – дур;

иккинчиси: лабинг – маржон;

учинчиси: хадинг (ёноғинг) – гул;

тўртинчиси: хатинг (устки лаблардаги майин туклар) – райҳон;

бешинчиси: юзинг – хур (қуёш);

олтинчиси: сочинг – анбар (қора ва хушбўй);

еттинчиси: сўзунг – мул (майдек, ошиққа ёқадиган);

саккизинчиси: менг (хол) Мўлтонга ўхшатилган. Шу ташбеҳ бироз изоҳ талаб қилади: маълумки маҳаллий лўлиларни кўпчилик “мўлтони” дейишади ва бу сўзни “тиланчи, айёр” маъноларида қўллашади. Аслида “мўлтони” мўлтонлик деганидир. Мўлтон – Ҳиндистон вилоятларидан бирининг номи. Шунинг учун саккизинчи ташбеҳда менг – хол Мўлтонга қиёс қилинган. Бунда ҳинд одамларининг қорачалиги инобатга олиниб, холнинг қоралигига ишора қилинган. Бироқ бу ўхшатиш ижобий эканлигини албатта инобатга олмоқ керак. Байтдаги барча ташбеҳлар табиий ва дилкаш, назокатли.

Маснуъга қўл урган шоир Бобур бу ҳодисанинг ўзбек адабиётида биринчи эканлигини билгандай санъатга ижодий ёндошган. Юқоридаги байтдан қуйидаги байтни истихрож ҳам қилган, яъни келтириб чиқарган:

Мўлтон – менгинг, сўзунг – мул, анбар – сочинг, юзунг – хур,

Райҳон – хатинг, хадинг – гул, маржон – лабинг, тишинг – дур.

Иккала байтга қиёсан зеҳн солинса, бирикмалар ва сўзлар ўрни нечоғлик ўзгарганини идрок этиш қийин эмас. Энг сезиларлиси: гўё мисра ўрни ўзгаргандай; иккинчи байт бошида биринчи байт сўнггидаги бирикма келган…

Демак, маснуънинг бир неча вазифаси бўлади. Аввало, шоир кўп бадиий санъатлар қўллаш орқали китобхонни ҳайратга солади; бир хил сўзлардан неча янги мисралар ва янги вазнлар ҳосил қилинишини машқ қилиб кўринглар, дегандай бўлади. Буни тасаввур қилиш учун маснуъ усулида ёзилган шеърнинг давомини тўлиқ келтирамиз:

Тафохур кўзум, кўнглум қилурлар, магар, бордур,

Кўзунгга кўнгул вола, юзунгга кўзум ҳайрон.

Ҳайрон кўзум юзунгга, вола кўнгул кўзунгга,

Бордур, магар, қилурлар кўнглум, кўзум тафохур.

Тафаккур неча қилсам топилмас сенинг мислинг,

Паридек сени кўрдум – эмассен, магар, инсон.

Инсон, магар, эмассен, кўрдум сени паридек,

Мислинг сенинг топилмас қилсам неча тафаккур.

Балодур манга ҳажринг, даводур манга васлинг,

Итобинг манга офат, ҳадисинг манга дармон.

Дармон манга ҳадисинг, офат манга итобинг,

Васлинг манга даводур, ҳажринг манга балодур.

Бобур чу санга қулдур, назар қил анга зинҳор,

Топилмас яна бир қул онингдек, санга, эй жон.

Эй жон, санга онингдек бир қул яна топилмас,

Зинҳор анга назар қил – қулдур санга чу Бобур.

Ниҳоят, маснуъ шеър ўн байтдан иборат ва тузилиш-композицион таркиби қофиялаш билан идора қилинган: ҳар бир янги байт “-он” билан қофияланса, иккинчи байт “-ур” қўшимчаси билан қофиялана боради. Демак, аслида матн яратишда шоир беш байт ёзган-у, ҳар бирининг иккинчи вариантини яратиш эвазига матн ҳажми ўн байтга етган.

Маснуъ ҳақида мумтоз шоирлар яхши маълумотга эга. Алишер Навоий асарларида, айниқса, “Мажолис ун-нафоис”да маснуъ хусусида бир неча ўринда тўхтаб ўтилган ва эътиборли илмий мулоҳазалар изҳор этилган. Чунончи:

“Саййид Камол Качкул – Балхда сокин эрди… Анинг ҳолатида кўп таажжуб маҳаллидур. Машҳур мундоқ эрдиким, анинг беш юз минг байти бор ва бир қасида айтибдурким, андин ўн икки минг байт маснуъ истихрож қилса бўлур.

Аммо улча фақир кўрдум, Ҳазрат Хожа Абу Наср Порсо… фавт бўлғонда марсия айтиб эрдиким, неча байтининг ҳар мисраи Хожа фавтиға тарих эрди. Ва неча байти мустағрақ тарих эрди ва неча байти ҳар байт уч ва тўрт тарих эрдиким, байт маъносиға футур йўл топмайдур эрди. Бу ишлар башар савқидин ташқари учун ани дерлар эрдиким, Аторудни истихрож қилибтур”.260260
  Алишер Навоий, Мажолис ун-нафоис, 42-бет.


[Закрыть]

Бобурнинг маснуъга алоҳида аҳамият бергани бежиз эмас. Табиатан оқил ва одил, шерюрак, андишали Заҳириддин Муҳаммад Бобур гарчи умрини салтанатга, жанг-жадалларга бағишлаган бўлса-да, сўз санъати моҳиятини чуқур идрок этган. Қўлга қалам олганда сўз қудрати ва сеҳрини намойиш этиш шоирона бурч эканлигини олий даражада ҳис этган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур уч соҳада мислсиз эди: подшоҳлик адолати ва инсонлик инсофида; дин ва шеъриятга сидқидилдан содиқликда; шеърни Муҳаммад (с.а.в.) таърифлаганларидек сеҳр ва ҳикмат деб билганлигида.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации