Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 27 страниц)
3-БОБ. Муболаға – балоғат демакдир
Муболаға санъатиМуболаға атамаси луғатда бўрттирмоқ, катталаштирмоқ маъноларини билдиради. Шеър санъати сифатида муболаға балоғат – бадиий етукликни таъминловчи унсур бўлиб, воқеликдаги нарса-ҳодисаларни улканлаштириш ёки кичрайтириш усулидир. У ижобий ёки салбий шахс, ҳодиса, воқеага нисбатан баббаравар тадбиқ қилинаверади. Муболаға аввало икки хил бўлади: улканлаштириш-кучайтириш ва кичрайтириш-кучсизлантириш. Истилоҳда муболағанинг биринчиси: ифрот – катталаштириш, иккинчиси: тафрит – кичрайтиришдир.
Муболағанинг ифрот навини анъанавий тарзда уч хил тасниф қилиш кузатилади:
1) таблиғ бўлиб, шоир байтда ишлатган муболағасига – ўша нарса ҳаётда содир бўлишига китобхон ишонади. Алишер Навоийдан:
Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.286286
Ўша тўплам, 3-жилд, 612-бет.
[Закрыть]
2) Иғроқ – ғарқ қилмоқ маъносида бўлиб, бунда воқеликни бўрттириб тасвирлаш ақлга, тасаввурга сиғади-ю, аммо у ҳаётда айнан рўй бермайди.
Ҳамид Олимжон “Ойгул билан Бахтиёр” достонида Ойгулнинг оти тасвирида муболағанинг шундай иғроқ навини ишлатади:
Дарёларнинг устидан
Учиб ўтганда оти.
Қушдай сирғаниб сувдан
Ёзиларди қаноти.
Муҳаммад Ниёз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидан олинган қуйидаги байт муболағанинг иғроқ навига тўғри келади:
Ул иккига айлади падрудини,
Оқизибон кўздан ики рудини.287287
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 282-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Кўзидан икки анҳор кўз ёшини оқизиб, у иккаласи билан хайрлашди). Жудоликда икки кўздан ёш тўкилар-ку, аммо икки анҳорча эмас, албатта.
Замонавий адбиётдан иғроққа мисол тарзида Эркин Воҳидовнинг тубандаги байтини олиш мумкин. “Тандир кийган Матмуса” шеъридан:
Ва ниҳоят бозорнинг
Зўр тандири сайланди…
Чертса уч кун жаранглар,
Бир умрга етади.288288
Эркин Воҳидов, Сайланма, 3-жилд, “Шарқ”, 2001, 175-бет.
[Закрыть]
Узоқ жаранглаши – тандирнинг сифати, аммо у уч кун жарангламайди; у анча узоқ хизмат қилар, лекин бир умрга чидамайди.
2) Ғулув нави бўлиб, бундай муболаға усулидаги воқеа талқинига ақл ҳам ишонмайди, ҳаётда ҳам рўй бермайди.
Муаллиф муболағанинг ғулув нави билан ҳақиқий воқеий ҳолни китобхон онгига таъсирчанлик билан чуқурроқ сингдиришга ҳаракат қилади:
Мени айлабтурур бир қотили паймоншикан ошиқ,
Ки тиғи зулмидин ўлмиш менингдек юз туман ошиқ.289289
Алишер Навоий, ТАТ, 3-жилд, 2011, 320-бет.
[Закрыть]
Шоирнинг лирик қаҳрамони арз қилмоқда: ваъдасида турмайдиган шафқатсиз ёр мени ўзига ошиқ этган. Унинг зулми ханжаридан мен каби бир миллион ошиқ ўлган. Ҳаётда бир қизга нари борса 3-4 киши ошиқ бўлар, зинҳор бир миллион эмас!
Мазкур муболаға – ғулув китобхонни миллионта ошиқ азасига чорлаётгани йўқ: маъшуқанинг ваъдасида турмайдиган раҳмсизлигидан кўплар азобда эканлигини уқдирмоқда.
Шермуҳаммад Мунис ғазалидан олинган мана бу байт ҳам ғулув муболағасининг яхши намунасидир:
Эй фалак, қилғил ҳазар, тўфонлар этмиш ошкор,
Муниси маҳзун бало даштида ашкин оқизиб.290290
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 90-бет.
[Закрыть]
Шоир нарса-ҳодисаларни кичрайтириш, кучсизлантириш орқали тасвирласа тафрит бўлади. Чунончи, ҳарбий тўқмоқ теккан қаҳрамон ёки камон ўқи теккан ботирга бу зарбалар чивин чаққанчалик ҳам бўлмади тарзидаги талқинларга дуч келамиз. Ёки Махмур Ҳапалак қишлоғи ҳақидаги шеърида йўқсиллик балосига йўлиққан қишлоқ уй паррандаларини тасвирлар экан, ёзадики:
Турфа қишлоқи ғазабкардаки, паррандалари:
Товуғи – игначию, ўрдагу ғози капалак.
Кўряпмизки, тасвирдаги товуқ ниначи, ўрдак ва ғоз капалак жуссасича кичрайтирилмоқда.
Мавлоно Муқимий “Тўйи Иқонбачча” ҳажвиясида қурумсоқ кимсанинг тўйида товоққа сузилган паловни кичрайтиш усулида қуйидагича талқин этади ва бу билан тўй эгасининг хасис, қурумсоқлигини бўрттиради:
Ош мисоли табақда кўз ёши,
Курмаги кўп, гурунчидин тоши…
Алишер Навоий шўрлик ошиқ жуссасини шу даражада кичрайтириб тасвирлайдики, чумоли уни ўргимчак ипига чирмаб егани судраб олиб кетмоқда:
Заъф кўргилким, танимни элтибон айларга қут,
Мўр судрар тори бирла руст боғлаб анкабут.
(Мазмуни: Хаста-заифлигимни кўргинки, чумоли мени ўргимчак иплари билан чирмаб егани судраб олиб кетмоқда).
Учта мисолдаги муболағанинг услубий вазифасига эътибор берсак, тафрит туфайли биринчи мисолда эл қашшоқлиги, иккинчи мисолда тўй қилган кишининг қурумсоқлиги ва охирги мисолда ошиқнинг ишқ йўлида адойи-тамом бўлгани образли ифодаланмоқда.
Муболаға лоф даражасида бўладими, ундан ошадими, бадиий адабиётда барчаси мумкин. Бироқ йирик шоирлар ва олимлар муболағада ҳам ҳад, чегарани билиш лозимлигини қайд этадилар, чунончи, бир шеър мажлисида Амир Шайхим Суҳайлий қуйидаги байтини:
Шаби ғам гирдбоди оҳам аз жо бурд гардунро,
Фурў бурд аждаҳои сели ашкам рубъи маскунро.291291
Бобур, Бобурнома, “Шарқ”, 2002, 134-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Ғамли кечаларда оҳим қуюни фалакни ўрнидан қўзғатди. Кўз ёшим селининг аждаҳоси ерни ютиб юборди) дея ваҳимали қилиб ўқиб берганида, устоз Абдураҳмон Жомий ҳам шеър муболағаси, ҳам ваҳимали оҳанги устидан: “Мавлоно, Сиз шеър ўқуйсизму ё одам қўрқутасизму?” дея нозик мутойиба қилганлар.
Ружуъ санъатиРужуъ ёки қайтиш – маънавий санъатлардан бири бўлиб, шоир мисра, байт, банд ёки ундан ортиқроқ мисралар давомида ўзи тавсифлаган сифатдан, ўзи улуғлаган фазилатдан гоҳ-гоҳ чекинади, қўл тортади, уларни рад этади. Бу усул шоирнинг ўз фикрий мавқеидан қайтиши бўлмай, аксинча муаллиф ўзи зикр этган сифатларни, фазилатларни кам ҳисоблаб, ўшаларни янада оширади. Агар тасвирда объект танқид қилинаётган бўлса, қораланиш сифати берилади-ю, шоир айтганидан қайтиб, ундан ҳам тубанроқ сўзни топиб қўллайди. Шу ҳам ружуъ санъати намунаси бўлади.
Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонидан Лайли мактубининг бир байти:
Мискин мени зори пойбаста,
Йўқ-йўқки, заифи пошикаста.292292
Алишер Навоий, МАТ, 9-жилд, 1992, 198-бет.
[Закрыть]
Демак, мисолда кўрганимиздек, шоир мисра, байт ёки банд ва ундан-да йирикроқ матн давомида ўзи тавсифлаган сифатдан, ўзи улуғлаган фазилатдан гоҳ-гоҳ чекинади, воз кечади, уларни рад этади ва давомидан улардан ҳам юксакроқ сифатлар ва фазилатлар билан сийлайди. Шу маънода ружуъ санъатини орқага тисарилиб, маънан олға сакраш тарзида тасаввур этса тўғрироқ бўлади.
Ружуъ санъатини қўллаш қайтиш ҳолатларига кўра ҳар хил бўлади. Масалан:
1. Шоир тасвир жараёнида айтилган гапларни кескин рад этмайди, бироқ инкор боғловчиларига мурожаат этиб, нисбатан озроқ қайтиш қилади:
Гул юзунг эрур лола, вале лолаи худрўй,
Тор оғзинг эрур ғунча, вале ғунчаи хандон.293293
Бобур, Асарлар, 1-жилд, 1965, 103-бет.
[Закрыть]
Ушбу мисолда ружуъ, яъни қайтиш ҳар бир мисранинг ўзида бир мартадан юз бермоқда. Ҳажман кичик асарларда, кўпинча лирик шеърларда, ружуънинг ана шундай намуналари учрайди. Ружуъ эпик асарларда ҳам учрайди.
2. Гумонли ёки тажоҳули орифонали ружуъларда шоир иккиланиброқ, гумонсираб, дастлабки фикрини юзаки таҳрир этади, аниқлайди, тузатади, янада безамоқчи бўлади:
Орази афлоки ҳусн ичра маҳи тобон эрур,
Ё дедим сўзни ғалатким, хуршиди рахшон эрур.294294
Хислат, Ғазаллар, Т., 1971, 16-бет.
[Закрыть]
Буте, не бут, магар ҳури паризод,
Тани нозик, бўйи чун сарви озод.295295
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 358-бет.
[Закрыть] (“Гул ва Наврўз”дан).
Ружуънинг ҳар иккала хилида муаллиф мақсади гўё аниқликка қаратилгандай бўлиб туюлади. Бироқ қайтишлар жиддий ва қатъий бўлмай, бундай ружуълар бирозгина оширишни кўзлаши билан характерланади, холос.
3. Ружуъларнинг асосий қисмида кескин қайтишлар содир этилади. Ружуънинг бундай намуналарини Алишер Навоийнинг “Хамса” достонларида кўплаб учратиш мумкин. Лайли мактубидан олинган байтни эслайлик.
Ружуъларнинг кўпчилиги учун хос бўлган яна бир хусусият шуки, қайтиш жараёни – фикр такрори давомида сўзлар такрорланади. Муаллиф шахс, воқеа-ҳодиса ёки нарса-предметга бирор сифатни мансуб этади-ю, сўнг ундан қўл тортаётиб, рад этиш лаҳзасида воз кечилган сифатни бир карра тилга олади:
Лабларингнинг шарбатидур оби ҳайвондин алаз,
Оби ҳайвон демайинким, бал эрур жондин алаз.296296
Ўзбек адабиёти, 5-жилд, 2-китоб, Т., 1968, 62-бет.
[Закрыть] (Ниёзий).
Қолиб Фарҳод анда ғам тоғида,
На ғам тоғида, бал алам тоғида.297297
Низорий, Достонлар, Т., 1970, 60-бет.
[Закрыть]
Шуни ҳам айтиш керакки, бир байтнинг ўзида нафақат битта, балки икки-уч қайтиш (ружуъ) ҳодисаларини талқин этиш мумкин. Бу, албатта, шоирнинг маҳоратига боғлиқ масаладир. Қуйидаги байт шу жиҳатдан айниқса характерли. Унда, бир йўла уч ружуъ – қайтиш ҳолати содир этилган:
Нигину лаъл йўқ, дурри шабафрўз,
Дема дур, гавҳаре, лекин – жаҳонсўз.298298
Алишер Навоий, Фарҳод ва Ширин, Т., 1956, 70-бет.
[Закрыть]
Ой кўз тутар эрдим сени, хуршед бўлубсен,
Хуршед недур, руҳи мусаввар етилибсен.299299
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 171-бет.
[Закрыть]
Шоир на фақат аҳён-аҳёнда, бир байтдагина, балки баъзан бир неча байтларда ҳам ружуъ қўллаши мумкин:
Баҳри карамдин ани лутфи карим –
Қилди аён ўйлаки дурри ятим.
Ваҳ, қаю дур, баҳри саодат дегил,
Бал дури дарёи саодат дегил.
Ўзи анинг гавҳари шаккарфишон,
Сўзи анинг дур, вале дарёнишон.300300
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 43-бет.
[Закрыть]
Ружуъ санъати жаҳон халқлари адабиётига хосдир. Айниқса, бу усул романтизм ижодий методи маҳсулларида кўп учрайди. Зотан романтик парвозлар тасвир жараёнида талқиннинг поғонама-поғона юксалтиришни тақозо этади. XIX аср уйғур шоири Абдураҳим Низорийнинг романтик руҳдаги асарлари билан танишганимизда шундай ружуъларга дуч келамиз:
Йиғилди ҳамма халқ анжум киби,
Не анжум, бил ани қум киби.301301
Низорий, Достонлар, Т., 1970, 23-бет.
[Закрыть]
Тутошти вужудиға ҳирмон ўти,
На ҳирмон ўти, чархи даврон ўти. (Низорий, 96-бет).
Ружуъдан кузатиладиган мақсад сифатлашми, ўхшатишми ёки бошқача муболаға оралаган усулми – қайбири бўлмасин, бир маромдаги тасвир бирдан юксакликка сакрагандай бўлади. Агар ружуълар бирдан ортиқ бўлса, маънавий ифодага хос бундай сакрашлар янада жонлироқ тус олади. Ружуъ санъатига дуч келган чоғимизда, нутқ бир лаҳзада сал тўхтаб, сўнг бирдан кучайиб кетади. Ўша бир лаҳзалик сезилар-сезилмас тўхталиш, ҳайрат ёки гумонсираш ва кескин инкор қилиб, янги ифодага мурожаат этиш жараёни идрокка ларза ташлайди, ўқувчини ҳушёр торттиради, матнга нисбатан зийрак ва синчковроқ бўлишга мажбур қилади. Хуллас, ружуъ ифодалилик, услубий-ритмик хилма-хиллик ва маъно жозибасини кучайтиришга муҳим ҳисса қўшадиган маънавий санъатдир.
Мухтамил аз-зиддайн санъатиМухтамиз аз-зиддайн – икки ҳар хил зидлик демакдир. Шоир ёки адиб байт ва гапни икки ҳар хил зид маъноли қилиб туза олса, мухтамил аз-зиддайн санъатини қўллаган бўлади. Бу санъатга XV асрнинг машҳур адабиётшуноси Аҳмад Торозий “Фунун ал-балоға” асарида жуда яхши мисол келтирган:
Сенинг бирла эрур зиндон гулистон,
Бўлур сен бўлмасанг бўстон зиндон.302302
Аҳмад Торозий, Фунун ал-балоға, “Хазина” нашр., Т., 1996, 119-бет.
[Закрыть]
Ҳар бир миcранинг икки хил зид мазмунини тасаввур этайлик. Биринчи мисра мазмуни:
1. Сен билан бирга бўлсам, зиндон мен учун гулистондир.
Шу мисранинг бунга зид мазмуни:
2. Сен билан бирга бўлсам гулистон менга зиндондир.
Иккинчи мисранинг қарама-қарши мазмундаги талқинлари:
1. Агар сен ёнимда бўлмасанг, бўстон менга зиндондир.
2. Агар сен ёнимда бўлмасанг, зиндон менга бўстондир.
Мазкур байтнинг муаллифи Аҳмад Торозийнинг ўзи. Шу китобда бир байтда иккала мисрани мухтамил аз-зиддайн санъати билан безаш Унсурийдан келтирилган мисолда кузатилади:
Эй хожа, зиё шавад зи рўи ту зулм,
Бо талъати ту сур намояд мотам. (Аҳмад Торозий, 119-бет).
Мазмуни:
Эй хожа, юзингдан зулмат нурга айланади.
Сенинг юзинг туфайли мотам туйилади тўй.
Биринчи мисранинг икки хил зид мазмунини тасаввур этайлик:
1. Эй хожа, юзингдан зулмат нурга айланади.
2. Эй хожа, юзингдан нур зулматга айланади.
Иккинчи мисранинг икки хил қарама-қарши мазмуни тубандагича:
1. Сенинг юзинг туфайли мотам тўйга айланади.
2. Сенинг юзинг туфайли тўй мотамга айланади.
Агар китобхон: “Хўш, қайси бир мазмун муаллифнинг мақсади эди?” деб сўрайдиган бўлса, матннинг умумий мазмунидан келиб чиқиш лозим. Яъни Торозий байтида лирик қаҳрамон мурожаат этаётган киши ижобий бўлса, фикрнинг ижобий талқини тўғри. Агар салбий бўлса, салбий талқини чин бўлиб чиқади. Унсурий байтида ҳам агар Хожа ижобий шахс бўлса, унга юзланган киши ҳам уни ижобий томондан баҳолайди, ёқимсиз бўлса, зид мазмуни мос келади.
Шунинг учун ҳам Аҳмад Торозий мухтамил аз-зиддайн санъатига шундай таъриф беришни лозим топган: “Бу санъат анингтек бўлурким, агар мадҳқа эҳтимол қилсалар, мадҳ ҳосил бўлур. Агар ҳажвга ҳамл қилсалар, ҳажв ва муни зулважҳайн тақи дерлар”.303303
Аҳмад Торозий, Фунун ал-балоға, “Хазина”, Т., 1996, 119-бет.
[Закрыть]
Нега биз Аҳмад Торозийдай устод таърифларини бошдаёқ қайд этмадик? Гап шундаки, мухтамил аз-зиддайн санъати асосида яратилган байтлар мазмунан мадҳ ва ҳажвга тўғри келавермаслиги ҳам мумкин. Кейинги мисоллар буни ёрқин исботлаб беради. Бу санъат билан шуғулланган олимлар: “Бизнинг мулоҳазаларимиз оддий китобхонга мўлжалланади” деб ўйламайдилар. Чунки йирик адабиёт алломалари ҳам шу санъат дахлини яхши сезмай, муаллиф кутмаган тескари мазмунни талқин қилган ҳолатлар сийрак эмас.
Мухтамил аз-зиддайн қатнашган байтларни, аввало, икки хилга тасниф этиш мумкин:
Биринчи хилида икки хил зид мазмун байтнинг бир мисрасида бир маротаба қўлланилган бўлади.
Иккинчи хилида эса, ҳар бир мисрада биттадан, яъни байтда икки маротаба мухтамил аз-зиддайн санъати ишлатилган бўлади.
Хўжаназар ибн Ғойибназар Ҳувайдонинг қуйидаги байти мухтамил аз-зиддайн санъатининг биринчи навига тўғри келадики, шоир байтнинг биринчи мисрасида шу санъатни қўллагани туфайли унда “зарра тоғ бўлади”, “тоғ зарра бўлади” деган икки хил қарама-қарши мазмун мужассамлашган:
Агар амр айласа зарра бўлур тоғ,
Қилур ҳар заррани тоғдин улуғроғ.
Байтда гап Оллоҳ қудрати ва иродаси хусусида бормоқда: Худо амр этса, зарра тоққа айланади ва аксинча, тоғ заррага айланади. Бу мулоҳаза – чин. Бироқ юқоридаги мисрадаги етакчи мазмун қайси? Тоғ заррага айланади, деган фикр муаллиф кутган мазмундир. Чунки иккинчи мазмун байтнинг иккинчи мисрасида айтилган.
Мухтамил аз-зиддайн бир маротаба қатнашган байтлардан намунани Мавлоно Огаҳийдан келтирамиз:
Кимгаким қилсанг назар: мотам анга сур ўлғуси,
Кимни манзур этмасанг, сур ўлғуси мотам анга.304304
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, 1971, 58-бет.
[Закрыть]
Сенинг била гар эсам боғ эрур манга дўзах,
Валек дўзах ўлур сандин айру боғ манго. (Огаҳий, 72-бет).
Биринчи байтдаги мухтамил аз-зиддайн “сур ўлғуси мотам” тарзида берилганки, “мотам тўйга айланади” ва “тўй мотамга айланади” тарзидаги икки хил зид мазмун ифодасига хизмат қилмоқда. Иккинчи байтда эса, биринчи мисрадаги “боғ эрур манга дўзах” гапи мухтамил аз-зиддайн санъати кўрсаткичи тарзида келмоқда. Бу гапни қуйидагича бир-бирига зид мазмунларда талқин қилиш мумкин: “боғ менга дўзахдир”, “дўзах менга боғдир”. Демак, китобхон биринчи байтнинг иккинчи мисрасини қуйидагича идрок этса тўғри бўлади: Сен кимни манзур этмасанг, тўйи мотамга айланади. Иккинчи байтнинг биринчи мисрасидаги етакчи мазмун: Сен билан дўзахда бўлсам ҳам менга боғдай туюлади.
Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида шер ва дуррож ҳақида ёлғончилик фош этилган рамзий ҳикоят бор. Масал шундай бошланади:
Бор эди бир бешада бир тунд шер,
Ваҳшат аро кўк асадидек далер.
Чун бўлур эрди болалаб завқнок,
Мўр боласин қилур эрди ҳалок.305305
Алишер Навоий, Ҳайрат ул-аброр, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1989, 114-бет.
[Закрыть]
Ушбу парчанинг сўнгги мисрасида мухтамил ад-зиддайн санъати дахл этган. Мисрани шер чумолининг боласини ҳалок қиларди ва чумолилар шер боласини ҳалок қиларди, тарзида икки хил зид мазмунда тушунса бўлади. Мазкур мисралар талқинини “Ҳайрат ул-аброр” насрий баёнининг илк нашридан ўқийлик: “Тўқайда бир йиртқич шер бор эди. Ваҳшатда осмон шеридек қўрқмас эди. У болалари билан ўйнаб завқ қилар, ўйнатиб, чумоли болаларини ўлдиришарди.”306306
Алишер Навоий, Ҳайрат ул-аброр, Ўша нашр., 1974, 80-бет (Насрий баён муаллифи Абдуқодир Ҳайитметов).
[Закрыть]
Энди шу икки байт мазмунини бошқа олимлар талқинида келтирамиз: “Чангалзорда бир йиртқич шер бор эди. Ваҳшатда осмон шеридек қўрқмас эди. У болалаган бўлиб, улар ўйинидан завқ олар, оёқлари остида эса чумоли болалари ҳалок бўлар эди”.307307
Адабиёт, 9-синф учун дарслик-мажмуа, “Маънавият” нашр., 2002, 41-бет.
[Закрыть]
Энди “Ҳайрат ул-аброр” насрий баёнининг иккинчи нашрини кўздан кечирамиз, кўрайликчи, профессор А.Ҳайитметов нима деб тасаввур этган эканлар: “Тўқайда бир йиртқич шер бор эди. Ваҳшатда осмон шеридек қўрқмас эди. У болалари билан ўйнаб, завққа тўлганда, чумолилар унинг боласини талаб қийнарди”.308308
Алишер Навоий, Ҳайрат-ул-аброр, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1989, 287-бет.
[Закрыть]
Кўряпмизки, аввалги икки талқинда Навоийнинг сўнгги мисрадаги фикри тўғри идрок этилмаган, балки иккинчи, кераксиз мазмун асосий мазмун ўрнига қабул қилинган. Учинчи талқин воқеликка анча яқинлашган. Бироқ, бизнингча, Навоий матнининг сўнгги мисрасини қуйидагича талқин этиш лозим эди:
“Чумолилар шер болаларини талаб ҳалок қилишар эди”. Шунинг учун энди, кейинги йилда туғилган болани асраб қолиш учун шер боласини тишида тишлаб кўтариб юришга мажбур бўларди…
Шеърият ва маснавийларда байтнинг бир мисрасида мухтамил аз-зиддайн учрайдиган ҳолатлар кўп. Бироқ ўқувчи зийрак бўлса, асл тўғри мазмунни илғай олади. Бунинг учун у байтнинг шу санъат қатнашмаган мисраси мазмунига таянмоғи керак. Чунончи, Хоразмий “Муҳаббатнома”сида қуйидаги байтга дуч келамизки, биринчи мисрасида мухтамил аз-зиддайн санъати бор:
Аё гулчеҳралар молик рикоби,
Қамуқ олам сенинг ғамзанг хароби.309309
Муборак мактублар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 24-бет.
[Закрыть]
Биринчи мисрани мана бундай икки мазмунда тушуниш мумкин:
1. Эй, барча гулчеҳралар, сенинг узанги тутувчинг.
2. Эй, гулчеҳраларнинг узанги тутувчиси!
Иккинчи мисрага боқамиз ва “Бутун олам сенинг ғамзанг асири” деган фикрни англаймизки, биринчи талқин бу байтга мувофиқ экан. Иккинчи талқин байт мазмунига мос келмайди.
Муҳаммад Ниёз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонида ҳам байтда бир карра мухтамил аз-зиддайн санъати қўлланилган мисралар бор. Қуйидаги байтларнинг иккинчи мисраларида шу санъат иштироки аниқдир:
Бўлғуси ул лашкар анинг душмани,
Бахт чу йўқ жавшан ўлур мадфани.310310
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ўша нашр., 1967, 25-бет.
[Закрыть]
Хилқату тахмири ўлуб кийну қаҳр,
Талъати ёнида асал эрди заҳр. (Нишотий, 272-бет).
Бундай ҳолатларда биринчи мисрадаги мазмунга мувофиқ келадиган фикрда тўхташ мақсадга мувофиқдир. Бунақа конструкцияда мазмунни тўғри ҳал қилишга китобхон деярли қийналмайди. Бироқ биринчи мисрада мухтамил аз-зиддайн санъати келиб қолса, анча мулоҳаза талаб қилиши аниқ.
Рус адабиётшунослигида шунга ўхшаш ҳодисани амфиболия истилоҳи билан аташади. Бироқ амфиболия кўпроқ услубий нўноқлик туфайли содир бўладики, санъат билан нуқсон орасида қандай фарқ бўлса, мухтамил аз-зиддайн ва амфиболия ўртасида ҳам шундай айирма бордир. Чунки ҳар қандай тасодифий ҳолатда содир бўладиган мухтамил аз-зиддайн намуналари ҳам китобхон идрокини бир сезиларли ларзага солади, гумонсиратади, ўйлатади, ақлини ишга солишга рағбатлантиради. Шунинг учун ҳам бу – маънавий санъатдир.
4-БОБ. Бадиий асослаш омиллари – ҳайрат манбаи
Лирик шеърият фикрчан шеърият даражасига кўтарила борса, бу демак, адабиётнинг энг оммавий ва асосий қисми ривожланишдадир. Зотан жаҳонда шуҳрат қозонган форс-тожик шеърияти ўзининг чўққисига Ҳофиз Шерозий ижодида кўтарилган бўлса ва уни лисонул-ғайб деб мислсизлигини тан олган бўлсалар, шу шеъриятнинг навбатдаги юксалиш чўққиси Бедил ва Соиблар ватани Ҳиндистонда кўринди ва бу шеърият услубини сабки ҳинди, деб аташди. Сабки ҳинди услубининг асосида фикрчанлик, фалсафий мушоҳадакорлик ётади. Ҳинд сабкининг пешқадамлари Бедил ва Соиблар битган ҳар бир байтнинг таркиби кишини лол қолдиради: биринчи мисрада бир фикр айтилади ва кейингисида уни исботловчи оҳорли далил келтирилади. Демак, ҳар бир байт бир улуғ кашфиёт бўлиб, унинг исботи, мутлақ чинлиги ўзи биландир:
Қомати хамгаштаи пирон нишони марг нест,
Як камон сад тирро бар хок пинҳон мекунад.
(Мазмуни: Кексаларнинг букилган қоматлари ўлим даракчиси эмас, бир камон сингунча юзлаб камон ўқларини тупроқ остига яширади). Байтдаги фикр: кексаларнинг букилган қоматлари ўлим белгиси эмас. Бу фикрнинг исботи учун муаллиф мисол келтиради, яъни тамсил санъатини қўллайди: бир ёй (кексалик рамзи) сингунча юз ёй ўқи (йигитлик рамзи) тупроқ остига жойланади. Дарҳақиқат, ўн йиллаб тўшакда ётган мўйсафидни ва бу орада ҳаётдан кўз юмган ўнлаб ёшлар борлигини барчамиз биламиз.
Маърифат – нур. Оллоҳ даргоҳи нурафшон. Оллоҳ нур манбаи. Ғофил, уйқусираган бандалар эса, уйқуга мойилдирлар, нурдан – уйғоқликдан безиб яшайдилар: нурдан ўзларини олиб қочадилар:
Хобнокон мераманд аз огаҳи,
Соя аз хуршед худро мекашад.
Уйқу бандалари огоҳликдан сесканадилар – фикр; энди тамсил келтирилади: қуёш келаверса, соя ўзини олиб қочаверади.
Мирзо Абдулқодир Бедилнинг тақдим этилган ҳар икки байти сабки ҳинди учун характерлидир. Бедил ва Соиб девонлари бундай фикр инжулари билан тўлиб-тошиб ётипти.
Бизнинг шеъриятда Алишер Навоийгача асосан рубобийлик устунлик қилди. Бундан, демак, туркий шеъриятга Навоийгача фикрчанлик хос эмас экан-да, деган хулосага келмаслик керак. Шарқ шеърияти, жумладан, туркий мумтоз шеърият ҳам фикрчан шеъриятдир. Фалсафий, тасаввуфий мушоҳадакорлик Ҳофиз, Атойи, Саккокий, Лутфийларнинг ҳаммаларига хос. Бироқ XIII-XIV асрлар ўзбек поэзиясида фикрчанлик сочма ҳолатдадир. Алишер Навоий ва кейинчалик Мунис ижодида чинакам интеллектуал-фалсафий поэзия рубобийликдан устунроқ мавқени эгаллай бошлагани сир эмас. Алишер Навоий ўз девонлари куллиётини “Хазойин ул-маоний” (Маънолар хазинаси) деб бежиз уқтирмаган.
Мавлоно Лутфийдай буюк ижодкорда тамсил сийракроқ учраса, фикрни исботлашнинг рубобий усули – ҳусни таълил, яъни шоирона асослаш усули гуллаган, десак муболаға бўлмайди. Бирор мумтоз шоиримизда Мавлоно Лутфий девонидагидек кўплаб ҳусни таълил намуналарига дуч келмаймиз. Унинг девони ийҳомлар, тажнислар ва ҳусни таълилнинг чин маънодаги конидир. Бу дегани, шоир ўзбек тилининг мислсиз бой имкониятларинигина эмас, ўз поэтик маҳоратини ҳам намойишга қўйган.
Ушбу дебоча мулоҳазалардан мақсад бадиий асослаш омиллари ҳақида сўз очиш эди. Шоир – мутафаккир, адиб (устоз), сўз сеҳргари. У ўқувчини ҳайратга солишни, тафаккурини ривожлантиришни, ҳаётий, илоҳий ва табиий ҳақиқатлардан баҳраманд этишни, китобхон маърифатини бойитишни истар экан, имкон қадар ўз фикрларининг асосли бўлишига уринади: бадиий далиллашнинг ўнлаб усулларини ишга солишга ҳаракат қилади. Чунки санъатда ишонтириш жуда муҳимдир. Бу жиҳатдан мумтоз поэтика хазинаси жуда бой имкониятларга эгадир. Чунончи:
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.