Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXVIII

Бу орада Нехлюдов таниш кўчалардан уйига пиёда қайтаркан: «Шармандалик, разиллик, шармандалик» деб ўйлар эди. Мисси билан сўзлашган вақтдаги оғир ҳислар кўнглига тинчлик бермас эди. У, агар шундай дейиш мумкин бўлса, расмий жиҳатдан қиз олдида ҳақли эди: чунки у қизга уйланишни таклиф этмаган, у билан ўзини боғлайдиган бирон сўз айтмаган эди. Аммо аслига келганда эса, у ўзини қиз билан боғланган, унга ваъда этган деб ҳисоблар, лекин шунга қарамай, бугун у, Миссига уйлана олмаслигини бутун вужуди билан ҳис этар эди. У фақат Миссига бўлган муносабати ҳақидагина эмас, балки бошқа ҳамма нарсалар ҳақида ҳам гапириб: «Шармандалик, разиллик», деб такрорларди. Нехлюдов уйига етиб келиб зинапоядан чиқаётганида ҳам ҳамон: «Разиллик, шармандалик», деб такрорларди ўзича.

– Овқат емайман, – деди у идиш-товоққа ва чой ҳозирлаб қўйилган емакхонага кетидан кирган Корнейга. – Бораверинг.

Корней:

– Хўп бўлади, – деди-ю, лекин чиқиб кетмай стол устидаги нарсаларни йиғиштира бошлади. Нехлюдов Корнейга қараб турар ва ғижинарди. Нехлюдов одамлар уни ўз ҳолига қўйишларини истар, назарида, аксига олиб, жиғига тегишаётгандек туюларди. Корней чиқиб кетгач, Нехлюдов чой дамлаш учун самовар ёнига бораётган ҳам эдики, Аграфена Петровнанинг оёқ шарпасини эшитиб қолди ва уни учратмаслик учун, меҳмонхонага чиқиб, эшикни ёпиб олди. Бундан уч ой муқаддам онаси шу уй, шу меҳмонхонада вафот этган эди. Ҳозир, биттаси, отасининг портрети ёнига, иккинчиси онасининг портрети ёнига қўйилган иккита шамчироқ ёқилган хонага кирар экан, у сўнгги вақтларда онасига бўлган муносабатини эслади. Бу муносабатлар унга сохта ва жирканч туюлди. Бу ҳам уялтирар, ҳам жиркантирарди. Нехлюдов онаси бемор ётган сўнгги кунларда касалнинг ўлгани яхши, уйдагиларнинг тингани яхши деб ўйлаганини эслади. У, бечора онам азоб тортишдан қутулсин деганим учун шуни тилаяпман, деб ўзини ўзи юпатарди-ю, аслида эса, онасининг азоб тортишини кўришдан қутулиш учун шундай деган эди.

Нехлюдов онаси ҳақидаги яхши хотираларни эслаш учун, унинг атоқли рассом томонидан беш минг сўмга чизилган портретига қаради. Онаси кўкраги очиқ, қора барқут кўйлакда тасвирланган эди. Рассом, кўкракни, икки кўкрак орасидаги чуқурчани, ниҳоятда гўзал елкаси ва бўйнини зўр иштиёқ билан чизган бўлса керак. Буниси ўтакетган шармандалик, разиллик эди. Онасининг бу ҳолда, ярим яланғоч бир малак сифатида тасвирланишида қандайдир қабиҳлик ва таҳқирлаш бор эди. Бу шунинг учун ҳам қабиҳ эдики, мана шу аёл уч ой муқаддам худди мана шу хонада чўпдек ориқлаб мурдадек қоқшол бўлиб, фақат хонанигина эмас, балки бутун уйни ҳеч нарса билан кетказиб бўлмайдиган қандайдир қўланса ҳидга тўлдириб ётган эди. Унинг назарида шу ҳид ҳозир ҳам димоғига урилгандек бўлди. Нехлюдов онаси ўлмасдан бир кун илгари унинг оппоқ, кучли қўлларини қорайиб, ориқлаб кетган қўлларига олиб кўзига тикилганини: «Мендан ризо бўл, Митя, яхши-ёмон гапирган бўлсам кечир», деганини, азоб чекканидан хиралашган кўзларига ёш келганини эслади: «Нақадар жирканч!» деди яна бир бор Нехлюдов ўзига ўзи, мармардек оқ елкаси ва қўлларини кўз-кўз қилиб, гердайиб, жилмайиб турган ярим яланғоч аёлга бир қараб. Кўкраги очиқ аёл сурати куни кечагина бошқа бир ёш аёлнинг худди шундай ярим яланғоч ҳолда кўрганини эсига туширди. Бу Мисси эди. У балга кийиб бораётган янги кўйлагида Нехлюдовга кўриниш учун, бир баҳона топиб, уни кечқурун чақиртирган эди. Нехлюдов Миссининг чиройли елкаси ва қўлларини эслар экан, нафратланди. Ўтмишда золим бўлган ҳайвонсифат, қўрс отаси, ёмон ном чиқарган bel esprit3030
  Аскиячи (франц.)


[Закрыть]
онаси кўз олдига келди. Ҳаммаси разиллик, шу билан бирга, шармандали эди. Шармандалик ва разиллик эди.

«Йўқ, йўқ, – деб ўйларди у, – озод бўлиб олиш керак, ҳамма сохта муносабатларни узиш, Корчагинлардан ҳам, Марья Васильевнадан ҳам, меросдан ҳам, бошқа нарсалардан ҳам халос бўлиш керак… Эркинроқ нафас олиш керак. Чет элга – Римга кетиш, рассомлик билан шуғулланиш керак… – У истеъдоди борлигига шубҳаланганини эслади. – Ишқилиб, шу ердан қутулиб кетсам бўлди, эркин нафас оламан-ку. Аввал Истамбулга бораман, кейин Римга, фақат суд маслаҳатчилигидан тезроқ қутулиб олсам бўлди. Кейин адвокатдаги ишни ҳам бир ёқлик қилсам».

Бирдан қора, ғилай кўзли маҳбус аёл кўз олдида яққол гавдаланди. Судланувчиларга охирги сўз берилган вақтда унинг йиғлаб юборишини қаранг! Нехлюдов чекиб бўлган папиросини шошилинч ўчира туриб кулдонга эзғилаб ташлади-да, бошқасини тутатиб, хона ичида у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Катя билан бирга кечган дақиқалар унинг тасаввурида бирин-кетин гавдалана бошлади. У Катюша билан бўлган охирги учрашувни, ўша маҳал бутун вужудини қамраб олган ҳайвоний ҳирсни, шаҳвоний ҳирси қонгандан кейин эса бирдан кўнгли совиб қолганини эслади. Зангори лентали оқ кўйлакни, эрталабки ибодатни эслади: «Ахир мен уни севардим, ҳақиқатан ҳам шу кеча уни яхши, соф муҳаббат билан севганман. Ундан аввал ҳам севардим, аммалариникида биринчи бор турган, асаримни ёзган кезларим нақадар севардим уни!» Нехлюдов ўша вақтда ўзининг қандай эканлигини эслади. Ўша софлик, ёшлик, тўлиб-тошган ҳаёт эсиб ўтгандай бўлди ва шу он кўнгли вайрон бўлди.

Ўша вақтдаги ҳолати билан ҳозирги аҳволи ўртасидаги фарқ жуда катта эди: ўша вақт черковда кўрган Катюша билан ҳозирги фоҳиша, яъни савдогар билан ичкиликбозлик қилган, шу бугун эрталаб ўзлари суд қилган Катюша орасидаги фарқ қанча бўлса шунча, балки ундан ҳам ортиқ фарқ бор эди. У вақтларда ўзи тетик, олдида бениҳоя имкониятлар қучоқ очиб турган эркин одам эди, энди у ўзини ҳар томондан бемаъни, пуч, муайян бир мақсадсиз, арзимас ҳаётнинг чангалига тушгандек сезар, бу чангалдан қутулишнинг иложи йўқдек кўринар, аксари ўзи қутулишни истамас эди. У, бир вақтлар ўзининг ҳаққонийлиги билан мағрурланиб юрганини, ҳамма вақт ҳаққоний гап гапиришни ўзига қоида қилиб олганини ва ҳақиқатан ҳам ростгўй бўлганини, энди бўлса, ўзини қуршаган барча одамлар ҳақ деб топган ёлғончилик ботқоғига ботганини эслади. Бу ёлғончилик гирдобидан қутулишнинг иложи йўқ эди, хуллас, бу аҳволдан қутулишнинг йўлини топа олмасди. Нехлюдов шу ботқоққа ботиб, ўрганиб кетди, ҳузур қиладиган бўлди.

Қандай қилиб, Марья Васильевна ва унинг эри билан, унга ва болаларининг кўзига қарашга уялмайдиган бўлиб, алоқани узса экан? Мисси билан муносабатини ёлғон-яшиқсиз қай тариқа бир ёқлик қилса? Қандай қилиб, ерга бўлган хусусий эгаликнинг қонунга зидлигини тан олиш билан онасидан қолган меросга эгалик қилиш ўртасидаги қарама-қаршиликдан қутулса? Қандай қилиб, Катюшага нисбатан қилган гуноҳини юва олса? Бу аҳволда қолдириб бўлмайди-ку, ахир. «Бир вақтлар ўзим севган аёлни ташлашга, бир вақтлар унга пул бериб, тўғри қилдим деб ўйлаганимдек, адвокатга пул бериб, каторга азобидан қутқазиб, айбимни пул билан ювиб кетишга ҳақим йўқ, ахир у бегуноҳдан бегуноҳ каторгага ҳукм қилинган-ку».

Шу маҳал, бир вақтлар йўлакда кетидан етиб бориб, қўлига пул қистиргани ва қочиб кетгани шу бугунгидек эсига тушди. «Эҳ, бу пул! – бу дақиқаларни, у, худди ўша вақтдагидек, даҳшат ва нафрат билан эслади. – Эҳ! Нақадар жирканч иш! – деди у худди ўша вақтдагидек овозини чиқариб. – Фақат разил, ярамас одамгина шундай қила олади! Ўша ярамас, ўша разил одам мен! – деди у овозини чиқариб. – Наҳотки ҳақиқатан ҳам, – у юриб туриб тўхтаб қолди, – наҳотки ўша ярамас мен бўлсам? Сен бўлмай, ким? – деб жавоб берди ўзига ўзи. – Кошки, шунинг ўзигина бўлса? – деб ўзини ўзи фош қиларди у. – Марья Васильевна билан унинг эрига бўлган муносабатинг қабиҳ эмасми? Мулкка бўлган муносабатинг-чи? Пуллар онамдан қолган деган баҳона билан ғайриқонуний деб билганинг бойликлардан фойдаланасан. Бекорчилик билан ўтадиган ифлос ҳаётинг-чи? Катюшага нисбатан бўлган муносабатинг ҳаммасидан ошиб тушади. Ярамас, разил! Улар (одамлар) мен тўғримда нима деб ўйласа ўйлайверсин, уларни алдай оламан, лекин ўзимни алдай олмайман-ку».

Тўсатдан у, кейинги вақтларда одамларга нисбатан, айниқса бугун князга, Софья Васильевнага, Миссига, Корнейга нисбатан ҳис этган нафрати – ўзидан нафратланиш эканлигини тушунди. Шуниси қизиқки, ўзининг қабиҳлигига иқрор бўлар экан, бир томондан алам қилган бўлса, иккинчи томондан негадир шодлик ҳис этар, хотиржам бўларди.

Нехлюдов, ўз умрида, унинг таъбирича, бир неча бор «қалбини покизалаб олган» эди. Баъзан, орадан анчагина вақт ўтгач, у маънавий ҳаёти сусайиб ёки турғунликка учраб қолганини ҳис этар ва кўнглида йиғилиб қолган бу турғунликка сабаб бўлган барча ифлосликни тозалай бошларди. Ана шундай руҳий аҳволни «қалбни покизалаш» деб атарди.

Ана шундай уйғонишлардан кейин Нехлюдов ўзига қоида тузар ва бутун умр шу қоидага риоя этишга қасд қиларди: кундалик дафтар тутар ва умрининг охиригача шундай яшашга аҳд қилиб, янгича ҳаёт бошларди, turning a new feaf3131
  Янги саҳифа очиш (ингл.)


[Закрыть]
дерди у ўзига ўзи. Лекин ҳар сафар дунёдаги турли-туман ҳаваслар уни қамраб олар, у ўзи сезмаган ҳолда яна тубанлашар, кўпинча аввалгидан ҳам пастлашиб кетарди.

Шу зайл у бир неча бор ўзини поклаб олди ва тубанликдан кўтарилди; ёзда аммалариникига биринчи бор келганда, худди шу аҳволда эди. Бу – жонли, завқли уйғониш эди. Унинг оқибати ҳам анча узоққа борди. У фуқаролик хизматини ташлаб, жонини фидо қилиш учун уруш вақтида ҳарбий хизматга кирганида шундай уйғониш юз берган эди. Лекин бу ерда у жуда тез бузилди. Кейин яна уйғониш рўй берди, у истеъфога чиқиб, чет элга жўнаб кетди ва рассомлик қила бошлади.

Ўшандан бери то шу бугунгача узоқ муддат ҳеч қандай тозаланиш деган нарса бўлмади. Шунинг учун ҳам у ҳеч қачон бу қадар ифлосликка бориб етмаган эди. Виждони буюрган ҳаёт билан ҳозирги ҳаёти ўртасидаги фарқ шу қадар катта эдики, буни кўриб бутун вужудини даҳшат қамраб олди.

Бу фарқ шу қадар катта, ифлослик шу қадар кучли эдики, аввалига у покизаланишдан умидини узди. «Яхшироқ бўлишга ҳаракат қилдинг, лекин ҳеч нима чиқмади-ку, – деб шайтон васвасага соларди уни, – яна бир карра уринишдан нима фойда бор? Фақат сенгина эмас, ҳамма шунақа – ҳаёт ўзи шундай», – дерди яна шу овоз. Лекин ҳар вақт ҳаққоний, ҳар вақт қудратли, мангу бўлган озод, маънавий мавжудот Нехлюдовнинг дилида аллақачон уйғонган эди. Унинг бу мавжудотга ишонмай иложи йўқ эди. Нехлюдовнинг ҳозирги аҳволи билан, ўзи истаган аҳвол ўртасидаги фарқ қанчалик катта бўлмасин, маънавий мавжудот учун бунинг ҳеч қандай оғирлиги йўқ эди.

«Оёқ-қўлимни чамбарчас боғлаган ёлғонни, ҳар қандай қилиб бўлса ҳам парчалаб ташлайман, ҳаммасига иқрор бўламан, ҳаммага тўғрисини айтаман, ҳаққоний иш тутаман, – деди у ўзига ўзи шартта овозини баланд чиқариб. – Миссига тўғрисини айтаман, бузуқ одамлигимни, унга уйлана олмаслигимни, бекорга безовта қилганимни айтаман; Марья Васильевнага (дворянлар бошлиғининг хотинига) айтаман. Айтгандай, унга гапиришнинг ҳожати йўқ, эрига айтаман, ярамас одам эканлигимни, уни алдаб юрганимни айтаман. Мерос ҳақида ҳам шундай буйруқ қиламанки, ҳаққоният юзага чиқмай қолмасин. Ярамас одам эканлигимни, унинг олдида гуноҳкорлигимни, тақдирини енгиллатиш учун нимаики қилиш лозим бўлса ҳаммасини қилишимни унга, Катюшага айтаман. Ҳа, уни кўраман ва мени афв этишини ўтинаман. Ҳа, гуноҳимдан ўтишини болалар сингари ялиниб сўрайман. – У жим бўлиб қолди. – Агар лозим бўлиб қолса, унга уйланаман».

У тўхтади, ёшлик чоғларидаги сингари қўлини кўкрагида қовуштирди, кўзини осмонга тикиб, кимгадир мурожаат қилаётгандай гапира бошлади:

– Парвардигори олам, ўзинг қўлла, йўл кўрсат, менга тавфиқ бер, мени маразлардан пок эт.

У топинар, худодан ёрдам беришни, кўнглини мусаффо қилишни, тавфиқ беришни тиларди, ваҳоланки, у тилаган нарса аллақачон рўёбга чиққан эди. Унинг дилидан жой олган раҳмон онгини уйғотди. Нехлюдов тангрига етишганини ҳис этди, шунинг учун ҳам эркинлик, бардамлик ва ҳаёт завқинигина эмас, балки эзгуликнинг нақадар қудратли эканини ҳис этди. У ўзини инсон қўлидан келадиган ҳар қандай эзгуликка қодирдек ҳис қилди.

У ўзига ўзи шуларни айтар экан, кўзларига ҳам хайрли, ҳам хайрсиз ёш келди; буни шунинг учун ҳам хайрли кўз ёшлари деймизки, Нехлюдовнинг дилида шунча йиллардан буён ухлаб ётган маънавий мавжудотнинг уйғониш шодиёнаси бўлган кўз ёшлари эди. Ўзининг яхшилигидан, фазилатли эканлигидан ийиб кетиб кўзига ёш олгани учун бу хайрсиз кўз ёшлари эди.

У бўғриқиб кетди. Иккинчи тавақаси олиб қўйилган дераза ёнига келди-да, очиб юборди. Дераза боққа қараган эди. Сокин, салқин ва ойдин кеча эди. Кўчада ғилдирагини тарақлатиб арава ўтиб кетди, кейин яна жимлик чўкди. Деразанинг нақ ёнгинасида супуриб тозаланган майдончадаги қум устида баланд, яланғоч терак шохларининг сояси тушиб турарди. Чап тарафдаги омборнинг томи ой нурида оппоқ бўлиб кўринарди. Олдинда, бир-бирига чирмашиб кетган дарахт шохлари орасидан деворнинг қоп-қора кўланкаси кўзга ташланарди. Нехлюдов ой нурига чўмган боққа, томга, терак соясига қарар ва ўпкасини тўлдириб салқин ҳаводан сўлиш оларди.

«Қандай яхши! Э, Парвардигори олам, нақадар яхши!» – дерди у кўнглидан кечаётган нарсалар ҳақида.

XXIX

Маслова уйга, камерага кечқурун соат олтида, ҳориб-чарчаб, тош йўлдан ўн беш чақирим пиёда юрганидан оёқлари зирқираб, кутилмаганда чиққан бундай қаттиқ ҳукмдан кўнгли вайрон бўлиб, бунинг устига қорни оч ҳолда қайтиб келди.

Танаффусларнинг бирида соқчилар унинг ёнида нон билан пишган тухум ейишаётганда, оғзининг суви келиб, қорни очганини ҳис этди-ю, лекин улардан тилаб олиб ейишга ор қилди. Орадан уч соат ўтгандан кейин иштаҳаси бўғилиб, бўшашиб кетаётганини ҳис қилди. Шу аҳволда экан, у сира кутмаган ҳукмни ўқиб эшиттиришди. Бошда у янглиш эшитган бўлсам керак, деб ўйлади, қулоқларига ишонмади, ўзини каторгачи бўлишини ақлига сиғдира олмади. Аммо судьялар, маслаҳатчилар ҳукмни табиий бир нарсадек хотиржам тинглаб ўтиришганини кўриб, ғазаби қайнади ва гуноҳи йўқлигини айтиб, қичқириб юборди. Лекин бақирганини ҳам табиий, кутилган бир нарсадек қарши олишганини, фойдаси йўқлигини сезиб, бу шафқатсизликка ва уни ҳайратга солган адолатсизликка итоат этиш кераклигини ҳис қилиб, йиғлаб юборди. Кекса эркаклар эмас, ҳамма вақт унга мулойимгина қарайдиган ёшгина эркакларнинг аямай қоралаганлари Масловани айниқса ҳайратга соларди. Биттасини – прокурор ёрдамчисини у бутунлай бошқача кайфиятда эканини кўрди. Катюша суд бўлишини кутиб маҳбуслар хонасида ўтирганида, мажлислар орасидаги танаффус пайтларида ана шу эркаклар, бошқа бир иш билан кетаётгандай эшик ёнидан ўтар ёки уни бир кўриб чиқиш учун хонага кирар эдилар. Келиб-келиб шу эркаклар, унинг тамомила айбсиз эканига қарамай, негадир, каторгага ҳукм қилиб юбордилар. Бошда Катюша йиғлади, кейин дами ичига тушиб кетди, жўнатишларини кутиб маҳбуслар хонасида эсанкираб ўтирди. Ҳозир у фақат бир нарсани: чекишни истарди. Ҳукмдан сўнг Бочкова билан Картинкин худди шу хонага олиб кирилганда, Катюша шу кайфиятда эди. Бочкова кириши биланоқ Масловани уриша кетди ва каторгачи деб ҳақорат қила бошлади.

– Ҳа, қўлингдан нима келди? Барибир қутулиб кета олмадинг-ку, манжалақи. Нима эккан бўлсанг, шуни ўрасан. Каторгада ҳам олифтагарчилик қиламан деб ўйлама.

Маслова қўлларини халатининг енгига тиқиб, бошини қуйи солиб, икки қадам нарига, ифлос полга тикилганича қимир этмай ўтирар ва:

– Сизларга тегаётганим йўқ-ку, қўйинглар ўз ҳолимга, – дерди фақат. – Ахир тегаётганим йўқ-ку, – деб такрорлади у бир неча бор, кейин бутунлай жим бўлиб қолди. Картинкин билан Бочковани олиб кетганларидан кейин, қоровул унга уч сўм пул олиб келгандагина у сал жонланди.

– Масловамисан? – деб сўради у. – Ма, ол, бойвучча хоним бериб юборди, – деди у пулни Масловага узата туриб.

– Қанақа бойвучча?

– Олишингни билсанг-чи, сенлар билан гаплашиб ҳам ўтираманми энди…

Бу пулни фоҳишахонанинг эгаси Китаева киргизган эди. У суддан чиқиб кетатуриб суд приставидан Масловага бир оз пул бериб кетиш мумкинми деб сўради. Суд пристави мумкин деб айтди. Ижозат олгандан кейин Китаева дўмбоққина оппоқ қўлидан уч тугмали юмшоқ қўлқопини ечиб, шоҳи юбкасининг орқа томонидаги бурмаларидан янги расм бўлган ҳамён чиқарди, ҳозиргина билетдан қирқиб олинган анча купон орасидан, уйида ишлаб топган пуллардан битта икки ярим сўмликни олди, унга иккита бир тангалик ва битта ярим тангаликни қўшиб приставга берди. Пристав қоровулни чақирди ва садақа берувчининг кўзи олдида бу пулни қоровулга берди.

– Илтимос қиламан, ҳаммасини беринг, – деди Королина Альбертовна қоровулга.

Бу ишончсизлик қоровулга қаттиқ ботди. Шунинг учун ҳам у Масловага қўпол муомала қилди.

Маслова пулни кўриб ўзида йўқ қувонди. Чунки ҳозир шу туфайли истаган нарсасини олиши мумкин эди.

«Қани энди папирос топиб бир чексам», деб ўйлар эди у. Ҳозир бутун фикру ёди ана шунда эди. Маслованинг шу қадар чеккиси келар эдики, у кабинетларнинг йўлакка қараган эшикларидан чиқаётган тамаки ҳидини ютоқиб ичига тортарди. Лекин узоқ кутиб қолишга тўғри келди. Чунки уни жўнатиб юборадиган котиб, судланувчиларни унутиб қўйиб, гап билан овора эди, ҳатто, ман этилган бир модда ҳақида адвокатлардан бири билан баҳслаша кетди. Суддан кейин ҳам бир неча ёш ва қари кишилар Масловани кўриш учун киришди, бир нималар деб шивирлашишди. Лекин Маслова уларга парво қилмас эди.

Ниҳоят, соат бешларда унга ижозат беришди ва конвойлар – нижегородлик ва чуваш уни суднинг орқа эшигидан олиб чиқиб кетишди. Йўлакка чиққанлари ҳамон Маслова уларга йигирма тийин бериб иккита кулча билан папирос сотиб олиб беришларини илтимос қилди. Чуваш кулиб юборди, пулни олди-да:

– Майли, олиб берамиз, – деди. Ҳақиқатан ҳам гапида туриб, папирос билан иккита кулча сотиб олиб келди, ҳатто ортган пулни ҳам берди.

Йўлда чекиш мумкин эмас эди. Шу сабабли Маслова турмага яқинлашганида ҳам хумор қилиб турарди. Уни эшик ёнига олиб келишган пайтда, поезддан юзтача маҳбус келтиришди. Маслова йўлакда уларга дуч келди.

Маҳбуслар – соқоли ўсган, қирилган, қари, ёш руслар, ғайри руслардан иборат эди. Баъзиларининг сочи ярим олинган. Улар оёқларидаги кишанларини шиқирлатиб келишар, йўлакни чанг-тўзонга, ғовур-ғовурга, аччиқ тер ҳидига тўлдиришар эди. Маҳбуслар Маслованинг ёнидан ўтиб кетаётиб, еб қўйгудек бошидан-оёқ тикилишарди. Баъзиларининг ҳирслари қўзғаганидан афт-ангорлари ўзгариб унга яқинроқ келар, тегишишарди.

– Зап жонон эканми, – дерди бири.

– Салом бердик, холажон, – деб қўярди иккинчиси кўзини қисиб.

Бошининг орқа томонидаги сочи қирилган ери кўкариб турган, соқолини олдириб мўйлов қўйган, қорачадан келган бир маҳбус кишанларига ўралашиб, шиқирлатиб, Маслованинг ёнига сакраб ўтди-да, қучоқлаб олди. Маслова уни итариб юборгандан кейин эса кўзларини ола-кула қилиб, тишини иржайтириб:

– Ҳа, танимай қолдингми жазманингни? Мунча олифтагарчилик қиласан! – деб ўшқирди.

– Бу нима қилиқ, аблаҳ? – деб қичқирди ноиб орқа томондан келиб қолиб.

Маҳбус ғужанак бўлиб қолди ва апил-тапил ўзини четга олди. Ноиб эса:

– Бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб Масловага дўқ ура кетди.

Маслова, мени суддан олиб келдилар, деб айтмоқчи бўлди-ю, лекин шу қадар чарчаган эдики, гапиришгаям эринди.

– Суддан келяпмиз, жаноб олийлари, – деди ичкарига кириб кетаётган маҳбуслар орасидан ўтиб катта конвой, қўлини шапкасига қилиб.

– Каттасига топширсанг бўлмайдими! Бу қандай номаъқулчилик?

– Хўп бўлади, жаноб олийлари.

– Соколов! Қабул қил, – деб қичқирди ноиб.

Мутасадди келди ва жаҳл билан Маслованинг елкасига туртди-да, юр, дегандек бошини силкиб, аёллар йўлагига бошлаб кетди. Аёллар йўлагида Масловани бошданоёқ пайпаслаб, тинтиб чиқишди-да, ҳеч нарса тополмай (бир қути папирос кулча орасига тиқиб қўйилган эди) эрталаб чиққан камерасига киритиб юборишди.

ХХХ

Маслова жойлашган камера бўйи тўққиз, эни етти газ келадиган иккита деразали узун хона эди. Бу хонада сувоқлари кўчган печка ва тахталари қуриган, камеранинг учдан икки бўлагини эгаллаган сўри бор эди. Эшикнинг рўпарасида, ўрта бир ерда, шам ёпиштириб қўйилган қорайиб кетган икона турарди. Унинг пастки томонига илиб қўйилган гулдастани чанг босиб кетган эди. Эшикнинг чап томонида, қорайиб кетган пол устида бадбўй ёғоч пақир турарди. Ҳозиргина йўқлама қилиб, хотин-халажлар устидан қулфлаб чиқиб кетган эдилар.

Бу камерада ҳаммаси бўлиб ўн беш киши турар: шуларнинг ўн иккитаси аёл ва учтаси ёш бола эди.

Ҳали ёп-ёруғ эди. Фақат икки хотин сўри устида ётарди: уларнинг бири, паспорти бўлмагани учун қамалган девона аёл эди, у бошини халатига буркаб ётарди, – у ҳамма вақт ухлагани ухлаган эди. Иккинчиси, ўғирлик қилгани учун қамоққа олинган сил хотин эди. Буниси халатини бошига қўйиб, томоғини қитиқлаётган балғамни қайтариб, йўталмасликка уриниб бақрайиб қараб ётарди. Ҳаммалари бош яланг, бир хил бўз кўйлак кийган, бошқа аёлларнинг баъзилари сўри устида иш тикиб ўтирар, баъзилари ҳовлидан ўтиб кетаётган маҳбусларни томоша қилиб, дераза ёнида туришарди. Иш тикиб ўтирган уч хотиннинг бири Масловани узатиб қолган кампир эди. Кораблева қовоғи солиқ, юзини ажин босган, бақбақаси салқиб тушган новча, малла сочи чаккаларидан оқара бошлаган, юзидаги сўгалидан соч ўсиб чиққан бақувват хотин эди. Бу кампир эрини болта билан чопиб ташлагани учун каторгага ҳукм этилган эди. У қизига шилқимлик қилавергани учун эрини ўлдирган эди. У камеранинг оқсоқоли бўлатуриб, вино ҳам сотарди. Кораблева кўзойнак тақиб, ишда чиниққан катта қўлларида игнани деҳқончасига уч бармоқ билан ушлаб, учини ўзига қаратиб тикарди. Унинг ёнида паст бўйли, пучуққина, қорачадан келган, митти қора кўз, очиқ кўнгил, эзма хотин қоп тикиб ўтирарди. Бу темир йўл будкасининг қоровули бўлиб, поезд келар олдидан байроқ кўтариб чиқмагани, поезд ҳалокатга учрагани учун уч ой қамоққа ҳукм этилган эди. Иш тикиб ўтирганларнинг учинчиси Федосья, ўртоқлари Феничка деб юритадиган жувон эди. У оппоққина, икки бети қип-қизил, мовий кўзлари болаларникидек чақнаб турадиган, иккита қилиб ўрилган узун сочларини кичкинагина бошига чамбарак қилган ёшгина, хушсурат жувон. У эрига заҳар бериб ўлдирмоқчи бўлгани учун қамалган эди. Федосьяни ўн олти ёшида эрга беришган, у эрини тўйнинг эртасигаёқ заҳарламоқчи бўлган. Кафилга олиниб чиқилгач, суд бўлгунча, саккиз ой мобайнида у эри билан ярашиб, унга қаттиқ муҳаббат қўйган, апоқ-чапоқ бўлиб кетган. Эри билан, айниқса, уни яхши кўриб қолган қайнанаси, судда уни оқлашга ҳарчанд уринишган бўлсалар-да, бунга қарамай у Сибирга, каторга ишига ҳукм этилган эди. Хушфеъл, хушчақчақ кулимсак Федосья Маслованинг ёнида ётарди. У Масловани жонидек кўрар, унга ғамхўр бўлиб, хизматини бажо келтириб турарди. Сўри устида яна икки хотин бекор ўтирарди. Уларнинг бири, ёши қирқларга борган, рангсиз ориқ юзи бир вақтлар гўзал бўлган, ҳозир озиб-тўзиб кетган рангпар хотин эди. Узун, оқ кўкраги билан қўлидаги чақалоғини эмизиб ўтирарди. Бу аёлнинг гуноҳи шу эдики, уларнинг қишлоғидан, мужикларнинг фикрича, ноҳақ рекрутликка3232
  Рекрут – чор Россиясида солдатликка олинган одам


[Закрыть]
олинган йигитни олиб кетишаётганда халойиқ становойни тўхтатиб рекрутни олиб қолган. Бу хотин, ноҳақ олинган йигитнинг холаси, рекрут тушган аравага қўшилган отнинг жиловидан биринчи бўлиб тортган. Сўри устида яна юзини ажин босган, сочи оқарган, паст бўйли, содда дил, букри бир кампир бекор ўтирарди. Бу кампир сўрида, печка ёнида ўтириб, қиқир-қиқир кулиб ёнидан у ёқдан бу ёққа чопқиллаб ўтиб турган, сочи калта қилиб олинган тўрт яшар дўмбоқ ўғил болани тутмоқчи бўлаётгандай ҳаракат қилиб қўярди. Кўйлак кийган бола унинг ёнидан югургилаб ўтиб кетар ва ҳадеб: «Ҳа, тутолмадинг-ку!» дер эди. Бу кампир ўғли билан бирга ўт қўйишда айбланган эди. У қамоқда кечаётган кунларини жуда бемалол ўтказар, фақат ўзи қатори қамоқда ўтирган ўғлига ачинарди. Лекин у ташқарида қолган чолини кўп ўйлар, келини кетиб қолиб кирни ювадиган одам қолмагани учун битлаб кетади деб қўрқарди.

Мана шу етти аёлдан ташқари яна тўрттаси очиқ деразаларнинг бири ёнида туришар, темир панжарани ушлаганларича, боя Маслова дарвоза ёнида дуч келган, ҳовлидан ўтиб кетаётган маҳбуслар билан бақириб-чақириб, имо-ишоралар билан гаплашарди. Шуларнинг бири, ўғрилик қилгани учун жазосини ўтаётган, хомсемиз, юзи ва қўлларини оқимтир-сарғиш сепкил босган, ёқавайрон, бўйни йўғон хотин эди, у дераза ёнида туриб, хириллаган товуш билан беадаб сўзлар айтиб қичқирарди. Унинг ёнида бўйи ўн яшар қизникидек келадиган қорача, танаси узун, оёғи калта, бесўнақай маҳбус хотин турарди. Унинг юзи қип-қизил, доғ босган, кўзлари бир-биридан узоқда ўрнашган бўлиб, қалин, дўрдоқ лаблари сўйлоқ тишларини беркитолмас эди. У ҳовлида бўлаётган нарсаларга ўқтин-ўқтин қийқириб кулиб қўярди. Олифталиги учун Хорошавка деб аталган бу маҳбус жувон ўғирлик қилгани ва ўт қўйгани учун суд қилинган эди. Уларнинг орқасида жуда кир кулранг кўйлак кийган, аҳволи аянч, томирлари ўйнаб чиққан, ориқ, оғироёқ хотин турарди, у ўғирлик молни яширгани учун суд қилинган эди. Бу хотин, товуш чиқармай, ҳовлида бўлиб ўтаётган нарсаларни маъқуллагандек, ийиб табассум қиларди. Дераза ёнида турганларнинг тўртинчиси майфурушлик қилгани учун қамалган ўрта бўйли, кўзлари бодраган хушфеъл қишлоқи хотин эди. Бу хотин – уйида қолдириб келадиган одами бўлмагани учун ўзи билан қамоққа етти яшар қизи билан ўғлини олиб келган эди. Кампир билан ўйнашаётган бола шунинг боласи эди. Бу хотин ҳам бошқалар каби деразага қарар, лекин тўхтовсиз пайпоқ тўқир, ҳовлидан ўтиб кетаётган маҳбусларнинг сўзини эшитганда, жирканиб юзини буриштирар, кўзини юмарди. Малла сочлари орқасига сочилиб тушган етти яшар қиз кичкинагина ориқ қўлчалари билан онасининг юбкасини чангаллаб олган, кўзини бир нуқтага тикканича хотинлар билан ташқаридаги маҳбуслар бир-бирига айтаётган ҳақоратли сўзларга диққат билан қулоқ солар ва бу сўзларни ёдлаб олаётгандек, ҳадеб шивирлаб қўярди. Ўн иккинчи маҳбус дьячокнинг3333
  Дьячок – православ черковида энг қуйи даражадаги руҳоний (тарж.)


[Закрыть]
қизи бўлиб, никоҳсиз туққан боласини қудуққа ташлагани учун қамалган эди. Бу баланд бўйли қадди-қомати келишган қиз эди; унинг бир ўрим калтагина йўғон сариқ сочи ёйилиб, патак бўлиб кетган, бодраган кўзларини бир нуқтага тикиб турарди. У атрофида бўлаётган нарсаларга парво қилмай, яланг оёқ бўлиб, кулранг кир ич кўйлакда камеранинг бўш жойида у ёқдан бу ёққа юриб турар, деворга бориб етганда кескин бурилиб орқасига қайтарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации