Текст книги "Тирилиш"
Автор книги: Лев Толстой
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 40 страниц)
XXXVIII
Эртасига, якшанба куни, эрталаб соат бешда, турманинг аёллар йўлагида одатдагидек ҳуштак чалинганда, уйғоқ ётган Кораблева Масловани уйғотди.
Маслова кўзларини ишқалаб, эрталабга яқин айниқса сасиб кетадиган бадбўй ҳаводан нафас олар экан, «каторгачи», деб ўйлади даҳшатга тушиб ва беҳушлик оламига кетиш ниятида яна ухламоқчи эди-ю, лекин қўрқув ҳисси уйқудан зўр чиқиб, бошини кўтарди, оёғини қучоқлаб, аланглаб ўтирди. Аёлларнинг ҳаммаси турган, фақат болаларгина ҳамон ухлашар эди. Кўзи бодраган майхоначи аёл, болаларни уйғотиб юбормаслик учун, халатини оҳистагина уларнинг тагидан тортиб ола бошлади. Исёнчи хотин боласининг йўргакларини – латта-путталарни печка ёнига ёйиш билан овора эди, боласи эса мовий кўз Федосьянинг қўлида биғ-биғ йиғлар, Федосья уни қўлида тебратиб майин овоз билан аллаларди. Ёноқлари қизариб турган сил хотин кўкрагини чангаллаганича йўталар, ора-чора чуқур нафас олиб, инграб юборар эди. Малла хотин уйғониб, биққадек оёқларини букиб осмонга қараб ётар, хурсанд бўлиб, кўрган тушини қаттиқ-қаттиқ ҳикоя қиларди. Ўт қўйган кампир ҳозир ҳам икона ёнида турар, ўша-ўша сўзларни шивирлаб чўқинар ва сажда қиларди. Дьячиха сўрида ҳали уйқуси ўчмаган кўзларини бир нуқтага тикканича қимир этмай ўтирарди. Хорошавка мой босган тикандек қора сочларини бармоғига ўраб жингалак қиларди.
Йўлакда шипиллаган оёқ товушлари эшитилди, қулф шиқирлаб очилди, эгнига куртка, почалари тўпиғидан баланд калта кулранг шим кийган, жиддий, серзарда икки парашачи3636
Параша – ахлат ва ювинди идиши.
[Закрыть] маҳбус кирди-да, сассиқ ёғоч пақирни кўтариб чиқиб кетди. Хотинлар ювиниш учун йўлакка, кран ёнига чиқишди. Малла хотин кран ёнида бошқа камерадан чиққан хотин билан жанжаллашиб қолди. Яна ҳақорат, яна оҳ-фарёд, шикоят…
– Карцерга3737
Карцер – бир кишилик камера
[Закрыть] тушгиларинг келиб қолдими! – деб бақирди назоратчи ва малла хотиннинг кир босган яланғоч кифтига шапатилаб шундай туширдики, бутун йўлакка эшитилди. – Овозингни ўчир, иккинчи эшитмай.
– Ҳазиллашгинг келмай қолсин, чол, – деди малла хотин унинг бу қилиғини эркалаш деб тушуниб.
– Қани, тез бўлинглар! Ибодатга жўнанглар.
Маслова сочини тараб улгурмасдан мутасадди мулозимлари билан кириб қолди.
– Йўқламага чиқларинг! – деб қичқирди назоратчи.
Бошқа камерадан ўзга маҳбус аёллар чиқишди ва ҳаммалари йўлакда икки қатор бўлиб саф тортишди. Бунда орқа қаторда турган аёллар, олдинги қатордаги аёлларнинг елкасига қўлини қўйиб туриши керак эди. Ҳамма санаб чиқилди.
Йўқламадан кейин назоратчи аёл келди ва барча маҳбус аёлларни черковга бошлаб кетди. Маслова билан Федосья барча камералардан чиққан юздан ортиқ аёлдан иборат бўлган сафнинг ўрта бир ерида эди. Аёлларнинг ҳаммаси оқ кофта, оқ юбка ва оқ дуррада эди. Фақат аҳён-аҳёндагина ўзининг гулдор кийимида юрган хотинлар учраб қоларди. Булар эрларининг кетидан кетаётган болали хотинлар эди. Мана шу хотинлар сафи зинани тўлдирган эди. Ёғоч кавуш кийган оёқларнинг дупури, ғовур-ғувур гап, баъзан кулгилар эшитиларди. Муйилишга етганда Маслова олдинда кетаётган рақиби Бочкованинг сержаҳл юзини кўриб қолди-да, уни Федосьяга кўрсатди. Пастга тушгач, хотинлар жим бўлиб қолдилар, чўқиниб таъзим қилганларича ҳали бўм-бўш турган, зарҳал безаклардан ялтираётган черковнинг очиқ эшигидан ичкарига кира бошладилар. Уларнинг жойи ўнг томонда эди, маҳбус аёллар қисилишиб, туртинишиб жой ишғол қилдилар: аёлларнинг кетидан бошқа ерларга жўнатилаётган, ўз муддатларини ўтаётган кулранг халатли маҳбуслар, сургунга кетаётганлар киришди, қаттиқ-қаттиқ йўталишиб, черковнинг чап томони ва ўртасига келиб туришди. Тепада, болохонада эса илгарироқ келтириб қўйилган маҳбуслар бир томонда, сочининг ярми олинган каторгачилар (шу ердаликларини улар кишанларининг жингиллаши билан билдириб турардилар), иккинчи томонда – сочи олинмаган, кишанланмаган тергов қилинаётганлар туришарди.
Қамоқхона черковини бир бадавлат савдогар ўн минглаб пул сарф қилиб қайтадан қурган, безатган эди, черков зарҳал ва ранг-баранг бўёқлар билан товланиб турарди.
Черковда анча вақт жимлик ҳукм сурди, фақат одамларнинг бурун тортиб қўйган, йўталгани, гўдакларнинг қийқириғи, аҳён-аҳёнда кишанларнинг шиқирлагани эшитилиб турарди. Мана, ниҳоят, ўртада турган маҳбуслар четланиб, ўртадан йўл очиб бир-бирларига қисилиб турдилар. Мутасадди бу йўлдан юриб, ҳаммадан олдинга ўтиб, черковнинг ўрта еридан жой олди.
XXXIX
Ибодат бошланди.
Ибодат қилиш шундан иборат эдики, ғалати ва бесўнақай кимхоб кийим кийиб олган поп нонни бурда-бурда қилиб кесиб ликобчага солар, кейин ҳар хил исмларни тилга олиб, дуо ўқиб туриб, уларни виноли идишга сола бошларди. Дьячок бўлса бу орада, айниқса, тез ўқилгани ва қўшиқ қилиб айтилгани учун тушуниш қийин бўлган ҳар хил славян дуоларини тинмасдан ўқир, кейин маҳбуслар билан галма-гал хониш қиларди. Дуоларнинг мазмуни, аксарият, император ҳазратлари ва уларнинг оилаларига соғ-саломатлик тилашдан иборат эди. Бу ҳақда бошқа ибодатлар ичида ҳам, алоҳида тиз чўкиб туриб ҳам жуда кўп дуо ўқилди. Бундан ташқари дьячок апостоллар3838
Апостоллар – Исонинг шогирдлари
[Закрыть] ҳақида баҳс этган китобдан бир неча оятни аллақанақанги ғалати овоз билан шу қадар кучаниб ўқидики, ҳеч нарсага тушуниб бўлмади. Сўнгра поп Марк инжилидан Исонинг тирилгандан кейин, осмонга учиб кетмасидан ва бориб отасининг ўнг томонига ўтирмасдан илгари Мария Магдалинанинг ёнига боргани, ундаги етти шайтонни қувиб чиқарган жойини дона-дона қилиб ўқиб берди. Исо ўн битта шогирдини чақириб барча инсу жинсга инжилни тарғиб қилишни буюрибди ва кимда-ким бунга имон келтирмаса ҳалок бўлишини, кимки имон келтирса, чўқинса, халос бўлишини, бундан ташқари, иблисни қувиб чиқаришини, одамларнинг дардига шифо бера олишини, янги-янги тилларда гапириб, илонни бемалол ушлайдиган, заҳар ичса ҳам ўлмай, соғ-саломат қоладиган бўлишини айтибди.
Ибодатнинг маъноси шундан иборат эдики, поп бурда-бурда қилиб кесган ва маълум бир мураккаб қўл ҳаракатлари ва дуолар билан винога ботирилган нон худонинг тани ва қонига айланади, деб фараз этиларди. Бу мураккаб қўл ҳаракатлари эса қуйидагилардан иборат эди: поп эгнига кийиб олган кимхоб қопнинг халақит беришига қарамай, иккала қўлини баланд кўтариб турар, кейин тиз чўкар, столни ва столда турган нарсаларни ўпарди. Бу ҳаракатларнинг энг муҳими шу эдики, поп сочиқни икки қўллаб ушлаб ликобча ва олтин коса устида бир меъёрда силкитарди. Фараз этилишича, нон билан винодан худди шу маҳал тана ва қон вужудга келар эди. Шу сабабли ҳам тоат-ибодат қилиш айниқса тантанали ўтказиларди.
Шундан кейин поп тўсиқнинг нариги томонидан туриб: «Ё, азизларнинг азизи, поко, Парвардигоро», деб қаттиқ қичқирарди ва хор тантанали суратда жўр бўларди, Мария қиз бўлатуриб Исони туққани учун мақтаб кўкларга кўтариш жуда савоб иш эканлиги, шу сабабли қандайдир оддий бир фаришта, қаёқдаги бир малоикадан кўра зўр шон-шуҳратга эга эканлиги ҳақида куйлай бошларди. Шундан кейин нон билан май тана ва қонга айланди деб ҳисобланарди; поп тақсимча устидаги сочиқни олиб, ўртада турган нон бурдасини тўртга бўлиб, уни аввал винога, кейин оғзига соларди. У худо танасининг бир парчасини еган ва бир қултум қонини ичган деб ҳисобланарди. Шундан кейин поп пардани тортди, ўрта эшикни очди-да, тилла суви югуртирилган косани қўлига олиб ўрта эшикдан чиқди, истаганларга косадаги худонинг танасидан еб, қонидан ичишни таклиф қилди.
Бир неча болагина буни истаганини билдирди.
Поп аввал болалардан исмларини сўраб олган бўлди-да, қошиқчада косадаги нон билан винодан олиб, бирин-кетин болаларнинг оғзига сола бошлади, дьячок бўлса шу заҳоти болаларнинг оғзини артди ва болалар худонинг танасини еб, қонини ичаётганлари ҳақида куйлади. Шундан кейин поп косани парданинг орқасига олиб кириб кетди-да, косадаги қолган қоннинг ҳаммасини ичиб, худо танасининг бор-йўғини еб олди, яхшилаб мўйловини ялаб, оғзини ва косани артди-да, чеҳраси очилиб, этигининг юпқа тагчармини ғарчиллатиб, парда орқасидан дадил қадам ташлаб чиқиб келди.
Христианликнинг асосий ибодати шу йўсин тугади. Аммо поп бечора маҳбусларга тасалли бериш учун одатдаги ибодатга яна алоҳида бир ибодат қўшди. Бу алоҳида ибодат шундан иборат эдики, поп ҳозир ўзи еб олган худонинг ўнлаб шамлар билан ёритилган тахминий заррин тасвири (юзи ва қўллари қоп-қора тасвир) олдига бориб, ғалати, ясама товуш билан қуйидагиларни хониш қилиб ўқий бошлади: «Меҳрибонларнинг Меҳрибонлиси Исо, ҳаворийларни қўллаган, умматий-чун жабр кўрган, бандаларнинг паноҳи, сендан мадад сўраганларни шафоат эт, қўлла, ибодатларимизни қабул эт, бизларга жаннатдан жой ато эт, эй бандаларига меҳрибон Исо!»
Шу ерга етганда поп тўхтади, нафасини ростлаб, чўқиниб олди, сажда қилди, бошқалар ҳам шундай қилишди. Мутасадди ҳам, назоратчилар ҳам, маҳбуслар ҳам сажда қилди, юқоридан кишанларнинг жаранглаган овози қаттиқроқ эшитилди.
«Фаришталарни яратган Парвардигор, – деб давом этди у. – Кароматбахш Исо, малоикаларни ҳайратда қолдирган, аждодларимизни қутқарган қудратли, ширинсўз Исо, раҳнамоларга қувват берган, подшоларга шавкат бағишлаган, пайғамбарларнинг сарвари бўлган Исо, дин йўлида жабр кўриб, азоб чекувчиларни қутқарган, зоҳидларнинг кўнглини равшан қилган, рўза тутувчиларга қаноат берган, авлиёларга шодлик бағишлаган, марҳаматлиларнинг марҳаматлиси, гуноҳкорларнинг паноҳи, мангу умр кўрувчи, зурриёти худо, умматингга шафқат қил, Исо», – деди у, ниҳоят, нуқтага етиб. «Исо» сўзини айтганда овози ҳуштак чалгандек чиқар эди. Шойи астарли жуббасини ушлаб туриб, бир тиззасини ерга қўйиб, таъзим қилди, хор эса охирги мисраларни куйлай кетди.
«Зурриёти худо, умматингга шафқат қил, Исо».
Маҳбуслар сажда қилиб, бошларининг ярмида қолган сочларини силкитиб, ориқ оёқларини шилаётган кишанларини жангиллатиб қадларини ростлар эдилар.
Ибодат шу зайлда анчагача давом этди. Аввалига: «Умматингга шафқат қил» сўзи билан тамомланувчи ҳамду санолар ўқилиб турди, кейинчалик эса «аллилуйя» сўзи билан туговчи янги ҳамдлар бошланди. Маҳбуслар эса чўқинишар, эгилишар, сажда қилишарди. Бошда маҳбуслар ҳар тўхталишда таъзим қилиб туришди, бора-бора бир танаффус, кейинчалик эса, икки танаффусдан кейин бош эгадиган бўлдилар. Хуллас, барча ҳамду санолар тугаб, поп енгил нафас олиб, китобини ёпиб тўсиқнинг нариги томонига ўтиб кетганида, ҳамма жуда севиниб кетди. Энди битта, сўнгги маросим қолган эди. У ҳам бўлса шундан иборат эди: поп каттакон стол устида ётган, учига эмалли медальон осилган зарҳал хочни олиб черковнинг ўртасига чиқди. Энг аввал, поп ёнига мутасадди борди ва хочни ўпди, кейин унинг ноиби, сўнгра назоратчилар ва ниҳоят, энг кейин, бир-бирларини турта-сурта, шивирлашиб сўкина-сўкина маҳбуслар кела бошлашди. Поп мутасадди билан гаплашиб қолиб хоч билан қўлини ўз ёнига келган маҳбусларнинг баъзан оғзига, баъзан бурнига туртарди, маҳбуслар эса ҳам хочни, ҳам попнинг қўлини ўпишга ҳаракат қилишарди. Адашган бандаларни юпатиш ва уларга насиҳат қилиш учун бажо келтирилаётган христианлик ибодати ана шу йўсинда тамом бўлди.
XL
Поп боядан бери номи жуда кўп марта тилга олинган, ҳар хил ғалати сўзлар билан мақталган Исо шу ерда бўлиб ўтган ушбу нарсаларнинг ҳаммасини ман қилганлиги черковда ҳозир бўлганлардан ҳеч қайси бирининг, попдан тортиб мутасадди-ю, Масловагача ҳеч қайси бирининг эсига келмас эди; Исо, попларнинг валдираб, динни масхара қилиб, нон ва вино билан мана шунақа бемаъни жодугарлик қилишларини ман қилибгина қолмай, одамларнинг бири бошқа бирини устоз деб аташини, ибодатхонада тоат-ибодат қилишни ҳам тақиқлаган, уларни вайрон қилишга келганини айтиб, ҳаммага – ёлғиз, лекин чин юракдан ибодат қилишни буюрган эди; муҳими шундаки, бу ерда бўлаётгани каби одамларни суд қилиб, қамоққа ташлаш, азоблаш, шармисор этиш, қатл қилишни тақиқ қилибгина қолмай, асирларни озод қилгани келганини айтган, одамларга ўтказиладиган ҳар қандай зўравонликни ман қилган эди.
Бу ерда Исо номидан ўтказилган маросим Исонинг ўзини таҳқирлаш, мазах қилиш деган нарса эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Поп олиб чиқиб ўпиш учун одамларга тутган, учига эмалли медальон қадалган зарҳал хоч Исо осилган дорнинг сурати эди; Исо унинг номини пеш қилиб ўтказиладиган мана шу маросимни ман қилгани учун ўлдирилгани ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Нон ва сув шаклида, Исонинг тани ва қонини еб-ичяпмиз деб фараз қилаётган поплар ҳақиқатан ҳам Исонинг тани ва қонини еб-ичяптилар, деган ўй ҳеч кимнинг ақлига ҳам келмас эди. Лекин булар Исонинг тани ва қонини бир бурда нон ва вино шаклида эмас, балки Исо ўзи билан тенг деб ҳисоблаган шу «осий бандаларни» йўлдан оздириш, у олиб келган эзгуликдан одамларни маҳрум этиш, роҳат-фароғатдан маҳрум қилиб, оғир азоб-уқубатларга солиш йўли билан унинг танасини еб, қонини ичар эдилар.
Поп мана шу ишларини виждонан бажарарди. Чунки унга ёшлигиданоқ ҳақиқий имон – бурунги азиз-авлиёлар топинган, ҳозирги руҳонийлар ва жамият бошлиқлари ишонган имон шу деб ўргатилган. У нондан тана пайдо бўлганига, кўп гапириш киши руҳи учун фойдали эканлигига ёки ҳақиқатан ҳам худонинг бир парча танини еганига ишонмас эди, йўқ, бунга ишониш мумкин эмас, у шу динга имон келтириш лозим бўлгани учунгина ишонар эди. Уни шу динга эътиқоди ошиб боришига сабаб бўлган асосий нарса шунда эдики, бу эътиқодни тарғиб қилгани учун ўн саккиз йилдан бери даромад олиб, бутун бир оиласини боқар, ўғлини гимназияда, қизини диний мактабда ўқитиб келарди. Дьячок эса бунга попдан кўра кўпроқ ишонар эди. Чунки у, ушбу дин ақидаларининг моҳияти нимадан иборат эканлигини аллақачон бутунлай унутиб юборган бўлиб, хайрихоҳлик кўрсатгани, дуойи фотиҳа ўқигани, такбир туширгани, қасида ўқигани учун маълум бир нарх белгиланган бўлиб, ҳақиқий христианлар бу ҳақни бажонидил тўлаб туришларини билар, шунинг учун ҳам ўтин, ун, картошка сотаётган одамдек ишонч билан «ўзинг махрифат қил» деб хониш қилар, тиловат қилиниши керак бўлган нарсаларини қироат билан ўқир эди. Турма бошлиғи ва назоратчилар бу дин ақидаларининг моҳияти нимадан иборат эканлигини ҳеч билмасалар-да, черковда ўтказилаётган бу маросимнинг маъноси нималигини тушунмасалар-да, бу динга ҳеч сўзсиз эътиқод қилиш кераклигини билар эдилар, чунки барча бошлиқлар ва ҳатто подшонинг ўзи ҳам шу динга эътиқод қилади. Бундан ташқари, сал-сал бўлса-да, бу дин ўзларининг шафқатсиз хизматларини оқлашини билар эдилар (қай тариқадалигини ўзлари тушунтириб бера олмасдилар). Шу дин бўлмаганда эди, ҳозир хотиржамгина бажариб турган ишга, одамларни азоблашга бор кучларини сарф қилишга виждонлари йўл қўймаган бўлур эди. Мутасадди шу қадар кўнгилчан киши эдики, агарда ушбу диндан тасалли топмаганда бу аҳволда сира-сира яшай олмасди. Шунинг учун ҳам у қимир этмай типпа-тик турар, зўр бериб таъзим қилар, чўқинар, «Ҳурларнинг ҳури»ни хониш қилиб айтишаётганда кўнглини юмшатишга уринарди. Болаларга черков виносидан ичирилаётганда эса, олдинга чиқиб, вино ичирилаётган болани ўз қўли билан кўтариб турарди.
Маҳбусларнинг кўпчилиги эса, бу диндаги одамларни лақиллатишганларини яхши тушуниб, ичларида кулиб турган бир нечасини ҳисобга олмаганда, кўпчилик мана шу зарҳал иконалар, шамлар, қадаҳлар, кимхоб чопонлар, хочларда ҳамда «Марҳаматлиларнинг марҳаматлиси» ва «шафоат қил» каби англаб бўлмайдиган сўзларда бу дунё ва у дунёда роҳат бағишловчи сирли бир куч борлигига ишонарди. Уларнинг кўпчилиги сиғиниш, ибодат қилиш, шам ёқиш йўли билан бу дунё роҳатига эришиш учун бир неча бор ҳаракат қилиб, бир нарса чиқара олмаган бўлсалар-да, қилган ибодати инобатга ўтмаган бўлса-да, уларнинг ҳар бири бу муваффақиятсизликни тасодифий деб билар ва уламолар, митрополитларга3939
Митрополит – олий руҳонийлик даражаси
[Закрыть] манзур бўлган бу маросимлар, бу дунё учун бўлмаса-да, у дунё учун зарур ва муҳим деб ишонардилар.
Маслова ҳам худди шундай ишонарди. Уни ҳам бошқалар каби ибодат пайтида зўр эҳтиром ва зерикиш ҳислари қамраб олган эди. У аввал тўсиқнинг бериги томонида, оломон ўртасида турган эди. Шунинг учун ҳам ўртоқларидан бошқа ҳеч кимни кўрмас эди; черков виносидан ичмоқчи бўлган аёллар олдинга чиққанда Федосья иккалови олдинга сурилишди, шунда мутасадди билан назоратчининг ўртасида турган малла соқол, сариқ соч мужикка – Федосьянинг эрига кўзи тушди. У хотинига тикилганича қараб турарди. Қасида ўқилаётганда Маслова уни кузатиб, Федосья билан шивирлашиб турди, бошқалар чўқиниб, таъзим қилгандагина у ҳам чўқиниб таъзим қилди.
XLI
Нехлюдов уйидан эрта чиқиб кетди. Кўчада қишлоқи мужик арава ҳайдаб борар ва ғалати овоз билан:
– Қаймоқли сут, кеп қолинг! – деб қичқирарди.
Кеча илиққина илк баҳор ёмғири ёғиб ўтган эди. Тош ётқизилмаган ҳамма ерларда бирдан гиёҳлар кўкарди, боғлардаги қайинлар яшил кучала билан қопланди, шумурт дарахтлари ва тераклар узун хушбўй барг ёза бошладилар, уйларда ва магазинларда дераза ромларини кўчириб, арта бошладилар. Чайқов бозорида (Нехлюдовга шу бозор ёнидан ўтиб кетишга тўғри келди), қатор-қатор дўконлар ёнида оломон уймаланар, қўлтиғига этик қистирган, дазмолланган шим ва жакетни елкасига ташлаб олган жулдур кийимли кишилар у ёқ бу ёққа ўтиб туришарди.
Майхоналар ёнида фабрикадан ишдан чиққан, озодагина белбурма камзул, ялтираб турган этик кийган эркаклар, бошларига ялтироқ шоҳи рўмол ўраб, шиша мунчоқ қадалган пальтоли хотин-халаж тиқилишарди. Тўппончаларининг сариқ боғичи осилиб турган миршаблар тартибсизлик рўй бериб қолмасмикан деб, назорат қилиб ўз жойларида туришарди. Тартибсизлик уларни бу оғир зерикиш азобидан қутқарган бўларди. Хиёбонлар ўртасидан ўтган йўлларда, кўм-кўк бўлиб яшнаб турган майсазорда болалар ва итлар югуриб ўйнаб юришар, хушчақчақ энагалар ўриндиқларда бир-бирлари билан гаплашиб ўтиришарди.
Чап томони соя-салқин, ўртаси қуриган тош кўчада оғир киракаш аравалар гумбурлаб, енгил аравалар шалдираб, кўнкалар4040
Кўнка – от қўшилган трамвай
[Закрыть] жингиллаб тўхтовсиз ўтиб турарди. Ҳаво, ҳозиргина турмада бўлаётганидек, ибодатга чорловчи қўнғироқ товушларидан ларзага келган эди. Ясанган-тусанган халойиқ ўз қавми билан черковга қараб йўл оларди.
Извошчи Нехлюдовни турма ёнигача олиб бормай, турма томонга буриладиган муйилишда тушириб қолдирди.
Турмадан юз қадамча беридаги бу муйилишда кўпчилиги тугун кўтарган эркак ва аёллар туришарди. Ўнг томонда пастаккина ёғоч бинолар, чап томонда устига лавҳа қоқилган икки қаватли бино турарди. Тошдан ясалган баҳайбат турма биноси рўпарада бўлиб, ҳеч кимни унга яқин йўлатишмас эди. Милтиқ кўтарган соқчи солдат у ёқдан бу ёққа юриб, сўроқсиз ўтиб кетмоқчи бўлаётганларни бақириб қайтариб турарди.
Ёғоч уйнинг эшиги ёнида, ўнг томонда, соқчининг рўпарасидаги сўри устида уқа тутилган мундир кийган назоратчи ёзув дафтарчаси ушлаб ўтирарди. Одамлар, унинг ёнига бориб, кўрмоқчи бўлган кишиларининг номини айтар, назоратчи ёзиб оларди. Нехлюдов ҳам унинг ёнига борди ва Катерина Маслованинг номини айтди. Уқали мундир кийган назоратчи ёзиб олди.
– Нега шу маҳалгача киритишмайди? – деб сўради Нехлюдов.
– Ибодат қилишяпти. Ибодат тугасин, киритишади.
Нехлюдов кутиб турувчилар тўдаси ёнига қайтди. Шу маҳал оломон орасидан жулдур кийимли, шляпаси ғижимланган, яланг оёғига дабдаласи чиққан пойабзал кийган, юзи қип-қизил чандиқ киши чиқиб тўппа-тўғри турма томон кетаверди.
– Қаёққа суқиляпсан? – деб қичқирди унга милтиқли солдат. Жулдур кийимли киши соқчининг бақирганидан чўчимай:
– Ўзинг нега бўкирасан? – деб жавоб қайтарди-да, орқасига қайтди. – Киргизмасанг киргизма – кутиб тураман. Генералга ўхшаб бақирмасанг кимнинг кўнгли қолибди.
Оломон орасидан маъқуллаб кулган овозлар эшитилди. Бу ердагиларнинг кийимлари юпун, ҳатто жулдур кийинган одамлар эди. Аммо, ташқи қиёфасига қараганда, одамшаванда эркак ва аёллар ҳам бор эди. Нехлюдовнинг ёнида яхши кийинган, соч-соқоли олдирилган, тугунча кўтарган, икки бети қип-қизил семиз бир киши турарди. Тугунчасидаги нарса кийим-бош бўлса керак. Нехлюдов ундан, бу ерларга биринчи келишингизми, деб сўради. Тугун кўтарган киши ҳар якшанба келишини айтди, шундай қилиб, улар гаплашиб қолишди. Бу киши банк швейцари эди; у қалбаки ҳужжат ясашда айбланган укасини кўриш учун келган эди. Бу соддадил киши бошидан ўтган бутун воқеани Нехлюдовга гапириб берди ва ундан суриштирмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, зотли қора от қўшилган резинка ғилдиракли аравада келиб қолган талаба билан юзига тўр тутган аёл уларнинг диққатини ўзига тортди. Талабанинг қўлида каттагина тугун бор эди. У Нехлюдовнинг ёнига келди ва ундан, хайр-садақага олиб келган нонини маҳбусларга киритиш мумкинми, бунинг иложи борми, деб сўради.
– Қайлиғимнинг ихтиёри билан шундай қиляпман. Бу киши менинг қайлиғим. Унинг ота-онаси шу нарсаларни маҳбусларга элтиб беришни маслаҳат кўришди.
– Менинг ҳам биринчи келишим, билмадим энди, – деди Нехлюдов ва мундирига уқа тутилган, ўнг томонда дафтар ушлаб ўтирган назоратчини кўрсатди. – Шу одамдан сўраб кўринг, айтиб берса керак.
Нехлюдов талаба билан гаплашиб турганда турманинг ўртасида туйнуги бўлган катта темир дарвозаси очилди-да, бошқа бир назоратчи билан мундир кийган офицер чиқди, дафтар ушлаган назоратчи эса одамларни киритиш бошланишини эълон қилди. Соқчи ўзини четга олди, кўчада пойлаб турганларнинг ҳаммаси, кечикиб қолишдан қўрққандек, баъзилари тез-тез юриб, баъзилари чопқиллаб турма эшигидан кира бошладилар. Эшик ёнида бир назоратчи турар ва одамлар ёнидан ўтган сайин баланд овоз билан: «Ўн олти, ўн етти» ва ҳоказо деб санарди. Бино ичкарисидаги иккинчи назоратчи нариги эшикдан кираётганларга қўлини теккизиб, уларни яна қайтадан санарди, у турмада биронта ҳам чет киши қолиб кетмаслиги ёки бирон маҳбусни чиқариб юбормаслик учун қайтиб чиқаётганларида қайтадан санаб, ҳисобга тўғри келтириш учун шундай қилаётган эди. Ўтаётган одамларнинг башарасига қарамай санаётган бу назоратчи Нехлюдовнинг елкасига қоқиб қўйди. Унинг қўли келиб тегиши бошда Нехлюдовга таҳқиромуз туюлди, аммо бу ерга нима учун келгани эсига тушиб, ранжигани ва норизо бўлганига хижолат тортди.
Эшикдан кираверишдаги биринчи хона гумбаз тахлит қилиб ишланган бўлиб, кичкинагина деразасига панжара ўрнатилган эди. Тўпланиш хонаси деб аталган бу хонанинг токчасида Нехлюдов кутилмаганда, бутга парчинланган Исонинг каттакон суратини кўриб қолди.
Исонинг тасвирини маҳбуслар билан эмас, озод этилганлар билан бақамти деб тасвир этган Нехлюдов ўзича: «Бунга на ҳожат?» деб ўйлади.
Бу ерга қамалган ёвузлардан қўрқиш, кечаги бола билан Катюша каби бегуноҳларга ачиниш ҳислари билан тўлиб-тошган, ҳозир юз берадиган учрашувни ўйлаб кўнгли юмшаган, хижил бўлган Нехлюдов шошилаётганларни олдинга ўтказиб юбориб, секин қадам ташлаб кира бошлади. Биринчи хонадан чиқилаётганда хонанинг нариги томонида турган назоратчи алланима деди. Аммо хаёлга чўмган Нехлюдов бунга эътибор қилмади, кўпчилик орқасидан эргашиб кетаверди, аёллар бўлимига эмас, эрлар бўлимига қараб йўл олди.
У шошилаётганларни олдинга ўтказиб юбориб, учрашув хонасига энг кейин кирди. Эшикни очиб бу хонага кирганда, юзлаб оғиздан чиққан овозлар қўшилиб ҳосил қилган олағовур уни ҳайратга солди. Шакарга ёпишган пашша сингари, хонани иккига бўлиб турган сим тўрга ёпишган одамларга яқин келганидан кейингина Нехлюдов нима гап эканлигини тушунди. Деразалари орқа томонда бўлган бу хона шипдан ергача тортилган бир эмас, икки қатор сим тўр билан иккига ажратилган эди. Тўрлар орасида назоратчилар юрарди. Тўрнинг нариги томонида – маҳбуслар, бу томонида – уларни кўргани келганлар туришарди. Ҳар иккала томонни бир-биридан икки қатор тўр ва уч газ масофа ажратиб турарди. Бирон нарса бериш у ёқда турсин, ҳатто бир-бирининг юзини кўриш, айниқса, кўзи хирароқ бўлган одам учун, амри маҳол эди. Гапириш ҳам қийин эди, гапимни эшитсин деган одам қичқириб гапиришга мажбур бўлар эди. Иккала томондагилар ҳам, хотинлар, эрлар, оталар, оналар, болалар, бир-бирларини кўриб айтадиган гапларни айтиб олишга уриниб, тўрга юзларини маҳкам тираб олган эдилар. Аммо ҳар бир киши айтган гапини ҳамсуҳбати эшитадиган қилиб гапиришга уринарди. Унинг ёнидагилар ҳам худди шундай қилар, натижада улар бир-бирига халақит берар ва ҳар ким бир-биридан қаттиқроқ гапиришга ҳаракат қиларди. Шунинг учун ҳам бу хонада, Нехлюдов кирган замон уни танг қолдирган ғовур-ғувур ҳукм сурарди. Кимнинг нима деяётганини уқиб олиш маҳол эди. Нима тўғрида гаплашаётганларини, сўзлашаётганларнинг бир-бирига муносабатини уларнинг афтларидангина пайқаб олиш мумкин эди. Нехлюдовнинг ёнида бошига рўмол ўраган бир кампир турарди. У сим тўрга ёпишиб олиб, сочининг ярми қирилган рангсизгина йигитга алланималар деб қичқирар, ияги титрар эди. Маҳбус қошларини кериб, пешонасини тириштириб зўр эътибор билан унинг сўзларини тингларди. Кампирнинг ёнида белбурма камзул кийган йигит турарди. У қўлини қулоғига қўйиб, бошини чайқаб, ранги рўйи бир ҳолатда, соқолига оқ туша бошлаган, худди ўзига ўхшаган маҳбуснинг гапларига қулоқ соларди. Унинг нариги ёғида жулдур кийимли кимса турар, қўлини силкитиб алланима деб қичқирар ва куларди. Унинг ёнида, яхши тивит рўмол ўраган, бола кўтарган хотин, тўрнинг нариги томонидаги сочи олинган, кишан солинган маҳбуслар камзули кийган, оппоқ сочли кишини биринчи бор кўриши бўлса керак, ерда ўтириб йиғлар эди. Нехлюдов билан гаплашган швейцар шу аёлнинг тепасида туриб, нариги томондаги боши ярғоқ, кўзлари чақнаб турган маҳбусга бор кучи билан бақириб гапирарди.
Ана шундай шароитда гапиришга мажбур эканлигини англагач, Нехлюдовнинг ушбу қоидани чиқарган ва уни амалга ошираётганларга қарши ғазаби келди. Бу ваҳшиёна аҳвол, инсоний ҳисларнинг бу қадар таҳқирланиши ҳеч кимга қаттиқ ботмаётганлигига у жуда ҳайрон қолди. Солдатлар ҳам, мутасадди ҳам, кўргани келганлар ва маҳбуслар ҳам гўё шундай бўлиши лозимдек, бу тартибга риоя қилардилар.
Нехлюдов бу хонада экан, ўзининг бирор чора кўришга ожизлигидан юраги сиқилиб дунёдан безиб кетганини ҳис қилди: кема чайқалганда кўнгли беҳузур бўлгандек, маънавий изтироб ҳис қилди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.