Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 30

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 30 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXXIV

Маслова бирга кетадиган гуруҳ вокзалдан соат учда жўнар эди. Шу сабабли маҳбусларнинг авахтадан чиққанини кўриш ва у билан темир йил вокзалигача бирга бориш учун Нехлюдов соат ўн иккидан олдин авахтага етиб бормоқчи эди.

Буюмлари ва қоғозларини жойлаштираётиб, Нехлюдов кундалик дафтарини кўриб, баъзи жойларини ва сўнгги вақтларда ёзилган сатрларни ўқиди. Сўнгги бор Петербургга жўнаш олдидан шундай деб ёзилган эди: «Катюша менинг жафо чекишимни истамайди, фақат ўзи жафо кўрмоқчи. У ғолиб чиқди, мен ҳам ғолибман. Унда юз бераётган ички ўзгаришлар мени қувонтиради, лекин бунга ишонишга юрагим дов бермайди. Ишонишга қўрқаман, лекин назаримда тирилиб келаётганга ўхшайди». Шундан кейин қуйидаги сўзлар ёзилган эди: «Жуда оғир ва жуда қувончли кайфиятни бошимдан кечирдим. У касалхонада ўзини ёмон тутганини эшитдим. Тўсатдан менга жуда оғир ботди. Шу қадар оғир ботади деб ўйламаган эдим. У билан нафратланиб ва ғазабланиб гаплашдиму, кейин ўзимнинг неча-неча бор гуноҳ қилганимни, ҳатто ҳозир ҳам ундан мени нафратлантирган гуноҳларни хаёлан бўлса-да, бошимдан кечириб келаётганимни эсладим. Шундан кейин бирдан ўзимдан ўзим нафратланиб кетдим, у эса аянчли бўлиб кўринди, шундан сўнг кўнглим очилди. Ўз кўзимиздаги ходани вақтида кўра олганимизда кўнглимиз нақадар юмшоқ бўларди-да». Бугун эса қуйидагилар ёзилган эди: «Наташанинг олдига борган эдим. Азбаройи ўзимга бино қўйганлигимдан шафқатсизлик қилдим, аччиғландим, нохушландим. Хўш, нима ҳам қилардим? Эртадан бошлаб ҳаётим тамомила янги изга тушади. Алвидо, эски ҳаёт! Таассуротлар жуда кўп, лекин уларни ҳамон бир нуқтага тўплай олганимча йўқ».

Эртасига эрталаб уйғониши биланоқ, Нехлюдов кеча поччаси билан тортишиб қолганидан ўкинганини ҳис этди.

«Шу ҳолда кетиш яхши эмас, – деб ўйлади у, – уларникига бориб кўнгилларини кўтариш керак».

Аммо соатга қараб энди вақти йўқлигини, маҳбусларнинг чиқадиган вақтига етиб бориш учун шошилиши кераклигини англади. Апил-тапил йиғиштириниб бўлгач, Нехлюдов швейцар билан Тарасни (ўзи билан тўғри вокзалга бораётган Федосьянинг эрини) буюмлар билан жўнатиб юбориб, дуч келган биринчи извошга ўтириб, авахтага қараб кетди. Маҳбуслар поезди Нехлюдов тушадиган почта поездидан икки соат олдин кетарди, шунинг учун ҳам ортиқ қайтиб келмаслик учун меҳмонхона билан ҳисоб-китоб қилди.


Июлнинг жазирама иссиқ кунлари эди. Дим кечадан кейин кўча ва уйларнинг совишга улгурмаган тошлари, тунука томлар иссиқ тафтларини қайноқ ҳавога қайтарар эди. Шамол эсмас, аммо ел кўтарилганда эса, чанг-тўзон ва мойли бўёқнинг қўланса ҳидини, иссиқ ҳавони олиб келарди. Кўчада одам кам эди, йўловчилар ўзларини уйларнинг соясига олишга ҳаракат қилардилар. Фақат офтобда қорайиб кетган чипта кавуш кийган тошчи деҳқонлар қайноқ қумга ётқизилаётган тошларни тўқмоқ билан тўқиллатиб, кўчанинг ўртасида ўтирар ва ювилмаган оқ китель кийган, тўппончасининг қизғин тасмаси осилган, қовоғи солиқ миршаблар кўчанинг ўртасида хомуш туришарди. Булардан ташқари, бир томони офтобдан тўсилган, оқ ёпуғи орасидан қулоқлари чиқиб турган от қўшилган конкалар жингиллаб, гоҳ кўчанинг юқорисига, гоҳ пастига ўтиб кетишарди.

Нехлюдов авахтага яқинлашган пайтда маҳбуслар гуруҳи ҳали чиқмаган, авахтада эрталаб соат тўртдан бери маҳбусларни топшириш ва қабул қилиш иши қизғин давом этмоқда эди. Жўнаб кетадиган тўдада олти юз йигирма уч эркак ва олтмиш тўртта аёл бўлиб, уларнинг ҳаммасини жиноят моддалари бўйича тузилган рўйхатларга қараб текшириб чиқиш, беморларни ва заифларни ажратиб олиб конвойларга топшириш керак эди. Янги мутасадди унинг икки ёрдамчиси, доктор, фельдшер, конвой офицери ва мирзо ҳовлида девор кўланкасига қўйилган, усти қоғоз ва ёзув асбоблари билан тўлган стол ёнида ўтиришар ва маҳбусларнинг номини айтиб чақиришар, кейин ёнларига бирин-кетин келиб турган маҳбусларни кўздан кечирар, сўроқ қилишар ва ёзиб олишарди.

Офтоб столнинг ярмигача келиб қолган эди. Шамол йўқлигидан ва тиқилишиб турган маҳбусларнинг нафасидан ҳаво исиб, дим бўлиб кетган эди.

Баланд бўйли, семиз, елкаси кўтарилган, калта қўлли, оғзининг атрофини соқол-мўйлов қоплаган, кетини узмай папирос чекаётган конвой бошлиғи:

– Вой-бўй, ҳали-бери тамом бўлмайди шекилли! – деди папиросини қаттиқ тортиб, – тоза чарчатишди-ку. Шунча одамни қаердан тўплаб олдиларинг-а? Ҳали яна кўпми?

Мирзо суриштириб билди.

– Эркаклар ва аёллар бўлиб яна йигирма тўрт киши бор.

– Ҳа, нега қаққайиб турибсанлар, қимирласаларинг-чи!.. – деб қичқирди конвой бир-бирларига сиқилишиб турган, ҳали текширилмаган маҳбусларга.

Маҳбуслар саф тортишиб навбатларини кутиб офтобда турганларига уч соатдан ошиб кетган эди.

Бу ишлар авахта ичкарисида борарди, ташқарида эса, дарвоза тагида, одатдагидек милтиқ ушлаган соқчи ҳамда маҳбусларнинг юки ва заифлар учун йигирматача арава турарди. Бурчакда эса жўнаб кетаётганларни кўриб қолиш, агар иложи бўлса, гаплашиш ёки уларга бирон нарса бериш мақсадида маҳбусларнинг қариндош-уруғлари ва дўстлари кутиб туришарди. Нехлюдов шу тўдага келиб қўшилди.

Бу ерда у бир соатча турди. Энг охирида дарвоза ортида кишанларнинг жангиллаши, оёқ товушлари, амирона овозлар, катта бир оломоннинг йўталгани ва ғўнғир-ғўнғир гаплашгани эшитилди. Шу зайлда беш дақиқача вақт ўтди, бу вақт ичида назоратчилар эшикка кириб-чиқиб турдилар. Ниҳоят, буйруқ товуши эшитилди.

Дарвоза тарақлаб очилди, кишанларнинг жаранги аниқроқ эшитила бошлади, оқ китель кийган, милтиқ осган конвой солдатлар чиқдилар, дарвоза олдида кенг доира ясаб тизилдилар, бунга улар одатланиб қолган эдилар. Улар жой-жойларига туриб олгандан кейин, яна янги буйруқ эшитилди, сочининг ярми қирилган бошларига чалпаксимон шапка кийган, қоп орқалаган маҳбуслар кишанланган оёқларини судраб, бўш қўлларини силкитиб, иккинчи қўллари билан қопни ушлаб, жуфт-жуфт бўлиб чиқа бошлашди. Дастлаб ҳаммаси бир хил кулранг шим, елкасига хоч шакли туширилган халат кийган каторгачи эркаклар ўтди. Ҳаммалари – ёшлар, кексалар, ориқлар, семизлар, рангсизлар, юзи қизиллар, қоралар, мўйловдорлар, серсоқоллар, соқолсизлар, руслар, татарлар, яҳудийлар кишанларини жангиллатиб, гўё узоққа кетишга отланган кишилардек қўлларини силкита-силкита чиқиб келдилар-у, лекин ўн қадам юрмасдан тўхтаб қолдилар ва итоаткорлик билан тўртта-тўртта бўлиб саф тортдилар. Буларнинг кетидан, дарвозадан сочи худди шундай қирилган, оёғи кишансиз, лекин қўллари бир-бирлариникига қўшиб кишанланган, худди боягилар каби кийинган одамлар чиқди. Булар сургун қилинганлар эди… Булар ҳам олдингилар сингари дадил чиқиб келишди, кейин тўхтаб худди боягилар каби тўртта-тўртта бўлиб саф тортишди. Кейин сиёсий маҳбуслар, сўнгра аёллар тартиб билан чиқди, аввал кулранг авахта камзули кийган, дурра ўраган каторгачи аёллар, кейин сургун қилинган аёллар ва ўз ихтиёрлари билан эрлари ортидан кетаётган, ўзларининг шаҳар ва қишлоқ кийимидаги аёллар саф тортишди. Аёлларнинг баъзилари чақалоқларини кулранг камзулларининг этагига солиб кўтариб олган эдилар.

Аёлларнинг ёнида болалар боришарди. Бу болалар уюрдаги қулундек маҳбус аёлларнинг оёғи остида ўралашарди. Эркаклар аҳён-аҳёнда йўталишиб, аҳён-аҳёнда бир-бирларига гап отишиб, жимгина саф тортишарди. Аёлларнинг гапдан жағи тинмасди. Нехлюдов дарвозадан чиқиб келаётган Масловани кўргандек бўлди; лекин кейин у бошқалар ичида кўздан ғойиб бўлди-ю, Нехлюдов инсоний хислатлардан, айниқса, хотинлик назокатидан маҳрум бўлган, бола кўтарган ва қоп орқалаган, эркаклар ортида саф тортаётган бир гуруҳ кулранг оломонни кўрди, холос.

Маҳбуслар турма ичида саналган бўлсалар-да, конвойлар аввалги ҳисобга солиштириб кўриш учун яна санай бошладилар. Баъзи маҳбуслар бир жойда турмай, у ёқдан бу ёққа ўтиб турар, ҳисобни чалкаштирарди, шу сабабдан, бу қайта санаш жуда узоқ давом этди. Конвойлар аламларини ютиб итоат қилаётган маҳбусларни сўкар, итарар ва қайта-қайта санар эдилар. Ҳаммани санаб бўлганларидан кейин конвой офицери алланима деб буйруқ берди, оломон чайқалиб кетди. Заиф эркаклар, аёллар ва болалар бир-бирларидан ўзиб арава томон югуришди, аввал қопларини аравага жойлаб, кейин ўзлари ҳам чиқа бошлашди. Чақалоқлари чириллаб йиғлаётган аёллар, жой талашиб-тортишаётган хушчақчақ болалар ва ғамгин, хомуш эркак маҳбуслар аравага чиқиб ўтира бошладилар.

Бир неча маҳбус бошидан шапкасини олиб, конвой офицери олдига борди-да, алланимани илтимос қила бошлади: Нехлюдов кейинчалик билса, улар аравага чиқишга ижозат сўраган эканлар. Нехлюдов конвой офицерининг илтимос қилувчига қарамай, индамай папиросини қаттиқ тортиб, кейин тўсатдан калта қўлини кўтариб урмоқчи бўлганини, маҳбус эса калтак ейишдан қўрқиб қирилган бошини елкаси ичига тортиб, қочиб кетганини кўрди.

– Сени шундай элликбоши қилиб қўяйки, бир умр эсингдан чиқмайдиган бўлсин! Пиёда ҳам кетаверасан! – деб ўшқирди офицер.

Офицер фақат узун оёқларига кишан солинган, гандираклаб зўрға турган чолгагина аравага чиқишга ижозат берди. Нехлюдов ўша чолнинг аравага қараб бораётиб, чалпаксимон шапкасини ечиб чўқинганини, кейин кишанланган мадорсиз оёқларини кўтариб, аравага чиқа олмай анчагина қийналганини, аравада ўтирган бир аёл унинг қўлидан тортиб чиқариб қўйганини кўрди.

Аравалар қоплар билан тўлгач ва шу қоп устига ўтиришга ижозати борлар жойлашиб олгач, конвой офицери фуражкасини ечди, рўмолчаси билан пешонасини, ярғоқ бошини ва қип-қизил, йўғон бўйнини артди-да, чўқиниб олди.

– Тўда, марш! – деб буйруқ берди у.

Солдатлар милтиқларини шиқирлатиб қўйишди, маҳбуслар шапкаларини олиб, баъзилари чап қўллари билан чўқина бошлашди, кузатувчилар алланима деб қичқиришди, маҳбуслар алланима деб бақириб жавоб қайтаришди, аёллар орасида фарёд кўтарилди, оқ китель кийган солдатлар қуршовидаги маҳбуслар кишанли оёқлари билан чанг кўтариб йўлга тушди. Олдинда солдатлар борар, уларнинг орқасидан каторгачилар кишанларини жангиллатиб, тўртта-тўртта бўлиб боришар, каторгачилар кетидан сургун қилинганлар, кейин иккитасининг қўлига битта кишан солинган сиёсий маҳбуслар, кейин аёллар боришарди. Энг кейин қоплар ортилган ва заифлар тушган аравалар йўлга тушди. Рўмолига ўралиб олган бир аёл арава устида ўтириб фарёд кўтариб йиғларди.

XXXV

Саф шу қадар узун эдики, олдинги қатордагилар кўздан ғойиб бўлганда қоплар ортилган ва бедармон одамлар ўтирган аравалар жойидан силжиди. Аравалар жойидан қўзғалгач, Нехлюдов ўзини кутиб турган извошга бориб ўтирди. Эркаклар орасида таниш маҳбуслар кўринмасмикан деган умид билан извошчига тўдадан ўзиб кетишни буюрди. Бундан ташқари, у аёллар орасидан Масловани топиб, ўзи юборган нарсаларини олган-олмаганлигини сўрамоқчи эди. Кун жуда исиб кетган, шамол йўқ эди, минглаб оёқлар остидан кўтарилган чанг кўчанинг ўртасидан кетаётган маҳбуслар тепасида турарди. Маҳбуслар тез-тез юриб боришарди, Нехлюдов ўтирган извошнинг отлари майда қадам ташлаб, йўртиб боргани учун маҳбуслардан дарров ўзиб кета олмасди. Бир хил пойабзал кийган, оёқларини ташлаб, ўзларига далда бермоқчидек, қўлларини қадам ташлашларига монанд силкитиб бораётган даҳшатли қиёфадаги нотаниш одамлар саф-саф бўлиб ўтиб боришарди. Улар шу қадар кўп, шу қадар бир хил, шундай ғалати бир аҳволга солиб қўйилган эдиларки, Нехлюдовнинг назарида булар одам эмас, аллақандай даҳшатли махлуқларга ўхшаб туюларди. Каторгачилар орасида бир маҳбусни, қотил Федоровни ва сургун қилинганлар орасида қизиқчи Охотин билан яна бир ўзига мурожаат қилган саёқни танигач, ундаги бу таассурот тарқалиб кетди. Маҳбусларнинг деярли ҳаммаси улардан ўзиб кетаётган извошчи ва унда ўтириб, ўзларини синчиклаб кўздан кечираётган бекка ўгирилиб, ўқрайиб қарашарди. Федоров, Нехлюдовни таниганини билдириб бошини ирғатиб қўйди. Охотин кўзини қисиб қўйди. Лекин униси ҳам, буниси ҳам тақиқ этилганлиги учун у билан саломлашмадилар. Аёлларга етиб олгач, Нехлюдов Масловани кўрди. У аёлларнинг иккинчи қаторида эди. Сафнинг четида қип-қизариб кетган, калта оёқ, қора кўз, халатини белбоғига қистирган хунук хотин борарди. Бу Хорошавка эди. Хорошавканинг ёнида оёғини зўрға судраб босаётган ҳомиладор хотин бор эди, унинг нариги ёғидагиси Маслова эди. Маслова қопини орқалаб, тўғрига қараб борарди. У билан бир қатордаги тўртинчи хотин Федосья эди, дадил қадам ташлаб кетаётган бу чиройли жувон калта халат кийиб, дуррасини бўйнидан боғлаб олган эди. Нехлюдов извошдан тушди, Масловадан буюмларни олган-олмаганини ва ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрамоқчи бўлиб, қадам ташлаб кетаётган хотинларга яқинлашди, лекин гуруҳнинг шу томонида кетаётган конвой унтер-офицери уни кўриб қолди-да, югуриб олдига келди.

– Тўдага яқинлашиш мумкин эмас, тақсир, ман қилинади, – деб қичқирди у яқинлашар экан.

Яқин келиб Нехлюдовни танигач (авахтада Нехлюдовни ҳамма танирди), унтер-офицер честь берди ва Нехлюдов олдида тўхтаб:

– Ҳозир мумкин эмас, вокзалга борганда гаплашсангиз бўлади, бу ерда рухсат этилмайди, – деди. – Ҳой, орқада қолмаларинг, қимирла дейман! – деб қичқирди у маҳбусларга. Иссиққа қарамай ўзини дадил тутиб, янги этикларини кўз-кўз қилиб, ўз жойига бориб олди.

Нехлюдов йўлкага қайтди ва извошчига изма-из бораверишни буюриб, ўзи маҳбуслар билан кетаверди. Маҳбуслар тўдаси қаердан ўтмасин, ҳамма ерда одамларда ачиниш билан даҳшат аралаш бир ҳис уйғотарди. Ўткинчилар извошлардан бошларини чиқариб, маҳбуслар то кўздан ғойиб бўлгунча қараб қолардилар. Пиёда кетаётганлар тўхташар ва бу даҳшатли манзарани ҳайрон бўлиб, ваҳима ичида кузатишарди. Баъзилар яқин келиб садақа беришарди. Садақани конвойлар йиғиб оларди. Баъзилари эса, гипноз қилингандек, тўда кетидан анча жойгача борар, лекин кейин тўхтаб бошларини чайқашар ва кўзлари билан кузатиб қолишарди. Одамлар бир-бирларини чақиришиб, йўлак ва дарвозалардан чиқиб келар, баъзилар деразаларидан белларигача осилиб бу даҳшатли манзарани қимир этмай, сўзсиз томоша қилардилар. Чорраҳаларнинг бирида маҳбуслар тўдаси серҳашам бир колясканинг ўтиб кетишига халақит берди. Юзи йилтираган, орқасига қатор тугма таққан, бўксаси катта извошчи пештахта устида ўтирарди. Колясканинг орқа томонидаги ўриндиқда эр-хотин ўтиришарди: ориқ, рангсиз хотин бошига оқ шляпа кийган, рангли соябон ушлаган, эри цилиндр ва ранги очиқ башанг пальто кийган эди. Олдинда, уларнинг рўпарасида болалари ўтирарди: ясатилган, гулдек яшнаб турган қизчанинг сап-сариқ сочлари орқасига ёзиб ташланган, бунинг ҳам қўлида рангли соябон бор эди, ёнида узун лента билан безалган матросча шапка кийган, ориқ, бўйни узун саккиз яшар бола ўтирар эди. Уларнинг оталари аччиғланиб, йўлларини тўсиб қўйган тўдани вақтида айланиб ўтиб кетмаган извошчини койирди, оналари эса, жирканиб кўзини қисиб, башарасини бужмайтирар, шоҳи соябонини тушириб, офтобдан ва чангдан юзини тўсиб олган эди. Бўксаси семиз извошчи эса, шу кўчадан юришни ўзи буюрган хўжайиннинг ноҳақ койишларини тинглар экан, қовоғи борган сайин осилар, бўйни ва юганларининг тагини оқ кўпик босган, юришга шайланиб турган тўриқ отларни зўрға ушлаб турарди.

Миршаб серҳашам колясканинг эгасига лаганбардорлик қилиб маҳбусларни тўхтатиб, уни ўтказиб юбормоқчи бўларди-ю, лекин бу сафда, ҳатто мана шундай давлатманд жанобнинг ҳурмати учун ҳам бузиб бўлмайдиган маъюс бир дабдаба бор эди. Миршаб бу давлатманд одамнинг ҳурмати юзасидан қўлини чаккасига қўйиб, ҳар эҳтимолга қарши коляскадагиларни маҳбуслардан ҳимоя қилишга тайёрдек, маҳбус ларга ўқрайиб қараб қўярди. Шундай қилиб, коляска маҳбусларнинг ҳаммаси ўтиб бўлгунча кутиб туришга мажбур эди. Ниҳоят, қоплар ортган, устига хотинлар ўтирган арава тарақлаб ўтиб кетганидан кейингина ўрнидан жилди. Хотинлар орасида ўтирган, йиғиси анча тиниб қолган асабий хотин ҳашаматли коляскани кўриб яна чинқириб ва ҳўнграб йиғлай бошлади. Шундагина извошчи жиловни аста силтаб қўйди, тўриқ отлар тош йўлда тақаларини тарақлатиб, резина шиналар устида юмшоққина силкиниб бораётган коляскани елдириб кетди; эру хотин қизалоқ ва узун бўйинли, елкаси чиқиқ бола кўнгил ёзиш учун боққа кетаётган эдилар.

На ота, на она қизлари ва ўғилларига бу кўрган манзаранинг нималигини тушунтирдилар. Болалар бу кўрган манзаранинг мазмунини ўзлари тушуниб олишга мажбур эдилар.

Қизалоқ отаси билан онасининг юзидаги ифодага қараб, масалани ўзича ҳал қилди: бу одамлар унинг ота-онаси ва таниш-билишларидан тамомила бошқача, ёмон одамлар экан, шу сабабли уларни шу аҳволга солишлари тўғри. Шунинг учун ҳам қиз қўрқиб турди, бу одамлар кўздан ғойиб бўлганига севинди.

Аммо маҳбуслар сафидан кўз узмай тикилиб кузатган бўйни узун, қилтириқ бола масалани ўзича ҳал қилди. Бола бу одамларнинг ҳам худди ўзи ва бошқа одамлар каби эканлигини ва кимдир шу одамларга лойиқ бўлмаган бир ёвузликни раво кўрганини аниқ билди; бу фикрни, афтидан, унинг кўнглига худонинг ўзи солган эди. Боланинг уларга раҳми келди, мана шу кишанланган ва сочининг ярми қирилган одамлар ҳамда уларни кишанлаб, сочларини қирган одамлар олдида даҳшатга тушди. Шунинг учун ҳам боланинг лаблари борган сайин дир-дир титрар ва у бундай пайтларда йиғлашни уят ҳисоблагани учун йиғлаб юборишдан ўзини аранг тутиб турарди.

XXXVI

Нехлюдов маҳбуслар билан баравар тез-тез юриб борар, аммо кийими ва пальтосининг енгиллигига қарамай жуда исиб кетган эди. Кўчани тўлдирган чанг-тўзондан ва ҳавонинг димлигидан нафаси бўғиларди. Нехлюдов чорак чақиримча йўл юргач извошга ўтириб олдинга ўтиб олди, лекин кўчанинг ўртасида кетаётган извошда баттар исиб кетди. У кеча поччаси билан бўлган суҳбати ҳақида ўйлаб кўрмоқчи бўлди, аммо бу фикрлар эрталабкидек уни ҳаяжонлантирмасди. Унинг ўрнини маҳбусларнинг авахтадан чиқиши ва уларнинг сафари тўғрисидаги таассурот қоплаб олган эди. Ҳаммадан ёмони шуки, ҳаво жуда иссиқ эди. Девор тагида, дарахтлар соясида икки реалист114114
  Реалист – «Реаль билим юрти» талабаси.


[Закрыть]
бола олдиларида чўққайиб ўтирган музқаймоқ сотувчи ёнида фуражкаларини ечиб туришарди. Болаларнинг бири суяк қошиқни ялаб ҳузур қиларди, иккинчиси эса аллақандай сариқ нарса билан тўлдирилаётган стаканни кутиб турарди.

Нехлюдов томоғи қақраб кетганини ҳис қилиб:

– Қаерда томоқ ҳўллаб олса бўлади? – деб сўради извошчисидан.

– Анави ерда яхшигина майхона бор, – деди извошчи ва муйилишдан ўтиб Нехлюдовни катта лавҳа осилган дарвозага олиб келди.

Пештахта ортида турган кўйлакчан семиз гумашта ва хўрандалар бўлмагани учун стол атрофида ўтирган, бир вақтлар оппоқ кийинган хизматкорлар нотаниш меҳмонни қизиқсиниб кўздан кечирдилар ва хизматларини таклиф этдилар. Нехлюдов сельтер суви сўради ва дарвозадан нарироқдаги ифлос дастурхон ёзилган кичик стол ёнига бориб ўтирди.

Чой идишлар ва оқ шиша қўйилган стол атрофида икки киши пешоналарининг терини артиб, хотиржамгина ўтириб, алланарсани ҳисоблашишарди. Уларнинг бири қорачадан келган, боши ярғоқ одам эди. Бунинг сочи бошининг орқа томонида худди Игнатий Никифоровичники сингари қорайиб турарди. Бу таассурот поччаси билан қилган суҳбатини ҳамда жўнаб кетмасдан бурун поччаси ва опаси билан учрашмоқчи бўлганини эслатди. «Поезд жўнаб кетгунча улгуролмасам керак, – деб ўйлади у, – яхшиси хат ёзиб юбораман». Шундай қилиб у қоғоз, конверт ва марка сўраб олди-да, муздеккина, вижиллаб турган сувни ҳўплаб-ҳўплаб ичар экан, нима деб ёзишни ўйлай бошлади. Лекин фикрлари тарқалиб, нима деб ёзишини билолмай гаранг бўларди.

«Наташа, жоним, Игнатий Никифорович билан бўлган кечаги суҳбатнинг оғир таассуротлари ила жўнаб кета олмайман…» – деб бошлади у. «У ёғига нима ёзаман? Кеча айтган гапларим учун узр сўрайманми? Лекин кўнглимдагини айтдим-ку. Сўзларидан қайтди деб ўйлаши мумкин. Ундан ташқари, менинг ишларимга аралашганини айтмайсизми… йўқ, ёза олмайман». – Ана шу бегона, худписанд ва ўзини заррача тушунмайдиган одамга нисбатан кўнглида яна нафрат ҳисси кўтарилди. Ёзиб тугатмаган хатни чўнтагига солиб, пул тўлади-да, кўчага чиқиб маҳбусларга етиб олиш учун жўнаб кетди.

Кун боягидан ҳам исиб кетган эди. Девор ва тошларнинг қайноқ нафаси келиб турар, иссиқ тош кўча оёқни куйдирай дер эди. Нехлюдов извошнинг лакланган қора қанотига қўл теккизганда қўли куяёзди.

От чанг ва ўйдим-чуқур тош йўл устида тақасини бир меъёрда тарақлатиб майда қадам ташлаб йўртиб борарди, извошчи мудраб кетарди; Нехлюдов ҳеч нарсани ўйламай тўғрисига қараб бепарво ўтирарди. Пастликка тушаверишдаги катта уйнинг дарвозаси рўпарасида бир тўда оломон ва милтиқли конвой турарди. Нехлюдов извошни тўхтатди.

– Нима гап? – деб сўради у қоровулдан.

– Маҳбусга бир нима бўлганга ўхшайди.

Нехлюдов извошдан тушди-да, оломон олдига борди. Йўлка бўйидаги қиялама паст-баланд тош йўл устида қўнғир соқол, қизил юз, пучуқ, эгнига кулранг халат ва худди шундай шим кийган ўрта яшар маҳбус оёғи баланд, боши паст бўлиб ётарди. У сепкил тошган қўлининг кафтини ерга қилиб, чалқанча тушиб ётар, ўқтин-ўқтин, баланд ва кенг кўкрагини бир меъёрда кўтариб тин олар, қон тўлган, тўхтаб қолган кўзларини кўкка тикканча хирилларди. Унинг тепасида қовоғи солиқ миршаб, кўтармачи, хат ташувчи, гумашта, соябонли кекса аёл ва бўш сават кўтарган, сочи қириб олинган бола турарди.

Нехлюдов уларнинг олдига келганда гумашта унга қараб:

– Қалъада ўтиравериб тоза мазалари қочибди, тағин буларни куннинг тиғида йўлга олиб чиқишади, – деди кимнидир қоралаб.

– Ўлиб қолади, шўрлик, – дерди соябонли аёл йиғламсираган овоз билан.

– Кўйлагининг олдини очиш керак, – деди хат ташувчи.

Миршаб қалт-қалт қилиб турган йўғон бармоқлари билан маҳбуснинг томирлари ўйнаб чиққан қизил бўйнидаги боғичларни еча бошлади. У ҳаяжонланган, хижолат чеккан кўринарди-ю, лекин бунга қарамай, оломонга дўқ қилиб қўйишни лозим топди.

– Нега тўпландиларинг? Ўзи шундоғам иссиқ. Шамолни тўсиб қўйдиларинг.

– Доктор текширувдан ўтказиши керак эди. Мадори йўқларни қолдириш лозим эди. Ўлай деб юрибди-ю, йўлга ҳайдаб чиқишибди, – дерди гумашта ўзининг тартиб билганини кўрсатмоқчи бўлиб.

Миршаб кўйлак тасмасини ечиб, қаддини ростлади-да, ўгирилиб қаради.

– Тарқал деяпман. Сенларга нима бор, нима бор бу ерда? – дерди у мадад кутгандек Нехлюдовга қараб. Аммо унинг боқишларида ҳусн-таважжуҳ кўрмай конвойга ўгирилди.

Лекин конвой бир чеккада майишиб кетган пошнасини кўздан кечирар, миршабнинг мушкул аҳволга тушиб қолгани билан иши йўқ эди.

– Мутасаддилар ғамхўрлик қилишмайди. Одамларни очдан ўлдириш тартибга тўғри келадими, ахир?

– Ахир маҳбус ҳам одам, – дейишарди тўпланганлар.

– Бошни баландроқ қилиб, сув беринглар, – деди Нехлюдов.

– Сувга кетишди, – деб жавоб берди миршаб ва маҳбуснинг қўлтиғидан ушлаб зўрға бошини баландга олди.

– Нима қилиб тўпланиб турибсанлар? – деган кескин, амирона овоз эшитилди тўсатдан. Йилт-йилт қилиб турган озода китель ва ярқираган баланд пошна этик кийган даҳа назоратчиси маҳбус атрофида тўпланган бир тўда одам ёнига шахдам қадамлар билан юриб келди. – Тарқал! Пишириб қўйибдими бу ерда! – деб қичқирди у оломоннинг нега тўпланганини билмасданоқ.

Яқинроқ келиб, жон бераётган маҳбусни кўргандан кейин, гўё шундай бўлишини кутгандек, маъқуллаб бош ирғатиб қўйди-да:

– Нима гап? – деди миршабга юзланиб.

Миршаб, этап ўтиб кетаётганида бир маҳбус йиқилиб қолганини, конвой бу маҳбусни шу ерда қолдиришга буюрганини айтди.

– Нима қилиб турибсизлар бўлмаса? Миршабхонага олиб бориш керак. Извош топ.

– Қоровул кетди, – деди миршаб честь бериб.

Гумашта куннинг иссиқлиги ҳақида алланималар деб гапира бошлаган эди, даҳа назоратчиси:

– Сенинг нима ишинг бор? А? Бор, йўлингдан қолма, – деб шундай ўқрайиб қараб қўйдики, приказчикнинг дами ичига тушиб кетди.

– Сув ичириш керак, – деди Нехлюдов.

Даҳа назоратчиси Нехлюдовга ҳам ўқрайиб қаради-ю, лекин ҳеч нарса демади. Қоровул бир кружка сув олиб келганда, у маҳбусга сув ичиришни миршабга буюрди. Миршаб маҳбуснинг шилқ этиб тушган бошини кўтариб оғзига сув қуймоқчи бўлди, лекин маҳбус ичмади, сув соқолидан оқиб тушиб, камзулининг кўкрагини ва чанг босган кўйлагини ҳўл қиларди.

– Бошига қуй! – деб буюрди даҳа назоратчиси. Миршаб чалпаксимон шапкани ечиб, сувни жингалак қўнғир сочли маҳбуснинг ярғоқ бошига қуйди.

Маҳбус қўрққандек, кўзларини катта очиб юборди, лекин аҳволи ўзгармади. Сув унинг юзидан лой бўлиб оқиб тушарди-ю, аммо оғзидан ҳамон бир меъёрда хириллаган овоз эшитилар, аъзойи бадани титрарди.

– Мана бу нима? Ол шуни, – деди даҳа назоратчиси Нехлюдовнинг извошини кўрсатиб миршабга. – Ҳой! Сенга айтяпман!

Извошчи бошини кўтармай:

– Бандман, – деб жавоб берди хўмрайиб.

– Менинг извошим, – деди Нехлюдов, – майли, олаверинглар. Ҳақини ўзим тўлайман, – деб қўшиб қўйди у извошчига ўгирилиб.

– Ҳа, нега анқайиб турибсанлар? – деб қичқирди даҳа назоратчиси, – қимирла!

Миршаб, қоровуллар ва конвойлар жон бераётган маҳбусни кўтариб извошга обориб ўтқиздилар. Лекин маҳбус ўтира олмас, боши орқага эгилиб, гавдаси ўтирғичдан сирғалиб тушарди.

– Ётқизиб қўй! – деб буюрди даҳа назоратчиси.

– Зарари йўқ, жаноб олийлари, шундай олиб кетаман, – деди миршаб жон бераётганнинг ёнига жойлашиб ўтириб олиб, кучли ўнг қўли билан унинг белидан қучоқлаб.

Конвой маҳбуснинг пайтава ўрамай ёғоч кавуш кийган оёғини кўтариб, извошчи ўтирадиган жой тагига тиқиб қўйди.

Даҳа назоратчиси ўгирилиб қаради ва маҳбуснинг ерда ётган чалпаксимон шапкасини олиб орқага осилиб тушаётган ҳўл бошига кийгизиб қўйди.

– Марш! – деб буюрди у.

Извошчи жаҳл билан ўгирилиб қаради, бошини чайқаб қўйди ва конвой ҳамроҳлигида миршабхонага қайта бошлади. Маҳбус ёнида ўтирган миршаб боши шилқ этиб тушган, пастга сирғалиб тушаётган танани ушлаб қолишга уринарди. Конвой ёнма-ён юриб борар, оёғини тўғрилаб қўярди. Нехлюдов улар кетидан эргашди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации