Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 21

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
VII

Оқсоқолнинг қўрасига тўпланган одамларнинг ғовур-ғувури эшитиларди. Аммо Нехлюдов яқинлашиши билан гаплар тинди, деҳқонлар эса худди Кузминскоедаги сингари бирин-кетин шапкаларини ечдилар. Бу ернинг деҳқонлари Кузминскоедаги деҳқонларга қараганда одмироқ кийинган эди: қиз-жувонлари ёппасига қулоқларига пат исирға таққан бўлсалар, мужикларнинг деярли ҳаммаси чипта кавуш билан хонаки кўйлак ва камзулда эдилар. Баъзилар ишдан тўғри келганлари учун яланг оёқ ва кўйлакчан эдилар.

Нехлюдов ўзини тутиб олди-да, сўз бошлаб, ерини мужикларга бутунлай бериш ниятида эканлигини эълон қилди. Мужиклар миқ этишмади, уларнинг қиёфаларида ҳам ҳеч қандай ўзгариш юз бермади.

– Чунки мен шундай ўйлайман: ерга кучи сингмаган одам унга хўжайин бўла олмайди, – деб қизариб гапини давом эттирди Нехлюдов. – Ердан фойдаланишга ҳамма ҳақли.

Мужикларнинг:

– Бўлмасам-чи. Албатта шундай бўлиши керак, – деган овозлари эшитилди.

Нехлюдов, ердан олинадиган даромад ҳамманинг ўртасида баравар тақсим этилиши керак, шунинг учун ерни олиб, ўзингиз белгиланган баҳода ҳақ тўланг, бу ҳақ жамоат капиталига қўйилади, жамоат капиталидан ҳам яна фақат ўзларингиз фойдаланасиз деб уқдира бошлади. Маъқуллаган, розилик билдирган овозлар эшитиларди. Аммо деҳқонларнинг жиддий қиёфалари янада жиддийлашиб, боядан бери бекка тик қараётган кўзлар гўё ҳийлангни аллақачон билиб олганмиз, бизни лақиллатолмайсан, деб уялтиришни истамагандек, ерга қарай бошлади.

Нехлюдов очиқ-ойдин гапирарди, мужиклар ҳам бефаҳм эмас эдилар, лекин боя бошқарувчи анчагача тушунолмай турган сабабга кўра, улар ҳам гапга тушуна олмас эдилар. Улар ҳар қандай одам ўз фойдасини кўзлаши кераклигига шак-шубҳа қилмасдилар. Помешчиклар эса ўз фойдаларини кўзлаб деҳқонлар зиёнига иш кўришларини бир неча авлод ўз бошидан кечириб келганини улар яхши билардилар. Шунинг учун ҳам модомики, помешчик ўзи чақириб янги бир нарсани таклиф қилаётган экан, у деҳқонларни аввалгидан ҳам баттарроқ алдамоқчи.

– Хўш, нима дейсизлар, қанчага баҳолайсизлар? – сўради Нехлюдов.

– Баҳолаб нима қиламиз? Бизнинг қўлимиздан келмайди. Ер сизники бўлгандан кейин, хўжайин ҳам сиз, – дейишарди одамлар.

– Гап бундай, ўша пуллардан ўзларингиз жамоат эҳтиёжи учун фойдаланасиз.

– Йўқ, бу бизнинг қўлимиздан келмайди. Жамоат ўз йўлига, бу ҳам ўз йўлига.

Нехлюдовнинг кетидан келган бошқарувчи гап тушунтирмоқчи бўлиб:

– Тушунсаларинг-чи ахир, – деди тиржайиб, – князь ерларини сизларга пулга сотмоқчилар, бу пуллар бўлса яна сизларнинг капиталингиз бўлади, жамоатга берилади.

– Жуда яхши тушунамиз, – деди тишлари тушиб кетган чол кўзини ердан кўтармай. – Банка шекилли, фақат вақтида тўлаб туришимиз керак. Йўқ, бизга бунақаси керак эмас, нега деганда, ўзимиз жуда қийналганмиз. Энди хонавайрон бўлар эканмиз-да?

– Керак эмас. Қайтага бурунгидай қолаверсин, – деган норизо, ҳатто дағал товушлар эшитилди.

Нехлюдов шартнома тузишини, унга ўзи, кейин бошқалар ҳам имзо чекишини эслатиб ўтганда, мужиклар айниқса норизолик билдира бошлашди.

– Қўл қўйишнинг нима кераги бор? Аввал қандай ишлаган бўлсак шундай ишлайверамиз. Бунга бало борми? Биз тўпори одамлар бўлсак.

– Бунақасини сира кўрмаганмиз, асти рози бўлмаймиз. Бурун қандай бўлса, шундай бўлаверсин. Фақат уруғлик бекор қилинса бўлди, – деган овозлар эшитилди.

Ҳозирги шароитда экиладиган уруғлик ҳам деҳқонлар ёнидан бўлар эди, улар энди уруғликни хўжайин берсин дер эдилар. Уруғликни бекор қилиш дегани шундан иборат эди.

Нехлюдов кулиб турган, йиртиқ камзул кийган яланг оёқ ўрта яшар деҳқонга қараб:

– Бундан чиқди, рад қиляпсиз, ер олишни истамайсизлар? – деб сўради.

У киши чап қўлини букиб, йиртиқ шапкасини солдат сингари ушлаб турарди.

– Худди шундай, – деб ғўлдиради солдатлик вақтида ўрганиб қолган одатлардан қутулмаган деҳқон.

– Бундан чиқди, ерларингиз етарли экан-да? – деди Нехлюдов.

– Ҳеч бир, тақсир, – жавоб берди собиқ солдат ясама кулги билан.

У, кимга керак бўлса олсин, дегандек қилиб жулдур шапкасини олдинга чўзиб эҳтиёт билан ушлаб турарди.

– Ҳар ҳолда, мен айтган гапларни яна бир бор яхшилаб ўйлаб кўринглар, – деди ҳайрон қолган Нехлюдов. У ўз таклифини яна такрорлади.

– Ўйлаб нима қиламиз: сиз нима десангиз, шу бўлади-да, – деди жаҳл билан қовоғи солиқ тишсиз чол.

– Эртага кечгача шу ерда бўламан, агар бошқа фикрга келгудек бўлсанглар, менга хабар қилинглар.

Мужиклар индашмади.

Шундай қилиб, Нехлюдов бир иш чиқара олмай орқасига, идорага қайтди.

– Мен сизга айтсам, бу одамлар билан келишолмайсиз, князь, – деди бошқарувчи уйга қайтиб келишгач. – Жуда ўжар халқ. Йиғинга келдими бўлди – оёғини тирайди-олади. Қани жойидан жилдириб кўр-чи. Нимага деганингизда, ҳамма нарсадан қўрқади. Аслида бу мужиклар анави мўйсафид ҳам, гапингизга кўнмай турган, қорачадан келган кишиям – ақлли мужиклар. Конторага келганда, ўтқазиб чой билан зиёфат қилиб, у ёқ бу ёқдан гаплашсанг, – дерди бошқарувчи илжайиб, – доно, нақ министр бўладиган одам, ҳамма нарсага ақли етади. Йиғинга келдими ўзгаради-қолади, бутунлай бошқа одам, айтган жойидан кесади…

– Ана шунақа гапга тушунадиган деҳқонлардан бир нечтасини шу ерга чақиртирсак бўлмайдими, – деди Нехлюдов, – ўзим уларга яхшилаб тушунтирардим.

– Бўлади, – деди жилмайган бошқарувчи.

– Марҳамат қилиб, эртага чақиртиринг.

– Хўп бўлади, эртага тўплаб келаман, – деди бошқарувчи ва аввалгидан баттар илжайди.

Қорни тўқ бияда чайқалиб бораётган, тароқ кирмайдиган пахмоқ соқол мужик:

– Ҳа, уддабуронлигини қара-я! – деяр эди ёнида занжир тушовни жангиллатиб ўйнаб кетаётган жулдур камзулли ориқ, кекса мужикка.

Мужиклар кечаси отларини катта йўлда ва яширинча хўжайиннинг ўрмонида боқиб келиш учун кетишаётган эди.

– Ерни текинга бераман, фақат қўл қўйсанг бўлди, дейди-я. Теримизни шилишгани озлик қилди шекилли. Йўқ, оғайни, бу найрангинг кетмайди, ҳозир биз ҳам тушунадиган бўлиб қолганмиз, – деб қўшиб қўйди-да, отини тўхтатди: ўгирилиб орқада қолиб кетган тойчани: – мах, мах, мах, – деб чақира бошлади. Аммо тойча орқада эмас, ён томонда – ўтлоққа кириб кетган эди.

– Оббо баччағар-э, хўжайиннинг ўтлоғига тушиб кетибди-ю, – деди пахмоқ соқолли қора мужик тойчоқнинг қиров босган, ботқоқ ҳиди анқиб турган ўтлоқда кишнаб, отқулоқларни шатир-шутур босиб дингиллаб келаётганини эшитиб.

– Қара, ҳамма ёқни ўт босиб кетибди, бирон байрам куни хотинларни юбориб, ўтини чоптириш керак, – деди жулдур камзулли ориқ мужик, – бўлмаса, чалғини сийдириб юборади.

Пахмоқ соқолли мужик ҳамон хўжайиннинг гапи ҳақидаги мулоҳазаларини давом эттириб:

– Қўл қўй эмиш-а… Қўл қўйсанг, нақ тириклайин ютиб юборар, – деяр эди.

– Шу-да, – деди кекса мужик.

Улар индамай кетишди. Қаттиқ йўлда кетаётган от туёқларининг дупур-дупуригина эшитиларди, холос.

VIII

Уйга қайтгач Нехлюдов идорада ўзига солиб қўйилган пар тўшакли қалин ўринни кўрди. Ўрин устига бир жуфт пар ёстиқ ва майда гуллар билан қавилган тўқ қизил, букилмас даражада қалин шоҳи кўрпа солинган эди – бу кўрпа, афтидан, бошқарувчи хотинининг сепи эканлиги кўриниб турарди. Бошқарувчи Нехлюдовга тушликдан қолган овқатни таклиф этди, лекин рад жавобини олгач, яхши меҳмон қила олмаганлиги, муносиб кутиб ололмаганлиги учун узр сўраб, Нехлюдовни ёлғиз қолдириб чиқиб кетди.

Деҳқонларнинг ер олишдан бош тортганлиги Нехлюдовни довдиратмади. Кузминскоеда таклифини сўзсиз қабул қилган, беҳад ташаккур билдирган эдилар. Бу ерда эса унга ишончсизлик, ҳатто душманлик кўрсатдилар. Лекин, шунга қарамай, Нехлюдов хушвақт, ўзини хотиржам ҳис этар эди. Контора дим ва ифлос эди. Нехлюдов ҳовлига чиқди. Кейин боққа ўтмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин ўша кеча, қизлар хонасининг деразаси, орқа томондаги пиллапоя эсига тушди-да, жиноий хотиротлар билан булғанган ерларда кезиш кўнглига ёқмади. Нехлюдов яна пиллапояга ўтирди-да, ёш қайин баргларининг илиқ ҳавони тўлдирган қуюқ бўйини ҳидлаб, қорайиб кўринаётган боққа узоқ тикилди, тегирмоннинг шовуллашини, булбулларнинг нағмаларини, пиллапоянинг ёнгинасидаги бутада бир оҳангда сайраётган аллақандай бир қушнинг овозини тинглади. Бошқарувчининг деразасидан кўриниб турган чироқ ўчди, шарқда, омборхонанинг орқа томонида кўтарилиб келаётган ой чироғини ёқди. Ой нури ўт босиб кетган, гуллаган боғни ва хароба ҳолига келган уйни борган сайин яхшироқ ёрита бошлади. Узоқда момақалдироқ гулдуради, осмоннинг учдан бирини қора булутлар қоплади. Булбуллар ва қушлар овози тинди. Тегирмонда шовуллаётган сув шовқини орасида ғозларнинг гагалагани эшитилди, кейин қишлоқда ва бошқарувчининг ҳовлисидаги хўрозлар бирин-кетин қичқира бошлади. Одатда, иссиқ ва момақалдироқли тунларда хўрозлар шунақа эрта қичқирардилар. «Хўрозлар эрта қичқирса кечаларинг гаштли бўлади» деган нақл бор. Нехлюдов учун бу тун жуда гаштли эди. Бу уни қувонтирган, бахтиёр тун эди. Тасаввури унинг кўз ўнгида ўша маъсум йигитлик чоғида ўтказган бахтиёр ёз кунлари таассуротларини жонлантирди ва у ҳозир ўзини ўша вақтдагидек ҳис этди, ҳаётининг энг яхши дақиқаларида қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўзини шундай сезди. У фақат эсладигина эмас, балки, ўзини ўша ўн тўрт яшар ўспиринлик вақтидагидек ҳис этди, у чоқда худодан ҳақиқат юзини очиб бер деб сўраб дуо қилган, болалигида онасининг тиззасида йиғлаган, онаси билан хайрлашар экан, ҳамма вақт меҳрибон бўлишга, иккинчи хафа қилмасликка сўз берган эди, у чоқда Нехлюдов Николенька Иртенев билан бирга бутун умр бир-бирларини қўллаб-қувватлашга, ҳамма одамларни бахтиёр қилиб яшашга сўз берган эди, энди ўзини ўша вақтдагидек ҳис этди.

Нехлюдов Кузминскоеда уй ва ўрмонга, хўжалик ва ерга ачиниб кўнгли зил кетганини эслади. Кейин ўзидан «ачиняпманми?» деб сўради. Ўша вақтда ачингани ўзига жуда ғалати туюлди. Шу бугун кўрганларини: ўзининг (Нехлюдовнинг) ўрмонидаги дарахтни кесгани учун эри қамалиб, болалари билан ёлғиз қолган аёлни ҳамда ўзи каби аҳволда бўлган хотинлар бекларга ўйнаш бўлиши керак деб ҳисобловчи ёхуд шундай деб гапирувчи мудҳиш Матрёна бирин-кетин ёдига туша бошлади; Матренанинг болаларга муносабатини, уларни етимхонага олиб бориб топшириш усулини ва очликдан ўлар ҳолатга етган, эски кийимдаги ориқ, иржайган болани эслади; меҳнат билан ҳориб-чарчаб, оч сигирга кўз-қулоқ бўла олмаганлиги учун Нехлюдовга текинга ишлаб беришга мажбур этилаётган ҳомиладор заиф хотин эсига тушди. Айни шу маҳал қамоқхонани, сочи қириб олинган бошларни, қўланса ҳидни, кишанларни ва ана шулар билан бир қаторда, барча шаҳар ва пойтахтдаги ҳаётни, ўзининг ақлига сиғмас даражадаги ҳашаматли ҳаётини эслади. Ҳаммаси очиқ-равшан, тушунарли эди.

Сарой ортидан тўлиша бошлаган порлоқ ой чиқди, ҳовлида узун-узун соялар пайдо бўлди, вайрон бўлаётган уй томидаги тунука ярқираб кетди.

Жим бўлиб қолган булбул, шу ойдин тунни бекор ўтказиб юборишни лозим кўрмагандек, чахчахлаб сайрай бошлади.

Нехлюдов Кузминскоедалик чоғида бундан кейинги ҳаёти ҳақида бош қотирганини, нима қилмоқ ва нимадан бошламоқ тўғрисида ўйлаб, шу масалаларни ҳал қилолмай фикрининг учини йўқотиб қўйганини эслади. Ахир ҳар бир масала устида озмунча мулоҳазалари бор эдими! У ҳозир ўзига ўша саволларни берди ва ҳаммасининг бу қадар осонлигига ҳайрон қолди. Ҳозир шунинг учун ҳам осон эдики, бу гал у, кейин ҳолим нима кечади деб ўйламасди. Бу масала ҳатто уни қизиқтирмас ҳам эди. Нехлюдов фақат нима қилиш кераклиги тўғрисидагина ўйлар эди. Шуниси қизиқ эдики, ўзи учун нима қилиш кераклигини билмас, бошқалар учун нима қилиш лозимлигини аниқ биларди. Энди у, ерни деҳқонларга бериш зарурлигини биларди, чунки ерни ўз қўлида ушлаб туриш яхши эмас эди. Катюшани ташлаб кетмаслик кераклигини, унга ёрдам бериб, ўз гуноҳини ювиш учун ҳар қандай нарсага тайёр бўлиш кераклигини шубҳасиз биларди. Суд ва жазолаш ишларида бошқалар кўрмаган нарсани кўра олганини ҳис этганлиги туфайли ана шу суд ва жазо ишларини ўрганиши, текшириши, аниқлаб олиши кераклигини аниқ биларди.

Мана шуларнинг оқибати нима бўлишини у билмас эди. Лекин шуларнинг ҳаммасини бажариш шарт эканлигини тушунарди. Мана шу қатъий ишонч унга қувонч бахш этарди.

Қора булутлар осмонни бутунлай ўраб олди. Шафақ ортиқ кўринмай қолди, энди чақмоқ чаққандагина ҳовли ва пиллапояси бузилган, вайрон бўлаётган бино ёришиб кетар эди. Нақ тепада момақалдироқ гулдураб кетди. Барча қушлар тиниб қолди, аммо энди барглар шитирлай бошлади, шамол Нехлюдов ўтирган пиллапояга етиб келиб, унинг сочларини тўзитди. Бир-икки томчи томчилади, кейин қариқиз устига ва тунука томга шатир-шутур ёға бошлади. Ҳаво ёришиб кетди. Нехлюдов учгача санаб улгурмасдан, нақ калласи устида алланарса қарсиллаб, кўк юзида тарқалиб кетди.

Нехлюдов уйга кирди.

«Ҳа, ҳа, – деб ўйларди у, – ҳаётимиз давомида қилинаётган ишларнинг, бутун ишларнинг маъносига тушунолмайман ва тушунишим ҳам мумкин эмас: нега аммаларим яшашди, Николенька Иртенев нега ўлиб кетди-ю, мен ҳаётман? Нега Катюша яшаган? Менинг жиннилигим нечун? Нима учун уруш бўлди? Урушдан кейинги маъносиз бебош ҳаётим-чи? Ана шуларнинг ҳаммасини тушуниш, англаш Эгамнинг иши – буни англаш менинг қўлимдан келмайди. Лекин унинг виждонимга ёзилган иродасини жойига етказмоқ менинг қўлимда, мен буни, шубҳасиз, биламан. Шу ишга киришсам, ўзимни хотиржам ҳис этаман».

Шаррос қуяётган ёмғир томдан шовуллаб ёғоч пақирга оқиб тушарди, чақмоқ ҳовли ва уйни борган сайин камроқ ёрита бошлади. Нехлюдов уйга қайтди, ечиниб, қандала чақишидан хавотирланиб ўринга ётди. Девордаги ифлос қоғозларнинг йиртиқлиги қандала борлигини кўрсатарди.

«Ҳа, ўзингни эга эмас, хизматкор деб ҳис қилиш керак», – деб ўйларди у ва шу фикрига севинарди.

Унинг хавотирланганича бор экан. У шамни ўчириши билан ҳашаротлар аъзойи баданига ёпишиб чиқа бошладилар.

– «Ерни топшириб Сибирга жўнаш керак, – бурга, қандала, ифлослик… на чора, чидамоқ керак экан – ҳаммасига чидайман». Лекин у лафзида туролмади, чидаш беролмади, дераза ёнига ўтириб осмонда югуришаётган булутларни ва яна мўралай бошлаган ойни томоша қила бошлади.

IX

Нехлюдов эрталабга бориб аранг ухлади. Шунинг учун ҳам эртасига кеч уйғонди.

Туш маҳалида бошқарувчи танлаб чақирган етти мужик олмазорга келди. Бу ерда, олма тагида, ерга қозиқ қоқиб ясалган стол билан ўриндиқ бор эди. Шапкаларини ечмай, у ерда тўпланишган деҳқонларни кўндириш анча қийин бўлди. Бугун тоза пайтава ўраб, чипта кавуш кийиб олган собиқ солдат йиртиқ шапкасини «кўмиш маросими» вақтидагидек тўғри тутиб турарди. Деҳқонларнинг бири – Микеланжелонинг7171
  Микеланжело – Италия ҳайкалтароши ва рассоми (1475–1564).


[Закрыть]
Моисей сингари мошкичири соқолли, офтобда қорайган, буғдойранг кенг пешонасини қуюқ жингалак сочлар безаган, барваста бир чол каттакон шапкасини кийиб, хонаки янги камзулининг олдини ёпиб, курсига ўтирган ҳам эди, бошқалар ҳам ўтиришди.

Ҳамма жойлашиб олгач, Нехлюдов уларнинг рўпарасига ўтирди ва лойиҳасининг қисқача мазмуни ёзилган қоғозга тирсагини қўйиб, тушунтира бошлади.

Деҳқонлар оз бўлганигами ёки ўзи тўғрисида ўйламай иш билан овора бўлганиданми, Нехлюдов бу гал сира хижолат чекмади. У ҳар гал жингалак оқ соқолли, барваста чолга беихтиёр мурожаат қилар, унинг маъқуллашини ёки эътироз билдиришини кутарди. Лекин Нехлюдовнинг чол тўғрисидаги тасаввури хато эди. Хушқомат чол маъқуллагандек бошини қимирлатиб қўйса-да ёки бошқалар эътироз билдирганда қовоғини солиб бош чайқаса-да, Нехлюдовнинг гапини яхши тушунмаётгани билиниб турарди. Худди шу гапларни бошқа деҳқонлар ўз тилларида такрорлагандан кейингина тушуниб етарди. Хушқомат чолнинг ёнида ўтирган кичкинагина, бир кўзи кўр, эгнига бели бурма каноп камзул кийган, эски этиги қийшайиб кетган кўса чол Нехлюдовнинг гапига яхшироқ тушунарди. Нехлюдов кейин билса бу чол печкачи экан. Бу одам гапни англаб олиш учун қошини кериб-кериб қўяр, Нехлюдов айтган гапларни дарҳол ўз тили билан бошқаларга тушунтирарди. Ўрта бўйли, чорпаҳилдан келган, оппоқ соқолли чол ҳам ана шундай тез тушуниб оларди. Маъноли кўзлари ялтираб турган бу чол Нехлюдовнинг ҳар бир гапига ҳазиломуз кинояли сўз қистириб кетишга уринар, бу қилиғи билан ўзини кўрсатмоқчи бўларди. Солдатликда мияси заҳарланмаганда, маъносиз солдатча сўзларни такрорлашга ўрганиб қолмаганда эди, собиқ солдат ҳам бу гапларга тушуниб етган бўларди. Озода, хонаки кўйлак билан янги чипта кавуш кийган, дўриллаган йўғон овоз билан гапираётган узун бурун калта соқол, новча кишигина ишга ҳаммадан жиддий қарарди. Бу одам ҳамма нарсага тушунар, фақат зарур бўлгандагина гапирарди. Қолган икки чол – кеча йиғинда Нехлюдовнинг ҳамма гапига зўр бериб қарши чиқаётган тишсиз чол билан, оппоқдан келган, қоқшол оёғига оқ пайтавани сиқиб ўраб, узун қўнжли этик кийган хушфеъл, новча, оқсоқ чол Нехлюдовнинг гапини диққат билан тинглаётган бўлсалар-да, миқ этмай ўтиришарди.

Нехлюдов дастлаб ўзининг ер-мулкка бўлган фикрини баён этди.

– Менимча, ерни, – деди у, – сотиш ҳам мумкин эмас, олиш ҳам мумкин эмас. Нега деганда, агар сотиш мумкин бўлса, пули борлар ернинг ҳаммасини сотиб олиб қўядилар-да, ердан фойдаланганлари учун ерсизлардан истаганларича ҳақ оладилар. Ҳатто ерда юрганлари учун ҳам пул оладилар, – деб қўшиб қўйди у Спенсер далилларидан бирини келтириб.

– Бир йўл қолади, у ҳам бўлса қанот бойлаб учиш, – деди кўзлари кулиб турган оқ соқол чол.

– Рост айтади, – деди узун бурун деҳқон дўриллаган овоз билан.

– Худди шундай, – деди собиқ солдат.

– Бир аёл сигирига озгина ўт юлган экан, тутиб олиб қамаб қўйишди, – деди хушфеъл оқсоқ чол.

– Ерларимиз беш чақирим узоқда, яқинроқдан ижарага олайлик десак, баҳоси шундай баландки, қурбимиз етмайди, бир амаллаб олганимиздаям ўрнини қоплай олмаймиз – бизни баршчина вақтидагидан ҳам баттар қийнашяпти, арқон қилиб эшишяпти.

– Менинг фикрим ҳам худди шундай, – деди Нехлюдов, – ерга эга бўлишликни гуноҳ деб биламан. Шунинг учун ҳам ерларимни сизларга бермоқчиман.

Соқоли Моисейникидақа жингалак бўлган чол, ерни Нехлюдов ижарага бермоқчи шекилли деб ўйлаб:

– Дуруст, корихайр, – деб қўйди.

– Мен шунинг учун ҳам келдим: ортиқ ер эгаси бўлишни истамайман; энди ерни қандай қилиб топшириш тўғрисида ўйлаб кўриш керак.

– Мужикларга бер-қўй, – деди тиши тушган жаҳлдор чол.

Нехлюдов бошда бу сўзларни эшитиб, мужиклар таклифимнинг самимийлигига шубҳаланяпти, деб хижолат ҳам бўлди. Лекин шу замоноқ ўзини тутиб олиб, айтмоқчи бўлган гапларини айтиш учун шу мулоҳазадан фойдаланди.

– Жоним билан берар эдимку-я, – деди у, – лекин кимга бериш, қандай қилиб бериш керак? Қайси мужикларга? Нега сизларнинг жамоангизга бериш керагу, Деминскдагиларга бермаслик лозим? (Деминск қишлоғидаги мужикларнинг ери оз эди).

Ҳеч ким индамади. Фақат собиқ солдат:

– Худди шундай, – деб қўйди.

– Хўш, қани менга айтинглар-чи, – деди Нехлюдов, – агар подшо помешчикларнинг ерини тортиб олиб, деҳқонларга бўлиб берилсин деса…

– Шунақа овоза борми? – деб сўради ўша чол.

– Йўқ, подшодан ҳеч қандай топшириқ йўқ. Мен, шунчаки, ўзим айтяпман: агар подшо помешчикларнинг ери тортиб олиниб, мужикларга берилсин деса, нима қилган бўлардингиз?

– Нима қилар эдикми? Ҳар оилада нечата жон бўлса (хоҳ мужик бўлсин, хоҳ бек), баравар тақсимлардик, – деди печкачи қошини гоҳ кериб, гоҳ чимириб.

– Бўлмасам-чи? Жон бошига қараб бўлинади-да, – деб тасдиқлади оқ пайтава ўраган, хушфеъл оқсоқ чол.

Бу қарорни қаноатланарли топиб, ҳамма бир оғиздан тасдиқлади.

– Қанақасига жон бошига? – деб сўради Нехлюдов. – Бек хизматкорларига ҳам бериладими?

– Йўқ, тақсир, – деди собиқ солдат ўзини хушчақчақ ва бардам қилиб кўрсатишга уриниб.

Аммо бамаъни новча деҳқон унга эътироз билдирди. У бир оз ўйлангандан кейин:

– Бўлинадиган бўлса – ҳаммага баравар бўлинсин, – деди дўриллаб.

– Мумкин эмас, – деди Нехлюдов олдиндан тайёрлаб қўйган эътирозини билдириб. – Агар ҳаммага баравар тақсимланса, ўзи ҳайдаб, ўзи экмайдиганларнинг ҳаммаси – хўжайинлар, қароллар, ошпазлар, амалдорлар, котиблар, барча шаҳарликлар ўз ҳиссаларини олиб бойларга сотишади. Яна бойларнинг ери кўпаяди. Ўз ерида ишлаганларнинг бола-чақаси кўпаяди. Ер эса улашиб бўлинган. Бойлар ерга муҳтожларни яна ўзига қарам қилиб олади.

– Худди шундай, – шошиб тасдиқлади солдат.

Печкачи солдатнинг гапини жаҳл билан бўлди:

– Ер сотишни тақиқлаш керак, ҳамма ўзи ҳайдаб, ўзи эксин, – деди.

Нехлюдов, одамлар ўзиникини ҳайдаяптими ёки бировникини ҳайдаяптими, билиб бўлмайди, деб эътироз билдирди.

Шунда новча, бамаъни мужик артель бўлиб ер ҳайдашни таклиф этди.

– Кимки ер ҳайдаса, экса – шунга берилса-ю, кимки ҳайдамаса – берилмаса, – деди у кескин йўғон товуш билан.

Нехлюдовда бундай лойиҳага қарши ҳам далиллар тайёр эди. Нехлюдов артель бўлиб ер ҳайдаш учун ҳамманинг омочи, отлари бир хилда бўлиши кераклигини, бири-биридан кам бўлмаслигини ёки ҳамма нарса – отлар ҳам, сўқалар ҳам, моллар ҳам, бутун хўжалик умумий бўлиши кераклигини айтиб эътироз билдирди, буларни бир жойга тўплаб жам қилиш учун эса одамларнинг ҳаммаси рози бўлиши лозимлигини уқдирди.

– Бизнинг одамларнинг икки дунёда ҳам бошини бир ерга қовуштириб бўлмайди, – деди жаҳлдор чол.

Кўзи кулиб турган оқсоқол чол:

– Қирпичоқ бўлишади, – деди, – хотин-халажлар бир-бирининг кўзини ўйиб олади.

– Ундан ташқари, ерни сифатига қараб қандай тақсим қиламиз, – деди Нехлюдов. – Бировга қора тупроқ, бошқа бировга қумлоқ ер тўғри келиб қолиши мумкин.

– Ҳаммага улуш-улуш қилиб баравар ер бериш-қўйиш-да, – деди печкачи.

Нехлюдов бунга, гап бир жамоада эмас, умуман, турли губернияларда ер тақсим қилиш устида кетаётганини айтиб, эътироз билдирди. Ер деҳқонларга текинга бериладиган бўлса, нега энди бирига яхши ер тегиб, бошқасига ёмон ер тегиши керак? Ҳамманинг ҳам яхши ердан олгиси келади.

– Худди шундай, – деди солдат.

Бошқалар чурқ этмас эди.

– Бу масала, биз ўйлагандек осон эмас, – деди Нехлюдов. – Бу ҳақда фақат бизларгина эмас, кўп одам бош қотиради. Жорж деган бир америкалик бор, ўша мана шундай бир нарсани ўйлаб чиқарибди. Мен ҳам унинг фикрига қўшиламан.

– Ер сеники бўлгандан кейин билганингни қил. Нима қилмоқчисан? Ихтиёр ўзингда, – деди жаҳлдор чол.

Сўзининг бўлиниши Нехлюдовнинг кўнглини хижил қилди, лекин сўзининг кесилишидан бошқалар ҳам норизо бўлганини сезиб мамнун бўлди.

– Шошмай туринг, Семён амаки, аввал гапириб бўлсин, – деди бамаъни чол йўғон овоз билан.

Бу сўзлар Нехлюдовга далда берди. У мужикларга Генри Жоржнинг ягона солиқ ҳақидаги лойиҳасини тушунтира бошлади.

– Ер ҳеч кимники эмас, худоники, – деб гап бошлади у.

– Рост. Худди шундай, – деган бир неча овоз эшитилди.

– Бутун ер – умумий. Ерга ҳамманинг ҳуқуқи баравар. Лекин яхши ер бор, ёмон ер бор. Ҳаммаям яхши ер олгиси келади. Ҳаммани баравар қилиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун яхши ерга эга бўлганлар, ери йўқларга ўша ерининг баҳосини тўлаши керак, – деб ўз сўзига ўзи жавоб берди Нехлюдов. – Ким кимга ҳақ тўлаши кераклигини белгилаш қийин бўлгани ҳамда жамоат эҳтиёжи учун пул тўплаш керак бўлгани учун шундай қилиш керакки, ер олганлар жамоанинг ҳар хил эҳтиёжи учун ернинг баҳосини тўлаб турсин. Шунда ҳаммага тенг бўлади. Ер олмоқчи бўлсанг – яхши ерга кўп ҳақ тўлайсан, ёмон ерга оз тўлайсан. Ер олишни истамасанг, ҳеч нарса тўламайсан, жамоа эҳтиёжи учун сенинг ўрнингга ер олганлар пул тўлайди.

– Жуда тўғри, – деди печкачи қошини кериб, – кимнинг ери яхши бўлса, шу кўп пул тўлайди.

– Жоржа деганинг хўпам мияли эканми, – деди жингалак соч, хушқомат чол.

Новча чол гап нимага бориб тақалаётганини ҳис қилди шекилли:

– Ишқилиб, баҳолари қурбимиз етадиган бўлсин-да, – деди йўғон товуш билан.

– Баҳо қиммат ҳам бўлмаслиги керак, арзон ҳам бўлмаслиги керак… Агар қиммат бўлса, тўлаша олмайди, зарар кўришади. Агар арзон бўлса, ҳамма бир-бирининг ерини сотиб олади, ер олди-сотди бўлиб қолади. Мен худди ана шундай қилмоқчи эдим.

– Тўғри, жуда тўғри. Чакки эмас, – дейишарди мужиклар.

– Хўп мияли экан-да, – деб такрорлади жингалак соч, барваста чол. – Оббо Жоржа-эй! Топганини қаранг-а.

– Агар мен ҳам ер олмоқчи бўлсам-чи? – деди бошқарувчи илжайиб.

– Агар бўш ер бўлса олинг, ишланг, – деди Нехлюдов.

– Ерни нима қиласан? Ер бўлмасаям тўқсан-ку, – деди кўзи кулиб турган чол.

Шу билан кенгаш тугади.

Нехлюдов таклифини яна такрорлади-ю, лекин ҳозирнинг ўзида жавоб беришларини талаб қилмади. Аввал жамоат билан маслаҳатлашиб, кейин келиб хабарини беришларини сўради.

Мужиклар жамоат билан маслаҳатлашиб жавоб беражакларини айтишди-да, ҳаяжонга тушиб хайрлашишди. Йўлда анча маҳалгача уларнинг тобора узоқлашаётган баланд товушлари эшитилиб турди. То қоронғи кечгача қишлоқ томондан, сой бўйидан уларнинг ғўнғир-ғўнғир овозлари эшитилиб турди.


Эртасига мужиклар ишлашмади, князнинг таклифларини муҳокама қилиш билан овора бўлишди. Жамоат икки гуруҳга бўлинди: бир томон князнинг таклифини фойдали ва хавфсиз ҳисоблар эди, иккинчи томон эса бунда бир ҳийла бор деб ҳисоблар, бу ҳийла нимадан иборатлигини тушуниб ета олмагани учун ҳам, ундан, айниқса, қўрқар эди. Аммо шунга қарамай, индинига таклиф этилган шартларга ҳамма рози бўлди, жамоанинг қарорини билдириш учун Нехлюдовнинг олдига келишди. Уларнинг бундай розилик беришларига бир кампирнинг айтган гаплари сабаб бўлган эди. Кампирнинг айтишича, бек энди нариги дунёни ўйлай бошлаган, шунинг учун ҳам унинг бу ишида ҳийла бор деб хавфсирамаса ҳам бўлади. Чоллар унинг фикрига қўшилишди. Нехлюдовнинг Паново қишлоғидалик пайтида катта-катта пул садақа қилгани ҳам кампирнинг бу гапини тасдиқларди. Нехлюдов деҳқонларнинг нақадар оғир ҳаёт кечираётганлари, қашшоқликка тушиб қолганини мана шу ерда биринчи бор очиқ-ойдин кўргани учун ҳам хайр-садақа бера бошлаган эди. Бу қашшоқликни кўриб ларзага келган Нехлюдов гарчи, садақа қилишнинг фойдаси йўқлигини билса-да, эндиликда айниқса кўпайиб қолган пулларини улашмасдан тура олмас эди. Ўтган йили Кузминскоеда сотилган ўрмон билан сотилган асбоб-анжомлар устидан олган пули йиғилиб қолган эди.

Князнинг хайр сўраганларга пул бераётганини эшитиб, одамлар, аксари хотин-халажлар теварак-атроф даги қишлоқлардан ёрдам сўрамоққа гала-гала бўлиб кела бошладилар. Нехлюдов уларни нима қилишини, кимга қанча бериш масаласини қандай ҳал этишни билмас эди. У қўлида пули кўп бўла туриб, сўраган камбағал-бечораларга пул бермаслик мумкин эмаслигини ҳис қиларди. Хайр сўраб келувчи тасодифий кишиларга бераверишнинг эса маъноси йўқ эди. Бу аҳволдан қутулишнинг бирдан бир йўли – жўнаб кетиш эди. Нехлюдов дарҳол жўнаб кетишга жазм қилди.

Пановодан кетадиган куни Нехлюдов уйга кирди-да, қолган буюмларни йиғиштира бошлади. Нарсаларни йиғиштираётиб аммасининг қимматбаҳо ёғочдан ясалган, қуббали, шер каллаларига зарҳал ҳалқа ўтқазилган эски шифоньерининг пастки ғаладонидан жуда кўп хатлар ва улар орасидан бир сурат топиб олди. Софья Ивановна, Марья Ивановна, талабалик чоғидаги ўзи ва соф, навқирон, гўзал, хушчақчақ Катюша бирга суратга тушишган эди. Уйдаги нарсалар ичидан Нехлюдов фақат хатларни ва шу суратни олди. Қолган нарсаларнинг ҳаммасини – уйни ва мебелларни бошқарувчининг воситасида бир тегирмончи ўндан бир баҳосига сотиб олган эди, буларнинг ҳаммасини тегирмончига қолдириб кетди.

Энди Нехлюдов Кузминскоедалик чоғида ер-мулкдан айрилаётганига ачинганини эслаб, ўшанда бу қадар ачинганига ҳайрон қоларди; ҳозир у озодликка чиққандек суюнар, янги ерларни кашф этган сайёҳ сингари янгиликни сезиш ҳиссига берилар эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации