Текст книги "Тирилиш"
Автор книги: Лев Толстой
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 40 страниц)
XXXIV
Нехлюдов судга келиши биланоқ, йўлакда кечаги суд приставини учратди-да, суд бўлиб, кесилган маҳбуслар қаерда эканини, улар билан учрашув учун кимдан рухсат олиш мумкинлигини сўради. Суд пристави маҳбуслар бошқа-бошқа ерда туришини, қатъий ҳукм эълон қилингунча улар билан учрашув прокурорга боғлиқ эканлигини гапириб берди.
– Ўзим айтаман сизга, суд мажлисидан кейин ўзим обориб қўяман. Прокурор ҳали келганича йўқ. Ҳозирча марҳамат қилиб судга киринг. Бошланиб қолади.
Нехлюдов, бугун кўзига айниқса аянч бўлиб кўринган приставга, қилган илтифоти учун миннатдорчилик билдириб, маслаҳатчилар хонаси томон юрди.
Нехлюдов эшикка етай деганда, ичкаридан маслаҳатчилар чиқиб қолишди. Улар мажлислар залига кирмоқчи эканлар. Савдогар худди кечагидек қувноқ, худди кечагидек ширакайф эди. У Нехлюдовни худди қадрдон дўстдек кутиб олди. Петр Герасимовичнинг бетакаллуфлиги ва қаҳ-қаҳлаб кулиши ҳам бугун Нехлюдовнинг ғашига тегмас эди.
Нехлюдов кечаги судланувчи хотинга бўлган муносабатини маслаҳатчиларнинг ҳаммасига айтишни хоҳларди. «Аслида, – деб ўйларди у, – кеча суд вақтида ўрнимдан туриб бутун гуноҳимни очиқ айтишим керак эди». Лекин маслаҳатчилар билан бошлашиб мажлислар залига киргач, худди кечагидек яна «суд келяпти» дейилгандан кейин ёқа тутган уч киши баланд жойга чиқди, яна жимлик чўкди, маслаҳатчилар суянчиғи баланд стулга ўтиришди, жандармлар, портрет, поп – хуллас, кечаги маросим бошлангач, у кўнглига келган нарсани амалга ошириш керак бўлса-да, кеча бу тантанали маросимни буза олмаслигини ҳис этди.
Судга ҳозирлик кўриш (маслаҳатчиларни қасамёд эттириш ва раиснинг уларга мурожаат қилиб гапирган нутқидан ташқари) худди кечаги тарзда ўтди.
Бугун кўриладиган иш: қулфни бузиб кириб ўғирлик қилиш тўғрисида эди. Қилич яланғочлаган икки жандарм қўриқлаган судланувчи кулранг халат кийган, ранги бўздек оқариб кетган, ориқ, йигирма яшар кифти тор йигит эди. У қора курсида ёлғиз ўтирар, кириб келаётганларни ер тагидан кузатарди. Йигит ўртоғи билан омбор қулфини бузиб кириб, уч сўм олтмиш етти тийинлик эски палосни ўғирлашда айбланар эди. Айбномада кўрсатилишича, йигит палосни елкасига ташлаб олган шериги билан кетаётганда миршаб тўхтатган. Йигит ҳам, шериги ҳам дарҳол айбини бўйнига олган ва иккови ҳам қамоққа олинган. Йигитнинг шериги, чилангар йигит қамоқда ўлган. Шундай қилиб йигит, ёлғиз суд қилинмоқда эди. Эски палос далиллар столида ётарди.
Иш худди кечаги тартибда ўтди, бир дунё далиллар рўкач қилинди, гувоҳлар чақирилди, уларни қасамёд қилдиришди, сўроқ, эксперт ва чап-ростига сўроққа тутиш бошланди. Гувоҳ миршаб раиснинг, қораловчи ва оқловчининг саволларига бир хилда: «худди шундай», «билолмадим» ва яна «худди шундай», деб суст жавоб қайтарарди. Лекин унинг ўтакетган овсарлиги ва ихтиёрсиз бўлиб қолганига қарамай, йигитга ачинаётгани, уни қўлга туширгани ҳақида ўлганининг кунидан сўзлаётгани сезилиб турарди.
Иккинчи гувоҳ, уй хўжаси, ўша палоснинг эгаси, серзардагина чолдан, шу палос сизникими деб сўрашганда, истар-истамас тан олди; прокурор ундан бу палосни нима қилмоқчи эканлигини, унга жуда зарур ёки зарур эмаслигини сўрай бошлаганда, унинг зардаси қайнаб:
– Палос бўлмай номи ўчсин, тариқча ҳам кераги йўқ менга, – деб жавоб берди. – Бу зормандани деб бошимни шунча қотиришларини билганимда, қидириш у ёқда турсин, сўроққа судраб юришмасин деб бир сўлкавойни, бир эмас, икки сўлкавойни ёнимдан тўлаган бўлардим. Извошнинг ўзига беш сўмча пул кетди. Кошки ўзим соғ бўлсам, чуррам тушган, бунинг устига бодим бор.
Гувоҳларнинг ҳам гапи шу эди. Айбланувчи эса, ҳамма айбини бўйнига олар, қўлга тушган ёввойи ҳайвон боласидек тўрт тарафга олазарак бўлар, тутила-тутила бўлган воқеани оқизмай-томизмай ҳикоя қиларди.
Воқеа равшан эди, аммо прокурор ёрдамчиси, худди кечагидек, елкасини кўтариб ҳийлакор жиноятчини илинтирадиган нозик саволлар берарди.
У ўз сўзида қулфни синдириб, бировнинг уйига кириб ўғирлик қилинганлигини, бола энг оғир жазога сазоворлигини исбот қиларди.
Суд томонидан белгиланган оқловчи эса ўғирлик турар жойда содир бўлмаганлигини ва шу сабабли, жиноятни инкор қилиб бўлмаса-да, ҳар ҳолда, бу жиноят жамият учун, прокурор таъкидлаб ўтган даражада, хавфли эмаслигини исбот қиларди.
Раис худди кечагидек ўзини холис ва одил қилиб кўрсатиб, маслаҳатчилар жуда яхши билган, билмаслиги мумкин бўлмаган нарсаларни батафсил тушунтира бошлади. Худди кечаги сингари танаффус бўлиб турар, чекишар, суд пристави худди кечагидек ирғиб туриб: «Суд келяпти» деб қичқирар, икки жандарм яланғочланган қиличи билан жинояткорга даҳшат солиб, ухлашдан ўзларини тийиб ўтиришарди.
Иш жараёнида маълум бўлишича, бу йигитнинг отаси болалик чоғидаёқ уни тамаки фабрикасига югурдакликка берган, бола у ерда беш йил яшаган. Бу йил хўжайини билан ишчилар орасида бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеадан кейин хўжайин уни бўшатиб юборган ва ишсиз қолган йигит бор-йўғини сотиб-совуриб ичкиликбозлик қилиб шаҳарда ишсиз юрган. Қовоқхонадан худди ўзига ўхшаш, ўзидан ҳам аввал ишсиз қолган, кўп ичадиган чилангар билан топишган, ғирт маст ҳолда иккови кечаси қулфни бузиб омборга киришган ва биринчи дуч келган нарсани олиб чиқишган. Уларни тутиб олишган. Иккови айбига иқрор бўлган. Уларни қамоққа солишган. Чилангар йигит суд бўлмасдан ўлиб қолган. Эндиликда йигитни хавфли шахс сифатида, ундан жамиятни халос қилиш мақсадида суд қилишарди.
«Бу ҳам худди кечаги жиноятчи жувондака хавфли шахс-да, – деб ўйларди Нехлюдов кўз ўнгида бўлаётган гапларга қулоқ соларкан. – Улар хавфли-ю, биз хавфли эмасмизми?.. Мен – бузуқман, фоҳиш, алдамчиман. Менинг шунақалигимни кўра-била туриб мендан нафратланиш у ёқда турсин, қайтага ҳурмат қилишади, ҳаммамиз шунақа эмасми? Аммо бу бола, жамият учун, шу залда ўтирган одамларнинг ҳаммасидан ҳам хавфли бўлса, қўлга тушган тақдирда, нафсиламр уни нима қилиш керак эди?
Бу бола қандайдир бир бошқача ёвуз эмасдир ахир, унинг оддийгина одам эканлигини ҳамма ҳам кўриб турибди-ку. У худди ана шундай одамларни етиштирадиган муҳитда яшагани учунгина жинояткор бўлган ахир. Мана шундай болалар бўлмаслиги учун эса, бундай бахтсиз зотларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўладиган шароитларни йўқ этишга ҳаракат қилиш лозимлиги аниқ-равшан кўриниб турибди-ку.
Биз бўлсак нима қиляпмиз? Биз бунақа йигитларнинг мингларчаси қўлга тушмай четда қолиб кетаётганини билатуриб, ана шундай қўққисдан қўлга тушиб қолган биттасига маҳкам ёпишиб олиб, турмада унинг умрини бекорга ёки бемаъни меҳнат билан ўтказамиз, худди ўзи сингари адашиб, ҳолдан тойган одамлар билан бирга қамаймиз, кейин давлат ҳисобига энг ярамас одамлар қатори Москвадан Иркутск губерниясига сургун қиламиз.
Шундай одамларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган шароитни йўқотиш учун ҳаракат қилиш ўрнига бундайларни етиштирадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаймиз ҳам. Булар: фабрика ва заводлар, устахоналар, қовоқхоналар, фоҳишахоналардир. Биз бундай жойларни йўқ қилиш у ёқда турсин, уларни зарур деб ҳисоблаб қўллаб-қувватлаймиз, тартибга соламиз».
Нехлюдов полковник ёнидаги курсида ўтириб, оқловчи, прокурор ва раиснинг турли оҳангда гапираётган гапини тинглар, виқор билан қўлларини пахса қилиб маъқуллатишларини кузатар экан, биттани эмас, миллионлаб одамларни шу тахлитда тарбиялаймиз-да, биттасини тутиб олиб, ўзимизча бир иш қилдик, уни Москвадан Иркутск губерниясига жўнатиб юбориб ўзимизни хавф-хатардан халос қилдик, энди биздан ҳеч нарса талаб қилмаса ҳам бўлади, деб ўйлаб юрамиз, – деб ўйларди бениҳоя зийраклик билан. Нехлюдов бу баҳайбат зални, бу портретларни, қандилларни, курсиларни, мундирларни, бу қалин деворларни, деразаларни бир-бир кўздан кечирар экан, бу бинонинг нақадар катталигини, бу маҳкаманинг эса ундан ҳам салмоқдорлигини, фақат бу ердагина эмас, балки бутун Россияда ҳеч кимга кераги бўлмаган кулгили нарсалар учун мояна оладиган амалдорлар, мирзолар, қоровуллар, чопарлар армияси нақадар кўплигини эслаб: – Мана шу мунофиқликка озмунча куч, озмунча маблағ сарф бўладими ахир, – деб ўйлади. – Шунга кетаётган кучимизнинг юздан бир ҳиссасини биз ўз кайф-сафоли ҳаётимизни таъмин этадиган мана шу хўрланган бечораларга ёрдам учун сарф қилганимизда, нималар бўлмас эди. Ахир, – деб ўйларди Нехлюдов така-пука бўлган боланинг заъфарон юзига қараб, – йўқчиликдан уни қишлоқдан шаҳарга юбораётган пайтда биронта раҳмдил одам топилганда эди ёки бўлмасам у шаҳарга келгандан кейин ҳам, фабрикада ўн икки соатлаб ишлаб чиққач, ўзидан катта кишилар орқасидан қовоқхонага эргашиб бораётганида: «Борма, Ваня, яхши эмас», – дейдиган одам топилганда, бола бормас ва ножўя иш қилмас эди.
Бола бечора шаҳарда ёввойи ҳайвон боласидек довдираб яшаган, битлаб кетмаслик учун сочини қирдириб, усталарининг бозорини қилиб бериб юрган, шунча йил давомида унга раҳм-шафқат қиладиган биронта одам топилмаган; аксинча, шаҳарга келганидан бери усталаридан, ўртоқларидан, кимки алдаб кетса, ичса, бировни сўкса, кимки бировни калтакласа, фоҳишлик қилса – шу мард одам деган гапдан бошқани эшитмаган.
У бемор бўлиб қолгач, оғир меҳнат, пиянисталик, фоҳишлик туфайли ишдан чиқиб қолгач, эси оғиб беҳудадан-беҳуда шаҳарда санғиб, аҳмоқлик қилиб, қандайдир бир омборга кириб, ҳеч кимга кераги йўқ палосни ўғирлаб чиққанидан кейин эса биз, давлатманд, ўқимишли кишилар, болани мана шу аҳволга туширган сабабларни йўқотиш ўрнига, болани ҳалок қилиш йўли билан ишни тўғриламоқчи бўламиз.
Нақадар даҳшат! Бу қаттиққўлликми ё бемаъниликми, билмайсан киши. Иккови ҳам ҳаддан ташқари ошиб кетган кўринади.
Нехлюдов энди, кўз ўнгида бўлиб ўтаётган нарсаларга ортиқ қулоқ солмай, ана шуларни ўйларди. Борган сайин очилаётган бу ҳақиқат уни даҳшатга соларди. У шуларни олдин нега пайқамаганига, бошқалар нега кўра олмасликларига ҳайрон бўларди.
XXXV
Биринчи танаффус бошланиши биланоқ Нехлюдов ўрнидан турди-да, судга қайтиб кирмасликка қасд қилиб, йўлакка чиқди. Уни нима қилишса қилишсинки, лекин бу қадар ярамас ва номаъқулчиликда ортиқ иштирок эта олмайди.
Нехлюдов прокурорнинг кабинети қайсилигини билиб олиб ўша ёққа борди. Курьер прокурорнинг ҳозир банд эканлигини айтиб, Нехлюдовни киргизишни истамади. Аммо Нехлюдов, унинг гапига итоат қилиб ўтирмай, эшик томон юрди ва рўпарасидан чиққан чиновникка ўзининг маслаҳатчи эканлигини, прокурорга жуда зарур иши борлигини айтиб, кириб хабар беришни илтимос қилди. Князлик унвони ва кийимининг яхшилиги Нехлюдовга қўл келди. Чиновник прокурорга хабар қилди, шундай қилиб, Нехлюдовни киргизиб юборишди. Прокурор Нехлюдовнинг ўзи билан учрашувини қаттиқ туриб талаб қилганидан норизо бўлган шекилли, уни тик турган ҳолда қабул қилди.
– Хўш, хизмат? – деди прокурор жиддий.
Нехлюдов, ҳозирги хатти-ҳаракати ўзининг бутун ҳаёт-мамотини ҳал этишга қодир эканини ҳис этиб, қизара-қизара:
– Мен маслаҳатчиман, фамилиям Нехлюдов, судланувчи Масловани кўришим зарур эди, – деди шошиб-пишиб шартта.
Прокурор калта қилиб қирқилган сочларига оқ оралай бошлаган, йилтиллаб турувчи ўйноқи кўзли, қуюқ соқолли, қуйи жағи катта, ўрта бўйли, қорачадан келган киши эди.
– Маслова дейсизми? Ҳа, танийман, танийман. Заҳарлашда айбланган, – деди прокурор хотиржам. – Нега уни кўрмоқчисиз? – Кейин саволини бирмунча юмшатмоқчи бўлди шекилли: – Сабабини билмасдан туриб сизга ижозат бера олмайман, – деб қўшиб қўйди.
– Мен учун жуда муҳим бир иш юзасидан учрашишим зарур, – жавоб қайтарди Нехлюдов қип-қизариб.
– Ҳм, – деди прокурор бошини кўтариб Нехлюдовни синчиклаб кўздан кечириб. – Иши кўрилганми ё ҳали кўрилгани йўқми?
– Кеча суди бўлди, ноҳақдан-ноҳақ тўрт йил каторгага ҳукм қилинди. Заррача гуноҳи йўқ.
– Ҳм. Агар кечагина суд бўлган бўлса, – деди прокурор Нехлюдовнинг, Маслованинг бегуноҳлиги ҳақидаги сўзига парво қилмай, – ҳукм узил-кесил эълон этилгунча дастлабки қамоқ уйида сақланиши лозим. У ерда фақат маълум кунларда кўришиш мумкин. Ўша ердагиларга мурожаат қилишингиз керак.
Нехлюдов қатъий дақиқаларнинг яқинлашиб қолганини ҳис этиб:
– Ахир, мен уни мумкин қадар тезроқ кўришим керак, – деди. Унинг қуйи жағи титраб кетди.
– Нега энди албатта учрашмоқчисиз? – деб сўради прокурор безовталаниб, қошини кериб қўйиб.
– Негаки, у бегуноҳдан-бегуноҳ каторгага ҳукм этилиб кетди. Асли ҳаммасига мен гуноҳкор, – деди Нехлюдов овози қалтираб, шу билан бир қаторда у айтиш лозим бўлмаган нарсани айтиб қўйганини ҳис этиб.
– Қандай қилиб? – деб сўради прокурор.
– Чунки мен уни йўлдан оздирдим, унинг шу аҳволга тушишига сабаб бўлдим. Агар мен уни шу кўйларга солмаганимда эди, унинг бўйнига бунақа айблар қўйилмаган бўлар эди.
– Лекин барибир бунинг учрашувга нима дахли борлигини тушунмаяпман.
– Дахли шундаки, мен у билан изма-из кетмоқчиман, кейин… унга уйланмоқчиман, – деди Нехлюдов. Шу ҳақда гап очиши биланоқ ҳар вақтдагидек кўзи жиққа ёшга тўлди.
– А? Шундай денг! – деди прокурор. – Бу ҳақиқатан ҳам фавқулодда ҳодиса. Янглишмасам, сиз Краснопер Земствосининг аъзосисиз-а? – деб сўради прокурор ҳозир ана шунақа ғалати бир нарсани ихтиёр қилган бу Нехлюдов ҳақида илгарилари ҳам эшитганини эслагандай бўлиб.
– Кечирасиз, менингча бу нарсанинг илтимосимга алоқаси бўлмаса керак, – деди қип-қизариб кетган Нехлюдов аччиқ билан.
Прокурор ҳеч тап тортмай:
– А-албатта, албатта, – деди сал жилмайиб, – фақат сиз шундай ғайриоддий нарсага ихтиёр билдиряпсизки, истагингиз урф-одатдан шу қадар йироқки…
– Айтинг-чи, менга ижозат бериладими?
– Ижозат? Ҳа, мен ҳозир пропуск ёзиб бераман. Бир оз ўтира туринг.
Прокурор стол ёнига бориб, ўтириб ёза бошлади.
– Марҳамат, ўтира туринг.
Нехлюдов ҳамон тик турарди.
Прокурор пропускни ёзиб бўлгач, Нехлюдовни мароқ билан кузатар экан, унга қоғозни узатди.
– Яна шуни ҳам айтиб қўйишим лозимки, – деди Нехлюдов, – мен ортиқ сессияда иштирок эта олмайман.
– Ўзингизга маълумки, бунинг учун судга узрли сабаблар кўрсатиш керак.
– Сабаби шуки, мен ҳар қанақа судни фақат бефойдагина эмас, балки ғайриахлоқий нарса деб биламан.
– Ҳм, – деди прокурор ҳамон боягидай сезилар-сезилмас жилмайиб. Бу табассум билан у, бундай гаплар менга маълум, кулгили нарса демоқчи эди. – Ҳм, аммо мен суд прокурори бўлганим учун сизнинг гапингизга қўшила олмаслигимни тушунсангиз керак. Шу сабабли бу ҳақда судга маълум қилишингизни маслаҳат кўраман. Суд арзингизни узрли ёки узрсиз деб топади, мабодо, узрсиз деб ҳисоблагудек бўлса, чорангизни кўради. Судга мурожаат қилинг.
– Мен арзимни айтдим, ортиқ ҳеч қаерга бормайман, – деди Нехлюдов жаҳл билан.
Бу ғалати одамдан тезроқ қутулмоқчи бўлди шекилли:
– Хўп бўлмасам, – деди прокурор бошини энгаштириб.
– Бу ким эди ўзи? – деб сўради суд аъзоси Нехлюдов чиқиб кетиши билан прокурор кабинетига кираётиб.
– Нехлюдов, танийсиз, Краснопер уездида, Земствода у бир неча бор ғалати масалалар қўйган эди. Буни қаранг, у маслаҳатчи, судланувчилар орасида каторгага ҳукм этилган қизми, хотинми бор экан. Айтишича, бир вақтлар уни алдаб ташлаб кетган экан, энди келиб-келиб ўшанга уйланмоқчи.
– Йўғ-е?
– Менга ўзи айтди… ўзиям ҳовлиққан, ҳаяжонланган.
– Ҳозирги ёш-яланглар шунақа тентакнамо ўзи.
– Ўзи у қадар ёш ҳам эмас.
– Анави машҳур Ивашенковингиз ҳам жонимга тегиб кетди. Гапира-гапира тинка-мадоримни қуритиб юборди.
– Бунақаларни тўғридан-тўғри тўхтатиш керак, қип-қизил ишбузармонлар шулар-да…
XXXVI
Прокурорнинг ёнидан чиқиб, Нехлюдов тўғри дастлабки қамоқ уйига жўнади. Лекин у ерда ҳеч қанақа Маслова йўқ экан, мутасадди Нехлюдовга, у балки, эски жўнатиш турмасида бўлса керак деб тушунтирди. Нехлюдов ўша ёққа йўл олди.
Ҳақиқатан ҳам Екатерина Маслова ўша ерда эди. Бундан олти ой муқаддам жандармлар томонидан, бир сиёсий иш кўтарилиб, ҳаддан ташқари бўрттириб юборилган, дастлабки қамоқ уйларидаги барча ўринлар талабалар, врачлар, ишчилар, курсисткалар, ва фельдшер аёллар билан тўлиб кетганини прокурор унутган эди.
Дастлабки қамоқ уйидан жўнатиш турмасининг ораси анча узоқ бўлиб, Нехлюдов у ерга кечқурунга яқин етиб борди. Нехлюдов баҳайбат мудҳиш бинонинг эшиги томон юрган эди, лекин соқчи уни яқинлаштирмади, қўнғироқ чалиб қўя қолди. Қўнғироқ товушини эшитиб назоратчи чиқди. Нехлюдов қўлидаги пропускни кўрсатди. Аммо назоратчи то мутасаддининг ижозати бўлмагунча кирита олмаслигини айтди. Нехлюдов мутасаддини қидириб кетди. Нехлюдов зинапоядан чиқаётган вақтидаёқ эшикдан фортепьяно чалинаётган аллақандай мураккаб, шўх куйни эшитди. Кўзи боғлоқлик, серзарда оқсоч хотин эшикни очган пайтида эса, бу мусиқа товуши хонадан отилиб чиққандек бўлиб уни карахт қилиб қўйди. Бу – Лист деган композиторнинг чалинавериб жонга тегиб кетган рапсодияси3434
Рапсодия – халқ куйлари асосида ишланган мусиқа асари
[Закрыть] эди. Шу тобда бу рапсодияни фақат маълум бир ергача моҳирлик билан ижро этмоқда эдилар. Шу жойига етганда яна бошидан такрорланарди. Нехлюдов кўзи боғлоқлик оқсоч хотиндан мутасадди уйдами-йўқми деб сўради.
Оқсоч хотин, йўқ деб жавоб берди.
– Келиб қолармикан?
Рапсодия яна тўхтади ва бояги сеҳрли жойга етгунча яна моҳирлик билан ижро этилди.
– Бориб сўраб келай-чи.
Оқсоч чиқиб кетди.
Рапсодия энди авжга чиқа бошлаган ҳам эдики, тўсатдан, сеҳрли жойга етмай тинди, аллакимнинг овози эшитилди.
Ичкаридан аёл кишининг:
– Йўқ экан, бугун келмас экан, деб бориб айт. Меҳмонга кетган, мунча хира бўлишмаса, – деган овози эшитилди, яна рапсодия чалина бошланди, яна тинди ва стулнинг суриб қўйилаётгани эшитилди. Аччиғланган пианиночи бемаҳалда келиб, жонга тегаётган одамга ўзи танбеҳ бериб қўймоқчи бўлди шекилли.
Ғамгин кўзларининг таги кўкариб турган, сочлари пахмайган, аянч аҳволдаги рангпаргина қиз чиқиб келаётиб:
– Дадам йўқлар, – деди жаҳл билан. Кейин яхши пальто кийган йигитни кўриб бир оз юмшади. – Марҳамат, ичкарига киринг… Хўш, нима хизматлари бор?
– Қамоқдаги бир маҳбус хотинни кўришим керак.
– Сиёсий маҳбус бўлса керак?
– Йўқ, сиёсий эмас. Прокурордан ижозатнома ҳам олганман.
– Мен ҳеч нарса дея олмайман. Дадам йўқлар. Марҳамат, киринг ичкарига, – деб таклиф қилди у кичиккина даҳлиздан туриб. – Ё бўлмаса ёрдамчиларига мурожаат қилиб кўринг. У ҳозир идорасида, ўша билан гаплаша қолинг. Фамилиянгиз нима сизнинг?
– Кўп раҳмат, – деди Нехлюдов саволга жавоб қайтармай, сўнгра чиқиб кетди.
Нехлюдовнинг орқасидан эшик ёпилар-ёпилмас, яна бояги, ноўрин чалинаётган ва зўр бериб ўрганилаётган мусиқа, аянч қизнинг ўзига муносиб бўлмаган, шўх, хушчақчақ садолар эшитила бошлади. Нехлюдов ҳовлида мўйлови бўялган ёш офицерни учратди ва ундан мутасаддининг ноибини сўради. Бунинг худди ўзгинаси ноиб эди. У Нехлюдовнинг қўлидан пропускни олиб қаради-да, дастлабки қамоқ уйига берилган пропуск билан кирита олмаслигини айтди. Бунинг устига яна кеч бўлди деб баҳона қилди…
– Эртага келинг. Соат ўнда кўришиш учун ҳаммага рухсат этилади. Келсангиз, мутасаддининг ўзи ҳам уйида бўлади. Унда умумий хонада кўришишингиз мумкин, мутасадди ижозат берса, идорада ҳам кўриша оласиз.
Нехлюдов шу куни кўришувнинг иложини топа олмай, охири уйига қайтиб кетди. Масловани кўриш ҳақидаги фикридан ҳаяжонга келган Нехлюдов энди судни эмас, прокурор ва мутасадди билан гаплашганини эслаб кўчама-кўча борарди. Маслова билан учрашувга урингани, мақсадини прокурорга айтгани ва Катюшани кўриш учун иккита турмага боргани уни шундай ҳаяжонлантириб юборган эдики, у анчагача ўзига кела олмади. Уйига келиши биланоқ, аллақачондан бери қўл теккизилмай ётган кундалик дафтарини олиб баъзи жойларини ўқиб чиқди-да, қуйидагиларни ёзиб қўйди: «Икки йилдан бери кундалик дафтарга қўл теккизмаган, энди ҳеч қачон бундай бачкана иш билан шуғулланмайман деб ўйлаган эдим. Аммо бу бачкана иш эмас эди. Бу ўз-ўзинг билан, ҳақиқий, ҳар бир инсонда яшовчи илоҳий бир куч билан суҳбатлашиш эди. Шу маҳалгача ана шу куч ухлаб ётарди, ким билан суҳбатлашишимни билмас эдим. Уни 28 апрель куни, мен маслаҳатчилик қилган судда бўлиб ўтган воқеа уйғотди. Мен уни, ўзим томонимдан алданган Катюшани, маҳбуслар халатида кўрдим. Ғалати бир англашилмовчилик ва менинг хатоим туфайли уни каторгага ҳукм қилдилар. Мен бугун прокурор ҳузурида турмада бўлдим. Мени унинг олдига киритмадилар, лекин мен уни кўриб, унинг олдида айбимга иқрор бўлиш ва унга уйланиш йўли билан бўлса-да, айбимни юмшатишга қарор қилдим. Ё, Парвардигор, ўзинг қўлла! Кўнглим шод, руҳим енгил».
XXXVII
Шу кеча Маслова анчагача ухлай олмади, кўзини очиб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа бориб келиб турган дьячиха тўсиб турган эшикка қараб ва малла хотиннинг пишиллашини тинглаб, хаёл суриб ётди.
У Сахалинда, ҳеч қачон, каторгачига эрга тегмаслик ҳақида, бир илож қилиб бошқача ҳаёт қуриш, бошлиқлардан биронтаси билан ёки мирзо, ё бўлмаса назоратчи билан, ҳеч бўлмаса унинг ёрдамчиси билан бирга бўлиш ҳақида ўйларди. Уларнинг ҳаммаси бунақага учади. «Ишқилиб озиб кетмай-да. Бўлмасам иш пачава». Маслова оқловчининг унга қандай қараганини, раиснинг боқишларини, дуч келиб қолганлар ва судда атайлаб ёнидан ўтиб турган кишилар қандай кўз тикиб қараганини эслади. У авахтада ётганида кўргани келган Берта Китаеваникида яшаган пайтингда сени севиб юрган талаба йигит келиб кетди, сени сўраб-суриштирди ва жуда ачинди деб айтиб берганини эслади. Малла хотин билан бўлиб ўтган муштлашиш эсига тушди ва унга раҳми келди; ортиқча нон бериб юборган нонфурушни эслади. Маслова кўпларни эслаб ўтар, Нехлюдов эса хаёлининг кўчасига ҳам келмас эди. Болалик чоғларини ва ёшлигини, айниқса, Нехлюдовга бўлган муҳаббатини ҳеч қачон эсига олмас эди. Уни эслаганда жони сиқилар эди. Бу хотиралар кўнглининг бир бурчида ўрнидан қўзғатилмаган ҳолда ётарди. У ҳатто тушида ҳам ҳеч қачон Нехлюдовни кўрмаган эди. Бугун судда Нехлюдовни танимаганлигининг сабаби уни сўнгги бор кўрганда эгнида ҳарбий кийим, ўзи соқолсиз, қўнғизнусха мўйловли, қисқагина бўлса-да, лекин қалин, қўнғироқ сочли бўлиб, энди қаринамо, соқолли эканлигида эмас. Бунинг сабаби шундаки, Маслова у тўғрида ҳеч ўйламаган эди. Маслова у билан бирга ўтказган барча хотираларни, Нехлюдов армиядан келатуриб, аммалариникига тушиб ўтмаган ўша даҳшатли қоронғи кечада кўмиб ташлаган эди.
Шу кечагача, Нехлюдов кириб ўтар деб умид қилиб юрган кезлари юраги остида сақлаб келаётган гўдак унга оғирлик қилмас эди. Балки, кўпинча гўдакнинг юмшоққина, баъзан тез-тез қимирлаб қўйиши уни ийдириб юборарди. Аммо шу кечадан бошлаб ҳамма нарса бошқача тус олди. Дунёга келажак гўдак ҳам унга бир тўсиқ бўлиб қолди.
Аммалари Нехлюдовнинг келишини кутар эдилар, шунинг учун ундан кириб ўтишни илтимос қилдилар. Аммо у Петербургга ўз вақтида етиб бориши керак бўлгани учун кириб ўта олмаслигини телеграф орқали билдирди. Бундан хабар топган Катюша уни кўриш учун станцияга боришга қарор қилди. Поезд кечаси соат иккида ўтарди. Катюша бекаларини ухлатди, ошпаз хотиннинг қизи Машкани бирга боришга кўндириб, оёғига эски ботинка кийди, рўмол ўради-да, писиб-биқиниб чиқиб кетиб, станция томон югурди.
Ёмғир ёғиб турган, шамол эсиб турган зим-зиё куз кечаларидан бири эди. Ёмғир гоҳ илиқ йирик томчилар билан савалай бошлар, гоҳ тинарди. Далада оёқ остидаги йўлни кўриб бўлмас эди. Ўрмон қозоннинг қоракуясидек қоп-қора, шу сабабдан, Катюша йўлни яхши билишига қарамай, ўрмонда адашиб қолди ва поезд уч дақиқа тўхтаб ўтадиган кичик станцияга ўзи ўйлагандек барвақтроқ эмас, балки иккинчи қўнғироқдан кейин етиб борди. Катюша платформага югуриб кирган заҳоти биринчи класс вагони деразасида Нехлюдовни кўриб қолди. Бу вагон бошқаларидан кўра, айниқса, ёруғроқ эди. Сюртуксиз икки офицер духоба креслода рўпарама-рўпара ўтириб қарта ўйнарди. Дераза ёнидаги кичик столда эриб тушаётган йўғон шам ёнарди. Ана у – баданини сириб турган рейтуз ва оқ кўйлак кийиб креслонинг суянчиғига қўл ташлаб, ёндорида ўтирар ва нимагадир куларди. Уни таниган заҳоти Катя совқотган қўллари билан деразани тақиллатди. Аммо шу маҳал учинчи қўнғироқ чалинди-да, поезд ҳаракатга келди, аввал орқага, кейин вагонлар бир-бир силтаниб олиб олдинга силжий бошлади. Ўйнаётганларнинг бири қўлидаги қартаси билан ўрнидан туриб деразадан қарай бошлади. Катюша деразани яна тақиллатди-да, юзини ойнага тутди. Шу маҳал бу вагон ҳам бир силтанди ва ҳаракатга келди. Катюша деразадан кўзини узмай вагон билан ёнма-ён кетаверди. Офицер деразани туширмоқчи бўлар, лекин сира уддасидан чиқа олмасди. Нехлюдов ўрнидан турди-да, бояги офицерни четлатиб, деразани тушира бошлади. Поезд юришини тезлатди. Катюша поезддан қолишмай, тез-тез юриб борарди. Аммо поезд борган сайин юришини тезлатарди, ниҳоят, дераза туширилган чоғда эса, кондуктор уни итариб юбориб, ирғиб вагонга чиқиб олди. Катюша орқароқда қолди, аммо ҳамон платформанинг ҳўл тахталарида югуриб борарди; кейин платформа тугади, у зинапоядан чопиб тушар экан, ўзини йиқилиб тушишдан зўрға тутиб қолди. У ҳамон югурар, аммо биринчи класс вагон аллақачон илгарилаб кетган эди. Ҳозир унинг ёнида иккинчи класс вагонлари ўтиб борарди, кейин учинчи класс вагонлари аввалгиларидан ҳам тез ғилдираб ўта бошлади, аммо Катюша ҳамон югуриб борарди. Орқасига фонарь қўндирилган сўнгги вагон ўтиб кетганда у водокачканинг3535
Водокачка – сувни юқорига чиқарадиган насос (тарж.)
[Закрыть] нариги ёғида, ялангликка чиқиб қолган эди. Шамол келиб урилди-да, бошидан рўмолини елкасига туширди, кўйлагининг этагини оёғига ёпиштириб қўйди. Шамол рўмолини учириб кетди, лекин у ҳамон югурарди.
– Холажоним, Михайловна! – деб қичқирарди қизча унинг кетидан зўрға етиб олиб. – Рўмолингиз тушиб қолди!
«У ёп-ёруғ вагонда, духоба креслода ҳазил-мазах қилиб, ичишиб ўтирса-ю, мен бу ерда, лойда, қоронғида, ёмғирда ивиб, шамолда йиғлаб турсам», деб ўйлади Катюша, сўнгра тўхтаб, юзини юқорига қаратиб бошини маҳкам чангаллаганича ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Кетиб қолди! – деб қичқириб юборди у.
Қизча қўрқиб кетди-да, Катюшанинг ҳўл кўйлагидан қучоқлаб олди.
– Холажоним, уйга кетайлик.
Бу орада Катюша: «Поезд ўтса, тагига ўзимни ташлайман, қутуламан қўяман», деб ўйларди қизчага жавоб қайтармай.
У шундай қилишга аҳд қилди. Аммо шу тобдаёқ, ҳаяжон босилгандан кейин илк дақиқаларда бўладиган ҳодиса рўй берди, ўшанинг боласи, шунча вақтдан буён кўтариб келаётган бола бирдан қимирлади, тепинди, оҳистагина чўзилиб яна қандайдир нозик, мулойим ва ўткир нарсаси билан турта бошлади. Тўсатдан ҳозиргина уни шунчалар қийнаган, дунёни кўзига қоронғи қилиб кўрсатган азоб, Нехлюдовга нисбатан уйғонган қаҳр-ғазаб ва ўз ўлими билан ундан ўч олиш истаги йўқ бўлди-қўйди. У тинчиб, у ёқ бу ёғини тузатди, рўмолига ўралиб олди-да, тез-тез юриб уйга кетди.
У ҳориб-чарчаган, ивиган, лойга беланган ҳолда уйга қайтиб келди. Шу кундан бошлаб унда кескин руҳий ўзгариш юз берди, натижада у мана шу ҳозирги аҳволига тушиб қолди. Ана шу даҳшатли тундан бошлаб у яхшиликка ишонмайдиган бўлиб қолди. У илгари яхшиликка ишонар эди ва одамлар ҳам шунга ишонади деб ўйларди. Лекин шу кечадан бошлаб ҳеч ким бунга ишонмаслигига ва худо ҳақида, яхшилик ҳақида гапирувчилар фақат одамларни алдаш учунгина шундай қилишларига қаноат ҳосил қилди. Катя уни севган, у Катяни севган эди (буни Катя биларди), ўша одам Катя билан айшини суриб ва унинг ҳиссиётларини таҳқирлаб, ташлади-кетди. Яна у, Катя билган одамларнинг энг яхшиси эди-я. Ҳали ҳам бўлса бошқалар ундан ёмонроқ. Маслованинг бошидан кечган воқеалар буни ҳар қадамда тасдиқлаб турарди. Нехлюдовнинг аммалари, художўй кампирлар, эндиликда аввалгидай хизмат қила олмаганидан кейин, уни ҳайдаб юборишди. У тўқнаш келган одамларнинг ҳаммаси – хотинлар у орқали пул топишга уринар, эркаклар эса, кекса становойдан тортиб турма назоратчиларигача – унга кайф-сафо бағишловчи нарса деб қарардилар. Ҳамма, оламда худди мана шу лаззат учунгина юргандек эди. Иккинчи йил эркинликда юрган кезлари бир кекса ёзувчи билан топишганда бу фикрга қаттиқроқ ишонч ҳосил қилди. Ўша ёзувчи тўғридан-тўғри унга, бутун бахт-саодат мана шу ҳузур-ҳаловатда деяр ва шу нарсани поэзия ва эстетика деб атарди.
Ҳамма фақат ўзи, ўз ҳузур-ҳаловати учун яшар, худо ва эзгулик ҳақидаги сўзларнинг ҳаммаси алдамчиликдан иборат эди. Агарда, олам нега бу қадар бемаъни яратилган, нега ҳамма бир-бирига ёмонлик қилади, нега ҳамма алам чекади деган савол туғиладиган бўлса, бу ҳақда ўйламаслик керак. Зерикадиган бўлсанг, чекасан ёки ичасан, ё бўлмасам, энг яхшиси бирон эркакка ёқиб қолсанг бўлди – ҳаммаси унут бўлиб кетади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.