Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XLII

«Ҳарна бўлса ҳам ўйлаган ишимни битирай, – деди у ўзига ўзи далда бериб. – Нима қилсам экан?»

У бошлиқлардан бири кўриниб қолмасмикан, деб кўзи билан қидира бошлади, одамларнинг орқасида у ёқдан бу ёққа юриб турган, офицерлик нишони таққан, пастаккина, мўйловдор кишига кўзи тушиб, унга мурожаат қилди:

– Муҳтарам жаноблари, – деди у ясама хушмуомалалик билан, – аёллар қаерда бўлишини, улар билан қаерда кўришиш мумкинлигини айтиб бера олмайсизми?

– Аёллар бўлимига бормоқчи эдингизми?

– Ҳа, бир маҳбус хотинни кўришим керак эди, – деб жавоб қайтарди Нехлюдов ҳалигидек назокат билан.

– Боя тўпланиш хонасида эканлигингизда шундай десангиз бўлмасмиди. Кимни кўрмоқчи эдингиз?

– Екатерина Масловани кўришим керак.

– Сиёсий маҳбусми? – деб сўради турма мутасаддисининг ноиби.

– Йўқ, у шунчаки…

– Нима, ҳукм қилинганми ўзи?

Нехлюдов қайғусига ҳамдардлашгандек кўринган мутасаддининг кайфини бир нима қилиб бузиб қўймаслик учун:

– Ҳа, ўтган куни ҳукм қилинган эди, – деб жавоб берди итоаткорона.

Мутасадди Нехлюдовнинг кийим-бошига қараб, эътибор қилса арзийдиган одам экан, деган хулосага келди шекилли:

– Аёл кишини кўрадиган бўлсангиз, марҳамат қилиб бу ёққа юринг, – деди. – Сидоров, – деб мурожаат қилди у медаль таққан мўйловдор унтер-офицерга, – мана буларга аёллар хонасини кўрсатиб қўй.

– Хўп бўлади.

Шу маҳал тўр тутилган томондан аллакимнинг юракни ўртаб юборувчи фарёди эшитилди.

Нехлюдовга ҳамма нарса жуда ғалати туюларди. Яна шуниси ҳам борки, бу уйда қўлланилаётган ёвузликларни амалга ошираётган кишиларга – мутасадди ва бош назоратчига ташаккур билдиришга, улардан миннатдор бўлишга тўғри келарди.

Назоратчи Нехлюдовни эркаклар хонасидан йўлакка бошлаб чиқди ва рўпарадаги эшикни очиб, аёллар билан учрашув хонасига олиб кирди. Бу хона ҳам эркакларники сингари икки қатор тўр билан учга ажратилган бўлиб, кичикроқ эди. Бу ерда кўргани келганлар ҳам, маҳбуслар ҳам бир қадар кам бўлишига қарамай, шовқин-сурон эркаклар хонасидагидан қолишмас эди. Бу ерда ҳам тўрлар орасида бошлиқлар у ёқдан бу ёққа юриб турарди. Енгига уқа тутилган, кўк ҳошияли мундир кийган, эркак назоратчилар каби камар боғлаган назоратчи хотинлар бу ерда бошлиқ ўрнида эди. Бу ерда ҳам худди эркаклар хонасидагидек тўрнинг икки томонига одамлар ёпишиб олган эди: бу томонида – ҳар хил кийимдаги шаҳар аҳолиси, нариги томонида – баъзилари оқ кийинган, баъзилари ўз кийимида қолган маҳбус аёллар. Тўрни у бошидан бу бошигача одам қоплаб олган. Баъзи бировлар овозим яхшироқ эшитилсин деб оёқ учида туриб, бошқаларнинг тепасидан бошларини чўзиб, бошқалари эса ерга ўтириб олиб гаплашишар эди.

Маҳбус аёллар ичида бошқалардан кўра қаттиқроқ бақирган лўли хотин кийим-боши билан ажралиб турарди. Жингалак сочларидан дурраси сирғалиб тушиб осилиб қолган бу пахмоқ соч хотин тўрнинг нариги томонида, хонанинг ўртасидаги устун ёнида туриб, кўк сюртук кийган, белини пастдан қисиб боғлаган лўлига қўлларини тез-тез қимирлатиб, алланималар деб бақирарди. Лўлининг ёнида бир солдат ерга ўтириб олиб маҳбус аёл билан гаплашарди, нарироқда эса, бети қип-қизариб кетган, оёғига чипта кавуш кийган малла соқолли ёшгина мужик тўрга маҳкам ёпишиб, йиғлаб юборай деб турарди. У билан оқ-сариқдан келган хушрўйгина маҳбус жувон гаплашарди. Жувон мовий кўзларини суҳбатдошидан узолмай тикилиб қараб турарди. Бу Федосья билан эри эди. Уларнинг ёнида жулдур кийимли бир киши сочлари пахмоқ, юзи елпич товоқдай хотин билан сўзлашарди, нарироқда иккита хотин, бир эркак, яна бир хотин, уларнинг ҳар бирининг рўпарасида биттадан маҳбус аёл турарди. Улар орасида Маслова йўқ эди. Аммо маҳбус аёлларнинг орқасида, нариги томонда, яна бир аёл турарди. Бу аёл худди ўша эканлигини Нехлюдов шу заҳоти фаҳмлади, фаҳмлади-ю, шу заҳоти юраги дук-дук ура бошлаганини, нафаси тиқилиб қолганини ҳис этди. Масала бир ёқли бўладиган пайт яқинлашарди. Нехлюдов сим тўрга яқинроқ борди ва уни таниди. Маслова мовий кўз Федосьянинг орқасида турар ва унинг гапини жилмайиб тингларди. Маслова ўтган кундаги халатда эмас, оқ кофта кийиб олган – бели камар билан қисиб қўйилган, кўкраги дўппайган эди. Жингалак қора сочлари дурраси тагидан худди суд вақтидаги сингари чиқиб турарди.

«Ҳозир бир ёқли бўлади, – деб ўйларди Нехлюдов. – Нима деб чақирсам экан? Ё ўзи яқинроқ келармикан?»

Лекин Маслова яқин келавермади. У Кларани кутар, мана шу турган эркак ўзини сўраб келганини хаёлига ҳам келтирмас эди.

– Сизга ким керак? – деб сўради тўр орасида у ёқдан бу ёққа юриб турган назоратчи хотин Нехлюдовнинг ёнига келиб.

– Екатерина Маслова, – дея олди Нехлюдов зўрға.

– Маслова, сени йўқлаб келишибди, – деб қичқирди назоратчи хотин.

XLIII

Маслова ўгирилиб қаради, кейин бошини кўтарди, кўкрагини олдига чиқариб, Нехлюдовга таниш итоаткорлик ифодаси билан панжара ёнига келди, иккита маҳбус аёл орасига суқилиб кирди-да, Нехлюдовни таний олмай, унга ажабланиб қараб қолди.

Лекин эгни-бошидан бу кишининг бой одам эканлигини билиб, жилмайди.

Кулиб турган ғилай кўзли Маслова юзини панжарага яқинлаштириб:

– Мени сўраб келдингизми? – деб сўради.

– Кўргани келган эдим… – Нехлюдов «сизсираш»ни ҳам, «сенсираш»ни ҳам билмай тутилиб қолди, кейин «сиз» деб гапира бошлади. Лекин овози одатдагидан баланд эмас эди. – Кўргани келган эдим сизни… мен…

Унинг ёнидаги жулдур кийимли киши:

– Мени лақиллатмай тўғрисини гапиравер. Олганмисан ё олмаганмисан? – деб бақирарди.

– Ўлар ҳолатда ётибди деяпман-у, яна нима керак сенга! – деб қичқирарди аллаким бошқа томондан.

Нехлюдовнинг гапи Маслованинг қулоғига кирмасди, аммо гапираётганда юзининг ифодасига қараб туриб тўсатдан уни эслади. Лекин Маслова ўзига ишонмади. Шундай бўлса-да, юзидаги табассуми сўнди, руҳий азоб чекаётгандек пешонаси тиришиб кетди.

Маслова кўзини қисиб қарар экан:

– Гапингизни эшитмаяпман, – деб қичқирди пешонасини баттар буриштириб.

– Мен келган эдим…

«Ҳа, мен бурчимни адо этяпман, тавба қиляпман», деб ўйлади Нехлюдов. Шундай деб ўйлаб ҳам эдики, кўзи жиққа ёшга тўлди, томоғига алланарса келиб тиқилди, у панжарани маҳкам чангаллаганича, ҳўнграб йиғлаб юбормасликка уриниб жим бўлиб қолди.

– Бўлмаган ишга тумшуғингни тиқиб нима қиласан, деяпман сенга… – деб қичқиришарди бир томондан.

– Худо ҳақи, билмайман дедимми, билмайман, – деб қичқирарди маҳбус аёл бошқа томондан.

Нехлюдовнинг ҳаяжонланаётганини кўриб, Маслова уни таниди.

– Танисам ҳам кўзларимга ишонмаяпман, – деб қичқирди Маслова. Унинг қип-қизариб кетган юзи аввалгидан баттар тумтайиб кетди. Нехлюдов баланд товуш билан худди ёдланган дарсни сўзлаётган кишидек бир оҳангда:

– Мен сендан кечирим сўраш учун келган эдим, – деб қичқирди.

Шу сўзларни бақириб айтганидан уялиб кетди-да, атрофга аланглаб қаради. Лекин шу заҳоти, «модомики уялаётган эканман, бу қайтанга яхши, нимага деганда уяладиган иш қилган эдим-да», деган фикр келди. Шундай қилиб у, боягидек, баланд товуш билан гапира бошлади:

– Мени кечир, сенинг олдингда гуноҳкорман… – деб қичқирди у яна.

Маслова қимир этмай турар, ғилай кўзларини ундан узмасди.

Нехлюдов ортиқ гапини давом эттиролмади, кўкрагини қисиб келаётган йиғини тўхтатиб қолиш учун тўрдан йироқлашди.

Аёллар бўлимига йўл кўрсатган бояги мутасадди Нехлюдовга қизиқиб қолган бўлса керак, шу бўлимга яна қайтиб келди-да, унинг тўрдан четда турганини кўриб, нима сабабдан тегишли одами билан гаплашмаётганини суриштирди. Нехлюдов бурнини қоқди, бир силкиниб олди-да, ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилиб:

– Панжара орқали гаплаша олмайман, ҳеч нарса эшитиб бўлмайди, – деб жавоб берди.

Мутасадди ўйланиб қолди.

– Ундай бўлса, бирпасга шу ёққа чиқарсак бўлади.

– Марья Карловна! – деди у назоратчи аёлга. – Масловани ташқарига олиб чиқинг.

Бирор дақиқадан кейин ён томондаги эшикдан Маслова чиқиб келди. У шипиллаб юриб, Нехлюдовнинг олдига келди-да, тўхтаб, унга хўмрайиб қаради. Қоп-қора сочлари худди ўтган кундагидек қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб дурраси тагидан чиқиб турарди, лўппигина оқарган носоғ юзи жозибали ва хотиржам эди; фақат тим қора ғилай кўзларигина шишинқираган қовоқлари тагида чақнаб турарди.

– Шу ерда гаплашсангиз бўлади, – деди назоратчи, сўнгра нарироққа бориб турди.

Нехлюдов девор тагида турган ўриндиқ томон қадам ташлади.

Маслова мутасадди ноибига савол назари билан қаради, кейин ҳайрон бўлгандек елкасини қисиб қўйди-да, Нехлюдов кетидан ўриндиққа бориб юбкасини тўғирлаб қўйиб, унинг ёнига ўтирди.

– Мени афв этишингиз жуда оғир, биламан, – деб Нехлюдов гап бошлади-ю, лекин йиғи халақит бераётганини ҳис қилиб яна жим бўлиб қолди, – ўтган хатони тузатиб бўлмас экан, эндиликда қўлимдан қандай ёрдам келса, ҳаммасини қиламан. Айтинг…

Маслова унинг саволига жавоб қайтармай:

– Мени қандай қилиб топдингиз? – деб сўради ғилай кўзлари билан Нехлюдовга ҳам қараб, ҳам қарамай.

Нехлюдов Катюшанинг ҳозир шундай ўзгарган, хунуклашган юзига қарар экан: «Ё раббий! Мадад бер менга. Нима қилиш кераклигини ўргат!» – дер эди ўзига ўзи.

– Ўтган куни судда, сизни суд қилишганда, суд маслаҳатчиси бўлган эдим, – деди Нехлюдов. – Мени танимадингизми?

– Йўқ, танимадим. Танийдиган аҳволда эмасдим. Қараганим ҳам йўқ, – деди Маслова.

– Ўшанда бола бўлган эди-а? – деб сўради Нехлюдов, ўзининг икки бети қип-қизариб кетганини ҳис этиб.

Маслова юзини тескари ўгириб алам билан:

– Худога шукур, ўша вақтлардаёқ ўлиб кетди, – деб қисқагина жавоб қилди.

– Нега, қандай қилиб?

– Ўзим касал эдим, ўлар ҳолатда эдим, – деди у кўзини ердан узмасдан.

– Аммаларим сизни қандай қилиб чиқариб юборишди?

– Болали оқсочнинг кимга кераги бор? Сезишлари биланоқ ҳайдаб юборишди. Гапириб ҳам нима қилдим, ҳеч нарса эсимда йўқ, ҳаммасини унутганман. Бўлар иш бўлди, тамом – вассалом.

– Йўқ, ундай эмас. Мен буни шундай қолдириб кета олмайман. Ҳеч бўлмаганда, эндиликда, гуноҳимни ювмоқчиман.

– Ювадиган нимаси қолди; бўлар иш бўлди, ўтди-кетди, – деди Маслова, кейин тўсатдан Нехлюдовга қандайдир ёқимсиз, шу билан бир пайтда, жозибадор қараш қилиб қўйди, маъюсгина жилмайди. Нехлюдов буни сира кутмаган эди.

Маслова уни кўрарман деб, айниқса, ҳозирги пайтда ва бу ерда кўрарман деб, сира хаёлига келтирмаган эди. Шу сабабли Нехлюдовнинг пайдо бўлиб қолиши, даставвал уни жуда ҳайрон қилиб қўйди, то шу кунгача ҳеч қачон эсга олмаган нарсаларни хотирлашга мажбур қилди. Маслова дастлабки дақиқаларда шу нарсаларни ғира-шира эслади: бир вақтлар уни севган ва севилган бу кўркам йигит унга янги мўъжизакор ҳис ва фикрлар дунёсини очиб берган эди, кейин йигит негадир шафқатсизлик қилиб уни ташлаб кетди, сеҳрли бахтнинг оқибати шу бўлдики, Маслова қатор-қатор хўрлик ва таҳқирларга дучор бўлди. Маслованинг кўнгли вайрон бўлиб кетди. Аммо буни тўғри тушуниб ололмай, бошқа вақтларда қандай қилган бўлса, ҳозир ҳам шундай қилди: бу хотираларни ўзидан нари ҳайдади ва уларни фоҳиш ҳаётнинг ўзига хос пардаси билан хаспўшлашга ҳаракат қилди. Дастлаб у ҳозир ёнида ўтирган киши билан бир вақтлар жонидек кўрган йигит иккиси бир одам деб тасаввур қилди, лекин унинг кўнгли бузилди. Шундан кейин Маслова бу киши билан у йигит иккиси бир одам деб ўйламади. Маслованинг назарида, энди бу озода кийинган, соч-соқолига атир сепилган олифта киши бир вақтлар севган Нехлюдов эмас эди. Маслова учун энди бу киши хоҳлаган пайтида Маслова сингари аёллардан истеъфодаланиб юрган одамлардан бири эди. Маслова сингари аёллар эса бундай кишилардан иложи борича фойда кўриб қолишга ҳаракат қиларди. Шунинг учун ҳам Маслова унга жозибадор табассум қилди. У Нехлюдовдан қандай қилиб фойдаланиб қолишни ўйлаб жим бўлиб қолди.

– Бўлар иш бўлди, – деди Маслова, – мана, каторгага ҳукм қилиб ҳам юборишди.

Шу даҳшатли сўзларни айтганида унинг лаблари титраб кетди.

– Сизнинг бегуноҳ эканлигингизни билардим, ишончим комил эди, – деди Нехлюдов.

– Бегуноҳман, албатта. Наҳотки мен ўғирлик қилсам ё товламачи бўлсам. Биздагиларнинг айтишича, ҳаммаси адвокатга боғлиқ эмиш, – деб давом этди у. – Ариза бериш керак дейишади. Фақат, айтишларига қараганда, жуда қимматга тушар эмиш…

– Албатта ариза бериш керак, – деди Нехлюдов. – Мен оқловчи билан гаплашдим.

– Пулни аямаслик керак, яхшисини олиш керак, – деди у.

– Нимаики қилиш мумкин бўлса, ҳаммасини қиламан.

Орага сукунат чўкди.

Маслова яна боягидек табассум қилиб қўйди.

– Мен сиздан… агар иложи бўлса, пул сўрамоқчи эдим. Кўп эмас… ўн сўм, ортиқ керак эмас, – деди у тўсатдан.

– Албатта, албатта, – деди Нехлюдов хижолат чекиб, сўнгра ҳамёнига қўл узатди.

Маслова камерада у ёқдан бу ёққа юриб турган назоратчига ялт этиб қараб қўйди.

– Унинг олдида берманг, нарироқ кетганда беринг, бўлмасам олиб қўйишади.

Нехлюдов мутасадди нарёққа қараши билан ҳамёнини чиқарди, аммо ўн сўмлик қоғоз пулни узатишга улгурмасидан мутасадди яна улар томонга ўгирилди. У пулни маҳкам ғижимлаб олди.

У, бир вақтлар шу қадар диловар, эндиликда мурдор бўлган лўппи юзга, назоратчини ва унинг пул ғижимлаган қўлини кузатиб турган, қандайдир хунук ялтираётган қора ғилай кўзга қарар экан: «Ахир одамгарчиликдан чиққан хотин бу», деб ўйлади ва бир лаҳза иккиланиб қолди.

Ҳар вақтдагидек, нима қилмоқ керак, деган саволдан уни чалғитиб, шу қилган ишингнинг оқибати нима бўлади ва қайси бири фойдали деган саволни берувчи, кеча кечаси уни васвасага солган куч Нехлюдовнинг кўнглида тилга кирди.

«Бу хотинни ҳеч нима қила олмайсан, – дерди ўша овоз, – фақат ўз бўйнингга бир оғир тош бойлаб оласан. Шу тош сени чўктириб юборади, бошқаларга фойда келтиришингга халақит беради. Қўлига ёнингдаги бор-йўқ пулнинг ҳаммасини бергин, хайрлаш, шу билан ишни бир ёқли қилиб қўя қолсанг-чи?»

Аммо шу заҳотиёқ, худди шу тобда, шу лаҳзада кўнглида қандайдир муҳим бир нарса содир бўлаётганини, ўзининг ички дунёси шу тобда тарозунинг палласидай лопиллаб турганини, сал тегиб кетилса ё у ёки бу томонга босиб кетишини ҳис этди. Шундай қилиб у кеча кўнглида ҳис этган раҳмонни чорлаган эди, у шу заҳоти акс садо берди. Нехлюдов шу тобдаёқ дилидагининг ҳаммасини айтиб солишга қарор қилди.

– Катюша! Сенинг ёнингга афв сўраб келдим, сен бўлсанг афв этдингми, вақти келганда афв этасанми, шуни айтмадинг, – деди у тўсатдан сенсираб.

Унинг гапи Маслованинг қулоғига кирмасди. У гоҳ Нехлюдовнинг қўлига, гоҳ назоратчига қарарди. Назоратчи орқасини ўгириши билан Маслова дарҳол унга қўлини узатди, пулни ола солиб камарининг тагига қистирди.

– Қизиқ гапларни гапирасиз-а, – деди у жилмайиб, Нехлюдовнинг назарида у нафрат билан жилмайгандек туюлди.

Нехлюдов Масловада, мана шу ҳозирги ҳолатдаги Масловани ҳимоя этувчи, унинг қалбига таъсир этишга халақит берувчи, ўзига душман бир нарса борлигини ҳис этди.

Аммо қизиғи шундаки, бу уни Масловадан нафратлантирмас, балки аввалгидан ортиқ ўзига тортарди. У Масловани руҳан уйғотиши кераклигини, буни амалга ошириш жуда қийин эканлигини тушунарди; бу ишдаги ана шу қийинчилик уни қизиқтирарди. Нехлюдовнинг Масловага нисбатан бўлган ҳозирги ҳисси шундай эдики, Нехлюдов ҳеч қачон на Масловага нисбатан ва на бошқа одамга нисбатан шундай нарсани ҳис этмаган эди. Унинг ҳиссиётида тариқча бўлсин, шахсий ғараз йўқ эди. Нехлюдов Масловадан бирон манфаат кўришни хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳозир у фақат бир нарсани истарди: Маслова ҳозирги аҳволдан қутулса, уйқудан кўзи очилса, аввал қандай бўлса шундай бўлиб қолса.

– Катюша, нега бундай дейсан? Ахир, мен сени яхши биламан-ку. Ҳалиям ёдимда, ўшанда, Пановода…

– Ўтганни эслашнинг нима кераги бор, – деди Катюша қуруққина.

– Мен қилган гуноҳимни юмшатиш, ювиш учун эслаяпман, Катюша, – деб гап бошлади Нехлюдов, кейин унга уйланмоқчи эканлигини айтмоқчи эди ҳамки, Маслованинг кўзига кўзи тушди ва унинг боқишларида қандайдир даҳшатли, хунук ва жиркантирувчи бир ифодани кўрди-да, гапи оғзида қолди.

Шу маҳал кўргани келганлар чиқиб кета бошлашди. Мутасадди Нехлюдовнинг ёнига келди-да, учрашув муддати тугаганини айтди. Маслова ўрнидан турди, қачон киритиб юборишларини итоаткорлик билан кута бошлади.

– Хайр, сизга жуда кўп айтадиган гапларим бор эди, лекин кўриб турибсизки, ҳозир иложи йўқ, – деди Нехлюдов қўлини узатаркан. – Мен яна келаман.

– Ҳаммасини айтдингиз чоғи…

Маслова қўлини узатди-ю, лекин уни қисмади.

– Йўқ, сиз билан гаплашиб олиш мумкин бўлган жойда яна учрашишга ҳаракат қиламан. Сизга айтмоқчи бўлган энг муҳим гапимни ўшанда айтаман, – деди Нехлюдов.

Маслова эркакларга ёқишни истаган пайтида қандай табассум қилса, шундай жилмайиб:

– Нима ҳам дердим, келаверинг, – деди.

– Сиз мен учун сингилдан ҳам яқин одамсиз, – деди Нехлюдов.

– Қизиқ-а, – деб такрорлади Маслова, кейин бошини сарак-сарак қилиб панжара ортига ўтиб кетди.

ХLIV

Нехлюдов биринчи учрашув пайтида, Маслова мени кўриб, ўзига хизмат қилмоқчи эканлигини билгач ва афсусланаётганимдан хабардор бўлгач, севиниб, ийиб кетади ва яна аввалги Катюша бўлади-қолади, деб ўйлаган эди. Кейин қарасаки, Катюшадан асар йўқ, фақат Маслова қолибди. Бу ҳол уни жуда ҳайрон қилиб қўйди, ваҳмини келтирди.

Нехлюдовни айниқса ҳайратга солган нарса шу эдики, Маслова ўзининг шу кўйга тушиб қолганидан сира уялмас эди. Йўқ, маҳбусликдан эмас (маҳбус эканлигидан уяларди), фоҳиша эканлигидан сира-сира уялмас эди, қайтага шундай эканлигидан мамнундек, ҳатто фахрланаётгандек кўринарди. Зотан, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Ҳар қанақа одамнинг бир иш қилиш учун, аввало, шу ишини жуда муҳим ва яхши деб ҳисобламоғи лозим. Шу сабабли одам қай алпозда бўлмасин, у турмуш ҳақида шундай бир хулосага келиб қўядики, назарида ўзининг фаолиятини муҳим ва яхши деб билади.

Одатда, ўғри, қотил, жосус, фоҳиша ва ҳоказолар ўз касбларини ёмон деб ҳисоблаб ор қилишлари керак, деб ўйлайдилар. Аслида шунинг тамомила акси бўлади. Тақдир ва гуноҳлари – хатолари туфайли бир алпозга тушиб қолган кишилар, тутаётган ишлари қанчалик нотўғри бўлмасин, турмуш ҳақида шундай бир хулосага келиб қўйган бўладиларки, назарларида ҳозирги тутган ўринлари ва қилаётган ишлари яхши ва эътиборли бўлиб кўринади. Шу фикрлари йўққа чиқмаслиги учун одамлар, беихтиёр, турмуш ҳақидаги фикрларини тан оладиган ва ўзларининг унда тутган ўринлари яхши эканлигини инкор этмайдиган кишилар доирасидан чиқмасликка ҳаракат қиладилар. Ўғрилар эпчилликлари, фоҳишалар бузуқликлари, қотиллар бағритошликлари билан мақтанишса, биз танг қоламиз. Биз бу аҳволга шунинг учун ҳам танг қоламизки, бу одамлар яшаган доира, муҳит жуда чекланган, биз эса шу муҳитдан четдамиз. Лекин шуниси ҳам борки, бойларнинг ўз бойлиги, яъни таловчилиги билан мақтангани, лашкарбошиларнинг ўз ғалабалари, яъни қонхўрликлари билан мақтангани, ҳокимларнинг ўз қудратлари, яъни зўравонликлари билан мақтангани шу ҳодисанинг худди ўзгинаси эмасми? Бу одамларнинг ҳаётида ўз мавқеларини оқлаш учун ҳаёт ҳақидаги, эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги тушунчани бузаётганликларини кўрмаслигимизнинг сабаби шундаки, шу тариқа тушунчаси бузуқ кишилар доираси катта, бунинг устига ўзимиз ҳам худди шу тоифа одамларданмиз.

Маслова ҳам ҳаётга ва ўзининг дунёда ишғол этган мавқеига нисбатан худди шундай тушунча ҳосил қилган эди. У каторгага ҳукм этилган фоҳиша эди. Аммо шунга қарамай, шундай фикрга келиб қўйган эдики, бу билан у ўз ишини маъқуллай олар, ҳатто ўзининг мавқеи билан одамлар олдида мағрурлана олар эди.

Унинг дунёқараши қуйидагилардан иборат эди: барча эркаклар, ҳеч бир мустасносиз, кексалар, ёшлар, гимназистлар, генераллар, ўқимишлилар, саводсизларнинг – ҳамма-ҳаммасининг бахт-саодат деб билган нарсаси кўҳликкина хотинлар билан жинсий алоқада бўлишдан иборат бўлиб, ҳамма эркаклар ўзларини бошқа иш билан машғул қилиб кўрсатсалар-да, аслида фақат битта нарсани, шунигина истайдилар. У – кўҳлик хотин, хоҳласа уларнинг шу истакларини қондиради, хоҳламаса йўқ, бундан чиқди у ҳам эътиборли, ҳам зарур одам. Маслованинг аввалги ва ҳозирги ҳаёти бу тасаввурнинг ҳақлигини тўла-тўкис тасдиқларди.

Ўн йил давомида у қаерда бўлмасин, ҳамма ерда, Нехлюдовдан тортиб становой чолу турма назоратчисигача, ҳамма эркакларнинг унга зорлигини кўрарди; Катюша ўзига эҳтиёжи бўлмаган кишиларни кўрмасди ҳам, назар-писанд қилмасди ҳам. Шунинг учун ҳам унинг назарида бутун дунё ўлиб-қутулиб ўз ҳирсини қондиришга уринаётган одамлардан, қўлидан келган йўл билан: алдаш, зўрлик қилиш, сотиб олиш, ҳийлакорлик йўли билан уни қўлга туширишга ҳаракат қилувчи одамлардан иборат эди.

Маслова ҳаётни ана шундай тушунар ва ҳаётни бундай тушуниш натижасида у ўзини кераксиз одам эмас, балки зарур одам деб ҳисобларди. Шундай қилиб, Маслова, ҳаётни шу тариқа тушунишни ҳамма нарсадан афзал кўрарди. Шу тариқа тушунчани қадрламай ҳам иложи йўқ эди. Чунки ҳаётни шу тариқа тушунишдан воз кечса, бу тушунча туфайли одамлар ичида ўзини қадрли деб ҳисоблаб юрган Маслова ўша қадрини йўқотиб қўйган бўларди. Ўзининг ҳаётидаги қадрини йўқотиб қўймаслик учун ҳам у беихтиёр ҳаётга худди ўзи сингари қарайдиган одамлар доирасидан четга чиқмас эди. Нехлюдов уни тамомила бошқа бир оламга олиб чиқмоқчи бўлаётганини ҳис қилгач эса унга қаршилик кўрсата бошлади, чунки Нехлюдов бошлаб бормоқчи бўлган ўша бошқа оламда ўз ўрнини йўқотиб қўйиши мумкинлигини сезарди, бу ҳаёти ўзига ишонч ва ҳурмат бахш этарди. Ёшлик чоғидаги хотираларни ва Нехлюдов икковининг ўртасидаги илк муносабатларни эсламасликка ҳаракат қилишнинг сабаби ҳам шунда эди. У хотиралар Маслованинг ҳозирги дунёқарашига тамомила зид бўлгани учун ҳам бутунлай ёдидан кўтарилиб кетган, тўғрироғи, хотирасининг бир чеккасида сақланар эди-ю, лекин асаларилар бутун қилган меҳнатларини қуртлари зое кетказиб қўймаслиги учун, уларнинг йўлини беркитиб, қуртларининг устидан суваб ташлагандек, суваб қўйилган эди. Шу сабабдан ҳам ҳозирги Нехлюдов Катюша учун бир вақтлар соф муҳаббат билан севган киши эмас, фойдаланиб қолиши мумкин бўлган бир бадавлат жаноб эди холос, барча эркаклар билан қандай муносабатда бўлса, бу билан ҳам муносабати худди шундай эди.

«Йўқ, энг муҳим гапни айта олмадим, – деб ўйларди Нехлюдов ҳамма билан бирга чиқиб кетаётиб. – Унга уйланмоқчи эканлигимни айтмадим. Айтмаган бўлсам ҳам, шу аҳдимнинг устидан чиқаман», деб ўйларди у.

Назоратчилар эшикнинг икки томонида туриб, бирон киши ортиқ чиқиб кетмасин ё ортиқча бирон одам турмада қолиб кетмасин деб, чиқиб кетаётганларни икки кишилашиб санашарди. Санаб туриб орқасига шапиллатиб уриб қўйишгани бу гал Нехлюдовни таҳқирламади, у ҳатто буни пайқамади ҳам.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации