Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XL

Куни билан офтобда қизиган, лиқ тўлган учинчи класснинг катта вагони шу қадар дим эдики, Нехлюдов вагонга кирмай, тормозда тураверди. Лекин бу ер ҳам дим эди. Вагонлар уйлар ёнидан ўтиб, шабада эса бошлагандагина Нехлюдов кўкрагини тўлдириб нафас олди. «Ҳа, ўлдиришди», – деди опасига айтган сўзларни такрорлаб. Шу бугунги таассуротлар ичида унинг тасаввурида ёрқин гавдаланган нарса иккинчи ўлик маҳбуснинг келишган пешонаси, сочи қирилган, кўкиш бошининг пастидаги кичкинагина қулоғи, хушрўй юзи бўлди. «Бутун даҳшат шундаки, уни ўлдиришди, лекин ким ўлдирганини ҳеч ким билмайди. Ўлдиришгани аниқ. Уларни ҳам барча маҳбуслар қатори Масленниковнинг буйруғига асосан олиб кетишган. Масленников одатдагича буйруқ бериб, тепасига босма сарлавҳа ёзилган қоғозга хунуккина қилиб аҳмоқона имзосини чекиб юборган, лекин ҳеч қачон бу ишда ўзини айбдор деб ҳисобламайди, албатта. Маҳбусларни кўрикдан ўтказган авахта доктори ҳам ўзини ҳеч айбли деб санамайди. У ўз вазифасини ўрнига қўйиб бажарди, мадори йўқларни олиб қолди, куннинг бундай иссиқ бўлишини, маҳбусларни бу қадар кўп одамни кеч олиб кетишлари унинг хаёлига келмаган, албатта. Турма мутасаддиси-чи? Мутасадди фалон куни шунча каторгачи, шунча сургун қилинувчи, эркак, хотин жўнатилсин деган буйруқни адо этган, холос. Фалон ерда шунча маҳбусни қабул қилиб олиб, ҳисобга тўғри қилиб топширишдан иборат бўлган вазифасини адо этувчи конвой ҳам айбдор бўла олмайди. Этапни у одатдагича, қоидага мувофиқ ҳайдаб келган ва боя Нехлюдов кўрган иккита шундай кучли одамнинг иссиққа чидолмай ўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган, албатта. Ҳеч ким айбдор эмасу, одамлар ўлдирилган. Улар худди айбсиз одамлар томонидан ўлдирилган.

«Буларнинг ҳаммаси шунинг учун рўй бердики, – деб ўйлайди Нехлюдов, – мана шу одамларнинг ҳаммаси – губернаторлар, назоратчилар, даҳа миршаблари: «Шундай ҳоллар борки, бу вақтда инсон билан инсоний муомалада бўлиш шарт эмас», деган қоида бор деб ўйлайдилар. Шу одамларнинг ҳаммаси – Масленников ҳам, назоратчи ҳам, конвой ҳам, – агар улар губернатор, назоратчи ёки офицер бўлмаганларида эди, одамларни шундай иссиқда, шунчалик тиқилинчда олиб кетиш қалай бўлар экан, деб йигирма мартадан ўйлаган бўлишарди, йўлда йигирма марталаб тўхтаган бўлишарди, бирон кишининг ҳолдан тойганини, ҳансираб қолганини кўрсалар уни тўдадан айириб сояга олиб чиқишарди, сув беришарди, дам олдиришарди, бирор бахтсизлик рўй берса ачинишарди. Улар бундай қилишмади, ҳатто бошқаларнинг шундай қилишига халақит беришди, чунки улар одамларни ва улар олдидаги ўз бурчларини эмас, ўз хизматлари ва унинг талабларини устун кўришарди. Инсоний муносабатлар талабидан бу талабларни юқори қўйишарди. «Ҳамма гап шунда, – деб ўйларди Нехлюдов. – Агарда, ҳеч бўлмаса бир соатга, ёинки айрим ҳолларда, инсонпарварлик ҳиссидан кўра муҳимроқ ҳис бор деб ҳисобланса, бундай тақдирда киши ўзини айбдор ҳисобламай туриб инсонларга ёвузлик қилиш асло мумкин эмас».

Нехлюдов шу қадар хаёлга ботган эдики, ҳатто ҳавонинг ўзгарганини ҳам сезмади: қуёш олдиндаги пастак парча булут ортига яшириниб, ғарб томондаги уфқдан оч кулранг булут ёпирилиб келмоқда, ўша ёқда, узоқда – далалар, ўрмонлар тепасида ёмғир қуймоқда эди. Булутдан ёмғир иси келиб турарди. Аҳён-аҳёнда булутни чақмоқ ёриб ўтар, вагонларнинг тарақ-туруғи момақалдироқнинг гулдураши билан аралашиб кетарди. Булут борган сайин яқинлашиб келарди, шамол суриб келаётган ёмғир томчилари тормоз майдончасига ва Нехлюдовнинг пальтосига туша бошлади. Нехлюдов нариги томонга ўтиб олди-да, кўпдан буён ёмғир тилаб ётган тупроқ билан буғдой ҳиди келиб турган салқин ҳаводан нафас олиб, ғир-ғир ўтиб турган боғлар, ўрмонлар, сарғая бошлаган буғдойзорлар, ҳамон яшил тусдаги сули майдонлари ва яшнаб ётган картошка баргларини, қорайиб кўринган жўякларни томоша қила бошлади. Ҳамма нарсага лак берилгандек очилиб: яшил нарсалар ям-яшил, сариқлари сап-сариқ, қоралари қоп-қора тус олди.

– Қуй, қуявер! – дерди Нехлюдов далалар, боғлар ва полизларнинг ҳаётбахш ёмғир остида жонланаётганидан севиниб.

Сел узоқ давом этмади. Булутлар қисман ёмғирга айланиб, қисман сузиб ўтиб кетди. Энди ҳўл ерга тик ёғаётган ёмғирнинг сўнгги, майда томчилари тушмоқда эди. Қуёш яна мўралади, ҳамма ёқ ярақлаб кетди, шарқ томонда уфқ тепасида у қадар баланд бўлмаса-да, гунафша ранги равшанроқ ёнган, фақат бир томони узилиб қолган камалак пайдо бўлди.

Табиатдаги бу ўзгаришлар тугаб, поезд икки томони қиялик чуқурга тушиб борар экан: «Нима ҳақида ўйлаётувдим-а? – деб сўради Нехлюдов ўзидан. – Ҳа, мен ана шу одамларнинг ҳаммаси: аксарият ювош, меҳрибон бўлган бу одамлар хизматда бўлгани учун ҳам шундай сержаҳл бўлиб кетишган, деб ўйлаётиб эдим».

Нехлюдов Масленниковга авахтадаги аҳволни гапириб берганда унинг совуққонлик билан тинглаганини, назоратчининг бағритошлигини, аравага ўтиришга рухсат бермаган ва поездда бир хотиннинг не азоблар билан туғаётганига парво қилмаган конвой офицерининг шафқатсизлигини эслади. «Шу одамларнинг ҳаммаси фақат хизмат қилиб турганлари учунгина раҳм-шафқат деган оддий ҳисдан маҳрум бўлганлар. Улар хизматда бўлганлари учун ҳам, мана бу тош ётқизилган ер ёмғирни сингдирмагани каби инсонпарварлик ҳиссини сингдира олмайдилар, – деб ўйларди Нехлюдов турли рангдаги тошлар ётқизилган қия йўлга қарар экан. Қия йўл ёққан ёмғирни сингдирмагани учун сув ариқ-ариқ бўлиб оқиб тушиб кетмоқда эди. – Ўйиб ясалган йўлларга тош ётқизиш зарурдирку-я, лекин баландликдаги ерлар сингари ўт, буғдой, бута ва дарахтлар ўсиб-униши мумкин бўлган ернинг бекор ётишини кўриш жуда ачинарли. Одамлар ҳам худди шундай, – деб ўйларди Нехлюдов, – шу губернаторлар, назоратчилар, миршаблар, балки керакдир, лекин асосий инсоний хислатлардан, бир-бирига муҳаббат ва раҳм-шафқат ҳиссидан маҳрум бўлган одамларни кўриш даҳшатли».

«Ҳамма гап шундаки, – деб ўйларди Нехлюдов, – шу одамларнинг ҳаммаси қонундан ташқари нарсаларни қонуний деб билади ва худонинг ўзи инсонлар кўнглига солган абадий, ўзгармас, зарурий қонунларни қонун деб тан олмайдилар. Шунинг учун ҳам бу одамларга ишим тушганда қийналаман, – деб ўйларди Нехлюдов. – Мен улардан қўрқаман. Ҳақиқатдан ҳам булар хавфли одамлар. Қароқчилардан ҳам. Қароқчи ҳар ҳолда шафқат қилиши мумкин, булар эса шафқат қилмайди: мана бу тошлардан гиёҳ унмагани каби улардан ҳам яхшилик чиқмайди. Уларнинг шу хусусияти айниқса даҳшатли. Пугачевлар, Разинларни даҳшатли дейишади. Булар улардан кўра минг карра қўрқинчли, – деб ўйлашда давом этди у. – Агарда, замонамиз кишилари, христианлар, мурувватли, оддий кўнгилчан одамлар энг даҳшатли ёвузлик қилганда, ўзларини гуноҳкор деб ҳис этмасликлари учун нима қилиш керак, деган психологик масала берилса, унинг жавоби фақат битта бўлиши мумкин: ҳозир аҳвол қандай бўлса шундайлигича қолиши керак, шу одамлар губернатор, назоратчи, офицер, полициячи бўлиши, яъни биринчидан, одамларга оға-инилик муносабатида бўлмай уларни оддий буюм деб билишга монелик қилмайдиган, давлат хизмати деб аталган иш борлигига ишонишлари керак, иккинчидан эса, шу одамлар ана шу давлат хизматига шундай боғланиб қолган бўлишлари керакки, одамларга нисбатан қилган ишларининг оқибатига ҳеч ким жавобгар бўлмасин. Шу шарт-шароит бўлмаганда бизнинг замонда мен бугун ўз кўзим билан кўрган даҳшатли ҳодисалар рўй бермасди. Ҳамма гап шундаки, одамлар ўрни келганда инсонга меҳрсизлик билан муомала қилиш мумкин деб ўйлайдилар, ваҳоланки бундай ҳоллар йўқ. Буюмни аямаслик мумкин: аямай дарахт кесиш, кўнгилсизлик билан ғишт қуйиш, темир қиздириш мумкин; асаларилар билан эҳтиёткорликсиз муносабатда бўлиш мумкин бўлмагани каби, одамларга ҳам меҳрсиз муносабатда бўлиш мумкин эмас. Асалариларнинг хусусияти шундай. Агар асаларига эҳтиёт бўлмай қарасанг уларга ҳам, ўзингга ҳам зиён етказасан. Одамлар ҳам худди шундай. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки одамларнинг бир-бирини севиши инсоният дунёсининг асосий қонунидир. Инсон ўзини ишлашга мажбур эта олади, аммо ўзини севишга мажбур қилолмайди, бу тўғри. Лекин бундай одамлар билан, айниқса агар улардан бир нарса талаб қиладиган бўлсанг, меҳрсиз муносабатда бўлиш мумкин деган хулоса чиқариб бўлмайди. Одамларга муҳаббатинг бўлмаса, жим юравер, – деб ўйларди Нехлюдов ўзича, – ўз ишинг билан, буюмлар билан, истаган нарсанг билан шуғуллангин-у, фақат одамлар билан эмас. Иштаҳа боридагина овқатланиш зиёнсиз ва фойдали бўлгани каби, севган пайтингдагина одамлар билан муносабатда бўлиш фойдали ва зиёнсиздир. Одамларга ҳам кеча поччангга қилган муомалангдек совуқ муносабатда бўлар экансан, бошқа одамларга нисбатан шу бугун кўрганимдек шафқатсиз ва ваҳшиёна муносабатнинг поёни бўлмайди, ўзим учун ҳам азоб-уқубат бениҳоя бўлади, буни ўз умримда синаб кўрганман. Ҳа, ҳа, шундай, – деб ўйларди Нехлюдов, – Бу яхши, дуруст!» – деб такрорларди у, – жазирама иссиқдан кейин салқин тушганидан роҳатланиб, кўпдан буён ўзини машғул этган масалани жуда равшан тушуниб олганлигидан хурсанд бўлиб.

XLI

Нехлюдов жойлашган вагон ярмигача одам билан тўлган эди. Бу ерда хизматкорлар, мастеровойлар, фабрика ишчилари, қассоблар, яҳудийлар, гумашталар, аёллар, ишчиларнинг хотинлари, бир солдат ва икки хоним (бири ёш, иккинчиси қарироқ бўлиб, яланғоч қўлига билагузуклар таққан эди) ҳамда қора фуражкасига нишон таққан жиддий қиёфадаги жаноб бор эди. Жойлашиб анча хотиржам бўлиб олган шу одамларнинг ҳаммаси, бири писта чақиб, бошқа бири папирос чекиб, яна бошқалари бир-бири билан суҳбатлашиб, жимгина ўтирардилар.

Тарас, кираверишда ўнг қўл томонда Нехлюдовга жой олиб, рўпарасидаги сермускул, камзулининг олди очиқ киши билан жонланиб гаплашиб ўтирарди. Нехлюдов кейинчалик билса, бу ўз уйига кетаётган боғбон экан. Нехлюдов Тараснинг олдига етмасдан берироқда қишлоқ кийимидаги ёшгина жувон билан гаплашиб ўтирган чол олдида тўхтади, серсавлат, оппоқ соқолли чол ип газламадан тикилган камзул кийган эди. Жувоннинг ёнида янги сарафан кийган, оқиш сочлари ўриб қўйилган етти яшар қизалоқ оёғини осилтириб писта чақиб ўтирарди. Чол бошини кўтариб Нехлюдовга қаради, ёлғиз ўзи ўтирган сирли ўриндиқдан камзулининг барини йиғиштириб олди-да, мулойимгина:

– Марҳамат, ўтиринг, – деди.

Нехлюдов ташаккур билдириб кўрсатилган жойга ўтирди. Нехлюдов ўтириши билан жувон ҳикоясини тўхтаган еридан бошлаб давом эттирди. Жувон шаҳардан – эри олдидан келаётганини, борганда эри қандай кутиб олганини ҳикоя қиларди.

– Масленицада бўлган эдим, худо насиб этиб, мана энди яна келдим, – дерди у. – Энди худо хоҳласа рождествода тағин келаман.

– Яхши қилибсиз, – деди чол Нехлюдовга ўгирилиб қараб, – хабар олиб туриш керак, бўлмаса ёш одам, шаҳарда ёмон юриб кетиши мумкин.

– Йўқ, бува, меники унақа одамлардан эмас. Аҳмоқлик қилмайди, қиздеккина одам. Топган пулини бир тийинигача уйга юборади. Қизини кўриб шундай севиндики, асти қўяверасиз, – деди жувон жилмайиб.

Писта чақиб, онасининг ҳикоясини тинглаб ўтирган қизалоқ онасининг сўзини тасдиқлагандай ақлли кўзлари билан чолнинг юзига ва Нехлюдовга секингина қараб қўйди.

– Ақлли-ҳушли бўлса, дуруст, – деди чол. – Анавинақа билан иши йўқми? – деб қўшиб қўйди у кўзи билан йўлакнинг нариги бошида ўтирган, афтидан, фабрика ишчиларидан бўлган эр-хотинга ишора қилиб.

Эри бошини кўтариб, шишани оғзига қўйиб ароқ ичарди, шиша олинган қопни ушлаб ўтирган хотини эса эрига тикилиб турарди.

– Йўқ, меники ичмайдиям, чекмайдиям, – деди чолнинг ҳамсуҳбати бўлган жувон ўз эрини яна бир бор мақташга баҳона топилганидан севиниб. – Бунақа одамлар дунёда кам топилади, бува. Шунақа одам, – деди жувон Нехлюдовга ўгирилиб.

– Ақлли бўлса бўлди, – деб такрорлади ароқ ичаётган ишчига қараб ўтирган чол.

Ишчи шишадан ичиб бўлиб хотинига узатди. Хотини шишани олди ва бошини чайқаб, кула-кула оғзига тутди. Нехлюдов билан чолнинг ўзларига қараб турганига кўзи тушган ишчи:

– Ҳа, бек? Ичаётганимизга кўзингиз тушдими? – деди уларга мурожаат қилиб. – Ишлаётганимизни ҳеч ким кўрмайди, ичаётганимизни ҳамма кўради. Ишлаб топаман – ўзим ҳам ичаман, хотинимга ҳам ичираман. Гап тамом, вассалом.

– Ҳа, ҳа, – деди Нехлюдов нима жавоб беришини билмай.

– Тўғрими, бек? Аёлим забардаст хотин! Аёлимдан хурсандман, нимага деганингизда кўнгилчан хотин. Тўғрими гапим, Мавра?

– Ма, ол. Мен бўлдим, – деди хотини шишани узатиб. – Мунча валдирайсан, – деб қўшиб қўйди у.

– Мана шунақа, – деб давом этди ишчи, – яхшиликка яхши-ю, баъзан мойланмаган аравага ўхшаб ғижирлаб ҳам қўяди. Мавра, тўғрими гапим?

Мавра кулиб, мастона ҳаракат билан қўл силтаб қўйди.

– Бошлади энди…

– Мана шунақа, маълум бир вақтгача яхши бўлиб туради, аммо думини босиб олсанг, бошингга шундай кунни соладики, қочгани жой тополмайсан… Гапнинг очиғи шу. Мени кечирасиз, бегим. Озгина отиб олдим, бошқа нима ҳам қилай… – деди ишчи ётишга ҳозирланиб, сўнгра бошини жилмайиб ўтирган хотинининг тиззасига қўйди.

Нехлюдов чол билан гаплашиб ўтирди. Чол унга ўзининг печкачи эканини, эллик уч йилдан буён ишлашини, шу ёшга етгунча қурган печкасининг сон-саноғига етолмаслигини, энди дам олиш ниятида эканини, бироқ, бунга фурсат топа олмаётганини сўзлаб кетди. У шаҳарга бориб, болаларини ишга жойлаб қўйибди, энди қишлоғига, уйидагиларнинг ҳол-аҳволидан хабар олгани кетаётган экан. Чолнинг ҳикоясини тинглаб бўлгач, Нехлюдов ўрнидан турди-да, Тарас олиб қўйган жойга кетди.

Тараснинг рўпарасида ўтирган боғбон бошини кўтариб Нехлюдовга қаради-да:

– Келинг, ўтиринг, бек. Қопни бу ёққа олиб қўямиз, – деди мулойимгина.

Тарас жилмайиб жарангдор овоз билан:

– Кўнгил кенг бўлса, ҳаммамиз ҳам сиғамиз, – деди-да, кучли қўллари билан икки пудлик қопни қушдек енгил кўтариб дераза тагига олиб қўйди. – Жой кўп, бўлмаса тик турсаям бўлади, сўрининг тагида ётса ҳам бўлаверади. Бемалол. Жой талашишни ким қўйибди! – дерди юзи ёришиб кетган Тарас кўнгилчанлик ва мулойимлик билан.

У ўзи ҳақида гапириб, агар ичиб олмасам, сўз топа олмайман, вино ичиб олгандан кейин ширин сўзлар қайнаб чиқа беради ва ҳар қанақа гапни дўндираман, деди. Ҳақиқатан ҳам, Тарас ичмаган пайтида кўпинча миқ этмай ўтирар эди; ичиб олганида эса (бундай ҳодиса унинг ҳаётида камдан-кам рўй берарди), у гапдон бўлиб қоларди. Шундай кезларда унинг маҳмадоналиги тутиб, ширинсўз, ростгўй бўлиб қолар, мулойим бўлиб кетарди. Бу мулойимлик унинг кўк кўзларида, лабларидан аримаган латиф табассумида барқ уриб турарди.

Тарас бугун худди шундай кайфиятда эди. Нехлюдовнинг яқинлашиб келиши унинг ҳикоясини бир дақиқага бўлди. Аммо Тарас қопни жойлаштириб қўйгач, яна аввалгидек ўтириб олди-да, кучли ишчи қўлларини тиззасига қўйиб, боғбоннинг кўзига кўзини тикиб, сўзини келган жойидан давом эттирди. У янги танишига хотини воқеасини, уни нега Сибирга сургун қилаётганларини, нега ўзи хотини кетидан Сибирга кетаётганини бутун тафсилотлари билан ҳикоя қила кетди.

Нехлюдов бу тафсилотларни сира эшитмаган эди, шунинг учун қизиқиб тинглай бошлади. Нехлюдов келганда Тарас заҳарлаш воқеаси содир бўлгандан кейин, оила аъзолари буни Федосья қилганини билиб олишганини ҳикоя қилаётган эди.

– Қайғу-ҳасратимни айтиб беряпман, – деди Тарас Нехлюдовга дўстона самимий гапириб. – Кўнгилчан, яхши одамга дуч келиб қолдим, гапдан гап чиқиб, сўзлаб беряпман.

– Ҳа, ҳа, – деди Нехлюдов.

– Мана шундай қилиб, иш очилди, оғайни. Ойим ўша кулчани олди-да: «урядникка бораман» деб туриб олди. Отам – кўпни кўрган одам. «Қўя тур, кампир, келин ҳали жуда ёш, нима қилганини ўзиям билмайди, раҳм қилиш керак. Қўй, эси кириб қолар», деди. Қани энди ойим қулоқ солса. «Биз буни уйда олиб ўтирсак, ҳаммамизнинг бошимизга етади», деди-да, тўғри урядникнинг олдига борди. Қарабсанки, урядник етиб келибди… Гувоҳлар чақирилди.

– Сен-чи, сенга нима бўлди? – деб сўради боғбон.

– Мен бўлсам, оғайни, қорнимнинг оғриғига чидай олмай додлаб ётибман. Отам аравани қўшди, Федосьяни ўтқазди-да, терговчиникига қараб кетди. Федосья бўлса, оғайни, бошида ҳаммасини бўйнига олган, терговчига ипидан-игнасигача гапириб берган-қўйган. Маргимушни қаердан олгани борми, қандай қилиб нонга солиб пиширгани борми, ҳаммасини айтиб берган. «Нега шундай қилдинг?» – деса: «Ундан кўнглим совиди. У билан тургандан кўра, Сибирга сургун бўлганим яхши», дебди. Мен билан туришни хоҳламайман дегани бу, – дерди Тарас жилмайиб. – Шундай қилиб ҳаммасини бўйнига олган-қўйган. Албатта, уни қамашган. Отам ёлғиз қайтди. Бу ёқда ўрим пайти етиб келди, аёллардан битта онамнинг ўзи, уям ишга ярамайди. Энди нима қиламиз, кафилга чиқариб бўлармикан, деб хўп ўйладик. Отам бошлиқлардан бирининг олдига борди, ҳеч нима чиқмади, бошқасининг олдига борди. Шунақа бошлиқлардан бештачасининг олдига борди. Бор-э, деб қўлини ювиб қўлтиққа урмоқчи бўлиб турганида тўраларнинг биттасига дуч келиб қолган. Фирибгар тўра экан. «Беш сўм берсанг ишингни тўғрилаб бераман», деган. Хуллас, уч сўмга келишишган. Шундай қилиб дегин, оғайни, Федосьянинг сепларини, матоларини гаровга қўйиб, пул олиб бердим. Шу қоғозни ёзиб бериши биланоқ, – деди Тарас гўё ҳозир муҳим бир гап айтадигандек чўзиб, – мушкулимиз осон бўлди-қўйди. Ўзим анча тузалиб қолган эдим, хотинимни олиб келгани ўзим шаҳарга тушдим. Шундай қилиб дегин, оғайни, шаҳарга етиб бордим. Отни карвонхонага қўйдим, қоғозни олиб авахтага бордим. «Ҳа, нима дейсан?» Шундай-шундай, аёлим шу ерда қамалиб ётибди, дедим. «Қоғозинг борми?» – дейди. Дарров қоғозни узатдим. Қаради-да: «Шошмай тур», – деди. Тахта сўрига ўтириб кута бошладим. Кун қиёмдан ошиб қолди. Бошлиқ чиқиб келди: «Варгушов сенмисан?» – деди. – «Ҳа, мен». – «Бор, олиб кетавер», – деди. Дарҳол дарвоза очилди. Федосьяни ўз кийимида олиб чиқишди. «Юр энди, кетамиз». – «Пиёда келганмисан?» – «Йўқ, отим бор». Карвонхонага келдик, ижара ҳақи тўладим, отни қўшдим, қолган пичанларни аравага босдим. Федосья ўтириб, рўмолига ўралиб олди. Йўлга тушдик. У индамайди, мен ҳам чурқ этмайман. Уйга яқинлашиб қолганимизда у: «Онамиз саломатмилар?» – деб сўраб қолди. «Ҳа, саломатлар», – дедим мен. «Отамиз-чи, соғмилар?» – «Соғ». «Кечир мени, Тарас, нодонлик ўтди мендан. Нима қилганимни ўзим ҳам билмайман», дейди. Мен бўлсам: «Кўп гап эшакка юк – аллақачон кечирганман», дедим. Ортиқ гаплашмадик. Уйга келишимиз билан онамнинг оёғига йиқилди. Онам: «Худо кечирсин», деди. Отам омонлашди-да: «Ўтган ишга салавот. Яхши турсаларинг бўлди. Вақт зиқ, экинни йиғиб-териб олиш керак. Гўнг солиб яхши ишлангани учун худодан бўлиб жавдар ҳосили шундай мўл бўлдики, ўроқ ҳам ўтмайди, бир-бирига чалкашиб кўрпа бўлиб тўшалиб қолибди. Ўриб олиш керак. Эртага Тараска икковинг ўримга чиқинглар», деди. Шундай ғайрат билан ишга тушиб кетдики, асти қўявер. Унинг ишини кўрсанг ҳайрон қоласан. Ўша маҳаллар ижарага олган уч ботмон еримиз бор эди. Худо бериб, жавдар ҳам, пичан ҳам шундай бўлиб бердики, асти қўяверасан. Мен ўраман, у боғлайди, баъзида икковимиз баравар ўрамиз. Мен ишга чечанман, ҳеч қанақа иш писанд эмас, у ҳам чаққон, ишнинг кўзини билади. Эпчил, чечан, айни кучга тўлган пайти. Ишга ҳам шундай ўч бўлиб қолибдики, баъзида ўзим аранг тўхтатаман. Уйга қайтиб келганимизда қўлларимиз шишиб кетган бўлади, зирқирайди, лекин у бўлса, дам олмасдан, овқатланмасданоқ омборга югуради, эрталабга боғ тайёрлайди. Унга нима бўлди?!

– Сенгаям меҳр-муҳаббати ошдими? – деб сўради боғбон.

– Нимасини айтасан, шундай апоқ-чапоқ бўлиб кетдикки, қўяверасан, бир жон, бир тан бўлиб қолдик. Оғзимдан чиқмасдан бурун гапимни тушуна қолади. Ойимни айтмайсанми, жаҳлидан тушмаган бўлса ҳам: «Федосьямиз ўзгариб қопти-я, аввалги Федосьяга сира ўхшамайди» дейди. Бир куни буғдой олиб келгани араванинг олдида икковимиз ёнма-ён ўтириб кетаётиб: «Федосья, ўшанда нега шундай қилдинг?» деб сўрадим. – «Сен билан бирга туролмайман деган фикрга келувдим. У билан бирга тургандан кўра ўлганим яхши деб ўйладим». – «Энди-чи?» – деб сўрадим. – «Энди сенсиз туролмайман», дейди. – Тарас жим бўлиб қолди ва жилмайиб, ҳайратлангандай бош чайқади. – Даладан ҳосилни ўрибйиғиб олдик. Мен каноп толани ивитгани обориб уйга қайтиб келсам, – Тарас бир оз жим турди-да, кейин давом этди, – судга чақирув қоғози келибди. Биз бўлсак, нимага суд қилишларини унутиб ҳам юборибмиз.

– Бу шайтоннинг васвасаси, – деди боғбон чол, – одамнинг ўзига қолса бировнинг жонига қасд қиладими? Биз томонда ҳам бир одам… – боғбон ҳикоясини гапириб бермоқчи бўлиб турган ҳам эдики, поезд тўхтай бошлади.

– Станцияга келиб қолибмиз, шекилли, – деди у, – бориб сув ичиб келиш керак.

Суҳбат тўхтади. Нехлюдов боғбон кетидан эргашиб вагондан чиқди, платформанинг нам тортган тахталарига тушди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации