Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 24

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XVII

Графиня Катерина Ивановнаникида соат етти яримда овқат қилинди. Овқат янги тартибда берилди. Нехлюдов ҳалига қадар бунақа тартибни кўрмаган эди. Хизматкорлар овқатни столга қўйиб, дарҳол чиқиб кетар, овқатланувчилар таомни ўзларига яраша сузиб олишарди. Эркаклар хотинларнинг ортиқча уринишига йўл қўймас, ўзларига овқат сузиб, ичимлик қуйиш каби ишни мардларча ўз зиммаларига олган эдилар. Овқатнинг бир тури ейилиб бўлгач, графиня столдаги электр қўнғироқнинг тугмасини босар, лакейлар товуш чиқармай кириб, идиш-товоқларни йиғиштириб тозасини қўяр ва иккинчи хил таомни келтирар эдилар. Овқатлар, винолар жуда нафис эди. Каттакон ёруғ ошхонада француз ошпаз билан унинг оқ кийим кийган иккита ёрдамчиси ишларди. Овқатланувчилар олти киши эди: граф билан графиня, уларнинг қовоғи солиқ гвардия офицери ўғли (у тирсагини столга қўйиб ўтирарди), Нехлюдов, қиссахон – француз хоним ва графнинг қишлоқдан келган бошқарувчиси.

Бу ерда ҳам дуэль тўғрисидаги гап очилди. Бу воқеага подшо қандай муносабатда бўлгани ҳақида муҳокама юритдилар. Подшо онага жуда ачинибди, ҳамманинг ҳам онага раҳми келибди. Подшо қайғурган бўлса-да, лекин аскарий мундир шарафини ҳимоя қилган қотилга нисбатан қаттиққўллик қилишни истамаган экан, ҳамма буни эшитгани учун мундир шарафини ҳимоя қилган қотилга нисбатан мурувватли бўлиб қолди. Фақат енгилтабиат графиня Катерина Ивановнагина тап тортмай қотилни қоралади.

– Маст-аласт бўлишиб, эсли-ҳушли йигитларни ўлдириб юришади, мен бўлсам сира кечирмас эдим, – деди у.

– Мана шу гапингга тушунмайман, – деди граф.

– Мен айтган гапни икки дунёда тушунмаслигингни биламан, – деб гап бошлади графиня Нехлюдовга қараб, – эримдан бошқа ҳамма тушунади гапимга. Онасига жуда ачинганимни гапиравераман, бировни ўлдириб қўйиб мамнун бўлиб юришини истамайман.

Шунда графинянинг боядан бери жим ўтирган ўғли қотилнинг тарафини олди ва офицернинг бошқа иложи йўқлигини, акс ҳолда офицерлар суди билан полкдан қувиб чиқарилишини қўрслик билан гапириб онасига ҳужум қилди. Нехлюдов гапга аралашмай тинглаб ўтирди, илгари ўзи ҳам офицер бўлганидан, гарчи Чарскийнинг далилларига қўшилмаса-да, унга қойил бўлди, лекин шу билан бирга одам ўлдирган офицерни, турмада кўрган, жанжал устида бировни ўлдириб қўйгани учун каторгага ҳукм этилган чиройли маҳбус йигитга таққослади. Иккови ҳам мастлик билан одам ўлдирган. Анави мужик жаҳл устида одам ўлдирган ва бу жинояти учун хотинидан, оиласидан, қариндош-уруғларидан ажратилиб, оёқларига кишан солиниб, сочи қирилиб каторгага жўнатиляпти, буниси эса шинам уйда – гауптвахтада мазали овқат еб, винонинг яхшисини ичиб китоб ўқиб ўтирибди, бугун-эрта озод этилиб яна бояги-боягидек яшайверади, қайтага ҳамманинг эътиборини ўзига жалб этади.

Нехлюдов ўз фикрини айтди. Графиня Катерина Ивановна бошда жиянининг фикрига қўшилди-ю, лекин кейин жим бўлиб қолди. Нехлюдов шу гаплари билан ўзини назокатсизлик қилган кишидек ҳис этди, бошқалар ҳам шуни сезган эдилар.

Кечқурун, овқатдан бир оз кейинроқ, катта залга, худди лекция бўладигандек нақшинкор суянчиқли стуллар қатор қилиб терилди, стол ёнига кресло, яна воиз учун бир графин сув билан столча қўйилди. Шаҳарга келган Кизеветернинг ваъзини эшитиш учун одамлар тўплана бошлади.

Кўча эшиги олдида қимматбаҳо извошлар турарди. Қимматбаҳо нарсалар билан безалган залда шоҳи, барқут ва кружеваларга беланган, улама соч тақиб, белларини сириб қўйган хонимлар ўтиришарди. Аёллар орасида эркаклар – ҳарбийлар, фуқаро кийимидагилар ва бештача оддий одам: иккита қоровул, боққол, хизматкор ва извошчи бор эди.

Сочларига оқ оралаган бақувват Кизеветер инглиз тилида гапирар, рince-nez таққан ориққина ёш қиз тез ва яхши таржима қиларди.

У гуноҳларимизнинг катталиги ва шу гуноҳимизга яраша қаттиқ жазо тортишимиз муқаррарлиги, бу жазони кутиб ўтиравериш ярамаслигини гапирарди.

– Азиз опа-сингиллар, оға-инилар, ўзимиз, ўз турмушимиз, юриш-туришимиз, марҳаматли олло-таолонинг қаҳрини келтираётганимиз ва Исони азоблаётганимиз ҳақида ўйласак, гуноҳимиз зўрлигини, ҳалокатга маҳкум эканлигимизни, нажот йўқлигини англаймиз. Бизни даҳшатли ҳалокат, абадий азоб-уқубат кутади, – дерди у товуши қалтираб, йиғламсираб. – Қандай қилсак қутуламиз? Биродарлар, бу фалокатли ёнғиндан қутулиш йўли борми? Уйимиз ўт ичида қолган, нажот йўқ.

У бирпас жим бўлиб қолди, юзидан чинакам кўз ёшлар томиб туша бошлади. Саккиз йилдан буён, ўзига ёқиб қолган нутқининг шу жойига етганда ҳар гал ҳеч бир хатосиз, томоғига алланарса тиқилиб, бурни ачишганини ҳис этар, кўзидан ёш оқар ва шу кўз ёшлари ўзига кўпроқ таъсир этарди. Хонада пиқ-пиқ йиғлаган товушлар эшитила бошлади. Графиня Катерина Ивановна нақшинкор стол ёнида бошини икки қўли билан ушлаб ўтирар, унинг семиз елкалари титрарди. Извошчи гўё аравасининг шотиси тегиб кетган бўлса-да, ўзини четга олмаган немисга ҳайрон бўлгандай, така-пука бўлиб унга қараб турарди. Кўпчилик худди графиня Катерина Ивановна сингари вазиятда ўтирарди. Вольфнинг худди ўзига ўхшаган, яхши кийинган қизи икки қўли билан юзини беркитиб тиз чўкиб олган эди.

Нотиқ тўсатдан юзини очди ва артистлар шодликни ифода этган маҳалда пайдо бўладиган ҳақиқий табассумга ўхшаш бир жилмайиш юзида пайдо бўлди, мулойим ва ширали овоз билан гапира бошлади:

– Нажот бор. Мана ўша енгил ва қувончли нажот: биз учун ўзини минг бир азобга солган, Тангрининг яккаю-ягона ўғли Исонинг биз учун тўккан қони. У тортган азоб-уқубат, унинг қони бизни халос этади. Оға-инилар, опа-сингиллар, – деб мурожаат қилди у яна йиғламсираб, – инсон болаларининг гуноҳини ювиш учун яккаю-ягона ўғлини қурбон қилган олло-таолога шукур қилмоғимиз керак. Унинг қутлуғ қони…

Буларнинг ҳаммаси Нехлюдовга шу қадар жирканч ва ярамас кўриндики, у оҳиста ўрнидан турди-да, юзини бужмайтариб, хижолат тортганидан иҳраб юбормасликка ҳаракат қилиб, оёқ учида юриб чиқиб кетди, тўғри ўз хонасига қараб жўнади.

ХVIII

Эртасига Нехлюдов эндигина кийиниб бўлиб пастга тушмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, хизматкор москвалик адвокатнинг карточкасини олиб кирди. Адвокат бу ерга ўз иши билан келган, шу билан бирга, агар Маслованинг иши тез кунда кўриладиган бўлса, сенатда иш кўрилаётганда иштирок этмоқчи эди. Адвокат Нехлюдов юборган телеграмма бориб етмасдан йўлга чиққан экан. Ишнинг қачон кўрилишини ва сенаторларнинг кимлигини Нехлюдовдан эшитиб, адвокат жилмайиб қўйди.

– Сенаторларнинг учала типи ҳам бор экан, – деди у. – Вольф – петербурглик тўра, Сквовородников – ҳуқуқшунос олим. Бе эса амалиётчи ҳуқуқшунос, шунинг учун ҳам ҳаммасидан жонлироғи шу, – деди адвокат. – Ҳаммасидан кўра кўпроқ шунисидан умидвор бўлса бўлади. Хўш, шикоятлар комиссиясида аҳвол қалай?

– Бугун барон Воробьевнинг олдига бораман, кеча учраша олмадим.

– Воробьевнинг нега барон бўлганини биласизми? – деди адвокат Нехлюдов бу ажнабий унвоннинг бундай рус фамилиясига қўшиб масхараомуз оҳангда гапирганига жавобан. – Унинг буваси, назаримда, саройда камер – лакей бўлган. Қандайдир бир хизмати бадалига унга Павел шу унвонни берган. Бир хизмати билан манзур бўлган-да. Уни барон қиламан, деганим-деган. Шундай қилиб, Воробьев барон бўлиб қолган. Бу билан у жуда фахрланади. Ўзи учига чиққан муттаҳам.

– Шунинг олдига кетяпман, – деди Нехлюдов.

– Жуда соз, юринг бирга кетамиз. Мен извошда олиб бориб қўяман.

Нехлюдов чиқиб кетатуриб, даҳлизда Маriette-дан хат олиб келган лакейни учратди. Хат ушбу мазмунда эди: «Роur vous faire plaisir, j’аi аgi tout á fait contre mes principes, et j‘ai interecede auperes de mon mari pour votre protégée. Jl se trouve pue cette personne peut être relachée immediatement. Mon mari a ecrit au commandant. Venez donc чексиз. Je vous attend9696
  Сизни хурсанд қилмоқ учун ўз одатимга хилоф равишда ҳимоя қилаётган одамингиз ҳақида эрим билан гаплашдим. Маълум бўлишича, у аёл тезда озод этилиши мумкин экан. Эрим комендантга хат ёзди. Шундай қилиб, беғараз келинг. Кутаман сизни. М. (франц.)


[Закрыть]
M.»

– Кўряпсизми? – деди Нехлюдов адвокатга. – Жуда даҳшатли иш бу. Етти ойдан бери якка хонага қамаб қўйган аёллари бегуноҳ экан, уни озод этиш учун бир оғиз сўз кифоя.

– Ҳамма вақт аҳвол шу. Ҳар ҳолда муродингизга етдингиз-ку.

– Шундайу, лекин бу муваффақият мени хафа қиляпти. Бундан чиқди, бу ерда иш жуда расво экан-да! Шунча вақтдан бери нега қамаб қўйишган экан?

– Келинг, яхшиси бу ҳақда бош қотирмай қўя қолайлик. Демак, сизни олиб бориб қўяман, – деди адвокат улар пиллапояга чиқишганда. Шу чоқ адвокат кира қилган ажойиб бир извош пиллапояга яқинлашди. – Барон Воробьевникига борасиз-а?

Адвокат извошчига қаерга боришни айтди ва чиниққан отлар бирпасда барон яшаган уйга олиб келиб қўйди. Барон уйда эди. Биринчи хонада эгнига вицмундир кийган, бўйни узун, кекирдаги туртиб чиққан жуда енгил юрувчи ёш тўра билан иккита аёл бор эди.

Кекирдаги чиққан ёш тўра лип этиб, навозиш билан аёллар ёнидан Нехлюдов томонга ўтиб:

– Фамилиянгиз? – деб сўради.

Нехлюдов айтди.

– Барон сиз тўғрида гапирган эдилар. Ҳозир!

Ёш тўра ёпиқ эшикни очиб кириб кетди ва эгнига қора солган, йиғлаб кўзлари қизарган бир хотинни олиб чиқди. Аёл кўз ёшларини яшириш учун қоқшол қўллари билан ўртигини юзига туширди.

Ёш тўра шипиллаб кабинет эшиги олдига бориб тўхтади-да, уни очиб:

– Марҳамат қилсинлар, – деди Нехлюдовга.

Нехлюдов кабинетга кириб ўрта бўйли, сочлари калта қирқилган, сюртук кийган кишига рўпара бўлиб қолди. Катта ёзув столи ёнида тўғрига қараб ўтирган одамнинг чеҳраси очиқ эди. Оппоқ мўйлов, соқол босган қип-қизил юзи Нехлюдовни кўриш билан жилмайди.

– Сизни кўрганим учун беҳад хурсандман. Онангиз билан эски қадрдон, дўст эдик. Сизни ёш болалигингизда, кейин офицерлигингизда кўрганман. Келинг, ўтиринг, хўш хизмат? «Э, ҳа» деб қўярди у, Нехлюдов Федосья воқеасини ҳикоя қилар экан, оппоқ сочи олинган бошини чайқаб. – Гапираверинг, гапираверинг, ҳаммасига тушундим: ҳақиқатан ҳам кучли таъсир қиладиган воқеа. Хўш, шикоят аризаси ёзиб топширдингизми?

– Аризани тайёрлаб қўйдим, – деди Нехлюдов чўнтагидан олаётиб. – Лекин бир нарсани сиздан илтимос қилмоқчи эдим, бу ишга алоҳида эътибор билан қаралса, деб умид қиламан.

– Яхши қилибсиз. Албатта, ўзим ахборот бераман, – деди барон дилхуш чеҳрасида ачиниш аломатини ўхшовсиз ифодалаб, – жуда таъсирли. Аёл жуда ёш бўлган бўлса керак, эри у билан дағал муомала қилган бўлса, кўнгли совиган, энди вақти келиб, яна муҳаббат қўйишган… Ҳа, ўзим ахборот бераман.

– Граф Иван Михайлович малика ойимдан илтимос қиламан деятувдилар.

Нехлюдов бу сўзларни айтиб улгурмасиданоқ бароннинг юзидаги ифода ўзгарди.

– Хуллас, аризангизни маҳкамага топширинг, мен қўлимдан келган ёрдамни аямайман, – деди у Нехлюдовга.

Шу маҳал хонага олифтачасига қадам ташлаб ёш тўра кирди.

– Бояги хоним яна икки оғиз сўзим бор деяпти.

– Майли, чақиринг. Эҳ, mon cher, бу ерда озмунча кўз ёши кўрасанми киши, қани энди ҳаммасининг дардига малҳам бўла олсанг! Қўлингдан келганини қиласан.

Аёл кирди.

– Мен қизини бериб юборишига йўл қўймаслигингизни илтимос қилишни унутибман, бўлмаса, ҳаммасига…

– Хўп, қиламан дедим-ку.

– Барон, худо ҳақи, онани халос қилган бўласиз.

Аёл унинг қўлига ёпишиб ўпа бошлади.

– Хўп, айтганингизни қиламан.

Аёл чиқиб кетгач, Нехлюдов ҳам хайрлашишга чоғланди.

– Қўлдан келган ёрдамни қиламиз. Адлия министрлиги билан ёзишамиз. Улардан жавоб келгач, нимаики мумкин бўлса, ҳаммасини қиламиз.

Нехлюдов хонадан чиқиб идорага ўтди. Яна, худди сенатдаги каби, серҳашам бинода серҳашам, озода, назокатли, кийимидан тортиб гапларигача жиддий ва дабдабали, мулойим тўраларни кўрди.

«Мунча кўп булар, нақадар кўп, ҳаммалари ҳам ҳирсдан тўқ, кийимлари, қўллари тоза, ҳаммасининг этиги нега мунча ярқирайди, шуларни ким тозалайди? Қамоқдагиларгина эмас, ҳатто қишлоқдагиларга қараганда ҳам нақадар яхши кун кўришади», – деб ўйлади Нехлюдов яна беихтиёр.

XIX

Петербургдаги маҳбусларнинг қисматини енгиллатиш қўлидан келадиган киши – кўкраги орден билан тўлган, хизмат кўрсатган, лекин, одамларнинг айтишига қараганда, ақлдан озган, немис баронларидан чиққан кекса генерал эди. У оқ хочдан бошқа орденини тақмас эди. Мана шу ўзига айниқса манзур бўлган хочни Кавказда хизмат қилган пайтида олган эди. Ўшанда сочи олиниб, эгнига мундир кийгазилган, милтиқ ва найзалар билан қуроллантирилган рус мужиклари ўз озодлиги, ўз уйлари, оилаларини ҳимоя қилган мингдан ортиқ одамни унинг бошчилигида қириб ташлаган эди. Кейин у Польшада хизмат қилди. Бу ерда ҳам у рус деҳқонларини турли жиноятлар қилишга мажбур этган ва шу хизмати учун яна орденлар ва мундирига янги безаклар олган эди, кейин яна аллақаерда хизмат қилди ва эндиликда қартайиб қолган чоғида яхши уй-жой, таъминот ва иззат-ҳурматга эриштирган мана шу ҳозирги мансабни эгаллади. У юқоридан берилган фармойишларни айнан бажарар ва шу иш билан фахрланарди. Юқоридан келган фармойишларга алоҳида аҳамият берар, дунёда бошқа ҳар қандай нарсани ўзгартирса бўлади-ю, фақат юқоридан берилган буйруқни ўзгартириб бўлмайди деб ҳисобларди. Унинг вазифаси эркак ва аёл сиёсий жинояткорларни зиндон ва бир кишилик хоналарда қамоқда тутишдан иборат эди. Буларни у шундай асраши керак эдики, ўн йил давомида бу одамларнинг ярми, қисман ақлдан озиб, қисман сил бўлиб ўлиб кетар, қисман ўз-ўзини ўлдирар: баъзилари ўзларини оч қўйиб, баъзилари шиша билан томирларини кесиб, баъзилари ўзини осиб, яна бир хиллари ўзини ўтга ташлаб ўлиб кетар эдилар.

Кекса генерал шуларнинг ҳаммасини билар эди. Шуларнинг ҳаммаси унинг кўзи олдида юз бериб турарди. Лекин шунга қарамай, яшин, тошқин ва ҳоказолар натижасида рўй берган бахтсизликлардан виждони азобланмагандек, бундай ҳодисалардан кейин ҳам виждон азобига учрамасди. Бу ҳодисалар юқоридан, император номидан берилган буйруқларни амалга ошириш натижасида рўй берарди. Лекин бу фармойишлар ҳеч сўзсиз амалга оширилиши керак эди. Шунинг учун ҳам буларнинг оқибати нима бўлади, деб бош қотиришнинг фойдаси йўқ эди. Кекса генерал бундай нарсалар устида ўйлаб ўтиришни ўзига эп кўрмасди, ўз фикрича жуда муҳим бўлган вазифаларнинг бажарилишида сусткашлик кўрсатмаслик учун бу ҳақда ўйламас, буни ўзининг ватанпарварлик ва солдатлик бурчи ҳисоблар эди.


Кекса генерал вазифаси юзасидан ҳафтада бир ҳамма қамоқхоналарни айланар, маҳбуслардан, нима илтимосингиз бор деб сўрарди. Маҳбуслар унга ҳар турли илтимослар билан мурожаат қилишарди. Маҳбусларнинг илтимосини хотиржам туриб, миқ этмай тинглар, лекин ҳеч қачон жойига етказмас эди. Чунки бутун илтимослар қонунга тўғри келмайдиган гаплардан иборат эди.

Нехлюдов кекса генерал яшайдиган жойга яқинлашганда минорадаги соатларнинг куранти қўнғироқчаларини жингиллатиб: «Коль славен бог» куйини чалди-да, кейин икки марта жом урди. Курант товушини тинглар экан, Нехлюдов, декабристларнинг хотираларида ўқиганларини беихтиёр эслади, уларда ҳар соат такрорланадиган бу ёқимли куй абадий маҳбусларнинг кўнглига қандай таъсир қилиши ёзилган эди. Нехлюдов кекса генералнинг дарвозасига етиб келган пайтда у қоронғи меҳмонхонада ёшгина рассом йигит билан (қўли остида ишлайдиганлардан бирининг укаси билан) садаф қадаб нақш солинган стол ёнида ўтириб, қоғоз устига қўйилган тақсимчани айлантирарди. Рассом нозик, терлаб турган ингичка бармоқларини кекса генералнинг қаттиқ, бўғинлари қотиб кетган, ажин босган бармоқлари орасига қўйган эди. Мана шу бирлашган қўллар тўнтарилган тақсимча билан бирга алифбедаги ҳамма ҳарфлар ёзилган бир варақ қоғоз устида айланарди. Тақсимча генералнинг, одамлар ўлгандан кейин уларнинг руҳлари бир-бирини қандай қилиб таниб олади, деган саволига жавоб берарди.

Камердинерлик9797
  Камердинер – дворянларнинг шахсий хизматкорлари.


[Закрыть]
вазифасини ўтаётган деншчиклардан9898
  Деншчик – офицер, генералларнинг шахсий хизматкори бўлган солдат.


[Закрыть]
бири Нехлюдовнинг карточкасини кўтариб кирганда тақсимча воситаси билан Жанна д‘Аркнинг руҳи гапираётган эди. Жанна д‘Аркнинг руҳи ҳарфма-ҳарф қилиб: «Бир-бирларини таниб оладилар», деган сўзларни айтиб бўлган эди, буни ёзиб қўйдилар. Деншчик кириб келган маҳалда тақсимча бир гал «р», кейинги гал «у» ҳарфларида тўхтаб, кейин «ҳ» ҳарфига келганда у ёқдан бу ёққа сурила бошлади. Тақсимча шунинг учун ҳам сурилар эдики, генералнинг фикрича, «ҳ» ҳарфидан кейин «е» ҳарфи келиши керак эди, яъни унинг фикрича, Жанна д‘Арк, руҳ ер юзидаги нарсалардан халос бўлганларидан сўнггина бир-бирини танийди демоқчи ва шунинг учун ҳам кейинги ҳарф «е» ҳарфи бўлиши керак деб ҳисобларди. Рассом эса, «ҳ»дан кейинги ҳарф «н» бўлади деб ўйлар, унинг назарида, руҳлар бир-бирини шаффоф жисмларининг нуридан таниб олади деб айтмоқчи, деб ҳисобларди. Генерал оқарган қуюқ қошларини чимириб, қўлига тикилиб қарар ва тақсимча ўз ҳолича ҳаракатга келяпти, деб ўйлаб, уни «е» ҳарфи томон сурарди. Сийрак сочларини қулоғининг орқасига қилиб тараган рангпар ёш рассом сўник кўк кўзларини меҳмонхонанинг қоронғи бурчагига тикиб, асабийларча лабларини шивирлатиб тақсимчани «н» ҳарфига қараб сурарди. Генерал машғулотига халал берганлари учун юзини буриштириб қўйди-да, бир дақиқалик сукутдан кейин карточкани олди, рince-nez-ини тақди, йўғон белининг оғриганидан инқиллаб, баланд қаддини ростлаб, увишиб қолган бармоқларини ишқалай-ишқалай ўрнидан турди.

– Кабинетга таклиф қил.

– Жаноби олийлари, ижозат берсангиз, ўзим тугатсам, – деди рассом ўрнидан тураётиб, – руҳнинг шу ердалигини сезиб турибман.

– Майли, тугата қолинг, – деди генерал жиддий суратда қатъий қилиб, сўнгра салмоқли қадам ташлаб кабинет томон юрди. – Хуш келибсиз, – деди генерал Нехлюдовга ширин сўзларни қўпол товуш билан гапириб. Нехлюдовни ёзув столи ёнидаги креслога ўтиришни таклиф этди, – Петербургга келганингизга кўп бўлдими?

Нехлюдов яқиндагина келганини айтди.

– Онангиз, княгиня соғ-саломатмилар?

– Онам вафот этган.

– Кечирасиз, кўп ёмон бўлибди, эсиз-эсиз. Ўғлим сизни учратганини айтувди.

Генералнинг ўғли ҳам худди отаси сингари мансабда кўтарилиб келаётган эди. У ҳарбий академияни тугатгандан кейин разведка бюросида хизмат қилар ва ўша ерда зиммасига топширилган вазифалар билан фахрланарди. Унинг вазифаси айғоқчиларга раҳбарлик қилишдан иборат эди.

– Отангиз билан бирга ишлаганман, ўртоқ эдик, дўст эдик. Хўш, хизматдамисиз?

– Йўқ, ишламайман.

Генерал маъқулламагандек бошини эгиб қўйди.

– Сиздан илтимосим бор, генерал, – деди Нехлюдов.

– Мамнуният билан. Хўш, нима хизмат?

– Агар илтимосим ноўрин бўлса, марҳамат қилиб, мени афв этинг. Лекин айтиб ўтишим жуда зарур.

– Ўзи нима гап?

– Крепостда Гуркевич деган одам қамалиб ётибди. Унинг онаси ўғли билан учрашувга ёки ҳеч бўлмаганда китоб бериб туришга ижозат сўрайди.

Нехлюдовнинг саволига генерал на мамнунлик билдирди ва на норозилик. У худди ўйлаётган кишидек бошини ён томонга эгиб, кўзини юмиб олди. Лекин аслида у ҳеч нарсани ўйламас, ҳатто Нехлюдовнинг саволига қизиқмас ҳам эди, чунки ўзининг қонунга асосан жавоб қайтаришини биларди. Ҳозир генерал ҳеч нарсани ўйламай миясига дам берарди, холос.

– Бу менинг қўлимда эмас, – деди у бир оз дам олгач, – учрашув ҳақида зоти олий томонидан тасдиқланган низом бор, ўша ерда нимаики рухсат этилса, ўшанга ижозат бор. Китоб масаласига келсак, ўзимизнинг кутубхонамиз бор, ижозат этилган китобларни уларга бериб туришади.

– Лекин унга илмий китоблар керак: у мутолаа қилмоқчи.

– Ишонманг уларга, – генерал жим бўлиб қолди. – Мутолаа қилиш эмас, шунчаки бесаранжомлик.

– Нима қилишсин бўлмаса, шундай оғир шароитда бир иш қилиб вақтни ўтказишлари керак-ку ахир, – деди Нехлюдов.

– Улар ҳамма вақт нолишади, – деди генерал, – биламиз. – Генерал маҳбусларни, умуман, инсонларнинг аллақандай энг ёмон нави деб билгандек гапирди. – Бу ерда уларга шундай яхши шароит туғдирилганки, қамоқ жойларда бунақа шароит камдан-кам топилади, – деб гапини давом этди генерал.

Генерал ўзини оқламоқчи бўлгандай, маҳбусларга туғдирилган қулайликлар ҳақида гапира бошлади. Гўё бу муассасанинг асосий мақсади маҳбусларга яхши истиқоматгоҳ тайёрлаб беришдан иборат эмиш.

– Илгари ҳақиқатан ҳам анча оғир эди, лекин ҳозир шароит бирмунча яхши. Улар уч маҳал овқат ейишади, биттаси, албатта, гўштли: битки ёхуд котлет бўлади. Якшанба кунлари яна ширинлик қўшилади. Қани энди, ҳамма рус кишисига ҳам шундай овқатланишни худо насиб этса.

Генерал барча кекса одамлар сингари битта гапни ушлаб олиб, маҳбусларнинг талабчанлиги ва ношукурлиги ҳақидаги гапларини зўр бериб такрорларди.

– Уларга диний китоблар ҳам, эски журналлар ҳам бериб турилади. Кутубхонамизда тегишли китоблар бор. Лекин жуда кам ўқишади. Аввалига қизиққандай бўлишади-ю, лекин янги китоблар ярмига бориб шундай кесилмасдан қолиб кетаверади, эскилари варақланмай қолиб кетади. Биз атайлаб китоб орасига қоғоз солиб қўйиб ҳам кўрдик, – деди генерал, унинг юзида табассумга ўхшамаган ғалати ифода кўринди, – қандай қўйилган бўлса шундай ётаверади. Уларга ёзиш ҳам ман қилинмайди, – деб давом этди генерал. – Эрмак қилиб ёзишиб ўтиришсин деб тош тахта билан тош қалам ҳам берилади. Ўчириб ташлаб яна ёзаверишлари мумкин. Йўқ, ёзишмайди. Кўп ўтмай жуда хотиржам бўлиб қолишади. Дастлаб ҳаяжонланиб юришади, лекин бора-бора семириб, жуда ювош бўлиб қолишади, – дерди генерал айтаётган гапининг нақадар даҳшатли эканини билмай.

Нехлюдов унинг қариларга хос хириллаган товушини тинглар, унинг қотиб қолган бадан аъзоларига, оқарган қошлари тагидаги сўник кўзларига, соқоли олинган, кексаликдан салқиб тушган, қотирма ёқага тегиб турган лунжларига, унинг оқ хочига қараб қолган эди. Бу одам шу оқ хочни тош кўнгил бўлгани, беҳисоб кишиларнинг ёстиғини қуритгани учун олгани билан фахрланарди. Нехлюдов бу одамга эътироз билдириш, унинг сўзларининг мазмунини тушунтиришнинг бефойдалигини биларди. Аммо шунга қарамай, Нехлюдов ўзини мажбур этиб, иккинчи иш ҳақида, Шустова деган маҳбус аёл ҳақида сўради. У Шустовани озод қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилганини эшитган эди.

– Шустова дейсизми? Шустова… Ҳаммасининг оти эсимда эмас. Ахир улар шу қадар кўпки, – деди у бунчалик кўпайишиб кетишгани учун маҳбуслардан ёзғиргандек. У қўнғироқ чалиб, иш бошқарувчини чақиришни буюрди.

Иш бошқарувчини чақириб келишгунча кекса генерал Нехлюдовга, хизматга кириш керак, деб насиҳат қилди.

– Виждонли, олижаноб одамлар, – деди генерал ўзини ҳам шундайлардан деб ҳисоблаб, – подшога, – жумлани бежаш учун, – «ҳамда ватанга» керак, – деб қўшиб қўйди. – Мана мен қариб қолдим, лекин шунга қарамай, кучим етганча хизмат қилиб ётибман.

Ақлли кўзлари жовдираб турган, қотмадан келган ишбошқарувчи келди-да, Шустова қандайдир ғалати истеҳкомда сақланаётганини, у тўғрида ҳеч қандай қоғоз олинмаганини айтди.

– Олган кунимизнинг ўзидаёқ бўшатиб юборамиз. Уларни ушлаб турмаймиз, уларни деб кўзимиз учаётгани йўқ, – деди генерал яна жилмайишга уриниб. Бу табассум унинг кекса юзини қийшайтириб юборарди.

Нехлюдов шу мудҳиш чолга нисбатан кўнглида уйғонган таассуф аралаш нафрат ҳиссини босишга уриниб ўрнидан турди. Чол ҳам ўртоғининг енгилтак ва адашган ўғлига нисбатан қаттиқ муомалада бўлмай, панд-насиҳат қилиш керак деб ўйларди.

– Хайр, азизим, мендан койиманг, азбаройи яқин кўрганимдан гапиряпман. Бизда қамалиб ётган одамлар билан алоқа қилманг. Гуноҳсизлари йўқ. Энг ахлоқсиз одамлар шулар. Биз биламиз-ку, ахир буларни, – деди у шубҳага ўрин қолдирмайдиган оҳангда. У ҳақиқатан ҳам бунга шубҳаланмас эди. Аҳвол худди ўзи айтганидек бўлгани учун эмас, йўқ. Агар у шундай эмас дейдиган бўлса, ўзини қарилик чоғини муносиб равишда ўтказаётган олижаноб қаҳрамон деб эмас, виждонини сотган ва ҳамон виждонини сотиб келаётган олчоқ одам деб ҳисоблаши керак бўларди. – Яхшиси хизматга киринг, – деб давом этди у. – Подшоҳга… ҳамда ватанга, – деб қўшиб қўйди у, – виждонли одамлар керак. Агарда мен ҳам, бош қалар ҳам сизга ўхшаб хизмат қилмаса нима бўларди? Ким хизматда қоларди? Тартибларни танқид қиламизу, лекин ҳукуматга ёрдам қилишни истамаймиз.

Нехлюдов чуқур тин олди, энгашиб таъзим қилди-да, лутфан узатилган каттакон суякдор қўлни сиқиб, хонадан чиқди.

Генерал унинг қилиб юрган ишларини маъқулламагандек, бош чайқаб қўйди, белини ишқай-ишқай, яна рассом кутиб ўтирган меҳмонхонага қараб кетди. Рассом Жанна д‘Аркнинг руҳидан олган жавобини аллақачон ёзиб қўйган эди. Генерал рinse-nez тақди-да: «Бир-бирларини шаффоф жисмлардан таралаётган нурдан танийдилар», деб ўқиди.

Генерал жавобни маъқуллагандай:

– Ҳа, – деб қўйди кўзини юмиб, – ҳаммасининг нури бир хил бўлса, қандай таниб бўлади? – деб сўради у, кейин яна рассом билан бармоқларини чалмаштириб стол ёнига ўтирди.

Нехлюдовнинг извоши дарвозадан чиқа бошлади.

– Хосияти йўқ жой экан, бегим, – деди извошчи Нехлюдовга юзланиб. – Кутмасдан кетиб қолмоқчи ҳам бўлдим.

Нехлюдов унинг гапини тасдиқлаб:

– Ҳа, жуда хосиятсиз жой, – деди-да, кўкрагини тўлдириб нафас олиб, кўкда сузиб юрган кўкиш булутларга ва Невадаги қайиқ ва пароходларнинг ҳаракатидан юзага келган жимир-жимир тўлқинларга кўз тикиб ором олди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации