Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XLVIII

Масловани бошлаб келган назоратчи столдан нарироқдаги дераза токчасига ўтирди. Нехлюдов учун ҳал қилувчи пайт келган эди. У, ўша биринчи учрашувда, Масловага энг муҳим гапни – унга уйланмоқчи эканини айтмагани учун зўр бериб ўзини ўзи койир эди. У ҳозир ўша гапларни айтишга қатъий қарор қилди. Маслова столнинг нариги томонида ўтирарди. Нехлюдов унинг рўпарасига келиб ўтирди. Хона ёруғ эди. Нехлюдов шундай яқиндан туриб унинг юзини, кўзи атрофидаги ажинларини, қовоқларининг шишинқираганини биринчи марта кўрди, Масловага аввалгидан баттар раҳми келиб кетди.

Нехлюдов дераза ёнида ўтирган, соқолига оқ оралаган, жуҳуд башара назоратчи гапимни зшитмасин деб қўлини столга тираб, фақат Маслова эшитадиган қилиб гапира бошлади:

– Агар бу аризамизнинг натижаси яхши чиқмаса, олий ҳазратларига ариза берамиз. Иложи борича ҳаракат қиламиз.

– Бошида адвокат дуруст бўлганида эди… – деди унинг гапини бўлиб Маслова. – Қаёқдаги бир тентак ҳимоячига рўпара бўлиб қолдим. Менга гап отишдан бошқани билмайди, – деди-да кулиб юборди. – Сизга таниш эканлигимни ўшанда билишганда ҳам бошқачароқ бўларди. Бўлмаса мени ўғри деб ўйлашади.

«Бугун жуда ғалати-я», – деб ўйлади Нехлюдов. Энди гапирмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, Маслова яна гапира бошлади.

– Бир гапим бор эди. Бизда битта кампир бор, биласизми, ҳамма ҳайрон. Шундай яхши кампирки, бегуноҳдан бегуноҳ ўтирибди – ўзиям, ўғлиям; бегуноҳлигини ҳамма билади, уларни эса ўт қўйишда айблашиб, қамаб қўйишибди. Ўша кампир менинг сиз билан танишлигимни эшитиб қолибди, – деди Маслова бошини қимирлатиб, унга қараб қўйиб, – энди десангиз: «Унга айт, ўғлимни чақиртиришсин, ҳаммасини гапириб беради», деяпти. Уларнинг фамилияси Меньшов. Нима, ёрдам қиласизми? Шундай ажойиб кампирки, қўяверасиз, бекордан-бекорга ўтиргани кўриниб турибди. Айланай, бир ҳаракат қилиб кўринг, – деди Маслова унга бир қараб олиб, кўзини ерга тикиб жилмаяр экан.

Нехлюдов Маслованинг бетакаллуф гаплашаётганига ҳайрати ортиб:

– Хўп, суриштириб биламан, ҳаракат қиламан, – деди. – Аммо ҳозир сиз билан ўз ишим ҳақида гаплашмоқчи эдим. Ўтган гал гапирган гапларим эсингиздами? – деди.

– Жуда кўп гапирдингиз. Айтгандек, ўтган гал нима девдингиз? – деди у ҳамон жилмаяр экан, бошини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўгириб.

– Сиздан афв сўраб келдим, деган эдим, – деди Нехлюдов.

– Нуқул афв эт, афв эт дейсиз, нима кераги бор шу гапларнинг… ундан кўра…

– Гуноҳимни юваман деган эдим, – деб давом этди Нехлюдов. – Сўз билан эмас, иш билан кўрсатмоқчиман буни. Сизга уйланмоқчиман.

Маслованинг юзида қўрқув аломати пайдо бўлди. Ғилай кўзлари бир нуқтага тикилиб қолди, унга қараётганини ҳам, қарамаётганини ҳам пайқаб бўлмасди.

– Бунинг нима кераги бор яна? – деди у жаҳл билан қовоғини солиб.

– Худо олдида шундай қилишим кераклигини ҳис этиб қолдим.

– Яна қанақа худо топиб олдингиз? Нуқул аллақаёқдаги гапларни гапирасиз-а. Худо дейсизми? Қанақа худо? Ундан кўра ўшанда худони ёд қилсангиз бўлмасмиди, – деди-да, оғзини очганича тўхтаб қолди.

Фақат шундагина Нехлюдов унинг оғзидан вино ҳиди келаётганини ҳис қилди ва Катюшанинг ҳаяжонланаётганининг сабабини тушунди.

– Бир оз тинчланинг, – деди Нехлюдов.

Маслова тўсатдан бидирлаб гапира бошлади:

– Тинчлан эмиш. Мени маст деб ўйлаяпсанми? Ҳа, мастман, лекин оғзимдан чиққан гапни билиб турибман, – деди у қип-қизариб кетиб, – мен каторгачиман, мен… сиз бўлсангиз бексиз, князь, мени хотин қилиб ўзингни булғаб нима қиласан? Бор, ўша княжналаринг олдига, менинг нархим – бир червон.

– Ҳар қандай қаттиқ гапирсанг ҳам, мен ҳис этган нарсаларни айта олмайсан, – деди аста Нехлюдов титраб кетиб, – сенинг олдингда гуноҳкор эканлигимни қай даража ҳис этаётганимни хаёлингга ҳам келтира олмайсан!..

– Гуноҳкорлигимни ҳис этаман эмиш, – деди Маслова жаҳл аралаш мазах қилиб. – Ўшанда юз сўмни қистирганингда ҳис этмагандинг-ку, ма, ол, сенинг нархинг шу деб…

– Биламан, биламан, энди нима қилай? – деди Нехлюдов. – Энди сени ташлаб кетмасликка қарор қилдим, – такрорлади у, – айтганимнинг устидан чиқаман.

– Устидан чиқиб бўпсан, – деди-да, у қаттиқ кулиб юборди.

– Катюша! – деди Нехлюдов унинг қўлига тегиб.

– Қоч, тегма. Мен каторгачиман, сен князсан, бу ерда сенга нима бор, – деб қичқирди у қўлини тортиб олиб. Жаҳли чиққан Маслова тамом ўзгариб кетган эди. – Сен мени орқа қилиб қутулиб қолмоқчисан-да, – деб давом этди у кўнглига келган гапларни айтиб солиш учун шошиб. – Бу дунёда мендан лаззатланган эдинг, энди нариги дунёда ҳам мен орқали роҳат кўрмоқчимисан! Ўзингни ҳам, кўзойнагингни ҳам, семиз наҳс башарангни ҳам кўрарга кўзим йўқ. Йўқол, йўқол кўзимдан! – деб қичқирди Катюша ирғиб туриб.

Назоратчи улар ёнига келди.

– Нега жанжал қиляпсан? Бу нима қилиқ…

– Қўйинг, аралашманг, – деди Нехлюдов.

– Ўзини тутсин-да, – деди назоратчи.

– Хўп, хўп, ҳозир, – деди Нехлюдов.

Назоратчи яна дераза томон кетди.

Маслова жойига ўтириб, кўзини ерга тикди, бармоқларини чалиштириб кичкинагина қўлларини қовуштириб олди.

Нехлюдов нима қиларини билмай унинг тепасида турарди.

– Менга ишонмаяпсан, – деди у.

– Уйланаман дейсиз, лекин икки дунёда бу ниятингизга етолмайсиз. Сизга теккандан кўра, ўзимни осиб ўлдираман! Вассалом.

– Барибир хизматингда бўламан.

– Билганингизни қилинг. Фақат менга ҳеч нарсангиз керак эмас. Гапнинг очиғи шу, – деди у. – Нега ўша маҳалда ўлиб кетмаган эканман-а? – деб қўшиб қўйди у ва ўксиб йиғлаб юборди.

Нехлюдовнинг тили гапга келмай қолди. У Маслованинг кўз ёшларини кўриб қаттиқ таъсирланиб кетган эди.

Маслова бошини кўтариб унга қаради-да, ҳайрон бўлгандек, юзидан оқиб тушаётган кўз ёшларини дурраси билан арта бошлади.

Назоратчи яна уларнинг олдига келди, вақт тугаганини эслатди. Маслова ўрнидан турди.

– Ҳозир асабийлашиб турибсиз. Агар хўп десангиз, эртага келаман. Унгача сиз бир ўйлаб кўрарсиз, – деди Нехлюдов.

Маслова жавоб қайтармади, унга қарамасдан назоратчи кетидан чиқиб кетди.

Маслова камерага қайтиб киргач:

– Ишларинг энди беш, – деди Кораблева. – Сенга ошиқи беқарор бўлиб қолганга ўхшайди; вақти ғаниматда фойдаланиб қол. Ишингни тўғрилаб беради. Бойларнинг қўлидан ҳар иш келади.

– Гапнинг очиғиям шу, – деди қоровул кампир жарангдор овоз билан. – Камбағалнинг қўли қисқа, бадавлат одамнинг оғзидан чиққани тиллодан битади – бизда худди шунақа бир мўътабар одам шундай бир иш қилдики, жонгинам… .

– Хўш, менинг ишим тўғрисида гаплашдингми? – деб сўради кампир.

Аммо Маслова дугоналарига жавоб қилмади. У кўзларини бир бурчакка тикканича кечгача ётди. Унинг кўнглида оғир кураш борарди. Нехлюдов айтган гаплар у азоб чеккан ва кейин тушунмасдан, нафратланиб ташлаб чиқиб кетган оламни яна хотирига туширган эди. Маслова илгари ҳаммасини унутиб юборган бўлса, ҳозир ўша ҳолатидан уйғонган эди. Ўша бўлиб ўтган нарсалар эсида равшан сақланиб қолар экан, яшаш жуда оғир эди. Кечқурун у яна вино сотиб олди ва дугоналари билан бирга роса ичди.

XLIX

Нехлюдов қамоқхона дарвозасидан чиқар экан, бутун қилган қилмиши нақадар зўр гуноҳ эканлигини фақат шу тобдагина чуқур англаб: «Э, ҳали шунақа экан-да… Шунақа экан-да…» – деб ўйларди. Агар у қилган гуноҳини ювмоқчи бўлмаганда эди, ўша ўз қилмишлари нақадар зўр жиноят эканлигини англамаган бўларди; у ҳам майли-я, Маслова ҳам ўзига ўтказилган жабрни ҳис этмаган бўларди. Мана энди ҳаммаси юзага чиқиб, бутун даҳшати билан намоён бўлди. Бу хотиннинг кўнглини вайрон қилганини Нехлюдов энди пайқади, Маслованинг ҳам энди кўзи очилди, эндигина тушунди. Илгари Нехлюдов ўзининг тавба қилаётганидан завқланаётган бўлса, энди бу ҳол уни даҳшатга соларди. Масловани энди ташлаб кета олмас, буни у ҳис этарди, аммо шу билан бирга, Масловага бўлган муносабатидан нима келиб чиқишини тасаввур эта олмас эди.

Эшикдан чиқиб кетаётганида Нехлюдовнинг ёнига хоч ва медаллар таққан, ёқимсиз, кўринишидан муғамбир назоратчи келди-да, яшириқча хат берди.

– Бир аёлдан, сиз жаноб олийларига… – деди у Нехлюдовга узата туриб.

– Қанақа аёл?

– Ўқисангиз биласиз. Сиёсий маҳбус. Мен ўшаларга қараб тураман. Шу хатни мендан илтимос қилган эди. Бунга ижозат берилмаса-да, одамгарчилик юзасидан… – деди ясама овоз билан назоратчи.

Нехлюдов сиёсий маҳбусларни кузатиб туриш учун қўйилган назоратчининг қамоқхонанинг ўзгинасида, ҳамманинг кўз олдида хат бераётганига жуда ҳайрон қолган эди; у маҳалларда Нехлюдов бу кишининг ҳам назоратчи, ҳам айғоқчи эканлигини билмас эди. Шундай қилиб, у хатни олди ва турмадан чиққач ўқиди. Эпчиллик билан, қаттиқлик белгиси қўйилмай ёзилган ушбу хатда қуйидагиларни ўқиди: «Сизнинг, бир жиноий маҳбус аёлнинг тақдири билан қизиқиб, қамоққа келиб турганингизни эшитиб, сиз билан учрашгим келиб қолди. Мен билан учрашувни илтимос қилинг. Сизга рухсат беришади, мен ҳимоянгиз остидаги одам учун ҳам, бизнинг гуруҳимиз учун ҳам муҳим нарсаларни айтаман. Сиздан мингдан-минг миннатдор Вера Богодуховская».

Вера Богодуховская бир вақтлар Нехлюдов ўртоқлари билан айиқ овига бориб қолган узоқ Новгород губерниясида муаллималик қиларди. Шу ўқитувчи қиз, курсга ўқишга жўнаб кетиш учун пул беришини сўраб Нехлюдовга мурожаат қилган эди, Нехлюдов унга керакли пулни берган, кейин уни унутиб юборганди. Энди билса, ўша хоним сиёсий жинояткор бўлиб чиқибди, қамалибди. Мана энди у шу ерда Нехлюдов воқеасини эшитиб, унга ўз хизматини тавсия этаётган эди. У вақтларда ҳамма нарса нақадар енгил ва осонликча битар эди. Эндиликда, ҳаммаси оғир ва мураккаб. Нехлюдов қувонч билан ўша вақтларни ва Богодуховская билан танишганини эслади. Бу воқеа темир йўлдан олтмиш чақиримча ичкариликда, масленица арафасида бўлиб ўтган эди. Ов жуда яхши ўтиб, иккита айиқни ўлдиришган, энди овқатланиб бўлиб, жўнаб кетамиз деб туришганда, улар тушган уй эгаси кириб келиб, дьяконнинг қизи келганини ва князь Нехлюдов билан кўришмоқчилигини айтди.

– Ўзи яхшигинами? – деб сўради аллаким.

– Қўйинглар-э! – деди Нехлюдов, юзига жиддий тус берди-да, оғзини артиб ўрнидан турди. Кейин дьяконнинг қизига нега керак бўлиб қолганига ҳайрон бўла-бўла, мезбоннинг уйига қараб кетди.

Хонада намат шляпа, пўстин кийган, қотмадан келган, хунуккина қиз турарди. Унинг керилган қошлари остидаги кўзларигина чиройли эди.

– Мана, Вера Ефремовна, гаплаш энди булар билан, – деди уй эгасининг кампири, – князь шу киши бўладилар, мен чиқиб кета қолай.

– Хизмат? – деди Нехлюдов.

– Мен… мен… Сиз жуда бойсиз, бўлмағур нарсаларга, овга пул харжлайсиз, биламан, – деб гап бошлади қиз хижолат тортиб, – менга эса фақат бир нарса керак – одамларга фойда келтиришни хоҳлайман-у, лекин ҳеч нарса чиқара олмайман. Нимага деганда, ҳеч нарса билмайман.

Қизнинг кўзлари ростгўй, мулойим эди. Унинг бутун қиёфаси, ҳам қатъийлиги, ҳам тортинчоқлиги шу қадар таъсир этдики, Нехлюдов (унда шундай аҳвол юз бериб турарди), бирдан қизнинг аҳволига ўзини қўйиб кўрди-да, илтимосига тушунди, раҳми келди.

– Мендан нима истайсиз?

– Мен муаллимаман, курсга киргим келади-ю, лекин мени юборишмаяпти. Йўқ, улар-ку юборишга юборишяпти-ю, лекин пул керак. Менга пул бериб туринг, курсни тугатганимдан кейин тўлайман. Бадавлат кишилар айиқ ўлдиришади, мужикларни ичириб маст қилишади – назаримда бўлмағур иш булар. Бир яхшилик қилишса нима бўлибди? Менга фақат саксон сўм керак. Бермасангиз бермай қўя қолинг, менга барибир, – деди у жаҳл билан.

– Нега энди, иона қилишга қулай фурсат топилгани учун сиздан миннатдорман, қайтага… Ҳозир олиб келаман, – деди Нехлюдов.

У даҳлизга чиқди, бу ерда уларнинг гапларига қулоқ солиб турган ўртоғини кўриб қолди. У ўртоқларининг ҳазилига қулоқ солмай, сумкасидан пул олди-да, қизга олиб бориб берди.

– Марҳамат, миннатдорчиликнинг сира-сира кераги йўқ. Мен сизга миннатдорчилик билдиришим керак.

Ана шуларни эсларкан, Нехлюдовнинг кўнгли очилар эди; бир офицер ўртоғи бу воқеани хунук бир ҳазилга айлантирмоқчи бўлганида, у билан уришиб қолай деганини, бир ўртоғи унинг ёнини олганини, шу баҳона билан бу ўртоғига жуда яқинлашиб қолганини, овнинг яхши ўтганини, кечаси темир йўл станциясига қайтаётганида вақти чоғ бўлганини эслаш нашъали эди. Чаналар жуфт-жуфт бўлишиб, тор йўлдан турнақатор бўлиб, баъзан баланд дарахтлар, баъзан буталар, қор босган арчалар оралаб борарди. Овчиларнинг биронтаси хушбўй папиросини тутатар, қоронғида чўғи йилтираб кўринарди. Айиқ овлашда ёрдамлашган Осип тиззасигача қорга ботиб у чанадан бу чанага ўтиб юрар, қор кечиб, тоғ-теракларнинг пўстлоғини ғажиб юрган буғулар, чуқур уяларига кириб олиб, пиш-пиш ухлаб ётган айиқлар ҳақида ҳикоя қиларди.

Нехлюдов ана шуларнинг ҳаммасини, айниқса, соғломлиги, куч-қувватга тўлганлиги, беғамлигини, ўзини бахтли сезганини эслади. Ўпкалар совуқ ҳаво билан нафас олар, пўстинлар таранг бўлиб турар, дўға тегиб кетган шохлардан юзларга қор тўкилади. Бадани иссиққина, бетлари муздаккина, кўнглида на ғам, на ташвиш, на қўрқув ва на истак бор. Қандай яхши эди-я! Энди-чи? Э Парвардигор, буларнинг ҳаммаси нақадар оғир, нақадар машаққатли!..

Вера Ефремовна революционер бўлса керак. Энди ўша революцион ишлари туфайли қамоққа олинган. У билан учрашиш керак. У Маслованинг аҳволини қандай қилиб яхшилаш кераклиги тўғрисида маслаҳат бермоқчи эди.

L

Эртасига эрталаб уйғониб, Нехлюдов кеча бўлган воқеани эслади-да, қўрқиб кетди.

Аммо бу даҳшатга қарамай, у бошлаган ишини давом эттиришга ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ бел боғлади.

Нехлюдов бўйнидаги шу бурчини ҳис этиб, уйдан чиқди ва қамоқхонада Масловадан ташқари яна Меньшова деган кампир билан ўғлини ҳам кўришга ижозат беришини сўраш учун Масленниковникига жўнади. Бундан ташқари, у Богодуховская билан учрашишга ҳам рухсат сўрамоқчи эди. Богодуховскаянинг Масловага фойдаси тегиб қолиши мумкин-ку, ахир.

Нехлюдов Масленниковни кўпдан бери, полкда хизмат этган чоғидан буён биларди. Масленников у маҳалда полк ғазначиси бўлиб ишларди. У хушфеъл, ишчан, дунёда полк ва подшолик хонадонидан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиган офицер эди. Энди Нехлюдов Масленниковни учратган маҳалда у полкни ташлаб, губерния ва губернияни бошқариш билан банд бўлган маъмур эди. У бадавлат ва шаддод бир хотинга уйланган эди. Уни ҳарбий хизматдан фуқаро хизматига кўчишга мажбур қилган ҳам шу хотин эди.

У эрини ром қилинган ҳайвонидек эркалар, эрмак қиларди. Нехлюдов ўтган йили қишда уларникида бир марта бўлган эди. Лекин бу эр-хотин унга ёқмади, шундан кейин уларникига оёқ босмади.

Масленников Нехлюдовни кўриб, оғзи қулоғига етди. Унинг юзи ҳамон аввалгидек гўштдор ва қип-қизил, гавдаси басавлат, худди ҳарбий хизматдагидек башанг кийинган эди. Ҳарбий хизматда у ҳамма вақт озода, сўнгги урфда тикилган мундир ёки тужурка кияр эди; энди у сўнгги урфда тикилган фуқаролик кийимини кийган, кўкрагини кўтариб юрувчи савлатдор киши эди. Ҳозир унинг эгнида вицмундир. Иккаловининг ёши бир-бириникидан анча фарқ қилса-да (Масленников қирқларга бориб қолган эди), улар сенсирашиб гаплашишарди.

– Келиб яхши қилибсан, юр, хотинимнинг олдига кирайлик. Мажлис олдидан ўн дақиқа бўш вақтим бор. Бошлиғим кетиб қолган. Ҳозир губернияга ўзим бошлиқман, – деди у хурсандлигини яширолмай.

– Сенга бир иш билан келдим.

Масленников тўсатдан сергакланиб, чўчигандек:

– Нима гап? – деди қатъий қилиб.

– Қамоқда мени қизиқтирган бир одам бор (қамоқ сўзини эшитиб Масленниковнинг юзи яна жиддийлашди), мен у билан умумий хонада эмас, идорада, белгиланган кунлардан ташқари кунларда ҳам учрашиб туришни истар эдим. Ҳаммаси сенинг қўлингда экан, деб эшитдим.

– Албатта, mon cher,4141
  Азизим (франц.)


[Закрыть]
сен учун ҳар нима қилишга тайёрман, – деди Масленников иккала қўли билан Нехлюдовнинг тиззасига аста туртиб. Бу билан у ўзини камтарин қилиб кўрсатмоқчи эди, – тўғрилаш мумкин, лекин мен ҳам бир соатли халифаман.

– У билан учрашиб туриш учун қоғоз ёзиб бера оласанми, йўқми?

– Хотин кишими?

– Ҳа.

– Нега қамалган?

– Заҳарлашда айбланади. Лекин ноҳақ судланган.

– Ана сенга одил суд. Ils n’еn font point d’аures,4242
  Шундан бошқага ярамайди булар (франц.)


[Закрыть]
– деди у негадир французча. Биламан, менинг фикримга сен қўшилмайсан, лекин нима қилай, с’еst mon орinion bien arrêtée?4343
  Шунга қатъий ишонаман (франц.)


[Закрыть]
– деб қўшиб қўйди у, бир йилдан бери тескаричи, консерватив газетада ўқиб билган фикрларини баён этиб. – Сенинг либераллигингни биламан.

Бирон кишини суд қилар эканмиз, аввало унинг сўзини тинглаш керак, суд олдида барча баравар, одамларни умуман қийнамаслик ва урмаслик керак. Айниқса, судланмаган кишиларга сира азоб бермаслик керак деб юргани учун, уни либерал ва қандайдир бир партияга тааллуқли деб билганларига ҳамма вақт ҳайрон бўлиб юрадиган Нехлюдов:

– Либералманми ё бошқаманми, билмадим, – деди жилмайиб. – Либералманми ё йўқми билмадиму, лекин шунга аминманки, ҳозирги судлар қанчалик расво бўлмасин, бурунгидан кўра ҳар ҳолда анча дуруст.

– Оқловчиликка кимни олдинг?

– Фанаринни.

– Ўтган йили судда шу Фанарин Масленниковни гувоҳ сифатида сўроқ қилиб ўтакетган назокат билан ярим соат мобайнида роса калака қилган эди. Масленников буни эслаб:

– Ҳе, Фанарин дегин! – деди юзини буриштириб. – Менга қолса, шу билан алоқа қилмаганинг маъқул, Фанарин – еst un home taré!4444
  Обрўси кетган одам (франц.)


[Закрыть]

– Яна бир илтимос, – деди Нехлюдов унга жавоб қайтармай. – Кўпдан буён бир муаллимани билардим. Жуда аянчли аҳволда эди, ҳозир турмада экан, мен билан учрашувни истайди. Ёнига кириб чиқишга ижозатнома берасанми?

Масленников бошини бир томонга эгди-да, ўйланиб қолди.

– Сиёсий маҳбусми?

– Ҳа, шунақа дейишган эди.

– Билиб қўй, сиёсий маҳбусларга фақат қариндош-уруғлари билан учрашувга рухсат берилади, лекин сенга умумий пропуск бераман. Je sais que vous n’аbuseres pas4545
  Сенинг бундан суиистеъмол қилмаслигингни биламан… (франц.)


[Закрыть]
ўша рrotegee-нинг исми нима?.. Богодуховская дедингми? Еlle est jolie?4646
  Чиройлими? (франц.)


[Закрыть]

– Hideuse!4747
  Бедаво (франц.)


[Закрыть]

Масленников маъқулламагандек бош чайқаб қўйди-да, стол ёнига келиб, босма ҳарфлар билан сарлавҳа туширилган қоғозга тез-тез ёза бошлади: «Ушбуни кўрсатгувчи князь Дмитрий Иванович Нехлюдовга қамоқдаги мешчанка Маслова ва шунингдек, фельдшер Богодуховская билан турма идорасида учрашиб туришга рухсат бераман». У ёзиб бўлди-да, катта қилиб имзо чекди.

– Тартиб қанақалигини кўрасан. У ерда тартиб ўрнатиш осон эмас. Нимага деганингда, тиқилиб ётибди, айниқса жўнатиладиганлар кўпайиб кетган; аммо мен жуда қаттиқ назорат қиламан, ўзим шу ишни яхши кўраман ҳам. Кўрасан, у ерда улар учун шароит яхши, ўзлариям жуда миннатдор. Фақат улар билан муомала қила билиш керак. Мана, яқинда итоатдан бош тортиш каби кўнгилсиз бир воқеа рўй берди, менинг ўрнимда бошқа одам бўлганда эди, буни исён деб ҳисоблар, кўпларни бахти қаро қилган бўларди. Биз эса ишни жуда силлиқ ўтказиб юбордик. Бир томондан ғамхўр, иккинчи томондан қаттиққўл бўлиш керак, – деди у олтин запонка тақилган оппоқ енг учидан чиқиб турган, фируза кўзли узук таққан семиз қўлини мушт қилиб, – ҳам ғамхўр, ҳам қаттиққўл бўлиш керак.

– Бунисини билмадим, – деди Нехлюдов, – мен у ерда икки марта бўлдим, менга жуда ёмон таъсир қилди.

– Биласанми нима? Графиня Пассек билан учрашишинг керак, – деб давом этди гапга тушиб кетган Масленников, – у шу ишга берилган. Еlle fait beaucoup de bien,4848
  Кўп эзгу ишлар қиляпти. (франц.)


[Закрыть]
у туфайли сохта камтаринликни йиғиштириб қўйиб айтадиган бўлсам, мен сабабли кўп нарса ўзгариб кетди. Шундай ўзгаришлар киритилдики, ҳозир у ерда илгариги даҳшатлардан асар ҳам қолмаган, маҳбуслар роҳат қилиб ётишибди. Мана, ҳали кўрарсан. Фанарин бўлса, уни шахсан танимайман, бундан ташқари жамиятдаги мавқеимиз ҳам тамомила бошқа-бошқа, лекин ўзи жуда бемаъни одам. Бунинг устига судда шундай валдирайдики, шундай валдирайдики…

Нехлюдов қоғозни олиб:

– Кўп раҳмат, – деди-да, унинг гапини охиригача тингламасдан собиқ ўртоғи билан хайрлашди.

– Хотинимнинг олдига кирмайсанми?

– Йўқ, кечирасан энди, ҳозир вақтим йўқ.

Масленников cобиқ ўртоғини зинанинг биринчи майдончасига кузатиб қўяр экан:

– Мени сира кечирмайди-да бу қилиғинг учун, – деди. У иккинчи даражали деб ҳисоблаган одамларини ўша ергача кузатарди, Нехлюдовни ҳам шулар қаторида кўрарди.

– Кирсанг-чи, бир кириб чиқсанг-чи.

Аммо Нехлюдов сўзида қаттиқ туриб олди. Лакей билан швейцар югуриб ёнига келиб, бири пальтосини кийгазди, иккинчиси нариги томонида миршаб турган эшикни очди, Нехлюдов ҳозир сира иложи йўқлигини такрорлади.

– Бўлмасам пайшанба куни кел. Хотинимнинг қабул куни. Мен унга айтиб қўяман! – деб қичқирди Масленников зинадан туриб.

LI

Нехлюдов ўша куниёқ Масленниковникидан чиқиб тўғри қамоқхонага келди-да, мутасаддининг ўша таниш уйи томон йўл олди. Бу гал ҳам яна, ўтган галдагидек, бузуқ фортепьяно товуши эшитилди. Лекин энди рапсодияни эмас, Клементи этюдларини, худди ўтган галдагидек қаттиқ-қаттиқ ва шиддат билан чалишарди. Кўзини боғлаб олган оқсоч эшикни очди-да, капитан уйдалигини айтиб, Нехлюдовни кичкинагина меҳмонхонага бошлаб кирди. Бу хонада диван, стол турар, жундан тўқилган салфетка устига бир чеккаси куйган қоғоз қалпоқли каттакон лампа қўйилган эди. Бош мутасадди чиқди. Унинг қиёфаси ҳорғин ва маъюс эди.

– Марҳамат, нима хизмат билан? – деди у мундирининг ўртадаги тугмасини қадай туриб.

– Вице-губернатор ёнида бўлган эдим, мана ижозатнома, – деди Нехлюдов қоғозни узата туриб. – Мен Масловани кўришни истайман.

– Марковани? – деб сўради мутасадди мусиқа товушидан унинг сўзини яхши эшитолмай.

– Масловани.

– Ҳа, шундай денг!

Мутасадди ўрнидан турди-да, Клементи мусиқаси эшитилаётган эшик ёнига борди.

– Маруся, бир оз чалмай тур, – деди у, мусиқа жонидан тўйдириб юборгани товушидан билиниб турарди, – ҳеч нарса эшитиб бўлмаяпти.

Фортепьяно жимиб қолди, нохуш оёқ товушлари эшитилди, аллаким эшикдан бошини чиқариб қаради.

Мутасадди ўртага тушган бу танаффусдан енгил тортгандек бўлди, тамакиси кучсиз йўғон папирос чека бошлади. Нехлюдовга ҳам папирос тутган эди, у рад қилди.

– Мен Масловани кўрмоқчи эдим.

– Масловани бугун кўриб бўлмайди, – деди мутасадди.

– Нега?

– Ўзингиз айбдорсиз, – деди мутасадди кулимсираб. – Князь, қўлига сира пул берманг. Агар бермоқчи бўлсангиз, менга беринг. Ҳаммаси ўзига тегади. Кеча пул берибсиз шекилли, вино сотиб олибди, шу нарсани сира йўқ қилиб бўлмади-да. Бугун ғирт маст бўлиб, роса тўполон қилди.

– Наҳотки?

– Худди шундай, ҳатто чора кўришга ҳам мажбур бўлдим – бошқа камерага ўтказдим. Ўзи мўминқобил хотинку-я, лекин илтимос қиламан, унга пул берманг. Булар шундай халқки…

Нехлюдов кечаги воқеани эслаб, уни яна даҳшат босди. Бир оз жим турди-да, кейин:

– Бўлмасам сиёсий маҳбус Богодуховскаяни кўрсам бўладими? – деб сўради.

– Майли, кўрса бўлади, – деди мутасадди. – Ҳа, нима қилиб юрибсан, – деди у хонага кириб келган беш-олти ёшлар чамасидаги қизчага. Қизча Нехлюдовдан кўзини узмай дадаси томон юриб келарди. – Ҳозир йиқилиб тушасан, – деди мутасадди қизчанинг Нехлюдовга анқайиб, гиламчага қоқилиб кетиб дадасининг ёнига чопқиллаб келганига жилмайиб.

– Агар мумкин бўлса, бора қолай.

Мутасадди ҳамон Нехлюдовдан кўзини узмай, тикилаётган қизчани қучоқлаб туриб:

– Ҳа, мумкин, – деди-да, ўрнидан турди, кейин қизчасини мулойимлик билан секин четлатди-да, даҳлизга чиқди.

Мутасадди кўзи боғлиқ қиз узатиб турган пальтосини кийиб эшикдан чиқмасданоқ яна Клементи мусиқаси янграй бошлади.

– Консерваторияда ўқиётган эди, ҳозир у ерда тартибсизлик. Истеъдоди зўр, – деди мутасадди зинадан тушаётиб. – Концертларда чиқиб чалмоқчи.

Мутасадди билан Нехлюдов қамоқхонага яқинлашишди. Мутасадди яқин келиши биланоқ, эшик ўз-ўзидан очилиб кетди. Назоратчилар унга честь беришиб, кўзлари билан кузатиб қолишарди. Сочининг ярми олинган, ёғоч пақирда алланима кўтариб келаётган тўрт киши йўлакда уларга дуч келиб қолди, мутасаддига кўзлари тушиши биланоқ ғужанак бўлиб кетишди. Уларнинг биттаси букчайиб олди, қовоғи солиниб, қора кўзлари ялтираб кетди.

– Истеъдодни албатта такомиллаштириш керак, беҳудага нобуд қилиш ярамайди, лекин шуниси борки, кичкинагина уйда жуда қийин, – деб гапида давом этди мутасадди маҳбусларга парво қилмай. У ҳорғин қадам ташлаб, Нехлюдовга ҳамроҳ бўлиб умумий хонага кирди.

– Сиз кимни кўрмоқчи эдингиз? – сўради назоратчи.

– Богодуховскаяни.

– Юқори қаватда туришади. Бир оз кутиб қолишга тўғри келади, – деди у Нехлюдовга.

– Унгача маҳбус Меньшовлар, ўт қўйишда айбланган она-бола билан учрашиш мумкин эмасмикан?

– Улар йигирма биринчи камерада туришади. Майли, чақиртириш мумкин.

– Меньшовни камерасига кириб кўрсам бўладими?

– Умумий хонада гаплашганингиз яхшироқ.

– Йўқ, мен жуда қизиқаман-да.

– Нимасига қизиқасиз?

Шу маҳал ён томондаги эшикдан олифта ноиб офицер чиқди.

– Князни Меньшовнинг камерасига олиб боринг. Йигирма биринчи камера, – деди мутасадди ноибга, – кейин идорага бошлаб келинг. Унгача мен чақиртираман. Исми нима эди унинг?

– Вера Богодуховская, – деди Нехлюдов.

Мутасаддининг ноиби оқ-сариқдан келган, мўйлови қоп-қора қилиб бўялган офицер эди. Ундан атир ҳиди анқиб турарди.

– Марҳамат, – деди у Нехлюдовга мулойим жилмайиб. – Бизнинг маҳкама билан қизиқаркансиз-да?

– Ҳа, бундан ташқари, одамларнинг айтишича, бегуноҳдан бегуноҳ қамалган ўша одам билан ҳам қизиқаман.

Ноиб елкасини қисди.

У меҳмонни назокат билан олдинга, кенг, бадбўй йўлакка ўтқазиб юбориб:

– Ҳа, шунақаси ҳам бўлиб туради, – деди бепарвогина. – Ёлғонни қотирадиганлари ҳам бўлади. Марҳамат.

Камераларнинг эшиги очиқ эди. Бир неча маҳбус йўлакда турарди. Ноиб назоратчиларга сезилар-сезилмас бош ирғатиб, деворга қисилиб ўз камераларига ўтиб кетаётган ёки қўлларини ёнларига қилиб, бошлиқларни кўзлари билан солдатчасига кузатиб қолаётган маҳбусларга кўз қирини ташлаб, Нехлюдовни бир йўлакдан олиб кетди, чап томондаги темир эшиги ёпиқ бошқа йўлакка олиб чиқди.

Бу йўлак биринчидан кўра қоронғироқ ва бадбўйроқ эди. Йўлакнинг икки томонида кичкинагина қулфлоғлиқ эшиклар бор эди. Йўлакда маъюс, афти бужмайган, кекса назоратчидан бўлак ҳеч ким йўқ эди.

– Меньшов қайси бирида? – деб сўради ноиб.

– Чап томондан саккизинчиси.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации