Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 36

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 36 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XII

Кирганларнинг бири қўнжи узун этик, калта пўстин кийган қотма, ўрта бўй йигит эди. У енгил қадам ташлаб тез-тез юриб келарди, қўлтиғида рўмолга ўралган нон, икки қўлида буғи чиқиб турган, қайноқ сув солинган иккита катта чойнак бор эди.

У нонни Масловага узатиб, чойнакни чашкалар орасига қўяр экан:

– Ана, князимиз ҳам келибдилар, – деди.

– Ажойиб нарсалар сотиб олдик. – У калта пўстинини ечиб одамлар боши тепасидан сўри бурчагига ирғитди. – Маркел сут билан тухум сотиб олди; бугун зиёфат бўлади деяверинг. Кирилловна ҳалиям нафосат ва тозалик учун курашяптими, – деди Ранцевага жилмайиб қараб. – Қани, энди чой дамла, – деди яна унга.

Бу одамнинг ташқи қиёфасидан, унинг ҳаракатларидан, овозидан, боқишларидан хушчақчақлик ва ғайрат барқ уриб турарди. Кирганларнинг иккинчиси ҳам ўрта бўй, ориқ, бўзрайган қотма юзининг ёноқлари туртиб чиққан, бири-биридан узоқ жойлашган кўкиш кўзлари чиройли, лаби юпқа киши эди, у, аксинча, қовоғи солиқ, маъюс эди. Унинг эгнида эски пахтали камзул, оёғида калош билан этик бор эди. У иккита хурма билам иккита сават кўтариб кириб, уларни Ранцеванинг олдига қўйди-да, Нехлюдовга бўйнини эгиб салом берди, таъзим қилар экан, кўзини узмай унга қарарди. Кейин терлаган қўлини истар-истамас узатди-да, саватдаги нарсаларни аста-секин олиб тера бошлади.

Бу иккала сиёсий маҳбус халқ ичидан чиққан эди: биринчиси деҳқон Набатов, иккинчиси фабрика ишчиси Маркел Кондратьев эди. Маркел революцион ҳаракатга ўттиз беш ёшга борган пайтида аралашган эди; Набатов эса ўн саккиз ёшидан киришиб кетган эди. Қобилиятли бўлгани учун қишлоқ мактабидан гимназияга ўтган Набатов, дарс бериб юриб ўзини ўзи таъминлаб ўқиган, курсни олтин медаль билан тугатган, лекин университетга кирмаган, чунки VII синфдалигидаёқ, унутилган оғайниларининг кўзини очиш учун ўзи чиққан халқ ичига қайтишга қарор қилган. У айтганини қилган: аввал катта бир қишлоқда мирзо бўлиб ишлаган, лекин деҳқонларга китоб ўқиб бергани ва улар орасида матлубот ва истеъмол ширкатлари тузгани учун кўп ўтмай қамоққа олинган. Биринчи сафар уни турмада саккиз ой тутиб турганлар, кейин бўшатиб юбориб махфий назорат остида сақлаганлар. Озод этилганидан сўнг у дарҳол бошқа губернияга, бошқа қишлоққа жўнаб кетган ва ўқитувчи бўлиб жойлашиб олиб, яна ўша ишини давом эттирган. Уни яна қамаганлар, бу гал бир йилу икки ой ушлаб турганлар. Турмада сиёсий маслагига эътиқоди янада кучайган.

Иккинчи марта қамалганидан кейин уни Пермь губерниясига сургун қилганлар. Набатов у ердан қочган. Уни яна қамоққа олганлар ва етти ой қамоқда сақлаб Архангельск губерниясига сургун этганлар. У ерда янги подшога қасамёд қилишдан бош тортгани учун Якутск областига сургунга юборганлар; шундай қилиб у, эсини таниганидан кейинги умрининг ярмини турма ва сургунларда ўтқазган. Шу саргузаштлар уни аламзада қилиб қўймаган, шу билан бирга унинг ғайратини бўғмаган, қайтага кучига куч қўшган. Бу – тош ютса ҳазм қиладиган, ҳамма вақт бирдай ғайратли, хушчақчақ, тетик, серҳаракат одам эди. У ҳеч қачон, ҳеч бир ишидан пушаймон эмас, ҳеч нимани олдиндан чамалаб қўймас, ақл-идрокини ишга солиб, эпчиллик, усталик билан шу бугунги ишни битирар эди. Набатов озодликда экан, ўз олдига қўйган мақсад йўлида, яъни: ишчиларни, асосан, деҳқон халқини бирлаштириш, кўзини очиш йўлида иш олиб борарди; қамоқдалигида ҳам у аввалгидек ғайрат ва ишбилармонлик билан, фақат ўзигина эмас, балки ўз доирасидагиларнинг ҳам ҳаётини енгиллатиш учун ташқи дунё билан алоқа боғлашга киришарди. У, аввало, жамоатчи эди. Ўзи учун ҳеч нарса керак эмасдай кўринарди; арзимаган нарса билан қаноатланарди. Лекин ўртоқлари учун, жамоа учун кўп нарсани талаб этар, ҳар қанақа ишни – хоҳ жисмоний, хоҳ ақлий иш бўлсин – тиним билмай, мижжа қоқмай, оч-наҳор бажаришга тайёр эди. Деҳқон бўлганлигидан у меҳнатсевар, зеҳни ўткир, ишда эпчил, ўзини тия биладиган, одобли, бошқаларнинг ҳис-туйғулари эмас, фикрларини ҳам ҳурматлар эди. Унинг деҳқон оиласидан чиққан, хурофотга муккасидан кетган кекса онаси тирик эди. Набатов унга ёрдамлашиб турар, озодлик чоғида бориб ҳолидан хабар олиб турарди. Уйида бўлган чоғида онасининг қандай ҳаёт кечираётганини суриштирар, унга ёрдамлашар, илгариги ўртоқлари, деҳқон болалари билан алоқасини узмас эди; улар билан биргалашиб тамакини қоғозга ўраб чекар, мушткетди ўйнашар, уларга алданган эканликларини, шу алдов сиртмоғидан қандай қутулиш кераклигини уқдирарди. Революция халққа нималар бериши ҳақида ўйлар ва гапирар экан, ҳамма вақт ўзи мансуб бўлган халқни ўша аввалги шароитда яшайди, лекин ер-сувли бўлиб, хўжайинларсиз, тўраларсиз кун кечиради деб тасаввур этарди. Унинг фикрича, революция халқ ҳаётининг асосий шаклини ўзгартириши керак эмасди. Шу масалада унинг фикри Новодворов ва унинг мухлиси Маркел Кондратьевнинг фикрига тўғри келмас эди. Унинг ўйлашича, революция иморатни тамомила ағдариши керак эмас, балки шу ажойиб, пухта, катта севимли эски бинонинг ичкарисидаги хоналарни бошқача тақсимлаш керак эди.

Динга ҳам у деҳқонлар каби муносабатда бўлар, метафизик масалаларни, дунёнинг пайдо бўлишини, охиратни ҳеч қачон ўйламасди. У ҳам Араго126126
  Араго – 1786 – 1853 йилларда яшаган француз олими (тарж.)


[Закрыть]
сингари худони то шу дамгача зарурати бўлмаган гипотеза деб биларди. Дунёнинг қандай келиб чиққанлиги, Моисей айтганичами ёки Дарвин айтганичами эканлиги билан заррача иши йўқ эди. Ўртоқларига жуда муҳим бўлиб кўринган дарвинизм унинг учун дунёнинг олти кунда яратилганлиги ҳақидаги эътиқод каби фикр ўйинидан иборат эди.

Набатовнинг олдида ҳар вақт дунёда қандай қилиб яхши яшаш керак, деган масала турганлиги учун ҳам уни дунёнинг қандай барпо бўлгани қизиқтирмасди. У келажак ҳаёт ҳақида сира ўйламас, ота-бобосидан қолган барча деҳқонларга хос эътиқодга ишонар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳеч қачон битмайди, доимо бир шаклдан иккинчи шаклга ўтиб туради – гўнг ғаллага, ғалла товуққа, итбалиқ қурбақага, қурт капалакка, ёнғоқ эманга айланади, шу каби инсон ҳам йўқ бўлиб кетмайди, фақат ўзгаради деб ўйлар, шунга ишонарди. Шу сабабли ўлимни дадил, ҳатто хушчақчақлик билан кутиб олишга тайёр киши, ўлимга олиб борадиган азоб-уқубатларга чидаш берар, лекин бу ҳақида гапиришни ёмон кўрар, гапира билмас эди. У ишлашни яхши кўрарди, ҳамма вақт иш билан банд эди, ўртоқларини ҳам худди шундай омилкор бўлишга ташвиқ қиларди.

Халқ ичидан чиққан бошқа сиёсий маҳбус Маркел Кондратьев тамомила бошқача одам эди. У ўн беш ёшидан ишга кириб кетган, аламини унутиш учун папирос чеккан, ича бошлаган. Биринчи марта болалик чоғида Рождество байрамида фабрикантнинг хотини қилган арча байрамга олиб борганларида бир нарса унга алам қилган эди. У ерда унга ва ўртоқларига бир тийинлик сурнай, олма, зарга ўралган ёнғоқ билан анжирқоқи ҳадя қилиб, фабрикантнинг болаларига ўйинчоқ совға қилган эдилар. Ўшанда бу ўйинчоқ унга сеҳрли совғага ўхшаб туюлган. Кейин билса эллик сўмдан ортиқ турадиган мато экан. Фабрикага машҳур бир революционер жувон ишга кирганида у йигирмага тўлган эди. Бу революционер жувон Кондратьевнинг жуда қобилиятли эканлигини кўриб, унга китоб ва брошюралар бера бошлади, унинг ҳозирги аҳволини, нега шу аҳволга тушиб қолганини, уни тузатиш чораларини тушунтирди. Ҳозирги оғир аҳволдан ўзини ва бошқаларни озод қилиш мумкинлигига кўзи етганидан кейин бу аҳвол унга адолатсиз ва аввалгидан кўра ёмонроқ ва даҳшатлироқ бўлиб кўрина бошлади. Шундай қилиб, у озодликка эришишигина эмас, балки мана шу даҳшатли адолатсизликни вужудга келтирганлар ва уларни қўллаб-қувватлаганларни ҳам жазолашни истади. Унга айтишларича, шу кучни унга илм берар эди. Шундай қилиб, Кондратьев жаҳди-жадал билан илм олишга киришди. Социалистик идеални қай тариқа илм ёрдами билан амалга ошириши мумкин эканлигини у тушунмас эди. Лекин у илм ҳозирги яшаётган шароитининг адолатсизлигини унга очиб кўрсатгани каби, бу адолатсизликни ҳам илм тузатишига ишонарди. Ундан ташқари назарида, илм уни бошқалардан кўра юқори қилиб кўрсатарди. Шунинг учун ҳам ичкиликни ва чекишни ташлади. Эндиликда уни омборчи қилиб қўйганларидан кейин аввалгидан кўра бўш фурсати кўпайгач, уни ўқишга сарф қила бошлади.

Революционер жувон Кондратьевни ўқитар, унинг ҳар қандай билимни ташналик билан ўзлаштиришига, қобилиятига ҳайрон қоларди. Икки йил ичида алгебрани, геометрияни, тарихни ўрганди (тарих фанини, айниқса, яхши кўрарди), бадиий ва танқидий адабиётни, муҳими, социалистик адабиётни батамом ўқиб чиқди.

Революционер жувонни қамоққа олдилар. Уйидан тақиқланган китоблар чиққани учун Кондратьевни ҳам қамадилар. Кейин Вологадская губерниясига сургун қилиндилар. Кондратьев Новодворов билан ўша ерда танишди. Яна кўпгина революцион китоблар ўқиди, ҳаммасини ёдида сақлаб қолди ва социалистик нуқтаи назарда яна ҳам қаттиқ туриб олди. Сургундан қайтгач ишчиларнинг катта стачкасига раҳбарлик қилди. Бу стачка фабриканинг емирилиши ва директорнинг ўлдирилиши билан тугади. Уни қамоққа олдилар, ҳуқуқидан маҳрум этиб, сургунга ҳукм қилдилар.

Ҳозирги ҳукм сурган иқтисодий тузумга қандай қарши бўлса, динга ҳам шундай қарши эди. Ўзи иқрор бўлган диннинг бемаънилигини тушунгач, бошида қўрқа-писа ўзини зўрлаб ундан қутулди, кейин бундан ўзи хурсанд бўлди. У илгари ўзини ва ота-боболарини алдаб келган поплар ва диний ақидаларни мазах қилган эди.

У дунё лаззатларидан кечган, озгина нарса билан қаноатланарди. Ёшлигидан меҳнатга ўрганган, кучли бўлган бу одам ҳар қандай жисмоний ишни чаққонлик билан осонгина бажара олар, ишлаб чарчамасди. Лекин турма ва этапларда ўқишни давом эттириш учун бўш фурсатни ҳаммадан кўра кўпроқ қадрларди. У ҳар бир китобни катта қимматбаҳо буюм каби қопчиғида эҳтиётлик билан сақларди. Новодворовга бўлак ўртоқларининг ҳаммасига вазмин ва сиполик билан муомала қиларди. Новодворовга у жуда содиқ эди. Ҳар қандай масалада унинг фикрини инкор этиб бўлмас бир ҳақиқат деб биларди. Кондратьев хотинларга ҳамма зарур ишларга халал берувчи ғов деб қарар, улардан жирканарди. Лекин Масловага ачинар, унга юмшоқ муомала қилар, уни пастки табақанинг юқори табақа томонидан эксплуатация қилинишининг тимсоли деб биларди. Шу сабабли Нехлюдовни ёмон кўрар, у билан кам гаплашарди. Нехлюдов билан қўл қисиб кўришмас эди.

XIII

Печка бозиллади, чой дамланди, стакан ва кружкаларга қуйилди, сут солиб оқланди, тешиккулчалар, юмшоқ буғдой нонлар, пишган тухумлар, ёғ ва бузоқ калла-почаси ўртага қўйилди. Ҳамма сўри устига солинган дастурхон олдига келди, еб-ичиб, гаплашиб ўтиришди. Ранцева яшчикда ўтириб чой қуярди. Ҳўл калта пўстинини ечиб, қуриган жун рўмолга ўралиб, Нехлюдов билан гаплашиб, ўз ўрнида ётган Крильцовдан бошқа ҳамма Ранцеванинг атрофини қуршаб олган эди.

Йўлда совқотиб, шалаббо бўлган, бу ерда ивирсиган ифлос хонага келиб тушган одамлар заҳмат чекиб камерани тозалаганларидан кейин, овқат еб, иссиқ чой ичиб олгач, кайфлари чоғ бўлиб кетди.

Деворнинг нариги томонидан жиноий маҳбусларнинг дупур-дупури, бақириб-чақиргани, сўкинишлари уларнинг қандай муҳитда эканликларини эслатар, улар ўзларини роҳатда ҳис этардилар. Бу одамлар денгиз ўртасидаги оролда тургандек, ўзларини ўша қуршаб олган азоб-уқубат ва хўрлик денгизининг тўлқинларидан вақтинча халос деб билар, шу сабабли кайфлари чоғ, руҳлари кўтаринки эди. Ҳар тўғрида гаплашишарди-ю, фақат ўзларининг ҳозирги аҳволлари ва нималар кутаётганлигини тилларига олишмасди. Ундан ташқари, мана шу одамлар сингари, зўрлик билан бир жойга тўпланган ёш эркак ва аёллар орасида муҳаббат пайдо бўлгани каби, улар орасида ҳам икки томонлама ёки бир томонлама ишқ-муҳаббат пайдо бўлган эди. Уларнинг деярли ҳаммалари ошиқ эдилар. Новодворов хушрўйгина, кулиб турувчи Грабецга ошиқ эди. Грабец революция ҳақида кам ўйлайдиган, революция масаласига тамомила бефарқ қарайдиган ёш курсист қиз эди. Аммо замона таъсирига берилиб, нима биландир қораланиб сургун бўлган эди. Озодликдаги каби бу ерда ҳам бутун орзуси эркакларга ёқишдан иборат эди. Сўроқ вақтида ҳам, турмада ҳам, сургунда ҳам шу кайфиятда эди. Энди, сафарда Новодворов унга ошиқ бўлгани учун кўнгли жойига тушган, ўзи ҳам уни севиб қолган эди. Севгига тез бериладиган, лекин ўзига муҳаббат уйғотмайдиган, аммо шунга қарамай мени ҳам биров севиб қолар деб умидвор бўлган Вера Ефремовна гоҳ Набатовга, гоҳ Новодворовга ошиқ бўларди. Крильцовнинг Марья Павловнага муносабатида ҳам муҳаббатга ўхшаш бир нарса сезиларди. Барча эркаклар хотинларни қандай севса, Крильцов ҳам уни шундай севарди. Лекин Марья Павловнанинг муҳаббатга бўлган муносабатини билгани учун, ўз ҳиссини шунча маҳалдан буён меҳрибонлик билан парваришлаб келаётган кишига нисбатан бўлган миннатдорлик ва дўстлик ниқоби остига яширарди. Набатов билан Ранцева ўртасидаги ишқий муносабат жуда мураккаб эди. Марья Павловна иффатли, покиза қиз бўлгандек Ранцева ҳам эрининг иффатли, вафодор хотини эди.

У ўн олти ёшида, гимназиядалик чоғидаёқ Петербург университетининг талабаси Ранцевни севиб қолди ва ўн тўққиз ёшида унга турмушга чиқди. У пайтларда Ранцев ҳали талаба эди. Тўртинчи курсдалик чоғида эри университетда рўй берган бир можарода аралашгани учун Петербургдан сургун қилинди ва революционер бўлиб кетди. Ранцева эса, ўқиб турган медицина курсини ташлаб унинг кетидан жўнади ва у ҳам революционер бўлди. Агар Ранцева эрини дунёдаги одамлар ичида энг яхшиси, деб ўйламаганда уни севмаган, севмагандан кейин унга эрга ҳам чиқмаган бўлар эди. Лекин умри бино бўлиб бир марта севиб, ўз фикрича дунёдаги энг яхши, энг ақлли одамга эрга теккандан кейин у, табиий, ҳаётни ва ҳаётнинг мақсадини дунёдаги энг яхши, энг ақлли одам тушунгандай тушунарди. Ранцев илгари яшашдан мақсад ўқиш деб тушунарди. Ранцева ҳам у пайтлар худди шундай деб ўйлар эди. Кейин у революционер бўлди. Ранцева ҳам революционер бўлди. Ранцева мавжуд тартиб ярамаслигини, ҳар қандай инсоннинг вазифаси шу тартибга қарши курашишдан, шахснинг эркин ривожланишига имкон берадиган сиёсий ва иқтисодий тузум барпо қилишга уринишдан иборат эканлиги ва ҳоказоларни жуда усталик билан исбот қила оларди. Бу – ўз фикрим – ўз хаёлим, деб ўйларди, ваҳоланки фақат эри ўйлаган нарсани ҳаққоний деб ўйлар, фақат бир нарсани, эри билан бир жон, бир тан бўлиб яшашни истарди. Фақат шугина унга руҳий қаноатланиш бахш этарди. Эридан ва боласидан айрилиш унга жуда оғир эди. Боласини ўзининг (Ранцеванинг) онаси олиб кетган эди. Лекин эри учун, ҳаққоний иш учун шу жудоликка бардош берарди. Шу ишни деб эри жон куйдиргани учун уни ҳаққоний деб биларди. Ранцеванинг ҳамма вақт фикри-зикри эрида эди, авваллари ҳеч кимни севмагани каби ҳозир ҳам эридан бошқа ҳеч кимни сева олмас эди. Лекин Набатовнинг садоқатли, пок муҳаббати уни ҳаяжонлантирарди. Эрининг ўртоғи, ахлоқли ва иродали киши бўлган Набатов унга ўз синг лисидек қарар, лекин Ранцевага бўлган муносабатида икковини қўрқувга соладиган, шу билан бирга ҳозирги оғир ҳаётларини безайдиган бошқача зўр ҳис борлиги билиниб турарди.

Шундай қилиб, улар ичида фақат Марья Павловна билан Кондратьевгина ошиқ-маъшуқликдан халос эди.

XIV

Одатдагидек, ҳамма чой ичиб, овқат еб бўлгандан кейин, Катюша билан алоҳида гаплашиш ниятида бўлган Нехлюдов Крильцов ёнида у билан суҳбатлашиб ўтирарди. Гапдан гап чиқиб у, Крильцовга, Макар келиб айтган гапни ва унинг қилган жиноятини гапириб берди. Крильцов ёниб турган кўзларини Нехлюдовнинг юзига тикиб диққат билан тингларди.

– Шундай, – деди у тўсатдан. – Кўпинча шундай фикр миямга келади. Мана, улар билан ёнма-ён кетяпмиз, мана шу «улар» кимлар? Ахир биз шулар учун ўзимизни фидо қиляпмиз-ку. Лекин уларни яқиндан билиш у ёқда турсин, танишни ҳам хоҳламаймиз. Улар эса бизни ёмон кўришади, ўзларига душман санашади. Мана шуниси даҳшатли.

– Ҳеч даҳшатли жойи йўқ, – деди гапга қулоқ солаётган Новодворов. – Омма ҳар доим ҳукмронларни яхши кўради, – деди у шақиллаб. – Ҳукумат ҳукмронлик қилади – омма уни яхши кўради, бизни эса ёмон кўради; эртага ҳокимият тепасига биз чиқсак, бизни яхши кўради…

Шу маҳал девор ортида бақириб сўккан товушлар, одамларнинг деворга келиб урилаётгани, кишанларнинг жаранги, чинқирган ва қичқирган овозлар эшитилди. Аллакимни дўппослашар, аллаким: «Дод!» деб қичқирарди.

– Ана, ўша йиртқичлар! Шулар билан бизнинг ўртамизда яна қандай муносабат бўлиши мумкин? – хотиржам гапирди Новодворов.

– Сен йиртқичлар дейсан. Мана, ҳозир Нехлюдов шундай воқеани гапириб бердики, – деди Крильцов аччиғланиб. У ҳамқишлоғини қутқазаман деб ҳаётини хатарга солаётган Макар ҳақида гапириб берди. – Бу йиртқичлик эмас, бу – жасорат.

– Кўнгилчанлик! – деди Новодворов истеҳзо билан. – Бу одамларнинг туйғуларини ва нима учун шу ишни қилаётганларини тушунишимиз қийин. Сен бу ишни олижаноблик деб биласан, балки ўша каторгачини кўролмагани учун шундай қилгандир.

– Нега бошқа одамларнинг яхшилигини кўргинг келмайди, – деди Марья Павловна тўсатдан қизишиб (у ҳамма билан «сенсираб» гаплашарди).

– Йўқ нарсани кўриб бўлмайди.

– Ахир бир одам даҳшатли ўлим хавфи остида шу ишни қилиб турибди-ку, нега йўқ экан?

– Агар биз, – деди Новодворов, – ўз ишимизни амалга оширмоқчи эканмиз, бунинг учун, аввало, (лампа ёнида китоб ўқиб ўтирган Кондратьев китобини бир чеккага йиғиштириб, устозининг сўзини диққат билан тинглай бошлади) хаёлпарастликни йиғиштириб қўйиб, ҳар нарсани қандай бўлса шундай кўра билишимиз керак. Халқ оммаси учун ҳар қандай ишни бажаришимиз лозиму, лекин улардан ҳеч нарса кутмаслигимиз керак; омма бизнинг фаолиятимизнинг объектидир, лекин ҳозиргидек сусткаш экан, бизга кўмаклаша олмайди, – деб гап бошлади у лекция ўқигандек. Биз уларни ўстириш учун иш олиб бораётирмиз. Шунинг учун ҳам, токим ўсиш жараёни юз бермагунча улардан ёрдам кутиш – хаёлпарастлик.

– Қанақа ўсиш жараёни, – деб гап бошлади Крильцов қип-қизариб. – Жабр-зулм ва истибдодга қаршимиз, деймиз. Ахир шунинг ўзи истибдод эмасми?

– Йўқ, истибдод эмас, – деб жавоб берди Новодворов хотиржам. – Мен халқ бориши керак бўлган йўлни биламан деяпман фақат. Шу йўлни кўрсата оламан ҳам.

– Сен кўрсатган йўл ҳаққоний йўл эканлигини қаердан биласан? Ахир инквизиция ва катта революциялардаги хунрезлик худди шу истибдоддан келиб чиққан эмасми? Улар ҳам фан бўйича битта ҳаққоний йўл бор деб билишган.

– Уларнинг адашганлиги менинг ҳам адашаётганимни исбот қилмайди. Ундан ташқари, идеологларнинг хомхаёллари билан ижобий иқтисодий фан хулосалари орасида катта фарқ бор.

Новодворовнинг овози бутун камерани тўлдирган эди. У ёлғиз ўзи гапирар, бошқалар жим ўтиришарди.

– Доим баҳслашишгани баҳслашган, – деди Марья Павловна, у бир дақиқага жим бўлиб қолганди.

– Ўзингиз шу тўғрида нима деб ўйлайсиз? – деб сўради Нехлюдов Марья Павловнадан.

– Анатолий ҳақ гапиряпти деб ўйлайман. Халққа ўз қарашларимизни мажбуран қабул қилдиришимиз ярамайди.

– Сиз-чи, сиз нима дейсиз, Катюша? – деб сўради Нехлюдов жилмайиб ва бирон ўринсиз гап айтади деб хижолатпазлик билан жавобини кутиб турди.

– Менинг ўйлашимча, оддий халқ қаттиқ ранжитилган, – деди қип-қизариб, – жуда қаттиқ ранжитилган.

– Тўғри, Михайловна, тўғри, – деб қичқирди Набатов, – халқ жуда ранжиган. Унга озор бердирмаслик керак. Бизнинг ишимиз шундан иборат.

Новодворов:

– Революциянинг вазифаси ҳақида ажиб тасаввур, – деди-да, жаҳл билан индамай папирос чека бошлади.

– У билан гаплашиб бўлмайди, – деди Крильцов шивирлаб, сўнгра жим бўлди.

– Гаплашмаганингиз яхши, – деди Нехлюдов.

XV

Новодворовни революционерларнинг ҳаммаси ҳурмат қилганига, жуда ўқимишли ва ақлли деб ҳисоблашига қарамай, Нехлюдов уни маънавий жиҳатдан ўрта даражадан паст революционерлардан ҳисоблаб, ўзидан анча паст кўрарди. Бу одамнинг ақлий кучи катта эди; лекин ўзи ҳақидаги фикри – махражи ҳаддан ташқари катта бўлиб, ақлий кучидан аллақачон ўзиб кетган эди.

Бу одамнинг маънавий ҳаёти Симонсонникига қараганда тамомила бошқача эди. Симонсон эркак тахлит, яъни қилган иши фикрининг фаолиятидан келиб чиқар ва шу билан белгиланарди. Новодворовнинг фикрий фаолияти, қисман, ҳиснинг таъсирида юзага чиққан мақсадга эришиш, қисман, ҳиссиётга берилиб қилган ишларини оқлашга қаратилган хотинсифат одам эди.

Новодворовнинг революцион фаолияти (гарчи уни ўзи ишончли далиллар келтириб усталик билан тушунтирса-да), Нехлюдовнинг назарида фақат худписандлик, одамлардан ўзини юқори кўрсатиш истагига асослангандек кўринарди. Дастлаб, бировларнинг фикрини ўзлаштириб олиб, уни аниқ баён эта олиш қобилиятига эга бўлгани учун ўқиб юрган чоғларида, бу қобилият юксак қадрланган ўқитувчилар ва ўқувчилар орасида (гимназия, университет ва магистратурада) пешқадам ўқувчи бўлди, бундан у мамнун эди. Лекин ўқиш тугаб, диплом олгач, унинг биринчилиги ҳам тугади. Новодворовни ёмон кўриб қолган Крильцовнинг гапига қараганда у янги шароитда биринчиликни олиш учун маслагини тамомила ўзгартирган, тадрижий-либерал бўлган бу одам қизил, яъни «Народная воля» ташкилотининг аъзоси бўлган. Кишида шубҳа ва тараддуд қўзғатадиган ахлоқий ҳамда эстетик хусусиятлар табиатида бўлмагани туфайли у тез орада революционерлар партиясининг раҳбари бўлиб олиб иззат-нафсини қондирди. Бир йўлни танлаб олганидан сўнг у ортиқ шубҳаланмас ва тараддудланмасди. Шу сабабли ўзича, мен ҳеч қачон хато қилмаганман деб ўйларди. Ҳамма нарса унга жуда оддий, равшан, аниқдек туюларди. Дунёқарашининг торлиги ва бир томонламалиги туфайли ҳамма нарса унга ҳақиқатан ҳам оддий ва очиқ-ойдин кўринар, унинг айтишича, мантиқий бўлса бас эди. Ўзига ишонч шу қадар зўр эдики, одамларни ўзидан ё узоқлаштирар ёки бўйсундирарди. Унинг ҳаддан ташқари худписандлиги ақл ва заковатининг теранлигидан деб ҳисоблаган ёшлар орасида иш олиб боргани учун кўпчилик унга итоат қилар, натижада, революционерлар доирасида обрўси зўр эди. Унинг фаолияти қўзғолонга тайёргарлик кўриш, шу орқали ҳукуматни қўлга олиб, вакиллар мажлисини чақиришдан иборат эди. Мажлисга у тузган дастур тақдим этилиши керак эди. Новодворов бу дастур ҳамма масалани қамраб олган деб ишонар, уни бажармаслик мумкин эмас деб ҳисобларди.

Ўртоқлари уни жасорати ва қатъийлиги учун ҳурмат қилар, лекин севишмас эди. Ўзи эса ҳеч кимни яхши кўрмас, ҳамма атоқли кишиларга рақиб деб қарар, қари эркак маймунлар ёш маймунларга қандай муносабатда бўлса, уларга ҳам, иложи бўлса, шундай муомала қилишни истар эди. У қобилиятини намоён қилишга халақит берадиган бошқа одамларни ақл-идрок ва заковатдан маҳрум қилишга тайёр эди. Новодворов ўзига қойил қолган одамларгагина яхши муомалада бўларди. Энди йўлда у гапига юрган ишчи Кондратьев ва Вера Ефремовна билан хушрўй Грабецга шундай муомалада эди. Буларнинг ҳар иккови ҳам уни севиб қолган эди. У асосан хотинлар озодлиги тарафдори бўлса-да, кўнглида ҳамма хотинларни аҳмоқ ва ҳеч нарсага арзимайдиган одамлар деб ҳисобларди. Ҳамиша у ошиқ бўлган хотинлар бундан истисно эди. Энди Грабецга ошиқ бўлиб қолган эди. Ошиқ бўлиб қолган чоқларда, уларнинг ажойиб фазилатларини фақат менгина ҳис эта оламан, деб ўйларди.

Жинслар ўртасидаги муносабат масаласи ҳам, барча масалалар сингари, унга жуда оддий ва очиқ-ойдинга ўхшаб кўринар, эркин муҳаббатни тан олиши билан бу масала ҳал бўлади-қўяди деб ҳисобларди.

Унинг никоҳлаб олган хотинидан бошқа яна бир хотини бор эди. Ораларида ҳақиқий муҳаббат йўқлигига қаноат ҳосил қилгач у ҳақиқий хотини билан ажралишиб кетган эди. Эндиликда эса, Грабец билан янги эркин никоҳда бўлиш ниятида эди.

Нехлюдов унинг таъбирича, Маслова олдида «қийшанглагани» учун, айниқса, мавжуд тузумнинг камчиликлари ҳақида ва уни тузатиш йўллари ҳақида Новодворов сингари эмас, балки қандайдир ўзича, князчасига, яъни аҳмоқчасига ўйлашга ботингани учун уни ёмон кўрарди. Нехлюдов Новодворовнинг ўзига қандай муносабатда эканидан хабардор эди. Лекин бутун саёҳат давомида яхши кайфиятда бўлишига қарамай, бу одамга нисбатан кўнглида туғилган нафрат ҳиссини енга олмас, Новодворов қандай муомала қилса, унга ҳам худди шундай муносабатда бўларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации