Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 27

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 27 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXVI

Қизнинг холаси ҳам папиросини тутатар экан:

– Бир кишилик камерада ётиш ёшларга жуда оғир, – деди бошини чайқаб.

– Ҳамма учун ҳам оғир бўлса керак, – деди Нехлюдов.

– Йўқ, ҳамма учун эмас, – деб жавоб берди холаси. – Эшитишимча, ҳақиқий революционерлар учун бу дам олиш, ҳордиқ чиқариш бўлади. Яширин иш олиб борувчи революционер ҳамма вақт ташвишда, муҳтожликда яшайди, ўзи ва бошқаларнинг ҳаёти учун, иш учун ташвишланади. Мана, ниҳоят уни қамоққа оладилар, ҳамма нарса тамом, бутун масъулият устидан тушади: ўтир, дам ол энди. Менга айтиб берганларига қараганда, ушлаб кетишганда ҳатто севинишар ҳам экан. Ёш, бегуноҳлар учун эса ҳамма вақт, аввал, Лидочкага ўхшаш бегуноҳларни қамоққа олишади, – булар учун биринчи зарба жуда оғир. Озодликдан маҳрум этганлари, ёмон муомалада бўлишлари, овқатнинг ёмонлиги, ҳавонинг оғирлиги, умуман, турли қийинчиликларнинг ҳаммаси ҳеч гап эмас. Бириичи бор қамалиш вақтидаги руҳий таъсирланиш бўлмаганда эди, қийинчилик уч карра ортиқ бўлганда ҳам, кўтариб кетса бўлади.

– Наҳотки, сиз ҳам бошингиздан кечирган бўлсангиз?

– Менми? Икки марта қамалганман, – деди аёл ғамгин ва ёқимли жилмайиб, – мени биринчи бор, бегуноҳдан бегуноҳ қамашганда, – деб давом этди у, – йигирма икки яшар эдим, қўлимда болам бор эди, бунинғ устига, ҳомиладор эдим. Озодликдан маҳрум этилганим, боламдан, эримдан жудо қилинганим нақадар оғир бўлмасин, ўзимнинг одамликдан чиқиб бир буюмга айланганимни ҳис этган пайтдаги мутаассирлик олдида у ҳеч нарса эмас эди. Қизим билан хайрлашмоқчи бўлсам, менга извошга ўтиришни буюрдилар. Мени қаерга олиб бораётганларини сўрасам, борганда биласан дейишди. Мени нимада айблаганликларини сўрасам, саволим жавобсиз қолди. Сўроқдан кейин мени ечинтириб, устига рақам ёзилган турма кийимини кийдирдилар, ертўлага олиб тушиб эшикни очиб итариб юбордилар, устимдан қулфлаб чиқиб кетдилар. Милтиғини кўтариб у ёқдан бу ёққа юриб, аҳён-аҳёнда тешикдан мўралаб турган соқчидан бўлак ҳеч ким қолмади, шунда жуда оғир аҳволга тушдим. Ҳали-ҳали эсимда, сўроқ пайтида, жандарма офицери чекишни таклиф қилгани мени ўша вақтда жуда ҳайратлантирган эди. Бундан чиқди у, одамлар чекишни нақадар яхши кўришини билар экан, бундан чиқди, одамлар озодликни, нурни нақадар яхши кўришини, оналар болаларини, болалар оналарини нақадар севишини ҳам яхши билади. Шундай экан, шафқатсизлик қилиб, мени дунёдаги энг қадрли нарсалардан айириб, ёввойи ҳайвондек қафасга солганларини нима деса бўлади? Буни осонликча бошдан кечириб бўлмайди. Худога, инсонларга, инсоннинг бир-бирига бўлган меҳри муҳаббатига ишонган одам, бу ҳолни бошдан кечиргач, буларга ишонмай қўяди. Ўшандан буён инсонларга ишонмай қўйдим, аламзада бўлиб қолдим, – деб гапини тугатди у жилмайиб қўйиб.

Лидия кириб кетган эшикдан унинг онаси қайтиб чиқиб, Лидочканинг мазаси йўқлигини, чиқа олмаслигини айтди.

– Ёш умри нега хазон бўлади-а? – деди холаси. – Шунга беихтиёр сабабчи бўлганим учун ҳам, айниқса қийналаман.

– Худо хоҳласа, қишлоқда ўзига келиб қолади, – деди онаси, – отасининг ёнига юборамиз.

– Сиз бўлмасангиз, бекорга нобуд бўлиб кетарди, – деди холаси. – Раҳмат. Сизни кўрмоқчи бўлганимнинг сабаби шуки, Вера Ефремовнага бир хатни бериб қўйишни илтимос қилмоқчи эдим, – деди у чўнтагидан хат олаётиб, – конверт ёпиштирилмаган, ўқиб чиқиб йиртиб ташлашингиз ёки бериб қўйишингиз мумкин – ниманики лозим кўрсангиз шуни қиларсиз, – деди у. – Хатда сизга иснод келтирадиган ҳеч қандай гап йўқ.

Нехлюдов хатни олди, топширишга ваъда берди-да, хайрлашиб кўчага чиқиб кетди.

Нехлюдов хатни ўқимай конвертни ёпиштирди-да, тегишли одамга топширишга аҳд қилди.

XXVII

Нехлюдовни Петербургда ушлаб турган сўнгги иш, сектантлар иши эди, уларнинг аризаларини бир полкда хизмат қилган собиқ ўртоғи флигель-адъютант Богатирев орқали подшога бермоқчи эди. Эрталаб Богатиревникига борганда у чиқиб кетиш олдидан нонушта қилиб ўтирган экан. Богатирев ўрта бўйли, чорпаҳилдан келган, жуда бақувват (тақани қайира оларди), кўнгилчан, номусли, тўғри ва ҳатто либерал одам эди. Шу хусусиятларига қарамай у саройга яқин одам эди, подшони ва унинг оиласини яхши кўрар ҳамда шу киборлар оламида яшаб туриб ҳам, негадир бу муҳитнинг фақат яхши томонларини кўрар, ҳеч қандай ёмонликда, ифлосликда иштирок этмас эди. У ҳеч қачон на одамларни ва на кўрилган тадбирларни қораламас, ё жим ўтирар ёки айтадиган гапини қаттиқ кулиб туриб шанғиллаб айтарди. У сиёсатдон бўлгани учун эмас, азбаройи табиати шунақа бўлганидан шундай қиларди.

– Келганинг жуда яхши бўлди. Нонушта қиласанми? Ўтир. Ажойиб бифштекс бўлган-да. Мен ҳамма вақт ишнинг муҳимидан бошлайман, муҳими билан тугатаман. Ҳа, ҳа, ҳа. Кел, винодан ич, – деб қичқирарди у қизил вино солинган графинни кўрсатиб. – Сени ўйлаб турувдим. Аризани топшираман. Ўз қўлига бераман – ишонавер; фақат миямга бир фикр келиб қолди. Шу масалада аввал Топоровга учрашсанг яхши бўлмасмикин.

Топоровнинг номини эшитиши билан Нехлюдов юзини буриштирди.

– Ҳаммаси Топоровнинг қўлида. Барибир ундан сўратишади. Балким ўшанинг ўзиёқ илтимосингни қондирар.

– Агар сен шуни маслаҳат кўрсанг – бораман.

– Жуда соз. Хўш, Питер сенда қандай таассурот қолдирди, – деб қичқирди Богатирев, – а, қалай?

– Таъсирига берилиб кетаётганимни ҳис қиляпман, – деди Нехлюдов.

– Таъсирига берилиб кетяпсанми? – деб такрорлади Богатирев қаҳ-қаҳлаб кулиб. – Хоҳламасанг, ихтиёринг ўзингда. – У мўйловини сочиқ билан артди. – Хўш, борасанми? А? Агар у тўғрилай олмаса, менга олиб кел, эртагаёқ топшираман, – деб шанғиллади у. Стол ёнидан турар экан, қулочини кенг ёзиб, оғзини артган каби, беихтиёр чўқинди-да, қиличини оса бошлади, – энди хайр бўлмаса, кетишим керак.

– Бирга чиқиб кетамиз, – деди Нехлюдов Богатиревнинг кучли, ялпоқ қўлини мамнуният билан сиқиб, ҳар вақтдагидек, соғлом, соф бир кишининг ёқимли суҳбатидан беихтиёр таъсирланган ҳолда у билан уйининг пиллапоясида хайрлашди.

Сектантлар ишига мутасадди бўлган Топоровнинг олдига боргани билан яхшилик чиқишига ақли етмаса-да, Нехлюдов Богатиревнинг маслаҳатига кўра унинг олдига жўнади.

Топоровнинг вазифаси ички қарама-қаршиликдан иборат бўлиб, фақат бефаросат ва маънавий бўш одамгина буни кўрмаслиги мумкин эди. Топоров ана шу иккала салбий хусусиятга эга эди. Бу вазифанинг қарама-қаршилиги шундан иборат эдики, бу вазифа унинг таъбирига кўра худонинг ўзи томонидан барпо этилган, дўзах оловида ёнмайдиган ва инсон кучи ларзага келтира оладиган черковни қўллаб-қувватлаш ва ҳатто зўрлик қилиб бўлса ҳам ташқи воситалар билан уни ҳимоя қилишдан иборат эди. Топоров ўз қўл остидаги амалдорлар билан бирга бошқарган муассаса ана шу ҳеч қандай куч ларзага келтира олмайдиган илоҳий бир муассасани қўллаб-қувватлаши ва ҳимоя қилиши керак эди. Топоров бу қарама-қаршиликни кўрмас ёинки кўришни истамас эди. Шунинг учун ҳам қандайдир ксендз,104104
  Ксендз – поляк руҳонийси.


[Закрыть]
пастор105105
  Пастор – протестантизм мазҳабидаги руҳоний.


[Закрыть]
ёки сектант жаҳаннам дарвозалари ҳам ларзага келтира олмайдиган черковни барбод қилиб юбормасин деган ташвишда эди. Асосий диний ҳиссиётдан, инсонлар бир-бирларига тенг ва биродар бўлиши керак деган фикридан маҳрум бўлган кишилар сингари Топоров ҳам халқни ўзидан кўра тамомила бошқа махлуқот деб ҳисоблар, ўзига тамомила керак бўлмаган нарсани халқ учун ғоят зарур деб ҳисобларди. Ўзи эса ҳеч нарсага ишонмас ва шу хислат унга жуда қўл келар, кўнглига ёқар эди, лекин халқ ҳам шу ҳолатга тушмаса эди деб қўрқар ва ўзининг айтишича, халқни шундан сақлаб қолишни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисобларди.

Бир пазандалик китобида «қисқичбақалар ўзларини тириклайин сувга солиб пиширишларини яхши кўрадилар» дейилганидек, у ҳам пазандалик китобида айтилганича мажозий маънода эмас, балки тўғридан-тўғри, халқ хурофотни яхши кўради, деб ўйлар ва худди шундай деб даъво қиларди.

Товуқ боқувчи товуқларга берадиган ўлаксага қандай қараса, у ҳам динга шундай қарарди; ўлакса жуда қўланса бўлади, лекин товуқлар уни яхши кўриб ейишади, шунинг учун ҳам уларни ўлакса билан боқиш керак.

Ўз-ўзидан маълумки, ана шу барча Иверский, Казань ва Смоленск иконаларига сиғиниш қўпол бутпарастлик, лекин халқ шуни яхши кўради ва шунга ишонади, шунинг учун ҳам бу хурофотни қўллаб-қувватлаш керак. Топоров шундай деб ўйларди. Чунки у ҳамма вақт Топоровга ўхшаган одамлар, ўзлари маърифатли бўлиб, бу билимларини зарур бўлган нарсаларга, яъни жаҳолат зулматидан қутулиб чиқаётган халққа ёрдам бериш учун эмас, халқни шу жаҳолатда маҳкамроқ сақлаб туриш учун ишлатадиган одамлар бор бўлгани ва ҳозир ҳам борлиги учун халқ хурофотни яхши кўриб келаётганини тушунмас эди.

Нехлюдов Топоровнинг қабулхонасига кириб келганда у кабинетида Ғарбий ўлкадаги зўрлик билан православ динига киритилган униатлар106106
  Униат – православия ва католик черковларини бирлаштириш тарафдорлари.


[Закрыть]
орасида православ динини тарғиб қилувчи ва қўллаб-қувватловчи эпчил аристократ монах аёл – игуменья107107
  Игуменья – хотинлар монастирининг бошлиғи (тарж.)


[Закрыть]
билан суҳбатлашиб ўтирарди.

Қабулхонада навбатчилик қилиб ўтирган махсус топшириқларни бажарувчи тўра, Нехлюдовдан нима иш билан келганини сўради ва Нехлюдовнинг сектантлар аризасини подшога етказмоқчи бўлганини эшитиб, аризани кўрсак бўладими, деб сўради. Нехлюдов аризани берган эди, тўра аризани кўтариб кабинетга кириб кетди. Қалпоқ кийган монах аёл юзидаги тўрини ҳилпиллатиб орқасидан осилиб бораётган қора этагини судралтириб, асл тошлардан ясалган тасбиҳ тутган, тирноқлари тозаланган оппоқ қўлларини қовуштириб, кабинетдан чиқди ва эшик томонга ўтиб кетди. Нехлюдовни киришга ҳамон таклиф этишмас эди. Топоров аризани ўқиб, бошини чайқаб ўтирарди. У очиқ-ойдин қилиб, усталик билан ёзилган аризани ўқиб нохушланган, ҳайрон қолган эди.

«Агар бу ариза подшоҳи аъзамнинг қўлларига тушса кўнгилсиз саволлар туғдириши ва англашилмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин», – деб ўйлади у аризани ўқиб бўлиб. Кейин аризани столга қўйиб, қўнғироқ чалди ва Нехлюдовни чақиришни буюрди.

Сектантларнинг иши ёдида, уларнинг аризаси қўлига келиб текканди. Воқеа бундай эди: православ динидан қайтган христианларга аввал ўгит-насиҳат қилиб, кейин судга берилган, лекин суд уларни оқлаб юборди. Шундан кейин архиерей билан губернатор қонунсиз никоҳда бўлганлари учун эр-хотинлар ва бола-чақаларни ҳар томонга сургун қилиб юборишга қарор қилишди. Худди шу эр-хотинлар, бир-бирларимиздан жудо қилманг, деб сўрар эдилар. Топоров бу иш биринчи марта қўлига келиб тушганини эслади. Ўшанда ҳам шу ишни тўхтатиб қўйсаммикан, деб иккиланган эди. Аммо бу деҳқон оилаларини ҳар томонга сургун қилиш ҳақидаги қарорни тасдиқ қилгани билан ҳеч қандай зарар бўлмайди; сектантларни турар жойларида қолдириш эса аҳолининг бошқа қисмига ёмон таъсир этиши, уларнинг ҳам православ динидан қайтишига сабаб бўлиши мумкин. Ундан ташқари бу иш архиерейнинг ғайрат билан ишлаётганини кўрсатар эди, шунинг учун ҳам у иш қай йўсинда кетаётган бўлса, шундайлигича юргизиб юборди.

Эндиликда эса, Петербургда ошна-оғайниси кўп бўлган Нехлюдовдек ҳимоячи бу ишни подшога топширса, унинг бутун даҳшати очилиши ёки чет эл газеталарига тушиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам у дарров кутилмаган қарорга келди.

– Салом, – деди у иши кўп одамдек Нехлюдовни тикка туриб қарши оларкан. У дарҳол ишга кўчди.

– Бу ишни биламан. Номларига кўзим тушиши билан бу шўрликларни эсладим, – деди у аризани олиб Нехлюдовга кўрсатар экан. – Шу ишни эслатганингиз учун миннатдорман сиздан. Вилоят ҳокимлари суиистеъмолга йўл қўйганлар… – Нехлюдов унинг бўзарган, ҳаракатсиз ниқобга ўхшаган юзига ғижиниб, индамай қараб турарди. – Жазо чораси бекор қилиниб, бу кишиларни турар жойларига қайтарилиши ҳақида буйруқ бераман.

– Бундан чиқди, аризани топширмасам ҳам бўлаверадими? – деди Нехлюдов.

– Ҳеч сўзсиз. Мен ваъда бераман, – деди у «мен» сўзини таъкидлаб, гўё унинг софлигига, унинг ваъдасига шубҳа бўлиши мумкин эмасдек. – Келинг, яхшиси ҳозироқ ёзиб бера қолай. Қани, ўтирсинлар.

У стол ёнига келди-да, ёза бошлади. Нехлюдов ўтирмасдан, унинг чўзинчоқ ярғоқ бошига, кўм-кўк йўғон томирлари ўйнаб чиққан, перони тез-тез юргизаётган қўлига юқоридан туриб қарар ва шу қилаётган ишини нима учун қилаётганига, ҳамма нарсага бепарволик билан қарайдиган бу одам нега энди шу тобда бу қадар жонкуяр бўлиб қолганига ҳайрон эди. Нега шундай?..

– Шундоғ, – деди Топоров конвертни ёпиштираётиб, – муштарийларингизга эълон қилишингиз мумкин, – деб қўшиб қўйди, жилмайгандек лабини буриб.

– Бу одамлар нима учун шунча азоб тортдилар? – деди Нехлюдов конвертни олаётиб.

Топоров бошини кўтарди ва Нехлюдовнинг саволидан мамнун бўлгандек жилмайиб қўйди.

– Бу тўғрида сизга ҳеч нима дея олмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, биз ҳимоя қилаётган халқ манфаати шу қадар муҳимки, дин масаласида сал ортиқча ижтиҳод кўрсатиш, бу масалада кейинги вақтларда юзага келган бепарволикдан кўра фойдалироқ.

– Қандай қилиб дин номи билан яхшиликнинг биринчи талаби барбод этилади – эр хотиндан, бола отадан ажратилади…

Нехлюдовнинг сўзлари ёқиб тушгандай Топоров ҳамон боягидек илтифот билан жилмаярди. Топоровнинг назарида, ўзи эгаллаган юқори мансаб нуқтаи назаридан қараганда, ҳозир Нехлюдов нима деса ҳам унга ёқимли калтабинлик бўлиб туюларди.

– Хусусий бир одам нуқтаи назаридан туриб қараганда шундай бўлиб кўриниши мумкин, – деди у, – аммо давлат нуқтаи назарида тамомила бошқача кўринади. Хўп, хуш кўрдик энди, – деди Топоров бошини эгиб ва қўлини узатиб.

Нехлюдов унинг қўлини сиқди ва шу қўлни қисганига пушаймон еб шошиб-пишиб чиқиб кетди.

«Халқ манфаати эмиш-а, – дерди у Топоровнинг сўзини такрорлаб, – ўз манфаатинг, фақат ўзингнинг», – деб ўйларди у Топоров ёнидан чиқар экан.

Адолат ўрнатувчи, динни қўлловчи ва халқни тарбияловчи муассасалар фаолиятининг қурбони бўлган барча одамларнинг қиёфасини Нехлюдов фикран кўз ўнгидан ўтказди. Булар орасида патентсиз шароб сотгани учун жазоланган хотиндан тортиб, ўғрилик учун қамалган бола ҳам, дайдиб юргани учун жазоланган саёқ ҳам, ўт қўйган йигит ҳам, талон-торожлик қилгани учун қамалган банкир ҳам бор эди. Нехлюдов шу пайтнинг ўзида, маълумот олиш мақсадида қамоққа олинган шўрлик Лидияни, православ дини қоидаларини бузгани учун қамалган сектантларни, конституция талаб қилгани учун қамалган Гуркевични эслади. Нехлюдовнинг миясига, бу одамларни адолатни бузганлари ёки ғайриқонуний иш қилганлари учун эмас, балки тўралар ва давлатманд одамларнинг халқдан йиғиб оладиган бойликка эгалик қилишларига халақит берганлари учун қамаган, сургун қилганлар деган аниқ бир фикр келди.

Патентсиз шароб сотган аёл ҳам, шаҳарда дайдиб юрган саёқ ҳам, варақа яширган Лидия ҳам, мавҳумотни бузган сектантлар ҳам, конституция талаб қилган Гуркевич ҳам бунга халақит берган. Шунинг учун ҳам Нехлюдовнинг назарида бу тўраларнинг ҳаммаси, холасининг эридан тортиб сенаторларгача, Топоровдан тортиб министрликдаги столларни банд қилган барча кичкина, озода ва баодоб жанобларгача, ҳаммаси бегуноҳ одамларнинг азоб тортганларига заррача ачинмай, фақат барча хавфлиларни қандай қилиб бўлса ҳам четлатиш билангина овора эдилар.

Бегуноҳ одамни айбламаслик учун ўн нафар айбдорнинг гуноҳидан ўтиш керак деган қоидага риоя қилиш у ёқда турсин, аксинча, бир нарсанинг ириган ерини кесиб ташлаш учун соғлом жойини кесиб олганлари каби, – битта ҳақиқий хавфли кишини четлатиш учун ўнта бегуноҳ одамга жазо берар, четлатар эдилар.

Бўлиб турган воқеаларни ана шундай изоҳлаш Нехлюдовнинг назарида жўн ва очиқ-ойдин нарсага ўхшаб кўринарди, мана шу очиқ-ойдинлик Нехлюдовни иккиланишга мажбур қиларди. Ана шундай мураккаб ҳодисани ниҳоят даражада жўн изоҳлаш мумкин эмас-ку ахир, адолат, яхшилик, қонун, имон, худо ва шунга ўхшаш гаплар фақат тилдагина бўлиб, қўпол тамагирлик ва шафқатсизликни хаспўшлаши мумкин эмас-ку, ахир.

ХХVIII

Нехлюдов шу куни кечқуруноқ жўнаб кетиши мумкин эди-ю, лекин Маrietteга театрга киришга ваъда берган эди. Нехлюдов шу ишни қилмаслик кераклигини билса-да, ўзини-ўзи алдаб, берган сўзнинг устидан чиқиш керак, деган баҳона билан театрга жўнади.

«Қани, ўз нафсимни тия олармиканман? – деб ўйларди Нехлюдов. – Охирги бор бир синаб кўрай-чи».

Эгнига фрак кийган Нехлюдов саҳнадан тушмайдиган «Dame aux camêlias»108108
  «Гуллик хоним» (франц.)


[Закрыть]
нинг иккинчи пардасига етиб борди. Бу спектаклда янги келган артистка сил хотиннинг қандай ўлишини янги тарзда ўйнаб кўрсатарди.

Театр лиқ тўла эди, Маrietteнинг ложасини сўради, шу ложани сўрагани учун Нехлюдовни иззат қилиб дарҳол кўрсатдилар.

Йўлакда ясанган лакей турарди, Нехлюдовни кўриши биланоқ таниш каби унга таъзим қилиб эшикни очди.

Рўпарадаги ложада ўтирганлар, уларнинг орқасида турганлар, яқинроқда орқасини ўгириб ўтирганлар, мўйсафидлар, сочига оқ оралаганлар, тепакаллар ва сочсизлар, ёғупа суртганлар ва партерда ўтирган сочи жингалак кишилар – бутун томошабин – ясанган, тўр уқа тутилган шоҳи кўйлагидаги, қийпанглаб сунъий товуш билан монолог ўқиётган ориқ артисткага тикилган эди. Эшик очилганда аллаким, тсс, деди, Нехлюдовнинг юзига ҳам совуқ, ҳам иссиқ ҳаво келиб урилди.

Ложада Маriette ва елкасига қизил накидка ташлаган, сочини баланд қилиб турмаклаган нотаниш аёл ва икки эркак бор эди. Уларнинг бири генерал, Маrietteнинг эри, чиройли, қушбурун, қатъий қиёфадаги, ҳарбий кийимининг кўкраги пахта тўлдириб кўтариб қўйилган баланд бўйли киши эди, иккинчиси эса малладан келган, тарвақайлаган соқолининг ўртасидан чиқиб турган даҳанининг соқоли қириб олинган тепакал киши эди. Ёқаси ўйиқ, нафис, нозик енги калта кўйлак кийган Маriette жозибали ва латиф эди. Унинг бақувват, лўппи, очиқ елкаси билан гардани орқасидаги қора холи кўриниб турарди. Нехлюдов кирган маҳалда у ялт этиб қаради ва орқасида турган стулни елпиғичи билан имо қилиб кўрсатиб, миннатдорлик билан саломлашиб, Нехлюдовнинг назарида, маънодор жилмайиб қўйди. Унинг эри, ҳар вақтдагидек, секин ўгирилиб қараб, бош эгиб қўйди. Унинг важоҳатидан, хотинига тикилиб қараганидан, чиройли хотиннинг фармонбардори эканлиги кўриниб турарди.

Монолог тугагач, театр олқишлардан ларзага келди. Маriette ўрнидан турди ва шилдираган шоҳи юбкасини ушлаб, ложанинг орқа томонига ўтди ва эрини Нехлюдов билан таништирди. Генералнинг кўзи кулиб турарди. У жуда хурсандлигини айтди-ю, оғзига сўк солгандек жим бўлиб қолди.

– Бугун жўнаб кетишим керак эди, лекин сизга ваъда берганим учун қолдим, – деди Нехлюдов Маriette-га юзланиб.

– Агар мени кўргингиз келмаётган бўлса, ажойиб бир артисткани кўрасиз, – деди Маriette унинг сўзларига жавоб қайтариб, – охирги кўринишда жуда ажойиб ўйнади-а? – деди у эрига мурожаат қилиб.

Эри бош эгиб қўйди.

– Бу менга таъсир этмайди, – деди Нехлюдов, – мен ҳақиқий бебахтларни шундай кўп кўрдимки…

– Ўтиринг, ўтиринг, гапириб беринг.

Эри тинглаб ўтирар ва борган сайин кўзида истеҳзоли кулги чақнарди.

– Шунча вақтдан бери қамалиб ётган, куни кеча чиқиб келган қизнинг ёнига бордим; адойи тамом бўлибди бечора.

– Сенга ўша хотин ҳақида гапириб берган эдим, – деди Маriette эрига.

– Уни озод қилиш мумкин бўлгани учун жуда хурсанд бўлдим, – деди эри хотиржам товуш билан бошини силкиб. Нехлюдовнинг назарида генерал истеҳзо қилиб, мийиғида кулаётгандек эди. – Мен чиқиб чекиб келаман.

Нехлюдов Маriette айтмоқчи бўлган гапини айтади деб кутарди. Аммо у ҳеч нарса демас, айтишни хаёлига ҳам келтирмас, ҳазиллашар, Нехлюдовга қаттиқ таъсир этиши керак деб ўйлаган пьеса ҳақида гапирарди.

Нехлюдов Маriette-нинг ҳеч қандай айтадиган гапи йўқлигини, фақат кечки кийимида унга кўрингиси, очиқ елкаси ва холини кўрсатгиси келганини кўриб турарди. Айни замонда бу унга ҳам ёқар, ҳам жиркантирарди.

Мана шу нарсаларнинг устини беркитиб турган нафис парда Нехлюдовнинг кўз ўнгида кўтарилди, кўтарилибгина эмас, ўша парда орқасидаги нарсаларнинг, бари кўринди. Маriette-га қараркан, ҳаваси келар, лекин унинг юзлаб, минглаб инсонларнинг кўз ёшини оқизиб, ҳаётини поймол қилиб, мансабини ошираётган эр билан яшаб келаётган ёлғончи хотин эканлигини, шуларнинг ҳаммасига бепарво қарашини, кеча айтган гапларининг ҳаммаси ёлғонлигини биларди. Маriette негадир Нехлюдовга ўзини севдирмоқчи бўларди, Нехлюдов ҳам, ҳатто унинг ўзи ҳам нега шундай қилаётганини тушунмас эди. Нехлюдов учун у ҳам жозибали, ҳам жирканч эди. У бир неча бор кетишга отланиб, шляпасини қўлига олди, лекин яна ўтирди. Ниҳоят, Маriette-нинг эри қалин мўйловларидан тамаки ҳидини анқитиб ложага қайтиб, Нехлюдовни танимагандек димоғдорлик билан қараб қўйди, унинг кетидан эшик ёпилмасданоқ Нехлюдов йўлакка чиқди ва пальтосини топиб, театрдан чиқиб кетди.

Невский кўчаси билан уйига қайтаркан, олдинда кетаётган баланд бўйли, хушқомат, олифта аёлга беихтиёр кўзи тушди. Аёл кенг асфальт йўлкада аста-секин юриб борарди. Унинг юзидан, бутун вужудидан ўз сўзли ўктам хотинлиги билиниб турарди. Рўпара келганлар ҳам, ўша аёлга етиб ўтиб кетаётганлар ҳам уни бошидан оёқ кўздан кечиришарди. Аёлдан кўра тезроқ юриб бораётган Нехлюдов ҳам беихтиёр ўгирилиб қаради. Пардоз қилган бўлса керак, юзи чиройли эди. Аёл кўзларини чақнатиб Нехлюдовга жилмайиб қаради. Шуниси қизиқки, Нехлюдов шу заҳоти Маriette-ни эслади. Чунки худди боя театрдагидек, бу хотин уни ўзига жазб этар ва жиркантирарди. Нехлюдов шошиб-пишиб аёлдан ўзиб кетди-да, Морская кўчасига бурилди. Дарё бўйига чиққач, миршабни танг қолдириб, у ёқдан бу ёққа юра бошлади.

«Униси ҳам театрда, кириб борган пайтимда худди шундай жилмайди, – деб ўйлади Нехлюдов, – у табассумнинг ҳам, бу табассумнинг ҳам мазмуни бир. Фарқ шундаки, буниси содда ва тўғридан-тўғри: «Керак бўлсам – ол мени, керак бўлмасам – йўлингдан қолма», дейди. Униси бўлса, ўзини гўё бу ҳақда ўйламаётган, қандайдир юксак, нозик ҳислар билан яшаётган қилиб кўрсатади-ю, аслига келсанг – барибир. Буниси ҳеч бўлмаганда ростгўй, униси эса ёлғончи. Бу ҳам майли, буниси ночорликдан шу аҳволга тушиб қолган, униси эса, ана шу ажойиб манфур ва мудҳиш ҳирс билан ўйнайди. Мана, бу фоҳиша хотин – нафратидан кўра ташналиги зўр одамларга таклиф қилинадиган қўланса, лойқа сув; театрдагиси эса, нимагаки тушса билдирмай заҳарлайдиган оғу. – Нехлюдов дворянлар оқсоқолининг хотини билан бўлган муносабатини эслади, уни шарманда хотиралар қамраб олди. – Инсоннинг шаҳвоний ҳирси нақадар жирканч, – деб ўйлади у, – бу ҳирс соф экан, маънавий ҳаётингнинг юқори поғонасидан туриб қараб, ундан жирканасан, тубан тушгудек бўлсанг ёки ўзингни тута билсанг ҳам барибир ўзлигингча қоласан, лекин бу шаҳвоний ҳирс ясама эстетик, поэтик ниқобга ўралган бўлиб, сендан сажда қилишни талаб этса, у тақдирда, шу ҳирсни муқаддас санаб, яхшидан ёмонни фарқ қила олмай, бутунлай унинг қаърига ботиб кетасан. Шуниси жуда мудҳиш».

Нехлюдов ҳозир саройларни, соқчиларни, қалъани, дарёни, қайиқларни ва биржани қандай аниқ кўриб турган бўлса, бу ҳам унга шундай аниқ эди.

Шу кеча ер юзида кишига ором бағишловчи, юпатувчи қоронғилик йўқ, манбасиз ғира-шира, ҳазин ғайритабиий нур ёғилиб турар эди, шу сингари, Нехлюдовнинг кўнглида ҳам ором берувчи бехабарлик қоронғиси йўқ эди. Ҳаммаси очиқ-ойдин эди. Муҳим ва яхши деб ҳисобланган нарсаларнинг ҳаммаси тубан ёки манфур, ана шу ҳашамат ва зеб-зийнатларга ҳамма кўникиб келган, эски жиноятлар жазоланиш у ёқда турсин, тантана қилувчи, инсон ақли ўйлаб чиқарган гўзаллик билан ниқобланган.

Нехлюдов шуларни унутгиси келар, кўрмасликка ҳаракат қиларди-ю, лекин сира иложини топа олмасди. Нехлюдов Петербургни ёритиб турган нур манбаини кўрмаганидек, мана шу нарсаларни равшан қилиб кўрсатаётган ўша нур манбаини кўрмас эди, гарчи бу нур хира, ғамгин ва ғайритабиий бўлиб кўринса-да, у шу нур ёруғида кўзга ташлаётган нарсаларни кўрмай ўта олмас ва айни замонда, ўзини ҳам шод ҳис этар, ҳам ташвиш тортар эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации