Текст книги "Тирилиш"
Автор книги: Лев Толстой
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 29 (всего у книги 40 страниц)
XXXI
Маслова билан кетадиган гуруҳ бешинчи июль куни жўнатиладиган бўлди. Нехлюдов шу куни унинг кетидан жўнаб кетишга отланди. Жўнаб кетишдан бир кун аввал, укасини кўриш учун опаси билан поччаси шаҳарга келишди. Нехлюдовнинг опаси Наталья Ивановна Рагожинская ундан ўн яшар катта эди. Нехлюдов, қисман опасининг таъсирида ўсган эди. Болалик чоғида у, Нехлюдовни жуда яхши кўрар, кейин, турмушга чиқиш олдидан эса улар: йигирма беш яшар опа билан ўн беш яшар ука тенгдошлардек дўст бўлиб олган эдилар. У вақтларда Наталья укасининг марҳум ўртоғи Николенька Иртеневни севиб қолган эди. Икковлари ҳам Николенькани яхши кўрар, унга ва ўзларига хос бўлган, барча одамларни бирлаштирувчи яхши хислатлари борлиги учун севишарди.
Ўшандан буён иккови ҳам бузилиб кетди: Нехлюдов – ҳарбий хизматда бузилди, опаси эса фақат жисмоний жиҳатдан севган одамига эрга теккандан кейин бузилди. Унинг эри бир вақтлар Дмитрий иккови муқаддас ва қимматли деб ҳисобланган нарсани севиш у ёқда турсин, бунинг нима эканлигини ҳатто тушунмас ва Натальянинг бир вақтлар эртаю кеч ахлоқий юксалиш ва одамларга хизмат қилишга интилишини ёлғиз ўзигагина маълум бўлган манманликка берилиш, одамлар олдида олифтагарчилик қилишдан бўлак нарса эмас, деб ҳисобларди.
Рагожинский машҳур, давлатманд одам бўлмаса-да, ишнинг кўзини биладиган эпчил хизматчи эди. У либерализм ва консерватизм орасида усталик билан чап бериб юрар, айни вақтда шу икки оқимнинг қайси бири унинг турмуши учун яхши натижа берса, шундан фойдаланарди, шу тарзда иш юритиши ва энг муҳими, хотинларга ёқадиган аллақандай хусусияти билан суд ишида баланд лавозимга кўтарилган эди. Ёши анчага бориб қолган кезида, чет элда Нехлюдовлар билан танишди ва ёши ўтиб қолган Наташага ўзини севдириб, онанинг норозилигига қарамай унга уйланди, онаси бу никоҳни mésallance110110
Нотенг никоҳ (франц.)
[Закрыть] деб ҳисобларди. Нехлюдов ўз ҳиссини ўзидан яширишга ҳаракат қилса-да, унга қарши курашса-да, барибир поччасини ёмон кўрарди. Ҳислари сохта, кеккайган поччаси унга ёқмас эди. Опасининг шу назари паст одамни эҳтирос билан, худбинлик билан севгани ҳамда у туфайли ўзидаги барча яхши фазилатлардан маҳрум бўлгани учун Нехлюдов поччасини айниқса ёмон кўрарди. Наташанинг ана шу ярғоқ боши ялтираб турган, сержун, худбин одамга теккани Нехлюдовга алам қилар эди. Нехлюдов ҳатто, унинг болаларидан ҳам жирканарди. Ҳар гал опасининг ҳомиладорлигини билганда у опаси ана шу ҳаммага ёт бўлган одамдан аллақандай ёмон нарсани юқтиргандай ачинарди.
Рагожинскийлар болаларини қолдириб ёлғиз келишган эди, уларнинг болалари иккита: бир ўғил, бир қиз эди, – улар энг яхши меҳмонхонанинг энг яхши номерига тушган эдилар. Наталья Ивановна шу заҳоти онасининг эски уйига кетди, лекин у ердан укасини топмай, Аграфена Петровнадан унинг мусофирхонага кўчиб кетганини эшитиб, ўша ёққа йўл олди. Ифлос хизматкор уни қоронғи, бадбўй, кундуз куни чироқ ёқиб қўйиладиган йўлакда кутиб олиб, князнинг уйда йўқлигини айтди.
Наталья Ивановна хат ёзиб қолдириш учун укасининг номерига кириш истагини билдирди. Хизматкор бошлаб кирди.
Наталья Ивановна икки хоналик кичкина номерга кириб уйни диққат билан кўздан кечирди. Ҳамма нарса саришта ва батартиб, бу унга таниш, лекин уйнинг жиҳозланишидаги камтарлик уни ҳайратда қолдирди. Ёзув столида у бронзадан ясалган кучук суратли босмани кўрди; ундан ташқари портфель ва қоғозлар, ёзув қуроллари ва жазо қонун тўпламлари, инглиз тилида Генри Жорж ва француз тилида Тард китоби, Наталья Ивановнага таниш тартиб билан териб қўйилган эди. Тарднинг китоби орасидаги фил суягидан ясалган эгри пичоқ ҳам таниш эди.
Наталья Ивановна стол ёнига ўтириб, шу бугуноқ албатта келиб учрашишини сўраб укасига хат ёзди-да, кўрганларига ҳайрон бўлиб бошини чайқай-чайқай меҳмонхонага қайтди.
Наталья Ивановнани укасига доир икки масала қизиқтирарди: бири унинг Катюшага уйланиши эди. Бу гап ҳамманинг оғзига тушгани учун шаҳардалик чоғидаёқ буни эшитган эди, иккинчиси, ерни деҳқонларга бериш масаласи эди. Бу воқеа ҳам барчага маълум бўлиб, кўпларга қандайдир сиёсий ва хавфли нарса бўлиб кўринарди. Катюшага уйланиш масаласи бир томондан Наталья Ивановнага ёқарди. Наталья Ивановна укасининг бундай жасоратидан мамнун эди. Чунки бу ўша ажойиб йилларда, эрга тегмасдан бурун иккови ҳам қандай кайфиятда эканлигини эслатарди. Лекин шу билан бир қаторда укасининг шундай ярамас хотинга уйланаётгани ҳақидаги фикр уни даҳшатга ҳам соларди. Сўнгги ҳис зўрроқ эди. Шунинг учун ҳам у, жуда оғирлигини билса-да, иложи борича унга таъсир кўрсатишга қарор қилди.
Иккинчи масала, ернинг деҳқонларга берилиши, Наталья Ивановнани у қадар қизиқтирмас эди; лекин бу масала эрини жуда ғазаблантирар ва у, хотинидан укасига таъсир этишни талаб қиларди. Игнатий Никифорович бу ишни учига чиққан енгилтаклик ва мутакаббирлик деб ҳисоблар, бу иш, бошқалардан фарқ қилиб ажралиб туриш, мақтаниш ва ўзи тўғрисида гап-сўз чиқариш учун қилинган иш, буни бошқача изоҳлаш мумкин эмас, дер эди.
– Ўзларига ўзлари пул тўлаш шарти билан деҳқонларга ер беришнинг нима маъниси бор? – дерди у. – Агар жуда яхшилик қилмоқчи экан, деҳқонлар банки орқали сотиш мумкин эди. Бу маъқул иш. Умуман, унинг бу иши – ғайритабиий ҳодиса бўлади, – дерди Игнатий Никифорович васийлик ҳақида ўйлар экан. У хотинидан укаси билан бу ғалати нияти ҳақида гаплашишни талаб қиларди.
XXXII
Уйга қайтиб келиб, столда опаси қолдирган хатни кўриши биланоқ, Нехлюдов унинг олдига жўнади. Кеч кирган эди. Игнатий Никифорович бошқа хонада дам олаётгани учун Наталья Ивановна укасини ёлғиз кутиб олди. У кўкрагига қизил бант тақилган бели тор қора шоҳи кўйлак кийган, қора сочларини урфга мослаб баланд қилиб турмаклаган эди. Афтидан, тенгдош эрининг кўнгли учун ўзини ёш қилиб кўрсатишга тиришарди. Наталья Ивановна укасини кўриб, дивандан ирғиб турди ва шоҳи юбкасини шилдиратиб тез-тез юриб бориб уни қарши олди. Опа-ука ўпишдилар ва жилмайиб бир-бирларига қарадилар. Бир-бирларига, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган, ҳақиқатга тўлиқ сирли, маънодор назар ташладилар, сўнг мана шу ҳақиқатдан узоқроқ бўлган сўзлар билан ўртоқлашдилар. Улар оналарининг вафотидан бери кўришмаган эдилар.
– Тўлишиб, ёшариб кетибсан, – деди Нехлюдов.
Мамнунликдан Наталья Ивановнанинг лаблари жийирилиб кетди.
– Сен озиб кетибсан.
– Игнатий Никифорович яхшиларми? – деб сўради Нехлюдов.
– Дам оляпти. Кечаси ухламаган эди.
Жуда кўп гапириш керак эди-ю, лекин сўзлар ҳеч нарсани ифода этмас, боқишлари эса, айтиладиган гаплар айтилмай қолганини гапирарди.
– Сеникига борган эдим.
– Ҳа, билдим. Уйдан кетиб қолганман, ёлғизлик жонимга тегди, зерикаман. Менга ҳеч нарса керак эмас, шуларни ҳаммасини, асбоб-анжомларни – бутун буюмларни олақол.
– Ҳа, Аграфена Петровна айтди менга. Борган эдим. Сендан жуда миннатдорман. Лекин…
Шу маҳал меҳмонхона хизматкори кумуш чой идишларни олиб келди.
Хизматкор идишларни жой-жойига қўйиб бўлгунича улар жим ўтирдилар. Наталья Ивановна столча қаршисидаги креслога ўтди ва чой дамлади. Нехлюдов чурқ этмас эди.
Наташа унга қараб:
– Шундай, Дмитрий, мен ҳаммасидан хабардорман, – деди кескин.
– Яхши, хабардор бўлганингдан хурсандман.
– Ўша ҳаётдан кейин уни тузатаман деб умид қиласанми? – деди Наталья Ивановна.
Нехлюдов кичкина стулда суянмасдан тўғри ўтирар, гапни яхши тушуниб олиб, яхши жавоб қайтариш учун диққат билан тингларди. Маслова билан сўнгги учрашув вақтида ҳосил бўлган кайфияти ҳамон кўнглини қувончга тўлдирар, барча одамларга хайрихоҳлик уйғотарди.
– Мен уни эмас, ўзимни тузатмоқчиман, – деб жавоб берди у.
Наталья Ивановна хўрсиниб қўйди.
– Уйланишдан бошқа чоралар ҳам бор.
– Энг яхшиси шу деб ўйлайман; ундан ташқари бу мени фойдали бўлишим мумкин бўлган муҳитга олиб киради.
– Назаримда, – деди Наталья Ивановна, – бахтиёр бўлолмасанг керак.
– Гап менинг бахтиёр бўлишимда эмас.
– Гапинг тўғри-я, лекин у, агар унда қалб бўлса, бахтли бўла олмайди, ҳатто буни истамайди ҳам.
– У ҳали ҳам хоҳламаяпти.
– Тушунаман, лекин турмуш…
– Нима турмуш?
– Бошқа нарсани талаб қилади.
Нехлюдов опасининг, кўз ва оғиз атрофини майда ажин босган бўлса-да, ҳамон чиройли юзига қараб:
– Турмуш биздан бажарилиши керак бўлган ишни бажаришдан бошқани талаб қилмайди, – деди.
– Тушунмайман, – деди Наталья хўрсиниб.
Нехлюдов Наташанинг эрга тегмасидан олдинги вақтини эслаб ва беҳисоб болалик хотираларидан бунёдга келган нозик ҳис ила опасига боқаркан: «Бечора опам! Шу қадар ҳам ўзгарадими-а?» – деб ўйларди.
Шу маҳал хонага ҳар вақтдагидек кўкрагини кериб, бошини ғоз кўтариб, юмшоқ ва енгил одимлар билан юриб, жилмайиб, кўзойнаги, ярғоқ боши ва қора соқолини ялтиратиб Игнатий Никифорович кириб келди.
– Салом, саломат бормисиз? – деди у сўзларга атайлаб ғайритабиий урғу бериб.
(Тўйдан кейинги кунларда бир-бирларини сенсирашга қанча ҳаракат қилишмасин, барибир сизсирашар эдилар).
Улар бир-бирларининг қўлларини қисиб кўришишди, сўнг Игнатий Никифорович креслога аста ўтирди.
– Гапларингизга халақит бермайманми?
– Йўқ, мен қилаётган ишларим ва гапларимни ҳеч кимдан яширмайман.
Шу башарани, мана шу сертук қўлларни кўриши, ҳомийлик қилувчи, мағрур кишининг товуш оҳангини эшитиши билан Нехлюдовнинг кайфи бузилди.
– Ҳа, унинг нияти ҳақида гаплашиб ўтирувдик, – деди Наталья Ивановна. – Сенгаям қуяйми? – деди у чойнакни қўлига олиб.
– Майли, марҳамат, хўш, қанақа ният экан?
– Ҳузурида ўзимни гуноҳкор санаган хотин билан бирга, ўшаларнинг гуруҳи билан Сибирга кетиш, – деди Нехлюдов.
– Эшитишимча, фақат бирга жўнашгина эмас, бошқа ниятингиз ҳам бор экан.
– Ҳа, агар у розилик берса, уйланмоқчиман.
– Шунақа денг! Агар мумкин бўлса, боисини менга уқдирсангиз. Тушунмай турибман.
– Сабаби шуки, ўша хотин… унинг фоҳишалик йўлидаги биринчи қадами… – Нехлюдов керакли сўз топа олмаганига ўзидан жуда аччиғланди. – Сабаби шуки айбдор мен-ку, у жазо тортяпти.
– Жазоланган бўлса, демак, у ҳам бегуноҳ бўлмаса керак.
– У тамоман бегуноҳ.
Нехлюдов беҳудага ҳаяжонланиб ҳаммасини гапириб берди.
– Ҳа, бу раислик қилувчининг хатоси ҳамда маслаҳатчиларнинг ўйламай берган жавоблари. Лекин бу масалани ҳал қилиш учун сенат бор.
– Сенат рад қилди.
Ҳақиқат суд мажлисида сўзланган нутқларнинг натижаси деган маълум фикрга тарафдор бўлган Игнатий Никифорович:
– Рад қилган бўлса, демак, ҳукмни бекор қилишга етарли далиллар бўлмаган, – деди. – Сенат ишни моҳиятига қараб кўра олмайди. Агар суд ҳақиқатан ҳам хатога йўл қўйган бўлса, олий ҳазратлари номига ариза бериш керак.
– Берилган, лекин фойда чиқмаса керак. Министрликдан сўратишади, министрлик сенатдан сўрайди, сенат ўз қарорини такрорлайди ва одатдагидек, бегуноҳ одам жазо тортиб кетаверади.
– Аввало, министрлик сенатдан сўраб ўтирмайди, – деди Игнатий Никифорович такаббурона илтифот билан жилмайиб, – суддан ишнинг асл нусхасини чақиртириб олади ва улар хато топса, шунга яраша хулоса чиқаради, иккинчидан эса, бегуноҳлар ҳеч қачон жазоланмайди ёинки жуда камдан-кам жазоланади. Гуноҳкорлар жазоланади, – шошмасдан, мағрурона жилмайиб гапирарди Игнатий Никифорович.
– Мен унинг аксинчалигига ишонч ҳосил қилдим, – деди Нехлюдов поччасини хуш кўрмай, – мен суд кесиб юборган одамларнинг ярмидан кўпи бегуноҳлигига ишонч ҳосил қилдим.
– У нима деганингиз?
– Ҳа, том маъноси-ла улар бегуноҳ. Бу аёл заҳарлашда қанчалик бегуноҳ бўлса, қотилликда айбланган деҳқоннинг ҳам заррача айби йўқ экан, менга маълум бўлди, ўт қўйишда айбланган она-болада ҳам айб йўқ, бечораларнинг жазо тортиб кетишига сал қолди. Ўтни хўжайиннинг ўзи қўйган экан.
– Ҳа, суд хатолари доим бўлиб келган, бундан кейин ҳам бўлиб туради. Инсонлар муассасаси беками кўст бўла олмайди.
– Маълум бир шароитда тарбияланиб, қилган ишларини жиноят деб билмаган кўпчилик бегуноҳлар-чи…
Игнатий Никифорович ҳамон боягидек хотиржамлик билан гердайиб, Нехлюдовни айниқса ғижинтирадиган нафратомуз табассум билан гапира бошлади.
– Кечирасиз, бу гапингизга қўшилмайман: ўғриликнинг яхши эмаслигини, ўғирлик қилиш ярамаслигини, ўғирлик – ахлоқсизлик эканлигини ҳар қандай ўғри ҳам билади.
– Йўқ, билмайди, унга ўғирлама дейишади. Лекин у, фабрикантлар ҳақини ушлаб қолиб меҳнатини ўғирлаётганини, ҳукумат солиқ солиб, бутун тўралари билан тинмай уни талаётганини кўради.
Игнатий Никифорович қайнисининг сўзларини эшитиб хотиржамлик билан:
– Бу анархизм, – деб хулоса чиқарди.
– Бунинг нималигини билмайман, фақат турмушда бор нарсани айтяпман, – деб давом этди Нехлюдов, – ҳукумат уни ҳар томонлама талаётганини билади; биздақа ер эгалари умум мулки бўлиши керак бўлган ерни тортиб олиб, уни аллақачон талаганлигимизни билади, кейин печкасига ўт ёқиш учун шу ўғирланган ердан чўпчак терса, биз уни турмага қамаймиз ва уни ўғри эканлигига ишонтирмоқчи бўламиз. Ахир у, ўзи эмас, унинг ерини ўғирлаганлар ўғри эканлигини ва ҳар қандай restitution111111
Товон (франц.)
[Закрыть] олиш оиласи олдидаги бурчи эканлигини билади-ку…
– Тушунмадим, тушунган тақдиримда ҳам қўшилолмайман. Ер бирор кишининг мулки бўлмай қололмайди. Агар сиз ерни тақсим қилиб берсангиз, – деб гап бошлади Нехлюдовни социалист деб ишонган Игнатий Никифорович. Игнатий Никифорович социализм назарияси бутун ерни баравар тақсимлашдан иборат деб ҳисоблар, бундай тақсимотни маъносиз деб билар ва буни осонгина исбот қила оламан деб ишонарди. – Агар бугун сиз ерни баравар тақсимласангиз, эртагаёқ ер яна меҳнатсевар ва қобилиятли одамлар қўлига ўтиб кетади.
– Ҳеч ким ерни баравар тақсимламоқчи эмас. Ер ҳеч қачон бировнинг мулки бўла олмайди, ерни сотиш, сотиб олиш ёки қарзга бериб туриш мумкин эмас.
– Хусусий мулкчилик инсон учун туғма хусусият. Хусусий эгалик ҳуқуқи бўлмаса ерни ишлашга ҳеч қандай қизиқиш бўлмайди. Хусусий мулкчилик ҳуқуқини бекор қилайлик-чи, ёввойи ҳолга қайтамиз, – қатъият билан гапирди Игнатий Никифорович – ерга нисбатан хусусий эгаликка ўч бўлиш унинг зарурлигини кўрсатади деган даъвони такрорлаб.
– Аксинча, заминдорлар ҳозиргидек, ердан фойдаланиш ўзларининг қўлларидан келмаса-да ўзи ишлайдиганларни ерга яқин йўлатмайдиган замон ўтиб кетса, ер бекор ётмайди.
– Қулоқ солинг, Дмитрий Иванович, ахир бу телбаликдан бошқа нарса эмас-ку! Бизнинг замонимизда ер эгалигини йўқ қилиб бўлармишми? Биламан, бу сизнинг азалги dad-aнгиз112112
Энг севган нарсангиз (франц.)
[Закрыть]. Юзингизга тўғри айтишга ижозат беринг… – Бу масала унга қаттиқ таъсир этган бўлса керак, Игнатий Никифоровичнинг ранги қув ўчди ва овози титраб кетди. – Буни амалга оширишдан бурун шу масалани аввал яхшилаб ўйлаб чиқсангиз деб маслаҳат бераман.
– Менинг шахсий ишларим ҳақида гапиряпсизми?
– Ҳа. Биз ҳаммамиз, маълум бир ижтимоий аҳволдаги кишилар, шу аҳволдан келиб чиқадиган вазифани бажаришимиз, ўзимиз туғилган, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган турмуш тартибларини қўллаб-қувватлашимиз ва авлодимизга қолдиришимиз керак, деб ҳисоблайман.
– Мен ўз вазифамни бошқача…
– Шошманг, – деб давом этди Игнатий Никифорович гапини кесишга йўл қўймай, – мен ўзим учун ёки болаларим учун гапираётганим йўқ. Болаларим мол-мулк жиҳатидан таъминланган, тирикчилигимиз ўтадиган, болаларимга ҳам етадиган даражада топиб-тутиб турибман. Шунинг учун ҳам сизнинг, агар рухсат этсангиз, яхши ўйлаб кўрилмаган хатти-ҳаракатларингизга мен шахсий манфаатимни кўзлаганим учун эмас, балки, фикрингизга қўшила олмаётганим учун қарши чиқяпман. Сизга кўпроқ ўйлашни, кўпроқ мутолаа қилишни маслаҳат берардим…
– Ишимни қандай ҳал қилишни, нима ўқиб, нима ўқимасликни ўзимга қўйиб беринг, – деди Нехлюдов ранги қув ўчиб. У қўллари титраб ўзини тута олмай қолаётганини ҳис қилиб, жим бўлиб қолди ва чой ича бошлади.
XXXIII
Нехлюдов ўзини бир оз босиб олгач:
– Хўш, болалар қалай? – деб сўради опасидан.
Опаси, болалар бувиси (эрининг онаси) билан қолганини айтди ва эри билан укаси ўртасидаги баҳслашув тугаганидан хурсанд бўлиб, болалари қора араб ва француз қиз деб аталган қўғирчоқ билан сафар-сафар ўйнашлари ҳақида гапира бошлади. Нехлюдов ҳам ёшлигида худди шу ўйинни ўйнар эди.
– Наҳотки, ҳалиям унутмаган бўлсанг? – деди Нехлюдов жилмайиб.
– Худди ўшанақа ўйнашади-я.
Кўнгилсиз суҳбат тугади. Наташанинг кўнгли жойига тушди-ю, лекин фақат укасигагина тушунарли бўлган нарсаларни эри олдида гапиришни истамади ва умумий гап бошлаш учун бу ергача етиб келган Петербург янгилиги – дуэлда ҳалок бўлган биттаю битта ўғлидан жудо бўлиб қолган Каменскаянинг қайғуси ҳақида гап бошлади.
Игнатий Никифорович дуэлда ўлдириш умумий жиноят саналмайдиган тартибни маъқулламаслигини айтди.
Унинг бу гапига Нехлюдов эътироз билдирди ва шу мавзуда яна тортиша кетдилар. Ҳар иккала суҳбатдош фикрларини айтиб тугата олмади, бир-бирларига тескари бўлган фикрларида қолдилар.
Игнатий Никифорович Нехлюдов унинг бутун фаолиятидан нафратланиб, уни қоралаётганини билар, шунинг учун ҳам у Нехлюдовнинг фикрлари нотўғри эканини кўрсатишни истарди. Нехлюдовнинг поччаси унинг ер масаласидаги ишларига аралашаётганига аччиғланганини ҳисобга олмаганда (у кўнглида поччаси ҳам, опаси ҳам, уларнинг болалари ҳам унинг меросхўрлари сифатида шундай қилишга ҳақли эканликларини сезарди), Нехлюдов телбалик ва жиноят деб ҳисоблаган нарсани ана шу калтабин кишининг ишонч билан, тўғри ва қонуний иш деб танигани учун ич-ичидан ғазабланарди. Бу худписандлик Нехлюдовни ғижинтирарди.
– Суд нима қилган бўларди? – деб сўради Нехлюдов.
– Дуэлчилардан бирини оддий қотил сифатида каторга ишига ҳукм этиши мумкин.
Нехлюдовнинг қўллари яна музлаб кетди, у яна куйиб-пишиб гапира бошлади:
– Хўш, кейин нима бўларди, – деб сўради у.
– Адолатли иш бўларди.
– Гўё суд фаолияти адолатпарварликдан иборатдек гапирасиз-а, – деди Нехлюдов.
– Бўлмаса нима?
– Табақа манфаатини кўзлаш. Менимча, суд, бизнинг табақага фойдали бўлган тартибни ҳимоя қилувчи маъмурий қурол.
– Бу тамоман янги назария, – деди Игнатий Никифорович хотиржам жилмайиб, – одатда суднинг вазифаси бошқа нарсадан иборат, деб ҳисобланади.
– Назарий томондан шундай, лекин амалий жиҳатдан мен ўз кўзим билан кўрганман. Суд жамиятни ҳозирги аҳволда сақлаш мақсадини кўзлайди. Шунинг учун ҳам суд жамият савиясидан юқори турган ва жамиятни кўтаришга уринган сиёсий жинояткор деб аталувчиларни ва жамият савиясидан паст бўлиб жиноий шахс деб аталувчиларни ҳам таъқиб этади, қатл қилдиради.
– Бу гапингизга, биринчидан, сиёсий жинояткор деб аталганлар савияси ўртачадан юқори тургани учун қатл этиладилар, деган гапингизга қўшила олмайман. Буларнинг кўпчилиги, ўша сиз савияси ўртачадан паст деб ҳисоблаган жиноий шахслар каби жамиятнинг чиқитларидир, фақат бошқачароқ тусдаги чиқитлар.
– Мен ўзларини суд қилган одамлардан анча юқори турган одамларни биламан, сектантларнинг ҳаммаси – ахлоқли, иродали кишилар…
Лекин сўзларининг кесилиб туришига одатланмаган Игнатий Никифорович Нехлюдовнинг гапига қулоқ солмай, Нехлюдов билан баравар гапирар ва шу қилиғи билан Нехлюдовнинг баттар жиғига тегарди.
– Суднинг мақсади мавжуд тартибни қўллаб-қувватлашдан иборат деган гапингизга қўшила олмайман. Суднинг ўз мақсади бор: ё тузатиш…
– Авахтада тузатиш денг, – деб луқма солди Нехлюдов.
– …Ёки, – деб гапида давом этди Игнатий Никифорович, – жамиятнинг яшашига халақит берувчи бузуқи ва ҳайвонсифат одамларни четлатиш.
– Ҳамма гап шунда-да, на унисини, на бунисини қилади суд. Жамиятнинг бунга қурби етмайди.
– У нима деганингиз? Тушунмадим, – деб сўради Игнатий Никифорович зўрма-зўраки илжайиб.
– Мен, фақат икки хил оқилона жазо бор, демоқчиман. У ҳам бўлса, қадимдан қўлланилиб келган жисмоний жазо ва ўлим жазоси. Лекин булар одамларнинг феъли юмшаб боргани туфайли борган сайин истеъмолдан чиқиб боряпти, – деди Нехлюдов.
– Буни сиздан эшитишим мен учун ҳам янгилик, ҳам қизиқ.
– Шундай, бир қилғилиғи учун, иккинчи бор уни такрорламасин деб жонига азоб бериш ва жамият учун хавфли, зарарли шахснинг бошини олиш оқилона иш. Шу иккала жазонинг ҳам оқилона мазмуни бор. Лекин бекорчиликдан ва ёмонлардан ўрнак олиб бузилган одамни ҳамма нарса билан таъмин этилган, бекорчиликка маҳкум этган шароитга, учига чиққан бузуқ одамлар орасига қамашдан нима маъни чиқади? Ёки негадир ҳукумат ҳисобига – ҳар бир киши учун беш юз сўм сарфланади – Тула губерниясидан Иркутский губерниясига кўчирилади ёки Курская…
– Лекин, одамлар ҳукумат ҳисобига бундай сафар қилишни истамайдилар-ку. Агар шу сафарлар ва турмалар бўлмаганда сиз билан биз ҳозиргидек шу ерда ўтиролмасдик.
– Бу турмалар бизни хавф-хатардан сақлай олмайди. Чунки бу одамлар турмада умрбод ўтирмайдилар, уларни бўшатиб юборадилар-ку. Аксинча, бу муассасалар бу одамларни ҳаддан ташқари бузади, йўлдан оздиради, яъни хавфни баттар кучайтиради.
– Сиз пенитенциар113113
Пенитенциар – турмага қамашни тартибга солиш (тарж.)
[Закрыть] усули такомиллаштирилиши керак демоқчисиз-да.
– Уни такомиллаштириб бўлмайди. Такомиллаштирилган турмаларга халқ маорифига сарф қилинаётган маблағдан ортиқ миқдорда маблағ сарф қилинган бўларди, яна худди шу халқнинг бошига янги оғирлик бўлиб тушарди.
– Лекин пенитенциар усулининг камчиликлари суд фаолиятини камсита олмайди, – деди Игнатий Никифорович яна қайнисининг гапига қулоқ солмай.
– Бу камчиликларни тузатиб бўлмайди, – дерди Нехлюдов овозини баланд чиқариб.
– Хўш, нима дейсиз бўлмаса? Ўлдириш керакми? Ёки бир давлат арбоби таклиф этганидек, кўзни ўйиб олиш керакми? – деди Игнатий Никифорович ғолибона жилмайиб.
– Ҳа, бу шафқатсизлик-ку, лекин мақсадга мувофиқроқ. Ҳозир қилинаётган ишлар шафқатсизлик ва мақсадсиз, устига яна шу қадар аҳмоқонаки, эсли-ҳушли одамларнинг жиноий суд каби бўлмағур ва бешафқат ишда иштирок зтганига тушунолмайсан киши.
– Ҳа, мен ҳам қатнашаман бунда, – деди Игнатий Никифорович ранги ўчиб.
– Бу сизнинг ишингиз. Лекин мен буни тушуна олмайман.
– Фикримча, сиз ҳали кўп нарсаларни тушунмайсиз, – деди Игнатий Никифорович қалтироқ овоз билан.
– Мен судда, ҳар қандай соф кўнгил одамнинг қалбида раҳм-шафқат уйғотадиган бечора бир болани прокурор ёрдамчиси зўр бериб қоралаётганини кўрдим; бошқа бир прокурор сектантни сўроқ қилиб, инжил ўқишни ҳам жиноят деб асосламоқчи бўлганини биламан; ҳа, судларнинг бутун фаолияти ана шундай бемаъни иш ва шафқатсизликдан иборат.
– Агар шундай фикр юритадиган бўлсам, хизматдан ҳам ваз кечардим, – деди-да, Игнатий Никифорович ўрнидан турди.
Нехлюдов поччасининг кўзойнаклари остида бир нарса ярқираб кетганини кўрди: «Наҳотки кўз ёшлари бўлса?» – деб ўйлади Нехлюдов. Ҳақиқатан ҳам бу хўрлик ёшлари эди. Игнатий Никифорович дераза ёнига бориб рўмолчасини олди, йўталиб олиб кўзойнакларини арта бошлади, кейин кўзойнагини олиб, кўзини ҳам артди. Диванга қайтиб келгач, Игнатий Никифорович сигара чека бошлади, ортиқ ҳеч нарса демади. Нехлюдов, айниқса, эртага жўнаб кетадиган ва уларни ортиқ кўрмайдиган бўлгани учун поччаси билан опасини шу даражада хафа қилганига ачинди, уялди. У хижолат ичида улар билан хайрлашди-да, уйига жўнаб кетди.
«Гапларим тўғри бўлса керак, – у менга эътироз билдирмади-ку. Лекин бундай гапирмаслик керак эди. Жаҳлимни босиб ололмай, уни шу қадар таҳқирлаб, бечора Наташани шунчалик хафа қилдимми, демак, менда ҳали ўзгариш оз экан», – деб ўйларди у.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.