Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 33

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 33 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ХLII

Нехлюдов вагондан чиқмасиданоқ станция қўрасида ҳар қайсисига тўрттадан, учтадан от қўшилган ҳашаматли экипажларга кўзи тушди. Боқилган семиз отлар қўнғироқларини шинғирлатиб турар эди; ёмғирда ҳўл бўлиб қорайган платформага тушганда эса биринчи класс вагони олдида бир тўда одам турганини кўрди. Шляпасига қимматбаҳо патлар таққан, сув ўтказмайдиган ёзлик пальто кийган, барваста семиз хотин ва велосипедчилар костюми кийган, оёғи ингичка, новча йигит одамлар орасида ажралиб турарди. Йигит бўйнига қимматбаҳо қайиш боғланган итни етаклаб олган эди. Уларнинг орқасида плашч ва соябон кўтарган лакейлар ва извошчи турарди. Буларнинг ҳаммаси кутгани чиққан кишилар эди. Шу бир тўда одамнинг ҳаммаси семиз хонимдан тортиб узун камзулининг барини ушлаб турган извошчигача – ҳаммаси тўқ ва худписанд одамлар экани кўзга ташланиб турарди. Шу бир гуруҳ одам атрофида қизиқсинувчи ва бойлар олдида хушомадгўйлик қилувчи кишилар: қизил фуражкали станция бошлиғи, жандарм, ёзда поезд келганда ҳар вақт ҳозир-нозир бўлиб турадиган, маржон таққан, рус кийимидаги ориқ қиз, телеграфист, эркак ва аёл йўловчилар тўпланди.

Нехлюдов ит етаклаган йигитни таниди. Бу гимназист, ёш Корчагин эди. Семиз аёл эса Корчагинлар кўчиб келаётган ер-мулкнинг эгаси, княгинянинг синглиси эди. Этик кийган, уқалари ялтираб турган обер-кондуктор вагон эшигини очиб, таъзим билан унинг тутқичидан ушлаб турди. Шу маҳал Филипп билан оқ фартуғ кийган артелчи буклама креслосида чўзинчоқ юзли княгиняни эҳтиёт билан олиб тушдилар; опа-сингиллар кўришишди, княгиня каретада кетадими ё коляскадами, деб французчалаб гаплашишди ва бу гуруҳ станция эшиги томон юрди, энг кейинда соябон ва картон қути кўтарган сочи жингалак оқсоч борар эди.

Нехлюдов яна учрашиб хайрлашиб ўтираманми деб, станция эшигига етмасидан, уларнинг ўтиб кетишини кутиб тўхтади. Княгиня ва унинг ўғли, Мисси, доктор ва оқсоч олдинга ўтиб кетишди, кекса князь эса қайин синглиси билан орқароқда қолди. Нехлюдов узоқроқда турган бўлса-да, французча суҳбатларининг баъзи жумлалари қулоғига чалинарди. Князь айтган бир гап (аксари шундай бўлади), негадир бутун оҳанги ва ифодаси билан Нехлюдовнинг хотирида қолди.

Князь ўзига ишонган ҳолда шанғиллаб аллаким ҳақида:

– Оh! Il est du vrai grand monde, du vrai grand monde,119119
  У буюк, киборлар оламига мансуб одам, ҳа, шундай (франц.)


[Закрыть]
– деди-да, эҳтиром билан эргашиб келаётган кондуктор ва юк ташувчиларнинг олдига тушиб, қайин синглиси билан бирга станция эшигидан чиқди.

Худди шу маҳал қаердандир, станциянинг орқа томонидан чипта кавуш ва калта пўстин кийган, қоп орқалаган бир тўда ишчи чиқиб келди. Ишчилар шипиллаб юриб келиб, дадиллик билан биринчи вагон ёнига бордилар ва энди кирмоқчи бўлиб турган ҳам эдиларки, шу заҳоти кондуктор уларни ҳайдаб юборди. Ишчилар тўхтаб турмасдан, шошиб, бир-бирларининг оёқларини босиб қўшни вагон томон ўтиб кетдилар ва қопларини вагон бурчаклари ва эшигига қўйиб ичкари кира бошлаган ҳам эдиларки, станция эшиги ёнида турган иккинчи кондуктор уларни кўриб бақириб берди. Вагонга кирган ишчилар шу заҳоти шошиб-пишиб қайтиб чиқишди ва боягидек шипиллаб, дадил юриб нарига, Нехлюдов тушган вагонга қараб кетишди. Кондуктор уларни яна тўхтатди. Улар яна нари кетмоқчи бўлиб турганларида Нехлюдов, вагонда жой бор, кираверинг, деди. Улар Нехлюдовнинг гапига киришди, Нехлюдов уларнинг кетидан вагонга чиқди. Ишчилар жойлаша бошладилар, лекин нишон таққан жаноб билан иккала хоним ишчиларнинг бу вагонга жойлашишга журъат қилишини шахсий ҳақорат деб билиб, уларни ҳайдадилар. Ишчилар йигирма чоғли эдилар – ҳаммалари, чоллар ҳам, ёшлар ҳам ҳорғин, қотма юзлари офтобда қорайган эди, улар яна қоплари билан ўриндиқларга, девор ва эшикларга туртилиб вагоннинг нариги бошига кетишди, ўзларини гуноҳкор ҳис этган бу одамлар дунёнинг у бошигача боришга, фалон ерга бор десалар ўша ерга, ҳатто мих устига ўтиришга ҳам тайёрдек эдилар.

– Қаёққа тиқиляпсанлар, аблаҳлар! Шу ерда жойлашаверларинг, – деб қичқирди рўпараларидан чиққан кондуктор.

Икки аёлнинг бири, ёшгинаси французчани яхши гапириши билан Нехлюдовнинг диққатини жалб қиламан деган мақсадда:

– Voila encore des nouvelles,120120
  Шу етмай туриб эди! (франц.)


[Закрыть]
– деди. Билагузукли аёл эса зўр бериб ҳавони искар, башарасини бужмайтирар ва сассиқ қишлоқилар билан ўтиришнинг нақадар кўнгилсизлиги ҳақида алланималар деб вайcарди.

Ишчилар эса катта хавф-хатардан қутулган одамлар каби севина-севина, тинчланиб жойлаша бошладилар, кифтларини қимирлатиб оғир қопларни елкаларидан тушириб сўри тагига тиқа бошладилар.

Тарас билан гаплашиб ўтирган боғбон ўз ўрнида ўтирмаган эди, энди туриб ўз жойига кетди, Тараснинг ёнида ва рўпарасида учта жой бор эди. Ишчилардан учтаси шу жойга ўтирди, лекин Нехлюдов улар ёнига келганда, унинг эгнидаги башанг кийими уларни шошириб қўйди. Ишчилар кетишга шайланиб ўринларидан турдилар, лекин Нехлюдов улардан бемалол ўтиришни илтимос қилиб, ўзи тахта сўрининг йўл томондаги ёндорига ўтирди.

Икки ишчининг бири, эллик ёшлар чамасидаги киши ҳайрон бўлиб, ҳатто қўрқув аралаш ёш ишчи билан кўз уриштириб олди. Улар Нехлюдовнинг беклар сингари сўкиниб, уларни ҳайдаб юбормай, жой берганига таажжубланган, шошиб қолган эдилар. Улар, ҳатто, бунинг оқибати биз учун хунук бўлсамикан, деб чўчидилар ҳам. Бироқ, бунда ҳеч қандай найранг йўқлигини, Нехлюдовнинг Тарас билан бемалол гаплашаётганини кўриб анча тинчландилар, ёшроқ ишчини қоп устига ўтирғизиб қўйиб, Нехлюдовдан жойига ўтиришни талаб қила бошладилар. Нехлюдовнинг рўпарасидаги қарироқ ишчи бекка тегиб кетмасин деб чипта кавуш кийган оёғини тагига тортиб, қисилиб ўтирди, лекин бора-бора Нехлюдов билан шунчалик дўстона суҳбатлаша бошладики, ҳикоясининг баъзи жойларига Нехлюдовнинг эътиборини жалб қилмоқчи бўлиб, кафтининг орқаси билан унинг тиззасига уриб-уриб қўярди. У ҳол-аҳволидан, торф ботқоқларида икки ярим ой ишлаб, киши бошига ўн сўмдан пул билан қайтаётганлари ҳақида гапирарди, чунки иш ҳақининг бир қисмини олдиндан, ёлланган пайтларида олиб қўйган эканлар. Унинг гапига қараганда, ўртада икки соатлик танаффус билан тонг отгандан кун ботгунча тиззаларидан сувга ботиб ишлашар экан.

– Ўрганмаган одамга қийин, албатта, – деди у, – чидасанг, кўникиб кетасан. Боқуви яхши бўлса бўлди. Бошда овқатнинг мазаси йўқ эди. Ҳамманинг аччиғи келди, шундан кейин овқатга ҳам сон тегиб қолди, ишлаш ҳам осон бўлди.

Кейин у йигирма саккиз йил бадалида ҳамма вақт иш ахтариб қишлоқдан кетганини, топган пулини уйга, аввал отасига, кейин акасига, эндиликда оилани бошқараётган жиянига юбориб келаётганини, ўзи эса йилда топган эллик-олтмиш сўм пулидан икки-уч сўминигина ўзини сийлаш учун тамаки ва гугуртга олиб қолганини сўзлаб берди.

– Жудаям бегуноҳ эмасман, кези келганда ароқ ичган пайтлар ҳам бўлиб туради, – деб қўшиб қўйди у айбдордек жилмайиб.

У уйда эркаклар ўрнига хотинлари рўзғор тебратаётганини, бугун жўнаб кетишлари олдидан пудратчи ярим челак ароқ билан сийлаганини, ораларида битталари ўлиб қолганини, биттаси бетоб бўлиб қайтаётганини гапириб берди. Ўша касал ҳам шу вагонда, бурчакда ўтирарди. Бу лаблари кўкариб кетган, ранги заъфарондек бола эди. Уни безгак жонидан тўйдириб юборган бўлса керак. Нехлюдов бола олдига борди, лекин у Нехлюдовга шундай жиддий ва мунгли қарадики, Нехлюдов унга саволлар бериб безовта қилмади, катталарига хинин сотиб олишни маслаҳат қилиб, дорининг номини қоғозга ёзиб берди. У пул ҳам бермоқчи эди-ю, лекин кекса ишчи эътироз билдирди: ўз пулидан беражагини айтди.

– Оламни шунча кезиб, бунақа бекни кўрмадим. Бўйнингга тушириб қолиш у ёқда турсин, ўз жойини бўшатиб берди-я! Бундан чиқди, бекларнинг ҳам ҳар хили бўлар экан-да, – деган хулосага келди у Тарас билан гаплашар экан.

Нехлюдов ана шу кишиларнинг пайдор, мускулдор аъзоларига, қўпол, хонаки кийимларига, офтобда қорайган мулойим ва ҳорғин чеҳраларига қарар экан: «Ҳа, бутунлай бошқа, янги бир дунё», – деб ўйларди. У ўзини бутунлай бошқа одамлар орасида, ҳаётнинг жиддий талаблари, қувончлари ва азоб-уқубатлари билан тўлган ҳақиқий меҳнат аҳли орасида ҳис этиб: «Мана буларни le vrai grand monde121121
  Киборлар оламига мансуб (франц.)


[Закрыть]
деса бўлади», – деб ўйларди Нехлюдов князь Корчагин айтган сўзларни ва истак-орзулари бемаъни ва пуч нарсалардан иборат бўлган дабдабали Корчагинлар муҳитини эслаб.

Шундай қилиб, Нехлюдов янги, номаълум ва ажойиб дунёни кашф этган сайёҳ каби қувонарди.

Иккинчи қисм тамом

УЧИНЧИ ҚИСМ

I

Маслова бирга кетаётган маҳбуслар гуруҳи беш минг чақиримча йўл босди. Пермгача Маслова поездда ҳам, пароходда ҳам жиноий маҳбуслар билан бирга борди, фақат шу шаҳарга етгандагина Нехлюдов худди шу гуруҳ билан келаётган Богодуховскаянинг маслаҳатига кўра, Масловани сиёсий маҳбуслар тўдасига киритишга муяссар бўлди.

Пермгача бўлган йўл Маслова учун ҳам жисман, ҳам руҳан оғир бўлди. У тиқилинч, ифлос вагонда қийналган, уни жирканч ҳашаротлар чақиб безор қилган бўлса, худди шундай жирканч, ҳар этапда ўзгариб тургани билан ҳамма ерда худди шу ҳашаротлар сингари ёпишиб тинчлик бермайдиган эркаклар жонига теккан эди. Маҳбус аёллар ва маҳбуслар, назоратчилар ва конвойлар орасида фоҳишабозлик шу қадар авжига чиққан эдики, ўзининг хотинлик иффатидан фойдаланишни истамаган ҳар қандай аёл, айниқса ёш аёл, ҳамма вақт сергак бўлиб туришга мажбур эди. Доим олазарак бўлиб, ўз иффати учун курашиш осон эмас эди. Маслова кўҳликкина бўлгани ва ўтмиши ҳаммага маълум бўлгани учун бу балога кўпроқ гирифтор бўлиб турарди. Шилқимлик қилган эркакларга кескин қаршилик кўрсатиши уларга ҳақорат бўлиб туюлар ва Масловага қарши ғазаб уйғотарди. Бу хусусда Федосья ва Тарас билан яқинлиги унинг аҳволини анча енгиллаштирарди. Ана шундай тажовузларга дучор бўлиб турган хотинини муҳофаза қилиш мақсадида Тарас ўз ихтиёри билан қамоққа кирган, Нижнийдан бу ёғига маҳбуслар билан бирга келар эди.

Сиёсий маҳбуслар бўлимига кўчирилиши Маслова учун ҳар жиҳатдан яхши бўлган эди. Сиёсий маҳбуслар яхши жойлаштирилган бўлиб, уларни тузукроқ боқишар, улар ҳақоратларга камроқ дучор бўлар эди. Бундан қатъи назар Маслованинг сиёсий маҳбуслар орасига кўчирилиши унинг учун шу жиҳатдан яхши бўлдики, у эркакларнинг шилқимлигидан қутулди, эндиликда ўз ўтмишини бутунлай унутиб юбориш истагида ёнган Масловага ўтмишини ҳар дақиқада эслатиб турадиганлар йўқ эди. Сиёсий маҳбуслар бўлимига кўчирилишнинг энг муҳим томони шу эдики, Маслова ўзига яхши таъсир кўрсатадиган баъзи одамлар билан танишди.

Масловага этап маҳалида сиёсий маҳбуслар билан бир жойда туришга ижозат берилган эди. Аммо соғлом аёл бўлгани учун йўлда жиноий маҳбуслар билан пиёда бориши керак эди. Томскдан бу ёғига Маслова шу зайлда келарди. У сиёсий маҳбуслардан иккитаси билан: бир вақтлар Богодуховская ила учрашган пайтида Нехлюдовни ҳайратга солган ўша қўй кўз, хушрўй қиз Марья Павловна Шчетинина ва Якутск областига сургун қилинган Симонсон деган киши билан бирга эди. Ўша учрашув пайтида Нехлюдов кўзи ич-ичига тушиб кетган, қора, пахмоқ Симонсонни кўрган эди. Марья Павловна аравадаги ўрнини ҳомиладор жиноий маҳбус аёлга бергани учун пиёда келарди; Симонсон эса синфий имтиёздан фойдаланишни ноҳақ ҳисоблагани учун пиёда юрар эди. Буларнинг учалови жиноий маҳбуслар билан бирга эрта саҳарлаб йўлга чиқишарди, аравада борадиган сиёсий маҳбуслар кечроқ чиқишарди. Катта бир шаҳарга етмасдан бурун, сўнгги этапда, маҳбуслар тўдасини янги конвой офицери қабул қилиб олгандан кейин ҳам аҳвол шундай эди.

Сентябрь тонги, ҳаво булут. Совуқ шамол эсиб, гоҳ қор, гоҳ ёмғир ёғарди. Тўрт юз эркак ва эллик чоғли хотиндан иборат маҳбуслар туркуми аллақачон этап ҳовлисига чиққан, баъзилари раҳбарларига икки кеча-кундузлик озиқ-овқат пулини улашаётган конвой бошлиғи олдида уймалашар, баъзилари ҳовлига киритилган савдогар хотинлардан озуқа сотиб олиш билан овора эдилар. Пул санаётган, озиқ-овқат сотиб олаётган маҳбусларнинг ғовур-ғувури, савдогар хотинларнинг чинқириқ товуши эшитиларди.

Этик ва калта пўстин кийиб, рўмол ўраб олган Катюша билан Марья Павловна этап биносидан ҳовлига чиқишди-да, шамолдан беркиниб, шимол томондаги девор тагида ўтирган савдогар аёллар томон юришди. Савдогар аёллар рўпарама-рўпара ўтириб, иссиққина, мазали пирог, балиқ, угра, бўтқа, жигар, мол гўшти, тухум, сутларини таклиф қилишар эди; уларнинг бирида ҳатто қовурилган чўчқача ҳам бор эди.

Гуттаперча камзул, жун пайпоқ устидан калош кийиб уни каноп билан боғлаб олган Симонсон (у вегетариан бўлгани учун ўлдирилган ҳайвонларнинг терисидан оёқ кийим киймас эди) тўданинг чиқишини кутиб ҳовлида турарди. У зинапояда туриб миясига келган янги фикрни ён дафтарчасига ёзарди. Бу фикр қуйидагилардан иборат эди: «Агар, – деб ёзарди у, – бактерия инсон тирноғини кузатса ва текширса эди, уни жонсиз модда деб топган бўларди. Биз ҳам ер қобиғини кузатиб, ер куррасини, жонсиз деб топганмиз, бу тўғри эмас».

Маслова сотиб олинган тухум, бир шода тешиккулча, балиқ ва юмшоқ буғдой нонини қопга солар, Марья Павловна эса савдогарлар билан ҳисоб-китоб қилар экан, маҳбуслар орасида ҳаракат бошланди. Ҳамма жим бўлиб, саф торта бошлади. Офицер чиқди ва жўнаб кетиш олдидан сўнгги буйруқни берди.

Ҳамма иш одатдагидек борарди: маҳбусларни санаб ўтқаздилар, кишанларнинг бутлигини текширдилар, қўл кишанида борадиганларни жуфт-жуфт қилдилар. Шу тобда тўсатдан офицернинг амирона ғазаб билан бақиргани, шапалоқ товуши ва бола йиғиси эшитилди. Бир зум жимлик чўкди, кейин оломон орасида ғовур-ғувур кўтарилди. Маслова билан Марья Павловна шов-шув кўтарилган томонга қараб юрдилар.

II

Марья Павловна билан Катюша шовқин кўтарилган жойга бориб қуйидагиларни кўришди: узун сариқ мўйловли, миқтидан келган офицер қовоғини солиб чап қўли билан ўнг қўлининг кафтини артар (у маҳбуснинг юзига шапалоқ туширган эди), оғзига келганини қайтармай болохонадор қилиб сўкарди. Унинг олдида, ёрилиб қон чиқиб кетган юзини бир қўли билан артиб, иккинчи қўли билан рўмолга ўралган, чинқириб йиғлаётган қизчасини кўтарган, калта халат ва калта шим кийган, сочининг ярми устарада қирилган озғин маҳбус турарди.

– Ҳали сенга (беҳаё сўкиш) гап қайтаришни ўргатиб қўяман (яна ҳақорат); хотинларга бер, – деб қичқирарди офицер. – Тут, қўлингни.

Офицер сургунга кетаётган, Томскда тифдан ўлган хотинидан қолган қизалоғини кўтариб келаётган маҳбусга қўл кишани солинишини талаб қиларди. Маҳбуснинг, қўл кишани билан болани кўтариб юриб бўлмайди, деган гапи кайфи бузилиб турган офицернинг аччиғини чиқариб юборган, у бир гапнинг ўзида итоат этмаган маҳбусни урган122122
  Бу Д.А.Линевнинг: «Этап бўйлаб» деган китобида тасвирланган факт (Толстой изоҳи)


[Закрыть]
.

Шапалоқ еган маҳбуснинг рўпарасида конвой солдати билан бир қўлига кишан солинган қора соқол маҳбус турарди, у гоҳ офицерга, гоҳ қизалоғини кўтарган, шапалоқ еган маҳбусга қовоғини солиб ер остидан қараб-қараб қўярди. Офицер конвойга қизалоқни тортиб олиш тўғрисидаги буйруқни такрорлади. Маҳбуслар орасидаги ғовур-ғувур борган сайин кучая борди.

Сўнгги қаторларнинг биридан:

– Томскдан бу ёғига кишансиз келаётувди, – деган хириллаган овоз эшитилди.

– Кучук бола эмас, одам боласи-ку.

– Қизини нима қилади энди?

– Бу қонундан эмас, – деди яна аллаким.

Офицер илон чақиб олгандай:

– Ким бу? – деб қичқирди-да, оломон орасига отилди. – Қонунни кўрсатиб қўяман сенга. Ким у гапирган? Сенми? Сенмисан?

– Ҳамма гапиряпти. Нимага деганда… – деди япалоқ юзли, паст бўйли маҳбус.

Маҳбус гапини тугатишга улгурмади. Офицер икки қўллаб юзига тушира бошлади.

– Сенлар исён кўтарадиган бўлдиларингми ҳали! Исён кўтаришни кўрсатиб қўяман. Итдек отиб ташлайман. Бошлиқлар менга раҳмат дейишади. Ол қизни!

Оломон жим бўлиб қолди. Чирқираб йиғлаётган қизни конвойлардан бири отасининг қўлидан юлқилаб олди, бошқа бири итоаткорлик билан қўлини тутиб турган маҳбуснинг билагига кишан сола бошлади.

Офицер қилич қинининг қайишини тўғрилаб қўйиб:

– Хотинларга элтиб бер! – деб бақирди конвойга.

Юзига қон теккан қизалоқ қўлчаларини рўмолдан чиқаришга уриниб чирқираб йиғларди. Оломон орасидан Марья Павловна чиқди-да, конвой олдига келди.

– Жаноб офицер, ижозат беринг, қизчани мен кўтариб борай.

Қизалоқни кўтарган конвой солдат тўхтади.

– Кимсан ўзинг? – деб сўради офицер.

– Сиёсий маҳбус.

Марья Павловнанинг бўта кўзли чиройли юзи офицерга таъсир қилди чоғи (у маҳбусларни қабул қилиш пайтида Марья Павловнани кўрган эди), алланимани ўйлаб кўраётгандек индамай қараб қолди.

– Менга барибир, кўтариб юргингиз келса ола қолинг. Уларга раҳм қилиш осон, лекин қочиб кетса ким жавоб беради?

– Қўлидаги қизи билан қандай қилиб қочиб кетади? – деди Марья Павловна.

– Сиз билан гаплашиб ўтиришга вақтим йўқ. Хоҳласангиз ола қолинг.

– Берайми, рухсат этасизми? – деб сўради конвой.

– Бер.

– Кела қол менга, – дерди Марья Павловна қизни ўзига жалб этишга тиришиб.

Аммо конвой қўлида туриб отасига интилаётган қизалоқ ҳамон чирқираб йиғлар, Марья Павловнага боришни истамас эди.

– Шошманг, Марья Павловна, қизча менга келади, – деди Маслова қопидан тешиккулча олиб.

Қизалоқ Масловани танир эди. Шунинг учун ҳам унинг юзини ва тешиккулчани кўриб, унга бора қолди.

Жимлик чўкди. Дарвозани очдилар, маҳбуслар ташқарига чиқиб саф тортди; конвойлар маҳбусларни яна санаб чиқди; қоплар бойланди, жойлаштирилди, заифлар араваларга ўтқазилди. Қизалоқни кўтариб олган Маслова хотинлар қаторига, Федосьянинг ёнига бориб турди. Боядан бери бу воқеани кузатиб турган Симонсон, буйруқларни бериб бўлиб энди соябон аравага ўтираётган офицер ёнига кескин қадамлар билан юриб борди.

– Ножўя иш қилдингиз, жаноб офицер, – деди Симонсон.

– Боринг жойингизга, ишингиз бўлмасин.

– Мен сизга шуни айтиб қўймоқчи эдим, айтдим, ножўя иш қилдингиз, – деди Симонсон қуюқ қошлари тагидан офицернинг юзига тикилиб қараб.

Офицер Симонсонга парво қилмай:

– Тайёрмисиз? Туркум марш! – деб қичқирди ва извошчи солдатнинг елкасига осилиб аравага чиқди.

Маҳбуслар тўдаси чўзилиб йўлга тушди, икки томонида зовур кавланган, қалин ўрмон ўртасидан ўтган, пилчиллаб кетган йўлдан юриб кетди.

III

Сўнгги олти йил ичида шаҳарда айш-ишрат, фоҳишабозлик ичида енгил ҳаёт кечирган, авахтада икки ой жиноий маҳбуслар орасида яшаган Катюшага сиёсий маҳбуслар орасидаги ҳозирги ҳаёти (уларнинг жуда оғир шароитда бўлишларига қарамай) жуда яхши кўринарди. Яхши овқатланиб, кунига йигирма-ўттиз чақирим пиёда юриш, икки кун юриб бир кун дам олиш унинг кучига куч қўшди; янги шериклари билан суҳбатлашиш Масловага ҳаётнинг шундай яхши томонларини очиб бердики, илгари бу тўғрида унинг ҳеч қандай тушунчаси йўқ эди. Унинг тили билан айтганда, ҳозир ўзи бирга кетаётган ажойиб одамларни таниш у ёқда турсин, ёруғ дунёда бундай одамлар ҳам борлигини хаёлига келтирмас эди.

– Кесиб юборишди деб йиғлаб юрибман-а, – деди у. – Ўла-ўлгунимча худога шукур қилишим керак. Икки дунёда билмайдиган нарсаларимни билиб олдим.

Маслова бу одамларни етакловчи мақсадга осонгина тушуниб олди, халқ ичидан чиққан одам бўлгани учун уларга хайрихоҳ эди. Катюша бу одамларнинг халқ учун хўжайинларга қарши бораётганларини тушунди; бу одамларнинг ўзлари хўжалардан чиқиб, халқ учун бутун кайф-сафодан воз кечиб, озодликлари ва ҳаётларини халқ йўлида қурбон берганлари уларни қадрлашга, уларга қойил қолишга мажбур қиларди.

Катюша барча янги ўртоқларига қойил қолган эди; лекин ҳаммадан кўра Марья Павловнага қойил эди. Йўқ, Катюша Марья Павловнага қойил қолиш билангина кифояланмай, уни бошқача бир зўр ҳурмат билан, жон-тани билан севган эди. Бадавлат генерал оиласидан чиққан, уч тилда гаплашадиган шу гўзал қизнинг ўзини оддий бир ишчи аёл каби тутиши, давлатманд акаси юбориб турган нарсаларнинг ҳаммасини бошқаларга бериши, уст-бошига парво қилмай, оддийгина эмас, ҳатто қашшоқларча кийиниши Катюшани ҳайратда қолдирган эди. Мана шу хислати – таннозликни билмаслиги – Масловани жуда ҳайрон қолдирар ва мафтун этарди. Маслова Марья Павловнанинг ўзи чиройли эканини билишини, бунинг ўзига ҳатто хуш ёқишини пайқаган эди, лекин Марья Павловна ҳуснининг эркакларга таъсир этишидан севиниш у ёқда турсин, ҳатто севиш-севилиш деган нарсадан нафратланар, ҳуркар эди. Унинг бу хусусиятини билган эркак ўртоқлари, кўнгилларида унга интилиш ҳис этсалар-да, буни маълум қилишга журъат этмас ва у билан эркак ўртоқларидек муомала қилишга уринардилар. Аммо нотаниш эркаклар кўпинча унга шилқимлик қилардилар. Бундай кезларда уни жисмоний кучи қутқазиб қоларди, у ўз кучи билан мақтанарди. «Бир куни, – деб кула-кула ҳикоя қилиб берган эди у, – кўчада аллақандай бир жаноб менга елимдек ёпишиб олса бўладими. Жаҳлим чиқиб, уни ушлаб шундай силкитдимки, така-пукаси чиқиб қочиб қолди».

Ўзининг айтишига қараганда, Марья Павловна болалик чоғиданоқ бойлар ҳаётидан нафратланган, оддий одамларнинг турмушини яхши кўрганлиги учун революционер бўлган. Болалигида меҳмонхонада ўтирмай хизматкорлар хонасида, ошхонада, отхонада ўралашиб юргани учун кўп гап эшитган.

– Ошпаз хотинлар, извошчилар орасида кўнглим очилар эди, ўз одамларимиз, бек ва хонимлар ичида зерикардим, – деб ҳикоя қиларди у. – Кейин оқни қорадан ажратадиган бўлганимда ҳаётимиз жуда ярамас эканини тушундим. Онам йўқ эди, отамни ёмон кўрардим. Шундай қилиб, ўн тўққиз ёшимда бир дугонам билан уйдан бошимни олиб чиқиб кетдим ва фабрикага ишчи бўлиб кирдим.

Фабрикадан кейин у қишлоқда яшаган, кейин шаҳарга кўчиб тушган ва яширин босмахона жойлашган уйда қамоққа олиниб, каторгага ҳукм этилган. Бу ҳақда Марья Павловна ҳеч қачон ўзи гапириб берган эмасди, лекин Катюша буни бошқалардан эшитган эди: уйни тинтув пайтида, қоронғида революционерлардан бири ўқ узган, Марья Павловна ўқни мен уздим, деб бўйнига олгани учун каторгага ҳукм этилган.

Катюша уни таниганидан буён қаерда бўлмасин, ҳар қанақа шароитда ҳам бирон марта бўлсин ўзини ўйлаганини кўрмаган эди. Қачон қарамасин, Марья Павловна бировларнинг ғамида бўлади, озми-кўпми ёрдам бериш ташвишида юради. Марья Павловнанинг ҳозирги ўртоқларидан бири, Новодворов, у тўғрида ҳазиллашиб, хайрли иш қилишини ўзига ҳунар қилиб олган, деярди. Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Овчининг дарди илвасин бўлганидек, унинг истаги бир баҳона билан бировларга хизмат қилишдан иборат эди. Мана шу иш унга одат бўлиб қолган, ҳаётининг мазмунини ташкил этган эди. Марья Павловнага бу ишлар шундай одат бўлиб қолган эдики, уни таниганларнинг ҳаммаси, буни ортиқ қадрламас, балки талаб этар эдилар.

Маслова улар тўдасига кўчирилганда Марья Павловна ундан жирканган, нафратланган эди. Катюша буни сезди, лекин кейин у Марья Павловнанинг ўз нафратини енгиб, унга нисбатан айниқса меҳрибон ва ғамхўр бўлганини ҳам сезди. Шу ажойиб одамнинг меҳрибонлиги ва ғамхўрлиги Масловага шу қадар қаттиқ таъсир қилдики, Катюша Марья Павловнанинг қарашларини беихтиёр ўзлаштириб, беихтиёр унга тақлид қила бошлади, бутун қалби билан унга берилди. Катюшанинг шу садоқатли муҳаббати Марья Павловнага таъсир қилди, у ҳам Катюшани яхши кўриб қолди.

Бу икки аёлни янада яқинлаштирган нарса уларнинг икковининг ҳам жинсий муҳаббатга бўлган нафрати эди. Уларнинг бири шу муҳаббатнинг бутун даҳшатларини бошидан кечиргани учун ҳам ундан нафратланарди, иккинчиси эса, уни бошидан кечирмагани ҳолда, унга қандайдир тушуниб бўлмас, шу билан бирга, даҳшатли ва инсонлик шарафига иснод келтирадиган нарса деб қарагани учун нафратланарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации