Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 34

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 34 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
IV

Марья Павловна Масловани ўз таъсири остига олган одамлардан бири эди. Маслова Марья Павловнани жонидек севгани учун унинг таъсирига берилган эди. Унга таъсир кўрсатган иккинчи киши Симонсон эди. Симонсон Масловани яхши кўргани учун ҳам Катюша унинг таъсири остига тушиб қолди.

Ҳамма одамлар қисман ўз ақли билан, қисман бировнинг ақли билан яшайди, иш тутади. Одамларнинг бир-биридан асосий фарқи ҳам уларнинг ўз ақли ёки бировнинг ақли билан яшашига боғлиқ. Баъзи одамлар, аксарият, ўз фикрларини зеҳний машқ учун қурол деб биладилар, ақл-идроклари ҳаракатлантирувчи қайиши олинган машина ғилдиракларига ўхшаб қолади, қиладиган ишларида бировларнинг фикрига – урф-одатга, ривоятларга, қонунга бўйсунадилар; бошқалар эса ўз ақл-идрокларини ўзларининг бутун фаолиятларини вужудга келтирувчи асосий куч деб ҳисоблаб, деярли ҳар доим ақл-идрокларининг талабига қулоқ соладилар ва шунга итоат қиладилар. Фақат аҳён-аҳёндагина, ўшандаям танқидий мулоҳазадан кейин, бошқаларнинг қарорига бўйсунадилар. Симонсон ана шундай одам эди. У ҳамма нарсани ақл-идрок йўли билан ечар, қарор қилган нарсани амалга оширмай қўймас эди.

Гимназиядалик чоғидаёқ, собиқ интендант123123
  Интендант – ҳарбий қисмларда хўжалик ишларини бошқарувчи ходим.


[Закрыть]
тўра бўлган отасининг топган давлати ҳалол йўл билан топилмаганини англаган ва отасига бутун давлатини халққа бериш кераклигини айтган. Отаси унинг гапига кириш у ёқда турсин, уришиб бергандан кейин Симонсон уйидан бошини олиб чиқиб кетган ва отасининг маблағидан фойдаланмай қўйган. Бутун фалокат, халқнинг жаҳолатда қолганидан бўляпти, деб ўйлаган Симонсон университетни битиргач, қишлоқда ўқитувчилик қила бошлаган ва ўқувчилари билан деҳқонларга, ўзи адолатдан деб билган нарсаларини тарғиб қила бошлаган, ёлғон ҳисоблаганларини инкор этган.

Уни қамоққа олиб суд қилганлар.

Суд пайтида у, мени суд қилишга судьяларнинг ҳақлари йўқ, деган қарорга келган ва бу фикрини айтган. Уни Архангельск губерниясига сургун қилганлар. У ерда Симонсон ўзига бутун фаолиятининг мазмунини ташкил этган диний назария тузади. Бу диний назария дунёда ҳамма нарса жонлидир, жонсиз нарса йўқ, биз жонсиз деб ҳисоблаган нарсаларнинг ҳаммаси буюк жонли жисмнинг бир қисмигина бўлиб, биз уни қамраб ололмаймиз, деган фикрдан иборат эди. Инсон шу катта жисмнинг бир қисми бўлгани учун ҳам унинг вазифаси шу организмнинг ва унинг барча жонли жисмларининг яшаши учун ёрдам беришдан иборат. Шунинг учун ҳам у жамики тирик жонни қиришни жиноят деб ҳисоблар: урушга, қатл этиш ва фақат одамнигина эмас, ҳатто ҳайвонларни ҳам ўлдиришга қарши эди. Никоҳ тўғрисида ҳам унинг ўз назарияси бор эди, бу назарияга кўра, одамларнинг кўпайиши инсоннинг энг кейинги вазифаси, асосий вазифаси эса ҳозир мавжуд бўлган тирик жонларга хизмат қилишдан иборат эди. Қонда фагоцитларнинг мавжуд бўлиши шу фикрни тасдиқлайди, деб ўйларди. Унинг фикрича, бўйдоқларнинг ҳам вазифаси фагоцитларнинг124124
  Фагоцит – ёт нарсалар ва бактерияларни ютиб, ҳазм қилиб юборадиган ҳужайра (тарж.)


[Закрыть]
вазифасига ўхшарди, уларнинг вазифаси организмнинг заиф, касал қисмларига ёрдам беришдан иборат эди. Симонсон йигитлик чоғида фоҳишабозликка берилган бўлса-да, шу қарорга келганидан буён ўз билгисича ҳаёт кечира бошлади. У ўзини ҳам Марья Павловна каби дунёвий фагоцит деб ҳисобларди.

Унинг Катюшага бўлган муҳаббати бу назарияга халақит бермас эди. Руҳий ишқ заифларга ёрдам бериш ишига халақит бермайди, аксинча, кишини руҳлантиради деб ўйлаган Симонсон Катюшани соф муҳаббат билан севар эди.

Бироқ ахлоқий масалаларни ўз билгисича ҳал қилганидай, амалий масалаларнинг ҳам кўп қисмини ўз билгисича ҳал қиларди. Ҳар қандай амалий иш учун унда назария тайёр эди: неча соат ишлаш керак, қанча дам олиш лозим, қандай овқатланиш, печни қандай ёқиш, уйни қандай ёритиш каби масалаларнинг ҳам алоҳида қоидалари бор эди.

Шу билан бирга Симонсон одамлар орасида жуда тортинчоқ ва камтар эди. Аммо бир қарорга келдими, ҳеч қандай куч уни қайтара олмасди.

Масловага муҳаббат қўйгани учун бу одамнинг унга нисбатан таъсири зўр эди. Маслова аёлларга хос туйғу билан тез орада буни пайқаб олди ва мана шундай ажойиб одамда муҳаббат уйғота олгани учун кўнгли кўтарилиб кетди. Нехлюдов олижаноблик қилиб ва ўтган ишлар туфайли унга уйланмоқчи эди; аммо Симонсон эса уни ҳозир қандай бўлса шундайлигича севар, кўнглига ёққани учун севарди. Бундан ташқари Катюша, Симонсон уни бошқа хотинлардан фарқ қиладиган ажойиб, юксак ахлоқий фазилатлар эгаси деб ҳисоблаётганини ҳис қиларди. Катюша Симонсоннинг унга қандай хислатларни нисбат бераётганини яхши билмас, уни ноумид қилмаслик учун ўзи тасаввур эта оладиган энг яхши хислатларни орттиришга тиришарди. Бу ҳол уни имкони борича яхши бўлишга савқ этарди.

Бу воқеа турмада бошланган эди. Ўшанда сиёсий маҳбуслар билан учрашув вақтида Катюша қовоғи солиқ бу кишининг қуюқ қошлари остидаги мовий кўзларини унга тикиб турганини пайқади. Катюша ўшандаёқ бу одамнинг бошқача эканлигини, унга бошқача қараётганини сезди. Бундан ташқари Катюша, сочлари ҳурпайиб, қошлари чимирилиб тургани учун важоҳати қаҳрли тус олган бу кишининг кўкиш кўзлари болаларча мулойим ва соф эканини кўрган эди. Кейин Томскда, уни сиёсий маҳбуслар гуруҳига кўчирганларида Катюша бу одамни яна учратди. Иккови бир-бирига бир оғиз ҳам гапирмаган бўлса-да, кўзлари бир-бирларини эсларида сақлаганлари ва бир-бирларига зарур эканликларини гапириб турар эди. Кейинчалик ҳам улар орасида жиддийроқ гап бўлмади, лекин шунга қарамай, Симонсон унинг олдида гапирар экан, унинг сўзлари Масловага қаратилганини, иложи борича тушунарли қилиб, унинг учун гапираётганини ҳис қиларди. Ўрталаридаги яқинлик Симонсоннинг жиноий маҳбуслар билан пиёда йўлга тушганидан бошланди.

V

Нижнийдан Пермгача Нехлюдов Катюшани фақат икки марта: бир сафар Нижнийда маҳбуслар сим тўр тортилган баржага ўтирмасларидан олдин, иккинчи сафар турма идорасида кўришга муваффақ бўлди. Шу икки учрашувда Катюша сир бой бермай тумтайиб турарди. Нехлюдовнинг, аҳволингиз қалай, бирон нарса керак эмасми, деган саволларига тўғри жавоб бермай, тортиниб, унинг назарида илгариги адоват билан ўпка аралаш жавоб қайтаргандек бўларди. Шу кунларда эркакларнинг шилқимлиги Катюшанинг таъбини хира қилган, бу ҳол Нехлюдовни қийнар эди. Дарёдан ўтиш пайтида ана шу бузуқ оғир шароит таъсири остида Катюша яна аввалги аҳволига, умидсизликка тушиб қолмаса эди, деб қўрқарди. Бундай пайтларда Катюша Нехлюдовдан аччиғланар, кўп чекар, ғамни унутиш учун вино ича бошларди. Лекин Нехлюдов унга ҳеч қандай ёрдам бера олмас эди. Чунки йўлга чиққандан кейинги дастлабки кунлар Маслова билан кўришишнинг иложини топа олмаган эди. Маслованинг сиёсий маҳбуслар орасига кўчирилганидан кейин эса шубҳаларининг ноўринлигини англаган, шу билан бирга ҳар учрашувида унда руҳий ўзгаришлар бўлаётганини кўрган эди. Нехлюдов Катюшада шундай ўзгаришлар юз беришини кўпдан буён чин кўнгилдан тилар эди. Томскдаги биринчи учрашувда Катюша яна йўлга чиқиш олдидаги каби кайфиятда эди. У Нехлюдовни кўриб қовоғини солиб ҳам олмади, хижолат тортмади ҳам, аксинча, соддадиллик билан қувониб қарши олди, қилган яхшиликлари учун, айниқса, мана шу ҳозирги танишлари орасига кўчиргани учун миннатдорчилик билдирди.

Икки ой этапда юрганида унда юз берган ўзгариш ташқи қиёфасида ҳам акс этган эди. Маслова озиб, қорайиб кетган, қаригандек кўринарди; чаккаларида, оғзи атрофида ажинлар пайдо бўлган эди. Энди у сочини аввалгидек пешонасига тушириб қўймас, бошига рўмол танғиб юрарди. Эндиликда унинг кийим-бошида ҳам, сочининг оройишида ҳам, муомаласида ҳам аввалгидек сатанглик йўқ эди. Масловадаги мана шу юз берган ва юз бераётган ўзгаришлар Нехлюдовда айниқса қувончли ҳис уйғотарди.

Энди у Масловага нисбатан илгари ҳеч қачон сезмаган туйғулар ҳис этарди. Бу туйғу на унинг илк шоирона муҳаббатига, на кейинги ҳиссий ишқига ва на суддан сўнг унга уйланишга аҳд қилган пайтида ўталган бурч ва худписандлик ҳисларига сира ўхшамас эди. Бу ҳис – у биринчи марта турмада Катюша билан учрашганида, ке йин касалхонадаги фельдшер воқеасидан сўнг (бунинг ноҳақлиги кейин аниқланди), жирканиш ҳиссини енгиб, гуноҳини кечирганидан кейин пайдо бўлган оддий раҳмшафқат ҳисси эди; бу худди ўша ҳиснинг ўзгинаси эди, бироқ шу фарқ биланки, илгари бу ҳис вақтинча бўлса, энди доимий бўлиб қолган эди. Нехлюдов энди нимани ўйламасин, нима қилмасин, фақат Катюшагагина эмас, балки барча инсонларга раҳм-шафқат ҳисси билан тўлиб-тошган эди.

Бу ҳис Нехлюдов қалбида илгари юзага чиқиш учун йўл топмаган, эндиликда барча дуч келган кишиларга аталган муҳаббат булоғини очиб бергандек эди.

Сафар давомида Нехлюдов шундай бир ҳаяжонли ҳолатда эдики, ҳамма одамларга – аравакашдан тортиб конвой солдатигача, иши тушиб турган турма бошлиғидан тортиб губернаторгача ғамхўр ва меҳрибон бўлиб қолди.

Бу орада Нехлюдов, Маслованинг сиёсий маҳбуслар тўпига ўтказилгани туфайли, кўпгина сиёсий маҳбуслар билан танишди. Бошда сиёсий маҳбуслар Екатеринбургда битта катта камерада жуда эркин ҳолда сақланган пайтда, кейин йўлда Маслова беш эркак ва тўрт хотин орасига қўшиб қўйилган пайтида танишган эди. Нехлюдовнинг сургун этилган сиёсий маҳбуслар билан бундай яқинлашуви унинг маҳбусларга нисбатан бўлган фикрини тамомила ўзгартирди.

Россияда революцион ҳаракат бошланган пайтдан бери, айниқса, 1 март воқеасидан кейин Нехлюдов революционерларни ёмон кўриб қолган, улардан ихлоси қайтган эди. Нехлюдовни улардан нафратлантирадиган нарса, аввало, революционерларнинг қаттиққўллиги, ҳукуматга қарши кураш усулларининг яширинлиги, асосан, уларнинг шафқатсизларча қотиллик қилишлари эди. Булардан ташқари, Нехлюдов революционерларнинг ҳаммасига хос бўлган худписандлик хусусиятлари учун ҳам уларни ёмон кўрарди. Аммо, уларни яқиндан танигандан кейин, ҳукумат томонидан кўпинча бегуноҳдан бегуноҳ жазоланганларини билгандан кейин эса, Нехлюдов уларнинг ҳозиргидан бошқача бўлишлари мумкин эмаслигини англади.

Жиноий жавобгар деб аталувчиларга бериладиган азоб-уқубатлар нақадар мудҳиш ва бемаъни бўлмасин, судгача ва суддан кейин ҳам уларга нисбатан, ҳар ҳолда, қонунга яқинроқ муомалада бўлинарди; аммо сиёсий маҳбусларга келганда эса бу ҳам йўқ эди. Буни Нехлюдов Шустова ва яна анчагина янги танишларининг ишидан қиёс олиб ўз кўзи билан кўрди. Тўрга тушган балиқларга қандай муносабатда бўлсалар, бу одамларга нисбатан ҳам шундай муомалада бўлардилар: тўр қирғоққа тортиб чиқариб, яроқлилари, тириклари териб олинади, майдаларига парво қилинмайди, улар қирғоқда қолиб, ўлиб кетаверади. Шу зайл айбдор бўлиш у ёқда турсин, ҳукуматга зарарли бўла олмайдиганлардан юзлаб кишилар тутиб келтирилар ва уларни йиллаб турмаларда сақлар эдилар. Бу ерда эса улар силга чалинар, ақлдан озар ёки ўзларини ўзлари ўлдирардилар; уларни бўшатиб юборишга сабаб топилмагани учунгина чиқаришмас, қўллари остида, турмада бўлсалар, тергов пайтида бирон масалани ҳал қилишда фойдалари тегиб қолишлари мумкин эди. Мана шуларнинг, ҳатто ҳукумат нуқтаи назаридан қараганда ҳам, кўпинча бегуноҳ саналган бу одамларнинг тақдири жандарм, полиция офицери, айғоқчи, прокурор, терговчи, губернатор ёки министрнинг истагига, кайфиятига боғлиқ эди. Шунақанги тўра зерикиб қолса ёки ўзини кўрсатишни истаса одамларни қамоққа ола бошлайди, ўзининг ёки бошлиқларининг кайфиятига қараб қамоқда олиб туради ёки бўшатиб юборади. Энг юқори мартабадаги бошлиқ ҳам ўзини кўрсатмоқчи бўлса, министр билан қандай алоқада бўлишига қараб, – бу одамларни ё дунёнинг нариги бошига сургун қилиб юборади, ё якка кишилик камерада қамоқда тутади ёки ўлимга ҳукм қилади ёхуд бирон ойимчанинг илтимосига кўра бўшатиб юборади.

Сиёсий маҳбуслар билан худди урушдаги каби муомалада бўладилар, улар ҳам табиий, ўзларига қарши, истеъмол қилинган воситаларни қўллардилар. Афкор омма, ҳарбийларнинг қилган ишлари жиноят эканлигини яширибгина қолмай, шу ишларни қаҳрамонлик деб кўрсатгандек, – сиёсий маҳбуслар ҳам ўз тўгаракларидаги кишиларнинг фикри билан яшардилар. Натижада улар озодликдан, ҳаётдан ва инсон учун энг қимматли нарсалардан маҳрум бўлиш хавфи остида қилган мудҳиш ишларини ёмон деб ҳисобламас, аксинча, шавкатли иш деб билардилар. Бировга ёмонлик қилиш у ёқда турсин, ҳатто жониворларнинг азоб чекишини кўришга тоқати бўлмаган мўминқобил одамларнинг одам ўлдиришга хотиржамгина тайёргарлик кўришлари, баъзи вақтларда қотилликни ўз-ўзини ҳимоя қилиш воситаси ва умумнинг бахт-саодати каби олий мақсадга эришиш йўлидаги қонуний ва адолатли қурол деб ҳисоблашлари каби ғалати ҳолнинг майдонга келишини Нехлюдов шу билан изоҳларди. Ҳукуматнинг уларга зўр эътибор бериши, уларни оғир жазога тортиши сиёсий маҳбусларда ўз ишларига, бунинг натижасида ўзларига нисбатан юксак фикр туғдирарди. Ўз бошларидан кечираётган азоб-уқубатларни енгиш учун ўзлари ҳақида мана шундай юксак фикрда бўлишлари керак эди.

Улар билан яқиндан танишгач, Нехлюдов баъзи одамлар ўйлагандек, улар ёппасига жиноятчи эмас, бошқаларнинг ўйлаганича ёппасига қаҳрамон ҳам эмас, балки оддий одамлар эканига ишонч ҳосил қилди. Ҳамма жойдагидек, улар орасида яхши одамлар ҳам, ёмон одамлар ҳам, ўртача одамлар ҳам бор эди. Улар орасида мавжуд ёвузлик билан курашишни ўзларининг бурчлари деб билиб революционер бўлганлар бор эди; лекин ораларида худбинларча шуҳратпарастлик билан бу йўлни танлаганлар ҳам йўқ эмасди; кўпчиликни эса серғайрат ёшларга хос ҳислар – хавф-хатар, таҳлика ва ҳаёти билан ўйнашиш нашъаси революцияга жалб этган эди, уруш пайтида Нехлюдов шундай ҳолларни кўрган эди. Революционерларнинг оддий одамлардан фарқлари, устунлиги шунда эдики, улар орасида ахлоқий талаб оддий одамлар орасидагидан кўра юқорироқ эди. Улар орасида ўзини тия билиш, қаноатли, ростгўй, беғараз бўлиш ҳамда умумий иш учун ҳамма нарсасини, ҳатто жонини фидо қилиш шарт эди. Шунинг учун ҳам бу одамлар орасидаги ўртадан юқори савиядаги кишилар ундан анча юқори бўлиб, юксак ахлоқ эгалари эдилар; ўртадан паст савиядагилар эса, ундан бир қадар паст, ёлғончи, муғамбир, шу билан бирга худписанд ва мутакаббир одамлар эди. Шундай қилиб, Нехлюдов, янги дўстларининг баъзиларини ҳурмат қилиш билангина кифояланмай, уларни чин кўнгилдан яхши кўриб қолган эди.

VI

Катюша қўшиб қўйилган гуруҳ билан бирга кетаётган, каторгага сургун қилинган сил йигитни – Крильцовни Нехлюдов айниқса яхши кўриб қолган эди. Нехлюдов у билан Екатеринбургда танишган, кейин йўлда бир неча бор учрашиб суҳбатлашган эди. Ёз кунларидан бирида қўниб дам олиш пайтида Нехлюдов кечгача у билан бирга бўлди. Шунда гапдан гап чиқиб, Крильцов қандай қилиб революционер бўлганини сўзлаб берди. Унинг турмагача бўлган ҳаёти жуда қисқа эди. Унинг отаси жанубий губерниялардан бирида ери бўлган бадавлат помешчик экан, у ёш болалик чоғидаёқ отаси ўлиб кетган. У ёлғиз ўғил бўлиб, онаси қўлида тарбия топган. У гимназияда ҳам, университетда ҳам яхши ўқиган, математика факультетининг биринчи фан кандидати бўлиб тугатган. Унга университет ҳузурида қолиб, чет элга боришни таклиф этишган. Лекин у пайсалга солган. Унинг севган қизи бўлган, ўша қизга уйланиб, Земствода ишлашни ният қилган. Кўп нарсани истагану, лекин ҳеч қайси бирига юраги чопмаган. Шу орада университетда бирга ўқиган ўртоқлари умум иши учун ундан пул сўрашган. Крильцов шу умум ишининг у вақтларда ўзи заррача қизиқмаган революцион иш эканлигини билган ва ўртоқлик ҳиссига берилиб ҳамда қўрқяпти деб ўйлашмасин тағин, деган хаёл билан пул берган. Пул олганлар қўлга тушишган, ёнларидан пулни Крильцов берганлигини кўрсатувчи хат чиққан; уни қамоққа олишган, аввал полиция қисмида тутиб, кейин турмага солишган.

– Мени қамашган турмада, – деб ҳикоя қиларди Крильцов Нехлюдовга (кўкраги ичига ботиб кетган Крильцов баланд сўрида тиззасига тирсагини қўйиб ўтирар, чақнаб турган ақлли, мулойим, чиройли жавдираган кўзлари билан Нехлюдовга қарарди), – шу турмада маҳбусларни унча қаттиқ тутишмасди: девор дукиллатиб гаплашардик, йўлакда айланиб юрар, суҳбатлашар, озиқ-овқатларимизни баҳам кўрар, ҳатто кечқурунлари жўр бўлишиб қўшиқ айтишардик. Овозим яхши эди. Шундай. Ойимни демасам, – ойим жуда куйиб кетди, – турмада туриш менга қайтага яхши ва жуда мароқли эди. Ўша ерда мен Петров деган машҳур одам (у кейин крепостда ўзини ойна билан кесиб ўлдирган) ва яна бошқа революционерлар билан танишдим. Лекин революционер эмас эдим. Улардан ташқари камерамдаги яна икки одам билан танишдим. Улар бир иш учун, поляк хитобномалари тарқатгани учун қамалган ва темир йўлга олиб борилаётган пайтларида конвой қўлидан қочишга уринганлари учун кесилган эдилар. Уларнинг бири поляк Лозинский эди, иккинчиси – яҳудий, Розовский. Шундай. Розовский жуда ёш эди. У, ёшим ўн еттида дер эди-ю, лекин кўрган одам ўн бешдан ортиқ демас эди. Ориққина, ушоққина, қора кўзлари ёниб турар, серғайрат ва барча яҳудийлар сингари мусиқага қобилиятли эди. Раста бўлса ҳам, жуда яхши ашула айтар эди. Ҳа, менинг кўз олдимда икковини судга олиб бордилар. Икковини эрталаб олиб кетишди. Кечқурун қайтиб келишди ва икковининг ўлимга ҳукм этишганини айтишди. Ҳеч ким буни кутмаган эди. Уларнинг гуноҳи арзимас эди – конвойдан қочишга уринишган, ҳеч кимни ярадор ҳам қилишмаган. Розовский каби бир гўдакни қатл қилиш мумкинлигига ишониш қийин эди. Ҳаммамиз – турмадагиларнинг ҳаммаси, қўрқитиш учун шундай қилиняпти, ҳукм бекор қилинади, деб ўйладик. Аввалига ҳаяжонландик, кейин тинчиб, ҳаётимиз кундагидек давом этди. Бир куни кечқурун камерам эшиги ёнига қоровул келди-да, шипшитиб дурадгорлар келганини, дор қураётганларини айтди. Аввалига тушунмадим: нима деяпсан? Қанақа дор? Аммо қоровул чол шундай ҳаяжонланган эдики, башарасига қараб, бу дор ўша иккита ўртоғимиз учун қурилаётганини тушундим. Деворни дукиллатиб ўртоқларимиз билан гаплашмоқчи бўлдиму, лекин ўшалар эшитиб қолишмаса эди, – деб чўчидим. Ўртоқларимиз ҳам жим эди. Ҳамма хабардор бўлса керак. Йўлаклар ва камералар бутун оқшом сув қуйгандек жимжит эди. Ҳеч қайсимиз девор дукиллатмас, қўшиқ айтмас эдик. Соат ўнларда қоровул яна олдимга келди ва Москвадан жаллод олдириб келишганини айтди. Шундай деди-ю, нари кетди. Мен уни чақира бошладим. Тўсатдан Розовский камерасидан туриб менга: «Нима гап? Нега чақиряпсиз?» деб қичқирди. Мен, қоровул менга тамаки олиб келган эди деган мазмунда гап айтдим. Лекин у гўё тушуниб тургандек, мендан нега қўшиқ айтмаганимизни, нега девор дукиллатиб гаплашмаганимизни сўрай бошлади. Унга нима деб жавоб қилганимни билмайман, у билан ортиқ гаплашмаслик учун нари кетдим. Шундай. Мудҳиш кеча бўлди. Туни билан қулоғимни динг қилиб ўтирдим. Тўсатдан, азонга яқин йўлак эшиги очилиб, бир талай одам келаётганини эшитдим. Сакраб туриб, дарча ёнига бордим. Йўлакда лампа ёниб турарди. Биринчи бўлиб мутасадди ўтиб кетди. Семизгина, афтидан, ўзига бино қўйган, қатъий киши эди. Рангида ранг қолмабди: бўздек оқариб, ваҳима босиб мункайиб қолибди. Унинг кетидан қовоғи солиқ, қиёфаси шиддатли ноиби ўтди, ундан кейинда қоровул. Менинг эшигим ёнидан ўтиб, қўшни камера олдида тўхташди. Ноибнинг ғалати товуш билан: «Лозинский, туринг, тоза кийим кийинг» дегани қулоғимга кирди. Шундай. Кейин эшикнинг ғижиллаб очилганини ва уларнинг ичкари киришганини эшитдим. Сўнгра Лозинскийнинг оёқ товушлари эшитилди: у йўлакнинг нариги томонига ўтди. Мен фақат мутасаддини кўрардим. Ранги ўчиб, тугмаларини гоҳ қадаб, гоҳ ечиб елкасини қисиб қўярди. Шундай. Тўсатдан бир нарсадан чўчигандай тисарилди. Лозинский унинг олдидан ўтиб, менинг эшигим олдига келди. Чиройли йигит эди. Бежирим поляк типи бўлади-ку: кенг, тўғри пешона, ипакдек майин, малла, жингалак сочли, гўзал мовий кўзли йигит. Шунақанги соғлом, хушрўй, гулдек очилган йигит. У менинг дарчам олдида тўхтагани учун бутун юзи яққол кўринарди. Ранги докадек оқарган, юзи сўлғин эди. «Крильцов, папиросинг борми?» Мен энди узатмоқчи бўлиб турган эдим, лекин ноиб, кечикиб қолишдан қўрққандек, апил-тапил портсигарни чиқарди ва унга узатди. Лозинский битта папирос олди, ноиб гугурт чақиб тутди. У чека бошлади ва хаёлга толгандек кўринди. Кейин гўё бир нарсани эслагандек гапира бошлади: «Бу – ҳам бешафқатлик, ҳам адолатсизлик. Мен ҳеч қанақа жиноят қилганим йўқ». Мен… Мен кўз узолмай тикилиб турардим, оппоқ бўйни қалтираб кетгандек бўлди, у жимиб қолди. Шундай. Шу маҳал йўлакда Розовскийнинг яҳудийларга хос ингичка овоз билан алланима деб қичқираётгани эшитилди. Лозинский папирос қолдиғини ташлади ва эшик ёнидан кетди. Дарча олдида Розовский пайдо бўлди. Унинг қора кўзлари намли, болаларникига ўхшаш юзи қизарган ва терлаган эди. У ҳам эгнига озода кийим кийган, иштони шу қадар кенг эдики, у ҳадеб икки қўллаб кўтариб қўяр ва дир-дир қалтирарди. Розовский аянчли юзини менинг дарчамга яқинлаштирди-да: «Анатолий Петрович, доктор менга «кийик ўт» қайнатиб ичишни буюргани рост-а? Касалвандман, яна «кийик ўт» ичишим керак» деди. Ҳеч ким жавоб бермади. Розовский гоҳ менга, гоҳ мутасаддига савол назари билан қаради. Шу гапи билан нима демоқчи бўлди, ҳалигача тушунмайман. Шундай. Тўсатдан ноиб жиддий тус олди, ғалати қилиб чийиллаб: «Бу нима майнабозчилик, юр», деб қичқирди. Розовский ўзини нима кутаётганини тушуна олмади шекилли, бир нарсадан қуруқ қолгандек, йўлак бўйлаб югуриб кетди. Лекин кейин тихирлик қилиб туриб олди – унинг чинқироқ овозини ва йиғлаганини эшитдим. Ғовур-ғувур, оёқ товушлари эшитилди. Розовский чирқирар ва йиғларди. Кейин овозлар узоқлашди, – йўлак эшиги жаранглаб кетди, кейин жимлик чўкди… Шундай. Шундай қилиб осиб юборишди. Икковини арқон билан бўғиб ўлдиришди. Бошқа қоровул Лозинскийнинг қаршилик кўрсатмаганини, аммо Розовский анчагача оёғини тираб туриб олганини, зўрлаб дор тагига судраб чиқиб, бўйнига сиртмоқни зўрлаб солганларини сўзлаб берди. Шундай. Қоровул тентакнамо йигит эди. «Бегим, менга буни даҳшатли дейишган эди. Қўрқадиган жойи йўқ экан. Осишгандан кейин икковиям елкасини мана бундай қилиб икки марта қимирлатиб қўйишди, – елкаларининг талвасали ҳаракатини қилиб кўрсатди, – кейин жаллод сиртмоқ яхши тортилсин деди шекилли, оёқларидан тортди, шу билан тамом: ортиқ қимирлашмади», – деди. «Қўрқадиган жойи йўқ экан», – деди Крильцов қоровулнинг сўзини такрорлаб. У жилмаймоқчи бўлган эди, лекин жилмайиш ўрнига ҳўнграб йиғлаб юборди.

Шундан кейин Крильцов оғир нафас олиб, бўғзига келиб тиқилган йиғини юта-юта анчагача жим қолди.

– Ўшандан кейин революционер бўлиб кетдим. Шундай, – деди у ўзини тутиб олиб сўнгра саргузаштини қисқагина ҳикоя қилиб тугатди.

Крильцов халқ озодлик партиясига кирган, ҳатто, ҳукуматни ўз ихтиёри билан ҳокимиятдан воз кечиб, уни халқ қўлига топширишга мажбур этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган қўпорувчилик гуруҳининг бошлиғи бўлган. Шу мақсад билан у гоҳ Петербургга, гоҳ чет элга, гоҳ Киевга, гоҳ Одессага борган ва ҳамма ерда муваффақият қозонган. Қаттиқ ишонган бир одами уни қўлга тушириб берган. Крильцовни қамоққа олиб, суд қилганлар, икки йил қамоқда тутиб тургач, ўлимга ҳукм қилганлар ва бу ҳукмни муддатсиз каторгага алмаштирганлар.

Турмада у силга чалиниб қолган. Энди, ҳозирги шароитда, бир неча ойдан ошиқ яшамаслиги кўриниб турарди. Буни унинг ўзи ҳам биларди, лекин қилган ишига ўкинмас, агар яна бир марта дунёга келса, ўз умрини шу ишга – ўша даҳшатли тартибни бузишга сарф қилажагини айтарди.

Шу одамнинг бошидан кечирганлари ва у билан яқинлашиш Нехлюдовга илгари тушунмаган нарсаларни англатиб берди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации