Текст книги "Тирилиш"
Автор книги: Лев Толстой
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 22 (всего у книги 40 страниц)
X
Бу дафъа келишда шаҳар Нехлюдовга ғалати ва бошқача таассурот қолдирди. У кечқурун фонарлар ёқилган пайтда вокзалдан уйига келди. Ҳамма хоналарда нафталин ҳиди анқирди, Аграфена Петровна билан Корней ўзларининг ҳориганларини сезган, тутақишган эдилар. Ёйиш, қуритиш ва яна беркитиб қўйишдан бошқага ярамаган нарсаларни йиғиштириш вақтида уришиб ҳам қолишган эди. Нехлюдовнинг хонаси бўш эди-ю, лекин йиғиштирилмаган эди. Хонага кириладиган жойни сандиқлар тўсиб қолгани учун ҳам кириш қийин эди. Хуллас, Нехлюдовнинг келиши, афтидан, қандайдир эски бир одат бўйича қилинаётган ишларга халақит берган эди. Бир вақтлар ўзи ҳам иштирок этган мана шу ишлар, қишлоқдаги қашшоқликни кўриб қайтган Нехлюдовга шундай бемаъни бўлиб кўриндики, у опаси келгунча молларни истаганича йиғиштиришни Аграфена Петровнага қолдириб, эртасигаёқ меҳмонхонага кўчиб ўтишга қарор қилди. Опаси келиб, уйдаги нарсаларни нима қилишни ўзи ҳал этиши лозим эди.
Нехлюдов уйдан эрталаб чиқди, қамоқхонага яқин ердан, биринчи дуч келган, соддагина ва ифлосгина меҳмонхонадан икки хонани ижарага олди-да, уйда ажратиб қўйган нарсаларини шу ерга келтириб қўйишни буюриб, адвокатникига қараб кетди.
Чақмоқ ва ёмғирдан кейин одатда баҳорда бўладиган совуқ тушди. Ҳаво шу қадар совуқ, изғирин шу қадар кучли эдики, Нехлюдов енгил пальтода совқотиб қолди ва исиниш учун илдам қадам ташлаб кетди.
Қишлоқдаги одамлар: аёллар, болалар, чоллар, қашшоқлик ва абгорлик (буларни у гўё биринчи бор кўргандек эди), айниқса чиллакдек ингичка оёқларини узатиб ижирғанган, чолга ўхшаган гўдак ҳамон хаёлидан кетмас эди. Нехлюдов ўшаларни беихтиёр равишда шаҳардагилар билан таққослай бошлади. Нехлюдов қассоблик расталари, балиқфурушлар ва тайёр кийим дўконлари ёнидан ўтиб борар экан, – гўё биринчи бор кўраётгандай, – озода ва биққасемиз дўкондорларнинг кўпчилигига ҳайрон қолди. Қишлоқда биронта ҳам бунақа тўқ ё семиз одам топилмас эди. Бу одамлар, молларининг фарқига етмаган одамларни алдаш учун қилган ҳийла-найрангларини қуруқ эрмак деб эмас, балки, жуда фойдали машғулот деб ҳисобласалар керак. Худди шулар сингари тўқ, тугмалари орқадан солинадиган корсондай семиз кучерлар худди ўшаларга ўхшаган, бошларига фуражка кийган, кийимларига уқа тутилган швейцарлар, фартуғ кийган ва сочларини жингалак қилган, худди ўшанақа оқ соч қизлар ва, айниқса, извошларида ялпайиб ўтириб олиб, ўткинчиларни назар-писанд қилмай, фосиқона кузатаётган, сочининг орқа томони текис қирилган извошчилар… – Нехлюдов беихтиёр мана шу одамларнинг ҳаммаси, ерсиз қолган ва шу ерсизлик натижасида иш қидириб шаҳарга келиб қолган худди ўша қишлоқилар эканини кўриб турарди. Шу одамларнинг баъзилари шаҳарнинг шарт-шароитларидан фойдалана олганлар ва натижада беклар каби яшар, ўз аҳволларидан мамнун эдилар; бошқалари эса шаҳарга келиб қишлоқдагидан баттар шароитга тўғри келиб қолган ва аввалгидан кўра аянчли аҳволга тушган эдилар. Нехлюдов бир ертўланинг деразасидан ишлаб ўтирган косибларни кўриб қолди. Бу косиблар Нехлюдовга ана шундай аянчли кўринди; совунли буғ бурқираб чиқаётган очиқ дераза ёнида енги шимарилган, қоқшол қўллари билан дазмол босаётган рангпар, сочлари пахмоқ кир ювувчи хотинлар ана шундай аянчли эди. Эгнига фартуғ ва яланг оёғига дабдаласи чиқиб кетган пойабзал кийган, бошидан оёғигача бўёқ теккан бўёқчилар ҳам ана шундай эди (Нехлюдов уларга дуч келиб қолган эди). Бўёқчилар енгларини билакдан юқори шимариб, офтобда қорайган, томирлари ўйнаган заиф қўлларида бир челак бўёқ кўтариб, зўр бериб сўкинишиб боришарди. Қиёфалари ҳорғин ва зардали эди. Араваларининг тепасида силкиниб бораётган, қора юзларини чанг босган киракаш извошчиларнинг қиёфаси ҳам худди шундай эди. Кўчаларнинг муйилишида болаларини олдиларига солиб тиланиб турган, жулдур кийимли, шишган эркак ва аёлларнинг қиёфаси ҳам шунақа эди. Нехлюдов майхоналар ёнидан ўтар экан, очиқ деразалардан ҳам худди шундай башаралар кўринарди. Устига шиша ва чойнак-стаканлар қўйилган, ораларидан оқ кийинган ходимлар югуриб-елиб ўтиб турган ифлос столчалар атрофида бақириб-ҳайқириб терлаган, қип-қизариб кетган кайфи тароқ кишилар ўтиришарди. Бир киши гўё алланарсани эслашга уринаётгандай қошини чимириб, лабини чўччайтириб дераза тагида ўтирарди.
«Нима қилиб тўпланишиб ўтиришибди?» – деб ўйларди Нехлюдов совуқ шамол ҳайдаб келаётган чангни ютиб, янги бўёқнинг тахир ҳидини ҳидлаб.
Кўчаларнинг бирида тунука ортган киракаш арава Нехлюдовга етиб олди, ғадир-будур тош йўлда у шундай гулдурар эдики, унинг қулоғи битиб, бошига оғриқ тургандай бўлди. Нехлюдов аравадан ўтиб кетмоқчи бўлиб қадамини илдамлатган ҳам эдики, шарақ-шуруқ шовқин ичида аллаким исмини айтиб чақираётганини эшитди. У тўхтади ва рўпарасидаги извошда ўтириб, унга қўл силкитаётган, мўйловларининг учи буралган, юзи йилтиллаб турган офицерни кўрди. Офицер кулимсираганда ҳаддан зиёда оппоқ тишлари кўриниб кетди.
– Нехлюдов! Сенмисан?
Нехлюдов даставвал суюнди.
– А! Шенбок, – деди Нехлюдов, лекин шу заҳоти севинчга ўрин йўқлигини англади.
Бу бир вақтлар аммалариникига тушиб ўтган ўша Шенбок эди. Нехлюдов уни кўпдан буён кўздан қочириб юрар эди-ю, лекин унинг қарзи кўп бўлишига қарамай, полкдан чиқиб, кавалерияда қолгандан кейин ҳам, бир амаллаб ҳануз давлатманд одамлар билан ҳам улфат эканини эшитган эди. Унинг мамнун ва хушчақчақ юзи буни тасдиқларди.
– Сенга дуч келганим яхши бўлди-да! Йўқса шаҳарда ҳеч ким йўқ. Аммо-лекин, қариб қолибсан, биродар, – дерди у извошдан тушиб, елкаларини кериб қўйиб, – юришингдан таниб олдим. Қани, хўш, бирга овқатланамизми? Шаҳрингизнинг қаерида дурустроқ овқатланиш мумкин?
– Билмадим, улгурармиканман, – деб жавоб қайтарди Нехлюдов қандай қилиб ўртоғини хафа қилмай хайрлашиб кетишни ўйлаб. – Бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб сўради у.
– Шундай, иш билан, оғайни. Васийлик иши билан. Мен ахир васийман-ку. Самановнинг ишларини бошқараман. Саманов деган бойни биларсан. Ўзи телба одам. Аммо эллик тўрт минг ботмон ери бор, – деди Шенбок шу ботмон-ботмон ерларни ўзи бунёдга келтиргандек фахрланиб, – иши жуда хароб эди. Ер тамоман деҳқонлар қўлида экан. Улар ҳеч нарса тўлашмас, боқимандалари саксон мингдан ошган экан. Бир йил ичида ишни тамомила бошқача қилиб юбордим, меросхўрларга етмиш фоиз ортиқ фойда бердим. Хўш? – деб сўради ғурур билан.
Нехлюдов шу Шенбок бор-йўғини совуриб қарзга ботиб қолганидан кейин, аллакимнинг ёрдами билан, бутун мол-мулкини совураётган кекса бойга васий қилиб тайинлангани қулоғига чалинганини эслади. Шенбок ҳозир ҳам шу васийлик орқасида кун кўриб юрган бўлса керак.
Нехлюдов ўртоғининг чертса қон томадиган семиз ва бахтиёр юзига, қоп-қора қилиб бўялган мўйловига қараб, унинг қаерда яхши овқат борлиги ҳамда васийлик ишини йўлга қўйиб юборганлиги ҳақида мақтаниб, валдирашларини тинглар экан: «қандай қилиб, буни хафа қилмай хайрлашсам экан?» – деб ўйлар эди.
– Хўш, қаерда овқатланамиз?
– Вақтим йўқ-да, – деди Нехлюдов соатига қараб.
– Менга қара, кечқурун пойга бўлар экан, борасанми?
– Йўқ, бормайман.
– Боргин. Ўзимнинг отим йўқ. Лекин Гришанинг отларига пул қўймоқчиман. Эсингдами? Яхши отлари бор. Боргин, кечки овқатни ҳам бирга қиламиз.
– Кечки овқатда ҳам бирга бўла олмайман, – деди Нехлюдов жилмайиб.
– Бу нима қилганинг? Ҳозир қаёққа кетяпсан? Ўтир, элтиб қўяй.
– Адвокатга кетяпман. Ҳув анави муйилишда, – деди Нехлюдов.
– Ҳа-я, турмада алланималар қилиб юрган эмишсан. Маҳбусларнинг ҳимоячиси бўлибсанми? Корчагинлар айтишувди-я, – деди Шенбок кула-кула, – улар жўнаб кетишди. Ўзи нима гап? Айт-чи!
– Ҳа, шундай, тўғри айтишибди, – деди Нехлюдов, – кўчада айтиб бўладими?
– Рост, рост, қизиқ табиатли одам эдинг. Хўш, пойгага борасанми?
– Йўғ-э, бора олмайман, боришни истамайман ҳам. Яна мендан хафа бўлма тағин.
– Хафа бўлиш нимаси! Ўзинг қаерда турасан? – деб сўради Шенбок. Тўсатдан у жиддий тус олди, кўзи бир нуқтага тикилиб, қошлари керилди. Алланарсани эсига туширмоқчи бўлди шекилли, бир маҳал қиёфаси майхона деразасидан кўринган, қошини чимириб, лабини чўччайтириб ўтирган кишиники сингари бемаъни эди.
– Совуқни қара-я! А!
– Ҳа, ҳа.
– Сотиб олинган нарсалар сендами? – деб сўради извошчидан.
– Хўп, хайр бўлмаса, кўрганимга жуда-жуда хурсандман, – деди Шенбок, у Нехлюдовнинг қўлини сиқиб ирғиб извошга чиқди-да, янги, оқ замша қўлқоп кийган катта қўлини йилтиллаб турган юзига яқинлаштириб силкитди, оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайди.
Нехлюдов адвокатникига қараб борар экан: «наҳотки, мен шунақа эдим? – деб ўйлади, – худди шунақа бўлмасам-да, шунақа бўлишни истар эдим, бутун умрим шундай ўтиб кетади деб ўйлар эдим».
XI
Адвокат Нехлюдовни навбатдан ташқари қабул қилди. Меньшовларнинг ишини ўқиб чиққан адвокат дарҳол шу иш тўғрисида гап очди, уларнинг ҳеч қандай асоссиз айбланганликларидан аччиғланган эди.
– Жуда қабиҳ иш, – деди у. – Суғурта пулини олмоқ ниятида уй эгасининг ўзи ўт қўйган бўлиши мумкин, лекин масала шундаки, Меньшовларнинг гуноҳи сира исбот қилинмаган. Ҳеч қандай далил йўқ. Бу терговчининг жон-жаҳди билан ҳаракат қилгани ва прокурор ёрдамчисининг бепарволигидан содир бўлган. Иш уездда эмас, шу ерда кўрилса оқланиб кетиши турган гап – хизмат ҳақи ҳам олмайман. Энди иккинчи ишга ўтайлик – Федосья Бирюкова номидан зоти олийга ёзиладиган ариза тайёр, агар Петербургга борсангиз, аризани ола кетинг-да, ўз қўлингиз билан топшириб, илтимос қилинг. Бўлмаса адлия министрлигидан изоҳ сўрасалар, булар мендан кетгунча, эгасига еткунча деб, яна рад жавоб юборадилар, хуллас, ҳеч нарса чиқмайди. Сиз аризани олий мартаба кишига топширишга ҳаракат қилинг.
– Подшо ҳазратларигами? – деб сўради Нехлюдов.
Адвокат кулиб юборди.
– Бу энг олий – олийларнинг олийси. Олий мартаба деганим – арз тинглайдиган комиссиянинг секретари ёки мудири деганим. Хўш, бўлдими энди?
– Йўқ, менга сектантлар7272
72 Сектант – бирор мазҳаб кишиси (тарж.)
[Закрыть] ёзишибди, – деди Нехлюдов чўнтагидан сектантларнинг хатини олиб, – агар ёзганлари рост бўлса, жуда ғалати иш. Мен шу бугуноқ уларни кўриб, воқеани суриштиришга ҳаракат қиламан.
– Назаримда, авахтадагиларнинг бутун илтимосномаларини ташувчи воситачи бўп қолгансиз, – деди адвокат жилмайиб. – Жуда кўп, кучингиз етмас.
– Йўқ, бу жуда ғалати иш, – деди Нехлюдов. У воқеани қисқача гапириб берди. Қишлоқда одамлар инжил ўқимоқчи бўлиб тўпланишган, бошлиқлар келиб ҳайдашган. Келаси якшанба куни одамлар яна тўпланишган. Шундан кейин дарҳол урядникни7373
Урядник – чор Россиясида уезд полиция маҳкамасида энг кичик лавозим (тарж.)
[Закрыть] чақириб, акт тузишган, одамларни судга беришган. Суд терговчиси сўроқ қилган, прокурор ёрдамчиси айбнома тузган, суд палатаси айбномани тасдиқлаган ва уларни судга берган: прокурор ёрдамчиси қораловчи бўлган, столда далилий ашё бўлиб инжил турган. Шундай қилиб, сектантлар сургунга ҳукм этилган. Ахир бу жуда мудҳиш иш-ку! – деди Нехлюдов, – наҳотки шу гаплар рост бўлса?
– Нимасига ҳайрон қоляпсиз?
– Ҳаммасига; майли, урядник, маълум, нима буюрилса шуни бажарган, лекин акт тузган прокурор ёрдамчисининг кўзи қаёқда экан, ахир у ўқимишли одамку.
– Ҳамма хато шунда-да, биз прокурорларни ва бутун суд арбобларини қандайдир янги либераль одамлар деб ўйлашга одатланганмиз. Бир вақтлар ҳақиқатан ҳам шундай эдилар, лекин ҳозир бутунлай бошқача. Энди булар ойнинг йигирманчи кунини пойлашадиган тўралар бўп қолган. У ҳар ой мояна олади, кўпроқ топишдан бўлак нарсани ўйламайди, бутун принципи шундан иборат. Пул деган жойда ҳар қандай одамни айблашга, суд қилишга, кесишга тайёр.
– Наҳотки бошқа одамлар билан бирга инжил ўқигани учун сургун қиладиган қонун ҳам бўлса?
– Агар инжилни ўқиб уни буюрилганидан бошқача, яъни черков тафсирига хилоф равишда шарҳ этганлари исбот этилса, у қадар узоқ бўлмаган ерларга сургун қилишгина эмас, ҳатто каторгага ҳайдаш ҳам мумкин. Православ динини халқ ўртасида хўрлаган киши бир юз тўқсон олтинчи моддага мувофиқ сургун қилинади.
– Йўғ-э.
– Сизга ёлғон гапирармидим. Мен ҳамиша суд арбобларига, сизларни кўрганимда то шу маҳалгача мени қамоққа тиқиб қўймаганларингиз учун шукур қиламан дейман, – деб гапини давом эттирди адвокат. – Сиз, мен ёки ҳаммамиз то шу маҳалгача қамалмаган эканмиз, бу ўшаларнинг марҳамати туфайли. Ҳолбуки, қайси биримизни бўлсаям ҳуқуқдан маҳрум этиб, яқин бир ерга сургун қилишдан осон иш йўқ.
– Агар ҳамма иш прокурор ёки қонунни татбиқ этиш-этмаслик қўлидан келадиган шахслар ихтиёрида бўлса, суднинг нима кераги бор?
Адвокат хахолаб кулиб юборди.
– Қаёқдаги саволларни берасиз-а! Бу, бир фалсафа-да, тақсир. Майли, бу ҳақда ҳам баҳслашиш мумкин. Шанба куни келинг, бизникида олимлар, адабиётчилар ва рассомлар бўлади. Ўшанда умумий масалалар ҳақида гаплашамиз, – деди адвокат «умумий масалалар» сўзини кинояомуз дабдаба билан сўзлаб. – Хотиним билан танишасиз. Келинг.
– Хўп, келишга ҳаракат қиламан, – деб жавоб берди Нехлюдов ёлғон гапираётганини, агар иложини топса ўша куни кечқурун уникида йиғиладиган олимлар, адабиётчилар ва рассомлар ўртасида бўлмасликка ҳаракат қилишини ҳис этиб.
Нехлюдов, модомики, суд арбоблари қонунини ўз хоҳишларича татбиқ қиладиган ёки қилмайдиган бўлсалар, суднинг нима кераги бор деганда, адвокатнинг кулиб юборгани, «фалсафа» ва «умумий масалалар» сўзларини айтган пайтидаги товушидаги оҳанг Нехлюдовга ўзи билан адвокатнинг ва эҳтимол унинг дўстларининг масалага тамомила бошқача кўз билан қарашини кўрсатди. У Шенбокка ўхшаган бурунги ошналаридан узоқлашган бўлишига қарамай, ўзини адвокатдан ҳам, унинг доирасидаги одамлардан ҳам баттар узоқ ҳис этди.
XII
Турма узоқда эди, вақт эса алламаҳал бўлиб қолган, шунинг учун ҳам Нехлюдов извош олиб турмага кетди. Ўрта яшар, башарасидан ақлли ва меҳрибон одам эканлиги билиниб турган извошчи кўчаларнинг бирида янги қурилаётган каттакон уйни Нехлюдовга кўрсатди.
– Қаранг, қандай зўр иморат солишяпти, – деди у гўё бу иморатнинг қурилаётганига қисман ўзи сабабчи бўлгандай фахрланиб.
Дарвоқе, баҳайбат ва қандайдир ғайриоддий, мураккаб услубда бир иморат қурилаётган эди. Солинаётган бинонинг атрофига бир-бирига темир бандлар билан бириктирилган йўғон-йўғон қарағай ёғочлардан ҳавоза қўйилган ва юпқа тахта девор билан кўчадан пана қилинган эди. Ҳавоза тахталари устида кийимларига оҳак сачраган ишчилар чумолидек уймаланишарди: бирлари ғишт терар, бошқалари тош йўнар, яна бировлар оғир замбил ва челакларни юқорига кўтариб чиқиб, бўшатиб пастга тушар эдилар.
Семиз, яхши кийинган жаноб, меъмор бўлса керак, ҳавоза олдида туриб, юқорини кўрсатиб, эҳтиром билан қулоқ солаётган владимирлик пудратчига алланима дерди. Пудратчи билан меъмор ёнидаги дарвозадан бўш аравалар чиқиб, юк ортилганлари кириб турар эди.
«Ҳаммалари, ишлаётганлар ҳам, уларни ишлатаётганлар ҳам худди шундай бўлиши керак деб ишонадилар, – деб ўйларди Нехлюдов уйга қараб, – ҳомиладор хотинлари уйда оғир ишларни бажариб юрган, яғир кўйлак кийган болалари чиллакдек оёқларини чўзиб, очликдан ўлай деб, кексалардек тиржайган бир пайтда булар қандайдир бир кераксиз аҳмоқ одамга, ўзларини талаб, хонавайрон қилаётган одамларнинг бирига мана шу аҳмоқона кераксиз саройни қурадилар».
Нехлюдов овозини баланд чиқариб, кўнглидаги гапни айтди.
– Ҳа, аҳмоқона уй, – деб қўйди.
– Нега аҳмоқона дейсиз? – деб эътироз билдирди извошчи ўпкалаб, – аҳмоқона эмас, халққа иш беряпти, раҳмат.
– Ахир, кераксиз бир иш-да.
– Қуришаётган экан, демак, керакли, – деб эътироз билдирди извошчи, – халқ шу туфайли нон еяпти.
Нехлюдов жим бўлди, айниқса, ғилдиракларнинг шалдирашидан гапириш оғир эди. Авахтага яқин қолганда извош тош йўлдан шоссега ўтди, гаплашиш анча енгил бўлиб қолди. Извошчи Нехлюдовга қараб яна гап бошлади:
– Нега халойиқ зўр бериб ўзини шаҳарга уради-я, – деди у орқасига ўгирилиб, рўпарадан келаётган калта пўстинли, арра, болта кўтарган, қоп орқалаб олган қишлоқи ишчиларни Нехлюдовга кўрсатиб.
– Бурунги йилларга қараганда кўпми? – деб сўради Нехлюдов.
– Нимасини айтасиз! Энди ҳамма ёқни босиб кетишган, асти қўяверинг. Хўжайинлар хоҳлаган пайтларида ҳайдаб юбораверадилар. Ҳамма ёқ одам.
– Нега бундай экан-а?
– Кўпайиб кетишяпти-да. Ҳеч қаерга сиғмай қолди.
– Кўпайса, нима қипти? Қишлоқда қолишса бўлмайдими?
– Қишлоқда нима қилишади ер бўлмагандан кейин.
Нехлюдовнинг ярасига бир нарса тегиб оғригандай бўлди. Яранг нуқул ҳар қаерга тегиб кетаётгандек туюлади, бунинг сабаби шуки, яра бир нарсага тегиб кетса, қаттиқроқ оғрийди.
Нехлюдов «Наҳотки ҳамма ерда аҳвол шу бўлса?» деб ўйлади-да, извошчидан қишлоғида қанча ер борлигини, извошчининг ўзининг ери қанчалигини, нега шаҳарга келиб қолганини суриштира бошлади.
– Қишлоқда жон бошига бир ботмондан ер тўғри келади, бегим. Бизнинг уч кишилик еримиз бор, – извошчи жон деб ҳикоя қила бошлади. – Уйда отам, укам бор, бир укам солдатликка кетган. Ўзлари ишлайдилар. Аслида-ку, ишлайдиган ери ҳам йўқку-я. Ҳали укам ҳам Москвага кетмоқчи бўлиб юриб эди.
– Ижарага ер олса бўлмайдими?
– Шу замонда қаердан ижарага ер оласан? Хўжайинлар ҳам қўлларидаги ерларини сотиб-совуриб кетиб қолишди. Ҳаммаси савдогарларнинг қўлига ўтиб кетди. Улардан сотиб олиб бўпсан – ўзлари ишлашади. Ерларимизнинг эгаси француз, аввалги хўжайиндан сотиб олган. Ижарага бермайди – вассалом.
– Қанақа француз?
– Дюфар-француз, балки эшитгандирсиз? Катта театрда артисткаларга парик ясайди. Иши яхши, хўпам дунё йиғибди-да. Бекамизнинг ҳамма ер-мулкини сотиб олди. Энди бизга шу хўжайин. Эшак қилиб устимизга миниб олган. Ўзи яхши одам, шунисигаям шукур. Лекин хотини руслардан, итнинг ўзгинаси, худо кўрсатмасин. Халойиқни талагани-талаган. Бало. Ана, турмага ҳам келдик. Қаерга олиб борай, катта дарвоза олдигами? Ҳойнаҳой, киргизмаслар.
ХIII
Нехлюдов бугун Масловани қандай ҳолатда учратишини ўйлаб ва авахтадаги одамлар тўдаси ва Масловада зоҳир бўлган пинҳона сир олдида қўрқиб юраги орқасига тортиб кетган ҳолда катта дарвоза қўнғироғини чалди ва ичкаридан чиққан назоратчидан Масловани сўради. Назоратчи суриштириб Маслованинг касалхонадалигини айтди. Нехлюдов касалхонага борди. Касалхона қоровули очиқ юзли чол Нехлюдовни шу заҳоти ичкари киритди, унга ким кераклигини билиб, болалар бўлимига юборди.
Уст-бошига карбол кислотасининг ҳиди уриб қолган ёш доктор йўлакка – Нехлюдов ҳузурига чиқиб, жиддий суратда, сизга ким керак, деб сўради. Бу доктор маҳбусларни риоя қилиб, кенг йўл бериб қўйганлиги учун ҳамиша турма бошлиқлари ва ҳатто бош доктор билан ғижиллашгани ғижиллашган эди. Нехлюдов ҳам қонундан ташқари бирон нарсани сўраб қолмасин деб, шу билан бирга, ҳеч кимни истисно қилмаслигини кўрсатмоқ учун, ўзини жаҳлдор қилиб кўрсатган эди.
– Бу ерда аёллар йўқ, бу болалар палатаси, – деди у.
– Биламан, лекин бу ерда турмадан юборилган, касалларга қаровчи аёл бор.
– Ҳа, иккита аёл бор. Хўш, нима демоқчи эдингиз.
– Ўшалардан биттаси, Маслова дегани менинг яқин одамим бўлади, – деди Нехлюдов, – ўшани кўрмоқчи эдим: мен шу хотиннинг иши юзасидан шикоят аризаси бергани Петербургга кетаётган эдим. Ундан ташқари, мана буни бериб қўймоқчи эдим. Бу фотосурат, холос, – деди Нехлюдов чўнтагидан конверт чиқариб.
– Ҳай, майли, – деди доктор юмшаб. Оқ халат кийган кампирга ўгирилиб, Маслова деган касал боқувчи маҳбус аёлни чақириб келишни буюрди. – Қани, ўтирсинлар ёки қабулхонага кирасизми?
– Раҳмат, – деди Нехлюдов. У докторнинг ўзига яхши муомала қилишга ўтганидан фойдаланиб, касалхонадагилар Масловадан мамнунми, йўқми, деб сўради.
– Ёмон эмас, аввалги яшаган шароити назарда тутилса, дуруст ишлайди, – деди доктор. – Ана, ўзи ҳам келиб қолди.
Эшикларнинг биридан касал боқувчи кампир ва унинг кетидан Маслова чиқиб келди. Маслова йўл-йўл кўйлак, оқ фартуғ кийган; бошида сочини беркитиб турган дурра бор эди. Нехлюдовни кўриб қип-қизариб кетди, иккилангандай тўхтаб қолди, кейин қовоғини солди-да, ерга қараганича йўлакка солинган пойандоз устидан юриб Нехлюдов томон тез-тез кела бошлади. Нехлюдов ёнига келгач, унга қўл бергиси келмаган эди-ю, лекин қўлини узатди ва аввалгидан баттар қизариб кетди. Нехлюдов уни тажанглик қилгани учун узр сўраган ўша кундан буён кўрмаган, бу сафар ҳам уни худди ўша кайфиятда кўраман, деб ўйлаган эди. Лекин бу сафар Катюша тамомила бошқача эди, юзининг ифодасида ҳам аллақандай янгилик бор эди: Катюша вазмин, тортинчоқ, Нехлюдовнинг назарида унга нохушлик билан қарагандек эди. Нехлюдов унга боя докторга айтган гапини – Петербургга кетаётганини айтди ва Пановодан келтирган сурат солинган конвертни узатди.
– Буни Пановодан топиб келдим, эски сурат экан, балки кўнглингиз очилар. Олинг.
Катюша қора қошларини кериб ғилай кўзлари билан бунинг нима кераги бор, деб сўраётгандай ҳайрон бўлиб қаради-да, индамасдан конвертни олиб қўйнига солди.
– У ерда холангизни кўрдим, – деди Нехлюдов.
– Ростдан-а? – деди у бепарвогина.
– Сизга бу ер яхшими? – деб сўради Нехлюдов.
– Дуруст, – деди у.
– Жудаям оғир эмасми?
– Йўқ, унчалик эмас. Ҳали кўникканимча йўқ.
– Сиз учун жуда хурсандман. Ҳар ҳолда ўша жойдан ўлса, ўлиги ортиқ.
– Қайси ўша жойдан? – деди Маслова қип-қизариб кетиб.
– Авахтадан, – деди шошиб Нехлюдов.
– Нимаси тузук? – деб сўради у.
– Бу ердаги одамлар дуруст бўлса керак деб ўйлайман. У ёқдагиларга ўхшагани йўқ.
– У ёқда яхши одамлар кўп, – деди Маслова.
– Меньшовлар ҳақида ҳаракат қилдим, уларни озод қилишса керак деган умиддаман, – деди Нехлюдов.
– Худоё айтганингиз келсин, шундай ажойиб кампирки, – деди у кампир ҳақидаги фикрни яна такрорлаб; кейин сал жилмайиб қўйди.
– Бугун Петербургга жўнайман. Тез орада ишингиз кўрилади, ҳукмни бекор қиларлар деб умид қиламан.
– Бекор қилишса-қилишмаса энди барибир, – деди Маслова.
– Нега энди?
– Шундай, – деди у Нехлюдовнинг юзига савол назари билан қия боқиб.
Нехлюдов унинг сўзига ва қия боқишига разм солиб: «Катюша менинг аввалги сўзимда турган-турмаганлигимни билишни истаяпти», деб ўйлади.
– Сизга нега барибирлигини билмайман. Аммо сизни оқлашадими, йўқми, мен учун барибир, – деди Нехлюдов. – Ҳар икки ҳолда ҳам берган сўзимни бажаришга тайёрман, – деди қатъий қилиб.
Маслова бошини кўтарди, қоп-қора ғилай кўзларининг бири Нехлюдовнинг юзига, иккинчиси аллақаёққа қарар, юзи севинчдан ёришиб кетганди. Лекин тили кўзи айтиб турган нарсаларнинг тамомила аксини айтди.
– Бу гапингиз ўринсиз, – деди Маслова.
– Билиб қўйинг деяпман-да.
– Бу ҳақда айтиладиган гап айтилиб бўлди, ортиқ гапиришнинг ҳожати йўқ, – деди Маслова табассумдан ўзини зўрға тўхтатиб.
Палатада қандайдир шов-шув кўтарилди. Бола йиғиси эшитилди:
– Мени чақиришяпти шекилли, – деди Маслова атрофга олазарак бўлиб қараб.
– Хўп, хайр бўлмасам, – деди Нехлюдов.
Маслова унинг узатиб турган қўлини кўрмаганликка солиб қўл сиқишиб хайрлашмади, орқасига ўгирилиб, шодлигини яширишга уриниб, йўлакдаги пойандоз бўйлаб тез-тез юриб чиқиб кетди.
Нехлюдов ўзига ўзи: «Унинг кўнглидан нималар кечяптийкин? Нималарни ўйлаяптийкин? Ўзини қандай ҳис этяптийкин? Мени синаб кўряптими ёки ҳақиқатан ҳам мени афв эта олмаяптими? Бутун ўйлаганларини, ҳисларини айта олмаяптими ёки айтишни истамаяптими? Анча юмшаб қолдимикин ёки баттар аччиғландимикин?» – деб савол берар ва буларга жавоб топа олмас эди. Нехлюдов бир нарсага – Маслованинг ўзгаргани, унда ички ўзгариш юз берганига амин эди. Бу ўзгариш Нехлюдовни Маслова билангина эмас, балки бу ўзгаришнинг вужудга келишига сабабчи бўлганнинг ўзи билан бирлаштирар эди. Мана шу бирлашув Нехлюдовни ўзида йўқ қувонтирар ва кўнглини юмшатарди.
Саккизта болалар каравоти қўйилган палатага қайтгач, Маслова ҳамширанинг буйруғи билан болаларнинг ўрнини тузата бошлади, икки букилиб энгашиб туриб чойшаб ёпаётганда сирғаниб кетди ва йиқилишига сал қолди. Томоғи боғланган, соғайиб келаётган бола буни кўриб кулиб юборди. Маслова ортиқ ўзини тутиб туролмади-да, каравотнинг бир чеккасига ўтириб шундай хахолаб кулиб юбордики, бир неча бола унга қўшилиб кулишди. Ҳамшира эса жаҳл билан:
– Мунча ҳиринглайсан? Ҳалиям ўша аввалги жойимдаман деб ўйлайсанми? Бор, овқатларни келтир, – деб ўшқирди.
Маслова жим бўлди, идиш-товоқларни кўтариб буюрилган жойга қараб кетди, лекин кулиши тақиқланган томоғи боғлоғлиқ болага кўзи тўқнаш келиб яна пиқиллаб кулиб юборди. Шу куни Маслова кечгача бир неча марта, ёлғиз қолди дегунча, конвертдан суратни ярим белигача чиқариб томоша қилди; фақат кечқурунга бориб, навбатчилик тугаб касал боқувчи иккинчи бир аёл билан бирга турадиган ҳужрасида ёлғиз қолгандагина конверт ичидан суратни олиб, ранги ўнгиб, сарғайиб кетган суратдагиларнинг юзларини, кийимларини, балкон зиналарини, Нехлюдовнинг, ўзининг ва аммаларининг орқасида кўриниб турган буталарга кўзларини тикиб узоқдан-узоқ томоша қилди. Суратга қараб ҳеч тўймас эди, айниқса, ўзининг пешонасига тушган жингалак сочлари, чиройли юзига қараб тўймасди. У шу қадар берилиб томоша қилардики, ҳатто касал боқувчи иккинчи хотиннинг ҳужрага кирганини ҳам пайқамай қолди.
– Бу нима? Анави киши бериб кетдими? – деб сўради семизгина, хушмуомала хотин суратга энгашиб қараб. – Ростданам шу ўзингми?
– Ким бўларди? – деди Маслова жилмайиб шеригининг юзига тикилиб…
– Мана бу ким? Ўшанинг ўзими? Мана буниси онасими?
– Аммаси. Мени таний олмадингми? – деб сўради Маслова.
– Қаёқдан таний? Икки дунёдаям таний олмасдим. Юзинг бутун бошқача бу ерда. Ўшандан бери ўн йил ўтгандир чоғи!
– Йиллар эмас, бутун умр ўтиб кетди, – деди-ю, Маслованинг қувноқлигидан асар ҳам қолмади. Юзи тумтайиб, қошларининг ўртасида ажин пайдо бўлди.
– Анави жойда умр ўтказиш осонгина бўлса керак?
– Ҳа, осон, – деб такрорлади Маслова кўзини юмиб ва бошини чайқаб, – каторгадан бешбаттар.
– Нега ундай?
– Шундай. Кечқурун соат саккиздан саҳаргача – тўртгача. Ҳар куни аҳвол шу.
– Шунақа экан, нега ташлаб кетишмайди?
– Ташлаб кетгилари келади-ю, лекин иложи йўқ-да. Нимасини айтай! – деди Маслова, кейин ирғиб ўрнидан турди, суратни стол яшигига ташлади-да, аччиқ кўз ёшларини зўрға тутиб, эшикни тарақлатиб ёпиб йўлакка чиқиб кетди. Суратни томоша қилар экан, у ўзини суратда тасвир этилган вақтдагидек ҳис этган ва ўшанда у билан нақадар бахтиёр бўлганлигини, бундан кейин ҳам бахтиёр бўлиши мумкинлигини хаёл қилган эди. Шеригининг сўзлари эса унинг ҳозир нима деган одам эканлигини, анави ерда бўлганини эслатди – ўша маҳалдаги ҳаётнинг даҳшатини эсига солди, ўшанда бу ҳаётнинг мудҳиш эканини сал-пал ҳис этса-да, уни эътироф этишга юраги бетламас эди. Ҳозир у ўша даҳшатли тунларни, айниқса, пул бериб уни ажратиб олиб кетишни ваъда қилган бир талабани кутган байрам кечасини яққол кўз олдига келтирди. Ўзининг олди очиқ вино тўкилган қизил шоҳи кўйлагини кийган, чигал бўлиб қолган сочига қизил бант боғлаган, ҳориб-чарчаган Маслова маст ҳолда тунги соат иккиларда меҳмонларни жўнатиб, танцалар орасидаги танаффус вақтида скрипкага жўр бўлиб пианино чалувчи қотмагина юзига иссиқлик тошган аёл ёнига ўтириб оғир ҳаётидан шикоят қилганини эслади. Шунда у хотин ҳам ўз аҳволидан нолиб, ҳаётини ўзгартирмоқчи эканини айтган эди. Шу маҳал уларнинг ёнига Клара келиб қолди, учалови бундай турмушга барҳам беришга аҳд қилишган эди. Улар бугунги тун тугади деб хаёл қилиб, энди тарқалмоқчи бўлиб турганларида тўсатдан даҳлизда маст-аласт меҳмонларнинг шов-шувлари эшитилиб қолди. Скрипкачи скрипкасини чалиб юборди, жўрчи аёл ўйноқи бир рус рақс куйининг биринчи бандини пианинода чала бошлади, терга пишган оғзидан вино ҳиди келиб турган, оқ галстук таққан, фрак кийган, ҳиқичоғи тутиб турган пакана киши келиб унга ёпишди ва бир қўл ўйин қилгач фракини ечиб ташлади. Иккинчиси эса соқолли, бақалоқ бир одам бўлиб, бунинг ҳам фраки бор эди (улар аллақандай балдан қайтаётган эдилар). Буниси кела солиб Кларани илиб кетди ва улар анчагача чир-чир айланишди, танца қилишди, бақириб-чақиришди, ичишди… Шу алфозда бир йил, икки йил, уч йил ўтиб кетди. Нега ўзгармасин! Мана шуларнинг ҳаммасининг сабабчиси у. Бирдан кўнглида Нехлюдовга қарши илгариги аламлари қўзғалиб кетди, уни уришгиси, таъна қилгиси келди. У шу бугун Нехлюдовга, сизни яхши биламан, энди бўш келмайман, бир вақтлар сиз танимдан баҳра олган бўлсангиз-да, энди руҳан мендан истифода этолмайсиз, бунга йўл қўймайман, ўз олижаноблигингизни намойиш қилиш учун мени бир қуролга айлантира олмайсиз, деб айтадиган пайтни қўлдан чиқарганига афсусланди.
Ниҳоят, уни таъна қилишнинг бефойдалигидан, хўрланган кўнглига таскин бериш учун вино ичкиси келиб қолди. Агар авахтада бўлганида Нехлюдовга берган ваъдасига хилоф қилиб, албатта, ичган бўларди. Бу ерда эса фельдшердан бошқа ҳеч кимдан вино топиб бўлмас эди. Фельдшер шилқимлик қилавериб жонидан тўйдиргани учун Катюша ундан қўрқарди. Эркаклар билан муомалада бўлиш унинг жонига теккан эди. Йўлакдаги курсига бир оз ўтириб, ҳужрасига қайтди ва шеригининг саволига жавоб қайтармай, ўзининг хазон бўлган умрига ачиниб узоқ йиғлади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.