Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 35

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 35 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
VII

Этапдан чиқаётганда конвой офицери билан маҳбуслар ўртасида бола туфайли жанжал чиққан куни карвонсаройда тунаган Нехлюдов кеч уйғонди ва губерния марказига юбормоқчи бўлган хатларини ёзиб узоқ ўтириб қолгани учун карвонсаройдан одатдагидан кўра кечроқ чиқди. Бу гал у ҳар вақтдагидек маҳбусларга йўлда етиб олмади, балки маҳбуслар тўхтаб ўтадиган бекатга қош қорайган пайтда етиб борди. Ҳаддан ташқари йўғон, оппоқ бўйинли, семиз-бақалоқ бева хотиннинг карвонсаройида кийимларини қуритиб олиб, қатор-қатор иконалар, суратлар билан безалган озода меҳмонхонада чой ичиб олгач, Нехлюдов Маслова билан учрашиш учун офицердан ижозат олиш мақсадида этап жойлашган ҳовлига қараб кетди.

Ўтган бекатларнинг ҳаммасида конвой офицерлари ўзгариб турсалар ҳамки, ҳеч қайси бири Нехлюдовни этап жойлашган бинога киритмаган эдилар. Шундай қилиб у, Катюшани бир ҳафтадан ортиқ кўрмаган эди. Турма бошлиқларидан бир каттакони шу йўлдан ўтиб кетиши керак, деган хабарни эшитиб, конвой офицерлари жуда қаттиқ туриб олган эдилар. Эндиликда ўша бошлиқ, маҳбуслар тўхтаб ўтадиган бекатларга қайрилиб ҳам қарамай ўтиб кетган эди. Шунинг учун ҳам Нехлюдов, эрталаб маҳбуслар тўдасини қабул қилиб олган конвой офицери, аввалги офицерлар каби маҳбуслар билан учрашишга ижозат берар, деб ўйларди. Карвонсарой бекаси, қишлоқнинг нариги бошидаги бекатга бориш учун ўз аравасини бермоқчи бўлган эди, лекин Нехлюдов пиёда боришни афзал кўрди. Янги мойланган этигидан қора мой ҳиди келиб турган хизматкор, яғриндор йигит Нехлюдовни кузатиб қўядиган бўлди. Осмондан туман тушиб турар, оқшом шу қадар қоронғи эдики, деразалардан ёруғ тушмай турган ерда йигит икки-уч қадам нари кетса, Нехлюдов уни кўрмай қолар, фақат этиги билан шилп-шилп лой кечаётганини эшитарди, холос.

Майдондаги черков ва деразаларидан ёруғ тушиб турган қатор-қатор уйлар ёнидан, узун кўчадан ўтиб, Нехлюдов кузатувчи йигит кетидан қишлоқнинг бир чеккасига, зим-зиё қоронғиликка кирди. Лекин кўп ўтмай бу қоронғиликда ҳам бекат олдида ёнаётган фонарларнинг нурлари туман ичида ғира-шира кўрина бошлади, борган сайин ёруғлашиб борди; тўсиқ ёғочлари, соқчининг қорайиб турган гавдаси, йўл-йўл устун ва будка кўрина бошлади. Соқчи яқинлашиб келувчиларни одатдагидек: «Ким у?» – деб қарши олди ва бегона эканликларини билиб, шу қадар қаттиқ туриб олдики, уларнинг тўсиқ олдида туришларига ҳам рухсат бергиси келмади. Лекин Нехлюдовнинг кузатувчиси соқчининг қаттиқ туришига парво қилмади.

– Вой-бўй, жаҳлингни қара-ю сенинг! – деди йигит унга. – Каттаконингни чақир, пойлаб турамиз.

Соқчи жавоб қайтармай, эшикка қараб алланима деб қичқирди ва тўхтаб, яғриндор йигитнинг фонарь ёруғида Нехлюдовнинг этигига ёпишиб қолган лойни чўп билан тозалаётганини кузата бошлади. Тўсиқнинг нариги томонида эркак-аёлларнинг ғовур-ғувури эшитиларди. Уч дақиқалардан кейин занжир шиқирлаб, эшик очилди, шинелини елкасига ташлаган катта конвой қоронғиликдан фонарь ёруғига чиқди ва нима гап, деб сўради. Нехлюдов шахсий иш юзасидан қабул қилишларини сўраб ёзган хати билан карточкасини узатиб, офицерга беришни илтимос қилди. Катта конвой соқчидан кўра очиқроқ, лекин ҳар нарсага қизиқаверадиган одам бўлиб чиқди. У ўлжа тушириш пайига тушди шекилли, Нехлюдовнинг нима сабабдан офицер билан учрашмоқчи бўлганини, ўзи кимлигини билишни истарди. Нехлюдов алоҳида бир иши борлигини, агар хат унга етказилса, қуруқ қўймаслигини айтди. Катта конвой хатни олди, бош ирғатиб кириб кетди. У кетгандан кейин бир қанча вақт ўтгач занжир шиқирлаб, эшикдан сават, челак, хурмача ва қоп кўтарган хотин-халажлар чиқа бошлади. Улар ўзларига хос Сибирь шевасида қаттиқ-қаттиқ гаплашиб, остонадан ҳатлаб ўта бошлашди. Ҳаммалари қишлоқчасига эмас, шаҳарчасига кийинган, эгниларида пальто, калта пўстин бор эди: юбкалари липпаларига қистирилган, бошларида рўмол. Улар фонарь ёруғида Нехлюдовни ва унинг кузатувчисини қизиқиб кўздан кечира бошладилар. Яғриндор йигитни учратиб қолганига севиниб кетди шекилли, бир жувон шу заҳоти уни сибирчасига эркалаб сўкди.

– Ҳа, шайтон, бу ерда нима балолар қилиб юрибсан? – деди у йигитга.

– Мана бу одамни кузатиб келган эдим, – деб жавоб берди йигит. – Ўзинг нима олиб келган эдинг?

– Сут-қатиқ, эрталаб яна опкел, дейишди.

– Ётиб қол дейишмадими? – деб сўради йигит.

– Гапинг бошингда қолсин, маҳмадона! – деб қичқирди жувон кулиб. – Юр, қишлоққа бирга қайтайлик, кузатиб қўй бизни.

Йигит алланима деган эди, хотинларгина эмас, соқчи ҳам кулиб юборди. Кейин у Нехлюдовга мурожаат қилиб:

– Нима дейсиз, ёлғиз топиб бороласизми? Адашиб қолмайсизми? – деб сўради.

– Топаман, топаман.

– Черковдан ўтганингиздан кейин, болохонали уйнинг нариги томонида, ўнг қўлдаги иккинчи ҳовли. Мана бу сўйилни олиб қўйинг, – деди у Нехлюдовга, сўнгра боя ушлаб келган, одам бўйидан узун таёқни берди-да, этигини шалоплата-шалоплата қоронғиликда хотинлар билан ғойиб бўлди.

Эшик шиқирлаб очилиб, Нехлюдовни офицер ҳузурига таклиф қилиш учун катта конвой чиққанда туман орасидан, бояги йигитнинг ва чувиллашган хотинларнинг овози эшитилиб туради.

VIII

Маҳбуслар тўхтаб ўтадиган кичик бекат Сибирдаги барча бекат ва бекатчалар сингари йўл ёқасида жойлашган эди: атрофига учи найзали ёғочлар қоқиб тўсилган ҳовлида учта бир қаватли уй бор эди. Биттасига, деразаларига панжара тутилган энг катта уйга – маҳбуслар, иккинчисига – конвой гуруҳи, учинчисига – офицер ва идора жойлашган эди. Уйларнинг учалови ҳам ҳар вақтдагидек, бу ёруғ хоналарда роҳат қиласиз, деб ваъда этгандек риёкорона нур сочиб турарди. Уйларнинг пиллапояси ёнида чироқ ёнар, девор ёнида ҳам бештача чироқ ҳовлини ёритиб турарди. Унтер-офицер Нехлюдовни тахта устидан олиб ўтиб, кичкина уйлардан бирининг зинапоясига бошлаб борди. У уч поғона юқори чиққач, Нехлюдовни олдинга ўтқазиб, лампочка ёритиб турган, тошкўмир ҳиди анқиган даҳлизга киритди. Мато кўйлак, қора шим кийган, галстук таққан солдат печь ёнида энгашиб бир пой этикнинг қўнжи билан самоварнинг чўғини олдирарди. Сариқ қўнжли этикнинг иккинчи пойи оёғида эди. Солдат Нехлюдовни кўриши биланоқ, самоварни шу ҳолича қолдириб, Нехлюдовнинг чарм камзулини ечиб олди ва ичкарига кириб кетди.

– Келди, жаноби олийлари.

– Чақир бўлмаса, – деган жаҳлдор овоз эшитилди.

– Ичкарига марҳамат, – деди солдат ва яна самоварга уннай кетди.

Осма лампа ёритиб турган иккинчи хонада овқат қолдиқлари ва иккита шиша турган стол ёнида, австрияча камзул кийган узун сариқ мўйловли, юзи қип-қизил офицер ўтирарди, камзули кенг кўкрагига, елкаларига жуда ёпишиб турарди. Иссиқ уйда тамаки ҳидидан ташқари яна аллақандай ёмон атирнинг ўткир ҳиди анқирди. Нехлюдовни кўриб, офицер ўрнидан сал туриб қўйди, шубҳа билан масхараомуз қаради.

– Хизмат? – деди у ва жавобни кутмасдан эшик томонга қичқирди: – Бернов! Самовар бўладиганми ўзи?

– Ҳозир.

– Ҳозир кўрсатиб қўяман сенга, ўла-ўлгунча эсингдан чиқармайсан! – деб қичқирди офицер кўзларини чақчайтириб.

– Олиб боряпман! – деб қичқирди солдат ва самоварни кўтариб кирди.

Солдат самоварни жойлаштириб бўлгунча, Нехлюдов кутиб турди (офицер қаерига туширсам экан деб мўлжаллагандай кичкина, ёвуз кўзлари билан солдатни кузатиб қолди). Самовар ерга қўйилгандан кейин офицер чой дамлади. Кейин жавондан коньяк солинган тўрт қиррали графин билан «Альберт» деган бисквит олди. Шуларнинг ҳаммасини дастурхонга қўйгач, Нехлюдовга мурожаат қилди:

– Хўш хизмат?

– Бир маҳбус хотин билан учрашувга ижозат беришингизни сўрайман, – деди Нехлюдов ўтирмасдан.

– Сиёсийми? Қонун ман қилади, – деди офицер.

– У хотин сиёсий маҳбус эмас, – деди Нехлюдов.

– Марҳамат қилиб ўтирсинлар, – деди офицер.

Нехлюдов ўтирди.

– У хотин сиёсий маҳбус эмас, – деб такрорлади гапини Нехлюдов, – лекин менинг илтимосимга кўра олий даражали бошлиқлар сиёсийлар билан бирга юришга ижозат беришган…

– Ҳа, биламан, – деб унинг сўзини бўлди офицер. – Кичкинагина, қорачадан келган-а? Ҳай, майли, учрашсангиз бўлади. Чекадиларми?

Офицер папирос қутисини Нехлюдовнинг олдига сурди, икки стаканга баравар қилиб чой қуйди-да, биттасини Нехлюдовнинг олдига сурди.

– Марҳамат, – деди у.

– Раҳмат, учрашишга борсам деган эдим…

– Тун узун. Улгурасиз. Чақиртириб бераман.

– Чақиртирмасдан мени улар олдига киритиш мумкин эмасми? – деди Нехлюдов.

– Сиёсийлар ёнигами? Йўқ, қонунга тўғри келмайди.

– Менинг бир неча бор киришимга рухсат беришган. Агарда бирон нарса беради деб ўйлайдиган бўлсангиз, бу жувон орқали ҳам бериб киритишим мумкин-ку.

– Йўғ-э, уст-боши тинтилади, – деди офицер ёқимсиз кулиб.

– Ундай бўлса, мени тинтиб қўя қолинглар.

– Келинг, бир гап бўлар, – деди офицер оғзи очилган графинни Нехлюдовнинг стаканига яқинлаштириб. – Рухсат этасизми? Ҳай, ўзингиз биласиз. Бу Сибирдек хилват жойда яшаб, илмли одамни учратиб қолсанг ўзингда йўқ қувониб кетасан. Бизнинг хизматимиз, ўзингиздан қолар гап йўқ, жуда юрак қиздирадиган иш. Бошқа нарсага ўрганган кишига жудаям оғир. Биздақаларни конвой офицери бу, жуда дағал одам, жоҳил деб ўйлайдилар, бу одам, балки, бошқа бир нарса учун дунёга келгандир деб хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Офицернинг қип-қизил юзи, узуги, атир ҳиди, айниқса, ёқимсиз кулгиси Нехлюдовга жуда жирканч эди. Лекин бугун ҳам у жиддий ва илтифотли кайфиятда эди, сафарда юрган вақтида доим шундай эди. Бундай пайтларда у ўзини босиб олиб, ҳеч қандай одам билан енгилтаклик ва нафрат билан гаплашмас эди, ҳар қандай одам билан «очиқчасига» гаплашиши керак деб ҳисобларди. Офицернинг гапларини эшитгач, у ўз қўл остидаги кишиларни жазолашда иштирок этаётганидан ўнғайсизланяпти, деб ўйлаган Нехлюдов:

– Менимча, шу хизматда ҳам одамларнинг кулфатларини енгиллатиб тасалли топишингиз мумкин, – деди жиддий.

– Қанақа кулфат? Булар ўзи шунақа халқ.

– Қанақа бошқача халқ? – деди Нехлюдов. – Ҳаммага ўхшаган одамлар. Улар орасида бегуноҳлариям бор.

– Рост, ҳар хил одамлар бор. Раҳминг келади, албатта. Бошқалар заррача нарсага йўл қўймайди, мен бўлсам иложи борича аҳволларини енгиллатишга уринаман. Кел, улар жафо кўргандан кўра ўзим кўриб қўя қолай, дейман. Бошқалар сал бир нима бўлса, дарров қонунга қараб иш қилишади, ё бўлмаса отишга тушади, менинг эса раҳмим келади. Чойдан қуяйми? Ичсинлар, – деди у яна чой қуяётиб. – Шу кўрмоқчи бўлганингиз аёл ким ўзи? – деб сўради у.

– Исловатхонага тушиб қолган бир бебахт хотин. Ўша ерда уни одам заҳарлашда нотўғри айблашди, ўзи жуда топилмайдиган хотин, – деди Нехлюдов.

Офицер бошини чайқаб қўйди.

– Ҳа, шунақалар бор. Мен сизга айтсам, Қозонда биттаси бўларди – исми Эмма эди. Ўзи венгриялик жувон, кўзлари Эрон қизлариникига ўхшарди, – деб давом этди у. Эммани хотирлар экан оғзининг таноби қочди. – Латофат демаганингиз шундай зўр эдики, нақ графиня дердингиз…

Нехлюдов офицернинг гапини бўлди ва бояги мавзуга қайтди.

– Шундай одамлар қўл остингизда экан, аҳволини енгиллатсангиз бўлади. Шундай қилсангиз, ўзингизни анча бахтиёр ҳис қилишингизга аминман, – дерди Нехлюдов ажнабийлар ёки болалар билан гаплашаётгандай дона-дона қилиб гаплашишга уриниб.

Офицер ҳозир ҳам кўз ўнгида турган, бутун хаёлини банд этган ўша шаҳло кўз венгер жувон ҳақидаги ҳикоясини давом эттириш ниятида бўлса керак, гапи қачон тамом бўларкан деб, кўзларини чақнатиб Нехлюдовга қараб турарди.

– Дуруст, бу гапингиз тўғри деб фараз этайлик, – дерди офицер. – Уларга жуда раҳмим келади. Мен сизга ҳалиги Эмма ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Нима қиларди денг…

– Бу мени қизиқтирмайди, – деди Нехлюдов, – сизга ростини айтсам, илгари ўзим ҳам тамомила бошқача бўлган бўлсам-да, эндиликда хотинларга нисбатан бундай муносабатдан нафратланаман.

Офицер Нехлюдовга қўрқув аралаш қаради.

– Чойдан яна ичмайдиларми? – деб сўради у.

– Йўқ, раҳмат.

– Бернов! – деб қичқирди офицер, – бу кишини Бакуловнинг олдига обориб қўй, сиёсий маҳбуслар олдига, алоҳида камерага ўтказиб юборсин; йўқламагача ўша ерда қолишлари мумкин.

IX

Нехлюдов даракчи билан бирга чироқ хира ёритиб турган қоронғи ҳовлига қайтиб чиқди.

Рўпараларидан чиқиб қолган конвой:

– Қаёққа? – деб сўради Нехлюдовни кузатиб қўяётган конвойдан.

– Бешинчи алоҳида камерага.

– Бу ердан ўтолмайсан, берк, нариги эшикдан юриш керак.

– Нега ёпиқ?

– Катта конвой бекитиб кетган, ўзи қишлоққа кетиб қолибди.

– Бу ёққа юринг бўлмаса.

Солдат Нехлюдовни бошқа томонга бошлаб кетди ва тахта устидан ўтиб, бошқа эшикка яқинлашди. Ғуж бўлиб учишга тайёрланаётган асаларилар уясидаги каби ғовур-ғувур овозлар ва ғимирлашлар ташқаридан эшитиларди. Лекин Нехлюдов яқин бориб, эшик очилганда эса бу ғовур-ғувур кучайиб бақириб-чақираётган, сўкинаётган, кулаётган овозларга айланди. Кишанларнинг жангир-жунгури эшитилди, шиптир ва қора мойнинг таниш қўланса ҳиди димоққа урилди.

Шу иккала таассурот – кишанлар жаранги билан ғовур-ғувур овозлар ва бу қўланса ҳид Нехлюдовга ҳамма вақт маънавий азоб берар, сўнгидан кўнглини оздирарди. Шу иккала таассурот аралашиб кетиб, бир-бирини кучайтирарди.

Ҳозир у маҳбусхонанинг каттакон сассиқ ёғоч пақир («параха») турган даҳлизига кираркан, дафъатан, шу пақир чеккасида ўтирган аёлга кўзи тушди. Аёлнинг рўпарасида сочи қирилган бошидаги чалпаксимон шапкасини чеккасига сурган бир киши турарди. Улар алланима тўғрисида гаплашишарди. Маҳбус Нехлюдовга кўзи тушган ҳамоноқ, кўзини қисиб қўйди-да:

– Подшоям сувни тутиб туролмайди, – деди.

Аёл эса этагини тушириб, кўзини ерга тикди.

Даҳлиздан камераларнинг эшиги очиладиган узун йўлакка кириларди. Биринчи камера оилалиларники, кейинги каттакон камера бўйдоқларники эди. Йўлакнинг бошида сиёсий маҳбуслар учун ажратилган иккита кичкина камера бор эди. Бир юз эллик кишига мўлжалланган этап биносига тўрт юз эллик маҳбус жойлаштирилгани учун шу қадар тиқилиб кетган эдики, маҳбуслар камераларга сиғмай, йўлакни ҳам банд қилган эдилар. Баъзилари ерда ўтирар ё ётар, бошқалари бўш ёки қайноқ сув тўлдирилган чойнак кўтариб у ёқ бу ёққа ўтиб туришарди. Булар орасида Тарас ҳам бор эди. У Нехлюдовга етиб олиб, у билан мулойимгина кўришди. Тараснинг бурни ва кўзининг таги моматалоқ бўлиб кетган, бу жароҳатлар унинг ёқимли юзини хунук қилиб юборган эди.

– Сенга нима бўлди? – деб сўради Нехлюдов.

– Шунақа бўлиб қолди, – деди Тарас жилмайиб.

– Нуқул муштлашишгани муштлашишган, – деди конвой нафрат билан.

– Хотин туфайли, – деб қўшиб қўйди улар кетидан келаётган маҳбус, – сўқир Федька билан солишиб қолди.

– Федосья қалай? – деб сўради Нехлюдов.

Тарас:

– Ёмон эмас, тузук, унга чой олиб кетяпман, – деди-да, оилалилар камерасига кириб кетди.

Нехлюдов эшикдан бошини тиқиб қаради. Камера эркак ва аёллар билан тўла, сўрилар ҳам, сўриларнинг таги ҳам банд эди. Ёйиб қўйилган кийимларнинг буғи камерани тўлдириб юборган, аёлларнинг қий-чуви эшитиларди. Кейингиси бўйдоқлар камерасининг эшиги эди. Буниси аввалгисидан баттар тиқилинч, ҳатто эшикда ва йўлакда одам тирбанд, алланарсани бўлишаётган ёки ҳал қилаётган, кийими ҳўл маҳбуслар ғовур-ғувур қилиб туришарди. Конвой Нехлюдовга бу ерда раҳбар қартадан қилинган билетлар билан қимор ўйнаб, олдиндан бой бериб қўйилган ёки олинган озиқ-овқат пулларини майданшчикка125125
  Майданшчик – турмада қиморга бош бўлувчи, яширинча ароқ сотувчи маҳбус (тарж.)


[Закрыть]
бераётганини айтди. Яқинроқда турганлар унтер-офицер билан бекни кўриб, жим бўлиб хўмрайиб кузатиб қолишди. Тақсим қилаётганлар орасида Нехлюдов эгар қош, хомсемиз, оппоқ, заиф бир йигитни доим ёнида олиб юрадиган каторгачи Федоровни, тайга бўйлаб қочиб кетаётиб, ўртоғини ўлдириб, гўштини еганлиги билан машҳур бўлган бурунсиз, чўтир, бадбашара саёқни кўрди. Бир елкасига нам халат ёпган саёқ йўлакда турар ва Нехлюдовга йўл бермасдан масхараомуз бақрайиб қарарди. Нехлюдов уни айланиб ўтди.

Бу манзара Нехлюдовга қанчалик таниш бўлса-да, шу уч ой мобайнида мана шу тўрт юз жиноий маҳбусларни турли ҳолатда: иссиқда, кишан судраган оёқлари билан кўтараётган чанг-тўзон ичида кетаётганларини, йўлда дам олиш пайтларида ва иссиқ кунларда этап ҳовлисида очиқдан-очиқ фоҳишабозлик қилаётганларни неча-неча бор кўрган бўлса-да, ҳар сафар улар орасига кирганида, ҳаммаси ўзига диққат билан тикилаётганини сезганида улар олдида ўзини гуноҳкор ҳис этиб қаттиқ мулзам бўларди. Нехлюдов учун энг оғири шу эдики, мулзам бўлиши ва гуноҳкорлигини ҳис этиш билан бирга улардан жирканар, даҳшатга келарди. Нехлюдов шу кўйларга солинган одамларнинг бошқача бўлишлари мумкин эмаслигини биларди-ю, лекин шундай бўлса ҳамки, кўнглидаги нафратни енга олмасди.

Нехлюдов сиёсий маҳбуслар эшигига яқинлашганда:

– Бу текинтомоқларники маза, – деган гапни эшитди, – уларга нима, қорни оғрийдими, – деди аллаким хирқироқ овоз билан, кейин сўкиниб қўйди.

Масхараомуз, заҳарханда кулги эшитилди.

X

Нехлюдовни бошлаб келган унтер-офицер бўйдоқлар камерасидан ўтгандан сўнг йўқламадан олдин келишини айтиб қайтиб кетди. Унтер-офицер сал нари кетиши билан уст-бошидан аччиқ тер ҳиди келиб турган ялангоёқ маҳбус кишанини ушлаган ҳолда шипиллаб юриб Нехлюдов олдига келди-да, сирли қилиб шивирлади:

– Ёрдам беринг, бегим. Бечора болани авраб, бошини айлантириб қўйишди. Шўрликни қиморга бой бериб, пулини ичиб соблашди. Бугун йўқлама пайтида ўзини Карманов деб кўрсатди. Ҳимоя қилинг, биз айтсак – ўлдиришади, – маҳбус шундай деди-ю, хавотирланиб теварак-атрофга аланглаб қўйди-да, Нехлюдовдан нарироққа кетди.

Гап шундай эди: Карманов деган каторгачи афти ўзига ўхшаган, сургунга кетаётган йигитни йўлдан уриб, ўзининг ўрнига уни каторгага юбормоқчи, ўзи йигит ўрнига сургунга кетмоқчи эди.

Нехлюдов бу гапдан хабардор эди. Чунки худди шу маҳбус бир ҳафта бурун шу ҳақда гапирган эди. Нехлюдов, тушундим, қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, дегандай бош ирғаб қўйди ва ҳеч қаёққа ўгирилиб қарамай йўлида кетаверди.

Нехлюдов бу маҳбусни Екатеринбургда кўрган эди. Ўшанда бу киши Нехлюдовдан, хотинимнинг ҳам кетимдан боришига ижозат олиб беринг, деб илтимос қилган эди. Ўша одамнинг ҳозирги иши Нехлюдовни жуда ҳайрон қолдирди. Бу одам ўттизга бориб қолган, ўрта бўйли, оддий деҳқон қиёфасидаги киши эди, у таловчилик ва одам ўлдиришга қасд қилгани учун каторгага ҳукм қилинган эди. Унинг номи Макар Девкин бўлиб, жинояти жуда ғалати эди. Ўз воқеасини Нехлюдовга ҳикоя қилиб берган бу одамнинг гапига кўра, бу жиноят ўзининг, Макарнинг иши бўлмай, шайтоннинг иши эди. Унинг айтишига қараганда, Макарнинг отасиникига тушган бир йўловчи, қирқ чақирим наридаги қишлоққа бориш учун икки сўмга аравасини кира қилибди. Отаси Макарга йўловчини олиб бориб қўйишни буюрибди. Макар отни қўшибди, кийинибди ва йўловчи билан ўтириб чой ичибди. Чой устида йўловчи, Москвада йиққан беш юз сўм пули борлигини, уйлангани келаётганини айтибди. Буни эшитиб Макар ҳовлига чиқибди-да, чанага хашак орасига болта тиқиб қўйибди.

– Болтани нега олганимни ўзим ҳам билмайман, – деб гапириб берган эди у. – «Болтани ол, болтани», дейди, олдим. Ўтирдик, жўнаб кетдик. Туппа-тузук гаплашиб кетдик. Болтани унутиб ҳам қўйибман. Қишлоққа яқинлашдик – олти чақиримча қолди. Йўл тепаликка қараб чиқиб кетди. Чанадан тушиб, орқасидан кетяпман, у бўлса: «Нима деб ўйлайсан ўзинг? Тепага чиқсанг катта кўча, одам кўп, у ёғи қишлоқ. Пулни олиб кетади-қолади; бажарадиган бўлсанг айни вақти» дейди. Чанага энгашиб, хашакни тўғрилаган бўлдим, қандай қилиб болта қўлимга тушганини ўзим ҳам билмай қолибман. Ҳалиги одам ўгирилиб қаради. «Нима қиляпсан?» – деди. Болтани кўтариб бир солиб қолмоқчи бўлдим, у эпчил одам экан, чанадан ирғиб тушиб қўлимдан ушлаб олди. «Нима қиляпсан, лаънати?..» деди-ю, қорга босиб олди. Мен қаршилик кўрсатмадим, таслим бўла қолдим. Қўлимни боғлаб, чанага ташлади. Тўғри становойга олиб борди. Мени қалъага қамашди. Суд қилишди. Жамоат яхши одам эди, ёмонлигини кўрмаган эдик, деб гувоҳлик берди. Хўжайинларим ҳам маъқул одам эди дейишди. Фақат адвокатни ёллашга чақам бўлмади, – деган эди Макар, – шунинг учун ҳам тўрт йилга ҳукм қилишди.

Энди ана шу одам бир ҳамқишлоғини қутқазиб қоламан деб, шу бир оғиз сўзи билан бошини ўлим хавфи остида қолдириб, маҳбуслик сирини Нехлюдовга айтди. Агар унинг шу ишидан хабардор бўлиб қолишса уни, албатта, бўғиб ўлдирардилар.

XI

Эшиги йўлакнинг тўсилган қисмига қараб очиладиган иккита кичкина камерага сиёсий маҳбуслар жойлашган эдилар. Нехлюдов йўлакнинг тўсилган қисмига ўтгач, биринчи дуч келган одам Симонсон бўлди. У ўт қаланган печка олдида эгнида куртка, қўлида палён ушлаган ҳолда тиз чўкиб ўтирарди.

Симонсон Нехлюдовни кўриб тиз чўкиб ўтирган ерида, ўсиқ қошлари остидаги кўзларини кўтариб юқорига қаради-да, қўлини узатди.

У Нехлюдовнинг кўзига тик қараб, тагдор қилиб:

– Келганингизга хурсандман, сизни кўришим керак эди, – деб қўйди.

– Хўш, хизмат? – деди Нехлюдов.

– Кейинроқ. Ҳозир бандман.

Симонсон шундай деди-ю, яна печка ёқишга киришди. У печкага иссиқлик энергиясини тежаш тўғрисидаги ўз назариясига амал қилиб, ўт қалар эди.

Нехлюдов биринчи эшикка кириб кетмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, иккинчи эшикдан Маслова чиқиб қолди, у бир тўда ахлатни печка томонга қараб супуриб келаётган эди. Маслова эгнига оқ кофта, оёғига пайпоқ кийган, юбкасининг липпаси қистирилган эди. У бошига чанг қўнмаслиги учун оқ дуррасини пешонасигача тушириб танғиб олган эди. Нехлюдовни кўриб қаддини ростлади, қип-қизариб, жонланиб кетди, супургини ерга қўйиб қўлини юбкасига артди-да, унинг рўпарасига келиб тўхтади.

– Камерани супуриб-сидиряпсизми? – деди Нехлюдов қўлини узатиб.

– Ҳа, эски ҳунарим, – деди Маслова жилмайиб. – Шундай ифлоски, оёқ босиб бўлмайди. Роса қатронладик. Ҳа, рўмол қуридими? – деди у Симонсонга ўгирилиб.

– Қурий деб қолди, – деди Симонсон унга қандайдир бошқача қараб. Унинг бу боқиши Нехлюдовни ҳайрон қолдирди.

– Ундай бўлса келиб олиб кетаман, қуритгани пўстин опкеламан. – Маслова нариги эшикка қараб кета туриб Нехлюдовга бериги эшикни кўрсатди-да, – бизникилар шу ерда, – деб қўйди.

Нехлюдов эшикни очиб, сўрида турган кичкинагина тунука лампа хира ёритиб турган торгина камерага кирди. Камера совуқ, босилмаган чанг, зах ва тамаки ҳиди келарди. Тунука лампа яқинроқдагиларни яхши ёритар, лекин сўрилар қоронғилик ичида, деворда кўланкалар ўйнаб турарди.

Кичкинагина камерада озиқ-овқат билан таъминлаш ишини бошқарувчи, ҳозир қайноқ сув билан овқат келтиргани кетган икки эркакдан бошқа ҳамма ҳозир эди. Бу ерда Нехлюдовнинг эски таниши, аввалгидан баттар озиб, сарғайиб кетган, катта кўзлари жавдираган, пешонасидаги қон томирлари ўйнаб чиққан, эгнига кулранг кофта кийган, сочи калта Вера Ефремовна бор эди. Вера Ефремовна олдига ёзиб қўйилган газетадаги тамакиларни эпчил ҳаракатлар билан папирос гильзасига тиқарди.

Нехлюдовга жуда ёқиб қолган сиёсий маҳбус хотинларнинг бири – Эмилия Ранцева ҳам шу ерда эди. У рўзғор ишларини бошқарар, энг оғир шароитларда ҳам бу ишга файз киритарди. У лампа ёнида енгини шимариб, офтобда қорайган чиройли қўллари билан кружка ва чашкаларни эпчиллик билан артиб, сўрига ёзилган сочиқ устига терарди. Ранцева хунуккина бўлса-да, ақлли, мўминқобил жувон эди. Лекин жилмайган пайтида очилиб кетар, хушчақчақ, тетик, истараси иссиқ бўлиб қоларди. Ҳозир Нехлюдовни у худди шундай табассум билан кутиб олди.

– Биз бўлсак, Россияга бутунлай кетиб қолдингиз деб ўтирибмиз, – деди у.

Марья Павловна нариги бурчакда, сояда малла соч қизалоқ олдида ивирсиб юрар, қизалоқ эса ширин тили билан алланималар деб бидилларди.

– Келганингиз жуда яхши бўлди-да. Катяни кўрдингизми? – деб сўради у Нехлюдовдан. – Бизнинг меҳмонимизни кўринг. – Марья Павловна қизалоқни кўрсатди.

Анатолий Крильцов ҳам шу ерда эди. Озиб кетган, рангида ранг қолмаган Крильцов пийма кийган оёғини йиғиб, сўрининг нариги бошида қўлини калта пўстинининг енгига тиқиб, букчайиб титраб ўтирар, кўзлари жавдираб Нехлюдовга қараб турар эди. Нехлюдов унинг олдига бормоқчи бўлган эди, шу пайт эшикнинг ўнг томонида, қопни кавлаштириб ўтирган кўзойнакли, гуттаперча камзул кийган жингалак соч малла кишига кўзи тушди. У жилмайиб турган истараси иссиқ Грабец деган қиз билан гаплашарди. Бу одам машҳур революционер Новодворов эди. Нехлюдов у билан кўришишга шошилди. Шу тўпдаги сиёсий маҳбуслар ичида энг ёмон кўргани шу одам бўлгани учун ҳам шундай қилди. Новодворов кўзойнак орқали мовий кўзларини чақнатиб Нехлюдовга қаради-да, қовоғини солиб, чўзинчоқ қўлини узатди.

– Маза қилиб саёҳат қиляпсизми? – деди у ачитгандай қилиб.

Нехлюдов унинг ачитиб гапираётганини сезмаганга солиб:

– Ҳа, қизиқ нарсалар кўп, – деб жавоб берди гўё унинг гапини самимий гап деб тушунгандек. Кейин Крильцовнинг олдига борди.

Нехлюдов ўзини бепарво қилиб кўрсатган бўлса-да, аслида Новодворовни кўрганда жини қўзирди. Новодворовнинг бу сўзлари Нехлюдовнинг кўнглини оғритиш ва уни хафа қилиш учун қилган ҳаракати Нехлюдовнинг кайфини бузди, унинг кўнгли қоронғилашиб, таъби хира бўлди.

– Хўш, соғлиқлар қалай? – деди у Крильцовнинг совуқ ва титроқ қўлларини қисиб.

– Ёмон эмас, фақат ивиб кетдим, сира исимаяпман, – деди Крильцов шошиб қўлини калта пўстинининг енгига тиқиб. – Бу ер жуда совуқ. Қаранг, деразалар синиб ётибди. – Крильцов темир панжара орқасидаги ойнанинг икки жойдан синганини кўрсатди. – Камнамосиз, кўринмайсиз?

– Киришга рухсат беришмаяпти, жуда қаттиққўл бошлиқлар экан. Бугунгиси тағинам илтифотлироқ чиқиб қолди.

– Илтифотли эмиш! – деди Крильцов. – Бугун эрталаб нима қилганини Машадан сўранг.

Марья Павловна ўтирган ўрнидан турмасдан эрталаб этапдан жўнаш пайтида бўлиб ўтган қизалоқ воқеасини сўзлаб берди.

Вера Ефремовна қатъий оҳангда:

– Менингча, жамоа бўлиб қатъий норозилик билдириш керак, – деди-ю, кейин гоҳ унинг, гоҳ бунинг юзига қатъиятсизлик ва қўрқув аралаш қараб, – Владимир норозилик билдирди, лекин бу камлик қилади, – деди.

– Қанақа норозилик? – деди аччиғланиб афтини буриштириб Крильцов. Вера Ефремовнанинг овозидаги сунъийлик ва асабийлик уни кўпдан буён ғижинтирган бўлса керак. – Катюшани қидиряпсизми? – деди у Нехлюдовга ўгирилиб. – Ишдан боши чиқмайди, уй ичини қатронлагани-қатронлаган. Мана бизнинг – эркаклар камерасини тозалаб чиқди; энди хотинларникини тозалаяпти. Лекин бургани ҳеч йўқота олмайди, еб ташлади. Маша у ерда нима қиляпти? – деди у боши билан Марья Павловна ўтирган бурчакка ишора қилиб.

– Асраган қизини тараб-тозалаяпти, – деди Ранцева.

– Битини бизга юқтирмасмикан? – деди Крильцов.

– Йўқ, йўқ, жуда эҳтиёт қиляпман. Қизалоғимиз озодагина бўлиб қолди, – деди Марья Павловна. – Олиб туринг уни, – деди Ранцевага ўгирилиб, – мен Катюшага қарашаман. Шунақаси жун рўмолни ҳам ола келаман.

Ранцева қизалоқни қўлига олди ва оналик меҳри билан унинг дўмбоқ қўлчаларини бағрига босиб, тиззасига ўтқазди-да, бир бўлак қанд берди.

Марья Павловна чиқиб кетди; у кетиши билан қайноқ сув ва озиқ-овқат кўтарган икки киши хонага кирди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации