Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 40

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 40 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXVI

Турма мутасаддиси, инглиз ва Нехлюдов назоратчилар ҳамроҳлигида даҳлиздан ўтиб, ўлгудай сассиқ йўлакка киришганда, у ерда тўппа-тўғри полга сияётган иккита маҳбусни кўриб ҳайрон бўлишди-ю, каторгачилар ўтирадиган биринчи камерага кириб кетишди. Ўртаси тахта сўрили камерада ҳамма маҳбуслар ухлагани ётган эди. Етмиш чоғли одам бор эди. Улар бошларини бир тарафга қўйиб, ёнма-ён ётишарди. Одамлар кириши биланоқ ҳаммалари кишанларини шарақлатиб туришди, сўри четига тизилишди. Сочларининг ярми янгигина олинган, бошлари ярқираб турар эди. Фақат икки кишигина турмади. Буларнинг бири – иситмаси бўлса керак, қип-қизариб кетган ёш йигит, иккинчиси эса тинмай инграган чол эди.

Инглиз, йигитнинг оғриганига анча бўлдими, деб сўради. Мутасадди йигитнинг эрталабдан бери оғриб ётганини, чолнинг эса анчадан бери юрак буриғи касалига мубтало бўлганини, лекин касалхона бетоблар билан аллақачон тўлиб-тошиб кетганидан уни ётқизишга жой бўлмаганини айтди. Инглиз хафа бўлиб бош чайқади ва бу одамларга бир неча оғиз сўз айтмоқчи бўлганини билдириб, айтадиган сўзларини Нехлюдовдан таржима қилиб беришини илтимос қилди. Маълум бўлдики, инглизнинг ўз саёҳатидан кўзлаган бир мақсади – Сибирдаги сургун жойлар ва қамоқхоналарни тасвирлашдан бошқа яна – тоат-ибодат ва тавба-тазарру билан гуноҳлардан пок бўлиш йўлини ҳам тарғиб қилишни ўзига мақсад қилиб олган экан.

– Уларга айтинг: Исо уларга ачинган, уларни севган, – деди у, – улар йўлида жон берган. Агар улар шунга ишонишса, халос бўлишади. – У гапираётганда маҳбуслар сўри ёнида қўлларини ёнларига тушириб жим туришди. – Мана шу китобда ҳамма нарса ёзилган, айтинг, – деди у сўзининг охирида. – Ўқий оладиганлар борми?

Саводли кишилар йигирмадан ортиқ экан. Инглиз халтачасидан муқовали бир неча инжил олди, ана шундан кейин бақувват қора тирноқли пайдор қўллар жулдур енглар ичидан чиқиб бир-бирини итариб чўзилди. У шу камерадагиларга иккита инжил бериб, наригисига кирди.

Наригисида ҳам аҳвол шу эди. Яна ўшандай димиққан, сассиқ, худди боягидай тўрда, деразалар ўртасида Исо сурати осилган, эшикнинг чап биқинида ҳожат челаги турар, бу ерда ҳам ёнма-ён қисилиб ётишарди. Булар ҳам сапчиб туришди, дарҳол қаторга тизилишди, бу ерда ҳам уч киши ўрнидан турмади. Улардан иккитаси туриб ўтирди, учинчиси эса турмади ҳам, киргувчиларга қайрилиб қарамади ҳам; булар касаллар эди. Инглиз айнан бояги сўзларини айтиб, бу ерда ҳам иккита инжил қолдирди.

Учинчи камерадан шовқин ва тўс-тўполон эшитиларди. Мутасадди эшикни тақиллатиб: «Смирно!» деб қичқирди. Эшикни очишганда, яна ҳамма сўри ёнида қотиб қолди, фақат касаллар ва муштлашаётган икки киши қаторга турмади: икковининг ҳам ғазабдан юзлари ваҳшатли тус олган, бири сочига, иккинчиси эса соқолига ёпишган эди. Назоратчи ёнларига югуриб келгандагина улар бир-бирларини қўйиб юборишди. Биттасининг бурни пачақланган, қон аралаш оқиб тушаётган мишиғини, сўлакайини чопонининг енги билан артар, иккинчиси эса юлинган соқолини терар эди.

– Камера бошлиғи! – деб қичқирди мутасадди.

Чиройли, бақувват бир одам олдинга чиқди.

У кўзлари билан кулимсираб туриб:

– Ҳеч тинчитиб бўлмаяпти-да, офицер жаноблари, – деди.

– Мен тинчитиб қўяман, – деди мутасадди қовоғини солиб.

– What did they fight for?130130
  Улар нега муштлашишди (ингл.)


[Закрыть]
– деб сўради инглиз.

Нехлюдов нимага муштлашганини камера бошлиғидан сўради.

У эса ҳамон кулимсираб туриб:

– Ўғрилик қилгани, бировнинг нарсасига кўз олайтиргани учун, – деди. – Буниси итарувди, униси жавоб қилди.

Нехлюдов инглизга таржима қилиб берди.

Инглиз мутасаддига юзланиб деди:

– Буларга бир неча оғиз сўз айтсам, девдим.

Нехлюдов таржима қилиб берди. Мутасадди: «Майли» деди. Ана шундан кейин инглиз ўзининг чарм муқовали инжилини олди.

– Лутфан, таржима қилиб берсангиз, – деди у Нехлюдовга. – Сизлар жанжаллашиб, муштлашибсизлар, ҳолбуки сиз билан бизнинг йўлимизда жонини фидо қилган Исо жанжалингизни бартараф қилиш учун бизга бошқа йўл кўрсатган. Қани, булардан сўранг-чи, бизни хафа қилган кишига Исонинг қонуни бўйича қандай жавоб қилиш кераклигини билишармикан?

Нехлюдов инглизнинг сўзлари билан саволини таржима қилиб берди.

Маҳбуслардан бири забардаст мутасаддига кўз қирини ташлаб:

– Бошлиққа арз қилиш керакдир, у бартараф қилар? – деди савол оҳангида.

– Яхшилаб таъзири берилса, иккиламчи бировни хафа қилмайди, – деди бошқа маҳбус.

Уни маъқуллаган бир неча кишининг кулгиси эшитилди. Нехлюдов уларнинг жавобларини инглизчага таржима қилиб берди.

– Уларга айтинг, ҳазрати Исонинг қонуни бўйича бунинг тескарисини қилиш керак: бир бетингга шапалоқ билан уришса, иккинчи бетингни тутиб бер, – деди инглиз, бетини тутиб бераётгандай қилиб.

Нехлюдов таржима қилиб берди.

– Ўзи тутиб бериб кўрсайди, – деди бир овоз.

Ётган касаллардан бири:

– Унисига ҳам туширса, кейин қаерни тутиб бериш керак? – деди.

– Унақада ҳамма ёғингни дабдала қилади-ку.

Орқадагилардан бирови:

– Қани, уриб кўр-чи, – деб шарақлаб кулиб юборди. Бутун камера қаҳқаҳа овозига тўлди. Калтак еган киши ҳам қон ва мишиқ оқаётган юзини тиржайтириб хахолаб юборди. Касаллар ҳам кулишди.

Инглиз хижолат бўлмади, эътиқоди мустаҳкам кишилар имкон хорижидаги нарсаларга осонлик билан эришадилар, шуни айтиб қўйинг, деб илтимос қилди.

– Сўранг-чи, ичкилик ичишадими?

– Ичганда қандай, – деди бир овоз ва яна қиқир-қиқир кулги, қаҳқаҳа садоси кўтарилди.

Бу камерада тўртта касал бор эди. Инглизнинг нега касалларни бир камерага қўймайсизлар, деган саволига мутасадди уларнинг ўзлари хоҳлашмайди, деб жавоб берди. Бу касаллар юқумли эмас, фельдшер буларга ҳамма вақт қараб, ёрдам қилиб туради, деди.

– Икки кундан бери қорасини кўрсатмайди, – деди бир овоз.

Мутасадди жавоб қилмай, икковини бошқа камерага бошлаб чиқиб кетди. Яна эшикни очишди, яна маҳбуслар ўринларидан туриб қотиб қолишди, яна инглиз инжил улашди: бешинчи, олтинчи камераларда ҳам, чапда ҳам, ўнгда ҳам, ҳар икки томонда ҳам шундай бўлди.

Каторгачилардан бошқа жойларга жўнатиладиганлар камерасига, у ердан сиёсийларга ва ўз ихтиёрлари билан кетувчиларга ўтишди. Ҳамма ерда ҳам аҳвол боягидай эди; ҳамма ерда ўша оч-яланғочлар, саёқлар, касалга йўлиққанлар, хўрланганлар, қамоққа тиқилган, ваҳшийларга ўхшаш одамлар кўринарди.

Инглиз бир неча инжилни улашиб бўлгандан сўнг, бошқа китоб бермади, ортиқ нутқ ҳам сўзламади. Аянчли манзара, димиқтирадиган ҳаво, афтидан, уни шаҳдидан қайтарган бўлса керак, у камерама-камера юрар ва мутасаддининг ҳар камерада кимлар ўтирганини айтганда фақат «аll right»131131
  Жуда соз (ингл.)


[Закрыть]
дебгина қўярди. Нехлюдов эса, бирга юришдан бош тортишга ҳам мажоли қолмай, ҳамон боягидай ҳорғин ва умидсиз, тушда юргандай юрар эди.

XXVII

Нехлюдов сургун қилинаётганларнинг камераларидан бирида эрталаб солда кўрган ўша ғалати табиатли чолни кўриб ҳайрон бўлди. Жулдур кийимли, ҳамма ёғи тириш, елкаси йиртиқ кулранг кўйлак ва шунга ўхшаш лозим кийиб олган бу чол сўри ёнида, ерда ўтириб олиб, кирган одамларга савол назари билан ўқрайиб қарарди. Кир кўйлагининг тешикларидан кўриниб турган озғин танаси бўш ва кучсиз бўлса ҳам, чеҳраси солдагидан кўра маъноли ва жиддий эди. Бошлиқлар кирганда бу ердагилар ҳам бошқа камерадагилар сингари ирғиб туриб қотиб қолишди; чол эса парво қилмай ўтираверди. Кўзлари ўтдек ёниб турар, қошлари ғазаб билан чимирилган эди.

– Тур! – деб қичқирди унга мутасадди.

Чол қимир этмади, фақат нафрат билан тиржайиб қўйди.

– Сенинг олдингда малайларинг туради. Мен малайинг эмасман. Тамғанг бор… – деди чол, мутасаддининг пешонасига ишорат қилиб.

– Нима-а? – мутасадди чол устига юриб, даҳшат билан қичқирди.

Нехлюдов шошиб-пишиб:

– Мен бу кишини биламан, – деди мутасаддига. – Буни нега қамадинглар?

– Ҳужжати йўқ, деб полиция юборибди. Юборманглар деймиз, улар юборишгани юборишган, – деди мутасадди чолга хўмрайиб қараб.

Чол Нехлюдовга қараб:

– Сенам дейман, худобезорлардан экансан-да?

– Йўқ, мен зиёратчиман, – деди Нехлюдов.

– Ҳа-а, худобезорлар одамларни қандай қийнашганини томоша қилай, деб келибсан-да? Мана, томоша қил. Одамларни тутиб келишиб, ҳаммасини битта қафасга тиқиб қўйишибди. Одамлар пешона тери билан нон топиб ейиши керак, булар бўлса қамаб қўйишибди. Одамларни ишлатмай чўчқадай боқишяпти, йиртқич ҳайвонга айланишсин дейишади-да.

– Бу нима деяпти? – деб сўради инглиз.

Мутасадди одамларни қамоқда сақлагани учун чол уни қоралаяпти, деди Нехлюдов.

– Сўранг-чи, қонунга риоя қилмаганларни, унинг фикрича, нима қилиш керак? – деди инглиз.

Нехлюдов саволни таржима қилиб берди.

Чол зич тишларининг оқини кўрсатиб, ғалати қилиб кулди.

– Қонун! – чол нафрат билан такрорлади. – У аввал ҳаммани талади, одамлардан ҳамма ерни, ҳамма бойликни тортиб олди, ҳаммасини тагига босиб олди, ўзига қарши чиққанларнинг ҳаммасини қирди, кейин, талашмасин ва ўлдиришмасин деб қонун ёзди. Шу қонунни олдин ёзсайди.

Нехлюдов таржима қилиб берди. Инглиз илжайди.

– Хўш, энди ўғрилар ва қотилларга қандай чора кўриш керак экан, сўранг-чи.

Нехлюдов яна таржима қилиб берган эди, чол қовоғини қаттиқ солиб олди.

– Унга айтиб қўй, аввал пешонасидан худобезорлар тамғасини олиб ташласин, ана унда ўғри ҳам, қотил ҳам бўлмайди. Худди шундай деб айт.

Нехлюдов чолнинг сўзини таржима қилиб берганда, инглиз:

– Не is crazy,132132
  Ақлдан озган (ингл.)


[Закрыть]
– деди-ю, елкаларини учириб, камерадан чиқиб кетди.

– Сен ўз ишингдан қолма, буларни қўявер. Ҳамма ўз йўлига. Кимни жазолашни, кимни кечиришни худонинг ўзи билади, биз билмаймиз, – деди чол. – Ўзингга ўзинг бошлиқ бўл, унда бошлиқлар керак бўлмайди. – Чол камерада имирсилаган Нехлюдовга жаҳл билан хўмрайиб, кўзларини чақчайтириб ўшқирди: – чиқ, чиқ. Худобезорнинг малайлари битларни одамлар билан боқаётганларини хўп томоша қилиб олдинг. Бор, бор!

Нехлюдов йўлакка чиққанда, инглиз эшиги очиқ турган бўш камера олдида мутасадди билан турар ва бу камеранинг нимага кераклигини сўрар эди. Назоратчи бунинг ўликхона эканлигини айтди.

Нехлюдов таржима қилиб берганда, инглиз:

– О, – деди-ю, кириш истагини билдирди.

Ўликхона кичкинагина оддий камера эди. Бир бурчакка уйиб қўйилган қоплар, ўтинларга ва чап ёқдаги сўрида ётган тўрт нафар ўликка девордаги лампадан хирагина ёруғ тушиб турарди. Бўз кўйлак-иштон кийган биринчи жасад новча, чўққи соқол киши бўлиб, сочининг ярми қирилган эди. Жасад қотиб қолибди, кўкариб кетган қўллари кўкрагига қовуштириб қўйилган бўлса керак, ажралиб кетибди. Яланг оёқларининг ҳам ораси очилган, оёқ панжалари диккайиб турибди. Унинг ёнида оқ юбка ва кофтали, яланг оёқ, боши яланг, сочлари майда қилиб ўрилган, тиришиб қолган кичкина юзи сап-сариқ, қирра бурун қари кампир ётарди. Кампирнинг у томонида аллақандай кўк кийимли бир эркак ўлиги бор эди. Уни кўргач, Нехлюдов бир нарсани эслади.

Нехлюдов яқин келиб, унга қаради.

Тепага қаққайиб турган кичкина чўққи соқол, чиройли, бақувват бурун, оқ, кенг пешона, сийрак, жингалак сочлар. У бу таниш чеҳрани кўриб, кўзларига ишонмай қолди. Нехлюдов бу жафокаш чеҳрани кеча ҳаяжонли, ғазабли ҳолда кўрган эди. Энди у хотиржам, тинч ва ниҳоят гўзал бир қиёфада ётибди.

Ҳа, бу Крильцов ёки ҳеч бўлмаганда унинг вужуди қолдириб кетган из эди.

«Нима учун у шунча азоб чекди? Нега яшади? Энди тушунганмикан у буни?» – деб ўйлар эди Нехлюдов; унга жавоб йўқдай, ўлимдан бошқа ҳеч нима йўқдай туюларди, кўнгли бир хил бўлиб кетди.

Нехлюдов инглиз билан хайрлашмасданоқ ҳовлига чиқариб қўйишини назоратчидан сўради-да, ёлғиз қолиб, шу оқшом кўрган нарсалари ҳақида ўйлаб кўриш кераклигини сезиб, мусофирхонага жўнади.

XXVIII

Нехлюдов ётмади, мусофирхона номерида алламаҳалгача у ёқдан бу ёққа юриб турди. Унинг Катюша билан боғлаган алоқа ипи узилган эди. Энди у Катюшага керак эмас; бундан у ҳам хафа бўлар, ҳам уялар эди. Лекин уни ҳозир қийнаётган нарса бу эмасди. Унинг бошқа иши битмаган, битиш у ёқда турсин, уни ҳар маҳалдагидан ҳам баттарроқ қийнар ва ундан ҳаракат талаб қилар эди.

Шу кунларда, айниқса шу бугун мана шу мудҳиш турмада кўрган ва билган даҳшатли ёвузликларнинг ҳаммаси дилкаш Крильцовни ҳам жувонмарг қилган ёвузлик тантана қилар, ҳукм сурар ва уни енгиш у ёқда турсин, уни қандай енгиш мумкинлиги ҳам ақлга сиғмас эди.

Ҳавоси бузуқ, мараз билан тўлган жойларга келтириб тиқилган ва парвойи фалак генераллар, прокурорлар, назоратчилар томонидан қаматилган юзларча, мингларча мазлум одамлар унинг кўз олдига келди, жинни деб танилган ва бошлиқларнинг шармандасини чиқарадиган ғалати, сарбаст чол эсига тушди ва ўликлар орасида ётган, аламзадалик билан ўлган Крильцовнинг чиройли ва мумдай қотиб қолган чеҳраси кўриниб кетди. Ана шундан кейин унинг ўзи, яъни Нехлюдов жинними ё ўзларини ақлли деб санаган ва шу ишларни қилаётган одамлар жинними? – деган савол яна унинг олдида кўндаланг бўлиб, жавоб талаб қила бошлади.

Нехлюдов юришдан ва ўйлашдан чарчаб, чироқ рўпарасидаги диванга ўтирди-да, унга инглиз эсдалик қилиб берган инжилни беихтиёр олиб очди; буни ҳам чўнтакларидаги нарсалар билан бирга столга чиқариб қўйган эди. «Инжилда ҳамма мушкулга даво бор дейишади», деб ўйлади-ю, инжилни очиб, ўқий бошлади. Матфейнинг XVIII боби.


1. Шунда шогирдлар ҳазрати Исони ўраб олишиб дедиларки: даргоҳи илоҳийда ким мўътабар эрур? – деб ўқийди у.

2. Ҳазрати Исо бир болани ёнига чақириб олиб улар орасига қўйди.

3. Ва деди: чин сўзим шулки, сизлар ҳам болалардек содда ва маъсум бўлмасангиз, даргоҳи илоҳийга ноил бўлолмайсизлар.

4. Бинобарин, кимки шу боладек хокисор бўлса, ул даргоҳи илоҳийда мўътабардур.


Нехлюдов ўзини нақадар хокисор тутса, ҳаётдан шу қадар кўп лаззат ва роҳат топганини эслаб: «Ҳа, ҳа, шундай», деб ўйлади.


5. Кимики менинг йўлимда шундай боладан бирини қабул этса, мени қабул этган бўлур.

6. Менга сиғинувчи ушбу бандаларимдан бирини кимки йўлдан оздирса, унинг бўйнига тегирмон тош боғлаб, дарёйи шўр қаърига чўктирмоғлик аъло ва афзалдир.


«Кимики қабул этса» дегани нимаси: Уни ким қабул қилади, қаерга қабул қилади?» «Менинг йўлимда» деганининг маъноси нима?» – деб сўради Нехлюдов бу сўзлардан ўзига ҳеч қандай наф йўқлигини сезиб.

– «Нима учун бўйнига тегирмон тоши боғлаб дарёйи шўр қаърига ташлаш керак? Йўқ, бу унақа эмас: тушуниб бўлмайди, дудмал», – деб ўйлади Нехлюдов, ўз умрида бир неча бор инжилни ўқишга киришганини ва мана шундай ноаниқ жойлар уни инжилдан совитиб юборганини эслаб. Кейин у йўлдан оздирувчи нарсалар тўғрисидаги 7, 8, 9 ва 10-сураларни ҳам ўқиди; бу сураларда шундай йўлдан оздирувчи нарсалар бунёдга келиши кераклигидан, бузуқлик қилган одамларнинг дўзахга ташланишидан ва олло таолонинг жамолини кўриб турадиган аллақандай ғулмонлардан баҳс этилган эди. «Афсуски, ғализда, бўлмаса анчагина яхши нарсалар борга ўхшайди», – деб ўйлади у.


11. Илло одамизод ҳалок бўлганларни топиш ва қутқазиш учун дунёга келган, – деб ўқишда давом этди у.

12. Нима дейсиз? Бировнинг юзта қўйи бўлса-ю, шулардан биттаси йўқолиб қолса; у киши тўқсон тўққизта қўйини тоғда қолдириб, ўша адашган битта қўйни қидириб кетмайдими?

13. Мабодо у топилгудай бўлса, чин сўзим шулки, йўқолмаган тўқсон тўққизта қўйдан кўра топилган битта қўйига кўпроқ суюнади.

14. Бинобарин, Парвардигори олам ҳам мазкур бандаларидан биттасининг ҳалок бўлишини ихтиёр этмайди.


«Ҳа, уларнинг ҳалок бўлишини худо хоҳламайди, лекин мана, юзлаб, минглаб ҳалок бўлишяпти. Уларни қутқазиб қолишнинг ҳам чораси йўқ», – деб ўйлади у.


21. Шунда Петр унга юзланиб дедики: ё Раббим! Менга қарши гуноҳ қилган биродаримни неча бор афв этсам бўлади? Етти мартагачами?

22. Ҳазрати Исо унга деди: етти мартагача демайман сенга, етти карра етмиш мартагача.

23. Шул важдин Парвардигори олам ҳам қуллари билан ҳисоб-китоб қилмоқни истаган подшо қабилидандир.

24. Подшо ҳисоб-китоб бошлаганда, унинг олдига ўн минг тилло қарзи бўлган бир кишини бошлаб келибдурлар.

25. Қарзини тўлашга ҳеч нарсаси бўлмаганидан, подшо унинг ўзини, хотинини, болаларини ва бор-йўғини сотишга ва шу тариқа қарзни тўлашга буюрибдир.

26. Шунда қул унинг оёғига йиқилиб дебдики: подшоҳим, андак сабр қил, ҳамма қарзимни тўлайман.

27. Подшоҳ қулига шафқат қилиб, қарзини кечибди ва ўзини озод қилиб юборибдир.

28. Мазкур қул ташқарига чиқиб, бир ўртоғига дуч келибдир, ўртоғи ундан юз динор қарздор экан, қарзингни тўлаб қўй деб ўртоғининг ёқасидан бўғибдир.

29. Шунда ўртоғи унинг оёғига йиқилиб, андак сабр қил, ҳамма қарзимни тўлайман, деб ялиниб-ёлворибдир.

30. Лекин у кўнмабдир, ўртоғини олиб бориб, қарзингни тўлагунингча ўтирасан, деб зиндонга солиб қўйибдир.

31. Ушбу ҳаводисни кўрган бошқа ўртоқлари кўпдан-кўп ранжида бўлиб, ўз подшоҳларига келиб арз қилибдирлар.

32. Шунда подшоҳ уни қошига чақиртириб дебдирки: Эй, баттол қул! Менга илтижо қилганинг туфайли ҳамма қарзингни кечган эдим.

33. Мен-ку сенга шафқат қилдим, сен ҳам ўртоғингга шафқат қилмоғинг лозим эмасмиди?


– Наҳотки фақат шугина? – деб юборди Нехлюдов, шу сўзларни ўқиб. Унинг саволига бутун ичдан бир овоз: «Ҳа, фақат шугина», деб жавоб қилди.

Нехлюдовда ҳам маънавий ҳаёт кечирадиган кишиларда бўладиган ҳодиса юз берди. Олдинлари ўзига аллақандай эриш, кулгили, ҳатто ҳазилдай туюлган фикрларнинг тўғрилиги ҳаётда ўз тасдиғини топиб, охири ҳеч қандай шубҳа туғдирмайдиган энг содда ҳақиқатга айланди. Одамларни азобу уқубатга солиб қўйган ана шу мудҳиш ёмонликдан қутулишнинг бирдан-бир тўғри йўли шундан иборатки, одамлар ҳар доим ўзларини худо олдида гуноҳкор деб билишлари, шунинг учун ҳам бошқа одамларни жазолашдан ва уларни тузатишдан ожиз эканликларига тан беришлари керак. Бу фикр энди унга ойнадай равшан бўлди. Турмалар ва авахталарда у ўз кўзи билан кўрган даҳшатли аҳвол ва шу ёвузликни қилаётган одамлардаги худписандлик – уларнинг имкон хорижидаги нарсаларни қилмоқчи бўлишгани орқасида бунёдга келган: улар ўзлари ёмон бўлганлари ҳолда ёмонликка барҳам беришмоқчи бўлишган. Бу нарса унга аён бўлди. Ахлоқсиз одамлар ахлоқсизларни тузатмоқчи бўлишган ва бу мақсадга сунъий йўллар билан эришмоқни ўйлашган. Лекин бу ҳаракатларнинг оқибати шу бўлганки, муҳтож ва тамагир кишилар одамларни жазолаш ва тузатиш деб аталган ана шу сохта тадбирни ўзларига касб қилиб олишиб, ўзлари ўлгудай бузилганлар ва қийнаб келаётган одамларини ҳам сира тинмай бузмоқдалар. У кўрган даҳшатларнинг боиси ва бу даҳшатни йўқотиш чораси унга энди равшан бўлди. У шу маҳалгача тополмай келаётган жавоб Исонинг Петрга берган жавобининг ўзгинаси эди. У шундан иборат эди: ҳаммани ҳар вақт, ҳадеб кечиравериш керак, зеро… дунёда гуноҳдан пок одамнинг ўзи йўқки, у бошқага жазо бера олсин ва уни тузата олсин.

Нехлюдов ўзига: «Йўғ-е, масала бундай осон ҳал бўлмаса керак», дер, ҳолбуки, бу фикр масалани назарий жиҳатдангина эмас, амалий жиҳатдан ҳам, шубҳасиз, тўғри ҳал қилаётганини кўрар эди; Нехлюдов масаланинг тескарисича ҳал қилинишига одатланиб қолгани учун бошда унга бу фикр ғалати туюлди. Ёвузларни нима қилиш керак, наҳотки уларни жазосиз қолдириб бўлса? – дейилган ҳар маҳалги эътироз энди уни хижил қилмас эди. Агарда жазо чораларининг жиноятни камайтиргани, жинояткорни эса тузатгани амалда исбот қилинган бўлса, бу эътироздан бирон маъно чиқиши мумкин эди: лекин бу ҳолнинг тамом тескариси исбот қилинганидан, яъни бир тоифа одамнинг бошқа тоифа одамни тузатиш қўлидан келмагани равшан бўлгандан сўнг, қўлингиздан келадиган бирдан-бир бамаъни нарса шуки, фақат бефойда бўлибгина қолмай, балки зарарли ва бунинг устига, ахлоққа зид нарсаларни қилишдан, жабр қилишдан ўзингизни тиясиз. «Сизлар жиноятчи деб билган кишиларни неча юз йиллардан бери жазолаб келасизлар. Хўш, жиноятчиларни йўқота олдингизми? Йўқ, балки жазо орқали бузилган жиноятчилар ҳисобига ҳам, баҳузур ўтириб олиб одамларни жазоловчи жинояткор – судьялар, прокурорлар, терговчилар, турмачилар ҳисобига ҳам уларнинг ададлари ошди холос». Нехлюдов жамият ва тартибнинг бошқа одамларни суд қилиб жазоловчи ва қонуний жинояткорлар борлиги учун эмас, балки мана шундай бузуқларга қарамай, одамлар ҳар қалай бир-бирларига ачинганлари, бир-бирларини яхши кўрганлари туфайли мавжуд эканлигини энди англади.

Нехлюдов инжилдан мана шу фикрни тасдиқловчи ва исботловчи далил топиш умидида, уни бошидан ўқий бошлади. У Исонинг тоғ устида қилган ваъзларини ўқиб чиқиб, бугун биринчи марта шу ваъзларда мавҳум ва чиройли фикрлар эмас, аксарияти бажариб бўлмайдиган маҳобатли талаблар эмас, амалда бажарилиши осон бўлган содда, равшан панд-насиҳатлар борлигини кўрди; улар Нехлюдовга ҳамиша чуқур таъсир қиларди, агар шу панд-насиҳатлар бажарилгудай бўлса (бунинг бажарилиши мумкин), кишилик жамиятини бутунлай янги асосда қуриш мумкин бўлар эди, шу тақдирда Нехлюдовни нафратлантирган зўравонлик ўз-ўзидан йўқ бўлибгина қолмай, башариятга муносиб бўлган энг олий саодатга эришилар, дориламон бўлар эди.

Панд-насиҳатлар бешта эди.

Биринчи насиҳат (Мф. V, 21–26)да: одам боласи бошқаларни ўлдириш у ёқда турсин, балки биродарига жаҳл ҳам қилмасин, ҳеч кимни арзимаган одам деб ҳисобламасин, «хас-чўп» ўрнида кўрмасин. Мабодо биров билан уришиб қолгудек бўлса, олло таолога ибодат қилишдан аввал у киши билан ярашиб олсин, дейилади.

Иккинчи насиҳат (Мф. V, 27–33)да: одам боласи зино қилиш у ёқда турсин, балки аёллар жамолига қараб лаззатланишдан ўзини сақласин, бир аёл биланки топишибдими, унга минбаъд хиёнат қилмасин, дейилади.

Учинчи насиҳат (Мф. V, 33–37)да: одам боласи бирон нарсани ваъда қилаётганда қасам ичмасин, дейилади.

Тўртинчи насиҳат (Мф. V, 38–42)да: одам боласи ёмонликка ёмонлик қилиш у ёқда турсин, бир бетига шапалоқ урганда иккинчи бетини ҳам тутиб берсин, ўзига етган озорни кечирсин, унга сабру тоқат қилсин ва ундан одамлар ниманики сўраса, йўқ демасин, дейилади.

Бешинчи насиҳат (Мф. V, 43–48)да: одам боласи душманларини ёмон кўриш у ёқда турсин, уларга қарши уруш қилмасин, балки уларни яхши кўрсин, уларга ёрдам қилсин, хизмат қилсин, дейилади.


Нехлюдов ёниб турган чироқ ёруғига қараб қотиб қолди. У ҳаётимизда ҳукм сурган барча бадкорликларни эслади-ю, агар одамлар шу тартиб-қоида асосида тарбияланган бўлсалар, бу ҳаётнинг қандай бўлишини кўз олдига келтирди, ана шунда кўп вақтлардан бери кўнглида уйғонмаган шодлик бутун вужудини қамраб олди. У узоқ вақт чарчаб, азоб-уқубат чекиб келган одамдай бирдан роҳат ва фароғат топди.

Нехлюдов кечаси билан ухламади, илгарилари кўп марта ўқиган ва пайқамаган сўзларини ўқиб, уларнинг том маъносини биринчи марта тушунди. Инжил тиловат қилган кўп одамлар шу ҳолатга тушади. Губка сувни ўзига қандай тортса, у ҳам китобда топган барча керакли, муҳим ва кўнгилни шод этувчи нарсаларни ўзига шундай сингдириб олди. Ўқиган нарсалари танишдай туюлар, илгари, аллақачонлари билган, лекин тўла англамаган ва ишонмаган нарсаларни эсига тушираётгандек, тасдиқлаётгандек бўлар эди. Энди у англар, ишонарди.

Ушбу насиҳатларни қулоқларига олганларида одамлар ўзларига ярашган энг олий саодатга эришишлари мумкинлигини англаб ва бунга ишонибгина қолмай, энди у ҳар қандай кишининг бу васиятларни бажаришдан бўлак иложи йўқлигини, инсон ҳаётининг бирдан-бир маъноси шундан иборат эканлигини, бундан заррача четга чиқилгудай бўлинса, бу дарҳол жазоланиладиган хато бўлишини ҳам англар ва бунга ишонар эди. Бу нарса бутун таълимотдан келиб чиқарди, боғбонлар ҳақида ибратли ҳикояда яна ҳам равшан, яна ҳам дангал ифода этилган эди. Хўжайиннинг ишини қилинглар деб боққа юборилган боғбонлар боғни ўзларининг хусусий мулклари деб хаёл қилганлар; улар боғдаги жамики нарсаларни ўзлари учун қилинган деб билишган, шунинг учун ишимиз хўжайинни эсдан чиқариб, хўжайинни ҳамда уларнинг хўжайини олдидаги бурчларини эслатувчиларни ўлдириб, боғда гашт қилиб яшашдан иборат, деб ўйлаганлар.

«Биз ҳам худди шундай қиляпмиз, – деб ўйларди Нехлюдов, – бизга ҳаёт лаззат олиш учун берилган ва биз ўз ҳаётимизнинг хўжайинларимиз деб бемаъни ишонч билан яшаб келамиз. Ахир бунинг бемаънилиги равшан-ку. Агар биз дунёга келган бўлсак, бировнинг иродаси билан ва бирон иш билан келгандирмиз. Биз эсак фақат ўз роҳат ва фароғатимиз учун яшаймиз деб ўйлаймиз, ҳолбуки, хўжайинининг айтганини қилмаган малай қандай ёмон аҳволга тушса, бизнинг ҳам шундай аҳволга тушишимиз турган гап. Хўжайиннинг истак ва иродаси мана шу насиҳатларда баён этилган. Фақат одамлар шуни бажаришса бўлди, ер юзида дориламон бўлади ва одамлар ўзларига ярашган саодатга эришади.

Оллонинг амрига ва унинг айтганларига бўйсунинг, қолгани ўз-ўзидан бўлаверади. Биз эса ана шу қолганини қидирамиз-у, лекин тополмаётибмиз.

Ана менинг ҳаётимда қилинадиган ишлар. Ҳозиргина биттасини тугатувдим, энди иккинчиси бошланди».

Шу кечадан тортиб Нехлюдов учун бутунлай янги ҳаёт бошланди, унинг янги шароитга тушгани эмас, балки унда энди содир бўлган нарсаларнинг ҳаммаси илгариги вақтлардагидан бутунлай бошқача маъно касб этгани бунга сабаб бўлган эди. Ҳаётининг бу янги даври нима билан тугар экан, буни келажак кўрсатади.

1899

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации