Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 28

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 28 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXIX

Москвага келиши билан Нехлюдов дастлаб, сенатнинг суд қарорини тасдиқлагани ҳақида қайғули хабарни ва Сибирга жўнашга тайёргарлик кўриш кераклигини айтган авахта касалхонасига, Маслованинг олдига жўнади.

Адвокат томонидан подшо номига ёзилган, ҳозир имзо чектириш учун авахтага, Масловага олиб бораётган аризадан умиди кам эди. Шуниси қизиқки, энди у муваффақиятни истамас ҳам эди. У Сибирга жўнаб кетиш, сургун қилинганлар ва каторгачилар орқасида яшаш фикрига шу қадар ўрганиб қолган эдики, мабодо Масловани оқлаб юборсалар, Маслова икковининг ҳаёти қай тарзда ўтишини тасаввур этиб олиши қийин эди. У Торо деган америкалик бир ёзувчининг гапини эслади. Ўша ёзувчи Америкада қулдорлик ҳукм сурган пайтда, қулдорлик ҳимоя қилинган бу давлатда, виждонли одамга муносиб бўлган бирдан-бир жой – турма, деган. Петербургга бориб кўп нарсаларни кўриб қайтгач, Нехлюдов ҳам худди шу фикрга келган эди.

«Ҳа, ҳозирги замонда Россияда виждонли одамнинг муносиб ўрни – турма!» – деб ўйлади у. У турмага кирар экан, худди шуни бевосита ҳис қиларди.

Касалхонадаги швейцар Нехлюдовни таниди, дарҳол, Маслованинг энди бу ерда эмаслигини айтди.

– Қаерда?

– Қалъада.

– Нега у ёққа ўтқазишди? – деб сўради Нехлюдов.

– Эҳе, бу ўзи шунақа халқ, жаноб олийлари, – деди швейцар истеҳзоли жилмайиб, – фельдшер билан донлашган экан, бош доктор жўнатиб юборди.

Нехлюдов Масловани ва унинг руҳий ҳолатини ҳеч қачон кўнглига шу қадар яқин деб билмаган эди. Бу хабар уни шошириб қўйди. У кутилмаганда ёмон хабар олган одам ҳолига тушиб қолди. Бу унга жуда оғир ботди. Шу хабарни эшитиши билан уялиб кетди. Ҳаммадан ҳам бурун у, Масловада руҳий ўзгариш бўляпти, деб севиниб юргани учун ўзидан ўзи уялиб кетди. Маслованинг у келтирган қурбонни қабул этмаслик ҳақидаги сўзлари, таъналари, кўз ёшлари – шуларнинг ҳаммасини ундан иложи борича яхшироқ фойдаланиб қолмоқчи бўлган фоҳиша хотиннинг найранглари экан, деб ўйлади Нехлюдов. Назарида, сўнгги келишида Масловада ҳозир намоён бўлган тузалмаслик нишоналарини кўргандек бўлди. Нехлюдов беихтиёр шляпасини кийиб, касалхонадан чиқар экан, миясидан шу фикр кечди: «Энди нима қилиш керак? – деб сўради у ўзидан. – Ҳали ҳам у билан боғлиқманми? Шу қилмиши туфайли озод бўлдим десам бўлармикан?» – деб сўради ўзидан.

Ўзига шу саволни берган ҳамоно, ўзини озод санаб, ташлаб кетиш билан уни жазоламоқчи бўлса-да, аслида ўзини жазолаган бўлишини эслаб қўрқиб кетди.

– Йўқ! Бу воқеа қароримни ўзгартира олмайди, қайтага янада мустаҳкамлаши мумкин. У билганини қилсин, фельдшер билан донлашган бўлса, донлашаверсин – бу унинг иши… Мен эса виждоним ниманики талаб этса шуни қиламан, – деди у ўзига ўзи. Виждоним эса қилган гуноҳларимни ювиш учун озодлигимни қурбон қилишни талаб қилади. Шундай экан, сохта никоҳ билан бўлса-да, унга уйланиб, уни қаёққа юборсалар кетидан бораман. Шу гапим гап», – деди у ўжарлик билан ва касалхонадан чиқиб, шахдам қадам ташлаб авахтанинг катта дарвозаси томон юрди.

Дарвоза олдига боргач у навбатчига, Масловани кўрмоқчиман, турма мутасаддисига маълум қилинг, деб илтимос қилди. Навбатчи Нехлюдовни танир эди. Шунинг учун ҳам, уни авахтадаги катта янгиликдан хабардор қилди: капитан ишдан бўшаб, унинг ўрнига бошқа, қаттиққўл одам бошлиқ бўлганини айтди.

– Ишлар жиддий тус олди, чатоқ, – деди назоратчи, – ҳозир ўзи шу ерда, бориб айтишади.

Ҳақиқатан ҳам мутасадди турмада эди ва кўп ўтмай Нехлюдов ҳузурига чиқди. Янги мутасадди ҳаракатлари суст, қовоғи солиқ, ёноқ суяклари туртиб чиққан, новча, ориқ киши эди.

– Маълум кунларда, учрашув хонасида учрашишга рухсат этилади, – деди у Нехлюдовга қарамай.

– Лекин мен зоти олий ҳазратлари номига ёзилган аризага қўл қўйдиришим керак.

– Менда қолдиришингиз мумкин.

– Маҳбус билан учрашишим керак. Илгари ҳамма вақт ижозат беришарди.

– Илгариги вақтлар ўтиб кетди, – деди мутасадди Нехлюдовга бир қараб қўйиб.

– Губернатор берган рухсатномам бор, – деб туриб олди Нехлюдов ҳамёнини чиқараётиб.

– Қани, – деди мутасадди ҳамон кўзини опқочиб, кейин кўрсаткич бармоғига тилла узук тақилган узун, ориқ, оппоқ панжалари билан Нехлюдов узатган қоғозни олди-да, шошилмай ўқиб чиқди. – Идорага марҳамат, – деди у.

Бу гал идорада ҳеч ким йўқ эди. Мутасадди учрашув пайтида иштирок этмоқчи бўлди шекилли, стол ёнига ўтириб қоғозларни титкилай бошлади. Нехлюдов сиёсий маҳбуслардан Богодуховскаяни кўриш мумкинми, деб сўраган эди, мутасадди калтагина қилиб, мумкин эмас, деб жавоб берди.

– Сиёсий маҳбуслар билан учрашувга рухсат этилмайди, – деди-да, яна қоғозни ўқишга киришиб кетди.

Чўнтакда Богодуховскаяга бериладиган хат тургани учун Нехлюдов ўзини сири очилиб қолган гуноҳкор кишидек ҳис этарди.

Маслова идорага кирганда мутасадди бошини кўтарди ва Масловага ҳам, Нехлюдовга ҳам қарамай:

– Бошлайверинглар! – деди-да, яна қоғозларини кўришга киришди.

Маслова яна аввалгидек, оқ кофта, юбка кийган, бошига дурра ўраганди. Нехлюдовга яқин келиб, унинг аччиғланган совуқ қиёфасини кўриб, қип-қизариб кетди ва қўли билан кофтасининг четини ўйнаб, кўзини ерга қаратди. Унинг хижолат тортиши, Нехлюдовнинг назарида, касалхонадаги швейцарнинг сўзларини тасдиқларди.

Нехлюдов у билан ўтган галгидек қўл сиқишиб кўришмоқчи бўлди-ю, лекин қўли бормади; унинг кўзига Маслова шу қадар жирканч кўриниб кетган эди.

Нехлюдов унга қарамай ва қўл узатмай:

– Сизга ёмон хабар келтирдим, – деди вазминлик билан, – сенатда рад этишди.

– Шундай бўлишини билган эдим, – деди Катюша нафаси бўғилган кишидек, ғалати товуш билан.

Илгари Нехлюдов, нега билган эдим деяпсан, деб сўраган бўларди; лекин ҳозир Катюшага фақат қараб қўя қолди. Маслованинг кўзлари жиқ ёшга тўлган эди. Лекин бу Нехлюдовни юмшатиш у ёқда турсин, қайтага бешбаттар ғазабини оширди.

Мутасадди ўрнидан турди ва хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади.

Нехлюдов ҳозир Масловага нисбатан қанчалик нафрат ҳис этмасин, сенатнинг рад этганига афсус билдирди.

– Ноумид бўлманг, – деди у, – олий ҳазратларига ариза ёзганмиз, умид қиламанки…

– Бунга хафа бўлаётганим йўқ… – деди у ёшга тўлган, кўзлари билан Нехлюдовга ғамгин боқиб.

– Нега хафа бўляпсиз бўлмаса?

– Касалхонага боргандирсиз, мен тўғримда гапиришгандир…

– Нима ҳам дердим, бу сизнинг ишингиз, – қовоғини солиб, совуққина гапирди Нехлюдов.

Маслова касалхонани тилга олиши билан Нехлюдовнинг кўнглидан кўтарилаёзган таҳқирланиш ҳисси яна янги куч билан бош кўтарди. «Олий табақа қизларининг ҳар қанақаси менингдек оқсуяк одам билан турмуш қуришни бахт деб билса-ю, хотин қилиб олишни таклиф этишимга қарамай, бир оз кутмасдан фельдшер билан донлашиб юрса», – деб ўйларди у Масловага нафрат билан қараб.

– Мана бу аризага қўл қўйинг, – деди у чўнтагидан катта конверт чиқариб, столга қўяркан. Маслова дуррасининг бир учи билан кўз ёшларини артди-да, қаерга ва нима деб ёзишни сўраб стол ёнига ўтирди.

Нехлюдов қаерга ва нима деб ёзишни кўрсатди. Маслова чап қўли билан ўнг қўлининг енгини шимариб стол ёнига ўтирди; у эса Маслованинг стол устига эгилган, йиғисини зўрға тутиб турганидан аҳён-аҳёнда силкиниб қўяётган елкасига индамай қараб турар, кўнглида икки ҳис – ёмонлик ва яхшилик: таҳқирланган ғурур ва ана шу эзилган хотинга ачиниш ҳислари бир-бири билан курашарди. Ниҳоят сўнгги ҳис ғолиб чиқди.

Қайси бири олдин бўлди, – аввал Масловага раҳми келдими ёки аввал ўзини, гуноҳларини ўз беадаблигини эсладими (ҳозир Катюшани беадаб деб таъна қилган эди), – бу эсида йўқ эди. Лекин тўсатдан, бир лаҳзада ўзининг айбдорлигини ҳис қилди ва унга раҳми келди.

Аризага қўл қўйиб, сиёҳ тегиб кетган қўлини юбкасига артгач, Маслова ўрнидан турди ва унга қаради.

– Оқибати нима бўлса-да, ўша қарорим қарор, ўзгармайди, – деди Нехлюдов.

Масловани кечираман, деган фикр Нехлюдовда унга нисбатан меҳр-шафқат уйғотар, раҳмини келтирар, уни юпатгиси келарди.

– Гапим гап. Сизни қаерга юборишса, мен ўша ерда.

– Бекор қиласиз, – деб шошиб унинг гапини бўлди Маслова юзи ёришиб кетиб.

– Йўлда керак бўладиган нарсаларни эсдан чиқарманг.

– Ҳеч балойим йўқ. Хайр, саломат бўлинг.

Мутасадди улар ёнига келди. Нехлюдов огоҳлантиришни кутмай Маслова билан хайрлашди-да, чиқиб кетди; уни илгари ҳеч қачон ҳис этмаган хурсандлик, осойишталик ва барча одамларга муҳаббат ҳисси қамраб олди. Маслованинг ҳеч қандай кирдикори унга бўлган муҳаббатимни ўзгартира олмайди, деган фикр Нехлюдовни қувонтирар, кўнглини кўтарарди. Фельдшер билан қийпанглашса, қийпанглашаверсин – бу унинг иши: Нехлюдов уни ўзи учун эмас, Худо учун севади.


Маслованинг касалхонадан ҳайдалишига сабаб бўлган ва Нехлюдов ишонган ишқ-муҳаббат можароси шундан иборат эдики, Маслова фельдшер хотиннинг буйруғига мувофиқ, йўлакнинг нариги бошидаги дорихонага «кийик ўт» олиб келгани борган эди. Маслова кирганда кўпдан бери Катюшага шилқимлик қилавериб жонидан тўйдирган, юзини риханак босган новча фельдшерни ёлғиз учратиб қолди ва ундан қутулиш учун шундай қаттиқ итариб юбордики, фельдшер тисарилиб бориб жавонга урилиб кетди, иккита шиша ерга тушиб синди.

Шу маҳал йўлакдан ўтиб кетаётган бош доктор идишнинг жаранглаб синганини эшитди ва қип-қизарган Маслованинг югуриб чиққанини кўриб жаҳл билан кетидан бақирди.

– Бунақа қийпанглайверма, думингни тугиб юбораман, ойимпошша. Бу нимаси? – деди у фельдшерга кўзойнаги тепасидан ўқрайиб қараб.

Фельдшер иршайиб, ўзини оқлай бошлади. Доктор унинг гапини охиригача эшитмай, бошини шундай кўтардики, кўзойнаги яна кўзига тўғри келиб қолди; у палатага ўтиб кетди ва шу куниёқ мутасаддидан, Маслованинг ўрнига бошқа, сипороқ ёрдамчи юборишни сўради. Маслова билан фельдшер ўртасида ошиқ-маъшуқлик шундангина иборат эди. Касалхонадан фельдшер билан донлашди деган баҳона билан ҳайдалиши, Катюшага айниқса қаттиқ ботган эди. Чунки илгари эркаклар билан муносабатда бўлиш жонига теккан бўлса, Нехлюдов билан учрашганидан кейин бу муносабат ундан баттар кўнглига урди. Унинг ўтмишига ва ҳозирги аҳволига қараб, ҳар қанақа одам, шу жумладан, юзига риханак тошган фельдшер ҳам ўзини Катюшани ҳақорат қилишга ҳақли деб билгани ва унинг кўнмаганини кўриб ҳайрон қолгани Масловага айниқса алам қилар, хўрлиги келиб йиғларди. Ҳозир у Нехлюдовнинг олдига чиқиб, ноҳақ айбдан ўзини оқламоқчи эди. Бу гап Нехлюдовнинг қулоғига эшитилиши мумкин эди. Лекин ўзини оқлай бошлаган ҳамоно унинг ишонмаётганини, ўзини оқлаш билан унинг шубҳаларини тасдиқлаётганини ҳис қилиб, кўз ёшлари томоғига тиқилди-да, жим бўлиб қолди.

Маслова иккинчи учрашувда Нехлюдовни кечирмаслигини, ундан нафратланишини айтган, ҳозир ҳам шу фикрдаман деб ўйлар, шунга ўзини ўзи ишонтиришга тиришарди, лекин аллақачон уни севиб қолган эди. Шундай севиб қолган эдики, Нехлюдов ундан нимани илтимос қилса, беихтиёр бажаради: у ичишни, чекишни, нозу карашмани ташлади, касалхонага хизматкор бўлиб кирди. Нехлюдов шундай бўлишини истагани учун ҳам Катюша шундай қиларди. Нехлюдов унга уйланиш ниятида зканини ҳар сафар эслатганда ҳар гал қатъий рад жавоб беришининг сабаби шу эдики, Маслова ўша бир марта айтган мағрур сўзларини такрорлашни истар, энг муҳими, унга уйланса Нехлюдовнинг бебахт бўлишини биларди. Маслова унинг фидокорона таклифини қабул қилмасликка қатъий қарор қилиб қўйган эди, лекин шунга қарамай, Нехлюдов мендан нафратланади, менда рўй берган ўзгаришларни кўрмай, мени ҳамон ўша аввалги аёл деб билади, деган ўй уни қаттиқ азобларди. Эндиликда Нехлюдовнинг уни касалхонада бирон ёмон иш қилиб қўйган деб ўйлаши мумкинлиги, каторгага ҳукм қилинганлиги қатъий эканлиги тўғрисидаги хабардан кўра қаттиқроқ ботар эди.

XXX

Масловани биринчи жўнаб кетаётган гуруҳ билан жўнатишлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам Нехлюдов сафарга тайёрлик кўра бошлади. Лекин иши шу қадар кўп эдики, у бўш вақти қанча кўп бўлган билан, барибир ҳеч қачон битириб тугата олмаслигини сезарди. Аҳвол илгарилари тамоман бошқача эди. Илгари нима иш қилсам экан, деб бош қотиришга тўғри келар ва ишда диққатни ўзига жалб қиладиган нарса фақат унинг ўзи – Дмитрий Иванович Нехлюдов эди, лекин ўша вақтларда ҳаётнинг бутун мазмуни Дмитрий Ивановичга қаратилганлигига қарамай, ўша ишларнинг ҳаммаси юракни қиздирадиган ишлар эди. Энди бўлса ҳар бир иш Дмитрий Ивановичга эмас, бошқа одамларга тааллуқли эди. Лекин шунга қарамай, ҳаммаси қизиқ, жозибадор бўлиб, бошидан ошиб-тошиб ётарди.

У ҳам майли-я, илгари Дмитрий Ивановичнинг иши билан шуғулланиш унинг ғашига тегар, аччиғини келтирарди, бировларнинг иши эса кўнглини очарди.

Шу кунларда Нехлюдов шуғулланиб юрган ишлар уч бўлимдан иборат бўлиб, уларни ўзига хос синчковлик билан уч портфелга жойлаган эди.

Биринчи иш Масловага доир бўлиб, унга ёрдам бериш тўғрисидаги қоғозлар, мадад сўраб олий ҳазрат номига ёзилган ариза ва Сибирь сафарига тайёргарлик кўришга доир қоғозлардан иборат эди.

Иккинчиси ер-мулкни тартибга солишга оид ишдан иборат эди. Паново қишлоғида ер, деҳқонларнинг умумий эҳтиёжлари учун рента тўлаб туриш шарти билан деҳқонларга бўлиб берилган эди. Лекин бу битимни мустаҳкамлаш учун шартнома билан васиятнома тузиб, имзолаш керак эди. Кузминскоеда эса иш ўша ўзи тузган тартибда эди, яъни ер учун тўланган пулни ўзи олиб туриши керак эди. Лекин ҳақ тўлаш муддатини белгилаш, бу пуллардан қанчасини ўзи учун олиш ва қанчасини деҳқонларга қолдириш масаласини аниқлаш лозим эди. Ўз даромадининг ярмини камайтирган Нехлюдов, Сибирга жўнар экан, бу сафарида қанча маблағ сарф бўлишини билмагани учун келадиган даромадидан бутунлай воз кечишга юрак бетламасди.

Учинчи иш кундан-кун унга кўпроқ мурожаат қила бошлаган маҳбусларга доир эди.

Аввалига, маҳбуслар билан алоқа бошлаган вақтда ёрдам сўраб мурожаат қилган маҳбусларнинг тақдирини енгиллатиш учун дарҳол ҳаракат қила бошларди, лекин бора-бора арзгўйлар шу қадар кўпайиб кетдики, уларнинг ҳаммасига ёрдам беришнинг иложи йўқлигини ҳис қилди ва беихтиёр тўртинчи ишга, сўнгги кунларда уни ҳаммадан ортиқ машғул этган ишга кўчишга мажбур бўлди.

Тўртинчи иш, жиноят суди деб аталган ажиб бир муассаса нима, у қаердан келиб чиқди, деган саволга жавоб топишдан иборат эди. Нехлюдовни таажжубда қолдирган жиноят қонунининг қурбони бўлган юзлаб, минглаб маҳбуслар авахталарда, Петропавловскдан тортиб Сахалингача бўлган қамоқхоналарда азоб чекар эдилар. Бу жиноят судининг қурбони бўлган маҳбуслар билан у қисман танишган эди.

Маҳбуслар билан шахсан муносабатда бўлиши, адвокатдан, авахта попидан, қамоқхона мутасаддисидан суриштириб билиш ва қамоқдагиларнинг рўйхатини кўриб чиқиш натижасида Нехлюдов, жиноятчи деб аталган одамлар беш гуруҳга бўлинар экан, деган хулосага келди.

Биринчи гуруҳ – ўт қўйишда ноҳақ айбланган Меньшов ёки Маслова ва бошқалар каби суд хатосининг қурбони бўлган тамомила бегуноҳ кишилардан иборат. Қамоқхона попининг кузатувига кўра бу гуруҳдаги одамлар у қадар кўп бўлмай, чамаси етти фоизни ташкил этар, аммо бу одамларнинг аҳволи айниқса диққатни жалб қиларди.

Иккинчи гуруҳдаги одамлар, жаҳл, рашк, мастлик сингари фавқулодда вазиятда қилиб қўйган жиноят учун кесилганлар эди. Уларни кесган ва жазолаган одамлар ҳам агар шу шароитга тушиб қолсалар, худди шундай жиноят қилган бўлардилар. Бу гуруҳ одамлар Нехлюдовнинг кузатишига қараганда, жиноятчиларнинг ярмидан кўпроғини ташкил қиларди.

Учинчи гуруҳ – ўз тушунчаларига қараганда жуда оддий, ҳатто яхши иш қиляпман деб ўйлаган, лекин, қонунни ёзган ёт кишиларнинг назарида жиноят ҳисобланган ишларни қилган одамлардан иборат эди. Бу гуруҳга яширин равишда вино сотганлар, тақиқланган молни чегарадан ўтказганлар, катта ер-мулкларда ва давлатга қарашли ўрмонлардан ўт юлган, ўтин терган кишилар, ўғирлик қилувчи тоғликлар ва черков нарсаларини ўғирлаган динсизлар кирарди.

Тўртинчи гуруҳдаги одамлар, жамиятнинг ўртача даражасидан ахлоқий жиҳатдан юқори тургани учунгина жиноятчи деб саналган одамлар эди. Сектантлар, ўз мустақиллиги учун исён кўтарган поляклар, черкаслар, ҳокимиятга қаршилик кўрсатгани учун кесилган сиёсий маҳбуслар шу тоифадаги кишилар эди. Жамиятнинг шу сингари энг яхши одамлари, Нехлюдовнинг мушоҳадасига қараганда жуда кўп эди.

Бешинчи гуруҳдагилар шундай одамлардан иборат эдики, буларнинг жамият олдидаги гуноҳидан кўра, улар олдида жамиятнинг гуноҳи каттароқ эди. Бу – шолча билан қўлга тушган бола, Нехлюдов авахтада ва ундан ташқарида кўрган, турмуш шароити доимо жиноят деб аталувчи иш қилишга мажбур этган, ўз ҳолига ташланган, доимий жабр-зулм остида яшайдиган, йўлдан озган одамлар эди. Нехлюдовнинг кузатишларига қараганда, бу тоифа одамларга жуда кўп ўғрилар ва қотиллар кирарди. Шу вақт ичида Нехлюдов уларнинг бир нечтаси билан алоқада ҳам бўлган эди. Бу тоифа одамлар билан яқиндан танишган Нехлюдов уларни янги назария – жиноий типлар деб аталган гуруҳга киритди. Янги назария, уларнинг жамиятда мавжудлиги жиноий қонун ва жазонинг зарурлигини исботлайди деб топади. Мана шу бузуқ, жиноятчи, эси паст деб саналган одамлар, Нехлюдовнинг фикрича, жамият олдида гуноҳкор бўлмай, балки улар олдида жамият гуноҳкор бўлган одамлар тоифасидан эди. Лекин фарқ шундаки, жамият шахсан улар олдида гуноҳкор эмас, балки илгариги вақтда, уларнинг ота-боболари олдида гуноҳкор эди.

– Шу одамлар ичида уни рецидивист109109
  Рецидивист – такрор жиноят қилувчи киши (тарж.)


[Закрыть]
ўғри Охотин шу жиҳатдан Нехлюдовни жуда ҳайрон қолдирди. Охотин бир фоҳишанинг никоҳсиз туғилган ўғли бўлиб, тунаш жойида тарбия олган, ўттиз ёшигача ахлоқда миршаблардан юқори турган одам кўрмаган ва ёшлигидан ўғрилар тўдасига тушиб қолган одам эди. У жуда қизиқчи бўлиб, шу фазилати билан одамларни ўзига жалб қиларди. У Нехлюдовдан ҳимоя қилишини илтимос қилар экан, ўзини ҳам, судьяларни ҳам, турмани ҳам, барча қонунларни ҳам – жиноий қонунлардан тортиб диний қонунларгача, ҳаммасини мазах қиларди. Иккинчиси, ўзи бошчилик қилган шайка билан кекса амалдорни ўлдириб, талаган чиройли Федоров эди. Буниси деҳқонлардан чиққан эди. Отасининг уйини ғайриқонуний йўл билан тортиб олиб қўйганлар. Кейин у солдатликда хизмат қилган, у ерда офицернинг маҳбубасини севиб қолиб, кўп балоларга йўлиққан. Бу, нима қилиб бўлса ҳам кайфу сафо суришни истаган, умрида бирон марта бўлсин, бир нарса учун ўз кайфу сафосидан воз кечган одамларни кўрмаган, ҳаётда кайф-сафодан бошқа бирон бошқа мақсад бўлишлигини ҳеч қочон эшитмаган жозибали, эҳтиросли одам эди. Иккаласи ҳам салоҳиятли одамлар эди, лекин ўз ҳолига ташлаб қўйилган ўсимлик қаровсиз қолиб расво бўлгани каби, улар ҳам қаровсиз қолиб расво бўлган эди. Нехлюдов ўзларининг бефаҳмлиги ва гўё раҳмсизлиги билан кишини жиркантирувчи бир саёқ билан бир хотинни кўрди-ю, лекин уларда итальян назариётчилари айтган жинояткорларни кўрмади. Нехлюдов, озодликда кўп кўрган, фрак кийган, эполет таққан ва тўр уқали либослар кийган, шахсан ўзига ёқимсиз кишиларга ўхшаган кишиларни кўрди.

Худди шунақа одамлар озодликда юрган, ҳатто шу одамларни суд қилиб турган бир пайтда, шу тоифадаги турли-туман одамларнинг нега қамаб қўйилганини текшириш, тўртинчи ишни ташкил қилар эди. Кейинги вақтларда Нехлюдовни шу масала банд қилганди.

Аввал Нехлюдов бу саволига китоблардан жавоб топиш умидида шу масалага оид бутун китобларни сотиб олди. У Ломброзо, Гарофало, Ферри, Лист, Маудслей ва Тарднинг асарларини сотиб олди ва диққат билан ўқий бошлади. Лекин уларни ўқиган сайин ихлоси қайта бошлади. Нехлюдов шу соҳада бирон иш кўрсатиш, асар ёзиш, баҳслашиш, ўқитиш учун эмас, балки тўғридан-тўғри, оддий ҳаётий масалалар билан фанга мурожаат қилган одамлар ҳолига тушди; фан жиноий қонунга алоқадор бўлган минглаб турли-туман, жуда мураккаб саволларга жавоб берарди-ю, фақат у қидирган саволга жавоб бермасди. Нехлюдов жуда оддий нарсани: бировларнинг бошқа бировларни нега ва қайси ҳуқуққа асосан қамайди, қийнайди, сургун қилади, ўлдиради, ҳолбуки, уларнинг ўзлари, қаматган, азоблаётган, калтаклаётган, сургун қилаётган, ўлдираётган одамлардан фарқлари йўқ-ку! – деб сўрарди. Унга эса инсонда ирода эркинлиги борми-йўқми деган муҳокама билан жавоб берардилар. Бош суягини ўлчаш ва ҳоказолар билан инсонни жиноятчи ё жиноятчи эмаслигини билиш мумкинми? Ирсият жиноятда қандай роль ўйнайди. Туғма ахлоқсизлик борми? Одоб ва ахлоқ нима? Ақлдан озиш нима? Айниш нима? Мижоз нима? Об-ҳаво, овқат, жаҳолат, тақлид, гипнотизм, эҳтирос жиноятга қандай таъсир қилади? Жамият нима? Унинг вазифалари нималардан иборат ва ҳоказо, ва ҳоказолар.

Бу мулоҳазалар Нехлюдовга мактабдан қайтаётган ёш боланинг жавобини эслатарди. Нехлюдов боладан сўз бўғинларини қўшишни ўргандингми, деб сўраган эди: «Ўргандим», – деб жавоб берди бола: «Қани, панжа деган сўзни ҳижжалаб кўр-чи, – деди Нехлюдов. – Қанақа панжа, итникими?» – деган эди бола муғамбирлик билан. Нехлюдов асосий битта саволига илмий китоблардан худди шундай савол тариқасидаги жавобларни оларди.

У китобларда оқилона, олимона, ажойиб ёзилган нарсалар кўп эди-ю, лекин бировлар қандай ҳуқуққа асосан бошқаларга азоб берадилар, деган асосий саволга жавоб топа олмас эди. Жавоб йўқлиги ҳам майли-я, барча мулоҳазалар айланиб келиб, зарурлиги исботга муҳтож эмас деб топилган жазони изоҳлаш ва оқлашга бориб тақаларди. Нехлюдов кўп ўқиди-ю, лекин бўлиб-бўлиб ўқиди. Дилидаги саволига жавоб топмаганини шундай юзаки ўрганганидан деб билиб, кейинчалик жавоб топишга умид қилди. Шунинг учун ҳам у, сўнгги вақтлар хаёлига бир неча марта келган жавобнинг тўғрилигига ишонишга ботинолмасди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации