Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 31

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 31 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXXVII

Маҳбус ўтқазилган извош ўт ўчирувчи соқчи ёнидан ўтиб, миршабхона ҳовлисига кирди ва бир эшик олдида тўхтади.

Ҳовлида ўт ўчирувчилар енгларини шимариб, шанғиллаб гаплашиб, кула-кула аллақандай аравани ювишарди.

Извош келиб тўхташи билан бир неча миршаб уни қуршаб олди. Маҳбуснинг жонсиз танасини кўтариб ғижирлаб турган извошдан туширди.

Маҳбусни олиб келган миршаб извошдан тушгач, увишиб қолган қўлларини силкиди, фуражкасини ечиб чўқинди. Ўликни эса эшикдан олиб киритиб, – юқорига олиб чиқиб кетдилар. Нехлюдов уларнинг кетидан қолмади. Ўликни олиб кирган каттакон ифлос хонада тўртта каравот турар эди. Иккита каравотда халат кийган иккита бемор ўтирарди. Бири бўйни бойланган, оғзи қийшиқ киши бўлиб, иккинчиси сил эди. Иккита каравот бўш эди. Шуларнинг бирига маҳбусни ётқизишди. Кўзи чақнаган, қоши тинимсиз учиб турган, ич куйлакда ўтирган, оёғига пайпоқ кийган киши келтирилган маҳбус ёнига аста юриб келди, аввал унга, кейин Нехлюдовга қараб қўйди-да, қаҳқаҳлаб кулиб юборди. Бу миршабхона қабулхонасида сақланаётган жинни эди.

– Мени қўрқитишмоқчи, – деди у, – йўқ, овора бўласанлар.

Миршаблар ўликни олиб киргандан кейин, даҳа назоратчиси билан фельдшер кирди.

Фельдшер ўлик олдига бориб, маҳбуснинг сепкил тошган сарғимтир, ҳали юмшоқ бўлса-да, ўлим ранги югурган қўлини олди, бир оз ушлаб турди-да, қўйиб юборди. Унинг қўли қорнига шалоплаб тушди.

– Тамом, – деди фельдшер бош чайқаб. Лекин қоида юзасидан бўлса керак, ўликнинг ҳўл кўйлагини кўтарди, ўзининг жингалак сочларини қайтариб қулоғини очиб, маҳбуснинг сарғимтир ҳаракатсиз баланд кўкрагига қулоқ қўйди. Ҳамма жим эди. Фельдшер қаддини ростлади, бошини яна сарак-сарак қилди, очиқ қотиб қолган кўк кўз устидаги қовоқларнинг аввал бирини, кейин иккинчисини бармоқлари билан ушлаб кўрди.

– Қўрқитолмайсизлар, қўрқитиб бўпсизлар, – дерди телба зўр бериб фельдшерга қараб тупуриб.

– Хўш, нима? – деди даҳа назоратчиси.

– Нима бўларди! – деди фельдшер, – ўликхонага олиб бориб ташлаш керак.

– Яхшилаб қаранг, чиндан ўлганми? – деб сўради даҳа назоратчиси.

– Шуниям билмаймизми, – деди фельдшер негадир, ўликнинг очиқ кўкрагини ёпиб, – майли, Матвей Ивановичга одам юборай, келиб кўрсин. Петров, бориб кел, – деди фельдшер ва ўликдан нари кетди.

– Ўликхонага олиб бор, – деди даҳа назоратчиси, – кейин идорага бориб қўл қўясан, – деб қўшиб қўйди конвойга юзланиб. Конвой ўлик маҳбус ёнидан бир қадам нари кетмас эди.

– Хўп бўлади, – деб жавоб берди конвой.

Миршаблар ўликни кўтариб яна зинадан пастга тушиб кетдилар. Нехлюдов ҳам улар кетидан бормоқчи бўлиб турган ҳам эдики, телба уни тутиб қолди.

– Сиз улар билан тил бириктирмагансиз-ку, бир донагина папирос беринг, – деди у.

Нехлюдов папирос қутисини олди-да, папирос берди. Телба қошларини учириб, тез-тез гапириб, сеҳр билан ўзини қандай қийнаётганларини ҳикоя қила бошлади.

– Ҳаммалари менга қарши, медиумлари115115
  Медиум – «Руҳлар ва одамлар ўртасидаги воситачи» (тарж.)


[Закрыть]
орқали мени қийнашади, азоб беришади…

Нехлюдов:

– Кечирасиз мени, – деди-да, ўликни қаерга олиб боришларини билиш учун, телбанинг гапини охиригача тингламай, ҳовлига чиқиб кетди. Миршаблар ўликни кўтариб ҳовлининг нариги бошига ўтиб, ертўлага тушиб кета бошладилар. Нехлюдов улар олдига бормоқчи бўлиб турганда, даҳа назоратчиси уни тўхтатди.

– Сизга нима керак?

– Ҳеч нарса, – деди Нехлюдов.

– Ундай бўлса, йўлингизга кетаверинг.

Нехлюдов итоат қилди ва извошига қараб кетди. Извошчи мудрарди. Нехлюдов уни уйғотди-да, яна вокзалга қараб жўнади.

Юз қадам ҳам юрмасларидан, милтиқли конвой билан келаётган шалдироқ арава учраб қолди. Бунга ҳам, афтидан, ўлган маҳбус ётқизилган бўлса керак. У аравада чалқанча ётарди, сочи қирилган қора соқол маҳбуснинг бошига кийгизиб қўйилган чалпаксимон шапкаси юзидан бурнигача сурилиб тушган эди. Арава ҳар чайқалиб кетганда маҳбуснинг боши силкинар ва тахтага уриларди. Кўн этик кийган аравакаш отнинг ёнида юриб ҳайдаб борарди. Унинг кетидан миршаб келарди. Нехлюдов извошчисининг елкасидан ушлади.

– Нима қилишяпти! – деди извошчи отни тўхтатиб.

Нехлюдов извошдан тушди ва шалдироқ арава кетидан эргашди, яна ўт ўчирувчи соқчининг ёнидан ўтиб, миршабхона ҳовлисига кирди. Ҳовлидаги ўт ўчирувчилар аравани ювиб бўлган эдилар, унинг ўрнида энди фуражкаси кўк гардишли новча, ориқ брандмайор қўлини чўнтагига қилиб турар, ўт ўчирувчи айлантириб юрган бўйни яғир бўз отга қараб турарди. От олдинги оёғига оқсар, брандмайор эса ёнида турган мол докторига жаҳл билан бир нима деб гап уқдирар эди.

Даҳа назоратчиси ҳам шу ерда эди. Иккинчи ўликни кўриб дарров олдига борди.

– Қаерда йиқилди? – деб сўради у бошини чайқай-чайқай.

– Қадимги Горбатовская кўчасида.

– Маҳбусми? – деб сўради брандмайор.

– Ҳа.

– Бугун иккинчиси, – деб қўйди даҳа назоратчиси.

– Тартибни қаранг-у. Бунинг устига кун ҳам қизияпти, – деди брандмайор ва оқсоқ саман отни етаклаб чиқиб кетаётган ўт ўчирувчига қичқирди. – Бурчакдаги якка охурга боғла! Отни ишдан чиқариш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сен итваччага. Бунақа отлар сендақа муттаҳамдан қимматроқ туради.

Ўликни, бояги биринчиси каби, миршаблар аравадан кўтариб туширдилар ва қабулхонага олиб кирдилар. Нехлюдов худди сеҳрлангандек, уларнинг кетидан эргашди.

– Сизга нима керак? – деб сўради ундан миршаблардан бири.

Нехлюдов жавоб қайтармай, ўликнинг кетидан бораверди.

Телба каравотида ўтириб Нехлюдов берган папиросни сўриб-сўриб тортарди.

– Ҳа, қайтиб келдингизми? – деди у ва қаҳқаҳлаб кулиб юборди. Ўликни кўриб юзини буриштирди. – Яна, – деди у. – Жонимга тегдинглар, ёш боламасман-ку, ахир? – савол назари билан жилмайиб Нехлюдовга мурожаат қилди у.

Ўликнинг олдини энди ҳеч ким тўсиб турмас, юзини илгари шапкаси беркитиб турган бўлса, ҳозир очиқ, ҳаммаси кўриниб турарди. Нехлюдов унга тикилди. Бояги маҳбус хунук бўлса, буниси ҳаддан зиёд чиройли, юзи ҳам бежирим, қадди-қомати ҳам келишган эди. Бу куч-қувватга тўлиб етилган одам эди. Сочининг ярми қирилиб расвосини чиқарган бўлишларига қарамай, эндиликда сўнган қора кўзлари тепасидаги энсизроқ дўнг пешонаси, нозик қора мўйлови устидаги кичкинагина қуш бурни каби жуда чиройли эди. Энди кўкара бошлаган лаблари жилмайиб турарди; калтагина соқоли юзининг пастки қисмини ўраб олган, бошининг сочи қирилган томонида кичкинагина, чиройли қулоғи кўринарди. Юзининг ифодаси хотиржам, жиддий ва мулойим эди. Юзига қараб бу одамда бўлган зўр истеъдод зое кетгани билиниб турар, шу билан бирга қўлининг нозик суяклари, кишанланган оёқлари, мускуллари бақувват аъзойи баданининг мутаносиблигига қараб, бунинг нақадар гўзал, кучли, чаққон инсон зоти эканлиги ошкор кўриниб турарди. Бир жонивор сифатида у боя ишдан чиқиб қолгани учун брандмайор қаттиқ аччиғланган бўз отга қараганда беками кўст эди. Аммо унинг тинкасини қуритдилар. Эндиликда биронта одам инсонга эмас, бекордан бекор нобуд бўлган бир иш ҳайвонига ачингандек ҳам ачинмас эди. У ўлиб қолиши билан барча одамларда ўлиги сасиб қолмасдан даф қилиш зарур, деган ташвиш туғилди.

Қабулхонага доктор билан фельдшер ва даҳа полиция бошлиғи кирди. Доктор оқ чесуча пиджак ва мускулдор сонларини таранг қилиб турган, худди пиджаки сингари тор панталон кийган миқти киши эди. Даҳа полиция бошлиғи эса коптокдек юмалоқ қизил юзли, паканагина, хўппасемиз эди. У лунжини тўлдириб ҳаво олиб, кейин аста-секин пуфлаб чиқаришга одатланган, шу сабабдан юзи янада думалоқ кўринарди. Доктор ўлик ётган каравотга ўтирди, фельдшер сингари ўликнинг қўлини ушлаб кўрди, юрагини тинглади-да, панталонини торта-торта ўрнидан турди.

– Аллақачон жони узилибди, – деди у.

Даҳа полиция бошлиғи лунжини тўлдириб ҳаво олди ва аста-секин чиқара бошлади.

– Қайси қалъадан? – деб сўради у конвойдан.

Конвой айтди ва ўликнинг оёғида кишанлари борлигини эслатди.

– Олиб ташлатаман; худога шукур, темирчиларимиз бор, – деди даҳа полиция бошлиғи лунжини тўлдириб. Ҳавони аста чиқариб эшик томон юрди.

– Нега бундай бўлди? – деб сўради Нехлюдов доктордан.

Доктор унга кўзойнак орқали қаради.

– Нега бундай дейсизми? Нега офтоб урган дейсизми? Қиши билан кун кўрмай ҳаракатсиз ўтириб бирдан офтобга, яна шу бугунгидек иссиқ кунда кўчага чиқишган. Бунинг устига тўда-тўда бўлиб, тиқилишиб боришган, кўкрагига шамол тегмаган. Офтоб урган-қўйган.

– Нега чиқаришади бўлмаса?

– Буни ўшаларнинг ўзидан сўрайсиз. Ўзингиз ким бўласиз?

– Шундай, чет киши.

– Шундоғ денг!.. Кечирасиз, вақтим зиқ, – деди доктор ва жаҳл билан панталонини пастга тортиб беморлар каравоти томон кетди.

– Хўш, ишларинг қалай? – деди у бўйни боғланган, оғзи қийшиқ, рангсиз кишига.

Телба ўз каравотида ўтирар, папиросини чекиб бўлиб, зўр бериб доктор томонга тупурарди.

Нехлюдов пастга – ҳовлига тушди-да, ўт ўчирувчиларнинг отлари, товуқлар ва мис шлём кийган соқчи олдидан ўтиб, дарвозадан кўчага чиқди, яна ухлаб қолган извошчини уйғотиб извошга ўтириб, вокзалга жўнади.

XXXVIII

Нехлюдов вокзалга етиб келганда маҳбуслар деразаси панжарали вагонларга жойлашиб олган эдилар. Платформада кузатувчилардан бир неча киши турарди. Уларни вагонларга яқин йўлатишмасди. Айниқса, бугун конвойлар серташвиш эдилар. Авахтадан вокзалга боргунча, Нехлюдов боя кўрганларидан ташқари яна уч киши офтоб уриб ўлган эди: уларнинг бири аввалги икки маҳбус сингари яқинроқдаги миршабхонага элтиб топширилган эди, қолган иккитаси эса шу ерга етганда, вокзалда ўлди116116
  80-йилларнинг бошларида Бутир қалъасидан Нижегород темир йўли вокзалига боргунча, бир кун ичида бешта маҳбус офтоб уриб ўлган (Толстой изоҳи)


[Закрыть]
. Конвойлар, назоратлари остида келаётган, яшаши мумкин бўлган кишиларнинг ўлганига ташвишланаётганлари йўқ эди. Бу уларга таъсир этмас эди. Уларни ташвишлантирган нарса шундай ҳодиса юз берганда қонун талаб қилган қоидаларни ўрнига қўйиш: ўликларни, қоғозлари ва буюмларини тегишли жойга топшириш, уларни Нижнийга олиб бориладиганлар рўйхатидан чиқариш эди. Шундай жазирамада бу иш уларга жуда малол келар эди.

Конвойлар худди шу иш билан банд эдилар. Шу сабабли ишлари битмагунча Нехлюдовни ҳам, бошқа кузатувчиларни ҳам вагонга яқин йўлатмадилар. Лекин ахири Нехлюдовга ижозат бердилар, чунки у конвой унтер-офицерига пул берган эди. Унтер-офицер Нехлюдовни ўтқазиб юборди-ю, лекин бошлиқ кўриб қолмасдан бурун тезроқ гаплашиб қайтиб чиқишни илтимос қилди. Вагонларнинг ҳаммаси ўн саккизта бўлиб, бошлиқларнинг вагонидан бошқаси маҳбуслар билан лиқ тўлган эди. Вагонларнинг деразаси тагидан ўтиб борар экан, Нехлюдов ичкаридаги гапларга қулоқ соларди. Ҳамма вагонларда кишанларнинг жангир-жунгури, шов-шув, бемаъни сўкинишлар ва ғўнғир-ғўнғир гаплашган товушлар эшитиларди-ю, лекин ҳеч қаерда йўлда йиқилиб қолган ўртоқлари ҳақида гапирмас эдилар. Нехлюдов шулар тўғрисида гаплашишади деб кутган эди. Гаплар асосан қоплар, ичиладиган сув ва жой танлаш тўғрисида борар эди. Вагонлардан бирининг деразасидан қараган Нехлюдов ўртадаги йўлакда конвойлар маҳбусларнинг қўл кишанини ечаётганини кўрди. Маҳбуслар қўлларини узатишар, конвойларнинг бири калит билан қўл кишанларининг қулфини очар ва ечиб олар эди. Иккинчиси кишанларни йиғиб оларди. Эркаклар тушган вагонлардан ўтгач, Нехлюдов хотинлар вагонига яқинлашди. Иккинчи вагонда аёл кишининг «Во-о-й! Худойим-ей, во-о-й!» деб йиғлагани эшитилди.

Нехлюдов вагон ёнидан ўтиб кетди-да, конвой кўрсатган учинчи вагон деразаси тагига борди. Нехлюдов бошини деразага яқинлаштириши биланоқ у ердан иссиқ, қўланса тер ҳиди уфурди ва аёлларнинг чувиллаган товушлари эшитилди. Тахта сўриларнинг ҳаммасида терлаб-пишиб, қизариб кетган, халат ҳамда кофта кийган аёллар ўтирар, шанғиллашиб гаплашишарди. Нехлюдов панжарага юзини яқинлаштириши билан уларнинг диққатини ўзига жалб этди. Яқинроқда ўтирганлар жим бўлиб қолдилар ва сурилиб унга яқинроқ келдилар. Кофта кийган бошяланг Маслова рўпарадаги дераза тагида ўтирарди. Ундан берироқда оқ-сариқдан келган Федосья жилмайиб ўтирарди. У Нехлюдовни таниб Масловани туртиб қўйди-да, қўли билан деразани имо қилиб кўрсатди. Маслова сапчиб ўрнидан турди, қора сочли бошига дуррасини ташлади-да, тер босган юзи қип-қизариб, табассум билан дераза олдига келди ва панжарани ушлади.

– Кун жуда исиб кетди-да, – деди Маслова хурсанд бўлиб, жилмайиб.

– Нарсаларни олдингизми?

– Олдим, раҳмат.

– Бошқа яна нима керак? – деб сўради Нехлюдов қизиган вагондан худди тандирдек иссиқ чиқаётганини сезиб.

– Ҳеч нарса керак эмас, раҳмат.

– Сув бўлса ичардик, – деди Федосья.

– Қани энди сув бўлса, – деб такрорлади Маслова.

– Сувларинг йўқми?

– Қўйишган эди-ю, лекин ичиб бўлдик.

– Ҳозир, – деди Нехлюдов, – конвойдан илтимос қилиб кўраман. Энди Нижнийгача кўришмаймиз.

Маслова ўзини билмасликка солиб:

– Сиз ҳам кетяпсизми? – деди Нехлюдовга кулиб боқиб.

– Кейинги поезд билан кетаман.

Маслова ҳеч нима демади, фақат бир лаҳзадан кейин чуқур хўрсинди.

Кекса, дағал маҳбус аёл йўғон товуш билан:

– Ўн иккита маҳбус силласи қуриб йиқилиб ўлибди дейишяпти, ростми, бек? – деб сўради.

Бу Кораблева эди.

– Ўн иккиталигини эшитганим йўқ. Иккитасини кўрдим, – деди Нехлюдов.

– Ўн иккита дейишяпти. Уволи тутмасмикан-а шунча жоннинг? Эҳ, иблислар!

– Хотинлардан ҳеч ким касал бўлиб қолмадими? – деб сўради Нехлюдов.

– Хотинларнинг жони қаттиқроқ, – деди кулиб паканагина маҳбус аёл, – фақат биттасининг шу маҳалда тўлғоғи тутиб қолди. Ана, додлаяпти, – деди у ҳамон инграган овоз эшитилаётган қўшни вагонни кўрсатиб.

– Ҳеч нарса керак эмасми, деяпсиз, – деди Маслова лабини табассумдан зўрға тийиб, – ўша хотинни қолдиришнинг иложи йўқмикан, жуда қийналиб кетди. Бошлиқларга гапириб кўрсангиз эди.

– Хўп, айтаман.

– Яна бир илтимос, анави эри Тарас билан кўриша олмасмикан, – деб қўшиб қўйди у кўзи билан жилмайиб турган Федосьяга имо қилиб, – Тарас сиз билан кетяпти-ку.

Конвой унтер-офицерининг:

– Тақсир, гаплашиш мумкин эмас, – деган овози эшитилди. Бу Нехлюдовни ўтқазиб юборган унтер-офицер эмас эди.

Нехлюдов ўзини четга олди ва туғаётган хотин билан Тарас ҳақида илтимос қилиб кўриш учун конвой бошлиғини қидириб кетди, лекин анчагача излаб топа олмади, конвойлардан ҳам тузукроқ жавоб ололмади. Улар жуда овора бўлиб қолган эдилар: баъзилари қандайдир маҳбусни аллақаёққа олиб борар, бошқалари ўзларига озиқ-овқат сотиб олиш ва юкларини вагонларга жойлаштириш билан машғул эдилар. Яна бировлари конвой офицери билан бирга кетадиган хонимнинг хизматини ўташ билан банд эдилар, шунинг учун Нехлюдовнинг саволига истар-истамас жавоб қайтарардилар.

Нехлюдов конвой офицерини иккинчи қўнғироқдан кейингина учратди. Офицер оғзини ёпиб турган мўйловини калта қўли билан бурар экан, елкасини кўтариб, нимагадир фельдфебелни уришарди.

– Нима демоқчисиз? – деб сўради у Нехлюдовдан.

– Вагонларингиздан бирида бир хотин туғяпти, ўйловдимки…

– Туғса туғаверсин. Туққанидан кейин кўрармиз, – деди конвой офицери калта қўлларини силкита-силкита ўз вагонига ўтиб кетаётиб.

Шу маҳал ҳуштак ушлаган кондуктор ўтиб кетди; сўнгги қўнғироқ, ҳуштак овози эшитилди, платформадаги кузатувчилар орасидан ва хотинлар вагонидан йиғисиғи эшитилди. Нехлюдов платформада Тарас билан ёнма-ён турар ва панжарали деразасидан сочи қирилган эркаклар боши кўринаётган вагонларнинг бирин-кетин ўтишини кузатарди. Кейин аёллар вагони яқинлашди, унинг деразасидан бошяланг ва дурра танғиган хотинларнинг боши кўриниб турарди; ундан кейинги иккинчи вагондан бир аёлнинг фарёди эшитиларди, сўнг Маслова ўтирган учинчи вагон етиб келди. Маслова бошқалар қатори дераза ёнида турар, Нехлюдовга қараб маъюс жилмаярди.

XXXIX

Нехлюдов тушадиган йўловчи поездининг жўнашига икки соат вақт қолган эди. Нехлюдов аввалига шу вақтдан фойдаланиб опасининг олдига бориб келмоқчи бўлди. Лекин энди, эрталабки таассуротлардан кейин у шу қадар ҳаяжонланган, чарчаган эдики, биринчи класс залидаги диванга ўтириб, кутилмаганда уни уйқу босди, нариги ёнига ўгирилиб, кафтини чаккасига тираганича ухлаб қолди.

Фрак кийган, нишон таққан, қўлида сочиқ ушлаган хизматкор уни уйғотди.

– Тақсир, тақсир, Нехлюдов, князь сиз бўласизми? Хоним ойим сизни қидириб юрибдилар.

Нехлюдов кўзларини ишқалай-ишқалай ирғиб ўрнидан турди, қаердалигини, эрталаб нима ҳодисалар бўлганини эслади.

Унинг хотирасида қолган нарса: маҳбусларнинг саф тортиб бориши, ўликлар, панжарали вагонлар, у ерга қамалган – бири докторнинг ёрдамисиз туғолмай қийналаётган, иккинчиси панжара орасидан маъюс боқаётган хотин эди. Ҳақиқатда эса кўз олдида тамомила бошқа нарсалар: шишалар, вазалар, шамдонлар ва идиш-товоқлар билан тўлган столлар, улар атрофида парвона бўлиб юрган эпчил лакейлар намоён эди. Зал ичкарисида, мевалар тўлдирилган ваза билан шишалар терилган шкаф олдидаги буфетчи ва буфетга келган йўловчиларнинг орқалари кўринарди.

Нехлюдов ётган жойидан туриб ўтирар ва аста-аста ўзига келар экан, хонадагиларнинг ҳаммаси эшик олдида бўлаётган алланарсага қизиқиб қараётганларини пайқади. У ҳам ўша ёққа қараб, бир неча одам бошига ҳарир рўмол ёпган аёлни креслоси билан бирга кўтариб кириб келаётганини кўрди. Олдинги хизматкор Нехлюдовга таниш кўринди. Орқа томондагиси ҳам фуражкасига уқа тутилган таниш швейцар эди. Кресло кетидан чарм ғилофга солинган қандайдир юмалоқ нарса ва соябон кўтарган, фартуғ кийган, жингалак соч олифта оқсоч қиз келарди. Ундан кейинроқда эса, қотиб қолган бўйнининг териси халта-халта бўлиб осилган, бошига йўл фуражкаси кийган князь Корчагин кўкрагини кериб келмоқда эди. Ундан кейинроқда – Мисси, амакиваччаси Миша ва Нехлюдовга таниш бўлган бўйни узун, кекирдаги чиққан, ҳамма вақт кайфи чоғ, хушчақчақ дипломат Остен келарди. У жилмайиб келаётган Миссига зўр бериб алланимани ҳазил-мутойиба билан уқдирарди. Уларнинг ортида жаҳл билан папиросини тортиб доктор кириб келмоқда эди.

Корчагинлар шаҳар яқинидаги ер-мулкларидан княгинянинг опасиникига, Нижегород йўли бўйидаги ер-мулкига кўчиб кетишаётган эди.

Кресло кўтарганлар, оқсоч ва доктор аёллар хонасига ўтиб кетди, улар хонадагиларда қизиқиш ҳамда ҳурмат уйғотган эди. Кекса князь эса стол ёнига ўтириб, дарҳол лакейни чақирди ва алланима буюра бошлади. Мисси билан Остен ҳам емакхонада тўхташди ва энди ўтирмоқчи бўлиб туришган эди, эшик олдида таниш аёлни кўриб, унинг олдига боришди. Бу таниш аёл Наталья Ивановна эди. Наталья Ивановна Аграфена Петровна билан бошлашиб, теварак-атрофга аланглай-аланглай емакхонага кириб келди. У Миссини ҳам, укасини ҳам бир вақтнинг ўзида кўриб қолди. Наталья Ивановна аввал Миссининг ёнига борди, Нехлюдовга бош ирғаб қўя қолди, лекин Мисси билан ўпишиб олгач, дарҳол укасига юзланди.

– Ахир топдим-а, – деди у.

Нехлюдов ўрнидан туриб, Мисси, Миша ва Остен билан саломлашди-да, тўхтаб гаплаша бошлади. Мисси қишлоқдаги уйларига ўт тушиб, холалариникига кўчиб кетишга мажбур бўлганларини гапириб берди. Остен шу баҳонада ўт тушиш ҳақида бир латифа айта бошлади.

Нехлюдов Остеннинг гапига қулоқ солмай опасига мурожаат қилиб:

– Келганингга жуда хурсандман, – деди.

– Келганимга анча бўлди, – деди Наталья Ивановна, – Аграфена Петровна икковимиз келдик. – У Аграфена Петровнага имо қилди. Шляпа ва енгил пальто кийган Аграфена Петровна халақит беришни истамай узоқдан туриб тортинчоқлик билан Нехлюдовга мулойимгина таъзим қилди, – сени қидирмаган жойимиз қолмади.

– Мен бу ерда ухлаб қолибман. Келганингга жуда хурсандман, – деб такрорлади Нехлюдов. – Сенга хат ёза бошлаган эдим, – деди у.

– Йўғ-э, – деди Наталья Ивановна чўчиб, – нима деб?

Мисси опа-ука орасида ўзаро суҳбат бошланганини сезиб, йигитлари билан бир чеккага чиқди. Нехлюдов опаси билан дераза ёнидаги духоба диванчага, аллакимнинг юки, катта жун рўмол ва картон қутиси олдига ўтирди.

– Кеча сизларникидан кетганимдан кейин қайтиб бориб узр сўрамоқчи бўлдиму, лекин бунга у қандай қарашини билмадим, – деди Нехлюдов, – эринг билан қўпол муомалада бўлдим, шунинг учун азоб чекдим, – деди у.

– Мен билган эдим, атайлаб қилмаганингга ишончим комил эди, – деди опаси, – ўзинг биласан-ку…

Наталья Ивановна кўзига ёш олди-да, укасининг қўлини ушлади. Гапи мужмал бўлса-да, Нехлюдов уни тўла тушунди ва таъсирланиб кетди. Унинг сўзлари: мен бутун қалбимни эгаллаган муҳаббатдан, яъни эримга бўлган муҳаббатдан қатъи назар, сен укамга бўлган муҳаббатимни муҳим деб биламан ва қадрлайман, сен билан аразлашиш менга оғир азоб беради, деган маънони билдирар эди.

– Раҳмат, раҳмат, сенга… Эҳ, бугун нималарни кўрмадим, – деди у тўсатдан иккинчи ўлган маҳбусни эслаб, – икки маҳбус ўлдирилди.

– Қандай қилиб ўлдирилди?

– Шундай, ўлдирдилар. Шу иссиқда йўлга олиб чиққанлар. Икки маҳбусни офтоб уриб ўлган.

– Йўғ-э? Қандай қилиб? Шу бугун-а? Ҳозир-а?

– Ҳа, ҳозир. Ўликларини ўз кўзим билан кўрдим.

– Нега ўлдиришди? Ким ўлдирди? – деди Наталья Ивановна.

– Уларни зўрлаб йўлга олиб чиққанлар ўлдиришди, – деди ғижиниб Нехлюдов опасининг бу масалага ҳам эрининг кўзи билан қараётганини ҳис этиб.

– Оҳ, Парвардигори олам! – деди яқин келган Аграфена Петровна.

Нехлюдов стол ёнида кўкрагига салфетка боғлаб, крюшон ичиб ўтирган, шу тобда унга ўгирилиб қараган кекса князга:

– Ҳа, шу бахти қароларнинг бошига келган фалокатлардан бехабармиз, аммо буни билиб қўйиш керак, – деб қўшиб қўйди.

– Нехлюдов! – деб қичқирди князь. – Муздаккина крюшон ичиб оласизми? Йўлга жуда яхши-да!

Нехлюдов унинг таклифини рад қилди, юзини ўгирди.

– Хўш, энди нима қиласан? – деб гапини давом эттирди Наталья Ивановна.

– Қўлимдан нима келишини ўзим билмайману, лекин бир нима қилишим кераклигини ҳис этиб турибман. Нимагаки қодир бўлсам, ҳаммасини қиламан.

– Ҳа, ҳа, тушунаман. Мана буларни-чи, – деди опаси жилмайиб, кўзи билан Корчагинни имо қилиб, – наҳотки у билан алоқангни узган бўлсанг?

– Тамоман, ўйлайманки, иккала томон ҳам таассуф қилмайди.

– Афсус, афсус. Мен қизни яхши кўраман. Ҳай, майли, айтганингдек бўлсин. Лекин сен анави билан нега ўзингни боғламоқчисан? – деб қўшиб қўйди у қўрқибгина. – Нега кетяпсан?

– Шундай қилишим керак, шунинг учун ҳам кетяпман, – деди Нехлюдов гапни тамом қилишни истагандек қуруққина.

Аммо опасига бундай совуқ муомала қилганига ўзи уялиб кетди. «Бутун ниятимни унга айтсам нима бўлади? – деб ўйлади у. – Майли, Аграфена Петровна ҳам эшитса эшита қолсин», – деди у ўзига ўзи кекса оқсочга қарар экан. Аграфена Петровнанинг шу ерда туриши ўзининг қандай қарорга келганини опасига айтишга даъват этарди.

– Катюшага уйланмоқчи бўлганимни айтяпсанми? Мен-ку, уйланмоқчи эдим-а, аммо Катюша қатъиян рад қиляпти, – деди Нехлюдов; унинг овози титраб кетди, у қачонки шу тўғрида гапирса ҳамиша овози титраб кетарди, – у менинг қурбон беришимни истамайди-ю, ўзининг шу аҳволда бўлишига қарамай, кўп нарсадан воз кечаётир. Унинг бир дақиқа жафо чекишига ҳам кўнмайман. Мана, энди кетидан кетяпман, қаерга борса шу ерга бораман, қўлимдан келганича қисматини енгиллатишга ҳаракат қиламан.

Наталья Ивановна ҳеч нарса демади. Аграфена Петровнага, Наталья Ивановнага савол назари билан қарар ва бошини чайқарди. Шу маҳал аёллар хонасидан бояги кириб кетганлар чиқиб қолишди. Бояги чиройли лакей Филипп билан швейцар княгиняни кўтариб чиқиб келишарди. Княгиня уларни тўхтатди, Нехлюдовни имлаб чақирди, қўша-қўша узуклар тақилган оппоқ қўлини унга узатди. У қўлимни қаттиқ қисар деб ўйлаб, юраги орқасига тортиб кетган эди.

– Eрouvantable!117117
  Даҳшат! (франц.)


[Закрыть]
– деди княгиня куннинг исиб кетганига ишора қилиб, – мен бунга чидолмайман. Се climat me tue.118118
  Бу ҳаво мени ўлдиради (франц.)


[Закрыть]
– Рус иқлимининг кескинлиги ҳақида гапириб, Нехлюдовни ўзлариникига келишни таклиф этди-да, княгиня хизматкорларига имо қилди, – албатта келинг, – деб қўшиб қўйди у йўл-йўлакай чўзинчоқ юзини Нехлюдовга ўгириб.

Нехлюдов платформага чиқди. Княгиняни кўтарган одамлар ўнгга, биринчи класс томонга юрди. Нехлюдов юкини кўтарган артелчи ва ўз қопини орқалаган Тарас билан чапга бурилди.

– Мана бу менинг йўлдошим, – деди Нехлюдов опасига Тарасни кўрсатиб. У Тараснинг бошига тушган воқеани олдин гапириб берган эди.

Нехлюдовнинг учинчи класс вагони рўпарасида тўхтаганини, юк кўтарган артелчи билан Тараснинг ўша ёққа кириб кетганини кўрган Наталья Ивановна:

– Наҳотки учинчи классдан жой олсанг? – деб сўради.

– Шу ер қулайроқ, Тарас икковимиз бирга кетамиз, – деди Нехлюдов. – Ҳа, айтмоқчи, – деб қўшиб қўйди у. – Кузминскоедаги ерни ҳанузгача деҳқонларга берганим йўқ, мабодо ўлиб кетсам, болаларингга мерос бўлиб қолади.

– Дмитрий, гапирма, – деди Наталья Ивановна.

– Агар бериб юборган тақдиримда ҳам, шуни айтишим мумкинки, бутун қолган нарсам болаларингники бўлади. Негаки, уйланишим даргумон, мабодо уйлангудек бўлсам ҳам, болам бўлмайди… ҳар нечук…

– Дмитрий, қўй, бунақа гапларни гапирма, – дерди Наталья Ивановна. Аммо Нехлюдов унинг бу сўзларни мамнуният билан тинглаётганини кўриб турарди.

Олдинда, биринчи класс вагони олдида тўпланган бир гуруҳ одам княгиня Корчагина олиб кирилган вагонга қараб туришарди. Қолган одамлар жой-жойини эгаллаган эди. Кечикиб қолган йўловчилар платформа тахталарини тарақлатиб югуриб ўтар, кондукторлар эшикларини тарақ-туруқ ёпиб, жўнайдиганларни вагонга чиқишга, кузатувчиларни чиқиб кетишга даъват қиларди.

Нехлюдов офтобда туриб исиб кетган сассиқ вагонга кирди-ю, дарҳол тормозга қайтиб чиқди.

Сўнгги урфдаги шляпа кийган, елкасига накидка ташлаган Наталья Ивановна вагон рўпарасида Аграфена Петровна ёнида турар ва нима тўғрисида гапиришини билолмай гаранг эди. Ҳозир ҳатто… Хат ёзиб туринг, деб ҳам бўлмайди. Чунки жўнаб кетувчилар айтадиган одатдаги бу сўзни опа-ука аллақачонлардан буён мазах қилиб юришарди. Мол-дунё ва меросхўрлик ҳақидаги бояги қисқа суҳбат, опа-ука ўртасида ҳосил бўла бошлаган меҳрибонлик, биродарлик муносабатларини дарҳол барбод қилиб юборган эди. Улар энди ўзларини бегонадек ҳис этардилар. Шунинг учун ҳам, поезд ўрнидан қўзғалганда Наталья Ивановна ҳатто қувонди ҳам, чунки энди, хомуш бўлиб бош лиқиллатиб, мулойим товуш билан: «Хайр, хайр энди, Дмитрий!» деб туриш мумкин эди. Вагон сал нари кетиши билан эса у укаси иккови ўртасидаги суҳбатни эрига қандай қилиб айтиш ҳақида ўйлай бошлади-ю, қиёфаси жиддий ва ташвишли тус олди.

Нехлюдов ҳам, опасига фақат яхшиликни раво кўргани ва ундан ҳеч нарсани яширмаганига қарамай, ҳозир унинг олдида ўзини қандайдир ўнғайсиз ҳис этар, унинг олдидан тезроқ жўнаб кетишни истар эди. Энди опасининг бир вақтлар ўзига жуда яқин бўлган Наташа эмаслигини, ўзига тамомила ёт ва нохуш бўлган сержун эрнинг қули эканини ҳис этарди. Нехлюдов буни, унинг эрини қизиқтирадиган масала ҳақида, – ерни деҳқонларга бериш, мерос ҳақида гап очганида опасининг юзи айниқса жонланиб кетганидан очиқ-равшан кўриб олган эди. Бу унга жуда оғир ботди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации