Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ИККИНЧИ ҚИСМ

I

Икки ҳафтадан кейин иш сенатда кўрилиши мумкин эди; Нехлюдов шунгача Петербургга етиб бормоқчи, иш муваффақиятсиз чиқиб қолган тақдирда, шикоятнома ёзиб берган адвокатнинг маслаҳатига кўра, подшо номига ариза бермоқчи эди. Ариза оқибатсиз қолдирилган тақдирда (адвокатнинг фикрича, суд ҳукмини бекор қилиш учун келтирилган далиллар кучсиз бўлганлиги сабабли, аризанинг оқибатсиз қолишига ҳам тайёр бўлиш керак эди), бир гуруҳ каторгачилар, жумладан, Маслова ҳам, июннинг бошларида йўлга чиқиши керак эди. Нехлюдов Маслова кетидан Сибирга жўнаб кетишга жазм қилди. Шундай қилиб, Сибирга жўнаб кетиш учун тайёргарлик кўриш, ишни бир ёқлик қилиб келиш учун ҳозироқ қишлоқларга бориб келиш лозим эди.

Нехлюдов энг аввал, ҳаммадан яқин, қора тупроқ Кузминское қишлоғига жўнади. Бу ердан у катта даромад олиб турарди. Нехлюдов болалик ва ўспиринлик чоғларида шу қишлоқда яшаган, балоғатга етгандан кейин икки марта борган эди. Кейин бир марта онасининг илтимосига кўра у ерга немис бошқарувчини олиб борган, у билан бирга хўжаликни текширган эди. Шундай қилиб, у ер-мулкнинг қай аҳволда эканини, деҳқонларнинг конторага, яъни ер эгасига муносабати қанақалигини кўпдан бери биларди. Деҳқонларнинг ер эгасига муносабати шундай эдики, юмшоқ қилиб айтганда, улар ер эгасига тамомила муте бўлиб қолган, соддагина қилиб айтилса, конторанинг қули эдилар. Бу – 61 йилда бекор қилинган қуллик эмас, маълум шахсларнинг хўжайинга тобелиги эмас, балки барча ерсиз ёки кам ерли деҳқонларнинг, умуман ва асосан катта ер эгаларига, баъзан эса қайси катта ер эгасининг мулкида яшаса ўшанга муте қилиб қўядиган умумий қуллик эди. Нехлюдов буни биларди, билмай иложи йўқ эди. Нега деганда, бутун хўжалик ана шу қулликка асосланган бўлиб, Нехлюдов шу хўжаликни йўлга қўйишда иштирок этган эди. Нехлюдовнинг буни билгани ҳам майли-я, у бунинг адолатсизлигини талабалик вақтида фаҳмлаган эди, ўшанда Генри Жоржнинг таълимотини ўқиб-ўрганиб, шуни тарғиб килган, шу таълимотга асосан, отасининг ерини деҳқонларга бўлиб берганди; бундан эллик йил муқаддам крепостной тутиш қандай гуноҳ бўлса, бизнинг замонамизда ҳам ерга хусусий эгалик қилиш шундай гуноҳ деб ҳисобларди. Рост, ҳарбий хизматдан сўнг ҳар йили йигирма минг сўмча пул харажат қилишга ўрганиб қолганидан кейин, мана шу билимларининг ҳаммаси унинг ҳаёти учун заруратини йўқотди, унутилди. Шундай қилиб, у ўзининг хусусий мулкчиликка муносабати ҳақида, онаси бериб турган пулларнинг қаердан келаётгани тўғрисида ўзига ўзи савол бериш у ёқда турсин, бу ҳақда ҳатто ўйламасликка ҳаракат қиларди. Лекин онасининг ўлими, мерос ва мулкнинг унинг ихтиёрига ўтиши яна ерга хусусий эгаликка қандай муносабатда бўлиш керак, деган масалани олдига кўндаланг қилиб қўйди. Бундан бир ой муқаддам Нехлюдов мавжуд бўлган тартибни ўзгартириш қўлимдан келмайди, ер-мулкни бошқараётган мен эмасман-ку, – деб ўзини овутар, ер-мулкдан узоқда яшаб, тинчгина пул олиб ётарди. Энди у, Сибирга жўнаб кетиш ҳамда қамоқхоналар дунёси билан алоқада бўлиб туриш каби мураккаб ва оғир ишлар учун пул жуда зарур бўлишини била туриб, ишни аввалги аҳволда қолдира олмаслигини ҳис этди ва ўзининг зиёнига бўлса ҳам уни ўзгартиришга аҳд қилди. Бунинг учун эса ерни ўзи ишлатмасдан, арзон баҳо билан деҳқонларга ўтказиб, уларни ер эгаларига қарам бўлишдан қутқармоқчи бўлди. Нехлюдов кўпинча ер эгасининг тутган ўрнини крепостной эгаларининг тутган ўрни билан таққослаб, ерни мардикор солиб ишлатиш ўрнига деҳқонларга бўлиб беришни, деҳқонларнинг баршчинадан оброкка ўтказилишига ўхшатарди. Бу билан масала ҳал этилмаса-да, лекин бу масаланинг ҳал этилиши учун ташланган бир қадам эди: бу зўравонликнинг жуда қўпол шаклидан унчалик қўпол бўлмаган шаклига ўтиш эди. Нехлюдов шундай қилишга аҳд қилди.

Нехлюдов Кузминскоега тушга яқин етиб келди. Содда яшашга уриниб телеграмма ҳам бермади, станциядан кичкинагина соябон извош олиб йўлга тушди. Извошчи дағал ип газламадан тикилган белбурма камзул кийган ёшгина йигит эди. Камзулининг белидан пастида, бурмалари устидан белбоғ боғлаган бу йигит почта аравачилари сингари яккакифт бўлиб ўтириб олиб, бек билан ҳангамалашаркан, кўпдан бери секин юргиси келаётган, ҳолдан тойган чўлоқ оқ от билан қорни ичига кириб кетган, силласи қуриган шатакчи от қадамларини секинлатиб, аста юра бошлади.

Хўжайинни олиб бораётганидан бехабар бўлган извошчи Кузминскоедаги бошқарувчи ҳақида ҳикоя қиларди. Нехлюдов ҳам атайлаб ўзининг ким эканлигини билдирмади.

– Ғалати немис, – дерди шаҳарда яшаб, романлар ўқиган извошчи. У Нехлюдовга ўгирилиб, узун қамчининг гоҳ учидан, гоҳ ўртасидан ушлаб, ўзини билимдон қилиб кўрсатишга уриниб, гапини давом эттирди, – учта саман от қўшилган извош сотволди, хотинини ёнига ўтқазиб йўлга чиқса – оғзинг очилади-қолади! Қишда, рождествода, катта уйда арча байрами ўтказди, ўшандаям меҳмон ташиган эдим, арчасига электр чироқлар осилган. Губернияда бунақасини кўриб бўпсиз! Пулниям тўплаган экан. Ундан нима кетди. Ўзи хон – ўзи бек. Яхши ер-мулк сотиб олибди дейишяпти.

Нехлюдов немис бошқарувчи ер-мулкни қандай идора этаётгани, қанақа фойда кўраётгани билан ишим йўқ деб ўйларди. Лекин хипча бел извошчининг ҳикояси кўнглини ғаш қилди. Нехлюдов баъзан қуёшни тўсиб олаётган булутларни, мужиклар сўқа билан қайтадан ҳайдаётган лалмикор далаларни, тепасида тўрғайлар учиб юрган кўкаламзорларни, дарахтларнинг ҳаммаси куртак ёзган ўрмонларни (кеч кўкарадиган эманларгина барг ёзмаган эди), пода ва йилқилар ёйилиб юрган ўтлоқларни, қўшчиларни, далаларни завқ билан томоша қилар экан, қандайдир бир кўнгилсиз нарса содир бўлгани эсига тушиб кетар ва ўзидан ўша нарса нима эди-я, – деб сўрарди. Ўша кўнгилсиз нарса извошчининг Кузминскоеда немис қандай хўжайинлик қилаётгани ҳақидаги ҳикояси эди.

Кузминскоега бориб, ишлар билан овора бўлиб кетган Нехлюдов бу ҳақда унутди.

Контора дафтарларини кўриб чиққач ва деҳқонларнинг ери камлиги, ерлари хўжайиннинг ерлари орасида бўлиши фойдали эканини соддадиллик билан уқдираётган бошқарувчининг сўзидан кейин Нехлюдов хўжалигини тарқатиб, ернинг ҳаммасини деҳқонларга бўлиб бериш тўғрисидаги ниятини амалга оширишга аҳд қилди. Идора ҳисоб-китобидан ва бошқарувчининг гапидан Нехлюдов энг яхши экин майдонининг учдан икки қисми қароллар томонидан такомиллашган қуроллар билан экилаётганини, қолган учинчи қисмини ҳар ботмонига беш сўмдан бериб, деҳқонларни ёллаб ишлатаётганини билди. Деҳқон ана шу оладиган беш сўми эвазига уч марта ер ҳайдаб, уч марта молалаб экин экишга, кейин ўриб олиб боғлашга ёки ғарамлашга, яъни эркин ва арзон мардикор ёллаган пайтда камида ҳар ботмонига ўн сўмдан тўланадиган ишни бажаришга мажбур эди. Деҳқонлар конторадан оладиган ҳар бир нарса учун ўз меҳнатлари билан жуда қиммат ҳақ тўлардилар. Улар ўтлоқлар учун ҳам, хас-хашак учун ҳам, картошка поялари учун ҳам ишлаб беришарди-ю, шунга қарамай, деярли ҳаммалари конторадан қарздор эдилар. Шундай қилиб, ҳар ботмон ер беш фоиз фойда келтиради деб ҳисобланса, шу баҳодаги ер деҳқонларни ёллаб ишлатилган тақдирда тўрт марта ортиқ фойда келтирарди.

Мана шуларнинг ҳаммасини Нехлюдов илгари ҳам биларди-ю, лекин ҳозир у, буни гўё биринчи марта пайқагандек бўлди ҳамда шу маҳалгача ўзи ва ўзига ўхшаган одамлар бу аҳволнинг нотўғрилигини қандай кўрмай келганларига ҳайрон қолди. Бошқарувчининг ер деҳқонларга берилган тақдирда асбоб-ускуналар нестнобуд бўлиб кетиши, уни ўз нархининг учдан бирига ҳам сотиб бўлмаслигини, деҳқонлар ернинг расвосини чиқариб ташлашларини, бу тарзда ерни бериб юборган тақдирда Нехлюдов кўп нарсани бой беришини айтиб, келтирган далиллари Нехлюдовнинг деҳқонларга ерни бериб, катта даромаддан воз кечиб, яхши иш қилаётганини тасдиқларди. Нехлюдов бу ишни ҳозирнинг ўзида, шу сафар бир ёқлик қилишга қарор қилди. Экилган буғдойни йиғиштириб сотиш, асбоб-ускуналарни, кераксиз иморатларни сотиш каби ишларни у кетганидан кейин бошқарувчининг ўзи бажариши керак эди. Ҳозир у бошқарувчидан эртаси куни Кузминское атрофидаги уч қишлоқ деҳқонларини тўплашни илтимос қилди. Нехлюдов уларга мақсадини айтмоқчи ва бериладиган ернинг баҳосини гаплашиб олмоқчи эди.

Бошқарувчи келтирган далилларга қарши қаттиқ туриб олганидан, деҳқонлар учун ўз фойдасидан кечаётгани учун хурсанд бўлган Нехлюдов идорадан чиқди, қиладиган ишлари устида бош қотириб уй атрофини айланиб ўтди, бу йил қаровсиз қолган гулзорда (бошқарувчи турган уйнинг рўпарасидан гулзор очилган эди), талҳа босиб кетган lawn tennis, арғувон ўсган хиёбонда кезди. Нехлюдов илгарилари шу хиёбонга чиқиб сигара чекарди, бундан уч йил муқаддам онасиникида меҳмон бўлиб турган Киримова деган чиройли жувон шу ерда унга нозу ишва қилган эди. Нехлюдов эртага деҳқонларга айтадиган гапини қисқагина ўйлаб чиқди-да, бошқарувчининг олдига борди, у билан чой ичиб ўтириб, хўжаликни қандай қилиб тарқатиш ҳақида яна бир карра маслаҳатлашди, бу томондан кўнгли тинчигандан кейин катта уйда ўзига тайёрлаб қўйилган хонага кирди, бу катта уй илгари меҳмонларни қабул қилиш учун ажратилган эди.

Венеция манзараларини тасвирловчи суратлар осилган, икки деразанинг ўртасига ойна ўрнатилган кичкинагина озода хонада пружиналик тоза каравот ҳамда сув солинган графин, гугурт ва устига чироқ қўйилган столча бор эди. Ойна олдидаги катта столда қопқоғи очиқ жомадон турар, унинг ичида безак қутиси ва ўзи билан олиб келган китоблари кўринарди. Китобларнинг бири рус тилидаги: «Жиноят қонунларини текшириш тажрибалари» бўлиб, худди шу мавзуда битта немисча ва битта инглизча китоб бор эди. Нехлюдов бу китобларни қишлоқларни кезиб юрган пайтида, бўш қолган дақиқаларда ўқимоқчи бўлди-ю, лекин бугун ўқишга вақти йўқ эди. Эртага деҳқонлар билан гаплашишга барвақт туриб тайёрланиш учун, ётиб ухламоқчи бўлди.

Хонанинг бир бурчагида қизил ёғочдан садаф ва суяк қадаб ишланган қадимий кресло турарди. Нехлюдов бу кресло онасининг ётоғида турганини эслади. Шу креслонинг кўриниши Нехлюдовнинг кўнглида бутунлай кутилмаган туйғуларни уйғотди. Нехлюдов тўсатдан вайронага айланиб кетадиган уйига, қаровсиз қоладиган боғчага, кесилиб кетадиган ўрмонга, барча молхоналар, отхоналар, асбоб-ускуна омборлари, машиналар, отлар, сигирларга ачиниб кетди. Бу нарсалар унинг кучи билан бунёдга келмаган бўлса-да, лекин катта қийинчиликлар билан (у буни яхши биларди) бунёдга келтирилиб сақланиб келаётган эди. Илгари у мана шуларнинг ҳаммасидан осонгина воз кечаман деб ўйларди, лекин ҳозир фақат шуларгагина эмас, ерга ҳам, эндиликда жуда зарур бўлган даромаднинг ярмига ҳам жуда ачинарди. Шу заҳоти янги хаёллар уни чулғаб олган эди. Бу мулоҳазаларга қараганда, ерни деҳқонларга бериш ва хўжаликни тарқатиб юбориш нотўғри ва нотайин иш эди.

«Ерга эга бўлмаслигим керак. Ерим бўлмаса шу катта хўжаликни бошқара олмайман. Ундан ташқари, яқинда Сибирга жўнаб кетаман. Шундай бўлгандан кейин менга уй ҳам, ер-мулк ҳам керак эмас», – деярди бир товуш: «Шундайликка шундайку-я, – деярди иккинчи товуш, – лекин биринчидан, сен бутун умрингни Сибирда ўтказмайсан-ку. Агар уйлангудек бўлсанг, бола кўришинг мумкин. Ер-мулкни қандай олган бўлсанг, болаларингга ҳам шу ҳолича топширишинг керак. Ерга нисбатан бўйнимизда бурчимиз бор. Ҳамма нарсани таркана қилиш, нест-нобуд қилиш жуда осон, бир нарса орттириш эса амримаҳол. Энг муҳими – қандай ҳаёт кечиришингни бир ўйлаб чиқишинг, ўз тақдиринг хусусида бир қарорга келишинг керак. Шунга қараб мулкингни нима қилиш ҳақида буйруқ берасан. Шу қарорингда қатъий турасанми? Шу қилаётган ишингни виждонан тўғри қиляпман деб ўйлайсанми ёки одамлар кўзини бўяш, улар олдида мақтаниш учун қиляпсанми?» деб сўрарди Нехлюдов ўзидан. У одамларнинг ўзи тўғрида нима деб гапириши унинг қарорига таъсир этмаган дея олмас эди. У ўйлаган сари турли саволлар туғилар, борган сари уларнинг ҳал этилиши оғирлашарди. Нехлюдов шу саволлардан қутулмоқчи, эрталаб, соф калла билан чувалган калаванинг учини топиш учун озодагина ўрнига ётиб ухламоқчи бўлди. Лекин анчагача ухлай олмади, очиқ деразадан соф ҳаво ва ой нурлари билан биргаликда узоқда, паркда чахчахлаб сайраган булбулларнинг товуши, қурбақаларнинг қуриллашлари ҳам кирарди. Битта булбул яқингинада – дераза тагидаги очилиб ётган сирень шохида сайрарди. Булбуллар ва қурбақаларнинг сайрашини тингларкан, Нехлюдов турма мутасаддисининг қизи чалган мусиқани эслади, мутасаддини эслагач, Маслова эсига тушди. «Мени ўз ҳолимга қўйинг» деганида унинг лаблари қуриллаган қурбақаларнинг лабидек титрар эди. Кейин немис бошқарувчи қурбақалар қуриллаётган жарга туша бошлади. Уни тўхтатиб қолиш керак эди. Лекин у тушиши биланоқ Масловага айланди: «Мен каторгачиман, сиз эса князсиз» деб унга таъна қила бошлади. «Йўқ, бўш келмайман», – деб ўйлади Нехлюдов; уйғониб кетиб ўзидан сўрай бошлади: «Хўш, қилаётган ишим яхшими ёки ёмонми? Билмайман, менга барибир. Барибир. Ҳозир ухлаш керак, фақат». Шундай қилиб, унинг ўзи ҳам бошқарувчи билан Маслова тушиб кетган жойга туша бошлади, ҳаммаси ўша ерда тамом бўлди.

II

Эртасига Нехлюдов эрталаб соат тўққизларда уйғонди. Бекнинг хизматини ўтаб турган контора хизматчиси бўлган йигит, унинг уйғонганини билиб, ҳеч қачон бу қадар ялтирамаган ботинкаси билан муздек тиниқ булоқ суви олиб келди ва деҳқонларнинг тўпланаётганини айтди. Нехлюдов ҳушёр тортиб ирғиб ўрнидан турди. Кеча кечаси, ерни улашиб хўжаликни вайрон қилаётганига ачиниш ҳиссидан заррача асар қолмаган эди. Ҳозир у кеча ўйлаган нарсаларини эслаб ҳайрон бўларди. Ҳозир у қилиши лозим бўлган ишдан севинар, беихтиёр фахрланарди. Ўтирган уйнинг деразасидан талҳа ўсган lawn tennis майдончаси кўриниб турарди. Бошқарувчининг гапи билан деҳқонлар шу ерда тўпланмоқда эдилар. Қурбақаларнинг кечқурундан бошлаб қуриллаши бежиз эмасди. Ҳаво булут эди. Эрталабдан бошлаб илиққина ёмғир бир текис ёғиб турар, баргларда, новдаларда, кўкатларда ёмғир томчилари ялтирарди. Деразадан кўкатлар ҳидидан ташқари ёмғирсираб ётган ер иси келарди. Нехлюдов кийина туриб бир неча бор деразадан қараб, деҳқонларнинг майдонга тўпланишаётганини кузатиб турди. Улар бирин-кетин келишар, бир-бирлари билан саломлашиб шапка ва қалпоқларини олишар, таёқларига таяниб давра қуриб туришарди. Кўк қотирма ёқалик, каттакон тугма қадалган калта пиджак кийган, миқтидан келган, мускулдор, бақувват бошқарувчи йигит келиб ҳамма тўпланганини билдирди, лекин сиз аввал бориб қаҳва ёки чой ичиб олинг, қаҳва ҳам, чой ҳам тайёр, деҳқонлар кутиб туриши мумкин, деди.

– Йўқ, яхшиси олдин уларнинг олдига чиқа қолай, – деди Нехлюдов. У деҳқонлар билан гаплашиш керак деб ўйлаши билан кутилмаганда хижолат тортиб, юраги пўкиллай бошлади.

У деҳқонларнинг рўёбга чиқишига ақли бовар қилмаган истакларини бажо келтириш, уларга арзон баҳога ерини бериш, яъни уларга яхшилик қилиш учун борарди-ю, лекин негадир уяларди. Нехлюдов тўпланган деҳқонлар ёнига борганда шапкалар олиниб, малла, қўнғироқ, тепакал, сочлари оппоқ бошлар яланг бўлганда у шундай хижолат тортдики, анчагача ҳеч нарса дея олмади. Ёмғир ҳамон майдалаб ёғар, унинг томчилари деҳқонларнинг соч-соқолларига, чакмонларининг тукларига ёпишарди. Деҳқонлар нима дер экан, деб бекка тикилганларича кутишар, у эса шундай хижолат тортган эдики, лом-мим дея олмас эди. Хижолатпазлик орқасида ўртага тушган жимликни ўзини рус мужигини яхши билувчи деб ҳисоблаган, рус тилини сувдек ичиб юборган, кеккайган немис-бошқарувчи бузди. Худди Нехлюдов сингари бақувват, семиз бу киши, ориқ юзлари бужмайган ва чакмонининг тагидан ориқ курак суяклари туртиб чиққан деҳқонларнинг тамомила акси эди.

– Мана, князь сизларга яхшилик қилмоқчилар – ер бермоқчилар, лекин сизлар бундай илтифотга муносиб эмассизлар, – деди бошқарувчи.

– Нега муносиб эмас эканмиз, Василий Карлич, сенинг хизматингни қилмаганмизми? Биз раҳматлик бека ойимдан мингдан-минг миннатдормиз, жойлари жаннатда бўлсин, ёш князимизга ҳам кўп раҳмат, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймаяптилар, – деб гап бошлади гапдон малла мужик.

– Мен сизларни, агар истасанглар, бутун еримни бераман деб чақиртирдим, – деди Нехлюдов.

Мужиклар унинг гапига тушунмагандек ёки ишонмагандек индамас эдилар.

– Нима мақсадда ер бермоқчисиз? – деди белбурма камзул кийган ўрта яшар мужик.

– Ижарага бермоқчиман, арзон баҳо билан олиб фойдаланинглар, демоқчиман.

– Жуда соз иш, – деди бир чол.

– Фақат баҳоси қурбимиз етадиган даражада бўлса, – деди бошқаси.

– Ер бўлади-ю, олмаймизми!

– Бизнинг касб-коримиз маълум, тирикчилигимиз ер билан ўтади!

– Ўзингизга ҳам тинч, пулингизни санаб олаверасиз, бўлмасам жуда машмашаси кўпайиб кетди, – деган овозлар эшитилди.

– Ўзларинг гуноҳкор, – деди немис, – сизлар бўйин товламай ишлаб, тартибни бузмасаларинг…

– Ҳамма балога биз гирифтор эканмиз-да, Василий Карлич, – деди қиррабурун ориқ чол. – Нега отингни буғдойзорга қўйиб юбординг дейсан. Ким қўйиб юборибди уни: мен бўлсам эртаю кеч, уззукун буғдой ўриб ўлгудай чарчайман. Кўзимни уйқу элитди дегунча қарабсанки, у қурғур сулига уриб кетибди. Сен бўлсанг менинг теримни шиласан.

– Бўлмаса тартиб сақланглар.

Қора сочли, ҳамма ёғини тук босган, ўрта яшар новча мужик эътироз билдирди:

– Тартиб, тартиб деб оғиз кўпиртириш осон, унга ҳам куч керакми?

– Тўсиб олинглар, демабмидим ахир.

– Аввал ёғоч бер-да, – деб сўзга аралашди орқа томондан кичкинагина, хунуккина мужик. – Ёзда тўсиб олмоқчи бўлган эдим, ўзинг уч ой қамаб, битга ем қилиб қўйдинг-ку. Қандай қилиб тўсаман.

– У нима деяпти? – деб сўради Нехлюдов бошқарувчидан.

– Der crste Dieb im Dorfe,6868
  Қишлоқдаги биринчи ўғри (нем.)


[Закрыть]
– деди бошқарувчи немис тилида, – ҳар йили ўрмонда қўлга тушарди. Ундан кўра бировнинг мулкини қадрлашни ўрган, – деди бошқарувчи.

– Ҳа, сени қадрламаяпмизми? – деди чол, – сени қадрламай иложимиз йўқ, нимага деганингда, сенга муҳтожмиз, сен бизни ноғорангга ўйнатасан.

– Э, оғайнилар, сизларни хафа қилиб бўладими; ишқилиб ўзларинг хафа қилмасаларинг бас.

– Сен бўласану хафа қилмайсанми! Ёзда оғзи-бурнимни қоп-қора қон қилдинг-ку. Бойлар билан тенг келиб бўлармиди.

– Сен ҳам қонунга қараб иш қил-да.

Даҳанаки жанг бошланиб кетди. Бунда иштирок этувчилар нимани ва нима учун гапираётганларини ўзлари ҳам яхши тушунишмасди. Фақат бир тарафнинг бутун ғазабини қўрқув ҳисси тутиб турар, иккинчи тараф эса ўзининг устунлиги, ҳукмронлигини сезарди. Буларни тинглаб туриш Нехлюдов учун оғир туюлди. Шунинг учун ҳам у ишга кўчишга, баҳо қўйиш ва тўлов муддатларини белгилашга ҳаракат қилди.

– Хўш, ер хусусида нима дейсизлар? Ер олишни хоҳлайсизларми? Агар ернинг ҳаммасини берадиган бўлсам, қандай баҳо қўясизлар?

– Мол сизники, баҳони ўзингиз қўйинг.

Нехлюдов нархини айтди. Нехлюдов қўйган баҳо теварак-атрофдагилар тўлаб юрган баҳодан анча паст бўлишига қарамай, мужиклар ҳар вақтдагидай, баҳони қиммат деб топиб қийиша бошладилар. Нехлюдов бу таклифни мужиклар жон деб қарши олишади, деб ўйлаган эди, лекин ҳеч кимнинг мамнун бўлгани сезилмади. Ерни бутун жамоа оладими ёки ширкат оладими деган масала кўтарилганда, вақтида пул тўлашга қодир бўлмаган камбағал деҳқонларни шерик қилиб олишни истамаган деҳқонлар билан шерикликдан чиқарилаётган деҳқонлар ўртасида қаттиқ тортишув бошланиб кетди. Нехлюдов қилган таклифи уларга фойдали эканини фақат шундагина билди. Ниҳоят, бошқарувчининг ёрдами билан баҳо белгиланди, тўлаш муддати аниқланди, деҳқонлар ғўнғир-ғўнғир гаплашиб тепалик ён бағридаги қишлоқларига қайтишди, Нехлюдов эса бошқарувчи билан биргаликда шартнома лойиҳасини тузиш учун идорага қараб кетди.

Ҳаммаси Нехлюдовнинг кўнглидагидай, кутганидай бўлиб чиқди: деҳқонлар теварак-атрофдагига қараганда ўттиз фоизга яқин арзон баҳо билан ер олдилар. Нехлюдовнинг ердан оладиган даромади ярим баравар камайди, аммо шунга қарамай, сотилган ўрмон ва сотиладиган асбоб-анжомлар пули қўшилгандан кейин Нехлюдовнинг даромади ўзига етиб-ортарди. Назарида, ҳамма иш жойида эди-ю, лекин негадир Нехлюдов доим хижолат тортарди. У деҳқонларнинг баъзилари унга миннатдорчилик билдиргани билан, асосан улар норизо эканликларини, бундан ҳам бошқача илтифот кутганларини сезиб турарди. Бундан чиқди, у кўп нарсадан воз кечди-ю, лекин деҳқонларни кутганларидек қаноатлантира олмади.

Эртасига хомаки шартлар имзоланди. Нехлюдовни чоллар кузатиб чиққан эдилар. У қандайдир иши чала қолгандек кўнгли ғаш бўлиб, станциядан келган извошчининг сўзи билан айтганда, бошқарувчининг уч от қўшилган ҳашаматли извошига ўтирди, ҳайрон бўлиб, норозилик билан бош чайқаб қолган мужиклар билан хайрлашиб, станцияга жўнаб кетди. Нехлюдов ўзидан норози эди. Нима учун норозилигини ўзи билмас, бироқ ҳамма вақт маъюс, нимадандир уяларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации