Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 20

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
III

Кузминскоедан чиққандан кейин Нехлюдов аммаларидан мерос бўлиб қолган – Катюша билан танишган ер-мулкка йўл олди. Бу жойда ҳам у ерни худди Кузминскоедаги каби деҳқонларга бермоқчи эди; ундан ташқари, Катюша ҳақида ва Катюшадан кўрган бола ҳақида суриштириб, иложи борича кўпроқ нарсани билиб олмоқчи эди: ўлгани ростми, қандай қилиб ўлган? Нехлюдов Пановога эрта саҳарлаб келди. Ҳовлига кириб келганида уни илк дафъа ҳайратга солган нарса бутун иморатлар, айниқса, уйнинг путурдан кетиб қаровсиз қолгани эди. Бир вақтлар яшил тусда бўлган тунука том кўпдан буён бўялмай, занглаб қизариб кетган, бир неча тахта тунукаси, шамолдан бўлса керак, кўтарилиб қолган эди; уйнинг устидан қоқилган юпқа тахталарни одамлар кўчиши осон бўлган ерлардан занглаган михларини қайириб кўчириб олган эдилар. Зинапоянинг иккалови – уйнинг пешидаги зинапоя ва хусусан, унга таниш бўлган орқадаги зинапоя чириб, синиб тушган, фақат тўсинларигина қолган эди; деразаларнинг ойнаси ўрнига юпқа тахта қоқилган эди. Бошқарувчи яшаган уй ҳам, ошхона ҳам, отхоналар ҳам – ҳаммаси эскирган, зах босган эди. Фақат, боғ қариб-тўзиб кетиш у ёқда турсин, қайтага гуркираб яшнаб ўсган, ҳозир гулга кирган эди; гуллаб турган олчалар, олма ва олхўрилар девор орқасидан худди оппоқ булутларга ўхшаб кўринарди. Иҳота бўлиб ўсган сирень эса бундан ўн тўрт йил илгаригидек гуллаган, Нехлюдов шу сирень орқасида ўн саккиз яшар Катюша билан бекинмачоқ ўйнаб юриб йиқилган, қичитқон билан қўли тилинган эди. Софья Ивановна уй ёнига ўтқизганда қозиқ бўйидай келадиган тилоғоч ҳозир тўсинга ярайдиган катта дарахт бўлиб, сариққа мойил яшил, нафис ва юмшоқ игнабарглар билан қопланган эди. Сой лиммо-лим бўлиб оқар, тегирмоннинг новидан шовуллаб тушиб турарди. Сойнинг нариги томонидаги ўтлоқда деҳқонларнинг олачипор подалари ўтлар эди. Бошқарувчи курсни тамомламаган семинарист, Нехлюдовни ҳовлида илжайиб қарши олди, ҳамон боягидек илжайганича уни конторага таклиф этди. Кейин гўё аллақандай бошқача бир нарса ваъда қилаётгандек илжайиб, панжара орқасига ўтиб кетди. Панжара орқасида аллаким билан шивир-шивир гаплашишди ва жим бўлишди. Чойчақасини олган извошчи қўнғироқларини жиринглатиб ҳовлидан чиқиб кетди. Ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Кўп ўтмай дераза тагидан кашта тикилган кўйлак кийган, қулоғига патли исирға таққан яланг оёқ қиз югуриб ўтди. Қизнинг кетидан йўғон этигининг михини дўқиллатиб бир мужик топталган сўқмоқдан югуриб кетди.

Нехлюдов дераза тагига ўтириб боғни томоша қилди, қулоқ сола бошлади. Тавақалари кичкинагина деразадан елиб кирган баҳор шамоли, унинг терлаб турган пешонасидаги сочини ва пичоқ билан кескилаб ташланган дераза токчаси устидаги қоғозларни оҳиста силкитар, янги ҳайдалган ер ҳидини олиб кирарди. Сойдан тапира-тупур овоз келар, хотинлар алланарсани шалоплатиб урар, бу овозлар димланган сойнинг қуёшда порлаб турган сатҳида янграр, сувнинг бир меъёрда тегирмон тарновига қуйилиши эшитиларди. Мана, пашша қулоғи тагидан ғинғиллаб учиб ўтди.

Тўсатдан Нехлюдов, бир вақтлар, ҳали ёш ва маъсум йигитлик чоғида худди ҳозиргидек, бу ердан туриб сойда ҳўл кирларни тапирлатиб урганларини, тегирмоннинг бир меъёрда шовуллашини эшитганини, ўшанда ҳам баҳор шамоли худди ҳозиргидек, ҳўл пешонасидаги сочларини ва пичоқ билан кескилаб ташланган дераза токчасидаги қоғозларни оҳиста силкитганини, худди ҳозиргидек ўшанда ҳам қулоғи тагидан бир пашша ғинғиллаб учиб ўтганини эслади. Шундай қилиб, у ўзининг ўн саккиз яшарлик даврини эслабгина қолмай, ўзини ўшандай тароватли, пок ва буюк имкониятларга эга деб ҳис этарди, ҳис этарди-ю, аммо тушдаги каби, бу туйғуларнинг мавжуд эмаслигини билар, билгани учун ҳам юраги эзиларди.

– Қачон овқат қиладилар? – деб сўради бошқарувчи илжайиб.

– Истаган вақтингизда, ҳозирча қорним тўқ. Бориб қишлоқни бир айланиб келаман.

– Уй ичини бир айланиб чиқсалар бўлмайдими, ичкарида ҳамма нарса саранжом-саришта. Бир кўриб чиқинг, ташқари томонининг…

– Йўқ, кейин айланиб чиқаман, ҳозирча шуни айтинг: бу ерда Матрёна Харина деган хотин турадими?

Бу Катюшанинг холаси эди.

– Бор, бор, қишлоқда, уни сира йўлга сололмадим сололмадим. Май қилиб сотади. Биламан уни, қўлга туширдим, уришдим, акт тузай десам – раҳмим келади: ўзи кекса, неваралари бор, – деди бошқарувчи ҳамон боягидек хўжайинга ёқмоқчи бўлганини ва Нехлюдовнинг ҳам худди ўзи сингари ҳамма ишни тушунишига ишонганини ифодаловчи табассум билан.

– Қаерда туради? Бориб келмоқчи эдим.

– Қишлоқнинг четида, нариги бошидан учинчи уйда. Чап томонида ғиштин уй бор, ўша ғиштин уйдан кейинги кулба уники. Яхшиси ўзим олиб бора қоламан, – деди бошқарувчи хушвақт бўлиб илжайиб.

– Йўқ, раҳмат, ўзим топиб оламан. Сиз, яхшиси, мужикларга хабар қилинг, тўпланишсин: улар билан ер хусусида гаплашмоқчиман, – деди Нехлюдов. У иложини топса, бу ерда ҳам Кузьминскоедаги каби мужиклар билан бўладиган ишни шу бугун кечқуруноқ бир ёқлик қилмоқчи эди.

IV

Дарвозадан чиққач, Нехлюдов отқулоқ ва сассиқалаф босган ўтлоқдаги сўқмоқ йўлда тез-тез юриб келаётган олабайроқ кийимдаги, исирға таққан, болдири семиз деҳқон қизга дуч келди. Қиз қайтиб келаётиб, чап қўлини юришига монанд силкитар, ўнг қўли билан қизил хўрозни қорнига маҳкам босиб олган эди. Қизил тожи силкиниб турган хўроз бутунлай хотиржамдек туюларди. Фақат хўрознинг кўзлари олайиб-олайиб кетар, қора оёғини гоҳ чўзар, гоҳ кўтарар, тирноғи қизнинг кўйлагига илашарди. Бекка яқинлашиб қолгач, югуриб келаётган қиз юришини секинлатди, рўпарама-рўпара келгач эса тўхтади, бошини орқасига ташлаб энгашиб таъзим қилди. Нехлюдов ўтиб кетгандан кейингина хўрозини кўтарганича йўлида давом этди. Қудуқ томонга тушиб кетаётган Нехлюдов дағал матодан тикилган кир кўйлакни, букчайган елкасида обкашда суви тўла, оғир челакларни кўтариб келаётган кампирни учратди. Кампир челакларини оҳиста ерга қўйди-да, худди бояги қиздек бошини орқасига ташлаб, кейин таъзим қилди.

Қудуқнинг нариги томони қишлоқ эди. Ҳаво очиқ, кун иссиқ, соат ўнданоқ кун қизиб кетган эди. Кўкда пайдо бўлаётган булутлар аҳён-аҳёнда қуёш юзини тўсиб қўярди. Қатнайвериб теп-текис бўлган йўлдан тепаликка қараб кетаётган аравалардан, гўнги кавлаб олинган ҳовлилардан гупиллаб уриб турган аччиқ, лекин унча қўланса бўлмаган ҳид бутун кўчани тутган эди. Нехлюдов қўраларнинг очиқ дарвозалари ёнидан ўтиб борарди. Аравалар кетидан тепаликка кўтарилаётган яланг оёқ, кўйлак ва чалварлари шалтоққа ботган мужиклар, шоҳи лентаси офтобда ялтираётган кулранг шляпа кийган, тутқичи ярқираган бўғим-бўғим ҳассасини ҳар икки қадамда бир марта ерга таяб, қишлоқнинг ичкарисига кириб кетаётган баланд бўйли, семиз князга ўгирилиб, қараб-қараб қўярдилар. Бўш аравасининг пештахтасига ўтириб олиб, силкина-силкина от йўрттириб даладан қайтаётган мужиклар, шапкаларини бошларидан олиб, кўчаларидан ўтиб кетаётган ажойиб одамга ҳайрон бўлиб қараб қолишарди, хотин-халажлар дарвоза ёнига ва пиллапояга чиқиб, уни бир-бирларига имо қилиб кўрсатишар, кўзлари билан кузатиб қолишарди. Тўртинчи дарвоза ёнидан ўтиб кетаётганда, дарвозадан ғижирлаб чиқиб келаётган арава Нехлюдовни тўхтатди, баланд қилиб уйилган гўнг устига ўтириш учун чипта солинган эди. Маза қилиб аравада кезиш орзусида ёнган олти яшар бола арава кетидан эргашиб келарди. Чипта кавуш кийган ёш мужик, катта-катта қадам ташлаб, отни дарвозадан чиқарарди. Узун оёқ кўк тойчоқ дарвозадан сапчиб чиқди-ю, лекин Нехлюдовдан ҳуркиб аравага қисилди, оёқларини ғилдиракка уриб олиб, дарвозадан оғир аравани тортиб чиқаётган, хавотирланиб кишнаб қўйган онасининг олдига ўтиб кетди. Ундан кейинги отни яланг оёқ, йўл-йўл чалвар, узун кир кўйлак кийган, елкасининг суяклари чиқиб турган ориқ бардам бир чол етаклаб чиқди.

Отлар бўрсиган, кулранг тусга кирган гўнг тўкилиб қолган йўлга чиқиб олгач, чол дарвоза ёнига қайтди-да, Нехлюдовга таъзим қилди.

– Бизнинг бек ойимларнинг жиянлари бўласизми?

– Ҳа, ўшаларнинг жияниман.

– Хуш келибсиз. Хўш, биздан ҳол-аҳвол сўрагани келдингизми? – деди сўзамол чол.

– Ҳа, шундай. Хўш, аҳволлар қалай? – деди Нехлюдов гап тополмай.

Сўзамол чол сўзларидан мамнун бўлаётгандек чўзиб гапирди:

– Аҳволимиз нима бўлар эди! Аҳволимиз жуда ёмон.

– Нега ёмон? – деди Нехлюдов дарвозахонага киратуриб.

Чол Нехлюдов кетидан, ери қириб тозаланган бостирмага кирар экан:

– Шу ҳам турмуш бўлди-ю? Турмушнинг энг ёмони шу, – деди.

Нехлюдов унинг кетидан бостирмага кирди.

Чол рўмоллари бошларидан сирғалиб тушган, кўйлакларини липпаларига қистириб, яланғоч болдирларининг ярмигача шалтоққа ботган ҳолда, ҳали тозалаб олинмаган гўнг тепасида паншаха ушлаб турган, терлаб-пишган икки аёлни кўрсатиб:

– Қарамоғимда ўн икки жон бор, – деб сўзида давом этди. – Ҳар ой олти пуд кетади. Қаердан оламан уни?

– Ўзингизники етмайдими?

– Ўзингизники?! – деди чол истеҳзо билан кулиб. – Уч жонлик ерим бор, бу йил бор-йўғи саккиз ғарам унум олдик, ҳатто рождествогача ҳам етмади.

– Энди қандоқ қиласизлар?

– Қандоқ қилардик, бирини ишга бердим, яна сиз жаноб олийларидан пул кўтардим. Рўзадан буруноқ бор-йўғимни олиб кетишди, солиқлар бўлса ҳали тўланмаган.

– Қанча солиқ бор?

– Ҳовлимдан тўрт ойга ўн етти сўм тўлаш керак. Бундоқ тирикчиликни худо кўрсатмасин, қандай қилиб кун ўтказаётганингга ўзинг ҳам ҳайронсан!

Нехлюдов ҳовлининг тозаланган еридан ҳали тозаланмаган, паншаха билан ағдарилган бадбўй гўнг уюлиб ётган жойига ўта туриб:

– Уйингизга кирсам бўладими? – деб сўради.

– Нега бўлмас экан, кираверинг, – деди чол, сўнгра пилчиллаган шалтоқни яланг оёқларининг бармоқлари орасидан чиқариб, тез-тез юриб Нехлюдовнинг олдига ўтиб олди-да, уй эшигини очиб берди.

Аёллар бошларидаги рўмолларини тузатиб, кўйлакларини туширдилар, енгига заррин тугмалар таққан озода князга мароқли бир даҳшат билан қараб қолдилар.

Уйдан калта кўйлак кийган икки қиз югуриб чиқди. Нехлюдов энгашиб, бошидан шляпасини ечиб даҳлизга кирди. Кейин даҳлиздан икки дастгоҳ банд қилган ифлос ва тор уйга кирди. Бу ердан ачиган таом ҳиди келиб турарди. Уйда печь ёнида офтобда қорайган ориқ, сертомир қўлининг енги шимарилган бир кампир турарди.

– Мана, бегимиз бизга меҳмон бўлиб кирдилар, – деди чол.

Кампир енгини туширар экан:

– Ҳай, хуш кўрдик, – деди мулойимгина.

– Қандай тирикчилик ўтказяпсиз, бир кўрай девдим, – деди Нехлюдов.

– Турмушимизни ўзингиз кўриб турибсиз. Уй босиб қолай деяпти. Ҳали-замон битта-яримтани босиб қолиши ҳеч гап эмас. Чол бўлса шунисига ҳам шукур дейди. Ана шундай кун кечираётибмиз, – дерди дадил кампир асабий ҳолда бошини қалтиратиб, – ҳозир тушликни ҳозирладим. Ишлаётган одамларимнинг қорнини тўйдиришим керак.

– Тушлик овқатингиз нима?

– Нима бўларди? Овқатимиз яхши. Биринчисига нон билан квас, иккинчисига – квас билан нон, – деди кампир кемшик тишларини кўрсатиб.

– Йўқ, ҳазилингизни қўйинг. Ҳозир ейдиган таомингизни кўрсатинг.

– Таомингиз? – деди чол кулиб. – Жўнгина овқатланамиз. Кўрсат кампир, буларга.

Кампир бошини чайқаб қўйди.

– Биз мужикларнинг овқатини кўргингиз келиб қолибди-да. Мен сизга айтсам, жуда эпчил одам экансиз, бек. Ҳамма нарсани билгингиз келади. Овқатимиз нон билан квас дедим-ку. Ундан ташқари, карам шўрва билан кеча хотинлар олиб келган майда балиқ бор, аввал карам шўрва, кейин – картошка.

– Ҳаммаси шуми?

– Яна нима бўларди, сут билан оқлаб юборишимиз мумкин, – деди кампир кулимсираб эшикка қараб-қараб қўйиб.

Эшик очиқ эди, даҳлиз одамга тўлган, ўғил болалар, қизалоқлар, гўдакларини кўтарган хотинлар эшик ёнида тиқилишиб, мужиклар овқатини томоша қилаётган ғалати бекни кузатишарди. Кампир бек билан муомалани жойига қўяётганидан фахрланаётгандек кўринарди.

– Шундай бегим, тирикчилигимиз жуда-жуда оғир, нимасини айтасиз, – деди чол, – нега мунча тиқиласанлар? – деб қичқирди у эшик ёнида турганларга.

– Хўп, хайр бўлмаса, – деди Нехлюдов уялиб, ўнғайсизланиб. Бунинг сабаби нимадалигини унинг ўзи ҳам билмас эди.

– Йўқлаб келганингиз учун мингдан-минг миннатдормиз, – деди чол.

Даҳлиздаги одамлар бир-бирларига сиқилишиб, уни ўтказиб юборишди. Нехлюдов кўчага чиқди-да, юқорига қараб кетди. Унинг кетидан изма-из икки яланг оёқ бола даҳлиздан чиқди; уларнинг каттароғи бир маҳал оппоқ бўлса ҳам, ҳозир яғири чиқиб кетган кўйлак, иккинчиси – ранги айнаб кетган эски пушти кўйлак кийган эди.

– Энди қаёққа борасиз? – деди оқ кўйлак кийган бола.

– Матрёна Харинаникига, – деди Нехлюдов, – уйини биласизларми?

Пушти кўйлак кийган кичкина бола негадир кулиб юборди, каттаси бўлса:

– Қанақа Матрена? Қарими? – деб сўради.

– Ҳа, қари.

– Ҳа-а, – деди у чўзиб, – Семениха, қишлоқнинг нариги бошида туради. Сизни олиб бориб қўямиз. Юр, Федька, олиб бориб қўямиз.

– Отлар нима бўлади?

– Қўявер, ҳеч нима қилмайди.

Федька унинг гапига кўнди. Улар уч кишилашиб қишлоқ бўйлаб юқорига қараб кетишди.

V

Нехлюдов катталардан кўра, болалар билан бирга бўлганда ўзини енгилроқ ҳис этар эди. У йўл-йўлакай болалар билан гаплашиб кетди. Пушти кўйлак кийган кичкина бола кулишини йиғиштириб, нариги катта бола сингари ақлли ва пишиқ-пишиқ гапирарди.

– Қишлоғингизда энг камбағали ким? – деб сўради Нехлюдов.

– Ким камбағал дейсизми? Михайло камбағал, Семён Макаров, Марфа бўлса ҳаммадан камбағал.

– Анисья-чи – энг камбағали шу. Анисьянинг сигири ҳам йўқ, тиланчилик қилишади, – деди кичкина Федька.

– Сигири бўлмасаям, улар бор-йўғи уч киши, Марфа бўлса ўзи билан беш киши, – деб эътироз билдирди каттаси.

– Ҳар нима бўлгандаям, у бева хотин, – деб гапида туриб олди пушти кўйлак кийган бола.

– Анисьяни бева дейсан, Марфа ҳам бевадек гап, – деб давом этди катта бола. – Барибир эри йўқ.

– Эри қаерда? – деб сўради Нехлюдов.

– Қамоқда, битларга ем бўлиб ётибди, – деди катта бола одатдаги иборани ишлатиб.

– Ёзда хўжайиннинг ўрмонидан иккита қайин кесиб олгани учун қамаб қўйишди уни, – деди шоша-пиша пушти кўйлакдаги кичкина бола. – Қамалганига олти ой бўлди. Хотини тиланчилик қилиб юрибди. Учта боласи, яна битта мункиллаган кампири ҳам бор, – деб батафсил гапириб берди у.

– Қаерда туради? – деб сўради Нехлюдов.

– Мана шу ҳовли, – деди бола рўпарасида оқ бошли муштдек гўдак турган уйни кўрсатиб. Тиззаси букилган, оёғи эгри бола Нехлюдов келаётган сўқмоқда тебраниб, зўрға турарди.

Уйдан худди кулга белангандек кир, кулранг кўйлак кийган хотин югуриб чиқиб:

– Васька, қаёққа кетиб қолдинг, шайтон? – деб қичқирди, юзида қўрқув ифодаси пайдо бўлди, югуриб бориб Нехлюдовдан олдинга ўтиб олди-да, гўё боласини Нехлюдов бир нима қилиб қўядигандек, уни кўтара солиб уйга кириб кетди.

Бу Нехлюдовнинг ўрмонидан иккита қайин кесгани учун қамалган кишининг хотини эди.

– Матрена-чи, камбағалми? – деб сўради Нехлюдов Матренанинг уйига етишганида.

– Қанақасига камбағал бўлади: вино сотади-ю, – деди пушти кўйлак кийган ориқ бола қатъий қилиб.

Матренанинг уйига етгач, Нехлюдов болаларга жавоб бериб юборди-да, даҳлизга, кейин уйга кирди. Матрёна кампирнинг уйи олти газ келарди, шундай кичкина эдики, печнинг нарёғидаги каравотда катта одам оёғини узатиб ёта олмас эди. «Худди шу каравотда, – деб ўйлади у, – Катюша туққан, кейин касал бўлиб ётган». Уйни бошдан-оёқ бир дастгоҳ эгаллаган эди. Нехлюдов бошини пастак эшикнинг кесакисига уриб олиб кирган пайтда, кампир катта невараси билан дастгоҳнинг алланимасини тўғрилаётган эди. Кампирнинг яна иккита невараси Нехлюдовнинг кетидан уйга югургилаб кирди, унинг орқасида кесакини чангаллаганларича эшик оғзида тўхтаб қолишди.

Дастгоҳни тузата олмагани учун кайфи бузилиб турган кампир:

– Ким керак? – деб сўради зарда билан. Ундан ташқари, яширин суратда вино сотиб юргани учун у ҳар қанақа нотаниш одамдан чўчир эди.

– Мен помешчикман. Сиз билан гаплашмоқчи эдим.

Кампир унга тикилиб жим бўлиб қолди, кейин бирдан ўзгарди.

– Вой, жонингга тасаддуқ, мен тентакни қара, танимабман-а: қанақанги йўловчи экан дебман, – деди кампир ясама меҳрибонлик билан. – Вой, лочиним-э!..

Нехлюдов болалар турган очиқ эшикка қараб:

– Авлоқ жойда гаплашсам деган эдим, – деди.

Болаларнинг орқасида касалликдан ранги қочган, ҳамон боягидек тиржаяётган, қуроқ кўйлак кийган ориқ боласини кўтарган хотин турарди.

– Томоша борми бу ерда, қани менга таёқни бер-чи, бир кўрсатиб қўяй буларга! – деб қичқирди кампир эшик ёнида турганларга, – ёпсаларинг-чи эшикни!

Болалар нари кетдилар, бола кўтарган хотин эшикни ёпиб қўйди.

– Мен бўлсам ким экан деб ўтирибман-а. Бўйгинангдан ўргилай, бегимнинг ўзгиналари келган эканлар-ку! Жонгинам қоқиндиқ бўлсин-а! – дерди кампир. – Жирканмасдан кирганингизни қаранг-а. Вой ўзимнинг гавҳаргинам! Қани, бу ёққа ўтирсинлар, князь ҳазратлари, мана бу курсига ўтирсинлар, – дерди кампир курсини парда билан артаётиб. – Мен бўлсам, қандай балони худо етказди деб ўтирибман, ваҳоланки, бегимнинг ўзгиналари, князь ҳазратлари, валинеъматимиз эканлар. Кечиринг, қариб, миям айниган, кўздан қолганман.

Нехлюдов ўтирди. Кампир унинг рўпарасида чап қўли билан ўнг қўлининг туртиб чиққан тирсагини ушлаб, ўнг қўлини юзига таяди-да, оҳангдор овоз билан гапира бошлади:

– Анчагина қариб қолибсиз-а, князь ҳазратлари; бурун суқсурдай йигит эдингиз, энди бўлса эҳ-ҳе! Сизниям ўзингизга яраша ташвишингиз бор кўринади.

– Сиздан бир нарсани сўрагани келган эдим: Катюша Маслова эсингиздами?

– Катеринами? Нега эсимда бўлмасин – жияним-ку, ахир… Нега эсимдан чиқсин; озмунча йиғлатдими у жувон ўлмагур. Ахир ҳаммасидан бохабар эдим-ку. Худо таоло олдида бегуноҳ банда бормидики? Ёшлик эмасми, бирга ўтириб чой, қаҳва ичгансизлар, шунда шайтон йўлдан оздирган, ахир у зўр-да. Нима қилайлик! Сиз уни ташлаб кетган бўлсангиз бошқа гап эди, ахир унга юз сўм бергансиз-а. Эсини йиғиб иш тутмади. Менинг гапимга кирганда-ку, бир кунини кўриб кетарди. Ўзимнинг жияним бўлсаям, тўғрисини айтаман – ярамас қиз. Ахир ўшандан кейин мен уни шундай яхши ерга жойлаштириб қўйдимки, йўқ, бўйин бермади, хўжайинни ҳақорат қилди. Ахир хўжайинни сўкишни биздақаларга ким қўйибди? Шундай қилиб, у ердан ҳам ҳайдаб юборишди. Кейин ўрмон мудириникидаям туриб кетса бўларди, йўқ, истамади.

– Болани сўрамоқчи эдим. Сизникида туғувди шекилли? Қани боласи?

– Ўшандаёқ боланинг тадоригини кўрдим, айланай қўзим. Туғишда жуда қийналди, мадордан кетди. Мен болани қоидасини келтириб чўқинтирдим-да, тарбия уйига жўнатдим. Онаси ўлай деб ётгандан кейин фариштадек жонни қийнашнинг нима кераги бор. Баъзилар шундай қилишади, болани боқмасдан, оч қўйишади, ўлади-қолади, мен бўлсам, кел, озгина заҳмат чексам чека қолай деб етимхонага жўнатдим. Пул бўлса бор эди, олиб бориб ташладим.

– Номери бормиди?

– Номери-ку бор эди-я, лекин ўша заҳоти ўлиб қолди-да. Олиб борган замон ўлди деган эди.

– Ким?

– Ўша хотин-да, Скороднода турарди. Шу иш билан шуғулланарди. Исми Маланья эди, ҳозир ўлиб кетди, ўзи ақлли хотин эди. Биласизми нима қиларди? Унга бола олиб келиб ташлашса, уйида ўзи боқиб бир неча кун асрарди. Билсангиз, ўша хотин болалар бир тўда бўлгунча боқарди. Учта-тўртта бўлиб йиғилгандан кейин бира тўла олиб бориб топширарди. Шундай уста эдики, қўяверасиз: икки ўринлик катта беланчаги бор эди. Бирини у ёққа, бирини бу ёққа ётқизарди. Беланчакнинг тутқичи ҳам бор эди. Бир-бирига тегиб кетмасин деб тўрттала боланинг бошини бошқа-бошқа, оёғини бир қилиб ётқизарди-да, бир йўла тўрттовини олиб кетарди. Болаларнинг оғзига сўрғич тиқиб қўйса, шўрликлар миқ этмай ётишаверарди.

– Хўш, иннайкейин?

– Катеринанинг боласиниям олиб кетди. Икки ҳафтача уйида боққан бўлса керак. Бола шўрлик унинг уйидалигидаёқ бир ҳолатда бўлиб қолган эди.

– Яхши боламиди? – деб сўради Нехлюдов.

– Боламисан, бола эди-да. Худди ўзгинангиз, – деб қўшиб қўйди кампир хира кўзини қисиб.

– Нега бир ҳолатда бўлиб қолди? Ёмон боққандир-да?

– Боқиш қаёқда! Хўжакўрсинга боққан-да. Ўз боласи бўлмагандан кейин… Тирик етказиб борганидаям бошқа гап эди. Москвага етиши билан жони узилди деган эди.. Қоидасини келтириб ўлганига гувоҳномаям олиб келган. Ақлли хотин эди.

Нехлюдовнинг боласи ҳақида билган гапи шу бўлди.

VI

Нехлюдов уй ва даҳлиз эшигига яна бошини уриб олиб кўчага чиқди. Оқ-кўкимтир ва пушти кўйлакли болалар уни кутиб туришарди. Уларнинг ёнига яна бир неча бола қўшилган эди. Гўдагини кўтарган бир неча хотин ҳам кутиб турарди. Улар орасида ямоқ кўйлак кийган, рангсиз боласини ликиллатиб кўтарган бояги хотин ҳам бор эди. Унинг боласи қаримсиқ юзини буриштириб ҳаммага ғалати жилмаяр, каттакон қийшиқ бармоқларини ўйнар эди. Нехлюдов боланинг азоб-уқубат чекаётганидан тиржаяётганини биларди. Нехлюдов бу хотиннинг кимлигини сўради.

– Боя сизга айтган Анисья шу, – деди каттароқ ёшдаги бола.

Нехлюдов Анисья билан гаплаша бошлади.

– Аҳволлар қалай? – деб сўради у, – қандай тирикчилик қиляпсан?

– Қалай бўларди? Тиланиб юрибман, – деди Анисья ва йиғлаб юборди.

Қаримсиқ бола эса чувалчангдек ингичка оёқларини майиштириб боягидан баттар тиржайди.

Нехлюдов ҳамёнини чиқариб аёлга ўн сўм олиб берди. Икки қадам юрмасидан бола кўтарган бошқа бир хотин, кейин кампир, улардан кейин яна бошқа аёллар кетидан етиб олишди. Ҳаммалари қашшоқликларини айтар, ундан ёрдам сўрардилар. Нехлюдов ҳамёнидаги олтмиш сўм майда пулни уларга улашди-да, юраги ғуссага тўлиб уйга, яъни бошқарувчининг катта иморат ёнига солинган уйига қайтди. Бошқарувчи Нехлюдовни жилмайиб қарши олди-да, мужиклар кечқурун йиғилишини айтди. Нехлюдов унга ташаккур билдирди, уйга кирмасдан тўғри боққа қараб кетди ва кўрган-кечирганларини ўйлаб, оппоқ олма гуллари тўкилган, ўт босган йўлкада кезиб юрди.

Дастлаб уй атрофи жимжит эди. Лекин кейинчалик Нехлюдов приказчикнинг уйида бир-бирларининг гапларини бўлиб аччиқланиб гапираётган аёлларнинг товушларини эшитди. Аҳён-аҳёнда, бу товушлар орасидан жилмайган бошқарувчининг хотиржам овози эшитиларди. Нехлюдов қулоқ сола бошлади.

– Қўлидан ҳеч нарса келмайди деб ҳаддингдан ошаверар экансан-да? – дерди аламли аёл товуши.

– Энди кирган эди, – дерди бошқа товуш, – қайтиб бер деяпман сенга. Нима қиласан молни ҳам қийнаб, болаларни ҳам сутсиз қолдириб.

– Ё тўла, ё ишлаб бер, – дерди бошқарувчи хотиржамгина.

Нехлюдов боғдан чиқиб, пиллапоя ёнига қайтди. У ерда сочлари ҳурпайган икки аёл турарди. Улардан бирининг ой-куни яқинлашиб қолгани билиниб турар эди. Зина устида бошқарувчи қўлини пальтосининг чўнтагига тиқиб турарди. Бекни кўриб аёллар жим бўлиб қолишди-да, бошларидан сирғалиб тушиб кетган рўмолларини тўғрилай бошлашди, бошқарувчи эса қўлини чўнтагидан олиб яна илжайди.

Воқеа қуйидагича эди: бошқарувчининг айтишига қараганда, мужиклар бузоқларини ҳатто сигирларини ҳам бекнинг ўтлоғига атайлаб қўйиб юборган эканлар. Шундай қилиб, мана шу аёлларнинг икки сигирини ўтлоқдан тутиб олиб ҳайдаб келтирибдилар. Бошқарувчи ҳар бир сигир учун ўттиз тийиндан пул беришни ё бўлмаса икки кун ишлаб беришни аёллардан талаб қиларди. Аёллар бўлса, биринчидан, сигиримиз ўтлоққа энди кирган эди, деб гап маъқуллатишар; иккинчидан, пуллари йўқлигини айтар; учинчидан эса, ишлаб беришга ваъда қилиб, эрталабдан бери оч қолиб офтобда маъраб ётган сигирларини тезлик билан қайтариб беришни талаб этишарди.

Бошқарувчи ишшайиб туриб, Нехлюдовни гувоҳликка чақираётгандек унга ўгирилиб қараб қўйди-да:

– Тушда ҳайдаб келадиган бўлсаларинг, молларингга қараб турларинг деб неча марта яхшиликча айтдим, – деди.

– Боламга қараб келай деб кетсам, кириб кетиб қолибди.

– Боқадиган бўлганингдан кейин кетишни ким қўйибди сенга.

– Болани ким боқади бўлмаса? Сен бориб эмизиб қўймайсан-ку.

– Ўтлоқни пайҳон қилгани рост бўлгандаям алам қилмас эди, энди кирган экан, – дерди иккинчи аёл.

– Ўтлоқни бутунлай босиб-янчиб ташлашди, – деди бошқарувчи Нехлюдовга ўгирилиб. – Агар танбеҳлаб турмасанг, пичан ололмайсан ҳам.

– Худодан қўрқсанг-чи! – деб қичқирди ҳомиладор аёл. – Меники ҳеч кирган эмас.

– Қўлга туширдимми, ё ишлаб бер, ё тўла.

– Ишласам ишлаб беравераман, сигирни қўйиб юбор, очидан ўлдирма! – деб қичқирди ҳомиладор аёл жаҳл билан. – Кечаси ҳам, кундузи ҳам тиним йўқ. Қайнанам касал ётибди. Эрим қамоқда. Ҳамма балога ёлғиз гирифторман, жонимда жон қолмади. Ишлаб бер демай овозинг ўчсин.

Нехлюдов бошқарувчидан сигирни қўйиб юборишни илтимос қилди, ўзи бўлса ўйини ўйлаш учун яна боққа кириб кетди, аммо энди ўйлайдиган нарса қолмаган эди. Ҳозир ҳаммаси унга шу қадар равшан эдики, одамларнинг шу қадар очиқ-ойдин бир нарсани кўрмаганларига ўзи ҳам шу вақтгача кўрмай келганига ҳайрон эди.

«Халқ қириляпти, ўзи шунга ўрганиб кетган, ҳатто халқнинг ҳаёти таназзулга йўл олганини кўрсатувчи аломатлар вужудга келган – болаларнинг ўлиши, хотинларнинг ҳаддан ташқари оғир меҳнати, озиқ-овқатнинг ҳаммага, айниқса, қари-қартангларга етарли эмаслиги шуни кўрсатади. Халқ аста-секин шу ҳолга тушиб қолганки, аҳволининг бу қадар даҳшатли эканини ўзи кўрмайди ҳам, бундан нолимайди ҳам. Шунинг учун ҳам биз уларнинг бу аҳволини табиий ва шундай бўлиши керак деб ҳисоблаймиз». Энди халқнинг қашшоқлигининг асосий сабаби, халқни едириб-ичираётган ернинг ер эгалари томонидан тортиб олинганлигида экани Нехлюдов учун очиқ-ойдин эди, буни халқ тушуниб олган ва ҳамма вақт шуни пеш қилади. Ундан ташқари, болалар ва қарияларнинг сут йўқлигидан ўлиб кетаётгани равшан эди. Чунки халқ қўлида мол боқиш, буғдой экиб ундириш ва пичан ўриб олиш учун ер йўқ. Халқнинг бутун қашшоқлиги ёки ҳеч бўлмаганда халқни қашшоқликка олиб келган асосий сабаб шундаки, халқни едириб-ичтирадиган ер халқ қўлида бўлмай, заминдорлик ҳуқуқидан фойдаланиб, шу халқнинг меҳнати билан кун кўраётган кишилар қўлида эди. Халққа энг зарур бўлган (шу қадар зарурки, одамлар шу ер йўқлигидан ўлиб кетаётган эдилар) ерни шу қашшоқ халқ ишлаб берарди, шу ердан ундириб олинган буғдойлар чет элга сотилиши, ер эгалари ўзларига шляпалар, ҳассалар, извошлар, ялтироқ нарсалар ва ҳоказо сотиб олиши учун ишлар эди. Бир қўрага қамаб қўйилган, оёғи остидаги гиёҳларни еб битирган отлар то ўзларига бошқа ердан ўт топиб ейишларига имконият берилмагунча озиб-тўзиб кетиши ёки ҳаром қотиши равшан бўлганидай, бу нарсалар ҳам Нехлюдов учун кундай равшан эди… Бу ғоят мудҳиш, бундай бўлиши мумкин эмас, бунга йўл қўйилмаслиги керак. Бунинг олдини олиш учун чора топиш керак ёки ҳеч бўлмаганда, шу ишда ўзи иштирок этмаслиги керак. «Албатта чора топаман, – деб ўйларди у, энг яқин қайинзор хиёбонда у ёқдан бу ёққа юриб. – Илмий жамиятларда, ҳукумат идораларида ва газеталарда халқнинг қашшоқлиги сабаблари ҳамда уни кўтариш ҳақида вайсаймиз-у, аммо халқни ҳақиқатан ҳам кўтариши мумкин бўлган ва халқ учун зарур бўлган ерни унинг қўлидан тортиб олмасликдангина иборат бўлган бирдан бир восита ҳақида ғиринг демаймиз. – Нехлюдов Генри Жоржнинг асосий қоидаларини, унинг мухлиси бўлганини эслади, шуларни унутиб юборганига ҳайрон қолди. – Ер хусусий мулк бўлиши мумкин эмас, сув, ҳаво ва қуёш ёғдуси сингари ер ҳам олди-сотди бўлиши мумкин эмас. Ерга ва ернинг инсонларга бераётган имтиёзларига барчанинг баравар ҳақи бор». Нехлюдов Кузьминскоеда ишларини тўғрилаб келганини эслаганда ўзидан-ўзи уялаётганининг сабабини энди англади. У ўзини ўзи алдаб юрган экан. Инсоннинг ерни хусусий мулки қилиб олишга ҳақи йўқлигини била туриб, ўзини шу ҳуқуққа эга деб танибди ва қалбида ерга эгалик қилишга ҳақи йўқлигини тушуниб-билиб туриб, ҳуқуқининг бир қисмини деҳқонларга ҳадя қилибди. Энди бундай қилмайди, Кузминскоедагига қараганда бошқача иш қилади. Нехлюдов миясида шундай режа тузди. Бу режага кўра ерни деҳқонларга рента қабилида ижарага бериши, рента эса шу деҳқонларнинг ўз хусусий мулки деб ҳисобланиши, ижара ҳақи солиқлар ва ижтимоий ишларга сарф этилиши керак эди. Бу singie tax6969
  Ягона солиқ (инг.)


[Закрыть]
эмас эди, лекин ҳозирги шароитда, шунга яқинлашмоқ демак эди. Энг муҳими, Нехлюдов ер-мулкидан фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечган бўларди.

Нехлюдов уйга қайтгач, бошқарувчи ўзида йўқ шод бўлгандек тиржайиб, овқатланишни таклиф этди, исирғали қиз ёрдамида хотини тайёрлаган овқат пишиб ўтиб кетмаса ёки қовурилиб кетмаса эди деб ташвишланганини билдирди.

Столга сурп дастурхон ёзилди, гул солиб тикилган сочиқ қўл артиш учун қўйилган эди. Vieux-saxe7070
  Қадимий Саксония чинниси (франц.)


[Закрыть]
терилган стол устидаги банди синган бир идишда боя гоҳ бир, гоҳ иккинчи қора оёғини олдинга чиқариб турган хўрознинг гўшти солинган картошка шўрва бор эди. Гўшт майда-майда қилиб солинганди. У чала тозаланган, кўп жойида пати кўринарди. Шўрвадан кейин яна ўша пати қовурилиб кетган хўроз билан сарёғ ва ширин пишлоқ берилди. Нехлюдов қишлоққа келган пайтида унинг ғамларини унуттирган фикрлар билан шу қадар банд эдики, овқатнинг бемазалигини ҳам, нимани еяётганини ҳам пайқамас эди.

Така-пука бўлган исирғали қиз таом тортар экан, бошқарувчининг хотини ўқтин-ўқтин эшикдан қараб қўяр, хотинининг пазандалигидан фахрланган бошқарувчининг ўзи эса зўр бериб илжаярди.

Овқатдан кейин Нехлюдов бошқарувчини зўрлаб ўтқазди-да, ўзини бир синовдан ўтказиш, шу билан бирга, ўзини шу қадар машғул қилган фикрни биронта одам билан ўртоқлашиш мақсадида уяга ерни деҳқонларга тақдим қилиш тўғрисидаги режасини гапириб берди ва унинг фикрини сўради. Бошқарувчи ўзини гўё кўпдан буён худди шу нарсани ўйлаб юрган ва ундан бу гапни эшитиб қувонганини кўрсатмоқчи бўлгандай жилмаярди-ю, аммо ҳақиқатда эса ҳеч нарса тушунмас эди. Йўқ, Нехлюдов тушунтириб гапира олмагани учун эмас, балки бу режага кўра Нехлюдов бошқаларнинг фойдасини кўзлаб ўз фойдасидан воз кечгани аниқ кўриниб тургани учун тушунмас эди. Ҳар қандай одам ўз фойдаси учун бошқанинг зарарини кўзлаши керак деган ҳақиқат бошқарувчининг онгида шу қадар ўрнашиб қолган эдики, Нехлюдов ердан тушадиган барча фойда деҳқонларнинг жамоат капиталига қўшилишини айтганда, бошқарувчи ўзича ниманидир тушунмаяпман деб ўйлаган эди.

– Тушундим. Бундан чиқди энди сиз шу капиталдан фоиз олиб турар экансиз-да? – деди бошқарувчи ёришиб.

– Йўғ-э. Ахир тушунсангиз-чи, ер алоҳида бир шахснинг хусусий мулки бўла олмайди.

– Тўғри айтасиз!

– Шунинг учун ердан тушадиган даромад ҳамманики бўлади.

– Бундан чиқди, сиз энди даромад олмас экансиз-да! – деб сўради бошқарувчи кулишдан тўхтаб.

– Ҳа, даромаддан воз кечаман.

Бошқарувчи оғир хўрсиниб қўйди, кейин яна жилмая бошлади. У энди тушунди. У Нехлюдовнинг мияси айнибди деб ўйлаб, Нехлюдовнинг ердан воз кечиши ҳақидаги режасидан ўзи учун фойда ахтара бошлади. У режани шундай англашга ҳаракат қилардики, натижада, деҳқонларга берилаётган ердан ҳам ўз манфаати учун фойдаланиб қолсин.

Бундай қилишнинг ҳам иложи йўқлигини англагач, Нехлюдовнинг режаси бошқарувчини қизиқтирмай қўйди, у бекка манзур бўлиш учунгина ҳамон илжаярди. Бошқарувчи кўнглидагини тушуниб етмаётганини кўриб Нехлюдов унга жавоб бериб юборди-да, сиёҳ тўкилган, кескилаб ташланган стол ёнига ўтириб режасини бир қоғозга ёза бошлади.

Қуёш эндигина барг ёза бошлаган липа дарахтлари орқасида бота бошлади, чивинлар гала-гала бўлиб уйга ёпирилиб Нехлюдовни чақишга киришди. Нехлюдов ёзувини тугатди, худди шу вақтнинг ўзида қишлоқ томонда подаларнинг маъраши, дарвозаларнинг ғижирлаб очилиши ва тўпланган мужикларнинг ғўнғир-ғўнғир гаплашаётгани қулоғига кирди. Нехлюдов бошқарувчига, деҳқонларни конторага чақиришнинг кераги йўқ, қишлоққа, мужиклар тўпланаётган ҳовлига ўзим бораман, деди. Нехлюдов бошқарувчи таклиф этган бир стакан чойни шошиб ичди-да, қишлоққа қараб кетди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации