Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 37

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 37 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XVI

Қўшни камерада бошлиқларнинг овози эшитилди. Ҳамма жим бўлиб қолди, кейин бош конвой билан икки конвой кирди. Йўқлама бошланган эди. Бош конвой ҳаммани бармоғи билан нуқиб санаб чиқди. Навбат Нехлюдовга етганда бетакаллуф хушмуомалалик билан:

– Йўқламадан кейин энди қолиб бўлмайди, князь. Кетиш керак, – деди.

Нехлюдов унинг нима демоқчи бўлганини пайқаб ёнига борди-да, тайёрлаб қўйган уч сўмини қистирди.

– Э-э, сизларга бир нима деб бўладими! Майли, ўтира туринг.

Бош конвой чиқиб кетай деб турганда, яна битта унтер-офицер кирди. Унинг кетидан кўзи ғурра бўлган, соқоли яккам-дуккам, ориқ новча маҳбус кириб келди.

– Қизимга келган эдим, – деди маҳбус.

Тўсатдан ёш гўдакнинг:

– Ана дадам келди, – деган қўнғироқдек овози эшитилди ва Ранцеванинг орқасидан қизнинг малла сочли боши кўтарилди. Ранцева, Марья Павловна ва Катюша билан бирга Ранцеванинг юбкасидан қизалоққа янги кўйлак тикишарди.

– Келдим, қизим, келдим, – деди Бузовкин мулойим.

Марья Павловна Бузовкиннинг таниб бўлмас даражага келиб қолган юзига ачиниб қараб:

– Қизалоқнинг шу ерда тургани яхши, – деди. – Бизга ташлаб кета қолинг.

– Опамлар менга кўйлак тикишяпти, – деди қизалоқ Ранцеванинг қўлидаги ишни отасига кўрсатиб. – Чиройли, қип-қизил, – деб бидилларди у.

– Биз билан ётиб қолмайсанми? – деди Ранцева қизалоқни эркалаб.

– Қоламан. Дадам ҳам қолсин.

Ранцеванинг юзи табассумдан ёришиб кетди.

– Даданг қолмайди, – деди у. – Биз билан қола қолсин, – деди қизнинг отасига мурожаат қилиб.

Бош конвой эшик ёнида тўхтаб:

– Майли, қолдиринг, – деди ва унтер-офицер билан бирга чиқиб кетди.

Конвойлар чиқиб кетиши билан Набатов Бузовкиннинг олдига борди-да, елкасидан ушлаб:

– Карманов алмашиниб кетаётган эмиш, ростми, оғайни? – деди.

Бузовкиннинг соддадил, ёқимли юзи тўсатдан ғамгин тус олди, кўзини парда қоплагандай бўлди.

– Эшитганимиз йўқ. Унақа эмасдир-э, – деди у.

– Кўзи боягидек пардали эди. – Ҳа-я, Аксютка, энди хонимлар билан ётақол, – деди-да, чиқиб кетишга шошилди.

– Ҳаммасини билади, алмашингани рост, – деди Набатов. – Энди нима қиласиз?

– Шаҳарда бошлиқларга айтаман. Икковини ҳам кўрсам танийман, – деди Нехлюдов. Яна тортишув бошланиб кетади деб қўрқишди шекилли, ҳамма миқ этмай ўтирарди.

Боядан бери сўрининг бир бурчагида қўлини боши остига қўйиб жим ётган Симонсон сапчиб ўрнидан турди-да, эҳтиётлик билан ўтирганларни айланиб ўтиб, Нехлюдов ёнига келди.

– Энди гаплашсак бўладими?

– Албатта, – деди Нехлюдов унинг кетидан бориш учун ўрнидан туриб.

Нехлюдовнинг ўрнидан турганини кўрган Катюша унинг кўзига қараб қип-қизариб кетди, ҳайрон бўлгандай бош чайқаб қўйди.

Симонсон Нехлюдов билан бошлашиб йўлакка чиққач:

– Гап шундай, – деди сўз бошлаб. Жиноий маҳбуслар орасидаги ғовур-ғувур ва шов-шувлар йўлакда айниқса яққол эшитиларди. Нехлюдов юзини буриштирди, лекин Симонсон бунга парво қилмади. – Сизнинг Катерина Михайловнага бўлган муносабатингизни билганим учун, – деб гап бошлади у меҳрибон кўзлари билан Нехлюдовга тўғри тикилиб қараб, – ўзимнинг унга, – деб гапини давом эттирди у. Лекин эшикнинг ёнгинасида алланарсани талашиб қичқираётган икки овоз уни тўхташга мажбур этди.

– Меники эмас деяпман-ку, аҳмоқ? – деб қичқирарди бир овоз.

– Бу кунингдан кўра ўлганинг яхши-е, – дерди иккинчиси хириллаб.

Шу маҳал Марья Павловна йўлакка чиқди.

– Бу ерда гаплашиб бўлармишми, – деди у, – бу ёққа киринглар, Верочкадан бошқа одам йўқ. – Шуни деб у кичкинагина эшикли қўшни хонага кирди. Бу аслида бир кишилик камера бўлиб, энди сиёсий маҳбус аёлларга берилган эди. Сўрида бошини буркаб Вера Ефремовна ётарди.

– Боши оғрияпти, энди ухлаб қолди, гапингизни эшитмайди, мен бўлсам чиқиб кетаман, – деди Марья Павловна.

– Йўқ, йўқ, қолавер, – деди Симонсон, – менинг ҳеч кимдан, айниқса, сендан яширадиган сирим йўқ.

– Яхши, – деди Марья Павловна ва гавдасини болалардек у ёқдан бу ёққа ташлаб, сўрига жойлашиб ўтириб олди, чиройли бўта кўзларини аллақаёққа тикиб тинглашга тайёрланди.

– Гап шундай, – деб такрорлади Симонсон, – Катерина Михайловнага бўлган муносабатингизни билганим учун, ўзимнинг унга бўлган муносабатимни сизга билдиришга мажбурман, деб ҳисоблайман.

Симонсоннинг соддадиллиги ва ростгўйлигидан завқланган Нехлюдов:

– Хўш, қандай муносабат экан? – деб сўради.

– Катерина Михайловнага уйланмоқчи эдим…

– Қизиқ! – деди Марья Павловна Симонсонга тикилиб.

– …Катюшадан шуни, яъни менга хотин бўлишга розилик беришини сўрамоқчи эдим, – деб давом этди Симонсон.

– Мен нима қила олардим? Ихтиёр ўзида, – деди Нехлюдов.

– Шундайку-я, лекин бу масалани сизсиз ҳал қилолмайди у.

– Нега?

– Нега деганда, ўрталарингиздаги муносабат масаласи қатъий ҳал этилмас экан, у ҳеч нарса дея олмайди.

– Мен томондан масала қатъий ҳал қилинган. Мен бўйнимдаги қарзимни узишим керак, бундан ташқари, унинг аҳволини енгиллатишим керак, лекин ҳеч қачон унга малол келтиришни истамайман.

– Шундайку-я, лекин у сизнинг фидокорлигингизни истамайди-да.

– Ҳеч қандай фидокорлик қилаётганим йўқ.

– Мен биламан, унинг бу қарори қатъий.

– Бўлмасам мен билан гаплашишнинг нима ҳожати бор? – деди Нехлюдов.

– Сиз ҳам шуни маъқул деб топганингизни Катюша билиши керак.

– Қилишим керак бўлган ишни қандай қилиб қилмаслигим лозим деб топаман. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, у ҳам бўлса, менинг озод эмаслигим. Лекин у озод.

Симонсон хаёл суриб жим бўлиб қолди.

– Яхши, унга шундай деб айтаман. Тағин унга ошиқ бўлиб қолибди деб ўйламанг, – деб давом этди у. – У кўп жабр-жафо кўрган, ажойиб, топилмайдиган одам бўлгани учун яхши кўраман. Ундан менга ҳеч нарса керак эмас. Лекин жон-дилим билан унга ёрдам бергим, аҳволини…

Симонсоннинг овози қалтираб кетганини эшитиб Нехлюдов ҳайрон бўлди.

– …Енгиллатгим келади, – деб давом этди Симонсон. – Сизнинг ёрдамингизни қабул қилишни истамас экан, ҳеч бўлмаса меникини қабул қилсин. Агар у рози бўлса, мен ҳам у сургун қилинган жойга юборишларини сўрардим. Тўрт йил – минг йил эмас. Унинг ёнида яшардим, қўлимдан келганича қисматини ҳам енгиллаштирардим. – Симонсон ҳаяжонланиб яна жим бўлиб қолди.

– Мен нима ҳам дердим? – деди Нехлюдов. – Унинг сиздек ҳомий топганига хурсандман…

– Худди шуни билмоқчи эдим, – деб жавоб қилди Симонсон. – Уни севганингиз, унга яхшиликни раво кўрганингиз учун икковимизнинг никоҳимизни маъқул деб топасизми, шуни билишни истардим.

– О, албатта, – деди Нехлюдов кескин.

Симонсон бадқовоқ одамдан кутилмаган мулойимлик билан:

– Ҳамма гап унда, менга шу жафокаш ором олса бўлди, – деди Нехлюдовга қараб.

Симонсон ўрнидан турди, Нехлюдовнинг қўлидан ушлаб, бўйнини чўзди-да, тортинчоқлик билан жилмайиб ўпди.

– Бўлмаса унга худди шундай деб айтаман, – деди-ю, чиқиб кетди.

XVII

– Буни қаранг-а! – деди Марья Павловна. – Ошиқ, ошиқи беқарор. Владимир Симонсон ана шундай болаларча, аҳмоқона ошиқ бўлиб қолади, деб сира кутмаган эдим. Қизиқ, ростини айтсам, кишини ачинтирадиган нарса, – деб якунлади у хўрсиниб.

– Лекин у, Катюша нима деркин? Сиз нима деб ўйлайсиз, бунга қандай муносабатда бўларкин? – деб сўради Нехлюдов.

– Катюшами? – Марья Павловна бу саволга иложи борича аниқроқ жавоб қайтармоқчи бўлди шекилли, ўйланиб қолди. – Катюшами? Ўтмишининг қандайлигидан қатъи назар, Катюша табиатан нозик, ахлоқли жувон… жуда нозик ҳис этади. У сизни севади, чин кўнглидан севади. Лекин сизни ўзи билан ўралашиб қолмаслигингиз учун, сизга салбий бўлса-да, яхшилик қила олганидан бахтиёр. Сизга эрга тегиш унинг учун аввалгидан ҳам баттар даҳшатли тубанлик бўларди. Шунинг учун ҳам бунга у рози бўлмайди. Шуниси ҳам борки, сизнинг шу ердалигингиз унинг тинчини йўқотади.

– Нима қилай, кўзидан ғойиб бўлайми? – деди Нехлюдов.

Марья Павловна болаларга хос мулойим табассум этди.

– Ҳа, қисман.

– Қандай қилиб қисман ғойиб бўлиш мумкин?

– Ёлғон гапирдим; лекин Катюша ҳақида шуни айтмоқчи эдимки, у Симонсоннинг қандайдир жўшқин муҳаббатининг бемаънилигини кўриб турган бўлса керак (Симонсон унга ҳали ҳеч нарса деганича йўқ). Бу муҳаббатдан у ҳам мамнун, ҳам қўрқади. Ўзингиз биласиз, бу ишлардан мен бехабарман, лекин Симонсоннинг бу муҳаббати, менинг назаримда, ниқобланган оддий эркаклик ҳиссидан бўлак нарса эмас. Унинг айтишича, бу муҳаббат унинг ғайратига ғайрат қўшади, бу муҳаббати маънавий муҳаббат эмиш. Лекин бу ҳар қандай мустасно муҳаббат бўлгани билан, асосида яна албатта ўша ифлослик ётишини биламан-ку… Новодворов билан Любочка ўртасидаги муҳаббатнинг бири-да бу ҳам.

Марья Павловна ўзи қизиққан мавзуга берилиб кетиб, асосий масаладан четга чиқиб қолди.

– Нима қилай энди? – сўради Нехлюдов.

– Унга гапнинг очиғини айтганингиз маъқул деб ўйлайман. Ҳамма вақт ора очиқ бўлгани маъқул. Катюшани чақириб бераман, гаплашинг. Майлими? – деди Марья Павловна.

– Майли, – деди Нехлюдов. Марья Павловна чиқиб кетди.

Шу кичкина камерада Вера Ефремовнанинг бир меъёрдаги нафас олиши, аҳён-аҳёнда чуқур хўрсиниши, жиноий маҳбусларнинг икки эшик наридаги камерадан эшитилиб турган ғовур-ғувурини тинглар экан, Нехлюдовни ғалати бир ҳис қамраб олди.

Симонсон айтган гаплар уни ўз устига олган мажбуриятдан қутқарарди (иродаси бўшашган пайтларда бу мажбурият унга оғир ва ғалати туюларди), лекин ҳар қалай, Симонсоннинг гапи унга ёқмадигина эмас, алам ҳам қилиб кетди. Симонсоннинг бу таклифи унинг қилган ишининг фавқулоддалигини бузишини, ўз кишилари ва бегона одамлар назарида фидокорлигининг қийматини пасайтириб юборишини ҳис этар эди. Симонсондек Катюшага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган яхши бир одам у билан тақдирини боғлашни истар экан, Нехлюдовнинг фидокорлиги қиймати пасаярди, албатта. Балки, бунда оддий рашк ҳисси ҳам бўлгандир: Нехлюдов Катюшанинг ўзига бўлган муҳаббатига шундай ўрганган эдики, унинг бошқа одамни севиши мумкинлигини хаёлига келтиргиси келмасди. Катюша озод бўлиб кетгунча шу ерда яшайман, деб олдиндан тузиб қўйган режасининг бузилиши ҳам бунга таъсир этгандир. Агар у Симонсонга тегадиган бўлса, унинг олдида туришининг кераги бўлмай қолар, шунинг учун ҳам у янги режа тузиши керак бўларди. Нехлюдов эс-ҳушини йиғиштириб олишга улгурмасдан очиқ эшикдан жиноий маҳбусларнинг бақириқ-чақириқлари эшитилди (бугун улар орасида алланима рўй берган эди), камерага Катюша кирди.

У илдам юриб Нехлюдовнинг олдига келди.

– Марья Павловна юборди мени, – деди у Нехлюдовга яқинлашиб.

– Ҳа, сиз билан гаплашиб олишим керак. Ўтирсангиз-чи. Владимир Иванович менга гапини айтди.

Катюша қўлини тиззасига қўйиб ўтирди. У хотиржам кўринарди, лекин Нехлюдов Симонсоннинг отини айтганда қип-қизариб кетди.

– У нима деди сизга? – деб сўради у.

– Сизга уйланмоқчи эканлигини айтди.

Катюшанинг юзи тўсатдан азоб чеккандек буришиб кетди. У ҳеч нима демай, ерга қараб қолди.

– У менинг розилигимни ёки маслаҳат беришимни сўраяпти. Мен, ҳаммаси сизнинг ихтиёрингизда эканини, бу нарсани ўзингиз ҳал қилишингиз кераклигини айтдим.

– Вой, у нимаси? Нега энди? – деб ғўлдиради у ва Нехлюдовга ҳамма вақт, айниқса, кучли таъсир қиладиган ғалати қараш қилиб, ғилай кўзлари билан қия қараб қўйди. Улар бир неча дақиқа сўзсиз бир-бирларига қараб қолдилар. Бу боқиш икковига ҳам кўп нарсаларни сўзлаб берди.

– Ўзингиз ҳал қилишингиз керак, – деб такрорлади Нехлюдов.

– Нимани ҳал қиламан? – деди у. – Ҳаммаси аллақачон ҳал қилинган.

– Йўқ, сиз Владимир Ивановичнинг таклифини қабул қиласизми-йўқми, шуни ҳал қилишингиз керак, – деди Нехлюдов.

– Мендай каторгачига эрга чиқишни ким қўйибди? Владимир Ивановични ҳам ҳалок қилишнинг нима кераги бор?

– Хўш, башарти афв этишса-чи? – деди Нехлюдов.

– Э-э, қўйинг-е. Бошқа гапим йўқ, – деди-да, Маслова ўрнидан туриб, камерадан чиқди.

XVIII

Нехлюдов Катюша билан изма-из эркаклар камерасига кирганда, у ердагиларнинг ҳаммаси ҳаяжонда эди. Ҳамма жойга бориб-келиб юрадиган, ҳамма билан танишиб, ҳамма нарсани кузатиб юрадиган Набатов барчани ҳайратга солган бир хабар олиб келибди. Бу хабар шундан иборат эдики, у девор кавагидан каторгага ҳукм этилган революционер Петлиннинг хатини топиб келипти. Ҳамма Петлинни аллақачон Қарага етган деб ҳисобларди, тўсатдан маълум бўлишича, яқиндагина худди шу йўлдан жиноий маҳбуслар билан бирга ўтиб кетибди.

«17 августда, – дейилган эди хатда, – ёлғиз ўзимни жиноий маҳбуслар билан жўнатишди. Неверов мен билан бирга эди, Қозонда, жиннихонада ўзини ўзи осиб ўлдирди. Ўзим соғ-саломатман, бардамман, ишларимиз яхши бўлиб кетар деб умид қиламан». Ҳамма Петлиннинг аҳволи ва Неверовнинг ўзини осиб ўлдиришининг сабабини муҳокама қила бошлади. Крильцов эса ёниб турган кўзларини бир нуқтага тикканича диққат қилиб турарди.

– Эрим Петропавловскдалигида Неверовнинг кўзига ҳар хил нарса кўринадиган бўлиб қолганини айтган эди, – деди Ранцева.

– Ҳа, шоир, хаёлпараст одам. Бундай одамлар якка қамоқда ётишга бардош беролмайдилар, – деди Новодворов. – Мен яккахонага тушиб қолганимда хаёл сурмасликка ҳаракат қилардим, вақтимни жуда зиқ қилиб тақсимлардим. Шу сабабли кунни осон ўтқазардим.

Набатов хафагарчиликни тарқатмоқчи бўлди шекилли:

– Кунни ўтқазиш қийин бўптими? Қамоққа олганларида кўпинча севинардим, – деди тетиклик билан. – Бўлмаса хавотирланиб яшайсан, қамалиб қолсам, бошқаларнинг сирини очиб, ишни пачава қилмасмиканман деб қўрқасан, қамоққа олишдими, бўлди – масъулият тамом, дам олсанг бўлади. Папиросингни чекиб ўтиравер!

Марья Павловна Крильцовнинг тўсатдан ўзгарган, сўлган юзига ташвишланиб қараб:

– Сен уни яхши танирмидинг? – деб сўради.

– Неверов хаёлпарастми? – деб гап бошлади тўсатдан Крильцов анчадан бери бақираётгандек ёки ашула айтгандек харсиллаб. – Неверов шундай одам эдики, бизнинг швейцарнинг тили билан айтганда, бунақаларни онаси битта туғади… шундай… у мусаффо, пок одам эди. Шундай… ёлғон гапириш у ёқда турсин муғамбирликни ҳам билмас эди. Териси юпқагина эмас, йўқ, бутунлай шилиб олингандек асаблари яланғоч эди. Шундай… мураккаб, истеъдодли одам эди, бунақа… Ҳаҳ, гапириб ҳам нима қилдим!.. – У жим бўлиб қолди. – Биз бу ерда, – деди у қовоғини солиб жаҳл билан, – аввал халққа илм бериб, кейин ҳаёт тузумини ўзгартирамизми ё аввал тузумни ўзгартирамизми – қайси йўл билан: тинч тарғибот йўли биланми ё террор йўли билан курашамиз деб баҳслашамиз. Шундай, баҳслашамиз. Улар эса баҳслашишмайди, ўз ишларини билишади. Ўнлаб, юзлаб одамларнинг ҳалок бўлиши улар учун ҳеч гап эмас, тағин қанақа одамларни денг! Улар учун одамларнинг сараси ҳалок бўлгани яхши. Шундай, декабристларни муомаладан чиқаришгандан кейин умумий савияни пасайтириб юборишди деган эди Герцен. Шундай пасайиб кетдики! Кейин Герценни ва унинг тенгдошларини четлаштирдилар. Энди Неверовларни…

– Ҳаммани йўқота олмайдилар, – деди Набатов тетик овоз билан. – Барибир наслимиз қолади.

Крильцов гапини бўлишга йўл қўймай:

– Уларга шафқат қилар эканмиз, йўқ, қолмайди, – деди товушини баланд қилиб. – Папирос бер.

– Ўзингни ёмон ҳис қиляпсан шекилли, Анатолий, – деди Марья Павловна, – қўй, чекма.

– Э-э, қўйсанг-чи, – деди жаҳл билан Крильцов, сўнгра чека бошлади. Лекин шу тобнинг ўзидаёқ йўтали тутди; ўқчий бошлади. Тупуриб бўлгач, гапини яна давом эттирди: – Нотўғри йўлдан борганмиз, нотўғри йўлдан. Гап сотиб ўтиргандан кўра бирлашишимиз керак эди… уларни яксон қилишимиз керак эди. Шундай.

– Ахир улар ҳам одам-ку, – деди Нехлюдов.

– Йўқ, улар одам эмас, – шу ишларни қила оладиганлар одам эмас… Мана, бомба ва баллонлар ўйлаб чиқаришди дейишяпти. Шу баллонларда осмонга чиқиб уларнинг устига бомба ташлаб бургадек қириб юбориш керак… Шундай. Чунки… – қип-қизариб гапини давом эттирмоқчи эди, лекин бирдан аввалгидан баттар йўтал тутиб қолди, оғзидан лахта-лахта қон келди.

Набатов қор келтиргани югуриб кетди. Марья Павловна валерьян томчиси топиб узатди, лекин у, кўзини юмиб, оппоқ ориқ қўллари билан уни итарар, оғир ва тез-тез нафас оларди. Қор билан совуқ сув бир оз тинчитгандан кейин уни ётқиздилар. Нехлюдов ҳамма билан хайрлашди-да, уни олиб кетгани келиб, анчадан бери кутиб турган унтер-офицер билан бирга чиқиб кетди.

Жиноий маҳбусларнинг овози ўчди, кўплар ухлаб қолган эди. Одамлар сўри устида ҳам, сўри тагида ҳам, йўлларда ҳам ётганларига қарамай камерага сиғишмай қолган эди. Уларнинг бир қисми бошлари остига қопларини қўйиб, устиларига нам халатларини ёпиб йўлакда, ерда ётишарди.

Камераларнинг эшигидан ва йўлакдан хуррак товушлари, инграган овозлар ва одамларнинг уйқусираши эшитиларди. Ҳамма ерда устига халат ёпиб ғуж бўлиб ётган одам гавдаси кўринарди. Жиноий бўйдоқлар камерасидагина бир неча одам бурчакда шам қолдиғини ёқиб ўтирарди, солдатни кўришлари билан шамни ўчиришди, йўлакда, чироқ тагида бир чол яланғоч бўлиб олиб, кўйлагининг битини боқиб ўтирарди. Сиёсий маҳбуслар камерасининг заҳарланган ҳавоси бу ернинг сассиғидан кўра софдек туюларди. Тутаб ёнаётган лампа туман орасидан кўрингандек хира, нафас олиш қийин эди. Йўлакдан ухлаб ётганларнинг биронтасини босиб олмасдан ёки тегиб кетмасдан ўтиш учун, аввал бўш жойни топиб ўша ерга оёқ қўйиш, кейин иккинчи қадам учун яна бўш жой қидириш керак эди. Уч киши, йўлакдан ҳам жой топмаган бўлсалар керак, даҳлизда тирқишидан шалтоқ нажас сизғиб ётган бадбўй ёғоч пақир тагида ётарди. Уларнинг бири тентакнамо чол эди. Нехлюдов уни йўлда бир неча марта кўрган эди. Иккинчиси, ўн ёшлар чамасидаги бола бўлиб, икки маҳбус ўртасида, юзини қўлига тираб, маҳбуслардан бирининг оёғига бош қўйиб ётарди.

Дарвозадан чиққач Нехлюдов тўхтади ва кўкрагини тўлдириб, анчагача муздек совуқ ҳаводан нафас олди.

XIX

Осмонда юлдузлар чарақлади. Баъзи жойларда ҳали ҳам лой пилчиллаб турган қатқалоқ йўлдан юриб Нехлюдов карвонсаройга қайтди-да, қоронғи деразани тақиллатди. Кенг яғринли хизматкор йигит ялангоёқ келиб эшикни очиб, уни даҳлизга киритди. Даҳлизнинг ўнг томонидаги қора уйдан извошчиларнинг қаттиқ хурраги эшитилади; тўғридаги эшикнинг орқасидаги ҳовлидан анча-мунча отнинг сули чайнагани эшитилади. Чап томонда озодагина хонага кирадиган эшик бор эди. Озода хонадан шувоқ ҳиди келар, тўсиқ орқасида аллакимнинг уйни тўлдириб хуррак отгани эшитилар, иконалар олдида қизил шишали лампа ёнарди. Нехлюдов ечинди, клеёнка сирилган диванга катта ва қалин жун рўмол солди, устига ўзининг чарм ёстиғини қўйди-да, ётиб шу бугун кўрган-кечирганларини хаёлидан ўтказа бошлади. Нехлюдов бугун кўрган нарсалари ичида энг даҳшатлиси – бошини маҳбуснинг оёғига қўйиб, ёғоч пақирдан оқиб тушаётган шалтоқда ётган бола эди.

Шу бугун кечқурун Симонсон ва Катюша билан бўлган суҳбатнинг кутилмаган ва муҳим нарса эканлигига қарамай, Нехлюдов бу воқеа устида тўхталмади: унинг бу масаладаги муносабати жуда мураккаб, шу билан бирга, ноаниқ эди, шу сабабдан Нехлюдов бу ҳақдаги фикрларни ўзидан қува бошлади. Лекин у қўланса ҳавода димиқиб, сассиқ пақирдан сизиб оқаётган шалтоқда ётган бахти қароларни, айниқса, каторгачининг оёғига бошини қўйиб ухлаётган маъсум болани хаёлидан қува олмас, бу манзара кўз олдидан кетмас эди.

Узоқ бир жойда одамларнинг бир қисми бошқа бир қисмини хўрлаб, қаттиқ азоблаганини, фаҳш йўлига солаётганини билиш бошқа-ю, одамларнинг бузилаётгани, бири бошқа бирини азоблаганини уч ой мобайнида ўз кўзинг билан кўриш бошқа. Нехлюдов худди шуни ҳис этарди. Ана шу уч ой мобайнида у ўзидан: «Бошқалар кўрмаётган нарсаларни кўраётган мен жинними ёки шу мен кўраётган нарсаларни вужудга келтираётганлар жинними?» деб сўраган эди бир неча бор. Лекин одамлар (улар кўпчиликни ташкил этадилар) уни ҳайрон қилган ва даҳшатга солган нарсаларни қилиниши керак бўлган муҳим ва фойдали иш деб билиб, шундай зўр ишонч билан бажарар эдиларки, бу одамларни ақлдан озган деб бўлмас эди; лекин ўз фикрларининг равшанлигини ҳис этгани учун ўзини ҳам ақлдан озган дея олмасди. Шу сабабли доимо ҳайрон эди.

Уч ой мобайнида кўрганларидан Нехлюдов қуйидагича тушунча ҳосил қилган эди: озодликда яшовчи одамлар орасидан суд ва маъмурият энг асабийлари, қизиққонлари, серҳаракатлари, истеъдодлилари, кучлилари, муғамбирлик ва эҳтиёткорликни унча билмайдиганларини ажратиб олади; озодликда қолганлардан кўра гуноҳи ортиқ бўлмаган ёки жамият учун хавфли бўлмаган ана шу одамлар, биринчидан, турмаларга қаматилади, этап ва каторгаларга сурилади, табиатдан, оиласидан, меҳнатдан, яъни инсоннинг табиий ва маънавий ҳаёти учун зарур бўлган барча шароитлардан йироқда ойлаб, ҳатто йиллаб бекорчиликда, моддий жиҳатдан таъминланган ҳолда тутилади. Бу биринчидан. Иккинчидан, шундай муассасаларда бу одамлар ҳар турли кераксиз хўрликларга дучор этилади – кишанга солинади, сочлари қирилади, шармандаларча кийим кийдирилади, яъни заиф одамларни эзгу ҳаётга тарғиб этувчи кучдан – одамларнинг фикр-мулоҳазаси ҳақидаги ташвишдан, шарм-ҳаёдан, ўз қадр-қимматини сезишдан маҳрум этилади. Учинчидан, ҳамма вақт таҳлика остида яшаш (офтоб уриш, сувга ғарқ бўлиш, ўт ичида қолиш каби фавқулодда ҳодисалар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади), – қамоқ жойларидаги доимий юқумли касалликлар, ҳолдан тойиш, калтакланиш орқасида бу одамлар шундай даражага бориб етадиларки, бундай шароитда юмшоқ кўнгилли, ахлоқли одам ҳам ўзини ҳимоя қилиш мақсадида даҳшатли ва раҳмсизларча иш қилишга мажбур бўлади ёки шундай қилганларни кечиради. Тўртинчидан, шу одамларни турмушда бузилган (айниқса, шу муассасаларнинг ўзи бузган) ярамас, қотил ва ёвуз одамларга қўшиб қўядилар, бу бузилган одамлар шунча чора билан ҳам бузилиб улгурмаган одамларга бир ачитқи каби таъсир этадилар. Бешинчидан, ниҳоят, шу таассурот остидаги одамларнинг ҳаммасига, жуда ишонтирарли йўл билан, чунончи, уларга шафқатсиз муомалада бўлиш, болаларга, хотинларга, кексаларга азоб бериш, савалаш, хипчинлаш, қочоқларни хоҳ тирик, хоҳ ўлик ҳолда тутиб берганларга мукофот бериш, эр-хотинларни айириш ва бировларнинг хотинини бировларнинг эрига қўшиш учун уларни бир жойга қамаш, отиш, осиш йўллари билан жуда ишонарли қилиб: «Ҳар қандай зўрлик, шафқатсизлик ҳукумат томонидан ўзига қулай бўлган кезларда ман қилинмайди, аксинча, шундай қилишга рухсат этилади, шунинг учун ҳам бу чораларни тутқунликка тушган, чорасиз ва фалокатга дучор бўлганларга нисбатан татбиқ этиш жоиз», деган фикрни уқдирардилар.

Шуларнинг ҳаммаси бошқа ҳеч қандай шароитда эришиб бўлмайдиган сўнг даражадаги фаҳш ва разолатни вужудга келтириб, кейинчалик уни халқ орасида тарқатиш учун атайлаб очилган муассасаларга ўхшар эди. Нехлюдов авахта ва этапларда бўлаётган ҳодисаларни синчиклаб кузатар экан, «иложи борича кўпроқ одамни йўлдан оздириш, разолатга судраш тўғрисида топшириқ берилгандай-а» деб ўйларди. Йил сайин юз минглаб кишилар йўлдан оздирилади, ниҳоят бузуқликнинг энг юқори нуқтасига етганларида турмаларда сингдириб олган разилликларни халқ орасига ёйишлари учун озод этилади.

Жамият ўз олдига вазифа қилиб қўйган бу мақсад Тюменск, Екатеринбург, Томск турмаларида ва этапларда муваффақият билан амалга оширилаётганини Нехлюдов ўз кўзи билан кўрди. Рус жамияти талаб қилган, деҳқон ва христианлар ахлоқи билан яшаб келган содда, оддий кишилар бу тушунчаларини бир чеккага йиғиштириб қўйиб, агар фойдаси бўлса, инсонни ҳар қандай хўрлаш, таҳқирлаш мумкин деган янги турма тушунчаларини ўзлаштириб оладилар. Қамоқда ётиб чиққан одамлар ўз бошларидан кечирганларидан қиёс олиб, черков ва ахлоқ ўқитувчилари тарғиб қилган фикр, яъни инсонни ҳурмат қилиш ва унга ачиниш ҳақидаги қонунлар ҳақиқатда бекор қилинганини бутун қалблари билан ҳис қиладилар ва шу сабабли бу қонунга риоя қилмаса ҳам бўлади, деган қарорга келадилар. Нехлюдов ҳамма таниш маҳбусларнинг: Федоров, Макар, ҳатто икки ой этапда юриб, беҳаё фикрлари билан уни ҳайрон қолдирган Тараснинг ўзгариб қолганини кўрди. Йўлда Нехлюдов саёқлар тайгага қочиб кетаётганда, бирон ўртоқларини бирга қочишга кўндириб, кейин ўлдириб гўштини ейишларини эшитди. Нехлюдов шу гуноҳ билан айбланган, айбига иқрор бўлган бир одамни ўз кўзи билан кўрди. Ҳаммадан даҳшатлиси шу эдики, одамхўрлик воқеаси камдан-кам учрайдиган ҳодиса бўлмай, доим такрорланиб турарди.

Фисқ-фужурни ана шу муассасалар ёрдами билан ёйилиши натижасидагина Нитшенинг, ҳамма нарсани қилиш мумкин, ҳеч нарса ман қилинмайди, деган янги таълимотини аввал маҳбуслар орасида, ундан сўнг эса халқ орасида тарқатиш, рус кишисини саёқлар даражасига тушириш мумкин.

Мана шу содир бўлаётган воқеаларни жиноятнинг олдини олиш, қўрқитиш, тузатиш ва қонуний жазолаш билан изоҳлаш мумкин эди. (Китобларда шундай деб ёзар эдилар.) Аммо ҳақиқатда эса аҳвол тамомила бошқача эди. Жиноятнинг олдини олиш ўрнига уни ёяр эдилар. Қўрқитиш ўрнига жинояткорларни рағбатлантиришарди, натижада уларнинг кўпчилиги, чунончи, саёқлар ўз хоҳишлари билан қамоққа борардилар. Одамларни тузатиш ўрнига улар мунтазам равишда ҳар турли иллатлар билан заҳарлаб келинарди. Ҳукумат томонидан бериб турилган жазолар эса ўч олиш ҳиссини пасайтириш у ёқда турсин, балки бу ҳисни халқ орасида кучайтирарди, илгари халқ орасида бу нарса йўқ эди.

Нехлюдов: «Бас, нега бундай қилишади?» – деб ўз-ўзидан сўрар, лекин жавоб тополмас эди.

Бу нарсалар бехосдан, билмасдан, бир мартагина қилиб қўйилмас эди, бу нарсалар ҳар доим, юз йиллардан бери давом этиб келган, фақат фарқи шу эдики, илгари одамларнинг бурунларини йиртиб, қулоқларини кесишса, кейинча тамға босиб, қўлларига гаврон буров солишса, энди қўл кишан уриб, араваларда эмас, поездларда ташишар эди, – мана шулар Нехлюдовни ҳаммасидан ҳам кўпроқ ажаблантирарди.

Хизматчилар унга, сизни ғазаблантирган нарсалар қамоқхоналар ва сургун жойларнинг бопта эмаслиги орқасида туғилган, агар янги фасонда турмалар солинса буларнинг ҳаммасини тузатиб юбориш мумкин, деб айтган бўлсалар ҳам, бу мулоҳазалар Нехлюдовни қаноатлантирмасди, чунки у ўзини ғазаблантирган нарсалар қамоқхоналарнинг бопта ё бопта эмаслиги орқасида бўлмаётганини сезарди. У электр қўнғироқлар ўрнатилиб, мукаммал қилиб қурилган турмалар ҳақида Тард тавсияси бўйича электр токи билан қатл этиш ҳақида ёзилган нарсаларни ўқиган, шунинг учун такомиллаштирилган жабру зулм уни яна ҳам бешбаттар ғазаблантирар эди.

Судларда ва министрликларда катта маош оладиган одамлар ўтиради, бу маошлар уларга халқдан йиғиб берилади ва улар бу маошлар эвазига ўзлари сингари амалдорлар томонидан айни асосда ёзилган китобчаларни қараб чиқадилар, ўзлари ёзган қонунларни бузган одамларнинг қилмишларини жиноий қонуннинг маълум бир моддасига тўғрилашади ва шу моддаларга асосланиб одамларни ўзлари ҳеч вақт кўрмаган аллақандай жойларга жўнатишади. Одамлар у ерларда бағритош, қўпол назоратчилар, кузатувчилар, конвойлар ихтиёрига топширилади, миллионлаб кишилар руҳан ва жисман ҳалок бўлишадики, мана шу нарсалар Нехлюдовни жуда ёмон ғазаблантирарди.

Турмалар ва этапларни кўргандан кейин Нехлюдов шуни пайқаб олди: маҳбуслар орасидаги барча ярамас ҳоллар: ароқхўрлик, қиморбозлик, раҳмсизлик, авахтадагилар қиладиган барча даҳшатли жиноятлар, одамхўрлик – тасодиф ҳол ҳам эмас, ҳафтафаҳм олимлар айтгандек, одамларнинг жиноятчи бўлиб туғилганлигидан, насли айниганидан ҳам эмас (бу назариялар ҳукуматга жуда қўл келади), балки одамлар бошқаларни жазолашлари мумкин дейилган хатонинг муқаррар оқибатидир. Нехлюдов одамхўрликнинг тайгада эмас, министрликларда, қўмиталарда ва департаментларда бошланиб, фақат тайгадагина тугалланишини кўрди; ўз поччасининг ва барча судьяларнинг, приставдан тортиб, то министргача бўлган барча амалдорларнинг ўзлари гапириб юрган адолат ёки халқ фаровонлиги билан сира ишлари йўқ, улар оқибатда халқни бузадиган ва унга азоб берадиган нарсаларни қилаётганликлари учун тўланадиган сўмларнинг ғамини ер эдилар. Бу нарса ойдай равшан эди.

«Мана шуларнинг ҳаммаси, наҳотки, фақат англашилмовчилик орқасида қилинаётган бўлса? Қилаётган нарсаларини қилмасликлари учун ана шу амалдорларнинг ҳаммасига маошлари тўлаб турилса, ҳатто мукофот ҳам берилса қандай бўлар экан?» – деб ўйларди Нехлюдов. Шуларни ўйлар экан, хўрозлар иккинчи марта қичқирди, у қимирлади дегунча фаввора сингари атрофида сачрай бошлаган бургаларга парво қилмай, донг қотиб ухлаб қолди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации