Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 25

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 25 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XX

Эртасига Маслованинг иши кўрилиши керак эди. Шунинг учун Нехлюдов сенатга жўнади. Нехлюдов сенатнинг қатор извошлар турган серҳашам биноси ёнида адвокат билан учрашди. Серҳашам, дабдабали зинадан иккинчи қаватга чиққач, бу ерни ипидан игнасигача яхши билган адвокат чап томондаги эшик томонга юрди.

Эшик устига суд устави жорий этилган йил ёзиб қўйилган эди. Фанарин узун даҳлизда пальтосини ечиб, швейцардан сенаторларнинг ҳаммаси шу ердалигини, охиргиси ҳозиргина кириб кетганини эшитиб ечинди, фрак ва оппоқ кўкрагини безаб турган оқ галстукда қолиб тап тортмай, кулиб иккинчи хонага кирди. Бу иккинчи хонанинг ўнг томонида каттакон шкаф, нарироқда стол турар, чап томонда айланма зина бор эди. Шу тобда вицмундир кийган, қўлтиғига портфель қистирган олифта тўра зинадан тушиб келаётган эди. Бу хонада пиджак ва кулранг панталон кийган узун сочли, салобатли мўйсафид чол ҳамманинг диққатини ўзига жалб қиларди. Иккита хизматчи унинг олдида ҳурмат сақлаб туришарди.

Мўйсафид чол шкафни очиб кириб кетди. Шу маҳал Фанарин ўртоғини, оқ галстук таққан, фрак кийган ўзи сингари адвокатни кўриб қолиб гапга тушиб кетди; Нехлюдов эса хонадагиларни кўздан кечира бошлади. Хонада ўн бештача одам бор эди, улардан иккитаси аёл киши эди, бири рince-nez таққан ёш жувон, иккинчиси сочлари оқарган кампир эди. Ҳозир матбуотда туҳмат ҳақидаги иш кўрилиши керак бўлгани учун одатдагидан кўп одам йиғилган – ҳаммаси матбуот ходимлари эди.

Антиқа мундир кийган, қоғоз ушлаган икки бети қип-қизил чиройли суд пристави Фанариндан қайси иш бўйича келганини суриштирди, Маслованинг иши бўйича келганини билиб, алланималарни ёзиб олиб нари кетди. Шу маҳал шкаф эшиги очилиб, салобатли чол чиқиб келди. Лекин ҳозир пиджакда эмас, зар уқалар тутилган, кўкрагига ялтироқ тўқачалар тақилган, уни кўпроқ қушга ўхшатиб кўрсатадиган кийимда эди.

Бу кулгили костюмдан чолнинг ўзиям хижолат чекди шекилли, у одатдагидан кўра тезроқ юриб, кираверишдаги эшикнинг рўпарасидаги хонага кириб кетди.

– Бу Бе, мўътабар одам, – деди Фанарин Нехлюдовга, сўнгра уни ўз шериги билан таништириб, жуда қизиқ бир иш кўрилишини айтди.

Кўп ўтмай мажлис очиладиган бўлди ва Нехлюдов одамлар билан бирга чап томондаги мажлислар залига кирди. Ҳаммалари, Фанарин ҳам, панжаранинг бу ёғидаги ҳамма учун белгиланган жойга ўтиришди. Фақат петербурглик адвокат олдинга ўтиб, панжара олдидаги стол ёнига ўтирди.

Сенатнинг мажлислар зали округ судининг залидан кичикроқ, унчалик серҳашам эмас, фарқи шу эдики, сенаторлар ўтирган стол устига яшил мовут эмас, зарҳал шокилали тўқ қизил духоба ёпилган эди. Аммо адлия муассасаларида бўладиган ойна, икона, подшонинг портрети бунда ҳам бор эди. Пристав ҳам худди ўшанақа дабдаба билан: – «Суд келяпти» деб эълон қилди. Ҳамма худди ўшандай ўрнидан турди, мундир кийган сенаторлар кириб келишди, суянчиғи баланд курсиларга ўтиришди, табиий бўлиб кўриниш учун худди ўшандай столга тирсакларини қўйиб олишди.

Сенаторлар тўрт киши эди. Раислик қилувчи Никитин соч-соқоли қириб олинган чўзиқ юзли, кўзлари тикандек киши эди; Вольф лабини қимтиб оппоқ қўллари билан папкадаги қоғозларни варақларди; сенаторларнинг учинчиси, семиз, чўтир ҳуқуқшунос олим Сковородников ва тўртинчиси Бе – энг кейин келган бояги салобатли чол эди. Сенаторлар билан бирга обер-секретарь ва ўрта бўйли, қотмадан келган, соқоли олинган, буғдойранг, қора кўзлари маъюс йигит – обер-прокурор ёрдамчиси чиқди. Нехлюдов унинг ғалати мундир кийганига ва олти йилдан бери кўрмаганига қарамай, унинг талабалик чоғидаги энг яқин дўстларидан бири эканини таниди.

– Прокурор ёрдамчиси Селенин эмасми? – деб сўради у адвокатдан.

– Ҳа, нима эди?

– Уни жуда яхши танийман, ажойиб одам…

– Ишбилармон, уста обер-прокурор ёрдамчиси ҳам. Ўшандан илтимос қилиш керак эди, – деди Фанарин.

– У ҳар ҳолда виждонан иш қилади, – деди Нехлюдов Селенин билан яқинлигини, дўстлик муносабатларини, унинг яхши хислатларини: озодалиги, инсофлилиги, ҳаққонийлигини эслаб.

Фанарин иш бўйича бошланган докладни тинглар экан:

– Энди иложи йўқ, – деб шивирлади.

Округ суди қарорини ўз кучида қолдирган суд палатасининг ҳукми устидан берилган шикоятнома кўрила бошланди.

Нехлюдов қулоқ сола бошлади ва кўз ўнгида бўлиб ўтаётганларнинг маъносига тушунишга уринди. Лекин худди округ судидаги сингари масалани тушунишига халақит бераётган нарса шу эдики, ишнинг асосий моҳияти бу ёқда қолиб, гап тамоман ёт нарсалар ҳақида борар эди. Иш бир акционер ширкати раисининг муттаҳамлигини фош қилиб ёзиб чиққан газета мақоласидан иборат эди. Бундай қараганда, акционер жамиятининг раиси ҳақиқатан пул қўювчиларни талаётгани тўғрими, деган масалани аниқлаш ва бундан кейин таламайдиган қилиб чора кўришдан иборат бўлиши керак эди. Лекин бу ҳақда бир оғиз ҳам сўз бўлмади. Гап қонун бўйича нашриёт эгаси фельетончининг бу мақоласини босишга ҳақи борми-йўқлиги, бу мақолани босиш билан қандай жиноятга йўл қўйганлиги тўғрисида борарди. Бу мақола диффамациядан9999
  Диффамация – бирор шахсни бадном қиладиган маълумотларни матбуотда эълон қилиш (тарж.)


[Закрыть]
иборатми ёки туҳматдан ёки диффамация бўлиб ичига туҳматни оладими ёки туҳмат бўлиб ичига диффамацияни оладими, деган масала, яна оддий кишиларнинг тушуниши қийин бўлган турли моддалар ва аллақандай умумий департаментнинг қарори ҳақида гапирардилар.

Нехлюдовнинг тушунган нарсаси шу бўлдики, маърузачи Вольф кеча унга, сенат ишнинг моҳиятига аралаша олмайди деб жиддий уқдирган бўлса-да, бу ишда палатанинг ҳукмини бекор қилиш тарафдори бўлиб гапирди. Селенин оғир-вазмин одам бўлишига қарамай, кутилмаганда қизиққонлик билан Вольфнинг фикрига қўшилмаганини билдирди. Ҳар доим оғир-вазмин бўлган Селениннинг қизиққонлик билан Нехлюдовни ҳайратга солгани бежиз эмас эди. Селенин акционер жамияти раисининг пул масаласида жуда фирибгар одам эканини билар, ундан ташқари, Вольфнинг кечагина шу муттаҳам томонидан берилган муҳташам зиёфатда бўлганини тасодифан эшитиб қолган эди. Эндиликда эса, Вольф жуда эҳтиёткорлик билан бўлса-да, лекин бир томонлама ахборот берганидан Селенин қизишиб кетди ва оддий ишга арзимайдиган асабийлик билан ўз фикрини баён этди. Унинг нутқи Вольфни таҳқирлади шекилли, у қизариб-бўзариб, титраб кетди, ҳайрон бўлгандай имо-ишора қилиб, сипогарчилик билан, таҳқирланган кишидай бошқа сенаторлар билан бирга маслаҳатхонага кириб кетди.

Сенаторлар чиқиб кетиши билан суд пристави Фанариндан:

– Сиз қайси иш бўйича келгансиз? – деб яна сўради.

– Маслованинг иши бўйича деб боя айтдим-ку, – деди Фанарин.

– Ҳа, айтувдингиз. Иш ҳозир кўрилади, лекин…

– Яна нима?..

– Гап шундаки, бу иш тарафларсиз кўрилиши лозим бўлгани учун жаноб сенаторлар қарор эълон этилгандан кейин чиқмасликлари ҳам мумкин. Аммо мен хабардор қиламан.

– Ие, бу қанақа гап?

– Ўзим хабардор қиламан, – пристав қоғозига алланимани битиб қўйди.

Сенаторлар ҳақиқатан ҳам, туҳмат ҳақидаги иш бўйича қарорни эшиттиргандан кейин, қолган ишларни, шу жумладан, Маслованинг ишини ҳам маслаҳатхонадан чиқмай, папирос ва чой устида кўриб бир ёқли қилмоқчи эдилар.

XXI

Сенаторлар маслаҳатхонага кириб стол ёнига ўтиришлари биланоқ, Вольф ҳукмни бекор қилиш учун қизғинлик билан далиллар келтира бошлади.

Раислик қилувчи ичи қора одамнинг бугун, айниқса, кайфи ёмон эди. Мажлис маҳалида ишни тинглаб ўтириб, бир фикрга келиб қўйгани учун ҳозир Вольфнинг гапига қулоқ солмай, хаёл суриб ўтирарди. У ҳозир, кўпдан буён орзу қилиб юрган амалига уни қўймай, Виляновнинг белгиланиши муносабати билан хотира дафтарига нималар деб ёзганини эслаб ўтирар эди. Раислик қилувчи Никитин хизмати юзасидан алоқадор бўлган биринчи икки класс тўралари ҳақидаги мулоҳазалари муҳим тарихий бир материал бўлади, деб чин кўнгилдан ишонарди. Кеча бир бобни ёзиб қўйиб, унда ўз таъбирича, Россияни ҳозирги ҳукмдорлар судраган ҳалокатдан халос қилишига халақит берганлари учун биринчи икки класс тўраларининг астар-пахталарини ағдариб ташлаган эди. Аслида эса ўша тўралар ҳозир олиб турганидан кўра кўпроқ мояна олишига халақит берганлари учун уларни ёмонлаб ёзган, эндиликда у келажак насллар бундан тегишли хулоса чиқариб олади, деб ўйлар эди.

У ўзига мурожаат этган Вольфнинг сўзларини тингламасданоқ:

– Шундай, албатта, – деб жавоб берди.

Бе эса олдида ётган қоғозга гулларнинг шаклини чизар экан, Вольфнинг гапини хомуш қиёфада ўтириб тингларди. Бе ашаддий либерал эди. У олтмишинчи йиллар анъанасини қаттиқ ҳимоя қилар, мабодо холислигидан қайтадиган бўлса ҳам фақат либераллик фойдасига қайтарди. Чунончи, шу сафар туҳматдан шикоят қилган акционерчи корчалон разил одам эди, Бенинг шикоятини оқибатсиз қолдириш тарафдори бўлишининг сабаби яна шу эдики, журналистни туҳматда айблаш – матбуот эркинлигини бўғиш деб билар эди. Вольф далилларини келтириб бўлгач, Бе гулни чизиб бўлмай, шундай ҳаққониятни тушунтириб ўтиришга тўғри келгани учун хафа бўлиб, юмшоқ, ёқимли товуш билан шикоятнинг асоссиз эканлигини қисқа, содда ва ишонарли қилиб кўрсатиб берди-да, оппоқ сочли бошини эгиб яна гул чизишга киришди.

Вольфнинг рўпарасида ўтириб ҳамма вақт йўғон бармоқлари билан соқол-мўйловини йиғиштириб оғзига тиқаётган Сквородников Бе гапириб бўлиши билан соқолини чайнашдан тўхтаб, хириллаган йўғон товуш билан, акционер жамиятининг раиси қип-қизил муттаҳам бўлишига қарамай, қонуний асослар бўлганда эди, ҳукмни бекор қилиш тарафдори бўлиши мумкинлигини, лекин бундай асос бўлмагани учун Иван Семенович (Бе)нинг фикрига қўшилажагини айтди-да, шу гап билан Вольфга найза санчиб қўйганидан севинди. Раислик қилувчи ҳам Сквородниковнинг фикрига қўшилди ва иш салбий қарор билан тугади.

Вольф, хусусан, инсофини ютиб тарафкашлик қилгани фош бўлгандай кайфи бузилган эди, лекин ўзини бепарволикка солиб навбатдаги Маслованинг ишини очиб ўқий бошлади. Бу орада сенаторлар қўнғироқ чалиб чой чақирдилар ва Каменскийнинг дуэли сингари бутун петербургликларни машғул этган бир ҳодиса ҳақида гаплаша бошладилар.

Бу 995-модда билан қайд этилган жиноят устида қўлга тушиб айби очилган департамент директорининг иши эди.

– Нақадар ифлослик, – деди Бе жирканиб.

– Нимаси ёмон? Мен сизларга бир немис ёзувчисининг босилиб чиққан лойиҳасини айтишим мумкин. У бундай ишларни гуноҳ ҳисобламасдан, эркаклар ўртасидаги никоҳга йўл очишни таклиф қилади, – деди Сквородников бармоқларининг орасига қистирган папиросини пишиллаб қаттиқ тортар экан. Кейин қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

– Бўлмаган гап-э, – деди Бе.

– Мен сизга кўрсатишим мумкин, – деди Сквородников ўша асарнинг сарлавҳасини, ҳатто нашр этилган йили ва қаерда босилганини айтиб.

– Миш-миш гапларга қараганда уни Сибирнинг аллақайси шаҳрига губернатор қилиб тайинлашаётган эмиш, – деди Никитин.

Сквородников папирос қолдиғини тақсимчага ташлади-да:

– Жуда соз, Архиерей уни хоч билан кутиб олади. Ўзига боп архиерейни ҳам топиш керак эди. Мен шунақасини топиб берардим, – деди Сковородников соқол-мўйловини йиғиштириб оғзига тиқиб, чайнар экан.

Шу маҳал кириб келган пристав Маслованинг иши кўрилаётган пайтида адвокат билан Нехлюдовнинг ҳам иштирок этишни истаганликларини айтди.

– Ғалати иш, – деди Вольф, – бутун бир ишқ можароси, – сўнгра у Нехлюдов билан Маслованинг муносабати ҳақида билганларини гапира бошлади.

Шу тўғрида гаплашиб, папирос чекиб, чой ичиб бўлишгач, сенаторлар мажлислар залига қайтиб чиқдилар-да, биринчи иш ҳақидаги қарорларини эълон этиб, Маслованинг ишини кўришга киришдилар.

Вольф ўзининг ингичка товуши билан Маслованинг шикоятномасини атрофлича баён қилди ва яна холис турмай, суд ҳукмини бекор қилиш тарафдори эканини билдириб қўйди.

– Қўшимча қиладиган нарсангиз борми? – деб сўради раислик қилувчи Фанариндан.

Фанарин ўрнидан турди, оппоқ кўйлакли кенг кўкрагини кериб, суднинг олти ерда қонуннинг асл мазмунидан четга чиқиб кетганини жуда таъсирли ва аниқ ифода билан исбот қилиб берди ҳамда ундан ташқари, қисқагина бўлса-да, ишнинг моҳиятига кўчиб, чиқарилган ҳукмнинг адолатсизликдан бошқа нарса эмаслигини айтишга жасорат қилди. Фанариннинг қисқа, лекин кучли нутқида, баланд идрокли ҳуқуқ донишмандлари бўлиб, ишнинг асл моҳиятини ундан кўра яхши кўриб, тушуниб турган жаноб сенаторларни қистаётгани учун улардан узр сўради, бўйнига олган вазифаси уни шундай қилишга мажбур этаётганини билдирди. Фанариннинг нутқидан кейин сенат суд ҳукмини, шубҳасиз, бекор қилади, деб ўйлаш мумкин эди. Нутқини тугатгач Фанарин ғолибона жилмайиб қўйди. Нехлюдов адвокатига қараб, унинг бу табассумини кўриб, ишнинг натижаси яхши бўлади деб ишонган эди. Лекин сенаторларга қараб, Фанариннинг ёлғиз ўзи жилмайиб, ёлғиз ўзи тантана қилаётганини кўрди. Сенаторлар ва прокурор муовини жилмаймас, тантана этмас, балки зериккандай: «Сендақаларни кўп кўрганмиз, гапираверасан-да», деяётгандай кўринишарди. Бекорга вақтни олаётган адвокатнинг нутқи тамом бўлгандагина улар мамнум бўлгандек кўриндилар. Адвокатнинг гапи тугаши билан раислик қилувчи обер-прокурор ёрдамчисига мурожаат қилди. Селенин ҳукмни бекор қилиш учун келтирилган далилларнинг ҳаммасини асоссиз деб топиб, ишни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қисқа, лекин аниқ фикр баён этди. Шундан кейин сенаторлар ўринларидан туриб маслаҳатхонага кириб кетдилар. Маслаҳатхонада овозлар иккига бўлинди. Вольф ҳукмнинг бекор этилиши тарафдори эди; воқеани тушуниб етган Бе, суд манзарасини ва маслаҳатчиларнинг хатога йўл қўйганларини шерикларига жонли суратда тасвирлаб берди ва ҳукмни бекор қилиш тарафдори бўлди; ҳамма вақт қаттиққўллик, қатъий расмиятчилик тарафдори бўлган Никитин бунга қарши чиқди. Иш Сковородниковнинг овози билан ҳал бўлиши керак эди. Ахлоқ талабига кўра Нехлюдовнинг ана шу қизга уйланмоқчи бўлгани Сковородниковнинг ғашига теккани учун ҳам ана шу сўнгги овоз рад жавоби бериш тарафдори бўлди.

Сковородников материалист, дарвинист бўлиб, ахлоқ қоидалари ёки диний масалаларда таассуб кўрсатишни ақлсизлик дебгина эмас, ўзи учун шахсий ҳақорат деб биларди. Ўша фоҳиша туфайли вужудга келган бу дахмаза, уни ҳимоя қилаётган машҳур адвокат билан Нехлюдовнинг бу ерда, сенатда иштирок этиши унга жуда жирканч туюларди. Шундай қилиб, у соқол-мўйловини йиғиштириб оғзига тиқар, башарасини бужмайтирар экан, ўзини бу иш ҳақида ҳеч нарса билмаганликка солиб, ҳукмни бекор қилиш учун асослар етишмаслиги сабабли раислик қилувчининг, шикоят натижасиз қолдирилсин, деган фикрига қўшилажагини айтди.

Шундай қилиб, шикоят рад этилди.

ХXII

– Даҳшат! – деди Нехлюдов портфелига қоғозларини жойлаётган адвокат билан бошлашиб қабулхонага чиқаётиб. – Аниқ-равшан кўриниб турган бир ишда ҳам расмиятчиликка риоя қилиб, рад этишади. Даҳшат!

– Иш судда расво бўлган, – деди адвокат.

– Селенин ҳам рад жавоби бериш тарафдори. Даҳшат, қандай даҳшат! – деб такрорларди Нехлюдов. – Энди нима қилиш керак?

– Зоти олийларининг номига ариза берамиз. Шу ердалигингизда ўзингиз топширинг. Мен ёзиб бераман.

Шу маҳал мундирига юлдузлар таққан паст бўйли Вольф қабулхонага чиқди-да, Нехлюдовнинг ёнига борди.

У тор елкаларини қисиб, кўзини юмиб:

– На чора, азиз князь. Далиллар етарли бўлмади, – деди-да, борадиган жойига чиқиб кетди.

Вольфнинг кетидан Селенин чиқди. У сенаторлардан эски ошнаси Нехлюдовнинг шу ердалигини эшитган эди.

У Нехлюдовга яқин келиб:

– Сени шу ерда учратарман деб ўйламаган эдим, – деди жилмайиб. Лекин унинг фақат лабларигина жилмаяр, кўзи эса хомуш эди. – Сенинг Петербургдалигингни билмаган эдим.

– Мен бўлсам, сенинг обер-прокурор эканингни билмаган эдим…

– Ёрдамчиси, – деб тўғрилади Селенин. – Сенатда нима қилиб юрибсан? – деб сўради у ошнасига ғамгин ва хомуш боқиб. – Петербургга келганингни эшитган эдим. Бу ерда нима қилиб юрибсан?

– Мен бу ерга ҳаққоният топарман, бегуноҳдан бегуноҳ кесилган хотинни озод қиларман деган умид билан келган эдим.

– Қанақа хотинни?

– Иши ҳозир кўрилган хотинни.

– Ҳа-а, Маслованинг иши, – деди Селенин эслаб. – Шикоят бутунлай асоссиз.

– Гап шикоятда эмас, бегуноҳдан-бегуноҳ жазо тортаётган хотин устида кетяпти.

Селенин хўрсиниб қўйди.

– Шундай бўлиши мумкин, лекин…

– Мумкингина эмас, худди шундай…

– Сен қаёқдан биласан?

– Нега деганда, мен ўша судда маслаҳатчи эдим. Нима хато қилганимни ўзим биламан.

Селенин ўйланиб қолди.

– Ўша вақтнинг ўзидаёқ айтиш керак эди, – деди у.

– Айтганман.

– Протоколга ёзиш керак эди. Агарда шу протокол шикоят аризасига тиркалганда эди…

Иши ҳамма вақт бошидан ошиб-тошиб ётган Селенин киборлар орасида кам бўларди: Нехлюдовнинг Катюша билан муносабати ҳақида ҳеч нарса эшитмагани кўриниб турарди, буни сезган Нехлюдов ўзининг Масловага бўлган муносабатини гапирмасликка қарор қилди.

– Тўғри, лекин нотўғри ҳукм чиқарилгани шундоқ ҳам кўриниб турибди-ку, – деди Нехлюдов.

– Сенатнинг бундай дейишга ҳақи йўқ. Агар сенат ҳукмнинг адолатли, адолатсизлигини ўзи белгилаб, шу фикрига асосан суд ҳукмини бекор қилаверганда эди, сенат таянч нуқтасини йўқотиб қўйиб, адолат ўрнатиш у ёқда турсин, ўзи адолатпарварликни бузган бўларди, – деди Селенин ҳозир кўрилган ишни эслаб, – бундан ташқари, маслаҳатчиларнинг қарори ўз аҳамиятини йўқотиб қўйган бўларди.

– Менга битта нарса: ўша хотиннинг бегуноҳлиги маълум, уни бегуноҳ жазо тортишдан халос қилиб қолишга бўлган сўнгги умид барбод бўлди. Қилинган қонунсизликни олий маҳкама ҳам тасдиқлади.

– Ишнинг моҳиятини текшириб чиқа олмагани учун уни тасдиқлади деб айтиб бўлмайди, – деди Селенин кўзини қисиб, – у гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди шекилли, – холангникига тушгандирсан, – деб қўшиб қўйди: – Шу ердалигингни кеча холангдан эшитдим. Графиня мени келган воизнинг хутбасини сен билан бирга ўтириб эшитишга таклиф қилган эди, – деди Селенин фақат лаблари билангина жилмайиб.

– Ҳа, мен бор эдим, лекин кўнглим озиб чиқиб кетдим, – деди Селениннинг гапини бошқа ёққа бурганига аччиғланган Нехлюдов жаҳл билан.

– Нега энди кўнглинг озади? Бир томонлама, сектантларча бўлса-да, ҳар ҳолда диний ҳиснинг намоён бўлиши-ку, – деди Селенин.

– Бемаъниликдан бошқа нарса эмас, – деди Нехлюдов.

– Йўғ-э, черков таълимотларини шундай чала биламизки, асосий ақидаларимизни қандайдир бир янгилик деб ҳисоблаймиз, қизиқ, – деди Селенин собиқ ошнасига ўзининг янги тушунчаларини айтиб солишга шошилгандек.

Нехлюдов ҳайрон бўлиб, Селенинга кўзини тикиб қолди. Селенин ғамгинликкина эмас, бадхоҳлик ҳам акс этган кўзларини опқочмади.

– Ие, сен черков ақидаларига ишонасанми ҳали? – деб сўради Нехлюдов.

Селенин Нехлюдовнинг кўзига тикилиб бақрайиб туриб:

– Албатта, ишонаман, – деб жавоб берди.

Нехлюдов хўрсиниб қўйди.

– Қизиқ, – деди у.

– Ҳай, майли, кейин яна гаплашамиз, – деди Селенин, – ҳозир бораман, – деди у ёнига эҳтиром билан келиб тўхтаган суд приставига, – албатта учрашишимиз керак, – деб қўшиб қўйди у хўрсиниб. – Лекин сени топиб бўлармикин? Мени ҳамма вақт соат еттида, овқат маҳалида топасан. Надеждинская кўчаси, – Селенин уй номерини айтди, – ўшандан буён озмунча вақт ўтиб кетдими, – деб қўшиб қўйди фақат лаби билан жилмайиб.

– Вақт топсам келарман, – деди Нехлюдов бир вақтлар азиз ва яқин кишиси бўлган Селенинга мана шу қисқа суҳбатдан кейин адоват ҳис этмаса ҳам, унинг қандайдир бегона, узоқ, нотайин бўлиб қолганини пайқаб.

ХХIII

Нехлюдов Селенинни талабалик чоғида танир эди, ўшанда у, ажойиб ўғил, садоқатли ўртоқ, ёшига муносиб маълумотли, назокатли, яхши кийинадиган, чиройли ва шу билан баравар жуда ростгўй, ҳам инсофли одам эди. У қийналмасдан, жуда яхши ўқир, бачканаликни билмас, иншо учун олтин медаль оларди.

У сўздагина эмас, амалда ҳам ёшликда ҳаётнинг мақсади инсонларга хизмат қилишдан иборат деб тушунарди. Одамларга хизмат қилишни у давлатга хизмат этишдан иборат деб тасаввур этгани учун ҳам, курсни тугатиши биланоқ, ўз кучини кўрсатиши мумкин бўлган барча ишларни кўздан кечириб чиқди-да, хусусий маҳкаманинг иккинчи бўлимида, қонунларни тузиш ишига раҳбарлик қилиб кўпроқ фойда келтираман деб ўйлаб, шу жойга ишга кирди. Аммо, ўзидан талаб қилинган нарсаларни аниқ ва ҳалол бажаришига қарамай, бу хизматда одамларга фойда келтириш тўғрисидаги орзуларига ета олмади, онгида керакли ва зарур ишни бажаряпман, деган ишонч уйғонмади. Бу қаноатланмаслик жуда майда гап мансабпараст бир бошлиқ билан тўқнашганидан кейин яна кучайиб кетди, у иккинчи бўлимдан бўшаб, сенатга ўтди. Сенатда кўнгли анча таскин топди, лекин, ҳали ҳам бўлса, қаноатланмаслик ҳиссидан қутула олмади. Орзу қилган нарсаларининг рўёбга чиқмаганини ҳис этарди. Шу ерда, сенатда хизмат қилиб юрганида қариндош-уруғлари ҳаракат қилиб уни камерюнкерлик мартабасига кўтардилар, шундан кейин у зарҳал мундир кийиб, оқ матодан фартуғ тутиб, каретада ўзини малайлик лавозимига кўтарган турли одамларга ташаккур билдиргани боришга тўғри келди. Шунча уринса ҳам бу лавозимнинг зарурлигига важ топа олмади. Энди у бу ишининг кўнгилдагидек эмаслигини аввалидан кўра кўпроқ ҳис қила бошлади. Лекин шунга қарамай, аввало, шу лавозимга кўтариш билан унга катта яхшилик қилдик, деб ўйлаган одамларни хафа қилмаслик учун бу мансабдан воз кеча олмас эди. Иккинчи томондан эса, бу мансабга белгиланиши табиатнинг энг тубан хусусиятларига хуш келган эди. Ойнага қараб ўзини зарҳал мундирда кўриш ва шу мансабга белгилангани учун, баъзи одамлар уни иззат-ҳурмат қилгани унга жуда ёқар эди.

Уйланишда ҳам худди шу аҳвол рўй берди. Киборлар фикрича яхши жойдан уйланган эди. Селенин унга куёвга чиқишни истаган қизни ва уни шу қизга уйлантириш ҳаракатида юрган кишиларни хафа қилмаслик учун ва чиройли, ёш, аслзода қизга уйланиш унинг иззат-нафсини қондиргани учунгина уйланган эди. Аммо уйланиши ҳам хизмати ва саройдаги амали сингари «кўнглидагидек бўлиб чиқмади». Бу нарса унга тезда аён бўлди. Биринчи боладан кейиноқ хотини ортиқ фарзанд кўришни хоҳламади ва киборларча муҳташам ҳаёт кечира бошлади, Селенин ҳам истар-истамас шундай ҳаёт кечиришга мажбур эди. Хотин айтарли гўзал эмас, эрига садоқатли эди, эрининг ҳаётини заҳарлаган, ўзини ҳам чарчатган, тинкасини қуритган бўлса-да, шу тарзда ҳаёт кечиришни давом эттирарди. Селениннинг бу ҳаётни ўзгартириш учун қилган уринишлари, шундай ҳаёт кечириш керак деб ишонган хотини ва унинг қариндош-уруғлари ҳамда таниш-билишларининг қаршилигига учраб барбод бўларди.

Фарзанди, олтин ранг узун сочли қизчаси Селенин истаганича тарбияланмагани учун ҳам унга бегонадек эди. Эр-хотин одатдагидек, бир-бирини тушунмас, ҳатто бир-бирларини тушунишни истамас эди, унинг уйдаги ҳаётини заҳарлаган, лекин одоб юзасидан сир тутиладиган, чекланган сўзсиз кураш бошланди. Шундай қилиб, оила ҳаёти, хизмати ва саройдаги амалидан ҳам баттар бўлиб, «кўнгилдагидек эмас» эди.

Унинг динга бўлган муносабати ҳам кўнгилдагидек эмас эди. Селениннинг ақли ўсгач, ўз муҳити ва замонидаги одамлар каби ёшликдан миясига сингдирилган диний мавҳумотлар тўрини осонгина узиб ташлади. ёшлик, талабалик чоғида ва Нехлюдов билан дўст бўлган пайтида у жиддий ва виждонли одам бўлгани учун расмий дин мавҳумотларидан озод бўлганини яширмас эди. Лекин вақт ўтган ва мартабаси ошган сайин, айниқса, ўша пайтларда, жамиятда консерватизм, реакция ҳукмрон бўлган пайтда бу маънавий озодлик унга халақит бера бошлади. Уйдаги вазиятни ҳисобга олмаганда (айниқса, отаси ўлим тўшагида ётган чоғида ва унинг ўлимидан сўнг диний маросимлар ўтказилган, онаси Селениндан рўза тутишини талаб қилган эди, жамоат фикри ҳам қисман шундай қилишини талаб этарди), хизмат жойида ҳам куни узлуксиз диний маросимлар, дуолар ва шукроналар билан ўтарди. Диннинг тарк қилиб бўлмайдиган зоҳирий маросимларида қатнашмаган куни йўқ эди. Шу ибодатларда иштирок этар экан, икки йўлдан бирига кириши керак эди: ё ишонмаган бир нарсасига ўзини ишонган қилиб кўрсатиши (ўзи табиатан ростгўй бўлгани учун бундай қила олмас эди) ёки мана шу ташқи шаклларни ёлғон деб билиб, ҳаётини шундай қуриши керак эдики, натижада ана шу ёлғон деб санаган нарсасида иштирок этишга зарурат қолмаслиги керак эди. Бир қараганда осонгина кўринган ишни амалга ошириш учун кўп машаққатни бўйнига олиши керак эди: бутун яқинлари билан доимий кураш олиб боришдан ташқари вазиятини ҳам ўзгартириши, ишни ташлаши ва ўз фикрича одамларга келтираётган ва истиқболда фойда келтирадиган хизматидан воз кечиши керак бўларди. Шуларнинг ҳаммасини амалга ошириш учун ўзининг ҳақлигига қаттиқ ишонган бўлиши керак эди. Замонамизнинг тарихдан, умуман, диннинг келиб чиқишидан ва черков христиан динининг келиб чиқиши ҳамда инқирозидан озгина бўлса-да, хабардор бўлган ҳар бир маълумотли кишиси соғлом тушунчанинг ҳақлигига ишончи комил бўлганидек, Селенин ҳам ўзининг ҳақлигига қаттиқ ишонган эди. Черков таълимотини тан олмаган Селенин ўзининг ҳақли эканини билмаслиги мумкин эмасди.

Аммо ҳаётий шароитлар тазйиқи остида ана шу ростгўй одам кичик бир хатога йўл қўйди. Бу хато – номаъқул нарсанинг номаъқуллигини тасдиқлаш учун, даставвал, ана шу номаъқул нарсани ўрганиш керак деган фикрга келди. Бу кичик хато эди. Лекин шу кичкина хато газак олиб, катта хатога сабаб бўлди.

Дунёга кўз очиб православ динида тарбия топган Селенин бу диннинг тўғри-нотўғри эмаслиги ҳақида ўзига савол бериб, унга олдиндан жавоб топиб қўйган эди, теварак-атрофдагилар ундан шу динда бўлишни талаб этар, бу динга иқрор бўлмасдан туриб одамларга фойдали бўлган фаолиятини давом эттира олмас эди. Шунинг учун ҳам бу масалани аниқ тушуниб олиш мақсадида Вольтер, Шопенгауер, Спенсер ва Кант асарларини қўлига олмай, Гегелнинг фалсафий китоби ҳамда Vinet, Хомяковнинг диний асарларини кўриб чиқди. Табиий, ана шу асарларда у ўзига керак бўлган нарсаларни топди. Селенин ўзи шу динда тарбия топган, лекин ақли бу динни кўпдан буён қабул қилмай қўйган эди, лекин унинг ҳаёти шу динсиз кўнгилсиз воқеалар билан тўлиб тошарди, эътироф этган тақдирда эса ана шу барча кўнгилсизликлар бартараф бўлиб кетар, ўша диний таълимотни оқловчи ва бир қадар таскин берувчи нарса топарди. Шунинг учун у инсон якка ўзи ақли билан ҳақиқатни англай олмайди, инсон биргаликдагина ҳақиқатни оча олади, ҳақиқатни англашнинг ягона шарти башоратдир, у эса черковдагина бўлади ва ҳоказо деган одатдаги сафсаталарни ўзлаштириб олди; энди эса ана ўшандан бери қаллоблик қилаётганини англамай, хотиржамлик билан ибодат қилар, дуо ўқир, диний маросимларда иштирок этар, рўза тутар, иконага қараб чўқинар, хизмат қилишда давом этар, хизмат эса унда, фойда келтиряпман, деган ишончни ҳосил қилар, кўнгилсиз оилавий ҳаёт кечираётган Селенинга тасалли берар эди. Ўзи диндорман деб ўйлар эди. Аммо ўзининг динга бўлган бу ишончи бошқа нарсалардан ҳам кўра кўнгилга ўтиришмаганини бутун борлиғи билан ҳис этарди.

Шунинг учун ҳам унинг кўзлари ҳамма вақт ғамгин эди. Шунинг учун ҳам, у ана шу қаллоблик ҳали кўнглидан жой олмаган пайтлардан бери танийдиган Нехлюдовни кўрганда ўзининг ўша вақтда қанақа бўлганини эслади; айниқса ўзининг динга қарашини шошиб-пишиб изҳор этганда эса, мана шуларнинг барчаси «кўнгилдагидек эмас»лигини ҳар вақтдагидан кўра чуқурроқ ҳис этди, қаттиқроқ азоб чекди. Эски қадрдонини кўрганда даставвал суюниб кетган Нехлюдов ҳам кейин ўзини худди шундай ҳис этди.

Шу сабабли уларнинг иккалови яна кўришишга ваъдалашган бўлсалар-да, учрашишни истамадилар ва Нехлюдовнинг Петербургга шу келишида ортиқ кўришмадилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации