Электронная библиотека » Лев Толстой » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Тирилиш"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Лев Толстой


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 40 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXXI

Қулф шақирлаб, Масловани камерага киргизганларида ҳамма унга ўгирилиб қаради. Ҳатто дьячокнинг қизи ҳам бир дақиқага тўхтаб, қошларини кериб, Масловага бир қараб қўйди-да, ҳеч нарса демасдан яна аввалгидек катта-катта қадам ташлаб юра бошлади. Кўзойнак таққан Кораблева игнасини қалин бўзга санчди-да, Масловага савол назари билан қаради.

– Ана холос! Қайтиб келибсан-да. Мен бўлсам, оқлаб юборишгандир деб ўйлаб эдим, – деди у хириллаган бўғиқ товуш билан. – Кесиб юборишган кўринади.

У кўзойнагини олди, тикаётган ишини сўри устига, ёнгинасига қўйди.

– Кампир икковимиз бўлсак, сени чиқариб юборишгандир, деб ўйловдик, чироғим. Баъзи вақтда бўшатиб ҳам юборишади. Устига пул ҳам беришади, қамалган кунингдан бошлаб, – деб гапира бошлади қоровул хотин хуш овоз билан. – Тусмолимиз тўғри чиқмади-я. Худонинг хоҳиши бўлар экан-да, – дерди у мулойимгина.

Федосья болаларникига ўхшаш меҳрибон мовий кўзларини Масловага тикиб:

– Наҳотки кесиб юборишган бўлса? – деб сўради раҳмдиллик билан. Унинг чеҳраси ўзгариб, йиғлаб юборгудек бўлди.

Маслова жавоб қайтармай ўз ўрнига, чеккадан ҳисоблаганда иккинчи ўринга, Кораблеванинг ёнига ўтиб, сўри тахтанинг бир чеккасига ўтирди.

– Туз ҳам тотмагандирсан, – деди Федосья ўрнидан туриб Масловага яқинлашаркан.

Маслова жавоб қайтармай қўлидаги кулчаларни ўриннинг бош томонига қўйди. Эгнидан чанг босган халатини ечди, жингалак қора сочларидан дуррасини олди-да, ўтирди.

Сўрининг нариги бошида бола билан ўйнашаётган букри кампир ҳам яқин келиб, Маслованинг рўпарасида тўхтади.

– Тц, тц, тц! – деб тилини тақиллатди у ва ачиниб бош чайқаб қўйди.

Кампирнинг кетидан бола ҳам етиб келди ва кўзларини катта очиб, юқори лабини чўзиб, Маслова олиб келган кулчага тикилиб қолди. Бошидан шунча воқеаларни кечирган Маслова рўпарасида унга раҳм қилиб тикилиб турганларни кўриб йиғлаб юбораёзди, лаблари пир-пир уча бошлади. Лекин у ўзини тутишга уринди ва то кампир билан бола яқинлашгунча ўзини тутиб турди. Кампирнинг ачиниб, тилини тақиллатиб қўйганини эшитгандан кейин, айниқса, жиддий кўзларини нондан узиб унга тиккан боланинг боқишларига кўзи тушгач, ўзини тутиб тура олмади. Юзи титраб кетди-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди.

– Айтдим-ку сенга, яхши адвокат топгин деб, – деди Кораблева. – Нима бўлди, сургун қилишдими? – сўради у.

Маслова жавоб қилмоқчи бўлди-ю, лекин жавоб қайтара олмади, ҳўнграб йиғлаганича кулча орасидан папирос қутини олди-да, Кораблевага узатди. Қути устига сочини баланд қилиб турмаклаб қўйган, кўкраги уч бурчак шаклида очиқ турган, икки юзи қип-қизил хотин сурати туширилган эди. Кораблева суратга қараб, Маслова пулни бўлмағур нарсага сарф қилганига ачиниб бошини чайқаб қўйди, битта папирос олиб, лампага тутиб ёндириб олди-да, Масловага узатди. Маслова ҳамон йиғидан тинмай, уст-устига тамаки тутунини ичига тортиб, пуфлаб чиқара бошлади.

– Каторга, – деди у пиқ-пиқ йиғларкан.

– Худодан қўрқишмайдиям, одамхўрлар, лаънати қонхўрлар, – деди Кораблева. – Бечора қизни бекордан бекор кесиб юборишибди-я.

Дераза ёнида турган аёллар шу маҳал қаҳқаҳлаб кулиб юборишди. Қизча ҳам кулиб юборди. Унинг қўнғироқдай жарангдор кулгиси уч хотиннинг хириллаган, қийқириб кулган товушига қўшилиб кетди. Ҳовлидаги маҳбуснинг аллақандай қилиғи деразадан қараб турувчиларга шундай таъсир қилган эди.

– Эҳ, ярамас кўппак! Қилиғинг қурсин, – деди малла хотин; унинг хўппасемиз гавдаси билтанглаб кетди, у юзини панжарага тираб, беҳаё сўзлар айтиб қичқира бошлади.

– Бақалоқ ўлгур! Мунча вағиллайди! – деди Кораблева малла хотинга қараб бошини чайқаб, кейин яна Масловага юзланди: – Неча йил беришди?

– Тўрт йил, – деди Маслова, унинг кўз ёшлари шу қадар дувиллаб оқа бошладики, бир томчиси папиросига тушди.

Маслова жаҳл билан папиросини мижиғлаб ташлади-да, бошқасини олди.

Қоровул хотин, ўзи чекмаса-да, чекиб ташланган папиросни шу заҳоти ердан олди, вайсашдан тинмасдан, қўли билан папиросни текислай бошлади.

– Бундан чиқди, – деди у, – ҳақиқат йўқ деганлари рост экан-да, чироғим. Кўнгилларига келганини қилишади. Матвеевна: чиқариб юборишади, дейди. Мен бўлсам: йўқ, чироғим, у бечорани етти ямлаб бир ютишади, дилим сезиб турибди, дедим. Айтганим келди, – дерди у ўз овозини мамнуният билан тинглаб.

Бу орада эркак маҳбуслар ҳовлидан ўтиб кетишган, улар билан гап отишаётган хотинлар дераза олдидан Маслова ёнига келишган эди. Энг аввал, кўзи бодраган майфуруш хотин қизи билан унинг олдига келди.

– Шунча жабр қилиб бўладими-а? – деди у Маслованинг ёнига ўтираётиб, тез-тез пайпоқ тўқир экан.

– Пули йўқ-да, шунинг учун ҳам қаттиқ жазолашади. Пули бўлганда, битта корчалонни ёлларди-ю, оқланиб ҳам кетарди, – деди Кораблева. – Анави, хаҳ оти нимайди-я, бурни катта, пахмоқ бор-ку, ўша, ўшани ёллаганда эди, сувдан қуруқ олиб чиқарди.

– Ёллаш осон бўлибди-да, – тишини иржайтириб деди уларнинг ёнига келиб ўтирган Хорошавка, – у минг сўмни пул демайди.

– Пешонанг шўр экан-да, – деди ўт қўйишда айбланиб қамалган кампир. – Зулм эмасми, ахир, бировнинг хотинини йўлдан оздириб, яна эрини битга ем бўлсин деб қаматиб қўйибди-я! Қариган чоғимда мени ҳам унинг ёнига тиқдирди, – деб у юз марталаб гапириб берган кечмишини яна сўзлай бошлади. Пешонамизга ё тўрва-халта ёки бўлмаса турма битилган экан-да. Тўрвахалтадан қутулдим, турмага тутилдим.

– Улар – бошимизга битган бало, – деди майфуруш аёл қизининг бошига тикилиб қараб, кейин пайпоқни ёнига қўйди-да, қизчани икки оёғи орасига тортиб, битини боқа бошлади. – «Нега май сотасан?» эмиш. Бўлмаса, болаларимни қандай боқаман? – деди у қўли ўрганиб кетган ишини давом эттириб.

Майфурушнинг бу сўзлари Масловага винони эслатди.

У кўйлагининг енги билан кўз ёшларини артар экан, ўқтин-ўқтин хўрсиниб туриб:

– Қани энди вино бўлсайди, – деди Кораблевага.

– Гаримдори солинганими? Майли бўлмасам, – деди Кораблева.

XXXII

Маслова нон орасидан бояги пулларни олди-да, купон ажратиб Кораблевага узатди. Кораблева купонни олди, саводи бўлмаса-да, бир қараб қўйди, кўпни билгучи Хорошавкага кўрсатиб, бу қоғоз икки сўм эллик тийинлик пул эканини билди-да, вино солиб яшириб қўйилган шишани олиш учун туйнук томонга кетди. Буни кўрган аёллар жой-жойларига тарқалишди. Бу орада Маслова дурраси ва халатининг чангини қоқди, сўрига чиқиб нон ея бошлади.

– Сенга чой асраб қўйиб эдим, совуб қолгандир, – деди Федосья полкадан пайтавага ўралган тунука чойнак билан кружкани олаётиб.

Аллақачон совиб қолган сувдан, чоймас, кўпроқ темир иси келиб турарди. Лекин шунга қарамай, Маслова кружкага қуйиб, ноннинг устидан чой ича бошлади.

– Финашка, ма, – деди у ва кулчадан бир бурда ушатиб, оғзига термилиб турган болага узатди.

Бу орада Кораблиха вино солинган шиша билан кружка узатди. Маслова Кораблева билан Хорошавкага манзират қилди. Бу уч маҳбус аёлнинг ёнларида пуллари бор бўлиб, бор-йўқларини ўртада баҳам кўрар, шунинг учун камеранинг аристократияси ҳисобланишарди.

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Масловага жон кириб, суд тўғрисида гапириб бера бошлади, прокурорни мазах қилиб, судда ўзини ҳайратга солган бошқа нарсалар ҳақида қизишиб ҳикоя қила кетди. Судда ҳамма унга суқланиб қараб-қараб қўйганини, уни кўриш учун атайлаб маҳбуслар хонасига кириб туришганини сўзларди.

– Ҳатто конвой ҳам: «Сени кўргани киришяпти» деди. Битта-яримтаси фалон қоғоз шу ердами деб, ё бошқа нарсани баҳона қилиб киради-ю, кўзи билан еб қўйгудек бўлиб менга тикилади. Мен бўлсам, унга ҳеч қандай қоғоз керакмаслигини жуда яхши сезиб ўтирибман, – дерди у жилмайиб, таажжублангандай бош чайқаб қўйиб. – Артистлик қилишади.

– Бўлган-турганлари шу, – дейди Катюшанинг гапига қўшилиб қоровул хотин, кейин қўнғироқдай жингиллаб гапира бошлайди. – Шакарга ёпишган пашшадек хира бўлишади. Бирон бошқа нарсага шудлари бўлмаса ҳам, бунга ақллари етади. Уларнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай қолади…

– Бу ерда-чи, – унинг гапини бўлди Маслова. – Бу ерда ҳам қўлга тушдим. Мени энди олиб келишган ҳам эдики, шу маҳал вокзалдан бир тўда маҳбусларни олиб келиб қолишди-ку. Нақ ҳол-жонимга қўйишмади, қандай қочиб қутулишни билолмай қолдим. Яхшиямки, ноиб ҳайдаб юборди. Биттаси елимдай ёпишиб олувди, қўлидан зўрға чиқиб қутулдим.

– Афт-боши қанақа? – сўради Хорошавка.

– Қорачадан келган, мўйловдор.

– Худди ўша.

– Ким?

– Шчеглов-да. Ҳозир ўтиб кетди.

– Қанақа Шчеглов?

– Шчегловни билмайди-я! Шчеглов икки бор каторгадан қочган. Энди яна тутиб олишибди, у барибир яна қочиб кетади. Ундан ҳатто назоратчилар ҳам қўрқишади, – дерди маҳбусларга хатлар олиб бериб, турмада бўладиган воқеалардан бохабар бўлиб турадиган Хорошавка. – Барибир қочиб кетади.

– Қочганидан нима фойда, барибир бизни олиб кетмайди, – деди Кораблева. – Ундан кўра, менга айт-чи, – деди у Масловага юзланиб, – аблакат шикоят ёзиш ҳақида нима деди, энди шикоятнома бериш керакдир?

Маслова ҳеч нима билмаслигини айтди.

Шу чоқ малла хотин сепкил босган иккала қўлини пахмоқ қўнғир сочлари орасига тиқиб, тирноқлари билан бошини қаший-қаший вино ичаётган аристократлар ёнига келди.

– Катерина, мен сенга айтсам, – деб сўз бошлади у. – Энг аввал сен суддан норозилигингни ёзишинг керак, кейин прокурорга ариза берасан.

– Ҳа, сенга нима? – деб ўшқирди унга Кораблева дўриллаб. – Винони ҳиди келиб қолди-да, а? Овора бўласан. Нима қилиш кераклигини сендан яхши биламиз, сенга зор эмасмиз.

– Сен билан гаплашаётганим йўқ-ку, мунча ўдағайлайсан.

– Вино ичгинг кеп қолдими? Аврашга тушдингми?

Ўзининг бор-йўғини ҳамма билан баҳам кўрадиган Маслова:

– Қўйсанг-чи энди, бера қол унгаям, – деди.

– Мен адабини бериб қўяман…

– Қани, бериб кўр-чи! – деди малла Кораблева тепасига бостириб келиб. – Сендан қўрқиб бўпман.

– Авахта каламуши!

– Ўзинг каламуш!

– Пишмаган хомкалла!

– Мен хомкалламанми? Каторгачи, қотил! – деб қичқирди малла хотин.

– Нари тур деяпман, – деб ғўлдиради Кораблева хўмрайиб.

Аммо малла ҳамон бостириб келарди. Ахийри Кораблева унинг очиқ, семиз кўкрагидан итариб юборди. Малла худди шуни кутиб тургандек, тўсатдан бир қўли билан Кораблеванинг сочидан юмдалаб, иккинчи қўли билан юзига туширмоқчи бўлди-ю, лекин Кораблева унинг бу қўлини ушлаб қолди. Маслова билан Хорошавка малланинг қўлини ажратиш учун унга маҳкам ёпишишди, лекин сочни маҳкам чангаллаган қўлини ёзиб бўлмас эди. Малла, қўлини бир дақиқа бўшатди, лекин у Кораблеванинг сочини муштига ўраб олиш учун шундай қилган эди. Боши қийшайиб кетган Кораблева бир қўли билан маллани дўппослар, қўлини тишлашга уринарди. Хотинлар муштлашаётганларнинг тепасида тўдалашиб турар, уларни ажратишга уринар ва қичқиришарди. Ҳатто сил хотин ҳам улар тепасига келди ва йўтала-йўтала муштлашаётганларни томоша қила бошлади. Болалар бир-бирларига қисилишиб йиғлашарди. Бу шовқин-суронни эшитиб назоратчи хотин билан назоратчи кирди. Муштлашаётганларни ажратишди. Сочлари пахмайиб чувалиб кетган Кораблева, юлиб олинган сочларини ажрата-ажрата, малла бўлса йиртилиб парча-парча бўлиб кетган кўйлаги билан кўкрагини беркитишга урина-урина, бақириб шикоят қилишар, ўз гапларини маъқуллатишга уринишарди.

– Биламан, ҳамма жанжалларинг винодан келиб чиққан, эртага бош назоратчига айтиб берай, бир адабларингни бериб қўйсин. Сезиб турибман – вино иси келяпти, – дерди назоратчи хотин. – Ном-нишонаси қолмасин, бўлмасам ўзларингга ёмон бўлади, қайси биринг айбдорлигингни суриштиришга ҳозир вақт йўқ. Жой-жойларингга бориб, жим ўтиринглар.

Аммо камерада ғовур-ғувур анчагача чўзилди. Хотинлар яна анчагача сўкишиб, жанжал қандай бошланганини ва айб кимдалигини гапириб вайсашди. Ниҳоят, назоратчи билан назоратчи хотин чиқиб кетди. Хотинлар бир оз тинчишиб, ётиш учун ўрин сола бошлашди. Кампир икона ёнига келиб чўқина бошлади.

Тўсатдан сўрининг нариги бошидан малла хотиннинг хириллаган овози келди, у ҳар бир сўз орасига болохонадор сўкишлар қўшиб:

– Иккита каторгачи бир бўлиб олибди, – дерди.

– Қараб тур ҳали, яна шўрингга шўрва тўкиб қўймай тағин, – деб жавоб қайтарди дарҳол Кораблева, худди ўшандай болохонадор сўкишлар билан. Иккови жим бўлиб қолди.

– Халақит беришмаганда кўзингни ўйиб, қўлингга олиб берардим-а… – деди яна малла; дарҳол Кораблеванинг худди боягидек жавоби эшитилди.

Ўртага тушган жимлик анча узоққа чўзилди, кейин сўкишлар эшитилди. Сукунат борган сайин чўзиларди, ниҳоят бутунлай жимлик чўкди.

Ҳамма жой-жойида ётарди, баъзилар хуррак ота бошлади. Ҳамма вақт узоқ чўқинадиган кампиргина ҳамон иконага сажда қиларди. Дьячокнинг қизи эса, назоратчи хотин чиқиб кетиши билан ўрнидан турди-да, камерада яна у ёқдан бу ёққа юра бошлади.

Маслова уйғоқ ётар, ҳамон ўзининг каторгачи эканлиги ҳақида ўйлар, шу бугун уни икки марта шундай деб аташди: бир марта Бочкова, иккинчи бор малла хотин шундай деди, – ўзининг каторгага ҳукм қилинганига у сира кўника олмасди. Масловага орқасини ўгириб ётган Кораблева унга ўгирилди.

– Шундай бўлар деб сира ўйламаган эдим, – деди Маслова секин. – Бошқалар не-не ишлар қилишади – уларга бало ҳам бўлмайди, мен бўлсам бегуноҳдан-бегуноҳ азоб чекишим керак.

– Кўп хафа бўлаверма, қизим. Сибирда ҳам одамлар яшайди. Сен ўша ерда ҳам хор бўлмайсан, – деб овутарди уни Кораблева.

– Хор бўлмаслигимни биламанку-я, лекин шундай бўлса ҳам алам қилар экан. Яхши яшаб ўрганганман, тақдирим бутунлай бошқача бўлиши керак эди-да.

– Худонинг хоҳиши бўлади, – деди Кораблева хўрсиниб, – худонинг хоҳишига қарши туриб бўладими.

– Биламан, хола, барибир қийин-да.

Иккови жимиб қолди.

– Эшитяпсанми? Анави манжалақини, – деди Кораблева сўрининг нариги бошидан келаётган ғалати товушларга Маслованинг диққатини тортиб.

Бу – пиқ-пиқ йиғлаётган малла хотиннинг товуши эди. Малла хотин ҳозир ўзини сўкиб ҳақоратлаганлари, калтаклаганлари, вино бермаганлари учун алам билан йиғларди. Ахир шу қадар вино ичкиси келган эдики… у яна, умри бино бўлиб ҳали ёруғ кун кўрмаганига, сўкиш ва қарғишлар, пичинг ва ҳақоратдан бошқа сўз эшитмаганига, калтакдан боши чиқмаганига йиғларди. Умрида биринчи марта мастеровой Федька Молодёнковга кўнгил қўйганини эслаб бир оз юпанмоқчи бўлган эди, лекин бу муҳаббатнинг оқибати ҳам ёдига тушди. Бир куни ана шу Молодёнков маст бўлиб келиб, ҳазил учун унинг энг нозик ерига тўтиё сурди ва оғриқдан унинг афт-башараси бужмайиб, типирчилаганини кўриб, ўртоқлари билан қотиб-қотиб кулди. Бу муҳаббат ана шу йўсин хотима топди. Малла хотин шуларни эслади ва ўзига ўзининг раҳми келиб, овозимни ҳеч ким эшитмаяпти, деб ўйлаб, йиғлаб юборди. У ёш болалардек бурнини торта-торта, шўртак кўз ёшларини юта-юта йиғларди.

– Бечорага раҳмим келяпти, – деди Маслова.

– Албатта, кишининг раҳми келади, лекин ўзи ёпишмасин-да.

XXXIII

Эртасига эрталаб Нехлюдов кўзини очар-очмас ўзига бир нарса бўлганини ҳис этди. Нима бўлгани эсига келмаган бўлса-да, бир муҳим ва яхши нарса рўй берганини билган эди. «Катюша, суд». Ҳа, ёлғон гапиришни бас қилиш, бор ҳақиқатни очиқ айтиш керак. Бунинг устига, худди шу куни эрталаб, ниҳоят уезд бошлиғининг хотини Марья Васильевнадан хат келди, бу мактубни кўпдан буён у кутарди, бу ҳозир жуда зарур эди. Марья Васильевна хатда унга ўз эркингиз ўзингизда, уйлансангиз бахт тилайман, деб ёзганди.

– Уйланиш! – деб ғўлдиради у истеҳзо билан. – Уйланишни энди хаёлимга ҳам келтиргим келмайди!

Нехлюдов кеча Марья Васильевнанинг эрига ҳамма гапни айтиб бермоқчи, тавба қилиб, қандай жазо берадиган бўлса, рози эканини изҳор қилмоқчи бўлганини эслади. Лекин бугун эрталаб, кеча осонгина бўлиб кўринган нарса ҳазилакам иш эмаслигини англади. «Эри-ку, билмас экан, уни бекорга бахтсиз қилишнинг нима кераги бор? Агар ўзи сўраб қолса, ростини айтаман. Атайлаб бориб айтишнинг ҳожати борми? Йўқ, ҳожати йўқ».

Миссига бутун ҳақиқатни айтиш ҳам бугун эрталаб ўлимдан қаттиқ кўринди. Гап бошлаш ҳам жуда оғир эди, ҳақоратдек бориб тегиши турган гап. Маълум нарсалар, турмушда бўладиган кўп нарсалар қатори, шу ҳолича қолиб кетмоғи керак эди. Шу куни эрталаб у Миссиларникига энди сира бормасликка, агар сўраб қолишса, гапнинг пўскалласини айтишга жазм қилди.

Лекин Катюша икковининг муносабати очиқ ва равшан бўлиши лозим.

«Турмага бораман, унга айтаман, мени афв этишини сўрайман. Агар лозим бўлса, ҳа, агар лозим бўлиб қолса, унга уйланаман», деб ўйларди у.

Бу фикр, маънавий қаноат ҳосил қилиш мақсадида ҳамма нарсадан воз кечиб Масловага уйланиш керак деган фикр, шу бугун эрталаб унинг кўнглини юмшатарди.

Кўпдан буён Нехлюдов тонгни бундай ғайрат, шижоат билан кутиб олмаганди. Ёнига кириб келган Аграфена Петровнага, дарҳол, бундан кейин бу квартирада туришга ва сизнинг хизматингизга эҳтиёжим қолмади, деб айтди. У шу қадар кескинликни ўзидан ҳеч қачон кутмаган эди. Нехлюдов бу ҳақда ҳеч нарса демаган бўлса-да, бу катта ва қиммат квартирани шу ерда уйланиш учун ижарага олгани маълум эди. Шунинг учун ҳам квартирани топшириш айниқса зарур эди. Аграфена Петровна унга ҳайрон бўлиб қаради.

– Менга қилган ғамхўрлигингиз учун катта раҳмат, Аграфена Петровна, лекин энди менга катта уй ҳам, хизматкорлар ҳам керак эмас. Агар менга ёрдам беришни истасангиз, марҳамат қилиб, буюмларни ҳозирча, ойим ҳаёт пайтидагидек қилиб йиғиштириб қўйсангиз. Наташа келгандан кейин уйни ўзи бошқараверади (Наташа Нехлюдовнинг опаси эди).

Аграфена Петровна бошини чайқаб қўйди.

– Нега йиғиштираман? Керак бўлиб қолади-ку, ахир, – деди у.

Унинг қай маънода бош чайқаганини сезган Нехлюдов:

– Йўқ, керак бўлмайди, Аграфена Петровна, керак бўлмаса керак, – деди унга жавобан. – Марҳамат қилиб Корнейга ҳам айтсангиз, энди унинг ҳам кераги бўлмайди, моянасини икки ой олдин беришим мумкин.

– Бекор қиляпсиз-да, Дмитрий Иванович, – деди Аграфена Петровна. – Чет элга кетсангиз ҳам, барибир, уй керак бўлади-ку.

– Йўқ, Аграфена Петровна, чет элга кетмайман; кетадиган бўлсам ҳам бутунлай бошқа жойга бораман.

У тўсатдан қип-қизариб кетди.

«Унга очиғини айтиш керак, – деб ўйлади Нехлюдов, – яширишнинг кераги йўқ, ҳаммага гапнинг очиғини айтиш керак».

– Кеча жуда ғалати ва муҳим бир ҳодиса бўлиб ўтди. Аммам Марья Ивановнаникидаги Катюша эсингиздами?

– Бўлмасам-чи, ўзим кийим тикишни ўргатган эдим.

– Кеча судда худди ўша Катюшани суд қилишди, мен судда маслаҳатчи эдим.

– Вой шўрлик-эй! – деди Аграфена Петровна. – Нима гуноҳ қила қолибди?

– Қотилликда айблашди, лекин ҳаммасига мен айбдорман, мен.

– Нега сиз айбдор бўлар экансиз? Қизиқ гапларни гапирасиз-а, – деди Аграфена Петровна, унинг кекса кўзларида кинояли кулги чақнаб кетди.

У Катюша воқеасини биларди.

– Ҳа, ҳаммасига мен айбдорман. Шунинг учун ҳам режаларим тамомила ўзгарди.

– Бунинг сизга нима тааллуқли жойи бор, нега сизнинг ҳаётингизда ўзгариш бўлиши керак? – деди Аграфена Петровна табассумини тийиб.

– Унинг шу йўлдан кетишига мен сабаб бўлганман-да. Шунинг учун ҳам қўлимдан келганича ёрдам беришим керак унга.

– Майлингизу, лекин сизда айб йўқ деса бўлади.

– Ҳамманинг ҳам бошидан ўтади. Ақлли-ҳушли одамлар бунақа нарсаларни унутиб ҳам юборади, – деди Аграфена Петровна қатъий ва жиддий, – буни кўнглингизга олмасангиз ҳам бўлади. Унинг оёғи эгрилигини илгари ҳам бир эшитган эдим, бунга ким айбдор?

– Мен айбдорман. Шунинг учун ҳам тўғри йўлга солмоқчиман.

– Э, энди тўғри йўлга солиш қийин.

– Бу менинг ишим. Аммо агар сиз ўзингизни ўйлаётган бўлсангиз, ойимнинг кўнгилларидагини…

– Ўзимни ўйлаётганим йўқ. Марҳума онангиз менга кўп яхшилик қилганлар, у кишидан жуда миннатдорман, менга ортиқ ҳеч нарса керак эмас. Мени Лизанька чақиряпти (бу Аграфена Петровнанинг турмушга чиққан жияни эди), сизга керак бўлмай қолганимдан кейин ўшанинг олдига кетаман. Лекин сиз бу нарсаларни ҳадеб кўнглингизга олаверманг, бунақа нарсалар ҳамманинг ҳам бошидан ўтади.

– Бу тўғрида мен бошқача фикрдаман. Лекин ҳар ҳолда квартирани топшириб, буюмларни йиғиштиришга ёрдам беринг, илтимос қиламан сиздан. Мендан хафа бўлманг. Хизматларингиз учун сиздан жуда миннатдорман.

Шуниси қизиқки, Нехлюдов ўзини номуссиз деб билиб, ўзидан ихлоси қайтгандан кейин бошқалар унинг кўзига ёмон кўринмайдиган бўлди: қайтага, Аграфена Петровнага ҳам, Корнейга ҳам ҳурмати ошди; уларни иззат қила бошлади. Нехлюдов Корней олдида ҳам қилган гуноҳларига иқрор бўлмоқчи эди-ю, лекин Корней тавозе қилиб, ўзини шу қадар жиддий тутардики, бунга Нехлюдовнинг юраги дов бермади.

Худди ўша кўчаларда, худди ўша извошда судга борар экан, йўл-йўлакай Нехлюдов бугун ўзини бутунлай бошқа одамдек ҳис этар, ўзига ўзи ҳайрон қоларди.

Кечагина Миссига уйланиш яқин орада бўладиган нарсага ўхшар, бугун эса бутунлай мумкин бўлмаган нарсадек туюларди. Кечагина у, Мисси менга жон деб тегади, бунга шубҳам йўқ, деб ўйларди, бугун эса у Миссига уйланиш у ёқда турсин, унга ҳатто яқин йўлашга ҳам ўзини нолойиқ деб ҳис этарди. «Агар менинг қанақа одамлигимни билса, ўлақолса ҳам уйига яқин йўлатмас эди. Тағин мен, анави жанобга нозу карашма қилдинг, деб ундан хафа ҳам бўлиб юрибман. Йўқ, йўқ, эндиликда, агар у менга теккан тақдирда ҳам, мен мана бунинг шу ерда, турмадалигини, эрта ё индин каторгага жўнашини билатуриб, бахтиёр бўлиш у ёқда турсин, тинч тура олармиканман. Ўзим хароб қилган анави аёл каторгага кетса-ю, мен бу ерда табриклар эшитиб, ёш хотиним билан меҳмонма-меҳмон юрсам. Ё бўлмасам анави, хотини икковимиз шармандаларча алдаб юрганимиз уезд бош лиғи билан мажлисларда мактаблар инспекцияси қарорларига берилган овозларни санаш ва шунга ўхшаш ишлар билан шуғуллансам, кейин хотини билан бирон хилватда учрашсам (нақадар қабиҳлик!); ёки сурат чизишни давом эттирсам, бу сурат ўлгур ҳам битадиган балога ўхшамайди, нимага деганда, бундай бўлмағур нарсалар билан шуғулланишимнинг кераги йўқ, – барибир энди ҳеч қайси бирига қўлим бормайди», деб ўйларди у кўнглида рўй берган, ҳозир ўзи ҳис этаётган бу ўзгаришдан қувониб.

«Энг аввал, – деб ўйларди у, – адвокатга учрашиш, унинг фикрини билиш керак, кейин… кейин турмага бориб уни, кечаги маҳбус хотинни кўриш, ҳаммасини ўзига айтиш керак».

У Катюша билан учрашувини, ҳамма гапни очиқ айтишини, унга қилган гуноҳига иқрор бўлишини, қилган айбини ювиш учун қўлидан келгунча ёрдамини аямаслигини, унга уйланишини айтишини тасаввур этганда завқ-шавққа тўлиб, кўзларига ёш келарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации