Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

20

Бундай тугал ва аниқ севги изҳоридан кейин Каупервуд ва Эйлиннинг муносабатлари, албатта, янада яқинлашиши керак эди. Эйлин олган диний тарбиясига қарамай эҳтиросларига қарши бора олмаётганди. Ҳамма қабул қилган диний қарашлар ва тушунчалар уни тўхтата олмаётганди. Унинг тасаввурида охирги тўққиз ёки ўн йил ичида севадиган одами қандай бўлиши кераклиги аста-секин жонланиб борди. Бу кучли, келишган, кўнгли очиқ, омади юришган, ҳаётни ундан кам севмайдиган одам бўлиши керак. Қизнинг кўнглини забт этишга кўп йигитлар ҳаракат қилиб кўрди. Унинг идеалига ҳаммадан кўпроқ муқаддас Тимофей черковидаги Давид ота тўғри келарди, бироқ у уйланмасликка қасам ичган руҳоний эди. Улар бир-бирларининг ҳиссиётлари ҳақида билиб туришган бўлса-да, бу ҳақда бирор марта ҳам ўзаро сўз очишмаганди. Кейин Фрэнк Каупервуд пайдо бўлди ва тез-тез учрашиб туришлари, суҳбатлари натижасида аста-секин йигит қизнинг орзуларидаги образга айлана борди. Қиз унга бамисли қуёшга интилган сайёралардек интиларди.

Албатта, бу пайтда қарши турувчи кучлар ҳаракатга келса нима бўларди, буниси номаълум. Баъзида бундай ҳиссиётлар ва муносабатлар бошланиши биланоқ йўқ қилиб юборилади. Инсоннинг ҳар қандай табиати ҳам қайсидир даражада таъсирга берилади, ўзгаради, бироқ унга таъсир қилувчи кучлар жуда бақувват бўлиши керак. Ушлаб турувчи бақувват куч одатда диний ва маънавий томондан сингдирилган қўрқув бўлмаса ҳам, моддий зарар кўришдан қўрқиш бўлиши мумкин; бироқ бойлик ва жамиятдаги ўз ўрнига эга бўлиш эса одатда буни ҳам йўққа чиқаради. Ахир пулинг кўп бўлганда ҳамма нарса осон ҳал қилинади! Эйлин ҳеч нарсадан қўрқмаётганди. Каупервуд ҳам на маънавий, на диний тушунчалар билан ҳисоблашишга ўрганмаганди. У бу қизга қараб туриб, бутун оламни қандай алдаб, ўзининг обрўсига доғ туширмаган ҳолда унинг муҳаббатидан баҳраманд бўлиб юриш ҳақидагина ўйларди. У қизни бутун борлиғи билан севиб қолганди.

Иш юзасидан у Батлерларникида кўпроқ бўлишига тўғри келар ва у ерда ҳар сафар Эйлинни учратарди. У қизга биринчи марта муҳаббат изҳор қилганидан сўнг бу ерга келганида Эйлин пайт топиб унинг олдига келиб, қўлини сиқди ва тезгина қайноқ бўса олишга эришди. Кейинги сафар эса йигит кетаётганида у бирдан дарпарда ортидан чиқиб келди.

– Севгилим!.. – қизнинг товуши нозик, ялинчоқ оҳангда эди.

Каупервуд ўгирилиб, Батлернинг хонаси томонга ишора қилди. Бироқ Эйлин ўрнидан қимирламай, унга қўлини чўзганча турарди; Фрэнк дарҳол у томон юрди. Шунда қиз қўлларини унинг бўйнига ташлади-ю, йигит ҳам уни бағрига тортди.

– Сени жуда кўргим келди!

– Мен ҳам! Мен ҳаммасини тўғрилайман. Мен фақат бирга бўлишимиз ҳақида ўйлаяпман!..

Йигит қизнинг қучоғидан бўшалиб, чиқиб кетди, қиз эса ойна олдига югуриб бориб, унинг изидан қараб қолди. Фрэнк бу ерга яқин жойда яшагани учун яёв кетаётганди. Эйлин анча пайтгача унинг кенг елкалари, келишган гавдасидан кўз узолмай қараб турди. У қанчалик тез ва ишонч билан қадам ташлайди-я! О, мана ҳақиқий эркак! Унинг Фрэнки! Қиз уни аллақачон ўзиники деб ҳисоблаётганди!

Эйлин Ойна олдидан нари кетиб, рояль олдига ўтирди ва ўйга чўмганча қандайдир куйни чала бошлади.

Ҳамма нарсанинг йўлини топа оладиган ва пулдан сира қийналмаган Фрэнк Каупервуд учун ушбу вазиятдан чиқиш йўлини топиш жуда осон эди. Ёшроқ пайти ҳар хил “маишатхона”ларда санқиб юрганида, кейинчалик уйланганидан сўнг ҳам тўғри йўлдан сал оғишига тўғри келганда, у ахлоқсизлик саналувчи ишлар бўладиган ҳамма яширин туйнукларни ўрганиб чиққанди. Филадельфияда – ўша пайтга келиб ярим миллиондан кўпроқ аҳолиси бўлган шаҳарда – севишган жуфтликни одамларнинг кўзидан яшира оладиган ўртамиёна меҳмонхоналар етарлича эди. У ерда яна кўринишидан савлатли бўлса-да, маълум пул эвазига учрашув ташкил қилишга рухсат берадиган уйлар эгалари ҳам топиларди. Янги ҳаётни дунёга келтиришдан сақлайдиган воситаларга келсак, улар Каупервудга анчадан бери жумбоқ эмас, уларнинг ҳаммасини биларди. Унинг шиори эҳтиёткорлик ва яна эҳтиёткорлик эди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки Каупервуд тезлик билан нуфузли ва обрўли одамга айланиб бораётганди. Эйлин, албатта, ўз эҳтироси уни қаерга олиб боришини англамаётган, англаса ҳам, бу тасаввур жуда ғира-шира эди; бу севгининг чегараси қаерда эканини у билмасди. Эйлин севгига чанқоқ эди, у ўзини эркалатишларини хоҳлар, қолган нарсалар тўғрисида ўйламасди ҳам. Унинг ўй-хаёллари худди сичқонларга ўхшарди: қоронғи бурчакда бошини чиқариб турадида, ҳар қандай шовқин бўлиши билан лип этиб орқасига кириб кетади. Каупервуд билан боғлиқ бўлган ҳамма нарса унга ажойиб бўлиб кўринаётганди. Йигитнинг севгиси ўзи хоҳлаган даражада эканига қизнинг ишончи комил эмас эди; бироқ вақти келиб шунақа ҳам бўлар! Эйлин ўз туйғулари билан бошқа бир аёл – Каупервуд хонимнинг ҳуқуқларига тажовуз қилаётганини тушунмасди, унга худди бундай эмасдек туюларди. Фрэнк яна Эйлинни ҳам севадиган бўлса, Каупервуд xоним нима йўқотади?

Ўзини тия олмаслик ва эҳтиросдан туғилган бундай ўз-ўзини алдашни қандай тушунтириш мумкин? Бундай ҳодисаларга ҳар қадамда дуч келамиз. Эҳтирослар доимийдир ва унча катта бўлмаган жонзот – инсондан ташқарида содир бўлаётган нарсалар табиатнинг унга бефарқлигини кўрсатади. Биз эҳтирос қамоқ, касаллик, ҳалокатга олиб келишини яхши биламиз, аммо яна биламизки, бу нарсаларнинг ҳеч бири инсон табиатининг абадий интилишига таъсир қилмайди. Наҳотки бунга қарши мақсадига етишга интилаётган шахснинг тутқич бермас иродаси ва кучидан бошқа қонун йўқ бўлса? Агар шундай экан, бу ҳақда чиндан ҳам ҳамма, истисносиз ҳамма билиши керак! Биз ўшанда барибир олдингидек ҳаракат қилаверардик, бироқ ҳар ҳолда Худонинг одамларнинг ишларига аралашуви ҳақидаги бўлмағур хомхаёллар йўқ бўлиб кетарди.

Шундай қилиб, Эйлиннинг қизғин эҳтироси бундай учрашувлар билан боғлиқ бўлган қўрқув ва таваккални ёдидан чиқариб, улар учраша бошладилар ва ажойиб онларни бир-бирларининг кўзларига термулиб ўтказдилар. Йигитнинг уйидаги ҳеч ким кўрмаган тасодифий бир неча дақиқалик учрашувлардан сўнг улар шаҳар ташқарисидаги махфий учрашувларга ўтишди. Каупервуд ўзидан кетиб ҳамма ишини ташлаб қўядиганлар тоифасидан эмасди. У кутилмаганда келган эҳтирос ҳақида қанча кўп ўйлагани сари ўзидаги бу ўзгаришлар ишига, фикрларига кириб боришига йўл қўймаслиги ҳақидаги қарори ҳам мустаҳкамланиб борарди. Идорасида тўққиздан тушликдан кейинги учгача жуда диққат билан ишлаш талаб қилинарди. Бироқ ишга берилиб кетган Каупервуд соат кечки беш яримгача у ерда ушланиб қоларди. Аммо бунга жуда ҳам зарурият бўлмагани учун унинг ҳафтасига икки марта уч яримдан беш ярим ёки олтигача йўқлиги ҳеч кимнинг кўзига ташланмасди. Эйлин ҳам деярли ҳар куни соат уч яримдан соат беш ёки олтигача ёлғиз бир жуфт учқур от қўшилган аравада айланиб келиш ёки отаси Балтимордаги машҳур чайқовчидан қизи учун сотиб олган отини миниб келишни одат қилганди. Каупервуд ҳам тез-тез экипажда ёки отда айлангани боис уларга Уиссахикон дарёси бўйида ёки Скайкилд йўлида учрашув белгилаш қулай эди. Яқинда барпо қилинган паркда қуюқ ўрмондагидан ҳам хилватроқ бурчаклар кўп эди. Тўғри, йўлда доим бирорта таниш инсонни кўриб қолиш эҳтимоли бўларди, бироқ ҳақиқатга яқин бирон баҳонани тўқиш қийин эмасди! Аслида бунга ҳожат ҳам йўқ эди, бундай тасодифий учрашувлар ҳеч кимда шубҳа уйғотиши мумкин эмасди.

Бу севги қиссаси аввалига шундай – севги изҳорлари, ўзаро ваъда беришлар, жиддий, охирги қадамни қўйиш ҳақида ҳеч ўйламай ва бунинг устига аллақачон яшил тусга бурканган паркда соя-салқинда отда юришлар билан кеча бошлади. Бундай ҳаёт қувончи Каупервудда аввал сира ҳис этмаган янги эҳтиросларни уйғотди. У Фронт стритга Лилианни кўргани бориб юрган пайтлар аёл жуда яхши эди ва ўша пайтда Фрэнк ўзини сўзсиз бахтиёр ҳисоблаганди, бироқ ўша даврдан бери ўн йил ўтди ва буларнинг ҳаммаси унутилиб кетди. Никоҳдан сўнг у бирон кучли эҳтиросни ҳис этмади, бирортаси билан узоқ муносабатда ҳам бўлмади ва бирдан кутилмаганда ишдаги катта муваффақиятлари орасида ҳам жисмонан, ҳам руҳан ёш бўлган, эҳтиросли орзуларга тўла Эйлин пайдо бўлганди. Фрэнк ҳар қадамда қиз жуда дадил эканлигига қарамай, у яшаётган ҳисоб-китобли ва шафқатсиз дунё ҳақида ҳеч нарса билмаслигини тушуниб бораётганди. Отаси қизига истаган буюмини совға қилар, онаси ва акалари, айниқса, онаси эркалатар, синглиси эса уни орқада қолдириб кетаётганди. Эйлин қандайдир аҳмоқона иш қилиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Нима бўлганда ҳам, у жуда мулоҳазали ва жамиятда юқорига кўтарилиш хоҳиши ҳам зўр эди. Олдида бахтли ҳаёт қучоқ очиб турган ва тез орада уни бирорта келишган ва ҳар томонлама тўғри келадиган йигит билан никоҳ кутаётган бўлса, унга ман қилинган нарсалар тўғрисида ўйлашнинг нима кераги бор?..

– Эйлин, сен турмушга чиққанингдан сўнг бу ерда маза қилиб яшаймиз, – дерди кўпинча онаси. – Бутун уйни таъмирлаб, қайта қурамиз, мабодо буни вақтлироқ бошлаб қолмасак. Эддини шунга мажбур қиламан, агар у хоҳламаса, ўзим бошлайман. Хотиржам бўлаверишинг мумкин.

– Қайта қуришни ҳозир бошлайверса ҳам бўларди, – жавоб берарди Эйлин.

Жаноб Батлер ўзига хос бўлган қўпол эркалаш билан қизининг елкасига қоқиб қўйиб, “Нима, уни учратдингми?” ёки “Нима, у ҳали деразанг тагида ўралашмаяптими?” деб сўрарди. Агар қизи “Йўқ” деб жавоб берадиган бўлса, қария яна: “Ҳечқиси йўқ, хафа бўлма, ҳали учратасан, бундан баттар хафагарчиликлар бўлади! Қизим, сендан айрилишим жуда оғир бўлади! Отангнинг уйида қанча хоҳласанг, шунча яшашинг мумкин ва ёдингда тут: истаган пайтингда бу ерга қайтиб келишинг мумкин”, – дерди.

Эйлин отасининг ғашига тегишларига унчалик эътибор беравермасди. У отасини яхши кўрарди, бироқ айтаётган гапларининг сийқаси чиққанди. Булар ҳаммаси одатдаги бир-бирига ўхшаш ва, албатта, ёқимли кунлар эди.

Бироқ ажойиб баҳор кунларида, ям-яшил дарахтлар орасида у эҳтирос билан ўзини Каупервуднинг эркалашларига асира қилди! У ўзини бутунлай йигитга топширадиган кун яқинлигини ҳис қилмаётган, Фрэнк ҳозир уни эркалаб, ўз севгиси ҳақида сўзлаб берарди, холос. Вақти-вақти билан йигит ўзидан шубҳаланиб қоларди. Ўзига борган сари кўпроқ эркинлик бериб юбораётгани табиийдек туюларди. Бироқ олийжаноблик нуқтаи назаридан у бир куни Эйлинга бу эҳтирослар уларни қаерга олиб бориши ҳақида айтди. Қиз бунга рози бўладими? У ўзи нима қилаётганини биладими? Дастлаб Эйлин қўрқиб кетди, нима дейишни билмай қолди. Устига қора амазонка, олтинранг сочларини яшириб ипак шляпа кириб олган қиз калта хипчин билан оёғига урганча йигитнинг саволи ҳақида ўйлаб қолди. Йигит у нима қилаётганини билиш-билмаслигини сўраяпти. Ва у йигитни чиндан ҳам севадими? Улар отларини катта йўлдан йигирма қадамча наридаги тезоқар ариқ олдидаги қуюқ ўтлоқда қолдиришган бўлиб, ҳозир қиз шу ариқнинг қирғоғида худди отлар яхши боғланганмиди, деб қараётгандек, Фрэнк билан бирга турарди. Бироқ қизнинг нигоҳлари отларда бўлса-да, ҳеч нарсани илғамас, хаёли бошқа ёқда эди. У Каупервуд ҳақида, костюми унга қандай ярашгани ва бу дақиқалар қандай ажойиблиги ҳақида ўйлаётганди. Унинг оти ҳам қандай чиройли! Эндигина пайдо бўлаётган барглар уларнинг бошлари устида ажойиб яшил тўр ҳосил қилганди. Чор атроф ўрмон бўлиб, улар бу ўрмонни яшил тангачалардан тикилган парда орқали кўраётгандек эдилар. Кулранг тошларнинг усти яшил мох билан қопланган, жилдираб ирмоқ оқар, дарахтларда баҳорнинг биринчи қушлари – малиновка, сайроқи қораялоқлар ва бигизтумшуқлар тинмай чуғурлашарди.

– Миттивойим менинг, – деди Каупервуд, – ўзи нималар бўлаётганини тушуняпсанми? Мен билан учрашиб нималар қилаётганинг тўғрисида ўзингга ҳисоб беряпсанми?

– Менимча, ҳа!

Қиз оёғига хипчини билан бир уриб, жим бўлиб қолди, кейин нигоҳларини барглар орасидан ҳаворанг осмонга қадади.

– Менга қара, азизам!

– Истамайман!

– Менга қара, жоним, сендан бир нарсани сўрашим керак!

– Фрэнк, мени мажбур қилма! Мен бундай қила олмайман.

– Йўқ, қиласан, қилишга мажбурсан!

– Қарай олмайман!

Йигит қизнинг қўлларидан ушлади, у орқага тисарилди, бироқ шу заҳоти яна йигитга яқинлашди.

– Қани, энди кўзларимга қара!

– Йўқ, қарай олмайман!

– Менга қара, Эйлин!

– Мендан буни сўрама! Сўраган ҳамма саволингга жавоб бераман, бироқ мени ўзингга қарашга мажбур қилма!..

Фрэнк меҳр билан унинг ёноқларини силади. Кейин қўлини қизнинг елкасига қўяркан, Эйлин боши билан унинг елкасига суянди.

– Қувончим менинг, қандай ажойибсан!.. – ниҳоят гап бошлади Фрэнк. – Сендан воз кечишга кучим етмайди. Нима қилишим кераклигини жуда яхши биламан, ўзинг ҳам балки биларсан. Бироқ мен бундай қила олмайман. Сен меники бўлишинг керак. Шундай бўлса-да, буни билиб қолишса, иккаламиз учун ҳам ёмон бўлади. Гапларимни тушуняпсанми?

– Ҳа, тушуняпман.

– Акаларингни яхши танимайман, бироқ кўринишидан улар жуда қатъиятли одамлар. Ва улар сени жуда яхши кўришади.

– О, албатта!

Фрэнкнинг охирги сўзлари қизнинг ҳамиятига тегиброқ кетганди.

– Бу ерда нималар бўлаётганини билиб қолишса, менинг куним битган бўларди. Нима деб ўйлайсан, вақти келиб… нимадир бўлиб қолса, улар қандай йўл тутишади?

У қизнинг чиройли юзига қараб, жим бўлиб қолди.

– Бироқ ҳеч нарса бўлмайди! Жуда чуқурлашиб кетмасак бўлди.

– Эйлин!

– Сенинг юзингга қарамайман! Сўрама ҳам! Қарай олмайман!

– Эйлин! Жиддий гапиряпсанми?

– Билмайман! Фрэнк, мендан сўрама!

– Наҳотки биз шу ерда тўхтаб қола олмаслигимизни тушунмаётган бўлсанг! Ўзинг тушунасан. Бу охири эмас. Ва агар… – йигит хотиржам ва бепарво оҳангда қизга ман қилинган учрашувлар техникасини тушунтира бошлади.

– Мабодо кутилмаган бахтсиз бирор ҳодиса туфайли сиримиз очилиб қолмаса, қўрқишингнинг ҳожати йўқ. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. У ҳолда, ҳолимиз яхши бўлмайди. Каупервуд хоним ўлиб қолса ҳам ажримга рози бўлмайди – негаям ажрашаркан! Агар ҳамма нарса ҳозир мен режалаштираётгандек бўлса, агар бир миллион йиға олсам, ҳозирнинг ўзидаёқ ҳаммасини тугатишга тайёрман. Мен бутун умр ишламоқчи эмасман. Ўттиз беш ёшимда ҳамма ишга нуқта қўйишни режалаганман. У пайтга бориб етарли пулим бўлади ва саёҳатга чиқишни бошлайман. Бироқ бир неча йил кутиб туришга тўғри келади. Ёлғиз бўлганингда… ота-онанг тирик бўлишмаганида (қизиқ, бу гапни эшитиб, Эйлиннинг бир туки қимирламади!) бошқа гап эди.

Йигит жим бўлиб қолди. Эйлин ҳали ҳам ўйланганча оёғи остида оқаётган ирмоққа қараб турар, хаёли эса узоқларда – уларни Фрэнк ва ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмайдиган қандайдир қаср жойлашган қирғоққа яхтада олиб кетаётган денгизда эди. Унинг ярим юмуқ кўзлари олдидан шу бахтли дунё ўтаётганди; у Фрэнк Каупервуднинг сўзларини худди сеҳрлангандек тингларди.

– Ўлай агар, бошқа йўлини кўрмаяпман! Бироқ сени севаман!

– Ҳа, ҳа!.. – ҳаяжондан титраб жавоб берди қиз. – Мен ҳам сени севаман! Ва ҳеч нарсадан қўрқмайман!

– Мен Ўнинчи кўчадан ижарага уй олдим, – деди Фрэнк отга ўтиришгандан сўнг жимликни бузиб. – Ҳали жиҳозлангани йўқ, бироқ гап бунда эмас. Бир аёлни кўз остимга олиб турибман, уйга ўша қараб туради.

– Ким экан у?

– Эллик ёшлардаги бир бева хотин. Ақлли, жуда ёқимли ва тажрибали. Мен уни эълон бўйича топдим. Ҳаммаси тайёр бўлганда кириб кўришинг мумкин. У билан кўп мулоқотда бўлмайсан. Баъзан холос. Розимисан?

Қиз унинг саволига жавоб бермай, ўйланганча йўлида давом этди. Йигит қанчалик уста-я, қайишмай мақсади сари кетарди!

– Келасанми? Қўрқадиган нарса йўқ. У аёл билан бемалол танишасан. Ишонса бўладиган аёл. Эйлин, келасанми?

– Тайёр бўлганда айтгин, – ниҳоят жавоб берди қиз.

21

Эҳтирос инжиқликлари! Найранглар! Жасорат! Севги меҳробига қилинган қурбонликлар!

Орадан кўп вақт ўтмай, Каупервуд ваъда қилган, уларнинг севги сирларини қўриқлаш учун мўлжалланган бошпана тайёр бўлди. Бу уйга, афтидан, яқиндагина оғир йўқотишни бошидан кечирган бева аёл қараб турарди. Эйлин у ерга тез-тез бориб турадиган бўлди. Бундай жойда ва бундай шароитда у севгилисига ўзини бутунлай топшириши қийинчилик туғдирмасди: қиз қалбидаги шиддатли эҳтиросга ортиқ қаршилик қила олмаётганди. Унинг қилмишини севгиси билан оқлаш мумкин эди, чунки дунёда унга чиндан ҳам Фрэнкдан бошқа эркак керак эмасди. Қизнинг бутун ўй-хаёллари, ҳамма ҳистуйғулари унга аталган эди. Эйлин келажакда улар иккови бир умрга ажралмайдиган онларни тасаввур қиларди. Ахир Каупервуд хоним ўлиб қолиши ёки Фрэнк ўттиз беш ёшга етиб, миллион йиғса, хотинини ташлаб кетиши мумкин эмасми? Ҳаммаси қандайдир йўл билан ҳал бўлади. Табиатнинг ўзи унга шундай эркакни ато этган.

Эйлин йигитга сўзсиз ишонарди. Йигит унга ўзи ғамхўрлик қилиши ва бирор фалокат бўлишига йўл қўймаслигини айтганида, у йигитнинг сўзларига заррача шубҳа қилмади. Эйлиннинг гуноҳи ҳақидаги гуноҳлар ҳақида руҳонийлар истиғфор келтирадиган жойларда кўп эшитади. Бир нарса ажойибки, насронийлик дунёси қандайдир бир мантиқий усталик билан оддий севиб қолиш ва унинг никоҳ билан тугалланиши деб аталадиган севгидан ўзга севги бўлиши мумкин эмас, деган хулосага келган. Насронийликнинг ғояси – “Битта ҳаёт – битта севги”. Ва мана шу тор доира ичига бутун дунёни сиғдирмоқчи бўлади. Мажусийлар учун эса бундай тасаввурлар бегона бўлган. Қадимги дунёда ажралиш учун алоҳида бир сабаб қидиришга ҳожат бўлмаган. Ибтидоий дунёда жинсларнинг бирлашувига авлод қолдириш учун муддат сифатидагина қаралган. Энг янги замоннинг оиласи эса шубҳасиз, агар у ўзаро интилиш ва яқинликка асосланган бўлса, дунёдаги энг ажойиб институтлардандир. Бироқ бундан ниҳояси унчалик бахтли бўлмаган бошқа севгини гуноҳкор қилиш керак, деган маъно чиқиши керак эмас. Ҳаётни ҳеч қачон қолипга солиб бўлмайди ва одамлар бундай уринишлардан воз кечишлари керак. Бир умрлик бахтли ҳаёт қурганлар шундай толе насиб этгани билан ўзини қутлаб, бахтига муносиб бўлсинлар. Ҳаётда бундай нарсалардан бебаҳра қилинганлар ҳам марҳаматга муносиблар. Бундан ташқари, мулоҳазаларимиз ва назарияларимизга боғлиқ бўлмаган табиатнинг асосий қонунлари ўз кучида қолади. Бир турдаги зарралар бирбирига тортилади. Инсон табиатидаги ва мижозидаги ўзгаришлар ўзаро муносабатларда ҳам ўзгаришларга олиб келиши муқаррар. Тўғри, баъзи одамларни ақидалар, бошқаларни эса қўрқув ушлаб туради. Бироқ шундай одамлар ҳам топиладики, уларда табиат ҳукмронлик қилади ва бундайлар учун на қўрқув ва на бошқа нарсалар бор. Жамият даҳшатдан қўлларини осмонга чўзади. Бироқ асрдан асрга, Елена, Мессалина, Дюбарри, Помпадур, Ментенон ва Нелл Гвин каби аёллар пайдо бўлиб, эркак билан аёл ўртасида илгари мумкин бўлган муносабатлардан кўра озодроқ йўлни кўрсатганлар.

Каупервуд ва Эйлин бир-бирларига жуда боғланиб қолишганди. Эйлинни яқиндан билиб олган Каупервуд умрининг қолган қисмини биргаликда бахтли ўтказиши мумкин бўлган ягона аёл мана шу эканига амин бўлганди. Қиз ёш, ишонувчан, орзуга тўла ва довюрак эди. Бирбирларига биринчи марта интилган ондан бери ўтган бутун шу ойлар давомида Фрэнк қизни хотини билан солиштиришдан тўхтамади. Шу пайтгача ўзи ғирашира ҳис этиб юрган – хотинидан қониқмаслик ҳисси тобора аниқроқ сезилиб бораётганди. Тўғри, у ҳали ҳам болаларидан хурсанд ва уйи ҳам ажойиб эди. Охирги йиллари у хотинидан камми-кўпми рози эди, бироқ ҳозир унинг норозилиги борган сари ўсиб борарди. Хотини Эйлинга ҳеч ҳам ўхшамасди: на ёшлиги, на қизиққонлиги ва на ҳар хил таомилларга нафрат билан қараши буткул фарқ қиларди. Одатда Каупервуд ўзини вазмин тутарди, бироқ ҳозир вақти-вақти билан асабийлашиб кетадиган бўлиб қолганди. Гап Лилианнинг ташқи кўринишига тегишли саволлардан бошланарди: одатдаги “Нега?” деган саволлар аёл кишини хафа қилмай қўймайди. Нега у кўйлагига мос қизил шляпа сотиб олмади? Нега у кўпроқ вақтини очиқ ҳавода ўтказмайди? Бир айланиб келиш унинг учун жуда фойдали бўларди. Нега у бирор иш қилмаяпти? Фрэнк ўзини нега бундай тутаётгани тўғрисида ўйлаб кўрмаётганди бироқ Лилиан ҳаммасини сезиб турар, бу саволларнинг ҳақиқий сабабини тушунар ва ўзини ҳақоратлангандек ҳис қила бошлаганди.

– Намунча нега, нима учун деяверасан? – аччиқланиб деди аёли бир куни. – Тирноқ остидан кир қидиришми бу? Аслида жуда яхши сезиб турибман, шунчаки мени аввалгидек севмай қўйдинг, холос..

Хотинининг кутилмаган бу гапидан ҳайратга тушган Каупервуд стулга суяниб қолди. Бу ғалаён сабаби хотини Эйлин ҳақида билиб қолганидан эмас, балки ўзи тинмай дакки бергани учун бўлса керак; бироқ Фрэнкнинг бунга ишончи комил эмасди. У Лилианни хафа қилиб қўйганига бироз виждони қийналгандек бўлди ва ундан узр сўради.

– Вой, арзимаган гап, – жавоб берди хотини. – Бунақа нарсаларга аҳамият бермайман. Бироқ менга борган сари кам эътибор бераётганингни сезиб турибман. Қачон қарамай, иш, иш, иш! Ишинг тўғрисида бир сония ҳам ўйламай тура олмайсан.

Каупервуд енгил тортиб, хўрсиниб қўйди. Демак, у ҳеч нарсадан шубҳа қилмаяпти!

Бироқ Эйлин билан тобора яқинлашиб борган сари у хотиним бошқаларга ўралашиб юрганимдан гумонсирамаяптимикин, деб ортиқ хавотирланмай қўйди. Баъзан эса бу вазиятнинг эҳтимолий оқибатларини мулоҳаза билан кузатаркан, шундай бўлгани яхшийди, деган ўйга ҳам борарди. Ахир хотини ўз ҳақини ҳимоя қила оладиганлардан эмас. Унинг табиатини билгани учун Фрэнк баъзан балки ўзи бошида қўрққанидек оилаларининг бузилишига унчалик қаршилик ҳам қилмас, деб ўйларди. Лилиан ажралишга рози бўлиши ҳам мумкин. Эҳтирос ва бахтга чанқоқлик йигитнинг ҳатто одатдагидек ақл билан мулоҳаза юритишига ҳам ҳалал бераётгандек эди.

Йўқ, дерди у ўзига, гап унинг оиласида эмас, балки Батлерларда. Эдвард Мэлия Батлер билан уни ишга оид масалалар чамбарчас боғлаб турарди. Қария Фрэнк Каупервуд билан маслаҳатлашмай туриб ҳеч ким билан бирорта келишувни амалга оширмасди. Батлер Пенсильвания кўмир компанияси, “Делавэр-Гудзон” канали, “Морис-Эссекс” канали ва Ридинг темир йўли корхоналарининг пайчиси (шериги) эди. У Филадельфия темир йўлларининг аҳамиятини тушуниб, қўлидаги қимматбаҳо қоғозларни иложи борича қимматроққа сотиб, тушган маблағни маҳаллий линияларга тикишга қарор қилди. Молленхуэр ва Симпсонларнинг шундай қилишаётгани унга маълум эди, ахир маҳаллий ишларни улардан бошқа ким яхшироқ тушунади?

У ҳам Каупервуд каби қўлида кўнка темир йўли акцияларининг етарли сонига эга бўлса, охир-оқибат Молленхауэр ва Симпсонлар билан ҳамкорлик қилишга эришиш мумкин, деб ҳисобларди. У ҳолда эса қўшма темир йўллар учун фойдали бўлган қонунларга тегишли органлар орқали осон эришилади. Улар янги линияларни ўтказиш ва аллақачон қурилганларини давом эттиришга рухсат олишади. Батлернинг қимматбаҳо қоғозлари билан бажариладиган операциялар, шаҳар кўнка темир йўлининг тасодифий акция пакетларини сотиб олиш вазифалари Каупервуднинг зиммасидаги ишлар ҳисобланарди.

Жаноб Батлер ўша пайтда ўғиллари Оуэн ва Кэлем орқали янги линия ўтказиш ва бунинг учун зарур рухсатни олиш устида ҳаракат қилаётганди; қонун чиқарувчи мажлис унга керакли резолюцияни қабул қилиши учун Батлер сахийлик билан акция пакетлари ва нақд пулларини тарқатарди. Бироқ бу иш осон эмас эди, чунки юзага келган шароитдан чиқариш мумкин бўлган фойда кўпларга, шу жумладан, Каупервудга ҳам аниқ эди; бу ерда бойлик орттириб олиш манбаини кўриб у, албатта, ўзининг фойдаси тўғрисида ҳам ғамхўрлик қилиб қўйганди: яъни у сотиб оладиган акцияларнинг бир қисмигина Батлер, Молленхауэр ва бошқа мижозларнинг қўлига тушарди. Бошқачасига айтганда, у нафақат Батлер ёки бошқа бировга фойда келтиришга, балки ўзига ҳам фойда олишга уринарди.

Мана, нима учун ўзлари панада қолишни афзал кўрган Стробик, Уайкрофт ва Хармонлар номидан келган Жорж Стинернинг таклифи унга қизиқарли бўлиб туюлганди! Стинернинг режаси шундан иборат эдики, шаҳар кассасида Каупервуд номига йилига икки фоиз ҳисобидан кредит очилади (эҳтиёткорлик юзасидан Стинер ўртада турган одам орқали ҳаракат қилиши керак эди). Каупервуд бу пулга Шимолий Пенсильвания компаниясидан катта фойда келтирмайдиган ва унча узун бўлмаган (бир ярим мил) ҳамда ундан қисқа муддатли фойдаланишга рухсат берилган сабабли жуда ҳам юқори қийматга эга бўлмаган Фронт стритдан ўтган кўнка линиясини сотиб олиши керак эди. Жуда усталик билан бажарилган бу иш учун Каупервуд мўмай даромад – ҳамма акцияларнинг йигирма фоизини олди. Стробик ва Уайкрофт контрол пакетларни қаердан сотиб олишни билишарди, бироқ бу ерда чаққонлик билан ҳаракат қилиш керак эди. Келажакда бу режа қуйидагиларни назарда тутарди: шаҳар кассасидан олинган пуллар лицензияни чўзиш ва линиянинг ўзини узайтириш учун ишлатилади; кейин эса акцияларнинг катта пакети чиқарилиб, “ўз” банкларидан бирига гаровга қўйилади: шу йўл билан шаҳар ундан олинган қарзни қайтариб олади, улар эса линия келтирадиган фойдани чўнтакларига урадилар. Акциялар бу фирибгарликнинг аъзолари орасида йўқ бўлиб кетишини ва ҳамма меҳнатлари учун унга нисбатан кам улуш қолишини ҳисобламаса, Каупервуд учун бу режа амалга ошириш мумкин бўлган иш эди.

Бироқ Каупервуд ҳеч қачон ўз ҳақини қўймасди. Бу пайтга келиб унда ўзига хос ишбилармонлик, ахлоқи шаклланганди. У бу турдаги манфаатпарастлик ҳаракати ёки бойиш ўғрилик деб аталган тақдирдагина ўғирлик қилиш мумкин эмас, деб ҳисобларди. Бу иш оқилона бўлмасди – хавфли эди, шу сабаб ёмон иш саналарди. Фойда кўриш ёки шунинг ортидан бойиб кетиш шубҳа ва муҳокамаларни туғдириши мумкин эди. Каупервуднинг фикрича, ахлоқ агар иқлим ўзгартирмаса, ҳеч бўлмаганда шароитдан келиб чиқиб ўзгаради. Филадельфияда (албатта, маҳаллий сиёсатдонлар ичида, бутун шаҳар аҳолиси ичида эмас) шундай анъана юзага келгандики, унга кўра агар вақти келганда шаҳар кассасига қайтарадиган бўлса, ғазначи шаҳарнинг пулларидан текинга фойдаланиши мумкин. Ғазначилик ва ғазначи бу ҳолда атрофида текинхўрлар, яъни муттаҳамлар ва сиёсий арбоблар текин даромад умидида айланаётган асалга тўла ари уяси ва асалариларнинг подшосини ёдга соларди. Стинер билан бўлган келишувнинг биттагина ёқимсиз томони шу эдики, на Батлер, на Молленхауэр, на Симпсон, яъни Стинер ва Стробикларнинг деярли “бошлиқлари” бу ҳақда ҳеч нарса билишмасди. Стинернинг ўзи ва унинг ортида турганлар шахсий қизиқишларидан келиб чиқиб, у, яъни Каупервуд орқали ҳаракат қилишаётганди. Дунё буюклари бу ҳақда эшитиб қолсалар, ғазабланишлари мумкин эди. Агар у Стинер ёки маҳаллий корчалонлардан бири билан иш олиб боришни рад қиладиган бўлса, фақат ўзига ёмонлик қилган бўларди, чунки истаган бошқа банкир ёки маклер бажонидил унинг ўрнини босиши мумкин эди. Бундан ташқари, Батлер, Молленхауэр ва Симпсонлар бу ҳақда билиб қолади, демасликка ҳеч қандай асос мавжуд эмасди.

Бу ерда яна шуни айтиб ўтиш керакки, Каупервуд Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалардаги кўнка линиясидан ўта туриб, бу жуда одамни ўзига тортадиган нарса экан, деб ўйлаб қолди, фақат керакли маблағни топиш керак эди. Дастлаб бу линиянинг қиймати беш юз минг долларга баҳоланган бўлиб, бироқ кейинроқ, уни қайта жиҳозлаш мақсадида, икки юз эллик минг долларлик қўшимча акция сериялари чиқарилганди ва энди компания фоизларни тўлашда анча қийинчиликларни бошидан кечираётганди. Акцияларнинг кўп қисми майда акция эгалари ўртасида тарқатилган бўлиб, назорат пакетига эга бўлиш ва бошқарув раиси сифатида сайланиши учун Каупервудга икки юз эллик мингдан кам бўлмаган маблағ керак бўларди. Бу линияни қўлга киритиш орқали у акцияларга бутунлай эгалик қилиши мумкин эди, масалан, қанча ололса, шу миқдордаги йирик суммани отасининг банкига вақтинча қўйиб туриб, ўша пулга янги акциялар чиқариши, кейин эса уларнинг ёрдамида маҳаллий қонун чиқарувчи мажлис аъзоларини сотиб олиши ва шу йўл билан рухсат олиб, линияни узайтиришга эриша оларди. Шундан сўнг эса ё янги нарсалар сотиб олиш ёки бошқа компаниялар билан келишув йўли орқали ўз ишини кенгайтириши мумкин бўлади.

“Сотиб олиш” сўзи бу ерда ишга оид атама бўлиб, ғирт америкача маънода қўлланган, чунки штатнинг қонун чиқарувчи мажлиси тушунчасини “пора” сўзи билан боғламаган одамнинг ўзи йўқ эди. Гаррисбергдаги молиявий доираларнинг вакили бўлган паст бўйли, қорачадан келган, эгнидаги ажойиб кийимлари ва ўзини назокатли тутишлари билан олифтагарчилик қиладиган ирландиялик Тэренс Рэлихеннинг (ўз вақтида у беш миллионлик заёмни жойлаштириш масаласида Каупервуднинг олдига келганди) айтишича, штатнинг пойтахтида пулсиз ёки унинг эквиваленти, яъни қимматбаҳо қоғозларсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Овоз олиш ёки қўллаб-қувватлашлари учун ҳар бир қонун чиқарувчи мажлиснинг сал бўлса-да кучга эга бўлган аъзоси оғзини мойлаш керак. Агар Каупервуд бирор комбинация қилишни ўйлаётган бўлса, ирландиялик у билан бу ҳақда гаплашиб кўришдан хурсанд бўлишига шама қилганди. Каупервуд Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалардаги кўнка темир йўли линиясини сотиб олиш режаси ҳақида кўп бора ўйлар, бироқ бу ишни бошлашга ҳеч журъат қила олмаётганди. Унинг бошқа ишлари ҳам кўп эди, бироқ бу жуда ўзига тортадиган ғоя бўлиб, фикру хаёли шунда бўлиб қолди.

Шимолий Пенсильвания линияси билан найранг қилиш учун Стинер таклиф қилган кредит Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалардаги линия билан бўладиган ҳийлани ҳам ишонарли қиларди. Шаҳар ғазначилигининг қизиқишларидан келиб чиқиб, Каупервуд бу пайтда шаҳар заёми облигациялари курсини кўз юммай кузатиб турарди: биржада нархи тушиб кетиши кутилаётган пайтда у йирик пакетларни сотиб олар, курслари кўтарилаётганини сезса, кичик-кичик партияларда жуда катта эҳтиёткорлик билан сотарди. Бу манипуляциялар учун унинг ихтиёрида яхшигина миқдорда нақд пул бўлиши керак эди. У доим биржада синиш бўлмасин-да, деган хавотирда эди, чунки бу нарса унинг қўлидаги барча қимматбаҳо қоғозларнинг нархи тушиб кетишига олиб келар, бунинг устига, ундан қарздорлигини ёпишни ҳам талаб қилишган бўларди. Тўғри, ҳеч қандай бўрон хавф солмаётгандек эди, Каупервуд ҳам рўй бериши мумкин бўлган эҳтимолий фалокатдан қоча олишига умид қиларди, бироқ барибир маблағини ортиқча сочиб юборишни истамаётганди. Эндиликда кўп нарса ўзгарганди. У шаҳар маблағидан бир юз эллик минг доллар олиб, уларни Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалардаги линияга сарф қилса, бу Каупервуд ўз маблағини сочяпти, деган маънони англатмайди, чунки Стинернинг янги таклифи бошқа ишларни бажариш учун катта кредит сўраб ғазначига мурожаат қилишига йўл беради. Бироқ нимадир юз берса-чи? Ўшанда бир гап бўлар…

– Фрэнк, – деди бир куни соат тўртдан сўнг – идорадаги иши ниҳоясига етган пайтда олдига кирган Стинер (улар андан бери бир-бирларини исми билан чақира бошлашганди), – Стробикнинг назарида, Шимолий Пенсильвания линияси билан боғлиқ иш тайёр ва қабул қилиб олишимиз мумкин. Акцияларнинг назорат пакети Колтон деган кимсанинг, Айк Колтон эмас, Фердинанд Колтоннинг қўлида эканини аниқладик. Қизиқ исм-а?

Бу пайтга келиб семириб кетган Стинер мулойим жилмайди. Тасодифан шаҳар ғазначилигига ишга ўтиб қолганидан бери унинг ҳаётида катта ўзгаришлар бўлганди. Бу мансабга ўтирганидан сўнг у чиройли кийина бошлади, бутун шахсияти шу қадар хотиржамлик ва ўзига ишончга чулғандики, агар сиртдан қараса, ўзини ўзи таний олмаган бўларди. Унинг кичкина кўзлари энди олазарак боқмас, доимий хавотири энди вазминлик билан алмашганди. Стинер ўзининг семиз оёқларига юмшоқ чармдан яхши тикилган ботинка кийиб олган, таранг танаси ва семиз сонларини аъло даражада тикилган кулранг-жигарранг костюм бекитиб турар; унинг пардозини ўткир учли оқ ёқа ва жигарранг ипак бўйинбоғи якунлаганди. Кенг кўкраги аста-секин думалоқ қоринга ўта бошлаган бўлиб, қорнида оғир тилла занжир осилиб турар, оппоқ қадама енгларида эса йирик-йирик ёқут кўзли катта тилла запонкалар ялтираб турарди. Стинер бир қарашда пуштиранг, семиз киши эди. Бир сўз билан айтганда, ҳузур-ҳаловатда яшаши кўриниб турарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации