Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 41 страниц)
У Батлернинг Каупервуддаги пулини кўзда тутаётганди.
– Албатта, албатта, – деди муросали оҳангда жуда ўткир сиёсий сезгирликка эга бўлган жаноб Симпсон.
– Хотиржам бўлинглар: юз мингимни эртагаёқ қайтариб оламан!.. – қўшиб қўйди Батлер.
– Агар хавотирларимиз рост ва ўринли бўлса, менимча, бу фалокатни сайловлар тугагунча яшириб туриш учун бор кучимизни сарфлашимиз керак бўлади. Газеталарни жим қилиш мумкин. Бироқ мен яна бир нарсани таклиф қилмоқчи эдим, – деди Симпсон Каупервуд жуда осонлик билан сотиб олган акциялар эсига тушиб, – юзага келган шароитни ҳисобга олиб, шаҳар ғазначисини бошқа ҳеч кимга ссуда бермаслик тўғрисида огоҳлантириб қўйиш керак. Бўлмаса, Каупервуд ундан яна пул талаб қилиши мумкин. Ҳенри, унга таъсир қилиш учун сизнинг сўзингиз етарли бўлади.
– Яхши, у билан гаплашиб кўраман, – тунд ҳолда жавоб берди Молленхауэр.
– Менимча эса керак бўлса, уларнинг ўзлари бу вазиятдан чиқиб кетсин, – деди Батлер Каупервуднинг бу уч сиёсий арбобга ёрдам сўраб янглишгани ҳақида ўйларкан.
Каупервуднинг жаноб Батлер ва молия дунёсининг бошқа корчалонлари уни шундай қийин дақиқаларда қўллаб-қувватлашади, деган умиди мана шу тарзда чилпарчин бўлганди.
Батлер билан хайрлашгандан сўнг Каупервуд одатдаги ўзига хос ишчанлиги билан унга ёрдам бериши мумкин бўлган бошқа одамларни қидириб кетганди. Стинер хонимдан эри ҳақида бирор хабар келиши билан дарров унга етказишини илтимос қилди. Фрэнк “Дрексель энд Компани” банкирлик уйидан Уолтер Лини, “Жей Кук энд Компани”дан Эвери Стоунни ва Жирард миллий банкининг президенти Дэвисонни топиб, юз бераётган ҳодисаларга уларнинг фикрларини билмоқчи ҳамда Дэвисон билан ўз маблағлари ва кўчмас мулки ҳисобидан қарз кўтариш масаласи ҳақида гаплашиб олмоқчи бўлаётганди.
– Фрэнк, сизга ҳеч нарса айта олмайман, – қатъий такрорлади Уолтер Ли. – Эртага нималар юз беришини мен билмайман. Ишларингизни тартибга солиб олаётганингиз жуда яхши. Бу керак нарса. Ҳамма нарсада сизга ёрдам беришга тайёрман. Бироқ катталар маълум бир тоифадаги қарзларни қоплашни талаб қилиш керак дейишса, демак, биз бўйсунишимиз керак бўлади, иложимиз йўқ. Мен вазиятни юмшатиш учун иложи борича бор кучимни сарфлайман. Бироқ Чикаго чиндан ҳам ер юзидан йўқ бўлиб кетган бўлса, нима бўлган тақдирда ҳам, суғурта компаниялари ёки уларнинг бир қисми осмонга учиб кетади, унда эса… эҳтиёт бўлинг! Менимча, қарздорларингиз қарзини қайтаришини ўзингиз талаб қилсангиз керак?
– Жуда зарур бўлган ҳолдагина.
– Ҳа, бизда ҳам бу ишга худди шундай қарашади!
Улар қўл бериб хайрлашди. Бу йигитларнинг ўртасида ўзаро дўстона ришталар бор эди. Ли оқсуяклардан бўлиб, туғма хушмуомалалик фазилатига эга эди, бу унинг соғлом фикрлаши ва бой ҳаётий тажрибага эга бўлишига халал бермасди.
– Фрэнк, сизга бир нарсани айтиб қўймоқчиман, – хайрлашув олдидан деди у. – Анчадан бери сиз кўнка темир йўллари масаласида ҳаддан ошиб кетганингизни айтмоқчи бўлиб юргандим. Агар акцияларингизни сақлаб қола олсангиз, жуда зўр бўлади, бироқ ҳозиргидек қийин дақиқаларда, бундан оғзингиз куйиб қолиши мумкин. Сиз шу қоғозлар орқали ва шаҳар заёмлари облигацияларидан жуда тез пул қилишга ўрганиб қолгансиз.
Ли дўстининг кўзига тик қаради ва икковлари жилмайиб қўйишди.
Стоун, Дэвисон ва бошқалар билан ҳам тахминан шунга ўхшаш суҳбат такрорланди. Каупервуд келгунига қадар уларнинг барчаси яқинлашаётган фалокат ҳақида эшитиб бўлишганди. Ҳеч ким эртанги кун нима олиб келиши мумкинлигини ишонч билан айта олмасди. Бироқ яхши нарсадан умид йўқ эди. Каупервуд яна Батлерникига боришга қарор қилди, чунки унинг аллақачон Молленхауэр ва Симпсонлар билан учрашиб бўлганига амин эди.
Айни пайтда Каупервудга нима дейишга боши қотаётган Батлер йигитни хушмуомалалик билан кутиб олди.
– Ҳа-а, қайтиб келдингизми! – Фрэнкни кўриб, хитоб қилди у.
– Ҳа, жаноб Батлер. Очиғини айтишим керак, уринишларим бефойда бўлди.
– Мен ҳам ҳеч нарса чиқмайдими деб қўрқаман, – эҳтиёткорона гап бошлади жаноб Батлер. – Молленхауэр, афтидан, ўзининг фойдаси учун бозорни ушлаб турмоқчи ва мен ҳам шундай қилса керак деб ўйлайман. Симпсоннинг ҳам ўзи ҳимоя қиладиган қизиқишлари бор. Мен ҳам, албатта, ўзим учун сотиб оламан.
Жаноб Батлер, афтидан, фикрини бир жойга тўплаб олиш учун тўхтаб қолди.
– Мен ҳали мажлис ўтказиш учун йирик капиталистлардан бирортаси билан учрашганим йўқ, – сўзларни танлаб-танлаб гапида давом этди Батлер. – Улар кутиб туришмоқчи ва эртага эрталаб шароит қандай бўлишини кўришмоқчи. Нима бўлганда ҳам, сизнинг ўрнингизда бўлсам, руҳимни чўктирмасдим. Агар иш тескарисига айланиб кетса, улар, балки, ўз қарорларини ўзгартиришар. Стинер ҳақидаги бор гапни уларга айтиб беришимга тўғри келди. Жуда қийин вазият, бироқ улар сизнинг қутулиб чиқа олишингизга ишонишяпти ва шунда ҳаммасини ҳал қиласиз. Мен ҳам шунга умид қиламан. Сиздаги жамғармамга келсак, кечаси ётиб ўйла, эрталаб туриб сўйла, деганлар. Агар иложини топсам, уни сўрамайман. Бироқ бу ҳақда эртага гаплашамиз. Айтганча, сизнинг ўрнингизда мен Стинердан ортиқ пул олишга уринмасдим. Буларнинг ҳаммаси шусиз ҳам жуда хунук кўриняпти.
Каупервуд шу заҳоти бу одамлардан ёрдам кутиш бефойдалигини тушунди. Уни безовта қилган ягона нарса – Стинернинг тилга олиниши бўлди. Наҳотки улар ғазначи билан кўришган бўлса, огоҳлантиришган бўлса? У ҳолда Батлернинг олдига келгани омадсиз юриш бўлибди; бироқ эртага уни банкротлик кутаётган бўлса, у нима қилиши мумкин эди? Ҳеч бўлмаганда бу жаноблар унинг қандай шароитда эканини билишади. Уни бутунлай бурчакка қисиб қўйишганда у яна Батлерга мурожаат қилади ва ўшанда унга ёрдам бериш-бермаслик уларнинг ишлари! Агар улар рад қилиб, Каупервуд чирпирак бўлиб кетадиган бўлса, Республикачилар партияси мағлубиятга учраса, улар фақат ўзларидан бошқа ҳеч кимни айблай олишмайди. Энди йигит улардан ўзиб, Стинер билан биринчи бўлиб учрашиши керак ва у ўзини калтак остига қўймайдиган даражада ақлли бўла олишига умид қилишдан бошқа иложи йўқ.
– Жаноб Батлер, ҳозир жуда ёмон вазиятдаман, – деди Фрэнк Батлернинг юзига тик қараб. – Лекин ишонаманки, ундан чиқиб кета оламан. Ҳар ҳолда, шунга умид қиламан. Сизни безовта қилиб қўйганимдан жуда пушаймонман. Мен сиз – жентельменлар, албатта, ёрдам беришни лозим деб топасизлар ва кўмак берасизлар, деб умид қилгандим. Бироқ иложи йўқ бўлса, на чора. Ўзим ҳали баъзи чораларни кўришим мумкин. Бундан ташқари, умид қиламанки, мендаги жамғармангизни талаб қилмай турасиз.
Каупервуд тезлик билан чиқиб кетаркан, Батлер ўйланиб қолди. “Бу йигит жуда ақлли, – ўзича ўйлади у. – Унга жуда ачиняпман. Бироқ у ҳали бу шароитдан чиқиб кетиши эҳтимолдан холи эмас”.
Каупервуд шошиб уйига кетди; отаси ҳали ётмаган, ғамгин ўйларга ботиб ўтирарди. Ўрталарида жуда самимий суҳбат бўлди: ота ва ўғил бир-бирларини ярим сўзданоқ тушунардилар. Фрэнк отасини жуда яхши кўрарди. У отасининг паст табақадан кўтарилиш учун тинмай ҳаракат қилишини ҳис қилар ва болалигидан уни фақат эркалатиб, эътибор билан қараганини бир дақиқа ҳам унутмасди. Унинг Учинчи миллий банкдан олган кредитини, агар биржада курслар жуда тушиб кетмаса, қоплаш мумкин бўлади. Бу ссудани у нима қилиб бўлса ҳам қайтариши керак. Бироқ отасининг кўнка темир йўлига қўшган ва унинг ўзиники билан бирга ўсиб, умумий ҳисобда икки юз мингга етган пуллар-чи, уларни қандай қутқариб қолса бўлади? Акцияларнинг гаровга қўйилганига анча бўлган, улар учун олинган кредитлар эса бошқа мақсадлар учун ишлатилганди. Бу ссудалар олинган банкларга қўшимча гаров киритиш керак. Ссуда, ссуда ва ссуда, бу муаммоларнинг охири йўққа ўхшайди. Стинерни унга яна икки ёки уч юз минг беришга мажбур қила олса эди! Бироқ юз бериши мумкин бўлган молиявий қийинчиликлар олдида бу энди жиноят бўлган бўларди. Энди ҳамма гап эртанги кунда қолди.
Тўққизинчи октябрь, булутли душанба тонги отди. Каупервуд қуёшнинг биринчи нурлари кўриниши билан ўрнидан туриб, ювиниб соқолини олди ва кийиниб, галерея орқали отасининг олдига борди. Қария кечаси билан ухламаган ва ҳозир ҳам уйғоқ эди. Унинг оқариб кетган қоши ва сочлари тўзғиган, бакенбардлари ҳам бир аҳволда эди. Кўзларида чарчоқ акс этар, юзлари бўзарганди.
Каупервуд отасининг қанчалар хавотирда эканини дарров пайқади. Отаси бир пайтлар унга Элсуорт топиб келтирган чиройли ёзув столи олдида ўтириб, ўзининг актив ва пассивларини ҳисоб-китоб қилаётган жойидан бошини кўтарди. Каупервуднинг ичи ачишди. У отасини ташвишга тушган ҳолда кўрганида доим эзилиб кетар, ҳозир эса унга ёрдам беришга ҳам ожиз эди. Икковлари бу янги уйни қуришганида, у отаси учун қийин кунлар ўтиб кетганига ишонганди.
– Ҳисоб-китоб қиляпсизми? – иложи борича отасининг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб одатдаги ҳазил оҳанги билан сўради у.
– Ўз маблағларимни ҳисоблаб қўйяпман, мабодо… – Кекса Каупервуд ўғлига савол назари билан қараб қўйди.
Фрэнк жилмайди:
– Отажон, безовта бўлишнинг ҳожати йўқ! Айтдимку: шундай қилдимки, Батлер ва унинг дўстлари бозорни ушлаб туришга мажбур бўладилар. Райверс, Таргул ва Ҳарри Элтинжлардан биржада қоғозларимни сотиб юборишларини илтимос қилдим – ахир улар энг яхши маклерлар. Улар жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишади. Мен бу ишни Эд билан Жога топшира олмасдим, чунки улар менга нима бўлаётганини дарров тушуниб олишарди. Бу йигитлар эса худди қоғозларнинг курсини тушираётгандек ҳаракат қилишади, аслида эса жуда ҳам туширмайди. Биржага шунча акция ташлашим керак бўладики, уларни ўн пунктга пастроқ сотиб, беш юз минг доллар қилиб олишим керак. Эҳтимол, қоғозлар бундан тушиб кетмас. Ҳозир бирор нарса дейиш қийин. Ахир курснинг тушиши бир умр давом этмайди-ку! Айни пайтда йирик суғурта жамиятлари нима қилмоқчи эканини билганимда эди! Тонгги газеталарни ҳали келтиришмадими?
Каупервуд қўнғироқ қилмоқчи бўлди, бироқ ҳали эрта бўлгани учун хизматкорлар турмаган бўлиши мумкин деб ўйлаб қолди. Ўзи кўча эшик олдига борди: у ерда “Матбуот” ва “Паблик лежер” ётарди. Газеталарнинг биринчи бетига қараб, йигитнинг юзи ўзгарди. Матбуотда катта қилиб жуда тунд кўринишдаги Чикагонинг плани берилган, қора бўёқ билан шаҳарнинг ёнаётган қисми белгиланганди. Фрэнк ҳеч қачон Чикагонинг шундай батафсил планини кўрмаганди. Пландаги оқ бўшлиқ – Мичиган кўли, мана, шаҳарни деярли учта баравар қисмга – шимолий, ғарбий ва жанубий қисмларга бўлиб турадиган дарё. Каупервуднинг кўзига бирдан шаҳар ғалати планлаштирилган ва нимаси биландир Филадельфияга ўхшаб кетгандек кўринди. Шаҳарнинг икки ёки уч квадрат мил бўлган савдо қисми шаҳарнинг уч асосий қисми бириккан жойда, дарёнинг асосий ўзанидан жанубга қараб, жануби-ғарбий ва шимоли-ғарбий шохобчалари қўшилиб кетгандан сўнг кўлга қуйиладиган жойда жойлашганди. Бу марказдаги катта квартал эди, картада берилиши бўйича у бутунлай ёниб битганди. “Чикаго бутунлай ёнғин ичида!” деган ёзув катта ҳарфлар билан бутун бир саҳифага ёзилганди. Шундан сўнг барча тафсилотлар, ким бошпанасиз қолгани, бутун боридан айрилганлар сони келтирилганди. Кейин эса бу ёнғиннинг шарқий штатларга қандай таъсири бўлиши мумкинлиги ҳақида гап кетарди. Суғурта жамиятлари ва саноатчилар, эҳтимол, бундай катта зарарни кўтара олмасликлари ҳақида ҳам фикрлар айтилганди.
– Жин урсин! – тундлик билан тўнғиллади Каупервуд. – Нима жин уриб шу биржа ишларига аралашиб қолдим ўзи?!
Каупервуд меҳмонхонага қайтиб кириб, газеталарни ўқишга тушди. Сўнгра ҳали эрта эканига қарамай, отаси билан идорага қараб кетди. У ерда Фрэнкни аллақачон почта кутиб турарди – у ёки бу ишни бекор қилиш, ёки қоғозларни сотиб юбориш таклифлари билан ўндан ортиқ хат келганди. Фрэнк тик турган ҳолда мактубларни кўриб чиқаркан, югурдак бола яна учта хат келтирди. Улардан бири шаҳарда пешинга яқин бўлишини хабар берган Стинердан эди. Унинг ёзишича, олдинроқ келишга асло улгурмас экан.
Каупервуд бир вақтнинг ўзида ҳам қўрқув, ҳам енгилликни ҳис қилди. Бир қатор қарздорликларини ёпиш учун йирик сумма унга соат учгача керак бўлади. Ҳозир ҳар бир дақиқа қимматли. Стинерни вокзалда ушлаб, ҳаммадан олдин гаплашиб олиши керак. Ҳа, бугун жуда оғир, югур-югур ва жуда тиғиз ўтадиган кун.
Каупервуднинг келишига Учинчи кўча ҳар бир дақиқаси ғанимат бўлган банкир ва биржачилар билан тўла эди. Шошиб бораётган қадам товушларининг шиддати дунёнинг юзлаб хавотирдаги ва юзлаб хотиржам, беташвиш одамлари орасидаги фарқни ажратиб турарди.
Биржада ҳам шундай муҳит ҳукмрон эди. Бонг овози эшитилиши билан залда чидаб бўлмайдиган шовқин кўтарилди. Бонг овози тинар-тинмас, маҳаллий биржа корпорациясини ташкил қиладиган икки юзтача одам қандайдир тушуниб бўлмайдиган овозлар чиқариб, кимдир қоғозларини сотишга уриниб, кимдир эса аксинча, шу пайтдаги фойдали таклифдан фойдаланиб қолиш учун югуриб кетди.
Бу ерда иштирок этаётганларнинг қизиқишлари шунчалик турли-туман эдики, ташқаридан кузатиб турган одам бу ерда қай бири – сотишми ёки сотиб олиш фойдалими, тушуна олмасди.
Райверс ва Таргуллар одам энг кўп жойда бўлиб туриш ҳақида кўрсатма олишганди, Каупервуднинг укалари – Жозеф ва Эдвард эса акцияларни тўғри келадиган нархда сотиш имкониятини қараб, шу атрофда тез-тез юриб туришга қўйилди. “Айиқлар” берилиб курсни туширар, ҳамма нарса Молленхауэр, Симпсон ва Батлерларнинг агентлари ҳаракат қиладими ёки йўқми, бошқа биржачи лар кўнка темир йўли акцияларини қўллаб-қувватлайдими ва бу қоғозлар қандайдир қийматни сақлаб қоладими ёки йўқми, шунга боғлиқ эди. Бир кун олдин Батлер Каупервуд билан хайрлашаётиб, қўлларидан келган ҳамма ишни қилишларини айтганди. Улар охирги имконият борича акцияларни сотиб олишади. У, албатта, бозорни тинмай ушлаб туришга ваъда беролмас ва Молленхауэр ва Симпсонлар учун ҳам жавоб бермасди. Уларнинг ишлари қай аҳволда эканини ҳам билмасди.
Каупервуд одамларнинг ҳаяжони энг чўққисига чиққанда кириб келди. У ҳали эшик олдида эканлигидаёқ нигоҳлари билан Райверсни қидира бошлади, бироқ шу дақиқада бонг уриб, битимлар тўхтади. Бутун оломон биржанинг котиби янги келган хабарларни эълон қиладиган айвонча томонга қаради. Чиндан ҳам бу ўттиз саккиз ёшлардаги, қорачадан келган, оддий мулозимларникидек юзи жуда ақлли эмаслигидан дарак бериб турган эркак ўз жойида турар, орқасида эса ланг очиқ эшик кўринарди. Унинг ўнг қўлида бир бўлак қоғоз оқариб кўринаётганди.
– Бостондаги Америка ёнғиндан суғурта қилиш жамияти қарзини тўлашга қодир эмаслигини эълон қилади.
Яна бонг овози жаранглади. Ва шу заҳоти илгаригидан ҳам баландроқ шовқин кўтарилди. Агар шу булутли тонгда биржа очилишидан бир соат ўтмай, битта суғурта компанияси синган бўлса, кейинги беш-олти соат ичида нималар бўларкин? Бу дегани Чикагодаги куйиб қолганлар ўз ишларини тиклай олишмайди. Бу банклар банкрот бўлган компаниядан ҳамма қарзларини қоплашни аллақачон талаб қилишди ёки талаб қилишяпти дегани. Мингталик ва беш мингталик – Шимолий Тинч океани, Иллинойс-Сентрал, Ридинг, Лейк Шор ва Уобеш темир йўл компаниялари акциялари пакетларини ва Каупервуд сотган заём облигацияларини борган сари арзонроққа таклиф қилаётган қўрқиб кетган “буқа”ларнинг бақирчақирлари бу ишга боғлиқ бўлган барча одамларнинг юрагини зирқиратаётганди.
Бир неча дақиқа давом этган тинчликдан фойдаланиб, Каупервуд Артур Райверснинг олдига яқинлашди; бироқ у ҳам ҳеч нарса айта олмади.
– Менимча, Молленхауэр билан Симпсонларнинг гумашталари нархларни жуда ҳам ўзларини уринтирмасдан ушлаб турибди, шекилли!.. – безовталик билан деди Каупервуд.
– Улар Нью-Йоркдан хабар олишди, – хўмрайганча жавоб берди Райверс. – Бу ҳолда энди ҳаракат қилишнинг ҳам ҳожати йўқ. Тушунишимча, у ерда яна учта суғурта компанияси синай деб турибди. Исталган дақиқада уларнинг сингани тўғрисида айтиб қолишлари мумкин.
Улар бундан кейин нима қилишларини муҳокама қилиб олиш учун бир зумга бу дўзахдан ташқарига чиқишди. Стинер билан келишувга кўра, улар иккаласи ҳам яхшигина ишлаб олган биржа ўйинларига боғлиқ бўлмаган ҳолда Каупервуд юз минг долларлик шаҳар заёми облигацияларини сотиб олиши керак эди. Фақат пасайиб кетаётган курсни ушлаб туриш керак бўлган тақдирдагина шундай қилиш лозим бўларди. Каупервуд ҳозир олтмиш минг долларга облигация сотиб олиб, улар билан бошқа ердан олган ссудаларини ёпмоқчи бўлди. Стинер тезлик билан бу сумманинг ўрнини тўлдиради ва яна унга нақд пул ҳам беради. Нима бўлганда ҳам, бу комбинация унга ёрдам беради ёки жуда бўлмаганда, маълум бир вақтга бошқа қоғозларини ушлаб туришга ва уларни курслар бутунлай тушиб кетгунича сотишга имкон беради. Эҳ, ҳозир пасайишга ўйнаш учун унинг маблағи бўлганида эди! Бундай ўйин унга банкрот бўлиш хавфини туғдирмаса бўлгани! Ҳатто шу хавфли дақиқаларда ҳам Каупервуд ҳозир унга банкрот бўлиши хавфини туғдираётган шу шароит бошқа пайтда унга катта фойда келтирган бўлиши мумкинлигини тушуниб турарди. Бироқ ҳозир у бундан фойдалана олмасди. Бир вақтнинг ўзида ҳам у томонда, ҳам бу томонда туришнинг иложи йўқ. Сен ёки “айиқ”сан ёки “буқа” – иложсизлик уни “буқа” бўлишга мажбур қилаётганди. Ғалати шароит, бироқ ҳеч нарса қилишнинг иложи йўқ! Унинг уддабуронлиги ҳозир бефойда эди.
Яна бонг овози эшитилганда Фрэнк уйини гаровга қўйиб пул олишни умид қилаётганди – бир банкир билан учрашиш учун кетмоқчи бўлиб турганди. Ва яна музокаралар тўхтади. Артур Райверс ўзининг штатнинг қимматбаҳо қоғозлари ва шаҳар заёмининг облигациялари сотилаётган жойидан туриб (бу облигацияларни у энди сотиб ола бошлаганди) Каупервудга маъноли қараб қўйди. Шу дақиқада унинг олдига Ньютон Таргул югуриб келди.
– Ҳамма сизга қарши!.. – хитоб қилди у. – Бундай аҳволда сотишга уринишнинг ҳам ҳожати йўқ. Бари бефойда! Улар сизни гангитмоқчи бўлишяпти. Танглик чегарасига етди. Бир неча кундан кейин бурилиш бўлади. Балки, унгача чидаб бера оларсиз? Мана, янги кўнгилсизликка тайёрланинг.
У нигоҳи билан биржа қўмитаси котиби яна пайдо бўлган айвончага имо қилди.
– Нью-Йоркдаги Шарқий ва Ғарбий ёнғиндан суғурта қилиш жамиятлари ўзларининг тўловга қодир эмасликларини эълон қилишяпти!
Бутун зал бўйлаб чўзиқ “Ў-ў-ў-ҳ!” деганга ўхшаш товуш эшитилди. Котиб тинчлик сақлашга чақириб, болғачаси билан столни тақиллатди.
– Рочестердаги ёнғиндан суғурта қилиш “Ири” жамияти тўловга лаёқатсизлигини эълон қилади!
Яна “Ў-ў-ў-ҳ!” деган овозлар келди. Болғачанинг тақиллаши эшитилди.
– Нью-Йоркдаги Америка кредит компанияси тўловларни тўхтатди!
“Ў-ў-ў-ҳ!” Бўрон авжида эди.
– Хўш, нима дейсиз? – сўради Таргул. – Бундай довулга қарши туриш ақлданми? Сиз сотишни тўхтатиб, бир неча кун туриб бера олмайсизми? Яхшиси, пасайишга ўйнасангиз бўлмайдими?
– Ҳозир биржани ёпиш керак эди, – тўнғиллади Каупервуд. – Шу энг зўр йўл бўларди. Акс ҳолда, ҳеч нарса қилиб бўлмайди.
У шошилганча ўзига ўхшаган вазиятда қолган бир гуруҳ биржачилар томонга яқинлашди: балки, улар йигитнинг фикрини рўёбга чиқариш учун бирга ҳаракат қилишар. Бу нарса аҳволи ҳозир яхши бўлиб турган ва яхшигина фойда қилаётганлар учун қаттиқ зарба бўларди. Бироқ Каупервуднинг улар билан нима иши бор! Иш – ўз номи билан иш! Қимматбаҳо қоғозларни жуда ҳам паст нархда сотиш ақлсизлик эди ва Фрэнк агентларига сотишни вақтинча тўхтатишни буюрди. Агар банкирлар унга бутунлай бошқача бир хизмат кўрсатишни исташмаса, фонд биржаси ёпилмаса, Стинерни унга тезлик билан уч юз минг доллар кредит беришга кўндира олмаса, у тамом бўлади.
Каупервуд бир дақиқани ҳам бой бермай, идоралари Учинчи кўчада жойлашган бир нечта банкирлар ва биржачилар билан учрашиш учун кетди ҳамда уларга биржанинг ёпилишини талаб қилишни таклиф қилди. Ўн иккига бир неча дақиқа қолганда эса Стинерни кутиб олиш учун вокзалга қараб кетди. Аксига олиб уни вокзалда учратмади. Балки Стинер бу поездга улгурмагандир. Аммо Каупервуд бу ерда бир шумлик борлигини сезиб, аввал шаҳар бошқармасининг биносига, кейин эса Стинернинг уйига боришга қарор қилди. Балки, у қайтиб келган, бироқ Каупервуд билан учрашишдан қочаётган бўлса-чи?
Стинерни шаҳар бошқармасидан топа олмаган Каупервуд унинг уйига ҳайдашни буюрди. Ва Стинер билан йўлакда учрашиб қолиб, ҳатто ажабланмади ҳам. Стинернинг ранги оқариб кетган бўлиб, кайфияти йўқлиги яққол кўриниб турарди. Каупервудни кўриб унинг ранги баттарроқ оқариб кетди.
– Ие, салом, Фрэнк! – ўзини йўқотиб қўйиб деди у. – Қаердан келяпсиз?
– Жорж, нима бўлди? – ўз навбатида сўради Каупервуд. – Сизни Брод стрит вокзалида учратаман деб умид қилгандим.
– Ҳа, аввалига ўша ерда тушмоқчи эдим, – деди Стинер (унинг кўриниши жуда аҳмоқона эди), – кейин эса уйга келиб кийиниб кетишга улгуриш учун Ғарбий станцияда туша қолдим. Бугун қиладиган ишларим жуда кўп. Энди олдингизга ўтмоқчи бўлаётгандим.
Каупервуднинг шошилинч телеграммасидан кейин бу гаплар аҳмоқона бўлиб эшитилаётганди, бироқ ёш ишбилармон ўзини бу гапларни эшитмаганга солди.
– Жорж, менинг экипажимга ўтиринг, – Стинерга таклиф қилди у. – Иккаламиз жиддий гаплашиб олишимиз керак. Биржада ваҳима бошланиши мумкин деб сизга телеграмма юборгандим. Шундай бўлди. Бир дақиқани ҳам йўқота олмаймиз. Акциялар курси жуда ҳам тушиб кетди ва банклар қарзларимни қоплашимни талаб қила бошлашди. Сиз менга йилига тўрт ёки беш фоиз ҳисобидан уч юз эллик минг қарз бера оласизми, шуни билишим керак. Охирги центигача сизга қайтараман. Ҳозир менга пул сув ва ҳаводек зарур. Пулсиз тамом бўламан. Жорж, бу нима дегани, тушуняпсизми? Менинг бор активларим охирги долларгача музлатилади, шу билан бирга сизнинг кўнка темир йўлларига тикканларингиз ҳам! Уларни реализация қилиш учун сизга бера олмайман ва шаҳар ғазначилигидан олинган қарзлар билан боғлиқ бу воқеа ҳам жуда хунук кўринади. Сиз кассадаги етишмовчиликни ёпа олмайсиз, бу нимага олиб боришини ўзингиз, албатта, жуда яхши тушуниб турибсиз. Иккаламиз чув тушиб қолдик. Мен сувдан қуруқ чиқишингизни истайман, бироқ буни ўзингизнинг ёрдамингизсиз қила олмайман. Кеча жамғармаси масаласида жаноб Батлерга мурожаат қилишга мажбур бўлгандим ва бошқа манбалардан ҳам пул топиш учун бор кучимни сарф қиламан. Бироқ қўрқаманки, агар ёрдам беришдан бош тортсангиз, бу шароитдан чиқиб кета олмайман.
Каупервуд жим бўлди. Стинер рад жавоби беришидан олдин унга иложи борича бор вазиятни тушунтириб беришга интилаётганди: Фрэнкнинг аҳволи ҳам яхши эмаслигини билиб қўйсин.
Аслида эса Каупервуд ўзига хос зийраклик билан шубҳа қилаётган нарса содир бўлган: Стинерни ундан олдин кутиб олишганди. Бир кун олдин Батлер билан Симпсон кетганларидан сўнг Молленхауэр ўзининг котиби, чаққонгина Эбнер Сэнгстекни чақириб, унга ғазначини топишни буюрди. Сэнгстек Стинер билан бирга овга кетган Стробикка шошилинч телеграмма юбориб, унга Стинерни Каупервудга қарши қайрашни маслаҳат берди. Ғазначиликдаги камомад фош қилиб бўлинган. У, яъни Сэнгстек Стробик ва Стинерларни Каупервуддан олдинроқ учратиш учун Уилмингтонда кутиб олди ва бор гапни батафсил айтиб берди. Стинер ҳам жиноий жавобгарликдан қўрқиб Каупервудга ссуда беришни тўхтатиши керак эди. Агар Стинер ким биландир кўришгиси келса, ўша одам, энг аввало, Молленхауэр бўлиши шарт! Стробикдан улар эртаси куни пешинда келишни мўлжаллаётгани тўғрисида жавоб телеграммасини олган Сэнгстек уларни кутиб олгани Уилмингтонга борди. Мана, нима учун Стинер вокзалда эмас, уйга бориб кийиниб келишни баҳона қилиб (аслида эса Каупервуддан олдин Молленхауэр билан кўришиш учун) шаҳардан ташқарида тушиб қолганди. У ўлгудек қўрқиб кетган ва вақтдан ютмоқчи бўлаётганди.
– Йўқ, Фрэнк, бундай қила олмайман, – зўрға гапирарди Стинер. – Шусиз ҳам жуда ёмон аҳволдаман. Молленхауэрнинг котиби Уилмингтонда бизни кутиб олиш ва мени айнан шу ишни қилмасликка огоҳлантириш учун келган экан. Улар қанча пул тарқатганимни билишади. Ё ўзингиз ёки бошқа кимдир уларга бу ҳақда айтган. Мен Молленхауэрга қарши бора олмайман. Ўзимда бор барча нарсалар учун ундан қарздорман.
– Менга қаранг, Жорж! Ҳозир нима қилсангиз ҳам, партия олдидаги бурчларингизни айтиб сизни йўлдан уришларига йўл қўйманг. Сиз жуда ёмон аҳволдасиз, мен ҳам. Агар ҳозир мен билан ўзингизни қутқариш чорасини кўрмасангиз, сизни ҳеч ким қутқармайди – ҳозир ҳам, кейин ҳам! “Кейин” кеч бўлиши ҳақида сизга гапирмаяпман ҳам. Мен бунга кеча кечқурун, жаноб Батлердан иккаламизга ёрдам сўраб борганимда ишонч ҳосил қилдим. Улар кўнка акцияларимиз билан боғлиқ қизиқишимиздан хабардор ва нима қилиб бўлса ҳам бизни шилиб олишмоқчи – ҳамма гап ана шунда! Бу ўйинда рақиблар бир-бирини ғажиб ташлайди ва иккимиз ўзимизни қутқариш учун ҳимояланишимиз ёки бирга жарликка қулаб кетишимиз керак – сизга айтмоқчи бўлган гапим шу, холос. Сизнинг тақдирингиз Молленхауэрни мана шу фонарчалик ҳам қизиқтирмайди. Уни сиз менга берган пуллар безовта қилмаяпти, балки улардан ким пул қилади ва қанча, деган савол қизиқтиради. Наҳотки тушунмаяпсиз: улар кўнка темир йўлларини қўлга олаётганимизни билиб қолишган ва бу уларга ёқмаяпти. Акцияларимизни тортиб олишлари билан биз улар учун йўқ бўламиз, шуни унутманг! Агар маблағларимиз ҳавога учадиган бўлса, сиз тамом бўлган одамсиз ва мен ҳам: бизга ёрдам бериш учун ҳатто сиёсий нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳам ҳеч ким пинагини бузмайди. Жорж, бу ҳақиқатни тушуниб етишингизни истайман. Молленхауэр сиздан талаб қилаётгани учунгина “йўқ” дейишдан олдин сўзларимни яхшилаб ўйлаб кўринг.
Каупервуд ўз иродасининг кучи билан ғазначини у Каупервудни қутқара оладиган ягона қадамни босишга мажбур қилиш учун (охир-оқибат ғазначига бундан ҳеч бир фойда бўлмаса-да) Стинерга қаттиқ тикилиб қаради. Ҳайратланарлиси, айни пайтда Стинер уни асло қизиқтирмаётганди. Стинер унинг учун кимнинг қўлига тушса, ўша одам хоҳлаганча юрадиган шахматдаги пиёда эди. Ва Молленхауэр, Симпсон ва Батлерларга ўчакишиб, у ҳозир шу пиёдани ушлаб қолмоқчи бўлаётганди. У худди илон қуёнга тикилгандек, Стинерни ўзига бўйсундириш ва қўрқувдан чала ўлик ҳолидаги бу одамда ўзини ўзи қутқариш ҳиссини уйғотишга уриниб, қаттиқ тикилиб турарди.
Бироқ Стинер ўзини бутунлай йўқотиб қўйган ва энди унга ҳеч нарса таъсир қила олмасди. Унинг юзлари кўкариб кетган, қовоқлари шишиб, кўзлари ич-ичига ботиб, қўллари ва лаблари ҳўл бўлиб кетган эди. Худойим, у қандай кунларга қолди-я!
– Чиндан ҳам шундай, Фрэнк! – алам билан хитоб қилди Стинер. – Сиз ҳақсиз, биламан. Бироқ сизга бу пулни берсам, қандай аҳволда қолишимни ўйлаб кўринг. Ахир улар мени тириклайин еб қўйишади! Ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг. Батлер билан учрашмаганингизда эди! Аввал мен билан гаплашишингиз керак эди!..
– Қаерлардадир ўрдак отиб юрган бўлсангиз, сиз билан қандай гаплашаман, Жорж! Сиз билан боғланиш учун ҳамма ёққа телеграмма юбордим! Нима қилишим керак эди? Ҳаракат қилишга мажбур эдим. Бундан ташқари, Батлер мен билан дўстона муносабатда бўлади деб ўйлагандим. Ҳозир Батлерга мурожаат қилганим учун мени айблаб ўтиришнинг мавриди эмас: шароитдан чиқиб кетиш керак. Иккаламиз ҳам ёмон вазиятга тушиб қолдик. Гап бу шароитдан чиқиб кета оламизми-йўқми, шу ҳақда кетяпти. Биз, бошқалар эмас, шуни тушуняпсизми? Батлер мен сўраган нарсани: Молленхауэр ва Симпсонларни қимматбаҳо қоғозларнинг курсини ушлаб туришга кўндиришни ё хоҳламади, ёки қўлидан келмади. Улар ҳозир айни тескарисини қилишяпти. Ахир улар ўз ўйинларини ўйнашяпти ва мақсадлари – бизни шилиб олиш. Наҳотки шуни тушунмаяпсиз? Улар йиққан-терганларимизнинг барини тортиб олишмоқчи. Жорж, ўзимизни ўзимиз қутқаришимиз керак, мана, олдингизга нега келганман! Агар менга уч юз эллик, жуда бўлмаганда, уч юз минг доллар бермасангиз, иккаламиз ҳам тамом бўламиз. Ва, Жорж, юридик жиҳатдан сизга оғирроқ бўлади, чунки менинг ҳеч қандай жавобгарлигим йўқ! Бироқ гап бунда эмас. Мен ўзимни ҳам, сизни ҳам қутқармоқчиман, улар нималар дейишмасин, бизга қарши нималар қилишмасин, бизни бир умрга пул муаммосидан қутқарадиган нарсани биламан. Ва иккаламизнинг фойдамиз учун бундан фойдаланиш сизнинг қўлингизда. Наҳотки ўзингиз тушунмаяпсиз? Мен ўз бизнесимни қутқармоқчиман, ана шунда сизнинг номингизни ҳам, пулларингизни ҳам қутқариб қоламиз.
Каупервуд, ниҳоят Стинерни кўндира олдим деган умидда жим бўлди, бироқ Стинер аввалгидек иккиланиб турарди.
– Нима ҳам қила оламан, Фрэнк?.. – заифгина овозда эътироз қилди у. – Мен Молленхауэрга қарши бора олмайман. Агар сиз сўраётган нарсани қиладиган бўлсам, улар мени судга беришади. Улар шундай қила олишади. Йўқ, Фрэнк! Мен у қадар кучли эмасман. Агар улар ҳеч нарса билишмаганда эди, бу гапларни уларга айтмаганингизда эди, балки унда бошқача бўларди, бироқ ҳозир…
Стинер бошини тебратди, унинг кулранг кўзларида чексиз изтироб бор эди.
– Жорж, – дея гап бошлади Каупервуд, рад этиб бўлмайдиган далиллар билангина нимагадир эришиши мумкинлигини тушунган ҳолда, – қилган ишим ҳақида бошқа гаплашмаймиз. Мен нима қилиш керак бўлса, шуни қилдим. Сиз аллақачон хотиржамлигингизни йўқотдингиз ва тўғрилаб бўлмайдиган хатога қўл уришга тайёр турибсиз. Аммо бунга йўл қўя олмайман. Мен шаҳар ғазнасининг беш юз минг долларини сизнинг манфаатингиз учун шу ишга тикдим – ўз манфаатим учунлиги қисман ҳақиқат, аммо сизники…
Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри келмасди.
– …Ва мана шундай дамда иккиланяпсиз, ўз манфаатингизни ҳимоя қилиш керакми-йўқми, буни билмайсиз. Сизни тушунишдан бош тортаман! Ахир бу инқироз, Жорж! Акциялар ҳар қанақасига тушиб кетяпти, таҳдид остида қолган фақат биз эмасмиз. Биржада ёнғин туфайли ваҳима авжида ва ўзини ҳимоя қилиш учун нимадир қилмаган одамнинг бу вазиятдан соғ чиқиши даргумон. Сиз Молленхауэрнинг олдида ғазначилик лавозими учун қарздорман деяпсиз ва у нимадир қилишидан чўчияпсиз. Ўзингиз ва мен тушган вазиятни яхшилаб ўйлаб кўринг ва агар банкрот бўлмасам, у сизга ҳеч нима қилолмаслигини тушуниб оласиз. Бироқ ўзимни банкрот деб эълон қилсам, сизга нима бўлади? Сизни суддан ким қутқариб қолади? Молленхауэр ёки бошқаси югуриб келиб, ғазнага сиз учун ярим миллион доллар қўйишини тасаввур қила оласизми? У бундай қилмайди. Агар Молленхауэр ва бошқалар сизнинг манфаатингиз билан ҳисоблашса, нега бугун мени биржада қўллабқувватлашмади? Негалигини биламан. Улар бизнинг кўнка темир йўллари акцияларимизга кўз олайтиришяпти, ундан кейин сизни қамоққа ташлайдими-йўқми, буниси уларни қизиқтирмайди. Ақлингизни ишлатинг ва менга қулоқ тутинг. Мен доим сизга содиқ бўлганман, буни инкор этолмайсиз. Мен орқали пул ишладингиз, яна мўмайгина пул! Яхшилаб ўйлаб кўринг, Жорж, ғазнага боринг ва қандайдир қарор қабул қилишдан аввал менга уч минг долларга чек ёзиб беринг. Бу ишни бажариб бўлгунча бирор кимса билан учрашманг, гаплашманг ҳам. Қўй ўғриси ҳам, қўзи ўғриси ҳам барибир ўғри. Менга бу чекни ёзиб беришингизни ҳеч ким тақиқлай олмайди. Пуллар қўлимда бўлиши билан бу балодан қутуламан ва бир ҳафта, узоғи билан икки ҳафтада уларни сизга тўлиқ қайтараман – унгача ваҳима ҳам, шубҳасиз, босилади. Бу пуллар ғазнага қайтарилгач, нариги беш юз минг ҳақида ҳам келишиб оламиз. Уч ойдан кейин, балки, ундан аввалроқ ҳамдир, шундай иш қиламанки, сиз дефицитни ёпишга қодир бўласиз. Аслида, буни икки ҳафтада қила оламан, фақат оёққа туриб олай! Менга бор-йўғи вақт керак, холос. Сармоянгизни йўқотмайсиз ва агар пулларни қайтарсангиз, ҳеч ким сизга ташвиш туғдирмайди. Улар ҳеч қачон ошкора жанжал қилишмайди. Хўш, нима қилмоқчисиз, Жорж? Худди сизни бунга мажбурлай олмаганимдек, Молленхауэр ҳам менга чек ёзиб беришингизга монелик қила олмайди. Тақдирингиз ўз қўлингизда. Айтинг, бу ёғига нима қилмоқчисиз?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.