Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 23

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 23 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бу операциялардан баъзилари шундай бажарилганки, облигацияларнинг йирик партиялари улар ҳали чиқмасдан буруноқ гаровга қўйилган, қарз бераётган одамга эса канцеляриядан ғазначининг шунча облигация сонига ордер ёзилган ва расмийлаштирилган, деган тасдиқномаси берилган. Бундай йўллардан, афтидан, анча йиллардан бери фойдаланиб келинган ва бу ишлар шаҳар ғазначисининг иштирокисиз қилиш мумкин бўлмаганини ҳисобга олиб, тахмин қилиш мумкинки, ғазначи билан жаноб Каупервуд ўртасида шаҳар маблағидан шахсий қизиқишлари учун ноқонуний фойдаланиш тўғрисида жиноий келишув бўлган.

Бундан ташқари, шаҳар юқорида айтиб ўтилган гаров операциялари учун оз бўлмаган фоизлар тўлаб келган, бу йўллар билан олинган пуллар эса ғазначи таклиф қилган биржа маклерининг қўлида қолган ва шундан келиб чиқиб, шаҳарга ҳеч қандай фойда келтирмаган. Қисқа муддатли мажбуриятлар бўйича тўловлар вақтинча тўхтатилган, шаҳар кассасида бўлиши керак бўлган пулларга эса жаноб Каупервуд паст нархда бу мажбуриятларнинг йирик партияларини сотиб олган. Натижада шаҳар заёми облигацияларининг қонуний эгалари ўзларига тегишли улушни ололмаган, шаҳар ғазначилиги эса беш юз минг доллардан ортиқ бўлган камомаддан ҳам ортиқроқ зарар кўрган. Айни пайтда шаҳар ғазначисининг ҳисоботини бухгалтер-экспертлар текширмоқда ва бир неча кундан кейин бу операциялар қандай ўтказилгани маълум бўлади. Умид қиламизки, бу ишнинг халқ орасида ошкор қилиниши бундай қораланадиган иш услубларига нуқта қўяди”.

Ҳисоботга жиноят кодексининг жамоатчилик ишончини суиистеъмол қилиш тўғрисидаги тегишли бандлари нусхаси ҳам қўшилганди. Шундан сўнг агар солиқ тўловчилардан ҳеч ким бу жиноятда иштирок этган шахсларга нисбатан суд иши қўзғашни истамайдиган бўлса, у ҳолда комиссия бундай ҳаракатлар ваколатига кирмаса-да, бу ишни ўз зиммасига олиши тўғрисида гапирилганди.

Ҳисобот тезлик билан газетага юборилди. Каупервуд ва Республикачилар партиясининг бошлиқлари ҳамма нарсага тайёр туришган бўлса-да, бу воқеа улар учун катта зарба бўлди. Стинер қўрқувдан ўзини бутунлай йўқотиб қўйганди. Газетада “Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциациясининг мажлиси” деб аталган сарлавҳани кўриши билан уни совуқ тер босиб кетди.

Барча газеталар шаҳарнинг сиёсий ва молиявий корчалонлари билан шунчалик яқин алоқада бўлганларидан, очиқчасига шарҳ беришга юраклари дов бермаганди. Газеталарнинг муҳаррир ва ноширлари барча тафсилотлар билан таниш эдилар, бироқ Молленхауэр, Симпсон ва Батлерлардан бу ҳақда катта шовқин кўтармаслик тўғрисида буйруқ бўлди. Бу воқеа гўё шаҳарнинг ишларига ёмон таъсир кўрсатармиш, савдога зарар етказармиш ва ҳоказо… Филадельфиянинг номига доғ тушириш керак эмас. Хуллас, ўша ҳикоя такрорланаётганди!

Биринчи ўринда, албатта, савол пайдо бўлганди: асосий гуноҳкор ким – шаҳар ғазначисими, биржа маклерими, эҳтимол, уларнинг икковидир? Ҳақиқатан олганда ғазначиликдан қанча пул йўқолган? Улар қаерга кетган? Фрэнк Алжернон Каупервуд ким ўзи? У нега қамалмади? У қандай қилиб шаҳарнинг молия ташкилотларига раҳбарлик қилувчи одамларнинг ишончига шу даражада кира олган? Ўша пайтларда ҳали алоҳида шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятларини қўрқмай шарҳлайдиган “сариқ матбуот” даври келмаган бўлса-да, маҳаллий газеталар, ҳатто сиёсий ва молиявий магнатларга оёқ-қўллари билан боғланганлари ҳам бу ишга сукут сақлай олмадилар.

Кўп мақолалар чоп этила бошлади. Улар тантанали ва жуда босиқлик билан биргина одам катта шаҳарга ва обрўли сиёсий партияга қандай шармандалик келтириши мумкинлиги ҳақида ёзишарди. Ана шу пайтда Молленхауэр, Батлер ва Симпсонлар “ҳар эҳтимолга қарши” тузган режа – ҳамма айбни Каупервудга тўнкаб, шу йўл билан вақтинча бўлса-да, Республикачилар партиясини айбдан озод қилиб туриш ишга солинди. Ҳамма газеталар ва ҳатто Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциациясининг бош айбдор (агар бир ўзи бўлмаса) Каупервуд эканини айтишга тайёр турганини кўриш кулгили эди. Тўғри, Стинер унга ссуда берибди, бунинг устига, шаҳар заёмларини сотишни унинг қўлига ишониб топширибди, бироқ негадир, (негалиги номаълум) Каупервуд ғазначининг ишончидан безбетларча фойдаланибди.

Шу айбловдан сўнг Каупервуднинг амортизация фондида бўлмаган облигациялар учун олтмиш минг долларга чек олгани тўғрисидаги тушунарсиз киноялар айтиларди; уларни тўлиқ тасдиқлашга ҳеч кимнинг юраги дов бермади, чунки газеталар ҳам, текширувни олиб борган комиссия ҳам штатнинг қонунлари туҳмат учун қаттиқ жазо беришини яхши билишарди.

Керак бўлган пайтга муниципалитет матбуотга жуда яхши тайёрланган хат ёзишмаларини топширди. Хатларнинг бирида шаҳар мэри Жейкоб Борчардт жаноб Жорж Стинердан унинг ўзини ғалати тутишини тезда тушунтириб беришини талаб қиларди. Бошқа хат эса жаноб Стинернинг жаноб Борчардтга жавоби эди. Республикачилар партияси раҳнамолари бу хатлар партиянинг ўзини ҳар хил ғаразли шахслардан тозалашга бўлган ҳаракатининг исботи бўлиб хизмат қилади ҳамда ишни сайловлар тугагунча чўзиб туради, деб ҳисоблашаётганди.

ФИЛАДЕЛЬФИЯ ШАҲАР МЭРИНИНГ КАНЦЕЛЯРИЯСИ

18 октябрь, 1871 йил

Шаҳар ғазначиси жаноб Жорж Стинерга

Муҳтарам жаноб!

Бизга шаҳар ғазначилиги номидан ва, албатта, шаҳар мэрининг рухсати билан Сиз томонингиздан сотиш учун чиқарилган шаҳар заёми облигацияларининг маълум бир пакети назоратингиздан чиқиб кетгани, ушбу кўрсатилган облигациялар сотилишидан тушган пуллар шаҳар ғазначилигига келиб тушмагани тўғрисида маълумот берилди.

Яна бизга маълум бўлишича, шаҳарга тегишли маблағнинг йирик суммаси контораси Учинчи кўчада бўлган бир ёки бир нечта биржа маклерлари ёки банкирларнинг қўлига келиб тушган ва бу биржа маклерлари ёки банкирлар жуда қийин молиявий аҳволда бўлишиб, натижада шаҳар маблағига катта зарар етган.

Шунинг учун мен, шаҳар мэри, агар бу маълумотлар чиндан ҳам рост бўладиган бўлса, ўзимга топширилган вазифа ва бурчимни ўташ учун вақтида чора кўриш мақсадида, Сиздан кечиктирмай бу маълумотлар ҳақиқатми ёки йўқлиги ҳақида хабар беришингизни сўрайман.

Сизга ҳурмат билан Филадельфия мэри Жейкоб Борчардт.

ФИЛАДЕЛЬФИЯ ШАҲАР ҒАЗНАЧИЛИГИ КАНЦЕЛЯРИЯСИ

19 октябрь, 1871 йил

Ҳурматли Жейкоб Борчардтга!

Муҳтарам жаноб!

Буни ёзиш билан шу ойнинг 18-санасида ёзган хатингизни олганимни маълум қиламан ва айни пайтда Сиз сўраган маълумотларни бера олмаслигимдан қаттиқ афсусдалигимни билдираман. Бахтга қарши, шаҳар ғазначилиги чиндан ҳам бир неча йил давомида шаҳар заёмининг сотилиши билан шуғулланган ўша биржа маклерининг ўз бурчларини бузганидан келиб чиқиб, қийин аҳволга тушиб қолганини тасдиқлашга мажбурман. Яна шу нарсани Сизга маълум қиламанки, бу ҳолат содир бўлгандан бери шаҳарга хавф солаётган йўқотишларнинг олдини олиш ёки жуда бўлмаганда камайтириш учун қўлимдан келган ишни қиляпман.

Сизга чуқур эҳтиром билан Жорж Стинер.

ФИЛАДЕЛЬФИЯ ШАҲАР МЭРИНИНГ КАНЦЕЛЯРИЯСИ

21 октябрь, 1871 йил

Шаҳар ғазначиси Жаноб Жорж Стинерга!

Муҳтарам жаноб!

Юзага келган шароитлар сабаб Сизга ҳали тарқатилмаган шаҳар заёмини чиқаришга рухсат берилган, лекин ҳали чиқарилмаган облигациялар бўйича мурожаатларни бизнинг канцелярияга юбориш сўралади.

Ҳурмат билан Филадельфия шаҳар мэри Жейкоб Борчардт.

Жаноб Жейкоб Борчардт имзо қўйган бу хатларни унинг ўзи ёзганмиди? Йўқ, ёзмаганди. Уларни Энбер Сэнгстек жаноб Молленхауэрнинг идорасида ёзиб чиққан ва жаноб Молленхауэр улар билан танишиб: “Тўғриси, шунда яхши бўлади, ҳатто жуда яхши бўлади”, деб қўйганди.

Филадельфия шаҳрининг ғазначиси жаноб Стинер хатга ўзининг дипломатик жавобини ёзганмиди? Йўқ, ёзмаганди. Жаноб Стинер жуда тушкун аҳволда эди ва ҳатто бир куни ванна қабул қилаётиб йиғлаб юборганди. Бу жавоб хатини ҳам Энбер Сэнгстек ёзган ва қўл қўйиш учун жаноб Стинерга берганди. Жаноб Молленхауэр эса хат жўнатилишидан олдин кўриб чиқиб, “Яхши ёзилибди”, – деб қўйди. Ҳозир шундай пайт эдики, ҳамма каламуш ва сичқонлар ин-инларига яшириниб олишган, чунки қоронғиликдан уларга кўзлари ёниб турган мушук – жамоат фикри – қараб турарди. Фақат энг қўрқмас ва донишманд каламушларгина ҳаракат қила олишаётганди. Бу давр мобайнида жаноб Молленхауэр, Батлер ва Симпсонлар бир неча кундан бери округ прокурори жаноб Петти билан Каупервудни расман қоралаб, Стинер сувдан қуруқ чиқишига имкон туғдириш йўллари ҳақида маслаҳат қилишаётганди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, жаноб Батлер Каупервудни судга тортишни талаб қилаётганди. Петти Стинерни оқлашнинг иложи йўқлигини, чунки Каупервуднинг бухгалтерия китоблари Стинер учун кўнка темир йўллари акцияларини сотиб олиш тўғрисидаги ёзувлар билан тўлалигини таъкидлаётганди. Каупервуд масаласида эса… “Менга ўйлагани беринглар!” – деётганди у.

Шундан сўнг улар Каупервудни қамаш керак эмасми ва агар керак бўлса, суд қилиш керак эмасми, деган масалани муҳокама қилишди, чунки қамалишининг ўзи унинг халқ олдида айбдорлиги ва йўл-йўлакай шаҳар ўз-ўзини бошқаруви нафратининг исботи бўлади ва шу йўл билан сайловлар тугагунча айни шароитда Республикачилар партияси ўйнаган шубҳали ролдан одамларнинг диққатини чалғитиб туради.

Бўлиб ўтган суҳбатлар натижасида 1871 йил 26 октябрь куни кечқурун Молленхауэр шаҳар советининг вакили бўлган Эдвард Стробикни шаҳар ғазначисининг таклифи билан заёмларни сотиш учун чақирилган Фрэнк Каупервуд камомад қилишда ва бировларнинг маблағини ўзлаштириб олишда айбланади, деган расмий ариза билан шаҳар мэрининг олдига юборишди. Айни пайтда шундай айб Жорж Стинерга ҳам қўйилгани ҳеч қандай аҳамият касб этмади. Ҳамма нарсага балогардон қилиб Каупервуд танланганди.

34

Ўша пайтдаги Каупервуд билан Стинер орасида юзага келган катта тафовут бу ҳақда тўхталиб ўтишга арзийди. Стинернинг юзи қорайиб, лаблари кўкариб кетганди. Қамоққа тушиш эҳтимоли, буни отаонаси, хотини, болалари, ҳамкасб ва дўстлари қандай қабул қилиши ҳақидаги қайғули фикрларга қарамай, Каупервуд хотиржам кўринар, бу унинг иродаси жуда кучлилигидан дарак берарди. Шу мусибатли давр мобайнида у бир сонияга бўлса-да, онгининг тиниқлиги ва мардонаворлигини йўқотмади. Одамни қийнайдиган ва кўп ҳолларда унинг ўлимига сабаб бўладиган виждон азоби Каупервудни ҳеч қачон қийнамаганди. Унинг учун гуноҳ деган тушунча йўқ эди. Унинг нуқтаи назарига кўра ҳаётнинг фақат икки томони: куч ва ожизлик бор эди. Адолат ва ноҳақлик-чи? Бундай фарқ унинг учун нотаниш эди. Тасаввурида бу нарсаларнинг бари ўзи ўйлаб кўришни хоҳламайдиган метафизик мавҳумлик ҳисобланарди. Яхшиликми, ёмонлик-чи? Бу – поплар пул ишлаш учун ўйлаб чиқарган бўлмағур нарсалар. Жамиятнинг яхши муносабатда бўлиши ёки, аксинча, унинг тескариси бўлган қувғин – бахтсизликка учраган инсоннинг кўпинча қувғин қилиниши нимани англатади? Ахир у ёки ота-онасида юқори доираларга кириш имкони бормиди? Йўқ! Демак, бу мусибатли кунлар ўтиб кетгандан кейин жамиятнинг уни яна қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас-ку! Ахлоқ ёки ахлоқсизлик! Бўлмаган гаплар. Куч ва заифлик – мана бу бошқа гап. Агар инсон кучли бўлса, у доим ўзини ҳимоя қилиши ва бошқаларни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила олиши мумкин. Агар кучсиз, заиф бўлса у орқага югуриши, жанг майдонидан қочиши керак.

Каупервуд кучли эди, буни ўзи ҳам биларди ва бир куни омади келишига ишончи комил эди. Гўё кимнингдир қўли (кимникилигини Фрэнк аниқ айта олмасди ва бу нарса уни метафизикада қизиқтирадиган ягона нарса эди) ҳар ерда ва ҳамма нарсада унга ёрдам берар, охирги дақиқада бўлса ҳам, ҳамма ишларини жой-жойига қўярди. Бу эса унинг олдида ажойиб имкониятларни очарди. Нега у шу қадар зийрак қилиб яратилган? Нега молия ишларида ҳам, шахсий ҳаётда ҳам шу қадар омади келди? У бунинг учун ҳеч нарса қилмаган, ҳеч қандай хизмат кўрсатмаган. Бу тасодифми?.. Унда руҳини ҳеч қачон тарк этмайдиган ўзига ишонч ҳисси, тўсатдан бир неча бор ҳаракатга туртки берган “ғойибона ички сезгиси”ни қандай тушуниш мумкин? Ҳаёт – очилмаган сирлардан иборат, бироқ нима бўлганда ҳам, у таркиб топган қисмлар куч ва ожизликдир. Куч ғалаба қилади, ожизлик ютқизади. Энди Каупервуд фақат ўзининг зийраклигига, ҳисоб-китобларининг аниқлигига, тўғри фикрлашига суяниши мумкин эди, холос. Чиндан ҳам ҳаракатчан, олифта ва чиройли кийинган, мўйловлари буралган, эгнига яхшилаб дазмолланган костюм кийган, соқоли тоза қиртишланган юзи соғлом қизариб турган Каупервуд битмас-туганмас куч ва жасоратнинг тимсоли бўлса арзирди.

У Скелтон Уитнинг олдига ўзи бориб, бу ҳодиса юзасидан у ўзигача бўлган кўплар каби ҳаракат қилганини айтиб, ўзининг қарашларини тушунтирмоқчи бўлди. Уит унинг гапларини ишонқирамайгина эшитди У, масалан, олтмиш минг долларга сотиб олинган облигацияларнинг нега амортизация фондида йўқлигини тушунмади. Каупервуднинг бу одат тусига кирган нарсалар эканигини баҳона қилиши унга таъсир қилмади. Тўғри, жаноб Уит сиёсат дунёсидаги бошқа одамлар Каупервуддан кам бойишмаганини тан олди ва йигитга уларни айблаб чиқишни таклиф қилди, бироқ Каупервуд ўйлаб ҳам ўтирмай, бу таклифни дарров рад қилди.

– Мен чақимчи эмасман, – жаноб Уитга тикка қараб деди у. Жаноб Уит эса бу гапга истеҳзо билан жилмайиб қўйди.

Жаноб Батлер бўлажак сайловлардан ҳадиксираётганига қарамай, ғалаба қилаётганди, чунки “ўша аблаҳ” тўрга тушган ва ундан тез кунда озод бўла олмасди. Республикачилар партияси ғалаба қилган тақдирда Дэвид Петтининг ўрнига округ прокурорлигига Батлернинг одами бўлган, унга бир неча марта юридик масалаларда маслаҳат берган ёш ирландиялик Деннис Шеннонни қўйиш режаланаётганди. Бошқа икки раҳнамо ҳам бу номзодга бажонидил рози бўлишди.

Бу Шеннон деганлари бўйи беш футу ўн дюйм, гавдаси спортчиларга хос келишган, сочлари оч рангда, кўзлари кўк йигит бўлиб, ақлли, жуда кучли юрист ва нотиқ эди. У ўзини Республикачилар партиясининг юқори ўринларига номзодлар рўйхатига қўшиб қўйган кекса Батлернинг яхши муносабатидан жуда фахрланар ва сайланиб қолган тақдирда кучи борича унинг айтганларини бажаришга ваъда берганди.

Бироқ Республикачилар партиясининг раҳнамолари учун асал идиши ичида бир қошиқ заҳар ҳам бор эди – Каупервуд қамалган тақдирда Стинерни ҳам шу қисмат кутаётганди. Шаҳар ғазначисини қутқариб қолиш мумкин бўлган ҳеч қандай йўлни топа олишмаётганди. Агар Каупервуд ёлғон йўли билан олтмиш минг долларни ўзлаштириб олган бўлса, унда Стинер беш юз минг долларни ўзлаштирган бўлиб чиқади. Бу беш йил қамоқ муддатини англатади. Стинер анъаналар бўйича ҳаракат қилганини исботлаб, айбини рад этиши, айбдорлигини тан олишдан қочиши мумкин, бироқ бу ҳам уни қутқара олмасди. Бирорта ҳам ҳакамлар ҳайъати яққол кўриниб турган фактларга қарши бора олмайди. Каупервуд масаласида эса жамоатнинг фикрига қарамай, ҳали айблов ҳукми чиқариладими-йўқми, номаълум эди. Бироқ Стинерга келсак, унинг айбланишига шубҳа йўқ эди.

Шу ўринда Каупервуд билан Стинерга расмий айблов эълон қилинганидан сўнг нималар бўлганини қисқача айтиб ўтиш лозим. Каупервуднинг юридик маслаҳатчиси Стежер жиноятни очиш бўйича ҳаракатлар бошланганини билиб қолибди. У мижозини ҳибсга олиш ҳақидаги буйруқни кутиб ўтирмай, ўзи суд органларига боришни ва шу билан агар уни олиб кетишга полиция келадиган бўлса, кўтариладиган шов-шувларнинг олдини олишини маслаҳат берди. Шаҳар мэри Каупервудни қамоққа олиш учун ордерга қўл қўйгач, Каупервуд Стежернинг кўрсатмаларига амал қилиб, у билан бирга жаноб Борчардтнинг олдига келди ва Марказий полиция бошқармасига ўзи боришини тасдиқлаш учун йигирма минг доллар (уни кафилликка олган одам Жирард миллий банкининг президенти жаноб Дэвисон эди) гаров пули тўлади. Шаҳар манфаатини ҳимоя қилиш учун шаҳар кенгаши раиси Стробик адвокат Марк Олдслоуни таклиф қилди. Мэр Каупервудга жуда қизиқиш билан қаради, чунки Филадельфиянинг сиёсий дунёсида янги шахс бўлган бу одам Каупервудни илгари билмасди. Каупервуд ҳам мэрга ҳурмат билан қараб қўйди.

– Бинойидек комедия, сэр, – хотиржам товушда деди Каупервуд ва Борчардт ҳам жилмайганча, шахсан ўзи бу воқеаларга шундай қийин пайтларда бўладиган расмий нарсалар деб қарашини айтди.

– Ахир ўзингиз ҳам бунақа нарсаларни яхши тушунасиз-ку, жаноб Каупервуд, – деди у гапини тугатиб.

– Ҳа, албатта, тушунаман! – кулимсираб деди Каупервуд.

Шундан сўнг марказий судда унча жиддийлик билан ўтмаган бир нечта дастлабки тергов бўлди, Каупервуд унга айблов актини топширишганда ўзини гуноҳкор деб ҳисобламаслигини билдирди. Шу ернинг ўзида Каупервуднинг иши биринчи марта ноябрь ойида кўрилиши белгиланди ва Петти тузган айбноманинг мураккаблигини ҳисобга олиб, Каупервуд ишни судга узатиш масаласини ҳал қилувчи маслаҳатчилар олдида ҳозир бўлишни лозим кўрди. Бу ишларни жуда тантанали тарзда кўрсатмоқчи бўлаётган янги сайланган округ прокурори Шенноннинг қистови остида маслаҳатчилар иш бешинчи декабрь куни квартал сессиясининг Биринчи бўлими, яъни шу турдаги жиноят ишларини кўрувчи Пенсильвания судининг маҳаллий бўлими судьяси Пейдерсон раислиги остида кўриб чиқилишига қарор қилишди. Кутилганидек, Каупервуд устидан белгиланган суд мажлиси тантанали тарздаги кузги сайловлардан кейин ўтказилди.

Молленхауэр ва Симпсонларнинг сайловчи шахсига нисбатан куч ишлатиш ва бюллетенларни сохталаштиришдан ҳам ҳазар қилмаган жуда айёрона найранглари сабаб сайловлар Республикачилар партиясига, унинг издошлари ўтган сафардагидан камроқ овоз олишган бўлса-да, янги ғалаба келтирди. Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциацияси сайловларда ютқизганига қарамай (бу рақибларининг қаллоблик усулларидан фойдалангани билан изоҳланди), ўзи асосий жиноятчи деб ҳисоблаган томонга қарши курашини давом эттираверди.

Бутун шу пайт давомида Эйлин Батлер ўзининг кучли табиатига хос диққат ва эҳтирос билан Каупервуд ишининг кутилмаган хулосаларини манаман деган газета мақолаларидан, шаҳарда оралаган миш-мишлар ёрдамида кузатиб борарди. Ҳиссиётлар аралашган жойда Эйлин фикрлашга ожиз қоларди: у Фрэнк билан тез-тез кўришиб турар ва йигит унга кўп нарсаларни, албатта, эҳтиёткорликни унутмаган ҳолда айтиб берарди. Шунинг учун газетадаги шов-шувлар ва уйида, дастурхон атрофида ҳамда бегоналар йигитни қанчалик ёмон тасвирлаганларига қарамай, у Каупервуднинг умуман бунақа эмаслигига ишончи комил эди. Филадельфиянинг “Паблик лежер” газетасида Каупервудни расман тамагирликда айблашганидан сўнг чиққан ва Эйлин қирқиб олиб қўйган бир мақолагина қизни бироз овутиб, ўзига келтирди. Эйлин мақолани кўксига яшириб қўйди, чунки бу мисралар негадир ўзи севадиган Фрэнк у қадар жиноятчи эмаслиги ва унга бўҳтон қилишаётганининг исботидек туюлаётганди. Бу мақола эса аслида Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциацияси босиб чиқарадиган кўплаб манифестларидан бирининг қисқартирилган варианти эди. У ерда мана бундай деб ёзилган эди:

“Бу иш, афтидан, кутилганидан анча жиддийга ўхшайди. Беш юз минг доллар камомад шаҳар заёми облигацияларининг сотилиши ва бу ҳақдаги маълум ҳисоботнинг йўқлиги сабаб эмас, балки шаҳар ғазначисининг ўз биржа маклерига берган ссудаси натижасида юзага келган. Бундан ташқари, қўмита биржа маклери томонидан сотилган шаҳар заёми облигацияларининг ҳар ойлик ҳисоботи ўтган ойнинг энг паст курси бўйича олиб борилгани, бу курс билан облигациялар чиндан ҳам сотилган курс ўртасидаги фарқни шаҳар ғазначиси ва биржа маклери ўзаро бўлиб олгани тўғрисида ишончли маълумотларга ҳам эга. Бундан келиб чиқадики, курсни туширишга эришиш учун вақти-вақти билан бозорга босим ўтказиб туриш уларнинг икковига ҳам керак эди. Шунга қарамай, қўмита биржа маклери жаноб Каупервудга қарши қўзғатилган суд ишини фақатгина жамоатнинг диққатини ҳақиқий айбдорлардан чалғитиш ва шу билан ишни ўзлари учун қулай ҳолда битириш мақсадида уларга имконият яратишга уриниш, деб баҳоламоқда”.

“Мана! – мақолани ўқигач, ўзига ўзи деди Эйлин. – Энди ҳаммаси тушунарли!” Бу сиёсатчилар, шу жумладан, унинг отаси ҳам (ўзи билан суҳбатдан сўнг қиз буни тушунганди) ўз жиноятлари учун бутун айбни Фрэнкка тўнкашмоқчи. Франк асло тасвирлашаётганидек даҳшатли одам эмас. Ассоциациянинг ҳисоботида буни очиқ айтиб қўйишибди. Эйлин “…жамоатнинг фикрини ҳақиқий айбдорлардан чалғитишга уриниш…” деган сўзлардан ҳузурланаётганди. Ахир улар бирга гоҳ бир ерда, гоҳ бошқа ерда, асосан Олтинчи кўчадаги уйда бирга ўтказган бахтли дақиқаларида Фрэнк унга худди шуларни айтмаганмиди? Фрэнк унинг қалин сочларини силаб эркаларкан, бу воқеаларнинг ҳаммаси бутун айбни унга тўнкаш ва бу билан партияни ва қисман Стинерни ҳимоя қилиш учун сиёсий корчалонлар томонидан уюштирилганини айтарди. Каупервуд, албатта, бу шароитдан чиқиб кетади, бироқ Эйлин тилига эҳтиёт бўлиши керак. У жаноб Стинер билан узоқ вақт давомида иш ва иккаласи учун фойдали бўлган масалалар юзасидан муносабатда бўлганини рад қилмаган ва қизга уларнинг моҳиятини тушунтириб берганди. Эйлин ҳаммасини тушунган, ҳар ҳолда тушундим, деб ўйлаганди. Хуллас, Фрэнк нима қилиб бўлса ҳам қизни ўзининг айбдор эмаслигига ишонтира олган ва қиз учун шунинг ўзи етарли эди.

Катта ва кичик Каупервудларнинг улар гуллаб-яшнаган пайтда қўшиб қурилган ва энди умумий фалокат пайтида бир-бири билан ғамзода боғланган уйларига келсак, у ерда ҳаёт тўхтаб қолгандек эди. Бу ердаги ҳаётнинг манбаи Фрэнк Алжернон эди. У отасига куч-қувват бериб турар, укаларини йўлга солар, болалари ва хотинининг умиди, таянчи, Каупервудлар хонадонининг суянчиғи, ғурури эди. У ҳамма учун омад, куч, интилишлар, бахт ва ғурурнинг тимсоли эди. Бироқ энди унинг чарақлаб турган юлдузи хиралашиб қолган ва, афтидан, интиҳо қутбига ботиш арафасида эди.

Ўшанда эрталаб келган машъум хат одатдаги ҳаётини худди бомба каби бутунлай ўзгартириб юборган Лилиан Каупервуд ярим жонсиз ҳолатда юрарди. Мана, бир неча ҳафтаки, ўз вазифаларини илгаригидек бажариб юрар экан (ҳар ҳолда ташқаридан шундай кўринарди), Лилиан жуда азобда эди. У жуда ҳам бахтсиз эди. У қирқдан ошган ва бу пайтга келиб, ҳаёти аслида мустаҳкам асосга ўрнатилган бўлиши керак эди, энди эса кимнингдир кучли қўллари уни яшаб турган ва гуллаб яшнаган тупроғидан юлиб олиб, ғам ва камситишлар остида сўлиб қолиши учун ирғитиб ташламоқда.

Катта Каупервуднинг ишлари ҳам тезлик билан ортга қараб кетаётган эди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг ўғлига ишончи чексиз эди, бироқ у Фрэнкнинг қаердадир катта хато қилгани ва энди шунинг бадалини тўлаётганини тушуниб турарди. Қария, албатта, Фрэнк бизга маълум йўллар билан ўзини қутқаришга ҳақли деб ҳисоблар, бироқ ўғли маълум бир шароитлар қопқонига тушиб қолган, деган ўйдан жуда азобланиб кетаётганди. Фрэнк, отасининг назарида, жуда кам учрайдиган ақлли одамлар сирасига кирарди. Агар шаҳар ғазначиси, сиёсатдон корчалонлар билан топишмаганида, у жуда катта ютуқларга эришган бўларди. Кўнка темир йўллари ва чайқовчи сиёсатдонлар уни адо қилишди.

Бутун кун у бурчакдан бу бурчакка юраркан, кекса Каупервуд унинг юлдузи сўниб бораётгани, Фрэнкнинг ҳалокати унинг ҳам ҳалокати эканини, бу шармандаликлар – ўғлининг виждонсиз ҳаракатларда айбланиши унинг ҳам фожиаси эканини борган сари аниқроқ тушунарди. Бир неча ҳафта ичида унинг сочлари оқариб кетди, ранги кетиб, кўзлари киртайиб қолди. Қайтмас бўлиб кетган энг яхши кунларидан эсдалик бўлган бакенбардлари ҳам ўсиб кетганди. Унинг учун ягона овунч Фрэнкнинг Учинчи миллий банк билан бутунлай ҳисоб-китоб қилгани, ундан бир доллар ҳам қарзи қолмагани эди. Шундай бўлса-да, қария банк бошқаруви ўғли шаҳар кассасини талон-торож қилишга ҳисса қўшган ва мана шу иши ҳозир газеталарда шов-шув бўлаётган одамни ўз сафида кўришни истамаслигини билиб турарди. Бунинг устига, Ҳенри Каупервуд қариб қолган, нафақага чиқадиган пайти ҳам келганди.

Бу ишнинг ечими Фрэнк жамоат маблағини ўзлаштиришда айбланиб, қамоққа олинган куни содир бўлди. Фрэнк қарияни Стежернинг бундан қочиб бўлмайди, деган гапи билан огоҳлантириб қўйганди ва у фалокат натижасида ерга кириб кетай деётган бўлса-да, доимгидек, банкка қараб йўл олди. Уйқусиз ўтган тундан кейин у уйдан чиқиш олдидан ишга бориши билан қўлига бериш учун бошқарув раиси Фруэн Кессон номига ўзини нафақага чиқариш ҳақида ариза ёзганди.

Эллик ёшлардаги гавдали, қомати келишган ва ёқимтой эркак бўлган жаноб Кессон қариянинг аризасини кўриб енгил тортди.

– Жаноб Каупервуд, айни пайтда сизга жуда оғирлигини яхши тушунаман, – дўстона оҳангда деди у. – Биз – мен бу гапни бутун бошқарув аъзолари номидан айтишга ҳаққим бор – сизга ҳамдардмиз. Ўғлингиз бу ишга қандай аралашиб қолгани бизга тушунарли. У шаҳар бошқаруви ишларига аралашиб қолган биринчи ва ягона банк ходими эмас. Бу қадимдан қолган тизим. Биз виждонан ишлаган ўттиз беш йиллик меҳнатингизни қадрлаймиз. Агар ҳозирги вақтинчалик қийинчиликларни енгишда сизга ёрдам бера олиш имконимиз бўлганда, бундан жуда мамнун бўлардик. Бироқ ўзингиз банк ходимисиз, бундай имкон йўқлигини жуда яхши тушунасиз. Ҳамма ёқда тўполон бўлиб ётибди. Бўрон бироз босилганини, ҳеч бўлмаса, қачон босилишини билиб бўлса эди…

Банк бошқаруви раиси жим бўлиб қолди, чунки жаноб Каупервуд билан шундай шароитда хайрлашиш банк бошқаруви учун ачинарли ҳолат эканини айтишга ўзини мажбур қила олмади. Яхшиси, жаноб Каупервуднинг ўзи айта қолсин.

Раиснинг нутқи давомида кекса Каупервуд ўзини зўрға ушлаб турди. Катта дастрўмолини олиб бурнини қоқди, кейин креслода қаддини кўтариб, хотиржамлик билан қўлини стол устига қўйди. Бироқ унинг асаблари зўрға дош бериб турарди.

– Буни кўтара олмайман! – бирдан деди қария. – Илтимос, мени ёлғиз қолдиринг!

Олифта ва хушбичим Кессон ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. У ўзи ҳозиргина гаплашган одам қай аҳволда эканини жуда яхши тушуниб турарди.

Унинг ортидан эшик ёпилиши билан кекса Каупервуд бошини қўлларига қўйди ва унинг бутун гавдаси йиғидан титрай бошлади. “Ҳеч қачон шунақа кунларни кўраман деб ўйламагандим!.. – ўзича пичирлади у. – Ҳеч қачон ўйламагандим!”

Шундан сўнг қария қайноқ, шўр кўз ёшларини артиб дераза олдига келди ва кўчага қараганча энди нима қилиш тўғрисида ўйлай бошлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации