Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 41 страниц)
Стинер жар ёқасида турган бўлса-да, ҳали ҳам ўйланиб иккиланаётганди. У ҳаракат қилишдан ҳайиқар, Молленхауэрдан, Каупервуддан, ҳаётдан, ўзидан қўрқаётганди. Унга хавф солаётган ваҳима ҳақидаги хаёллар нафақат унинг мол-мулки, балки жамиятдаги ва сиёсат дунёсидаги ўрни билан ҳам боғлиқ эди. Камдан-кам одамгина молиявий қудрат нима эканини тушунади. Бошқаларнинг бойлиги устидан ҳукмронлик қилиш нима эканини, жамият ҳаётининг манбаи ва алмаштириш воситаси бўлган нарсага эгалик қилиш нима эканини ҳамма ҳам тушунмайди. Бироқ буни тушуниб етган одамлар эса бойликка эга бўлиш учунгина пулга интилишмайди. Одатда одамлар пулга ўзларини маълум ҳаётий қулайликлар билан таъминлаш воситаси деб қарашади, бироқ финансист учун пул фаровонликнинг тақсимланиши устидан назорат воситаси, обрўга, кучга, ҳукмронликка эга бўлиш воситасидир. Стинердан фарқли ўлароқ, Каупервуднинг пулга муносабати ана шундай эди. Шу боис ҳам у доим Каупервудга унинг номидан ҳаракат қилишига йўл қўйиб берган; аммо айни пайтда, Каупервуд унга шароитдан чиқиб кетишнинг ягона йўлини кўрсатиб турганида, Стинер қўрқиб ўтирибди. Унинг фикрлай олиш қобилияти Молленхауэрнинг ғазаби ва ўчи таҳдид солиб турганидан, Каупервуднинг банкротга учраши мумкинлиги ва ўзининг фалокатни мардларча қарши ола билмаслигидан хира тортганди. Каупервуднинг туғма финансистлик истеъдоди ҳам ҳозир унда ишонч уйғота олмасди. Бу банкир жуда ёш ва тажрибасиз, Молленхауэр эса ёши каттароқ ва бойроқ эди. Симпсон ва Батлерлар ҳам шундай эди. Бу одамлар ўз бойликлари билан енгилмас қудрат тимсоли саналарди. Бундан ташқари, Каупервуднинг ўзи унга хатар хавф солаётгани, уни боши берк кўчага киргизиб қўйишганини тан олмадими? Бошқа ҳеч қандай иқрор Стинерни шунчалик қўрқитмаган бўларди, бироқ Каупервуд шундай қилишга мажбур эди, чунки Стинернинг хатар билан юзма-юз келишга юраги дов бермаётганди.
Шунинг учун ҳам экипажда ғазначиликка кетаётган Стинер ранги баттарроқ оқарганча букчайиб ўтирар, фикрини жамлолмаган, ўзининг вазияти ва ундан чиқишнинг ягона йўлини тез ва аниқ кўз олдига келтиришга қурби етмайдиган аҳволда эди. Каупервуд яна бир марта таъсир ўтказишга ҳаракат қилиш учун у билан бирга ғазначиликка кириб борди.
– Хўш, Жорж, – тикка сўради у, – мен жавоб кутяпман. Вақт кутиб турмайди. Биз бир дақиқа ҳам кута олмаймиз. Менга пул беринг ва бирпасда бу шароитдан чиқиб кетаман, бўладими? Яна бир маротаба қайтараман: ҳар бир дақиқа ғанимат. Бу жанобларнинг қўрқитишига эътибор берманг. Улар ўзларининг фойдалари учун ўйин олиб боришяпти – улардан ибрат олинг.
– Фрэнк, бундай қила олмайман, – бўшашган оҳангда ниҳоят жавоб берди Стинер. Молленхауэрнинг қаҳрли ва ҳукмдорона ифодаси акс этган юзини кўз олдига келтириб, у ўзининг келажаги ҳақидаги қўрқувни ҳам унутди. – Ўйлаб кўришим керак. Дарров ҳеч нарса қила олмайман. Сиз келишингиздан бир неча дақиқа бурун Стробик мен билан хайрлашганди ва унинг ўйлашича…
– Худо ҳаққи, Жорж!.. – жаҳл билан хитоб қилди Каупервуд. – Нега менга Стробик ҳақида айтиб ўтирибсиз?! У билан нима ишимиз бор?! Ўзингиз ҳақингизда ўйланг! Сизга нима бўлиши тўғрисида ўйланг! Гап сизнинг тақдирингиз хусусида кетяпти, Стробикнинг фикрлари ҳақида эмас!
– Фрэнк, ҳаммасини тушуниб турибман, – гапида туриб олди бечора Стинер, – бироқ, очиғи, буни қандай қилишни билмаяпман. Чин сўзим! Ўзингиз бу вазиятдан чиқиб кета олишингизга ишонмаётганингизни айтиб турибсиз, яна уч юз минг доллар… уч юз минг доллар-а! Йўқ, Фрэнк. Бундай қила олмайман! Ҳеч иложи йўқ. Бундан ташқари, аввал Молленхауэр билан гаплашиб олишим керак.
– Худойим, қандай бемаъни гапни гапиряпсиз!.. – Каупервуд ниҳоят портлади. У ғазначига ошкора нафрат билан тикилди. – Майли! Чопинг Молленхауэрнинг олдига! Унга фойда бўлиши учун ўзингизни қандай бўғизлаш кераклигини ҳам сўранг! Менга яна уч юз минг қарз бериш мумкин эмас, лекин ғазначиликдан олинган беш юз мингга таваккал қилиш мумкин-а? Сизни тўғри тушундимми? Ахир сиз очиқчасига бу пулларни йўқотишга уриняпсиз, у билан эса бошқаларини ҳам. Менимча, сиз шунчаки ақлдан озибсиз. Молленхауэрнинг биттагина сўзи сизни ўлгудек қўрқитиб юборибди ва ҳозир ҳаммасини: бойлик, обрў ва жамиятдаги ўрнингизни қиморга тикишга тайёрсиз! Мен хонавайрон бўлсам, сизга нима бўлишини тушунасизми? Сизни қамоққа тиқишади, Жорж! Сизга нима қилиш кераклигини кўрсатган Молленхауэрингиз эса шарманда бўлганингиздан кейин сиз учун ҳеч нарса қилмайди! Эслаб кўринг: сизга ёрдам бермаганмидим? Охирги дақиқаларгача ишларингизни яхши олиб бормадимми? Миянгизга нимани қуйишди, шуни билгим келяпти! Нимадан қўрқасиз?
Стинер яна ишониш қийин бўлган бирор баҳона айтмоқчи бўлиб турганида хонага идорасининг бошқарувчиси Альберт Стайерс кириб келди. Стинер шунчалик ҳаяжонда эдики, унинг кирганини дарров сезмади. Каупервуд эса унга эски танишидек мурожаат қилди:
– Ҳа, Альберт, нима демоқчи эдингиз?
– Жаноб Сэнгстек жаноб Молленхауэрнинг буйруғи билан жаноб Стинерни кўрмоқчи.
Бу даҳшатли исмни эшитиши билан Стинер сўлиган япроқдек букчайиб қолди. Бу Каупервуднинг назаридан четда қолмади. У Стинердан уч юз минг доллар олиш умиди пучга чиқаётганини тушунди. Шундай бўлса-да, ортга чекингиси келмади.
– Хўш, Жорж, – Стайерс Сэнгстекка Стинер уни қабул қилишга тайёрлигини айтишга чиқиб кетганида деди Каупервуд, – ҳамма нарса тушунарли. Бу одам сизни гипноз қилиб қўйибди. Қаттиқ қўрқиб кетганингиз учун ўзингизни бошқара олмаяпсиз. Майли, ҳамма нарса қандай бўлса, шундайлигича қолсин: мен яна қайтиб келаман. Фақат, Худо ҳаққи, ўзингизни қўлга олинг. Қартага нима тикилганини ўйланг. Агар яхшилаб ўйлаб кўрмасангиз, ҳаммаси нима билан тугашини айтдим. Менга қулоқ солсангиз, мустақил, бой одам бўласиз. Акс ҳолда, сизни қамоқ кутяпти.
Каупервуд ғазначиликдан чиққанидан сўнг Батлернинг олдига боришдан олдин яна бир марта банкир ва биржачилардан ёрдам сўрашга уриниб кўрмоқчи бўлди ва уни кутиб турган енгил рессорли кабриолетига сакраб чиқди. Бу тўриқ отга қўшилган сариқ рангдаги ва ичида ҳам сариқ чармдан ўриндиғи бор чиройли экипаж эди. Каупервуд гоҳ у бинонинг олдида, гоҳ бунисининг ёнига тўхтаб, ясама бепарволик билан банклар ва биржа идораларининг зинасидан югуриб чиқиб келар, бироқ ҳаракатларининг ҳаммаси бесамар бўлаётганди. Унинг гапларини диққат билан, ҳатто ачингандек эшитар ва шу заҳотиёқ шароитнинг нозиклигига ишора қилинарди. Жирард миллий банки ссудани бир соатга бўлса ҳам чўзишни рад қилди ва Каупервуд биржа курси тушиб кетиши билан келиб чиққан фарқни ёпиш учун кечиктирмай, ўзининг қимматбаҳо қоғозларидан қалин боғламини юборишига тўғри келди. Соат иккида кекса Каупервуддан чопар келди: Учинчи банкнинг раиси сифатида у бир юз эллик минг долларлик қарзни қоплашни талаб қилишга мажбур экан. Фрэнк гаровга қўйган акциялар банк директорларининг фикрича, етарли даражада ишончли эмас экан. Каупервуд тезлик билан ўзининг шу банкдаги эллик минглик жамғармасига чек ёзиб берди ва унга идорасида сақлаётган йигирма беш минг доллар нақд пулни қўшди, “Тай энд Компани” фирмасидан эллик минг долларлик ссудасини ёпишларини талаб қилди, қанчалар умид боғлаётгани – Грин ва Котус кўнка линиялари акцияларини номинал нархининг учдан бирига сотди. Шу йўл билан тўплаган суммаларини Учинчи миллий банкка жўнатди.
Кекса Каупервуднинг кўнгли жойига тушганга ўхшади, бироқ айни пайтда жуда қайғуга чўмганди. Пешин пайтида ўз қоғозлари эвазига қанча олиши мумкинлигини билиш учун жўнади. Бу тарзда йўл тутиб, у қисман ўзини обрўсизлантириб қўяётган бўлса-да, бироқ ота сифатида юраги ачишиб кетаётган, бундан ташқари, шахсий манфаати ҳақида ҳам ўйлаши керак эди. У уйини гаровга қўйиб, жиҳозлар, экипажлари, ер участкаси ва акциялари учун гаровга ссуда олиб юз минг доллар қилиб, ўзининг банкига Фрэнкнинг номига қўйди. Бироқ бундай кучли довулда бу ишониб бўлмайдиган лангар эди. Фрэнкка тўловларини кечиктириши учун камида уч-тўрт сутка керак эди.
Ушбу машъум кун соат иккида ўз вазиятини яна бир марта тарозига солиб кўраётган Фрэнк Каупервуд хўмрайганча пичирлади: “Йўқ, бу Стинер менга уч юз минг ссуда бериши керак, вассалом! Энди эса Батлерни кўришим керак, бўлмаса, идора ёпилгунча у яна ўз жамғармасини талаб қилиб қолади”.
У яна экипажига сакраб чиқиб, ақлдан озгандек Батлерникига қараб кетди.
26
КаруипеарнвчуаднБаратсла еўрзгбаирлгаанн дсиу. ҳҚбаатрлиаяшўгшана ппааййттддаанКбауепервуднинг Молленхауэр ва Симпсонлар билан биргалашиб биржадаги қимматбаҳо қоғозлар курсини ушлаб туриш таклифига дўстона рози бўлганди. Бироқ эрталаб, ана шу тарихий душанба куни, шусиз ҳам чалкаш бўлиб турган вазият Батлерни фикрини тубдан қайтадан кўриб чиқишга мажбур қилган янги бир кўнгилсиз ҳодиса билан янада мураккаблашиб кетди.
Ўша куни соат тўққизда – Каупервуд Стинерни ёрдам беришга ундаётган пайтда, жаноб Батлер уйидан чиқиб экипажига ўтирай деётганда, почтальон унинг қўлига тўртта хат тутқазди ва жаноб Батлер уларни кўриб чиқиш учун ушланиб қолди. Биринчи хат майда пудратчи О’Хиггинсдан, иккинчиси – камбағаллар фондига қилган хайр-эҳсонлари учун миннатдорлик билдириб ёзган Батлерларнинг пири, муқаддас Тимофей черковининг руҳонийси Михаил отадан, учинчиси – қайсидир жамғарма юзасидан “Дрексель энд Компани” компаниясидан ва тўртинчиси cифатсиз қоғозга, саводи ҳаминқадар бўлган, афтидан, аёл киши томонидан ёзилган имзосиз хат эди. Мактубда ноаниқ дастхат билан тушуниш қийин бўлган ажи-бужи ҳарфларда шундай ёзилганди:
“Муҳтарам жаноб! Сизга шу нарсани маълум қиламанки, қизингиз Эйлин ўзига мос келмайдиган эркак – Фрэнк Каупервуд исмли ишбилармон одам билан бирга юрибди. Агар ишонмасангиз, Ўнинчи кўчадаги 931-рақамли уйни кузатинг. Шунда ўз кўзларингиз билан гувоҳ бўласиз”.
Мактуб қаердан келганини тахмин қилиб кўриш учун на ёзган одамнинг имзоси, на бирон-бир бошқа белги бор эди. Батлер дарров шу уй атрофида яшайдиган бирортаси бўлса керак, деб тахмин қилди. Қария баъзан ғайриоддий сезгирлик қобилияти билан ажралиб турарди. Мактуб чиндан ҳам муқаддас Тимофей черковининг муридларидан бири, унда кўрсатилган манзил яқинида яшовчи қиздан эди. У Эйлинни юзидан танир ва унинг кийимлари ҳамда ажойиб пардози учун ўлгудек ёмон кўрарди. Рангпар, ориқдан келган, доим нимадандир норози юрадиган бу қиз бегоналар ҳаётини кузатишни ўзи учун бурч деб биладиган аёллар сирасига кирарди. Каупервуд томонидан махфий ижарага олинган уйнинг қияламасига жойлашган хонадонда яшаётиб, доим йўлакни кузатаркан, у аста-секин нима гаплигини (ҳар ҳолда, унга шундай туюлганди) тушуна бошлади. Ундан фақат гумонларини мавжуд фактлар билан тўлдириш ҳамда ўша топқирлиги билан уларни бир-бирига боғлаш талаб қилинарди, холос. Унинг уринишлари маҳсули эндиликда Батлернинг кўз ўнгида яққол ва жуда хунук намоён бўлган мактуб эди.
Ирландияликлар чуқур мулоҳазали ва айни пайтда омилкор ҳамдир. Ҳар қандай ирландияликнинг ноқулай вазиятга тушиб қолганида биринчи қиладиган иши – ундан чиқиб кетишнинг йўлини топиш ва бу нарсага жуда катта муаммо деб қарамасликдир. Батлер мактубга илк бор кўз югуртирганида, баданида гўё чумоли ўрмалаётгандек эти жимирлади. Жағлари беихтиёр жипслашди, кулранг кўзлари қисилди. Наҳотки шу рост бўлса? Акс ҳолда, кимдир шунчалик аниқ қилиб: “Агар ишонмасангиз, Ўнинчи кўчадаги 931-рақамли уйни кузатинг”, – дея ёзишга журъат қилармиди? Ахир манзил аниқ ёзилганининг ўзи рад қилиб бўлмайдиган исбот эмасми? Ва бу ерда гап кечагина унинг олдига ёрдам сўраб келган, у шунча кўп яхшилик қилган одам ҳақида кетяптими? Батлернинг табиатан суст, аммо етарлича расо зеҳнида қизининг ўзгача ва мафтункор қиёфаси гавдаланди-ю, шундагина Фрэнк Алжернон Каупервуднинг қандай инсон эканини аниқ тушунди. Қандай қилиб Батлер бу аблаҳнинг макрини билмай қолди? Чиндан ҳам ораларида нимадир бор бўлса, қандай қилиб Каупервуд ва Эйлин буни на сўз, на ҳаракат билан сездириб қўйишмади?
Ота-оналар кўпинча ўз фарзандларини жуда яхши билишларига амин бўлади ва вақт бу янглиш фикрни фақат мустаҳкамлайди. Шу пайтгача ҳеч қандай ёмон нарса бўлгани йўқ ва бундан кейин ҳам бўлмайди. Улар фарзандларини ҳар куни, бироқ меҳр-муҳаббат хиралаштириб қўйган кўзлари билан кўришади. Мана шу меҳр кўр қилган кўзлари билан улар фарзандларини борича кўраётганларига ва қанчалик жозибадор бўлмасин, фарзандлари йўлдан оздирадиган нарсалардан сўзсиз ҳимояланганига ишонадилар. Мэри – яхши қиз, тўғри, бироз тантиқроқ, бироқ у қандай ёмон иш қилиши мумкин? Жон – софдил, мақсадга интиладиган йигит, наҳотки у ёмон йўлга кириб кетиши мумкин бўлса? Ва бирдан фарзандларининг сирлари очилиб қолса, кўп отаоналарнинг ҳайратдан ёқа ушлаши ачинарли. “Менинг Жоним! Менинг Мэрим! Бундай бўлиши мумкин эмас!..”
Бироқ шундай бўлиши мумкин. Ва ҳатто аниқ. Тажрибаси кам, ҳаётни яхши тушунмайдиган кўп отаоналарнинг дийдаси қотиб, жаҳлдор бўлиб қолади. Фарзандларига бор меҳрини бергани ва бутун умрини қурбон қилганини эслаб, ўзларини ҳақоратлангандек ҳис этади. Ҳаётдаги бундай баланд-пастликлар, ҳар қадамда дуч келадиган хавф-хатарлар ва инсон руҳида юз берадиган сирли жараёнлардан бутунлай руҳлари тушиб кетади. Бошқа бировлар – ҳаётнинг қаттиқ синовларидан ўтганлар ёки табиатан зийрак бўлганлар эса бу каби воқеаларга донишмандларча муносабатда бўладилар ва бу ерда кураш бефойда эканини билиб, агар иложи бўлса, яширин чоралар билан ёмон нарсани кўрмасликка ҳаракат қиладилар ёки шароитни ўйлаб кўриш учун бу ҳолатга вақтинча кўникадилар. Ҳар бир фикрлайдиган одам биладики, ҳаёт – ечиб бўлмайдиган топишмоқ; бошқалар эса бўлмағур ўйлар билан ўзини овутади, яна бекорга ҳаяжонланиб, ўзидан кетиб қолади.
Хуллас, ақлли ва тажрибали инсон бўлган Эдвард Батлер уйининг зинасида турганча, қўлида қизига даҳшатли айблов қўйиб, арзон қоғозга ёзилган хатни ушлаб турарди. У хаёлан Эйлиннинг болалигини кўз олдига келтирди (Эйлин унинг катта қизи эди). Ўтган шу йиллар ичида у қизига қанча ғамхўрлик қилганди! У ажойиб қизча эди; унинг олтинранг бошчасини отаси тез-тез кўксига босар, қўпол бармоқлари билан унинг нозик ёноқларини минг марталаб силарди! Энди эса Эйлин ҳозир йигирма уч ёшда, у гўзал, бебош ва ўлгудек ўжар…
Кекса Батлернинг кўнглини маъюс, бемаъни хаёллар эгаллаб олди, у нима қилишни, буларнинг барига қандай қарашни, нима қарорга келишни, қандай ҳаракат қилишни билмаётганди. Ниҳоят, бу ерда ким айбдор, ким айбсизлиги ҳали номаълум, ўйлади Батлер. Эйлин, Эйлин! Унинг Эйлини! Агар хотини буни билиб қолса, кекса онанинг юраги буни кўтара олмайди. Йўқ, хотини ҳеч нарса билмаслиги керак, ҳеч нарса! Балки, унга айтиш керакмикин?
Оҳ, ота қалби! Дунёдаги меҳр-муҳаббат чалкаш ва ҳеч ким юрмаган сўқмоқларга етаклайди. Онанинг севгиси ҳамма нарсага қодир, худбинона ва айни пайтда беғараз. У ҳеч нарсага боғлиқ эмас. Эрнинг хотинига ёки ошиқнинг маъшуқасига бўлган севгиси – якдиллик, ўзаро муҳаббатнинг ширин ришталари, ғамхўрлик ва эркалатиш мусобақасидир. Отанинг ўғли ёки қизига муҳаббати (у мавжуд бўлса) сахийлик билан борини бериш, ҳеч бир ўлчовсиз, ўрнига ҳеч нарса тама қилмасдан беришдир. Бундай ҳиссиёт олийжанобликдир, у ҳеч нарса талаб қилмайди, фақат сахийлик билан беришга ҳаракат қилади. “Ўғлимнинг иши юришса бўлгани! Қизим бахтли бўлса, шунинг ўзи кифоя!” Ким бундай гапларни эшитмаган, ким ота-оналарнинг донолиги ва севгисини ифодаловчи бундай сўзлар ҳақида ўйлаб кўрмаган?
Шаҳар марказига кетаётиб, Батлер ўзининг ажойиб, лекин, суст ва бироз ибтидоий ақли билан бу кутилмаган шумхабарнинг эҳтимолий оқибатларини тезгина ўйлай кетди. Нега Каупервуд ўз хотинидан қониқмайди? Нега энди унга Батлернинг уйига кириб олиб, номуносиб бўлган бу ишни қилиш керак бўлиб қолди? Бу ишда Эйлин қай даражада гуноҳкор? Қизи жуда ҳам тентак эмас, ўз ҳаракатларига жавоб бериши керак эди. Бундан ташқари, у католик, ҳар ҳолда шундай тарбияланган. Бутун шу йиллар давомида у черковга борган, тавба қилиш ва маросимларда қатнашган. Тўғри, охирги пайтларда Батлер кўп бора қизининг черковга боришга жуда хоҳиш билдирмаётгани ва якшанба кунлари уйда қолиш учун баҳона излаганларига гувоҳ бўлганди. Бироқ кўпинча борарди. Энди эса… Шу ерга келганда Батлер чалкашиб кетиб, яна барини бошидан ўйлаб кўрарди.
У зинадан секин идорасига кўтарилиб, столи олдига ўтирди ва яна ўйлашни бошлади. Соат ўнга бонг урди, кейин ўн бирга. Ўғли иш юзасидан бир неча марта олдига кирди, бироқ отасининг кайфияти йўқлигини кўриб, уни холи қолдирди. Соат ўн иккига бонг урди, кейин бир бўлди. Каупервуд келгани тўғрисида унга хабар беришганда, у ҳамон ўй суриб ўтирарди.
Каупервуд Батлерни уйидан топа олмай ва Эйлинни ҳам учратмагач, идорасига боришга шошганди. Шу бинонинг ўзида йирик акционерлардан бири Фрэнкнинг ўзи бўлган бир нечта кўнка темир йўлларининг бошқармаси ҳам бор эди. Бино одатдагидек бухгалтерлар, ҳисобчилар, йўл назоратчилари, кассир ва бошқалар учун ажратилган хоналарга бўлинганди. Оуэн Батлер ва отаси бинонинг ичкарисидаги кичкина, бироқ чиройли жиҳозланган кабинетларни эгаллашганди: бу ерда буюк ишлар амалга ошириларди. Каупервуд бу ёққа келаркан, бирон фалокатни олдиндан сезган кўплаб инсонлар каби йўлда унинг ҳам юрагига ғашлик чўкканди – Эйлин ҳақидаги ўйлар хаёлидан кетмаётганди. У ўзларини боғлаб турган ноодатий муносабатлари ва ҳозир қизнинг отасидан ёрдам сўрашга кетаётгани ҳақида ўйларди!
Зинадан кўтариларкан, у яна бир бор оғир ғашликни ҳис қилди, бироқ бунга эътибор бериб ўтирмади. Батлернинг нигоҳиданоқ унга нимадир ёмон таъсир қилганини тушунди. Батлер уни одатдагидек саломлашиб қарши олмади, зимдан ўқрайиб қараркан, унинг юзида илгари Каупервуд ҳеч қачон кўрмаган қаҳр борлигини сезди. Фрэнк шу заҳотиёқ гап фақатгина Батлернинг ўз жамғармасини сўрамай, унга ёрдам беришни хоҳламаётганида эмаслигини тушунди. Нима бўлганикин? Эйлинми? Шундай бўлса керак. Уларни бирга кўриб қолишгандир. Хўш, нима бўпти шунга? Бу ҳали ҳеч нарсани исботламайди. У бир оғиз сўз билан ҳам ўзини сотиб қўймайди. Бироқ Батлер ўз жамғармасини қайтариб беришни талаб қилади. Қўшимча заём масаласида эса сўзсиз бунга ҳам нуқта қўйиш кераклиги кўриниб турибди.
– Жаноб Батлер, жамғармангиз масаласида қандай қарорга келганингизни билиш учун кирган эдим, – доимгидек бемалол гап бошлади Каупервуд. На ўзини тутишидан, на юз ифодасидан у бир нарсани сезганини тахмин қилиш ҳам мумкин эмасди. Жаноб Батлер (улар хонада ёлғиз эдилар) йигитга қошлари тагидан тикилиб қаради.
– Менга пулларим керак!.. – кескин ва қўрслик билан деди у. Қизи Эйлиннинг номусини ерга урган бу сурбет иккиюзламачини кўргач, Батлернинг қачонлардан бери ўзини намоён қилмаган ғазаби қайнаб кетганди. Қария йигитга тикилди.
– Ўзим ҳам вазият ўзгариб кетганидан келиб чиқиб, пулингизни қайтаришимни талаб қилиб қолсангиз керак, деб ўйлагандим, – хотиржамлик билан, овози ҳам титрамай жавоб қилди Каупервуд. – Тушунишимча, ҳамма нарса хонавайрон бўляпти, шекилли.
– Ҳа, шундай ва, ўйлашимча, тез орада тартибга тушмаса керак. Пул менга бугуноқ керак. Кутиб тура олмайман!
– Яхши, – деди жуда нозик вазиятда эканини аниқ сезиб турган Каупервуд.
Қариянинг кайфияти ёмон эди. Нимагадир Каупервуднинг шу ерда экани унинг асабига тегяпти, балки ҳатто ўзини ҳақоратлангандек сезяпти.
Каупервуд ҳамма гап Эйлинда эканига энди шубҳа қилмаётганди: Батлер бирор нарса билади ёки жуда бўлмаганда шубҳаланяпти. Ўзини шошаётганга солиш ва бу суҳбатга чек қўйиш керак.
– Жуда афсусдаман, – деди у. – Тўловни бироз ортга суриб туришингизга умид қилаётгандим, бироқ ҳечқиси йўқ. Пул тайёрлаб қўйилган. Мен тезлик билан бериб юбораман.
Йигит ўгирилиб, эшикка қараб юрди. Батлер ўрнидан турди. У ҳаммаси бошқача бўлади деб кутганди. У Каупервуднинг айбини очиб ташламоқчи, балки юзига тарсаки туширмоқчи ҳам бўлаётганди. У Фрэнкнинг ғазабини келтирадиган нимадир деб, унинг айбини юзига айтмоқчи эди. Бироқ йигит одатдагидек бепарво-самимий қиёфада чиқиб кетди.
Қария қаттиқ ҳаяжонда, чексиз ғазабланиб, кайфияти тушиб кетганди. У қўшни хона билан ўзининг хонаси ўртасидаги кичкина эшикни очиб, чақирди:
– Оуэн!
– Ҳа, ота?
– Пул олиб келиш учун Каупервуднинг идорасига кимнидир юборгин.
– Демак, жамғармангизни қайтариб олишга қарор қилдингизми?
– Ҳа.
Оуэн отасининг ғазабланаётганидан ҳайрон бўлди. “Бу нимани англатиши мумкин?” сўради у ўзидан ва отаси билан Каупервуд ўртасида бирор нима бўлгандир, деб ўйлади. У столи олдига қайтиб келиб талабнома ёзди ва хизматчини чақирди. Батлер дераза олдига келиб, кўчага қарай бошлади. У қаттик ғазабда, аччиғидан қутургудек аҳволда эди.
– Ит!.. – хириллаб юборди у ўзи ҳам кутмаган ҳолда. – Қараб турсин, бир доллар ҳам қолдирмайман, ич кийимигача ечиб оламан! Қамоққа тиқаман! Мен уни йўқ қиламан! Йўқ қиламан!..
Қария қўлларини мушт қилиб, тишини ғичирлатди.
– Мен унинг жазосини бераман! Унга кўрсатиб қўяман! Ит! Ярамас махлуқ!
Жаноб Батлер умрида бу қадар ғазабни ҳис қилмаган, аёвсиз қасд олишни истамаганди. У нима қилишни ўйлаб, хонасида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Эйлинни сўроқ қилиш керак – мана, нимадан бошлаш керак! Қизи рад қилади, бироқ агар унинг юзидан шубҳалари тўғри эканини сезса, Каупервуднинг адабини беради! Шаҳар ғазначиси билан воқеанинг ўзи бунинг учун кифоя. Тўғри, расман Каупервуднинг ҳеч қандай жавобгарлиги йўқ, бироқ Батлер шундай қила оладики, бу ярамас соғ қолмайди!
Шундай қарор қилгач, жаноб Батлер хизматчисига тез қайтиб келишини Оуэнга айтиб қўйишни буюриб кўчага чиқди-ю, кўнкага ўтириб уйига кетди. Эшиги олдида у қаергадир кетишга тайёр бўлиб турган катта қизини учратди. Қизнинг эгнида қип-қизил духобадан тикилган кўйлак ва бошида жуда чиройли шляпа бор эди. Эйлин оёқларига оловранг чарм ботинка, қўлларига эса узун бинафшаранг чарм қўлқоп кийганди. Унинг қулоқларида узун тим қора каҳрабо – охирги пайтларда у каҳрабога қизиқиб қолганди – зирак осилиб турарди. Қизини бу аҳволда кўрган кекса ирландиялик жуда ноёб патли қушни катта қилганини янада яхшироқ тушунди.
– Эйлин, қаерга отландинг? – ичидаги қўрқув, ғам ва аламини яширишга уриниб, сўради у қизидан.
– Кутубхонага, – хотиржам жавоб қайтарди қиз, бироқ шу заҳоти отасига нимадир бўлганини ҳис қилди. Унинг юзи ғалати оқариб кетган, жуда маъюс ва ҳорғин кўринарди.
– Бир дақиқага хонамга чиққин, – деди Батлер. – Сен билан гаплашиб олишим керак.
Эйлин отасининг гапига ҳам қизиқиб, ҳам ажабланиб қулоқ солди. Қизиқ, отаси у билан ўз хонасида гаплашиши керак бўлиб қолибди, яна у кетаётган пайтда! Батлернинг гап оҳанги ва кўриниши бу ғайриоддий таклифнинг ортида ёқимсиз суҳбат турганини англатарди.
Ўз даврининг ахлоқий қоидаларини бузган ҳар бир инсон сингари Эйлин ҳам вақти-вақти билан Фрэнк билан муносабатлари очилиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қоларди. Оиласи унинг қилмишига қандай қараши мумкинлигини у кўп ўйлаган, бироқ аниқ тасаввур қила олмаганди. Отаси – жуда қатъиятли инсон. Тўғри, у отасининг оилада бирор кишига, айниқса, унга нисбатан совуқ ёки шафқатсиз муносабатда бўлганини сира кўрмаган! Отаси доим уни шундай яхши кўрганки, ҳеч қачон ҳеч нима уни қизидан совитолмайдиганга ўхшарди. Бироқ яна ким билади…
Батлер катта оёқларини салмоқ босиб, зинадан биринчи бўлиб юқорига кўтарила бошлади. Эйлин унинг орқасидан борарди; у девордаги кўзгуга қарашга улгурган ва энди ўзининг қандай чиройлилиги ва уни нима кутаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаётганди. Отаси ундан нима хоҳлаяпти? Қандай суҳбат бўлиши мумкинлигини ўйлаб қизнинг юзидан қон қочди.
Батлер қизиб кетган хонасига кириб, ўзининг бошқа жиҳозларга ўлчами тўғри келмайдиган ва ёзув столигагина мос тушадиган катта чарм креслосига чўкди. Столнинг олдида, деразанинг рўпарасида меҳмонлар учун кресло турарди. Батлер юзини яхшироқ кўриб туришни истаган одамларни шу креслога ўтиришга таклиф қиларди. Эйлин кириб келганда у қўли билан ўша креслони кўрсатди:
– Анави ерга ўтир!
Эйлин отаси нима демоқчи бўлаётганини ҳали ҳам тушунмай, креслога ўтирди. Унинг Каупервудга берган ваъдаси ёдида эди: ҳар қандай ҳолатни рад этиш. Агар отаси сўроқ қилиш ниятида бўлса, хомтама бўлмасин, барибир бундан фойда йўқ! Фрэнк олдидаги ягона бурчи – ҳаммасини рад қилиш.
Эйлиннинг чиройли юзи қатъийлашди. Икки қатор майда оппоқ тишлари қаттиқ жипслашганидан Батлер қизи зарбани кутиб, эҳтиёт бўлишга шайланганини тушунди. Шунинг ўзиёқ қизининг айбдорлигини тасдиқлашидан қўрққан ота яна ҳам чуқурроқ қайғуга ботди, уялди, ғазабланди ва ўзининг бахтсизлигини баттарроқ ҳис қилди. У сюртугининг чап чўнтагини тимирскилаб, бир даста қоғоз чиқарди ва унинг ичидан кўриниши оддийгина бўлган ўша машъум хатни олди. У мактубни конверт ичидан чиқараркан, йўғон бармоқлари титрарди. Эйлин отаси нима кўрсатмоқчи бўлаётганини тушунмай, унинг юзи ва қўлидан кўзларини узмай турарди. Ниҳоят, Батлер ўзининг улкан қўлида жимитдек туюлаётган қоғозни олиб, қизига узатди:
– Ўқи!
Эйлин қоғозни олди ва бир сония енгиллик сезди: ниҳоят нигоҳини отасидан бошқа томонга қаратиши мумкин. Бироқ бу ҳиссиёт шу заҳоти йўқолди: ахир ҳозир яна отасининг кўзига қарашига тўғри келади.
“Муҳтарам жаноб! Сизга шу нарсани маълум қиламанки, қизингиз Эйлин ўзига мос келмайдиган эркак – Фрэнк Каупервуд исмли ишбилармон одам билан бирга юрибди. Агар ишонмасангиз, Ўнинчи кўчадаги 931-рақамли уйни кузатинг. Шунда ўз кўзларингиз билан гувоҳ бўласиз”.
Иродали эканлигига қарамай, Эйлиннинг юзи оқариб кетди, бироқ шу оннинг ўзидаёқ юзига қон тепди.
– Бу ёлғон!.. – отасининг кўзига тик қараб, хитоб қилди у. – Ким мен ҳақимда шундай ифлос гапларни ёзишга журъат қилди? Қандай юзсизлик! Ким бу аблаҳ?
Кекса Батлер қизига тикилиб турарди. Қизининг чираниши уни алдай олмаганди. Агар Эйлин чиндан ҳам айбсиз бўлганида, ҳайратдан, аламдан сакраб туриб кетган бўларди. Ҳозир эса у юзига мағрурлик ниқобини кийишга шошилганди. Батлер унинг қизиққонлик билан қилаётган қаршилиги ортидаги ҳақиқатни ўқиди.
– Мен бу уйни кузатиб туришни буюрмаганимни сен қаердан биласан? – истеҳзо билан сўради Батлер. – У ерга кирмаганингни ҳеч ким кўрмаганини қаердан биласан?
Севгилисига берган қатъий ваъдасигина Эйлинни бу тузоққа тушишдан ушлаб қолди. Унинг ранги оқариб кетди, бироқ шу заҳоти кўз олдида агар сирлари очилиб қолса, нима дейишини сўраётган Фрэнкнинг қиёфаси пайдо бўлди.
– Бу ёлғон!.. – титроқ товушда хитоб қилди қиз яна. – Мен ҳеч қачон бундай рақамли уйда бўлмаганман ва у ерга кирганимни ҳеч ким кўрмаган! Ота, қандай қилиб мендан шубҳаланишингиз мумкин?
Кўнглини Эйлиннинг айбдорлигига бўлган ишонч билан қоришиб кетган шубҳа ўртаётганига қарамай, жаноб Батлер қизининг жасурлигидан ҳайратда қолаётганди: ўзини ҳимоя қилиш учун қандай қатъийлик билан ёлғон сўзлаяпти-я! Қизнинг гўзаллиги шу ерда асқатди ва отасининг кўзи ўнгида уни юқорига чиқариб қўйди. Ахир, кап-катта қизни қандай койиши мумкин? Ахир у отаси хаёлан тасаввур қилаётгандек ўн яшар қизча эмас энди!
– Эйлин, мендан ҳеч нарсани яшириш керак эмасди, – деди у. – Алдаш яхши эмас. Дин ёлғонни ман қилган. Агар шундай бўлмаса, бундай хатни ким ёзган бўлиши мумкин?
– Бироқ бу туҳмат, – ўзини ғазабланганга солиб деди Эйлин. – Ва ўйлашимча, бундай шубҳалар билан мени ҳақорат қилишга ҳаққингиз йўқ. Мен у уйда бўлмаганман ва Каупервуд билан юрмаганман! Худойим! Ахир уни яхши билмайман ҳам, ҳар замонда бир одамлар орасида кўраман.
Батлер хўмрайиб бош чайқади:
– Қизим, бу мен учун жуда катта зарба! Катта зарба, – такрорлади у. – Гапларингга ишонишга тайёрман. Бироқ агар алдаётган бўлсанг, қандай ёмонлиги ҳақида ҳам ўйламай туролмаяпман. Мен ҳеч кимга бу уйни кузатиб юришни буюрмаганман. Хат бугун эрталаб келди. Ва у ерда ёзилган гаплар, афтидан, рост эмас. Шундай эмаслигига умид қиламан. Бироқ энди бу ҳақда гаплашмаймиз. Агар унда заррача ҳақиқат бор бўлиб, жуда чуқурлашиб кетмаган бўлсанг ва ҳали руҳингни қутқара олсанг, мен онанг, синглинг, акаларинг ҳақида ўйлашингни илтимос қиламан, ақлли қиз бўл. Сени тарбиялаган черковни ёдингда тут, номусинг ҳақида ўйла. Тушун: агар бирор тентаклик қилиб қўйган бўлсанг ва одамлар буни билиб қолишса, Филадельфия қанчалик катта, кенг бўлмасин, бу ерда бизга жой қолмайди. Акаларинг ёмонотлиқ бўлиши керак эмас, улар шу шаҳарда ишлашади. Бир кун келиб, Нора иккингиз ҳам оила қуриш ҳақида ўйлайсиз. Агар бу ерда ёзилганлар ҳақиқат бўлса ва у эртами-кечми юзага чиқиб қолса, одамларнинг кўзига қандай қарайсан ва қандай яшайсан?
Юрагини босиб ётган ғамгин ва ўзи ўрганмаган ҳиссиётлар таъсирида қариянинг овози бўғиқ эшитиларди. У қизининг айбдорлигига ишонгиси келмас, бироқ шунга қарамай, мактубдаги гаплар ростлигини ҳам тушуниб турарди. У иродали ва эътиқодли инсон сифатида қилиши керак бўлган иш, яъни қизини жазолашни хоҳламаётганди. Бошқа ота бўлганда, ўйларди Батлер, бу шароитда қизини уйидан ҳайдаб чиқарар, ё ҳамма гапнинг тагига етиб, Каупервудни ўлдирган бўларди. Бироқ у бундай қилмайди. Агар қасос олиш керак бўлса, ундан финансист сифатида, сиёсатчи сифатида қасд олади: уни молия дунёсидан ва сиёсатдан сиқиб чиқаради.
Эйлинга нисбатан қатъий бир чора кўриш ҳақида эса у ўйлашга ҳам қодир эмасди.
– Отажон, – гап бошлади Эйлин, ўзининг бор қобилиятини ишга солиб, усталик билан бегуноҳ қиз ролини ўйнашга ҳаракат қиларкан, – айбдор эмаслигимни била туриб қандай қилиб шу гапларни гапиряпсиз? Қасам ичаман!
Бироқ кекса ирландиялик қизининг ёлғондакам арази остидаги ҳақиқатни уқиб олди ва энг гўзал орзуларидан бири чил-чил синаётганини сезиб турарди. У жамиятда олиб борадиган фаолиятида ҳам, бахтли турмуш қуриши борасида ҳам Эйлиндан кўп нарса кутаётганди. Қизи рози бўлса, у билан ўзини бахтиёр ҳис этиши мумкин бўлган ажойиб йигитлар кўп эди, у отасига кексайганида эрмак бўладиган ажойиб набиралар туғиб берган бўларди.
– Қизим, ортиқ бу ҳақда гаплашмаймиз, – чарчаган товушда деди у. – Сен доим юрагимнинг бир қисми эдинг ва бу гапга ишонишим қийин бўляпти. Худонинг ўзи кўриб турибди: ишонгим келмаяпти. Энди ёш бола эмассан ва агар аҳмоқлик қилаётган бўлсанг, сени тўхтата олмайман. Сени уйдан ҳайдаб юборишим мумкин эди – кўп оталар шундай қилган бўларди, бироқ мен ундай қила олмайман. Бироқ сен чиндан ҳам шундай иш қилаётган бўлсанг, – эътирозга шайланган Эйлинни тўхтатиш учун қўлини кўтарди Батлер, – ёдингда тут: эртами-кечми, ҳақиқатни билиб оламан ва у ҳолда мен ва менга шу озорни етказган одам учун Филадельфия тор бўлиб қолади. Шунгача етиб бораман!.. – таҳдидли оҳангда қаҳрини билдирди жаноб Батлер ўрнидан тураётиб, – етиб бораман ва ўшанда…
Қариянинг ранги оқариб кетди, у тескари қараб олди. Эйлин Фрэнк ҳозир дуч келаётган ҳамма нохушликларига қўшимча яна отаси билан куч синашиши ҳам тўғри келишини тушунди. Отаси шунинг учун кеча кечқурун унга шундай жаҳл билан қараганмикин?
– Агар биров сен ҳақингда ёмон гап айтаётганини билиб қолса, онанг ғамдан адо бўлади, – титроқ товушда давом этди Батлер. – Бу одамнинг оиласи: хотини, болалари бор. Сен уларга ёмонлик қилишинг керак эмас. Шусиз ҳам уларни, агар хато қилмаётган бўлсам, яқин келажакда катта нохушликлар кутяпти.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.