Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 24

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

35

Кунлар ўтиб борар ва жаноб Батлер энди қизи билан қандай гаплашиш ҳақида борган сари кўпроқ бош қотираётганди. Қизининг “ичимдагини топ” хилидан экани ва отаси билан суҳбатдан қочишга уринаётгани у ҳали ҳам Каупервуд билан учрашиб турганидан дарак берарди. Бу эса эртами-кечми, очиқ жанжал билан тугаши мумкин эди. Батлер аввалига Каупервуд хонимнинг олдига бориб, уни эрига таъсир ўтказишга мажбур қилмоқчи ҳам бўлди, бироқ кейин ниятидан қайтди. Биринчидан, қизининг Каупервуд билан учрашаётганига ҳали ҳам тўлиқ ишончи комил эмас эди, иккинчидан, Каупервуд хоним эрининг хиёнати ҳақида билмаслиги ҳам мумкин. Шундан сўнг у Каупервуднинг ўзининг олдига бориб, қўрқитиб қўймоқчи ҳам бўлди. Бироқ бу охирги чора бўлиб, унинг ҳалигача бу борада ҳеч қандай исботи йўқ эди. Қидирув бюросига мурожаат қилишга юраги дов бермади ва уйидагилардан бирортасига ҳам ишона олмади. Бир куни унинг ўзи Ўнинчи кўчадаги 931-уй атрофида кезиб юрди, бироқ фойдаси бўлмади. Уй ижарага берилган экан: Каупервуд у ердан чиқиб кетишга улгурганди.

Ниҳоят, Батлер қизини бирор ерга, унинг холаси яшайдиган – Бостон ёки Янги Орлеангами, меҳмонга юборишга қарор қилди. Бироқ жуда эҳтиёткорона ҳаракат қилиши керак, Батлер эса бундай ишларга уста эмас эди. Шунга қарамай, у секин тайёргарликни бошлаб юборди. У Янги Орлеанда яшовчи қайнсинглисига хат ёзиб, бу мактуб ҳақида индамаган ҳолда опасига қизини вақтинча уникига юборишини сўраб хат юборишни ва бир вақтнинг ўзида Эйлиннинг ўзига ҳам таклифнома жўнатишини илтимос қилди. Бироқ кейин хатни йиртиб ташлади.

Бир неча кун ўтиб, Батлер тасодифан Молленхауэр хоним ва унинг учала қизи: Каролина, Фелиция ва Альталар декабрнинг биринчи кунларида Париж, Ривьера ва Римда бўлиш учун Европага жўнаб кетаётганини эшитиб қолди. У Молленхауэрдан хотинини ўзи билан Нора ва Эйлинни, жуда бўлмаганда Эйлиннинг ўзини олиб кетишни таклиф қилишга кўндиришини илтимос қилмоқчи бўлди. Буни Батлер хоним эрини ёлғиз қолдиришни хоҳламаётгани, қизлар эса дунё кўриши кераклиги билан тушунтириш мумкин. Бу нарса Эйлинни маълум бир вақтга нарироқ қилиш учун қулай баҳона эди. Улар Европада камида ярим йил қолмоқчи эди.

Молленхауэр Батлернинг илтимосини бажонидил қабул қилди: иккала оила жуда яқин эди. Молленхауэр хоним ҳам хурсандчилик билан рози бўлди ва таклиф қабул қилинди. Нора хурсандчиликдан ҳайратда эди. У Европада бироз вақт яшашни орзу қилар ва бундай имкониятни қачондан бери кутарди. Эйлин ҳам Молленхауэр хонимнинг эътиборидан хурсанд бўлди. Агар бу таклиф бир неча йил аввал берилганида, у розилик билдиришга шошилган бўларди. Бироқ ҳозир бу таклифни у иккинчи даражали бўлса-да, Каупервуд билан учрашиши учун яна бир қаршилик деб қабул қилди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Батлер хонимнинг олдига келган Молленхауэр хоним таклифи ҳақида оғиз очишга улгурмасдан, Эйлин совуққина оҳангда уни рад этди.

– У бирга боришингизни жуда хоҳлаяпти, албатта, отанг бунга қаршилик қилмаса, – таъкидлади онаси. – Ишончим комилки, вақтни жуда яхши ўтказасизлар. Улар аввал Парижда яшаб, кейин эса Ривьерага жўнаб кетишаркан.

– Вой, қандай зўр! – хитоб қилди Нора. – Доим Парижга боришни орзу қилардим! Сен-чи, Эйлин? Зўр бўлардида!..

– Негадир боргим келмаяпти, – жавоб берди Эйлин. Отасини умидвор қилмаслик учун у гапнинг бошиданоқ бу фикрга ҳеч қандай қизиқишини кўрсатмаётганди. – Бундан ташқари, қишки кийимларим ҳам йўқ. Яхшиси, кейинги сафар бораман.

– Эйлин, нималар деяпсан, ақлингни йиғсанг-чи!.. – ажабланди Нора. – Қишда чет элга боришни яхши кўраман деб, ўзинг минг марталаб айтгансан-ку? Энди қулай шароит туғилганда эса… Кўйлакларни ўша ерда ҳам тиктирсак бўлади.

– Чет элда ҳар ҳолда тўғри келадиган бирор нарса топилиб қолар, – Норанинг гапини тасдиқлади Батлер хоним. – Бундан ташқари, кетгунча яна икки ёки уч ҳафтача бор.

– Кузатувчи ёки маслаҳатчи сифатида бирорта эркак бирга боришини хоҳлашмаяптими? – сўради Кэлем.

– Мен ҳам хизматимни таклиф қилишга қарши эмасман, – босиқлик билан қўшиб қўйди Оуэн.

– Очиғи, билмайман, – Батлер хоним оғзидаги луқмани чайнаганча кулиб қўйди. – Ўзларидан сўрашингизга тўғри келади, болажонларим!

Эйлин сўзида туриб олди. Унинг боргиси келмаётганди. Бу жуда кутилмаган таклиф эди. Шу пайт кекса Батлер кириб келиб, ўзининг одатдаги жойига ўтирди. Гап нима ҳақида кетаётганини била туриб, ўзини бунга эътибор бермагандек тутди.

– Ахир сен қарши бўлмайсан-ку а, Эдвард? – сўради Батлер хоним қисқача тафсилотни тушунтириб.

– Қаршилик? – ясама қўпол ҳазил қилди Батлер. – Нима, ўзимга ўзим душманманми? Агар вақтинча сизларсиз яшаб турсам, ўзимни жуда бахтли ҳис қилган бўлардим!

– Вой, мана, гап нимада!.. – хитоб қилди Батлер хоним. – Ёлғиз ўзинг шу ерда яшаётганингни тасаввур қиляпман!

– Ёлғиз бўлмасдим, гапимга ишонавер, – деди жаноб Батлер. – Шаҳримизда борсам хурсанд бўладиган уйлар жуда кўп, сизларсиз ҳам куним ўтади.

– Агар мен бўлмасам, сени остонасига яқинлаштирмайдиган уйлар ҳам кўп! – хотиржам товушда эрининг гапини бўлди Батлер хоним.

– Нимаям дердик, бу борада баҳслашишга ҳожат йўқ, – жавоб қилди жаноб Батлер хотинига меҳр билан қараб қўяркан.

Эйлин гапида туриб олди. Нора ва онасининг барча уринишлари бекор кетди. Бироқ ўйлаган режаси амалга ошмаган Батлер ҳам бўш келмади. Эйлинни Молленхауэр хонимнинг таклифини қабул қилишга кўндира олмасликларига амин бўлгач, у бироз ўйлаб кўриб, изқувар ёллашга қарор қилди.

Ўша пайтларда машҳур изқувар Уильям Пинкертоннинг агентлиги шуҳрат қозонганди. Камбағал оиладан чиққан бу одам ҳаётда кўрган кўп қийинчиликларидан сўнг ўзига хос, лекин кўплар учун ёқимсиз касбда ўз ўрнини топганди. Аммо бирор нохуш вазият сабаб Пинкертоннинг хизматига иши тушганлар назарида унинг фуқаролар уруши пайтида ўзини ватанпарварларча тутгани ва Авраам Линкольнга яқинлиги энг яхши тавсиянома вазифасини ўтарди. Линкольн ҳокимият тепасида турган бутун вақтда Пинкертон, тўғрироғи, у танлаган одамлар президентни қўриқлашганди. Пинкертон тузган ташкилотнинг Филадельфия, Вашингтон, Нью-Йорк ва бошқа кўпгина шаҳарларда бўлимлари бор эди. Батлер ташкилотнинг Филадельфия бўлими пешлавҳасини кўп бора кўрган, бироқ у ерга мурожаат қилишни сира хоҳламаётганди. Охири бир қарорга келгач, Батлер ташкилотнинг бош агентлиги жойлашган Нью-Йоркка боришни режалаштирди.

Кетишидан бир кун олдин жаноб Батлер эски одатига кўра бир кунга жўнаб кетаётганини билдирди. Лекин Нью-Йорккача темир йўл орқали беш соатлик йўл эди ва у шаҳарга кундузи соат иккида етиб келди. Бродвейнинг қуйи қисмида жойлашган идорада Батлер директорни сўради ва уни эллик ёшлардаги баланд бўйли, сочлари оқ, кўзлари кулранг, гавдаси миқтидан келган, юзи ақлли, бироқ айёрлик уфуриб турган одам қабул қилди. У мижозлар билан суҳбат давомида бармоқлари йўғон калта қўллари билан столни чертиб ўтираркан. У Батлерга жуда ҳам пўримдек туюлган тўқ жигарранг сюртук кийиб олган, бўйинбоғига эса тақа шаклидаги олмос тўғнағич қадалганди. Кекса жаноб Батлернинг ўзи доим камтаргина кулранг костюм кийиб юрарди.

– Хайрли кун! – деб саломлашди жаноб Батлер хизматкор бола уни ирландиялик эркак билан америкалик аёлнинг зурриёти бўлган, Мартинсон фамилияли бу одамнинг олдига олиб киргач.

Жаноб Мартинсон бунга жавобан бош ирғаб қўйди, кейин эса Батлерга бошдан-оёқ қараб чиқди. Уни жамиятда кўзга кўринарли ўринга эга бўлган, табиатан кучли одам деб топиб, ўрнидан турди ва унга стул таклиф қилди.

– Марҳамат, ўтиринг, – қалин пахмоқ қошлари остидан келган одамни кузатар экан, таклиф қилди у. – Хизмат?

– Янглишмасам, сиз директорсиз-а? – сўради жаноб Батлер.

– Ҳа, сэр, Мен бу ерда директор ўрнидаман, – оддийгина қилиб деди Мартинсон.

– Идоранинг хўжайини, жаноб Пинкертоннинг ўзи ҳозир йўқми? – эҳтиёткорлик билан сўради Батлер. – Хафа бўлманг-у, бироқ мен шахсан у одам билан гаплашмоқчи эдим.

– Жаноб Пинкертон ҳозир Чикагода ва унинг бир ҳафта ёки ўн кунлардан кейингина келишини кутяпман, – жавоб берди Мартинсон. – Мен билан худди у каби бемалол очиқчасига гаплашаверишингиз мумкин. Ҳозир унинг ўрнидаман. Бироқ яна ўзингиз биласиз.

Жаноб Батлер хаёлида суҳбатдошини баҳолаётгандек, бироз иккиланиб қолди.

– Менга қаранг, сиз оилалимисиз? – кутилмаганда сўради Батлер.

– Ҳа, сэр, хотиним ва иккита болам бор, – жиддийлик билан жавоб берди изқувар.

Тажрибали изқувар сифатида у ҳозир гап оила аъзоларидан бири: ўғли, қизи ёки хотинининг ёмон ахлоқи ҳақида кетишини тушунди. У бундай ҳодисаларни кўп учратганди.

– Биласизми, жаноб Пинкертоннинг ўзи билан гаплашмоқчи бўлгандим, бироқ унинг ўрнида бўлсангиз… – Батлер гапини тугатмади.

– Ҳа, сэр, ҳамма ишни мен олиб бораман, – деди Мартинсон. – Менга худди жаноб Пинкертонга ишонгандек ишонаверинг. Хонамга юринг. Ўша ерда бемалол гаплашамиз.

Жаноб Мартинсон ўрнидан туриб, Батлерни деразаси Бродвейга қараган хонага бошлаб кирди. Хонада усти текисланган оғир стол ва тўртта стул турар, деворда шимолликларнинг ғалабаси билан тугаган фуқаролар урушининг эпизодлари тасвирланган бир нечта расм осиғлиқ турарди. Батлер иккиланиб ўтирмай, Мартинсоннинг орқасидан кириб борди. Қизи ҳақида бегона одамга гапириш фикри қариянинг ичини ўртаётганди. Ҳатто шу пайтда ҳам ҳали гапирадимийўқми, ҳал қилгани йўқ эди. У фақат “булар қандай одамлар эканлиги”га кўз ташлайди холос, ўзига ўзи дерди у, кейин эса ўйлаб кўради. У деразалардан бирининг олдига келиб, омнибуслар ва экипажлар тиқилиб ётган кўчага тикилди. Жаноб Мартинсон секингина хона эшигини ёпиб қўйди.

– Хўш, хизмат, жаноб… – у шу осонгина йўл билан келган одамнинг фамилиясини билиб олмоқчи бўлди. Бу унга одатда қўл келарди, бироқ Батлер ҳам анойилардан эмасди.

– Бу ишни бошласамми ёки йўқми, деб ҳали иккиланиб турибман, – деди секингина Батлер. – Бунинг устига, ҳали ҳамма нарса жойида бўлади, деган қарорга келганим йўқ. Мен баъзи бир нарсаларни… маълумотларни олишим керак эди… Бироқ буларнинг бари ўта шахсий…

Жаноб Батлер фикрини қандай қилиб аниқроқ тушунтириш учун ўйланиб, жим бўлиб қолди ва айни пайтда Мартинсондан кўз узмади. Мартинсон эса унинг руҳий ҳолатини жуда яхши тушуниб турар, у жуда кўп марта бундай ҳодисаларнинг гувоҳи бўлганди.

– Авваламбор, менга гапиришга рухсат беринг, жаноб…

– Скэнлон дея қолинг, агар жуда билгингиз келаётган бўлса, – юмшоқлик билан унинг гапини бўлди Батлер. – Бошқа исмлардан ёмонроқ эмас, асл исмимни эса ҳозирча айтмай тураман.

– Майли, Скэнлон бўла қолсин, – деди Мартинсон ҳам юмшоқлик билан. – Бу ҳақиқий исмингизми-йўқми, менга барибир. Ўзим ҳам исмингизни айтмаслигингиз мумкин, демоқчи эдим. Бироқ бу нарса сизга қандай маълумот кераклигига боғлиқ. Ишингиз, ишонтириб айтаманки, сирлигича қолади, гўё сиз ҳеч ким билан ҳеч қачон гаплашмагансиз. Ташкилотимизнинг обрўси ишончга асосланади ва биз уни суиистеъмол қила олмаймиз. Ишончни йўқотиш кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ходимларимиз орасида ўттиз йилдан ортиқ ишлаётган эркак ва аёллар бор, биз ҳеч қачон ҳеч кимни, мабодо жуда жиддий хатоси бўлмаса, ишдан ҳайдамаймиз, бироқ ишга ҳам жиддий хато қилмайдиган одамларни қабул қиламиз. Жаноб Пинкертон одамларни жуда яхши ажрата олади. Бизда ўзини ҳар қандай кишининг кўнглига йўл топа оладиган одам деб ҳисобловчилар ишлашади. Биз бир йилда Қўшма Штатларнинг ҳамма бурчакларида ўн мингдан ортиқ ишни бажарамиз. Ишни мижозга маъқул бўлган пайтгача олиб борамиз, холос. Ва фақат мижозга керак маълумотнигина билишга ҳаракат қиламиз. Керак бўлмаган ҳолда бегоналарнинг ишига аралашмаймиз. Агар керакли маълумотни ололмаслигимизга кўзимиз етса, бу ҳақда дарров мижозга хабар берамиз. Кўп ишлардан бутунлай воз кечамиз ва ҳатто бошламаймиз ҳам. Эҳтимол, сизнинг вазиятингиз ҳам шулар жумласидандир. Биз иш кетидан қувмаймиз ва буни яширмаймиз ҳам. Сиёсий характердаги ёки шахсий қасд олиш мақсадидаги ишларни бажаришни умуман рад қиламиз, чунки бу нарсаларга аралашиб қолишни истамаймиз. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Сиз кўпни кўрган одамсиз. Мен ҳам. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, наҳотки бизникидек ташкилот бировнинг ишончини оқламаса?

Жаноб Мартинсон жим бўлиб қолди ва жавоб кутиб Батлерга қаради.

– Бундай бўлмаса керак, – деди Батлер. – Тўғри айтяпсиз. Бироқ шахсий муаммоларингни ошкор этиш осон иш эмас экан, – маъюслик билан деди Батлер.

Икковлари бироз жим қолишди.

– Майли, – ниҳоят деди жаноб Батлер, – инсофли одам сифатида таассурот қолдирдингиз, менга эса ҳозир маслаҳат керак. Билиб қўйинг, яхшигина ҳақ тўлашга тайёрман ва мени қизиқтирган нарсани билиш қийин эмас. Мен яшайдиган шаҳарда яшайдиган бир одам бошқа бир аёл билан учрашадими, агар улар кўришишса, бу жой қаерда, шуни билишим керак. Менимча, бу иш сизлар учун қийин бўлмаса керак?

– Бундан осони йўқ, – жавоб берди жаноб Мартинсон. – Доим шунга ўхшаш топшириқларни бажарамиз. Жаноб Скэнлон, рухсат этинг, вазифангизни енгиллатмоқчиман. Керагидан ортиқ ҳеч нима айтишни истамаётганингизни тушуниб турибман ва биз ҳам сиздан ортиқча маълумот билишни хоҳламаймиз. Биз, албатта, қайси шаҳарни назарда тутаётганингизни ва ҳеч бўлмаганда, улардан бирининг исмини билишимиз керак – мабодо айтишни истамасангиз иккаласиники шарт эмас. Баъзида улардан бири, масалан, йигитнинг номини билган ҳолда, аёлнинг кўриниши қандайлиги ёки расмига қараб, бир неча вақтдан сўнг мижозни қизиқтираётган маълумотларни бера оламиз, бироқ маълумотлар аниқроқ бўлса, ишимизни осонлаштирган бўларди. Лекин сиз қандай лозим кўрсангиз, шундай қилинг. Қанча маълумотни лозим кўрсангиз, шунча нарсани айтинг ва мен сизни қизиқтирган маълумотни топиш учун бизга боғлиқ ҳамма нарсани қилишимизга кафиллик бераман.

– Ҳм-м! У ҳолда, – ниҳоят гап очишга қарор қилди жаноб Батлер, – сизга очиғини айтаман. Менинг фамилиям Скэнлон эмас, жаноб Батлер. Мен Филадельфияда яшайман. У ерда бир тадбиркор бор, Каупервуд деган одам. Фрэнк А. Каупервуд…

– Бир дақиқа, – чўнтагидан блокнот ва қалам олар экан, унинг гапини бўлди Мартинсон. – Ҳозир ёзиб оламан. Номини нима дедингиз?

Батлер қайтарди.

– Хўш. Қулоғим сизда.

– Учинчи кўчада унинг идораси бор – “Фрэнк А. Каупервуд” – сўрасангиз, ҳамма кўрсатиб беради. Бу одам яқинда банкрот бўлди.

– Ҳа-а тушунарли!.. – гап қотди Мартинсон. – Мен у ҳақда эшитгандим. У шаҳар маблағини ишлатиб қўйганликда айбланаётганди. Сиз, афтидан, у ердаги изқуварлар сирингизни билиб қолмаслиги учун Филадельфиядаги бўлимимизга мурожаат қилмагансиз, шекилли, а? Шундайми?

– Худди шундай ва бу сиз эшитган ўша одам, – тасдиқлади Батлер. – Мен Филадельфияда бирор киши бу иш ҳақида билиб қолишини истамайман. Шунинг учун ҳам бу ерга келдим. Бу Каупервуд деганлари Жирард авенюдаги уйида яшайди. Уни топиш қийин эмас.

– Албатта, – деди Мартинсон.

– Мен ана шу одам ва бир аёл, тўғрироғи, қиз ҳақида…

Батлер жим бўлиб қолди ва қизининг исмини айтиш кераклигидан юзлари азобли буришиб кетди. У бу фикр билан ҳеч келиша олмаётганди – у қизини шунчалик яхши кўрар, у билан шунчалик фахрланардики! Унинг юрагида Каупервудга нисбатан нафрат қайнаётганди.

– Ўйлашимча, у қариндошингиз-а? – мулойимлик билан аста сўради Мартинсон. – Менга ортиқ ҳеч нарса айтишингиз шарт эмас, фақат қизнинг ташқи кўринишини тасвирлаб беринг. Бизга шунинг ўзи етарли бўлади.

У обрўли кекса одам билан иш кўраётгани ва мижоз жуда тушкун аҳволда эканини тушуниб турарди. Бунга Батлернинг бирдан тошдек қотган ғамгин чеҳраси гувоҳлик бериб турарди.

– Жаноб Батлер, менга очиғини айтаверишингиз мумкин, – қўшиб қўйди у. – Иккиланаётганингизни тушуниб турибман. Бизга фақат ишимизга керакли маълумотларнинг ўзи етарли, ортиғи шарт эмас.

– Ҳа, – деди Батлер хўрсиниб, – у қариндошим. Сизга очиғини айтаман: у қизим. Сиз ҳалол, ақлли одамга ўхшайсиз. Мен ўша қизнинг отасиман ва унга заррача ёмонлигим йўқ. Уни қутқаришга ҳаракат қиляпман, холос. Менга фақат ўша йигитнинг ўзи керак!

Батлернинг катта қўллари мушт бўлиб тугилди. Бу ҳолат Мартинсоннинг назаридан четда қолмади: унинг ўзи ҳам икки қизнинг отаси эди.

– Жаноб Батлер, ҳолатингизни яхши тушуниб турибман, – деди у, – ахир ўзим ҳам отаман. Биз сиз учун қўлимиздан келган ҳамма нарсани қиламиз. Агар қизингизни менга яхшилаб тасвирлаб берсангиз ёки айғоқчиларимиздан бирига уйингизда ёки идорангиздами, уни тасодифан бир мартагина кўришга рухсат берсангиз, жуда тез кунларда уларнинг орасида учрашув бўляптими ёки йўқми, айта оламиз, деб ишонтира оламан. Сиз билмоқчи бўлаётган нарса фақат шунинг ўзи, шекилли, тўғрими?

– Ҳа, – хўмрайиб деди Батлер.

– Жаноб Батлер, бу иш кўп вақт олмайди, узоғи билан бир ҳафта, ўн кун, икки ҳафта, бироқ ундан кўп эмас. Ҳаммаси агар биринчи кунлари ҳеч нарса билишнинг иложи бўлмаса, сиз яна қанча давом эттиришимизни хоҳлашингизга боғлиқ.

– Бу қанча вақт олса ҳам, ҳақиқатни билишни истайман, – алам билан деди Батлер. – Бир, икки, уч ой кетса ҳам, мен ҳаммасини билишим керак. Керак! – шу сўзлар билан Батлер қатъий қарор қилганини билдириб, ўрнидан турди. – Менга тажрибали, хушмуомала одамни юборинг. Яхшиси, ўзи ҳам ота бўлган одамни юборинг, агар сизда шунақаси бўлса ва тилини тийиб турадиган ҳам бўлсин.

– Жаноб Батлер, сизни тушуниб турибман, – жавоб берди Мартинсон. – Менга ишонаверинг. Сизга тўлиқ ишонса бўладиган энг яхши изқуварларни берамиз. Улар тилига жуда маҳкам. Бундай қиламиз: сизга олдин бир одамни юбораман, тўғри келадими, йўқми, ўзингиз кўрасиз. Унга ҳеч нарса айтмай тураман. Ўзингиз гаплашиб кўрасиз. Агар тўғри келадиган бўлса, унга нима гаплигини тушунтирасиз, ўзи нима қилишни билади. Агар ёрдам керак бўлса, мен яна одам юбораман. Сиз қаерда яшайсиз?

Батлер унга ўз манзилини айтди.

– Бу гаплар ҳаммаси орамизда қолади-а? – яна бир марта сўради у.

– Хотиржам бўлаверинг.

– Изқуварингиз қачон келади?

– Истасангиз, эртага боради. Менда биттаси бор, бугуноқ Филадельфияга жўнатишим мумкин. Ҳозир у кетганди, бўлмаса, ҳозирнинг ўзида чақирган бўлардим, гаплашиб олардингиз. Яхшиси, ўзим унга ҳаммасини тушунтириб бераман. Сиз безовта бўлманг. Қизингизнинг обрўси ишончли қўлларда.

– Сиздан жуда миннатдорман, – бироз юмшаб, деди Батлер. – Жуда миннатдорман. Менга катта хизмат кўрсатган бўласиз ва бунинг учун яхши ҳақ тўлайман…

– Жаноб Батлер, бу ҳақда айтишнинг ҳожати йўқ, – унинг гапини бўлди жаноб Мартинсон. – Сиз ташкилотимизнинг ҳамма хизматларидан оддий тариф бўйича фойдаланишингиз мумкин.

Мартинсон Батлерни эшик олдигача кузатиб бориб, эшик унинг ортидан ёпилмагунча кутиб турди. Батлер жуда тушкун ва аянчли аҳволда чиқиб кетди. Ўйлаб кўринг-а: у ўз қизи, ўз Эйлини ортидан айғоқчи қўйса-я!

36

Эртаси куннинг ўзидаёқ Батлернинг конторасига узун бўйли, кўриниши тунд, сочлари ва кўзлари қоп-қора, юзи узунчоқ ва боши қирғийни эслатадиган одам кириб келди. У Батлер билан бир соатча гаплашиб, жўнаб кетди. Кечки пайт у яна келди, бу сафар Батлернинг уйида, унинг хонасида бир айёрлик билан Эйлинга кўз ташлашнинг йўлини қилди.

Батлер қизини чақиртириб, у отасининг олдига келганда ўша одамга яхшироқ кўриниши учун ўзи эшик олдида сурилиброқ турди. Айғоқчи ўзини худди кўчага қараётганга солиб, деразага осилган қишки дарпарда ортида турарди.

– Бугун кимдир Сисини миниб келдими? – қизидан сўради Батлер. Бу оилада ҳамма учун севимли бўлган от лақаби эди. Батлернинг режасига кўра, агар Эйлин айғоқчини сезиб қолса, уни от сотиш ёки сотиб олиш учун келган савдогар деб айтмоқчи бўлганди.

– Ҳеч ким чиқмади, шекилли, – жавоб берди Эйлин. – Ўзим ҳеч қаерга чиқмадим. Ҳозир сўраб кўраман.

– Кераги йўқ. Мен фақат от сенга эртага керак бўлмайдими, шуни билмоқчи эдим.

– Агар у сизга керак бўлса, усиз ҳам ишимни битира оламан. Менга Жерри ҳам бўлади.

– Яхши! Унда Сиси отхонада тураверсин.

Батлер эшикни хотиржам ёпиб қўйди. Эйлин отни сотиш ҳақида гап кетяпти, шекилли деб ўйлаганди. Бироқ отаси у билан маслаҳатлашмай отни сотиб юбормаслигини билгани учун шу заҳоти бу суҳбатни унутиб юборди.

Қиз кетгандан сўнг Олдерсон парда орқасидан чиқиб келиб, унга ортиқ ҳеч нарса керак эмаслигини айтди.

– Билишим зарур бўлгани фақат шу эди, – деди у. – Менга нимадир маълум бўлиши билан ўзим сизга дарров хабар бераман.

Олдерсон жўнаб кетди ва у кетгандан сўнг ўттиз олти соат ўтиб, Каупервуднинг уйи ва контораси, Батлернинг уйи, Ҳарпер Стежернинг контораси ва Каупервуд билан Эйлинларнинг ўзлари ҳам қаттиқ назорат остида эдилар. Аввалига бу иш учун олтита одам керак бўлди, кейин Каупервуд Олтинчи кўчада ижарага олган иккинчи квартира ҳам фош бўлгач, у ерга еттинчи изқуварни қўйишди. Изқуварларнинг ҳаммаси Нью-Йоркдан жўнатилганди. Бир ҳафта ўтибоқ Олдерсон ҳаммасини билиб олди.

Изқувар Эйлин Батлер Каупервуд билан учрашган пайтида отаси тезлик билан ўша манзилга келиб, қизини айб устида қўлга тушириши учун хабар бериши ҳақида Батлер билан келишиб олганди. Батлер Каупервудни ўлдирмоқчи эмас эди – Олдерсон бунга умуман, жуда бўлмаганда кўзининг олдида шундай қилишига йўл қўймаган бўларди, бироқ бу аблаҳни энг ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, қизини олиб кетишига унга ҳеч ким қаршилик қила олмайди. Ана шундан сўнг Эйлин Каупервуд билан учрашмаяпман деб отасини ортиқ алдай олмайди! Ўзбилармонлик қила олмайди! У отасининг ҳукмига бўйсунишга мажбур бўлади. Ва қизи ё ўзи тузалади, ёки Батлер уни ахлоқ тузатиш муассасасига юборади! Синглиси ёки бошқа бир номусли қиз учун у қай томонлама ибрат бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг! Энди қизи Европагами ёки у буюрган бошқа жойгами, албатта, боради!

Батлер Олдерсонга ўз режаларини айтишга мажбур бўлди ва ўз навбатида Олдерсон унга шахсига тегадиган ҳамма зарбалардан Каупервудни ҳимоя қилиш ҳам унинг вазифасига киришини айтди.

– Уни уришингиз ёки бошқача тарзда куч ишлатишингизга йўл қўя олмаймиз, – деганди у Батлер билан биринчи марта гаплашганда. – Бу қоидаларимизга тўғри келмайди. Сиз улар учрашадиган уйга кирасиз, агар бунинг учун ордер керак бўлса, уни топамиз, бу ишга алоқангиз борлигидан, албатта, ҳеч ким хабар топмайди. Биз ньюйорклик бир қизни қидириб юрибмиз деб айтамиз. Бироқ сиз ичкарига менинг одамларимдан бири билан кирасиз. Улар жанжал қилишга йўл қўйишмайди. Сиз қизингизни олиб кетишингиз мумкин – уни олиб кетамиз, агар хоҳласангиз, йигитни ҳам олиб кетишингиз мумкин. Бироқ у ҳолда унга бирор айб тақашингиз керак бўлади. Бундан ташқари, қўшнилардан кимдир бу ҳолатни сезиб қолиши эҳтимоли ҳам бор, сиз эса атрофингизга қизиқувчан одамларни тўплаб олмасликка кафолат беролмайсиз.

Батлернинг ўзи ҳам гумонда эди. Албатта, бунақа ишнинг ошкор бўлиш эҳтимоли кучли. Бироқ у ҳақиқатни билгиси келаётган, Эйлинни қўрқитиб қўйиб, унга таъсир ўтказмоқчи бўлаётганди.

Шундай қилиб, Олдерсон бир ҳафтадан сўнг Эйлин ва Каупервудларнинг Олтинчи кўчадаги, афтидан, хусусий уйда учрашишларини билиб олди. Аслида эса бу уй жуда олий тоифадаги ҳақиқий учрашувлар макони ҳисобланарди. Ғиштдан қурилган тўрт қаватли уйда ўн саккизта хона бўлиб, бачканароқ бўлса-да, лекин тоза эди. Уйнинг талабгорлари нозиктаъб инсонлар бўлиб, бу ерга киришга рухсат фақат эски мижозларнинг тавсияси билангина бўларди. Бу нарса ҳамма ман қилинган ишлар учун одатда керак бўладиган сир сақлашнинг гарови эди. “Менга шу ерда учрашув белгиланган”, дейилса бўлди ва агар иккала томон ҳам таниш бўлса, уй бекаси меҳмонларни дарров қулай хоналарга жойлаштирарди.

Каупервуд бу уйни аввалдан билар ва улар Ўнинчи кўчадаги файзлигина квартиралари билан хайрлашишга тўғри келгандан сўнг у Эйлинга шу ерда учрашишни таклиф қилганди. Олдерсон бу жой ҳақида билгач, Батлерга унинг хоналаридан бировни излаб топиш жуда мушкуллигини тушунтирди. Бунинг учун қидиришга ордер талаб қилинар, ордерни олиш эса жуда қийин иш эди. Албатта, куч билан бостириб кириш мумкин – одатда шундай ҳам қилинади. Бироқ у ҳолда уй эгалари ва мижозларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келиш мумкин бўлади. Шовқиннинг олдини олишнинг ягона йўли уй бекасига яхшигина пул бериб келишиш эди.

– Бироқ айни вазиятда бундай қилишнинг ҳожати йўқ, – деди Олдерсон. – Назаримда, уй бекаси сизни қизиқтираётган одамга яхши муносабатда, шекилли. Менимча, яхшиси, таваккал қилиб, уларни кутилмаганда ушлашга ҳаракат қилиш керак. Операция раҳбаридан ташқари бизга яна уч ёки тўртта одам керак бўлади, – тушунтирди Олдерсон. – Уларнинг бири қўнғироқ чалиниб, эшик очилгандан сўнг даҳлизга киради, қолганлар эса унинг кетидан кириб, ёрдам кўрсатишади. Шундан сўнг тезлик билан қидиришни бошлаб, ҳамма эшикларни очиш талаб қилинади. Хизматкорларга келсак – агар улар бўлса, иложи борича жим туришга мажбур қилиш керак. Бунга баъзан пул орқали, баъзан эса жисмоний куч билан эришилади. Шундан сўнг изқуварлардан бири хизматкор сифатида олдин бир эшикни, кейин иккинчисини, учинчисини тақиллатишни бошлайди (Батлер бошқа изқуварлар билан унинг орқасидан юриши керак бўлади) ва эшик очилгач, улар қидираётган одамлар ўша хонадами, билиш мумкин бўлади. Агар тақиллатганда очишмаса, эшикни синдиришларига тўғри келади. Уй аҳоли зич жойлашган кварталда жойлашган, демак, у ердан ташқари эшик ёки орқа эшик орқали қочиш мумкин, у ерга ҳам одамларимиз қўйилган бўлади.

Бу ҳар қандай қаршиликка қарамай, тўполонда Эйлинни билдирмай олиб чиқиб кетиш имконини берадиган режа эди.

Батлерга у қадар ёқимли бўлмаган бу иш тартибини тушунтириб берилганда, қаттиқ ҳаяжонланди. У фақат қизи билангина гаплашиб, бошқа ҳаракатлардан воз кечишни ўйлаб қолганди. Унга ҳамма нарсадан хабардорлиги ва қизининг қаршилиги бефойда эканини айтади. Кейин эса унга икки йўлдан бири: ё Европага кетиш, ёки ахлоқ тузатиш пансионига боришни танлашини таклиф қилади. Бироқ ўзининг қўпол табиатидан келиб чиқиб ва қисман Эйлиннинг қизиққон ва ўзбошимчалигидан ҳадиксирагани учун Батлер бошқа йўлини танлади. У Олдерсонга яна бир марта ҳаммасини ўйлаб кўриб, Эйлин ва Каупервудлар шу ердалиги маълум бўлиши билан унга хабар беришларини сўради. Шунда дарров етиб келади ва изқуварлар ёрдамида Эйлинни фош қилади.

Бу режа ёввойиларча ва хунук, қизини тўғри йўлга бошламоқчи бўлаётган ота учун мос келмайдиган фикр эди. Куч ишлатиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Бироқ Батлер буни тушунмаётганди. У қизини қўрқитмоқчи, силтаб ташлаш билан қизининг қилиқлари сира ақлга тўғри келмаслигини тушунишга мажбур қилмоқчи бўлаётганди.

Бир ҳафта кутиш билан ўтди ва ниҳоят Батлернинг асаблари таранг тортилган пайтда, улар кутаётган воқеа содир бўлди. Бу пайтга келиб Каупервудга расман айблов эълон қилинган бўлиб, у судни кутаётганди. Эйлин вақти-вақти билан унга отасининг йигитга муносабати қандайлигини етказиб турарди. Қиз бу гапларни отаси билан бўлган суҳбатлардан эмас (отаси қизига ҳамма гапни гапиравермас, у Каупервудни бутунлай йўқ қилишга қандай уринаётганини Фрэнкнинг ўзи билиб қолишини истамасди), балки эшитганларини Кэлем билан баҳам кўрган Оуэндан, Кэлем эса ўз навбатида ҳеч қандай шубҳага бормай, бу гапларнинг барини синглисига айтиб берганида биларди. Масалан, шу йўл билан қиз округ прокурори ўрнига ким сайланаётгани ва у Каупервуднинг ишида қандай ўрин эгаллашини (чунки бу одам Батлерларнинг уйида ва идораларида кўп бўларди) билиб олганди. Оуэн Кэлемга Шеннон, афтидан, Каупервудни “қамоққа тиқиш” учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилишини, чунки “қариянинг” фикрича, бу адолатли бўлишини айтиб берганди.

Қиз яна отаси Каупервуднинг яна контора очишига халал бермоқчи эканини ҳам билганди.

– Жамиятнинг бу фирибгардан қутулиши бир бахт бўлади! – деди бир куни газетадан Каупервуднинг ҳамма суд инстанцияларида қандай курашаётгани тўғрисида ўқиб қолган Батлер ўғлига.

Оуэн укасидан отаси нега Каупервудга нисбатан шунчалик қаршилик қилаётгани сабабини билишбилмаслигини сўради. Бироқ Кэлем ҳам ҳеч нимани тушунмаётганди. Бу гапларнинг ҳаммаси Эйлин орқали Каупервудга етиб борарди. У шу йўл билан ўзини суд қилиши керак бўлган судья Пейдерсон Батлернинг қалин дўсти эканини, Стинерни, афтидан, қонун қабул қилган муддатгача қамаб, бироқ тез орада уни афв қилишга уриниб кўрмоқчи бўлишаётганини ҳам билиб олди.

Каупервуд илгаригидек ўзини тетик тутарди. У молия дунёсида қудратли дўстлари борлиги, агар суд уни айбловчи қарор чиқарадиган бўлса, ана шу оғайнилари уни озод қилиш тўғрисида губернаторга мурожаат қилишларини айтиб, Эйлинни ишонтирарди. Ва умуман, у ўзини қамаламан деб ҳисоблаётгани йўқ эди, чунки айблари етарли даражада асосланмаганди. Ҳамма гап шундаки, халқнинг норозилигидан қўрқиб қолган ва Батлер туртиб турган сиёсатдон корчалонлар у орқали мушкул аҳволдан қутулиб олишмоқчи. Бу воқеаларнинг ҳаммаси Батлерга аноним хат келгандан кейин бошланганди.

– Азизам, агар отанг бўлмаганда, бу айбловни бир зумда ҳал қилган бўлардим, – деди йигит бир куни Эйлинга. – Молленхауэрнинг ҳам, сенатор Симпсоннинг ҳам менга шахсий адовати йўқ, бунга ишончим комил. Тўғри, улар мендан кўнка темир йўлларини тортиб олмоқчи ва, табиийки, биринчи ўринда Стинернинг ишини енгиллатмоқчи. Бироқ отанг бўлмаганда, улар бунчалик чуқурлашиб кетмаган ва мени ўз қурбонларига айлантирмаган бўларди. Бунинг устига, отанг бу Шеннон ва бошқа чурвақаларни хоҳлаганча ҳар қанақасига айлантиряпти. Ҳамма гап ана шунда! Улар бир нимани бошлаганларидан сўнг ўзларини тўхтата олмайди.

– Биламан, ҳаммаси мени деб бўляпти!.. – деди Эйлин. – Агар мен бўлмаганимда, отам ҳеч нарсадан шубҳаланмаганида, ўзи сенга ёрдамга келган бўларди. Баъзида шундай туюладики, гўё сенга мен бахтсизлик келтиргандекман. Энди нима қилишни ҳам билмаяпман. Агар бу ёрдам берадиган бўлса, ҳатто сен билан маълум вақт кўришмай туришга ҳам розиман, бироқ бу энди ёрдам бермаса керак. Фрэнк, сени жуда севаман! Сен учун ҳамма нарсага тайёрман. Одамлар нима деб ўйлаши, нима дейиши билан ишим йўқ. Сени севаман!

– Сенга шундай туюляпти, – қизга ҳазил қилди Каупервуд. – Сал ўтиб севмай қоласан. Бошқалар топилиб қолади.

– Бошқалар?!. – хитоб қилди Эйлин, унинг овозида нафрат оҳанги бор эди. – Энди мен учун бошқалар йўқ. Менга фақат сен кераксан, Фрэнк! Агар бир кун келиб мени ташлаб кетадиган бўлсанг, ўзимни ўлдираман. Мана кўрасан!

– Эйлин, бундай гапларни гапирма! – Каупервуднинг жаҳли чиқди. – Тентаклик қилма! Ўзингни ҳеч нарса қилмайсан. Сени севаман, биласан, ҳеч қачон ташлаб ҳам кетмайман. Бироқ ҳозир мени ташлаб кетсанг, ўзингга яхши бўларди.

– Оҳ, нималар деяпсан-а!.. – хитоб қилди қиз. – Сени ташлаб кетиш? Сенингча, шундай қилишга қодирманми? Бироқ ўзинг ташлаб кетадиган бўлсанг, гапимни ёдингда тут! Онт ичиб айтаманки, худди шундай қиламан!

– Бўлди, етар! Жим бўл!

– Онт ичаман! Севгим ҳаққи, онт ичаман! Ўзимнинг бахтим ҳаққи, онт ичаман! Ўзимни ўлдираман. Менга фақат сен кераксан!

Каупервуд ўрнидан турди. Ўзи қизда уйғотиб қўйган эҳтирос ҳозир уни қўрқитиб юборганди. Бу эҳтирос хавфли бўлиб, уларни қаергача олиб бориши номаълум эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации