Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 36 (всего у книги 41 страниц)
Каупервуд негадир бу товушда ҳамдардликни сезгани учунми, бўғзига йиғи тиқилгандек бўлди.
Бир неча қадамни қўйишгина қолганди.
Улар эшик олдига яқинлашганида Каупервуднинг кузатувчиси катта темир калит билан эшикни очди. Яна ўша катта қўл уни секин ичкарига итарди. Шу сониядаёқ унинг бошидан халтача олиниб, у ўзини деворлари оқланган тор камерада турганини кўрди.
Камера яхшигина қоронғи бўлиб, деразаси йўқ, бироқ шифт тагида ойна ўрнатилган ингичка туйнук бор эди. Ён томондаги деворлардан бирининг ўртасида, афтидан, кечаси ёқиш учун ишлатиладиган лампочка осилиб турарди. Бир бурчакда устига похол тўшак солинган ва иккита адёл турган темир каравот бор эди, адёллар, афтидан, ҳеч қачон ювилмагандек эди. Бошқа бурчакда эса мис жўмракли унча катта бўлмаган раковина бор эди. Каравотнинг рўпарасида кичкина токча бўлиб, оёқ томонида жуда эски ёғоч стул турарди; раковинанинг ёнида бурчакда титиғи чиқиб кетган супурги ҳам бор эди. Ўша ернинг ўзида, афтидан, челакдан сув қуйиб ювиладиган ҳожатхона ҳам бор эди. Камерада каламушлар ва ҳар хил бошқа паразитлар борлиги бу ердаги ёмон ҳиддан билиниб турарди. Полга тош ётқизилганди.
Каупервуд буларнинг барини бир қарашда назардан ўтказди, унинг нигоҳи катта ялтироқ катта қулф осилган оғир темир эшикда тўхтади. У шу заҳоти темир эшикнинг ортида уни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйган ёғоч эшик ҳам борлигини кўрди. Чарақлаган қуёш нури тўғрисида бу ерда гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бу ерда тозаликни ўрнатиш маҳбуснинг сув, совун ва супургини ишлата билиши ва хоҳишига боғлиқ эди. Камерани кўздан кечириб бўлиб Каупервуд назоратчига, жаноб Чепинга қаради.
Жаноб Чепин норғул, тоши оғир, ҳаракатлари вазмин, гўё ҳамма ёғи чанг билан қоплангандек, бироқ ювош одам эди. Унинг қўпол гавдасида қамоқхонанинг мундири қопдек осилиб турарди. У кучли кўринмас, мулойим башарасини оқариб кетган соқол қоплаганди. Яхши олинмаган сочи катта фуражкаси остидан яккам-дуккам бўлиб чиқиб турарди. Шунга қарамай, жаноб Чепин Каупервудда ёмон таассурот қолдирмади. Бунинг устига, бу одамни олдингиларга нисбатан эътиборлироқ бўлса керак деб ўйлади. Бу фикр унинг кўнглини кўтарди.
Каупервуд қаршисидаги бу инсон у қамоқхона тартиблари билан танишиб чиқиш учун икки ҳафтагина бўлиши керак бўлган “санитария кўригидан ўтказадиган жой”нинг назоратчиси эканини, ўзи эса жаноб Чепинга бириктирилган йигирма олти маҳбусдан бири эканини ҳали билмасди.
Танишишни осон қилиш учун у каравотнинг олдига келиб, унга ўтирди. Каупервудга эса ёғоч стулни кўрсатди ва у ҳам ўз навбатида стулни ўзига тортиб, ўтирди.
– Мана, сиз ҳам энди шу ердасиз, – ўта мулойимлик билан гап бошлади жаноб Чепин. Бу одам маҳбуслар билан муносабатда кўп тажрибага эга бўлиб, табиатан юмшоқ ва қўл остидагиларга шафқат билан муомалада бўларди. Ёши, туғма кўнгилчанлиги ва диний ақидалари (у квакер эди) уни раҳмдил бўлишга ундарди. Бироқ кейинчалик Каупервуднинг тушунишича, кўп йиллик кузатувлари унда маҳбусларнинг кўпчилиги табиатан ёмон одам, деган хулосага олиб келганди. Кендал каби у ҳам маҳбусларнинг ҳаммасини иродасиз, ҳеч нарсага арзимайдиган, турли ёмонликларга бериладиган одамлар деб ҳисоблар ва умуман олганда, у хато қилмаганди. Бироқ шунга қарамай, у муомалада кексаларча мулойимлик ва оталардек юмшоқликни ушлаб турар, чунки кўпчилик бўш одамлар каби у ҳам инсоний адолат ва одамгарчиликни ҳаммадан юқори қўярди.
– Ҳа, жаноб Чепин, мен шу ердаман, – оддийгина қилиб деди Каупервуд. У “содиқвой”дан эшитгани – назоратчининг фамилиясини эслаб қолганди. Бу чолга ёқиб кетди. У ҳозир бироз саросимада эди. Боиси қаршисида ўзи бир неча марталаб газеталарда ўқигани – шаҳар ғазначилигини ўмарган йирик банкир, машҳур Фрэнк Каупервуднинг ўзи турарди. У ҳам, унинг шериги Стинер ҳам (Чепин буни ҳам газеталардан ўқиганди) бу ерда анчамунча вақт бўлишлари керак эди. Беш юз минг доллар у пайтларда жуда катта пул ҳисобланарди. Каупервуднинг бу пуллар билан қилган ҳар хил найранглари (буни ҳам газетадан ўқиб билганди) у ёқда турсин, шунча пулни камомад қилишнинг ўзиёқ Чепинни ҳайратда қолдирганди. Қарияда у ҳар бир маҳбусга берадиган бир қатор саволлар формуласи мавжуд эди: маҳбус жиноят қилганига ачинадими, агар шароит йўл қўядиган бўлса, тузалмоқчими, унинг ота-онаси тирикми ва бошқа саволлар. Ва маҳбусларнинг қандай тарзда – бепарволик биланми, пушаймон бўлибми ёки қаршилик қилибми – жавоб берганларига қараб, уларнинг чиндан ҳам жазога лойиқ ёки лойиқ эмасликлари тўғрисида хулоса чиқарарди. У Каупервуд билан қандайдир қулфбузар, ўғри ёки муттаҳам билан гаплашгандек гаплашиб бўлмаслигини жуда яхши тушуниб турарди. Бироқ бу одам бошқача гаплашишни билмасди ҳам.
– Хўш, хўш, – гапида давом этди у. – Сиз жаноб Каупервуд, ҳеч қачон бундай жойларга тушиб қолишни ўйламаган бўлсангиз керак-а?
– Ўйламаганман, – бўйнига олди Каупервуд. – Жаноб Чепин, бир неча ой илгари ўзим ҳам бунга ишонмаган бўлардим! Назаримда, менга нисбатан адолатсизлик қилишди, бироқ бу ҳақда гапиришга энди кеч бўлди.
Каупервуд жаноб Чепин унга озгина насиҳат қилмоқчи бўлаётганини кўриб турар ва уни эшитишга тайёр эди. Яқинда у ёлғиз ўзи қолади ва бир оғиз гаплашишга биров бўлмайди; агар бу одам билан сал дўстона муносабат ўрната олса, жуда яхши бўларди: чўкаётган хасга ёпишаркан.
– Ҳа, албатта, ҳаммамиз ҳам ҳаётда хато қиламиз, – виқор билан гап бошлади ўзининг устозлик ва руҳонийлик қобилиятига ишонган жаноб Чепин. – Биз доим ҳам режаларимиздан нима иш чиқишини билавермаймиз, тўғрими? Мана сиз, шу ерга тушиб қолибсиз ва кўп нарса ўзингиз ўйлагандек бўлиб чиқмаганидан пушаймондирсиз-а? Бироқ ҳаммаси яна бошидан қайтариладиган бўлса, қилган ишингизни бошқатдан такрорламаган бўлардингиз, тўғрими?
– Йўқ, жаноб Чепин, худди шундай тарзда қайтармаган бўлардим, – самимийлик билан деди Каупервуд, – бироқ айтишим керакки, қилган ишларимнинг ҳаммасини тўғри деб ҳисоблайман. Юридик нуқтаи назардан менга ноқонуний жазо беришди деб ўйлайман.
– Ҳа-а, доим шунақа бўлади, – хаёлчанлик билан оқ сочли бошини қашир экан, мулойим жилмайиб, гапида давом этди жаноб Чепин. – Мен кўпинча бу ерга келадиган йигитларга биз ўзимизга туюлгандан камроқ нарса билишимизни айтаман. Биз дунёда ҳамма худди ўзимиз каби ақлли эканини ва бизни кузатиб турадиган одамлар доим топилишини кўпинча унутиб қўямиз. Суд ҳам, изқуварлар, қамоқхоначилар ҳам доим зийрак туришади; ўгирилишга улгурмасингдан сени тутиб олишади. Ўзини яхши тутмайдиган одам бу нарсалардан ҳеч қачон қочиб қутула олмайди.
– Ҳа, сиз ҳақсиз, жаноб Чепин, – унинг гапига қўшилди Каупервуд.
– Энди эса, – яна бир қанча насиҳатгўйликдан сўнг деди қария, – мана сизнинг каравотингиз ва стул, анави ерда эса умивальник ва ҳожатга чиқадиган жой. Эътибор беринг: ҳамма ёқ батартиб ва тоза бўлсин! (Худди у Каупервудга қимматбаҳо нарсани ишониб топширяпти, деб ўйлаш мумкин эди.) Эрталаб ўрнингизни ўзингиз йиғиштирасиз, полни супуриб, ҳожатхонангизни тозалаб, камерани тоза ҳолда сақлайсиз. Бу ишни сиз учун бошқа одам қилмайди. Эрталаб туришингиз билан ишга киришасиз, кейин эса соат олти яримда сизга нонушта олиб келишади. Эрталаб соат беш яримда туришингиз керак бўлади.
– Тушундим, жаноб Чепин, – ҳурмат билан деди Каупервуд. – Ишонаверишингиз мумкин: ҳамма кўрсатмаларингизни аниқ бажараман.
– Қилишингиз керак бўлган ишлар кўп эмас, – деди Чепин. – Ҳафтада бир марта бошингиздан оёғингизгача ювинишингиз керак, артинишингизга тоза сочиқ бераман. Ҳар жума куни камера полини ювиб чиқишингиз керак бўлади.
Бу гапдан Каупервуднинг сал афти буришди.
– Агар хоҳласангиз иссиқ сув олишингиз мумкин. Керакли одамга буюриб қўяман. Қариндошларингиз ва дўстларингизга келсак… – Чепин каравотдан туриб, баҳайбат пахмоқ ит каби силкинди. – Сиз уйлангансиз-а?
– Ҳа, – таъкидлади Каупервуд.
– Қоида бўйича хотинингиз ва дўстларингиз уч ойда бир марта кўргани келишлари мумкин, адвокатингиз эса… Адвокатингиз бор-а?
– Ҳа, сэр, – жавоб берди бу суҳбат қизиқтириб қолган Каупервуд.
– Адвокатингиз хоҳласа ҳар ҳафта ёки ҳар куни келиши мумкин. Адвокатларга тақиқ йўқ. Хат ёзишга уч ойда бир марта рухсат берилади, агар қамоқхона дўкончасидан тамакими ёки бошқа бир нарса керак бўлиб қолса, қоғозга ёзиб беринг, қамоқхона бошлиғида пулингиз бор экан, мен олиб келиб бераман.
Қария, албатта, чойчақа кўринишидаги порага учмаган бўларди. Унда ҳали кўҳна анъаналарга содиқлик бор эди, бироқ вақти келиб совғалар ёки хушомад билан уни қўлга олиш мумкин эди. Каупервуд буни тез орада уқиб қолди.
– Яхши, жаноб Чепин, мен ҳаммасини тушундим, – қария ўрнидан туриши билан у ҳам сакраб тураркан деди.
– Бу ерда икки ҳафта бўлганингиздан сўнг, – ўйчанлик билан қўшиб қўйди Чепин (буни илгарироқ айтишни у унутганди), – турма бошлиғи пастдан сизга доимий камера ажратиб беради. Бу пайтга қадар сиз қандай иш билан шуғулланишни хоҳлашингизни ҳал қилишингиз керак. Агар ўзингизни яхши тутсангиз, сизга ҳовличаси бор камера беришлари ҳам мумкин.
У чиқиб кетди ва орқасидан эшик шарақлаб ёпилди. Унинг охирги сўзларидан яхшигина хафа бўлган Каупервуд ёлғиз қолди. Фақат икки ҳафта ва уни бу ажойиб қариядан бошқа, балки, келишиш эҳтимоли қийин бўлган нотаниш назоратчига ўтказишади.
– Агар сизга керак бўлиб қолсам – касал бўлиб қоласизми ёки бошқа бир нарсами, мана бу ерда сигнал бор, – эшикни яна очиб деди Чепин. – Эшикнинг панжарасига сочиғингизни осиб қўйинг, бўлди. Ўтиб кетаётганимда мен кўраман ва нима кераклигини билиш учун кириб ўтаман.
Жуда руҳи тушиб кетган Каупервуд бир зумга жонланди.
– Эшитаман, сэр, – деди у. – Миннатдорман, жаноб Чепин!
Қария чиқиб кетди ва Каупервуд унинг қадам товушлари аста-секин тинаётганини эшитиб турди. У қулоғини динг қилганча тураркан, кимнингдир йўталгани, қандайдир машинанинг гувуллагани, эшик қулфига калит тиқилаётгани эшитилди. Бу товушлар ҳаммаси зўрға, узоқдан келаётгандек эди. Каупервуд ўринга яқинлашди: жой тозалиги билан ажралиб турмасди, устида чойшаб умуман йўқ эди. У қўли билан энсиз ва тошдек матрасни ушлаб кўрди. Мана энди, ҳашамат ва нафисликни яхши кўрадиган, уларнинг қадрига ета оладиган одам қандай ўринда ётаркан! Эйлинми ёки бой дўстларидан бирорта си буни кўриб қолса нима бўлади? Бу ўринда бўлиши мумкин бўлган ҳашаротларни ўйлаб, Каупервуднинг кўнгли беҳузур бўлди. Энди нима қилиш керак?
Бу ердаги ягона стул жуда ноқулай эди. Шифт тагидаги туйнукдан тушаётган ёруғлик камерани жуда хира ёритиб турарди. Каупервуд бу шароитга секин-аста ўрганиш фикрига кўникаётганда, кўзи бурчакдаги ҳожат челагига тушиб, яна кўнгли ижирғанди. Бунинг устига, яна каламушлар пайдо бўла бошлайди. На расм, на китоб – кўзга завқ берадиган ҳеч нарса йўқ, ҳатто қулоч ёзишга ҳам жой етарли эмас, атрофда эса ҳеч бир жонзот йўқ, фақат тўрт девор ва ташқаридаги эшикни қулфлашгандан кейин у туни билан чидаши керак бўлган жимжитлик бўлади. Қандай даҳшатли ҳаёт!
Каупервуд каравотга ўтириб, ўзи тушиб қолган вазият ҳақида ўйлай бошлади. Демак, у Шарқий қамоқхонада ва бу ерда душманларининг (шу жумладан, Батлернинг ҳам) ҳисоби бўйича у тўрт йил ва ундан кўпроқ ўтиради. Стинер ҳам – бирдан йигитнинг хаёлига келиб қолди: ҳозир Каупервуднинг ўзи яқиндагина бошидан ўтказган барча жараёнлардан ўтаётган бўлса керак. Бечора Стинер! Қанчалик аҳмоқлик қилиб қўйди! Майли, энди ўз аҳмоқлиги учун жазосини тортиб ўтираверсин! У билан Стинернинг ўртасидаги фарқ шундаки, Стинерни бу ердан чиқариб олишга ҳаракат қилишади. Балки, ҳозирнинг ўзидаёқ унинг шароитини енгиллаштиришгандир, бироқ Каупервуд буни билмайди.
Каупервуд қўли билан иягини ишқалаганча, компанияси, уйи, дўстлари, ота-онаси ва Эйлин ҳақидаги хаёлларга берилди. Сўнгра соатига қўл чўзаркан, шу заҳоти уни олиб қўйишгани ёдига тушди. Демак, ўлганнинг устига тепгандек, у вақтни ҳам била олмайди…
Ўзини чалғитиши учун унинг на ёзув дафтарчаси, на ручкаси, на қалами бор эди. Бунинг устига, у эрталабдан бери ҳеч нарса емаган, ўлгудай оч. Бироқ бу муҳим эмас. Муҳим нарса шуки, у бутун дунёдан узилиб қолди, бу ерда ёлғизликда тутқунда ўтирибди, ҳатто ҳозир соат нечалигини ҳам билмайди ва ҳеч бир иш билан ҳам шуғуллана олмайди. Тўғри, Стежер яқин орада келиб қолса керак. Шу нарса одамни сал овунтириб турибди. Бироқ ёнғингача у ким бўлгани, олдида қандай буюк келажак турганини эсласа… Энди у кимга айланиб ўтирибди!
Каупервуд оёғидаги бошмоқларни, кийимини кўздан кечира бошлади. Оҳ Худойим!.. Кейин у ўрнидан туриб у ёқдан-бу ёққа юрди, бироқ ҳар бир қадамидан чиққан баланд товуш қулоқлари остида жаранглади. Шундан сўнг у эшик олдига келиб, қулф тешигидан қарай бошлади, бироқ ўзиники каби бошқа камера эшигининг бир чеккасидан бошқа ҳеч нарсани кўра олмади. Ниҳоят, стулга ўтириб яна ўйга толди, сўнгра ниҳоят чарчаганини ҳис қилди ва бир амаллаб кир ўринга ётиб кўришга уриниб кўрмоқчи бўлди ва секин каравотга чўзилди. Жуда ҳам ноқулай эмас экан, шекилли. Бироқ сал ўтиб у сакраб туриб кетди ва стулга ўтирди, кейин яна ўрнидан туриб, камерани айлана бошлади ва яна ўтирди. Бундай тор жойда айлана олмайсан ҳам, ўйлади у. Йўқ, бунга чидаб бўлмайди – худди тирик кўмилганга ўхшайсан! Буни қаранг-а, энди у бутун вақтини шу ерда ўтказади – кунма-кун, тонгма-тонг токи… Токи қачонгача? Губернатор уни афв қилмагунчами ёки у муддатини ўтамагунчами ёхуд бор бойлигининг қолган-қутгани тугамагунчами… ёки…
Каупервуд хаёлга толганча ўтирар, вақт эса ўтиб борарди. Ниҳоят, Стежер келганда соат бешлар бўлиб қолганди. Адвокат узоқ қололмади. Каупервудни яқин пайшанбами, жума ёки душанбагами унинг собиқ мижозлари қўзғаган иш бўйича чақириш масалалари билан боғлиқ иши жуда кўпайиб кетганди. Бироқ адвокат кетгандан сўнг оқшом чўкиб, Каупервуд кичкинагина керосин лампанинг устидаги ёниб бўлган пиликни қирқиб ташлади ва эшикдаги туйнукдан назоратчининг назорати остида “содиқ” келтириб берган ярим ун, ярим кепакдан ёпилган бемаза нон билан аччиқ чой ичиб олди. Бироқ юраги баттар увуша бошлади. Сал ўтиб бошқа “содиқ” ҳеч нарса демай, қўполлик билан ташқари эшикни шарақлатиб ёпиб кетди. Соат тўққизда – Каупервуд буни эслаб қолганди – қаердадир катта қўнғироқ чалинади ва шунда у дарров керосин лампасини ўчириб, ечиниши ва ётиши керак бўлади. Қоидани бузганлик учун жазоланади – балки, овқати камайтирилар, жазо кўйлаги кийдирилар, эҳтимол, калтаклашар – айнан нималигини деярли билмасди…
Каупервуд тушкунликка тушган, ғамгин, силласи қуриганди. Шунча узоқ курашгани бекор бўлди! Раковина олдида қалин сопол чашкаси ва жез тоғорачасини ювиб, Каупервуд кийимларининг барини, ҳатто кальсонини ҳам ечиб, ўринга чўзилди. Камерада ҳаво илиқ ҳам эмасди ва у кўрпасига ўралиб исиниб олмоқчи бўлди. Бироқ фойдаси бўлмади: унинг қалби музлаб кетаётганди.
– Йўқ, бунақаси кетмайди! – ўз-ўзига деди у. – Бунақаси кетмайди! Мен бунга кўп чидай олмайман.
У деворга ўгирилиб ётаркан, яна бир неча соат изтироб чекди ва ниҳоят ухлаб қолди.
54
Туғма омади, тагли-тугли келиб чиқиши ёки қариндошлари ва дўстларининг донишмандлиги ёрдамида тасодифий “тақдир тўқмоғи”дан қочиб қола оладиган одам Каупервуднинг шу биринчи кунлари камерасида ёлғиз ўтириб, ўзининг шунчалик уддабуронлигига қарамай, энди нима бўлиши тўғрисида ўйлаб, қайғуга ботган ҳолатини жуда яхши тушунади. Руҳан жуда кучли бўлган одамлар ҳам вақти келганда руҳий тушкунликка тушиб қолишади. Шундай дақиқалар бўладики, жуда ақлли одамлар ҳам – ўшаларга балки кўпинча шундай туюлса керак – ҳаёт қора бўёқлардан иборатдек кўринади. Тақдир ўйинларида қанчалик даҳшатли нарсалар бор! Фақат ўз кучига ишонган ботирларгина ҳаётга тик қарашга қодирдирлар. Каупервудни ўта иқтидорли дейиш озгина муболаға бўларди. Унинг ақли кўпинча ҳаётий тажрибаси мўл одамларда бўлгани каби етарли даражада ўткир бўлиб, шахсий муваффақиятга интилиш билан қўшилиб кетганди. Бу бамисли ўткир нурини ҳаётнинг турли қоронғи бурчакларига бура оладиган улкан ёриткич каби қудратли салоҳият эди, аммо ҳозир унинг кучи ҳаддан ташқари зулматни ёритишга етарли эмасди.
Каупервуд буюк астрономлар, социологлар, файласуфлар, кимёгарлар, физиклар ва физиологлар устида бош қотирадиган муаммоларни қайсидир даражада тасаввур қилиб кўрарди; бироқ бу нарсалар уни чиндан ҳам қизиқтиришига ишончи комил эмасди. Ҳаёт ўзига хос сирларга тўла. Ва, эҳтимол, кимдир уларнинг ечимини топиши керакдир. Бироқ нима бўлганда ҳам, Каупервудни бошқа йўналиш ўзига тортарди. Унинг қизиқиши “пул қилиш” – катта фойда келтирадиган корхоналар ташкил этиш ёки ўша кунгача топганларини асраб қолиш эди.
Бироқ яхшилаб ўйлаб кўриладиган бўлса, ҳозир унга шунинг ҳам иложи йўққа ўхшаб туюлаётганди. Унинг иши юзага келган фалокатлар сабаб жуда ҳам бузилиб кетган, тагидан ўпирилганди. Стежер унга тушунтиргандек, у банкротлигидан келиб чиққан ишлар бўйича йиллаб курашса бўларди, бироқ бу орада унинг маблағи тугаб, қарз мажбуриятлари бўйича фоизлари ошиб, суд харажатлари тўпланиб қолиши мумкин эди. Бундан ташқари, у Стежер билан қарздорларидан кимлардир ўз қоғозларини Батлерга, кимлардир Молленхауэрга сотганини билиб қолишди, улар эса ҳеч қандай келишувга рози бўлишмайди ва ўз ҳақларининг тўла қопланишини талаб қилиб туриб олишади. Каупервуд умид қилиши мумкин бўлган ягона нарса – маълум вақт ўтгандан сўнг кредиторларидан ким биландир келишиб, Стивен Уингейт орқали яна “иш қилиш” эди. Агар Стежер қамоқхона бошлиғи Майл Десмас билан келиша олса, Уингейт унинг олдига шу кунларда келиши керак эди. Қамоқхона бошлиғи Каупервуд қамоққа келган куннинг эртасигаёқ янги маҳбусни кўргани кирганди.
Майкл Десмас келиб чиқиши ирландиялик бўлган, сиёсатни сал-пал тушунадиган, табиатан бақувват одам эди. У Филадельфияга келган пайтидан бери бир қанча лавозимларда ишлаганди: ёшлигида полициячи бўлган, фуқаролар уруши даврида капраллик қилган, ҳозир эса Молленхауэрнинг қўлида итоатли қуролга айланганди. Унинг елкалари кенг, ниҳоятда мушакдор ва эллик етти ёшда бўлишига қарамай, қўл жангида ўзини бемалол ҳимоя қила оларди. Унинг қўллари катта-катта, томирли бўлиб, юзи думалоқми, чўзинчоқми, қандайдир тўртбурчаксимон эди. Пешонаси эса кенг, оқ сочининг толалари қалин ва қуюқ бўлиб, юқори лабининг устида калта кесилган, оқарган мўйлови ҳам бор эди. Кулрангҳаворанг кўзларининг қараши ақли ва идрокининг кучлилигидан дарак берар, ёноқлари қизғиш бўлиб, жилмайганда қиррали оппоқ тишлари кўриниб, бўрини эслатарди. Десмас қаҳри қаттиқ одамдек кўринишига қарамай, ундай эмасди ва ҳатто баъзида мулойим ҳам бўлиб қолар, аммо қайсидир даражада ғазаби ҳам қайнаб кетарди. Маҳбуслар ўртасидаги фарқни (ахлоқий маънода ҳам, жамиятдаги ўрни маъносида ҳам) кўра билишга Десмаснинг ақли ожизлик қиларди. У қамоқхонага вақти-вақти билан сиёсий аҳамиятга эга эканликларига қарамай, алоҳида эътибор бериш керак бўлган одамлар келиб қолишини тушунмасди. Бироқ юқоридаги сиёсатдонлар Десмасга маҳбуслар орасидаги фарқни кўрсатишадиган бўлса (Каупервуд ва Стинер билан бўлганидек), унда бошқа гап. Нима бўлганда ҳам, қамоқхона – ҳар дақиқада адвокатлар, шифокорлар, журналистлар ва ниҳоят, шунчаки маҳбуснинг қариндош-уруғлари ва дўстлари келиб қолиши мумкин бўлган жамоат жойи, шундай экан, қамоқхона бошлиғи жуда бўлмаганда қўл остидагилар устидан ҳукмронликни йўқотиб қўймаслиги учун ҳам, баъзида ҳатто у ёки бу сиёсатдоннинг хоҳишига қарамай, бу ерда тартиб ва интизомни сақлаши зарур ва бирорта ҳам маҳбусга алоҳида енгилликлар қилинишига йўл қўймаслиги керак. Албатта, маҳбуслар сафига бой ва тантиқ, жамият ҳаётида учраб турадиган ҳар хил воқеаларнинг қурбони бўлган одамлар тушиб қолади ва бундай одамларга иложи борича раҳмдиллик билан муносабатда бўлиш керак.
Десмас Каупервуд билан Стинернинг бутун тарихини биларди, албатта. Хўжайинлар Стинернинг хизматларини ҳисобга олиб, унга юмшоқроқ муносабатда бўлиш ҳақида Десмасни огоҳлантиришганди. Каупервуд масаласида эса ҳамма унинг бошига кулфат тушди, деб ҳисоблаётган бўлса-да, ҳеч ким Десмасни бу ҳақда огоҳлантирмаганди. Қамоқхона бошлиғи, албатта, унинг учун нимадир қилиши мумкин, бироқ бу ўзи учун хавф ва таваккал иш бўлади.
– Батлер бу йигитга тишини қайраб юрибди, – деганди бир куни Стробик Десмасга. – Ҳамма гап ўшанинг қизидан бошланганди.
Батлерга қулоқ солинадиган бўлса, Каупервудни нон-сув билан қантариб қўйиш керак, бироқ у ёмон йигит эмас. Очиғини айтганда, Стинернинг зиғирча ақли бўлганда, Каупервуд ҳозир бу ерда ўтирмаган бўларди. Бироқ акулалар Стинердан кўзини узмаётган ва уни Каупервудга қарз беришга қўймаётганди. Стробикнинг ўзи Молленхауэр таъсирида Стинерга Каупервудга ортиқ қарз бермасликни буюрган бўлса-да, ҳозир ўз қурбонини айблаб ўтирганди. Ўзи қилган иш унинг хаёлига ҳам келмаётганди.
Каупервуд “катта учлик”нинг ҳурматига лойиқ эмаслигини кўрган Десмас унга алоҳида эътибор бермасликка, ҳар ҳолда унга бирор енгиллик беришга шошмасликка қарор қилди. Стинерга қулай кресло, тоза чойшаб, алоҳида идишлар, газеталар, хат ёзишга рухсат, олдига келганларга рухсат каби имтиёзлар берилганди. Каупервуд масаласида эса… Уни олдин яхшилаб кузатиб, кейин ҳал қилиш керак!
Бу орада Стежернинг ҳаракатлари ҳам натижасиз бўлмади. Каупервуд қамоқхонага тушгандан сўнг Десмас Ҳаррисбургдаги жуда муҳим бир одам – Тэренс Рэлихендан хат олганди. Бу хатда у Каупервудга кўрсатилган ҳар бир яхшилик учун жуда миннатдор бўлиши ёзилганди.
Мактубни ўқиб чиққач, Десмас Каупервуднинг камерасига қараб кетди ва олдин унга эшикдаги тирқиш орқали қарамоқчи бўлди. Йўлда у гаплашиб қолган жаноб Чепин Каупервудни жуда яхши таърифлаб берди.
Десмас Каупервудни илгари ҳеч кўрмаганди. Каупервуд эгнидаги хунукдан-хунук қамоқхона кийими, арзон кўйлаги, ғарибона камерада ўтиришига қарамай, унда чуқур таассурот қолдирди. У кўзлари олма-кесак терадиган, рангпар ва нимжон – одатдаги маҳбус ўрнида келишган қоматини на эгнидаги хароб кийимлар, на бошига тушган бахтсизликлар бука олмаган, кучли, тиришқоқ ва мана шу фазилатлари юзида ҳам акс этиб турган эркакни кўрди.
Ким бўлишидан қатъи назар, қаршисида тирик жон пайдо бўлганидан хурсанд бўлиб кетган Каупервуд бошини кўтариб, ўтмишда уни таниганларнинг барчасида ўзига чуқур ишонч уйғота олган катта-катта, тиниқ ва синчков кўзлари билан Десмасга тикилди. Десмас ҳаяжондан қотиб қолди. У олдиндан таниган ва қамоқхонада ҳам кўргани – Стинер билан солиштирганда Каупервуд ҳақиқий кучли одамнинг тимсоли эди. Одамлар нима демасин, бироқ кучли одам иккинчи бир кучлини, албатта, ҳурмат қилади. Десмас эса жуда катта жисмоний кучга эга эди. У Каупервудга, Каупервуд эса унга қараб туришарди. Ва Десмас беихтиёр унга ачиниб кетди. Худди икки йўлбарс бир-бирига тикилиб тургандек эди.
Каупервуд ички сезгиси билан қаршисида қамоқхона бошлиғи турганини ҳис қилди.
– Янглишмасам, жаноб Десмассиз, шекилли? – деди у мулойим хушмуомалалик билан.
– Ҳа, сэр, шундай, – жавоб берди Десмас Каупервудга борган сари қизиқиб. – Бизнинг жойларимиз у даражада серҳашам эмас, нима дедингиз?
Қамоқхона бошлиғи ўша бўрини эслатадиган учли тишларини кўрсатиб жилмайди.
– Ҳа, албатта, жаноб Десмас, – худди ҳарбийдек ғоз туриб таъкидлади Каупервуд, кейин жилмайиб қўшиб қўйди, – мен ҳам ажойиб меҳмонхонага тушиб қоламан, деб ўйламагандим.
– Сизга бирор нимада ёрдамим тегмайдими, жаноб Каупервуд? – сўради шу заҳотиёқ хаёлидан бундай одам бир куни керак бўлиб қолади, деган фикр ўтган Десмас. – Мен адвокатингиз билан гаплашгандим.
Каупервуд бошлиқнинг “жаноб” деб мурожаат қилишидан жуда хурсанд бўлиб кетганди. Мана, шамол қаёқдан эсаркан! Майли, демак, бу ерда аҳволи жуда ёмон бўлмайди! Ҳали кўради. Бу одамга бир қармоқ ташлаб кўриш керак!..
– Мен сиз учун бажариш қийин бўладиган ҳеч нарса сўрамоқчи эмасман, – ҳурмат билан деди Каупервуд. – Бироқ чиндан ҳам, баъзи нарсаларни ўзгартиришни хоҳлардим. Менга чойшаб беришларини хоҳлардим, кейин… агар рухсат берсангиз, уйдан иссиқ ичкийимларимни олиб келишга рухсат беришса, устимдаги кийим жуда ноқулай.
– Ҳа, чиндан ҳам бу жуда сифатли жун мато эмас, – ўта хотиржамлик билан деди Десмас. – Бу матони шу ерда қаердадир, Пенсильванияда штат учун тўқишади. Агар ўз ичкийимингизни кийишни хоҳлаётган бўлсангиз, қаршилигим йўқ. Чойшаблар ҳам шундай, ўзингизники бўлса, бемалол ишлатишингиз мумкин. Фақат жуда шошилманг. Бу ерда ўз ишига қандай ёндашиш кераклигини бошлиққа ўргатиб қўйишни хоҳлаб қоладиганлар доим ҳам топилади.
– Буни жуда яхши тушунаман, – жавоб берди Каупервуд, – ва сиздан жуда миннатдорман. Мен учун қилган барча ҳаракатларингиз муносиб тақдирланади ва сизга ёмон таъсири бўлмайди. Мана шу деворлар ортида вақти келиб сизга миннатдорлик билдира оладиган дўстларим жуда кўп.
Каупервуд нигоҳини қамоқхона бошлиғидан узмаган ҳолда вазминлик билан таъсирли гапираётганди. Десмас унинг сўзларидан ғоят таъсирланди.
– Яхши, яхши, – деди бошлиқ ҳали ҳам ўша дўстона оҳангда. – Албатта, кўп нарса ваъда қила олмайман. Қамоқхона қоидаси, барибир – қоида. Бироқ, албатта, нималардир қилиш мумкин, чунки бу қоидалар ўзини яхши тутганлар учун маълум бир енгилликларни қилиш имкониятини беради. Агар хоҳласангиз, бундан кўра анча қулайроқ стул ва ўқишга нимадир берамиз. Мабодо бизнесингизни давом эттиришни истайдиган бўлсангиз, уни тўхтатинг демаймиз. Албатта, ҳар ўн беш дақиқада одам келишига йўл қўя олмаймиз, бу ерни савдо идорасига айлантириб олишнинг ҳам иложи йўқ. Бироқ баъзибаъзида дўстларингиз билан кўришиб туришингизга қаршилик қила олмаймиз. Хатларингизга келсак… Бошида биз уларни одатий усулда очиб кўришимиз керак бўлади. Бунга ўзим қарашим керак. Яна қайтариб айтаман: бундан ортиғини ваъда бера олмайман. Сизни бу ердан пастга ўтказгунларича кутиб турамиз. У ерда ҳовлиси бор бир нечта камера бор, агар шулардан бўши бўлиб қолса…
Қамоқхона бошлиғи маъноли кўз қисиб қўйди ва Фрэнк ўзини анчагина ёмон бўлса-да, ҳар ҳолда у қўрқиб кетаётганчалик шароит кутмаётганини тушунди. Десмас унга ўзи учун қандай ҳунар билан шуғулланишни танлашни ўйлаб кўришни таклиф қилди.
– Ҳали нимадир билан бўлса-да, қўлингизни банд қилишни хоҳлаб қоласиз. Буни жуда яхши биламан. Сал вақт ўтгандан кейин бу ерда ҳамма ишлашга ҳаракат қилиб қолади..
Каупервуд уни тушунди ва миннатдорлик билдирди. У қимирлаш ҳам мушкул бўлган камерада ҳаракат қилмай ўтиришни тасаввур ҳам қила олмаётганди. Энди эса Уингейт ва Стежер билан тез-тез кўришиб туриш имконияти бўлади ва бироз вақт ўтиб қамоқхона маъмуриятининг назоратисиз хат ёзишиб тура олиши мумкин. Худога шукур: у ўзининг ипак ва жундан тикилган ички кийимларини кия олиш имконига эга бўлади, вақти келиб оёғидаги қўпол бошмоқларни ҳам ечиш мумкин бўлиб қолар. Бу енгилликларга эришганидан сўнг у бирор ҳунар билан шуғулланади, Десмас айтиб ўтган ҳовлида айланиши мумкин ва ҳаётини зўр демаса-да, бир амаллаб чидаса бўлади.
Жаноб Чепиннинг назорати остида ҳозирги камерасида ўтказган икки ҳафта давомида Каупервуд кўп нарсани билиб олди. Бу оддий қамоқхона эмасди. На у, на бошқа кўпчилик маҳбуслар учун бу ерда умумий қамоқхона ҳаёти йўқ эди. Маҳбусларнинг кўпчилиги ўз камерасида ўтирганча сукунат ичида қандайдир бир иш билан машғул бўлар ва атрофида нималар бўлаётганидан бутунлай бехабар қоларди. Бу ернинг асосий режими қамоқда ёлғиз бўлиш бўлиб, маҳбусларнинг маълум бир сонигина камерадан ташқаридаги ишларга жалб қилинарди. Каупервуд тахмин қилганидек – Чепин ҳам буни тасдиқлади: тўрт юзта маҳбусдан етмиш бештасигина (улар ҳам доим эмас) полизда, боғда, тегирмонда умумий тозалаш ишларига жалб қилинар ва шунинг ўзи ҳам одамни ёлғизликдан қутқарарди. Бироқ шу бахтга эришганларга ҳам ўзаро гаплашиш тақиқланган, улар иш давомида бошларидаги қопдан озод бўлишса-да, ишга кетаётганда ва камерага қайтаётганда уни кийишга мажбур эдилар. Каупервуд бу одамларнинг ўз камераси олдидан оғир қадамлар ташлаб ўтаётганини кўп кўрди ва бу нарса доим унда жуда оғир ва хунук таассурот қолдирарди. Баъзида у бундан кейин ҳам қария Чепин назорати остида қолгиси келаётган, бироқ бунинг иложи йўқлигини жуда яхши тушунарди.
Икки ҳафта жуда тез (айтиш керакки, бу жуда зерикарли ва оғир ҳафталар эди) бир хил вазифалар – каравотни йиғиштириш, камерани тозалаш, овқат ейиш, ечиниш, соат беш яримда туриш, соат тўққизда уйқуга ётиш, овқатдан сўнг идиш-товоқ ювиш ва бошқа машғулотлар билан ўтди. Каупервуд қамоқхона овқатига ҳеч ўргана олмайдигандек эди. Соат олти яримда нонуштага озгина оқ ун аралашган кепакдан ёпилган бир парча нон ва қора қаҳва бериларди. Соат ўн бирдаги тушлик бир парча қаттиқ гўшт солинган нўхат шўрва ва яна ўшандек нондан иборат, кечки овқатга эса соат олтида аччиқ чой билан яна ўша нон – на сарёғ, на сут ва на шакар бор. Каупервуд чекмасди, шунинг учун бериладиган кичкина тамакининг унга қизиғи йўқ эди.
Биринчи икки ёки уч ҳафта давомида Стежер ҳар куни келиб турди, қамоққа тушганининг иккинчи куни эса унинг янги ҳамкори Стивен Уингейт ҳам олдига ҳар куни келиб туришга рухсат олди. Десмас Каупервудга бундай енгиллик беришга ҳали эрта деб ҳисоблаётган бўлса ҳам, бунга рухсат берди. Келувчилар Каупервуднинг олдида бир-бир ярим соатча қолишарди, кейин яна ёлғизликдаги узундан-узоқ кун давом этарди. Соат тўққиз билан бешнинг орасида Фрэнкни бир неча марта унинг банкрот бўлгани муносабати билан айблов бўйича кўрсатмалар бергани судга олиб боришди ва бу ишлар ҳам унинг вақтини анча қисқартирди.
Қизиғи шуки, Каупервуд бутун оламдан ажратиб қўювчи қамоққа (эҳтимол, узоқ йилларгадир) тушиши биланоқ бир пайтлар жуда яқин бўлган одамлар ҳам унга ёрдам бериш ҳақида ўйлашни унутиб қўйишганди. Ҳамманинг фикрича, у тамом бўлган одам эди. У қилиши мумкин бўлган ягона нарса вақти келиб қамоқдан чиқиб олиши учун ўз кучини ишга солиш эди. Бироқ бу вақт қачон келишини ким билади? Ва шу билан ҳаммаси тамом! У энди ҳеч қачон олдинги мавқеини тиклай олмайди, ҳеч қачон бирор таъсирга эга бўла олмайди – ҳамманинг фикри шу эди. Афсус, бу жуда қайғули, фожиали – бироқ у энди ҳеч нимани ортга қайтара олмасди.
– Қобилиятли йигит эди, – деди Жирард миллий банкининг президенти Дэвисон Каупервуднинг қамалгани тўғрисидаги хабарни ўқиб. – Жуда, жуда афсус! Беҳад катта хато қилди!
Каупервуд фақат ота-онаси, Эйлин ва кўнглида алам ва соғинч аралашган хотинигагина етишмаётганди. Энг кўп азобни эҳтиросга чулғанган Эйлин чекаётганди. Тўрт йилу уч ой, ўйларди у. Агар у муддатидан олдин чиқмаса, ўзи йигирма тўққиз ёшда, Каупервуд эса қирқларда бўлади. Каупервуднинг унга бўлган ҳиссиётлари сақланиб қолармикин? Эйлин ўша пайтда ҳам чиройини сақлай оладими? Деярли беш йилга яқин бу вақт ичида Каупервуднинг қарашлари ўзгариб кетмайдими? У доим маҳбусларнинг кийимини кийиб юради, унинг “қамалиб чиққан” деган номи бўлади.
Бу хаёллар қанчалик оғир бўлмасин, улар қизнинг қалбидаги нима бўлганда ҳам Фрэнкдан воз кечмаслик ва бор кучи билан унга ёрдам бериш аҳдини мустаҳкамларди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.