Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 26

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 26 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

У жим бўлиб қолди – Батлер бўлиб ўтган воқеалардан кейин демоқчи бўлаётганди. Эйлиннинг бу масалага қандай оғриқ билан қараётганини сезиб турарди. Батлер оталарча ғамхўрлик ҳақидаги фикрларига амал қилмай, унинг изидан пойлагани учун Эйлин, албатта, ўзини ҳақоратлангандек ҳис қиляпти. Бироқ бошқа томондан, қизининг қилмиши қандай уятли, шармандали!

– Қилган бу хатоингдан сўнг, – гапини тугатди қария, – бу ерлардан кетишни ўзинг хоҳлаб қоласан. Бошқа яна гуноҳ қилишни хоҳламайсан-ку! Бу ҳамма қонунларга – Яратганнинг қонунларига ҳам, инсоний қонунларга ҳам зид ҳолат.

Кекса Батлер қизи ўзи содир этган гуноҳни, бу фосиқлик эканини тушуниб етишини жуда хоҳлаётганди. Бироқ Эйлин бундай хаёллардан узоқда эди.

– Ота, сиз мени тушунмаяпсиз!.. – отаси гапини тугатиши билан умидсиз овозда гап бошлади Эйлин.

– Тушунишга қодир эмассиз. Менинг ўз қарашларим бор, сизнинг ўз қарашларингиз бор. Ва қалбимга буюра олмайман! Агар ҳақиқатни билмоқчи бўлсангиз – мен католик черковининг ақидаларига ортиқ ишонмайман. Ва бошқа гапим йўқ.

Эйлин шундай деди-ю, айтганларига пушаймон қилди. Бу гаплар оғзидан кутилмаганда чиқиб кетганди. Батлернинг юзида жуда умидсизлик ва маъюс ифода пайдо бўлди.

– Сен черков ақидаларига ишонмайсанми? – қайта сўради у.

– Йўқ, унчалик эмас. Сизчалик эмас.

Отаси бошини чайқади.

– Ичингга шайтон кириб олибди!.. – деди қария. – Қандай бахтсизликка учраганинг менга аён бўлди, қизим. Бу Каупервуд сени, танангни, руҳингни тамом қилибди. Нимадир қилиш керак. Жуда каттиққўл бўлгим йўқ, бироқ сен Филадельфиядан кетишинг керак. Бу ерда қолишинг мумкин эмас. Бунга йўл қўймайман! Чет элга ёки Янги Орлеанга, холангникига, қаергадир кетишинг керак. Бу ерда қолишингга йўл қўймайман, бу жуда хавфли. Бу гаплар ҳамма ёққа ёйилиб кетади. Кейин газеталар бунинг дарагини эшитади. Сен ёшсан, бутун ҳаётинг олдинда. Имонинг куйишидан қўрқиб кетяпман, бироқ ҳали ёш экансан, ақлингни йиғиштириб оласан. Мен гапимдан қайтмайман. Бу сенинг ва черков олдидаги бурчим. Сен ахлоқингни ўзгартиришинг, бу одам билан ажралишинг керак. Бир умрга! Сенга уйланиш унинг хаёлида ҳам йўқ, бироқ у эринг бўлишни хоҳласа-да, бу Худонинг олдида ҳам, одамлар олдида ҳам гуноҳ саналган бўларди. Йўқ, бундай бўлмайди! У синган, у муттаҳам, ўғри! Агар унга турмушга чиқсанг, дунёдаги энг бахтсиз аёл бўласан! У сенга хиёнат қилади. У вафодорликка қодир эмас. Мен бундайларни яхши биламан!

Қария нафасини ростлаб олди: уни ғам бўғиб ташлаётганди.

– Билиб қўй, сен жўнаб кетишинг керак! Сенга бу гапни яхшилик тилаб айтяпман, лекин итоат этишингни талаб қиламан! Мен фақат сенинг фойдангни ўйлаяпман. Сени яхши кўраман, бироқ жўнаб кетишинг шарт! Сени жўнатиб юбориш менга оғир, ўзимга қолса, аввалгидек биз билан яшайверганинг яхши эди. Кетишингдан ҳеч ким мендан ортиқроқ хафа бўлмайди. Бироқ кетишинг керак. Кетишинг онангга ғалати бўлиб туюлмаслиги учун ҳаракат қил, бироқ бу ердан жўнаб кетишинг керак, эшитяпсанми, керак!

Батлер пахмоқ қошлари тагидан қизига қараб жим бўлиб қолди. Қиз отасининг қарори ўзгармаслигини тушуниб турарди. Кекса Батлернинг юзида қатъий, бироқ ялингудек ифода бор эди. Эйлин ҳеч нима демади. Баҳслашишга ортиқ кучи йўқ эди. Барибир фойдасиз. Бироқ кетиш… Йўқ, у ҳеч қаерга кетмайди. Қиз буни аниқ биларди. Унинг асаблари тор каби таранг тортилган бўлиб, у отаси қаршисида ранги оқарганча қатъий турарди.

– Хўш, ўзингга керакли буюмларни сотиб ол, – гапида давом этди ота, қизининг қалбида нималар бўлаётганидан бехабар ҳолда, – зарурий ҳамма нарсангни йиғиштир. Қаерга боришни ҳал қилганингни айтиб, жўнашга шошил.

– Йўқ, ота, мен ҳеч қаерга бормайман!.. – худди отаси каби қатъий жавоб берди қиз. – Мен ҳеч қаерга бормайман! Филадельфиядан ҳеч қаерга кетмайман!

– Сенинг фойданг учун керак бўлган нарсани сўраётганимда, гапимга қулоқ солишдан воз кечяпсанми, қизим? Сени тўғри тушундимми?

– Ҳа! – қатъий жавоб берди Эйлин. – Мен ҳеч қаерга бормайман! Мени кечиринг, бироқ мен ҳеч қаерга бормайман!

– Жиддий айтяпсанми? – хафа бўлиб, ғамгин оҳангда қайта сўради Батлер.

– Ҳа, ота, – шундай тундлик билан жавоб берди Эйлин.

– У ҳолда мен нима қилишни ўйлаб кўришим керак, – деди қария. – Қандай бўлишингдан қатъи назар сен қизимсан ва мен айтганимга қулоқ солмай, муқаддас бурч бўлган ишни бажармай, ўзингни бутунлай хароб қилишингга қараб ўтира олмайман. Ўйлаб кўришинг учун бир неча кун рухсат бераман, бироқ барибир жўнаб кетасан. Бошқа гапирадиган гапим йўқ. Бу мамлакатда ҳали қонунни бузадиганларга тегишли чоралар бор. Менга қанчалик оғир бўлмасин, сени қидириб топдим ва агар гапимга кирмайдиган бўлсанг, яна излаб топаман. Сен ахлоқингни ўзгартиришинг керак. Бундай ҳаёт кечиришингга йўл қўя олмайман. Энди сенга ҳаммаси тушунарли бўлгандир. Бу – охирги сўзим. Бу одамдан воз кеч ва мендан истаган нарсангни сўра! Сен менинг қизимсан ва мен сени бахтли кўриш учун ҳар нарсага тайёрман! Ҳа, шундай, бошқача бўлиши мумкинми, ахир? Агар фарзандларим учун яшамасам, менга ҳаётнинг нима кераги бор? Ахир сен учун, сизлар учун тинмай ишладим. Ўйлаб кўр, ақлингни йиғ! Ахир қари отангни яхши кўрмайсанми? Эйлин, чақалоқлигингда ўзим сени тебратиб ўтирардим, мана шу кафтимга сиғардинг. Мен яхши ота бўлдим, буни инкор қила олмайсан. Бошқа қизларга, дугоналарингга қара! Ахир улардан бирортасида сендан кўпроқ, ҳеч бўлмаса, сенчалик эришилган нарса борми? Сен хоҳишимга қарши бормайсан, бунга ишончим комил. Ахир, мени яхши кўрасан. Қари отангни яхши кўрасан-а? Тўғрими?

Батлернинг овози титраб кетди, кўзларига ёш келди. У жим бўлиб, буғдойранг катта қўлини Эйлиннинг елкасига қўйди. Отасининг ялинишлари қизнинг кўнглини бузиб юборди, айниқса, унинг ҳамма уринишлари бефойда эканини қиз тушуниб турарди. У Каупервуддан воз кеча олмайди. Отаси уни тушунишни хоҳламаяпти. У севги нималигини тушунмайди. Ахир у ҳеч қачон Эйлин каби севмаган.

Батлер қизини кўндиришга ҳаракат қилишда давом этар, қиз эса илгаригидек унинг олдида индамай турарди.

– Сизга бўйсунишни хоҳлардим, отажон, – ниҳоят юмшоқлик билан жавоб қилди қиз. – Ишонинг, жуда хоҳлардим. Мен сизни яхши кўраман. Ва сиз айтганингизни қилишни жуда хоҳлардим. Бироқ бундай қила олмайман. Мен Фрэнк Каупервудни жуда ҳам севаман! Сиз буни тушунмайсиз, тушунишни хоҳламаяпсиз.

Бу ном тилга олиниши билан Батлернинг лаблари қаттиқ қимтилди. У қизининг эҳтироси беқиёс эканлиги ва ўзининг унга таъсир ўтказаман деб қилган ҳаракати натижасиз бўлганини тушунди. Демак, бошқа нимадир ўйлаб топиши керак.

– Хўп, майли!.. – у шундай чексиз қайғу билан гапирдики, Эйлин чидай олмай, тескари ўгирилди. – Билганингни қил! Лекин хоҳлайсанми-йўқми, жўнаб кетишингга тўғри келади. Бошқа йўли йўқ. Мен эса Худодан фикринг ўзгаришини сўрайман, холос.

Эйлин аста хонадан чиқиб кетди, Батлер эса ёзув столининг олдига келиб, креслога чўкди.

– Бу қандай савдо бўлди?.. – шивирлади у. – Ҳаммаси чалкашиб кетди!

38

Эйлин Батлер оғир аҳволда қолганди. Табиатан жасур ва қатъий бўлмаган қиз бунақа вазиятда қийинчиликларга бардош бера олмай, чекинган бўларди. Моҳиятан олганда, дўстлари ва танишлари кўплигига қарамай, шу оғир пайтда Эйлин суяна оладиган ҳеч ким йўқ эди. Чиндан ҳам айни пайтда у ҳеч бир савол-жавобсиз бошпана бериб турадиган ҳеч кимни эслай олмаётганди. Унинг турмушга чиққан, чиқмаган, уни жуда ёқтирадиган дугоналари кўп эди, бироқ уларнинг ичида чинакамига яқин бўлган ҳеч ким йўқ эди. Айни пайтда унинг хаёли вақтинчалик бошпана топиши мумкин бўлган дугоналари орасида Мэри Келлигенга тўхталди. У анча йиллар олдин Эйлин билан ўқиган, ҳозир эса Филадельфия мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишларди.

Келлигенларнинг оиласи унинг онаси – бева тикувчи Кэтрин Келлиген хоним (эри уйларни кўчириш бўйича мутахассис бўлиб, ўн йил бурун девор тагида қолиб вафот этганди) ва йигирма тўрт ёшли Мэймининг ўзидангина иборат эди. Улар Ўн бешинчи кўча яқинидаги Черри стритда яшашар эди. Келлиген хоним жамиятнинг юқори поғоналарига кўтарилган Батлерлар оиласи наздида у қадар ўз касбининг устаси ҳисобланмасди. Эйлин вақти-вақти билан унга оддий, уйда киядиган кўйлаклар, ичкўйлак, капот ва пеньюарларни тикишга берар ва яна Честнат стритдаги энг зўр тикувчилар тиккан эски кийимларини қайта тўғрилатиш учун бериб турарди. Эйлин бу оиланинг аҳволи энг яхши бўлган пайтда Мэйми билан муқаддас Агата монастиридаги мактабга бирга борарди. Энди эса Мэйми ўз уйларига яқин жойлашган мактабнинг олтинчи синфида дарс бериб, ойига қирқ доллар маош оларди. Келлиген хоним эса ҳар доим бўлмаса-да, ораорада кунига икки доллар топиб турарди. Улар яшайдиган уй ўзлариники эди. Уй гаровга қўйилмаган, бироқ кўринишидан уй эгаларининг маошлари ойига саксон доллардан ошмаслигидан дарак берарди.

Мэйми Келлигенни чиройли деб бўлмас, аксинча, онаси бу ёшида ундан чиройли бўлганди. Келлиген хоним эллик ёшида ҳам ёш кўринар, қувноқ, ҳаётсевар ва жуда ҳазилкаш инсон эди. Ақл ва тиришқоқлик жиҳатидан ҳам Мэйми онасидан ўта олмасди. У доим вазмин ва жиддий қиз бўлган, бу табиати оиласидаги вазиятдан бўлса керак. Аслида, табиатан ҳам у на жўшқинлиги, на жозибалилиги билан одамни ўзига тортарди. Бироқ шуларга қарамай, қиз яхши, виждонли, меҳрибон католик бўлиб, кўп одамларни дунёдан ажратиб қўядиган ғалати фазилат – бурч ҳиссига эга эди. Мэйми учун бурч (тўғрироғи, болаликдан ўзи эшитган ва измидан чиқмаган таълимот ҳамда қоидаларга риоя қилиш) биринчи ўринда турар, мана шу нарса унинг қувонч, тасалли манбаи эди. Ҳаётнинг маъноси эса унга черков, мактаб, дўстлари олдидаги бурчи ва бошқалар эди. Келлиген хоним Мэйми ҳақида ўйлар экан, кўпинча қизида бурчдан кўра эркакларни ром қиладиган аёллик жозибаси кўпроқ бўлганида эди деб орзу қиларди.

Онаси тикувчи эканига қарамай, Мэйми ҳеч қачон ўзига ярашадиган кийим киймас, мабодо шундай бўлиб қолса, ўзини бировнинг кўйлагини кийиб қолгандек ноқулай ҳис қиларди. Унинг бошмоқлари доим катта ва қўпол бўлар, ҳатто энг яхши матодан тикилган юбкаси ҳам эгнида қандайдир беўхшов, осилиб тургандек туюларди. Ўша пайтларда чиройли қоматда жуда ажойиб турувчи ёрқин тўқима жакетлар урфга кирганди. Бироқ бу ҳам Мэйми Келлиген учун эмас эди. Унинг ориқ қўллари ва теп-текис кўкраги бу кийимда янада хунук кўринарди. Киядиган шляпалари ҳам на соч турмагига, на юзининг тузилишига тўғри келарди. Мэйми доим чарчаганга ўхшаб кўринар, бироқ бу нафақат жисмоний чарчоқ, балки туғма лоқайдликдан эди. Унинг бу бир хилдаги ҳаётига Эйлин Батлер ўзгача руҳ киргизарди.

Эйлинни эса Мэймининг онасининг тез тил топишадиган табиати, уларнинг уйидаги ўта озодалик, буюртмаларига Келлиген хонимнинг беҳад ғамхўрлик билан қараши ва қизи иккови роялда мусиқа эшитишни яхши кўришлари ўзига тортарди. Қиз шовқин-сурондан қочиб, Мэйми Келлиген иккаласини бирдек қизиқтирадиган адабиёт ҳақида суҳбатлашиш учун уларникига келарди. Мэймига ҳам Эйлин ёқтирадиган китоблар – “Жейн Эйр”, “Кенелм Чиллингли”, “Трикотрин” ва “Малларанг бант” асарлари ёқиши жуда қизиқ эди. Вақти-вақти билан Мэйми дугонасига бу жанрдаги охирги асарларни таклиф қилар ва Эйлин доим унинг дидига қойил қоларди.

Мана шулар сабаб қийин пайтда Эйлин Келлигенларни эслаб қолди. Агар отаси уни сиқиб қўймоқчи бўлса ва вақтинча уни уйдан кетишга мажбур қиладиган бўлса, у Келлигенларникига кўчиб боради. Улар қиздан ҳеч нимани сўраб ҳам ўтирмай, уйларига киргизишади. Батлерларнинг бошқа оила аъзолари Келлигенларни танишмас ва ҳеч қачон Эйлинни уларникидан қидириб ҳам ўтирмасди. Черри стритда у бемалол яшириниши мумкин ва бир неча ҳафта ҳеч ким қиз ҳақида эшитмайди.

Қизиғи, Батлерлар каби Келлигенлар ҳам Эйлиннинг шундай қилишга қодирлигига ишонишлари амри маҳол эди. Агар Эйлин чиндан ҳам уйдан кетишга мажбур бўлса, ҳар икки хонадондагилар ҳам буни Эйлиннинг навбатдаги ғаройиб қилмиши деб билишади.

Бошқа томондан, Батлернинг оиласидагилар Эйлиндан кўра ўзлари унга кўпроқ муҳтож бўлардилар. Эйлин доим оиласидагиларнинг кайфияти яхши бўлишига сабабчи эди ва у кетса, бу бўшлиқни тўлдириш осон бўлмасди.

Масалан, кекса Батлерни олсак, яқинда кичкинагина бўлган қизи кўзни қамаштирадиган даражада гўзал маликага айланганди. У қизининг мактабга борган пайти, рояль чалишни ўрганганини яхши эслар, унинг фикрича, бу яхши тарбиянинг чўққиси эди. У қизининг юриш-туриши худди оқсуякларга хос тарзда ўзгариб бораётганини, ҳаётий тажрибаси ошаётганига гувоҳ бўларкан, ҳайратга тушарди. Эйлин аста-секин ҳар хил нарсалар тўғрисида хулоса қилишда ишонч билан гапирар ва ота қизининг гапларини берилиб тингларди. Эйлин санъат в адабиётни Оуэн ва Кэлемлардан кўра яхшироқ тушунар, одамлар ичида ўзини жуда яхши тута оларди. Қизи дастурхон қаршисига чиқиб келганда Батлер унга ҳайрат билан боқарди. Мана шу унинг фарзанди бўлса-я! Бу туйғудан қариянинг кўнгли фахрга тўларди. Ахир бу ажойиб кийим-кечаклар учун қизига у пул бермаганми? У бундан кейин ҳам шундай қилади. Бир тирранча қизининг ҳаётини бузишига йўл қўймайди. Батлер ўз васиятномасини ҳам шундай тузмоқчи эдики, унинг бўлажак эри банкрот бўлиб қолган тақдирда қизи маблағсиз қолмасин. “Мана бу ҳақиқий леди! – кўпинча ҳайратланиб дерди ота. – Бугун биз қандай мафтункор оиламиз!” Овқат пайтида Эйлин отасининг ёнида ўтирар ва унга овқат солиб берарди. Бу Батлерга ёқарди. У кичкиналигида ҳам қизини доим ёнига ўтқизарди.

Онаси ҳам катта қизини жуда севар, Кэлем ва Оуэн эса унга акалик меҳрини берар, Эйлин эса ўзининг гўзаллиги ва қувноқ табиати билан оиладан оладиган меҳрга жавоб қайтарар, яқинлари буни яхши тушунишарди. Эйлин бирикки кунгина йўқ бўлиб қолса, ҳамма нарса зерикарли бўлиб, ҳатто овқат ҳам бемазадек туюларди. Бироқ у қайтиб келгандан сўнг эса ҳаммаси жойига тушиб, яна ҳамма қувноқ бўлиб қоларди.

Эйлин, албатта, буни жуда яхши сезарди. Энди у Европага боришдан қочиб, уйидан кетиб янги ҳаёт бошламоқчи бўлаётганида, ўзининг оиладаги ана шу ўрнидан фойдаланмоқчи бўлаётганди. Отаси айтган гапларни яна бир бор ўйлаб кўриб, Эйлин тезлик билан ҳаракат қилишга қарор қилди.

Эртаси куни отаси идорасига кетганидан сўнг Эйлин айлангани кетаётгандек кийиниб, соат ўн иккиларгача Келлигенларникига бориб келмоқчи бўлди – Мэйми айни шу пайтда уйига овқатлангани келарди. Эйлин ўзининг мақсадини гап орасида қистириб ўтмоқчи бўлди ва агар улар қарши бўлишмаса, тезлик билан шу ерга кўчиб ўтишга қарор қилди. Баъзан унда савол туғиларди: нега шундай қийин аҳволга тушиб қолган Фрэнк унга бирга узоқларга қочиб кетишни таклиф қилмаяпти? Бироқ шу заҳоти жавобини ҳам ўзи берарди: нима қилиш кераклигини Фрэнкнинг ўзи яхши билади. Қиз унинг устига ёғилаётган муаммолардан азобланарди.

Келлиген хоним уйида ёлғиз бўлиб, Эйлинни кўргач, жуда хурсанд бўлиб кетди. Эйлин шаҳардаги янгиликлар ҳақида суҳбатлашаркан, уни бу ерга етаклаган масала тўғрисида қандай гап бошлашни билмай, рояль олдига ўтирди ва ғамгин бир пьесани чала бошлади.

– Эйлин, қандай ажойиб чаляпсиз! – деди кайфияти бирпасда ўзгарадиган Келлиген хоним. – Сизни эшитишни севаман. Қанийди, бизникига тез-тез келиб турсангиз! Охирги пайтларда умуман кўринмай қўйдингиз.

– О, Келлиген хоним, шу кунларда жуда банд эдим, – жавоб берди Эйлин. – Бу кузда ишларим шунчалик кўпайиб кетдики, бир дақиқа ҳам вақт топа олмадим. Ота-онам мени Европага юбормоқчи бўлишганди, лекин рад этдим. Вой, Худойим-ей! – хўрсинди қиз ва унинг бармоқлари ғамгин, романтик мусиқани чалиб, клавишлар узра югура кетди.

Эшик очилиб, Мэйми кириб келди. Дугонасини кўриб, унинг хунук юзи ёришиб кетди.

– Кимни кўряпман, бу Эйлин Батлерми! – хитоб қилди у. – Қандай шамол учирди? Қаерда шунча йўқ бўлиб кетдинг?

Эйлин ўрнидан турди, қизлар ўпишиб кўришди.

– Мэйми, охирги пайтларда жуда банд эдим. Ҳозиргина ойинг билан шуни гаплашаётгандик. Қалайсан? Ишларинг қандай кетяпти?

Мэйми бажонидил мактабдаги ҳар хил муаммолар – синфда ўқувчилар сони ошиб, ишлар кунига кўпайиб кетаётани ҳақида гапира кетди Миссис Келлиген дастурхон ёзаркан, қизи хонасига кириб кетди ва Эйлин ҳам унинг кетидан борди. Мэйми кўзгу олдида сочини тўғрилай бошлади, Эйлин эса хаёл сурганча унга қараб қолди.

– Эйлин, бугун сенга нима бўлди? – сўради Мэйми. – Кўринишинг бирам…

Қиз гапини тугатмай, дугонасига тикилганча қолди.

– Кўринишим қандай экан? – қайта сўради Эйлин.

– Нима десам экан?.. Қандайдир хафамисан, ўзингга ишонмаётгандек… Сени ҳеч қачон бу аҳволда кўрмагандим. Нима бўлди?

– Ҳеч нима, – жавоб берди Эйлин. – Шунчаки ўйланиб қолдим.

Қиз ҳовлига қараган дераза олдида турар ва бу ерда кўп яшай олармиканман деб ўйлаётганди. Уй жуда кичкина, ғарибона…

– Йўқ, Эйлин, бугун сенга нимадир бўлган!.. – деди Мэйми ва яқин келиб дугонасининг кўзларига тикилди. – Мазанг йўққа ўхшайди.

– Мени бир фикр қийнаяпти, – деди Эйлин, – шуни ўйлаб ётибман. Нима қилишни ҳам билмаяпман, ҳамма гап шунда.

– Нима ҳақда гапиряпсан? – сўради Мэйми. – Сенга нималар бўляпти? Нега менга айтишни истамаяпсан?

– Айтаман, фақат ҳозир эмас, – Эйлин бироз жим турди, кейин бирдан сўради. – Нима дейсан, агар бироз вақт сизларникида яшаб турсам, онанг қарши бўлмасмикан? Айрим сабабларга кўра вақтинча уйдан кетишим керак.

– Нималар деяпсан, Эйлин?! – хитоб қилди дугонаси. – Қарши бўлиш?!.. Онам ҳам, мен ҳам қандай хурсанд бўлишимизни ўзинг жуда яхши биласан-ку! Эйлин, азизам, чиндан ҳам бизникида яшаб турмоқчимисан? Бироқ уйдан кетишга сени нима мажбур қиляпти?

– Мана шу сабабни маълум бир вақтгача ошкор қила олмайман. Сени деб эмас, онангни деб. Биласанми, бу нарсага онанг қандай қарашини ҳали билмайман, – қўшиб қўйди Эйлин. – Ҳозир ҳеч нима сўрама. Мен ўйлаб кўришим керак. Вой, худойим!.. Бироқ агар рухсат берсанглар, чиндан ҳам сизларникига кўчиб ўтмоқчиман. Онангга ўзинг айтасанми ёки мен айтайми?

– Йўқ, албатта, ўзим айтаман, – жавоб қилди Мэйми Эйлиннинг гапларидан ҳайратга тушиб. – Бироқ онамдан сўрашнинг ўзи кулгили! Онам нима деб жавоб беришини олдиндан биламан, ўзинг ҳам биласан. Нарсаларингни олиб келсанг бўлди! Агар ўзинг айтмасанг, онам ҳеч нарса сўраб ҳам ўтирмайди.

Мэйми жуда хурсанд бўлиб кетганди. У дугонаси билан кўпроқ бирга бўлгиси келаётганди. Эйлин дугонаси нега хурсанд бўлиб кетгани ва онаси ҳам нега қувонишини тушунганча унга ўйчан қараб турарди: у оиланинг доим бир хил ўтадиган кунларига янгилик киритади.

– Бироқ сизларникида эканимни ҳеч кимга айтишингиз керак эмас, тушунарлими? Бу ҳамма учун, биринчи навбатда ота-онам учун сир. Гапимга ишон: бунинг учун жиддий сабаблар бор. Ҳозир бу важ нима эканини сенга айта олмайман. Жим юришга ваъда бера оласанми?

– Ҳа, албатта! – бажонидил рози бўлди Мэйми, кейин хавотир ва қизиқиш билан яна саволга тутди: – Бироқ, Эйлин, уйингдан бир умрга кетмоқчи эмассан-ку, тўғрими?

– Очиғи, ўзим ҳам билмайман, билганим – вақтинча кетишим керак. Шу, холос!

Эйлин жим бўлиб қолди ва Мэйми довдираганча яна дугонасига қаради.

– Ҳа! – деб юборди у. – Дунёда мўъжизалар асло тўхтамайди, тўғрими, Эйлин?! Бироқ биз билан яшамоқчи эканингдан роса хурсандман! Онамга ҳеч нима дейишнинг ҳожати йўқ. Ва, албатта, сен шуни хоҳласанг, ҳеч кимга ҳеч нарса демаймиз. Бизникига ҳеч ким келмайди ҳам, бироқ биров келиб қолса, кўринмаслигинг мумкин. Сенга катта хонада, менинг ёнимга жой қиламиз. Вой, зўр бўлади! Мен жуда хурсандман!

Мэймининг кўзлари ёниб, жуда жонланиб кетганди.

– Кетдик, тезроқ онамни хурсанд қиламиз.

Эйлин бир сония иккиланди: у тўғри қиляпманмийўқми деб ўйлаб қолганди, бироқ сал ўтмай, икковлари Келлиген хонимнинг олдига чиқишди. Эшикнинг олдида Эйлин дугонасини олдин ўтказди ва Мэйми онасининг олдига югуриб борди:

– Ойижон, биласизми, нима гап?! Эйлин озгина вақт бизникида яшаб туради. Фақат буни ҳеч ким билиб қолмаслигини хоҳлаяпти. Яқин кунларда кўчиб ўтмоқчи.

Келлиген хоним қўлида шакар солинган идиш билан Эйлинга ўгирилди: унинг кўзларида ҳам ажабланиш, ҳам қувонч бор эди. У нега Эйлин бирдан уларникига кўчиб ўтмоқчи бўлаётганига қизиқаётганди. Бошқа томондан эса у қизни шунчалик яхши кўрардики, чиндан ҳам севиниб кетганди. Ахир нега қувонмасин? Машҳур Эдвард Батлернинг қизи улғайган, мустақил, ҳамма ерда ҳам шундай ҳурматли оиланинг вакили эмасми? Келлиген хоним Эйлинни уйдан кетишга мажбур қилаётган сабаб қандай эканидан қатъи назар, уларникига кўчиб ўтмоқчилигидан жуда мамнун эди.

– Эйлин, ота-онангиз сизни қандай қўйиб юбора олаётганини ҳеч тушунмаяпман. Бироқ уйимизда сиз азиз меҳмонимиз бўласиз. Қанча хоҳласангиз, шунча туринг, бир умр бўлса ҳам майли.

Келлиген хоним мамнунлик билан жилмайди. Эйлин Батлер ундан кўчиб ўтиш учун рухсат сўраяпти! Келлиген хонимнинг уни илиқ кутиб олгани, дугонаси Мэймининг хурсандчилигини кўриб, Эйлин енгил торди. Шундан сўнг у бу ерда яшаши оила учун ортиқча чиқим бўлишини ўйлаб қолди.

– Бу ерга кўчиб ўтсам, рўзғорга ўз ҳиссамни қўшаман, албатта, – деди у Келлиген хонимга қараб.

– Эйлин, бўлмаган гап! – хитоб қилди Мэйми. – Бунга йўл қўймайман. Сен бу ерга кўчиб ўтиб, менинг меҳмоним бўласан.

– Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Агар пул тўлашимга рози бўлмасангиз, кўчиб ўтмайман! – қаршилик кўрсатди Эйлин. – Албатта, рози бўлишингиз керак.

У она-бола уни боқишга кучлари етмаслигини яхши биларди.

– Яхши, яхши, ҳозир бу ҳақда гаплашмаймиз, – гапга аралашди Келлиген хоним. – Қачон мумкин бўлганда кўчиб ўтиб, қанча хоҳласангиз, шунча қолинг. Мэйми, тоза сочиқ олгин!

Эйлин улар билан нонушта қилиб, кейин Каупервуд билан учрашувга кетди. У энг катта қийинчилик ҳал бўлганидан жуда хурсанд эди. У энди озод ва бу ерга қачон хоҳласа, шунда келавериши мумкин. Майда-чуйдаларини йиғиштириш, балки ҳатто ҳеч нарса олмай ҳам келавериши мумкин. Балки, Фрэнк унга бирор маслаҳат берар.

Бу орада Каупервуд уларни ўша машъум уйда тутиб олишгандан бери Эйлин билан учрашишга ҳаракат қилмаётган, бироқ ундан хат кутаётганди. Мактуб ҳам узоқ куттирмади. Бу одатдагидек умид, севги ва ғурурга тўла узун нома бўлиб, қиз оиласида бўлаётган ҳамма гапларни айтиб бериб, уйдан кетиш ҳақидаги режасини ҳам ёзганди. Қизнинг режаси Каупервудни хавотирга солиб қўйди.

Эйлиннинг уйда, оиласи қуршовида бўлиши бир, бироқ ёлғиз бўлиши бошқа нарса эди. Йигит уни қабул қилишга тайёр бўлмасдан туриб қизнинг уйдан кетиши мумкинлиги ҳеч қачон Фрэнкнинг хаёлига келмаганди. Агар у ҳозир шундай қиладиган бўлса, бунинг оқибати жуда нохуш бўлиши мумкин. Айни вақтда Каупервуд қизни жуда яхши кўрар, эҳтирос билан севар ва унинг бахти учун ҳамма нарсага тайёр эди. Агар қамоққа тиқишмаса, қизга ғамхўрлик қилишга ҳатто ҳозир ҳам қодир эди. Аслида қамоқда туриб ҳам қизнинг ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги учун ғамхўрлик қила олиши мумкин. Бироқ нима бўлганда ҳам, Эйлинни унинг тақдири ҳал қилингунча уйида бўлиб туришга кўндира олса, яхши бўларди.

У айни пайтда нима бўлганда ҳам, ҳамма қийинчиликлардан эсон-омон чиқиб кетиши ва яна бой одамга айланишига ишончи комил эди. Ана шунда у хотини билан ажраша олади ва Эйлинга уйланади. Агар бундан бир иш чиқмайдиган бўлса, Эйлин билан бирор ерга кетади, шунинг учун, балки, қизнинг ҳозир уйидан чиқиб кетиши яхши бўлаётгандир ҳам. Бироқ бошқа томондан, унинг ишлари ҳозир шунчалик чалкашки, бунинг устига, Батлер қизини қидиришни бошлайдиган бўлса, буларнинг бари ёмон оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Қария очиқчасига уни қизини ўғирлашда айблаши мумкин. Шунинг учун Каупервуд аввал қизни уйида қолишга, учрашувларни ва унга хат ёзишни вақтинча тўхтатиб туришга, нафақат шунга, балки чет элга кетишга кўндиришга ҳаракат қилмоқчи бўлди.

Каупервуд мана шу ўйлар билан, жуда хавфли деб ҳисоблаётган бўлса-да, қиз хатида белгилаган учрашув жойига қараб кетди.

– У ерда ўзингни яхши ҳис қиласанми? – Эйлиннинг Келлигенлар уйи ҳақидаги гапларини эшитиб сўради у кўришишганида. – Назаримда, улар жуда ночор одамларга ўхшаяпти-ку?

– Ҳа, бироқ мен уларни жуда яхши кўраман, – жавоб берди Эйлин.

– Ва сен уларнинг индамай юришларига ишонасанми?

– Ҳа, ҳа! Ишонаман, бутунлай ишонаман!

– Майли, ўзинг яхшироқ биласан, – хулоса қилди йигит. – Сени мажбур қилмоқчи эмасман, бироқ сенинг ўрнингда бўлганимда, отангга қулоқ солиб, чет элга кетишингни маъқул кўрган бўлардим. Отангнинг ҳам кўнгли тинчирди, мен эса бу ерда сени кутардим. Вақтивақти билан хат ёзишиб турсак ҳам бўларди.

Бу гапларни эшитиб, Эйлиннинг қовоғидан қор ёғди. У йигитни шунчалик эҳтирос билан севардики, айрилиқ ҳақидаги фикр унинг учун юрагига пичоқ санчиш билан баравар эди. Унинг Фрэнки бу ерда фалокатга учраб ўтирибди, балки суд бўлар, у эса кетиб қолармиш! Ҳеч ҳам-да! Наҳотки Фрэнк қизни у севганчалик кучли севмаса? Қандай қилиб у Эйлинга шуни таклиф қиляпти? Ўзи умуман севадими?

Қиз ҳозир ўзига шундай саволларни берарди. Эйлин айнан уларни янада яқинлаштирадиган қадамни қўймоқчи бўлаётганда, у қизни ташлаб кетмоқчи эмасми?

Қизнинг кўз олди қоронғилашиб кетди, у жуда ранжиганди.

– Қандай қилиб шу гапларни гапиряпсан?! – хитоб қилди у. – Мен ҳозир Филадельфиядан кетмаслигимни ўзинг жуда яхши биласан. Ёки шундай қийин пайтда ёлғиз ташлаб кетади деб ўйлаяпсанми?

Каупервуд қизнинг ранжиганини тушунди. У етарли даражада зийрак бўлиб, қизни ҳам эҳтирос билан севарди. “Худойим, нима бўлса бўлар, фақат у азоб чекмасин!” ўйлади у.

– Азизам, – шоша-пиша деди у қизнинг ғам чўккан кўзларини кўриб, – мени тушунмадинг. Мен ҳам сен нимани хоҳласанг ўшани хоҳлайман. Буларнинг ҳаммасини иккимиз ажрашмаслик учун ўйлаб топгансан – сен айтгандек бўла қолсин. Гапларимни унут! Уйдан кетишинг иккаламиз учун ҳам ёмон бўлади деб ўйлагандим, бундай эмас деб умид қиламиз. Отанг сени қанчалик яхши кўришини биласан ва унинг фикрини ўзгартира олишингга умид қиляпсан, тўғрими? Жуда яхши, Келлигенларникига кўчиб ўта қол! Бироқ, азизам, ёдингда тут: иккимиз ҳам жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Иш жиддийлашиб кетяпти. Агар уйингдан кетсанг ва отанг мени ҳамманинг олдида сени ўғирлашда айблайдиган бўлса, иккаламиз учун ҳам ёмон бўлади. Мени суд қилишлари учун битта шу айбловнинг ўзи етарли. Хўш кейин нима қиламиз? Ҳозирча камроқ учрашиб туришимиз керак. Чидай олганимиз даражасида камроқ. Агар отанг ўша хатни олган пайтида ақлимиз етиб, маълум вақт учрашмай турганимизда, ҳозир ҳаммаси бошқача тус олган бўларди. Ҳозир энди, албатта, ҳеч нарса қилиб бўлмайди, бироқ икки баравар эҳтиёт бўлишимиз керак. Гапимга қўшиласанми? Хуллас, ҳаммасини яна бир бошдан ўйлаб кўр ва нимани тўғри деб билсанг, ўшани қил. Бир қарорга келганингда менга айтарсан. Ва нима қилсанг ҳам, қарорингни маъқуллайман, тушундингми? – йигит қизни ўзига тортиб, ўпиб қўйди, кейин ёдига тушиб сўради. – Бироқ пулинг йўқ-ку, а?

Йигитнинг гапларидан тўлқинланиб кетган Эйлин бир дақиқа ўйланиб қолди, бироқ шу заҳотиёқ ўйлаган йўли тўғри эканига қарор қилди. Отаси уни жуда яхши кўради. Ҳеч қанақасига бировларнинг олдида қизининг сирини очмайди, унинг кетишидан очиқчасига Каупервуднинг изига тушиш учун фойдаланмайди. Тўғрироғи, у қизининг уйга қайтишини сўрайди.

Эйлиннинг бу далиллари олдида Каупервуд ён босишга мажбур бўлди. Баҳслашишнинг нима фойдаси бор? Дунёда ҳеч ким қиз болани ўз севгилисини ташлаб кетишга мажбур қила олмайди.

Эйлин билан танишганидан бери биринчи марта Каупервуд чўнтагидан бир боғлам қоғоз пул олди.

– Мана бу, азизам, икки юз доллар, – деди у. – Бу бизнинг кейинги учрашувимизгача етади ёки менга яна ёзиб юборасан. Ҳеч нарсага зориқмаслигинг учун ҳаракат қиламан. Ва мени севмайди деб ўйлай кўрма! Бу бўлмаган гап эканини ўзинг яхши биласан. Сени жуда ҳам севаман!

Эйлин пулни олишни хоҳламади – унга ҳеч нарса керак эмас, бундан ташқари, уйида бироз тўплаганлари ҳам бор, бироқ йигит пул унга қанчалик керак бўлишини билгани учун қизни эшитишни ҳам истамади.

– Етар бу ҳақда гапирма, жоним, – деди у. – Сенга пул керак бўлишини жуда яхши тушуниб турибман.

Эйлин ота-онасидан йирик пуллар олишга шунчалик ўрганган эдики, бу нарса унинг учун аҳамият касб этмасди. Фрэнк уни севади, уларнинг ораларида қандай ҳисобкитоб бўлиши мумкин? Қиз бироз тинчланиб олгандан сўнг улар хат олди-бердиси масаласини ҳал қилишга ўтишди ва, энг яхшиси, бу иш учун ишонса бўладиган бирорта одам топишга қарор қилишди.

Хайрлашаётганда йигитнинг етарлича севишидан шубҳаланиб қолган қиз кўнгли яна жойига тушди. “Йўқ, Фрэнк мени севади”, – ўйлади қиз ва юзида бахтли жилмайиш билан жўнаб кетди. Унинг суяниши мумкин бўлган Фрэнки бор ва у энди отасини ўқитиб қўяди!

Каупервуд қизни кузата туриб, бош чайқаб қўйди. Ҳозир Эйлин унинг учун ортиқча муаммо эди, бироқ ундан воз ҳам кеча олмасди. Қизнинг севгиси туфайли юзага келган хомхаёллардан кечиб, ўзи уни шунчалик севиб турган тақдирда уни бахтсиз қиладими? Йўқ! Нега бундай қилиши керак? Ахир ҳали ҳамма нарса яна яхши томонга ўзгариб кетиши мумкин. Агар Батлер яна изқуварларга мурожаат қиладиган бўлса, у ҳолда қиз унинг олдига келмагани маълум бўлади. Агар ўзини ўлим хавфидан қутқариш учун соғлом фикр ва совуққон ақлдан фойдаланишига тўғри келса, у махфий равишда Эйлиннинг қаердалигини Батлерларга айтиб беради. Бу қизнинг уйидан қочиб кетишига Фрэнкнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдиради, уларга эса қизни уйга қайтишга кўндириш имконини беради. Балки, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетар, ким билади! Нима бўлганда ҳам, у қаршиликлар пайдо бўлиши билан қарши курашаверади.

Каупервуд шу заҳоти идорасига қараб кетди, Эйлин эса ўз режасини амалга ошириш мақсадида уйига жўнади. Отаси унга ўйлаб кўриш учун вақт берганди; балки, бу вақтни чўзар ҳам, бироқ Эйлин кутиб ўтирмайди. Қиз истаги доим бажо келтирилишига ўрганиб қолган, шу боис ҳозир ўз хоҳишига қарши бормаслик учун сабаб кўрмаётганди. Яқинда соат беш бўлади. У бутун оила аъзолари овқатлангани ўтиришини кутиб туриб, секингина уйдан чиқиб кетади.

Бироқ кутилмаган бир ҳодиса қиз ўйлаган режасини амалга оширишига йўл қўймади. Уйида меҳмонлар бор – жаноб Стейнметс хотини билан келган экан. Стейнметс машҳур инженер бўлиб, Батлер билан ҳамкорликда ишлар, кўп пудрат ишлари учун лойиҳалар қиларди.

Бу пайт Шукрона байрами арафаси бўлиб, Стейнметслар Эйлин билан Норани уларнинг Уэст-Честердаги янги уйларига бир-икки ҳафта меҳмон бўлиб келишга кўндиришга уринишди. Бу уйнинг чиройли ва файзли экани тўғрисида кўп эшитишганди. Бу одамлар жуда ёқимли бўлиб, нисбатан ёш ва уйларида доим дўстлари йиғилиб туришарди. Эйлин қочиш борасида шошмай туриш ва таклифни қабул қилишга қарор қилди. Отаси у билан жуда самимий гаплашаётганди. Стейнметсларнинг келишгани ва уларнинг таклифлари отасига ҳам, Эйлин учун ҳам анча енгиллик туғдирганди.

Уэст-Честер Филадельфиядан қирқ мил нарида бўлиб, Эйлиннинг у ердан туриб Каупервуд билан учраша олиши амри маҳол эди. У шу заҳотиёқ Фрэнкка режаси ўзгарганини ёзиб юбориб, жўнаб кетди. Йигит ҳам фалокат наридан ўтиб кетганини тушуниб, енгил торди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации