Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 29 (всего у книги 41 страниц)
Стежерга ёрдам бериш ва маслаҳатчиларга таъсир ўтказиш учун Каупервуд фаолиятини иложи борича ўзи ҳақида ижобий таассурот қолдирадиган қилиб сўзлаб берди. Биринчидан, у Стинернинг олдига ўз ташаббуси билан бормаган, балки ғазначининг таклифига жавоб берган. Иккинчидан, у жаноб Стинерни ҳеч нарсага мажбурламаган. У фақат жаноб Стинер ва унинг дўстларига баъзи молиявий имкониятларни тушунтириб берган ва улар миннатдор бўлиб, бу имкониятлардан фойдаланишган (Шеннон бу пайтда ҳали Каупервуднинг кўнка темир йўли компаниялари қанчалик айёрлик билан ташкил қилинганини суриштириб билмаганди; шу сабаб Фрэнк айёрлик билан Стинерни эътироз билдиришга ўрин қолдирмай улоқтириб ташлаш имконига эга эди. Шунинг учун ҳам Каупервуд ҳозир ўзининг Стинерга яратиб берган ажойиб имкониятлари тўғрисида бемалол гапираётганди. Шеннон ҳам Стежер каби финансист эмасди. Гарчи Шенноннинг бундай қилиш нияти йўқ бўлса-да, улар фақат Каупервуднинг сўзларигагина ишонишлари мумкин эди.)
– Ғазначиликда илдиз отиб кетган одатлар учун қандай қилиб мен жавобгар бўлишим мумкин? – деди Каупервуд. – Мен бор-йўғи банкир ва маклерман, холос.
Маслаҳатчилар унинг ҳамма гапига ишонишди, фақат Каупервуд бу борада ҳам тўғрига ўхшаб кўринган тушунтиришлар бериб ўтган бўлса-да, чек билан бўлган ҳодисага ишонишмади. У ҳали Стинернинг олдига бориб юрган пайтлари банкрот бўлиш унинг хаёлига ҳам келмаганди. Тўғри, у Стинердан қарз бериб туришни сўраган, бироқ уларнинг иш кўламини ҳисобга оладиган бўлса, унча катта бўлмаган сумма – ниҳояти бир юз эллик минг доллар сўраган. Стинер шу жойда адолат юзасидан Каупервуд ўша пайтда ҳеч нарсадан хавотирда бўлмаганини айтса бўларди. Ғазначи Каупервуд учун маблағ келадиган манбалардан бири бўлган, холос. Ўша пайтда унинг бундай манбалари кўп эди. У Стинерга ваҳимага берилиб, ўзига кредит бермасдан хато қилаётганини тушунтирган бўлса-да, ҳеч қачон Стинер бу ерда айтаётгандек қаттиқ сўзларни айтмаган. Бу маблағ топиш учун Каупервудга анча қулай ва мумкин бўлган манба эди, бироқ у ягона эмасди.
Йирик сармоядорлар ичида унинг зарурият туғилса, ишларини жойига қўйиб олиши ва давом эттириши учун кредитини кенгайтирадиган дўстлари борлигига ишонади, бунга етарлича асослари бор. У ваҳиманинг биринчи куни курсни ушлаб туриш учун биржада шаҳар заёми облигацияларининг бир қанчасини сотиб олганини ва унга шаҳар ғазначилигидан олтмиш минг доллар берилиши лозимлигини Стинерга айтган. Стинер эътироз билдирмаган. Ғазначининг кайфияти йўқ бўлган ва Каупервуднинг гапига унча тушунмаган бўлиши ҳам мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Шундан сўнг эса Каупервудни яна ҳам ажаблантириб, анча йирик банкирлик уйларига (ким ва нима сабабдан эканлиги унга номаълум) Каупервудга жуда кескин муносабатда бўлишлари учун босим ўтказилади. Эртаси куни яна ҳам кучайган бу босим уни ўзи охирги дақиқагача шундай бўлиши мумкинлигига ишонмагани – компаниясини ёпишга мажбур қилди. Олтмиш минг долларлик чек унинг қўлига тасодифан, шароит тақозоси билан тушиб қолган. Унга пул керак эди – Каупервуд буни инкор қилмоқчи эмас, айтиб ўтилган сумма унга қонунан тегишли эди, унинг ҳамма хизматчилари эса ўша куни жуда банд бўлишган. У ўзига чек ёзиб беришларини сўраб, вақтни тежаш мақсадида уни ўзи билан олиб кетган. Стинер агар ўзи чек беришни рад қилган тақдирда Каупервуд буни судлашиб бўлса ҳам олишини яхши билган. У сотиб олган сертификатларнинг амортизация фондида етишмаётгани эса техник ҳолат, Каупервуд эса ҳеч қачон унинг ичига кириб кўрган эмас. Бундай ишлар билан унинг бухгалтери жаноб Стэпли шуғулланган. У – Каупервуд, сертификатлар керакли жойга топширилмаганини ҳатто билмаган ҳам (кўриниб турган ёлғон: у бу нарсани биларди!) Шов-шув бўлаётган бу чек Жирард миллий банкига тасодифан бориб қолган. Агар вазият бошқача бўлганда, у худди шу тарзда бошқа банкка ҳам тушиб қолиши мумкин эди.
Каупервуд ўз кўрсатмаларини худди шу йўсинда беришда давом этди. Стежер ва Шеннонларнинг ҳамма айёрона саволларига шунчалик очиқ-ойдинлик билан жавоб бериб, суд жараёнига шунчалик жиддийлик, ишбилармонлик ва диққат билан ёндашгандек бўлдики, буни кўрган одам Каупервудни савдо-сотиқнинг шарафли тимсоли дейиши мумкин эди. Очиғини айтганда, унинг ўзи чиндан ҳам қилган ишларининг бари, ҳозир судга гапириб берганларининг ҳаммаси қонуний ва зарурият юзасидан қилинганига ишонарди. Каупервуд маслаҳатчиларга улар ўзларини унинг ўрнига қўйиб кўра олишлари ва ҳаракатларини тушуна олишлари учун ишни ўзи тасаввур қилганидек тасвирлаб беришга ҳаракат қилаётганди.
Ниҳоят, у гапини тугатди ва айтиб ўтиш керакки, маслаҳатчилар унинг кўрсатмаларига ҳам, ўзига ҳам ҳар хил муносабатда бўлишди. Қуръа ташланишига кўра биринчи бўлган маслаҳатчи Филипп Молтри Каупервуд ёлғон гапиряпти, деб айтди. У одам тез орада ўзининг банкрот бўлишини билмай қолиши мумкинлигини тасаввур қила олмаётганди. Албатта, у билган! Умуман, унинг Стинер билан қилган ҳамма найранглари жазога лойиқ. Каупервуд гапираётган бутун вақт мобайнида Молтри кенгаш хонасида қандай қилиб “Ҳа, айбдор!” деб айтиши ҳақида ўйлаб ўтирди. Шунинг учун ҳам у бошқаларни Каупервуднинг гуноҳкор эканлигига ишонтириш учун далиллар ҳақида ўйлаётганди.
Иккинчи маслаҳатчи, тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчиси Саймон Гласберг эса, аксинча, Каупервуднинг ҳамма қилган ишлари қонуний деб ҳисоблаб, уни оқлаш учун овоз беришга қарор қилди. У Каупервудни беайб деб ҳам ҳисобламаётган, бироқ жазога лойиқ деб ҳам билмаётганди. Учинчи маслаҳатчи – архитектор Флетчер Нортоннинг фикрича, Каупервуд айбдор, бироқ бундай иқтидорли одамни қамаш керак эмасди. Тўртинчи одам – келиб чиқиши ирландиялик бўлган пудратчи, диндор Чарьлз Хиллиген Каупервудни айбдор ва жазоланиши лозим деб ҳисобларди. Бешинчи маслаҳатчи – кўмир савдоси билан шуғулланувчи Филипп Лукаш ҳам шу фикрда эди. Олтинчи маслаҳатчи – тоғ иши бўйича мутахассис Бенжамин Фрейзер Каупервуднинг айтганларини эшитиб, ҳеч қандай тўхтамга келмади. Еттинчи одам – Учинчи кўчада контораси бўлган, фикр доираси ҳам, тажрибаси ҳам чекланган биржа маклери Ж.Брижес Каупервудни хавфли корчалон деб ҳисоблаб, албатта, айбдор ва жазоланиши керак деган фикрда унинг айбдор деб топилишига овоз беришга қатъий қарор қилди. Саккизинчи маслаҳатчи – унча катта бўлмаган кемачилик компанияси эгаси Гай Трипп иккиланиб турарди. Тўққизинчи маслаҳатчи – илгари клей ишлаб чиқарувчиси бўлган Жозеф Тисдейл Каупервудни, балки, айбдордир деб ўйласа ҳам, ичида унинг ишларини жиноят деб ҳисобламаётганди – шароит шуни тақозо қилгандирки, унинг бошқа йўли бўлмагандир. Тисдейл оқлансин деб овоз беришга қарор қилди. Ўнинчи маслаҳатчи – гуллар магазинининг эгаси, табиатан таъсирчан бўлган Ричард Маршнинг ҳам Каупервудга раҳми келаётганди. Ўн биринчи маслаҳатчи – баққол, тижорат дунёсида арзимаган одам бўлса-да, бироқ бақувват Ричард Уэббер ҳам Каупервудга қарши эди. У Каупервудни айбдор деб ҳисоблаётганди. Ва ниҳоят, ун дўкони эгаси бўлган ўн иккинчи маслаҳатчи Уошингтон Томас Каупервудни айбдор деб топаётган бўлса-да, ҳукм чиқарилгандан сўнг уни озод қилишга уриниш керак деб ҳисоблаётганди. У одамларни тарбиялаш керак деган шиорга амал қиларди.
Каупервуд нутқини тугатгач, ўз кўрсатмалари ўтирганларга сал бўлса-да, ижобий таъсир қилдимикин деб ўйлаб ўтирганида, маслаҳатчиларнинг қилган хулосалари ана шундай эди.
43
Маслаҳатчиларга биринчи бўлиб мурожаат қилиш ҳуқуқи адвокатларга берилгани учун Стежер касбдошига таъзим қилганча, олдинга чиқди. Сўнг маслаҳатчилар орқасида ўтирган тўсиққа қўлини қўйиб вазмин, камтарона ва ишонарли оҳангда сўзлашни бошлади.
– Муҳтарам маслаҳатчилар кенгаши аъзолари! Менинг ҳимоямдаги Фрэнк Алжернон Каупервуд шаҳримиздаги Учинчи кўчада жойлашган компаниянинг машҳур банкири ва сармоядори, у округ прокурори шу ерда бўлган Пенсильвания штати томонидан бир минг саккиз юз етмиш биринчи йил, ўн тўққизинчи октябрда Филадельфия шаҳар ғазначилигидан алдов йўли билан ўша пайтдаги ғазначининг канцелярия бошқарувчиси ва бош бухгалтери бўлган Альберт Стайерс томонидан унинг номига ёзиб берилган олтмиш минг долларни олганликда айбланади. Демак, жаноблар, фактлар қандай? Сиз бир қатор гувоҳлар томонидан берилган кўрсатмаларни эшитдингиз. Биринчи бўлиб Жорж Стинерни олайлик. Унинг айтишича, бир минг саккиз юз олтмиш олтинчи йили унга ўша пайтда қиймати жуда паст бўлган шаҳар заёмининг паритетини қандай кўтариш масаласида маслаҳат бера оладиган одам, нафақат маслаҳат берадиган, балки шу операцияни уддалай оладиган одам – банкир ёки маклер керак бўлганини айтиб ўтди. Жаноб Стинер ўша пайтда молия соҳасида кўп нарсани тушунмасди. Жаноб Каупервуд ёш ва ҳаракатчан бўлиб, кучли биржа маклери сифатида обрў қозонганди. У нафақат хаёлан, балки амалда ҳам тезлик билан шаҳар заёмининг қийматини кўтариш имкониятини излай бошлади. Жаноб Каупервуд ва жаноб Стинер ўрталарида ўша пайтдаёқ келишув тузилганди – буни жаноб Стинернинг ўзидан эшитдингиз, мана шу асосда шаҳар заёми облигацияларининг йирик пакети жаноб Стинер томонидан сотиш учун менинг ҳимоямдаги жаноб Каупервудга берилган ва у моҳирона устомонлик билан облигацияларни гоҳ сотиб, гоҳ сотиб олиб – заёмларни паритетгача кўтаради ва гувоҳлар кўрсатиб ўтишганидек, йиллар давомида унинг курсини ушлаб туради. Бу ҳақда алоҳида тўхталмоқчи эмасман, чунки бу операциялар молия дунёсида тез-тез ва очиқ ҳолда, қонуний равишда олиб борилади.
Нима бўлдики, жентльменлар, қандай сабаблар жаноб Стинерни суд залига олиб келиб ўзининг анчадан бери агенти ва маклери бўлган одамни ўғрилик ва камомад қилишда айблаяпти? Жаноб Каупервуд ёмон ният билан шаҳар ғазначилиги маблағидан олтмиш минг долларни ўзлаштириб олган, деб айтишга уни нима мажбур қиляпти? Буни қандай тушуниш керак? Балки, жаноб Каупервуд ишдан ташқари вақтда ёмон ният билан жаноб Стинер ва унинг ёрдамчиларига билдирмай ғазначиликка тушган ва у ердан билдирмай олтмиш минг долларни олиб кетгандир? Ҳечамда! Жаноб Каупервуд ғазначининг олдига куппакундуз куни, соат тўрт билан беш ораларида, у ўзини қарзларини тўлашга қодир эмас деб эълон қилишидан бир кун олдин келиб, жаноб Стинер билан унинг хонасида ярим соатча ўтирганини округ прокуроридан ўзингиз эшитдингиз. Шундан сўнг у жаноб Стинернинг хонасидан чиқиб, жаноб Альберт Стайерсга олтмиш минг долларга амортизация фонди учун шаҳар заёми облигацияларини сотиб олгани ва улар учун ҳали пул тўланмаганини айтиб, бу олтмиш мингни ғазначилик қарзлар ҳисоботига ёзиб қўйишни сўраб, унга кўрсатилган сумма учун чек ёзиб беришни талаб қилади. Унга чек беришади ва у жўнаб кетади. Бу ерда ғайриоддий нима бор, жентльменлар? Гувоҳлардан бирортаси жаноб Каупервуд шаҳардаги айнан ана шундай ишлар бўйича агенти бўлганини инкор қилдими? Гувоҳлардан бирортаси жаноб Каупервуд шаҳар заёмининг облигацияларини чиндан ҳам олганига шубҳа қилдими?
Унда нега бу ҳолда жаноб Стинер жаноб Каупервудни у сотиб олишга ҳақли бўлган – буни ҳеч ким инкор этолмайди – облигациялар учун берилган олтмиш минг долларни муттаҳамлик билан ўзлаштириб олиш ва камомадда айблаяпти? Ҳамма гап ана шунда – ҳозир буни тушуниб оласизлар, жаноб маслаҳат кенгаши аъзолари! Ҳимоямдаги одам чекни талаб қилган, уни олиб – айбловчилар таъкидлаётгандек, чек тўланган облигацияларни амортизация фондига топшириб ўтирмай, банкда ўз номига қўйган. Бу ишни вақтида қилмай ва молиявий фалокатлар сабаб қарзларини тўлашни тўхтатишга мажбур бўлиб, у – бу айбномадан ва хавотирга тушиб қолган Республикачилар партияси раҳнамоларининг гапларидан ҳам кўриниб турибди – шу орқали камомадчи, ўғри ва оддий қилиб айтганда, кўпчиликнинг фикрини Жорж Стинер ва Республикачилар партияси раҳнамоларидан чалғитиб турувчи балогардонга айланиб турибди.
Шу ерга келганда жаноб Стежер Чикаго ёнғинидан сўнг пайдо бўлган ваҳима натижасида бу ерда юзага келган сиёсий вазиятга шу қадар дадил ва ўжарлик билан таъриф бердики, унинг гапларидан Каупервудга ёнғин содир бўлгунча Филадельфиянинг сиёсий корчалонлари жуда юқори баҳо бериб юрган, кейинчалик эса сайловда ютқизишларидан қўрқиб, уни ҳамма нарсага балогардон одамга айлантириб, адолатсиз тарзда айблаганлар, деган хулоса келиб чиқди. Бу гапларнинг ҳаммасини Стежер ярим соат ичида гапириб ўтди.
У жаноб Стинернинг сиёсатдаги корчалонлар учун малай ва бир ниқоб эканини айтиб, молиявий режаларини амалга ошириш учун уларнинг қўлларидаги қурол бўлганини таъкидлади:
– Шунча айтганларимдан сўнг, жентльменлар, бу айблов қанчалик кулгили эканини ўйлаб кўринг! Қанчалик аҳмоқона айб! Фрэнк Каупервуд кўп йиллардан бери шу соҳада шаҳар агенти сифатида фаолият юритиб келган. У ўз фаолиятида жаноб Стинер билан бирга келишилган ва, албатта, юқорида ўтирган шахсларнинг ижозатларига кўра қабул қилинган бўлган шартларга амал қилган. Чунки бу шарт ва қонунларга жаноб Стинер шаҳар ғазначиси бўлгунга қадар ҳам шаҳар маъмурияти аъзолари риоя қилиб келишганди. Шундай қоидалардан бирига кўра, жаноб Каупервуд ҳар кейинги ойнинг биринчи санасида ҳамма битимлар бўйича баланс чиқариб, ҳисобот бериши керак бўларди. Яъни бу шаҳар ғазначилигига ҳеч қандай суммани тўлашга, унга ҳеч қандай чекни беришга, кейинги ойнинг биринчи санасигача амортизация фондига ҳеч қандай пул ёки сертификатлар топширишга мажбур эмаслигини билдиради. Чунки муҳтарам маслаҳатчилар кенгаши аъзолари, эътибор қаратишингизни илтимос қиламан, бу жуда муҳим – шаҳар заёми билан боғлиқ келишувлар жаноб Каупервуд шаҳар ғазначилиги учун қилган бошқа ишлар каби шунчалик кўп, шунчалик шиддатлики, уларни бажариш учун мослашувчан ва жуда кучли ҳисоб-китоб тизими керак эди, акс ҳолда, уларни рўёбга чиқариб бўлмасди. Бундай тизимсиз жаноб Каупервуд жаноб Стинер ёки ғазначиликка алоқаси бор бошқа шахсларнинг кўрсатмаларини қониқарли равишда бажара олмаган бўларди. Доимий ҳисобот олиб бориш жаноб Каупервуд учун ҳам, шаҳар ғазначиси учун ҳам жуда қийин иш бўларди. Жаноб Стинернинг ўзи кўрсатмаларида буни айтиб ўтди. Альберт Стайерс ҳам буни таъкидлади. Хўш, кейин-чи? Мана яна нима демоқчиман. Дунёдаги қайси суд, қайси соғлом фикрлайдиган одам бундай шароитда ҳар хил банклар, амортизация фонди ва шаҳар кассасида бўлган бу жамғармалар билан жаноб Каупервуднинг шахсан ўзи шуғулланганига ёки ўзининг бош бухгалтерига: “Менга қаранг, Стэпли, мана, сизга олтмиш минг долларга чек, бугуноқ ана шу суммага лойиқ сертификатларни амортизация фондига беришни ўйланг”, – дейиши мумкинлигига ишонади? Аҳмоқона тахмин! Албатта, ҳар бир тадбиркор одамда бўлганидек, жаноб Каупервуднинг ҳам ўз иш тизими бўлган. Топшириш муддати етиб келганда маълум чек ва сертификатлар лозим бўлган ерга топширилган. Жаноб Каупервуд чекни ўзининг бош бухгалтерига топширгандан сўнг у ҳақда бошқа эсламаган. Ахир шундай катта кўламда ишлайдиган банк ходими бошқача қилган бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкинми?
Жаноб Стежер нафасини ростлаб олиб, савол беришларини кутиб жим турди. Бироқ саволлар тушмагани сабаб яна гапида давом этди:
– Тўғри, жаноб Каупервуд яқинда банкрот бўлишини билган деб эътироз билдириш мумкин. Бироқ жаноб Каупервуднинг таъкидлашича, бу нарса унинг хаёлига ҳам келмаган. Унинг ўзи ҳозиргина бу ҳақда охирги дақиқаларда билганини айтиб ўтди. У ҳолда жаноб Каупервуднинг қонуний ҳаққи бўлган чекни беришни ким рад қилиши мумкин эди? Бироқ бу ерда гап нимадалигини мен биламан. Ва агар эшитишга тайёр бўлсангиз, ҳаммасини тушунтириб бераман.
Стежер маслаҳатчиларга бошқа томондан таъсир ўтказишга ҳаракат қилиб кўрди.
– Бу жуда оддий. Чикаго ёнғинидан ва унинг ортидан келиб чиққан ваҳимадан қўрқиб кетган жаноб Стинер, эҳтимол, айнан жаноб Каупервуднинг ўзи унга Филадельфия биржасида бўлаётган бу ҳодисалардан қўрқмасликни маслаҳат бергани учун демак, жаноб Кау первуд банкрот бўлиш арафасида экан-да деб ўйлаб қолгандир? Аслида Каупервуднинг банкирлик конторасида жаноб Стинернинг жуда паст фоизга анчагина маблағи бўлгани боис у жаноб Каупервудга ортиқ пул бермасликка, ҳатто унинг хизматлари учун тўланиши керак бўлган ва у икки ярим фоизли қарзга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган пулни ҳам бермасликка қарор қилади.
Жуда хунук нарса! Бироқ бунга жаноб Жорж Стинер аввалига жаноб Каупервуднинг банкрот бўлишига ҳеч қандай таъсир қилмаган ёнғин ва ваҳимадан сўнг ўзининг жонини ўйлаб қўрқиб кетгани сабаб бўлади. Модомики, у Фрэнк Каупервудга ҳатто унга тегишли бўлган пулларни ҳам бермасликка қарор қилган экан, демак, шаҳар маблағларидан шахсий манфаати йўлида (тўғри, жаноб Каупервуднинг маклер сифатидаги воситачилигида) фойдаланган Стинер ўзининг фош бўлиши ва жазоланишидан қўрқади. Сўрашга рухсат беринг, муҳтарам маслаҳат кенгаши аъзолари, жаноб Стинернинг бу қарори ақлдан эдими? Сиз бу қарорни қандай тушунган бўлардингиз? Бу ерда тилга олинган заём сертификатларини сотиб олган пайтда жаноб Каупервуд ҳали шаҳар агенти эдими? Албатта, ҳа. У ҳолда бу олтмиш минг долларлик чекка унинг ҳаққи бормиди? Бу борада баҳслашадиган бирорта одам топиладими? У ҳолда нега унинг ҳуқуқлари ва виждонлилигига шубҳа уйғоняпти? Бундай гаплар ўзи қаердан пайдо бўлди? Буни ўзим айта оламан. Бу саволлар фақат биргина сабаб – маҳаллий сиёсий арбобларнинг Республикачилар партиясидан шубҳани олиб ташлаб, бутун айбни бошқа бир одамга тўнкашлари учун юзага келган. Муҳтарам жаноблар, балки, назарингизда шаҳар ғазначилиги агенти жаноб Каупервудни қонунан ўзига тегишли бўлган пулни талаб қилганликда айблаш ҳақидаги ғайритабиий қарор сабабларини жуда узоқдан қидираётганга ўхшарман. Бироқ ўша пайтда Республикачилар партияси қандай вазиятда қолганини ҳисобга олинглар. Бу воқеа сайловлар арафасида бўлса, шаҳар ғазнасида шунча кўп камомад чиққани ҳақидаги тафсилотлар овоз бериш натижаларига салбий таъсир қилган бўларди. Республикачилар партияси шаҳар ғазначиси ва округ прокурори лавозимига, албатта, ўз одамларини ўтқазиши керак эди. Чунки Республикачилар раҳнамолари ўртасида шаҳар ғазначиси ва унинг шерикларига шаҳар маблағидан жуда паст фоизда ссуда бериш орқали даромад олиш анъана тусига кирганди. Бунинг ҳам ўз сабаби бор – уларнинг маошлари кам эди ва шундан келиб чиқиб, тузукроқ яшаш учун маблағ топишлари керак бўларди. Шаҳарга тегишли пулларни қарзга бериш одати учун жаноб Стинерни жавобгар деб ҳисоблаш мумкинми? Ҳеч қанақасига! Жаноб Каупервуд бунга жавобгарми? Асло! Ахир бу тажриба жаноб Каупервуд ва жаноб Стинерлардан анча олдин бошланганди. Унда бу шовқин-сурон нега энди кўтариляпти? Чунки Стинер ҳам, Республикачилар партияси раҳнамолари ҳам сайловлар олдидан кирдикорлари очилиб қолишидан қўрқишган. Шу пайтгача бирорта шаҳар ғазначисини бундай ҳаракатларда айбдор қилишмаган. Жаноб Стинер фойдаланган виждонсиз услубларнинг очилиб қолиши кенг омма учун ҳайратомуз янгилик бўларди. Чикаго ёнғини ва унинг натижасида бошланган биржадаги ваҳималар шаҳримиздаги кўплаб молия идораларининг, жумладан, жаноб Каупервуднинг ҳам қарзларни тўлай олиш лаёқати ва инқирозга бардошлилигига зарба бериш хавфини юзага келтирганди. Кўплаб сармоядорлар олдида банкрот бўлиш хавфи туғилди, жаноб Каупервуд ҳам шундай вазиятда қолди. Банкрот бўлгач эса у Филадельфия шаҳридан шаҳар ғазначиси орқали имтиёзли шартларда – атиги икки ярим фоизли миқдорда олган беш юз минг долларга қарз бўлиб қоларди. Балки, бу жаноб Каупервудни салбий томондан кўрсатаётгандир? Балки, шаҳар ғазначисининг олдига унинг ўзи бориб, икки ярим фоизли қарз беришни сўрагандир? Бироқ шундай бўлганда ҳам, иш нуқтаи назаридан бунинг нимаси жиноят? Ахир қаердан бўлса ҳам, қанча фоиздан бўлса ҳам қарз олишга ҳамманинг ҳуқуқи йўқми? Жаноб Стинерни жаноб Каупервудга пул беришга мажбурлашганми? Бугун жаноб Стинернинг кўрсатма беришича, унинг ўзи биринчи бўлиб жаноб Каупервудни ҳамкорликка таклиф қилган. Марҳамат қилиб айтингларчи, ўғриликда, камомадда, ишонган одамнинг мулкини ўзлаштириб олишда ва бошқа нарсаларда айблаш деган гаплар қаердан чиқди?
Муҳтарам жаноблар, яна бир бор диққат қилишларингизни сўрайман. Жаноб Стинернинг орқасида турган одамларга, унинг ҳаракатларини бошқариб турадиган шахсларга сиёсий обрўларини сақлаб қолишлари учун балогардон қурбон керак эди ва уларнинг қўлларига айнан Фрэнк Алжернон Каупервуд тушиб қолди. Мана шу, холос. Бошқа сабаби йўқ, бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар жаноб Каупервуд қийинчиликларни енгиш учун ўша пайтда пулга зор бўлган бўлса, у ҳолда унга қарз бера туриб, ҳамма ишни унутиб юбориш керак эди. Бу, албатта, улар қилган бошқа қонунбузарликлар сингари ноқонуний, бироқ анча хавфсиз бўларди. Лекин, ҳурматли маслаҳат кенгаши аъзолари, қўрқув, иродасизлик ва инқирознинг юзига тик қарай ола билмаслик уларнинг бундай қилишларига халал берди. Улар шу пайтгача ўз ишончларига хиёнат қилмаган, вафодорлиги ва жуда кучли молиявий иқтидори сабаб уларга ва шаҳар ўз-ўзини бошқарувига кам фойда келтирмаган одамга ишонишдан қўрқишди. Собиқ шаҳар ғазначисининг эса ўз сафдошига содиқ қолишга, унинг банкрот бўлишига ишонмасликка юраги дов бермади, у – ўзи рад қилмаётганидек, ўз жонини қутқара туриб, жаноб Каупервуддан аслида кўпроқ қисми унинг ўзи, яъни Стинернинг манфаати учун ишлатилган беш юз минг долларни ёки унинг кўпроқ қисмини талаб қилишни афзал кўрди ва бунинг устига, менинг ҳимоямда ги одам келишув бўйича облигациялар сотиб олишга ишлатган пулни ўрнига қўйишдан бош тортди. Жаноб Каупервуд қилган ишлардан бирортаси ноқонунийми? Йўқ, ноқонуний эмас. Жаноб Каупервудга айни пайтда банкрот бўлгани боис ҳозир қайтара олмайдиган бу беш юз минг доллар учун ўз вақтида айб қўйилганмиди? Йўқ, қўйилмаганди. Ҳамма гап шундаки, Жорж Стинер қўрқиб кетган, Республикачилар партиясининг раҳнамолари эса ғазначиликдаги камомаддан хабар топиб, ғазначини четга олиб, бутун жавобгарликни партия сафида бўлмаган одамга ағдармоқчи бўлишган. Бугун жаноб Каупервуднинг кўрсатмаларини эшитдингиз: у жаноб Стинернинг олдига айни шу нарсанинг олдини олиш учун борган экан. Ва айнан унинг жаноб Стинерга қилган огоҳлантиришдан сўнг у ҳаяжонланиб кетиб, ўзини тута олмай қолди ва жаноб Каупервуддан ўзи унга икки ярим фоизли ҳисобда қарз берган беш юз минг долларни қайтариб беришни талаб қила бошлади. Ахир молиявий нуқтаи назардан бу ўтакетган тентаклик эмасми? Гап йўқ: бутунлай қонуний бўлган ссудани қайтаришни талаб қилишнинг айни вақти!
Бироқ мен ҳозир яна устида шов-шув бўлаётган олтмиш минг долларлик чекка қайтмоқчиман. Жаноб Стинер бу ерда кўрсатма бериб ўтдики, жаноб Каупервуд банкрот бўлиши арафасида унинг олдига келганида, ғазначи унга ссуда беришни бутунлай рад қилган экан ва шунда жаноб Каупервуд гўё уни огоҳлантирмаган ҳолда ва унинг розилигисиз ғазначининг бошқарувчиси ҳамда бош бухгалтери Альберт Стайерсни унга ўзининг ҳаққи бўлмаган олтмиш минг долларга чек ёзиб беришга кўндирибди, Стинер буни билганида, ҳеч қачон унга чек беришга рухсат бермаган бўларкан. Бўлмағур гап! Стинер қандай қилиб бу ҳақда билмаслиги мумкин? Бухгалтерлик китоблари ғазначиликда турган ва у истаган вақтда улардан қараб олиши мумкин эди. Жаноб Стайерс эртаси куни тонгдаёқ уни воқеадан хабардор қилган. Жаноб Каупер вуд эса чекни эсидан чиқариб бўлган, чунки бу пулни олишга ҳақли эди ва банкрот бўлганига қарамай, истаган судида ушбу суммага ижро варақаси олиши мумкин эди. Жаноб Стинернинг ўша чекнинг берилишини кечиктириб турардим деб таъкидлаши шунчаки кулгили. Бу фикрга, албатта, унинг хаёлига эртаси куни, сиёсий ҳаммаслаклари билан гаплашгач, нима қилиб бўлса ҳам Республикачилар партиясидан шубҳаланмасликларига эришишга қарор қилинганидан кейин келган бўлса керак. Ушбу ишнинг тарихи мана шу воқеалар билан бошланганди. Ва жаноб Каупервуднинг жазоланишини жуда ҳам истаётганлар бу нарсани жуда яхши тушунишларига ишончингиз комил бўлиши мумкин.
Стежер бироз жим туриб, Шеннонга маъноли қараб қўйди.
– Жаноб маслаҳатчилар! – гапининг охирида сокин ва жарангли овозда мурожаат қилди у. – Маслаҳат кенгаши хонасида бу ишни муҳокама қилишни бошлаганингизда ўғрилик, камомад, олтмиш минг долларлик чекни ўзлаштириб олиш, яъни айбловнинг барча пунктлари округ прокурорининг бу ишларни жиноят деб ишонтиришга уриниши эканлигига ва қўрқоқ сиёсатдонларнинг жаноб Каупервуд ҳисобига ўз жонларини қутқаришга интилаётганига, бошқачасига айтганда, виждонсиз одамларнинг бир мақсадда сувдан қуруқ чиқиш учун ўйлаб топган баҳонаси эканига ишонч ҳосил қиласиз. Улар Пенсильваниядаги Републикачилар партияси аъзоларида партиянинг тепасида турганлар ва уларнинг Филадельфияда хўжайинчилик қилишлари тўғрисида нотўғри хулоса пайдо бўлишидан қўрқишади. Улар кучлари етганча Жорж Стинерни ҳимоя қилиб, бутун айбни менинг ҳимоямдаги шахсга тўнкамоқчи бўлишяпти. Бироқ бундай бўлиши керак эмас ва бундай бўлмайди ҳам! Виждонли ва соғлом фикрловчи одамлар сифатида бу ишнинг шундай тугашига йўл қўймайсизлар. Шу билан мен тоза виждон билан ўз нутқимни тугаллайман!
Стежер маслаҳатчилардан кескин ўгирилиб, Каупервуднинг ёнидаги ўрнига қараб кетди. Энди Шеннон – ёш, вазмин, бақувват ва тиришқоқ прокурор ўрнидан кўтарилди.
Очиғини айтганда, Шенноннинг Каупервуд ҳақидаги фикри Стежер билан бир хил бўлиб, “пул қилиш” учун қилган усуллари учун уни айбламаётганди. Қайтага ўзи ҳам Каупервуднинг ўрнида шундай қилган бўлиши ҳақида ўйларди. Бироқ у эндигина округ прокурори қилиб сайланганди. У ўзини кўрсатиши ва ўз хўжайинларига ниманидир исбот қилиши, яъни ушбу шароитда Каупервуд ҳукм қилиниши керак деб ҳисоблаётган Республикачилар партияси раҳнамолари кўзига яхши кўриниши керак эди. Шунинг учун Шеннон тўсиққа қўлини тираганча маслаҳатчиларга тикилиб қаради ва бир қанча нарсаларни хаёлидан ўтказганча гап бошлади:
– Муҳтарам маслаҳатчилар кенгаши аъзолари! Назаримда, бугун бу ерда аниқланган нарсаларга чуқурроқ қарайдиган бўлсак, у ҳолда аниқ битта, айтган бўлардимки, бутунлай тўғри хулосага келиш қийин эмас. Фақат фактларга виждонан ёндашиш керак бўлади. Айбланувчи жаноб Каупервуд, айтиб ўтганимдек, ўғриликда, ишонган одамнинг мулкини ўзлаштириб олишда, камомад ва яна қўшимча – бир минг саккиз юз етмиш биринчи йил тўққизинчи октябрда “Каупервуд энд Компани” номига шаҳар ғазначилиги канцелярия бошқарувчисининг шаҳар ғазначиси номидан, бироқ ўз имзосини қўйиб ёзиб берган чеки билан олган олтмиш минг долларни сарфлаб юборишда айбланяпти. Жаноб Каупервуднинг таъкидлашича, у бу пайтда нафақат қарзини бемалол тўлашга қодир бўлган, балки чиндан ҳам олтмиш минг долларга шаҳар заёми сертификатларини сотиб олган ва уларни шаҳар амортизация фондига депозитга ўтказган ёки яқин орада ўтказмоқчи бўлган. Бу нарса оддий ҳолат, яъни “Каупервуд энд Компани”нинг биржада ишончнома орқали шаҳар заёми облигацияларини сотиб олиб, уларни амортизация фондига топшириш ва кетган суммани тезлик билан ўрнига қўйиш келишуви саналган бўларди. Энди эса, жентльменлар, бу иш аслида айнан қандай бўлганини кўриб чиқамиз.
“Каупервуд энд Компани” чиндан ҳам, – айтганча, бугун ўзингиз гувоҳ бўлаётганингиздек, ҳеч қандай компания йўқ, фақат Фрэнк Каупервудгина бор, демак, айтиб ўтганимиз – Фрэнк А. Каупервуднинг бу чекни ёздиришга ҳаққи бормиди? Бошқача айтадиган бўлсак, ўша пайтга ҳам у шаҳар вакили эдими ёки йўқми? У қарзларини тўлашга қодирмиди? Шунингдек, ўзига банкротлик хавф солаётганини у билганми ёки йўқми ва бу ҳодисага қонун, ахлоқ ва бошқа жиҳатлар билан қараладиган бўлса, қилаётган ишининг натижалари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасдан, ўзининг молия дунёсидаги мавқеини қутқариш учунгина худди чўкаётган одам чўпга ёпишгандек, олтмиш минг долларлик чекка ёпишиб олмаганми? Ёки у чиндан ҳам шаҳар заёми сертификатларини ўзи кўрсатган миқдорда, ўша пайтда ва ўзи айтган тартибда қонунан олганми? У шаҳар заёми сертификатларни чиндан ҳам амортизация фондига топширмоқчи эдими ёки бундай режаси йўқмиди? Ана шу олтмиш минг долларлик чекни олган куни унинг шаҳар ғазначиси билан муносабатлари олдингидек эдими ёки ўзгарганмиди? У чекни олгунга қадар чорак соат илгари, икки кун, икки ҳафта – бу ерда вақт роль ўйнамайди, ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат натижасида уларнинг ҳамкорлиги тугатилмаганмиди?
Сизларга маълумки, истаган ишбилармон, агар тузилган битимда вақт кўзда тутилмаган бўлса, истаган пайтда ўртадаги битимни рад қилиши мумкин. Ишни кўриб чиқаётганда бу ҳолатни ҳисобга олишингизни сўрайман. Жорж Стинер ўшанда, бир минг саккиз юз етмиш биринчи йил тўққизинчи октябрь куни, яъни Каупервудга олтмиш минг долларга чек берилишигача, Фрэнк Каупервуднинг жуда қийин аҳволда экани ва ўзининг битим бўйича мажбуриятларини батафсил бажара олмаслигини билатуриб ёки тахмин қилиб, ўрталаридаги келишувни тўхтатганмиди? Яна бир нарсани аниқлаш керакки, жаноб Фрэнк Алжернон Каупервуд ортиқ шаҳар агенти эмаслигини ва яна қарзларини тўлашга қодир эмаслигини – жаноб Стинер унинг ўзи буни тан олганини таъкидлаяпти – билатуриб ва гўёки амортизация фонди учун олинган сертификатларни фондга топширмасликни режалаштирган ҳолда жаноб Стинернинг канцеляриясига кириб, унинг секретарига олтмиш минг долларлик шаҳар заёми сертификатларини сотиб олганини айтади ва унга чек ёзиб беришларини сўраб, хотиржамлик билан чекни чўнтагига солиб, бу суммани шаҳарга қандай қайтиб бериш тўғрисида ўйламай ҳам чиқиб кетади. Ва йигирма тўрт соат ўтиб юқорида айтиб ўтилган суммадан ташқари яна ўзи илгари шаҳар ғазначилигидан олган беш юз минг доллар миқдорида шаҳарга қарз бўлган ҳолда банкрот бўладими? Бу иш бўйича қўлимизда қандай далиллар бор? Бу ерда гувоҳлик қилганлар нималар дейишди? Жорж Стинер, Альберт Стайерс, Жирард миллий банки бошқаруви раиси жаноб Дэвисон ва жаноб Каупервуднинг ўзи нималар деяпти? Бу иш бўйича бор нарсаларни таққослайдиган бўлсак, қандай манзара ҳосил бўлади? Муҳтарам, маслаҳат кенгаши аъзолари, олдингизда ўзига хос муаммони ечиш вазифаси турибди!
Шеннон жим бўлиб қолди; ўтирганларга бир назар солиб, манжетларини тўғрилаб қўйди: бу ишларнинг ҳаммасини у шаҳарнинг ҳурматли одамлари ишончига кириб олиб, лақиллатиб кетган эпчил, қўлга тушмас жиноятчининг изига тушган одам каби бажарарди. Сўнгра яна гапида давом этди:
– Демак, жентльменлар, бу фактлар қандай? Бу иш қандай содир бўлганини эшитдингиз. Сизлар соғлом фикрловчи одамсиз. Сизларга тушунтириб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Олдингизда иккита одам турибди: бири Филадельфия шаҳри томонидан шаҳар ғазначиси ўрнига сайланган, ўз шаҳрининг манфаатларини ҳимоя қилишга ва молия ишларини шаҳар учун фойдали тарзда олиб боришга қасамёд қилган одам; иккинчиси эса – турғун бўлмаган молиявий шароит сабаб қийин бўлган муаммоларни ҳал қилишда – мен бу масалада баҳслашмоқчи эмасман – ёрдам беришни сўраб мурожаат қилинган маклер. Улар бир-бирлари билан киши билмас молиявий битим тузишади ва бунинг натижаси қатор ноқонуний битимлар пайдо бўлиб, мана бу икки одамдан бири – ақллироқ ва айёрроғи ва Учинчи кўчанинг ҳамма туйнукларидан хабардорроқ бўлгани иккинчисини маблағини тикишнинг хавфли йўлларига етаклайди, натижада уни (майли, атай қилган демай қўя қоламиз) хонавайронликка, жамият олдида шармисор бўлишга олиб келади. Шундан сўнг тутган ўрни масъулиятлироқ бўлган одам, яъни Филадельфия шаҳрининг ғазначиси энди ўз ишонган одами ортидан боришга ортиқ юраги дов бермайди. Ва мана, олдимизда жаноб Стинер ўз кўрсатмаларида тасвирлаб берган манзара пайдо бўлади: очкўз ва аёвсиз молия бўриси бу найрангларда ҳеч нарса тушунмайдиган титраб турган бечора тижорат қўзичоғига оғзини очиб ириллайди: “Агар бу пулларни, яъни менга керак бўлиб турган уч юз минг долларни бермайдиган бўлсанг, сени қамоққа тиқишади, болаларингни кўчага ҳайдашади, хотининг ва бутун оиланг яна оч қолади ва сенга ёрдам бериш учун ҳеч ким пинагини ҳам бузмайди!” Жаноб Стинернинг айтганларига кўра, жаноб Каупервуд унга шундай деган. Ўзим бунга шубҳа қилмайман. Жаноб Стежер бу ерда иш унинг мижозига тегишли бўлгани учун жуда чиройли гаплар билан жаноб Каупервудни қандай олийжаноб, самимий ва эҳтиёткор, деярли зўрлаб икки ярим фоиз ҳисобидан беш юз минг доллар қарз олишга мажбур қилишган одам сифатида тасвирлаб берди. Учинчи кўчада эса талабгир ссудалар ўндан ўн беш фоизгача, ҳатто ундан кўп даромад келтиради. Бироқ бунга ишонгим келмаяпти. Мана шундай илтифотли, самимий, ўз хўжайинига ёқишга ҳаракат қиладиган камтаргина ёлланма агент бўлган одамнинг шу ҳодисадан уч кун аввал жаноб Стинернинг олдига қўлида олтмиш минг долларлик чек билан келиб, унга “агар шаҳар маблағидан яна уч юз минг доллар бермасангиз, мен банкрот бўламан, сиз эса қамоққа тушасиз. Бундан қутулиб кета олмайсиз” дейиши менга ғалати туюляпти. Жаноб Стинер бу гапларни қасам ичиб айтди. Бу одамнинг гапларига диққат қилинг: “Мен банкрот бўламан, сиз эса қамаласиз. Мен фақат агентман, холос”. Тушунмаяпман: бу юмшоққина, кўнгилчан, яхши тарбия кўрган агентнинг гапларими ёки безбет, айёр, такаббур, буйруқ беришга ўрганган ва нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қилишга тиришаётган ёвуз одамнинг гапларими?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.