Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 31

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 31 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўтирган жойида семиз шерифни кузатиб ўтирган Каупервуд гап нима ҳақида кетаётганини дарров тушунди. У яна ўзининг аввалги совуққон ҳолатига қайтган ва атрофидаги ҳамма нарсага танқидий назар билан қараётганди. Мана, қамоқхона деганлари қандай жой экан ва мана шу ёғ босган кимса унинг устидан назорат қиладиган шериф! Майли! Фрэнк Каупервуд бу ерда ҳам ўз жойини топа олади! Бирдан йигитнинг хаёлига уни тинтув қилишмасмикин, деган фикр келди: ахир маҳбусларни шундай қилишади! Бироқ тез орада йигит бундай бўлмаслигига амин бўлди.

– Мана, жаноб Каупервуд! – деди ўрнидан тураётиб Жесперс, кейин ҳиринглаб қўшиб қўйди – Сизга бу ерда қулайроқ шароит қилиб бера оламан, деб ўйлайман. Албатта, бу ер меҳмонхона эмас, бироқ сиз учун нимадир қила оламан.

У “Жон!” дея қичқирди ва қўшни хонадан уйқусираган кўзларини ишқалаб қамоқхона назоратчиларидан бири чиқиб келди.

– Олтинчи хонанинг калити шу ердами?

– Ҳа, сэр.

– Менга олиб келгин!

Жон чиқиб кетиб, шу заҳоти қайтиб кирди. Бу орада эса Стежер Каупервудга унинг кийимлари ва бошқа керакли ҳамма нарсаларини бу ерга олиб келишлари мумкинлигини тушунтирди. Эрталаб у билан маслаҳатлашгани Стежернинг ўзи келади, агар Фрэнк оила аъзоларидан кимнидир кўришни хоҳласа, уларга ҳам келишга рухсат бор.

Фрэнк шу заҳоти отасига ҳозирча ҳеч ким келмагани маъқуллигини айтди. Жозеф ёки Эдвард кийимлари ва бошқа нарсаларини чемоданга солиб олиб келишсин. Бошқалар у озодликка чиққунича ёки ҳақиқий маҳбус бўлгунича кутиб тура қолишсин. У Эйлинга хат ёзиб ҳеч нарса қилиб ўтирмасликни айтмоқчи бўлаётганда шериф юришга ишора қилди ва Каупервуд индамай унинг кетидан кетди. Стежер ва отаси билан бирга юқорига, ўзининг янги яшаш жойига чиқди.

Бу катталиги ўн бешга йигирма фут бўлган хона бўлиб, деворлари оқланган ва шифти нисбатан баланд эди. Хонада суянчиғи баланд сариқ ёғоч каравот, худди шундай рангдаги жавон, унча катта бўлмаган стол ва ўтирадиган жойи тўқилган, суянчиғи ўйма учта кўримсизгина стул, каравот рангидаги ёғоч умивальник ва унинг устида кўза, тоғора, совун учун идиш ва тиш ювиш, соқол олишда фойдаланиладиган, бу ердаги бошқа нарсалардан ажралиб турган ва, афтидан, ўн центдан ҳам ортиқ турмайдиган пушти гулли кичкина кружка бор эди.

Бу хона шериф Жесперсга ҳафтасига ўттиз-ўттиз беш доллардан фойда келтирарди. Каупервуд ўттиз бешга савдолашди. У қор босган ўтлоқ кўриниб турган дераза олдига келиб, хона ёмон эмаслигини айтди. Отаси билан Стежер Фрэнк истаганча у билан қолишга тайёр эдилар, бироқ гаплашадиган гаплари ҳам қолмаганди. Каупервуднинг ҳам гаплашиб ўтириш истаги йўқ эди.

– Эд менга эрталаб ички кўйлак билан бир-иккита костюм олиб келсин, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Нарсаларимни Жорж йиғиштириб беради, – деди Каупервуд. У уйида бошқа ишлари билан бирга камердинерлик ҳам қиладиган хизматкорни назарда тутаётганди. – Лилиан хавотир олмасин. Мен яхшиман. Беш кундан кейин чиқарканман, у бу ерга келиб ўтирмасин. Чиқмайдиган бўлсам, ҳали келишга улгуради. Болаларни менинг номимдан ўпиб қўйинг!

У кулиб қўйди.

Ишнинг ижобий ҳал бўлиши тўғрисидаги гапи биринчи инстанциядаёқ тўғри чиқмагани учун Стежер штатнинг олий суди қандай хулоса чиқариши борасида ишонч билан гапиришга энди қўрқиб қолганди.

– Фрэнк, аппеляциям натижасидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Мен ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида кўрсатма оламан ва ўшанда ихтиёримизда икки ой ва балки, ундан ҳам кўпроқ вақт бўлар. Гаров ҳақи ўттиз минг доллардан ошмаса керак деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам, беш-олти кундан кейин бу ердан чиқиб кетасиз.

Каупервуд ўзи ҳам шундай бўлишига умид қилаётгани, бироқ ҳозир кеч бўлиб қолгани ва бу масалани муҳокама қилиш шарт эмаслигини айтди. Суҳбатни яна давом эттиришга бир неча марта ҳаракат қилган кекса Каупервуд ва Стежер ниҳоят хайрли тун тилаб, Фрэнкнинг ёлғиз ўзини қоронғида хаёл суришга ташлаб, жўнаб кетишди. Каупервуд жуда чарчаганди, шунинг учун тезда ечиниб, қаттиқ ўринга ётди ва сал ўтмай ухлаб қолди.

45

Алчоиҳлиардна инхго нхаидзамабтўгла иҳшо зимрулмикгиинлваи гҳиа, ранкаазто рқаитлинса, маҳбусни яхшироқ жойга жойлаштиришнинг ҳам имкони борлиги сингари имтиёзлар тўғрисида қанча гапирилмасин, қамоқхона барибир қамоқхоналигича қолади ва бундан қочиб бўлмайди. Каупервуд ўртача даражадаги пансионатдан ҳеч кам жойи йўқ шароитда турган ҳолда ўзи ҳозирча тушмаган ҳақиқий қамоқхонанинг нафасини ҳис қилганди. У ифлос, қўланса ҳидли, ҳашаротлар билан лиқ тўла қамоқхоналар шу яқин орадалигини, агар тузукроқ шароит қилиш учун ёнида пули бўлмаганда, унинг ортидан ҳам мана шу камераларнинг оғир темир панжарали шарақлаб ёпилишини биларди. Мана сизга донғи кетган тенглик, ўйлади у: ҳатто мана шу – ҳақиқат ҳукм суриши керак бўлган ерларда ҳам бир одамга (масалан, унинг ўзи ҳозир фойдаланаётгани каби) нисбатан озодлик берилса, бошқаси ишини енгиллата оладиган даражада устомон бўлмагани, дўстлари ва асосан пули бўлмагани учун энг оддий нарсалардан ҳам мосуво бўлади.

Каупервуд суднинг эртаси куни уйғониб, кўзини очди ва ўзини ўрганган ётоқхонасида эмас, қамоқхона камерасида, тўғрироғи, унинг ўрнидаги қулайгина жиҳозланган хонада кўриб ажабланди. Ўрнидан туриб, деразадан ташқарига қаради. Ҳовли ва бутун Пассаюнк авеню қор билан қопланганди. Қамоқхона ёнидан бир нечта юк ташийдиган арава шовқинсиз ўтиб кетаётган ди. Бундай саҳар пайти ҳали кам бўладиган пиёдалар қаерларгадир шошиб кетарди.

Каупервуд ўз ишини тиклаш ва ўзини оқлаб олиш учун нима қилиш кераклиги, қандай ҳаракатлар олиб бориши тўғрисида ўйлай кетди. У ўз хаёлларига берилганча кийиниб, унга кеча кўрсатишгани – қўнғироқ ипини тортди. Қўнғироққа жавобан қамоқхона хизматчиси келиб, каминни ёқиб бериши ва нонушта келтириши керак бўларди. Хизматчиларга хос форма кийиб олган хизматчи бундай хонани банд қилган маҳбус, шубҳасиз, оддий одам эмаслигини тахмин қилиб, каминга ўтин қалаб, олов ёқди ва жуда камлигига қарамай, қамоқхона овқатига ўхшамайдиган нонушта келтирди. Шундан сўнг шериф кўринишидан жуда эътиборли одамдек туюлганига қарамай, кийим-кечак олиб келган укаси Эдвардни олдига киргизишларини бир неча соат кутишига тўғри келди. Озгина порага хизматчилардан бири унга газета олиб келиб берди, Каупервуд уни тезгина кўздан кечириб, фақат молия бўлимидаги янгиликларни қизиқиб ўқиб чиқди. Стежер кун кеч бўлгандагина келиб, кечиккани учун узр сўради ва унга шериф билан келишиб қўйгани, Фрэнкнинг олдига муҳим иш юзасидан келган одамларнинг ҳаммасини ичкарига киритишга рухсат берилганини маълум қилди.

Каупервуд бу пайтга келиб Эйлинга хат ёзишга улгурганди. У қиздан ўзи билан кўришишга ҳаракат қилмасликни, чунки ўнинчиларда ўзи озодликка чиқиши ва шу заҳоти ёки яқин кунларда у билан кўришишини айтганди. У қизнинг ўзи билан учрашишга шошаётганини жуда яхши тушунади, бироқ унинг ортидан отаси ёллаган одам тушишига йигитнинг ишончи комил эди.

Бундай эмасди, бироқ шундай бўлиши мумкинлигининг ўзиёқ Эйлинни эзаётган, бунинг устига, овқат пайтида акаларининг қамоққа ҳукм қилинган сармоядор ҳақидаги нафрат билан ҳикоя қилишларини қўшса, қизнинг сабр косаси тўлиб кетганини тушуниш осон.

Каупервуднинг Келлигенлар манзилига юборган хатидан кейин Эйлин ўнинчи санада Каупервуднинг ишини қайта кўриб чиқиш илтимоси қондирилгани ва у вақтинча бўлса-да, яна озодликда экани ҳақида газетада ўқимагунча бирор ишга қўл урмади. Фрэнкнинг вақтинча бўлса-да, озодликда экани ҳақидаги хабар унга ўзининг анчадан бери ўйлаб юрган фикри – отасига усиз ҳам яшай олиши ва уни бўйсунишга мажбурлай олмаслигини амалда исботлаш учун куч берди.

Эйлиннинг қўлида Фрэнк берган икки юз доллар ва ўзининг жамғарганлари – жами уч юз эллик долларча пули бор эди. Қизнинг ўйлашича, бунча пул ўйлаганини амалга оширишга, жуда бўлмаганда қандай қилиб бўлса ҳам, тақдирини ҳал қилишгача етиши керак эди. Отаонаси уни қанчалик яхши кўришларини билган Эйлин бу воқеалардан ўзидан ҳам кўра улар кўпроқ азоб чекишларига ишончи комил эди. Балки, қизининг қарори қатъий эканини отаси тушуниб, уни тинч қўяр ва у билан ярашар. Нима бўлганда ҳам, биринчи қадамни қўйиш керак эди. Қиз дарров Каупервудга жавоб хати ёзиб, Келлигенларникига кетаётгани, уни қамоқдан чиққани билан ўша ерда табриклашини билдирди.

Бу хат қайсидир маънода Каупервудни хурсанд қилди. У ўзининг ҳозирги аччиқ кечмиши Батлернинг уринишлари туфайли бўлганини яхши билар ва қизини йўқотаётган кекса ирландияликнинг азоб чекишига ўзи сабаб бўлишини била туриб, виждони қийналмади. Каупервуднинг қариянинг асабига тегиш керак эмас деган илгариги фикри натижа бермади, у шунчалик қатъий экан, энди Эйлиннинг ўзини ҳимоя қила олиши ва отасининг ёрдамисиз ҳам яшай олишини билиши Батлер учун фойдали бўлади. Балки, Эйлин шу йўл билан отасини ўзига бошқача муносабатда бўлишга мажбур қила олар ва эҳтимол, шунда у Каупервудга қарши сиёсий фитналар қилишни тўхтатар. Чўкаётган чўпга ёпишар экан. Бун дан ташқари, унинг йўқотадиган нарсаси ҳам қолмади. Каупервуд Эйлиннинг бу қадами, балки, икковлари учун фойдали бўлиши мумкин деб ўйлаб қолди ва қизни йўлдан қайтармасликка қарор қилди.

Эйлин ўзининг ҳамма қимматбаҳо буюмлари, ички кийим, икки-учта кўйлак ва яна бир қанча майдачуйдаларини йиғиштириб, энг катта чамадонига солди. Уни ёпаркан, туфли ва пайпоқларини олмагани эсига тушиб қолди, бироқ бу нарсаларни қанча ҳаракат қилмасин, сиғдира олмади. Ўзи олиб кетмоқчи бўлган энг яхши кўрадиган шляпасини ҳам тиқадиган жой йўқ эди. Шунда у кўриниши жуда чиройли бўлмаса-да (у бунга эътибор бермасликка қарор қилди), яна битта тугун қилди. Пардоз столидаги тортмасини кавлаб, у ердан уч юз эллик долларини олди ва сумкачасига жойлади. Албатта, бу катта пул эмас, бироқ Каупервуд у ҳақда қайғуради! Агар у ёрдам бера олмаса ва отаси қатъийлигича қолса, Эйлин ўзига иш топади.

Эйлин ҳаётда ҳеч нарсага тайёрланмаган ва етарли маблағи бўлмаган одамларни дунё қандай қабул қилиши тўғрисида ҳеч нарса билмасди. У қайғу-аламли ҳаёт йўли нима эканидан бехабар эди. Ва мана, ўнинчи декабрь куни ўзини тетикдек тутиш учун минғирлаб қандайдир ашулани хиргойи қилганча, у отасининг одатдагидек емакхонага овқатланишга тушишини кутиб турди. Кейин зина тутқичидан энгашиб қараб, Оуэн, Кэлем ва Норанинг ҳам оналари билан дастурхон атрофида ўтиришганига амин бўлгач, отасининг хонасига югуриб кирди ва корсажи остидан отасига ёзиб қўйган хатини олиб стол устига қўйди-да, тез чиқиб кетди.

Қиз ўзининг отасига ёзган қисқагина хатини “Отамга” деган мурожаат билан бошлаб, қуйидаги сўзларни битганди:

“Азиз отажоним! Мен сиз айтгандек қила олмайман. Жаноб Каупервудни жуда севаман, шунинг учун уйдан кетяпман. Мени уникидан қидириб ўтирманг. Унинг олдига бораётганим йўқ. У менга уйлана оладиган бўлмагунча, мустақил яшамоқчиман. Мен жуда оғир аҳволдаман, бироқ айтганингиздек қила олмайман. Ва менга нима қилганингизни унута олмаяпман. Онамга, Нора ва акаларимга салом айтиб қўйинг. Эйлин!”

Отаси хатни аниқ топиши учун қиз унинг устига отаси китоб ўқиётганда тутадиган гардиши қалин кўзойнагини бостириб қўйди. Бу пайтда қиз ўзини худди ўғрилик содир қилаётган одамдек ҳис қиларди – бу унинг учун бутунлай бегона, янги ҳиссиёт эди. У бирдан ўзини кўрнамаклик қилаётгандек ҳис қилди. Балки, у яхши иш қилмаётгандир? Отаси унга доим меҳрибон эди. Онаси ғамда адо бўлади. Нора ранжийди, Оуэен билан Кэлемлар ҳам… Йўқ, улар барибир Эйлинни тушунишмайди! Отаси эса ўзининг қилган иши билан қизини ҳақорат қилди! Қизига раҳмшафқат кўзи билан қараши мумкин эди; бироқ у қари ва ўзининг диний қарашлари ҳамда ахлоқ тўғрисидаги гапларидан бошқа нарсани тушунмайди. Балки, отаси энди қизининг уйга қайтишига ҳеч қачон рухсат бермас. Майли, Эйлин усиз ҳам бир амаллаб яшайди. У отасини тавбасига таянтиради! Агар керак бўлса, у Келлигенларникида анча қолиб кетади, мактабга ўқитувчи бўлиб ишга киради ёки мусиқадан дарс бера бошлайди.

Эйлин оёғининг учида бўсағага келди-ю, эшикни очиб, ташқарига қаради. Кўчада фонарлар ёнган бўлиб, совуқ, кескин шамол эсаётганди. Чамадон қўлига оғирлик қилар, бироқ Эйлин кучли қиз эди. У эллик қадамча юриб, бурчаккача етиб борди ва жануб томонга бурилди. Унинг асаблари таранг тортилганди: буларнинг бари унинг учун янги, ўрганган нарсаларига бутунлай ўхшамаган ҳолатлар эди. Сал юргач, у дам олиш учун тўхтаб, чамадонини ерга қўйди. Бурчакдан қандайдир мусиқани ҳуштак қилиб чалиб бир болакай кўриниб қолди, Эйлин уни чақирди:

– Ҳой бола! Ҳой бола!

Болакай яқин келиб, қизга қизиқиб қаради.

– Озгина пул ишлаб олишни хоҳлайсанми?

– Ҳа, мэм, хоҳлайман, – бошидаги шапкасини қийшайтириб, ҳозиржавоблик билан жавоб берди бола.

– Мана бу чамадонни кўтаришиб юбор! – деди Эйлин.

Бола чамадонни қўлига олиб, икковлари йўлда давом этишди.

Бироз ўтиб қиз ҳаммани ҳайратда қолдириб, Келлигенларникига – янги манзилига кириб келди. Ўзини бехавотир ҳис қилиши билан, ҳаяжони босилиб, у нарсаларини жойлай бошлади. Бу ишда уйда Батлер хоним ва унинг иккала қизига хизмат қиладиган Кэтлиннинг йўқлиги Эйлинга бироз ғалати туюлса-да, у хафа бўлиб ўтирмади. Қиз ўрганган нарсаларидан бир умрга жудо бўлгани ҳақида ўйламасди, шунинг учун қулайроқ жойлашиб олишга ҳаракат қилди. Мэйми Келлиген ва онаси Эйлинга сидқидилдан меҳр билан қараб туришар ва бу ҳам қизга ўзини ўрганган муҳитидагидек ҳис қилишга ёрдам бераётганди.

46

Бу пайтда Батлерлар оиласи дастурхон атрофида жамулжам бўлганди. Кайфияти яхши бўлган Батлер хоним столнинг иккинчи бурчи – уй эгаси ўтирадиган тўрдаги ўриндиқнинг рўпарасида ўтирарди. Унинг оппоқ сочлари ярақлаган пешонасидан орқага тараб қўйилганди. Эгнида оқ кулранг йўл-йўл тасмалар билан безаб тикилган тўқ кулранг кўйлак бўлиб, унинг юзига жуда ярашиб турарди. Бу кўйлакнинг бичимини Эйлин танлаган ва уни яхшилаб тикишларини ўзи назорат қилганди. Нора эса ёқа ва енги қизил духобадан тикилган оч-яшил кўйлакда бўлиб, у жуда чиройли кўринарди. Қиз ёш, қомати келишган ва қувноқ, кўзлари, юзи ва сочларидан софлик, соғломлик уфуриб турарди. У қўлида ҳозиргина онаси совға қилган маржон шодасини айлантираётганди.

– Кэлем, қарагин! – қиз рўпарасида ўтириб, қўлидаги пичоқ билан столни секин тақиллатиб ўтирган акасига мурожаат қилди. – Чиройли-я? Онам берди!

– Онам сени жуда эркалатиб юборяпти. У кишининг ўрнида бўлсам, сенга биласанми, нима совға қилган бўлардим… нималигини топ-чи?

– Хўш, нима экан?

Кэлем синглисига айёрлик билан қараб қўйди. Шу пайт хонага Оуэн ҳам кириб келиб, жойига ўтирди. Батлер хоним қизининг юзини бужмайтирганини кўриб қолди.

– Қараб тургин, бу ишинг учун акангнинг жаҳли чиқади, – деди у.

– Вой, бугун бирам оғир кун бўлди, – қўлидаги сочиқни очаркан, чарчаган оҳангда деди Оуэн. – Роса иш кўп!

– Бирорта муаммо чиқдими? – қизиқиб сўради Батлер хоним

– Йўқ, ҳеч гап йўқ, шунчаки иш жуда кўп.

– Сен яхшилаб овқатланишинг керак, шунда анча тетиклашасан, – эркалатган кўйи деди Батлер хоним. – Томсон (Батлерлар кўкат сотиб оладиган одам) бугун янги нўхат юборибди. Шундан еб кўргин.

– Ҳа, Оуэн, – кулиб юборди Кэлем, – нўхат ҳамма нарсани дарров жойига қўйиб қўяди. Онамиз йўлини топадида!

– Менга ишонавер: нўхат ажойиб нарса! – ўғлининг киноясини сезмай деди Батлер хоним.

– Ойижон, ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ, – деди Кэлем, – Нўхат мия учун зўр озуқа. Нора ҳам еса яхши бўларди.

– Вой ақлли, ўзинг ҳам есанг бўларди! Бугун жуда қувноқсан-а? Учрашувга тайёрланяпсан, шекилли?

– Топдинг! Ўзинг ақллилик қиляпсан! Учрашувим бор: фақат биттаси билан эмас, беш ёки олтитаси билан. Ҳар биттасига ўн дақиқадан. Агар чиройлироқ бўлганингда, мен сенга ҳам учрашув тайинлаган бўлардим.

– Узоқ кутишингга тўғри келади, – киноя қилди Нора. – Олдингга боришга шошмасдим. Агар сендан яхшироғини топмасам, ишларим ёмон бўлади.

– Менга ўхшашини демоқчисан, шекилли? – қизнинг гапини ўзига тўғрилади Кэлем.

– Болалар, болалар! – одатдагидек вазминлик билан уларни тинчлантирди Батлер хоним, нигоҳлари билан қари хизматкорлари Жонни ахтарар экан. – Яна озгина гаплашсангиз, уришиб қоласиз. Етар. Мана, отамиз ҳам келди. Эйлин қани энди?

Жаноб Батлер оғир қадамлар билан кириб келиб, стол ёнига ўтирди.

Хизматкор Жон қўлида бошқа овқатлар ва ўртасида нўхат турган патнис билан хонага кириб келди. Батлер хоним ундан Эйлинни чақириш учун бирортасини юборишни сўради.

– Яхшигина совуқ тушди, – деб қўйди жаноб Батлер гап бошлаш учун ва Эйлиннинг бўш турган стулига қаради. Ҳозир унинг суюкли қизи, муаммоларининг сабабчиси кириб келади! Охирги икки ой ичи ота қизи олдида Каупервуднинг исмини ҳам айтмасликка уриниб, жуда эҳтиёткорона гаплашаётганди.

– Ҳа, ҳаво совуқ, – отасининг гапини тасдиқлади Кэлем. – Яқинда чинакам қиш бошланади.

Жон овқат тарқатишни катталардан бошлади; Эйлин ҳали ҳам келмаганди.

– Жон, қараб келгин, Эйлин қаерда экан, – деди хайрон бўлган Батлер хоним. – Овқати совиб қолади.

Жон чиқиб кетиб, бироздан сўнг қайтиб келди ва Батлер хонимга қизи хонасида йўқлигини айтди.

– Тушунмадим, қаерга кетган бўлиши мумкин?! – ажабланди Батлер хоним. – Ҳа майли, қорни очса, ўзи келади! Овқат вақти бўлганини яхши билади.

Овқат устида суҳбат янги водопровод, қурилиши охирига яқинлашиб қолган шаҳар бошқармасининг янги биноси, Каупервуднинг бошига тушган ҳар хил офатлар, фонд биржасидаги умумий ҳолат, Аризонадаги янги олтин конлари, кейинги сешанбада Молленхауэр хонимнинг қизлари билан Европага кетиши (шу вақтда Нора ва Кэлем жонланиб қолишди) ва ниҳоят, Рождество байрамига бўладиган хайрия бали тўғрисида кетди.

– Эйлин, албатта, балга борса керак, – деб қўйди Батлер хоним.

– Мен ҳам бораман! – хитоб қилди Нора.

– Сўрашга ижозат беринг: ким билан борасиз? – гапга аралашди Кэлем.

– Бу эса менинг ишим, жаноб! – акасининг гапини кесди Нора.

Овқатдан кейин Батлер хоним қизи нимага овқатга тушмаганини билиш учун шошмай унинг хонасига қараб кетди. Жаноб Батлер ҳам хавотирларимни хотиним билан баҳам кўрсам яхши бўлармиди, дея ўйлаганча ўз хонасига қараб кетди. У чироқни ёқиб, жойига ўтиришга ҳам улгурмай, хатга кўзи тушди. У Эйлиннинг дастхатини дарров таниди. Бу нимаси, отасига хат ёзиш унга нега керак бўлиб қолибди?

Батлернинг юраги орқага тортиб кетди; у дарров конвертни очиб, кўзойнагини тақди ва хатни ўқий бошлади. Демак, Эйлин уйдан кетибди!

Қария мактубдаги қаторларга тикиларкан, назарида, ҳар битта сўз оловли ҳарфлар билан битилгандек туюлди. У Каупервуднинг олдига кетмаганини ёзяпти. Бироқ Каупервуд Филадельфиядан қочиб, ўзи билан қизни ҳам олиб кетган бўлса керак. Бу тўлиб турган сабр косасини тоширган охирги томчи бўлди. Бу тамом дегани! Эйлинни йўлдан уриб, уйдан олиб кетишибди. Қаерга?

Бироқ Батлер Каупервуд қизини шундай қилишга ундаганига ишониши қийин бўлаётганди. Бу жуда таваккал иш эди: бундай ҳаракат нафақат Батлерларнинг оиласи учун иснод, балки ўзининг оиласи учун ҳам ёмон таъсир қилган бўларди. Газеталар бир зумда бу ҳақда шовшув қилишлари мумкин эди.

Батлер хатни қўлида ғижимлаганча ўрнидан турганида, хонага хотини кириб келди. У дарров ўзини тутиб олиб, хатни чўнтагига тиқди.

– Эйлин хонасида йўқ, – ҳайрон бўлиб деди Батлер хоним. – У қаерга боришини сенга айтмаганмиди?

– Йўқ, – жавоб берди Батлер, бор ҳақиқатни хотинига қачон айтиш ҳақида ўйларкан.

– Қизиқ, – шубҳаланди Батлер хоним, – бирор нима сотиб олиши керак бўлганмикин. Бироқ унда нега ҳеч кимга айтмай кетди?

Батлер кўнглидан ўтганларини унга ошкор қила олмади.

– Қайтиб келади, – деди у вақтдан ютиш учунгина.

Ўзини ёлғондан хотиржам тутишга тўғри келаётгани жаноб Батлерга оғир ботаётганди. Батлер хоним чиқиб кетгандан сўнг у хонанинг эшигини беркитиб, яна хатни қўлига олди ва қайтадан ўқиб чиқди. Қизи ақлдан озибди! У аҳмоқона, бемаъни иш қилибди! Агар Каупервуднинг олдига бўлмаса, қаерга борган бўлиши мумкин?! Бу воқеаларнинг ҳаммаси шусиз ҳам жанжал ёқасига келиб қолганди, энди бундан қочиб бўлмайди. Фақат битта тахмин қолганди. Агар Каупервуд Филадельфияда бўлса, қизининг қаердалигини яхши билади. Дарров унинг олдига бориб, дўқ қилиш, айёрона йўл тутиш, керак бўлса, уни йўқ қилиб юбориш керак. Эйлин уйга қайтиши шарт! Европага бормаса ҳам майли, бироқ уйда ўтириши ва Каупервуд унга уйланадиган бўла олмагунча ўзини яхши тутиб юриши керак. Бундан ортиғига айни пайтда умид ҳам қилиб бўлмайди. Кутиб турсин: балки, отаси вақти келиб қизининг ўйлаганларига рози бўлишга кўникар. Даҳшатли фикр! Эйлиннинг қилган иши онасини тириклай гўрга тиқади, синглисининг номусини оёқости қилади.

Батлер ўрнидан туриб, илгакдан шляпасини олди ва пальтосини кийиб, кўчага чиқди.

Каупервудларникида уни қабулхонага олиб киришди. Уй эгаси бу пайт ўз хонасида бўлиб, қандайдир қоғозларни кўриб чиқиш билан банд эди. Унга жаноб Батлер келганини айтишлари билан Каупервуд пастга шошилди.

Айтиб ўтиш қизиқки, Батлер келгани ҳақидаги хабардан у ўзини йўқотиб қўймади. Демак, Батлер шу ерда! Бу дегани Эйлин уйдан кетибди! Ҳозир энди улар куч синашишига тўғри келади: қани, кимнинг иродаси зўрроқ чиқаркин…

Каупервуд ақл жиҳатидан, оқсуякларга хос хулқатвор, ўзини тута билиш ва умуман бошқа нарсаларда ҳам ўзини кучлиман деб биларди. Унинг ички “мен”и пўлат каби тобланганди. Каупервуд отаси ва хотинига Республикачилар партияси раҳнамолари – шу жумладан, Батлер ҳам барча ишларга балогардон қилишмоқчи эканини айтган бўлса-да, ҳеч ким эски пудратчини Каупервудлар оиласининг душмани деб ҳисобламаслигини эслаб, ҳозир бу одамга ҳурматини жойига қўйиб муомала қилиш керак, деб хулоса қилди. Агар қариянинг кўнглини юмшата олса ва у билан тинч, хотиржам тарзда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гаплашиб бўлса, албатта, Каупервуд хурсанд бўларди. Эйлин ҳақидаги масалани тезликда ва биратўла ҳал қилиб олиш керак.

Каупервуд шу хаёллар билан Батлер кутиб ўтирган хонага кириб келди. Йигит уйда эканлиги ва ҳозир чиқишини эшитган жаноб Батлер ўртадаги суҳбат қисқа ва қатъий бўлиши керак деган қарорга келди. Каупервуднинг доимгидек енгил ва тез қадам товуши эшитилганда қария бироз сесканди.

– Хайрли кеч, жаноб Батлер! – хушмуомалалик билан деди Каупервуд яқин келиб қарияга қўлини узатаркан. – Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?

– Аввал мана буни нарига олинг, – тундлик билан деди Батлер, унинг қўлини назарда тутиб. – Менга бунинг ҳожати йўқ. Сиз билан қизим тўғрисида гаплашгани келдим ва дарров жавоб беришингизни истайман: у қаерда?

– Эйлин ҳақида сўраяпсизми? – қариянинг кўзига тик қараб хотиржамлик ва қизиқиш билан сўради йигит. У вақтдан ютмоқчи бўлаётган ва ўзининг айтадиган кейинги гапини ўйлаб олаётганди. – Мен бу ҳақда нима дейишим мумкин?

– Сиз унинг қаердалигини айтишингиз мумкин. Ва уни аслида бўлиши керак бўлган жойи – уйига қайтишга мажбур қилишингиз мумкин. Сизни уйимга шум тақдирнинг ўзи етаклаб келган экан, бироқ ҳозир жанжаллашгани келмадим. Менга қизим қаердалигини айтасиз ва бундан буён уни тинч қўясиз, акс ҳолда…

Қария муштини тугди, зўрға тутиб турган ғазабидан унинг кўкси бир кўтарилиб тушди.

– Мен сизга ақл билан иш қилиш ва сабримни синамасликни маслаҳат бераман, эшитяпсизми? – ўзини тутиб олиб, қўшиб қўйди у. – Сиз билан ҳеч қандай ишим йўқ. Менга қизим керак!

– Жаноб Батлер, гапимга қулоқ солинг, – қилт этмай деди Каупервуд. Ушбу ҳолат ундаги рақибидан устунлик ҳиссини мустаҳкамлаётган ва завқ бераётганди. – Агар рухсат берсангиз, сиз билан очиқчасига гаплашаман. Қизингиз қаерда эканини балки биларман, эҳтимол, билмасман. Сизга буни айтишни балки хоҳларман, балки, хоҳламасман. Бундан ташқари, эҳтимол, қизингиз буни хоҳламас. Бироқ сиз мен билан ҳурмат сақлаган ҳолда гаплашмас экансиз, бу гапни давом эттириш бефойда. Нимани лозим кўрсангиз, шуни қилишга ҳақкингиз бор. Юқорига, хонамга чиқмаймизми, у ерда бемалолроқ гаплашардик.

Жаноб Батлер бир пайтлар ўзи раҳнамолик қилган одамга қараб, ҳайратдан ўзини йўқотганча турарди. Бутун умри давомида у бу даражадаги йиртқични – ширинсўз, айёр, кучли ва қўрқмас одамни кўрмаганди. У Батлернинг олдида қўй терисини ёпиниб келган бўрига айланганди. Каупервуд қамоқда ўтириб келиб ҳам, асло тийилмаганди.

– Мен хонангизга бормайман, – эътироз билдирди Батлер, – ва агар шуни режалаштираётган бўлсангиз, Эйлинни Филадельфиядан олиб чиқиб кета олмайсиз. Бунга йўл қўймаслик ҳаракатини қиламан! Назаримда, менинг қўлим баланд келади деб ўйлаб, вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўляпсиз. Бундан ҳеч нарса чиқмайди! Бечорагина бўлиб олдимга келганингиз, ёрдам беришни сўраганингиз ва қўлимдан келган ҳамма ишни қилганим сизга оз кўриниб, камига қизимни ҳам ўғирламоқчи бўлибсиз-да! Агар қизимнинг онаси, синглиси ва сиз уларнинг босган изига ҳам арзимайдиган ўғилларим бўлмаганда, мен шу ернинг ўзида бошингизни уриб ёрган бўлардим. Ёшгина бегуноҳ қизни йўлдан уриб, уни нопок одамга айлантириш! Ва уйланган оилали одам шундай қилиб турса! Бу ерда сиз билан ўғилларим эмас, мен гаплашаётганим учун худога шукур қилинг: йўқса, ҳозир тирик турмаган бўлардингиз!

Қария ғазабдан титраб кетаётганди.

– Жуда пушаймонман, жаноб Батлер, – бир туки қилт этмай жавоб қилди Каупервуд. – Сизга кўп нарсани ўзим айтиб бермоқчи эдим, бироқ ўзингиз оғиз очгани қўймаяпсиз. Қизингиз билан қочмоқчи эмасман, Филадельфиядан ҳам кетиш ниятим йўқ. Мени яхши биласиз ва бундай қилмаслигим ҳам сизга аён: молиявий қизиқишларим жуда кенг. Сиз билан биз тадбиркор одамлармиз. Бу ишни муҳокама қилиб битта муросага келишимиз керак. Ўзим олдингизга бориб барини тушунтирмоқчи бўлаётгандим, бироқ менга қулоқ солишингизга ишончим комил эмасди. Ҳозир олдимга келган экансиз, гаплашиб олсак бўларди. Агар хонамга чиқсангиз, хизматингизга тайёрман, акс ҳолда, мендан хафа бўлманг. Хўш, нима дейсиз?

Батлер устунлик барибир Каупервуд томонда эканини тушунди. Бошқа йўли йўқ – юқорига чиқишига тўғри келади. Акс ҳолда, ўзига керакли маълумотни ола олмайди.

– Бўпти, – тўнғиллади у.

Каупервуд мулозамат билан уни олдинга ўтказиб, ўзи унинг ортидан хонасига кирди ва эшикни ёпди.

– Бу ишни ҳал қилиб, битта муросага келишимиз керак, – яна такрорлади у. – Мен ҳақимда ёмон ўйлашга асосингиз бўлса-да, сиз ўйлаганчалик ёмон одам эмасман.

Батлер ажабланганча унга қараб қолди.

– Қизингизни севаман ва у ҳам мени севади. Уйланган одам бўла туриб, бундай гапларни гапираётганим сизга тушунарсиз, бироқ ишонинг, бу – ҳақиқат. Мен никоҳда бахтсизман. Хотиним билан келишиб, ундан ажримга розилик олгач, Эйлинга уйланмоқчи бўлаётгандим. Чикагодаги ёнғиндан сўнг юзага келган ваҳима ҳамма нарсани бузиб юборди. Менинг ниятим пок эди. Бу ҳодисада мени эмас, икки ой бурун юзага келган вазиятни айблаш керак. Балки, ўзимни жуда ҳам камтарона тутмагандирман, бироқ мен одамман! Қизингиз бундан шикоят қилмаяпти, у ҳамма нарсани тушунади.

Қизининг номи тилга олинганда жаноб Батлер уят ва ғазабдан қип-қизариб кетди, бироқ ўзини босди.

– Ва сиз, агар у шикоят қилмаётган бўлса, демак, ҳаммаси жойида деб ўйлаяпсизми? – истеҳзо билан сўради у.

– Менинг назаримда – ҳа, сизнинг назарингизда эса – йўқ. Жаноб Батлер, сизнинг ўз қарашларингиз бор, менинг қарашларим эса бошқача.

– Бўлмаса-чи! – хитоб қилди жаноб Батлер. – Мана шу ерда сиз ҳақсиз!

– Бироқ бу сиз ё менинг ҳақ эканлигимни исботламайди. Назаримда, мақсадни бу ерда маблағ ҳал қилади. Менинг мақсадим эса – Эйлинга уйланиш. Мен молиявий қийинчиликлардан қутулиб чиқишим биланоқ бу ишни қиламан. Албатта, Эйлин иккимиз ҳам сизнинг розилигингиз билан никоҳдан ўтишни хоҳлардик, бироқ бунинг иложи йўқ экан, начора!

Каупервуд бу гапи қариянинг кўнглини хотиржам қилмаса ҳам, ҳар ҳолда, уни ақл билан иш қилишга мажбур қилади, деб ўйлаётганди. Агар Эйлиннинг турмуш қуриш эҳтимоли бўлмаганда, ҳозирги вазияти жуда ҳавас қиладиган даражада эмасди. Каупервуд одамларнинг назарида камомад қилган одам бўлаверсин, бироқ бу ҳали ҳеч нарсани исботламайди. У озодликка чиқади, оқланади, албатта, оқланади ва Эйлин у билан расмий никоҳдан ўтишни ўзи учун обрў деб билади.

Шундай деб ўйлай туриб, Каупервуд жаноб Батлернинг диний ва ахлоқий қарашлари қанчалик чуқурлигини ҳисобга олмаганди.

– Билишимча, охирги пайтларда мени чоҳга итариш мақсадида қўлингиздан келган ҳамма ишни қилдингиз, афтидан, Эйлин учун ўч олиш мақсадида бўлса керак. Бироқ сиз бу билан ниятларимни тўхтатиб туришга эришдингиз, холос.

– Сиз ёрдам беришимни хоҳлаганмидингиз? – туганмас нафрат билан, аммо ўзини босиб деди Батлер.

– Мен Эйлинга уйланишни хоҳлайман, – яна таъкидлади Каупервуд. – У ҳам хотиним бўлишни хоҳлайди. Бу вазиятда нимани ўйлаганингиз билан, баҳслашишнинг ҳожати йўқлигини ўзингиз кўриб турибсиз. Шунга қарамай, ортимдан тушиб, бурчимни бажаришимга тўсқинлик қиляпсиз.

– Сиз аблаҳ экансиз, – деди Батлер Каупервуднинг нима демоқчи эканини яхши тушуниб. – Мен сизни муттаҳам деб биламан ва болаларимдан бирортаси сиз билан алоқада бўлишини хоҳламайман. Баски, шундай бўлган экан, озодликка чиққанингиздан кейин Эйлин учун сизга турмушга чиқиш энг тўғри йўл бўлишини инкор этмайман. Бу, агар хоҳласангиз – бунга жуда шубҳа қиламан, сиз қилишингиз мумкин бўлган ягона тўғри йўл бўларди. Бироқ ҳозир бу гапларнинг кераги йўқ. У қаердадир яшириниб юришининг сизга нима кераги бор? Унга уйлана олмайсиз, ажраша олмайсиз. Шусиз ҳам муаммоларингиз тиқилиб ётибди. Эйлин сиз учун ортиқча харажат, сизга эса пул, эҳ, бошқа мақсадлар учун ҳали роса керак бўлади. Уни уйидан олиб чиқиб кетиб, ёмон аҳволга солиб қўйишнинг нима кераги бор, агар шунгача етадиган бўлса, кейин ўзингиз ҳам уйланишга уялиб қоласиз. Агар ўзингизни бироз ҳурмат қилсангиз ва ўша сиз севги деб атаётган нарсадан озгина бор бўлса, қизим покдомон аёл каби тинч яшай олиши учун уни ота-онасининг уйида қолдирган бўлардингиз. Битта нарсани билиб қўйинг: унга нима қилганингизга қарамай, қизим сиз учун осмондаги юлдуз сингаридир. Агар сизда бир қатра виждон деган нарса бўлганида, унинг оиласини шарманда қилишга, онасининг юрагини чил-чил қилишга мажбур қилмаган бўлардингиз. Бундан сизга нима фойда? Сизнингча, бу нимага олиб келади? Эй Худо, агар зиғирча ақлингиз бўлганида, буни тушунган бўлардингиз. Сиз ўз вазиятингизни енгиллатиш эмас, балки уни чуқурлаштиряпсиз. Эйлиннинг ўзи ҳам кейинчалик бунинг учун сизга раҳмат айтмайди!

Жаноб Батлер жим бўлиб қолди. У шунча гапни гапириб ташлаганидан ўзи ҳам ҳайратда эди. У қаршисида турган одамдан шунчалик нафратланардики, Фрэнкнинг юзига ҳам қарамасликка ҳаракат қиларди, бироқ Эйлинни уйга қайтариш унинг оталик бурчи ҳисобланарди. Каупервуд эса унга худди гапларига диққат билан қулоқ солаётганга ўхшаб қараб турарди.

– Очиғини айтсам, жаноб Батлер, – деди у, – Эйлиннинг уйдан кетишини асло хоҳламагандим. Бирон кун ундан сўрасангиз, ўзи ҳам буни таъкидлайди. Бу қароридан қайтаришга астойдил ҳаракат қилдим, бироқ гапида туриб олганидан сўнг энди қаерда бўлса ҳам, унга яхши бўлиши учун ҳаракат қилишга уриндим. Эйлин унинг ортидан изқувар қўйганингиздан жуда хафа бўлган. Уйдан кетишига мана шу ҳолат ва унинг ўзи хоҳламаган тарзда қаергадир кетишини талаб қилишингиз сабаб бўлган. Яна бир марта қайтариб айтаман: мен буни истамаганман. Жаноб Батлер, сиз битта нарсани эътиборга олмаяпсиз: Эйлин кап-катта қиз ва унинг ўз хоҳишлари бор. Сизнингча, мен унга ёмонлик қилиб, йўлдан урганман. Аслида, уни жуда севаман, уч-тўрт йилдан бери ёқтираман, агар севги нималигини билсангиз, бу ҳиссиёт доим ҳам хоҳишга бўйсунавермаслигини тушунасиз. Эйлиннинг менга таъсири менинг унга таъсиримдан камроқ эмас десам, ёлғон гапирмаган бўламан. Уни севаман – мана ҳамма гап нимада! Сиз олдимга келиб, қизингизни қайтаришимни талаб қиляпсиз. Бироқ буни бажара олишимга кўзим етмайди. У менга қулоқ солишига ишонмайман. Аксинча, илтимосим уни хафа қилиб қўйиши мумкин: мени севмай қўйди деб ўйлаб қолади. Мен эса бундай деб ўйлашини хоҳламайман. Сизга айтдим: у қилган ишингиз ва уни Филадельфиядан кетишга мажбур қилаётганингиз учун жуда хафа бўлган. Унинг уйга қайтиши мендан кўра кўпроқ ўзингизга боғлиқ. Унинг қаерда эканини сизга айтишим мумкин, бироқ бу билан тўғри йўл тутаётганимга ҳали ишончим комил эмас. Нима бўлганда ҳам, Эйлинга нисбатан ва бу иш юзасидан нима қилмоқчи бўлаётганингизни аниқ билмагунимча, сизга унинг қаердалигини айтмайман!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации