Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 39

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 39 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

57

Фрмэонқкх оКнааусипдера вруодппПае-нрсоислаьўвнануичя ноийннги Шўткиамзодлии. йМуқдадатидан аввал озод қилингани учун у қисман ўзи, қисман эса ўзига боғлиқ бўлмаган вазиятлардан қарздор эди.

Гапни Каупервуд қамалганидан ярим йил ўтиб, Эдвард Мэлия Батлер ўз хонасида иш столи олдида ўтирганча тўсатдан вафот этганидан бошлаймиз. Эйлиннинг ўзини тутиши унинг юрагига қаттиқ таъсир қилганди. Каупервудга ҳукм чиққанидан бери, айниқса, Фрэнк қамоқхонага кўргани келган Эйлиннинг елкасига бош қўйиб йиғлаганидан сўнг қиз отасига нисбатан ғазаб отига минганди. Унинг отасига бундай муносабатини фарзандлик нуқтаи назаридан оқлаб бўлмаса-да, севиб қолган аёлнинг қалб кечинмалари сифатида олиб қаралса, бу табиий ҳол эди. Каупервуд қизга губернатор Стинерни (Фрэнк буни қизиқиш билан кузатиб келаётганди) афв қилгани, лекин Батлер Фрэнкнинг гуноҳи кечирилмаслиги учун бор кучини ишга солган деб ўйлаётганини айтган, Эйлин эса жуда ғазабланиб кетганди. У отасини иложи борича қаттиқроқ ҳақорат қилиш учун арзимаган вазиятдан ҳам фойдаланар, уни кўрмасликка олар, иложи борича у билан дастурхонда ёнма-ён ўтирмасликка ҳаракат қилар, жуда иложи бўлмаса, Нора билан жойини алмаштириб оларди. Қиз энди отасининг олдида рояль чалиб, ашула айтмас ва уйларига у учун чақирилган, сиёсий соҳада муваффақиятга эришаётган, куёвликка мўлжалланаётган йигитлардан қочишга ҳаракат қиларди. Кекса Батлер, албатта, гап нимадалигини тушунар, бироқ ҳеч нима демасди. У қизини юмшата олишига ортиқ ишонмай қўйганди.

Онаси ва акалари аввалига ҳайрон бўлиб юришди (онаси умрининг охиригача гап нимадалигини билмади ҳам). Бироқ бироз вақт ўтиб, Каупервудга ҳукм чиқарилганидан сўнг Оуэн ва Кэлемлар Эйлиннинг ўзини бундай тутиши сабабини тушунгандек бўлишди.

Бир куни молия дунёсида обрўси ўсиб бораётгани сабаб меҳмонга чақирилган Оуэн уйига қайтишга отланаркан, ўзи унча танимайдиган икки йигитнинг пальтосини кияётиб ўзаро гаплашганини эшитиб қолди:

– Бу Каупервуд деганлари тўрт йилга кесилганини ўқидингизми?

– Ҳа, ўқидим.

– Ақлли иблис, шундай эмасми? У билан гап-сўз бўлган… ўзингиз тушунасиз, қизни танирдим: Батлер хоним.

Оуэн янглиш эшитдим деб ўйлади. Иккинчи меҳмон эшикни очиб ташқарига чиқаётганда: “Ҳа, кекса Батлер ундан аламини олди. Каупервудни ўша қамоққа тиқди дейишяпти”, демагунича, кўнглига ҳатто бирон шубҳа келмади.

Бу гапни эшитган Оуэн хўмрайди. Кўзлари эса даҳшатдан чақнаб кетди. Табиатан у отасига ўхшарди. Жин урсин, бу одамлар кимни гапиряпти ўзи? Қанақа Батлер хоним? Улар Эйлин ёки Норани айтмаяптими? Бироқ Каупервуднинг уларга қандай алоқаси бор? Гап Нора ҳақида кетаётган бўлиши мумкин эмас. У Оуэнга таниш бир йигитни ўлгудек севиб қолган ва ўшанга турмушга чиқмоқчи. Бироқ Эйлин доим Каупервудни фақат яхши гаплар билан эсларди. Наҳотки бу Эйлин бўлса?

Йўқ, Оуэн бунга ишонмади. У анави икки йигитни қувиб етиб, нима гаплигини тушунтириб беришни талаб қилмоқчи бўлди, бироқ кўчага чиққанида улар анча узоқлашган, бунинг устига, Оуэнга тескари йўналиш томонга кетишганди.

Оуэн отасидан сўрашга қарор қилди. Кекса Батлер ўғлига бор гапни айтиб берди ва шу заҳоти унга бу ҳақда ҳеч қаерда оғзини очмасликни буюрди.

– Эсиз, бу гаплардан бехабар қолибман, – ғазаб билан деди Оуэн. – Бу Каупервуд деганини итдек отиб ташлаган бўлардим!

– Секинроқ! Секин!.. – ўғлининг гапини бўлди Батлер. – Сенинг ҳаётинг бу малъуннинг ҳаётидан қимматлироқ ва, қолаверса, бутун оиламиз лойга булғанган бўларди. У қилган барча ифлосликлари учун оладиганини олди ва яна олади. Фақат сен жим юр! Кутиш керак! Бир ёки икки йилсиз у ҳали озодликка чиқа олмайди. Эйлиннинг олдида ҳам индама. Бу масалада гаплашишдан фойда йўқ. У билан узоқ вақт айрилиқда юрса, эси кириб қолади.

Отаси билан бўлиб ўтган шу суҳбатдан сўнг Оуэн синглисига эҳтиёткорона муомала қиладиган бўлди, бироқ у оқсуяклар қатламига шунчалик интилардики, Эйлиннинг қандай қилиб шу ишларни қила олганига тушунмасди. Эйлин сабаб йўлида тўсиқ пайдо бўлгани унга алам қилиб кетаётганди. Энди душманлари истаган пайтларида унга шу нарсани рўкач қилишлари мумкин, уларда бундай хоҳиш, албатта, пайдо бўлишига эса Оуэн шубҳа қилмасди.

Кэлем ҳам Эйлин тўғрисидаги гапларни бутунлай бошқа манбадан, бироқ айнан ўша пайтда эшитиб қолди. У шаҳарда ўзининг ажойиб биноси ва шаҳар ташқарисида эса клубига эга бўлган Атлетлар жамиятининг аъзоси эди. Кэлем вақти-вақти билан бассейнида чўмилиб, туркча ҳаммомда дам олиб келиш учун шу клубга бориб турарди. Бир куни кечқурун бильярдхонада унинг олдига танишларидан бири келиб, сўз очди:

– Менга қаранг, Батлер, сизга дўст эканимни биласиз-а?

– Ҳа, албатта, – жавоб берди Кэлем. – Нима гап?

– Биласизми, – Ричард Петик деган бу йигит Кэлемга содиқлик билан тикилганча гапида давом этди, – сизни хафа қиладиган бир гапни айтгим келмаяпти, бироқ индамай ҳам тура олмайман.

Йигит бўйнига тақилган баланд ёқасини тортди.

– Петик, сиз яхши ниятда эканингизга шубҳа қилмайман, – жавоб берди Кэлем сергак тортиб. – Бироқ нима гап? Нима демоқчисиз?

– Яна такрор айтаман: сизни хафа қилмоқчи эмасдим, бироқ бу Ҳиббс ҳамма ёқда синглингиз тўғрисида ҳар хил гаплар тарқатиб юрибди.

– Нима гап экан?! – нимадир чаққандек сакраб тушди Кэлем: у шу заҳоти бундай вазиятда ўзини қандай тутиш керак эканлигини ўйлаб қолди. Бутун ғазабини кўрсатиши керак. Агар ор-номус масаласи бўлса, шунга яраша ҳаракат қилиш зарур, бироқ ҳаммадан олдин хафа қилган одамга битта зарба тушириши керак.

– У синглим ҳақида нималарни валдираб юрибди? Синглимнинг номини бу ерда тилга олишга унинг нима ҳаққи бор? Ахир у синглимни танимайди ҳам-ку!

Петик ўзини Батлер билан Ҳиббс ўртасида нимадир чиқиб қолишидан хавотир олаётганга солди. У яна жон-жаҳди билан Кэлемни хафа қилмоқчи эмаслигига ишонтира бошлади, аслида эса жуда ғийбатлашгиси келаётганди. Ниҳоят у ёрилди:

– Ҳиббс синглингизнинг яқинда қамалган Каупервуд билан алоқадор жойи бор ва йигит айнан шу сабаб қамоққа тушган, деган гапларни тарқатиб юрибди.

– Нима?!.. – хитоб қилди Кэлем ва шу оннинг ўзида сунъий хотиржамлигини ташлаб, ҳақорат қилинган одам тусини олди. – У шундай дедими? Яхши! Қани у? Кўрамиз, менинг олдимда ҳам шу гапларини қайтарармикан?

Унинг ўсмирларникидек нозик юзида отасининг жанговар руҳи каби ифода пайдо бўлди.

– Кэлем, менга қаранг, – йигитчани тинчлантирмоқчи бўлди Петик, бу вазиятни ўзи юзага келтиргани ва энди натижасидан бироз қўрқиб, – оғзингизга эҳтиёт бўлинг. Бу ерда жанжал чиқарманг. Клубда бундай қилиш мумкин эмас. Бунинг устига, у маст бўлиши ва қаерлардадир эшитган гапларини такрорлаётган бўлиши мумкин. Худо ҳаққи, бунчалик жаҳлингиз чиқмасин!

Бу ишкалнинг сабабчиси Петик бўлиб, у энди жанжал чиқиб қолса, ўзига ёмон бўлишидан хавотирга тушиб қолганди. Уни ғийбатчи деб аташади ва у ҳам бу ҳодисага аралашиб қолган бўлади. Бироқ Кэлемни ушлаб қолишнинг энди иложи йўқ эди. У юзи оқарганча ресторанга – кўҳна инглиз услубида жиҳозланган алоҳида бинога, ўз тенгдошлари билан коньяк ичиб ўтирган Ҳиббснинг олдига қараб жўнади.

– Ўвв, менга қаранг, Ҳиббс! – чақирди Кэлем.

Кимдир чақирганини эшитган Ҳиббс ўгирилиб қараб, эшикнинг олдида Кэлемни кўрди ва ўрнидан туриб унга яқинлашди. Бу Пристон университетининг талабаси, келишгангина йигит эди. У турли жойдан (клуб аъзоларидан ҳам) Эйлин ҳақида ҳар хил гапларни эшитган ва буларни Петикнинг олдида гапирганди.

– Бу ерда синглим ҳақида нималарни гапириб юрибсиз? – Ҳиббснинг юзига тик қараганча ғазаб билан сўради Кэлем.

– Мен… очиғи… – нохушликни ҳис қилиб, вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиларкан, тутилди у. Ташқи кўриниши унинг жуда довюрак эмаслигидан дарак берарди. Ҳиббснинг сочлари сомонранг, кўзлари кўк, ёноқлари қип-қизил эди.

– Очиғи… ҳеч нарса… Мени синглингиз ҳақида гапирди деб ким айтди сизга?

Ҳиббс уни ким сотганини тушуниб, Петикка қаради; Петик эса шоша-пиша деди:

– Ҳиббс, ўзингизни олиб қочманг! Бу ҳақда гапираётганингизни эшитиб қолганимни жуда яхши биласиз.

– Хўш, сизнингча, нима девдим? – одамнинг ғашига тегадиган оҳангда сўради Ҳиббс.

– Ҳа, нима дегандингиз? – ташаббусни қўлига олиб, дўқ қилиб сўради Кэлем. – Менга ҳам бир қайтаринг-чи!

– Нималар деяпсизлар ўзи, – ҳаяжонланиб минғирлади Ҳиббс, – мен фақат бошқалардан эшитганларимни айтдим. Бошқаларнинг синглингиз жаноб Каупервуд билан қалин дўст бўлишган деган гапини қайтардим, холос. Ўзим ҳеч нарса қўшмаганман.

– Аҳа, демак, ҳеч нарса қўшмадингизми? – хитоб қилди Кэлем ва ўнг қўлини чўнтагидан чиқариб Ҳиббснинг юзига мушт солди. Кейин яна чап қўли билан туширди.

– Балки, мана буниси сени синглим ҳақида алжираб юришдан ушлаб турар…

Ҳиббс шу заҳоти қўлини мушт қилиб тугди. Муштлашиш борасида унинг озгина тажрибаси бор эди. Ўзини ҳимоя қила туриб, у Кэлемнинг кўкраги ва даҳанига бир нечта қаттиқ зарба берди. Рестораннинг иккала залида ҳам қаттиқ шовқин кўтарилди.

Ҳамма стол ва стулларни ағдарганча муштлашаётганларнинг олдига қараб югурди. Рақибларни бирпасда ажратиб қўйишди; қараб турганлар кимга дўстона муносабатда бўлса, ўшанинг ёнини олиб, бир-бирига гап бермай, ўз фикрини айта бошлади. Кэлем Ҳиббсга мушт туширганида қонаб кетган қўлига назар солди. У чинакам жентльменлар каби ўзини хотиржам тута олаётганди. Қизишиб кетган Ҳиббс эса ўзини ҳеч қандай сабабсиз ҳақоратлашгандек тутарди. Қандай бемаънилик – клубда унга ташланди-я! Ҳаммасига бировнинг гапига қулоқ солиб, кейин унга туҳмат қилган Петик айбдор. Петик эса, ўз навбатида, дўстлик қилмоқчи бўлганини таъкидларди.

Бўлиб ўтган бу ҳодиса клубда шундай шовқинга сабаб бўлдики, иккала томоннинг саъй-ҳаракати билангина у газетага тушмай қолди. Кэлем Эйлин ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ғазаби қайнаб кетди. У клуб сафидан чиқаётганини эълон қилиб, у ерда ортиқ кўринмади.

– Сен у болакайни бекорга урибсан, – деди Оуэн бўлиб ўтган жанжал ҳақида эшитгач. – Бу фақат оловга мой сепгандек бўлади. Эйлин қаергадир кетса бўларди, лекин буни хоҳламаяпти. У ҳали ҳам анави нусхани севади ва буни онам билан Норадан сир тутишимиз керак. Бу синглимиз ҳақида эшитган охирги гап бўлмайди, ишонавер менга!

– Жин урсин! – хитоб қилди Кэлем. – Уни кетишга мажбурлаш керак!

– У хоҳламаётган бўлса, нима ҳам қила олардик, – жавоб берди Оуэн. – Отам бунга уриниб кўрди, бироқ ҳеч нимага эриша олмади. Арқонни узун ташлаб қўяверайликчи. Каупервуд қамоқда ўтирибди ва шу билан тамом бўлади. Ҳамма уни қамоққа отамиз тиққан деб ўйлаяпти, бу гапнинг тагида ҳам нимадир бор. Балки, бироз вақт ўтиб Эйлинни бу ердан бошқа жойга жўната олармиз. Яхшиси, бу аблаҳни ортиқ кўрмасак ҳам майлийди. Панжара ортидан чиқиши билан уни ўлдираман!

– Кераги йўқ, – деди Кэлем, – яхши иш бўлмайди, яна ҳаммага гап топилади. Бунинг устига, у энди тамом бўлган одам.

Ака-ука тезроқ Норанинг тўйини ўтказишга келишди. Эйлин билан эса иккалалари ҳам совуққина муносабатда бўлганидан, Батлер хоним ҳеч нарсани тушунмай, беҳад куйиниб кетаётганди.

Оиладаги бу ўзаро муносабатлар орасида кекса Батлер нима қилиш, нима дейишни билмай, ўзини бутунлай йўқотиб қўйди. Бир неча ойдан бери у фақат биргина нарса устида ўйлар, бироқ йўлини топа олмаётганди. Ва ниҳоят, бир куни, туғилганига етмиш йил бўлганида азобда қолган қария ўз хонасида, столи олдида ўтирганча жон берди. Ўлимнинг жисмоний сабаби юрак чап қоринчасининг лат ейиши эди, бироқ Эйлин ҳақидаги оғир ўйлар билан боғлиқ руҳий ҳолат ҳам катта роль ўйнаганди. Албатта, унинг ўлимига фақат қизигина сабабчи деб бўлмасди, чунки Батлер гавдали одам бўлиб, анча йиллардан бери қон-томир касалликларидан азият чекар; бундан ташқари, кўп йиллардан бери овқат ҳазм қилиш аъзоларига ҳам ёмон таъсирини ўтказган ҳаракатсизлик ҳам ўз натижасини кўрсатганди. Умуман олганда эса у етмишдан ошган ва умрини яшаб бўлганди. Уни эрталаб боши кўкрагига осилиб, қўллари тиззаси устида қотиб қолган ҳолда топишди.

Дафн маросимлари дабдабали бўлди. Марҳум билан хайрлашиш маросими муқаддас Тимофей черковида бўлиб ўтди – у ерга кўплаб сиёсий арбоблар ва шаҳар маъмурияти вакиллари келишди. Ҳамманинг оғзида қизи келтирган мусибат Батлернинг ўлимини тезлаштиргани тўғрисидаги шивир-шивир юрарди. Батлернинг хайрия ишлари тўғрисида кўп гапирилди. Молленхауэр ва Симпсонлар катта гулчамбар билан келишди. Батлернинг ўлими уларни қайғуга солган, чунки улар биргаликда ажралмас учликни ташкил қилишарди. Бироқ энди у йўқ экан, ортиқ бу ҳақда эслашнинг ҳам ҳожати йўқ.

Жаноб Батлер ўзининг бутун мол-мулкини хотинига қолдирган ва унинг васиятномаси Филадельфиянинг нотариуси тузган энг қисқа васиятнома бўлса керак:

“Бор бойлигимни суюкли хотиним Норага васият қиламан ва у нима бўлган тақдирда ҳам, бу мол-мулкни ўз ихтиёрига кўра сарфлайди”.

Бу васиятноманинг бошқа ҳеч қандай талқини йўқ эди. Бироқ жаноб Батлер ўлимидан сал олдин иккинчи махфий васиятномани ёзиб қўйган бўлиб, унда хотинига ўз ўлимидан сўнг меросни қандай тақсимлашни тушунтирганди. Аслида ана шу ҳақиқий, (бироқ ниқобланган) васиятнома бўлиб, Батлер хоним ўлсаям уни ўзгартиришга рози бўлмасди. Батлер ҳаётининг охиригача хотини унинг ёлғиз меросхўри бўлишини хоҳлаганди. Марҳумнинг хоҳишига кўра – дунёда ҳеч бир нарса Батлер хонимни бу васиятдан четлашишга мажбур қила олмасди, Эйлин онасининг вафотидан сўнг икки юз эллик минг доллар олиши керак эди. Бироқ бу васиятномани ўзининг васиятномаси деб қабул қилган Батлер хоним на Эйлин ҳақидаги ва на бошқалар ҳақидаги васият тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмади. Эйлин отаси унга нимадир қолдирганқолдирмагани тўғрисида кўп ўйларди, бироқ бирор марта ҳам буни билишга ҳаракат қилиб кўрмади. Афтидан, ҳеч нима қолдирмаган бўлса керак деб, шунга кўникишга қарор қилди.

Жаноб Батлернинг ўлимидан сўнг оила аъзоларининг ўзаро муносабатларида катта ўзгаришлар юз берди. Отасини кўмиб келишгандан сўнг улар гўё илгариги тинч ҳаётга қайтгандек бўлдилар, бироқ ташқаридангина шундай кўринаётганди. Оуэн ва Кэлем Эйлинга бўлган нафратларини яшира олмаётган ва қиз ҳам нима гаплигини тушуниб, уларга шундай муносабатда эди. Эйлин ўзини жуда осмонда тутарди. Оуэн отасининг ўлимидан кейин аввалига уни дарров уйдан жўнаб кетишга мажбур қилмоқчи бўлди, бироқ ўйлаб кўриб, бунинг фойдаси йўқ деган қарорга келди. Эски уйидан ҳеч қаерга кетишни хоҳламаган Батлер хоним катта қизига сиғингудек бўлар, бу ҳам акаларига Эйлиннинг уйдан кетишини талаб қилишда халал бераётганди. Бундан ташқари, сингилларини “чиқариб юборишга” қилинган ҳар бир ҳаракат оналарига гап нимада эканини тушунтириб беришга олиб келар, бунинг эса иложи йўқ эди.

Оуэн Каролина Молленхауэрнинг орқасидан юрар, бунга қисман қиз отасининг ўлимидан сўнг катта мерос олишига умид қилганидан бўлса, қисман уни чиндан ҳам севиб қолганди.

Кейинги йилнинг январь ойида – Батлер августда вафот этганди – камтаргина қилиб Норанинг тўйини ўтказишди, баҳорда эса Кэлем ҳам синглисининг ортидан эргашди. Бу пайтга келиб Филадельфиянинг сиёсий ҳаётида катта ўзгаришлар бўлаётганди. Бир пайтлар Батлернинг гумашталаридан бўлган, яқиндан бери эса Биринчи, Иккинчи, Учинчи ва Тўртинчи кварталларда кўплаб қовоқхоналари ва бошқа шунга ўхшаган иш жойларини эгаллаган қандайдир Том Коллинс энди шаҳардаги бошқарув ўринларига кўз тикаётганди. Молленхауэр ва Симпсонлар у билан ҳисоблашишга мажбур эдилар, чунки унинг буларга қарши ҳаракати кейинги сайловларда камида бир юз ўн беш минг овозни йўқотиш дегани эди; тўғри, бюллетенлар орасида сохталари кўп эди, бироқ бу катта аҳамият касб этмасди. Батлернинг ўғиллари ҳам энди кенг сиёсий фаолият олиб боришга умид қила олмаётган ва кўнка темир йўллари ҳамда пудрат соҳасида тижорат операциялари билан чегараланиб қўя қолаётганди. Батлер қаршилик кўрсатган Каупервуд билан Стинернинг афв қилиниши энди анча осон ишга айланганди. Шаҳар маблағининг талон-торож қилиниши тўғрисидаги жанжаллар тиниб қолган, газеталар эса бу ҳақда батамом унутганди.

Стежер ва Уингейтларнинг саъй-ҳаракатлари билан губернаторга барча йирик сармоядорлар ва биржачилар имзоси остидаги илтимоснома топширилди. Унда Каупервуднинг қамоқ жазосига ҳукм қилиниши аниқ адолатсизлик бўлгани ва шу сабаб унинг озод қилинишини сўрашаётгани кўрсатиб ўтилганди. Стинерга келсак, унинг учун жуда қаттиқ уринишга тўғри келмади: Республикачилар партияси раҳбарлари унинг озод қилинишини сўраб губернаторга арз қилиш учун қулай дақиқани кутаётганди. Улар шу пайтгача Стинерни озод қилишга уриниб кўрмаган, чунки жаноб Батлер Каупервуднинг чиқишига қаршилик қилишига амин бўлган, уларнинг бирини чиқариб, иккинчисини қолдиришнинг эса иложи йўқ эди. Батлернинг ўлимидан сўнг губернаторга топширилган илтимоснома масалани ижобий ҳал қилди.

Бироқ фақат март ойидагина, кекса пудратчининг ўлимидан ярим йил ўтиб, Стинер ва Каупервуд қамоқда ўтирганига ўн уч ой бўлганида – кенг жамоатчиликни тинчитиш учун етарли вақт ўтгандан кейингина асосий қадамлар қўйилди. Бу пайтга келиб Жорж Стинер ҳам жисмонан, ҳам руҳан жуда ўзгарганди. Вақтивақти билан уни бир пайтлар Стинернинг у ёки бу кўринишдаги сахийликларидан фойдаланган шаҳар ўзўзини бошқарувининг иккинчи даражали аъзолари йўқлаб туришган, қамоқда бўлса-да, ҳеч нимага зориқмаган, оиласи ҳам ҳеч бир қийинчилик кўрмаган бўлса-да, у ўзининг сиёсий ва ижтимоий фаолияти якунига етганини тушуниб турарди. Гоҳ у, гоҳ бу дўстлари унга мевалар солинган саватлар жўнатиб турган ва уни тезда чиқариб юборишларига ишонтириб юрган бўлсалар-да, собиқ ғазначи қамоқдан чиққанидан сўнг фақат ўзининг суғурта ва кўчмас мулк бўйича агентлик тажрибасигагина таяна олишини биларди. Бу иш у ҳали сиёсий соҳада мустаҳкамланиб олишга уринаётган пайтда ҳам ишониб бўлмайдиган соҳа эди. Энди уни шаҳар ғазначилигидан беш юз минг доллар ўғирлаган ва беш йил қамоққа ҳукм қилинган одам деб билишган пайтда нима бўлади? Ким унга ҳеч бўлмаганда иш бошлаши учун тўрт ёки беш минг доллар бериб туради? Уни кўргани келиб, адолатсиз ҳукм қилингани учун ачинаётганларми? Асло! Уларнинг бари ортиқча бир центи ҳам йўқлигига ишонтира бошлайди. Бироқ Стинер уларга яхши таъминлашни таклиф қила олса, унда бошқа гап эди! Бироқ ўзида бунақа маблағ бўлганида, уларга мурожаат қилишнинг ҳожати қолмасди. Муҳтожлигини билса, унга пул бериши мумкин бўлган одам ёлғиз Фрэнк Каупервуд эди. Агар Стинер иккинчи марта ссуда беришни рад қилгани – хатосини тан олса ва буни Каупервуд кўрса, ҳатто қайтиб олишга умид боғламаган ҳолда бажонидил пул бериб турган бўларди. Бироқ одамларни яхши ажрата олмайдиган Стинер Каупервудни ўзига душман бўлиб қолди деб ҳисоблаб, унга мурожаат қилишга юраги дов бермаган бўларди. Каупервуд қамоқда ўтирган даври давомида Уингейт орқали озгина пул тўплаб қўйганди. У Стежернинг ўзи Каупервуддан энди пул олмаслигини айтмагунча, адвокатига йирик гонорар тўлаб бораётганди.

– Бир кун келиб яна оёққа туриб олсангиз, Фрэнк, мени хурсанд қиларсиз, бироқ менимча, унда мени ҳатто эсламассиз ҳам! Қилган ишим ҳар бир инстанцияда фақат ютқизиш бўлди. Афв қилиш ҳақидаги илтимосномани текинга тузиб бераман. Бундан буён сиздан ҳақ олмай ишлайман.

– Бекорчи гапларни гапирманг, Ҳарпер, – деди Каупервуд. – Ишимни сиздан яхшироқ қилиши мумкин бўлган бошқа одамни билмайман. Ва бундан ташқари, бошқа бировга сизга ишонганчалик ишонмайман. Адвокатларни ёқтиравермаслигимни биласиз-ку!

– Ҳа, майли, – деди Стежер. – Адвокатлар ҳам сармоядорларни жуда ёқтиравермайди, демак, иккаламиз тенгмиз.

Улар қўл олишди.

Шундай қилиб, 1873 йил мартнинг бошида ниҳоят Стинер учун афв беришга қарор қилинган пайтда, ўзўзидан Каупервуд учун ҳам афв сўрашга тўғри келди. Стробик, Ҳармон ва шаҳар кенгаши ҳамда маъмуриятининг хоҳишини билдириши керак бўлган қандайдир Уинпенни ва уларга собиқ ғазначини озодликда кўришни истаган Молленхауэр ва Симпсонлардан ташкил топган делегация Ҳаррисбургдаги губернатор олдига бориб, расмий илтимосномани топширди. Бир пайтнинг ўзида Стежер, Дэвисон ва Уолтер Лилар ҳам Каупервуднинг озод қилинишини сўраб илтимоснома берди. Бу масала бўйича юқорида айтиб ўтилган шахслардан ҳам аҳамиятлироқ кишилардан олган кўрсатмалари асосида губернатор илтимосномага жуда эътиборли муносабатда бўлди. У иш билан шахсан шуғулланишини айтди. Аввал ҳар икки маҳбус қилган жиноят ҳақидаги суд ҳисоботлари, уларнинг суддан олдинги ҳаётлари билан танишиб чиқади. Албатта, у ҳеч қандай ваъда бера олмайди, ҳаммаси иш билан танишганидан кейин яна маълум бўлади…

Ўн кун ўтгач, иккала илтимоснома ҳам ёзув столи тортмасида яхшигина чанг босганидан сўнг губернатор ҳатто ишни ўрганиб чиқишга уриниб ҳам кўрмай, уларни афв қилиш ҳақида иккита буйруқ чиқарди. Буйруқнинг бирини, ҳурмат юзасидан ўзлари Стинерга топширишлари учун Стробик, Ҳармон ва Уинпенниларнинг қўлига топширди. Иккинчи буйруқни Стежернинг илтимосига кўра, унинг қўлига топширди ва шу қоғозлар учун келган иккала делегация жўнаб кетди. Ўша куни кечқурунга яқин қамоқхона дарвозаси олдига (тўғри, турли вақтда) икки гуруҳ етиб келди. Биринчи гуруҳ Стробик, Ҳармон ва Уинпеннидан, иккинчиси эса Стежер, Уингейт ва Уолтер Лидан иборат эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации