Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 35 (всего у книги 41 страниц)
– Ҳеч қачон, – Каупервуднинг ўрнига жавоб берди адвокати.
– Фрэнк Алжернон Каупервуд, – олдинга чиқиб пинғиллаган овозда деди суд котиби, – сизга ҳозир ҳукм чиқарилишига қарши эътирозингиз борми? Агар бор бўлса, айтинг!
Каупервуд рад жавоби бермоқчи бўлаётганда, Стежер қўлини кўтарди.
– Суднинг рухсати билан мен ҳимоям остидаги жаноб Каупервуднинг ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини айтмоқчиман. Штатимизнинг олий суд инстанцияси бўлган Филадельфия олий судининг бешта судьясидан иккитаси ҳам шу фикрда.
Бўлиб ўтаётган ҳодисаларга кўпроқ қизиқаётган тингловчилар орасида қўшни хонада таниш судьялар билан суҳбатлашгач, залга ҳозиргина кириб келган Эдвард Мэлия Батлер ҳам бор эди. Хизматга тайёр турган нозир унга ҳозир Каупервудга ҳукм эълон қилинишини айтди. Батлер қандайдир кечиктириб бўлмайдиган иши борлигини баҳона қилиб (аслида эса ҳукм эълон қилинадиган пайтни ўтказиб юбормаслик учун) эрталабдан бери шу ерда эди.
– Жаноб Каупервуд кўрсатма берди ва унинг кўрсатмалари бошқа гувоҳлар томонидан ҳам тасдиқланди – у айбдорлиги кейинчалик суднинг шу таркиби томонидан тан олинган бу жентльменнинг агенти бўлган экан, холос. Унинг таъкидлашича, штат олий судининг бешта судьясидан иккитаси ҳам шу фикрда, округ прокурорининг фикрича, агент сифатида у олтмиш минг долларлик шаҳар заёми сертификатларини мажбурий муддатгача амортизация фондига топширмасликка ҳақли бўлган. Менинг ҳимоям остидаги инсон – молия ишларида ўта ноёб иқтидор эгаси. Сиз жаноби олийларига топширилган саноқсиз ёзма мурожаатлардан унинг молия дунёсида жуда нуфузли ва таниқли инсонларнинг ҳурматига сазовор одам эканини билсангиз бўлади. Жаноб Каупервуд жамиятда кўзга кўринарли мавқега эга ва ўз соҳасида анча муваффақиятга эришган одамлар тоифасига киради. Фақат тақдирнинг кутилмаган қаттиқ зарбасигина уни судланувчилар қаторига қўшиб қўйди – мен бутунлай соғлом ва бақувват молия корхонасига шунчалик ёмон таъсир қилган Чикагодаги ёнғин ва шу сабаб келиб чиққан ваҳимани назарда тутяпман. Маслаҳатчилар суди чиқарган ҳукм ва Филадельфия олий судининг беш аъзосидан учтаси чиқарган қарорга қарамай, мен ҳимоям остидаги одамнинг камомадчи эмаслигини, ҳеч қандай талон-торожлик содир этмаганини, ўринсиз айбдор деб топилганини ва шундан келиб чиқиб, у қилмаган жинояти учун жазоланиши керак эмаслигини таъкидлайман.
Ишонаманки, жаноб судья, сўзларимни ва айтганларимнинг тўғрилигини таъкидлашга мажбур қилаётган қарашларимни нотўғри талқин қилмайсиз. Мен бу суд таркибининг ёки умуман суднинг адолатли эканлигига бир сония бўлса ҳам шубҳа қилмайман ва суд ишларини юритишнинг ўзини ҳам танқид қилмоқчи эмасман. Мен фақат тасодифий машъум вазиятлар мутахассис бўлмаган одам англаши қийин бўлган ҳозиргидек шароитни юзага келтиргани, натижада ҳимоям остидаги шундай ҳурматли одам айбдорлар курсисида ўтиришга мажбур бўлаётганидан қаттиқ афсусдаман. Бу гапни ҳаммага эшиттириб ва ошкора айтишим адолатдан бўлади. Сиз, жаноб судьядан кечиримли бўлишингизни ва агар виждонингиз бу ишни бутунлай тўхтатишга йўл қўймайдиган бўлса, у ҳолда ҳеч бўлмаганда жазо чораларини танлаётганда мен айтган фактларни ҳисобга олишингизни илтимос қиламан.
Стежер жойига қайтаркан, судья Пейдерсон ҳимоячи айтган гапларнинг барини эшитгани ва шунга муносиб даражада (ундан ортиқ эмас!) эътибор қаратишини билдиргандек ишора қилиб қўйди. Шундан сўнг у Каупервуд томонга ўгирилиб, ўзининг судья сифатидаги бор маҳоратини ишга солиб гап бошлади:
– Фрэнк Алжернон Каупервуд, сиз тан олган маслаҳатчилар кенгаши аъзолари сизни талон-торожликда айбдор деб топишди. Адвокатингиз номидан кўтарилган ишни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ариза яхшилаб ўрганиб чиқилгандан сўнг рад этилди, чунки олий суднинг кўпчилик аъзолари маслаҳатчилар ҳукмига сўзсиз қўшилишди ва бу ҳукм қонунан ҳамда гувоҳлар кўрсатмасига биноан тўғри чиқарилган деб топди. Қилган жиноятингизни, айниқса, сиз ўзлаштириб олган йирик маблағ шаҳарга тегишли бўлгани учун ҳам оғир жиноят демасликнинг иложи йўқ. Уни чуқурлаштирадиган ҳолатлардан яна бири шуки, сиз шаҳар заёми сертификатлари ва юз минглаб доллар маблағларидан шахсий манфаатларингиз йўлида фойдалангансиз. Бундай жиноят учун қонун билан белгиланган энг оғир жазони ҳам жуда енгил деб ҳисоблаш мумкин. Шунга қарамай, суд шу кунгача эгаллаган мавқеингизни ва сизни банкрот бўлишга олиб келган сабабларни, молия дунёсидаги кўплаб дўстларингиз ва ҳамкасбларингизнинг илтимосларини ҳам ҳисобга олади. Суд фаолиятингиздаги бирорта ҳам мавжуд фактни эътиборсиз қолдирмайди.
Пейдерсон энди нима дейишини жуда яхши билиб турган бўлса-да, иккиланаётгандек жим бўлиб қолди. “Хўжайинлар” ундан нима кутишаётгани жуда яхши ёдида эди.
– Сизнинг ишингиздан бошқача хулоса қилиб бўлмаса ҳам, – олдида турган қоғозларни титкилай туриб, сўзида давом этди судья, – бироқ у шаҳар ғазнасига кўз олайтириш ва уни ишга оид операциялар ниқоби остида талон-торож қилиш жазосиз қолмаслигининг исботи сифатида фойдали дарс бўлади. Ва яна бу бугунги кунда жуда зарур бўлган нарса – кўпчиликнинг қонун адолат ўрнатиш ва жамиятни ҳимоя қила олиш учун ҳали етарлича кучга эга эканини тушуниб олишларига ёрдам беради.
Каупервуд унга қилт этмай қараб тураркан, Пейдерсон тантанали равишда якуний ҳукмни баён қилди:
– Шу сабаб суд сизни ҳамма суд харажатларини қоплаш учун округ фойдасига беш минг доллар тўлашга ва Шарқий округ жазони ўташ муассасасида тўрт йилу уч ой муддатга алоҳида ёки якка ҳолда мажбурий меҳнат асосидаги қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилади.
Судьянинг гапларини эшитган кекса Каупервуд кўз ёшларини яшириш мақсадида бошини эгди. Эйлин лабларини тишлаб, йиғлаб юбормаслик ва аламини ичига ютиш учун муштини тугди. Тўрт йилу уч ой! Ахир бу ўзи ва Каупервуднинг ҳаётидаги қанчалар узоқ муддатли айрилиқ! Бироқ Эйлин уни кутади! Майли, ҳарқалай, ўзи қўрқиб хавфсираётган саккиз, ўн йилдан кўра яхшироқ-ку! Балки энди ҳамма оғири орқада қолиб, Фрэнк қамалгандан сўнг губернатор уни авф этар…
Судья Пейдерсон энди Стинернинг иши солинган папкани олдига тортаётганди. У ўзидан мамнун эди: сармоядорлар энди уни Каупервуднинг фойдасига хизмат қиладиган илтимосларига етарлича эътибор бермади, деб айта олишмайди. Бошқа томондан эса сиёсий арбоблар ҳам унинг ишидан қониқишади: у Каупервудни энг оғир даражадаги жазога ҳукм қилди, бироқ шундай қилдики, четдан қараганда илтифотли бўлиши сўралган илтимосларни ҳам ҳисобга олгандек туюларди. Каупервуд бу ҳийлани дарров сезди, бироқ сиртида буни билдирмади. Фақат бундай йўл тутиш қанчалик қўрқоқлик ва жирканч эканини хаёлидан ўтказди. Суд нозири уни олиб кетишга тайёрланарди.
– Айбдор шу ерда бўлиб турсин, – кутилмаганда нозирни тўхтатди судья.
Котиб аллақачон Жорж Стинерни чақирган бўлиб, Каупервуд аввалига, фақат бир дақиқагина, судья нега уни ушлаб қолаётганини тушунмади. У ўз шеригининг иши бўйича ҳам ҳукмни эшитиши керак экан.
Стинерга ҳам одатдаги саволларни беришди. Собиқ ғазначининг ёнида унинг ҳимоячиси, келиб чиқиши ирландиялик бўлган тажрибали сиёсатчи, Стинерга бу ишлар бошланганиданоқ маслаҳат бериб келаётган Рожер О’Мара турарди. Ҳозир эса у айтишга сўз топа олмай, фақат судьядан ўз ҳимоясидаги одамнинг аввалги виждонан бажарган хизматларини ҳисобга олишни сўради.
– Жорж Стинер, – судья гап бошларкан, ўтирганларнинг бари, жумладан, Каупервуд ҳам ҳушёр тортди, – сизнинг ишни қайта кўриб чиқиш ва ҳукмни бекор қилиш ҳақидаги аризангиз рад қилингани сабаб суд фақат сиз қилган жиноятнинг табиатига хос жазони танлаб, тайинлаши қолди, холос. Мен сиз учун шусиз ҳам жуда оғир бўлган дақиқаларни ахлоқ тўғрисида гапириб, чўзиб ўтирмоқчи эмасман. Бироқ шунга қарамай, ҳаракатларингизни қаттиқ қораламай ҳам тура олмайман. Давлат маблағини суиистеъмол қилиш давримизнинг оғир жиноятига айланган. Унга ўз вақтида ва кескин равишда чек қўйилмас экан, бу нарса охир-оқибат жамиятимизни бутунлай издан чиқаради. Коррупция емираётган давлат яшашга қодир эмас. У биринчи жиддий синовдаёқ сочилиб кетади.
Мен сизнинг жиноятингиз ва шунга ўхшаган нарсалар учун жавобгарлик жамиятга тегишли деб ҳисоблайман. Охирги пайтларгача жамият мансабдор шахсларнинг ҳийла-найрангларига чидаб бўлмайдиган даражада бепарволик билан қаради. Сиёсатимиз бундан юксакроқ ва бундан тозароқ тамойилларга амал қилиши керак. Жамиятнинг етарли даражада талабчан эмаслиги сизнинг жиноятингизни келтириб чиқарган. Ишингизда мен бундан бошқа енгиллаштирувчи далилларни кўрмаяпман.
Судья Пейдерсон гаплари янада таъсирлироқ бўлиши учун бир муддат тин олди. У ўз нутқининг чўққисига яқинлашаётган ва унинг сўзлари тингловчиларнинг ёдида муҳрланиб қолишини жуда хоҳлаётганди.
– Жамият ўз маблағларини ихтиёрингизга ишониб топширганди, – тантанали тарзда давом этди у. – Сизга юксак, муқаддас ишонч билдирилганди. Сиз ғазначилик эшигини қўриқлашингиз, ким унга жиноят мақсадида яқинлашадиган бўлса, виждонан унга қарши курашишингиз керак эди. Жамият сайлаган вакил сифатидаги лавозимингиз сиздан шуни талаб қиларди.
Ишингизнинг ҳамма ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, суд сизга нисбатан қонун томонидан кўзда тутилган энг оғир жазодан енгилроғини қўллай олмайди. Бироқ Жиноят кодексининг етмиш тўртинчи моддасига биноан штатимизнинг судлари ўн бешинчи ноябрдан ўн бешинчи февраль орасигача бўлган муддатга ахлоқ тузатиш қамоқхонасига қамашга ҳукм қилиш ҳуқуқига эга эмас, шунинг учун бу модда мен сизни ҳукм қилишим керак бўлган энг юқори муддат – айнан беш йилдан уч ойни камайтиришимга мажбур қилади. Шунинг учун суд сизни округ фойдасига беш минг доллар штраф тўлашга (Стинер бунга қодир эмаслигини Пейдерсон жуда яхши биларди) ва Шарқий округ жазони ўташ муассасасида тўрт йилу тўққиз ой мажбурий меҳнат қилиш асосидаги қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилади.
Судья қўлидаги қоғозларни стол устига қўйиб, ўйга толганча иягини ишқалади; Каупервуд ва Стинерни тезлик билан олиб чиқиб кетишди.
Суд қарорининг натижасидан бутунлай қониққан Батлер биринчилардан бўлиб суд залидан чиқиб кетди. Ҳаммаси тугагани ва ортиқ бу ерда қиладиган иши қолмаганини тушунган Эйлин ҳам шошилганча эшикка қараб юрди, бир неча дақиқадан сўнг эса кекса Каупервуд ҳам ўғиллари билан чиқиб кетди. Улар Фрэнкни кўчада кутиб туриб, қамоққача кузатиб қўймоқчи эдилар. Оиланинг бошқа аъзолари нима гаплигини кутишаётгани учун Жозефни уйга жўнатишди.
Бу орада эса осмонни булут қоплаб, қор ёғадиганга ўхшаб турарди. Қўлида ишга доир ҳамма қоғозларни кўтариб олган Эдди Зандерс округ қамоқхонасига бо ришнинг ҳожати йўқлигини айтди. Шунинг учун бешовлари – Зандерс, Стежер ва Фрэнкнинг отаси ҳамда укалари охирги бекати Шарқий қамоқхонадан бир нечта кварталгина нарида бўлган кўнкага ўтиришди. Ярим соатдан сўнг улар қамоқхона дарвозаси олдида туришарди.
53
Каупервуд тўрт йилу уч ой қамоқ муддатини ёлғиз ўташи керак бўлган Пенсильвания штатининг Шарқий округ қамоқхонаси Фейермаунт ва Йигирма биринчи кўчаларнинг бурчагида, кулранг тошдан кўтарилган баҳайбат бинода жойлашганди. Улуғвор, бироқ тунд кўринишдаги бу бино меъморий жиҳатидан анча ютқизсада, бироқ Миландаги Сфорза қасрига ўхшаб кетарди. Унинг кулранг деворлари бутун бир квартални эгаллаб олган ва тантанавор қад ростлаб турарди. Қамоқхонанинг баҳайбат ҳудуди – ўн акрдан кўпроқ жойни ўраб турган деворнинг баландлиги беш фут ва қалинлиги етти футдан ортиқ эди. Ташқаридан кўринмайдиган ва асосий бино атрофидаги саккизоёқнинг пайпаслагичларига ўхшаб ёйилиб кетган еттита корпусдан иборат қамоқхонанинг ўзи девор билан ўралган майдоннинг учдан икки қисмини эгаллаган, шу сабаб ўтлоқ ва гуллар учун жуда кам жой қолганди. Ташқаридаги деворга туташ бу корпусларнинг кенглиги қирқ икки фут, узунлиги эса бир юз саксон фут эди.
Бу корпусларнинг тўрттаси икки қаватли эди. У ерда деразалар ўрнига шундай шифтнинг тагидан уч ярим футдан узун бўлмаган ва кенглиги саккиз дюймдан ошмайдиган тор тирқишлар қолдирилганди. Қуйи қаватнинг баъзи камералари олдида кичкинагина – ўнга ўн олти фут бўлган, яъни камераларнинг ўзидан катта бўлмаган ҳовличалари ҳам бор бўлиб, улар ҳам баланд ғишт девор билан ўралганди. Камераларнинг деворлари, пол ва томлари – ҳамма ёғи тошдан эди. Кенглиги ўн футгина бўлган коридорларга ҳам, баландлиги ўн беш футга етган бир қаватли галереяларга ҳам тош ётқизилганди. Ротонда2020
Доира ёки ярим доира шаклидаги гумбазли бино. – Тарж. изоҳи.
[Закрыть] деб аталадиган марказий хонадан туриб, ёйилиб кетган узун корпусларга қараган одамга ҳамма нарса тор ва сиқиб қўйилгандек кўринарди. Керак бўлиб қолганда маҳбусларни ажратиш учун олдида яна салмоқли ёғоч эшиклар бўлган темир дарвозалар одамда оғир, эзадиган таассурот қолдирарди. Деворларни тез-тез оқлаб туришгани учун биноларда ёруғлик етарли бўлиб, шипдаги ингичка туйнуклар қишда хира ойна билан беркитиларди. Бироқ буларнинг бари фақат шипшийдам қамоқхоналардагина бўладиган сингари кўзни чарчатарди. Бу деворлар ичида албатта, ҳаёт давом этарди – ўша пайтга келиб қамоқхонада тўрт юзта маҳбус бўлиб, камераларнинг ҳаммаси банд эди. Бироқ қамалганларнинг ҳеч бири бу ҳаётни кўрмас ва ҳис қилмасди. Уларнинг фақат жисмигина шу ерда эди, холос. Бу ерда узоқ вақт бўлган айрим маҳбуслардан ўзлари маҳаллий тилда атаганидек, “содиқлар” ёки “хуфия” сифатида фойдаланиларди, бироқ бундайлар кам эди.
Қамоқхонада нонвойхона, механик ва дурадгорчилик устахонаси, омборхона, тегирмон ва полиз бор бўлиб, бироқ у ерда ишлаш учун кўп одам керак эмасди.
1822 йилда қурилган қамоқхона аста-секин қанот ёйиб кенгайган ва ўша пайтга келиб баҳайбат бўлиб кетганди. Бу ернинг аҳолиси ақлий ривожланиши ҳам, майда ўғриликдан то қотилликкача бўлган жиноятлари ҳам турли-туман бўлган маҳбуслар эди. Қамоқхонанинг тартиб қоидалари “Пенсильвания тизими” асосида, яъни камерада ёлғиз бўлиб, тўлиқ жимликни сақлаш ва шу якка ҳолда меҳнат қилишдан иборат эди.
Яқинда қамоқхонага ҳам ўхшамайдиган округ қамоқхонасида бўлганини айтмаса, Каупервуднинг бундай жойга биринчи келиши эди. Бир сафар, ҳали болалигида, шаҳар ташқарисида айланиб юрганида у “маҳбуслар уйи” (ўша пайтларда шаҳар қамоқхонаси шундай аталарди) – деразаларига баланд панжаралар ўрнатилган унча катта бўлмаган кулранг бино олдидан ўтганди. Ўшанда ёз эди, дераза ойналари очиқ эди. У иккинчи қаватнинг деразасидан боқиб турган қандайдир ароқхўрнинг қонсиз юзи, пахмоқ сочларини кўриб қолганди. Маҳбус Фрэнкни кўриб қолиб:
– Ҳой ўғлим, югуриб бориб менга тамаки олиб келиб берасанми? – деб қичқирганди.
Эркакнинг одамни сескантирадиган совуқ башарасидан даҳшатга тушган Фрэнк ўйлаб ҳам улгурмай жавоб берганди:
– Йўқ, олиб келолмайман!
– Ҳали қараб тур, зумраша, ўзинг ҳам панжара ортига тушмасангми! – бақирди, афтидан, кечаги ичкиликдан ҳали ҳам ўзига келмаган дайди.
Каупервуд бу воқеани унутиб юборган, кейин ҳеч қачон эсламаганди, бироқ шу пайтда у бирдан хаёлига келиб қолди. Мана, ҳозир уни ҳам ана шу камерага қамашади, кўчада довул бўляпти, у ҳам ҳаётдан супуриб ташланади.
Яқинлардан ҳеч кимга уни ташқи деворгача кузатиб киришга, ҳатто кейинроқ келиб кўришга рухсат беришган бўлса-да, Стежерга ҳам – изн беришмади. Бу қоидага қаттиқ амал қилинарди. Қўлида ҳужжатларни олиб келган Зандерсни дарров киритиб юборишди. Ўзини арзимаган бир эпизод бўлгандек тутаётган Каупервуд билан ҳаммалари ғамгин хайрлашиб, орқага қайтишди. Аслида Каупервуд ўзи билан содир бўлаётган ҳодисаларга шундай кўз билан қараётганди.
– Майли, бўлмаса, кўришгунча, – ҳамманинг қўлини сиқиб деди у. – Менга ҳеч нарса қилмайди, тез орада бу ердан чиқиб кетаман. Мана кўрасизлар! Лилиан ҳадеб асабийлашавермасин.
Каупервуд қамоқхона ҳовлисига кираркан, орқасидан дарвоза даранглаб ёпилди. Зандерс бошқа қоровул катта калит билан панжарали табақасини очиб турган иккинчи дарвозага қараб юрди. Ичкари ҳовлига киргач у чапга – кичкина канцелярия томонга бурилди; у ерда баланд конторка ёнида махсус кийим – кўк мундир кийган, ориқдан келган, сочлари сариқ, ингичка қисиқ кўзлари кулранг назоратчи турарди. Унинг вазифаси маҳбусларни қайд қилиш эди. Шериф ёрдамчиси берган қоғозларни оларкан, у ишбилармонлик билан уларни кўздан кечириб чиқди. Чиновник, ўз навбатида, Зандерсга маҳбусни қабул қилиб олгани тўғрисида тилхат бергач, шериф ёрдамчиси Каупервуд унинг чўнтагига солиб қўйган чойчақа пулидан хурсанд бўлганча чиқиб кетди.
– Жаноб Каупервуд, сизга соғлиқ тилайман, – кета туриб деди у. – Сиз учун жуда ачиняпман, лекин бу ерда сизга жуда ёмон бўлмайди деб умид қиламан.
У назоратчи олдида шундай ғайриоддий одамга яқин танишлиги билан мақтаниб қўймоқчи бўлаётганди ва ўзининг одатдаги назокатли ҳаракатларига содиқ қолган Каупервуд унинг қўлини маҳкам сиқиб қўйди.
– Жаноб Зандерс, эътиборингиз учун сиздан жуда миннатдорман, – деди у ҳам ва шу заҳоти иложи борича яхши таассурот қолдириш мақсадида янги бошлиғи томонга ўгирилди.
Каупервуд энди унга бирор ён босишлар бўлиш-бўлмаслиги уларга боғлиқ бўлган майда мулозимлар қўлига тушганини тушуниб турарди. У ҳозирнинг ўзидаёқ бу назоратчига у бошлиқларни ҳурмат қилиши, уларнинг ҳамма тартибларига сўзсиз бўйсунишга тайёрлиги, бироқ ўзини ҳам хор қилдириб қўймаслигини кўрсатиб қўйгиси келаётганди. У руҳан жуда тушкунликка тушган, бироқ ҳар қанақасига қочиб қолишга ҳаракат қилгани – ҳатто шу ерда, адолат суди уни келтириб ташлаган тутқунликда, штатнинг ахлоқ тузатиш қамоқхонасида ҳам ўзини тутиб тура олаётганди.
Назоратчи Рожерс Кендал, ўзининг заиф ва расмий кўринишига қарамай, қамоқхонанинг бошқа ходимларига қараганда анча қобилиятлироқ одам эди: маълумоти жуда яхши бўлмаса-да, дарров гап нимадалигини тушунадиган, табиатан жуда ҳам ақлли бўлмаган, ўта берилиб ишламайдиган, бироқ ўз ўрнида маҳкам қолиши учун етарли даражада ҳаракатчан одам эди. У маҳбусларни яхши ажрата олар, чунки камида йигирма олти йилдан бери улар билан ишлаб келаётганди. Ўзи эса уларга совуқ, ишончсиз ва сурбетларча муносабатда бўларди. Бу одам ҳеч кимга ўзи билан танишидек муомала қилишига йўл қўймас ва ҳаммадан қамоқхонанинг ички тартибларига тўлиқ риоя қилишни талаб қиларди.
Каупервуд унинг олдида чиройли кўк-кулранг костюмда, ажойиб тикилган кулранг пальто ва охирги урф бўлган қора шляпада, ингичка чармдан тикилган янги ботинка ва ажойиб рангдаги энг яхши ипакдан бўйинбоғ таққан ҳолда турарди. Унинг соч ва соқоли тажрибали сартарошнинг маҳоратидан, қўллари яхши парваришдан дарак бериб турарди. Назоратчи унга бир қарашдаёқ қаршисида тақдир ўйинлари унинг тўрига жуда кам ҳоллардагина туширадиган баланд парвоз қилувчи қуш турганини дарров тушунди.
Каупервуд хона ўртасида ҳеч ким ва ҳеч нимага қарамас, бироқ ҳамма нарсани кўриб турарди.
– Уч минг олти юз ўттиз учинчи сонли маҳбус, – деди Кендел Каупервуднинг исми ва фамилияси ҳамда қамоқхона ташкил этилгандан бери санаб келинаётган тартиб рақами ёзилган сариқ қоғозни котибга берар экан. Маҳбуслардан тайинланган котиб буларнинг барини китобга ёзиб, бир вақтнинг ўзида охир-оқибат Каупервудни “одоб-ахлоқ” галереясига олиб борувчи қамоқхона “хуфия”си ёки “содиқ” кишиси учун ҳам захира ҳужжат тайёрлади.
– Сиз ечиниб ваннага киришингиз керак, – деди Кендел Каупервудни қизиқиш билан кўздан кечираркан. – Тўғри, сизга бу керак деб ўйламайман, лекин бизда тартиб шунақа.
– Миннатдорман, – деди ҳатто шу ерда ҳам кераклича таассурот қолдирганидан хурсанд бўлган Каупервуд. – Мен ҳамма қоидаларга бўйсунишга тайёрман.
Каупервуд пальтосини ечишга тайёрланаркан, Кендел қўли билан ишора қилиб, уни тўхтатди. Қўшни хонадан назоратчими, маҳбусми, кўриниши ғалатироқ “содиқлар” вакили чиқиб келди. Бу паст бўйли, қорачадан келган букри одам эди. Унинг бир оёғи иккинчисидан калта бўлиб, шу сабаб ўз-ўзидан бир елкаси ҳам пастроқ эди. Кўкраги ичига ботгани, кўзлари ғилай эканига қарамай, у тез ҳаракат қиларди. Унинг эгнида қопдек йўл-йўл иштон ва яна худди шундай, қамоқда талаб қилинадиган йўл-йўл куртка бўлиб, куртканинг ичидан ёқаси очиқ кўйлаги кўриниб турарди. Бошида эса чети диккайиб турган жуда катта йўл-йўл шляпа бўлиб, Каупервудга бу кийим жуда таҳқирона туюлди. Каупервуд бу одамнинг қалпоғи остидан ўзига боқиб турган ваҳимали ғилай кўзларини ҳеч кўз олдидан кетказа олмай қолди.
Бу “содиқ”нинг ҳар дақиқада қўлини шляпасига теккизиб, ҳарбийчасига саломлашадиган аҳмоқона одати бор экан. Бу профессионал даражадаги “иккинчи қават одами” – ўғри бўлиб, унга ўн йил берилган, бироқ ўзини яхши тутиб юргани сабаб у бошига одамни пастга урадиган қопни киймаган ҳолда канцелярияда ишлаш шарафига эришганди. Бунинг учун у қамоқхона бошлиқларидан жуда миннатдор эди. У ҳозир Кендалга қўрқиб турган ит каби қараётган бўлса, Каупервудга худди унинг ҳолатини тушунаётган-у, ишонмаслигини билдираётгандек айёрона қувлик билан қараб турарди.
Оддий маҳбус учун ён-атрофдагиларнинг бари бир хил; бунинг устига улар бу ерга мендан яхши одам келмайди, деган фикр билан ўзларини овутишади. Балки, тақдир уни аёвсиз жазолагандир, у эса хаёлан бошқа маҳбусларга бундан кам аёвсиз бўлмайди. Атайми ёки тасодифанми, мен сендан тақволироқман, деган салгина ишора қамоқхона деворлари ичидаги энг оғир, энг кечириб бўлмайдиган гуноҳ саналади. Бу “содиқ” ҳам пашша ғилдиракнинг ҳаракатини тушунмаганидек, Каупервудни тушуниш қобилиятига эга эмасди, бироқ ўзи арзимаган одам бўлса-да, янги келганнинг кимлигини яхши билиб олдим деб ишончи комил эди. Муттаҳам барибир муттаҳамдир, шу сабаб Каупервуднинг ҳам бу одам учун оддий чўнтаккесардан фарқи йўқ эди. Унда шу заҳоти Каупервудни ерга уриш, ўзи билан бир қаторга қўйиш хоҳиши туғилди.
– Чўнтагингиздаги бор нарсанинг ҳаммасини чиқаришингизга тўғри келади, – деди Кендал Каупервудга қараб. Одатда у фақат “Маҳбус титкилансин!” деб буйруқ берарди. Каупервуд у томонга бир қадам қўйиб, чўнтагидан йигирма беш доллар солинган кармонини, қаламтарош, қалам, Эйлин унга “омад келтиради” дея ҳадя қилган фил суягидан ишланган, қизнинг совғаси бўлгани учун ўзи жуда қадрлайдиган кичкинагина филчани чиқарди. Кендал филчани қизиқиб томоша қилди.
– Олиб кетишингиз мумкин, – “содиқ”қа қараб бошини ирғади у.
Каупервуднинг олдида ҳали чўмилиш ва яна қайта кийиниш вазифаси турарди.
– Орқамдан юрилсин, – деди “содиқ” олдинга ўта туриб ва Каупервудни тўсиқ орқасида учта эски чўян ванна, ёғоч токчаларда оддий совун, ювилавериб титилиб кетган қаттиқ сочиқ ва бошқа ювиниш анжомлари турган қўшни хонага олиб кирди. Токчалар ёнига кийим осиш учун қозиқлар илинганди.
– Мана бу ерга туш, – ванналардан бирига ишора қилиб буюрди исми Томас Кьюби бўлган “содиқ”. Каупервуд бу тинмай қилинадиган назоратнинг бошланиши эканини тушунди, бироқ ўзини хотиржам тутишга аҳд қилди.
– Кўрдим, бир дақиқа, – деди у.
Кьюби бироз юмшагандек бўлди.
– Сенга қанча ёпиштиришди? – сўради у. Каупервуд унга тушунмагандек ғалати қаради. У чиндан ҳам саволни тушунмаганди. “Содиқ” унинг қамоқхона жаргонини билмаслигига ақли етиб, саволини қайтарди:
– Сенга қанча ёпиштиришди? Неча йилга ўтирдинг?
– Ҳа!.. – жавоб берди Каупервуд энди англаб. – Тўрт йилу уч ой.
У қаршисидаги одамнинг ғашига тегмасликка аҳд қилганди. Шунда яхшироқ бўлади.
– Нима учун? – қизиқди Кьюби.
Каупервуд бир дақиқа ўзини йўқотди.
– Ўғрилик учун, – жавоб берди сўнг.
– Унда осон қутулибсан, – деб қўйди Кьюби. – Мени ўн йилга кесворишган. Битта тўпори судья шунақа қилган.
Кьюби Каупервуднинг жинояти ҳақида эшитмаганди. Эшитганда ҳам, бу ишнинг нозик томонларини тушунмаган бўларди. Каупервудда суҳбатни давом эттириш истаги йўқ эди ва нима дейишни ҳам билмасди. У анави кимсанинг тезроқ чиқиб кетишини хоҳлаётган, бироқ у туришда давом этарди. Тезроқ камерада ўзи ёлғиз қолсайди!
– Ҳа, бу жуда ачинарли, – ҳамдардлик билан деди Каупервуд ва “содиқ” олдида ўзига ўхшамаган маҳбус турганини тушунди, акс ҳолда, у бундай демаган бўларди.
Кьюби сув жўмракларини буради. Каупервуд эса бу орада ечиниб, ёнида бу ёввойи борлигидан хижолат ҳам бўлмай, яланғоч турарди.
– Бошингни ҳам чайишни унутма! – деди Кьюби ва чиқиб кетди.
Ванна сувга тўларкан, Каупервуд ўз тақдири ҳақида ўйларди. Охирги пайтларда ҳаёт унга шунча зулм ўтказганига ҳайрон қолаётганди. Шу вазиятдаги бошқа кўпчиликдан фарқли ҳолда унинг виждони азобланмас ва ўзини номуссизликда айбламаётганди: шунчаки унинг омади юришмади. Ўйлаб кўринг-а: у ҳозир мана шу баҳайбат қамоқхонада маҳбус ва ҳозир мана бу ирганч чўян ванна олдида туришга мажбур, ақлини еб қўйган жиноятчи эса унга қоровуллик қилиб турибди!
Каупервуд ваннанинг ичига тушиб, тезлик билан арзон сариқ совунда ювиниб, дағал сочиққа артинди ва ичкўйлагига қўлини узатди. Бироқ кийими йўқ бўлиб қолганди. Шу пайт хонага Кьюби кириб келди.
– Бу ёққа юр! – қўпол оҳангда буюрди у. Каупервуд яланғоч ҳолида унинг ортидан эргашди. Уни канцелярия орқали тарози, ўлчайдиган асбоблар, қайд қилиш дафтари ва бошқа нарсалар турган хонага олиб киришди.
Фрэнкнинг олдига яна эшик олдида турган Кьюби яқинлашди, котиб эса уни кўриши билан беихтиёр қўлига тоза қоғоз олди. Кендал Каупервуднинг белидан сал тўлиша бошлаган келишган қоматини кўздан кечираркан, бу маҳбуснинг гавда тузилиши бу ердагиларнинг кўпчилигидан фарқ қилишини хаёлидан ўтказди. Унинг териси, ўзи алоҳида қайд этганидек оппоқ эди.
– Тарозига тур! – буюрди Кьюби. Каупервуд унинг айтганини қилди. Назоратчи пайдо бўлган рақамни яхшилаб қараб олди.
– Оғирлиги – бир юз етмиш беш! – эълон қилди у. – Энди бу ёққа!
У полдан етти ярим фут баландликкача ингичка вертикал планка чўзилган деворни кўрсатди. Бу планка бўйлаб девор олдида турган одамнинг бошига ёғочли бўй ўлчаш ускунаси сирпанарди. Планканинг четига ярим, чорак, нимчорак каби дюймлар белгиланган, ўнг томонда эса қўлнинг узунлигини ўлчайдиган ускуна турарди. Каупервуд ундан нима талаб қилинаётганини тушуниб, ёғоч ўлчагич тагида қимирламай туриб берди.
– Оёқларингни бирлаштир, деворга қапишиб тур! – буюрди Кьюби. – Мана шундай! Беш фут тўққиз дюйм! – бақирди у ва котиб бу сонларни қайд қилиш дафтарига киритди.
Шундан сўнг Кьюби яна бир ўлчагични олиб, Каупервуднинг елкалари, оёқлари, кўкраги, бели ва ёнбошини ўлчай бошлади. У Каупервуднинг кўзлари, сочлари, мўйловининг рангини баланд овозда маълум қилди, сўнг унинг оғзига қараб, охирги хулосасини айтди:
– Тишларининг ҳаммаси бутун!
Шундан сўнг Каупервуд ўз манзили, ёши, касбини такроран айтди ва у бирорта ҳунарни билиш-билмаслиги ҳақидаги саволга рад жавобини бергач, ваннахонага қайтиб, унинг учун тайёрлаб қўйилган қамоқхона кийимлари – ботадиган дағал ичкийим, пахта матоли ёқали кўйлак, худди шундай пахта матодан тикилган пайпоқни кийиб олишга рухсат беришди. Худди ёғоч ёки темирдан тикилгандек қаттиқ, дағал бунақа кийимни у умрида киймаган, бошмоқларининг таги сирпанчиқ эди. Кийимларининг устидан қопдек тикилган маҳбусларнинг йўл-йўл иштони ва курткани кийиб оларкан, Фрэнк бу аҳволда ўзининг жуда аянчли кўринаётганини ҳис қилиб турарди.
Каупервуд яна назоратчининг идорасига қайтиб кирганида уни илгари ҳеч қачон ҳис этмаган оғир умидсизлик чулғаб олган ва ҳар қанақасига ўзини босишга ҳаракат қилаётганди. Мана, жамият жиноятчиларга қандай муомала қиларкан, ўйлади у. Уни ўзидан итаради, эгнидан одатий кийимларини ечиб олади, мана бу латталарга буркаб қўяди…
Каупервудни соғинч ва алам ҳисси қуршаб олганди. У қанчалик урингани билан бостириб келаётган ҳисларга дош бера олмаётганди. У доим бир қоида – кўнглидан ўтаётган туйғуларини яширишга амал қилиб келди; бироқ ҳозир бунга кучи етмаётганди. Бундай кийимда у ўзини ерга урилгандек, беўхшов ҳис қилаётган ва уни бошқаларга ҳам шундай кўринаётганини биларди. У жуда катта ирода кучи билан ўзини хотиржам ва тепасида турганларга нисбатан бўйсунувчан ҳолда тутаётганди. У охири бу нарсага ўйин, ёмон тушга қарагандек ёки агар омадинг келиб қолса, чиқишга умид бўлган ботқоққа тушиб қолдинг деб қараш керак, деган хулосага келди. У яна омади келишига умид қиларди. Ахир бу ҳол узоқ давом этиши мумкин эмас! У ҳаётининг ўзи жуда яхши билган бу босқичида ғалати, нотаниш ролни ўйнаётганди.
Кендал Каупервудга қарашда давом этаркан, вақтини бекор ўтказмади.
– Қани, бунга қалпоқ қидириб кўр-чи! – ёрдамчисига буюрди у.
Ёрдамчиси токчалари рақамланган шкаф олдига келиб хунукдан-хунук бир шляпани олиб, Каупервудга кийиб кўришга берди. Шляпа тўғри келгандек бўлди ва Каупервуд ниҳоят ўзининг камситилишлари поёнига етди, деб ўйлади. Уни яна “безантирадиган” нарса қолмагандек эди. Бироқ у янглишганди.
– Кьюби, энди уни жаноб Чепиннинг олдига олиб бор, – буюрди Кендал.
Кьюби буйруқни тушунди. У ваннага қайтиб бориб, у ердан Каупервуд орқаваротдан эшитиб билган буюмни келтирди: бу оқ-кўк йўл-йўл халта бўлиб, узунаси ва эни тахминан оддий ёстиқ жилдининг ярмича келарди.
Кьюби халтани текислаб, яхшилаб қоқди ва Каупервудга яқинлашди. Одат шундай эди. Қамоқ ташкил этилган илк пайтлардан бери бундай халтачаларнинг ишлатилишидан мақсад маҳбусларни мўлжал олишдан маҳрум қилиш ва бу билан улар қочиб кетишининг ҳам олдини олиш эди. Шу дақиқадан бошлаб Каупервуднинг маҳбуслардан ҳеч ким билан гаплашиш, улар билан суҳбатлашиш, ҳатто кўришга ҳам ҳуқуқи йўқ эди. Қамоқхона бошлиғи билан гаплашиш ҳам тақиқланарди:
у фақат саволларга жавоб бера оларди, холос. Бу жуда қаттиқ қоида эди, бироқ Каупервуд кейинчалик билишича, бу ерда ҳам баъзи имтиёзларга эришиш мумкин экан.
– Мана бу нарсани кийишингга тўғри келади, – деди Кьюби халтани Каупервуднинг боши устида очаркан.
Каупервуд тушунди. У бир пайтлар бу ҳақда эшитганди. Дастлаб у сесканиб кетди, халтага чинакам ажабланиш билан қаради, бироқ шу заҳотиёқ уни бошига кийдиришга ёрдам бериш учун қўлларини кўтарди.
– Керак эмас, – деди Кьюби. – Қўлингни тушир, ўзим кийдира оламан.
Каупервуд унинг айтганини қилди. Бошига кийдирилган халта кўкрагигача тушиб, у ҳеч нимани кўра олмай қолди. У ўзини бахтсиз, топталган, тамом бўлгандек ҳис қилар, бу йўл-йўл латта сабаб, ўзини йўқотиб қўйгудек бўлаётганди Наҳотки, мени шунчалик ерга уришдан озод қилишнинг иложи йўқ эди, ўйларди у.
– Кетдик! – деди унинг кузатувчиси ва Каупервудни олиб кетишди – қаердалигини у ортиқ кўра олмаётганди.
– Пастки томонини сал кўтариб, оёғинг остига қараб кетгин, – йигитга маслаҳат берди ҳамроҳи. Каупервуд шундай қилди ва энди сал оёғи ва босаётган пол қисмини кўра олди.
Шундай ҳолда уни, худди кўр каби аввал қисқагина ўтиш жойидан, кейин эса узун йўлак бўйлаб – навбатчи назоратчилар ўтирган хонадан олиб ўтишди, сўнг ниҳоят тор темир зинадан чиқиб, иккинчи қаватдаги назоратчининг олдига олиб келишди. Каупервуд яна Кьюбининг товушини эшитди:
– Жаноб Чепин, сизга жаноб Кендалдан янги маҳбус олиб келдим.
– Ҳозир, боряпман, – қаердандир кутилмаганда мулойим овоз эшитилди.
Кимнингдир катта, оғир қўли Каупервуднинг билагидан тутиб, уни яна қаергадир олиб кетишди.
– Келиб қолдик, – деди яна ўша овоз. – Ҳадемай, бошингиздаги халтани ечаман.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.