Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

17

Вақт ўтган сари Фрэнк Каупервуд ва Эйлин Батлер бир-бирларини яқиндан билиб олишаётганди. Танишлари доираси борган сари кенгаяётган, ўз ишлари билан доим банд бўлган Фрэнк қизга ўзи хоҳлаганча эътибор қила олмаётган бўлса-да, бу йил уни кўпроқ учратаётганди. Эйлин ўн тўққизга тўлган бўлиб, улғайган ва ҳаётга қарашлари ҳам мустақилроқ бўлиб қолганди. Масалан, у уй тутиш масалаларида яхши ва ёмон диднинг фарқига бориб қоганди.

– Отажон, наҳотки бир умр мана шу молхонада яшасак? – дея отасига ёзғирди у бир куни дастурхон атрофида ўтиришганда.

– Қизиқ, бу уйнинг нимаси ёмон экан? – деди столга яқин ўтириб, овқатланаётганида бегоналар бўлмаса қиладиган одати – сочиқни ошхўрак қилиб тутиб олган Батлер. – Бу ерда ҳеч бир ёмон нарсани кўрмаяпман. Бу ерда онанг билан бу ерда ёмон яшамаяпмиз.

– Отажон, бу уй дабдала эканлигини ўзингиз ҳам биласиз!.. – гапга аралашди Нора. Бу йили у ўн етти ёшга тўлган, опаси сингари дадил, журъатли эди, фақат ҳаётни опасидан ҳам камроқ тушунарди. – Ҳамма шундай деяпти. Қаранг, атрофдаги уйлар ҳаммаси ҳашамдор.

– Ҳамма гапиряпти?! Ҳамма гапиряпти! Бу “ҳамма” ким экан, мен билиб қўяй-чи? – киноя билан жаҳли чиқиб сўради Батлер. – Менга масалан, уйимиз ёқади. Бу ерда яшашга ҳеч кимни мажбур қилиб ўтирганимиз йўқ. Ким бу “ҳамма” деганингиз? Уйимнинг нимаси ёмон экан?

Уй тўғрисида гап кетганида агар Батлер индамай, ирландчасига кинояли жилмайиши билан чекланса, масала шу ерда якун топарди. Бироқ бу сафар ундай бўлмади.

– Отажон, уйимиз ҳеч нарсага ярамаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз, – қатъий қилиб деди Эйлин. – Нега жаҳлингиз чиқяпти? Уйимиз эски, хунук, ифлос! Жиҳозларимиз тўкилиб тушай деяпти. Мана бу эски рояльни эса аллақачон ташлаб юбориш керак эди. Мен энди унда чалмайман. Каупервудларникида, масалан…

– Уйимиз эски?! Шунақами?!.. – хитоб қилди Батлер, ғазабланиб кетганидан унинг ирландча акценти кескин чиққанди. – Ифлос?! Шунақами?! Қандай жиҳозимиз тўкилиб тушай деётган экан? Қани, кўрсат-чи, қаери тўкилиб тушяпти!

Жаноб Батлер қизи ўзларини Каупервудлар билан солиштиргани учун койимоқчи бўлди-ю, улгурмади: гапга Батлер хоним аралашди. Тўладан келган, юзи кенг ирландиялик бу аёл доим жилмайиб турар, бир пайтлар кулранг бўлган кўзлари анча нурсизланиб қолган, сариқ сочлари эса оқариб кетганди. Пастки лабининг ёнида, чап ёноғида катта сўгали ҳам бор эди.

– Болалар, болалар!.. – хитоб қилди аёл (ўзининг тижоратда ва сиёсатда эришган барча муваффақиятларига қарамай, жаноб Батлер хотини учун ҳали ҳам ёш боладек эди). – Нега жанжаллашяпсизлар? Етар, бас қилинг! Отангизга помидор узатиб юборинг.

Овқатланиш пайтида уларга ирландиялик аёл хизмат қиларди, лекин шунга қарамай, идишларни стол бўйлаб бири иккинчисига узатишарди. Стол тепасида пастгина, ажи-бужи қилиб ясатилган оқ чинни шамлар кўринишидаги ўн олтита газли рожокли люстра осилиб турарди. Эйлиннинг эстетик ҳисларини ҳақоратловчи буюмлардан бири ана шу қандил эди.

– Ойи, сиздан неча марта хато гапирмасликни сўрадим!.. – ялингудек оҳангда деди онасининг нутқидаги хатолар доим ғашига тегадиган Нора. – Эсингиздами, гапираётганда эътиборли бўлишга ваъда бергандингиз? – Онангга қандай гапиришни ўқитишга ким сенга рухсат берди?!.. – кутилмаган бу юзсизликдан Батлернинг ғазаби қайнаб кетди. – Қулоғингга қуйиб ол: онанг ҳали дунёга келмасингдан олдин ҳам шундай гапирган! Агар у бир умр хизматингни қилмаганида, сен ҳозир мақтанаётганинг – ўзингни чиройли тутишни билмаган бўлардинг! Буни қулоғингга қуйиб ол, эшитяпсанми! У ҳамма дугоналарингдан ҳам минг марта яхши, сурбет қиз!

– Ойи, отам нималар деб ташлаётганини эшитяпсизми?.. – онасининг орқасига яшириниб олиб, ўзини қўрқиб кетган ва ҳақоратланганга солди Нора.

– Эдди! Эдди! – эридан ўпкаланди Батлер хоним, кейин Норага юзланди. – Нора, болажоним, отанг бундай ўйламаслигини ўзинг биласан-ку! Тўғрими?

Батлер хоним қизининг бошини силаб эркалаб қўйди. Ўзининг нутқи саводсизлигига қизи эътироз билдирганидан у сира хафа бўлмаганди. Батлернинг ўзи ҳам қизини сурбет деганига энди пушаймон қилаётганди. Худойим, бу болакайлар одамнинг сабр-тоқатини тугатишади-я! Марҳамат қилиб айтинглар-чи, бу уйнинг нимаси яхши эмас?

– Дастурхон тепасида бундай шовқин кўтаришнинг ҳожати йўқ, – эслатди қоп-қора, текис таралган сочининг ўртасидан қийшиқ фарқ очилган, тикка мўйлови калта қирқилган йигитча Кэлем. Унинг бурни бироз танқайган, қулоқлари диккайиб турган бўлса-да, хушрўйгина ва ўзига яраша ақлли эди.

У ва Оуэн иккаласи ҳам уй чиндан яхшимас ва ёмон жиҳозланганини кўриб туришарди, бироқ ота-оналарига бу ердаги ҳамма нарса ёқар, шунинг учун мулоҳазакорлик ва оилаларида тинчликни сақлаш мақсадида улар бундай пайтларда жим туришни афзал кўришарди.

– Биздан кўра камбағалроқ одамлар чиройли уйларда яшаётганида, мана шу эски кулбада яшашимизга тўғри келиши менга алам қилади. Ҳатто қандайдир Каупервудлар ҳам…

– Мунча Каупервудлар, Каупервудлар деб битта гапни чайнадинг! Нега бу Каупервудларга ёпишиб қолдинг!.. – қип-қизариб кетган юзини Эйлинга буриб бақирди жаноб Батлер.

– Ҳатто ўшаларнинг уйи ҳам бизникидан анча яхшироқ. Бўлмаса Каупервуд сизнинг агентингиз!

– Каупервудлар! Каупервудлар! Улар тўғрисида эшитишни ҳам хоҳламайман! Мен Каупервудлардан ўрганмоқчи эмасман! Ажойиб уйи бўлса бўлаверсин! Нима ишим бор? Менинг уйим – ўз уйим! Мен шу уйда яшашни хоҳлайман! Бу ердан индамай кўчиб кетиш учун узоқ яшамаганман! Агар бу ер сенга ёқмаётган бўлса, ўзинг яхши биласан: сени бу ерда ушлаб турмоқчи эмасман! Қаерга хоҳласанг, ўша ерга кўчиб кетавер! Мен эса бу ердан қимирламайман!

Оилада бундай жанжаллар бўлганда арзимаган нарсага ҳам жаҳли чиқиб кетадиган Батлер одатда хотини ва болаларига қўлини мушт қилиб бақирарди.

– Хотиржам бўлаверинг, яқинда кетаман бу ердан!.. – жавоб берди Эйлин. – Худога шукур, бу ерда бир умр яшамайман!

Унинг кўз олдига Каупервудларнинг уйидаги ажойиб меҳмонхона, кутубхона ва будуарлар келди: Аннанинг айтишича, уйларининг пардозлаш ишлари тугаб қолаёзган экан. Каупервудларнинг учбурчакли рояли эса қандай ажойиб: тилла билан ишлов берилиб, пушти ва ҳаворанг лак билан бўялган! Уларда ҳам шундай ажойиб нарсалар бўлса нима қилади? Улар Каупервудлардан ўн баробар бой бўлишса керак. Бироқ у жонидан ҳам ортиқ кўрадигани отасининг қарашлари эса эскича. Одамлар отаси ҳақида қўпол ирландиялик пудратчи деб тўғри айтишади. Унинг бойлигидан нима наф?! Айнан мана шу нарсадан Эйлиннинг қони қайнарди: отаси ҳам бой ва айни пайтда замонавий ҳамда нозик дидли бўлса, нима қиларкин-а? Эҳ, хафа бўлишдан нима наф? У отаси ва онасига қарам экан, ҳаёти эскича давом этаверади. Фақат кутиш қолади. Бу шароитдан чиқишнинг бир йўли – яхши одамга турмушга чиқиш бўлиши мумкин. Бироқ кимга?

– Бўлди, беҳудага тортишманглар!.. – деб қўйди Батлер хоним яраштириш оҳангида. У Эйлинни нима хафа қилаётганини жуда яхши тушуниб турарди.

– Нега биз ҳам яхши уй қурсак бўлмайди? – ўз гапида туриб олди қиз.

– Ёки шуни қайтадан қурсак-чи? – онасининг қулоғига шивирлади Нора.

– Тсс! Жим бўл! Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор, – Норага қаради Батлер хоним. – Мана кўрасан, бир куни биз ҳам худди шундай қиламиз. Энди югур, бор, дарсингни қил. Етар, сафсатани бас қилинглар!

Нора ўрнидан туриб хонадан чиқиб кетди. Эйлин жим бўлиб қолганди. Унинг отаси шунчаки ўжар, гапга қулоқ солмайдиган одам. Барибир у жуда яхши одам! Қиз отасини айтган гапларига пушаймон қилдириш учун лабларини чўччайтирди.

– Бўлди, бўлди, – ҳамма туриб кетгандан сўнг деди Батлер; у қизининг ўзидан жаҳли чиққанини билар ва уни бирор нарса билан юмшатиши кераклигини тушуниб турарди. – Менга бир рояль чалиб бер-чи, фақат яхшироқ нарсани чал!

Жаноб Батлер қизининг иқтидори ва техникаси кўринадиган, ўзини ҳайратга соладиган шовқинли ўйноқи пьесаларни афзал кўрарди. Мана, унинг тарбияси қизига нима берди: Эйлин бу қийин нарсаларни қанчалик тез ва дид билан чалади!

– Агар хоҳласанг, янги рояль сотиб олишинг мумкин. Магазинга бориб, танлай қол. Менга қолса, шу ҳам яхши, бироқ сенга ёқмаётган бўлса, билганингни қила қол.

Эйлин отасининг қўлини енгил сиқиб қўйди. Отаси билан баҳслашишнинг нима кераги бор? Ахир бутун уй, бутун оилавий атмосфера ўзгартиришни талаб қилиб турганда биргина янги рояль нима берарди? Шундай бўлса ҳам, қиз Шуман, Шуберт, Оффенбах, Шопен пьесаларини чала бошлади, қария эса хонада у ёқдан-бу ёққа юриб, ўйчан кулимсирарди. Эйлин баъзи нарсаларни берилиб ва қизғин ижро этар, ўзининг жисмоний кучи, энергиясининг ошиб-тошиб туриши ва кеккайишига қарамай, у нозик ҳис қила оларди. Бироқ отаси буларни сезмасди. У қизига, оқила, соғлом ва мафтункор қизига қараб, унинг ҳаёти қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хаёлларга берилганди. Бирорта бой йигит – яхши тарбия олган, жуда бой, тадбиркорлик иқтидори бор йигит уйланади, отаси эса қизига бир уюм пул қолдиради.

Янги уйга кўчиб ўтиш муносабати билан Каупервудлар катта тантана уюштиришди: меҳмонлар аввал Фрэнкникида йиғилишиб, кейинроқ рақс тушиш учун бу ердан кенгроқ ва ҳашаматлироқ бўлган катта Каупервудникига ўтишлари керак эди. Уйнинг пастки қаватида катта ва кичик меҳмонхоналар, рояль қўйилган хона ва қишки боғ жойлашганди. Элсуорт бу ерни шундай режалаштиргандики, улар концертлар, рақс тушиш ва рақслар орасида айланиб туриш учун етарли даражада – бир сўз билан айтганда, меҳмонлар кўплигида фойдаланса бўладиган даражада кенг эди. Ёш ва кекса Каупервудлар қурилиш бошиданоқ иккала уйдан биргаликда фойдаланишни кўзда тутгандилар. Иккала уйда ҳам айнан бир хизматчи, боғбон ва кир ювувчилар ишларди. Фрэнк болалари учун тарбиячи аёл ҳам ёллаганди. Бироқ ҳали ҳамма нарса ҳам тўла йўлга қўйилмаганди: масалан, эшик оғаси Ҳенри Каупервуднинг шахсий хизматчиси вазифасини ҳам бажарар, овқат тепасида гўшт кесар, бошқа хизматкорларга раҳбарлик қилар ва керак бўлиб қолган ҳали у уйда, ҳали бу уйда ишларди. Умумий отхонага отбоқар ва аравакаш қараб турар, иккита экипаж керак бўлганда уларнинг иккаласи ҳам отга ўтиришарди. Хуллас, бу хўжалик юритишнинг қулай ва режали тизими эди.

Тантанани ўтказишга тайёргарлик ишларига Каупервуд жуда муҳим масаладек қараётганди, чунки тадбиркорлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, зиёфатга жамиятнинг энг сара одамларини таклиф қилиш, ижтимоий сабабга кўра эса уни ўзига хос тарзда ўтказиш керак эди. Шунинг учун узоқ ўйлангандан сўнг аввал Фрэнкнинг уйига, кейин катта Каупервудникига ўтишини ҳисобга олиб, жаноб Тай ва унинг рафиқаси, Стидерлар, Батлерлар, Молленхауэрлар ва улардан ҳам нозикроқ меҳмонлар, масалан, Артур Райверс, Сенека Дэвис хоним, эр-хотин Тренор Дрейклар, Фрэнкнинг танишлари – ёш Дрекселлар ва Кларкларни таклиф этишга қарор қилинди.

Каупервудлар бу оқсуякларнинг ташриф буюришларига жуда ишонмаётган бўлишса-да, бироқ уларга таклифнома жўнатиш керак эди. Кечқурунга бориб яна бошқа обрўли меҳмонларнинг келиши кутиладиган бўлди. Бу иккинчи рўйхатдан Фрэнк режалаштирган Анна, Каупервуд хоним, Эдвард ва Жозефларнинг танишлари ўрин олганди. Иккинчи рўйхат “асосий” ҳисобланаётганди. Жамиятнинг энг обрўли аъзолари, ёшларнинг зўрлари, илтимос, кўндириш билан таъсир ўтказиш мумкин бўлганларнинг ҳаммаси таклифга кўнишлари керак бўларди. Батлерларнинг оиласи – катталар – уларнинг келишини жуда ҳам хоҳлашмаётган бўлса-да, болаларни ҳам кундузги, ҳам кечқурунги зиёфатга таклиф қилмаслик мумкин эмасди. Фрэнк ўйлаганидек, Анна ва Лилиан ҳам Эйлинни келаётган меҳмонлар учун жуда ҳам тўғри келадиган шерик эмас, деб қарашаётганди.

– Бу қиз довдирга ўхшайди, – навбат Эйлин исмига келганида келинойисига қараб деди Анна. – Ўзини ким деб ўйлайди, ҳатто ўзини қандай тутишни ҳам билмайдику! Отаси-чи! Ҳм-м!.. Отам шунақа бўлса, мен озгина камтарроқ бўлардим!

Ўзининг янги будуаридаги ёзув столи олдида ўтирган Каупервуд хоним қошларини чимирди:

– Анна, мен баъзан Фрэнкнинг иши юзасидан шундай одамлар билан муомала қилишим кераклигидан жуда қийналиб кетаман. Батлер хоним бирам зерикарли хотин! Жуда юраги тоза аёл, лекин шунчалик қолоқки! Эйлин эса йўнилмаган таёққа ўхшайди. Ўзини жуда эркин тутади. У бизникига келиши билан роялга ўтиради, айниқса, Фрэнк уйда бўлганида шундай қилади. Унинг ўзини қандай тутиши менга қизиқ эмас, бироқ назаримда, бу Фрэнкнинг ғашига тегадиганга ўхшаб кўринади. Чаладиган пьесалари ҳам қандайдир ўйноқи. Ҳеч бирор жиддий ва нозик нарса чалмайди.

– Менга эса унинг кийиниши сира ёқмайди, – келинойисининг фикрини давом эттирди Анна. – Устига бирам ғайриоддий нарсаларни кийиб олишни яхши кўради. Эсиз, буни кўрмагансиз. Тасаввур қилинг: четида қора ҳошияси бор қип қизил жакет, бошида каттакон қип-қизил пат қадалган ва деярли белигача етадиган тасма тақилган шляпа кийиб олган! Отда айланиш учун зўр кийим! Ўзига ишонч билан ўтириб олганини-чи! Қўллари-чи! Унинг қўлларини қандай тутишини кўрсангиз эди – мана бундай қилади, – Анна Эйлин қўлларини қандай қилишини кўрсатиб берди. – Қўлларига сариқ қўлқоп кийиб олган, бир қўлида жилов, иккинчисида қамчин. Айтганча, отни бошқарганида, худди телбага ўхшайди, хизматчи Уильям эса ўриндиқда сакраб кетади, эсиз, буни ўз кўзингиз билан кўрмагансиз-да! О Худойим, у ўзини ким деб ўйлайди-я!..

Анна нафрат билан масхаралаб қўйди.

– Нима бўлганда ҳам, уни таклиф қилишга мажбурмиз: бунга имкон бермайдиган йўлни кўрмаяпман. Бироқ ҳозирданоқ унинг бу ерда ўзини қандай тутаётганини кўз олдимга келтиряпман: бурнини осмонга кўтарганча ўзини кўз-кўз қилиб хонама-хона юради!

– Чиндан ҳам ўзини қандай қилиб шунақа тутиш мумкин, ҳеч тушунмайман, – гапида давом этди Анна. – Мана, Нора эса менга ёқади. У анча чиройлироқ. Ва ўзини ҳам катта тутмайди.

– Менга ҳам Нора ёқади, – қайнсинглисининг гапини маъқуллади Каупервуд хоним. – У жуда ҳам ёқимтой ва менимча, опасидан анча келишганроқ.

– Ҳа, албатта! Гапингизга тўла қўшиламан!

Шуниси қизиқки, уларнинг эътиборини айнан Эйлин тортар ва ўзининг ғайриоддийлиги билан қизиқиш уйғотарди. Уларнинг гапларида қайсидир маънода жон бор эди, Эйлин чиндан ҳам гўзал бўлиб, бу жиҳат унга ўзини атрофдагилардан юқорироқ кўришига халал бермасди. Ҳаддан ортиқ иззатталаб бўлган бу қиз ичида ўзи енгмоқчи бўлган камчиликлари билан мақтаниб, атрофдагиларнинг диққатини тортар, кўпларнинг эса асабига тегарди. Одамлар унинг ота-онасини оқсуяклар табақасига кўтарилиш учун (ва асоссиз бўлмаган ҳолда) нолойиқ деб ҳисоблашлари ва бу нарса унга ҳам тегишли экани қизга алам қиларди. Йўқ, унинг бошқалардан кам жойи йўқ! Мана, масалан, шундай қобилиятли ва жамият поғонасида тез кўтарилаётган Каупервуд буни тушунади. Вақт ўтиши билан Эйлин Фрэнк билан анча яқинлашиб олганди. Йигит унга доим ёқимли муомала қилар ва бажонидил суҳбатлашарди. У қачон бўлса ҳам қизнинг уйига келганида ёки уни ўзининг уйида кўрганида, қиз билан бир неча оғиз гаплашиб олишга шароит топарди. Одатда у қизга жуда яқин келар ва унга қувноқ ҳамда дўстона назар билан қарарди.

– Хўш, Эйлин, ишлар қалай? – сўрарди у ва Эйлин йигитнинг эркалатувчи назарини ҳис қиларди. – Отангиз, онангиз қалай, яхши юришибдими? Отда айланиб келдингизми? Бу яхши. Мен сизни бугун кўргандим. Жуда мафтункор эдингиз.

– Жаноб Каупервуд, нималар деяпсиз!

– Чиндан ҳам жуда ажойиб эдингиз! Сизга амазонка жуда ярашаркан. Олтинранг сочларингизни эса узоқдан танийман.

– Менга бундай гапларни айтмаслигингиз керак. Мени шуҳратпараст қилиб қўйяпсиз, ота-онам шусиз ҳам мени доим шуҳратпарастсан деб уришишади.

– Уларга қулоқ солманг! Жуда мафтункор эдингиз деяпман ва бу – ҳақиқат. Аслида, сиз доим жозибалисиз.

– О-о!

Қизнинг кўксидан бахтли хўрсиниқ отилиб чиқди. Юзига қизил югурди. Жаноб Каупервуд нима деётганини билади. У ҳамма нарсани билади, у жуда кучли одам! Кўплар ундан ҳайратланади, шу жумладан, ўзининг отаси, онаси ҳам ва унинг эшитишича, ҳатто жаноб Молленхауэр ва жаноб Симпсонлар ҳам шундай экан. Унинг уйи-чи: қандай ажойиб, идораси ҳам зўр! Бироқ энг асосийси, йигитнинг хотиржамлик билан мақсад сари интилиши қиздаги ҳаловатсиз кучни мувозанатлаштириб турарди.

Хуллас, Эйлин ва синглиси таклифнома олишди, жаноб Батлер ва Батлер хонимларга эса жуда юмшоқлик билан зиёфатдан кейин бўладиган бал ёшлар учун эканини шама қилиб қўйишди.

Каупервудларникига жуда кўп одам келди. Меҳмонларни дам ўтмай бир-бирларига таништиришарди. Уй эгалари камтарлик билан Элсуорт қандай қилиб олдидаги вазифани уддалай олганини меҳмонларга тушунтириб беришарди. Келганлар усти ёпиқ галереяда айланиб юриб, иккала уйни томоша қилишди. Таклиф қилинганларнинг кўпи аллақачон бир-бирларини танишарди. Улар кутубхона ва емакхонада сокин суҳбатлашиб ўтиришарди. Кимдир гап отар, кимдир дўстининг елкасига уриб қўяр, бошқа гуруҳда эса кулгили латифалар айтишарди. Кеч кирганда меҳмонлар уйларига тарқалишди. Кўк ипакдан кўйлак ва худди шу рангдаги духобадан жимжимадор бурмали пелеринка кийган Эйлиннинг кийими ҳаммага ёқиб кетди. Унинг сариқ-олтинранг сочлари кўк духоба шляпа остига йиғилган бўлиб, битта жингалаги елкасидан тушиб турарди. Эйлин табиатан жуда дадил эмасди, бироқ одамлар худди шундай дейишлари унга ёқарди.

– Сиз бугун ажойибсиз, – қиз ёнидан ўтиб кетаётганида деди Каупервуд.

– Кечқурун бундан ҳам бошқача бўламан!.. – жавоб берди қиз ва енгил, мағрур қадамлар билан емакхонага ўтиб, эшик орқасида кўздан йўқолди. Нора онаси билан бирга Каупервуд хоним билан гаплашиб, ушланиб қолишди.

– Вой, уйларингиз қандай чиройли! – ҳайрат билан хитоб қилди Батлер хоним. – Гапим ёдингизда турсин: бу ерда жуда бахтли бўласиз! Менинг Эддим ҳозир яшаётган уйимизни сотиб олганида, унга “Эдди, биласанми, биз учун бу уй жуда яхши, Худо ҳаққи!” дегандим. У менга нима деб жавоб берган деб ўйлайсиз? “Нора, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам сен учун жуда яхши бўладиган нарса йўқ!” деган эди. Шундай деб, чўлп этиб лабларимдан ўпиб қўйган эди! Ўйлаб кўринг-а, шундай баҳайбат одам ўзини ёш боладек тутади!

– Батлер хоним, менимча, бу жуда ёқимли, – жавоб берди Каупервуд хоним, уларнинг гапларини ҳеч ким эшитиб қолмадимикин деб атрофга асабий алангларкан.

– Онам шундай нарсаларни гапириб беришни жуда яхши кўради, – гапга аралашди Нора. – Ойи, кетдик, ошхонани кўрайлик!

– Майли, янги уй сизларга бахт келтирсин. Мана, мен ўз уйимизда доим бахтли бўлганман. Сизга ҳам чин дилдан шуни тилайман!

Батлер хоним шу гапларни айтаётиб, самимий жилмайиб қўйди ва лапанглаганча хонадан чиқди.

Кечқурун соат етти ва саккизлар орасида Каупервудлар оилавий шоша-пиша овқатланиб олишди. Соат тўққизда яна меҳмонлар кела бошлашди, бироқ энди булар ҳар хил одамлар эди: гунафшаранг, қаймоқранг, пушти ва кулранг кўйлак кийиб олган қизлар шоша-пиша тўқилган рўмоллари ва кенг доломанларини қора костюм кийиб олган ҳамроҳларининг қўлларига ташлаётган эди. Совуқ кўчадан дам-бадам яқинлашган экипажларнинг эшиги очилиб ёпилгани эшитиларди. Каупервуд хоним эри ва Анна билан меҳмонларни зал эшиги олдида кутиб олишаётган, кекса Каупервудлар эса ўғиллари Жозеф ва Эдвард билан меҳмонларни уйнинг нариги томонида кутиб олишаётганди. Лилиан шлейф1717
  Хотин-қизлар кўйлагининг узайтириб тикилган орқа этаги.


[Закрыть]
билан тикилган ва бўйни чуқур тўртбурчак ўйимли “сўлиётган атиргул” рангидаги кўйлагида чиройли кўринар, кўйлакнинг ўйимидан чиройли тўрли кофтаси ҳам кўриниб турарди. Унинг қомати ва юзи ҳали ҳам чиройли, бироқ бир неча йил бурун Фрэнкнинг юрагини ёндирган мусаффолиги ва нозиклигини йўқотганди. Аннани чиройли эмас деб бўлмаса-да, келишган ҳам эмасди – кичкинагина, қорачадан келган, бурни танқайган ва чақноқ кўзлари қора эди. Унинг юзида мустақиллик, қатъият, ақл-идрок ва афсуски, одамларга нисбатан такаббурона қараш ўз ифодасини топганди. У ҳам бугун жуда дид билан кийинганди. Ялтироқ безаклар ёпиштирилган қора кўйлаги ўзи ҳам қорача эканига қарамай, унга жуда ярашган бўлиб, сочига қадалган қизил атиргул ҳам жуда мос тушганди. Аннанинг қўллари ва елкалари нозик бўлиб, чиройли эди. Қув кўзлари, дадил ҳаракатлари, зукко ва топқир суҳбатдошлиги уни жозибали қилиб кўрсатса-да, буларнинг бари бефойда, чунки ўзи айтгандек, “эркакларга қўғирчоқлар ёқади”.

Ёшларнинг галаси билан опа-сингил Батлерлар – Эйлин ва Норалар ҳам кириб келишди. Эйлин укаси Оуэннинг қўлига қора тўрли нозик шолрўмоли билан қора ипак доломанини бериб қўйди. Нора билан эса Кэлем – гавдаси келишган, жилмайиб турувчи, бутун туриши зўр каръера қилишга қодир эканлигини айтиб турувчи йигит келганди. Норанинг эгнида тўпиғини зўрға беркитиб турган оқ ипакдан тикилган нисбатан калта кўйлак бор эди. Белини кенг тасма сиқиб турар, сочлари ҳам шундай тасма билан боғланганди. Ҳаяжонланганидан кўзлари порлаётган Нора жуда чиройли эди.

Бироқ унинг кетидан бошни айлантирар даражада ги қора атласдан тикилган чиройли либосда опаси ҳам келаётганди. Унинг думалоқ, ажойиб қўллари ва елкалари очиқ бўлиб, кўкраги ва орқаси жуда чуқур ўйилганди. Кўкраклари баланд ва бели бироз кенг Эйлин айни вақтда майин ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Корсажининг чуқур учбурчак ўйими ва кумушранг йўли бор қора тўр билан безатилган кўйлаги уни яна ҳам очиб юборганди. Қиз оқ-пушти, тўлароқ ва йўнилгандек чиройли бўйнига қора каҳрабо маржон тақиб олганди. Юзидаги нозик қизилликни ёноғига ёпиштирилган қора ясама холи яна ҳам бўрттириб турарди. Олтинранг сочлари пешонаси тепасидан шиширилиб, орқасидан иккита қилиб ўрилган ва бўйнига тушиб турган қора тўрга турмакланганди. Сал қорайтирилган қошлари сочининг ғаройиб рангини бўрттириб турарди. Эйлин меҳмонлар орасида бироз кишининг ғашига тегадиган даражада кўринаётганди, бироқ бу унинг пардози натижасида эмас, балки ичида қайнаб-тошаётган ички бир кучидан эди. Одамлар орасида ўзини ижобий кўрсатишга қилган ҳаракати Эйлин учун тескари хизмат қиларди: унинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий ёрқинлигини хиралаштириб қўярди. Бироқ ҳаёт уни доим қарама-қарши ҳаракат қилишга ундарди.

– Лилиан!

Анна секингина келинойисининг қўлидан тутди. Эйлин ҳам қора кийимда эканлиги ва уларнинг иккаласидан ҳам чиройлироқ кўринаётганидан у хафа бўлиб кетганди.

– Кўряпман, – ярим товушда жавоб берди Каупервуд хоним, кейин Эйлинга мурожаат қилди. – Мана, қайтиб келибсизлар! Кўча совуқ бўлса керак-а?

– Тўғриси, сезмадим. Уйингиз бирам чиройлики!

Қиз нурга чўмган хонани ва меҳмонлар галасини кўздан кечира бошлади. Нора эса шу заҳоти Анна билан гаплашишга тушиб кетди.

– Биласизми, энди бу кўйлакни кия олмайман, деб ўйлагандим! Уятсиз Эйлин ҳеч менга ёрдам бергиси келмади!

Эйлин тезгина Фрэнк онаси билан турган жойга қараб кетди. У елкасидан шлейфни ушлаб турган атлас тасмани тушириб, шошилмай уни тўғрилади. Табиатан такаббурлигига қарамай, қизнинг кўзларида шотланд овчаркасиники каби ялинганнамо вафодор ифода пайдо бўлиб, текис оппоқ тишлари кўзни олгудек ялтираётганди. Каупервуд ҳар бир зотли ҳайвон тушунгандек, қизни жуда яхши тушунди.

– Қандай мафтункорлигингизни айтишга тилим ожиз! – худди қачондан бери ораларида уларнинг ўзларигагина маълум бўлган боғлиқлик бордек шивирлади у қизга. – Сиз – оловсиз, сиз – қўшиқсиз!

Нега бу сўзларни айтаётганини йигитнинг ўзи ҳам тушунмасди. Унинг шеъриятга қизиқиши йўқ эди. У аввалдан тайёрланмаганди, бироқ Эйлинни вестибюлда кўриши билан унинг бутун фикри-хаёли ва ҳиссиётлари жўшиб кетганди. Қизнинг бу ерда пайдо бўлиши уни тишларини маҳкам сиқиб, кўзларини ярим юмишга мажбур қилганди. Унинг бутун бадани тортишиб, Эйлин яқинлашгани сари юз ифодаси қатъийлашиб борарди. Бироқ шу заҳоти иккала қизни улар билан рақс тушишга ёзилишни истаётган йигитлар ўраб олишди ва Каупервуд вақтинча Эйлинни кўздан йўқотди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации