Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 41 страниц)
18
Ҳаётдаги ҳар қандай ўзгаришлар уруғини фаҳмлаш мушкул, чунки улар инсоннинг ўзида чуқур илдиз отган бўлади. Каупервуд хоним ва Анна бал тўғрисида оғиз очишлари билан Эйлин отасининг барча бойлиги билан шу пайтгача эришганидан ҳам ёрқинроқ тарзда намоён бўлгиси келди. Бугун у юзлашадиган одамлар қиз аввал қатнашиб юрган одатдаги давралардагига нисбатан солиштириб бўлмайдиган даражада анча нозиктаъб ва талабчан эди. Бундан ташқари, Каупервуд энди унинг учун жуда катта аҳамият касб этаётган бўлиб, дунёда ҳеч нарса уни йигит ҳақида ўйламасликка мажбур қила олмасди. Бир соат бурун Эйлин бу ерга келиш учун отланаётганида ҳам, фикру хаёли фақат хонадоннинг ёш соҳибида бўлди. Асосан Фрэнк учун пардоз қилди. Қиз унинг ўзига синовчан назар билан, эркалагандек қарашини унута олмаётганди. Бир сафар Каупервуд унинг қўлларини мақтаганди. Бугун эса у “одамни маҳлиё қиладиган” деб атади. Эйлин бугунги оқшом йигитда кучли таассурот қолдириш қанчалик осон бўлишини, ўзининг аслида қанчалик яхши эканини кўрсатиб қўйгиси келаётганди.
Эйлин кечқурун соат саккиздан тўққизгача бўлган вақтни ойна олдида нима кийишни ўйлаб ўтказган ва фақат тўққиздан чорак ўтгандагина тайёр бўлганди. Унинг кенг ва катта кийим шкафига иккита баланд ойна ўрнатилган бўлиб, учинчи ойна эса гардеробхонасининг эшигида эди. Эйлин ойна олдида туриб ўзининг яланғоч қўллари ва елкасига, келишган қоматига қарар, ўйчанлик билан чап елкасидаги чуқурчани, гоҳ бугун учун танлаган юрак кўринишидаги кумушранг боғичларини кўздан кечирарди. Корсетини аввалига қаттиқ тортиб боғлаш қийин бўлди, ҳатто хизматкор аёл Кетлин Келлидан Эйлиннинг жаҳли чиқиб кетди. Шундан сўнг қиз бутун диққатини сочига қаратди ва уни қандай турмаклашга қарор қилиши ҳам анча вақт олди. Эйлин қошларини бўяди, пешонаси очиқ бўлиши учун сочини сал шиширди. Маникюр қиладиган қайчи билан қора пластирдан айлана қирқиб, ёноғига хол қилиб ёпиштирмоқчи бўлди. Ниҳоят, ясама холнинг тўғри ўлчами ва қаерга ёпиштириш ҳам ҳал бўлди. Қиз бошини у томонга, бу томонга айлантириб, соч турмаги, бўялган қошлари, елкалари ва ясама холининг туришини текшириб кўрди. Эҳ, қани энди уни шу пайтда бирорта эркак кўрса! Бироқ ким? Бу фикр худди чўчиб кетган сичқон эпчиллик билан инига қайтиб кетгани сингари зумда ғойиб бўлди. Табиатан қатъийлигига қарамай, Эйлин у, яъни ўзи учун аҳамиятли бўлган ягона эркак ҳақида ўйлаганда қўрқиб кетарди.
Шундан сўнг қиз кўйлак танлашга тушди. Кетлин унинг олдига бешта кўйлакни ёйиб қўйганди. Бу нарсалар одамга қанчалар қувонч бахш этишини Эйлин яқиндагина тушуна бошлаган ва ота-онасининг рухсати билан кийим-кечакка берилганди. У ялтираб турган ёқутлар тикилган, қаймоқранг тўрли боғичлари ва шлейфи бор сариқ-олтинранг кўйлакка анчагача термулиб, уни нари суриб қўйди. Кейин эса оқ-қора йўл-йўл, қимирлаганда аралашиб, ажойиб кулранг ҳосил қиладиган ипак кўйлагини кўздан кечира бошлади. Яхшилаб қараб кўргач, жуда кийгиси келса-да, уни ҳам суриб қўйди. Олдига ёйиб қўйилган кўйлаклар орасида оч жигарранг лифли ва оқ ипак бурмали, қаймоқранг атласдан тикилган ва ниҳоят ялтироқ тангачали қора кўйлак бўлиб, Эйлин охиргисида тўхталди. Тўғри, қиз аввалига бундан яхшиси бўлмаса керак деб қаймоқранг кўйлакни кийиб кўрди, бироқ қошининг бўёғи ва ясама холи кўйлакка мос тушмас экан. Шунда у кумуш-қизилранг тангачалари бор қора ипак кўйлагини кийиб, дарров шунда тўхталишга қарор қилди. Бел қисмида бурма қилинган кумушранг тўр унга жуда ёқиб кетганди. Либосларга тўр билан ишлов бериш шу пайтда энди урфга кираётганди. Эскиликка ёпишиб олган модапараст аёллар ҳали тан олмаган бу фасондан Эйлин ҳайратда эди. Кўйлакнинг шитирлашидан унинг бутун баданига титроқ кирди; у қаддини ростлаб, бошини орқага ташлади: кўйлак унга жуда ярашганди. Кетлин қизнинг буйруғи билан корсетни яна ҳам тортиб боғлагандан сўнг қиз шлейфни сал кўтариб, қўли устига ташлади ва яна ойнага қаради. Барибир нимадир етишмаётгандек эди. Албатта-да! Бўйнига бирор тақинчоқ тақиш керак. Қизил маржон шодасини тақсамикин? Бу ҳам тўғри келмайди. Эйлиннинг кумуш гардишли, майда тошлар терилган, онаси берган маржони ва онасига тегишли олмос шодаси бор бўлиб, бироқ на униси ва на буниси эгнидаги кўйлагига мос тушарди. Ниҳоят қизнинг ёдига ўзига сира ёқмайдиган қора каҳраболи маржони тушди – ҳозир у жуда тўғри келади! Бу фонда унинг ияги жуда нозик, текис ва оппоқ кўринади!
Қиз мамнун ҳолда бўйнини қўллари билан силаб қўйди ва қора тўрли мантильясини беришларини сўраб, астари қизил, қора ипакдан тикилган узун доломанини кийди. Пардоз тугаганди.
Қиз келишига бал ўтказиладиган зал тўлиб бўлганди. Эйлин у ерда учратган ёш йигит ва қизлар унга жуда қизиқарли бўлиб туюлди; уни шу заҳоти хушторлари ўраб олишди. Уларнинг ичида уддабуронроқ ва жасурроқлари бу қизда ички бир оташ яширинганини дарров ҳис қилишганди. Улар қизни асалга ёпишган оч пашшалардек ўраб олишди. Кавалерлар рўйхати тўлай деб қолганида, агар жаноб Каупервуд у билан рақс тушмоқчи бўлса, бирорта ҳам рақсга вақт қолмаётгани қизнинг ёдига тушди.
Охирги меҳмонларни кутиб олаётган Каупервуд жинсларнинг ўзаро муносабатлари қанчалик нозик ва ғаройиб нарса эканлиги ҳақида ўйлаётганди. Икки жинс! У бу муносабатларни қандайдир қонун бошқаришига ишончи комил эмас эди. Эйлин Батлер билан солиштирганда хотини рангсиз ва ёши ўтгандек кўринарди, унинг ўзи яна ўн ёшга улғайганида эса хотини бутунлай қариган бўлади.
– Ҳа, Элсуорт бу иккала уйни ажойиб қилиб қурди, у ҳатто кутганимиздан ҳам аъло чиқди!.. – деди Каупервуд ёш банкир Ҳенри Хэйл Сэндерсонга. – Тўғри, иккала уйни бирлаштириш унинг вазифасини енгиллаштирди, бироқ мени уйимда анча қийналди, ахир бунисининг ўлчами кичикроқ. Отамнинг уйи бундан кенгроқ. Ҳаммага Элсуорт мени қўшимча қурилган уйга жойлаштирди, деяпман!
Кекса Каупервуд меҳмонлардан яшириниш имкони борлигига хурсанд бўлиб, дўстлари билан ўз уйининг ошхонасига қараб кетди. Фрэнк унинг ўрнига туришига тўғри келди, буни ўзи ҳам хоҳлаётганди. Балки, энди Эйлин билан рақс тушиш имконияти бўлиб қолар. Хотини рақс тушишни жуда ҳам ёқтиравермайди, бироқ уни ҳам бир марта таклиф қилиш керак бўлади. Анави ерда Сенека Дэвис хоним унга қараб жилмайяпти – Эйлин ҳам. Жин урсин, у қанчалик чиройли-я! Қандай қиз-а!..
– Рақс тушишга энди жой ҳам қолмаган бўлса керак-а? Қани, бир кўрай-чи!..
Фрэнк қизнинг олдида тўхтаркан, қиз унга зарҳал монограммали кичкина дафтарчани узатди. Залда оркестр ўйнаётганди. Ҳозир рақс ҳам бошланади. Девор бўйлаб ва пальмалар ортига енгил зарҳал стуллар қўйиб чиқилганди. Фрэнк қизнинг кўзларига – ҳаяжонланиб турган, ҳаётга чанқоқ кўзларга тикилди.
– Жой қолмаган-ку! Қараб кўрай-чи… Тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи. Майли, етади. Кўп рақс туша олмасам ҳам керак. Бунчалик муваффақият қозониш ёқимлидир?!
– Учинчи рақсга унча ишонмаяпман, ниманидир чалкаштириб юбордим, шекилли. Агар истасангиз, сиз учун қолдираман.
Эйлин ёлғон гапираётган эди: у ҳеч нарсани чалкаштирмаганди.
– Сиз, афтидан, бу кавалерингизга унча қизиқмайсиз, шекилли, – деди Фрэнк ва сал қизаргандек бўлди.
– Йўқ, – Эйлиннинг ҳам юзи ловуллади.
– Жуда яхши! Рақсни эълон қилишганда сизни топиб оламан. Сиз – ажойибсиз. Бироқ сиздан қўрқаман…
Фрэнк қизга синовчан қараб қўйиб, нари кетди. Эйлиннинг кўкси бир кўтарилиб тушди. Бундай қизиб кетган ҳавода нафас олиш баъзан қийин бўлиб қолади!
Рақс тушар экан (Фрэнкнинг шериги аввал хотини, кейин Сенека Дэвис ва Уокер хонимлар бўлишди), йигит узоқдан Эйлинга қарашга муваффақ бўлар ва қизнинг ҳар сафар, айниқса, бугун ўзи қаршилик қила олмаётган кучи, гўзаллиги ва жўшқин кайфиятидан қалби қувончга тўларди. Бу қиз қанчалик ёш-а! Қанчалик мафтункор! Хотини бу қиз ҳақида қанчалик ёмон гаплар айтмасин, Фрэнк ўзининг дангал, жўшқин, шубҳасиз, табиатига бошқа ҳар қандай аёлдан кўра шу қиз кўпроқ тўғри келишини ҳис қилиб турарди. Бу қиз бироз соддароқ – буни Фрэнк очиқ-ойдин кўриб-билиб турибди, бироқ уни ҳамма нарсани тушунишга ўргатиш учун кўп куч кетмайди. Қиз унга қандайдир бир улуғ куч билан (жисмоний эмас, ҳиссий маънода) таъсир кўрсатаётганди. У бошдан-оёқ ҳаётга муҳаббат билан йўғрилганди. Рақс тушаркан, Эйлин унинг ёнидан кўзлари чарақлаб, оппоқ тишлари маржондек ярқираб ўтар ва Каупервуд ҳар сафар шу пайтгача ўзига нотаниш бўлган ўткир ҳайрат ҳиссини туярди: у тинмай қиз томон интилаётганди. Қизнинг бутун борлиғи, ҳар бир ҳаракати жозибага тўла эди.
– Хўш, Эйлин, кейинги рақсингиз бўшми? – учинчи тур бошланишидан олдин унинг олдига яқинлашиб сўради Фрэнк. Қиз ҳозиргина рақсни тугатиб, ўз кавалери билан мум суртилган паркети ойнадек ялтираётган катта меҳмонхонанинг олис бурчагида ўтирганди. Дид билан қўйилган пальмалар бу бурчакни яшил ғорга ўхшатиб турарди.
– Мени кечирасиз деб умид қиламан, – дея мулозамат қилди Фрэнк Эйлиннинг кавалерига қараб.
– Албатта, – жавоб қилди йигит ўрнидан тураётиб.
– Ҳа, бу рақс бўш, – жавоб берди Эйлин. – Келинг, шу ерда ўтириб турамиз; ҳозир бошланиб қолади. Сиз қарши эмасмисиз?.. – кўзни олгудек жилмайиш билан олдинги кавалерига юзланди қиз.
– Маъзур тутинг! Сиз билан вальс тушиб, жуда маза қилдим!
Шу гапдан сўнг йигит нари кетди. Каупервуд қизнинг ёнига ўтирди.
– Янглишмасам, бу ёш Ледокс, шекилли? Мен бирга рақс тушганингизни кўриб турдим. Назаримда, ўйнашни яхши кўрасиз, шекилли?
– Жуда яхши кўраман.
– Мен эса бу қизиқарли машғулот бўлса-да, ўзим ҳақимда бундай дея олмайман. Ҳаммаси ким билан рақс тушишга ҳам боғлиқ. Каупервуд хоним ҳам рақсни унча ёқтирмайди.
Лилиан ҳақидаги гап қизга ўзининг аёлнинг олдидаги устунлигини эсига солди.
– Менимча, жуда яхши рақс тушсангиз керак. Мен ҳам сизни кузатдим.
Эйлин бу гапни айтиб қўйиб, ичида ўзини койиди. Чунки гаплари бироз ғашга тегадигандек, деярли қўполдек чиққанди.
– Чинданми? Сиз ҳам мени кузатдингизми?
– Ҳа!
Фрэнк жуда ҳаяжонланиб кетган: Эйлин беихтиёр унинг ҳаётига кириб келганди – тўғрироғи, йигит йўл қўйса, кириб келган бўларди; шунинг учун унинг бу саволи жуда бўш чиққанди. У нимадир дейиш, ўзаро яқинлаштирадиган бирор гапни айтишга ҳаракат қилар, бироқ сўз топа олмаётганди. Ўзи эса жуда кўп нарсаларни айтгиси келаётганди.
– Жуда илтифотлисиз, – узоқ жим қолгандан сўнг деди йигит. – Бироқ мени кузатишга сизни нима ундади?
Фрэнк қизга кулимсираб қараб турарди. Яна мусиқа янгради. Рақс тушадиганлар ўринларидан тура бошлашди. Йигит ҳам турди. Йигит саволига жиддий тус бермоқчи эмасди, бироқ ҳозир, Эйлин жуда яқинида турар экан, у қизнинг юзига қаттиқ тикилди ва юмшоқ қатъият билан яна сўради:
– Хўш, бунга сизни нима ундади?
Улар пальмалар тагидан чиқиб келишди. Фрэнк чап қўли билан қизнинг белидан қучди. Ўнг қўлининг кафти билан эса узатилган қўл кафтидан ушлади. Эйлиннинг чап қўли йигитнинг елкасида бўлиб, ўзи йигитга жуда яқин ва унинг кўзларига тикиларди. Улар вальс оҳангига монанд чирпирак бўлиб айланишар экан, қиз нигоҳини четга олиб, унинг саволига жавоб бермади. Қизнинг ҳаракатлари худди капалакнинг парвозидек енгил эди. Фрэнкнинг ўзи ҳам қандайдир кутилмаган енгилликни ҳис қилаётганди. У қизнинг эпчиллиги билан баҳслашгиси келиб кетди. Қизнинг қўллари, қоматига ёпишиб турган қора кўйлагидаги ялтироқ юлдузчалар, унинг чиройли бўйни ва олтинранг сочлари йигитнинг эс-ҳушини олиб қўйганди. Қиздан соғломлик, ёшлик уфуриб турар ва йигитга ажойиб бўлиб туюлаётганди.
– Саволимга ҳали ҳам жавоб бермадингиз, – қизнинг ёдига солди Фрэнк. – Қандай гўзал мусиқа!
Йигит Эйлиннинг қўлини сиқди.
Эйлин ийманибгина унга қаради: қувноқ, дадил эканлигига қарамай, қиз Фрэнкдан қўрқарди. Йигит бу ердагиларнинг ҳаммасидан устунлиги аниқ эди. Ҳозир рақс тушаётиб, Фрэнк қизга жуда яқин турган пайтда кўзига жуда ўктам кўриниб кетди. Қизнинг асаби бунга дош бермай, орқасига қарамай қочиб кетгиси келди.
– Нима қиламиз, йўқ бўлса йўқ-да, – йигит бироз истеҳзо билан жилмайди. Фрэнк шундай оҳанг ва ўзининг яширин ҳисларига шама қилиб, унга интилаётганини билдириб, қитиғига тегиш унга ёқади деб ўйлаётганди. Бироқ ҳиссиётларини бу тарзда тушунтириш нимага олиб келади?
– Шунчаки рақсга қанчалик яхши тушишингизни кўрмоқчийдим, – бироз қуруқ оҳангда деди қиз. Ораларида бўлиб ўтган гапдан қўрқиб кетган қиз энди ҳиссиётларини сездирмасликка уринаётганди. Фрэнк ундаги бу ўзгаришни сезди ва жилмайиб қўйди. Бу қиз билан рақсга тушиш қандай ёқимли! Рақсдан шунчалик завқланиш мумкинлигини у олдин ҳеч қачон сезмаганди.
– Сизга ёқаманми? – оркестр тинганда кутилмаганда қиздан сўради у. Бу саволдан Эйлиннинг бутун баданига титроқ турди. У ёқасига тиқилган муз бўлагидан ҳам шунчалик титраб кетмаган бўларди. Савол, албатта, андишасизларча эди, бироқ унинг оҳанги ҳар қандай андишасизликни истисно қиларди. Эйлин кўзларини Каупервудга тикка қаратди, бироқ йигитнинг нигоҳига дош бера олмади.
– Ҳа, албатта, – овозидаги титроқни яширишга уриниб, жавоб берди қиз ва мусиқа тугаганидан ва йигитдан нари кетиш мумкинлигидан қувониб кетди.
– Менга шунчалик ёқасизки, шунинг учун сизга озгина бўлса ҳам ёқаманми ёки йўқми, буни билиш мен учун муҳим.
Йигитнинг овозида ҳам ёлвориш, мулойимлик ва ҳатто ғам бордек эди.
– Ҳа, албатта, – такрорлади қиз ўзига келишга ҳаракат қилиб, – ўзингиз ҳам буни биласиз.
– Менга худди сиздек мени ёқтирадиган одам керак, – ўша оҳангда гапида давом этди Фрэнк. – Ишониб очиқ гаплаша оладиган одам керак. Илгари бу ҳақда ўйламасдим, бироқ ҳозир бунга муҳтожман. Қандай ажойиб эканингизни ўзингиз ҳам билмайсиз!
– Керак эмас, – йигитнинг гапини бўлди Эйлин. – Мен, мен… Вой, худойим, нималар қиляпман ўзи?..
Қиз ўзига яқинлашиб келаётган йигитга кўзи тушиб, гапида давом этди:
– Ундан узр сўрашим керак. Бу рақсни унга ваъда қилгандим.
Каупервуд тушуниб, нари кетди. У қизиб кетган, асаблари таранг эди. У бевафолик қилганини, жуда бўлмаганда, хаёлан шуни ўйлаганини тушунарди. Умумахлоқ кодекси қоидаларига кўра, бундай қилишга унинг ҳаққи йўқ эди. Бу нарса унинг атрофидагилар: қизнинг отаси, масалан, ўзининг ота-онаси ёки атрофидагиларнинг истаган бирортаси тушунадиган меъёрларга қарама-қарши эди. Гарчи бу меъёрлар кўп ҳолларда махфий бузилиб турсада, доим кучида қолаверарди. Ҳали мактабда ўқиётган пайтида бир қизни жувонмарг қилган одам ҳақида гап кетганида, унинг синфдошларидан бири “Одам дегани бундай қилмайди!” деб бақирганди.
Нима бўлганда ҳам, бўлиб ўтган бу ҳодисалардан сўнг йигитнинг кўз олдидан Эйлиннинг қиёфаси кетмай қолди. Бу воқеа унинг жамиятдаги ва молия соҳасидаги ўрнини чалкаштириб юбориши мумкинлиги хаёлига келган бўлса-да, йигит ғалати қизиқиш билан атайлаб, ундан ҳам баттари ўзи ҳайрат билан кузата туриб, режали равишда юрагидаги эҳтирос оловини алангалатаётганини билиб турарди. Вақти келиб эҳтимол, ўзини ҳам ёндириб юбориши мумкин бўлган оловни алангалатиш ва буни яна атай ва берилиб амалга ошириш!..
Эйлин зериккандек елпиғичини ўйнатиб қора сочли, юз тузилиши нозик ёш талаба-юристнинг гапларига қулоқ тутиб ўтирарди. У узоқда Норани кўриб қолиб, йигитдан узр сўраб, синглисининг олдига қараб юрди.
– Вой, Эйлин!.. – хитоб қилди Нора. – Сени ҳамма ёқдан қидириб чиқдим. Қаерга йўқ бўлиб кетдинг?
– Рақс тушаётгандим, албатта. Сенингча, яна қаерда бўлишим мумкин? Мени залда кўрмадингми?
– Йўқ, кўрмадим, – гап қандайдир муҳим нарса ҳақида кетаётгандек, нохуш оҳангда деди Нора. – Сен ҳали бу ерда кўп қолмоқчимисан?
– Охиригача бўлса керак. Яна кўраман.
– Оуэн соат ўн иккида уйга кетишини айтганди.
– Нима бўпти! Мени бирортаси кузатиб қўяди. Сенга ёқяптими?
– Жуда ҳам. Вой, биласанми, нима? Охирги рақс давомида мен бир аёлнинг кўйлагини босиб олдим. Шунақа жаҳли чиқиб кетди! Менга шунақа ёмон қарадики!
– Қўрқма, азизам, у сени еб қўймайди. Ҳозир қаерга кетяпсан?
Эйлин синглисига доим бироз опаларча ғамхўрлик билан гапирарди.
– Кэлемни топмоқчиман. У мен билан кейинги турда рақс тушиши керак. У нима ўйлаётганини биламан: олдимдан суғрилиб чиқиб кетмоқчи, бироқ бунга йўл қўйиб бўпман!
Эйлин жилмайди. Нора ажойиб эди. Бунинг устига ақлли! У опасининг кўнглидан ўтаётган гапларни билса, нима деб ўйлаган бўларди! Эйлин орқасига ўгирилди – уни тўртинчи кавалер қидириб юрганди. Ўзини бепарво тутиши кераклиги ёдида турган қиз у билан қувноқ гаплаша кетди. Бироқ қулоқлари остида йигит кўндаланг қўйган савол – “Сизга ёқаманми?” ва ўзининг ишончсизлик билан, лекин чиндан айтган “Ҳа, албатта!” деган жавоби жаранглаб турарди.
19
Эҳтироснинг ривожланиб бориши – ўзига хос бир жараён. Ақлли ва нозик табиатли одамларда эҳтирос одатда улар ўз эътиборларини қаратган нарсанинг фазилатларидан ҳайратланишдан бошланади. Ақл-идрок билан яшайдиган эсли-ҳушли худбин одам эса, кўп нарсани талаб қилади. Шунга қарамай, ҳаётни севадиган одамга – хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл – худди шундай худбин табиатли одам билан ўзаро мос келиши келажакда кўп нарсаларни ваъда қилади.
Каупервуд табиатан туғма идрок билан иш кўрадиган худбин одам, бунга қайсидир даражада инсонларга нисбатан меҳрибонлик ва кўнгилчанлик муносабатлари ҳам аралашиб кетганди. Худбинлик ва ақлий қизиқишларнинг устун келиши, назаримизда, санъатнинг ҳар хил турларида фаолият олиб боришга яхши шароит яратиб беради. Молия соҳасидаги фаолият ҳам иқтидорли ва худбин одамлар фаолиятининг мураккаб мажмуидир. Каупервуд табиатан финансист эди. Табиат яратган нарсалар, уларнинг гўзаллиги ва мураккаблиги олдида ҳаётнинг моддий томонини буткул унутиб, маҳлиё бўлиб қолиш ўрнига у тез фикрлаши туфайли тинмайдиган молиявий ҳисоб-китобларига зарар етказмаган ҳолда борлиқнинг барча ҳузур-ҳаловатидан завқлана олиш қобилиятидек бахтга мушарраф бўлганди. Аёллар, ахлоқ-одоб, яъни гўзаллик, бахт, тўлақонли ҳаётга чанқоқлик билан чамбарчас боғлиқ нарсалар тўғрисида хаёл сура туриб, у мавжуд ижтимоий тузумни ҳозирги кўринишда сақлаб қолишга уринишдан бошқа асоси бўлмаган ягона севги, бир никоҳлилик ҳақидаги ғояга шубҳалана бошлади. Нега кўпчилик одамлар айнан фақат битта хотинга уйланиш ва ўлгунча ўшанга содиқ қолиш керак, деган фикрга келишган? Йигит бу саволга жавоб топа олмасди. Унинг ўша пайтдаёқ Европада кўп гапириладиган эволюция назариясининг нозик томонлари ҳақида бош қотириб ўтиришга хоҳиши йўқ эди. У жуда банд одам эди. Бундан ташқари, бу ғоянинг тўғри эмаслигини исботловчи ҳолатларни ҳам кўп кузатганди. Эр-хотинлар бир-бирларига ўла-ўлгунча вафодор бўлишмаган, минглаб шароитларда содиқ қолишган бўлса ҳам, буни ўз ихтиёрлари билан қилишмаган. Баъзи одамларга оиладаги ва жамият орасидаги омадсизликларини ювиб кетишда ўткир ақллари ёрдам берган; бошқалар эса ўзларининг калтафаҳмликлари, камбағалликлари ёки жозибалари бўлмагани сабаб бир умр завқ-шавқсиз ҳаёт кечиришга маҳкумдирлар. Бадбахтларча туғилиб қолиш, ўзларининг иродасизликлари ва топқир эмасликлари уларни бошқа шароитда ажойиб бўлиши мумкин бўлган азобли ҳаётдан ё тинмай азоб чекишга ёки бир парча арқон, ўқ ёхуд заҳар ёрдамида қутулишга ҳаракат қилишга мажбур қилган.
“Мен ҳам ўлишни афзал кўрган бўлардим”, деди хаёлан кичкинагина бошпанада ўзи ҳам касал бўлган хизматкор аёл қарамоғида, ўрнидан тура олмайдиган даражада оғриган камбағал бир одамнинг ўн икки йил ёлғизликда азоб чеккани ҳақида газетада ўқиб қолган Каупервуд. Юрагини тешиб ўтган игнагина бу одамнинг ердаги азобларига нуқта қўйганди. “Жин урсин бундай ҳаётни! Ўн икки йил! Нега у бу ишни касаллигининг иккинчи ёки учинчи йили қилмаган экан?” Яна аниқ кўриниб турибдики – бунинг исботи ҳар қадамда учраб турибди, бутун қийинчиликларни куч – ақлий ва жисмоний куч ҳал қилади. Ахир саноатдаги ва молиявий магнатлар шу ҳаётда нима хоҳлашса, шуни қила олишади – қилишяптику! Каупервуд бунга биринчи марта амин бўлмаётганди. Бунинг устига, бу ночор қонун ва ахлоқ посбонлари деб аталмиш матбуот, черков, полиция ва биринчи навбатда кўнгилли насиҳатгўйлар пастки қатламда ифлосликни кўрганда ғазабдан жазавага тушадиганлар, иш ҳукумат қўлида бўлган кучли одамларга тегишли бўлгудек бўлса, оғзини очишга ҳам қўрқиб, мабодо ўша одам тойиб кетгудек бўлса, улар энди ҳеч нарсадан қўрқмай ўшанга ташланишарди. Эҳ, бу ҳолда қандай шовқин солинади! Ҳамма ёққа жар солинарди! Қандай иккиюзламачилик! “Одамлар, бу ёққа, бу ёққа! Қаранглар, ҳатто жамиятнинг энг юқори поғонасидагиларни ҳам қандай жазо кутади!” Бу ҳақда ўйлаётиб, Каупервуд жилмайди. Қандай мунофиқлик! Қандай риёкорлик! Бироқ дунё шундай тузилган ва у буни тузата олмайди. Ҳамма нарса ўз навбати билан кетаверсин! Унинг вазифаси – ҳаётда ўз ўрнини топиш ва уни ушлаб қолиш, ўзи ҳақида “ҳамма синовларга бардош бера оладиган одамшаванда ва улуғвор”, деган номни яратишдир. Бунинг учун куч керак. Ва тезкор ақл. Унда эса униси ҳам, буниси ҳам бор. “Энг аввало ўз истакларим!” – бу Каупервуднинг шиори эди. Каупервуд бу шиорини омади юришганлар ўрни учун курашга олиб кетаётган қалқонига қўрқмай ёзиб қўйиши мумкин эди.
Бироқ айни пайтда у энди Эйлин билан қандай муносабатда бўлишни ҳам ҳал қилиб олиши керак; аслида кучли ва мақсади сари интиладиган одам бўлган Каупервуд бу масалада ҳам ўзини йўқотиб қўймаганди. Унинг учун бу ҳар куни дуч келадиган мураккаб молиявий муаммолардан кўп фарқ қилмайдиган масала бўлиб, жуда ҳал қилиб бўлмайдигандек туюлмаётганди. Нима қилиш керак? У хотинини ташлаб, Эйлин билан кета олмасди, бу тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Уларни ҳаддан ташқари кўп нарса боғлаб турарди. Нафақат одамлар нима деб ўйлашидан қўрқиш, балки ота-онасига ва болаларига бўлган меҳри ҳамда молиявий томондан мулоҳазалар ҳам уни маҳкам ушлаб турарди. Бундан ташқари, ўзи буни хоҳлайдими, бунга ҳам ишончи комил эмасди. У ўзининг кундан-кунга ўсиб бораётган иш борасидаги қизиқишларидан воз кечишни асло ўйламаётганди, бироқ Эйлиндан ҳам дарров воз кечиб қўя қолмоқчи эмасди. Қизда уйғонган ҳиссиётлар унга жуда кўп хурсандчиликлар ваъда қилаётганди: Каупервуд хоним энди уни на жисмонан, на маънан қониқтирар ва мана шу нарса унинг Эйлинга қизиқиб қолишига етарлича баҳона эди. Нимадан қўрқади? У бу шароитдан ўзига ҳеч қандай гард юқтирмай чиқиб кета олади. Бироқ баъзида унга бу шароитда ўзларини тутишнинг бехавотир йўлини топа олмайдигандек туюлар ва шу сабаб у кўпинча ўйчан бўлиб қоларди. Чунки у қизга бутун борлиғи билан интилаётганини ва ўзида ташқарига чиқишни талаб қилаётган кучли бир эҳтирос бош кўтараётганини сезиб турарди.
Каупервуд хотини ҳақида ўйлаганида, нафақат ахлоқ, балки моддият билан боғлиқ гумонларни ҳам ҝўнглидан ўтказди. Лилиан бева қолгач, йигитнинг жўшқин эҳтирослари олдида ўзини боса олмаган бўлса-да, кейинчалик йигит унинг оммавий қадриятларга амал қиладиган, оддий иккиюзламачи эканини тушуниб қолганди: у фақат одамлар кўзигагина ўзини совуққон тутарди, холос. Йигит яна хотинининг вақти-вақти билан пайдо бўладиган ва ўзини тута олмайдиган эҳтиросларидан уялишларини ҳам тушуниб қолган; бу эса кучли, ҳукмрон табиатли, доим мақсади томон олға ҳаракат қилувчи Каупервуднинг ғашига тегарди. Албатта, йигит тўғри келган одамга Лилианга бўлган ҳислари ҳакида гапириб бермоқчи эмасди, бироқ нега уларнинг бир-бирларининг кўзига қараб ўз муносабатлари ҳақида индамасликлари, жисмоний яқинликлари ҳақида гапирмасликлари керак? Нега бир нарса ҳақида ўйлаб, бошқа нарсани бажариш керак? Тўғри, Лилиан ўз ҳолича унга содиқ эди – сокин, ҳиссиз, фақат ақл билан иш кўради; ўтган кунларига назар ташлаб, Фрэнк баъзи бир онларни айтмаганда, уни бошқача ҳолда кўрганини эслай олмайди. Лилиан ўз ҳолича тушунадиган бурч ҳисси унинг эрига муносабатида алоҳида ўрин тутарди. Лилиан бурч масаласини ҳаммадан юқори қўярди. Ана ундан кейин эса одамларнинг фикри ва давр руҳи талаб қиладиган бошқа нарсалар турарди. Эйлин эса, аксинча, бурчни ҳис қиладиганлардан эмасди ва афтидан, жўшқин, эҳтиросли табиати уни одамлар орасидаги ҳамма қабул қилган шартларга амал қилмасликка мажбурларди. Албатта, ўзини қандай тутиш қоидалари бошқа қизлар каби унга ҳам ўргатилган, бироқ у бу қоидалар билан ҳисоблашишни истамасди.
Охирги уч ой ичида Фрэнк билан Эйлин янада яқинлашиб қолишди. Ота-онаси ва одамлар унинг қалбини тўлдирган ҳисларга қандай қарашини жуда яхши тушунсада, шунга қарамай, фақат битта нарса ҳақида ўйлар ва фақат шуни истарди. Эндиликда бу ўйларга чуқур киришиб, амалда бўлмаса-да, хаёлан чуқур муносабатга киришиб кетгач, Каупервуд унинг кўзига борган сари ҳар томондан яхши кўриниб кетаётганди. Каупервуднинг нафақат жисмоний фазилатлари (кучли эҳтирос бундай чекловларни билмайди), балки ички барқарорлиги ҳам худди ёруғлик парвонани ўзига тортгандек, қизни ўзига тортаётганди. Йигитнинг кўзларида ирода кучи билан яширинган бўлса-да, кучли ва ҳамма нарсага қодир эҳтирос олови ёниб турарди.
Хайрлашаётиб, Фрэнк унинг қўлидан ушлаганда, қизнинг баданида электр токи югураётгандек бўлар, хайрлашганларидан сўнг эса у йигитнинг кўзига қарашга қийналганларини эсларди. Вақти-вақти билан йигитнинг кўзларидан қандайдир ҳалокатли қувват таралаётганга ўхшарди. Кўплар, айниқса эркаклар, йигитнинг кўзларидаги совуқ шуълага дош бера олишмасди. Уларнинг наздида бу нигоҳлар ортида ҳамма нарсани кўриб турган яна бир жуфт кўз яширингандек туюларди. Ҳеч ким Каупервуд нима ҳақда ўйлаётганини билишга қодир эмасди.
Кейинги ойларда Эйлин йигитга яна ҳам боғланиб қолди. Бир куни кечқурун қиз Каупервудларникида рояль олдида ўтирганида – хонада бошқа ҳеч ким йўқ эди – йигит унинг олдига келиб энгашди-да, қизнинг лабларидан ўпди. Дераза пардалари ортидан совуқ, қор ёққан кўча ва милтиллаётган газ фонарлари кўриниб турарди. Каупервуд уйга вақтли келган ва Эйлиннинг рояль чалаётганини эшитиб, шу хонага кирганди.
Эйлиннинг эгнида шарқона усулда оловранг ва кўк кашта тикилган ажойиб кулранг жун кўйлак бор эди. Кўйлагининг рангига мос оловранг ва кўк патлар билан безатилган кулранг шляпаси қизнинг гўзаллигини янада бўрттириб кўрсатарди. Опал, зумрад, ёқут ва олмос тошлар билан безатилган тўрт ёки бешта узук – ҳар ҳолда улар жуда кўп эди, қизнинг клавишлар устида югураётган бармоқларида ялтираб кўринарди.
Йигит хонага кириб келаркан, қиз ўгирилмасдан турибоқ ким келганини сезди. Каупервуд унинг ёнига яқинлашди ва Эйлиннинг Шуберт пайдо қилган орзуга тўла кўзларидаги ифода бутунлай бошқа бир ифодага алмашиб, жилмайиб унга қаради. Каупервуд кутилмаганда энгашиб, қизнинг лабларига ёпишди. Йигитнинг ипакдек мўйлови юзига тегишидан қизнинг бутун танасида титроқ турди. У роялни чалишдан тўхтади, кўкраги бир кўтарилиб тушди; қанчалик кучли бўлмасин, нафаси ичига тушиб кетганди. Юраги дукурлаб уриб кетди. У “Оҳ!” ёки “Керак эмас!” деб хитоб қилмади, балки ўрнидан туриб, дераза олдига борди ва пардани кўтариб, ўзини кўчани томоша қилаётганга солди. Назарида ҳозир бахтдан ҳушидан кетиб қолаётгандек туюларди. Каупервуд унинг орқасидан келди. У Эйлиннинг белидан қучиб, қизнинг қизариб кетган юзига, жилваланиб турган кўзлари ва қирмизи лабларига қаради.
– Мени севасанми? – шивирлади у; уни қуршаб турган кучли эҳтирос натижасида саволи қатъий ва ҳукмронларча янгради.
– Ҳа! Ҳа! Ўзинг биласан-ку!
Йигит юзини қизнинг юзига босди, қиз эса қўлларини кўтариб унинг сочларини силай бошлади. Кучли бахт ҳисси, бу қизга, унинг танасига эга бўлиш ва севиш ҳисси Фрэнкнинг борлиғини чулғаб олганди.
– Сени севаман!.. – у бу сўзларни шундай айтдики, овозидан ўзи ҳам ҳайрон қолди. – Буни тушунмаётгандим, ҳозир англадим. Сен қанчалар чиройлисан! Мен ақлдан озай деяпман.
– Мен ҳам сени севаман, – жавоб берди қиз. – Ўзимни бошқаролмаяпман. Бундай қилишим керак эмаслигини биламан, бироқ… Оҳ!.. – Эйлин қўллари билан йигитнинг бошларидан ушлаб қоронғилашиб кетган кўзларини унинг кўзларидан узмай, лабларини йигитнинг лабларига босди. Сўнгра тезда ундан четлашиб, яна кўчага қарай бошлади, Каупервуд эса хонанинг нариги томонига ўтди. Улар бутунлай ёлғиз эдилар. Йигит қизни яна бир марта ўпса бўлармикин деб ўйлаб турганда эшикда Нора – у Аннанинг хонасида эди, кўринди, қизнинг кетидан эса Каупервуд хоним ҳам кириб келди. Бир неча дақиқадан кейин Эйлин ва Нора уйларига кетишди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.