Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

7

Қанчалик беандишалик бўлмасин, Фрэнкнинг жаноб Сэмплнинг хотинига телбаларча қизиқиши кун сайин ортиб борарди. Бир куни улар Фрэнкни меҳмонга таклиф қилди, йигитча бажонидил рози бўлди. Сэмплларнинг уйи Каупервудларга яқин жойда, Фронт стритда, ҳозирги 956-кўчада жойлашганди. Ёз фаслида ҳовли яшил рангга бурканарди. Жануб томондаги кичкина айвончадан дарё томонда ажойиб манзара намоён бўларди; ҳамма эшик ва деразаларнинг юқори қисми ярим доира шаклида ишланган, майда шишалардан безак берилганди. Бироқ уйнинг ички жиҳози Фрэнк кўришни хоҳлаган даражада эмас, мебеллар янги ва қимматбаҳо бўлса-да, нафислик йўқ эди. Девордаги расмлар ҳам оддий, кўпники қатори. Китоблар тўғрисида-ку, гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ – Инжил, бир-иккита урф бўлган роман, бир нечта нуфузли бадиий тўпламлар ва Сэмплларга мерос бўлиб қолган эски китоблар уюми. Бироқ чиннилар ажойиб: қимматбаҳо, нафис суратлар билан безатилган. Хоналардаги гилам ва гулқоғозлар жуда ёрқин рангда эди. Бироқ уй бекаси Лилианнинг ўзи ажойиб аёл: у қандай ҳолатда бўлмасин, сирли яратиқлигича қолаверарди.

Эр-хотин бефарзанд бўлиб, бунда миссис Сэмплнинг айби йўқ эди – у болали бўлишни жуда ҳам хоҳларди. Болалигида уйларига кириб турадиган қўни-қўшниларни ҳисобга олмаганда, одамлар билан кам мулоқот қилганди. Лилианнинг икки акаси ва битта опаси бўлиб, улар Филадельфияда яшар, ҳаммаси оилали эдилар.

Синглисидан уларнинг кўнгли тўқ, Лилианни жуда яхши одамга турмушга чиққан деб ҳисоблашарди.

Аёл жаноб Сэмплни бир пайтлар телбаларча севган деб бўлмайди. У ўз хоҳиши билан турмушга чиққан бўлсада, эри жаноб Сэмпл ҳар қандай аёлни ўзига жалб қила оладиган эркаклар тоифасига кирмасди. У тажрибали, ўз услубига эга ва ўта батартиб одам эди. У эгалик қиладиган пойабзал магазини ёруғ ва жуда тоза бўлиб, урф бўлган молларнинг катта ассортименти мавжудлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Жаноб Сэмпл гапиришни яхши кўрар, фақат пойабзал ишлаб чиқариш, янги пошналар ва бичимлар ҳақида узоқ гапириши мумкин эди. Ўша пайтларда тайёр, қисман машинада тикилган оёқ кийимлари аста-секин бозорга кириб келаётганди. Жаноб Сэмплда доим бундай оёқ кийимларнинг захираси сақланар, бироқ у ўлчам бўйича буюртмага маҳсулот тикадиган косибларнинг ишларидан ҳам воз кечмаганди.

Миссис Сэмпл баъзида бироз ўқишни ёқтирар, кўп вақтини хаёл суриб ўтириш билан ўтказса-да, бироқ бу унинг чуқур мулоҳазали эканидан дарак бермасди. Шунга қарамай, у ажойиб, ўзига хос тарзда гўзал бўлиб, шу туришида антиқа ҳайкал ёки юнон хорининг иштирокчисига ўхшаб кетарди. Шубҳасизки, у ёш Каупервудга худди шундай кўринарди, чунки йигит бошиданоқ ундан кўзини узолмай қолганди. Миссис Сэмпл унинг ҳайратли назарини ҳис қилиб турар, бироқ бунга жуда ҳам эътибор бермаётганди. Урф-одатларни ҳурмат қилишга ўрганган ва тақдири бир умрга эри билан боғланганига амин бўлган аёл тинчгина, ташвишсиз ҳаётдан завқ олиб яшарди. Фрэнк уларникига кела бошлаганида у аввалига йигит билан нима ҳақида гаплашишни ҳам билмасди. Меҳмонни хушмуомалалик билан кутиб олар, бироқ суҳбатлашиш вазифаси эрининг гарданида эди. Каупервуд миссис Сэмплнинг юз ифодасини кузатиб, дам ўтмай унга қарар, аёл сал зийракроқ бўлганида, бу қарашнинг маъноси нималигини дарров тушунган бўларди. Бахтига, у зийрак эмасди. Жаноб Сэмпл меҳмон билан хушмуомала оҳангда гаплашар, чунки биринчидан, ёш Каупервуд молиявий томондан аҳамиятли шахс бўлиб, мулойим ва илтифотли эди, иккинчидан, жаноб Сэмпл бойлигини кўпайтиришни хоҳлар ва Фрэнк эса бу соҳадаги муваффақият тимсоли эди.

Куз кунларидан бирида кечқурун улар учовлари айвончада ўтириб, ҳар хил майда-чуйдалар – қора танлилар масаласи, кўнка ҳақида, яқиндагина тарқалган молиявий ваҳима (бу 1857 йилда бўлган эди) ва Ғарбнинг тезлик билан ривожланиши ҳақида суҳбатлашиб ўтирарди. Жаноб Сэмпл фонд биржаси ҳақида аниқроқ билгиси келаётган, Фрэнк эса, аслида бу уни умуман қизиқтирмаса-да, ундан пойабзалчилик ишлари ҳақида сўрарди. Бутун шу вақт давомида йигит миссис Сэмплни зимдан кузатиб ўтирди. Унинг ўзини тутиши қандай майин, қандай назокатли деб ўйларди йигит. Аёл дастурхонга печенье ва чой келтирди. Бироз вақт ўтиб эса ҳаммалари чивиндан қочиб, ичкарига киришди. Сэмпл хоним секин бориб рояль олдига ўтирди. Соат ўнда эса Фрэнк улар билан хайрлашди.

Шу воқеадан сўнг ёш Каупервуд ярим, бир йилгача ўзига янги оёқ кийимни жаноб Сэмплдан сотиб олиб юрди, баъзида эса шунчаки бир-икки оғиз гаплашиш учун унинг Честнат стритдаги магазинига борарди. Жаноб Сэмпл бир куни ундан Бешинчи ва Олтинчи кўчалардаги шаҳардан рухсат олган – биржада катта шов-шув кўтарган воқеа – кўнка линиясининг акцияларини сотиб олса, қандай бўлишини сўради. Каупервуд унга барча хулосасини айтиб берди. Бу иш, албатта, фойда келтиради. Унинг ўзи беш доллардан юзта акция сотиб олди ва шунинг учун жаноб Сэмплга ҳам шуни маслаҳат берди. Аслида Фрэнк учун бу одамнинг аҳамияти йўқ эди, бироқ жуда кам кўраётган бўлса-да, у ҳали ҳам миссис Сэмплни ёқтирарди.

Тахминан бир йилдан сўнг жаноб Сэмпл тўсатдан вафот этиб қолди. Бу бошқа ҳодисалар орасида арзимаган, бевақт, тасодифий ўлим, бироқ яқинлар учун ғамгин воқеа, катта йўқотиш эди. Кеч кузда у арзимаган нарса – оёғидан зах ўтиб ёки пальтосиз совуқ ҳавога чиқиб кетганида урадиган совуқдан шамоллаб қолди. Шунга қарамай, миссис Сэмплнинг гапига қулоқ ҳам солмай, дўконига борган. Вазмин одам бўлишига қарамай, у ўз ҳолича ўжар ҳам эди, ишини жон-дилидан яхши кўрарди. У ўзини яқин келажакда эллик минг доллари бор одамдек тасаввур қилаётган эди. Ва кутилмаганда шамоллаш ўпкасига ўтиб кетиб, тўққиз кун ётди ва пневмониядан вафот этди. Унинг пойабзал дўконини бир неча кунга ёпиб қўйишди, уйи таъзия изҳор қилгани келганлар ва черков хизмати ходимлари билан тўлди. Сўнгра эр-хотин Сэмпллар мурид бўлган Кэллоухилл черковида дуо ўқилиб, марҳумни кўмиб келишди.

Миссис Сэмпл эрининг ўлимига аччиқ-аччиқ кўзёш тўкди. Яқингинадан кўргани – ўлим уни даҳшатга солганди, у анча вақтгача ўзига кела олмай юрди. Унинг катта акаси Дэвид Уиггин вақтинча синглисининг ишларини ўз қўлига олди. Марҳум ҳеч қандай васиятнома қолдирмаганди. Бироқ мерос тўғрисидаги масала ҳал бўлгач, миссис Сэмпл ўн саккиз минг доллардан кўпроқ пул олди, чунки унинг бор мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига ҳеч ким қарши чиқмади. Миссис Сэмпл ўша Фронт стритдаги уйида яшашда давом этиб, гўзал бева деган ном олди.

Эндигина йигирма ёшга тўлган ёш Каупервуд бу воқеалар давомида ўзини жуда ишчан тутиб юрди. У жаноб Сэмпл касал пайтида бир неча марта кўргани келди. Дафн маросимларида ҳам қатнашди, миссис Сэмплнинг акасига марҳумнинг фаолиятини тугатиш ишларида ёрдам берди. Мотам маросимларидан сўнг у икки марта бева аёлнинг ҳолидан хабар олди ва кейин анча пайтгача кўринмай кетди.

Беш ойлардан сўнг у яна пайдо бўлди ва шундан сўнг ҳар ҳафта, ўн кунда Лилианни кўргани келишга одатланди. Яна таъкидлаш жоиз, у Лилиан Сэмплдан нима топган, айтиш қийин эди. Балки, аёлнинг чиройли, оппоқ юзи уни мафтун қилгандир, балки, аёлнинг бепарволиги унинг мағрурона нафсониятига теккандир. Бу аёлга шунчалар кучли ва эҳтиросли истаги сабабини унинг ўзи ҳам тушунтириб бера олмасди. У Лилиан ҳақида тинчгина ўйлай олмас, бироқ у ҳақда деярли гапирмасди ҳам.

Яқинлари йигит беваникига бориб туришини билишар, бироқ улар бу пайтга келиб Фрэнкнинг ақлий салоҳиятини ҳурмат қилишга ўрганганди. Фрэнк мулойим, ҳаётни севар, сергап бўлмаган даражада қувноқ ва бунинг устига сўзсиз юқорига қараб кетаётган келажак эди. Унинг пул топа бошлаганини ҳамма биларди. У ҳафтасига эллик доллар маош олар ва тез орада бу миқдор ортишини кутиш учун ҳамма асоси бор эди. Бир неча йил бурун у Филадельфиянинг ғарбий қисмида сотиб олиб қўйгани – ер участкасининг нархи ҳам кўтарилганди. Унинг кўнка линиясига тиккан пули ҳам янги пайдо бўлган компанияларнинг эллик, юз ва бир юз эллик акциялик пакетларини сотиб олгани туфайли кўпайганди; қийин пайтлар бўлганига қарамай, бу қоғозлар аста-секин, бироқ ишонч билан ўса бошлаган ва аввалига беш доллар бўлган бўлса, энди ўн, ўн беш ва йигирма бешга баҳоланар, вақти келиб эса паритетгача66
  Турли мамлакатлар пул бирликлари қийматининг олтинга тенг ўзаро нисбати. – Тарж. изоҳи.


[Закрыть]
етиб бориши кутиларди.

Молиявий доираларда Фрэнкни яхши кўришар, келажак унга ёрқин бўёқларда кўринарди. Йигит яхшилаб ўйлаб кўриб, профессионал биржа ўйинчиси бўлмасликка қарор қилди. У энди ўзининг кузатишлари бўйича фойдали ҳисобланган ва маблағ бўлса, ҳеч қандай таваккалчилик элементлари йўқ бўлган ҳисоб-вексель иши билан шуғулланиш ҳақида ўйлаётганди.

Ўзининг иши ва отасининг таниш-билишлари орқасидан Фрэнк кўплаб тижоратчилар, банк ходимлари ва улгуржи савдогарлар билан учрашарди. Бу одамлар ўз ишларини, жуда бўлмаганда, уларнинг бир қисмини унга бажонидил топширишларини Фрэнк яхши биларди. “Дрексель энд Компани” ва “Кларк энд Компани” конторасида унга жуда ҳурмат билан қарашар, банк ишининг пири бўлган Жей Кук эса унинг қадрдон дўсти эди.

Бу орада Фрэнк ҳали ҳам миссис Лилианникига боришда давом этар ва қанча кўп боргани сари аёл унга кўпроқ ёқиб бораётганди. Уларнинг суҳбати жуда қизиқ ва маъноли кечади, деб бўлмасди, бироқ Фрэнк ўзи истаган пайтда ёқимли ва қизиқарли инсон қиёфасига кира оларди. У Лилианга шундай ақлли маслаҳатлар берардики, ҳатто унинг қариндошлари ҳам йигитнинг гапларига қулоқ солишарди. Бора-бора у Лилианга ёқа бошлади; эътиборли, оғир-босиқ йигит аёлга тушунарсиз бўлган бирор масалани ҳозиржавоблик билан тушунтириб берарди. Аёл ишларини Фрэнк худди ўзиники каби эътибор билан кузатиб бораётгани ва унинг бойлигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётганини кўриб турарди.

– Фрэнк, қанчалик меҳрибонсиз-а, – бир куни деди у йигитга. – Сиздан чексиз миннатдорман. Тўғриси, сизсиз нима қилган бўлардим, билмадим… – аёл ўзига ёш боладек қараб турган йигитнинг ўктам юзига тикилди.

– Қўйсангиз-чи, бу айтишгаям арзимайди… Мен учун бу иш жуда ёқимли! Агар сизга фойдам тегмаса, жуда хафа бўлган бўлардим.

Бу гапларни айтаркан, йигитнинг кўзлари чақнамади, бироқ қандайдир майин нур сочди. Сэмпл хоним ундаги илиқликни қалбан ҳис этди: суянадиган шундай одаминг бўлгани қандай яхши!

– Нима бўлганда ҳам, сиздан чин дилдан миннатдорман. Менга жуда меҳрибонсиз. Якшанба куними ёки бошқа бирор истаган кунингизми, яна келинг. Мен уйда бўламан.

Айни Фрэнк Сэмпл хонимникига тез-тез қатнаб турган ана шу вақтда Кубадаги Сенека тоғаси йигитчага ўн беш минг доллар мерос қолдириб вафот этди. Шуни қўшганда энди Фрэнкнинг ихтиёрида йигирма беш минг доллар бўлиб, бу пулларни нима қилишни у аниқ биларди. Жаноб Сэмплнинг вафотидан сўнг молия оламида юзага келган ваҳима Фрэнкка маклерлик қанчалар ишониб бўлмайдиган иш эканини кўрсатганди. Саноат дунёсида бутунлай тушкунлик бошланганди. Нақд пул жуда камайиб кетган, ҳатто бутунлай йўқолди, деса ҳам бўларди. Қимирлаб қолган савдо-сотиқ ва мамлакатдаги умумий пул шароитидан қўрқиб кетган бойликлар ўзларининг махфий жойлари – банкалар, ертўлалар, пайпоқлар ичига ва тортмаларга кириб кетганди. Мамлакат жарликка қулаётганди. Келажак жуда мавҳум – Жануб билан уруш ёки унинг қолдирилиши аниқ эмасди. Бутун миллатни асабий безовталик эгаллаб олганди. Одамлар нима қилиб бўлса ҳам нақд пул топиш учун бор қимматбаҳо буюмларини бозорга чиқаришганди.

Жаноб Тай ҳам ўзининг учта хизматчисини ишдан бўшатиб юборди. У мумкин бўлган ҳамма нарсада тежашга ҳаракат қилаётган бўлиб, қимматбаҳо қоғозларга тиккан капиталини қутқариб қолиш учун шахсий маблағларини барини муомалага чиқарганди. У уйи, ер участкалари – бир сўз билан айтганда, бор нарсасининг ҳаммасини гаровга қўйди. Ёш Каупервуд бир неча марта унинг номидан вакил бўлиб, қанча миқдорда иложи бўлса, шунча нақд пул олиш учун ҳар хил банкларга акция пакетларини олиб борди.

– Фрэнк, билиб келинг-чи, отангизнинг банки менга ўн беш минг ссуда бериб турмасмикан, – бир куни йигитга деди у “Филадельфия ва Уилмингтон” акцияларининг қалин пачкасини кўрсатиб. Отаси бир пайтлар бу акцияларни ишончли дегани Фрэнкнинг ёдида эди.

– Умуман олганда, булар жуда яхши қоғозлар, – акцияларни кўриб, иккиланиброқ деди катта Каупервуд. – Тўғрироғи, бошқа пайт бўлганда, улар жуда зўр ҳисобланарди. Бироқ ҳозир нақд пул масаласи жуда муаммо. Ўзимизнинг мажбуриятларимизни ҳам жуда қийинчилик билан узяпмиз. Бироқ мен жаноб Кугель билан гаплашиб кўраман (Кугель банк бошқарувининг раиси эди).

Раис билан суҳбат узоқ давом этди, натижа интиқ кутилди. Ниҳоят, катта Каупервуд қайтиб келиб, Фрэнкка бу операцияни бажариш қийин бўлиши мумкинлигини айтди. Саккиз фоиз – шу пайтда қабул қилинган чегирма – пулга талаб катталигини ҳисобга олганда, жуда ноқулай шароит. Жаноб Кугель рози бўлганда ҳам, фақат ўн фоиз ҳисобидан онколь ссудага рози бўлади. Фрэнк бу хабарни эшитиб, жиғибийрони чиққанча бошлиғининг олдига қайтиб келиб, бўлган гапларни айтиб берди.

– Жин урсин, айтинг-чи, наҳотки бутун шаҳарда бошқа пул бўлмаса? Шунча фоиз! Ахир бу талон-торожлик-ку! Мен чидай олмайман! Хўп, майли. Бу акцияларни яна олиб бориб, менга пул келтиринг. Бироқ бу ярамайди, ҳеч ҳам ярамайди!

Фрэнк яна банкка қараб жўнади.

– Жаноб Тай ўн фоизга рози, – хотиржам овозда деди у. Тайга зудликда фойдаланиш ҳуқуқи билан ўн беш минг долларга кредит очилди ва у шу заҳотиёқ бутун суммани бошқа бир “тешикни” ёпиш учун Жирард Миллий банкига ўтказди. Ишлар шундай давом этди.

Мана шу кунлар давомида ёш Каупервуд мамлакатдаги мураккаб молиявий аҳволни қизиқиб кузатишда давом этди. Қулдорлик муаммоси, Жанубий штатларнинг ажралиб чиқиши, мамлакат умумий аҳволининг яхшиланиши ёки ёмонлашуви уни фақат ўзигагина тегишли томондан келиб чиққан ҳолда қизиқтирарди. У ҳақиқий финансист бўлишга интилаётганди, бироқ биржа ишининг саҳна ортидаги яширин томонлари билан танишаркан, айни пайтда ўзининг биржачи бўлиш орзусига шубҳаланиб қолганди. Бу ваҳима остида яратилган биржа ўйини жуда катта таваккал эди. Кўплаб маклерлар касодга учради. Улар жаноб Тайнинг олдига бостириб кириб, ундан ўзларининг у ёки бу аризаларини йўқ қилиб юборишни сўраганини Фрэнк кўп кўрганди. Уларнинг айтишича, ҳатто уйларида ҳам ўзларини бехавотир сезмайдилар. Уларга бутунлай ҳалок бўлиш хавф соляпти, уларнинг хотинлари ва болаларини кўчага чиқариб ташлашади…

Бу ваҳима Фрэнкка у чиндан ҳам нима билан шуғулланишни хоҳлаётганини тушуниб олишига ёрдам берди. Ҳатто жаноб Тай ўзига кичик компаньон бўлишни таклиф қилганида ҳам, уни йўлдан ура олмади.

– Ишингизни ажойиб, деб ҳисоблайман, бироқ мен шахсий ҳисоб-вексель идорамни очмоқчиман. Бу биржа ўйинларига ишонмайман. Бутун дунёдаги биржалардан кўра, майли, кичкина бўлса ҳам, ўз ишим бўлишини афзал кўраман.

– Бироқ сиз ҳали жуда ёшсиз, Фрэнк, – эътироз билдирди жаноб Тай. – Мустақил фаолият юритиш учун ҳали олдингизда жуда кўп вақтингиз бор.

Хуллас, суҳбат якунида у жаноб Тай ва Райверс билан дўстона хайрлашди.

– Эҳ, жуда ақлли йигит-да! – афсус билан бош чайқади Тай.

– У айтганини бажармай қўймайди!.. – Тайнинг гапини тасдиқлади Райверс. – Умримда бу қадар қобилиятли йигитни учратмаганман.

8

Ўша дамларда Каупервуд гўё еттинчи оламда учиб юрарди. У севиб қолган, энди ўз ишини бошлаши учун пули ҳам бор эди. Тинмай нархи ошиб бораётган кўнка темир йўл акциялари учун у курс нархидан етмиш фоизини олиши мумкин бўларди. Керак бўлиб қолган тақдирда, ўзининг ер участкаларини гаровга қўйиш орқали ҳам анча-мунча пул топиши мумкин эди. Унинг Жирард банки билан алоқаси яхши – банк директори жаноб Дэвис уни яхши кўрар ва Фрэнк вақти келса, бу банк унга кредит ҳам беришига ишончи комил эди. Энди фақат капиталини шундай жойлаштириши керакки, у тинмай зарар кўрмаган ҳолда ўсиб борсин. Фрэнкнинг фикрича, борган сари тармоқланиб кетаётган кўнка линияси яхши фойда бериши кутилаётганди.

Бу пайтга келиб Фрэнк от ва энг яхши арава сотиб олди – бу унга беш юз долларга тушганди, сўнг Сэмпл хонимни бирга айланиб келишга таклиф қилди. Аёл аввалига таклифни рад этди, бироқ кейин рози бўлди. Фрэнк Сэмпл хонимга ўзининг муваффақиятлари, режалари, қўлига осмондан тушгандек келган ўн беш минг доллар ва ниҳоят, ҳисоб-вексель иши билан шуғулланмоқчи экани ҳақида гапириб берди. Сэмпл хоним йигитнинг отасини келажакда Учинчи миллий банкнинг вицедиректори лавозими кутаётганини яхши тушунар, бунинг устига, Каупервуднинг оила аъзолари унга ёқарди. У Фрэнкнинг ўзига нисбатан муносабати оддий дўстлик эмаслигини энди тушуна бошлаганди. Бу ўспирин балоғат ёшидаги эркак эди ва аёл ҳам унга қалбан интилишни ҳис этаётганди. Бироқ бу хонимнинг ўзига жуда кулгили туюларди. У йигитдан катта, бева, бунинг устига ҳозир ёлғиз, тинчгина яшарди. Бироқ йигитни ҳеч қандай сабаб тўхтата олмаслигини сўзларидан кўра кўзлари кўпроқ айтиб турарди.

Каупервуд ўзини алдамаётган ва бу аёлга муносабатини идеаллаштирмаётган ҳам эди. Гўзал Лилиан уни ҳам жисман, ҳам руҳан ўзига тортарди – у бошқа нарсани тушунишни истамасди. Бирорта аёл шу пайтгача уни ўзига бу қадар боғлаб қўя олмаганди. Бироқ энди бошқа аёллар уни қизиқтира олмаслиги ёки қизиқиши мумкин эмаслиги айни пайтда унинг хаёлига келмас, оила муқаддаслиги ҳақидаги гаплар унинг учун худди деворга гапирилгандек аҳамиятсиз эди. У Сэмпл хонимнинг пулига кўз тикмаётганди, бироқ унинг пули борлигини билгани сабаб бу маблағни аёл учун фойда келтирадиган айланмага қўя олишига ишончи комил эди. У аёлга етишиш истагида яшар, ҳатто келажакда пайдо бўладиган болаларини ҳам тасаввур қилиб кўрарди. У аёлни севишга мажбурлай оладими, олдинги ҳаётини хотирасидан буткул ўчириб ташлай оладими – жуда ҳам билгиси келарди. Ғаройиб ҳиссиёт! Ҳатто айтиш мумкинки, ғалати бузуқлик!

Барча қўрқув ва шубҳаларига қарамай, Лилиан Сэмпл Фрэнкнинг ўзига нисбатан ғамхўрликларини қабул қилаётган ва ўзи ҳам сезмаган ҳолда йигитга боғланиб бораётганди. Бир куни уйқуга ётишдан олдин у пардоз столи олдига келиб, кўзгуда диққат билан юзини, яланғоч елкаси ва қўлларини кўздан кечирди. Қанчалар чиройли! Узун ва ноодатий бўялган сочларини томоша қиларкан, аёлни тушуниб бўлмайдиган ҳаяжон босди. У ёш Каупервуд ҳақида ўйлади, бироқ шу заҳоти кўз олдида марҳум жаноб Сэмплнинг қиёфаси пайдо бўлди ва аёл дарҳол бу нарса қандай гап-сўзга сабаб бўлиши мумкинлигини кўз олдига келтириб, уятдан қизариб кетди.

– Мени кўришга бу қадар тез-тез келишингиз сабаби нимада? – эртаси куни Фрэнк келганида йигитчадан сўради аёл.

– Ўзингиз билмайсизми? – маъноли кўз қараши билан жавоб қилди йигит.

– Йўқ!

– Чиндан ҳам билмайсизми?

– Нима десам экан… Жаноб Сэмпл ва унинг хотини сифатида мени ҳам ҳурмат қилганингизни яхши биламан. Бироқ жаноб Сэмпл энди йўқ.

– Бироқ сиз борсиз, – жавоб берди йигит.

– Мен?

– Ҳа, сиз менга ёқасиз. Сиз билан бўлиш менга ёқади. Ўзингиз ҳам шуни ҳис этмаяпсизми?

–Тўғриси, бу ҳақда ҳеч ўйламаганман. Сиз мендан анча ёшсиз. Ахир орамизда беш ёш фарқ бор!

–Ёшимизда фарқ бор, бироқ бунинг аҳамияти йўқ. Бошқа нарсаларда мен сиздан ўн беш ёш каттаман. Ҳаётни сиздан кўра яхшироқ биламан. Ахир ўзингиз ҳам бунга шубҳа қилмайсиз, – деди Фрэнк майин, аммо ишонтирадиган оҳангда.

– Ҳа, тўғри. Бироқ мен ҳам сиз билмайдиган кўп нарсаларни биламан, – жилмайди аёл ажойиб оппоқ тишларини кўрсатиб.

Қоронғи тушиб қолган бўлиб, улар айвончада ўтиришарди. Пастда дарё тинчгина оқарди.

– Бўлиши мумкин, – деди Фрэнк, – чунки сиз аёл кишисиз. Эркак киши ҳеч қачон аёлнинг нуқтаи назарини аниқ англаб ололмайди. Аммо мен ҳаётнинг амалий томони ҳақида гапиряпман – шу маънода сиздан каттаман.

– Нима бўпти?

– Ҳеч нарса. Нега сизникига келишимни сўрадингиз, мен айтдим. Қисман айта олдим , албатта.

Фрэнк жим бўлиб қолди ва дарёга тикилиб тураверди. Сэмпл хоним йигитга қаради. Унинг чиройли гавдаси аста-секин кенгайиб, деярли батамом улғайганди. Каттакатта кўзлари эса юзига болаларча ифода бериб турарди. Бу кўзларнинг туб-тубида нима яширинганини аёл тасаввур ҳам қила олмасди. Унинг ёноқлари қизил, қўллари катта эмас, бироқ пайдор ва кучли эди. Аёлнинг нозик гавдаси ҳатто узоқдан туриб ҳам ундан ёғилаётган кучни ҳис этиб турарди.

– Менимча, энди бу ерга кўп келмаслигингиз керак. Одамлар нотўғри ўйлашлари мумкин, – деди аёл, улар эндигина танишган пайтларидаги сингари кибор хонимлардек сўзлашга ҳаракат қилиб.

– Одамлар? – такрорлади Фрэнк. – Бундан хавотир олманг. Уларни нимага ишонтирмоқчи бўлсак, биз ҳақимизда шундай ўйлашади. Мен билан бу оҳангда гаплашишингизни истамаган бўлардим.

– Нега?

– Чунки сизни севаман!

– Бироқ бу мумкин эмас. Бу хато!. Ахир, сизга турмушга чиқа олмайман. Сиз ёш йигитсиз, мен эса қариб қолганман.

– Бунақа гапни гапирманг! – ўжарлик билан деди Фрэнк. – Бунинг мураккаб жойи йўқ. Мен сизга уйланишни хоҳлайман. Шундай қилишимни биласиз. Яхшиси, қачон тўй қилишимизни айтинг.

– Нималар деяпсиз?! – хитоб қилди аёл. – Ҳеч қачон бунақаси бўлмаган, бўлмайди ҳам!

– Нега? – сўради Фрэнк.

– Чунки… чунки сиздан каттаман. Бу ҳаммага эриш туюлади, гап бўламиз. Бунинг устига, эрим ўлганига кўп бўлгани йўқ, мен азадор аёлман.

– Яқинда ўлганми, анча бўлганми – бунинг қандай аҳамияти бор?! – асабийлашиб деди Фрэнк. – Сиздаги менга ёқмайдиган ягона нарса, доим “Одамлар нима дейди?” дейишингиз. Ҳаётингизни ўша одамлар қурмайди. Меникини-ку, ҳеч қачон! Сиз, аввало, ўзингиз ҳақингизда ўйланг. Наҳотки сиз ва хоҳишингиз ўртасида одамларнинг нимани ўйлаши тўсқинлик қилишига йўл қўйиб берсангиз?

– Бироқ менда бундай хоҳиш йўқ, – жилмайиб йигитнинг гапини бўлди Лилиан.

Фрэнк ўрнидан туриб, унга яқинлашди ва кўзларига тикилди.

– Хўш? – деди аёл бироз асабий ва ҳаяжонланган ҳолда.

Йигит уни қўлларидан тутмоқчи бўлиб энгашди, бироқ Сэмпл хоним ўрнидан туриб кетди.

– Йўқ, йўқ, менга яқинлашманг! – ялингудек деди у. – Ҳозир ичкарига кириб кетаман ва сизни ортиқ остонамга яқинлаштирмайман. Бу даҳшатли! Сиз ақлдан озибсиз! Мени тинч қўйинг!

Лилиан шундай қатъийлик билан гапирдики, Фрэнк бўйсунишга мажбур бўлди. Бироқ фақат ўша кунигина. У шундан сўнг ҳам қайта ва қайта келаверди. Ва бир куни, чивинлар сабаб хонага киришганида, Сэмпл хоним бошқаларнинг эътиборини тортишини айтиб, яна йигитдан уни тинч қўйишини сўраб, ялина бошлади. Йигит аёлнинг қаршилигига қарамай, уни маҳкам бағрига босди.

– Нималар қиляпсиз?! Бас қилинг! – хитоб қилди Лилиан. – Ахир сизга айтдим-ку! Бу тентаклик ахир! Мени ўпманг! Во-ой!

Лилиан йигитнинг бағридан чиқиб, зинадан ўзининг ётоғига чопди. Каупервуд унинг ортидан югурди. Сэмпл хоним эшикни ёпиб қўймоқчи бўлганида Каупервуд уни куч билан итариб очди ва аёлни қучоқлаб олди, сўнг даст кўтарди.

– Қандай ҳаддингиз сиғди? Энди сиз билан сира гаплашмайман! Агар мени ҳозироқ пастга туширмасангиз, ортиқ бу ерга қадамингизни босманг! Қўйиб юборинг!

– Қўйиб юбораман, асалим! Ўзим сизни пастга олиб тушаман, – аёлни бағрига босиб, юзларидан ўпаркан, деди Фрэнк. У жуда қизишиб, ҳаяжонланиб кетганди. Лилиан унинг бағридан чиқишга уринишларига қарамай, у аёлни меҳмонхонага кўтариб тушди ва бағридан бўшатмай, катта креслога ўтирди.

– Оҳ!.. – аёл хўрсинганча, йигит уни қўйиб юбормаслигига амин бўлиб, бошини унинг елкасига қўйди. Кейин Фрэнкнинг юзидаги қатъиятни кўриб, унинг шижоатини ҳис этаркан, жилмайди. – Сизга турмушга чиқадиган бўлсам, буни одамларга қандай тушунтираман? Отангиз, онангиз нима дейишади?

– Ҳеч нарса тушунтириб ўтиришингизнинг кераги йўқ. Буни мен қиламан. Хавотир олишнинг ҳам кераги йўқ. Ота-онам ҳеч нарса дейишмайди.

– Менинг оиламдагилар-чи? – сесканиб, сўради Лилиан.

– Уларнинг нима иши бор? Мен сизнинг оилангизга эмас, сизга уйланаман. Биз иккаламиз ҳам моддий томондан мустақилмиз.

Аёл бошқа баҳоналарни келтира бошлади, бироқ Фрэнк унинг гапларига ўпичлар билан жавоб қайтарди. Унинг эркалашларига бўйсунмасликнинг иложи йўқ эди. Фрэнк аёлда илгари ҳеч бўлмаган ҳиссиётларни уйғотиб қўйганди. У ҳам қўрқиб, ҳам уялиб кетаётганди.

– Демак, бир ойдан сўнг тўй қиламизми? – аёл жим қолгач, хурсанд бўлиб деди Фрэнк.

– Ундай бўлмаслигини ўзингиз ҳам биласиз-ку! – ҳаяжонланиб деди Лилиан. – Бу қандай талаб! Бу ҳақда гаплашмаймиз.

– Қачон бўлса ҳам, нима фарқи бор? Эртами-кечми, биз барибир оила қурамиз.

Фрэнк аллақачон аёлнинг бошқа, янги шароитда қандай гўзал бўлишини тасаввур қила бошлаган эди. Аёлнинг ҳам, ўзининг ҳам оиласидагилар яшашни билишмайди.

– Бир ойдан сўнг ҳеч қанақасига бўлмайди. Кутиб туриш керак. Мен чиндан ҳам шуни хоҳлаётганингизга ишонч ҳосил қилганингиздан кейингина сизга тегаман.

– Сенга буни исботлайман!.. – деди йигит ва аёлни маҳкамроқ қучди.

– Бўлди қилинг! Оғритяпсиз…

– Хўш, қачон? Икки ойдан кейинми?

– Йўқ, йўқ!

– Уч ойдан кейин-чи?

– Балки…

– Гапдан қайтиш йўқ. Сен менинг хотиним бўласан.

– Бироқ сен ҳали ёш боласан…

– Бундан хотиржам бўл. Қандай ёш бола эканимни ҳали кўрасан!

Аёлнинг кўз олдида янги дунё очилгандек бўлди ва у ҳеч қачон чинакамига яшамаганини тушунди. Бу йигит шунчалик кучга эга эдики, унинг олдида бепоён дунё турарди, унинг марҳум эри эса бу ҳақда ҳатто ўйлашга ҳам қўрққан бўларди. Ёш бўлишига қарамай, йигит даҳшатли, енгилмас кучга эга эди гўё.

– Яхши, уч ойдан кейин бўла қолсин, – шивирлади аёл, йигит уни назокат билан аллалар экан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации