Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 38

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 38 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бироқ энди Эйлинни овутиш осон эмасди. Охирги пайтларда йигитнинг бошига ёғилган балолар, унинг бу ердаги аҳволи қизнинг адолат ва инсонпарварлик тўғрисидаги ҳисларини топтагандек эди. Буни қаранг, унинг ажойиб Фрэнкини қай даражага солишибди: у йиғлади-я!

Қиз йигитнинг бошини меҳр билан силаркан, шу билан бирга қалбини ҳаётга, тақдирнинг одамлар йўлига қўядиган тўсиқларига нисбатан шафқатсиз ғазаб туйғуси чулғаб олди. Отаси (Батлер) – лаънат бўлсин унга! Отаонаси билан нима иши бор! Фрэнк! Фрэнк унинг бутун борлиғи! Фрэнк турганда Эйлин учун ҳеч нима ва ҳеч кимнинг аҳамияти йўқ! У ҳеч қачон, ҳеч қачон, нима бўлганда ҳам, ҳеч қачон Фрэнкни ташлаб кетмайди! Ва ҳозир у Каупервуднинг бағрига бош қўйиб тураркан, юрагида ҳаётга, қонунларга, тақдир ва вазиятларга қарши исён бош кўтарарди. Қонун – сафсата! Одамлар – улар ҳайвонлар, душманлар, қутурган итлар кабидир! У бажонидил ўзини қурбон қилган бўларди. У Фрэнк учун Фрэнк билан бирга дунёнинг нариги чеккасига ҳам қочиб кетишга тайёр эди. Каупервуд учун у ҳамма нарсага тайёр. Оила унинг учун ҳеч нарса эмас, ҳаёт ҳам ҳеч нарса, ҳеч нарса! У Фрэнк хоҳлаган нарсанинг ҳаммасини, унинг хаёлига келган ҳамма ишни қилишга тайёр! Муҳими, биргина мақсад – уни қутқариш ва бахтлироқ қилиш. Фақат Фрэнк – қиз учун бошқа одам йўқ!

56

Вагақнт даўнт исбўнбг ороанрадсии., хБоотниҳнеиг вбаилсаиннглкиелсии шбиабъ зиодла Каупервуднинг олдига келиб турадиган бўлишди. Лилиан болалар билан Фрэнк пул тўлаб қўйган уйга жойлашган, унинг харажатлари учун Уингейт Фрэнкнинг кирим пулларидан ойига бир юз йигирма беш доллар бериб турарди. Каупервуд хотинига кўпроқ пул бериб туриш зарурлигини тушунарди, бироқ айни пайтда шароити бунга йўл бермасди. Каупервуднинг молиявий ишлари мартда, уни расман банкрот деб эълон қилишган ва бор мол-мулки кредиторлар фойдасига мусодара қилинганидан сўнг бутунлай барбод бўлганди. Шаҳар ғазначилигидаги қарзи – беш юз минг долларни қоплашнинг ўзи бир доллар учун ўша пайтда белгиланган ўттиз центдан ҳисобланмаса, реализация қилиниши мумкин бўлганидан ҳам кўпроқ пулнинг бошини еган бўларди. Бироқ шундан сўнг ҳам давлат ғазнасига ҳеч нарса қолмади, чунки ҳар хил найранг йўллар билан унинг бу пулни олиш ҳуқуқини тортиб олишганди. Бунга баҳона – гўё шаҳар даъво қилишга кечикканмиш. Бу ҳолат, албатта, шаҳар ғазначилигига бериш рад қилинган пулни ўзаро бўлишиб олган бошқа кредиторлар фойдасига хизмат қилганди.

Каупервуднинг бахтига, унинг Уингейт билан қилаётган ишлари яхшигина фойда келтириши тез орада ойдинлашди. Ҳамкори Каупервудга нисбатан жуда ҳалол муносабатда бўлаётганди. У Фрэнкнинг иккала укасини (тўғри, арзимаган мукофот эвазига) ишга олди: уларнинг бири идорани бошқариб, ҳисоб-китоб ишларини олиб бориши, иккинчиси Уингейт билан бирга биржада фаолият юритиши керак эди: Жо ва Эдвардларнинг у ердаги ўринлари сақланиб қолганди. Бундан ташқари, Уингейт жуда қийинчилик билан бўлса-да, кекса Каупервуд учун ҳам банкларнинг биридан иш топиб берди.

Учинчи миллий банкдан кетганидан бери қария руҳан тушкунликда бўлиб, ҳаётидаги бўшлиқни қандай тўлдиришни билолмай юрганди. Ўғлининг шарманда бўлиши… Суд қилиниши, қамоққа олиниши…

Фрэнк қамоққа ҳукм қилинган ва ўша номи совуқ жойга жўнатилган кундан бери кекса Каупервуд гўё тушда юргандек эди. Бу воқеалар… Фрэнкни айблашди-я! Яқингинада ота-бола иккиси шаҳардаги ҳурматли ва бой одамлар сирасига киришлари билан ғурурланиб юрарди, энди эса унинг ўғли оқ-қора йўлли кийим кийган маҳбус! Кўпчилик бошига ғам-ташвиш тушган пайтда ягона йўл орқали таскин топгани сингари, қария ҳам Инжилни берилиб ўқишни бошлаган, ундан ўзи ёшлигидан ишониб келган, бироқ охирги пайтларда унутгани – адашган одамларни овутадиган, тасалли берадиган мисраларни топишга ҳаракат қиларди. Бироқ унинг дарди жуда катта бўлиб, Инжил уни тузата олмасди. Забур, Аюб, Ишаё китоби, Воиз…

У хотинини жуда зарур ишлари қолиб кетганига ишонтириб, ҳам ишхона, ҳам ётоқхона вазифасини ўтаётган янги хонасига кириб олар ва кундан-кунга ўзини ёлғизликка маҳкум қиларди. Ичкаридан эшикни калит билан беркитиб олгач, у барча бахтсизликлари ва, энг аламлиси, яхши инсон деган номини ҳам йўқотганини бир зум хаёлидан кетказолмасди. Бир неча ойдан сўнг – Уингейт унга шаҳар четидаги банклардан биридан бухгалтерлик лавозимини топиб бергач, у уйдан тонг саҳарда чиқиб кетиб, жуда кеч қайтаркан, доим бошидан ўтказган (эҳтимол, келгусида бўлиши мумкин бўлган) бахтсизликлари ҳақидаги ўйлар билан банд бўларди. Қариянинг кўриниши жуда ачинарли манзара касб этарди – молия дунёсидаги бевафоликларнинг на биринчи ва на охирги қурбони! У ишхонасига ўзи билан овқат олиб кетар, чунки жуда қисқа бўлган тушлик пайтида уйига қайтиб бориш қийин бўлиб, ҳозирги молиявий аҳволида эса ресторанда овқатланишнинг иложи йўқ эди. Ҳозир унинг ягона истаги қолган умрини тинчгина ўтказиш бўлиб, ўлим соати етиб келадиган паллалар ҳам узоқ эмаслигига умид қиларди. Унинг қоқсуяк бўлиб қолган гавдаси, ингичка оёқлари, оппоқ сочлари ва бутунлай оқариб кетган бакенбардларига қараш жуда аянчли эди. Қария жуда ориқлаб кетган, бирор қийин масалани ҳал қилиш керак бўлса, фикрини жамлай олмаётганди. Фаровон яшаган пайтларида пайдо бўлган баъзан қўлини оғзига олиб бориш ва кўзини ажаблангандек катта очиш одатлари ҳозир жуда кучайиб кетганди. У ўзи ҳам билмаган ҳолда қандайдир автоматга ўхшаб бораётганди.

Фрэнк Каупервуд эса бу пайтда ўзининг хотинига нисбатан (айниқса, охирги пайтда) яққол сезилаётган бепарволиги, буни унга қандай айтиш ва ўртадаги эрхотинлик муносабатларига нуқта қўйиш ҳақида ўйларди. Бироқ қаҳри қаттиқлик билан ҳақиқатни тушунтиришдан бошқа йўлини топа олмаётганди. У хотинининг ҳозир ҳар қанақасига унга вафодорлигини сездирмоқчи бўлаётгани ва ўзини кўнглида ҳеч қандай шубҳа йўқдек тутаётганини сезганди. Шунга қарамай, Лилиан турли манбалардан Фрэнкнинг суддан кейин ҳам Эйлин билан алоқалари давом этаётганини эшитган, фақат йигитнинг бошига тушган фалокатлар ва уни яна муваффақиятга эришаётган сармоядор сифатида кўриш умидигина уни эри билан хафалашиб қолишдан тутиб турарди. Аёл уни бир ўзи ёлғиз камерада ўтирибди дея ўйлаб, эрига чиндан ачинар, бироқ аввалгидек севгини ҳис қилмасди. Дарҳақиқат, у ўзининг кечирилмас гуноҳи учун жазога лойиқ эди, шунинг учун Яратганнинг ўзи уни жазолади.

Каупервуд хотинининг ўзига нисбатан бу муносабатини сезиб қолганида, нимани ҳис қилганини тасаввур қилиш қийин эмас. Лилиан турли мазали таомлар олиб келиб, қисматига ачинаётганига қарамай, Каупервуд кўпгина майда аломатлардан унинг нафақат ачинаётгани, балки ўзига танбеҳ бермоқчи бўлаётганини ҳам сезарди. Каупервуд эса умри давомида одамларнинг насиҳат қилаверишлари ва тунд башараларни ўлгудек ёқтирмаганди. Одамга умид берувчи, мағрур ва ҳаётга чанқоқ Эйлиннинг олдида доим чарчагандек юрадиган Каупервуд хоним энг камида зерикарли эди. Аввалига ҳаётдан ғазабланиб, аламини сочган Эйлин сал ўтмай, уни тез орада озодликка чиқишига ва яна улкан ишлар қила олишига ишонтира олганди. У келажак ҳақида, Каупервуднинг муваффақиятлари ҳақида гапиришдан тўхтамас, чунки бунга ўзи ишонарди. У ички бир туйғу билан қамоқхона деворлари йигитни табиатан маҳбус қила олмаслигига ишонарди.

Биринчи учрашувидан сўнг Эйлин кетишидан олдин Бонҳегга ўн доллар бериб, ўзининг оҳангдор товуши билан эътибори учун раҳмат айтди ва бундан кейин “катта одам” бўлган Каупервудга эътиборлироқ бўлишни назоратчидан илтимос қилди. Шуҳратпараст ва тамагир Бонҳег бу гапга батамом бўйсунди. Ўшандан бери у қора ёпқичда келадиган аёл учун ҳамма нарсага тайёр эди. Ўзига қолса бу аёл ҳафталаб Каупервуднинг хонасидан чиқмаса ҳам майлийди, бироқ бахтга қарши, қамоқхонанинг ўз тартиблари ҳам бор эди.

Қамоқда ўтирганига тўрт ой бўлганда Каупервуд хотинига бундан буён бирга яшашларининг иложи йўқлиги ва ажрашиш талабини бермоқчи эканини айтишга аҳд қилди. Камерадаги жимжитлик ва ҳар куни бажаришига тўғри келаётган, одамни эзиб юборадиган, аввалига бир хиллиги билан ақлдан оздиргудек бўлган қора иш энди унга оддий юмушдек бўлиб қолганди. Бундан ташқари, у ёлғиз маҳбуслар қиладиган ишларнинг ҳадисини олган, масалан, хотини ёки Эйлин юборган овқатларни камерасидаги лампочкада иситишни ўрганиб олганди. Бонҳег орқали оҳак олиб келтириб, уни бемалол ишлатар, шу орқали камерасидаги бадбўй ҳиддан сал бўлса-да қутулганди. Бундан ташқари, каламушларни тутадиган қопқон ёрдамида кемирувчиларни ҳам анча камайтирганди. Кечқурунлари камералар қулфланиб, ташқи эшиклар ҳам ёпилгандан кейин Бонҳегнинг рухсати билан у стулини ҳовличасига олиб чиқиб, ҳаво очиқ кунларда юлдузлар чарақлаган осмонга узоқ термилиб ўтирарди. Астрономия фан сифатида уни ҳеч қачон қизиқтирмаганди, бироқ ҳозир Катта Айиқ, Қутб Юлдузи, осмондаги юлдузлар гуруҳлари унинг диққатини ўзига тортиб, фантазиясини қўзғатиб қўйганди. У Орион юлдузлар туркумидаги юлдузларнинг математик тўғри жойлашганидан ҳайратга тушар ва бунда бирор яширин маъно йўқмикин, деб ўйлаб қоларди. Буржларнинг туманли тўплами коинотнинг тубсизлигини англатар ва у мана шу чексиз само кенглигида сузиб юрувчи кичкинагина шар – Ер ҳақида ўйларди. Бу ҳодисалар олдида ўзининг ҳаёти унга жуда арзимаган нуқтадек туюлар ва ҳаётим ўзи бирор маънога эгами, деб ўйлаб қоларди. Бироқ бундай кайфиятдан дарров чиқиб кета олар, чунки у ўзини ва фаолиятини жуда юқори қўяр ва табиатан ҳаётни севадиган инсон эди. Қандайдир ички бир сезгиси унга ўзининг ҳозирги вазияти қандайлигидан қатъи назар, ҳали машҳур одам бўлиб кетиши ва номи бутун дунёга танилишини, фақат ва фақат дадил интилиши кераклигини айтарди. Олдиндан кўра билиш ва лаҳзадан фойдаланиб қолиш қобилияти ҳаммада ҳам мавжуд эмас, бироқ унда бу қобилият бор ва у ким бўлиш учун яралган бўлса, ўша инсон бўлиши керак! Кимдир тақдирига битилган нотавонликдан қочиб кета олмагани каби у ҳам ўзига берилган буюкликдан асло қочиб кета олмайди.

Лилиан Каупервуд хоним куннинг иккинчи ярмида тушкун аҳволда, қўлида бир нечта ички кийим, иккита чойшаб, идишда пишган гўшт ва пирог солинган чамадон билан кириб келди. У бугун ҳам одатдагидан ортиқроқ қайғули аҳволда бўлмаса-да, Каупервуд унинг бу ҳолатини Эйлин билан муносабатининг натижаси деб тушунди. Хотинининг ўзини тутишидаги нимадир уни хотини билан айнан шу ҳақда гаплашишга мажбур қилди. Болалар ҳақида сўрагач, хотинининг кейинги сафар нима олиб келиш тўғрисидаги саволларини эшитди. Кейин у камерадаги ягона стулга ўтираркан, каравотда ўтирган хотинига қараб гап бошлади:

– Лилиан, анчадан бери сен билан бир масалада жиддий гаплашиб олмоқчи эдим. Аслида буни олдинроқ қилишим керак эди, бироқ ҳечдан кўра кеч яхши. Эйлин Батлер билан муносабатларимиз сенга маълум – буни жуда яхши биламан ва шунинг учун очиқчасига гаплашиб олмоқчиман. Уни жуда севаман ва у ҳам менга боғланиб қолган. Бир кун келиб бу ердан чиқадиган бўлсам, унга уйлана олишим учун нимадир қилишим керак. Яъни… сен ажралишга розилик беришинг керак. Розилик беришингга ишонаман ва ҳозир сен билан шу ҳақда гаплашмоқчиман. Бу хоҳишим сен учун кутилмаган нарса эмас, чунки ўзинг ҳам анчадан бери муносабатларимиз дарз кетганини сезиб юрибсан. Ҳозирги ҳолатда бу сен учун кутилмаган зарба бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Каупервуд худди жавоб кутгандек, жим туриб қолди, бироқ Каупервуд хоним жавоб бермаётганди. Унинг хаёлига биринчи келган савол – ажабланиш керакми ёки ғазабланиш. Бироқ эрининг қаттиқ тикилиб тургани ва бу ҳолат ўзининг ҳеч қандай ҳиссиётлари эрига таъсир қилмаслигининг исботи бўлгани учун аёл бари бефойдалигини тушунди. Унинг Лилианга ўта шахсий ва сирли бўлиб туюладиган (қандай уятсизлик-а!) нарсалар тўғрисида қуруққина қилиб очиқчасига гапиришиничи! Лилиан эрининг ҳаётдаги муқаддас нарсаларга муносабатини ҳеч қачон тушуна олмаганди. Унинг назарида индамай кетилиши керак бўлмаган нарсалар тўғрисида эри бемалол пинагини бузмай гапирарди. Аёл эрининг кўпинча бошқалар ҳаётидаги баъзи нарсалар ҳақида очиқчасига гапираётганини эшитиб қизариб кетар, бироқ бундай муносабат ҳамма машҳурларга хос бўлса керак, деб индамай қўя қоларди. Ҳаётда шундай одамлар борки, улар ҳеч нарса билан ҳисоблашмайди ва жамиятнинг, афтидан, уларга қарши туришга кучи етмайди. Балки, Худо бир куни уларни ўзи жазолар, бироқ Лилианнинг бунга ҳам ишончи комил эмасди. Нима бўлган тақдирда ҳам қанчалик ёмон, муросасиз, чўрткесар ва кучли бўлмасин, Фрэнк чиройли гапириш маҳоратини эгаллаган ва ўзини сипо тутадиган обрўли одамлардан бошқачароқ, қизиқарлироқ эди.

– Биламан, – гап бошлади Лилиан гарчи ғазабини зўрға босиб турган бўлса-да, муросасозлик билан. – Буни анчадан бери билиб юргандим ва ўзинг гап бошлашингни кутаётгандим. Бу вафодорлигим учун жуда яхши мукофот! Бироқ бу айнан сенга хос нарса, Фрэнк! Миянгга бир нима келиб қолса, сени ҳеч нарса тўхтата олмайди. Ҳаммаси яхши кетаётганди; сен севишинг керак бўлган иккита боламиз бор эди, бироқ бу сенга камлик қилди – Батлернинг махлуқига боғланиб қолдинг ва энди бутун шаҳарга номингиз танилди. У бу ерга келиб туришини биламан: бир куни чиқиб кетаётганида дуч келиб қолдим, унинг бу ерга келиб туришини ҳамма билади. Бу қиз одобахлоқ нималигини билмайди, афсуски, унга ҳаммаси бир пул, бироқ Фрэнк, ўйлашимча, хотининг, болаларинг, ота-онанг бўла туриб, бу йўлдан юришга уялишинг керак эди, қолаверса, бу вазиятдан чиқиб кетиш учун қаттиқ курашишинг керак бўлишини жуда яхши биласан. Агар унда заррача виждон бўлганида сенга илакишиб, бунақа уятсиз ишни қилиб юрмаган бўларди!

Каупервуд хотинининг кўзларига қатъият билан тикилди. Бу гаплардан у яна бир марта ўзи аллақачон ишонч ҳосил қилгани – хотини табиатан унга бутунлай бегона эканини англади. Лилиан сиртдан аввалгидек ёқимли эмасди, ақлининг даражаси эса Эйлиндан паст. Бунинг устига, Каупервуд гуллаб-яшнаётган вақтида уларникига келган аёллар билан суҳбатлардан хотинининг чинакам оқсуякларга хос назокат ва мукаммалликдан мосуво эканини тушуниб қолганди. Тўғри, бу борада Эйлин ҳам ундан юқорида турмасди, бироқ у ёш, мослашувчан, зийрак эди ва юқоридаги сифатларни ҳали ўзлаштира олиши мумкин эди. Яхши шароит бўлса (ҳар ҳолда Каупервуд шундай ўйлагиси келарди), Эйлин ҳали ўзгариши мумкин, бироқ Лилианга нисбатан эса (йигит ҳозирга келиб бунга батамом амин бўлганди) ҳеч қандай умид йўқ!

– Мени тушуна олишингга ишончим комил эмас, Лилиан, – деди у ниҳоят, – бироқ энди бир-биримизга тўғри келмаймиз.

– Уч ёки тўрт йил бурун бошқача фикрда эдинг, – алам билан эрининг гапини бўлди Лилиан.

– Сенга уйланганимда бор-йўғи йигирма бир ёшда эдим, – хотинининг гапига эътибор бермай, кескин жавоб қилди Каупервуд, – ва, очиғи, қилаётган ишимга баҳо беришга жуда ёшлик қилардим. Мен ўспирин бола эдим. Бироқ ҳозир бу муҳим эмас. Ўзимни оқлашга баҳона қидириб ўтирмоқчи ҳам эмасман. Фақат бир нарсани айтиб ўтмоқчиман: ҳақманми ёки йўқми, узрли сабабларим бўлганми-бўлмаганми, бундан қатъи назар, ҳаётга қарашларим ўша пайтдагига нисбатан анча ўзгарди. Сени ортиқ севмайман ва бунга бошқалар қандай қарашларидан қатъи назар, ортиқ мени қониқтирмайдиган муносабатларни давом эттирмоқчи эмасман. Сенинг ўз қарашларинг бор, менинг ҳам ўз қарашларим мавжуд. Сен ўзингни ҳақ деб ҳисоблайсан ва минглаб одамлар ҳам шу фикрда, бироқ мен бошқача фикрдаман. Менинг назаримда, ҳозир сендан озодлигимни қайтариб беришни сўраб ҳеч қандай адолатсизлик қилаётганим йўқ. Сени ёки болаларни тақдир ҳукмига ташлаб қўймоқчи эмасман, сизларга яхши ҳаёт яратиб бера оламан, бироқ кун келиб бу ердан чиқа олсам, менга озодлик керак бўлади ва сен бу ишни қилишинг зарур. Ўзингга тегишли пулларингни, балки ундан ҳам кўпроғини, озодликка чиқиб ишларимни жойига қўйишим билан оласан. Фақат йўлимга тўғаноқ бўлмай, менга ёрдам берган тақдирингдагина шундай бўлади. Сенга ёрдам беришни хоҳлайман ва кўмаклашаман ҳам, бироқ қанча керак деб ҳисобласам, шунча ёрдам оласан.

Каупервуд хаёл билан йўл-йўл шимининг йиғилиб қолган жойларини тўғрилади ва курткасининг енгини тортди. У айни пайтда ўзининг яқин ўтмишидаги омадли жентльменга эмас, балки кўпроқ ақлли ва ўткир ишчига ўхшаб кетаётганди.

Лилианнинг жаҳли чиқиб кетди.

– Хўп чиройли гапириб, чиройли иш тутяпсанда! – сакраб туриб кичкинагина камерада икки қадам у ёққа, икки қадам бу ёққа юрди у алам билан. – Менга уйланишни хоҳлаганингда ҳали ёш эканингни ва ўзингни ҳали билмаслигингни тушунишим керак эди. Пул – мана, сени фақат нима қизиқтиради ва яна ўз иззат-нафсингни қондиришни ўйлайсан! Сен ҳатто адолат нималигини тушунмайсан ва ҳаётда тушунмагансан ҳам! Фрэнк, сен фақат ўз ҳақингда ўйлайсан! Мен шу пайтгача бунақа қаҳри қаттиқ одамни учратмаганман. Бутун шу воқеалар давомида менга итдек муомала қилиб келдинг. Ўзинг эса бу орада ана шу ирландиялик ярамас қиз билан топишиб қолдинг ва, ўйлашимча, унга ҳамма ишларинг тўғрисида гапиргансан. Охирги дақиқаларгача мени гўёки ҳали ҳам севишингга ишонтириб келиб, энди бирдан ажрашиш ҳақида гапирасан! Бироқ бундай бўлмайди! Мен ажрашмайман, бунга умид қилмасанг ҳам бўлади!

Каупервуд хотинининг гапларини индамай эшитди. Бу мураккаб оилавий жанжалда устунлик барибир ўзи томонда эканини тушуниб турарди. Ахир у қамоқда, узоқ муддатга оиласидан айрилган ҳолда ўтирибди – бу вақт орасида хотини усиз яшашга ўрганиб қолади. Каупервуд қамоқдан чиққанидан сўнг хотинига собиқ маҳбус билан ажрашиш, айниқса, у эрининг бошқа аёл билан муносабатини далил сифатида кўрсатса, жуда осон бўлади. Буни Каупервуд инкор этмайди. Бу пайтда ҳеч қаерда Эйлиннинг номи чиқмайди, деб умид қилиш керак. Агар Каупервуд ҳеч нарса талашмаса, хотин исталган уйдирма исмни айтиши мумкин. Бундан ташқари, Лилиан табиатан бўш аёл. Каупервуд уни ўз иродасига бўйсундира олади. Ҳозир эса суҳбатни давом эттиришдан маъно йўқ. Биринчи қадам қўйилди, вазият энди хотинига маълум, қолгани эса вақтнинг иши.

– Лилиан, фожиа ясамагин, – бепарво оҳангда деди Каупервуд. – Яшашга маблағинг бўлса, мени йўқотиш катта муаммо эмас. Бу ердан чиққанимдан сўнг Филадельфияда қолмасам керак. Ғарбга кетишни ўйлаб турибман ва бир ўзим кетсам керак. Ажрашишга рози бўлган тақдирингда ҳам дарров уйланиб олмоқчи эмасман. Ва ўзим билан ҳам ҳеч кимни олиб кетиш ниятим йўқ. Болалар учун сен шу ерда қолиб, мен билан ажрашганинг яхши. Шунда жамият сизлар ҳақингизда яхшироқ хаёлга боради.

– Бунга асло рози бўлмайман! – шаҳд билан деди Каупервуд хоним. – Ҳеч қачон рози бўлмайман! Нима десанг деявер. Шунча нарса қилганимдан кейин сен мен ва болалар билан қолишинг керак. Ажрашишга рози бўлмайман. Мендан бу ҳақда бошқа сўраб ҳам ўтирма, ажрашмайман!

– Майли, бўлмаса, – деди Каупервуд хотиржам товушда ўрнидан тураётиб, – ортиқ бу ҳақда гаплашмаймиз. Бунинг устига, вақтинг ҳам тугади (келувчиларга фақат йигирма дақиқага рухсат бериларди). Балки, кейинроқ ўйлаб кўрарсан.

Лилиан ўз нарсаларини – муфта ва рўмолини олиб, кетишга тайёрланди. Одатда у кетаётганида сунъий меҳр билан Каупервудни ўпиб қўярди, бироқ ҳозир ҳаддан ташқари жаҳли чиқиб кетганидан шунгаям ўзини мажбурлай олмади. Айни пайтда кўнглида ўзи ва эри учун ҳам оғриқ туяётганди.

– Фрэнк, – охирги дақиқада фожиали тарзда хитоб қилди у, – умримда сендек одамни кўрмаганман! Сен яхши хотинга арзимайсан! Сен айнан сенда боригагина муносибсан. Эҳ, қуриб кетсин ҳаммаси!..

Аёл кўзларидан тирқираб ёш отилганча ғазабланган ва пушаймон ҳолда шоша-пиша камерадан чиқиб кетди.

Каупервуд қимир этмай турарди. “Ҳеч бўлмаганда, энди иккимизга ҳам кераксиз ўпишишлар бўлмайди”, – ўзини қутлади у. Хотинининг туйғуларини ҳисобга олганда бу, албатта, бағритошлик эди. Аслини олганда хотинимга сира ёмонлик қилганим йўқ, ўйларди Фрэнк, ахир уни моддий томондан сиқиб қўймоқчи эмасман, энг муҳими шу-ку! Лилиан бугун ўзини тута олмай қолди, бироқ вақт ўтиши билан ўзига келиб қолади, балки, эрини тушуниб ҳам етар. Яна ким билсин?

Каупервуд нима бўлганда ҳам Лилианга ўз режаларини тушунтирдим ва шу билан нимагадир эришдим, деб ҳисоблаётганди. Айни пайтда эса у тухум пўчоғи ичидан, тор ҳаёт шароитидан чиқишга уринаётган жўжага ўхшарди.

Майли, у қамоқда бўла қолсин, майли, у ҳали яна салкам беш йил муддатли жазони ўташи керак бўлсин, лекин ич-ичидан ҳали бутун дунё унга очилишини жуда яхши билади. Агар у ишини Филадельфияда тиклай олмаса, Ғарбга жўнаши мумкин. Бироқ бу шаҳарда ҳали уни таниган одамларнинг ҳурматини яна қозониб ва шу орқали бирга чет элларга олиб кетадиган “ишонч ёрлиғи”ни олмагунча яшашда давом этади.

“Ит ҳурар карвон ўтар! – эшик Лилианнинг орқасидан ёпилар экан, хаёлидан ўтказди Каупервуд. – Оғзи ботирлар нима деса деяверсин. Ҳали бу жанобларнинг баъзилари билан ҳисоб-китоб қиламан!”

Бонҳег камера эшигини қулфлаш учун келганда Каупервуд ундан ёмғир ёғмасмикин, деб сўради: йўлак жуда қоронғи эди.

– Кечқурун қуйса керак, – жавоб берди Каупервуднинг мураккаб ва чалкашиб кетган ишлари тўғрисида эшитиб, ҳамон ҳайратда юрган Бонҳег.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации