Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 41 страниц)
15
Бир неча кунлик ички муҳокамалардан сўнг бир тўхтамга келди. Каупервуд ишлаб чиққан режа тижорат ва молиявий комбинацияларда ниманидир фарқлай оладиган одам учун тушунарли бўлиб, тушунмаган одамга эса қоронғилигича қоладиган иш эди. Ғазначи авваламбор шаҳар маблағини Каупервуднинг конторасига депозитга қўйиши керак бўларди. Шундан сўнг унинг ихтиёрига ёки ўз китоблари бўйича у истаган пайтда олиши мумкин бўлган кредит қўйиш билан шаҳар заёми сертификатларининг маълум бир партиясини, масалан, бошланишига икки юз минг доллар ўтказиши керак. Чунки айнан шунча маблағни тезроқ сотиш мақсадга мувофиқ бўлиб, шундан сўнг Каупервуд бу сертификатларни сотувга қўйиб, уларни паритетгача кўтариш чорасини кўриши керак бўларди. Бу ҳолда шаҳар ғазначиси уларни биржадаги нархлар рўйхатига киритишни сўраб, фонд биржаси қўмитасига расмий илтимос билан мурожаат қилади. Каупервуд эса бу илтимосни кўриб чиқишни тезлаштиради.
Керакли рухсат олингандан сўнг Стинер Каупервуд орқали, фақат Каупервуд билан барча шаҳар заёми сертификатларини сотади. Кейин эса Стинер амортизация фонди учун Каупервуд қанча лозим топса, шунча сертификат (гўёки уларнинг нархини паритетгача кўтариш учун) сотиб олишига рухсат беради. Бунга эришиш учун (заём сертификатларининг маълум бир сони муомалага чиқарилгандан сўнг) балки яна уларни кўп партияда сотиб олиш ва бироз вақт ўтиб яна сотувга қўйиш керак бўлиб қолиши мумкин. Сертификатларни фақат номинал бўйича сотиш кўрсатилган қонунга озгина аҳамият бермасликка тўғри келади, бу дегани сертификатлар паритетгача кўтарилмагунча сохта ва олдиндан келишилган битимлар ҳисобга ўтмайди.
Каупервуд бундай режанинг анча афзалликлари борлигини Стинерга сездириб қўйди. Охир-оқибат сертификатлар ҳар қанақасига паритетгача кўтарилишини ҳисобга олиб, ҳамма қатори Стинерга ҳам уларни заёмлар сотувининг бошида арзонга харид қилиш ва нархи ошгунча ушлаб туришга ҳеч ким халал бермайди. Каупервуд ҳар ойнинг охирида ўзи билан ҳисоб-китоб қилиш шарти асосида бажонидил Стинер номига кредит очади. Бу ҳолда эса ҳеч ким ундан сертификатларни чиндан ҳам сотиб олишни талаб қилмайди. Каупервуд маълум бир маржа ҳисобига Стинернинг ҳисоб-китобини масалан, ўнта пунктгача олиб боради ва Стинер пуллар унинг чўнтагида, деб ҳисоблаши мумкин. Ва бу амортизация фонди учун сертификатларни жуда арзон нархда сотиб олиш мумкинлигини айтмаса ҳам бўлади, чунки Каупервуд заёмларнинг асосий ва захира чиқарилишини тасарруф этган ҳолда, сотиб олишга қарор қилган пайтда уларнинг ўзи истаган миқдорини бозорга ташлайди ва бу билан биржага босим ўтказади. Кейинчалик эса балки нархлар кўтарила бошласа ҳам керак. Агар биржада ўз-ўзидан кўтарилиш ва пасайишга олиб келадиган заёмларнинг чиқарилишини узмай қўлида ушлаб тура олса, охир-оқибат шаҳар ўзининг бутун альпари заёмларини сотишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, бунинг устига, бундай сунъий тебранишлар ҳисобига яхшигина “соққа” ишлаб олиш имкони бор. Каупервуд айнан шу йўл билан фойда олишга катта умид қилаётганди. У чиндан ҳам альпари1515
Қимматли қоғоз ёки валюта айрибошлаш курсининг номинал қийматига мос келишини англатувчи атама.
[Закрыть] заём сертификатларини сотиш бўйича қилган келишувлари учун шаҳар уни оддий ширинкома билан тақдирлайди (бу биржа қўмитаси билан тушунмовчиликлар чиқмаслиги учун керак). Бошқа нарсалар, масалан, бир неча марта қилинишига тўғри келадиган сохта келишувлар масаласида у биржа ўйинларини билишига ишониб, қилган меҳнати учун ўзини ўзи тақдирлай олишига ишонади. Агар Стинер Каупервуднинг биржа найрангларида шерикчилик қиладиган бўлса, у жуда хурсанд бўлади.
Тушунмаган одамга қоронғи бўлган бу комбинация тажрибали биржачилар учун очиқ-ойдин кўриниб турарди. Битта ёки бир гуруҳ одамларнинг назорати остида бўлган бойликлар ҳақида гап кетганда биржада азалий найранглар ишга солинарди. Бу комбинация кейинчалик “Ири”, “Стандард Оил”, “шакар”, “ун” ва бошқа акциялар билан бўлган комбинациялардан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмасди. Каупервуд ҳали янги биржа аъзоси бўлгандаёқ бу ишлар қандай қилинишини тушунганди. У Стинер билан биринчи марта учрашган пайтда йигирма саккизга кирганди. У билан охирги марта “ҳамкорлик қилганда” эса ўттиз тўрт ёшга тўлганди.
Кекса ва ёш Каупервудлар уйларининг қурилиши ҳамда “Каупервуд энд Компани” банкирлик контораси олд томонининг қайта қурилиши жуда жадал кетаётганди. Идоранинг олд томони қадимий Флоренция услубида ишланган бўлиб, тепага қараб ингичкалашиб кетган деразалар қўйилган, ажойиб ўймакор устунлар ва қўнғир мармартош орасига жимжимадор нақшинкор эшик ўрнатилганди. Унча баланд бўлмаган, аммо бежирим эшикнинг ўртасига ёниб турган машъала кўтарган ингичка, нозик қўл моҳирона зарб қилинганди. Элсуорт бундай қўлни қадимда Венецияда пул алмаштирадиган дўконларнинг пешлавҳаларида тасвирлашгани, бироқ ҳозирги пайтда бу рамзнинг илк маъноси эсдан чиқиб кетганини тушунтирди.
Бинонинг ичкари томони силлиқланган ёғочдан қи линган бўлиб, ёғочнинг замбуруғи гуллар ҳосил қилганди. Дераза ойналари кўплаб чўзиқроқ, узунчоқ, тўртбурчак ва думалоқ шишалардан иборат ва ялтираб турарди. Газ рожок (шохсимон найча)лари римликларнинг чироқларига ўхшатиб ясалган, сейф эса ғалати кўринса-да, безак вазифасини ўтарди: у идоранинг ичкари қисмида мармар тагликка ўрнатилган, лакланган кумуш-кулранг устига эса олтин билан “Каупервуд энд Компани” номи ўйиб ёзилганди. Жуда дид билан ишланган бутун бино беқиёс фаровонлик, улуғворлик ва ишончлиликдан дарак бериб турарди.
Бино тайёр бўлганда Каупервуд уни кўздан кечириб, кўнгли тўлганидан Элсуортни мақтаб қўйди:
– Менга ёқди! Жуда чиройли! Бу ерда ишлашнинг ўзи роҳат! Агар уйимиз ҳам шундай чиқадиган бўлса, жуда зўр бўларди!
– Мақташга шошилманг, улар ҳали битгани йўқ! Аммо жаноб Каупервуд, сизга ёқса керак деб ўйлайман. Уйингизнинг ўлчами унча катта бўлмагани учун бош қотиришимга тўғри келди. Отангизнинг уйи эса осонроқ битяпти. Лекин сизники…
Элсуорт шу сўзлар билан йигитга бинодаги вестибюль, катта ва кичик меҳмонхоналар кенг ва улкан кўриниши учун нималар қилганини айта кетди.
Қурилиш тугаганида, чиндан ҳам ҳар икки уй жуда чиройли, ён-атрофдаги хонадонлардан бутунлай фарқ қилиши маълум бўлди. Хонадонларни эни йигирма фут бўлган яшил ўтлоқ ажратиб турарди. Архитектор тюдорлар мактабидан анчагина нарса олган, кейинчалик Филадельфия ва бошқа Америка шаҳарларидаги кўпгина хонадонларни ажратиб турган жимжимадорликдан қочганди. Айниқса, паст ва кенг равоқларда жойлашган эшиклар ва биттаси Фрэнкнинг иккинчи қаватига ва иккитаси ота уйининг олд қисмига ўрнатилган учта ғайриоддий шаклдаги шиша фонар жуда чиройли чиққанди.
Ҳар иккала уйнинг олди тарафидаги биринчи қаватида ташқи девордан чиқиб турган чуқур ўйиқли токчасимон деразалар бўлиб, улар кўча томондан пастгина нақшинкор панжара билан ҳимояланганди. Панжараларга чирмашиб ўсадиган гулларни қўйиш мумкин бўлар, кейинчалик худди шундай қилинганди ҳам ва яшилга бурканиб турган ойналар кўча томондан жуда ёқимли кўринарди. Токча ортига Каупервудлар стуллар қўйишди.
Иккала уйнинг пастки қаватида қарама-қарши жойлашган қишки боғ ҳам бор эди. Умумий ҳовлининг ўртасида эса диаметри саккиз фут бўлган оқ мармардан ишланган фаввора, ўртасида эса севги маъбудининг ҳайкалчаси бўлиб, ундан жилдираб сув оқиб турарди. Атрофи туйнукли баланд гранит рангидаги ғиштли девор билан ўралган ва усти оқ мармар билан безатилган ҳовлининг ҳамма ёғига бахмалдек майин ям-яшил майса экилган бўлиб, юмшоқ гиламга ўхшаб турарди. Бошидан режаланганидек, иккала уй ўзаро қишда ойна билан ўраб қўйиладиган яшил устунлардан иборат галерея билан боғланганди.
Элсуорт энди хоналарни ҳар хил даврларга оид услубда жиҳозлай бошлаган ва бу нарса келажакда Фрэнк Каупервуднинг бадиий диди ўсишида катта роль ўйнаган, унинг буюк санъат дунёси ҳақидаги тасаввурини кенгайтирганди. Унинг Элсуорт билан архитектура ва жиҳозларнинг услублари, ёғоч турлари, нақшларнинг ишлатилиши, матоларнинг асллиги, парда ва дарпардалардан тўғри фойдаланиш, жиҳозлар устидан фанерлаш ва паркетларнинг турли кўринишлари тўғрисида қилган суҳбатлари ўзига жуда фойдали бўлганди.
Элсуорт архитектура билан бирга декорация санъатини ҳам ўрганган бўлиб, америка халқининг бадиий диди масаласида кўп фикр юритарди. Унинг назарида бу дид вақтлар ўтиши билан ўзгариши керак эди. Ўша пайтда ҳаммага урф бўлган роман услубидаги дала ҳовлиларнинг катта иморатлар билан уйғунлашуви ёш архитекторнинг жонига текканди. Нимадир янгилик киритиш вақти келганди. Бу янгилик нима бўлишини унинг ўзи ҳам яхши билмасди, бироқ Каупервудлар учун лойиҳалаган уйи ажойиб, содда ва кўзни қувонтирадиган бўлиб чиққанидан жуда хурсанд эди. Шу сифатлари билан бу икки уй кўчадаги бошқа уйлардан яққол ажралиб турарди. Элсуортнинг режасига кўра Фрэнкнинг уйидаги пастки қаватда ошхона, зал, қишки боғ, буфет ҳамда асосий киравериш хонаси, ички зина ва унинг тагида гардероб хонаси жойлашган; иккинчи қаватда эса – кутубхона, катта ва кичик меҳмонхоналар, Каупервуднинг ишлайдиган хонаси, ҳожатхона ва ваннахона билан уланган Лилианнинг будуари жойлашганди.
Учинчи қаватда ажойиб жиҳозланган ваннахона ва гардероб хоналари билан бирга болалар хонаси, хизматкорлар ва меҳмонлар учун бир нечта хоналар бор эди.
Элсуорт Каупервудни энг нафис шакллардаги мебель, дарпарда, шкафлар, жавон, тумбочка ва турли роялларнинг эскизи билан таништирди. Улар биргаликда ёғочнинг қизил, ёнғоқ, инглиз қарағайи, “қуш кўзи” каби турлари ва уларни қайта ишлаш йўлларини муҳокама қилишди. Элсуорт “буль” типидаги мебелни тайёрлаш жуда усталикни талаб қилиши ва уни Филадельфияда ясаш мақсадга мувофиқ эмаслигини тушунтирди: қадама нақшлар иссиқ ва намликда тоб ташлаб, ёрилиб кета бошларкан. Архитектор яна ёғочга қайта ишлов беришнинг баъзи турлари мураккаблиги ва қимматлиги ҳақида гапириб, Фрэнкка катта меҳмонхона учун олтин суви югуртирилган мебель, кичкинаси учун безакли газлама, емакхона ва кутубхона учун французча ренессанс, бошқа хоналар учун эса – қаердадир ҳаворангли, қаердадир табиий рангли “қуш кўзи” ва яна ўйма ёнғоқ ёғочидан жиҳоз ясашни таклиф қилди.
Элсуортнинг гапи бўйича, гулқоғоз ва гиламлар мебель матоси билан уйғунлашиши, бироқ ранги бир хил бўлиши керак эмас. Кичкина меҳмонхонадаги рояль ва нота шкафчаси ҳамда залдаги очиқ жавон, шкаф ва тумбалар (агар бу Фрэнкни нархи билан чўчитиб юбормаса!) “буль” ёки “маркетри” услубида ясалса, чиройли бўлади.
Элсуорт яна учбурчак рояль буюртма қилишни таклиф қилди, чунки тўртбурчак рояль одамнинг кайфиятига салбий таъсир қиларкан. Каупервуд унинг гапларини берилиб тингларди. Унинг кўзи олдида аллақачон шинам, савлатли уй намоён бўлаётганди. Элсуортнинг айтишича, расмлар, агар Фрэнк уларни сотиб олишни кўзда тутаётган бўлса, оғир ўйма зарҳал югуртирилган рамкаларга солиниши керак; агар Фрэнк бутун бир расмлар галереясини ташкил қилмоқчи бўлса, унинг тагига кутубхонани жойлаштириш мумкин, китобларни эса иккинчи қаватдаги кутубхона билан кичик меҳмонхона ўртасида жойлашган катта меҳмонхонага жойлаштирса бўлади. Кейинчалик, Фрэнк чиндан ҳам рассомликка қизиқиб кетганда, у Элсуортнинг шу фикрини амалга оширди.
Шу пайтдан бошлаб у санъат асарлари ва амалий санъат маҳсулотлари – расмлар, бронза, ўймакорлик ишларига жуда қизиқа бошлади ва янги уйининг шкафлари, тумбалари, столлар ва жавонларини шу нарсалар билан тўлдириб ташлади. Филадельфияда бундай нарсаларнинг асл нусхасини топиш жуда қийин эди, магазинларда эса улар бутунлай сотилмасди ҳам. Тўғри, кўпгина хонадонларда эгалари узоқ саёҳатлардан келтирган шу каби шахсий буюмлар тиқилиб ётарди, бироқ ҳозирча Каупервуд шаҳарнинг “энг зўр оилалари” билан етарли даражада алоқада эмасди.
Ўша йилларда америкалик икки ҳайкалтарош – Пауэрс ва Хосмерлар машҳурлик чўққисида бўлиб, Фрэнкда уларнинг асарлари бор эди. Бироқ Элсуортнинг айтишича, ҳайкалтарошлар жуда зўр эмас, у Фрэнкка бирорта қадимий ҳайкалнинг нусхасини сотиб олишни маслаҳат берди. Каупервуд ниҳоят Торвальдсеннинг уни ҳайратга солган иши “Давиднинг калласи” ва қай бир даражада замонавийлик уфуриб турган Хэнт, Сюлли ва Хартларнинг бир нечта пейзажларини сотиб олишга муваффақ бўлди.
Бу турдаги уйнинг, албатта, ўз эгаларига ҳам нуқси уради. Биз ўзимизни яшаш жойларимиз ва буюмларимиздан ташқаридаги, ҳатто юқори турадиган шахс деб ҳисоблаймиз, бироқ ўртамизда шундай боғлиқлик борки, бунинг таъсирида нарсаларимиз худди биз уларни акс эттиргандек, бизни ўзларида акс эттиришади. Одамлар ва нарсалар бир-бирларига фазилатлари, нозик хислатлари ва кучларини ўзаро билдириб туради. Одамни ҳақли равишда унгагина тегишли бўлган, унинг учунгина хос нарсасидан айириб кўринг-чи, нима бўлади: кўз олдингизда на бахтли ва на бир омадсиз одам намоён бўлади; ҳамма ҳуқуқи ва унга тегишли нарсалар қайтарилмагунча худди инсиз ўргимчакка ўхшаб, ўзига кела олмайди.
Янги уйи қад кўтараётганига қараб Фрэнк ўзининг муҳим ўринга эгалигини яхши англаб борарди, шаҳар ғазначиси билан кутилмаганда ўрнатилган алоқалар эса унинг учун ланг очилган омад эшиклари каби эди. У шаҳар бўйлаб бир жуфт чопқир отда айланар, отларнинг ялтираб турган эгар-жабдуқлари отбоқар ва аравакашнинг ғамхўрлигидан дарак берарди. Элсуорт янги уйларнинг орқа томонидаги тор кўча томонга ҳар икки оила фойдаланиши учун кенг отхона ҳам қурдирганди. Фрэнк хотинига янги уйларига кўчиб ўтишлари билан унга “виктория” – ўша пайтларда очиқ ва пастак тўрт ғилдиракли экипаж шундай аталарди – сотиб олиб беришни ваъда қилганди: ахир улар энди меҳмондорчиликка кўп боришади. У яна танишларининг сафини кўпайтириш зарурлиги, шунинг учун энди кўп зиёфатлар уюштиришларини айтарди. Синглиси Анна ва укалари – Жозеф ҳамда Эдвардлар билан бирга зиёфатлар чақиришганда, улар иккала уйдан фойдаланадиган бўлишди. Аннага муносиб куёв топилса-чи? Жо ва Эдлар ҳам ўзларига фойда келтирадиган жуфт топади, деб умид қилиш керак, чунки улар тижоратда кўп нарсага эришишлари даргумон. Лекин ҳар эҳтимолга қарши, уриниб кўришса бўлади.
– Сенга бу нарсалар унча маъқул эмасми? – сўради Фрэнк хотинидан зиёфатлар ҳақидаги гапдан сўнг.
Лилиан сал жилмайиб қўйди.
– Ўрганиб кетаман, – жавоб қилди кейин.
16
Шагиҳабриғтаизмндачани ссиў нСгт имнуерра квкааКбасуипёесривйу-дмлоалриоярамсаишдианаси уларнинг режаларини амалга ошириш учун ишлай бошлади. Ўн йил давомида ёпилиши керак бўлган олти фоизли сертификатлардаги икки юз минг доллар шаҳар ўзўзини бошқариш идорасининг дафтаридаги ёзув бўйича “Каупервуд энд Компани” банк конторасининг ҳисобига ёзилганди. Каупервуд заёмларни тўқсон доллардан юқори нарх бўйича унча катта бўлмаган партиялар билан таклиф қила бошлади. Шу билан бирга, у капитални бундай жойлаштириш катта фойда келтиришига одамларни ҳар қанақасига ишонтиришга уринарди. Сертификатларнинг курси аста-секин ошиб бораётганди ва улар ниҳоят юз долларгача кўтарилгач, Фрэнк икки юз минг долларлик сертификатларнинг ҳаммасини катта миқдорда сотиб юборди. Стинер хурсанд эди. Ҳисобидаги донаси юз доллардан кетган икки юзта сертификат унга икки минг доллар фойда келтирганди. Бу ноқонуний, жиноий йўл билан топилган фойда эди, бироқ Стинернинг виждони азобланмаётганди. Унда виждон ўзи бормиди, ёки йўқ, бу ҳам номаълум эди. У бахтли келажак ҳақида орзу қиларди.
Каупервуднинг қўлида шундай кўзга кўринмас, бироқ бақувват куч яширинганини тасаввур қилиш қийин эди. Шу ўринда у эндигина йигирма тўққизга қадам қўйганини ҳам унутмаслик керак. Табиат томонидан иқтидор ато этилган ва акция, сертификат, облигациялар ва нақд пуллар кўринишидаги баҳайбат суммаларни мазза қилиб, худди шахмат ёки шашка ўйнаётгандек бошқараётган одамни кўз олдингизга келтириб кўринг. Ундан ҳам яхшиси, шахмат ўйинининг ҳамма сирларидан хабардор, шахмат доскасига тескари ўтириб, бир вақтнинг ўзида ўн тўртта рақиби билан ўйнай оладиган, навбатма-навбат юриш эълон қиладиган, доскадаги ҳамма фигураларнинг ўрнини эслаб қолувчи ва албатта ғолиб бўлувчи шахмат устасини кўз олдингизга келтиринг. Албатта, Каупервуд у пайтлари унчалик кучли эмасди, бироқ унга нисбатан шундай ўхшатиш ўринли бўларди. Унинг ички сезгиси пулларни нима қилиш кераклигини айтиб турарди – у нақд пулларни бир жойда депозитга қўйса, бир вақтнинг ўзида улардан кредит учун ва айланмадаги чеклар учун база сифатида бошқа кўплаб жойларда фойдалана оларди. Натижада яхшилаб ўйлаб кетма-кетликда бажарилган шу каби операциялар натижасида у ихтиёрига келиб тушган дастлабки суммадан ўн ва йигирма баравар ортиққа сотишга қодир эди. Каупервуд нархларни ошириш ва тушириш ўйинининг тамойилларини беихтиёр ўзлаштириб олганди. У нафақат кундан-кунга, йилдан-йилга шаҳар сертификатларининг курсини пасайтириш ва ошириш (албатта, у шаҳар ғазначисига ўз таъсирини ўтказишни сақлай олган тақдирдагина) йўлларини билар, балки бу заём ёрдамида банкларда илгари тушига ҳам кирмаган шундай кредитлар олиши мумкин эдики… Юзага келган шароитдан биринчи бўлиб отасининг банки фойдаланди ва Фрэнкнинг кредитини кенгайтирди. Маҳаллий сиёсий корчалонлар ва ишбилармонлар – Молленхауэр, Батлер, Симпсон ва бошқалар унинг муваффақиятига ишонч ҳосил қилиб, шаҳар заёми билан чайқовчилик қила бошладилар. Каупервуд Молленхауэр ва Симпсонларга шахсан бўлмаса-да, шаҳар заёмининг чиқиши билан боғлиқ ишни муваффақият билан бажара олган одам сифатида танилганди. Улар Каупервудга мурожаат қилиб, Стинер жуда оқилона йўл тутганини айтишарди. Фонд биржасининг қоидасига кўра ҳамма битимлар кун охирида якунланиши ва эртаси куни охирида эса балансланишни тақозо қиларди; бироқ янги ғазначи билан келишув Каупервудга бу қоидага амал қилмаслик ҳуқуқини берган бўлиб, унинг ихтиёрида заёмлар чиқиши билан боғлиқ бўлган ҳамма битимлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун кейинги ойнинг биринчи санасигача вақт, баъзида эса бутун ўттиз кун бор бўларди.
Қолаверса, буни моҳиятига кўра ҳисобот деб бўлмасди, чунки ҳамма қоғозлар унинг қўлида қоларди. Заёмнинг кўлами жуда катта бўлгани учун Каупервуднинг ихтиёридаги маблағ ҳам катта бўлиб, трансферт1616
Бу ерда: қайд қилинган қимматбаҳо қоғозларга эгалик қилиш ҳуқуқининг бир шахсдан бошқасига берилиши.
[Закрыть] деб аталадиган нарсалар ва баланс ҳисоботлари ойнинг охиригача оддий расмиятчилик бўлиб қоларди. Фрэнкда шаҳар заёми сертификатларидан чайқовчилик мақсадларида фойдаланиш, уларни худди ўзиникидек истаган банкка депозитга қўйиш имконияти бўлиб, шу йўл билан номинал қийматининг етмиш фоизи миқдорида нақд пул олиши мумкин эди ва у сира виждони қийналмаган ҳолда шундай қиларди ҳам. У ойнинг охиридагина ҳисоб берадиган шу йўл билан топилган пуллардан Каупервуд бошқа биржа операцияларида фойдаланар, бундан ташқари эса бу пуллар яна янги қарз олиш имконини берарди. Фрэнкнинг ресурслари энди ҳаддан ташқари ошиб кетган бўлиб, фақат вақт ва ўз кучи ҳамда топқирлиги уларнинг чегараси бўлиб хизмат қиларди. Шаҳарнинг сиёсий корчалонлари бу ишлар Каупервуд учун қанчалик даражада қайнар хумча бўлганини тасаввур ҳам қилолмас, чунки улар Фрэнкнинг устомонлигини билишмасди. Стинер олдиндан шаҳар мэри Стробик ва бошқалар билан гаплашиб олганидан сўнг Каупервудга йил давомида шаҳарнинг ўзини ўзи идора қилиш китоби бўйича унинг номига икки миллион ўтказиб туришини айтганида, Фрэнк бир оғиз ҳам сўз демади – у ҳайратдан қотиб қолганди. Икки миллион! Ва у бу пулларни хоҳлаганча сарфлаши мумкин! Уни молия маслаҳатчиси қилиб чақиришди, у маслаҳат берди ва бу маслаҳатни қабул қилишди! Ажойиб!..
Каупервуд виждони қийналиб юрадиган одамлар сирасига кирмасди. У ҳали ҳам ўзини виждонли сармоядор деб ҳисобларди. Ахир у ўзининг ўрнида бўлиши мумкин бўлган одамдан кўра шафқатсизроқ бўлгани йўқ.
Айтиб ўтиш керакки, Стинернинг шаҳар маблағлари билан амалга оширган устомонликлари маҳаллий корчалонларнинг кўнка темир йўли назорати масаласида тутган ўрнига алоқадор эмасди. Бу масала шаҳар молиявий ҳаётидаги янги ва ҳаяжонга солувчи бир қадам эди. Бу ишга якка ҳолда таваккал билан ҳаракат қиладиган Молленхауэр, Батлер ва Симпсон каби кўплаб етакчи финансист ва сиёсатчилар қизиқаётганди. Бу сафар уларнинг ўртасида ҳеч қандай келишув йўқ эди. Тўғри, бу масалага чуқурроқ ёндашганларида, эҳтимол, ўртага бегона одамнинг аралашувига йўл қўймасликка қарор қилишган бўларди. Бироқ у пайтда Филадельфияда кўнка темир йўл линиялари ҳали кам бўлиб, кейинчалик юзага келган йирик бирлашмаларни ташкил этиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Шунга қарамай, Каупервуд билан қилган битимидан хабар топган Стробик Стинернинг олдига келиб, унга ўзининг янги режасини тушунтириб берди. Уларнинг барчаси, биринчи навбатда Стробик билан Стинернинг ўзи Каупервуднинг ортидан кун кўради. Каупервуд билан бирга у ва Стинер, тўғрироғи, Стинернинг махфий вакили (Стробик бу бизнесда очиқ иштирок этишга журъат қилолмади) кўнка темир йўли линияларидан бирининг акцияларидан кўпроқ сотиб олиб, унинг устидан назоратни ўз қўлларига олишса, бунга нима халал беради? Стробик кейин муниципалитетдан янги линиялар ўтказишга рухсат ололса, бу янги линиялар нима бўлганда ҳам уларнинг қўлларига ўтади. Тўғри, Стробик кейинчалик уддаласа, Стинерни ишдан четлаштиришга умид қилганди. Ҳозир эса кимдир тайёргарлик ишларини олиб бориши керак-ку, нега энди буни Стинер қила олмас экан? Айни пайтда Стробик бундай “иш” жуда эҳтиёткорлик талаб қилишини, чунки унинг бошлиқлари доим зийрак туришларини ва агар шахсий манфаат учун шундай ишга аралашганини билиб қолишса, уни сиёсий фаолиятини давом эттириш имкониятидан маҳрум қилишлари мумкинлигини яхши биларди. У эса фақат шу орқалигина бойлик орттириши мумкин. Яна ёдда тутиш лозимки, истаган ташкилот, масалан, ҳаракатдаги шаҳар линияларидан бирига эгалик қилувчи компания линияни узайтириш учун рухсат сўраб муниципалитетга ариза билан чиқиш ҳуқуқига эга. Бу нарса шаҳар фаровонлиги учун хизмат қилади, шунинг учун ҳам бундай аризалар қондирилади. Бунинг устига, Стробик бир вақтнинг ўзида ҳам кўнка темир йўли акционери ва ҳам шаҳар мэри бўла олмайди. Каупервуд норасмий ҳолда Стинерга хизмат қиладиган бўлса, унда бошқа гап!
Стинер Стробикнинг номидан Каупервудга тушунтириб берган бу режа йигитнинг шаҳар ҳукуматига бўлган қарашларини бутунлай ўзгартириб юборганди.
Каупервуд Эдвард Батлер билан унинг агенти сифатида якка ҳолда ишлаётгани ва у на Молленхауэр ва на Симпсон билан ҳали бирор марта учрашмаганига қарамай, шаҳар заёмлари билан ишлаб, аслида уларга хизмат қилаётганини сезиб турарди. Бошқа томондан эса Стинер унинг олдига келиб зимдан кўнка темир йўллари акцияларини сотиб олишни таклиф қилганида, Фрэнк унинг ўзини тутишидан бу иш тоза эмаслиги ва Стинер ҳам, ўзи ҳам буни қонунга қарши деб билишини дарров тушунганди.
– Каупервуд, айтинг-чи, – биринчи марта бу ҳақда гап бошлаётиб (улар бу пайтда Олтинчи ва Честнат кўчаларининг бурчагида жойлашган шаҳар бошқармасининг эски биносидаги Стинернинг хонасида ўтиришар ва ол диндан келадиган фойдани ўйлаб, ғазначининг кайфияти аъло эди) – муомалада кейинчалик, маблағ етарли бўлса, шу йўлни қўлга киритадиган бирорта кўнка темир йўлининг қоғози йўқми?
Каупервуд бундай қоғозлар борлигини биларди. Унинг ўткир зеҳни бунда қанчалар имкониятлар борлигини ҳам жуда яхши тушуниб турарди. Аста-секин омнибуслар йўқолиб бораётган, кўнканинг энг яхши маршрутлари қўлга олиб бўлинганди. Шунга қарамай, кўчалар етарлича бор, шаҳар эса кун эмас, соат сайин ўсиб борарди. Бу эса келажакда катта нарсаларни ваъда қиларди. Таваккал қилиб, агар кутиш имконияти бўлса, ҳозирда мавжуд қисқа линияларга истаган нархни тўлаб, кейинчалик одам кўп жойлашган ва бой районларга йўл ўтказиб, уларни узайтириш мумкин эди. Каупервуднинг хаёлида аллақачон кейинчалик “туганмас занжир” ёки “қабул қилиш мумкин бўлган формула” деб аталган назария туғилган бўлиб, бунинг маъноси шундай эди: узоқ муддатли тўлов шарти билан у ёки бу нарсани сотиб олиб, нафақат харидорни қониқтириш, балки меҳнатлари учун ўзини тақдирлаш мақсадида акциялар ёки облигациялар чиқариш, кейин эса бунда шу йўл билан келадиган, бошқа ишларга сарфлаш мумкин бўлган маблағ ҳақида айтмай турибоқ, уларга асосланиб янгидан-янги акциялар чиқаришда чексиз давом этиш!
Кейинчалик бу нарса оддий иш усулларидан бири бўлиб қолади, бироқ у пайтларда Каупервуднинг фикри янгилик эди ва у ўз режасини ҳозирча сир сақлаётганди. Шунга қарамай, Стинер бу ҳақда гап очганида у суюниб кетди, чунки кўнка темир йўлларини маблағ билан таъминлаш унинг орзуси эди ва бир куни келиб қўлига олганида бу ишни қойиллатиб бажаришига ҳам амин эди.
– Ҳа, албатта, Жорж, – вазминлик билан жавоб берди у. – Қўлда пул бўлса, вақти келиб яхшигина ишлаб олиш мумкин бўлган икки-учта линия бор. Мен аллақачон биржада кимдир уларнинг акция пакетларини таклиф қилишини сезгандим. Биз ана шу акцияларни сотиб олсак бўларди, кейин эса кўрамиз: балки, акция эгаларидан бирортаси яна ўз пакетини сотишни ўйлаб қолар. Грин-стрит ва Коутс-стрит линиялари назаримда яхшига ўхшаяпти. Агар ҳозир бу ишга тикиш учун учтўрт юзим бўлганида, у билан шуғулланардим. Темир йўлни назорат қилиш учун акционерлик капиталининг ўттиз фоизчасигина кифоя қилади. Кўп акциялар ҳеч қачон умумий мажлисларда бўлмайдиган ва овоз беришда қатнашмайдиган одамларнинг қўлида тарқалиб кетган. Менимча, йўл устидан назоратни қўлга олиш учун икки юз ёки уч юз кифоя бўларди.
Каупервуд улар вақти келиб худди шу йўл билан қўлга киритишлари мумкин бўлган яна бир линияни айтиб ўтди. Стинер ўйланиб қолди.
– Бу жуда катта пул, – журъатсизгина деди у. – Майли, ҳали бу ҳақда яна гаплашамиз.
У дарҳол Стробик билан маслаҳатлашгани кетди.
Каупервуд бу ишга тикиш учун Стинернинг икки юз ёки уч юз минги йўқлигини яхши биларди. Бу пулни у фақат биргина йўл билан – айнан фоизлардан воз кечиб, шаҳар ғазнасидан олиши мумкин. Бироқ бу ишни юрак ютиб ёлғиз ўзи қила олмаса керак. Унинг орқасида кимдир турса керак, албатта. Молленхауэр, Симпсон ёки ҳатто Батлердан бошқа ким бўлиши мумкин? Батлер тўғрисида Каупервуднинг ишончи комил эмас эди, мабодо у бу ерда ҳам зимдан туриб “триумвират”ни бошқармаётган бўлса! Бунинг нимаси ажабланарли? Сиёсатдаги корчалонлар доим шаҳар ғазнасини ўмаришган ва Каупервуд ҳозир фақат бу ишда ўзини қандай тутиши кераклиги тўғрисидагина ўйларди. Стинернинг фитнаси муваффақиятли ўтадиган бўлса, унга нима хавф солади ўзи? Бу режа иш бермайди деб ўйлашга асос борми? Бироқ шундай бўлганда ҳам Каупервуд фақат агент сифатида ҳаракат қиладику! Бунинг устига, у Стинернинг манфаатлари йўлида бу пулларни ишлатаркан, агар ишлар яхши кетадиган бўлса, унинг ўзи ҳам бир нечта линиялар устидан назорат қилишга эришиши мумкин.
Каупервуд бу ерда яқин жойдаги янги уйининг ёнидан ўтган Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалар линиясига энг кўп қизиқаётганди. Ишда ушланиб қолган ёки экипажни кутишни хоҳламаган ҳолларда Каупервуд бу линиялардан фойдаланарди. У қизил ғиштдан қурилган уйлар бор гавжум кўчалардан ўтарди ва вақти келганда, шаҳар ўсиши билан жуда даромадли бўлиши керак эди. Бироқ ҳозир бу кўча жуда қисқа. Мана шу линияни олишга эришиб, уни Батлер, Молленхауэр ёки Симпсонлар линияси билан боғлай олса, у ҳолда қонун чиқарувчи мажлисдан қурилишни давом эттириш учун рухсат олишга эришиш мумкин. Фрэнк аллақачон таркибига Батлер, Молленхауэр, Симпсон ва унинг ўзи кирган концернни кўз олдига келтираётганди. Бу таркиб билан улар хоҳлаган нарсаларига эришишлари мумкин. Бироқ Батлер саховатпеша эмас. У билан гаплашиш учун қўлда етарли маблағ бўлиши керак. У ушбу комбинация одамни қизиқтирадиган нарса эканлигига ўз кўзи билан ишониши керак. Бундан ташқари, Каупервуд кўнка темир йўли акцияларини сотиб олиш бўйича Батлернинг агенти эди ва агар айнан мана шу линия катта фойда ваъда қилса, унинг акциялари нега биринчи бўлиб ўзига таклиф қилинмаганига қизиқиб қолиши мумкин.
Каупервуд, яхшиси, йўл бутунлай ўзиники бўлмагунча кутиб туришга қарор қилди. У ҳолда бошқа гап: у Батлер иккиси худди капиталист капиталист билан гаплашгандек гаплашади. Фрэнк ўз орзуларида аллақачон унча кўп бўлмаган, бундан ҳам яхшироғи, унинг ўзи, Каупервуд назорат қилаётган шаҳар темир йўлининг бутун бир тармоғини кўраётганди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.