Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 37 (всего у книги 41 страниц)
Суднинг эртаси куниёқ Эйлин қамоқхонанинг совуқ уфуриб турган кулранг деворларига бир қараш учун борди. Айниқса, қонуннинг мураккабликлари ва жазо ҳақидаги низомлар тўғрисида ҳеч нимани тушунмагани учун қамоқхона унга даҳшатли туюлганди. У ерда унинг Фрэнкини нималар қилишмас экан? У жуда ҳам азоб чекаётганмикин? Йигит ҳам Эйлинни худди ўзи сингари тинмай ўйлаётганмикин? Буларнинг ҳаммаси қанчалик даҳшатли! Қиз ўзига, йигитга бўлган чексиз муҳаббатига жуда ачиниб кетаётганди.
Эйлин шундан сўнг йигитни бориб кўришга қатъий қарор қилиб, уйига қайтиб кетди, бироқ Каупервуднинг олдига келадиганларни фақат уч ойда бир марта киргизишлари, учрашув ҳақида ўзи хат ёзишини айтганларини ўйлаб, энди нима қилишни билмай қолди. Ҳа, эҳтиёткорлик жуда муҳим эди.
Бироқ эртаси куннинг ўзидаёқ у йигитга ҳамма нарса ҳақида: ўзининг қамоқхона девори олдига боргани, севгилиси шу кулранг совуқ деворлар ортидалигини билиш унинг учун қанчалик даҳшатли эканини, Фрэнк билан тез орада кўришишга аҳд қилгани ҳақида ёзди. Яқингинада қамоқхона бошлиғи билан гаплашгани натижасида бу хат тезлик билан Каупервудга етказилди. Каупервуд жавоб хати ёзиб, жўнатиш учун уни Уингейтдан бериб юборди. У ерда шундай ёзилганди:
“Ўзимнинг суюклигим!
Назаримда, тез орада бирга бўлмаслигимиздан руҳинг тушиб кетган, бироқ ўзингни қўлга олишинг керак. Мени суддан сўнг тўғри шу ерга олиб келишди. Агар имконим бўлганида ўша заҳотиёқ сени хотиржам қилиш учун хат ёзиб юборган бўлардим, бироқ иложи йўқ эди. Бу ердаги тартиблар бунга йўл қўймайди: мен ҳозир ҳам яшириб ёзяпман. Нима бўлганда ҳам ҳозир қамоқдаман ва тезроқ бу ердан чиқиб кетишга муштоқман. Азизам, илтимос қиламан: агар бу ерга келадиган бўлсанг, жуда эҳтиёт бўлгин! Келсанг жуда хурсанд бўламан, сен менга куч берасан, бироқ ўзингга зиён қилиб қўйишинг мумкин. Бусиз ҳам сенга кўп (умуман, ҳали буни юва оламанми ёки йўқми) жабр қилдим. Мени ёдингдан чиқарсанг, ўзингга яхши бўларди, бироқ бундай қилмаслигингни яхши биламан ва шундай бўлган тақдирда қайғудан адо бўламан.
Жума куни соат иккида алоҳида ишлар бўйича судга боришим керак, бу Олтинчи ва Честнат кўчалари бурчагида, бироқ биз у ерда кўриша олмаймиз. Мен адвокатим учун жавобгар бўламан. Эҳтиёт бўл. Балки, яхшилаб ўйлаб кўриб, учрашувга келмассан”.
Мактубнинг охирги сатрларида Каупервуднинг Эйлин билан муносабатларига илк бор кириб келган ғамгин мисралар бор эди: вазият Каупервудни ўзгартирганди. У илгари ўзини кўнглига йўл топиш осон бўлмаган самовий бир жонзот деб ҳис қиларди, аслида Эйлин ҳам кўнглига йўл топиш осон бўлмаган одамлардан эди. Баъзан йигитга вақти келиб ўзи билан қиз ўртасидаги алоқалар ўз-ўзидан узилиб кетадигандек туюларди – ахир бир кун келиб, у шундай юқори даражаларга эришадики, Эйлин унга тенг бўлмай қолади. Ҳа, унинг хаёлидан шундай фикр ўтган эди! Бироқ ҳозир, йўл-йўл маҳбуслар кийимида у энди бошқача фикр юритаётганди. У билан узоқ ва қизғин муносабатлари туфайли қадри пасайган Эйлиннинг ҳозирги мавқеи барибир ўзидан устунроқ эди. Ахир у Эдвард Батлернинг қизи эмасми, узоқ айрилиқдан сўнг у қамоқда бўлиб келган одамнинг хотини бўлишни рад қилмайдими? У аслида, Каупервудни ташлаб кетиши керак, ўзи шуни хоҳлаб қолади. Нима учун у Каупервудни кутиши керак? Ҳали унинг ҳаёти барбод бўлганича йўқ. Жамиятда (йигитга шундай туюларди) қиз унинг маъшуқаси бўлганидан ҳамма ҳам хабар топмайди. У бошқа одамга турмушга чиқиши, йигитнинг ҳаётидан бутунлай кетиши мумкин. Шундай бўлса, у қаттиқ хафа бўлармиди? Бироқ шу билан бирга, оддий одамгарчилик юзасидан бўлса-да, қизга ўзи билан муносабатини узиш ёки жуда бўлмаганда бу ҳақда ўйлаб кўришни таклиф қилиши керак эмасми?
Каупервуд, ҳаққоний айтганда, қиз ўзини қўйиб юборишни хоҳламаслигига ишонарди. Ва ўзининг вазиятида, қизнинг ҳар қандай хавфга қарамай, севгисини асраб қолиши – уни ўтмишининг энг яхши кунлари билан боғлаб турувчи занжир эди. Уингейтнинг олдида (назоратчи Чепин аслида тартиб бўйича шу ерда туриши керак бўлса-да, яхшилик қилиб вақтинча ташқарига чиққанди) шошилганча Эйлинга ушбу хатни ёзатуриб, Каупервуд хатнинг охирида ўз шубҳаларини ёзмай тура олмади. Эйлин бу мисраларни ўқиркан, бу сўзлар унинг қалбини тешиб ўтгандек бўлди.
Хатдан йигитнинг бутун ғами, унинг тушкунлиги, руҳининг чўкиб қолгани сезилиб турарди. Йигит шунча узоқ ва ботирлик билан курашганига қарамай, афтидан, қамоқхона (қанчалик тез-а!) унинг иродасини букибдида! Эйлин бу қанчалик оғир ва хавфли бўлмасин, энди бутун борлиғи билан уни овутишга чанқоқ эди! “Мен уни кўришим керак!” – ўзига ўзи деди у.
Каупервуднинг оила аъзолари – ота-онаси, укалари, синглиси ва хотинининг қамоқхонага келиб, хабар оли шига келсак, йигит уларга ўзини судга олиб боришадиган кунларнинг бирида келишни, улар рухсат олишган тақдирда ҳам, (мабодо ўзи буни хоҳлаб қолмаса ёки Стежер орқали буни маълум қилмаса) уч ойда бир мартадан кўп келмасликни сўради. Рости, ҳозир уларнинг ҳеч бирини кўргиси келмаётган, ҳамма нарса жонига текканди. Унинг ҳозирги ягона истаги – яқин ўтмишидаги ўзи бошидан кечирган ва маълум бўлишича, беҳуда бўлиб чиққан нарсаларни унутиш эди.
Бу пайтга келиб Каупервуд суд харажатлари, ҳимоячига, оиласи ва бошқа нарсаларга камида ўн беш минг сарфлади. Бироқ бу нарса уни безовта қилмаётганди. У Уингейтни қурол қилиб, нимадир ишлаб олишга умид қилаётганди. Қариндошлари бутунлай маблағсиз қолишмаган, оддийроқ ҳаёт кечиришга етарли пуллари бор. Фрэнк уларга камроқ харажат талаб қиладиган уйга кўчиб ўтишни маслаҳат берган ва яқинлари шундай қилишганди: ота-онаси, укалари ва синглиси катталиги ўзларининг Батнвуд кўчасидаги эски уйларидек уч қаватли уйга кўчиб ўтишган, хотини эса Йигирма биринчи кўчадаги қамоқхонадан унча узоқ бўлмаган жуда тор ва арзон икки қаватли уйга кўчганди. Каупервуд алдов йўли билан Стинердан олиб, яшириб қўйган ўттиз беш минг долларнинг бир қисми шу кўчиш ишларига кетди.
Жирард авенюдаги баҳайбат иморатларидан кейин бу янги уйлари Ҳенри Каупервудга жуда ғарибона кўринаётганди. Фрэнкнинг ҳамма шахсий мулки энди васийлик қўлига ўтган бўлиб, муҳташам уйларидан бирорта қимматбаҳо нарсани олиб чиқиб кетишнинг иложи бўлмади. Ҳамма буюмлар кредиторлар ҳисобига кимошди савдосига қўйилиши керак эди. Анча илгари ўтказилган рўйхатдан Каупервудлар арзимаган майдачуйда нарсаларнигина яшириб қола олишди. Кекса Каупервуд олиб қолишни жуда хоҳлаётган нарсалар ичида Фрэнкнинг эскизи асосида ясалган ёзув столи ҳам бор эди. Бироқ бу стол беш юз долларга баҳоланган, энди шу пулни шерифга тўлагандан кейингина ёки аукционда сотиб олиши мумкин эди. Бироқ Ҳенри Каупервудда бунча пул бўлмагани учун стол бегона қўлларга ўтиб кетди. Уйларда ҳаммалари асраб қолгилари келаётган жуда кўп нарсалар бор эди ва Анна бир амаллаб уларнинг бир нечтасини яшириб қўйди ва бу ҳақда анча пайт ўтгандан кейингина ота-онасига айтиб берди.
Шерифнинг буйруғи билан Жирард авенюдаги иккала хонадонда кимошди савдоси бўлиб ўтадиган кун ҳам етиб келди. Истаган одам хонама-хона юриб, ким юқори нарх айтаётган бўлса, қўлдан-қўлга ўтаётган расмларни, ҳайкаллар ва бошқа санъат асарларини кўра олаётганди. Каупервуд санъатни яхши кўрадиган ва уларни тўплашни уддалайдиган одам сифатида ном қозонганди: бу номнинг қанчалар ўзини оқлашини у йиққан буюмларгина эмас, балки Филадельфияда диди ва фикри жуда қадрланадиган Нортон Флетчер, Уилтон Элсуорт, Гордон Стрейк ва бошқа архитектор ҳамда антикварларнинг завқли изоҳлари ҳам исботлаётганди. Каупервуд жуда яхши кўрган ажойиб буюмлар, итальян Уйғониш даврининг энг гуллаган пайтига оид бронза ҳайкалчалар, танлаб-танлаб олинган Венеция ойнаси, ҳайкалтарошлар Пауэрс, Хосмер ва Торвальдсенларнинг, ўттиз йиллардан кейин одамлар фақат жилмайиб қўядиган, бироқ ўша пайтларда жуда юқори баҳоланган ҳайкаллари, Гилбертдан Йемен Жонсонгача бўлган машҳур Америка рассомларининг полотнолари, замонавий француз ва инглиз мактабларининг намунаси бўлган бир қатор асарлар арзимаган пулга кетди. У пайтларда Филадельфияда санъатни унча тушунишмасди, шунинг учун баъзи расмлар етарлича баҳоланмай, ўзининг асл нархидан анча арзонга сотилиб кетди. Стрейк, Нортон ва Элсуортлар аукционга келиб, иложи бўлган нарсаларнинг барини сотиб олишди. Қизиқроқ бирор нарса бормикин деб сенатор Симпсон, Молленхауэр ва Стробиклар ҳам келишди. Бу ерда майда сиёсий арбобларнинг бутун бир тўдаси ҳам бор эди. Бироқ савдога тушган нарсаларнинг энг яхшисини Симпсон – ҳақиқий санъатни тушунадиган одам сотиб олди. Унинг қўлига иккита баланд, оқҳаворанг Мавритания вазаси, бир нечта хитой идишлари тушди. Молленхауэр эса арзимаган нархга Ҳенри Каупервуднинг даҳлизида ва меҳмонхонасидаги буюмлар, Эдвард Стробик эса ётоқхонанинг иккита гарнитурини олди. Адам Дэвис ҳам савдога келишни лозим кўриб, кекса Каупервуд жуда қадрлайдиган “буль” услубидаги ёзув столини олди. Флетчер Нортонга тўртта грекча кўза, ажойиб санъат асари деб ҳисоблаган ва Каупервудга ҳам ўзи сотган иккита амфора (кўзасимон қўшқулоқ идиш) тегди.
Бошқа кўпгина ажойиб нарсаларни, шу жумладан, стол сервизи, гобелен, Бари бронзаси ва Детайл, Фортуна, Жорж Иннесларнинг асарларини Уолтер Ли, Артур Райверс, Жозеф Зиммермен, судья Китчен, Ҳарпер Стежер, Тэренс Рэлихен, Трэнор Дрейк, жаноб Саймон Жонс хотини билан, жаноб Дэвисон, Фруэн Кэссон, Флетчер Нортон ва судья Рафальскийлар сотиб олишди.
Савдо-сотиқ бошлангандан сўнг тўрт кун ўтиб иккала уй ҳам бўшаб қолганди. Ҳатто ўз вақтида Ўнинчи кўчадаги тўққиз юз ўттиз биринчи уйда бўлган ва кейин уй эгалари сақлаб қўйиш учун топширган нарсалар ҳам омбордан олиниб, иккала уйнинг буюмлари билан бир қаторда сотувга қўйилганди. Фақат ана шу нарса Каупервуднинг ота-онасини ўғиллари билан унинг хотини ўртасида қандайдир гап бор деган хулосага олиб келди. Оиланинг барбод бўлиш манзарасини ҳеч ким сезмаганди. Газеталардан савдо ҳақидаги ахборотларни ўқиган Эйлин улар билан ўзининг ҳам гўзал хотиралари боғлиқ бўлгани ва Каупервуднинг чиройли буюмларни беҳад қадрлашини билгани учун қаттиқ тушкунликка тушди. Бироқ у кўп ғам чекиб ўтирмади, чунки йигитнинг вақти келиб озодликка чиқиши ва молия дунёсида олдингидан ҳам юқори ўринга эга бўлишига ишонарди. Нега шундай хаёлга бораётганини ўзи ҳам айтолмасди-ю, аммо бунга ишончи комил эди.
55
Бу орада Каупервудни бошқа назоратчи қўл остига, учинчи корпуснинг қуйи этажида жойлашган янги камерага кўчиришди. Ўлчами ўнга ўн олти фут бўлган камера бошқаларидан фарқ қилмасди, бироқ олдида биз юқорида айтиб ўтган ҳовличаси бор эди. Шундан икки кун олдин Каупервуднинг олдига қамоқхона бошлиғи Десмас келиб, эшикдаги тешик орқали уларнинг ўрталарида қисқа суҳбат бўлиб ўтди.
– Душанба куни сизни бу ердан кўчиришади, – ҳар доимгидек шошилмай, бир маромда деди Десмас. – Сизга ҳовлиси бор камера беришади; бироқ ундан кўп фойда бўлмайди, чунки кун давомида камерадан ташқарида фақат ярим соатгина бўлиш мумкин. Мен назоратчини олдингизга иш билан келадиган одамлар масаласида огоҳлантириб қўйдим. У қаршилик қилмайди. Фақат уларга жуда кўп вақт ажратманг ва ҳаммаси яхши бўлади. Мен сизга стул тўқишни ўргатишга аҳд қилдим. Менимча, бу сиз учун жуда тўғри келадиган иш. У енгил юмуш, бироқ диққатни талаб қилади.
Қамоқхона бошлиғи ва у билан алоқадор бир нечта сиёсий арбоблар бу ерда тайёрланган маҳсулотлардан катта даромад олишарди. Меҳнат чиндан ҳам оғир эмас ва жуда оддий эди, кунлик вазифа ҳам чидаса бўладиган даражада бўлиб, тайёр маҳсулотлар дарров сотилар ва иш пули берувчиларнинг чўнтагига кетарди. Шу боис улар маҳбусларни бекор қолдирмасликка ҳаракат қилишар ва бу уларнинг ўзи учун ҳам фойдали бўларди. Каупервуд нима биландир шуғулланиш мумкинлигидан хурсанд бўлаётган, чунки уни китоблар у қадар ўзига тортмас, Уингейт билан иш юзасидан алоқалари ва эски юмушлари унинг ақлини машғул қилиш учун камлик қиларди. Лекин Каупервуд ҳозирнинг ўзида ўзига шунчалик бегона бўлиб кўринаётган бўлса, панжара ортида ўтириб стул тўқиганида нимани ҳис қилишини ўйламай тура олмаётганди! Шунга қарамай, Каупервуд иш учун ва унга ҳозиргина келтиришгани – чойшаб ва тозалик анжомлари олиб келишларига рухсат бергани учун Десмасга миннатдорлик билдирди.
– Гапиришга арзимайди, – мулойимлик билан деди Десмас (бу пайтга келиб у Каупервудга жуда қизиқиб қолганди). – Бу ерда ҳам ҳамма жойдагига ўхшаб турли одамлар борлигини жуда яхши биламан. Агар инсон бу нарсаларга ўрганган ва озода яшамоқчи бўлса, бунга қаршилик қилмоқчи эмасман.
Каупервудга қўлига тушган янги назоратчи Элиас Чепинга ўхшамасди. Унинг исми Уолтер Бонҳег бўлиб, ўттиз етти ёшлардаги тепса-тебранмас, бироқ айёр одам эди. Ҳаётдаги асосий мақсади маошидан ташқари келадиган даромадни кўпайтириш бўлган бу одамни ўзини тутишидан Десмаснинг гап ташувчиси деб ўйлаш мумкин эди, бироқ қисмангина тўғри эди. Бонҳегнинг муғомбир ва ялтоқилиги, ўзи ёки бировга фойда келтирадиган нарсани дарров илғайдиган одатини билган Десмас уни бирорта маҳбусга енгиллик беришга кўндириш қийин эмаслигини яхши тушунарди: унга шундай қилиш кераклиги ҳақида ишора қилинса, бас. Қисқача айтганда, агар Десмас бирорта маҳбусга озгина қизиқишини кўрсатса, бу ҳақда Бонҳегга айтиб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Унга шунчаки бу маҳбус бутунлай бошқача ҳаёт тарзига ўрганган ёки бошидан ўтказган қийинчиликлар сабаб унга ёмон гапириш қаттиқ таъсир қилади, дейилса кифоя эди ва Бонҳег бу маҳбус учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Фақат тентак бўлмаган ва сал ақлини ишлатадиган одамга унинг эътибори ёқмаслиги мумкин эди, чунки назоратчининг чойчақа талаб қилаётгани очиқойдин кўриниб турарди; камбағал ва нодонлар билан эса у жуда қўпол муносабатда бўлар, ўзини улардан юқори тутарди. Бонҳег қамоқхонага махфий равишда олиб келиб маҳбусларга сотадиган маҳсулотларидан ўзи учун доимий даромад ўрнатиб олганди. Қамоқхона тартиби бўйича (ҳеч бўлмаганда қоғозда!) маҳбусларга қамоқхона дўконида бўлмаган моллар, айнан: яхши тамаки, ёзув қоғози, перо ва сиёҳ, виски, сигара ёки ширинликлар олиб келиб бериш қатъиян тақиқланарди. Бошқа томондан эса (бу Бонҳег учун жуда қўл келарди!) маҳбусларга жуда сифати паст тамаки ва ҳеч нарсага ярамайдиган нарсаларни беришар ва булардан яхшироғини топа олишга қурби етадиган ва ўзини-ўзи ҳурмат қилган бирорта ҳам одам уларни ишлатмасди. Вискига умуман рухсат йўқ эди, ширинликлар эса улар келтириб берилган одамларнинг бошқалардан устунлигининг исботи бўларди. Шунга қарамай, униси ҳам, буниси ҳам қамоқхонада камёб нарса эмасди. Агар маҳбуснинг пули бўлиб, у Бонҳег орқали нимадир келтирмоқчи бўлса, у истаган нарсасини олишига бемалол умид қилса бўларди. Ҳатто пулга қамоқхонанинг асосий ҳовлисида бўлишга рухсат берадиган ва камерасининг ҳовлисида рухсат этилган ярим соатдан кўпроқ бўлиш имконини берадиган “содиқ” унвонини сотиб олса бўларди.
Ғалати туюлса-да, Бонҳегнинг Стинер – сиёсий ҳамкорларининг аралашуви натижасида яхши муомала қилинаётган собиқ ғазначи қўл остида бўлган бошқа назоратчи билан ош-қатиқлиги Каупервуд учун айни муддао бўлди. Бонҳегнинг ўзи жуда газета ўқийдиганлардан эмас, сиёсий ҳодисаларни ҳам жуда тушунавермасди, бироқ Стинер ва Каупервудларнинг илгари катта одам бўлишгани ҳамда улардан Каупервуд муҳимроқ одам эканини билиб қолганди. Бундан ташқари, у яна Каупервуднинг пули борлигини ҳам эшитганди. Бу ҳақда унга газета ўқишга рухсат берилган маҳбуслардан бири айтган эди. Хуллас, қамоқхона бошлиғи Десмаснинг сездирмайгина берган буйруғидан қатъи назар, Бонҳегнинг ўзи ҳам йигитга (албатта текинга эмас!) хизмат қилишга тайёр эди.
Каупервуд янги камерага кўчирилган куннинг ўзида Бонҳег ҳали очиқ турган эшик олдига лапанглаб келиб, ғамхўрлик билан сўради:
– Қалай, нарсаларингизнинг ҳаммасини ташиб бўлдингизми?
Аслида у маҳбус камерага кириши билан эшикни ёпиши керак эди.
– Ҳа, сэр, – деди Чепиндан янги назоратчининг исмини олдиндан билиб олган Каупервуд. – Сиз жаноб Бонҳегсиз-а?
– Худди ўзи, – жавоб қилди ўзини ҳурмат қилишганидан яхшигина севиниб кетган назоратчи, бироқ уни янги танишувдан келадиган амалий натижа кўпроқ қизиқтираётганди. У тезроқ Каупервудни билиб олгиси келаётган, унинг қандай одамлигига қизиқиб кетаётганди.
– Бу ер тепадагидан анча яхшироқ эканини ҳали кўрасиз, – деди у. – Унчалик дим эмас. Ташқаридаги иккинчи эшикларнинг ҳам аҳамияти бор.
– Тушунарли, – деди эҳтиёткорона оҳангда Каупервуд. – Афтидан, бу жаноб Десмас менга айтган ўша ҳовлича бўлса керак.
Бу сеҳрли исм айтилиши билан Бонҳегнинг қулоқлари ювош отнинг қулоғидек динг бўлди. Демак, бу Каупервуд Десмас билан шунчалик дўстона муносабатда экан, унга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади.
– Ҳа, шу сизнинг ҳовлингиз. Бироқ ундан фойда кам, – қўшиб қўйди назоратчи, – чунки бошлиқлар у ерда ярим соатдан ортиқ қолишга рухсат беришмайди. Албатта, кўпроқ қолса ҳам, ҳеч нарса қилмаган бўларди…
Бу пора ҳисобига маълум енгилликларни сотиб олиш мумкинлигига биринчи ишора эди ва Каупервуд буни унинг гап оҳангиданоқ тушунди.
– Эсиз, наҳотки маҳбуснинг ўзини яхши тутиши ҳам тартибни ўзгартирмаса?
Каупервуд жавобни кутди, бироқ Бонҳег ҳеч нарса бўлмагандек, гапида давом этди:
– Сизга ҳунар ўргатишим керак бўлади. Бошлиқ стул тўқиш билан банд бўлишингизни айтди. Агар хоҳласангиз, ҳозироқ бошлашимиз мумкин.
Бонҳег Каупервуднинг розилигини ҳам кутмай қаергадир чиқиб кетди ва сал ўтиб, учта бўялмаган ва битмаган стул ҳамда бир боғлам қамиш пояси билан кириб келиб, уларни полга ташлади. Сўнгра тантанали оҳангда деди:
– Диққат билан қаранг!
Кейин у Каупервудга толаларни олдин стулнинг четидаги тешиклардан ўтказиб қандай ўришни ва уларни қандай қирқиб, маҳкамлашни кўрсата бошлади. Сал ўтиб эса у бигиз, болғача, омбир ва қозиқчалар солинган қутини ҳам олиб келди. Геометрик шаклларни қандай чиқаришни бир неча марта кўрсатгач, Каупервудга бу юмушни ўзи қилиб кўришига рухсат берди ва йигитнинг елкаси оша ишини кузатиб турди. Ақлий ишми ёки жисмонийми, бундан қатъи назар, ҳамма нарсани тез илғаб оладиган сармоядор ўзигагина хос бўлган чаққонлик билан ишни бошлаб, беш дақиқадан кейиноқ Бонҳегга худди бошқалар каби яхши ишлашини исбот қилди. Тўғри, тезлик ва усталик тажриба билан келади.
– Ишингиз яхши кетади, – деди назоратчи. – Кунига ўн дона тайёрлаш керак бўлади. Қўлингиз ўрганиб олмагунча биринчи кунлар, албатта, ҳисобга кирмайди. Кейинроқ ишларингиз қандай кетаётганини кўриш учун яна кириб ўтаман. Сочиқни эшикка осиб қўйиш ҳақида биласиз-а?
– Ҳа, жаноб Чепин менга тушунтириб берганди, – жавоб берди Каупервуд. – Қоидаларнинг кўпини биламан ва уларни бузмасликка ҳаракат қиляпман.
Охирги кунлар Каупервуднинг қамоқхонадаги ҳаётига кўп ўзгаришлар келтирди, бироқ бу ҳаётни чидаса бўладиган қилиш учун бу етарли эмасди. Бонҳег Каупервудга стул тўқишни ўргата туриб, бир қатор хизматларга тайёрлигини гап орасида қистириб ўтди. Бунинг сабабларидан бири Стинернинг олдига Каупервуддан кўпроқ одамлар келаётгани эди, ғазначига вақт-бевақт мевалар солинган саватлар олиб келишаётгани (маҳбус кейин буларнинг барини назоратчига берарди) ва хотини ва болаларига рухсат этилган пайтдан ташқари вақтларда Стинер билан учрашувга қўйиб қўйилгани унинг тинчини бузган, Бонҳегнинг ҳасади келаётганди. Бу қанақаси – бошқа бир назоратчи тўртинчи галереяда маза қилиб яшаётгани билан мақтаниб ўтирса!
Бонҳег Каупервуднинг руҳи кўтарилиб, у ҳам обрўси борлигини кўрсатиб қўйишини хоҳлаётганди. Шу мақсадда назоратчи секин савол ташлашни бошлади:
– Олдингизга ҳар куни адвокатингиз ва ҳамкорингиз келиб туришганини кўряпман. Эҳтимол, яна бошқа одамларни ҳам кўришни хоҳларсиз? Тўғри, қоида ва тартибларимиз хотин, опа-сингил ёки бошқа бировларнинг рухсат этилмаган кунда келишларига йўл қўймайди, – Бонҳег шу ерда бироз тин олиб, Каупервудга худди махфий ниманидир айтмоқчидек сирли қараб, қўшиб қўйди, – бироқ бу ерда ҳамма қоидалар ҳам аниқ бажарилавермайди.
Каупервуд шундай фурсатни қўлдан чиқариб ўтирадиганлардан эмас эди. У қисман хурсандлигини билдириш, қисман эса Бонҳегдан миннатдорлигини сездириб қўйиш учун сал жилмайди. Кейин эса жавоб қилди:
– Гап шундаки, жаноб Бонҳег, тушунишимча, менинг қандай вазиятда эканимни бошқалардан кўра яхшироқ тушуниб турибсиз ва шунинг учун сизга очиғини айтмоқчиман. Албатта, олдимга келишни истайдиган одамлар бор, бироқ бунга рухсат борми-йўқми, билмаганим учун уларни таклиф қилишга қўрқиб ўтиргандим. Агар ёрдам берсангиз, сиздан жуда миннатдор бўлардим. Биз тажрибали одамлармиз ва мен кимдир яхшилик қиладиган бўлса, бунинг учун кимдан қарздор эканини ёдда сақлаши зарурлигини жуда яхши биламан. Агар уринишларингиз билан бу ерда анча қулайликларга эга бўлсам, бунинг қадрига ета олишимни сизга исботлайман. Ёнимда пулим йўқ, албатта, бироқ исталган пайтда олиб келтиришим мумкин ва, албатта, сизни муносиб тақдирлайман.
Бонҳегнинг семиз калта қулоқлари бироз қизарди. Ақлли гапларни эшитиш қанчалар ёқимли!
– Сиз учун бу қўлимдан келади, – Каупервудни чин дилдан ишонтира бошлади у. – Бу ёғини менга қўйиб беринг! Қачон ва кимни кўришни хоҳласангиз, менга айтсангиз бўлди. Эҳтиёт бўлишим кераклиги (албатта, сиз ҳам) тушунарли, бироқ ҳаммаси яхши бўлади. Агар эрталаб ҳовлида кўпроқ қолишни истасангиз ёки бошқа вақтда чиққингиз келиб қолса – бемалол! Бу катта муаммо эмас: мен эшикни очиқ қолдираман. Агар жаноб Десмас ёки бошлиқлардан бирортаси яқинроқда бўлса, эшик панжарасини калит билан тақиллатаман, сиз эса дарров уни бекитиб оласиз. Агар бирор нима, масалан, мураббоми, тухум, сариёғ ёки шунга ўхшаган нимадир керак бўлса, олиб келиб бераман. Ахир яхшироқ таом егингиз келади барибир.
– Жаноб Бонҳег, сиздан жуда миннатдорман, – кулгисини зўрға босиб, жиддий турганча хотиржамлик билан деди Каупервуд.
– Боя гаплашган масаламизга келсак, – қайтарди назоратчи (у рухсат этилмаган кунларда ҳам учрашув масаласини назарда тутаётганди), – сиз истаган кунингиз ташкил қилиб беришим мумкин. Қоровулларнинг ҳаммасини биламан. Бирортасини кўргингиз келиб қолса, ўша одамга хатча ёзиб, менга беринг. У келганида мени сўрасин, ўзим уни олдингизга олиб келаман. Ўз камерангизда гаплашасиз. Тушунарлими? Фақат эшикни енгилгина тақиллатишим билан у одам кетиши керак бўлади. Шуни эслаб қолинг. Демак, менга хабар берсангиз, кифоя.
Каупервуд Бонҳегдан жуда миннатдор бўлди ва буни чиройли гаплар билан унга етказди. Унинг хаёлига биринчи бўлиб Эйлин келди: қиз энди унинг одига келавериши мумкин, унга хабар берилса бўлди. Фақат у қалин вуаль кийиб олиши керак, шунда ҳеч нарса хавф солмайди.
Каупервуд хат ёзишга тушди ва Уингейт келганда ундан хатни жўнатиб юборишни сўради. Икки кун ўтиб, учинчи кун пешинда, Каупервуд белгилаган пайтда Эйлин қамоқхонага келди. Унинг эгнида оқ духоба қўйиб тикилган ва тугмачаси кумушдек ярқираган кулранг мовут костюм, оппоқ мўйнадан ташлама ёқа бўлиб, қалпоғи ва муфтаси ҳам безак, ҳам совуқдан сақлашга хизмат қиларди. Кўзга ярқ этиб ташланадиган бу кийимларининг устидан келиши билан ечиб қўйиш ниятида узун қора ёпқич ташлаб олганди.
Эйлин бу учрашувга катта эътибор билан ясанган ва соч турмаги, оёқ кийими, қўлқоп ва тилла безаклари устида вақтини аямай сарфлаганди. У Каупервуднинг маслаҳати билан юзига қалин яшил вуаль ҳам тутиб олганди.
Эйлин Каупервуднинг олдида ҳеч ким бўлмайди, деб тахмин қилган вақтга етиб келди. Уингейт одатда соат тўртларда, иш куни тугаган пайтда келар, Стежер эса келадиган бўлса, одатда эрталаблари хабар оларди. Олдинда одатдагидан бошқачароқ ҳодиса кутаётганидан Эйлин жуда ҳаяжонланаётганди. У кўнкадан тушгач (қизга шу транспорт энг мақбул танлов бўлиб туюлди), кўчадан бурилиб қамоқхона томонга қараб йўналди. Совуқ ҳаво ва қамоқхонанинг кулранг деворлари сабаб қизнинг қалбини оғир ҳислар чулғаб олди, бироқ у севгилисининг кўнглини кўтариш учун бор кучи билан ўзини хотиржам тута билишга ҳаракат қилаётганди. У севгилисининг атай бўрттирган гўзаллигини қандай қабул қилишини жуда яхши биларди.
Эйлиннинг келишига Каупервуд ҳам камерасини иложи борича яхшилаб йиғиштиришга ҳаракат қилди. У полни яна артиб чиқиб, каравотдаги ўрин-кўрпасини тўғрилаб қўйди. Сўнгра соқолини олиб, сочларини таради, умуман иложи борича ўзини тартибга келтирди. Ўз иши – ўтирғичлари тугалланмаган стулларни у каравот остига тиқиб юборди. Кружка ва тоғорачаси ювилган ҳолда токчада турар, қўпол, оғир бошмоқларини эса шу мақсадда тутилган чўтка билан тозалаб қўйганди.
Эйлин уни ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаганди! Бу шароит Фрэнкнинг эстетик ҳисларини таҳқирларди. Қиз йигитнинг кийиниш бобидаги дидидан доим ҳайратга тушарди, энди эса ҳозир уни ҳеч қандай келишган қомат ҳам чиройли кўрсата олмайдиган кийимда кўради! Каупервудни руҳан тутиб турган ягона нарса ўз қадрини билиш ҳисси эди: нима бўлганда ҳам Фрэнк Каупервуд қандай кийимда бўлишидан қатъи назар, бу ниманидир англатади! Эйлин ҳам шу фикрда бўлади. Ахир у яна озод ва бой бўладиган кун келади, Эйлин ҳам бунга ишонади. Бундан ташқари, йигит қандай кўринишда, қандай аҳволда, қаерда бўлмасин, қиз унга худди ҳозиргидек муносабатда бўлади ва ҳатто ҳозиргидан ҳам кўпроқ севади. Каупервуд хавфсирайдиган ягона нарса қизнинг ҳаддан ташқари азоб чекиши эди. Бонҳег Эйлиннинг камерага киришига ўзи рухсат бергани қандай яхши бўлди: у билан панжара орқали гаплашишга чидаш қийин бўларди.
Эйлин қамоқхонага етиб келганда жаноб Бонҳегни сўради, уни марказий бинога олиб киришиб, Бонҳегни чақириб келиш учун дарров одам юборишди.
– Агар иложи бўлса, жаноб Каупервудни кўрмоқчи эдим, – шивирлади Эйлин жаноб Бонҳег олдига келганида.
– Яхши, сизни кузатиб қўяман, – ҳозиржавоблик билан деди Бонҳег.
У марказий бинога кириб келиши биланоқ аёлнинг юзини яхши кўра олмаса-да, унинг ёшлигидан ҳайратга тушганди. Бироқ Бонҳегнинг ўзи Каупервуддан айнан шундай нарсани кутганди! Ярим миллион пул ўғирлаб, бутун шаҳарни чув тушира олган одам, албатта, ажойиб саргузаштларни ҳам бошдан кечиради, Эйлин эса айнан саргузаштларга ўч одамга ўхшайди.
Бонҳег қизни ўзининг столи турган ва учрашувга келганлар маҳбусни кутадиган хонага олиб кирди, сўнг ишлаб ўтирган Каупервуднинг олдига қараб шошди. У калитни секин эшикка ураркан, сўради:
– Сизни қандайдир ёш аёл сўраяпти? Шу ерга олиб келайми?
– Раҳмат сизга, албатта, бу ёққа чақиринг, – жавоб берди Каупервуд.
Бонҳег эшикни очиқ қолдиришни унутиб (атай эмас, бунга фаросати етмади, энди эшикни Эйлиннинг олдида очишига тўғри келарди) тезда ортига қайтди.
Узун йўлак, оғир эшиклар, панжаралар билан тўсилган бутун бир бинони ва тош полни кўриб Эйлиннинг юраги эзилиб кетди. Қамоқхона, темир қафаслар! Ва Фрэнк шуларнинг бирида эди! Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи унинг одатий ботир юрагини музлатиб юборди. Унинг Фрэнки шундай даҳшатли жойда-я! Уни бу ерга қулфлаб қўйиш қандай виждонсизлик!
Судьялар, маслаҳатчилар, юристлар, қамоқхона ходимлари қизнинг назарида у ва севгилисига очкўзлик билан қараб турган одамхўрлардек туюлиб кетди. Калитнинг қулф ичида шарақлаши ва оғир очилаётган эшик Эйлининг қалбини баттар азоблади. Кейин эса у Каупервудни кўрди.
Бонҳег ваъда қилинган мукофотни эслатиб, Эйлинни ичкарига киритгач, ўзи кўздан узоқлашди. Эйлин бирорта сўз айтишга ҳам қўрқиб, вуаль остидан Фрэнкка қараганча турар, назоратчининг кетганига ҳали амин эмасди. Каупервуд эса ирода кучи билан ўзини зўрға ушлаб турар экан, унга дарров ёлғизликларини билдириб ишора қилмади.
– Ҳаммаси жойида, – ниҳоят деди у. – Ҳеч ким йўқ.
Эйлин устидаги ёпқични ечаркан, вуалини кўтарди ва деворлари сиқиб тургандек камерага аланглаб қараркан, Фрэнкни, унинг қўпол кийимини, унинг орқасидаги ҳовлига олиб чиқадиган темир эшикни кўрди. Фрэнкнинг шундай хонадалиги, яна бунинг устига, каравот остидан ҳали тугатилмаган ишларининг чиқиб туриши қизга жуда ёмон таъсир қилди. Унинг севгилиси! Шундай шароитда-я!..
Эйлинни безгак тутгандек титрар, гапиришга уриниши беҳуда бўлаётганди. Унинг кучи фақат йигитни қучоқлаб, бошидан силаш ва “Азизим менинг, севгилим! Улар сени нима қилишди? Бечорагинам!” – дейишгагина етди.
У йигитнинг бошини бағрига босди. Каупервуд ўзини тутиб туриш учун бор кучини ишга солди, бироқ бирдан титраб, юзи қийшайиб кетди. Қизнинг севгиси шунчалик чегарасиз ва чинакам эди; у йигитни овутар ва айни пайтда уни ёш боладек эркаларди ҳам. Нима бўлганда ҳам, кўркўрона сирли куч таъсирида йигит биринчи марта ўзини йўқотиб қўйди. Эйлиннинг чуқур ҳаяжони, овутган овози, унинг йигитни доим ўзига тортган ва шу деворлар ичида яна ҳам бўртиброқ кўринаётган гўзаллиги, ўзининг шу ҳолати – ҳамма-ҳаммаси унинг қолган иродасини синдирди. У ўзига нима бўлганини тушунмаётган, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилар, бироқ қўлидан келмаётганди. Эйлин уни эркалаб, бошини силаркан, Каупервуднинг кўксида оғриқ туриб, нафаси бўғилди ва томоғи ачишди: унинг жуда йиғлагиси келарди. Йигит бунга қаршилик қилмоқчи бўлар, бироқ бутун борлиғи бўшашиб кетганди. Ва худди уни биратўла издан чиқармоқчи бўлгандек, кўзи олдида у яқиндагина тарк этгани ва вақти келиб яна қайтишни орзу қилаётгани – озод дунёнинг манзараси пайдо бўлди. У оёғидаги қўпол бошмоқ, оддий матодан тикилган кўйлак, йўл-йўл куртка ва “маҳбус” деб аталадиган ном одамни қанчалар ерга уришини, таҳқирлашини доимгидан ҳам кучлироқ ҳис қилди. У шоша-пиша Эйлинни ўзидан нари суриб, унга тескари ўгирилди ва қўлларини мушт қилди.
– Лаънати!.. – уялиб кетиб, алам билан хитоб қилди у. – Ўзи йиғлаш етишмаётганди. Менга нима бўляпти ўзи, жин урсин!
Эйлин унинг кўз ёшларини кўрди. Шу зумда у йигитга отилиб, бир қўли билан унинг бошини, иккинчиси билан эса титилиб кетган курткасини ушлаб, бағрига шундай маҳкам босдики, йигит ўзини торта олмай қолди.
– Оҳ, азизим! Азизим! – энтикканча ҳолсизланиб шивирлади қиз. – Сени севаман! Жуда яхши кўраман! Агар сенга фойдаси тегса, ўзимни бўлак-бўлак қилишларига ҳам розиман! Буни қаранг-а, сени кўз ёши тўкишгача олиб келишган бўлса! Оҳ, азизим, севгилим!
Қиз йиғидан силкинаётган гавдани бағрига янада маҳкамроқ босаркан, бўш қўли билан унинг бошини силади. Кейин йигитнинг кўзлари, сочи ва юзларидан ўпди. Фрэнк унинг қучоғидан бўшашга уринар ва тинмай қайтарарди:
– Жин урсин, менга нима бўляпти ўзи?
Бироқ қиз уни яна бағрига тортиб деди:
– Йиғла, азизим, кўз ёшларингдан уялма! Бошингни елкамга қўйиб йиғла. Мен билан бирга йиғла. Ўзимнинг миттивойим, бойлигим менинг!
Бир неча дақиқадан кейин Каупервуд ўзига келди ва ҳозир назоратчи кириб қолиши мумкинлигини қизнинг ёдига солди. Аста-секин у ўзини босиб олди.
– Сен ажойиб қизсан! – айбдорона оҳангда секин шивирлади қизга. – Вафодор, кучли – менга худди шунақаси керак. Сен менинг катта мададкоримсан! Фақат сен сиқилаверма! Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва бу ер кўринганидек жуда ҳам ёмон жой эмас. Энди ўзинг ҳақингда гапир-чи.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.