Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 28

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 28 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

41

Роппа-роса соат иккида округ прокурори Деннис Шеннон ўз нутқини бошлади. У жуда оддий ва ҳатто мулойим оҳангда – унинг одати шундай эди – айни пайтда суд қаршисида турган жаноб Фрэнк А. Каупервуднинг биринчидан, ўғриликда, иккинчидан, камомадда, учинчидан, унга ишонган одамларнинг шахсий мулкларини ўзлаштириб олишда ва ниҳоят, тўртинчидан, маълум бир суммани, аниқроғи, бир минг саккиз юз етмиш биринчи йил тўққизинчи октябрда унинг номига ёзилган чек билан олинган олтмиш минг долларни йўқ қилиб юборганликда айбланишини эълон қилди. Юқорида айтиб ўтилган олтмиш минг доллар шаҳар заёми сертификатларининг маълум сонини сотиб олишга мўлжалланган бўлиб, жаноб Каупервуд агент ёки ишончли одам сифатида шаҳар ғазначисининг буйруғи ва у билан жаноб Каупервуд ўртасидаги келишувга кўра муддатли сертификатлар сотиб олиш мақсадида амортизация фонди учун сотиб олиши керак эди. Бироқ жаноб Каупервуд олган чекни белгиланган мақсадда ишлатмаган.

– Энди, жентльменлар, – яна ўша оҳангда гапини давом эттирди Шеннон, – жаноб Каупервуд айтиб ўтилган куни шаҳар ғазначисидан олтмиш минг олдими ёки олмадими деган масалани кўриб чиқишдан олдин – ҳар ҳолда амортизация фондида бу суммадаги қимматбаҳо қоғозлар қайд этилмаган, – мен сизларга нима учун унга биринчидан – ўғирлангани, иккинчидан – камомади, учинчидан – ишончнома берган одамнинг мулкини ўзлаштириб олишда ва тўртинчидан, чек бўйича олинган пулни қонунга хилоф равишда сарфлаш каби айбловлар қўйилаётгани тўғрисида айтиб ўтмоқчиман. Демак, юристлар тили билан айтганда, айбнома тўртта пунктдан иборатлигини кўриб турибсиз. Нега айнан тўртта эканини ҳозир тушуниб оласиз. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам ўғрилик ва камомадда ёки фақат ўғриликда ва фақат камомадда айбдор саналиши мумкин. Ва мана, халқ манфаатини ифодаловчи прокурор баъзида айбланувчининг юқорида айтиб ўтилган иккала жиноятни қилган ёки қилмаганига эмас, балки иккала жиноятда айбдор бўлган шахс тегишли жазони олиши учун унинг гуноҳлари битта айблов пунктига тўғри келадими ёки йўқми деб иккиланиб қолади. Шундай ҳолларда жентльменлар, жиноятчининг айби, биз бу ерда қилганимиздек, алоҳида пунктлар бўйича қўйилади. Ушбу ишда бу тўртала пункт маълум бир даражада мос келади ва бир-бирини тасдиқлайди ва сизнинг бурчингиз (бу пунктларни ёритиб, сизларни гувоҳларнинг кўрсатмалари билан таништирганимиздан сўнг) айблов бир, икки, уч ёки тўртта пункт бўйича исботланганми ёки йўқ, шуни ҳал қилиш бўлади. Бу энди сизнинг нуқтаи назарингизга ёки, тўғрироғи, далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини қай даражада ишонарли деб топишингизга боғлиқ. Сизга маълумки, ўғрилик деб бировнинг пулини ёки молини эгасининг розилигисиз ўзлаштириб олишга айтилади, камомад деганда эса маълум бир шахс ихтиёрига ишониб топширилган мулк, биринчи навбатда, пулни у қасддан ўз манфаати учун ишлатиб юборишини тушунамиз. Ишониб топширган одамга тегишли бўлган мулкни ўзлаштириб олиш (яъни айбловимизнинг учинчи пункти) эса ўғриликнинг алоҳида бир кўринишидир: ишончнома берган шахс мулкини шу мулк ишониб топширилган одам ўғирлашидир. Тўртинчи пункт, яъни чек билан олинган пулни сарфлаб юбориш иккинчи пункт бўйича айбловнинг аниқланишидир ва бу маълум бир аниқ мақсад учун берилган чек асосидаги пулни ўзлаштириб олишни англатади. Бу тўртала айблов, жентльменлар, кўриб турибсизки, бир-бирига ўхшаш. Улар бир-бирига мос келяпти ва бир-бирини тасдиқлаяпти. Демак, халқ ўз вакили бўлган округ прокурори орқали айбланувчи жаноб Каупервуд ана шу тўртта пункт бўйича айбдор эканини таъкидлаяпти. Энди эса, жентльменлар, содир бўлган жиноятнинг тарихига ўтамиз. Шахсан менга айбланувчи жаноб Каупервуднинг молия дунёсида учраши мумкин бўлган энг маккор ва жинояткор одамлардан эканлиги кўриниб турибди, биз гувоҳлар кўрсатмалари асосида айнан шу нарсани исбот қилиб бермоқчимиз.

Суд жараёнини олиб бориш қоидасига айбловчи иш билан таништираётганда унинг гапини бўлиш мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидадан фойдаланиб, Шеннон Каупервуднинг Стинер билан қандай танишгани, қандай қилиб унинг ишончига киргани, Стинер у пайтларда молия масалаларида у қадар билимдон бўлмагани ва бошқа нарсаларни узундан-узоқ қилиб гапира кетди. Хулоса ўрнида у Каупервуд олтмиш минг долларга чекни шаҳар ғазначисининг рухсатисиз қандай қилиб олгани, ғазначи, унинг гапи бўйича, бу ҳақда кейин билгани ва бу Капуревудни ўғриликда айблашга асос бўлишини; чекни олиб бўлгач, Каупервуд амортизация фонди учун олиши керак бўлган сертификатларни (агар умуман уларни олган бўлса) ноқонуний ўзлаштириб олгани ҳақида гапирди. “Мана шу фактларнинг бари, – деди Шеннон, – жаноб Каупервудни тўрттала пункт бўйича айбдор деб топишга асос бўла олади.

– Қўлимизда юқорида айтиб ўтганларимизнинг ҳаммасини тўғридан-тўғри исботлайдиган далиллар бор, – овозини кўтариб, гапини тугатди жаноб Шеннон. – Гап бу ерда қандайдир гап-сўзлар устида эмас, фақат фактлар ҳақида кетяпти. Гувоҳларнинг рад қилиб бўлмайдиган кўрсатмалари бу ишлар қандай амалга оширилганини тушуниб олишингизга ёрдам беради. Агар бутун эшитганларингиздан кейин ҳам сиз бу одам бегуноҳ, уни айблашаётган жиноятларни қилмаган деб ҳисоблайдиган бўлсангиз, у ҳолда уни оқлаш сизнинг бурчингиз. Ва, аксинча, агар гувоҳлар берган кўрсатмаларнинг тўғрилигига ишонсангиз, у ҳолда сизнинг бурчингиз уни гуноҳкор деб айблаш ва унга нисбатан айблов ҳукмини чиқаришдир. Эътиборларингиз учун раҳмат, жентльменлар!

Маслаҳатчилар бироз дам олиш умидида ўтирган жойларида қимирлаб олишди. Бироқ дам олишларининг иложи бўлмади, чунки Шеннон Жорж Стинерни чақирди. Ранги оқарган, шалвираган ва жуда ҳорғин Стинер ўрнидан туриб, шошилганча олдинга чиқди. У гувоҳлар ўтирадиган ўриндиққа ўтиргач, фақат рост гапиришга қасамёд қилиб қўлини Инжил устига қўяр экан, хавотир билан залга кўз югуртирди.

Аввалига унинг овози зўрға эшитилди. У гапининг бошида Каупервуд билан бир минг саккиз юз олтмиш олтинчи йилда – санаси эсида йўқ – танишганини айтиб берди. Бу унинг шаҳар ғазначилиги лавозимини биринчи муддатга (у илк бор бу ўринга бир минг саккиз юз олтмиш тўртинчи йилда ўтирган) эгаллаганда юз берган.

Шу пайтда шаҳар заёмининг бозорда паритетдан паст нархда баҳоланаётгани Стинерни жуда хавотирга солган, чунки қонун бўйича шаҳарнинг заёмларни фақат паритет бўйича сотишга ҳуқуқи бўлган. Кимдир шунда (жаноб Стробик бўлса керак – бироқ бунга ишончи комил эмас) унга жаноб Каупервудга мурожаат қилишни маслаҳат берган. Ўша пайтларда шаҳар ғазначилари бундай вазиятларда биржа брокерларига мурожаат қилишарди ва у ҳамма сингари йўл тутган…

Шундан сўнг тиниб-тинчимас Шенноннинг саволлари ва кўрсатмаларидан ўзини тутиб олган Стинер Каупервуд билан бўлган ва ўзи яхши эслаб қолган биринчи суҳбатларини айтиб бера бошлади. Жаноб Каупервуд бу муаммонинг ечими борлигини айтиб уни ишонтирган. Ҳаракат қилиш режасини тузиб, тўғрироғи, ўйлаб чиқиб, жаноб Каупервуд бир қанча вақт ўтгач, яна унинг олдига келган ва Стинерни ўз режаси билан таништирган.

Шенноннинг усталик билан берган ёрдами орқали Стинер инсоннинг у қадар виждонли бўлмаган табиатини очиб берувчи, бироқ нақадар айёрона ва кашфиётчилик қобилиятига эга бўлиши мумкинлигини ҳам кўрсатувчи бу режанинг мақсадини тушунтириб берди. Ўзи билан жаноб Каупервуд ўртасида ўрнатилган муносабатлар ҳақида зерикарли оҳангда гапириб бергач, Стинер ниҳоят яна кўп йиллар давомида мустаҳкамланган ва икковларининг моддий аҳволларига ижобий таъсир қилган дўстона ва иш юзасидан бўлган алоқалари натижасида Каупервуд нафақат шаҳар маблағидан миллионлар билан муомала қила бошлагани, балки бунинг устига жуда паст фоиз ҳисобидан беш юз минг доллар қарз олиб, бу пулларни ўзи ва ғазначининг манфаати учун кўнка темир йўллари линияси учун тикканини айтди. Аслида, бу масалага жуда кўп тўхталмоқчи эмас эди, бироқ келгусида Стинерни шу жиноятда айблашига тўғри келишини ва мана ҳозир Стежер ҳам иккиёқлама савол бериб сўроқ қилишда иштирок этишини яхши билган Шеннон шаҳар ғазначисининг умумий гаплар билан жавобдан ўзини олиб қочишига йўл қўймади. Шеннон нима қилиб бўлса-да, маслаҳатчиларни жаноб Каупервуднинг жуда ҳам қув ва айёр эканига ишонтиришга эришмоқчи эди ва бунга эришди. Сўроқ қилинаётган одам Каупервуднинг ғайриоддий усталигига мисоллар келтирар экан, маслаҳатчиларнинг ҳали униси, ҳали буниси ўгирилиб, Каупервудга қизиқиб қарашарди. Буни сезган ва иложи борича уларда яхши таассурот қолдирмоқчи бўлган Каупервуд Стинерга хотиржам ва жимгина тикилиб қараб турарди.

Ниҳоят гап Альберт Стайерс иш кунининг ниҳоясида Каупервудга берган олтмиш минг долларлик чек ҳақида кетди. Шеннон бу чекни Стинерга ашёвий далил сифатида кўрсатди. У буни илгари кўрганми? Ҳа, кўрган. Қаерда? Октябрнинг йигирманчи санасида округ прокурори Петтининг канцеляриясида. У буни ўшанда биринчи марта кўрганми? Ҳа. Унгача бу ҳақда ҳеч нарса эшитмаганмиди? Йўқ, эшитган. Қачон? Ўнинчи октябрда. У марҳамат қилиб судга бу чек ҳақида биринчи марта қандай қилиб ва қай шароитда эшитганини айтиб бера олмайдими?

Стинер ўтирган жойида ғимирлаб қўйди. Чап бериб қолиш жуда қийин эди. Тўғри жавоб камида ўзининг ахлоқий сифатлари учун яхши гап бўлмасди. Шунга қарамай, у йўталиб қўйиб, ўша, ҳаётидаги қисқа, бироқ аччиқ бўлган пайтда Каупервуд оғир аҳволда, банкротлик ёқасида қолгач, ғазначиликка келиб, унга яна қўшимча уч юз минг доллар қарз беришни талаб қилганини тасвирлаб бера бошлади. Шу ерда Стежер билан Шеннон урушиб кетай дейишди, чунки Стежер Стинер ҳеч бир уялмай ёлғон гапиряпти деган таассуротни уйғотмоқчи бўлаётганди. Пайтини топиб, у қаршилик билдирди – шу билан асосий мавзудан бироз четга чиқишга эриша олди, чунки Стинер нуқул “ўйлашимча”, “назаримда” деган ибораларни қўллаётганди.

– Мен қаршилик билдираман! – бир неча марта хитоб қилди Стежер. – Мен гувоҳнинг бу аризаси ишониш мумкин бўлмаган, қуруқ сўздан иборат ва ишга алоқаси йўқ нарса сифатида протоколдан олиб ташланишини илтимос қиламан. Гувоҳга у нимани ўйлашини айтиб бериш ҳуқуқи берилмаган ва айбланувчи буни жуда яхши билади.

– Муҳтарам суд раиси, – ўз навбатида эътироз билдирди Шеннон, – мен гувоҳ ҳақиқий фактларни оддий усулда, тўғридан-тўғри айтиб бериши учун қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман ва, назаримда, у шундай қиляпти.

– Мен қаршилик билдираман! – яна гапирди Стежер. – Ҳурматли раис, прокурор гувоҳнинг гаплари самимийлиги тўғрисида гапириб, маслаҳатчиларга таъсир ўтказишга ҳаққи йўқ, бундай қилмаслигини талаб қиламан. Прокурорнинг гувоҳ ва унинг самимийлиги ҳақидаги фикрининг ишга алоқаси йўқ. Жаноб раис, мен сиздан прокурорга қаттиқ огоҳлантириш беришингизни талаб қилишга мажбурман.

– Талаб қондирилади, – эълон қилди судья Пейдерсон. – Қораловчининг ишга яқинроқ ёндашишини сўрайман.

Шеннон сўроқ қилишда давом этди. Стинернинг кўрсатмалари жуда муҳим бўлиб, улар Каупервуд индамай қўя қолмоқчи бўлган нарсалар, яъни ғазначи билан бўлиб ўтган жиддий суҳбат; ғазначининг унга қўшимча ссуда беришни кескин рад қилгани; Каупервуд ўша чекни олишидан олдин ва ўша куни ҳам Стинерга ўзининг молиявий аҳволи жуда ёмон экани ҳақида гапиргани ва агар Стинер унга яна уч юз минг ссуда бериб қўллабқувватламаса, у ҳолда икковлари ҳам тамом бўлишларини айтганларини очиб бераётганди.

Шундан сўнг Стинер тўққизинчи октябрь куни эрталаб (яъни чек олинган куни) у амортизация фонди учун сертификатлар олишдан сақланиб туриш ҳақида Каупервудга ёзма кўрсатма берганини айтди. Каупервуд эса ўша куннинг ўзида кечки пайт бўлиб ўтган суҳбатларидан сўнг найранг йўли билан Стинерни хабардор этмаган ҳолда Альберт Стайерсдан олтмиш минг долларга чек олган. Стинер Стайерсни унинг олдига чекни қайтаришни талаб қилиб юборганида Каупервуд, эртаси куни соат бешда ишини васийликка топшираётгани тўғрисида эълон қилганига қарамай, чекни қайтаришни рад қилган. Сотиб олингани учун чек олинган сертификатлар эса амортизация фондига топширилмаган.

Стинернинг бу кўрсатмалари Каупервуднинг зарарига хизмат қиларди.

Бу жараён бир неча томондан берилган саволлар гоҳ Стежер, гоҳ Шеннон томонидан “эътироз билдираман!” ёки “рад қилинсин!” деган талаблар билан бўлиниб тургани тўғрисида айтмаса ҳам бўлади. Суд залида бу жентльменларнинг тортишувли овозлари бир неча бор жаранглади, судья бир неча марта уларни судга ҳурматсизликда айблаб, жарима билан қўрқитишига ва столга болғача билан уришига тўғри келди. Судьянинг бу ҳаракатлари маслаҳатчиларни жонлантириб, бўлаётган баҳсни қизиқиб тинглашга мажбур қиларди.

– Ҳурматли жентльменлар. Беҳуда тортишувларни бас қилишингизни талаб қиламан, акс ҳолда, иккалангизга ҳам катта жарима эълон қилишга мажбур бўламан! Ёдда тутинг, пивохонада эмас, суд залидасизлар! Жаноб Стежер, тезлик билан мендан ва ҳамкасбингиздан узр сўрашингизни талаб қиламан! Жаноб Шеннон, бундай тажовузкор усуллардан ўзингизни олиб қочишингизни талаб қиламан! Ўзингизни номуносиб тутиш билан судни ҳақорат қиляпсиз. Сизни охирги марта огоҳлантиряпман!

Иккала ҳуқуқшунос ҳам одатда бундай пайтда сўраладиган тарзда ўзаро узр сўрашди ва шу заҳотиёқ ишни яна аввалгидек давом эттира бошлашди.

– Ўша куни, тўққизинчи октябрда, олдингизга келиб яна қўшимча уч юз минг доллар талаб қилганда, Каупервуд сизга нима деганди? – Стинердан сўради Шеннон. – У айтган гапларни иложи бўлса, сўзма-сўз қайтариб айтинг.

– Эътироз билдираман! – бақирди Стежер. – Жаноб Каупервуднинг сўзма-сўз айтганлари жаноб Стинернинг хотирасига ёзилган, бироқ айни пайтда унинг хотираси эътиборга олинмайди. Чунки гувоҳ бор фактларни фақат умумий кўринишда айтиб беряпти.

Судья Пейдерсон совуқ жилмайиб қўйди.

– Илтимос рад этилади, – эълон қилди у.

– Мен протоколга киритиб қўйилишини талаб қиламан! – бақирди Стежер.

– Ёдимда қолгани шуки, – деди Стинер асабийлик билан қўлларини ишқаларкан, – у агар мен унга уч юз минг доллар бермасам, банкрот бўлишини, мен эса камбағал бўлиб қамоққа тушишимни айтди.

– Эътироз билдираман! – ўрнидан сакраб туриб, бақирди Стежер. – Судья жаноблари, мен прокурорнинг сўроқ қилиш услубига эътироз билдираман! У гувоҳнинг жуда ҳам кучли бўлмаган хотирасидан судни қизиқтириши мумкин бўлган фактларга ҳеч қандай алоқаси йўқ гапларни ноқонуний равишда суғуриб олишга ҳаракат қиляпти; бу кўрсатмалар жаноб Каупервуд чиндан ҳам банкрот бўлишини сезганми ёки йўқми деган фикрни на тасдиқлай олади ва на инкор қила олади. Жаноб Стинер ўзининг шу суҳбат ёки ўша пайт бўлиб ўтган бошқа бир суҳбатнинг тахминий тафсирини, жаноб Каупервуд эса ўз фикрини келтириши мумкин. Гап шундаки, уларнинг фикрлари бир-биридан фарқ қилади. Жаноб Шеннон бундай ғалати усул билан кенгаш маслаҳатчиларига таъсир ўтказиб, уларда қораловчининг баёнотларига ишонч уйғотмоқчи бўлмаса, нимага эришмоқчи эканини тушунмаяпман. Лекин жуда хоҳлаганда ҳам, уларни фактлар билан тасдиқлай олмайди. Судья жаноблари, менимча, сиз гувоҳни у “эслагандек туюлаётган” эмас, аниқ эслайдиган нарсаларнигина гапириши кераклиги тўғрисида огоҳлантириб қўйишингиз лозим. Менинг фикримча, гувоҳнинг охирги беш дақиқа ичида берган кўрсатмаларини протоколдан чиқариб ташлаш керак.

– Илтимос қабул қилинмайди, – совуққонлик билан эълон қилди судья Пейдерсон ва бу баландпарвоз гапларни фақат Стинернинг гапларидан маслаҳатчиларда қолган таъсирни юмшатиш учунгина айтган Стежер яна ўз ўрнига ўтирди.

Шеннон яна Стинерга мурожаат қила кетди:

– Энди эса, жаноб Стинер, иложи борича аниқроқ қилиб жаноб Каупервуд ўша куни сизга яна нима деганла рини айтиб беринг. У фақатгина сиз хонавайрон бўлиб қамоққа тушишингиз ҳақида гапирдими? Наҳотки шу орада бошқа нарса тўғрисида сўзламаган бўлса?

– Яна шу нарса эсимдаки, – жавоб берди Стинер, – у сиёсий фитначилар гуруҳи мени қўрқитишга уринаётгани ва агар мен унга уч юз минг доллар бермасам, иккаламиз ҳам хонавайрон бўлишимизни, қўй ўғирлайсанми, қўзичоқми, барибир айбланасан, дея айтганди.

– Аҳа! – бақириб юборди Шеннон. – Худди шундай деб айтдими?

– Ҳа, сэр, худди шундай деб айтганди, – таъкидлади Стинер.

– Бироқ қандай қилиб айтди? Унинг сўзларини аниқ эслай оласизми? – севиниб кетди Шеннон ва худди уни ўзи ва Каупервуд ўрталарида бўлиб ўтган гапни ноаниқроқ айтишга имлаётгандек, Стинер томонга қўлини чўзди.

– Менимча, у шундай деди: “Қўй ўғирлайсанми, қўзичоқми, барибир айбланасан”, – ноаниқроқ жавоб қилди Стинер.

– Тўппа-тўғри! – хитоб қилди Шеннон ва Каупервудга нигоҳ ташлаш учун маслаҳатчиларга орқаси билан ўгирилди. – Худди шундай деб ўйлагандим!

– Бу пасткашларча найранг, жаноби олийлари! – ўрнидан сакраб туриб бақирди Стежер. – Булар ҳаммаси маслаҳатчилар кенгашидаги жанобларга таъсир ўтказиш мақсадида қилиняпти! Бу майнавозчилик! Мен сиздан прокурорни огоҳлантириш ва агар унда бор бўлса, фактлардан узоқлашмаслик ва бу актёрларча ўйинни бас қилишини сўрашингизни илтимос қиламан!

Залда ўтирганлар жилмайиб қўйишди. Буни сезган судья Пейдерсон баттар хўмрайди.

– Эътироз билдиряпсизми, жаноб Стежер? – сўради у.

– Ҳа, муҳтарам судья жаноблари, – такрорлади тинибтинчимас ҳимоячи.

– Илтимос рад қилинади. Қораловчи ҳам, ҳимоячи ҳам бемалол гапиришлари мумкин.

Стежернинг ўзи ҳам кулиб юборишга тайёр эди, бироқ журъати етмади.

Каупервуд Стинернинг кўрсатмалари уни жуда хунук кўрсатиб қўйишидан қўрқаётган бўлса-да, ғазначига ачиниш билан қараб турарди. Қанчалик ожиз одам-а! Қанчалар иродасизлик бу! Мана шу одамнинг қўрқоқлиги ҳар иккисини қандай аҳволгача олиб келди!

Шеннон Каупервуд учун ижобий бўлмаган кўрсатмаларни суғуриб олгандан сўнг Стинерни Стежер сўроқ қилишга ўтди, бироқ у ўзи мўлжаллагандан камроқ натижага эришди. Стинер бор ҳақиқатни гапираётган бўлиб, ҳақиқат юзага келтираётган таассуротни одатда бирон усталик билан бўшаштириш қийин. Стежер айбдорни айёрона ва жинояткорона қалтис ишнинг ташаббускори эмас, балки фақатгина беғараз бир даллол сифатида кўрсатиш учун Стинер билан Каупервуд ўртасидаги муносабатларнинг энг нозик томонларигача эътибор бераётганди. Стежернинг ўз зиммасига олган вазифаси осон эмасди. Бироқ шундай бўлса-да, у каммикўпми натижага эриша олди. Бироқ маслаҳатчилар унинг гапларини ишончсизлик билан тинглашаётганди. Балки, Каупервудни тезроқ бойиш имконидан унумли фойдалангани учун жазолаш шарт эмасдир, бироқ очиқ кўриниб турган бу очкўзлигини айбсизлик ниқоби остига яширишнинг кераги йўқ эди деб ўйларди улар. Ниҳоят қораловчи ва ҳимоячи Стинерни бир муддат холи қолдириб, гувоҳ сифатида Альберт Стайерс чақирилди.

Альберт Стайерс гуллаб-яшнаган хизмат даврида қандай бўлса, ўша-ўшалигича – ориқдан келган, ҳаракатчан ва одамни ўзига тортадиган даражада истарали бўлиб, фақат ранги бироз кетгандек эди. У ўзининг озгина маблағини Каупервуднинг қонун бўйича агар ҳукуматда асосли даъво бўлган тақдирда (бироқ айни вазиятда мавжуд эмасди) шаҳарга ўтиши керак бўлган гаровни ўзлаштириб олмоқчи эканликларини Шаҳар ўзини ўзи бошқаруви фуқаролик ассоциацияси қулоғига етказиш тўғрисидаги маслаҳати туфайли асраб қола олганди. Доим зийрак бўлган ассоциация бу масала бўйича ўзининг кўп сонли “арзнома”ларидан бирини нашр қилган ва Альберт Стайерс Стробик ва бошқаларнинг тезлик билан ортга чекинганини завқ билан кузатганди. Табиийки, Стайерс бир куни ундан кўзларида ёш билан сўраган ёрдами беҳуда кетгани билан Каупервуддан миннатдор эди. У айни пайтда Каупервуд учун қўлидан келганча ёрдам беришни хоҳлаётган, бироқ табиатан ҳақиқатгўй бўлгани учун қисман Каупервуднинг фойдасига, қисман унинг зарарига хизмат қилувчи далилларни келтиришдан нарига ўта олмаётганди.

Стайерс ўша куни жаноб Каупервуд унга сертификатлар сотиб олгани тўғрисида айтиб, унга тегишли пулларни беришини талаб қилгани ва Стинернинг бекорга қўрққани ҳамда унга – Стайерсга ҳеч қандай хавф таҳдид солмаслигини айтгани ҳақида гувоҳлик берди. Шундан сўнг Стайерс унга тақдим этилган бухгалтерия жилдларидаги ёзувлар ва Каупервуднинг китобларидаги ёзувлар тўғри эканини ҳам таъкидлади. Стайерснинг Стинер канцелярия бошлиғининг чек бериб юборганини эшитиб ҳайратда қолгани тўғрисидаги кўрсатмаси Каупервудга қарши эди. Бироқ Фрэнк ўз кўрсатмалари билан бу гапнинг таъсирини юмшатиб кетишига умид қилди.

Шу пайтгача Стежер ҳам, Каупервуд ҳам барчаси ҳар ҳолда кўнгилдагидек кетаётгани ва улар ишда ютиб чиқадиган бўлса, бунинг ажабланарли ери йўқлигига ишонаётганди.

42

Суд жараёни давом этарди. Бирин-кетин гувоҳлар чиқишди, Шеннон ниҳоят, Каупервудни етарли даражада фош қилиб ташладим, деб ишонч ҳосил қилганидан сўнг ўз вазифасини вақтинча тугатганини эълон қилди. Шундан сўнг Стежер ўрнидан туриб, бу ерда жиноят иши борлигини тасдиқловчи у ёки бу далиллар бўлмагани учун ишни тўхтатиш масаласида судья билан тортиша бошлади. Бироқ Пейдерсон ўз айтганида қатъий туриб олди. У Филадельфиядаги сиёсий гуруҳлар бу ишга қанчалик аҳамият бераётганини жуда яхши биларди.

– Жаноб Стежер, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблайман, – ҳимоячининг баландпарвоз гапларини эшитиб бўлгач, чарчаган товушда деди судья. – Шаҳар маъмурияти анъаналари менга маълум ва мижозингизга қўйилаётган айбловнинг уларга боғлиқлик жойи йўқ. Сиз менга эмас, маслаҳатчиларга мурожаат қилишингиз керак. Мен ҳозир бу икир-чикирларни синчиклаб қараб чиқа олмайман. Илтимос рад қилинади.

Судьянинг гапларига диққат билан қулоқ солаётган округ прокурори Шеннон ўз ўрнига ўтирди. Судьяни ҳеч қандай айёрона далиллар билан йўлдан ура олмаслигига ишонч ҳосил қилган Стежер унинг омади келмаганига жилмайиб қараб турган Каупервуднинг олдига яқинлашди.

– Афтидан, энди бор умидимиз фақат маслаҳатчилардан, шекилли! – деди Стежер.

– Бунга шубҳа қилмаётгандим, – жавоб берди Каупервуд.

Шундан сўнг Стежер маслаҳатчиларга мурожаат қила кетди. Уларга иш бўйича ўзининг фикрларини маълум қилиб, гувоҳ кўрсатмаларининг натижасига ўтди.

– Очиғини айтганда, айбловчи ва оқловчи томонидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ўртасида алоҳида бир фарқ йўқ. Биз жаноб Каупервуднинг жаноб Стинердан олтмиш минг долларга чек олгани ёки у қораловчи томонидан таъкидланаётганидек, қилиши керак бўлган иш – кўрсатилган нархдаги (даллоллиги учун қонуний олган) шаҳар заёми сертификатларини амортизация фондига топширмагани тўғрисида баҳслашмоқчи эмасмиз. Бироқ биз шаҳар ғазначилиги агенти сифатида тўрт йилдан ортиқ шаҳар бошқаруви билан иш юзасидан муносабатда бўлган жаноб Каупервуднинг шаҳар ғазначиси билан келишувига кўра истаган ҳисоб-китобни олиб бориш ва сертификатларни амортизация фондига кейинги ойнинг биринчи санасида, яъни у ёки бу келишувдан кейинги яқин биринчи санада топширишга ҳақли бўлганини исботлай оламиз. Сўзларимизнинг тасдиғи сифатида биз ўтмишда шаҳар ғазначилиги билан худди шундай шарт асосида иш олиб борган қатор тижоратчи ва банкирлар номини айтиб ўтишимиз мумкин. Айбловчи сизларни, биринчидан, жаноб Каупервуд бу чекларни олаётиб, банкрот бўлишини билганига, иккинчидан, ўзи таъкидлаётганига қарамай, гўё у сертификатларни амортизация фондига бериш учун сотиб олмаганига ва ниҳоят, у ўзининг банкрот бўлиши ва сертификатларни керакли жойга беришнинг иложи йўқлигини била туриб, хотиржамлик билан жаноб Стинернинг канцелярия бошлиғи жаноб Альберт Стайерснинг олдига боргани ва унга шаҳар учун сертификат олдим, деб ёлғон гапириш йўли билан чек олганига ишонтирмоқчи бўляпти.

Жентльменлар, бу масалада ортиқ гапириб ўтирмоқчи эмасман; гувоҳларнинг кўрсатмалари фактларни етарли даражада очиб беради. Биз бир қатор гувоҳларга сўз берамиз ва уларни жуда диққат билан эшитишингизни илтимос қиламиз. Яна бир нарсани ҳисобга олишингизни қаттиқ илтимос қиламан: жаноб Стинерни ҳисобга олмаганда, биз бирорта ҳам гувоҳдан жаноб Каупервуд шаҳар ғазначисининг олдига келганида унга хавф солаётган банкротлик ҳақида билгани ёки шов-шувга сабаб бўлган сертификатларни умуман сотиб олмагани, уларни амортизация фондига кейинги ойнинг биринчи санасига, яъни унинг шаҳар ғазначилиги билан ҳисоб-китоби баланс қиладиган кунгача топшириш учун ушлаб туришга ҳаққи бўлмагани ҳақида бирорта тасдиқловчи гап эшитмадик. Собиқ шаҳар ғазначиси, албатта, ўзига маъқул келган нарсани таъкидлаши мумкин. Жаноб Каупервуд эса бунинг аксини таъкидлайди. Сиз, жентльменлар, булардан қайси бири ишонишга лойиқлигини ҳал қилишингиз керак бўлади: собиқ шаҳар ғазначиси бир вақтлар менинг ҳимоямдаги одам билан иш юзасидан ҳамкорлик қилган, энди эса кўп йиллик тинмай қилган меҳнатини унутиб, уни бой қилган одамга Чикагодаги ёнғин биржада ваҳима уйғотгани ва молиявий инқирозга олиб келгани сабаблигина қарши чиқаётган Жорж Стинергами ёки бўронга қарши туриш учун бор кучини ишга солган, ўзининг шаҳар билан келишувига аниқлик билан муносабатда бўлган, ёнғин ва биржадаги ваҳима туфайли ўзига етган молиявий инқирозларга бардош бериш учун охирги дақиқаларгача бор кучини ишга солган таниқли банкир ва сармоядор жаноб Фрэнк Каупервудгами? Кечагина жаноб Каупервуд шаҳарга ўзининг бутун қарзларини (аслида унинг ёлғиз ўзи қарздор эмас!) жуда қисқа вақт ичида – агар идорасини ёпишларига йўл қўйилмаса – бу ерда гап кетган беш юз минг долларни ҳам қўшиб, охирги долларгача қайтаришини ва шу билан ёмон нияти бўлмаганини амалда исботлаб беришини айтганди. Сиз, жентльменлар, шаҳар унинг таклифини қабул қилмаганини сезиб турибсиз. Бунинг сабабини кейинроқ тушунтириб бераман. Ҳозир эса гувоҳларни сўроқ қилишда давом этамиз. Мен эса ҳимоячи номидан уларнинг кўрсатмаларини диққат билан тинглашингизни иккинчи марта илтимос қиламан. Жаноб Дэвисон гувоҳ сифатида сўзга чиққанида, унинг гапларига диққат билан қулоқ солинглар. Жаноб Каупервуд ва бошқаларнинг гапларини ҳам тарозига солиб кўринглар. Ана шунда аниқ бир қарорга келишингиз ва бу суд иши учун етарли асос борми деган саволга жавоб топишингиз мумкин! Шахсан ўзим бу сабабларни кўрмаяпман. Диққат билан қулоқ солганингиз учун миннатдорлик билдираман.

Шундан сўнг Стежер биржада ваҳима кўтарилган пайтда у Каупервуднинг агенти сифатида курсларини ушлаб туриш мақсадида шаҳар заёми облигацияларини катта партияда сотиб олгани тўғрисида гувоҳлик бериши керак бўлган Артур Райверсни чақирди. Унинг кетидан Каупервуднинг укалари – Эдвард ва Жозеф сўзга чиқиб, улар Райверсдан юқорида кўрсатиб ўтилган облигацияларни сотиб олиш ва сотиш, асосан, сотиб олиш тўғрисида кўрсатма олишганига гувоҳлик беришди. Кейинги гувоҳ Жирард миллий банкининг бошқарув раиси жаноб Дэвисон бўлди. Жаноб Дэвисон бақувват бўлса-да, унчалик бақалоқ ва семиз эмасди. Кўкраги ва елкалари кенг, сочлари оқ-сариқ, боши катта, ақлли ва соғлом фикрлайдиган одамларники каби пешонаси кенг эди. Ёпишган, бироз япасқироқ бурни унинг юзига кучлилик ифодасини бериб турар, лаблари ингичка бўлиб, қаттиқ қимтилганди. Унинг совуқ порлаб турган ҳаворанг кўзларида баъзан шубҳа учқунлари сезилиб қолар; умуман олганда, у ташқи кўринишидан бундай бўлмасада, ўзи беғубор, тинчликсевар, ҳаракатчан одам эди. Унинг биринчи сўзлариданоқ бу одам молиявий ҳаётнинг шубҳасиз фактлари билан ҳисоблашишга ўргангани ва у Фрэнк Алжернон Каупервуднинг шахсидан ҳайратда бўлмаса-да, ўз табиатидан келиб чиқиб йигит томонида эканлиги сезилди. Унинг шошилмасдан, ўз қадр-қимматини билган ҳолда қилаётган ҳаракатларидан бу суд жараёнини кераксиз, бемаъни ва ҳақиқий сармоядорнинг обрўсига путур етказадиган бўлмағур нарса деб ҳисоблаётгани кўриниб турарди. У ўзига Инжилни узатган уйқусираган нозир Спаркхиверга бамисоли ёғоч тўнкага қарагандек, жуда эътиборсиз нигоҳ ташлади. Қасам ичиш унинг назарида шунчаки расмиятчилик эди. Баъзан рост гапни гапириш фойдали, баъзида эса йўқ. У кўрсатмаларини ўзини эркин тутган ҳолда оддийгина қилиб гапириб берди.

У жаноб Фрэнк Алжернон Каупервудни ўн йилчадан бери билади. Шу пайтгача бу одамнинг шахсан ўзи ёки у орқали бошқа одамлар билан иш олиб борган. Жаноб Каупервуднинг жаноб Стинер билан муносабатлари тўғрисида унга ҳеч нарса маълум эмас, жаноб Стинерни у ҳатто танимайди ҳам. Олтмиш минг долларли чекка келадиган бўлсак, ҳа, у чекни кўрган. Бу чек унинг банкига ўнинчи октябрь санасида “Каупервуд энд Компани” банкирлик контораси ошириб юборган кредитни таъминлаш учун бошқа қимматбаҳо қоғозлар билан бирга юборилганди. Бу сумма “Каупервуд энд Компани” банкирлик конторасининг кредитига киритилган, банк эса ўз навбатида чекни ҳисоб-китоб палатаси орқали реализация қилган. Шундан сўнг банкдан жаноб Каупервуднинг кредитларидан ортиқ сумма олинмаган ва сармоядорнинг ҳисоби шу йўл билан баланслаштирилган.

Бироқ жаноб Каупервуд банкдан кўпгина миқдорда пул олиши мумкин эди ва ҳеч ким уни нотўғри ҳаракатларда айбламаган бўларди. У, яъни Дэвисон жаноб Каупервудга банкротлик таҳдид солаётганидан бехабар бўлган ва бу шунчалик кутилмаганда содир бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон тахмин қилмаган. Каупервуд Жирард миллий банкидаги кредитларини бир неча бор оширган ва бу оддий ҳол ҳисобланган. Кредитнинг бундай оширилиши Каупервудга ўз маблағларидан тўла фойдаланиш имконини берган, молия дунёсида эса бу ишни ақл билан олиб бориш дейилади. Кредитни ошириш билан жаноб Каупервуд доим бу пулларни вақтида етказиб берган ва одатда банкка даста-даста қимматли қоғозлар ва чек юборган бўлиб, улардан кейин ҳар қанақасига фойдаланилган. Жаноб Каупервуднинг банкдаги ҳисоби энг йирик ва энг фаол бўлган эди, деб қўшиб қўйди жаноб Дэвисон. Банкрот бўлишига қадар Жирард миллий банкида жаноб Каупервуднинг у гаров сифатида юборган тўқсон минг доллардан ортиқ қийматга эга шаҳар заёми облигациялари бор бўлган.

Икки томонлама сўроқ пайтида Шеннон маслаҳатчиларда керакли таассурот қолдириш учун жаноб Дэвисондан унинг Каупервудга ёндашаётганининг сирли сабаблари бор-йўқлигини сўради. Бироқ бундан ҳеч бир иш чиқмади. Унинг кетидан Стежер сўзга чиқиб, жаноб Дэвисоннинг Каупервуд ҳақидаги фойдали кўрсатмалари маслаҳатчилар ёдида мустаҳкамланиб қолиши учун қўлидан келганча ҳаракат қилди. Бунинг учун у банк президенти айтган гапларини қайта-қайта такрорлашга мажбур қилди. Шеннон, албатта, эътироз билдирди, бироқ фойдаси бўлмади. Стежер ниятига етди.

Ниҳоят, ҳимоячи Каупервудга сўз берди. Бу фамилия эълон қилиниши билан ҳамма ҳушёр тортди.

Каупервуд тетик қадамлар билан олдинга чиқиб келди. Йигит хотиржам ва ўзига ишончи юзидан яққол сезилиб турарди: ҳозир унинг ўзи ниҳоятда қадрлайдиган ҳаёти ҳал бўлаётганди. На юристлар, на маслаҳатчилар, на тақдир зарбалари унинг бўйнини эгмаган, кучини қирқмаганди. У бирдан бу маслаҳатчилар бу ерда нима учун ҳозир бўлганини тушуниб қолди. У Шеннонни чалғитиш учун ҳимоячисига ёрдам бергиси келаётган, бироқ ақли унга фақат рад қилиб бўлмайдиган ёки шундай деб ўйлаш мумкин бўлган фактларнигина айтиш кераклигини айтиб турарди. У сармоядор сифатида тўғри ҳаракат қилганига ишончи комил эди. Ҳаёт, айниқса, сармоядорнинг ҳаёти – кураш; стратегия эса – унинг қонуни, вазифаси, зарурияти. Буни тушуна олмайдиган бечоралар учун хавотирланишнинг нима кераги бор?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации