Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

32

Учала сармоядор: Батлер, Молленхауэр ва Симпсон биргаликда тўпланиб, муҳим муаммоларини ҳал қилиб олишлари кераклигига амин бўлишди, чунки вазият борган сари хавфли тус олиб бораётганди. Учинчи кўчада Чикагодаги ёнғин шусиз ҳам ёмон бўлиб турган молиявий аҳволига хунук таъсир қилгач, банкрот бўлгандан сўнг Каупервуд Стинер ёрдами биланми ёки Стинер Каупервуд ёрдамидами, шаҳар ғазначилигидан беш юз минг доллар ўғирлагани ҳақида гап тарқалганди. Энди фақат уч ҳафтадан сўнг бўладиган сайловлар ўтиб бўлмагунча бу иш тўғрисида қандай қилиб лом-мим демай туриш масаласи турарди. Банкирлар ва маклерлар Каупервуд банкрот бўлишини била туриб, шаҳар ғазначилигидан, яна Стинерга хабар қилмаган ҳолда қандайдир чек олгани тўғрисида пичир-пичир қилишарди. Бундан ташқари, бу ишлар металл қуювчи завод эгаси, Филадельфияда ўта ҳалоллиги ва юксак ахлоқи билан танилган Скелтон Уит раиси бўлган Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциацияси номли машҳур ташкилотгача етиб боради, деган хавф ҳам пайдо бўлганди. Скелтон Уит анча йиллардан бери Республикачилар партиясининг ҳукумат тепасида турган гумашталарида партиявий виждонни уйғотиш мақсадида кузатув олиб бораётганди. Бу ҳаётга бурч нуқтаи назари билан қарайдиган, ҳеч қандай пасткашликларни қабул қилмайдиган, Яратганнинг қонунлари одамлар қабул қилган тартиблардан кўра юқорироқ туришини исботлашга интилиб, ўз танлаган йўлидан оғишмай юрадиган жиддий ва қатъиятли инсон эди.

Бу ассоциация аввалига солиқ аппаратидаги суиистеъмолчиликларни йўқ қилиш мақсадида тузилганди. Бироқ кейинчалик сайловлар орасидаги даврда тинмай ўз фаолиятини кенгайтириб борди: унинг фойдалилиги вақти-вақти билан газеталардаги мақолаларда, гоҳида эса одатда Батлер, Молленхауэр ва Симпсон кабиларнинг орқасига яширинган ва шундан сўнг ўзини батамом хавфсизликда деб ҳис қилган иккинчи даражали бирон шаҳар арбобининг шошилинч айбига иқрор бўлиши билан тасдиқланарди. Шаҳар ғазначилигининг маблағлари суиистеъмол қилинишига аралашган Каупервуд конторасининг тўловларни тўхтатиши, кўпгина сиёсатчи ва банкирларнинг фикрича, ҳозир қиладиган иши йўқ бўлган ассоциация учун айнан боп иш эди.

Каупервуднинг тақдирини ҳал қиладиган кенгаш у банкрот бўлганидан беш кун ўтиб, сенатор Симпсоннинг Риттенхауз сквер – Филадельфиянинг молия дунёсидаги таниқли одамлари яшайдиган район марказидаги уйида бўлиб ўтди. Келиб чиқиши квакерлар (христиан динининг протестант мазҳабига тегишли киши) оиласидан бўлган Симпсон ўзидаги рассомлик ва туғма сармоядорлик иқтидоридан сиёсатда ўз таъсирига эга бўлиш йўлида кенг фойдаланарди. У пул билан кучли ва фойдали бўладиган сиёсий ихлосмандни ёллаш мумкин бўлган ҳолда жуда сахий бўлиб кетар, тафтишчилар, судьялар, Республикачилар партияси вакиллари ва бошқа бошқарув ўринларига унинг айтганларини сўзсиз бажарадиганларни бемалол қўярди. У қудрати билан Молленхауэр ва Батлердан анча юқорида турар, чунки у штат ва бутун ҳукумат вакили саналарди. Республикачилар партияси бошлиқлари бутун мамлакат бўйлаб сайловолди кампаниясини бошлашга тайёрланиб, Пенсильвания штати бу партияга нисбатан қайси позицияда эканини билмоқчи бўлишса, айнан сенатор Симпсонга мурожаат қилишарди. Ва Симпсон ҳам уларнинг ҳамма саволларига батафсил жавоб берарди. Штатнинг сиёсий аренасидан аллақачон бутун ҳукумат сиёсий аренасига қадам қўйган Симпсон Қўшма Штатларнинг Вашингтондаги сенатида кўзга кўринган шахслардан бўлиб, молиявий масалалардаги ҳамма кенгашларда муҳим овозга эга эди.

Симпсон эгаллаб турган Венеция услубида қурилган тўрт қаватли уй ғайриоддий архитектура деталларининг кўплиги – жимжимадор дераза, аркали эшик, деворларига рангли мармардан ишланган медальонлари билан ажралиб турарди. Сенатор Венециянинг оташин мухлиси эди У Афина ва Римга боргани сингари Венецияга ҳам тез-тез сафар қилиб турар ва у ердан кўплаб ўтган даврларга оид санъат асарларини олиб келарди. У рим императорлари ҳайкаллари ҳамда Қадимги Юнонистон аҳолисининг рассомлик ғояларидан қизғин гувоҳлик берувчи афсонавий худолар ҳайкалларининг бутун қолган фрагментларини яхши кўрарди. Ажойиб уйининг антресолида Симпсон коллекциясининг энг қимматбаҳо хазинаси: баландлиги тўрт фут бўлган конус шаклидаги монолит устига Паннинг калласи ўрнатилган ўймакор мармар таглик сақланарди. Монолит ёнида тиззасигача бўлинган ва, эҳтимол, бир пайтлар яланғоч нимфага тегишли бўлган кичкина оёқчалар турарди. Монолит ва нимфанинг оёқларини ушлаб турган таглик худди шу мармар бўлагидан ўйилган ва атиргуллар билан ўралган буқанинг бош чаноғи билан безатилганди.

Симпсоннинг қабулхонаси Калигула, Нерон ва бошқа рим императорларининг бюстлари билан тўла эди. Зина бўйлаб эса қурбон қилинган ҳайвонларни меҳробга олиб келаётган нимфа ва коҳинларнинг намойиши тасвирланган берельеф кетарди. Уйнинг узоқ бурчакларидан бирида мусиқа жаранглайдиган соат осилган бўлиб, у ҳар чорак соатда ғалати оҳангда маҳзун жарангларди. Хо наларнинг деворларига фламанд гобеленлари осилган, бал ўтказиладиган хона, кутубхона, катта ва кичик меҳмонхоналарда итальян уйғониш даврининг ўймакорлик билан безатилган жиҳозлари қўйилганди. Сенатор ўзини рассомлик соҳасининг билағони деб санамас ва шу сабаб шахсий дидига ишонмасди, бироқ унинг ҳамма расмлари буюк рассомлар қаламига мансуб эди. Уни расмлардан ҳам кўра ҳайкалчалар кўпроқ қизиқтирарди.

Симпсон ашаддий коллекционер эмасди, бироқ айрим камёб нусхалардан у жуда завқланарди. У ер-бу ерга ташлаб қўйилган йўлбарс ва леопард терилари, ҳўкиз териси ёпиб қўйилган диван ва устига оддий мато ўрнига ўйма тери ҳамда сахтиён тўшалган столлар унинг уйини жуда нафис, шоҳона безаб турарди.

Симпсоннинг ажойиб ошхонасида жакоб услубига риоя қилинган бўлиб, вино ертўласига эса Филадельфиянинг энг яхши мутахассиси жавоб берарди. Сенатор Симпсон катта зиёфатлар беришни яхши кўрар, унинг эшиклари банкет ёки бал ўтказиш учун кенг очилганда бу ерда жамиятнинг энг юқори табақаси йиғилганига амин бўлиш мумкин эди.

Бугунги кенгаш ўз ҳамкасбларини қувноқлик билан кутиб олган ва навбатдаги суҳбат унга ёқимли бўлишига ишончи комил сенаторнинг кутубхонасида бўлиб ўтаётганди. Стол устига сигаралар, вино, вискининг турли хил навлари териб қўйилганди. Молленхауэр ва Симпсон Батлернинг келишини кутаркан, куннинг ҳар хил масалалари тўғрисида фикр алмашиб сигара чекар ва ҳар бири ичида ўз хаёли билан банд эди.

Батлер яқинда округ прокурори жаноб Дэвид Петтидан олтмиш минг долларлик чек операцияси тўғрисида эшитганди. Айни пайтда Стинер ҳам бу ҳақда Молленхауэрга айтганди. Ва Молленхауэр (Батлер эмас!) шу заҳоти Каупервуднинг аҳволидан фойдаланиб, партияни айбловдан қутқариб қолиш ҳамда айни пайтда Каупервуднинг кўнка темир йўллари акцияларини (албатта, Батлер ва Симпсонга билдирмаган ҳолда) айёрлик билан қўлга киритиш мумкинлигини ўйлаб қолганди. Бунинг учун фақат Каупервудни судга тортиш билан қўрқитиб қўйиш кифоя.

Кўп ўтмай кеч қолгани учун узр сўраб, Батлер кириб келди. У ўзининг шахсий муаммосини хотиржамлик ниқоби ортига яширишга уриниб, сўз очди:

– Ҳаёт шунақа экан-да! Ҳамма банклар ўз кредитлари учун гаров талаб қиляпти!

У стол устидан сигара олиб, чека бошлади.

– Вазият чиндан ҳам жуда яхши эмас, – жилмайиб жавоб берди сенатор Симпсон. – Жаноблар, марҳамат, ўтиринглар. Мен бир неча соат бурун “Жей Кук энд Компани” банкирлик уйидан Эвери Стоун билан гаплашган эдим. Унинг айтишича, Учинчи кўчада Каупервуднинг банкрот бўлишида Стинернинг хизмати борлиги ҳақида гапириляпти ва керакли чоралар кўрилмаса, газеталар бу ҳақда шов-шув кўтариб ташлайди.

– Бу янгилик тез кунда Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциациясининг бошлиғи жаноб Уитнинг қулоғига етиб боришига шубҳа қилмайман. Жентельменлар, ҳозирнинг ўзида қандай ҳаракат қилишимизни ҳал қилиб олишимиз лозим. Биринчидан, ортиқча шов-шувсиз Стинернинг номзодини рўйхатимиздан ўчириб ташлашимиз керак. Бу ҳодисанинг жуда жиддий оқибатлари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, бунинг олдини олиш учун ҳозироқ қўлимиздан келадиган ҳамма чорани кўриб қўйишимиз зарур.

Молленхауэр сигарасини ичига тортиб, ҳаворангкулранг тутун чиқарди. У жим турар, гўёки рўпарадаги девордаги гобеленни томоша қилаётганга ўхшарди.

– Агар жуда қисқа вақт ичида ўзимиз ишни судда кўриб чиқиш масаласини кўтармасак, буни бошқа бир одам жуда хунук ҳолда амалга ошириши кўриниб турибди, – ҳамкасблари жим турганини кўриб, гапида давом этди сенатор Симпсон. – Менинг фикрим шундай: таъқибни бошқа биров (эҳтимол, бу ўша шаҳар ассоциацияси бўлар) бошлагунича кутиб турамиз, шундан кейин эса гўё ўзимиз буни анчадан бери ўйлаб юргандек судга мурожаат қиламиз. Ҳозир энг муҳими – вақтдан ютиш: шунинг учун мен иложи борича шаҳар ғазначилиги китобларига мурожаатни қийинлаштиришни таклиф қиламан. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тафтиш бошланадиган бўлса (ўйлашимча, шундай бўлади ҳам!) у иложи борича фактларни секинроқ аниқлашига ҳаракат қилиш керак.

Сенатор муҳим масалалар борасида ўз маслакдошларига киноя билан гапириш керак эмас деб ҳисоблар ва бундай шароитда дабдабали нутқ сўзлаш одатига қарамай, ҳамма нарсани ўз оти билан аташни афзал кўрарди.

– Менимча, ақлли таклиф, – деди Батлер креслосига чуқурроқ ўрнашиб олиб, ўзининг ёмон кайфиятини ҳар қанақасига билдирмасликка уриниб. – Одамларимиз тафтишни уч ҳафталарга чўза олишларига шубҳа қилмайман. Билишимча, улар шошилишни ёқтирмайди.

Шу гапларни айтаркан, жаноб Батлер қандай қилиб гапни Каупервуд томонга буриб юборишни ўйлар ва иложи борича тезроқ, бироқ ҳеч ким уни, Батлерни партиянинг қазиқишларига қарши чиқяпти, дея айбламайдиган тарзда йигитга нисбатан суд ишини қўзғашни маслаҳат бериш ҳақида ўйлаётганди.

– Ҳа, ёмон фикр эмас, – хотиржам тасдиқлади Молленхауэр сигара тутунини бурқситаркан ва қандай қилиб йигит билан кўришмагунча Каупервуд ва унинг жинояти ҳақидаги гапни кўтармаслик ҳақида бош қотираркан.

– Биз эҳтиёж туғилган заҳоти ҳаракат қилишимиз учун диққат билан бунинг режасини тузиб чиқишимиз керак, – яна гап бошлади сенатор Симпсон. – Мен бу иш бир ҳафтага қолмасдан, балки ундан ҳам эртароқ маълум бўлади, деб ўйлайман, шунинг учун вақтни ўтказмаслик керак. Маслаҳатим: шаҳар мэри шаҳар ғазначилигига хат ёзиб, бу масала бўйича тушунтириш хати ёзиб беришларини сўрасин, ғазначи эса бу хатга жавоб ёзсин; шундан сўнг мэр муниципалитет аъзоларининг розилиги билан ғазначини вақтинча ўз мансабидан четлаштирсин – менимча, бунга қонунан ҳаққи бор ёки жуда бўлмаганда, уни асосий ваколатидан маҳрум қилсин. Бироқ хатларимиз тайёр туради ва бизни ҳаракат қилишга мажбур қиладиган бўлса, биз тезликда уларни газеталарга босиб чиқарамиз.

– Агар жентльменлар қарши бўлишмаса, мен бу хатларни тайёрлашни ўз бўйнимга оламан, – хотиржам, бироқ тезлик билан гап қўшди Молленхауэр.

– Ҳа, бу ақлли эҳтиёткорлик бўлади, – бепарволик билан гап қўшди Батлер. – Айни вазиятда мабодо жавобгарликни яна бир бошқа бировга юклаб қўймасак, бошқа нарса қила олмаймиз ҳам. Мен айни шу масала бўйича фикримни билдирмоқчи эдим. Агар ҳамма нарсани ҳисобга оладиган бўлсак, биз у даражада ожиз аҳволда ҳам эмасмиз.

Батлернинг кўзлари тантанали чақнаб кетди, Молленхауэрнинг юзида эса безовталик аломати пайдо бўлди. Демак, Батлер билади, эҳтимол, Симпсон ҳам хабардордир!

– Бу билан нима демоқчисиз? – сўради сенатор Симпсон ва Батлерга қизиқиб қараб қолди. У чек билан бўлган воқеа тўғрисида ҳеч нарса билмас, чунки шаҳар ғазначилигининг фаолиятини жуда диққат билан кузатмас ва ўтган кенгашдан бери ўз ҳамкорларининг ҳеч бири билан ҳали учрашмаганди. – Наҳотки бирор бегона одамнинг бу ишга алоқаси бор бўлса?

Сенаторнинг сиёсатчи сифатида ўткир зеҳни тез ишлаб кетди.

– Ҳм-м!.. Бегона одам демаган бўлардим, – одоб билан гапида давом этди жаноб Батлер. – Мен Каупервуднинг ўзини назарда тутяпман. Сизлар билан охирги марта кўришганимиздан бери маълум бир тафсилотлар пайдо бўлдики, бу йигит биз ўйлаганимизчалик жуда “оппоқ” эмас экан. Бу қалтис ишнинг сабабчиси унинг ўзи бўлганга ўхшайди ва Стинерни ҳам, қаршилигига қарамай, ўша тортган. Мен ўз хоҳишим билан шу иш билан шуғуллана бошладим ва менимча, Стинер бу ерда айбдор эмас. Баъзи нарсалардан хулоса шу бўлдики, Каупервуд Стинерни унга пул бермайдиган бўлса, қандай кўнгилсизликлар бўлиши мумкинлигини айтиб, бир неча марта қўрқитган ва шу яқин кунларда уни алдаб, яна йирик сумма олган. Бундан келиб чиқадики, у Стинердан кам айбдор эмас. Шаҳар унга шаҳар заёми облигациялари учун олтмиш минг доллар тўлаган, бу облигациялар эса амортизация фондида белгиланмаган. Энди ҳозир партиянинг обрўси хавф остида экан, нега биз Каупервуд билан пачакилашиб ўтиришимиз керак?

Каупервудга ёмон зарба берганига ишонч ҳосил қилган Батлер жим бўлди ва у янглишмаганди. Сенатор ва Молленхауэр ўта таажжубда эдилар, чунки биринчи кенгашда Батлер ёш банкир томонида тургандек кўринганди. Бироқ унинг ҳозир айтган гаплари шунчалик душманларча муносабат учун етарли асос бўлолмасди. Айниқса, Молленхауэр ҳайратда қолди, чунки Батлернинг Каупервудга яхши муносабатини у бир пайтлар ўз режаларини амалга оширишга тўсиқ деб биларди.

– Буни қаранг-а! – деди ўйчан Симпсон, оппоқ, нозик қўллари билан лабини силаганча.

– Ҳа, мен буни тасдиқлашим мумкин, – хотиржамлик билан деди Молленхауэр, ўзининг Каупервудни қўрқитиб, унинг кўнка темир йўллари акциясини тортиб олиш режалари барбод бўлаётганини кўриб. – Мен яқинда Стинер билан шу иш ҳақида суҳбатлашгандим: унинг айтишича, Каупервуд ундан яна уч юз минг тортиб олмоқчи бўлибди, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмаслигига ишонч ҳосил қилгач, Стинернинг хабари ва розилигисиз олтмиш минг доллар олишга эришибди.

– Лекин қандай қилиб?.. – ишонқирамай сўради Симпсон.

Молленхауэр Каупервуд қилган ишларини гапириб берди.

– Ҳа, мана, нима гап экан! – деди сенатор Молленхауэр гапини тугатганда. – Вой эпчилей! Демак, облигациялар амортизация фондига топширилмаган демоқчимисизлар?

– Ҳа, топширилмаган, – ҳозиржавоблик билан тасдиқлади Батлер.

– Яхши, бу бизга жуда қўл келади, – Симпсон енгил тортиб хўрсиниб қўйди. – Ҳамма нарсага балогардон бўладиган одам топилди. Бизга ана шу керак эди. Ушбу шароитда мен Каупервуднинг ёнини олишдан мақсадни кўрмаяпман. Аксинча, керак бўлса, уни ҳамманинг диққат марказида қилиб қўямиз. Шундан сўнг газеталар унинг соғлиғи тўғрисида сайрашаверсин. Ахир улар шунинг учун ҳам ишлайди. Биз эса ишни керак бўлган даражада ёритиб берамиз. Ана шунда ҳатто жаноб Уит аралашса ҳам, барча тафсилотлар аниқ бўлгунча сайловлар ўтиб бўлган бўлади. Мен бажонидил матбуотни ўз бўйнимга оламан.

– Хўш, шундай экан, бизнинг аралашувимиз ҳозирча шу билан тугаб туради, – деди Батлер, – бироқ мен Каупервуд Стинер билан бир хилда жазоланиши керак деб ҳисоблайман. У Стинердан кам эмас, балки кўпроқ айбдордир ва шахсан ўзим у қилмишига яраша жазоланишини истайман. Унинг жойи қамоқда ва уни қамоққа жўнатиш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан.

Молленхауэр ва Симпсон одатда хушкайфият билан юрадиган ҳамкасбларига ажабланиб қараб қолишди; унинг бирдан Каупервудни жазолашга интилишига сабаб нима экан? Молленхауэр ва Симпсонларнинг фикрича (бошқа пайтда Батлер ҳам шундай деб ҳисоблаган бўларди), Каупервуд юридик ҳуқуқларни босиб ўтиб, инсон ҳуқуқларини поймол қилмаганди. Улар Каупервудни унга бу ишларни қилишига йўл қўйган Стинердан кўра камроқ айблашаётганди. Бироқ Батлер масалага бу нуқтаи назардан қараётган экан ва жиноят расман кўриниб турган экан, демак, улар ҳатто Каупервуд қамоққа тушишига тўғри келса-да, ҳамма ишни Республикачилар партияси томонга буриб юборгиси келиши табиий.

– Афтидан, сиз ҳақсиз, шекилли, – эҳтиётлик билан деди сенатор Симпсон. – Демак, хатларни тайёрлаб қўяверинг. Ҳенри, сайловларгача кимгадир қарши жиноят иши очилиши керак бўлса, у ҳолда Каупервудга қарши очиш мақсадга мувофиқ бўларди. Стинер ҳақида фақат охирги дақиқада, керак бўлиб қолгандагина гапириб ўтамиз. Бу ишни сизнинг зиммангизга топшираман, чунки жума куни мен Питтсбургга кетишим керак. Ҳеч нарсани унутмаслигингизга шубҳа қилмайман.

Сенатор ўрнидан турди. У доим ўз вақтини қадрларди. Батлер кенгашнинг натижасидан жуда хурсанд эди. Энди одамлар қарши чиққан тақдирда ёки Республикачилар партиясига қарши зарба бўлиб қолган тақдирда бу учлик Каупервудни аяб ўтирмайди. Муҳими шуки, норозилик овозлари тезроқ жаранглаши керак, шароитга қараганда, буни кутишга кўп вақт қолгани йўқ. Бу ишга Каупервуднинг шусиз ҳам ғазаби қайнаб юрган кредиторларини ҳам тортиш керак; уларнинг векселларини сотиб олиш ва шу орқали Каупервуднинг ишини қайта тиклашига халал бериладиган бўлса, у тамом бўлади. Ҳа, ўйлади Батлер, у Эйлинни йўлдан уриб, айнитган кунни яхшилик билан эсга олмайди. Интиқом вақти яқинлашмоқда.

33

Каупервуднинг ҳамма кўрган ва эшитганлари шаҳар сиёсатдонлари уни ҳамма нарсага (яна яқин орада) балогардон қилмоқчи экани тўғрисидаги хулосасини мустаҳкамлаётганди. Каупервуд ўз конторасини ёпганидан сўнг бир неча кун ўтиб унинг олдига Альберт Стайерс келган ва жуда муҳим янгиликларни айтиб берганди. Стайерс ҳали ҳам худди Стинер каби шаҳар ғазначилигида ишлаётган бўлиб, ғазначилик китобларини тафтиш қилиш билан шуғулланаётган Сэнгстек ва Молленхауэрнинг ишончли вакили бўлган одамга талаб қилинган тушунтиришларни бераётганди. Стайерс Каупервуднинг олдига олтмиш минг долларлик чек учун қўшимча маълумотлар олиш ва йўл-йўлакай ўзининг бу ишга бўлган алоқадорлиги тўғрисида ҳам гаплашиш учун келганди.

Маълум бўлишича, Стинер ўз бошқарувчисини суд билан қўрқитиб, ушбу сумманинг етишмаслигида уни айбдор қилаётган, кафил турганлар энди судда унинг ўрнига жавоб беришларига тўғри келишини таъкидлаётган экан. Каупервуд йигитнинг гапларини эшитиб кулиб юборди ва буларнинг бари бўлмағур нарса эканига Стайерсни ишонтирди.

– Альберт, – жилмайиб деди у, – сизни ишонтириб айтаманки, булар ҳаммаси бўлмағур гаплар. Сиз менга чек ёзиб берганингиз учун ҳеч нарсага жавобгар эмассиз. Биласизми, сизга юристим Стежер билан маслаҳатлашиб кўришингизни маслаҳат бераман. Сиздан бир цент ҳам кетмайди ва у нима қилишингиз кераклигини аниқ айтади. Энди эса ғазначиликка қайтиб боринг ва ортиқ ҳаяжонланманг. Мен сизга шунча кўп нохушликлар келтирганимдан афсусдаман, бироқ янги ғазначи келадиган бўлса, ўрнингизда қолишингиз мумкинлигига юздан биргина имкон бор.

Айни пайтда Каупервудни Эйлиндан келган мактуб ҳам жиддий ўйлашга мажбур қилаётганди. Эйлин хатида уйларида отаси йўқ пайти дастурхон устида бўлиб ўтган суҳбатни батафсил келтирганди. Оуэн Республикачилар партияси арбоблари: отаси, Молленхауэр ва Симпсонлар ноқонуний молиявий комбинацияси учун “уни (Фрэнкни) сиқиб қўйишмоқчи” экани тўғрисида гапирибди. Айнан қандай эканини Эйлин яхши тушунолмабди, фақат бу қандайдир чек билан боғлиқ экан.

Қиз безовталикдан ақлдан озай деётганди. У хатида Каупервуддан уни қамоққа тиқмоқчи бўлишаётгани ростлиги ҳақида сўрарди. Унинг севгилисини! Унинг жону дили Фрэнкни-я?! Наҳотки у билан шундай бахтсизлик юз берса?

Мактубни ўқиб Каупервуднинг қовоқ-тумшуғи осилди, жаҳл билан тишларини ғижирлатди. Нимадир қилиш керак, балки Молленхауэр ёки Симпсон билан ёхуд ҳар иккиси билан ҳам учрашиб, улар орқали қандайдир келишувга келиш керак. Айни пайтда Каупервуд уларга нақд пул ваъда қила олмайди, фақат вексель бериши мумкин, балки, бу уларни қониқтирар. Наҳотки улар шундай арзимаган нарса – чек операцияси учун Каупервуднинг ҳаётини барбод қилишса? Ахир бу ерда ноқонуний ҳеч нарса йўқ. У ҳолда Стинер унга берган беш юз минг доллар ёки олдинги шаҳар ғазначиларининг шубҳали операциялари тўғрисида нима дейиш мумкин?! Қандай пасткашлик! Сиёсат нуқтаи назаридан жуда ақл билан ўйланган бўлса-да, бироқ бу қанчалар разилона режа ва унга қанчалар даҳшатли хавф таҳдид соляпти.

Симпсон ўн кунга шаҳардан бошқа ёққа кетгач, Молленхауэр Батлернинг партия ишларида Каупервуднинг хатосидан фойдаланиб қолиш тўғрисидаги гапларини эслаб, ўзаро келишилган қадамларни қўйишни бошлади. Хатлар тайёр қилиб бўлинган ва уларни жўнатиш кутилаётганди. Бундан ташқари, юқорида тасвирлаб ўтганимиз – кенгашдан кейин Республикачилар партиясидаги майда югурдаклар ўз бошлиқларидан ўрнак олиб, бурчак-бурчаклардан чек билан боғлиқ воқеани айтиб, шаҳар ғазначилигидаги камомадга асосан Каупервуд айбдорлиги тўғрисида жар сола бошлагандилар.

Молленхауэр бир кўришдаёқ қандай кучли одам билан иш кўраётганини тушунди. Каупервудда қўрқувдан асар ҳам йўқ эди. У ҳар доимгидек хотиржамлик билан шаҳар ғазначилигидан кам фоизларга пул қарз олиб тургани, биржа ваҳимаси унга ҳам таъсир қилгани ва айни пайтда қарзини қайтаришнинг имкони йўқлигини айтди.

– Жаноб Молленхауэр, қулоғимга ғазначига шерик сифатида менга ҳам қарши иш қўзғашмоқчи бўлаётгани тўғрисидаги гаплар етиб келди. Мен шаҳар ҳокимияти бундай қилмаслигига ва бунга ўз таъсирингиз орқали йўл қўймаслигингизга умид қиламан. Ишларим ўта ёмон аҳволда эмас ва уларни бутунлай тартибга солиш учун менга бироз вақт керак, холос. Мен кредиторларимга қолган қарзларимни узиш учун бир долларга эллик цент нақд ва бир, икки, уч йилга векселлар таклиф қиламан. Шаҳар ғазначилигидан олган ссудам масаласига келсак, агар бирор битимга кела олсак, мен бу пулни центигача қайтараман, фақат озгина вақт сўрамоқчиман, холос. Ўзингиз яхши тушунасиз, қимматбаҳо қоғозларнинг курси кўтарилиши керак ва кўрган зарарларимни айтмасак, яна ўзимни ўнглаб оламан. Менга маълум бўлишича, иш жуда чуқурлашиб кетган. Агар буйруқ бериб турганлар оғзини ёпмаса, газеталар истаган дақиқада шов-шув кўтаришлари мумкин, – Каупервуд Молленхауэрга маъноли қилиб қараб қўйди. – Агар бу ишлар муҳокама қилинаётганда мен четда турсам, у ҳолда, албатта, доғ тушмаган ном билан тезроқ оёққа турган бўлардим. Шаҳар учун ҳам бунинг фойдали томони бор, чунки ўшанда бутун қарзимни ёпган бўлардим.

Каупервуд одатдагидек ўзига хос тарзда ёқимли ва сирли жилмайди. Уни биринчи марта кўриб турган Молленхауэрда бу, албатта, бошқача таассурот уйғотди. У молия оламининг бу ёш Дэвидига қизиқиш билан қараб турарди. Каупервуднинг таклифини қабул қилишнинг озгина имкони бўлганида, пуллар чиндан ҳам қайтарилади ва Каупервуд яна оёққа туради, деган озгина умид бўлганда ҳам, Молленхауэр ўз жавобини яхшилаб ўйлаб кўрган бўларди. Агар шундай бўлганида Каупервудни омон сақлаб қолишга эришган бор нарсасини унга ўтказади, деб умид қилиш мумкин эди. Бироқ ҳозирги юзага келган вазиятда, пайти келиб у ўзини ўнглаб олади, деган умид деярли йўқ эди.

Молленхауэр Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам бериш фуқаролик ассоциациясининг қимирлаб қолгани ва ишни текширишни бошлагани ёки шунга тараддуд кўраётгани тўғрисида эшитганди. Агар ассоциация бу ишга қўл урадиган бўлса, шубҳасиз, уни охиригача етказмай қўймайди.

– Жаноб Каупервуд, биласизми, – хушмуомалалик билан гап бошлади Молленхауэр, – гап шундаки, иш жуда чуқурлашиб, таъсир доирамдан чиқиб кетган. Бу ишга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ. Лекин тўғри тушунган бўлсам, гап шаҳар ғазначилигидан қарзга олинган беш юз минг доллар ҳақида эмас, балки сиз яқинда олтмиш минг долларга олган чек ҳақида кетяпти. Жаноб Стинернинг таъкидлашича, чекни ноқонуний олган экансиз, у сизни ҳар қанақасига қоралаб ётибди. Бу ҳақда шаҳар мэри ва бошқа расмий шахслар ҳам билиб бўлишди ҳамда улар қандайдир чора кўриши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Менинг бундан хабарим йўқ.

Молленхауэрнинг рост гапирмаётгани кўриниб турарди. Бу унинг қўлида югурдак бўлган шаҳар мэри ҳақида мужмал гапирганидан сезилиб турганди. Каупервуд бир оғиз сўзиданоқ буни тушунди. У қалбан кучли нафратни туйди, бироқ ўзини тутиб олиб, ҳурмат билан гапиришда давом этди.

– Тўғри, олтмиш минг долларга чекни, – сохта очиқлик билан жавоб берди у, – ўзимни банкрот деб эълон қилиш арафасида олдим. Бироқ ўша чек жаноб Стинернинг кўрсатмаси билан олган сертификатларим тўлови учун мўлжалланган ва пуллар қонуний асосда менга тегишли эди. Кераклиги учун уларни талаб қилгандим. Бунинг нимаси қонунбузарлик экан?

– Агар операция ҳамма расмиятчиликларни ўрнига қўйиб бажарилганида, ноқонуний бўлмасди, – самимийлик билан Каупервуднинг гапига қўшилди Молленхауэр. – Тушунишимча, бу сертификатлар амортизация фонди учун олинган, бироқ улар фондга тушмаган. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Оддий адашмовчилик билан, – худди Молленхауэрнинг ўзи каби самимий ва бегуноҳ оҳангда деди Каупервуд. – Агар мен кутилмаганда ўзимни қарз тўлашга қодир эмас деб эълон қилишимга тўғри келмаганда, сертификатлар ўша ерда бўларди. Ҳамма нарсани шахсан кузатишга имконим бўлмади. Бироқ бизда сертификатларни тезлик билан фондга топшириш тартиби ҳам йўқ эди. Жаноб Стинердан сўрасангиз, буни таъкидлайди.

– Шундайми?!.. – жавоб қилди Молленхауэр. – Бироқ Стинер билан бўлган суҳбатдан менда бошқа фикр уйғонганди. Нима бўлганда ҳам, сертификатлар амортизация фондида йўқми, бу қонун нуқтаи назаридан бутунлай бошқа нарсани англатади. Шахсан ўзим бу масалага исталган республикачидан ортиқ қизиқмаганман. Очиғи, сизга қандай ёрдамим тегишини кўрмаяпман. Сизнингча, бу ишда нима қилиб бера олишим мумкин?

– Агар очиқчасига гаплашишга тайёр бўлмасангиз, Жаноб Молленхауэр, – қуруққина оҳангда деди Каупервуд, – мен учун нимадир қиласиз деб ўйламайман. Мен Филадельфия сиёсатидаги янги одам эмасман. Ва уни кимлар ҳаракатга келтириши ҳам менга маълум. Сиз мени судга бериш ҳақидаги ғояни йўққа чиқариб, яна оёққа туриб олишимга вақт бера оласиз, деб ўйлагандим. Олтмиш минг доллар учун оладиган жиноий жавобгарлигим шаҳар ғазначилигидан аввал олганим – беш юз минг доллар учун оладиган жавобгарликдан кўп эмас, ҳатто камроқ. Биржадаги бу ваҳимани мен тарқатмаганман. Чикагони мен ёқмаганман. Жаноб Стинер ва унинг дўстлари мен билан иш юзасидан муносабатда бўлиб, кам фойда кўришгани йўқ. Наҳотки шаҳарга қилган шунча хизматларимдан сўнг ўзимни қутқаришга уринишга ҳаққим йўқ эди? Наҳотки шунча фойда келтирганим – шаҳар бошқармасининг менга нисбатан кечиримли бўлишига умид қилишим мумкин эмасди?! Мен шаҳар заёмининг паритетини қўллаб-қувватлардим. Жаноб Стинер менга қарз берган пуллар масаласига келсак, унинг шикоят қилишга ҳаққи йўқ – у бу ишдан жуда юқори фоизлар олган.

–Тўппа-тўғри, – деди Молленхауэр Каупервуднинг кўзига тик қараб ва бу йигитнинг ўзини тута билиши, ақлининг тиниқлигига беихтиёр тан бериб. – Мен бу ишлар қандай бўлганини жуда яхши биламан. Жаноб Стинер, шу билан бир қаторда, шубҳасиз, бутун шаҳар бошқармаси ҳам, сиздан беҳад миннатдор бўлиши керак. Мен муниципалитет фаолиятига аралаша олмайман. Билган нарсам шуки, сиз қайсидир бир сабаб билан жуда чигал шароитга тушиб қолгансиз ва баъзи гуруҳларда жамоатчилик фикри сизга жуда қарши. Шахсан ўзим на у томон ва на бу томоннинг фикрини қўллабқувватламайман ва агар ҳеч нарса қилиб бўлмайдиган вазият юзага келмаганида, қўлимдан келган ёрдамни беришдан бош тортмасдим. Бироқ энди нима қилиш мумкин? Республикачилар партияси сайловлар арафасида жуда қийин аҳволда қолди. Ва бунинг жавобгарлиги, беихтиёр бўлса-да, сизга боғлиқ, жаноб Каупервуд. Жаноб Батлер менга номаълум сабабларга кўра, сизга нисбатан жуда ёмон муносабатда. У эса сиёсатда жуда катта таъсирга эга…

“Батлер унга қандай озор етказишганини уларга ошкор қилганмикин?” ўйлади Каупервуд ва шу заҳоти бу фикрни ўзидан нари қилди. Бу жуда ишониш қийин бўлган тахмин эди.

– Сизга чин қалбимдан ҳамдардман, жаноб Каупервуд, бироқ қўлимдан келгани – жаноб Батлер ва жаноб Симпсонлар билан гаплашиб кўришингизни маслаҳат бера оламан, холос. Агар сизга ёрдам беришнинг бирор йўлини топишса, мен ҳам бажонидил уларга қўшиламан. Очиғи, бошқа ҳеч нарса таклиф қила олмайман. Шаҳарнинг ишларига сезиларли таъсир ўтказа олмайман.

Очиғини айтганда, Молленхауэр ана шу ерда йигит унга ўзининг қимматбаҳо қоғозларини таклиф қилади деб кутганди. Бироқ Каупервуд ундай қилмади. Фақатгина:

– Жаноб Молленхауэр, самимий кутиб олганингиз учун жуда миннатдорман, – деди. – Агар имкон топганингизда, менга ёрдам берган бўлардингиз, бунга ишонаман. Бироқ энди кучим етганча ўзим курашишимга тўғри келади, албатта. Кетишга ижозат беринг.

Каупервуд ўрнидан турди-ю, чиқиб кетди. У уриниши қанчалик умидсиз бўлганини энди тушунганди.

Бу пайтга келиб эса ғазначиликдаги воқеа ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб ва кенгайиб кетаётгани, лекин, афтидан, ҳеч ким буни аниқлаштириш учун қадам босмоқчи эмаслигини сезган Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам фуқаролик ассоциациясининг президенти жаноб Скелтон Уит Маркет стритдаги мажлислар залида ўзи раислик қиладиган, Филадельфиянинг ўнта одамидан иборат қўмитани чақиришга мажбур бўлди ва йиғилганларга Каупервуднинг банкротлиги ҳақида эълон қилди.

– Менимча, жаноблар, – гап бошлади у – ташкилотимиз учун шаҳарга ёрдам бериш ва унинг аҳолисига хизмат кўрсатиш, шу йўл билан биз ўзимиз учун танлаган номни оқлаш фурсати етди, фақат текширувни диққат билан олиб бориш ва бу ишнинг барча тафсилотларини очиш керак бўлади. Кейин эса фактларга таяниб, шу вазиятда содир бўлган мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйишни қатъий талаб қилиш керак. Бу иш осон эмаслигини биламан. Шаҳарда ҳам, штатда ҳам Республикачилар партияси ва у суянадиган одамлар, албатта, бизга қарши бўлишади. Партия етакчилари гап-сўздан қўрқишади – бу сайлов пайтида уларнинг номзодлари ўтишига халал бериши мумкин. Бироқ биз етарлича туриб берсак, бу билан катта ва фойдали иш қилган бўламиз. Жамиятимиз ҳаётида ҳамма нарса ҳам яхши ҳолатда эмас. Ҳуқуқ тамойиллари бутунлай топталишига йўл бериб қўйиш керак эмас. Уларга риоя қилишга ўрганиш керак. Шунинг учун ҳам бу масалани кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйдим.

Жаноб Уит гапини тугатиб, жойига ўтирди ва қўмита тезлик билан масалани кўриб чиқишни бошлаб юборди. Биринчидан, “шаҳарда тарқалган ва шаҳар ўз-ўзини бошқарувининг обрўсига путур етказадиган гап-сўзларни текшириш” бўйича комиссия тузишга (кейинчалик қўмитанинг расмий баёнотида хабар берилганидек) қарор қилинди. Комиссияга эртаси куни кечқурунга чақирилган қўмита мажлисига текширув натижаларини тақдим қилиш вазифаси топширилди. Иккита мажлис ўртасида ўтган бир сутка ичида молия дунёсининг билимдонлари бўлган қўмитанинг тўртта аъзоси ўзларига топширилган вазифани бажариб, аниқ ишлаб чиқилган ҳисоботни топширди. Тўғри, ҳисобот фактларга айнан мос келмасада, шунчалик қисқа вақт ичида ҳақиқатга қанчалик яқинлашиш мумкин бўлса, шу даражада эди.

“Маълум бўлишича (дейиларди ҳисоботда комиссия нима учун ташкил этилгани тўғрисида баён қилувчи кириш сўзидан кейин), бир неча йилдан бери шаҳар ғазначилигида шаҳар кенгаши тасдиқлаган заёмларни чиқаришда уларни сотиш бирорта биржа маклерига топширилган. Бу маклер қоида бўйича, вақти-вақти билан, одатда ҳар ойнинг биринчи санасида шаҳар ғазначисига сотилган облигацияларнинг суммаси ҳақида ҳисобот бериб турган. Ушбу ҳолда бундай маклер Фрэнк А. Каупервуд бўлиб, у билан муносабатда ғазначилик, афтидан, ҳатто ана шу тизимга ҳам риоя қилмаган. Охирги кунлардаги ҳодисалар: Чикагодаги ёнғин, ёнғин сабаб фонд биржасидаги қийматларнинг тушиб кетиши ва шу сабаб Фрэнк А. Каупервуднинг банкрот бўлиши ишни шу қадар чигаллаштириб юборганки, натижада комиссия ғазначиликда умуман тизимли ҳисобот топшириш амалга оширилганми-йўқми, аниқлашга эриша олмади. Бироқ жаноб Каупервуд шаҳар заёми облигацияларини бемалол банкларга гаровга қўйгани ва бошқа ишларни ҳисобга олиб, хулоса қилиш мумкинки, у ҳеч ким олдида ҳисоб бермаган ва унинг ихтиёрида доим шаҳарга тегишли бўлган нақд пул ва қимматли қоғозлар кўринишида юзлаб, минглаб долларлар бўлган ва улар орқали Фрэнк А. Каупервуд турли молиявий операцияларни бемалол бажараверган. Бахтга қарши, биз бу операциялар қандай натижаларга олиб келганини аниқлашга ҳали имкон топмадик.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации