Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 33 (всего у книги 41 страниц)
48
Пенниснигльвбаинрииянчшитатиинсотлаинйцисяу дичнииқаҳрогяатнКаҳуупкемрвиунди бекор қилиш ва ишни қайта кўриш ҳақидаги аризасини кўрадиган пайт келгунга қадар Каупервуднинг Эйлин билан муносабатлари ҳақидаги гап-сўзлар кенг тарқалиб кетишга улгурганди. Аллақачон хабардор бўлганимиздек, бу ҳолат унинг обрўсини тўкиб, унга зарар келтиришда давом этаётганди. Бу воқеа Республикачилар партияси раҳнамолари яратмоқчи бўлган ҳолат, яъни Каупервуд чиндан ҳам жиноятчи, Жорж Стинер эса унинг қурбони эканини тасдиқлагандек эди. Каупервуднинг у қадар қонуний бўлмаган макр-ҳийлалари – ўта кучли сармоядорлик иқтидорининг меваси замонавий Макиавеллининг хавфли кирдикорларидек тасвирланаётганди. Аслида эса Каупервуд бошқалар зимдан бажарадиган ишларни қилишни асло ўзига эп кўрмасди.
Каупервуднинг хотини ва иккита фарзанди бор эди; бироқ йигитнинг ҳақиқий режаларидан бехабар бўлган, бироқ узунқулоқ гаплар етиб келган филадельфияликлар, у бугун бўлмаса эртага оиласини ташлаб, Лилиан билан ажрашмоқчи ва Эйлинга уйланмоқчи, деган хулосага келишганди. Консерватив одамлар нуқтаи назарида шунинг ўзиёқ жиноят эди, агар бунга кўшиб Каупервуднинг молиявий қийинчиликларини, суд жараёни, айблов ҳукми ва банкротлиги ҳисобга олинса, Филадельфияда шаҳар корчалонларининг у ҳақида гапираётган гапларига нега жон-жон деб ишониб кетаётганлари тушунарли бўлади. Уни қамоққа тиқишади. Олий суд унинг ишни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги талабини рад этади. Шу тарзда кўпинча кўнглимиздаги хаёлларимиз ва орзуларимиз қандайдир мўъжиза сабаб кенг жамоатчиликнинг мулкига айланади. Одамлар аслида уларга етиб бориши мумкин бўлмаган нарсаларни ҳам билишади. Хоҳласа-хоҳламаса, масофадан туриб фикр узатиш деган нарса мавжудлигига ишониб қолади киши!
Худди шундай йўл билан бу гап-сўзлар нафақат Пенсильвания штати олий судининг бешта судьяси, балки губернаторнинг ҳам қулоғига етиб борди.
Аппеляцияга бергандан сўнг Каупервуд озодликда ўтказган бир ой ичида Ҳарпер Стежер ва Дэннис Шеннонлар олий суд аъзолари олдида бўлишиб, бирлари ишни қайта кўриб чиқишни, бошқаси бу ишга қаршилик қилишни сўрашга улгуришганди.
Каупервуд ўз ҳимоячиси орқали олий судга далиллар билан асосланган шикоят аризасини юборганди. У аризасида маслаҳатчиларнинг айблов ҳукми асоссизлиги, ўзининг ўғрилик ва бошқа жиноятларда айбланишининг исботи пуч эканини кўрсатиб ўтганди. Ўз далилларини келтириши учун Стежерга икки соату ўн дақиқа кетди; округ прокурори унга бундан ҳам кўпроқ вақт беришга қаршилик кўрсатди ва катта юридик тажрибага эга бўлган, бироқ молиявий масалаларни унча тушунмайдиган бешала юрист ҳам уларни қизиқиш билан тинглади. Уларнинг учтаси – ўз даврининг сиёсий оқимларига ва хўжайинларининг хоҳишларига зийраклик билан жавоб берадиган Смитсон, Рейни ва Бекуислар Каупервуднинг молиявий операциялари тарихига совуққонгина муносабатда бўлишди, чунки йигитнинг Батлернинг қизи билан алоқалари, бу одамнинг Каупервудга очиқдан-очиқ душмандек қараши ҳақидаги гаплардан улар ҳам хабардор эдилар. Улар ишни адолатли ва холис кўриб чиқяпмиз деб ҳисоблашаётган, ҳақиқатда эса Каупервуднинг Батлерга нималар қилганини бир сония ҳам унутмаётгандилар. Дунёқараши кенгроқ бўлган бошқа икки судья – Марвин ва Рафальский Каупервуднинг иши бўйича қарор адолатсиз бўлганини тушуниб турар, бироқ буни тузатиш имконини кўришмаётганди. Каупервуднинг ўзи сиёсий арбоблар ва жамият олдида шахсини ёмон кўрсатиб қўйганди.
Улар вазиятни тушунишди ва Каупервуднинг Стежер аниқ таърифлаб берган улкан молиявий ва ижтимоий йўқотишларини эътиборга олишди. Бир вақтлар ўзи ҳам бир ёш қиз билан шундай муносабатда бўлган судья Рафальский айблов ҳукмига қарши чиқмоқчи бўлди, бироқ ўйлаб кўриб, сиёсий хўжайинларининг талабларига қарши бориш ақлдан эмас, деган хулосага келди. Шундай бўлса-да, судья Смитсон, Рейни ва Бекуислар ўзларини шубҳалар билан қийнаб ўтирмасдан, ҳукмни ўз кучида қолдиришга тайёр турганларида, Марвин ва Рафальскийлар ўзларининг “алоҳида фикрлари” борлиги тўғрисида эълон қилишди. Шундай қилиб, жуда чалкаш юридик ҳолат юзага келди. Каупервуд “ҳаракат озодлиги” ҳуқуқига кўра ишни Қўшма Штатлар олий судига олиб чиқиш имконини қўлга киритди.
Пенсильваниядами ёки бошқа бир штатдами, қаерда бўлмасин, исталган судда судьялар бу каби ғайриоддий ва муҳим ишни яхшилаб ҳал қилишни хоҳлашади. Шунинг учун ҳам озчилик бўлишига қарамай, Марвин ва Рафальскийлар ўзларининг “алоҳида фикрлари”ни айтиб, асло таваккал қилишмаганди. Республика партияси раҳнамолари норозилигини билдирмайди, чунки Каупервуд қай йўл билан бўлмасин, барибир ҳукм қилинади. Партия раҳнамоларига бу ҳатто ёқса ҳам керак, чунки ишнинг ҳал қилиниши анча адолатли тус оляпти. Бундан ташқари, Марвин ва Рафальский ўзларини Смитсон, Рейни ва Бекуисларнинг чуқур ўйламай чиқармоқчи бўлган ҳукмидан олиб қочмоқчи бўлаётганди.
Шундай қилиб, одатда бунга ўхшаш ҳолатда бўлгани каби бешала судья ҳам бу ишни адолатли кўриб чиқяпмиз деб тасаввур қилаётганди. Ва 1872 йилнинг ўн биринчи февралида Смитсон ўзи ва ҳамкасблари – Рейни ва Бекуислар номидан қуйидаги қарорни эълон қилди:
“Айбланувчи Фрэнк Каупервуд биринчи инстанциядаги судда маслаҳатчилар кенгашининг (Пенсильвания штатининг Фрэнк Каупервуд иши бўйича чиқарилган) ҳукмини бекор қилишни ва ушбу иш қайтадан кўриб чиқилишини илтимос қилади. Олий суд айбланувчига нисбатан адолатсизлик қилинмаган деб ҳисоблайди. ( Шундан сўнг ишнинг барча ҳолатлари батафсил баён қилинган ва шаҳар ғазначилигида ўрнатилган одат ва анъаналар ҳамда Каупервуднинг шаҳар маблағи билан истаганча иш кўрганининг Каупервуднинг қонунга риоя қилмагани тўғрисидаги жавобгарлиги масаласига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги кўрсатиб ўтилганди). Айбланувчининг гўёки қонуний асосда унга тегишли бўлмаган пулни олиши (кўпчилик номидан тушунтирди судья Смитсон) талонторож қилиш деб ҳисобланиши мумкин. Ушбу ҳолда маслаҳатчилар айбланувчининг жинояткорона режасига таянганини аниқлашлари керак эди. Маслаҳатчилар ишни айбланувчи фойдасига ҳал қилишмаган ва олий суд улар чиқарган ҳукмни етарли даражада асосли деб билади. Айбланувчи шаҳар ғазначилиги чекидан қайси мақсадда фойдаланган? Айбланувчи банкрот бўлиш арафасида турганди. У ўз қарзларини тўлдириш мақсадида унга сотиш учун топширилган шаҳар ғазначилиги сертификатларини гаровга берган, унгача эса ноқонуний йўл билан беш юз минг доллар ссуда ҳам олган. Ва маслаҳатчилар қонуний йўл билан у шаҳар ғазначилигидан яна қўшимча ссуда ола билмасди деб ўйлашларига ҳамма асослари бўлган. Шунинг учун у яна шаҳар ғазначилигига келиб, ёлғон ишлатиб олтмиш минг долларга чек олиб кетади. Маслаҳатчилар унинг бу ҳаракатларида жиноятчилик ниятлари борлигини кўришган”.
Олий суд шу сўзлар билан Каупервуднинг ишни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги илтимосини рад қилди. Судья Марвин ўзи ва судья Рафальский номидан қуйидагиларни ёзди:
“Судда бор далиллардан кўриниб турибдики, жаноб Каупервуд чекни шаҳар ғазначилиги агенти сифатида олган, бошқа томондан эса агент сифатида чекнинг олиниши билан у ўзига юкланган мажбуриятларни тўлиқ бажармагани (ёки бажармоқчи бўлмагани) аниқланмаган. Судда маълум бўлишича, амортизация фонди учун сотиб олинган шаҳар заёми облигацияларининг сони ва нархи сиёсий жиҳатлардан келиб чиқиб на биржада эълон қилиниши, на бошқа йўл билан овоза қилиниши керак эмасди. Айни пайтда эса ғазначилик агенти томонидан жаноб Каупервудга унинг операциялари натижаси қониқарли бўлган тақдирда ўз актив ва пассивларидан хоҳлаганча фойдаланиш ҳуқуқи берилганди. Облигацияларнинг сотиб олиниш вақти ва уларнинг алоҳида бир партиясини сотиб олиш учун ажратилган маблағ суммаси ҳам ҳеч қандай битим асосида келишилмаганди. Судланувчи агар чекларга ўз манфаатлари учун найранг йўли билан эгалик қилган тақдирдагина, биринчи пункт билан айбланиши мумкин. Бироқ маслаҳатчиларнинг ҳукмларида бу факт кўрсатилмаган ва мавжуд далиллар асосида кўрсатила олиши ҳам мумкин эмас; яна маслаҳатчилар судланувчини, қўлларида бирорта ҳам далил бўлмай туриб, қолган уч пункт бўйича ҳам айбдор деб топишган. Улар қолган уч пункт бўйича яққол кўриниб турган адолатсизликка йўл қўйишган экан, биз қандай қилиб уларни биринчи пункт бўйича адолатли ҳукм чиқарган деб тасдиқлай оламиз? Кам овоз берганларнинг фикрига кўра, судланувчининг биринчи инстанциядаги суд қарори бўйича талонторожликда айбланув қарори асоссиздир, маслаҳатчилар ҳукмини рад қилиб, ишни янгида кўриб чиқишга тақдим қилиш керак.”
Ишнинг кўзини биладиган, бироқ ижодий ёндашишни яхши кўрадиган, келиб чиқиши яҳудий, бироқ сиртдан ғирт америкалик бўлган судья Рафальский шахсий мулоҳазаларини акс эттирган учинчи фикрни ҳам ёзиб қўйишни ўз бурчи деб билди. Бу нарса кўпчиликнинг қарорини танқид қилиши ва судья Марвин айтиб ўтган пунктларга қўшимча бўлиши керак эди. Каупервуднинг айбдорлиги масаласи жуда чалкаш бўлиб, сиёсий мулоҳазалардан келиб чиқиб ҳам йигитга айблов ҳукми чиқаришга уринган бўлса-да, олий суд аъзоларининг фикрлари турличалиги яққол кўриниб турарди. Судья Рафальскийнинг фикрича, Каупервуд жиноят қилган бўлса-да, бу жиноятни талон-торож қилиш деб баҳолаб бўлмайди; ва у бунга қўшимча қилди:
“Суднинг қўлидаги далиллар Каупервуд яқин кунларда қарзини қайтармоқчи бўлмаган, шунингдек, шаҳар ғазначиси ёки унинг канцелярия бошқарувчиси Альберт Стайерс бу чек ва у тақдим этадиган моддий қийматдан ажраб қолмоқчи эмасди, деб хулоса қилишга йўл бермайди. Жаноб Стайерснинг гувоҳлик беришича, жаноб Каупервуд унга шаҳар заёми облигациялари кўрсатилган суммага олгани тўғрисида айтган, аммо биз бунинг аксини тасдиқловчи ҳеч қандай ишончли далилларга эга эмасмиз. Облигациялар амортизация фондига топширилмагани қонунга зид бўлса-да, адолат юзасидан бу ҳолат ўрнатилганига анча бўлган одат натижаси деб қаралиши керак. Балки, жаноб Каупервуд шундай қилишга ўргангандир?
Тушунишимча, олий суднинг кўп аъзолари “ўғрилик” сўзини кенг маънода қўллашяпти, бунинг натижасида кенг қамровли ва бутунлай қонуний бўлган биржа операцияларини ўтказадиган истаган ишбилармон, бу ерда жаноб Каупервуд билан содир бўлганидек, биржа ваҳимаси ёки ёнғин сабаб жиноятчи бўлиб қолаверар экан-да! Суднинг шундай прецедентларни яратиши ва бундай оқибатларга олиб келадиган позицияни эгаллаши менга жуда ажабланарли туюляпти”.
Каупервуд олий суд аъзоларининг фикри бўлинганидан қониққан, аслида вазият бундан ҳам баттар бўлишига тайёрланган ва ишларини шунга қараб режалаштирган бўлса-да, бу натижадан ҳафсаласи қаттиқ пир бўлди. Аслида кучли ва ўзига бино қўйган бу инсон азоб чекишга қодир эмас, деб ўйлаш нотўғри бўларди. Бу каби ҳиссиётлар унга бегона эмасди, бироқ улар уни ҳеч қачон тарк этмайдиган совуққонлик назорати остида бўларди. Стежернинг айтишига кўра, қарорнинг пунктларидан бири конституцияда ёзилганидек Америка фуқаросининг асосий ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳолатга тескари бўлгани учун энди Каупервуднинг олдида фақат бир йўл – Қўшма Штатларнинг олий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилиш қолаётганди. Бу эса жуда узоқ давом этадиган ва қимматга тушадиган жараён эди. Бундан ташқари қайси пункт бўйича шикоят қилиш кераклиги йигитга унча тушунарли эмасди. Яна анча вақт – бир йил, бир ярим ва балки, ундан кўпроқ вақт кетган бўларди ва натижада у барибир қамоқда ўтириб чиқиши мумкин бўларди. Бутун кутиш вақтини ҳам озодликда ўтказиш мумкин деб айтиб бўлмасди.
Ишлар қандайлиги тўғрисидаги Стежернинг ахборотини эшитиб, Каупервуд бир неча дақиқа ўйланиб қолди, кейин деди:
– Демак, олдимда икки йўл: ё қамоққа тушиш, ёки Америкадан қочиб кетиш турибди. Мен биринчисини танлайман. Шу ерда, Филадельфияда курашни давом эттираман ва охири ғалаба қозонаман. Мен ишни Қўшма Штатлар олий суди қайта кўриб чиқишига ёки губернатор авфига эришаман. Қочиб кетмоқчи эмасман, бу – аниқ! Мени курагини ерга теккиздим деб ўйлаётганлар қаттиқ янглишади. Ўзимни дарров ўнглаб оламан ва бу майда сиёсатдонларга ҳақиқий кураш нималигини кўрсатиб қўяман! Энди улар мендан бир доллар ҳам ололмайди! Бир цент ҳам! Агар улар изимга тушишмаганда, вақти келиб мен беш юз минг долларни ўрнига қўйган бўлардим. Энди улар тушини сувга айтишсин!
Каупервуд тишини тишига босди, кўзлари эса ғазабдан чақнаб кетди.
– Фрэнк, мен сиз учун қўлимдан келган ишни қилдим, – чиндан ҳамдардлик билдирди Стежер. – Бор кучим билан курашганимга ишонинг. Балки, жуда зўр уддалай олмагандирман, ўзингиз кўрдингиз, бироқ менга боғлиқ ҳамма нарсани қилдим. Яна нималардир қилиш мумкин, бироқ бу керак ёки керак эмаслигини ўзингиз ҳал қилинг. Нима десангиз, шу бўлади.
– Ҳарпер, бўлмаган гапни гапирманг, – жаҳли чиқиб деди Каупервуд. – Агар ишингиздан қониқмасам, буни сизга айтишдан уялмаган бўлардим. Ўйлашимча, ишни давом эттираверишингиз мумкин ва Қўшма Штатлар олий судига апелляция учун етарли асос топишга ҳаракат қилинг, мен эса бу орада муддатимни ўтайвераман. Умид қиламизки, судья Пейдерсон ҳукм чиқарадиган кунни белгилашни кечиктирмайди.
– Фрэнк, бу қайсидир бир маънода сизга боғлиқ. Агар сиз керак дейдиган бўлсангиз, бир ҳафта ёки ўн кунга чўзишга эришиш мен учун қийин эмас. Шеннон қаршилик қилмаслигига ишончим комил. Ҳамма гап шундаки, эртага сизнинг орқангиздан Жесперс келади. Ишни қайта кўриш ҳақидаги аризангизга рад жавоби берилгани тўғрисида хабар олгач, у сизни яна қамоққа олиши керак. Агар унинг қўлига озгина пул тутқазилмаса, у сизни тезроқ қамашга шошилади. Бироқ у билан гаплашиш мумкин. Агар шошмай турсин дейдиган бўлсангиз, менимча, у ўз агенти назорати остида сизни қўйиб юборишга рози бўлади, бироқ тунни ўша ерда ўтказишингизга тўғри келади. Бир неча йил бурун Альбертсон билан бўлиб ўтган воқеадан кейин бу қоидаларга жуда риоя қиладиган бўлишган.
Стежер гўё қоровул назорати остида кечасига қамоқдан чиқариб юборилган ва қочиб кетишга эришган бир банк кассири ҳақида гапираётганди. Ўз вақтида бу ҳолат шерифнинг қаттиқ танқид остида қолишига сабаб бўлган ва ўшандан бери маҳбуслар ўзларининг мулкий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳукм чиқарилгунча ҳеч бўлмаганда тунни қамоқда ўтказишлари керак бўларди.
Каупервуд Иккинчи кўчадаги Стежернинг идорасида дераза олдида туриб, ўз вазияти ҳақида ўйлаётганди. Жесперснинг меҳмондўстлигини бир марта татиб кўргач, у қамоқда бу жентльменнинг қўли остида бўлишдан қўрқаётгани йўқ эди, бироқ бу нарса унинг қамоқдаги муддатини камайтирмас экан, тунларни мана шу қамоқда ўтказиш унга алам қилаётганди. Демак, у ишларини тартибга солиш учун қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани (гап у ҳали озодликда ўтказиши мумкин бўлган ойлар эмас, кунлар ҳақида кетаётганди) Учинчи кўчадаги идорасида бажаргандек қамоқ камерасида ҳам бемалол бажариши мумкин. Ортиқча чўзиб ўтиришнинг нима кераги бор? У қамоқ муддатини ўташи керак – бошқа ўйлаб ўтирмай, бунга кўникиш керак. Тўғри, яна яхшилаб ўйлаб кўриш учун бир-икки кун чўзса бўлади, бироқ ортиқча ташвишланиб ўтиришнинг кераги ҳам йўқ.
– Агар ҳамма нарса ўз навбати билан кетишига йўл қўйиб қўйсак, унда қачон ҳукм чиқарилади? – ниҳоят сўради Каупервуд.
– Менимча, жума ёки келаси ҳафтанинг душанба куни чиқса керак, – жавоб берди Стежер. – Мен Шенноннинг режаси нималигини билмайман. Унинг олдига кириб, аниқлаб олишим керак.
– Ҳа, шундай қилишга тўғри келади, – унинг гапига қўшилди Каупервуд. – Жумами, душанбами – аслида, фарқи йўқ. Бироқ душанба бўлса, яхшироқ бўларди. Сиз ўша кунгача мени тинч қўйиб туришга Жесперсни кўндира олмайсизми? У менга ишониш мумкинлигини билади.
– Фрэнк, ҳеч қандай ваъда бера олмайман, кўрамиз! Бугуноқ кечқурун у билан гаплашиб кўраман. Балки, юз долларча пул уни қоидаларини сал юмшатишга мажбур қила олар.
Каупервуд истеҳзо билан илжайди.
– Мен юз доллар Жесперсни истаган қонундан чекинишга мажбур қила олади, деб ўйлайман, – деди сўнг ўрнидан туриб кетишга отланаркан.
Стежер ҳам ўрнидан турди.
– Мен Шеннон билан ҳам, Жесперс билан ҳам кўришиб, кейин сизникига ўтаман. Тушдан кейин уйда бўласизми?
– Ҳа.
Улар пальтоларини кийишиб, совуқ февраль шамоли эсиб турган кўчага чиқишди. Каупервуд Учинчи кўчадаги идорасига шошиб кетди, Стежер аввал Шенноннинг олдига, кейин эса Жесперс билан учрашгани жўнади.
49
Округ прокурори сал орқага суришга қаршилик билдирмагани учун ҳукм чиқариш душанба кунига белгиланди. Шеннон билан гаплашгандан сўнг соат бешларда – бутунлай қоронғи тушгач, Стежер округ қамоқхонасига қараб йўл олди. Шериф Жесперс трубкасини тозалаб ўтирган хонасидан ялқовлик билан чиқиб келди.
– Салом, жаноб Стежер! – меҳмонни қарши олди у. – Ишлар қалай? Сизни кўрганимдан хурсандман. Ўтиринг! Яна Каупервуд масаласида келдингизми? Ҳозиргина мижозингиз ишни ютқизгани ҳақида округ прокуроридан билдирги олдим.
– Афсуски, шундай бўлиб қолди, – маъюс оҳангда деди Стежер. – Жаноб Каупервуд мендан олдингизга кириб, энди нима қилмоқчи эканингизни билишни сўраганди. Судья Пейдерсон ҳукм чиқарилишини душанба куни соат ўнга тайинлади. Жаноб Каупервуд олдингизга душанба куни соат саккизга ёки жуда бўлмаганда, якшанба куни кечқурун келса, қарши бўлмассиз деган умиддаман! У ишонса бўладиган одам, буни биласиз.
Стежер пайсалга солиб, атай бепарво оҳангда гапира бошлади – мақсади Каупервуднинг қамоққа қайтиб келиш вақти масаласи арзимаган нарса эканини кўрсатиб, шу йўл билан юз долларни тежаб қолиш эди. Бироқ Жесперсни авраш осон иш эмасди. Унинг семиз юзи чўзилгандек бўлди. “Миннатдорлик” тўғрисида ҳатто оғиз ҳам очмай, Стежер қанақа хизмат тўғрисида гапиряпти ўзи?
– Бироқ жаноб Стежер, ўзингиз жуда яхши биласиз, бу қонунга зид, – эҳтиёткорона ва гўё ҳамдардлик билан гап бошлади шериф. – Мен жаноб Каупервудга бажонидил хўп деган бўлардим, бироқ уч йил бурун Альбертсон билан юз берган воқеадан кейин қаттиққўлроқ бўлишга тўғри келиб қолган ва…
– Ҳа, ҳа, шериф, бундан хабарим бор, – юмшоқлик билан унинг гапини бўлди Стежер. – Бироқ ўзингиз яхши тушунасиз – бу одатдагиларга асло ўхшамаган иш. Жаноб Каупервуд жуда йирик тадбиркор ва кўп нарса тўғрисида ўйлаши керак. Агар гап бирорта суд хизматчиси ёки жарима учун бериш учун керак бўлган етмиш беш ёки юз доллар тўғрисида гап кетаётган бўлса, у ҳолда бундан осони йўқ, бироқ…
Стежер жим бўлиб, атай кўзини бошқа ёққа олди. Жесперснинг юзидаги ҳафсаласи пир бўлган сингари ифода дарров йўқолди. Одатдаги ҳолларда бузиш қийин бўлган қонун дарров орқа планга ўтди; Стежер энди ортиқ тушунтиришнинг ҳожати йўқлигини тушунди.
– Бу жуда нозик иш, жаноб Стежер, – ҳали ҳам шикоятомуз, бироқ хизматга тайёр оҳангда жавоб берди шериф. – Нимадир юз берадиган бўлса, мен ўша заҳоти ўрнимдан ажраб қоламан. Ўлсам ҳам бундай таваккал қилмасдим, бироқ жаноб Каупервудни ҳам, жаноб Стинерни ҳам яхши биламан, уларнинг икковлари ҳам менга ёқади. Бундан ташқари, назаримда, уларга нисбатан адолатсизлик қилишяпти. Мен жаноб Каупервуд учун истисно қилишга розиман, бироқ одамларнинг кўзига кўп кўринавермасин. Буни округ прокурори идорасидагилар билиб қолишмасин. Умид қиламанки, киши кўзига унга қоровул бириктириб қўйсам, мижозингиз хафа бўлмайди. Қонун бўйича шундай қилишга мажбурман. Агентим жаноб Каупервудни сиқиб қўймайди, ундан узоқда юради ва умуман ўзини жуда одоб билан тутади. Жаноб Каупервуд унинг борлигини ҳатто сезмайди ҳам.
Жесперс Стежерга деярли ялингудек қаради ва Стежер рози бўлгандек, бошини қимирлатиб қўйди.
– Яхши, шериф, жуда яхши! Сиз бутунлай ҳақсиз!
Шу сўзлар билан Стежер чўнтагидан ҳамёнини чиқарди, шериф эса эҳтиёткорлик билан уни ўз хонасига бошлади.
– Жаноб Стежер, сизга сотиб олмоқчи бўлаётганим – бир қатор юридик адабиётларни кўрсатмоқчиман, – деди у адвокат унга узатган ўн долларлик пулларнинг кичкина боғламини чўнтагига тиқаркан. – Ўзингиз яхши биласиз, кўпинча ҳар хил саволларга дуч келамиз. Шунинг учун мана шундай китоблар қўл остимизда бўлса, чакки бўлмасди деб ўйлаб қолдим.
Шериф қўли билан бир қатор қонунлар тўплами, суд уставларининг энг янги нашрлари, қамоқхона кўрсатмалари ва бошқаларга ишора қилди.
– Шериф, яхши ўйлабсиз! Жуда ажойиб! Демак, жаноб Каупервуд бу ерга душанба куни соат саккизлар ёки саккиз яримларда келса, яхши бўлади, деб ўйлайсизми?
– Шундай қилса, яхши бўлади, деб ўйлайман, – безовталик билан, бироқ иложи борича ўзини тутиб деди Жесперс. – Бундан олдин у бизга керак бўлиши эҳтимолдан йироқ. Бироқ зарур бўлиб қолса, дарров сизга хабар бераман ва уни бу ерга олиб келасиз. Лекин ишончим комилки, бунинг ҳожати бўлмайди, жаноб Стежер. Ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлайман.
Улар вестибюлга қайтиб чиқишди.
– Жаноб Стежер, сизни яна кўрганимдан хурсандман, – яна такрорлади Жесперс. – Келиб туринг, илтимос!
Шериф билан хушмуомала тарзда хайрлашгач, Стежер Каупервуднинг олдига шошди.
Эгнига хушбичим кулранг костюм ва аъло даражада тикилган пальто кийиб олган, конторадан қайтиб келиб, ажойиб қурилган уйининг зинасидан кўтарилаётган Каупервудни кўрган одам унинг шу онда ўз-ўзидан, бу уйимда ўтказадиган охирги кеча эмасми, деб сўраётганини тасаввур ҳам қила олмасди. На юзидаги ифодаси, на юриши унинг кўнглидаги изтиробларини кўрсатиб турарди. У ҳали эрта эканига қарамай, чироқ ёниб турган даҳлизга кириб келди. Қаршисидан каминга солиш учун бир челак кўмир кўтарган қора танли хизматкор Симс чиқиб қолди.
– Бугун ташқарида ҳаво бирам совуқ, жаноб Каупервуд, – деди Фаренгейт бўйича олтмиш даражадан пастни совуқ ҳисоблайдиган Симс. У Филадельфиянинг Шимолий Каролинада жойлашмаганидан жуда энг кўп афсусланарди, чунки ўзи ўша ердан эди.
– Ҳа-а, ҳаво совуқроқ, Симс, – хаёл билан жавоб берди Каупервуд.
У ҳозир уйи ҳақида, Жирард авенюдан қайтиб келганида, уйининг қандай кўрингани, унинг келаётганини деразадан кўрган қўшнилари нима деб ўйлагани ҳақида хаёл сураётганди. Бугун ҳаво очиқ ва совуқ эди. Даҳлиз ва меҳмонхонада чироқ ёниб турар, Каупервуд ташвишлари бошланганидан бери уйининг ҳам маъюс ва тушкун қиёфага кириб қолмаслигига ҳаракат қилаётанди. Деразасидаги қаймоқранг тўрпардалар ортидан майин чироқ нури тушиб турган яшил-кулранг уй, айниқса, ҳозир чиройли кўринаётганди. Каупервуднинг ёдига бу уйни қуриш ва жиҳозлаш учун қанча куч сарфлагани тушди. Ким билади, бу уйни энди сақлаб қола олармикин?
– Каупервуд хоним қаерда? – хаёлини йиғиб, Симсдан сўради у.
– Меҳмонхонада, шекилли, сэр.
Каупервуд зинадан кўтариларкан, агар Лилиан кейин уни ўзида олиб қолишни хоҳламайдиган бўлса, кекса Симс ҳам ишидан айрилишини ўйлади. Бироқ Лилианнинг бундай йўл тутиш эҳтимоли кам эди. Каупервуд хона ўртасидаги овал шаклидаги стол олдида ўтириб олганча кичкина Лилианнинг юбкачасига илгак тикаётган Кау первуд хоним ўтирган меҳмонхонага кирди. Эрининг қадам товушларини эшитиб, аёл бошини кўтарди ва худди охирги кунлардаги сингари қалбидаги оғриқдан дарак бераётган, қўрқув, шубҳаларга тўла ғалати жилмайиши билан қаради.
– Нима гаплар, Фрэнк? – сўради у. Унинг лабларида ўйнаётган кулгини истаганда ечиб қўйиш мумкин бўлган камар, шляпа ёки тўғнағич билан таққослаш мумкин эди.
– Менимча, ютқизганимни ҳисобга олмаса, ҳеч гап йўқ, – одатдагидек бепарволик билан жавоб берди Каупервуд. – Стежер ҳозир жавоб олиб келиб қолади. У менга бугун кечқурун кириб ўтаман деб хат юборганди.
Каупервуд бутунлай ютқизгани тўғрисида очиқданочиқ гапиришни хоҳламаётганди. У Лилиан шусиз ҳам жуда оғир вазиятда эканини билар ва яна бу хабар билан уни ҳайрон қолдиргиси келмаётганди.
– Бўлиши мумкин эмас!.. – ўрнидан тураётиб қўрқув ва ҳайрат билан деди аёл. У доим ҳеч қачон қамоқ ҳақида ўйланмайдиган, ҳаёт бир текис ўтадиган, суд ёки қамаш деган тушунчалар бўлмаган дунёда яшаган ва энди охирги ойлардаги воқеалардан ақлдан озай деб қолганди. Каупервуд шундай қатъийлик билан уни ўз ҳаётидан узоқлаштирган, ишларига аралаштирмаётган эдики, аёл ҳатто нималар бўлаётганини ҳам тушунмаётганди. Унга маълум бўлганлари – у Фрэнкнинг ота-онасидан, синглиси ва яшириб ўқиётгани – газеталардан билганлари эди. У ҳатто Фрэнк округ қамоқхонасига кетаётганда ҳам ҳеч нарсадан хабари бўлмаган, фақат кекса Каупервуд қайтиб келиб, унга нима рўй берганини айтиб берганди. Бу нарса Лилиан хоним учун қаттиқ зарба бўлди. Энди эса Фрэнк хотиржамгина, тўғриси, унинг ўзи кунига нафасини ичига ютиб кутаётган зарбани беряпти. Буниси энди ортиқча эди!
Қўлида болаларнинг юбкачаси билан эрининг қаршисида турган Лилиан қирқ ёшга чиққанига, эридан беш ёш катта эканига қарамай, ҳали ҳам келишган аёл эди. Унинг эгнида яқиндагина, фаровон ҳаёти пайтида тиктиргани – тўқ жигарранг матодан безак қўйиб тикилган қаймоқранг ипак кўйлак бўлиб, ўзига жуда ярашиб турарди. Аёлнинг кўзлари салгина ичига ботиб, қовоқлари қизарганини айтмаса, бошқа ҳеч нима унинг қалбидаги кечинмаларини ошкор қилолмасди. Унинг бир пайтлар Каупервудни ўзига ром этган майин вазминлиги ҳали ҳам бор эди.
– Қандай даҳшат!.. – деди аёл секингина қўллари титраб. – Қандай даҳшат! Бошқа ҳеч нарса қилиб бўлмайдими? Наҳотки қамоқдан қутулиб кетишнинг иложи бўлмаса?
Аёлнинг тушкунлиги Каупервудга ёқимсиз таъсир қилди. Унга кучли, қатъий аёллар ёқарди, бироқ нима бўлса ҳам, бу унинг хотини ва бир пайтлар ўзи уни севган.
– Ҳа, шунақага ўхшайди, – жавоб берди Фрэнк ва унинг товушида охирги йилларда биринчи марта илиқлик сезилди, чунки у чин кўнгилдан Лилианга ачинар, бироқ унга меҳрини кўрсатишдан ҳам хавфсирар, боиси хотини буни бошқача тушуниши мумкин эди. Аслида эса Фрэнк унга нисбатан ҳеч қандай илиқликни сезмасди. Бироқ Лилиан шу даражада тентак эмасди, у Фрэнкнинг гапириш оҳангидаги ачиниш ўз мағлубиятидан, балки Лилианнинг ҳам шу вазиятга тушиб қолганидан эканини тушунди.
Лилиан ирода кучи билан кўз ёшларини ушлаб қолди, бироқ у эрининг гапидан таъсирланганди. Бу сўзлардаги оҳанг унинг бир пайтларги, энди бутунлай ортга қайтмас бўлиб кетган кунлардаги меҳрни ёдига солди. Қанийди, ўша кунларни қайтаришнинг иложи бўлса!
– Мен учун куйиниб ўтиришингни хоҳламайман, – деди Каупервуд хотини гап бошлашга улгурмасдан. – Мен ҳали таслим бўлмадим. Бу вазиятдан қутулиб кетаман. Тўғри, ишни яна ҳам чигаллаштириб юбормаслик учун қамоқда ўтиришимга тўғри келади. Сенга битта илтимосим бор – бошқа оила аъзоларимиз олдида, айниқса, отам билан онамнинг олдиларида ғам чекиб ўтирма. Уларни руҳан қуллаб-қувватлаб туриш зарур.
Каупервуд бир сониягина хотинининг қўлини ушламоқчи бўлди, бироқ ўзини тутиб қолди. Лилиан буни сезди. Ўн-ўн икки йил олдинги вақт билан ҳозирги пайт ўртасида қанчалик катта фарқ бор-а! Бироқ бу ҳолат аёлга энди аввалгичалик оғриқли таъсир қилмаётганди. У эрига қараб тураркан, нима дейишга сўз топа олмаётганди. Нима ҳам дейиши мумкин?
– Демак, яқин орада бизни ташлаб кетишингга тўғри келаркан-да? – бир амаллаб сўради аёл.
– Ҳали билмайман. Балки бугун, балки, жума кунидир. Балки, душанба бўлиши ҳам мумкин. Стежердан хабар кутяпман. Ҳозир кириб келиб қолиши керак.
Қамоқ! Қамоқ! Фрэнк, унинг эри, бутун оиланинг суянчиғи қамоқда ўтириши керак бўлади! Лилиан ҳали ҳам эрининг айбини тушунмас ва ҳайрон бўлиб турарди: у энди нима қилади?
– Балки, сенга нимадир тайёрлаб беришим керакдир? – уйқудан уйғонгандек, кутилмаганда сўради у. – Бирор фойдам тегмасмикин? Фрэнк, Филадельфиядан кетсанг яхши бўлмайдими? Агар хоҳламасанг, қамоқдан қочса бўлади-ку?
Лилиан биринчи марта хотиржамлигини йўқотганди. Каупервуд хотинига совуқ ва синовчан назар ташлади: у яна совуққон ишбилармонга айланганди.
– Бу ўз хатосини тан олиш билан тенг бўларди, Лилиан, мен эса айбдор эмасман, – қуруққина оҳангда деди у. – Мени қочишга мажбур қиладиган ва жазоланадиган ҳеч қандай гуноҳ иш қилмаганман. У ерга фақат вақтдан ютиш учун бораман. Бу ишни бир умрга чўзиб бўлмайди. Маълум вақт ўтиб – жуда ҳам узоқ эмас, ё суд йўли билан, ёки авф қилиш тўғрисидаги илтимоснома натижасида мени озод қилишади. Ҳозир эса ҳукмга қарши чиқиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман. Филадельфиядан қочиш тўғрисида ўйламайман ҳам. Олий суднинг бешта судьясидан иккитаси “алоҳида фикр” билдиришди, бу эса менга қарши айб асоссиз қўйилганининг исботидир.
Лилиан қандай хато қилиб қўйганини тушунди. Бу гап унинг айни пайтдаги фикрини намойиш этганди.
– Фрэнк, мен бутунлай бошқа нарса демоқчи эдим, – айбдорона оҳангда деди у. – ўзинг ҳам буни тушунасан! Гуноҳсиз эканингни, албатта, биламан! Ва қандай қилиб мен, айнан мен сендан шубҳаланишим мумкин?
Лилиан бирор жавоб, эркаловчи сўз – бир пайтлардаги эҳтиросли севгининг акс-садосини эшитишни кутиб жим бўлди. Бироқ Каупервуд аллақачон ёзув столи олдида ўтирар, хаёллари бутунлай бошқа нарса билан банд эди.
Лилиан яна ичи сирқираганча оилада ўрни мустаҳкам эмаслигини ҳис қилди. Қанчалар қайғули ва умидсиз ҳолат! У энди нима қилади? Фрэнк нима қилмоқчи? Лилиан ичидан титраб кетаётган, бироқ суст ва иродасиз табиати уни ўзини тутиб, жим туришга мажбур қилаётганди – унинг вақтини олишдан не наф? Нима ҳақда гаплашади? Барибир бу гаплардан ҳеч қандай фойда чиқмайди. Фрэнк ортиқ уни севмайди – шу билан ҳаммаси тушунарли. Дунёда ҳеч бир нарса, ҳатто ушбу ҳодиса ҳам уларни бирлаштира олмайди. У бошқа аёлни – Эйлинни севади ва хотинининг қўрқинчли хаёллари, қўрқуви, ғами ва тушкунликка тушгани унинг учун аҳамиятсиз. Лилиан бир дақиқага ўгириларкан, йигит ўрнидан туриб, эшикка йўналди.
– Мен бир неча дақиқадан сўнг қайтаман, – деди у. – Болалар уйдами?
– Ҳа, улар ўз хонасида, – секин жавоб берди ўзини йўқотиб қўйган ва тушкунликка тушган Лилиан. Унинг оғзидан “Оҳ, Фрэнк!” деган сўзлар учиб чиқай деди, бироқ у оғзини очишга улгурмай, эри зинадан чопиб тушиб, кўздан йўқолди.
Лилиан титраётган лабларини қўли билан ёпиб, стол олдига келди. Унинг кўзларига ғам чўкканди. Наҳотки ҳаёт шу тарзда ғамгин томонга ўзгариб, севги олови тамоман ўчиши мумкин бўлса? Ахир ўн йил бурун… Йўқ, хотиралар билан юракни эзишнинг нима кераги бор? Демак, ҳамма нарса бўлиши мумкин ва бу ерда ҳеч қандай хаёллар ёрдам бермайди. Унинг ҳаёти иккинчи марта барбод бўляпти. Биринчи эри ўлганди, иккинчиси эса бевафолик қилди, бошқасини севиб қолди, бунинг устига, энди қамоққа тушиши хавф соляпти. Нега унинг бошига шунча балолар ёғиляпти? Наҳотки у шунчалар ёмон аёл бўлса? У энди нима қилади? Кимга мурожаат қилади?
Фрэнк неча йилга ҳукм қилиниши мумкинлигини у ҳатто тасаввур ҳам қила олмаётганди. Бир йилми? Ёки газеталар ёзаётгандек, беш йилми? Вой, худойим! Беш йилда ахир болалар отасини бутунлай унутишади!
Лилиан қўлини бошининг оғриётган жойига босди. У келажакни кўз олдига келтирмоқчи бўлар, бироқ мияси бўм-бўш эди. Ва бирдан, ўзи кутмаганда, кўкраги кўтарилиб тушиб, томоғини бир нима бўғаётгандек бўлди, унинг кўзлари ачишиб, ўкраб йиғлаб юборди. Аввалига у ўзини тута олмай, бутун танаси титраб, йиғлашда давом этди, бироқ аста-секин бўғиқ оғриқ секин тина бошлади ва Лилиан аввалги ҳолига қайтди. “Йиғлашнинг нима кераги бор? – бирдан ўзидан сўради у. – Бунчалик бўғилиб, эзилишнинг нима кераги бор? Ахир бу ёрдам берадими?”
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.