Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 41

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 41 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ҳамманинг хаёлида ва тилида фақат шу савол эди. Нью-Йоркдан дам-бадам янги банкрот бўлганлар ҳақида хабар келиб турарди. Банклар ва трестлар худди дарахтлар довул пайтида қулагандек қулаётганди. Ҳамма ёққа улгураётган Каупервуд кўриш мумкин бўлган нарсани кўриб, эшитиш мумкин бўлган нарсани эшитиб, биржада ноқонуний ҳисобланадиган, бироқ бошқалар ҳам қилаётган битимларни тузарди.

У тез орада ўзининг атрофида Молленхауэр ва Симпсонларнинг гумашталари изғиб юрганини сезиб қолди ва бу одамларни яқин орада бутунлай шилиб олишини ўйлаб, олдиндан хурсанд бўлиб қўйди. Каупервуд бирорта кўнка темир йўлининг эгаси бўладими, йўқми – ҳали ҳал қилмаганди, бироқ ҳар ҳолда, унда бу имконият бўлади. Нью-Йорк ва бошқа шаҳарлардан келаётган гап-сўз ва хабарлардан у вазият тезда ўнгланишига ишониб ўз ишини режалаштираётган одамларга жуда қийин бўлаётганини биларди. Кўчада тонг отиб қолганига қарамай, Каупервуд уйга қайтишни хаёлига ҳам келтирмаётганди.

Кўплаб фалокатлар содир бўлишидан хабар бераётган жума куни ҳам етиб келди. Бу кун “Қора жума” деб ном олган куннинг такрори бўлмасмикин?

Шаҳар энди уйғонаётган пайтда Каупервуд Уингейт фирмасининг идорасига кириб келди. У ўзини икки йил бурунги ваҳима пайтидагидан бутунлай бошқача ҳис қилган ҳолда ҳаракат режасини энг майда икирчикирларигача батафсил тузиб чиққанди. Кеча юз берган барча ҳодисалар кутилмаганда рўй берганига қарамай, у бир юз эллик минг ишлаб олганди, бугун эса ундан кам эмас, балки кўпроқ ишлаб олишига умид қиларди. Қанча пул ишлаб олишни олдиндан айтиш қийин, ўйларди Каупервуд, муҳими унинг кичкинагина бирлашмаси аъзолари етарли даражада аниқ ишласа ва унга сўзсиз итоат қилинса бўлди.

Кўплар ўзларининг хонавайрон бўлганини эрталабданоқ, Фуқаролар уруши даврида ҳам Кук билан содиқлигини сақлаган ҳолда ҳамкорлик қилган “Фиск ва Ҳетч” фирмасининг банкротлиги эълон қилинганида билди. “Фиск ва Ҳетч” идораси очилганидан сўнг ўн беш дақиқа ичидаёқ бир ярим миллион омонатга талаб бўлиб, улар шу заҳотиёқ тўловларни тўхтатишга мажбур бўлди. Гап-сўзларга қараганда, бу компаниянинг банкрот бўлишига Коллис Ҳантингтон бошқарадиган Марказий Тинч океани темир йўллари бошқармаси ва Оҳайонинг Чезапик линияси сабабчи бўлди. Акционерлик кредит жамияти анча вақтдан бери омонатчиларнинг қаттиқ сиқувига дош бериб келаётганди.

Нью-Йоркдаги янги банкротлар ҳақидаги хабарлар Каупервудга хуш ёқаётган, одамлар орасидаги ваҳимани эса тинмай кучайтираётганди. Каупервуд ҳали ҳам нисбатан юқори нархда сотиб, анча паст нархда сотиб олаётганди. Пешинга бориб у юз минг доллар ишлаганини билди. Соат учга бориб бу сумма уч баробарга кўтарилди. Соат учдан еттигача сармоядор ҳисоб-китоб қилиб, ишларини тартибга солиб олди, соат еттидан тунги соат биргача эса (ҳатто овқатланишга ҳам улгурмай) эртанги кунга ахборот йиғиш билан шуғуллана бошлади.

Каупервуд шанба куни ҳам ундан кам иштиёқ билан ҳаракат қилгани йўқ, якшанба куни яна ҳисоб-китоб қилди, душанба куни эса эрталабданоқ биржада эди. Кун пешинга келганда унинг (зарарни чиқариб ташлаб, шубҳали суммаларни ҳисобламаганда ҳам) миллионер бўлгани маълум бўлди. Энди унинг қаршисида ёрқин келажак ўз эшикларини очганди.

Кун охирида у ўзининг ёзув столи олдида, деразадан ҳали биржачилар, хат-ҳужжат ташувчи ходимлар ва ҳаяжонга тушган омонатчилар югуриб юришган Учинчи кўчага қараб ўтираркан, у Филадельфиядан кетиш пайти етиб келди, деган қарорга келди. Энди на бу ерда, на бошқа шаҳарда маклерлик иши уни ортиқ қизиқтирмаётганди. Ушбу ваҳима ва икки йил бурун содир бўлган ҳалокат ҳақидаги хотиралар Каупервудни биржа ўйинига бўлган муҳаббатдан ҳам, Филадельфияга бўлган севгидан ҳам фориғ қилганди. Узоқ вақт бахтли яшаганидан сўнг маълум муддат у жуда бахтсиз бўлиб қолди ва “қамалиб чиққан” деган доғ унинг доим ўзи интилган доирага кириш йўлини бутунлай тўсиб қўйганди. Энди ишбилармон деган обрўси тиклангандан ва ўзи қилмаган (Каупервуд бунга ҳамма ишонади, деб умид қиларди) жинояти учун оқлангандан сўнг Каупервуднинг Филадельфиядан кетиб, янги фаолият соҳасини қидиришдан бошқа йўли қолмаган эди.

“Агар ҳаммаси яхши бўлса, дерди у ўзига ўзи, барига нуқта қўйиш керак. Ғарбга кетиб, бутунлай бошқа иш билан шуғулланаман”.

У энди кўнка темир йўллари, ер участкалари олдисотдиси, йирик саноат корхоналари ва ҳатто конлар қазилма ишлари ҳақида (албатта, қонуний тарзда) ўйлаётганди.

“Менга яхши сабоқ берилди, ўрнидан туриб кетишга ҳозирланаркан ўйлади у. Илгаригидек бойман, унчалик кўп вақт йўқотмадим. Мени бир марта қопқонга туширишди, бироқ бу энди қайтарилмайди!”

Фрэнк Уингейт билан аввалги шартлар бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида гаплашиб олди, бу ишга чиндан ҳам бор кучини сарфлашни режаларкан, миясида дам ўтмай: “Мен миллионерман, мен озод одамман! Ёшим энди ўттиз олтида ва бутун ҳаётим ҳали олдинда”, деган қувончли фикр пайдо бўларди.

У шу фикрлар билан биргаликда орзу қилиш учун Эйлиннинг олдига қараб кетди.

Бу воқеалардан атиги уч ой ўтгач, Пенсильвания тоғлари, Оҳайо ва Индиана текисликларидан елиб бораётган поезд ёшлиги, бойлиги ва соғломлигига қарамай, уни олдинда нималар кутаётгани тўғрисида жиддий ва бироз шубҳа билан мулоҳаза юритаётган миллионерни олиб кетаётганди. Ҳар томонлама, узоқ ўйлаб кўрганидан сўнг Фрэнк А. Каупервуд Ғарбда турли имкониятлар тиқилиб ётибди, деган қарорга келганди. У Нью-Йорк ҳисоб палатасининг маълумотлари ҳамда банкларнинг балансларини диққат билан ўрганиб чиқиб, олтинлар қаерга жойлаштирилишини кузатгач, улар жуда катта миқдорда Чикагога оқиб кетишига ишонч ҳосил қилди. Каупервуд молия илмининг билағони эди ва олтин оқимининг йўналиши нима эканини жуда яхши биларди. Олтин оқиб келаётган жойда ишбилармонлик гуллабяшнайди, у ерда ҳамма нарса қайнайди, ҳамма нарса доим ўсишда бўлади. Энди Каупервуд ғарбдан нима кутиш мумкинлигини ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлаётганди.

Ёш сармоядор Дулутда метеордек бир чақнаб, Чикагонинг ишбилармонлар дунёси Ғарбда етиштирилган буғдойнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “Фрэнк Каупервуд энд Компани”нинг илк қадамларига гувоҳ бўлди. Шундан сўнг аввалгидек ҳали ҳам Филадельфияда яшаётган Каупервуд хоним ортиқча шовқин-сурон кўтармаган ҳолда ўз хоҳиши билан ажрашишга розилик берди. Вақт унга раҳм-шафқат билан муносабатда бўлгандек эди. Яқиндагина жуда ночор бўлган моддий аҳволи яхшиланган, у яна ғарбий кварталда, опаларидан бири билан қўшничиликда, қулай ва чиройли, ўртамиёна синфга хос хонадонда яшар, яна тоат-ибодатга берилганди. Болалари Фрэнк ва Лилиан хусусий мактабда ўқишар, кечқурунлари эса уйга, оналарининг ёнига қайтиб келишарди. Хўжалик ишларининг кўпини кекса қора танли Симс бажарарди. Якшанба кунлари кечқурун одатда аёлникига кекса Каупервудлар меҳмон бўлиб келишарди. Уларнинг моддий қийинчиликлари ортда қолган, бироқ ҳар иккиси ҳам ғамгин ва силласи қуригандек кўринарди – уларнинг жуда бахтли даврлари ўтмишда қолиб кетганди. Катта Каупервуднинг майда хизматчи сифатида машаққат чекмаслик учун етарли маблағи бор эди, бироқ жамиятда олға силжишга ортиқ хоҳиши йўқ эди. У қариб, руҳан чўкиб қолган ва ҳамма нарсага бефарқ эди. Бир пайтлар атрофида ҳукмрон бўлган ҳурмат ва жонланишни эслаганда у ўзини бутунлай бошқа одам бўлиб қолгандек ҳис қиларди. Хоҳишлар ўлган, кучи кетган, фақат ўлимни кутиб яшашгина қолганди.

Баъзида Каупервуд хоним – келинойисининг олдига айни дамда шаҳар сув таъминоти бўлимида ишлаётган Анна-Аделаида Каупервуд кириб қоларди. У ҳаётнинг кутилмаган ўзгаришлари ҳақида мулоҳаза юритишни яхши кўрар ва, афтидан, тақдирнинг ўзи ҳаётда бош ролларни ўйнашни пешонасига ёзган акасининг фаолиятини қизиқиб кузатар, бироқ уни сира тушунмасди. Акасига алоқадор одамларнинг йиқилиш ва кўтарилишлардан ўтиши унинг муваффақиятларига боғлиқ эканига ишонч ҳосил қилиб, у бу дунёда ахлоқ ва адолат деган тушунчаларнинг асл моҳиятига тушунмай қоларди. Гўёки ҳамма учун мажбурий бўлган тамойиллар бордек ёки одамлар шундай деб ўйлайди, холосми? Бироқ бу қоидалардан кўра истиснолар кўпроқдек. Унинг акаси бундай қоидаларга амал қилмайди, албатта, бироқ шунга қарамай, яна юқори чўққиларга чиқиб кетди. Бу нимани англатади? Каупервуд хоним – акасининг собиқ хотини эрининг туриш-турмушини қоралайди, бироқ унинг топган пулларидан фойдаланади. Буларни ахлоқ нуқтаи назаридан қандай тушуниш мумкин?

Каупервуднинг ҳар бир қадами, ҳамма ишлари ва орзу-умидлари Эйлин Батлерга маълум эди. Фрэнк хотини билан ажрашганидан сўнг қиш кунларининг бирида улар Филадельфиядан биргаликда жўнаб кетди. Эйлин Нора билан бирга қолган онасига собиқ банкирни севиб қолгани ва унга турмушга чиқмоқчи эканини айтди. Кекса онага шу изоҳнинг ўзи кифоя қилди ва у розилик берди.

Эйлиннинг эски, унга таниш бўлган дунёси шу билан тугади. Уни энди Чикаго – Каупервуднинг таъбири билан айтганда, улар Филадельфияда умид қилишлари мумкин бўлганидан анча ёрқинроқ келажак ваъда қилаётган шаҳар кутаётганди.

– Ниҳоят, жўнаб кетяпмиз, қандай зўр-а?! – дея ҳаяжонланганча сўради қиз.

– Ҳар ҳолда, ақлли қадам… – дея босиқ жавоб берди Каупервуд.

MYCTEROPERCA BONACI ҲАҚИДА

Сувда яшайдиган жонзотлар орасида фандаги номи “Mycteroperca bonaci” деб аталадиган балиқ тури бор экан – халқ тилида уни “Қора денгиз олабуғаси” деб аташади. Юқоридаги фикрлар билан боғлиқ бўлгани учун бу балиқ тўғрисида айтиб ўтсак арзийди. Йирик, кўпинча оғирлиги икки юз эллик фунт чиқадиган бу жонзот жуда узоқ яшайди, чунки у шароитга мослаша олиш қобилиятига эга. Биз ижод қилувчи куч деб атайдиган, адолатли руҳ деб ном қўйган ҳодиса ҳаётни шундай ташкил этадики, дунёда доим ҳалоллик ва яхши хислатлар тантана қилади. Бироқ табиат худди бизга ибрат бўлсин дегандек, қора денгиз олабуғасини ҳам яратиб қўйибди. Бизни ўраб турган дунёга диққат билан тикила туриб, биз шу балиққа ўхшаган, ундан кам даражада айёр бўлмаган жонзотларни кўп кўрамиз: масалан, бепарво пашша учун тўр тўқийдиган ўргимчак. Пуштиранг косачасига маҳлиё қилиб жонзотларни танасига қўндириб, сўнгра ёпилиб олиб, уларни ютиб юборадиган чиройли Drosera – росянка2121
  Ботқоқликда ўсадиган ҳашаротхўр ўсимлик. – Тарж. изоҳи.


[Закрыть]
ҳам шундай; шимол ёғдусига ўхшаш пайпаслагичлари орасига илинган бутун жонзотларни чақиб, тилка-тилка қиладиган медуза ҳам шу кабидир. Ва энг муҳими, инсон ҳам. Одам болалари ҳам сезмаган ҳолда ўзига ўзи ўра қазийди, ўзига ўзи тузоқ қўяди. Хомхаёллар кўзларини кўр қилиб, у вазият қопқонига тушиб қолади.

Мовий тусдаги уммоннинг қоронғи тубида ҳаракатланувчи Mycteroperca худди ҳар қандай инсон кашф этиши мумкин бўлганидек, табиатдаги ижодкор даҳонинг ажойиб тасвиридир. Унинг сувости салтанатидаги бошқа жонзотлардан устунлиги терисининг пигментацияси туфайли ҳар хил тусга кира олиш қобилиятидадир. Электромеханика муваффақиятларини сўзлаб, бир зумда бир манзарани бошқасига ўзгартира олишимиз, томошабин олдида кутилмаганда пайдо бўлиб, зумда йўқолиб қоладиган ҳолатлардан фахрланиб юрамиз. Бироқ Mysteroperca бу борада инсониятга дарс ўтади. Ушбу балиққа узоқ қараб турган одам сал ўтиб кўз олдида гўё ғайритабиий, фантастик жонзот турганига ишона бошлайди – бу балиқнинг алдай олиш қобилияти шунчалик кучлики, қойил қолмай илож йўқ. У қорадан бирданига оққа айланиши мумкин; қўнғир рангда бўла туриб бирданига сувнинг ажойиб яшилсифат рангига дўнади. Устидаги доғлари худди осмондаги булутлар каби кўринишини ўзгартириб туради. Бу балиқдаги айёрона найрангларнинг нозиклиги ва турфалигидан ажабланмасликнинг иложи йўқ.

Кўрфаз тубидаги лойқа ичида бўла туриб, у шу кир рангдан тўн кия олади. Қуюқ сувости ўтлари орасига яшириниб, бир ўсимлик каби тура билади. Сувда ўйнаётган қуёш нурлари бўйлаб ҳаракат қиларкан, хира йилтираётган нурга айланади. Ўзини кузатаётганларни тезда пайқайди ва кутилмаганда ҳужум қила олади.

Ҳамма нарсага қодир табиат бундай ақлли жонзотни нима мақсадда яратган экан-а, дерсиз? У, балки, ёмонликка қодир эмасдир? Ёки уни содда ва ҳаётни севувчи бошқа жонзот таний олиши учун ўзига хос кўриниш бергандир ? Балки, бу балиқни яратишда айёрлик, мунофиқлик ва ёлғончилик иллатлари ишга солинганмикин? Ахир уни иккиюзламачилик тимсоли деб қабул қилиш мумкин-ку! Бу балиқни истаган тусга кира оладиган, ҳар қандай кучни енга биладиган, сира умумий ўхшашлиги бўлмаса-да, унга айланиш йўлини биладиган ва нафсига керакли егуликни қаршисидаги энг кучли душмандан ҳам қудратлироқ айёрлик билан юлиб оладиган махлуқот деб аташ мумкин. Ва бу тахмин тўғри бўлади.

Mysteroperca’га ўхшаш жонзотнинг борлигини била туриб, самимий, мурувватли ва ҳамма нарсага қодир Яратувчи куч ҳеч қачон бундай маккор жонзотни яратмайди, деб айтиш мумкинми? Ёки бизни ўраб турган дунёни фақат иллюзия деб қабул қилиш тўғрими? Бироқ агар шундай бўладиган бўлса, дин амри қаердан пайдо бўлган, хаёлий адолат қаердан келган? Одамлар нима учун доим бахт-саодат тўғрисида орзу қилади? Бу орзулар уларга бирон-бир манфаат олиб келганми?

МЎЪЖИЗАВИЙ КРИСТАЛЛ

Агар сиз сеҳргар ёки башоратчи ёки олдиндан хабар берувчи тушлар таъбирини айтадиган донишманд ёхуд сеҳрли финжон ва биллур шар ёрдамида фол очадиган фолбин бўлсангиз, уларнинг сирли қаъридаги сеҳрли нарсага синчиклаб эътибор беринг ва жуфтликни кутаётган янги, бахтли ҳаёт занжирини кўрасиз. Жодугар қозонининг буғи ёки биллурнинг жилоси ортида кўзингизга янгиданянги шаҳарлар кўринади; қасрлар, ҳашаматли экипажлар, қимматбаҳо тақинчоқлар кўзингизни олади; биттагина одамнинг хоҳиши билан қирғинга учраган баҳайбат пойтахт; ўзининг қурби етмаётган қудрат олдида ҳайратла қотган буюк давлат; катта усталарнинг ишлари билан лиқ тўла баҳайбат заллар; муҳташамликда тенги йўқ қаср; вақти-вақти билан биттагина исмни қайтараётган бутун инсоният. Ва мусибат, мусибат, мусибат!

Харобазорда момақалдироқ пайтида Макбетни2222
  “Макбет” – Уильям Шекспирнинг машҳур трагедияларидан бири – тарж. изоҳи.


[Закрыть]
шарафлаган учта жодугар Каупервудни ҳам чорлаб, “Баҳайбат темир йўллар тармоқларининг ҳукмдорига шарафлар бўлсин!” деган бўларди. Тағин улар жам бўлиб, “Саройларнинг энг муҳташамини қурган Фрэнк Каупервудга шарафлар бўлсин! Санъат раҳнамоси, битмастуганмас бойлик эгаси Фрэнк Каупервудга шарафлар! Сени асрлар давомида улуғлаб, кўкларга кўтаришади!” деб айтган бўларди.

Бироқ тақдир ҳукмчиларининг бу гаплари ёлғон, чунки унинг шуҳратига Ўлик денгизнинг чириндилари – на истакдан алангаланишни, на ҳашаматдан қониқишни биладиган онг, кундалик юмушлардан чарчаган юрак; шабадасиз тундаги ой каби совуқ қалб аралашиб кетганди. Эйлинга эса улар худди Макдуфга қилишгани каби кўплаб хавотир, чил-чил синган умидни бахш этишлари мумкин эди. Эга бўлмоқ ва мосуволик! Бойлик ва муҳташамлик ичида бўла туриб ҳеч нарсага эриша олмаслик ҳам мумкин. Эйлиндан шу заҳоти юз ўгириш учун бир сонияга унинг олдида ҳамма эшикларини очган дабдабали жамият туради, холос. Худди момақаймоқ каби ҳамма ёққа ёйилиб, қоронғилик қўйнида сўнган севги сингари!

– Салом сенга ҳокимиятсиз қолган ҳукмдор, ёлғондакам подшоҳликнинг эгаси Фрэнк Каупервуд! Сен учун воқелик – хомхаёлнинг йўқолишидир, холос.

Жодугарлар шундай башорат қилишлари мумкин эди; уларнинг қозонидан чиққан буғда пайдо бўладиган арвоҳлар ҳам шуни таъкидлаган бўларди. Ва буларнинг бари ҳақиқатга айланган бўларди. Қайси донишманд бундай ибтидодан бошқача интиҳони кўра олиши мумкин?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации