Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Каупервуд ўзига ғазаб билан тикилиб турган кекса пудратчига тикка қарашда давом этганча гапини тугатди.

– Қайси иш ҳақида гапиряпсиз? – гапнинг бошқа томонга бурилиб кетганига беихтиёр қизиқиб қолиб, сўради жаноб Батлер. Энди унинг ўзи ихтиёрсиз равишда бу воқеага бошқачароқ қарай бошлаганди. Кўп нарсалар унга энди ўзгачароқ кўрина бошлади… Каупервуд, афтидан, рост гапиряпти, шекилли. Балки, унинг ҳамма ваъдалари ёлғондир, бироқ унинг Эйлинни севиши ва вақти келиб, чинакамига хотини билан ажрашиб унга уйланиши рост бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ажралиш Батлер жуда ҳурмат қиладиган католик черкови қонунларига тўғри келмайди. Худонинг ва инсониятнинг қонунларига биноан Каупервуд хотини ва болаларини ташлашга, ўз ҳаётини бошқа аёл билан (ҳатто шаънини қутқариш учун Эйлин билан ҳам) боғлашга ҳаққи йўқ. Жамият назарида бу Каупервуднинг қанчалик аблаҳ эканлигини исботловчи ҳақиқий жиноятдир. Бироқ бошқа томондан, у католик эмас ва Батлернинг қарашлари унинг учун мажбурий саналмайди ва энг ёмони – Эйлин бутунлай обрўсизланиб бўлди (бунга, албатта ўзининг қизиққонлиги сабаб). Энди унинг қарашларини ўзгартириш ва ўзини яхши тутиб юришга мажбур қилиш осон эмас; барча хайрихоҳлик ва қарши жиҳатларни ўйлаб кўриш керак бўлади. Батлер ичида черковга бўлган ишончини буза олмаслиги ва Эйлиннинг бу тарзда турмушга чиқишига ҳеч қачон рози бўлмаслигини билиб турган бўлса ҳам, Каупервуднинг сўзларини яна бир ўйлаб кўриши лозимлигига ақли етиб турарди. Бунинг устига, у Эйлин уйга қайтишини зориқиб кутаётган ва энди қизи келажагини ўзи ҳал қилишини ҳам тушуниб турарди.

– Гап жуда оддий нарса устида кетяпти, – гапида давом этди Каупервуд. – Фақат Эйлинни Филадельфиядан жўнатиб юбориш фикридан қайтсангиз ва менга қарши курашни тўхтатсангиз кифоя.

Бу гапларни гапираётиб Каупервуд мулойим жилмайиб қўйди: у Батлерни яхшироқ гап билан юмшатиш умидидан қайтмаганди.

– Албатта, сизни ўз хоҳишингизга қарши ҳаракат қилишга мажбурлай олмайман. Бу ҳақда сизга гап бошлаганимнинг сабаби, жаноб Батлер, агар Эйлинни деб ғазабланмаганингизда, менга бу даражада тескари бўлиб қолмасдингиз. Аноним хат олганингиз ва ўша куниёқ мендан қарзингизни талаб қилганингиздан хабардорман. Шундан сўнг кўп жойлардан менга қарши бўлиб қолганингиз ва пушаймон бўлишим ҳақида эшитдим. Олтмиш минг доллар камомад масаласида мен айбдор эмасман ва буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Мен ҳеч қандай ёмон нарсани режалаштирмаганман. Бу сертификатлардан ўзим учун фойдаланганимда, банкрот бўлишим ҳақида билмаганман ва агар мендан бир вақтнинг ўзида бир қатор ссудаларни қоплашни талаб қилмаганларида, ойнинг охиригача ишимни давом эттириб, биринчи санада доимгидек сертификатларни амортизация фондига топширган бўлардим. Менга нисбатан яхши муносабатингизни жуда қадрлардим ва уни йўқотиб қўйганим жуда оғир бўлди. Сизга айтмоқчи бўлган гапларим ана шулар эди.

Жаноб Батлер Каупервудга ўйчанлик билан синовчан қараб турарди. Бу одамнинг яхши сифатлари ҳам бор, бироқ ғайриихтиёрий ёвузлиги ҳам мавжуд. Жаноб Батлер Каупервуднинг чекни қандай олганини яхши билар ва бу ишнинг бошқа икир-чикирлари ҳақида ҳам эшитганди. Ҳозир эса Каупервуд худди ёнғиндан кейин ўзини қандай тутган бўлса, шундай эпчиллик қилаётганди. Йўқ, бу одам шунчаки айёр, эҳтиёткор, бағритош холос.

– Сизга ҳеч қандай ваъда бермайман, – деди Батлер. Менга қизим қаердалигини айтинг ва бу масалани ўйлаб кўраман. Бўлиб ўтган бу воқеалардан сўнг мендан умид қилишингизга ҳеч қандай асос йўқ, ҳеч қандай ёрдамга умид қилманг. Бироқ ўйлаб кўраман.

– Шунинг ўзи етарли, – жавоб берди Каупервуд. – Ортиғини сўрашга ҳаққим йўқ. Бироқ Эйлин ҳақида гаплашайлик. Сиз ҳали ҳам унинг Филадельфиядан кетишини талаб қилишда давом этмоқчимисиз?

– Агар у уйга қайтиб келиб, ўзини яхши тутиб юрса, йўқ. Бироқ ораларингизда бўлиб ўтган нарсаларга нуқта қўйиш керак. Эйлин оилани шарманда қиляпти ва ўзининг ҳаётини ҳам барбод қиляпти. Сиз ҳақингизда ҳам шундай дейиш мумкин. Сиз озод бўлганингиздан сўнг учрашиб, гаплашамиз. Бошқа ҳеч нарса ваъда қилмайман.

Ўзи учун ҳеч нарсага эришмаган бўлса ҳам, ишни ҳеч бўлмаганда Эйлиннинг фойдасига ҳал қилганидан хурсанд бўлган Каупервуд қиз иложи борича уйига қайтиши керак, деган қарорга келди. Унинг олий судга берган аппеляциясининг натижаси нима бўлишини худо билади. “Ҳукмнинг тўғрилигига шубҳа” тарзида ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги илтимоснома рад этилиши мумкин ва у ҳолда Каупервуд яна қамоққа қайтади. Агар унинг пешонасига панжара ортига ўтириш ёзилган бўлса, Эйлин оиласи бағрида бўлгани яхши. Олий суд қарори чиққунча яқин икки ой ичида унинг боши ташвишдан холи бўлмайди. Кейин эса нима бўлганда ҳам, курашни тўхтатмайди.

Жаноб Батлер билан бўлган бутун суҳбат давомида Каупервуд Эйлинни отасиникига қайтиш тўғрисидаги маслаҳати билан хафа қилиб қўймаслик учун қандай йўл тутишни ўйлади. У қизнинг отаси билан учрашувни рад қилмаслигини биларди, бироқ буни ўзи хоҳламаётганди. Агар Каупервуд Батлерга қизининг қаердалигини айтиб бергани учун Эйлиннинг олдида ўзини оқлайдиган етарлича далил топа олмаса, у худди қизга сотқинлик қилгандек бўлиб қолади. Йўқ, бу ишни қилишдан олдин Эйлинга тўғри келадиган бирор сабабни ўйлаб топиш керак.

Каупервуд қизнинг ҳозирги яшаб турган шароитига кўп чидай олмаслигини биларди. Унинг уйдан қочиб кетишига қисман отасининг йигитга душманларча муносабати, қисман эса отаси уни куч билан Филадельфиядан кетказиб юбормоқчилиги ва йигит билан ажралишга мажбур қилмоқчилиги сабаб эди. Тўғри, ҳозир кўп нарса ўзгарди. Жаноб Батлер нималардир дегани билан Каупервуд энди ортиқ қасос олиш нишони бўлмайди. У бўшашиб қолган, фақат қизини уйга қайтариш ва уни кечиришга муштоқ эди. У енгилган ва ўзи бошлаган ўйинда ютқизганди: Каупервуд буни унинг қарашларидан тушунди. Эйлин билан юзма-юз гаплашиб, унга вазиятни тушунтириш керак; йигит бу ишни тинчлик билан ҳал қилиш иккаласи учун ҳам тўғри бўлишини унга тушунтиришга ҳаракат қилиб кўради. Батлер эса Каупервуд бориб Эйлин билан гаплашиб келгунича бирор жойда, ҳеч бўлмаса, шу ерда кутиб туради. Йигитнинг гапини эшитгач, Эйлин у билан баҳслашиб ўтирмаса керак.

– Энг яхши йўли, мен икки-уч кундан кейин Эйлин билан учрашиб, унинг режалари қандай эканлигини билишим, – бироз жим туриб, деди Каупервуд. – Унга орамизда бўлган гапларни айтаман ва агар у хоҳласа, уйга қайтади.

– Икки-уч кундан кейин? – жаҳл билан бақирди жаноб Батлер. – Менга бунинг нима кераги бор! У бугуннинг ўзида уйга қайтиши керак! Онаси ҳали унинг қочиб кетганини билмайди. Бугуноқ, эшитяпсизми? Мен ҳозироқ унинг олдига бораман!

– Йўқ, бундан ҳеч нарса чиқмайди, – эътироз билдирди Каупервуд. – Ўзим боришим керак. Агар шу ерда кутиб тура олсангиз, мен бораман, у билан гаплашиб кўраман ва сизга шу заҳоти хабарини бераман.

– Майли, – хонада қўлини орқасига қилганча у ёқданбу ёққа юраркан, тўнғиллади Батлер. – Бироқ, худо ҳаққи, тезроқ бўлинг! Бир дақиқа ҳам кечикиб бўлмайди.

Батлер хотини ҳақида ўйлаётганди. Каупервуд хизматкорни чақириб унга экипаж тайёрлашни ва хонасига ҳеч кимни киритмасликни буюриб, шошилганча пастга тушиб кетди. Батлер эса ўзи нафратланаётган шу хонада у ёқдан-бу ёққа юрганча қолди.

47

Каупервуд Келлигенларникига кечаси соат ўн бирга яқин келган бўлса-да, Эйлин ҳали ухлашга ётмаганди. Бирдан қўнғироқ жиринглаганда у юқорида ётоқхонада ўтириб, Мэйми ва Келлиген хонимларга оқсуяклар ҳаёти ҳақидаги таассуротларини гапириб бераётганди. Келлиген хоним пастга тушиб, эшикни очди.

– Янглишмасам, Батлер хоним шу ерда-а? – сўради Каупервуд. – Унга отасининг буйруғи билан келишганини айтиб қўйсангиз.

Эйлиннинг ҳеч кимга, ҳатто Батлерлар оила аъзоларига ҳам бу ердалигини ошкор қилмаслик ҳақидаги буйруғига қарамай, Каупервуднинг оҳанги ва Батлернинг номи тилга олиниши Келлиген хонимни эсанкиратиб қўйди.

– Бир дақиқа кутиб туринг, – деди у. – Мен бориб билиб келаман.

Аёл зинага бурилар экан, Каупервуд унга айтишган аёлни топганидан мамнун бўлган қиёфада даҳлизга кириб олди.

– Батлер хонимга уни узоқ ушлаб турмаслигимни айтинг, – қичқирди Каупервуд Эйлин эшитиб қолар деган умидда зинадан кўтарилаётган Келлиген хонимнинг ортидан.

Чиндан ҳам Эйлин шу заҳоти югуриб тушди. Қиз Фрэнкнинг шунчалик тез келганидан ҳайратда эди ва шу заҳоти уйида ҳамма ҳаяжонда эканини сезди. Шундай бўлмаганда ҳам қаттиқ ранжиган бўларди.

Она-бола Келлигенлар уларнинг нима ҳақда гаплашаётганига жуда қизиқиб кетишаётган, бироқ Каупервуд эҳтиёткорликни унутмаганди. Эйлин пастга тушиши билан у бармоғини лабига босиб сўради:

– Сиз Батлер хониммисиз?

– Ҳа, мен, – кулиб юбормасликка ҳаракат қилиб, жавоб берди Эйлин. У йигитни ўпгиси келиб кетаётганди!

– Азизим, нима бўлди? – секин сўради у.

– Севгилим, уйга қайтишингга тўғри келади, шекилли, деб қўрқаман, бўлмаса, роса тўполон бўлади, – шивирлади йигит. – Онанг, афтидан, ҳали ҳеч нарса билмайди, отанг эса хонамда ўтириб, сени кутяпти. Агар қайтишга кўнсанг, мени анча муаммолардан қутқарган бўлардинг. Ҳозир сенга тушунтириб бераман…

Каупервуд қизга отаси билан бўлган ҳамма гапни ва бу ҳақда ўзи нима деб ўйлашини айтиб берди. Баъзи нарсаларни айтаётганида қизнинг юзи бир неча марта ўзгарди. Бироқ йигитнинг далиллари тўғри экани ва унинг аввалгидек учрашиб туришларига ишонтиришини эшитиб, уйга қайтишга кўнди. Нима бўлганда ҳам, отасининг таслим бўлиши қиз учун катта ғалаба эди. У шу заҳотиёқ Келлиген хоним ва Мэймилар билан хайрлашаркан, уйида усиз ҳеч нима қила олмасликларини айтиб жилмайди ва юкларини кейин олиб кетишини билдирди.

Кейин Каупервуд билан унинг уйи эшигигача бирга кетди. Йигит уни экипажда қолдириб, ўзи қизнинг отасига келишганини хабар қилгани кирди.

– Хўш? – сўради эшикнинг ғирчиллаганига ўгирилган, аммо қизи йўқлигини кўрган Батлер.

– У пастда сизни кутиб турибди, – тушунтирди Каупервуд. – Балки, уйгача менинг экипажимда кетарсизлар? Уни олиб келишга кейин хизматчимни юбораман.

– Йўқ, миннатдорман! Биз яёв кетамиз.

Каупервуд хизматчига экипаж олдига боришини айтди, Батлер эса оғир қадам ташлаб, эшикка йўналди.

У Каупервуд қизини бутунлай ўзига боғлаб олганини ва, афтидан, бу ҳолат энди жуда узоқ давом этишини тушуниб турарди. Батлерга энди фақат қизини уйда ушлаб тура олиш ва оиланинг таъсирида ақли кириб қолар, деб умид қилиш қолганди, холос. Уйга кетишаётиб қария қизини яна ҳақорат қилиб қўймаслик учун диққат билан ҳар бир гапини ўйлаб гапираётганди. Ҳозир қиз билан баҳслашиш бефойда эди.

– Эйлин, уйдан кетиб қолишдан олдин мен билан яна бир марта гаплашиб кўрсанг бўларди, – деди у. – Агар бу ишингни онанг билиб қолса нима бўларди, тасаввур ҳам қила олмайман. Бироқ унинг ҳеч нимадан хабари йўқ. Танишларингдан бирортасиникида овқатланиб қолганингни айтишимизга тўғри келади.

– Мен Келлигенларникида эдим, – жавоб берди Эйлин. – Жуда осон, онам ажабланмайди ҳам.

– Эйлин, жуда юрагим ғаш! Бироқ сен бу воқеаларни ўйлаб кўришингга ва мени бошқа хафа қилмаслигингга ишонаман. Ҳозир бошқа ҳеч нарса демайман.

Уйга келишгач, Эйлин ғалабасидан тантана қилганча ўз хонасига қараб кетди ва Батлерларнинг оиласида ҳеч нарса бўлмагандек ҳаёт давом этаверди. Бироқ Батлернинг мағлубияти унинг Каупервуд ҳақидаги қарашларини ўзгартирди десак, хато қилган бўламиз.

Қамоқдан чиққанидан сўнг аппеляция ўтгунга қадар ихтиёрида қолган икки ой ичида Каупервуд бор кучини тамоман касодга учраган ишларини тўғрилаб олишга ҳаракат қилди. У ишига худди ҳеч нарса бўлмагандек киришди, бироқ энди – айбдор деб ҳукм қилишгандан сўнг нимагадир эришиш имконияти жуда катта эмас эди. Каупервуд банкротлигини эълон қилаётганда анча йирик кредиторларининг манфаатларини ҳимоя қила олишга эришганди. Шунга асосланиб, озодликка чиққандан сўнг ёрдамлари унга фойдали бўлиши мумкин бўлган “Кук энд Компани”, “Дрексель энд Компани” ва Жирард миллий банки каби идоралар унга яна бемалол кредит очишларига (албатта, ҳукм натижасида унинг обрўсига жуда ҳам путур етмаган тақдирда) умид қилаётганди. Ҳеч қачон умидини йўқотмаган Каупервуд адолатлими ёки адолатсизлигидан қатъи назар, бу ҳукмнинг қанчалик салбий таъсири бўлишини ҳисобга олмаганди.

Молия оламидаги энг яхши дўстлари Каупервудни батамом чўкиб бораётган кемага ўхшайди деган хулосага келишганди. Қайсидир бир сармоядор олим дунёда пулдан кўра сезгирроқ нарса йўқ ва бу сезгирлик доим пул билан иш кўрадиган одамга ҳам ўтади, деб айтган экан. Бир неча йил қамоқда ўтириши мумкин бўлган одам ёрдам беришга арзийдими? У агар олий судда ютқазиб, панжара ортига жўнаши аниқ бўлса, шунда унинг учун нимадир (масалан, губернаторга мурожаат этиш) қилиш мумкин, бироқ унгача ҳали икки ой бор ва, эҳтимол, ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Шунинг учун ҳам Каупервуд кредитини узайтириш ёки ўз ишини тиклаш бўйича режасини қабул қилиш тўғрисидаги такрорий мурожаатларида мулойим, бироқ мужмал жавобларга дуч келаётганди. Ўйлаб кўрамиз, кўрамиз, бироз тўсиқлар бор… ва ҳоказолар – яъни бу ўзини қийнагиси келмаётган одамларнинг баҳоналари эди.

Одатдагидек тетик ва батартиб бўлган Каупервуд мана шу кунлар давомида турли банклар ва идораларга бориб, эски танишлари билан хушмуомала оҳангда гаплашаркан, уларнинг саволларига ишлари жуда яхши кетаётгани ва катта умидлари борлигини билдирди. Унга ишонишмаётганди, бироқ бу билан унинг иши йўқ эди. У фақат ўзига фойдали бўлиши мумкин бўлган одамларнигина ишонтириш ёки фикрларини ўзгартиришга интилаётганди. У бор кучини шунга бағишлаган, бошқа нарсалар билан қизиқмаётганди.

– Э, хайрли кун, Фрэнк! – саломлашишарди дўстлари. – Ишлар қалай?

– Бинойидек! Чакки эмас! – қувноқлик билан жавоб қайтарарди у. – Ҳатто жуда яхши!

Ва ортиқча гапириб ўтирмай, ўзи нима қилаётганини тушунтириб кетарди. Баъзида у ўзини яхши билган ва аҳволини тушунаётган одамларга ўз некбинлиги билан таъсир ўтказа олар, бироқ кўпчилик унинг ҳаётига асло қизиқмаётганди ҳам.

Ўша кунларда Каупервуд ва Стежер судларга тез-тез бораётганди, чунки банкротлиги билан боғлиқ бўлган ҳар хил аризаларга мувофиқ Каупервудни дам ўтмай чақиртиришаётганди. Бу кунлар жуда азобли ўтаётган бўлса-да, бироқ йигит бўш келмади. У Филадельфияда қолишга ва охиригача курашишга – ёнғингача бўлган ҳолатини тиклаш ва жамият олдида ўзини оқлаб олишга қарор қилганди. Агар уни қамоққа тиқишмаса, ўз мақсадига эришишига, бироқ шундай бўлган ҳолда ҳам (унинг оптимизми шу даражада кучли эди) қамоқдан чиққач, албатта, шундай бўлишига ишончи комил эди. Тўғри, Филадельфияда номини энди оқлай олмайди – бу рўёбга чиқмайдиган орзу. Унга қарши курашаётган асосий кучлар Батлернинг хусумати ва шаҳар корчалонларининг кирдикорлари эди. Нимадир бўлиб, бу гап қаердан чиққанини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмасди, сиёсий доираларда ёш сармоядор ва собиқ шаҳар ғазначиси ютқизади ва қамоққа тушади, деган фикр пайдо бўлганди. Аввалига ўзини айбдор деб ҳисоблаб, индамай жазони ўташга тайёр бўлиб турган Стинер унинг айбини инкор этиб, ўз ҳаракатларини илгаридан давом этиб келаётган одатлар билан изоҳлашни ўргатган дўстларининг сўзига қулоқ солди. Акс ҳолда, дейишганди улар, оқланишга ҳеч қандай умид йўқ. У худди шундай қилди, лекин барибир судланди. Кейин адолат талаб қилинган шикоят аризаси уюштирилиб, эндиликда унинг иши штатнинг олий судига оширилганди.

Бундан ташқари, бир пайтлар Батлерга ва Фрэнкнинг хотинига аноним хат ёзган қизнинг “шарофати” билан Батлернинг қизи Эйлин ва Каупервуд орасида ишқий муносабат бор экан деган миш-миш ҳам тарқалди. Унда Каупервуд гўёки қиз учун ижарага олган Ўнинчи кўчадаги қандайдир уй ҳақида ҳам гап борарди. Батлернинг қасос олиш истагида ёнаётгани бежиз эмасди. Бу ҳолат бошқа кўп нарсаларни ҳам тушунтираётганди. Натижада ишбилармонлар ва молиявий гуруҳларда Каупервуд ҳақидаги танқидлар унинг рақибларикидан ҳам кучайиб кетди. Каупервуд иш бошлаганида, Батлернинг дўстона ҳимояси остида бўлганини ким билмайди? Бу одам ўша яхшиликларга зўр миннатдорлик билдирибди!

Каупервуднинг энг яқин ва энг бақувват тарафдорлари ҳам бу гапни эшитиб, афсус билан бош чайқашарди. Демак, Каупервуд шу ерда ҳам ўз табиатини очиб берувчи “Ҳаммадан менинг хоҳишим муҳим”, деган тамойилига амал қилган экан. Албатта, у кучли ва чиндан ҳам келажаги бор одам. Учинчи кўча шу пайтгача ҳали бундай дадил, тадбиркор, жасур ва айни пайтда эҳтиёткор сармоядорни кўрмаган. Албатта, Каупервуд Батлернинг қизини йўлдан урмаслиги керак эди. Ва, албатта, ўша чекни бунчалик юзсизлик билан, айниқса, Стинер билан жанжаллашиб айрилишгандан сўнг олиши керак эмас эди. Жуда ҳам ўжарлик қилган! Бундай ўтмиш билан у яна аввалги ўрнига қайта олиши даргумон! Каупервудга жуда яқин бўлган банкир ва ишбилармонлар бунга шубҳа билан қараётганди.

Каупервуднинг ўзига келсак, “Ҳаммадан менинг хоҳишим муҳим!” – унинг шиори бўлиб, унинг гўзаллик ва чиройли аёлларга муҳаббати ўзгармай қолган ва бу масалада у аввалгидек ўзини тута олмас ва енгилтак эди. Ҳатто шу вазиятда ҳам Эйлин Батлердек қизнинг гўзаллиги унинг учун эллик миллион одамнинг самимиятидан кўра муҳимроқ эди, агар бу самимиятга ҳожат бўлмаса, албатта. Чикаго ёнғини ва биржадаги ваҳимадан олдин унинг юлдузи шундай тез чарақлай бошлагандики, муваффақиятлар орасида жамият қилмишларимга қандай муносабат билдиради, деб ўйлашга унинг вақти ҳам бўлмаганди. Унинг қонида ёшлик ва қувонч жўш ураётган, у эндигина униб чиққан майсадек янги ва кучга тўла эди. Ҳаёт унга салқин баҳор тунидек ёқимли туюлиб, ҳеч қандай шубҳа-гумонга ўрин қолдирмаганди. Фалокатга учрагач, ақли унга бир муддат Эйлиндан воз кечиб туриш зарурлигини айтиши керак бўлса-да, у бундай қилишни ўйлагани ҳам йўқ. Қиз унинг яқин ўтмишидаги ажойиб кунларининг тимсоли, ўтмиши билан у орзу қилаётган ғалабали келажак ўртасидаги мисоли бир ҳалқа эди.

Тўғри, агар у қамаладиган бўлса ёки расман банкрот деб эълон қилинадиган бўлса, фонд биржасидаги ўрнидан ажралиши ва у ҳолда вақтинча, балки бутун умрга, Филадельфияда бойликка эришиш йўли унинг учун бутунлай ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги фикр Каупервудни жуда хавотирга солаётганди. Айни пайтда унинг биржадаги ўрнига активларининг бир қисми сифатида тақиқ қўйилган ва бу билан биржадаги фаолияти тўхтатиб қўйилганди. Унинг деярли ягона издошлари бўлиб қолган Эдвард ва Жозефлар вақти-вақти билан биржада унинг ўрнига фаолият юритиб турарди. Бошқа биржачилар Каупервуднинг укаларини унинг агенти сифатида кўрар ва агар улар мустақил иш олиб бораётгани ҳақида гап тарқатиладиган бўлса, Учинчи кўчадагилар Каупервуд кредиторлари учун фойдали бўлмаган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ноқонуний нимадир ҳийла қиляпти, деб гумон қилишларига олиб келарди. Бироқ нима бўлганда ҳам, у очиқчасига бўлмаса-да, яширинча биржада қолиши керак. Каупервуднинг жуда тезкор ва топқир ақли дарров бунинг йўлини топди: маълум бир ҳақ эвазига ўзини биржада кўрсатган одамлар орасидан аслида унинг қўлида югурдак бўладиган сохта ҳамкор топиши зарур.

Каупервуд узоқ ўйлаб ўтирмай, иши жуда камтарона, бироқ виждонли ва унга нисбатан яхши муносабатда бўлган одам устида тўхталди. Бу Учинчи кўчада кичкина бир идора эгаси бўлган майда маклер Стивен Уингейт эди. Ёши қирқ бешларга борган, ўрта бўйли, миқтидан келган, кўриниши одамни ўзига жалб қиладиган, ақлли ва меҳнаткаш бу одам на кучи ва на тадбиркорлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Бирор ишни юргизиши учун (агар у умуман нимадир қилишга қизиқса) унга Каупервуд каби ҳамкор керак бўларди. Уингейтнинг фонд биржасида ўрни, обрўси бор, уни ҳурмат қилишар, бироқ гуллаб-яшнаб кетиши учун ҳали анча вақт керак бўларди. Ўз вақтида у Каупервуддан кўп марта ёрдам сўраган, Каупервуд унча катта бўлмаган фоизга қарз бериб турган, бажонидил яхши маслаҳатлар берган, чунки Уингейтни ҳурмат қилар ва ҳатто унга раҳми келарди. Ҳозир эса Уингейт у қадар яхши таъминланмаган кексалик сари оқим бўйлаб сузиб кетаётган одам эди. Ҳозирги пайтда у Каупервуднинг агенти бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаса керак, бошқа томондан эса, Каупервуд топшириқларини Уингейт ўта аниқлик билан бажаришига ишонарди.

Каупервуд Уингейтни ўзининг олдига таклиф қилиб, у билан узоқ суҳбатлашди. Унга вазиятни яхшилаб тасвирлаб, ҳамкор сифатида ўзининг қанчалик фойдаси тегиши ва унинг конторасидан нима кутаётганини тушунтириб берди. Уингейт бу ишни бажаришга жондили билан рози бўлди.

– Жаноб Каупервуд, кўрсатмаларингиз бўйича иш қилишдан хурсандман, – Каупервудни ишонтирди маклер. – Нима бўлган тақдирда ҳам, сиз мени ташлаб кетмаслигингизни биламан ва айтишим мумкинки, дунёда ўзим бирга ишлашни шунчалик хоҳлайдиган ва мен шунчалик ҳурмат қиладиган бошқа одам йўқ. Бу тўфонлар ўтиб кетади ва ишда яна мавқеингизни тиклаб оласиз. Нима бўлганда ҳам, уриниб кўриш керак. Агар ишимиз юришмаса, нимани лозим кўрсангиз, шуни қилаверасиз.

Улар ўртасидаги битим ана шу шартлар асосида тузилди ва Каупервуд Уингейт номи билан секин-аста фаолиятини бошлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации