Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Батлернинг жағлари қаттиқ қисилди.

– Сен чиройли қизсан, ёшсан. Сен бойсан. Сени рафиқам дейишни ўзларига шараф деб билиши мумкин бўлган ўнлаб йигитлар бор. Нимани ўйлаётган бўлсанг ҳам, нима қилсанг ҳам, ҳаётингни бекорга барбод қилма. Менинг юрагимни ҳам адо қилма!

Табиатан ёмон бўлмаган Эйлин зиддиятли ҳиссиётлар – фарзандлик меҳри ва Каупервудга бўлган севгиси ўртасида қийналиб кетаётган, додлаб юборишдан ўзини зўрға ушлаб турарди. Бутун қалби билан отасига ачинаётган бўлса-да, Фрэнкка бўлган севгиси ва садоқати ҳам камаймаётганди. У яна нимадир демоқчи, исёнини билдирмоқчи бўлар, лекин бу бефойда эканини ҳис қилиб турарди. Ота эса қизи ёлғон гапираётганини биларди.

– Отажон, бошқа айтадиган гапим йўқ, – деди Эйлин ўрнидан тураётиб.

Дераза ортида қоронғи туша бошлаганди. Пастда эшик ёпилгани эшитилди – Батлернинг ўғилларидан бири қайтиб келган бўлса керак. Эйлин кутубхонага боргиси келмай қолди.

– Барибир менга ишонмайсиз. Бироқ яна қайтараман: менга туҳмат қилишган.

Батлер қизининг жим бўлишини сўраб, қўлини кўтарди. Эйлин ўзининг шармандали алоқалари отасига сир эмаслиги ва азобли суҳбатлари тугаганини тушунди. У ўгирилиб, уятдан қизарганча хонадан чиқиб кетди. Батлер қизининг қадам товушлари узоқлашиб тингунча кутиб турди. Шундан сўнг ўрнидан туриб, йирик муштини сиқди.

– Аблаҳ!.. – овозини чиқариб деди у. – Аблаҳ! Бор пулимни, охирги долларимгача сарф қилиб бўлса ҳам, сени Филадельфиядан сиқиб чиқараман!..

27

Каупервуд ҳаётида биринча марта иззат-нафси таҳқирланган ота билан боғлиқ ўзига хос ҳолатга дуч келди. Батлерни айнан нима шундай аҳволга солганини аниқ билмаса-да, ҳар ҳолда бу Эйлин билан боғлиқ эканини сезиб турарди. Каупервуднинг ўзи ҳам ота эди. Кичкина Фрэнкдан у жуда ҳам ҳайратланмасди. Бироқ боши атрофида ёғдули гардиши бордек оппоққина, кичкина Лилианни у жонидан ортиқ кўрарди. У ажойиб, жозибали қиз бўлади, ўйларди Каупервуд ва қизининг ҳаётдаги ўрнини мустаҳкамлашга интиларди. У қизига “кўзлари мунчоқ”, “оёқ эмас, мушукнинг панжаси”, “қўллари ҳам қўғирчоқникидек” дея таъриф беришни ёқтирарди. Қизча отасини яхши кўрар, у қаерда бўлмасин – кутубхонадами, меҳмонхонадами, хонасидами ёки дастурхон устидами, қачон бўлса-да, уни қидириб юрар ва тинмай саволга тутарди.

Қизига бўлган муносабати Фрэнкни Эйлиннинг хатти-ҳаракати Батлерда уйғотиши мумкин бўлган туйғуларни тушуна олишига сабаб бўлди. У ўз-ўзидан агар кичкина Лилиан билан шундай ҳодиса рўй берса, нима қилган бўлардим, деб сўраётганди. Бироқ у агар қизи Эйлиннинг ёшида бўлса, ўзини ҳам, қизини ҳам қийнаб қўйишига ишонмаётганди. Ахир болалар эртамикечми, катталарнинг бағридан учирма бўлади ва агар бола табиатан ўжар бўлса ва уни бошқаришларини истамаса, ота уни эплаши жуда қийин.

Каупервуд бошига қанча бало ёғилганини эслаб, маъюслик билан жилмайиб қўйди. Чикагодаги ёнғин, Стинернинг бевақт кетиб қолиши, Батлер, Молленхауэр ва Симпсонларнинг Стинер ва унинг ҳаётига бутунлай бефарқликлари… Энди эса, балки, унинг Эйлин билан алоқалари ҳам очилиб қолгандир. У сирлари очилганига ишончи комил эмасди, бироқ ички сезгиси шундай эканини айтиб турарди. Каупервудни ҳозир энг ташвишга солаётган нарса – агар отаси гап очадиган бўлса, Эйлин ўзини қанақа тутаркин, ўзини қандай оқларкин деган савол эди. Бир амаллаб у билан хабарлаша олганида эди! Агар Батлерга унинг жамғармасини қайтариши керак бўлса ва бугун бўлмаса, эртага талаб қилинадиган бошқа қарзларини ҳам ёпиши шарт бўлса, бир дақиқани ҳам йўқотиб бўлмайди. Ёки тўлаши керак, ёки ўзини банкрот деб эълон қилиши керак. Батлернинг ғазаби, Эйлин, ўзига хавф солаётган ҳалокат – ҳаммаси вақтинча орқа планга ўтди. Унинг фикри биттагина нарса – ўзининг молиявий аҳволини қандай қутқариб қолиши мумкинлигида тўхтади.

Каупервуд Жорж Уотерменни, бу пайтга келиб бой бўлиб қолган қайнағаси Дэвид Уиггинни, ўтган йиллари бирга иш қилишларига тўғри келган йирик мануфактура савдогари Жозеф Зиммерменни, бой ва йирик ишбилармон бўлган собиқ судья Китченни, Пенсильвания штатининг ғазначиси, кўнка темир йўллари акцияларига қизиқадиган Фредерик Ван Ностренд ва бошқа кўплаб танишлари билан кўришишга ошиқди. У мурожаат қилган одамларнинг баридан фақат биттасигина унга ёрдам беришга қодир эмасди, бошқаси қўрқди, учинчиси ундан қандай қилиб кўпроқ шилишни ўйлади, тўртинчиси бир қарорга кела олмай, ҳал қилиш учун жуда кўп вақт сўради. Ҳамма унинг вазияти аслида қандайлигини билиб турар, барчага ўйлаб кўриш учун вақт керак, унда эса айнан ана шу фурсат йўқ эди. Судья Китчен унга ўттиз минг қарз бериб туришга рози бўлди – арзимаган сумма! Жозеф Зиммермен йигирма беш мингдан ортиғини беришга таваккал қила олмади. Каупервуд акцияларини икки баравар суммага гаровга қўйиб, жами етмиш беш минг долларгина йиға олишига амин бўлди. Бироқ бу кулгили рақам эди! У ҳар бир долларни ҳисобга олиб қайтадан ҳисоблашга тушди ва шундай хулосага келдики, қўлидаги бор нақд пулнинг устига унга камида яна икки юз эллик минг керак, акс ҳолда, у ишини ёпишига тўғри келади. Эртага соат иккигача ҳаммаси маълум бўлади. Агар у ўнглана олмаса, Филадельфиядаги ўнлаб бухгалтерия ҳисобининг асосий китобларида унинг номи ёнида “банкрот” сўзи пайдо бўлади.

Яқингинада орзуларида осмонда юрган одам учун бу ёмон ниҳоя эмас! Биринчи навбатда у Жирард миллий банкининг юз минг долларлик ссудасини узиши керак. Бу Филадельфиядаги энг йирик банк бўлиб, қарзини тўлаш орқали банк корчалонларининг ўзига яхши муносабатини сақлаб қолиб, келгусида ҳам уларнинг хайрихоҳликларига умид қилса бўлади. Ҳозир эса у қаердан пул топиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаётганди. Бироқ анча ўйлагандан сўнг у ўша куни кечқуруннинг ўзида судья Китчен ва Зиммерменларга улар гаров учун қарз беришга рози бўлганлари – акцияларни бериб, улардан чек ёки нақд пул олишга қарор қилди. Кейин эса Стинерни унга эрталаб биржада сотиб олгани шаҳар заёми сертификатининг нархи бўлган олтмиш минг долларга чек беришга мажбур қилади. Ундан йигирма беш мингини банкка етмаётган пулга қўшиш учун олади. Ва ўшанда унинг ихтиёрида яна ўттиз беш минг қолади.

Бундай режанинг ягона салбий томони – у сертификатлар билан бўлган воқеанинг келгусида яна ҳам чалкашиб кетишига асосланганди. Уларни эрталаб сотиб олган Каупервуд амортизация фондига топширмади (уларни Каупервуднинг идорасига соат бир яримда келтиришганди), балки навбатдаги қарзини ёпиш учун шу заҳоти гаровга қўйди. Агар Каупервуд синиш хавфи остида экани ва сертификатларни ўз вақтида сотиб олишига ишончи комил эмаслиги ҳисобга олинса, бу қалтис қадам эди. Бироқ бошқа томондан, ўйларди Каупервуд ўзи ва шаҳар ғазначиси ўртасида (ноқонуний, албатта) битим бор ва шу сабаб у банкрот бўлган тақдирда ҳам бундай комбинацияни расман оқлаш мумкин, чунки у ўз битимларини ойнинг охиригача баланслашга мажбур эмас. Агар у куйиб қолса ва амортизация фондида бу облигациялар бўлмаса, у облигацияларни одатда кечроқ топширган ва шунинг учун уларни шунчаки эсидан чиқарган, деб айтиши мумкин. Агар шу йўл билан ана шу ҳали топширилмаган облигациялар учун чек ола билса (қонун ва ахлоқни четга қўйиб турадиган бўлса), унинг қилмишини асосли деб топиш мумкин бўлади. Тўғри, шаҳар яна олтмиш минг доллар йўқотади. Бироқ ғазначиликка беш юз минг доллар камомад хавф солиб турганда, олтмиш минг доллар нима бўпти? Демак, камомад беш юз олтмиш минг бўлади, шу! Каупервуднинг доимий эҳтиёткорлиги бу ерда зарурият билан тўқнашди ва у Стинер уч юз минг доллар беришдан батамом бош тортмагунча бу чекни қолдиришга қарор қилди – бу ҳолда у чекни талаб қилишга ҳаққи бор. Тўғрироғи, Стинер облигациялар амортизация фондига топширилганми ёки йўқлигини ҳатто сўрамаса ҳам керак, агар сўраса, алдашга тўғри келади, холос!

Каупервуд яна экипажига ўтириб конторасига қайтиб борди: бу ерда уни ўйлаганидек Батлернинг ёзма талаби кутиб турарди. Фрэнк шу заҳотиёқ отаси унга ўзининг банкида очган юз минг долларлик кредитга чек ёзиб, Батлерга юборди. Бу пайт орасида шаҳар заёми облигацияларини сотмаслик ва сотиб олмаслик, чунки алоҳида буйруқ келмагунча бу келишувлар ҳисобга олинмаслиги тўғрисида огоҳлантириб, Стинернинг котиби Альберт Стайерсдан яна хат келди. Каупервуд шамол қаердан эсаётганини дарров тушунди. Стинер Батлер ёки Молленхауэр билан маслаҳатлашган ва улар уни огоҳлантириб, қўрқитишга шошган. Шунга қарамай, Каупервуд тўғри шаҳар ғазначилигига қараб йўл олди.

Каупервуд билан учрашганидан сўнг Стинер яна Сэнгстек, Стробик ва йигитни яхшилаб қўрқитиб қўйиш учун унинг олдига юборилган бошқа одамлар билан гаплашганди. Бу суҳбатлар натижасида ғазначи Каупервуднинг бутун режаларига қарши бўлиб олди.

Cтробикнинг ўзи ҳам хавотирга тушиб қолганди. У, Уайкрофт ва Ҳармонлар ҳам шаҳар ғазначилигининг маблағларидан фойдаланишарди – тўғри, камроқ, чунки Каупервуднинг молиявий кўлами уларга хос эмас эди ва энди улар қарзни бўрон туришидан олдин тўлашлари керак эди. Агар Каупервуд банкрот бўлса ва Стинерда камомад чиқадиган бўлса, бутун бюджетни текширишлари мумкин ва у ҳолда уларнинг найранглари ҳам юзага чиқиб қолади. Мансабини суиистеъмол қилишда айбланмаслик учун нима қилиб бўлса ҳам пулларни қайтариш керак.

– Молленхауэрнинг олдига боринг, – Каупервуд кетиши билан Стинерга маслаҳат берди Стробик, – ва унга ҳаммасини очиқ гапиринг. У номзодингизни маъқуллаган ва сизни ғазначининг ўрнига жойлаштирган. Унга қандай шароитда эканингизни айтинг ва нима қилишни сўранг. У йўлини топади. Ёрдам бергани учун унга ўз акцияларингизни таклиф қилинг. Шу ишни қилишингизга тўғри келади. Каупервудга эса, жин урсин, бир доллар ҳам берманг! У сизни ҳозир қандай чиқишни билмаётганингиз – жарга итарганини ёдингиздан чиқарманг! Ниҳоят, агар Молленхауэр сизга ёрдам беришдан бош тортадиган бўлса, ҳеч бўлмаганда Каупервудни пулни ғазнага қайтаришга мажбур қилсин. Молленхауэр унга таъсир ўтказа олади.

Стробик яна кўплаб далиллар келтирди ва у кетиши билан Стинер Молленхауэрникига қараб югурди. У шунчалик қўрқиб кетганидан нафаси бўғилиб, бу америкалик немис, буюк финансист ва сиёсатчининг оёғига йиқилишга тайёр эди. Қанийди, жаноб Молленхауэр унга ёрдам беришга рози бўлса! Шунда бу муаммодан қутулиб, қамоққа тушмасликка умид бор!

– Вой, Худойим! Худойим-ей! – шивирларди у Молленхауэрникига шошаркан. – Нима қилсам экан-а?

Жуда кучли мактабни ўтаган қатъий сиёсатчи ва ишбилармон Ҳенри Молленхауэрнинг тутган йўли бу мураккаб шароитда ҳар бир капиталист танлайдиган йўл эди. Батлер айтган нарсаларни бирма-бир эслаб, Молленхауэр биринчи бўлиб бу шароитдан қандай фойда кўриши мумкинлигини чамалаб кўрди. Ўзини фош қилиб қўймаган ҳолда, агар бунинг иложи бўлса, Стинернинг қўл остидаги кўнка темир йўллари акцияларига эга чиқиш керак. Бу акцияларни биржа маклерлари орқали бирорта сохта одамнинг номига, кейин эса унинг, Молленхауэрнинг номига ўтказиш қийин эмас. Бунинг учун эса ғазначи бугун олдига келганда уни яхшилаб эзиш керак; ғазнадаги беш юз минг камомадни эса қандай ёпиш мумкинлигини Молленхауэр ҳали тасаввур ҳам қила олмаётганди. Каупервуд ўз қарзини ёпа олмаса керак. Нима бўларди, шаҳар бу ҳолда зарар кўради, бироқ сайловлар тугагунча жанжални босди-босди қилиб туриш керак. Агар партиянинг бошқа раҳнамолари Молленхауэр кутгандек меҳрибонлик кўрсатишмаса, Стинер сири очилишидан, суд, молларининг мусодара қилинишидан ва ҳатто қамоқдан ҳам қутулиб кета олмаса керак. Тўғри, жамоатчиликнинг ғазаби сал босилгандан кейин губернатордан суд қарорини юмшатишни илтимос қилиш мумкин. Бу ерда Каупервуднинг ҳам иштироки борми-йўқми, бу Молленхауэрни қизиқтирмаётганди. Йўқлиги юздан бир фоиз бўлса керак. Бу одам яхшигина айёр ва эҳтиёткор. Аслида, айбни Каупервудга тўнкаб, ғазначини қутқариб қолишнинг имкони топилса ва шу билан партиядаги доғни олиб ташлаш мумкин бўлса, Молленхауэр қаршилик қилмайди, албатта. Бироқ аввал бу биржачининг Стинер билан ўзаро муносабатларини билиб олиш ва йўл-йўлакай унинг ғазначи лавозимида ўтириб олиб йиққан-терганларининг барини қўлга киритиш керак бўлади.

Молленхауэрнинг олдига кириб келган Стинер бутунлай кучдан қолиб, креслога йиқилди. Унинг мияси ишламаётган, асаблари бутунлай ишдан чиққан, қўрқув унинг борлиғини бутунлай эгаллаб олганди.

– Нима демоқчисиз, жаноб Стинер? – ғазначи унинг олдига нега келганини тушунмагандек оҳангда сўради Молленхауэр.

– Мен жаноб Каупервудга берган ссудаларим масаласида гаплашгани келгандим.

– Гап нимада ўзи?

– Унинг мендан, тўғрироғи, шаҳар ғазначилигидан беш юз минг доллар қарзи бор. Менга маълум бўлишича, у хонавайрон бўлиш арафасида, бундай вазиятда эса пулларни қайтара олмайди.

– Банкрот бўлади деб сизга ким айтди?

– Жаноб Сэнгстек, кеча жаноб Каупервуднинг ўзи ҳам олдимга келганди. Унинг айтишича, фалокатдан қоча олиши учун унга яна пул керак экан. Ва у мендан яна қўшимча уч юз минг доллар сўради. Бу сумма унга жуда ҳам кераклигини айтди.

– Зўр-ку!.. – ёлғондакам ҳайратланиб хитоб қилди Молленхауэр. – Бироқ сиз, албатта, рози бўлмагансиз. Шусиз ҳам муаммоларингиз тиқилиб ётибди. Агар нега рад қилаётганингизга қизиқадиган бўлса, уни менинг олдимга юборинг. Ва унга ортиқ бир доллар ҳам берманг. Акс ҳолда, иш судгача борадиган бўлса, сизни аяб ўтиришмайди. Шусиз ҳам сизга қандай ёрдам бериш мумкинлигини билмай ўтирибман. Бироқ энди унга пул бермайдиган бўлсангиз, балки, бирон нима ўйлаб то пармиз. Ваъда бермайман, албатта, лекин ҳаракат қилиб кўрамиз. Фақат билиб қўйинг: бу иш учун шаҳар ғазначилигидан ортиқ бир доллар ҳам сарфланиши керак эмас. Ўзи бу иш аллақачон хунук кўриниш олиб бўлган.

Молленхауэр Стинерга огоҳлантирувчи назар билан қараб қўйди. Эзилиб кетган Стинер эса ўз раҳнамосининг сўзларида раҳмдиллик оҳангларини сезиб, креслосидан сирғаниб пастга тушди ва унинг олдига тиз чўкиб, худди хочга михланишдан олдин ибодат қилгандек қўлларини осмонга чўзди.

– О, жаноб Молленхауэр, – нафаси қайтиб ва йиғламсираганча минғирлади у, – ишонинг, мен ҳеч бир ёмон иш қилмоқчи эмасдим! Стробик ва Уайкрофтлар мени бу қонуний эканлигига ишонтиришди. Каупервуднинг олдига мени ўзингиз юборгандингиз. Мен фақат бошқалар нима қилса, ўшани қилдим – ҳар ҳолда, назаримда шундай туюлганди. Мендан олдин ишлаган жаноб Боуд ҳам худди шундай йўл тутганди: у бу ишларни “Тай энд Компани” фирмаси орқали қилган экан. Жаноб Молленхауэр, менинг хотиним, тўртта болам бор. Кичкинам энди етти ёшда. Жаноб Молленхауэр, ўшаларни ўйланг! Улар учун менинг ҳибсга олинишим нимани англатишини ўйлаб кўринг! Қамоққа тушишни хоҳламайман! Мен ноқонуний иш қиляпман деб ўйламагандим. Бор-будимни бераман. Акцияларимни олинг, уйларимни, ер участкаларимни – ҳамма нарсамни олинг; фақат мени бу фалокатдан қутқаринг! Мени панжара ортига ташлашларига йўл қўйманг!

Ғазначининг оқариб кетган қалин лаблари титрар, юзидан тинмай қайноқ кўз ёшлари қуйиларди. Бу ақл бовар қилмайдиган, айни пайтда жуда инсоний ва ҳақиқат бўлган тасвир намойиши эди. Қанийди, буюк сармоядор ва сиёсий арбоблар ўз ҳаётий тафсилотларини ҳеч бўлмаганда бир марта аниқ очиб беришса!

Молленхауэр Стинерга хотиржам ва ўйчан қараб турарди. У бундай ожиз кимсаларни, ўзидан номуссизроқ, бироқ уникидек ақл ва жасурликдан мосуво одамлар билан кўп бора юзма-юз келган, улар ҳам худди шундай ёлворишган – албатта, ҳаммаси ҳам тиз чўкмаган, бироқ барчаси иродаси ва руҳи синган одамлар эди. Бу бой ва ҳаётий тажрибаси кўп одамнинг назарида ҳаёт жуда чалкаш нарса эди. Бундай ахлоқ ва маънавий ҳиссиётлар билан нима қилиш керак? Бу Стинер ўзини виждонсиз, уни – Молленхауэрни эса виждонли деб ҳисоблаяпти. Мана, унинг қаршисида туриб, ўз жиноятлари учун афсусланяпти ва унга худди руҳонийга сиғинган каби сиғиняпти. Молленхауэр эса ўзининг ҳам худди Стинер каби номуссизлигини билади, фақат у айёр, узоқни кўра билади ва эҳтиёткор. Гап Стинернинг ахлоқсизлигида эмас, гап шундаки, у қўрқоқ ва тентак. Унинг асосий айби – шу.

Шундай одамлар борки, улар ҳақиқий ҳаётдан узоқ ва ажралиб қолган қандайдир сирли ҳуқуқлар кодекси, инсон ахлоқининг қандайдир идеаллари бор, деб тасаввур қилишади. Бироқ у – Молленхауэр, улар бу қоидаларни ҳаётга татбиқ қилишганини кўрмаган, агар шундай бўлса, бу уларни молиявий (ахлоқий эмас!) ҳалокатга етаклаган бўларди. Бу бемаъни идеалга ёпишиб олган одамлардан ҳеч қачон буюк арбоблар чиқмаган. Улар доим фақат орзу қиладиган камбағал бечора бўлиб қолишган. Жуда хоҳлаган тақдирда ҳам, Молленхауэр Стинерни бу нарсаларни тушунишга мажбур қила олмасди ва у бунга интилмаётганди ҳам. Албатта, Стинернинг хотини ва болаларига одам ачинади! Хотини бечора ҳам эрига ўхшаб нимагадир эришиш учун кўп ишлашига тўғри келган бўлса керак. Ва кутилмаганда бу фалокат, уларнинг барча ишларини йўққа чиқарган Чикаго ёнғини! Қизиқ шароит! Унда меҳрибон ва раҳмдил илоҳий тақдир борлигига шубҳа уйғотадиган нимадир бўлса, бу очиқ ҳавода осмондан кутилмаганда ёғиладиган бўрон – тез-тез кўпчиликка вайронагарчилик ва мусибат келтирадиган молиявий, ижтимоий ва исталган ҳолат бўларди.

– Стинер, ўрнингиздан туринг, – бироз жим тургач, хотиржам товушда деди Молленхауэр. – Бунчалик бўшашманг. Йиғлашнинг кераги йўқ: кўз ёши бу ерда ёрдам бермайди. Фикрингизни бир жойга тўплаб, ҳолатингизни ўйлаб кўринг. Эҳтимол, шу даражада умидсизликка ҳожат йўқдир.

Молленхауэр гапида давом этаркан, Стинер яна креслосига ўтирди ва кўз ёшини дастрўмолига артиб, жимгина йиғлашда давом этди.

– Стинер, ҳозир ҳеч нарса ваъда бера олмайман, натижаси учун ҳам ваъда бермасам-да, иложи бор ишнинг борини қиламан. Шаҳримизда ҳар хил сиёсий кучлар ҳаракат қилади. Балки, сизни қутқара олмасман, бироқ уриниб кўраман. Сиз эса менга ишонишингиз керак. Мен билан олдиндан маслаҳатлашмай туриб, ҳеч кимга ҳеч нарса деманг ва ҳеч нарса қилманг. Вақти-вақти билан нима қилишингиз кераклигини айтиб, олдингизга котибимни юбориб тураман. Ўзим чақирмагунимча, олдимга келманг. Гапларимни тушундингизми?

– Ҳа, жаноб Молленхауэр.

– Энди кўз ёшингизни артиб олинг. Идорамдан кўзингизда ёш билан чиқиб кетишингиз ноқулай. Ғазначилигингизга кетаверинг, мен эса олдингизга Сэнгстекни юбораман. Нима қилишни ундан билиб оласиз. Унинг айтганларини бажаринг. Хабар қилишим билан дарров олдимга етиб келинг.

Баҳайбат, ўзига ишонган Молленхауэр хотиржам ўрнидан қўзғалди. Унинг сезилар-сезилмас ваъдалари Стинерни ўзига келтирганди. Молленхауэрнинг ўзи буюк, ҳар нарсага қодир Молленхауэрнинг бу оғир вазиятдан чиқиб кетишига ёрдам беради. Охир-оқибат, балки, қамоққа тушишдан ҳам қутулиб қолиши мумкин. Ғазначиликка қараб кетаётган Стинернинг ҳали кўз ёшларидан қизариб турган юзида бир неча дақиқадан ке йин ҳозиргина бошидан кечирган ҳодисаларнинг бошқа изи қолмади.

Бирор соат ҳам ўтмай, шаҳар ғазначилигига бугуннинг ўзида иккинчи бор кичкинагина, қорамағиздан келган, ўнг оёғи ориқ, таглиги қалин пойабзал кийган Эбнер Сэнгстек кириб келди. Ёноқлари чиққан бу одамнинг жуда ақлли кўринадиган юзида қарашлари ўткир, бироқ писмиқона кўзлари ёниб турарди. Сэнгстек Молленхауэрнинг котиби ролига жуда мос тушарди. Юзига бир қараган одам у Стинерни хўжайинининг кўрсатмаларига амал қилишига мажбур қила олишига шубҳа қилмаса ҳам бўларди. Ҳозир Стинерни тезлик билан кўнка темир йўллари акцияларини Батлернинг “Тай энд Компани”даги маклерлари орқали Молленхауэрнинг майда гумашталаридан бири номига, кейин эса ўз навбатида, хўжайиннинг номига ўтказишга кўндириш унинг вазифаси эди. Бу қоғозлар учун Стинер оладиган озгина пул ғазначиликдаги камомадни ёпишга кетиши керак эди. “Тай энд Компани” ишни шундай олиб бора оладики, бу қоғозлар ҳеч кимнинг қўлига тушмайди ва оддий биржа операциясидек кўринади.

Сэнгстек хўжайинининг қизиқишларидан келиб чиқиб, Стинернинг ишлари қай аҳволдалигини текширишга ҳам улгурган ва йўл-йўлакай Стробик, Уайкрафт ва Ҳармонлар ғазначиликдан нима учун пул олишганини ҳам билиб олганди. Бошқа бир одам орқали бу учликка ҳам танлов таклиф қилинган экан: ёки қўлларида бор акцияларни сотиш ёки суд олдида жавоб бериш. Уларга кўнгилчанлик қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди: улар ниҳояти Молленхауэрнинг сиёсий машинасидаги майда ғилдиракчалар эди, холос. Сэнгстек Стинерга ўз молмулкини ҳеч кимга ўтказмасликни ва ҳеч кимнинг, айниқса, Каупервуднинг маслаҳатига қулоқ солмасликни қатъий буюриб, жўнаб кетди.

Ишларнинг бунақасига айланиб кетгани Молленхауэрга ёқиб кетганини айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Энди Каупервуд унга мурожаат қилишга мажбур бўлса керак. У шундай қилмаса ҳам, яқингинада Каупервуд асосий ролни ўйнаган ишларнинг кўпи энди Молленхауэрнинг қўлида. Энди росту ёлғон гаплар билан қолганларини ҳам қўлга кирита олса, Симпсон ва Батлер кўнка темир йўллари ҳақида оғиз ҳам оча олишмайди! Унинг бу ишдаги улуши энди нафақат бошқа акция эгалариникидан кўп, балки катта қудратга айланади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации