Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 40 (всего у книги 41 страниц)
58
Яқинда афв қилишлари ёки бунга ишонишга асослар етарли экани ҳақида кўп гапирилаётган бўлса-да, илтимоснома, тўғрироғи, унинг эҳтимолий қондирилиш муддати Каупервуддан яширилганди. Уингейт ва Стежер иложи борича Каупервудни ҳамма гапдан хабардор қилиб турарди. Бироқ губернаторнинг шахсий котибидан афв тўғрисидаги буйруққа имзо чекилгани ҳақида эшитгач, Стежер, Уингейт ва Уолтер Ли Каупервудга индамай, кутилмаган совға уюштирмоқчи бўлишди. Стежер билан Уингейт шунчаки берилиб кетганидан, ҳатто Каупервудга нимадир ишкал чиқиб, унинг озод бўлиши чўзилиши ҳам мумкинлигини айтишди. Каупервуднинг жуда кайфияти тушиб кетса-да, ўзини қўлга олиб, ҳали чидаш мумкинлиги, барибир бир куни даври келишига ишонишга уринди. Қайсидир бир жума куни оқшомга яқин Уингейт, Стежер ва Уолтер Ли қамоқхона бошлиғи Десмас билан унинг камераси олдига келишганида, Каупервуд олдингидан ҳам баттарроқ ҳайрон бўлди.
Десмас ниҳоят Каупервуд озод қилинаётганидан жуда хурсанд эди, чунки у йигитнинг матонатига чин дилдан қойил қолган, бу қувончли хабарни қандай қабул қилишини кўриш учун ҳам камерасига боришга қарор қилганди. Йўл-йўлакай у Каупервуднинг ўзини яхши тутганини айтиб ўтишни лозим топди.
– У камера ҳовлисида гулзор яратди, – деди қамоқхона бошлиғи Уолтер Лига. – У ерга гунафша, чиннигул ва ёронгуллар экканди, улар жуда яхши кўкариб кетди.
Уолтер Ли жилмайди. Каупервуднинг ўзи – ҳатто қамоқхонада бўлса ҳам ҳаракатда, ҳаётини гўзаллаштиришга интиляпти. Бундай одамни енгиб бўлмайди!
– Бу одам бошқаларга ўхшамайди, – Десмасга жавобан деди Ли.
– Ҳа, чиндан ҳам! – тасдиқлади қамоқхона бошлиғи. – Бунга ишониш учун йигитга қарашнинг ўзи кифоя қилади.
Ҳаммалари панжара ортидан қарашди: улар жуда секин келишгани учун Фрэнк уларни сезмаган ва ишлашда давом этарди.
– Яхши ишлаяпсизми, Фрэнк? – сўради Стежер. Каупервуд елкаси оша қараб, ўрнидан турди. Охирги кунларда унинг хаёли қамоқдан чиққанидан сўнг нима билан машғул бўлиши ҳақидаги ўйлар билан банд эди.
– Буни қандай тушунса бўлади? – сўради у. – Худди сиёсий делегация келганга ўхшайди!
Ва… бир лаҳзада ниманидир тушунгандек бўлди! Ҳаммалари хурсанд бўлиб кулгач, Бонҳег бошлиқнинг буйруғи билан эшикни очди.
– Бу ерда тушунадиган ҳеч нарса йўқ, Фрэнк, – қувноқлик билан деди Стежер. – Бор гап шуки, сиз энди озодсиз. Хоҳласангиз, буюмларингизни йиғиштириб, кетишингиз мумкин.
Каупервуд дўстларига тикилиб қолди. Уларнинг яқинда айтган гапларидан кейин бунчалик тез озод қилинишини кутмаётганди. Фрэнк бундай ҳазиллар ёки кутилмаган совғалар хурсанд қиладиган одамлар тоифасига кирмасди, бироқ тўсатдан ўзининг озод қилинганини англашдан беҳад хурсанд бўлиб кетганди. Тўғри, бу хабарни шунчалик узоқ кутганидан хурсандчилик ўз қийматини бироз йўқотгандек ҳам эди. У қамоқхонада ўзини бахтсиз ҳис этган бўлса-да, букилмаганди. Аввалига шармандалик ҳисси ва ҳақоратга чидаш қийин эди. Бироқ кейинчалик, шароитга кўникканидан сўнг зулм ва қадр-қимматини ерга уриш ҳисси ўтмаслашгандек бўлди. Унинг асабига тегаётган биргина нарса – панжара ортида вақти бекорга ўтаётгани эди. Қониқтирилмаётган интилишлари – муваффақиятга эришиш ва ўзини оқлашга интилишини ҳисобга олмаса, тор камерада ҳам ёмон яшамаслик мумкинлигига ишониб қолганди. У оҳак (бундан ҳам ёқимсиз ҳидни босаётган) ҳидига ва ўзи дам ўтмай ўлдираётган каламушларга ҳам ўрганиб қолди. Стулларни тўқишга ҳам уста бўлиб кетиб, бир кунда йигирматача маҳсулот тайёрлай олаётганди. Баҳор, ёз ва кузда худди шундай қизиқиш билан ўзининг кичкинагина ҳовлисида берилиб меҳнат қилганди. Ҳар куни оқшом пайти у қамоқхона ҳовлисида ўтириб осмонни ўрганди ва натижада бир неча йил ўтгач, шу кунлар хотирасига машҳур университетлардан бирига ажойиб телескоп совға қилди. Каупервуд ўзига ҳеч қачон оддий маҳбусга қарагандек қарамаган ва ҳаракатларида чиндан ҳам жиноят элементлари бўлгани учун товон тўлаяпман деб ўйламаганди.
Бонҳег йигитга кўп маҳбуслар ҳақида гапириб берганди. Улар орасида қотиллар, бундан ҳам оғирроқ жиноят қилганлар ва майда жиноятчилар ҳам бор эди. Каупервуд уларнинг баъзиларини юзидан танирди: Бонҳег уни бир неча марта асосий ҳовлига олиб борганди. Каупервуд маҳбусларга овқат қандай тайёрланишини кўрган, Стинернинг шароити ва яна бошқа кўп нарсалар ҳақида эшитганди. Охир-оқибат эса қамоқхона у даражада даҳшатли жой эмас, фақат ёмон томони шуки, Каупервуддек одам бу ерда вақтини бекор ўтказяпти, деган хулосага келганди. Шу айблов аризалари билан банд бўлмаганида, у озодликда қанча ишларни қила олган бўларди! Суд ва қамоқхоналар… Бу сўзлар ортида қанча йўқотилган вақт турганини ўйлаб, у беихтиёр бош чайқарди.
– Яхши, – атрофга кўз югуртириб ишонқирамаган товушда деди у. – Мен тайёрман.
У ўз камерасига ҳатто қайрилиб ҳам қарамай йўлакка чиқди ва шундай мижозидан айрилаётганидан кайфияти бузилган Бонҳегга қараб деди:
– Уолтер, юкларимни уйга бериб юборишга ўзингиз бош-қош бўлсангиз. Кресло, девор соати, ойна, расмлар, хуллас, чойшаб, соқол оладиган асбоб ва бошқа майдачуйдалардан ташқари буюмларни ўзингизга олиб қолишингиз мумкин.
Бунчалик сахийлик билан берилган совғалар Бонҳегни сал овунтирди. Каупервуд хамроҳлари билан “қабулхонага” ўтиб, шоша-пиша эгнидаги қамоқхона кийимларини ечиб ташлади. Қамоқхонанинг қўпол бошмоқлари ўрнига у анчадан бери ўзининг енгил ботинкасини кийиб юрганди. Шундан сўнг у бир йил бурун қамоқхонага кийиб келгани кулранг пальтоси билан котелогини кийиб олгач, тайёр эканини маълум қилди. Чиқаверишда у охирги марта боққа олиб чиқадиган темир эшикка яна бир бор қараш учун орқасига ўгирилди.
– Булардан ажралаётганингизга пушаймон бўляпсиз шекилли-а, Фрэнк? – қизиқиб сўради Стежер.
– Унчалик эмас, – жавоб берди Каупервуд. – Ҳеч нарсага пушаймон эмасман, шунчаки буларни хотирамда сақлаб қолмоқчиман.
Бир дақиқадан сўнг улар ташқи тўсиқ олдига келди ва Каупервуд қамоқхона бошлиғининг қўлини сиқиб хайрлашди. Шундан сўнг учовлари гот услубидаги катта дарвоза олдида уларни кутиб турган экипаж олдига келиб, унга ўтирди.
– Мана, Фрэнк, ҳаммаси тугади, энди ҳеч қачон бундай нарсалар сизни безовта қилмайди, – деди Стежер кулиб.
– Ҳа, – деди Каупервуд, – буларнинг ҳаммаси ортда қолди дейиш ҳали ҳаммаси олдинда дейишдан ёқимлироқ.
– Назаримда, бу воқеани байрам қилиш керак, – гапга аралашди Уолтер Ли. – Фрэнкни уйига олиб боришдан олдин Гриннинг олдига борсак, яхши бўларди-а? Нима дейсизлар?
– Жаҳлингиз чиқмасин-у, бироқ мен уйга боргим келяпти, – деди Каупервуд бироз ҳаяжонли товушда. – Сал кейинроқ учрашамиз. Ҳозир уйга бориб, кийимимни алмаштиргим келяпти.
Каупервуд Эйлин ҳақида, болалари, ота-онаси, ўзининг келажаги ҳақида ўйлаб кетаётганди. Энди ҳаёт унинг олдида кенг уфқларни очишига ишончи комил эди. Охирги ўн уч ой ичида у майда-чуйдаларда ҳам ўзига ўзи ғамхўрлик қилишни ўрганганди. У Эйлин билан учрашади, қизнинг бу воқеаларга муносабатини билгач, Уингейт билан ҳамкорликдаги аввалги ишини бошлайди. Яқин дўстлари ёрдамида фонд биржасида ўз ўрнига эга бўлади ва “яқинда қамалиб чиққан” деган номи халал бермаслиги учун аввалига “Уингейт энд Компани” агенти ва вакили сифатида иш олиб боради. Фирманинг ҳақиқий бошлиғи Каупервуд эканини ҳеч ким исбот қилиб бера олмайди. Шундан сўнг биржада бирор катта воқеанинг, масалан, кутилмаганда курснинг кўтарилишини кутиш керак бўлади, холос. Ана шунда бутун олам, Фрэнк Каупервуд тамом бўлган одамми ёки йўқлигидан хабардор бўлади.
Экипаж Каупервуд хоним яшаётган кичкинагина коттеж эшиги олдида тўхтаб, Каупервуд нимқоронғи даҳлизга кириб кетди.
1873 йилнинг ўн саккизинчи сентябри – куз кунларидан бири дунё ҳали кўрмаган, молия дунёсидаги энг катта фожиавий кунлардан бири бўлди. Американинг йирик кредит ташкилотларидан бири бўлган, Учинчи кўча, 114-уй идораси ва Нью-Йоркда, Вашингтон ва Лондонда бўлимлари бўлган “Жей Кук энд Компани” банкирлик уйи бирдан тўловларни тўхтатиб қўйди. Қўшма Штатларда молиявий инқироз нима эканини тушунадиган одам бу воқеадан кейин юз берган биржа ваҳимасини ҳам етарлича тасаввур қила олади. Бу воқеа тарихда “1873 йил ваҳимаси” деган ном олди, бутун мамлакат бўйлаб ёйилган ҳалокат ва вайронагарчилик тўлқинининг эса Америка тарихида тенги бўлмаганди.
Бу пайтда Фрэнк Каупервуд Учинчи кўчада маклер сифатида (расман – маклер агенти), яъни “Уингейт энд Компани” вакили сифатида биржада фаолият кўрсатаётганди. Озод бўлганидан бери ўтган ярим йил давомида бутун жамоатчилик орасида бўлмаса-да, уни олдиндан билган сармоядорлар орасида у яхшигина алоқалар ўрната олганди. Бундан ташқари, “Уингейт энд Компани” охирги пайтда гуллаб-яшнай бошлаган ва бу ҳолат Каупервуднинг қарзларини тўлай олиш лаёқатига ижобий таъсирини ўтказаётганди. У хотини билан йигирма биринчи уйдаги кичкинагина уйда яшайди, деб ҳисобланса-да, аслида Ўн бешинчи кўчадан ижарага уй олган бўлиб, у ерга Эйлин ҳам тез-тез келиб турарди. Каупервуд билан хотини ўртасидаги гап-сўзлардан энди бутун оила хабар топган ва уларнинг эр-хотинни яраштириб қўйишга қилган уринишлари беҳуда кетганди. Охирги икки йил ичида кўрган-кечирганлари кекса Каупервудларни ҳам шу даражада кутилмаган зарбаларга ўргатиб қўйдики, бу воқеа уларни ҳайратга солган бўлсада, у қадар дилларини оғритмади (агар бир неча йил олдин шундай бўлса, албатта, улар қаттиқ ранжирдилар). Улар кутилмаган ташвишларга қарши кураша олмаётганлари учун ҳаётдан шунчалик безиб қолишганди. Қўлларидан келадигани фақат ибодат қилиб, яхши кунлар келишига умид қилиш эди, холос.
Батлерларга келсак, улар Эйлиннинг хатти-ҳаракатларига бефарқ бўлиб қолишди. Ҳамма гапдан аллақачон хабар топган икки акаси ва Нора ҳам энди Эйлиннинг ишларини шунчаки сезмаганга олишар, қизнинг онаси эса эрини йўқотганидан кейин чуқур қайғуга ботиб, динга муккасидан кетган, қизининг ҳаётига ҳам аралашмасди. Бунинг устига, Каупервуд ва унинг маъшуқаси икки баробар эҳтиёткор бўлиб қолишганди. Улар ўзаро муносабатлари ўзгармаган бўлса-да, ҳар бир қадамларини ўйлаб босишарди. Каупервуд Ғарбга, албатта, Эйлин билан кетиш тўғрисида ўйлаб юрганди. У Филадельфияда қисман ўз аҳволини яхшилаб олиб, сўнгра тахминан юз мингча капитал билан ўзи кўп бора эшитган чеки йўқ прериялар – Чикаго, Фарго, Дулут, Сиукс Ситига, яъни Филадельфияда, умуман бутун Шарқда бўлғуси йирик марказлар дея эътироф этилаётган жойларга кўчиб ўтишни хоҳлаётганди. Каупервуд хоним ҳозирча ажрашишга розилик бермагани боис Каупервуд ва Эйлиннинг никоҳи масаласи ҳал қилинмаган, бироқ бу уларни ташвишлантирмаётганди. Никоҳлими, никоҳсизми, улар барибир янги ҳаёт қуришади. Ҳозир эса Каупервуд биттагина ечимни кўраётганди: вақти келиб айрилиқ хотинини ўз қарорини ўзгартиришга мажбур қилади.
Каупервуднинг келгуси ҳаётига шунчалик ҳал қилувчи таъсир қилган биржа ваҳимаси америкаликларнинг оптимизми ва мамлакатнинг шиддатли ривожидан табиий равишда келиб чиққан ўзига хос ҳодисалардан бири эди. Очиғини айтганда, бу ваҳима Филадельфияда ўсган, шу ернинг ўзида молия соҳасида муваффақиятга эришиб, кейинчалик ўз даврининг энг йирик сармоядорларидан бири бўлиб етишган Жей Кукнинг такаббурлиги ва ўзига ҳаддан ташқари ишонганидан келиб чиққанди.
Биз бу одамнинг ҳаёт йўлига тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Унинг маслаҳати ва ўйлаб чиққан усуллари ёрдамида ҳукумат мамлакат учун қийин дақиқаларда жануб билан курашни давом эттириш учун керак бўлган маблағни топа олганини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя. Фуқаролар урушидан сўнг Филадельфияда Нью-Йорк ва Вашингтонда бир қанча йирик бўлимлари бўлган баҳайбат банкирлик компаниясини оча олган бу одам бир қанча вақт яна қандай иш топиши, молиявий салоҳияти орқали яна қандай ғояларни амалга ошириш мумкинлигини ўйлаб иккиланди. Уруш тугаганди: тинч даврнинг молиявий масалалари навбат кутиб турар ва ишбилармон одам учун энг тўғри келадиган соҳа континентлараро темир йўллар линияси эди. Бирлашган Тинч океани компанияси 1860 йилдаёқ рухсат олиб, аллақачон темир йўл қурган, бу ишнинг тепасида турган ақлли одамлар Тинч океани соҳилларининг шимоли ва жанубида темир йўл қуриш ҳақида режалаштириб юришганди. Ахир Атлантика ва Тинч океанларини пўлат йўллар билан бирлаштириш, мустаҳкамланиб олган ва ҳудудий жиҳатдан кенгайиб бораётан мамлакатнинг турли қисмларини бирлаштириш, биринчи навбатда олтин ва кумуш конларини топишни кенг миқёсда йўлга қўйиш буюк иш эмасми! Бироқ энг истиқболли фаолият чиндан ҳам темир йўл қуриш эди ва темир йўл акциялари Америкадаги барча фонд биржаларида бошқа акциялардан жуда қадрланарди. Филадельфияда Марказий Нью-Йорк, Рок-Айленд, Уобеш, Марказий Тинч океани, Сент-Поль, Ҳаннибал ва Сент-Жозеф, Бирлашган Тинч океани ва Оҳайо – Миссисипи линияларининг акциялари талашиб сотиб олинарди. Бу акциялар савдоси билан шуғулланган кўплаб олибсотарлар бойиб кетганди. Шарқда машҳур ишбилармонлар: Корнелий Вандербильдт, Жей Гулд, Дэниел Дрю, Жеме Фиш ва бошқалар, Ғарбда – Фэйр, Крокер, Ҳерст ва Коллис Ҳантингтонлар бу ишлар ортидан Америка саноатининг устунларига айланганди. Мана шундай чўққи ҳақида орзу қилаётганлардан бири Жей Кук эди. У Гулд каби айёрликка, Вандербильдтдек катта тажрибага эга бўлмай туриб, унга абадий ҳайкал бўлиб хизмат қиладиган Американинг шимолий кенгликларини пўлат тасма билан қамраб олишга бутун кучини ташламоқчи бўлаётганди.
Кукни энг кўп ўзига тортаётган нарса – у пайтлари ҳали деярли ўрганилмаган, ҳозирги Дулут шаҳри жойлашган Юқори кўлнинг ғарбий қирғоғи билан Тинч океани соҳиллари ўртасидаги ҳудудни, бошқача айтганда, Қўшма Штатлар ерининг учдан бир қисмини ривожлантириш лойиҳаси қизиқтираётганди. Темир йўл қурилиши бу ердаги йирик шаҳарлар ва гуркираётган қишлоқларнинг ривожига таъсир қилмай қолмасди. Қояли Тоғдаги темир йўл ўтиши керак бўлган ҳудуднинг турли ерости металларига бойлиги, ерлари эса жўхори ва буғдойдан кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳосил бериши тахмин қилинаётганди. Дулутга олиб бориладиган махсулотларни у ёғига Атлантика соҳиллари бўйлаб сув орқали, Буюк кўллар ва Ири канали орқали анча арзон нархда жўнатиш мумкин бўлади. Бу нарса ўша пайтларда режалаштирилаётган Панама каналини ўтказишдан кўра буюкроқ келажакни ваъда қилиб, инсоният учун ундан камроқ хизмат қилмасди. Кук ушбу лойиҳадан илҳомланиб кетади. Ҳукумат режалаштирилаётган темир йўлни нисбатан тез муддатда қура оладиган компанияга унинг икки томонидан катта ер участкалари бериши маълум эди, Кук эса бу нарса ўзининг йирик ишбилармонлик обрўсини сақлаб қолишга имкон беради деб ҳисоблаб, ишга киришди. Лойиҳа аввалига анча қаршиликлар ва танқидларга дуч келди; бироқ охир-оқибат Фуқаролар уруши даврида мамлакатнинг бутун молиявий қувватини сақлаб тура олган одам Шимолий Тинч океани йўлини маблағлаштиришни ҳам албатта уддалайди, деган қарорга келинди.
Кук бу ишларни бирорта йирик концерннинг ёрдамисиз амалга ошириш ҳамда акция ва улушларни барчага бирдек сотиш мақсадида одамларни ўзи бошлаган ишнинг фойдали томонлари билан кенг таништиришга киришди.
Бу ажойиб имконият эди! Ҳали Фуқаролар уруши давридаёқ Кукда йирик ҳукумат облигацияларини аҳолига тўғридан-тўғри сотиш ғояси пайдо бўлганди. Нега энди бу усулни Шимолий Тинч океани сертификатлари билан такрорламаслик керак?
Кук бир неча йил давомида шов-шув кўтариб, бўлғуси йўлнинг ҳудудини ўрганиб чиқди, у ерга кўп сонли қурувчилар бригадаларини юборди, жуда қийин табиий шароитларда юзлаб милларда рельсли йўл ўрнатди ва кафолатланган дивидендли йирик акция пакетларини сотди. Агар Кукнинг ўзи темир йўл ишларини яхширок тушунганида ва шундай улкан ишларга раҳбарлик қилишга биргина (майли, шу даражада иқтидорли бўлсин) одамнинг кучи етганида эди, унинг қилаётган иши, кейинчалик бошқача раҳбарлик қўл остида бўлгани сингари гуллабяшнаб кетарди. Бироқ оғир давр, Европа капиталини оёққўлидан боғлаб европалик ишбилармонларни Америка лойиҳаларига бефарқ қилиб қўйган Франция–Пруссия уруши, кўра олмаслик, ҳасад, ғийбат, доим ҳам ақл билан иш юрита олмаслик – буларнинг бари гўё Кукнинг ишини хонавайрон қилиш учун бирлашиб олгандек эди. 1873 йилнинг ўн саккизинчи сентябрида “Жей кук энд Компани” банкирлик уйи тахминан саккиз миллион долларни, Шимолий Тинч океани эса унга тикилган бутун маблағ – яъни салкам эллик миллионни йўқотиб, банкрот бўлди.
Энг йирик сармоядор ва ўша пайтнинг энг йирик темир йўл корхонаси бир куннинг ўзида фалокатга учраса, нима бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. “Чарақлаб турган осмонда молиявий чақмоқ”, деб ёзганди Филадельфиянинг “Пресс” газетаси. “Иссиқ кунда қор ёғса ҳам, бунчалик ажабланарли бўлмасди”, деб ёзди “Кикуайерер”. Кукнинг кўзни қамаштирувчи муваффақиятларидан ҳайратланган ва уни енгилмас деб ҳисоблаётган кенг омма нима ҳодиса рўй берганини дарров тушунмади. Бунга ҳеч кимнинг ишонгиси келмаётганди. Жей Кук банкрот бўлдими? Бўлмаган гап, у билан бундай бўлиши мумкин эмас. Бироқ Кук банкрот бўлган эди ва Нью-Йорк фонд биржаси ўша куннинг ўзида яна бир қатор банкротликларни рўйхатга олиб, бир ҳафтага ўз фаолиятини тўхтатди. “Лейк Шор” компаниясининг темир йўли ўзининг бир миллион етти юз эллик минг долларлик ссудасини ёпа олмади. Вандербильдт билан боғлиқ бўлган Бирлашган акционерлик кредит жамияти ҳам аввалига анча вақтгача омонатчиларнинг босимларига чидаб келиб, тўловларни тўхтатди. Сейфларида саккиз юз минг долларлик давлатнинг қимматбаҳо қоғозлари сақланаётган Нью-Йорк миллий кредит жамияти ҳам улар учун бир доллар ҳам ундира олмай, тўловларни тўлашни тўхтатди. Энди ҳамма қўрқиб қолган, шаҳарда хавотирли гап-сўзлар юрарди.
Филадельфияда ҳалокат ҳақидаги биринчи хабар Нью-Йорк биржа вакилларидан биржа қўмитаси манзилига юборилган қисқача телеграмма бўлди. “Жей Кук энд Компани” банкрот бўлгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Тасдиқланишини кутяпмиз”. Бу телеграммага ҳеч ким ишонмай, нома жавобсиз қолди. Бундай бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Биржа дунёси бу “бўлмағур” хабарга шунчаки эътибор бергани йўқ. “Жей Кук энд Компани” муваффақиятлари ва компания бошлиғининг ажойиб режаси, яъни қимматбаҳо қоғозларни тўғридан-тўғри аҳолига сотишига ишонқирамай қараган ва фалокатни ҳис қилган ягона одам Каупервуд бўлган бўлса керак. У бир пайтлар (кимнингдир сўровига жавобан) бу компаниянинг фаолияти ҳақида танқидий таҳлил ёзиб, шундай катта кўламдаги иш, яъни Шимолий Тинч океани темир йўли биргина банкирлик уйининг, тўғрироғи, битта одамнинг кредитга лаёқатлилиги билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган, шу орқали бу ишни таваккал деб ҳисоблашини кўрсатиб ўтганди:
“Мен айтиб ўтилган темир йўл ўтадиган ҳудуд чиндан ҳам жаноб Жей Кук ва унинг шериклари таъкидлаётгандек, ажойиб иқлим шароитига, тупроғи, ўрмонларининг сифати, минералларнинг кўплиги ва ҳоказолари жиҳатидан жуда ажойиб эканига амин эмасман. Яна бу режанинг ҳозирги пайтда ёки яқин келажакда улар чиқараётган акцияларнинг улкан миқдорига мос даражада фойда келтиради, деб ҳам айта олмайман. Ишнинг бу тарзда олиб борилиши муваффақият келтиришига ишониб бўлмайди ва бу хавфлидир”.
Биржада осиғлиқ турган телеграммани ўқиши билан Каупервуд “Жей Кук энд Компани” банкирлик уйи чиндан ҳам банкротлигини эълон қилса, нима бўлишини ўйлай кетди.
Узоқ ўйлашига ҳожат қолмади. Биринчи телеграмманинг ёнида иккинчиси пайдо бўлди:
“Нью-Йорк, 18 сентябрь. “Жей Кук энд Компани” тўловларни тўхтатади”.
Каупервуд кўзларига дарров ишонмади. Ниҳоят узоқ кутилган пайт келди деган фикрдан у чуқур ҳаяжонга тушганди. У бошқа биржачилар билан бу машҳур кўҳна банк жойлашган Учинчи кўчадаги 114-уйга қараб югурди. У барчасини ўз кўзи билан кўриб ишонч ҳосил қилиши керак эди. У ўзининг одатдаги вазминлигини унутиб, югуриб кетаётганидан ҳам уялмаётганди. Агар шу ишлар рост бўладиган бўлса, унинг даври келди!
Мана ҳозир ҳамма ёқда ваҳима бошланади, катта фалокат рўй беради. Акциялар нархи тезлик билан пасая бошлайди. Бу босиб келаётган ҳодисаларнинг қоқ ўртасида бўлиш керак. Укалари билан Уингейт ҳам яқинроқда туришларини назарда тутиши зарур. Каупервуд уларга қачон ва нимани сотиш ҳақида кўрсатмалар бериб туради. Ҳа, унинг даври келди!
59
Ўзининг кенг кўламдаги операцияларига қарамай, “Жей Кук энд Компани” банкирлик уйи охирги пайтларда хунук ва ноқулай деб ҳисобланадиган ғишт ва оҳакдан қурилган камтаргина тўрт қаватли бинода жойлашганди. Каупервуд илгарилари бу ерда тез-тез бўлиб турарди. Банкирлик уйининг заллари бўйлаб соҳилдан сув қувурлари орқали ўтадиган катта-катта каламушлар югуриб юрарди. Ярим қоронғи ва яхши шамоллатилмайдиган хоналарда хира газчироқ ёруғида кўплаб ходимлар банк китоблари устида ишлаб ўтирарди. Шу ерга яқин жойда – Учинчи кўчанинг йирик молия операциялари олиб борилаётан Жирард миллий банкида Каупервуднинг таниши Дэвисон муваффақият билан фаолият юритарди.
Каупервуд кетаётганида йўлда Уингейт топширган қандайдир пакет билан унинг олдига, биржага шошиб кетаётган укаси Эдвардни кўриб қолди.
– Тезликда Уингейт билан Жонинг олдига югур! – укасига бақирди Каупервуд. – Бугун катта ўзгаришлар бўлади. Жей Кук тўловларни тўхтатибди.
Эдвард бир оғиз ҳам сўз айтмай, акасининг айтганини бажаришга шошилди.
Каупервуд “Жей Кук энд Компани” банкининг олдига биринчилардан бўлиб етиб келди. Уни ҳайратда қолдириб, ўзи тез-тез кириб турадиган эман ёғочидан ясалган оғир эшиклар ёпиқ, уларнинг устига эса Каупервуд тезлик билан кўз югуртирган ушбу эълон ёпиштирилганди:
“Мижозларимиз диққатига. 1873 йил, 18 сентябрь. Чуқур қайғу билан эълон қиламизки, кутилмаганда қарзларни қоплаш талаб қилинаётганидан келиб чиқиб, фирма вақтинча тўловларни тўхтатиб туришга мажбур. Яқин кунлар ичида ўзимиз кредиторларимизга ишнинг қандай бораётгани ҳақида ҳисобот бера олишимиз мумкин бўлади. Унгача эса улардан бизни тушунган ҳолда сабр билан муносабатда бўлишларини сўраб қоламиз. Ишонамизки, бизнинг активларимиз пассивларимиздан анча ошади.
“Жей Кук энд Компани”
Каупервуднинг кўзлари тантана билан чарақлаб кетди. У кўпчилик билан биргаликда орқасига ўгирилиб биржага қараб кетаркан, шу орада келиб қолган қандайдир бир мухбир банкнинг оғир эшигини анчагача тақиллатиб турди. Ниҳоят эшикнинг ойначаси очилиб, қоровулнинг боши кўринди ва у жаноб Жей Кук йўқлиги, бугун ҳеч кимни қабул қилмаслигини айтди.
“Энди, – ўйларди бу ваҳималар унга йўқотиш эмас, балки ғалаба олиб келаётган Каупервуд, – энди ўзимга тегишлисини оламан! Мен ҳамма нарсани, бутунлай ҳамма нарсани сотаман”.
Ўтган сафар, Чикаго ёнғини натижасида келиб чиққан ваҳима пайтида у кўп нарса сота олмаган, бир қанча қимматбаҳо қоғозларни сақлаб қолиш ўзи учун керак бўлганди. Ҳозир қўлида – у бир амаллаб йиға олган етмиш беш минг долларни айтмаса, ҳеч нима йўқ эди. Худога шукур! Мабодо омади келмаган тақдирда ҳам, у “Уингейт энд Компани” номидан бошқа ҳеч нима йўқотмайди. Бироқ ҳозир у мазкур фирманинг биржадаги вакили сифатида олиб ва сотиб, катта бойлик орттириб олиши мумкин эди. Кўпчилик бошига тушиши мумкин бўлган ҳалокат ҳақида қайғураётган бу жойда Каупервуд бойиб қолишни ўйлаётганди.
Иккала укаси ва Уингейт унинг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қилади. Агар керак бўлиб қолса, у ўзига яна бир ёки иккита ёрдамчи топиб олади. Уларга курсдан ўн, ўн беш, йигирма ва ҳатто ўттиз пункт бўлса ҳам паст сотишни, ҳамма нарсани сотишни буюради. У эҳтиёткор бўлмаганларни тутади, нархларни туширади, унинг ҳаракатлари жуда қатъий кўринаётган қўрқоқларни чўчитиб қўяди, кейин эса сотиб олишни бошлайди ва яна ҳам арзонроқ сотиб олади.
Каупервуднинг ички бир сезгиси ушбу ваҳима ҳамма ерда ва давомли бўлишини айтиб турарди. Шимолий Тинч океани – юз миллионлик корхона. Унга юз минглаб одамларнинг: майда банкирлар, савдогарлар, руҳонийлар, адвокатлар, шифокорлар, бевалар, мамлакат бўйлаб тарқалган ҳар хил фирмаларнинг маблағлари тикилган. Уларнинг ҳаммаси Жей Кукнинг виждонлилиги ва ишбилармонлигига ишонган. Каупервуд бир марта нимаси биландир ёнаётган Чикаго харитасини эсга солувчи ажойиб харита чизилган реклама проспектини кўриб қолганди. Унда Кук бошқараётган жуда катта кенгликни ўз ичига олувчи Шимолий Тинч океани темир йўли ўтган ҳудуд киритилганди. У “чучук сувли денгизлар маркази бўлган” (доктор Проктор Нотт конгрессда истеҳзо билан атаганидек) Дулутдан бошланиб, Миссури дарёсининг юқори қисми ва Қояли Тоғлар орқали Тинч океанигача келарди. Жей Кук ўзини худди ҳукумат томонидан унга берилган узунлиги бир минг тўрт юз милга чўзилган баҳайбат бу ҳудудни ўзлаштираётгандек тутаётганини Каупервуд тушунганди: бу шунчаки жуда катта ўйин эди. У ерда олтин, кумуш, мис конлари бўлиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ер ҳам ишлов бериш учун яроқли – тўғрироғи, вақт ўтиб яроқли бўлади. Бироқ ҳозир ундан нима фойда? Айни пайтда у фақат тентакларнинг тасаввурларини қиздиришга ярайди, холос. Бу ерлар ўзлаштирилмаган ва ҳали кўп йилларгача ўзлаштирилмайди ҳам. Минглаб одамлар ўз маблағларини йўл қурилишига топширганлар, агар Кукнинг иши ўхшамайдиган бўлса, минглаб одамлар пулларига куйиб қолишлари керак эди. Мана, ўша нарса рўй берди! Талафот кўрганларнинг алами ва ғазаби чексиз бўлади. Одамлар яна ишонч ҳосил қилишлари, қўрқуви йўқолиши учун ҳали кўп, жуда кўп йиллар ўтиши керак бўлади. Энди Каупервуднинг даври келди! Узоқ кутилган пайт келди.
Юлдузларнинг совуқ ва ўлимтик нури остида изғиб юрган бўри каби Каупервуд бу одамлар ўз ишонувчанлиги ва соддалиги туфайли қандай тўлов тўлашларини билган ҳолда оломонга синчиклаб тикилди.
Шундан сўнг Каупервуд биржага, икки йил бурун ўзи қанчалик бесамар кураш олиб борган ўша залга қараб шошиб кетди. Укалари ва ҳамкори ҳали келмаганини кўриб, у қўлидан келганча ўзи сотиш билан шуғуллана бошлади. Атроф дўзахнинг ўзи эди. Югурдак болалар ва агентлар қўрқиб кетган биржачиларнинг “сот”, “сот”, “сот” деган, сал ўтиб эса “сотиб ол” деган буйруқлари билан ҳар томондан босиб келишарди. Уларнинг ёнидаги битимлар тузилаётган устунлар биржачи ва маклерларнинг босимидан қисирлаб, қимирлаб кетаётганди.
Кўчада “Жей Кук энд Компани” банкирлик уйи, “Кларк энд Компани”, Жирард миллий банки ва бошқа молиявий идоралар олдида улкан оломон тўпланганди. Ҳамма нима бўлганини билишга, ўз омонатини олишга, қандай қилиб бўлса-да, ўз манфаатини ҳимоя қилишга шошарди. Полициячи “Жей Кук” банкрот бўлгани ҳақидаги хабарни қичқириб тарқатаётган газетчи болакайни қамади, бироқ катта фалокат тўғрисидаги хабар саҳродаги ёнғин тезлигида тарқаб кетиб бўлганди.
Бутунлай ваҳимага тушган бу одамлар орасида ёлғиз Каупервудгина хотиржам ва совуққонлигича қолганди; бу қамоқхонада жиддийлик билан ўзининг кундалик машғулоти – ўнта стул тўқиш, каламушларга қопқон қўйиш билан шуғулланган, бутунлай ёлғизликда камеранинг ҳовличасида боғ яратган одам эди. Бироқ айни пайтда у куч ва ички қувватга тўла эди. У ўзини биладиган одамлар ўртасида яна ҳурмат қозониб олиш учун биржада етарлича муддат давомида бўлганди. У ҳаяжонланган ва бақираверганидан овози бўғилиб қолган оломоннинг ўртасига қийинчилик билан кириб, бошқалар ҳам таклиф қилаётган қоғозларнинг ўзини, бироқ катта миқдорда ва биржа курсидаги нархларнинг фарқида пул қилиб олишни истаганларни қизиқтирадиган даражадаги паст нархда таклиф қила бошлади. Банкротлик ҳақида эълон берилганига қадар Марказий Нью-Йорк линиясининг акциялари биржада – 104 7/8, Род-Айленд – 108 7/8, Уэстерн-Юнион – 92 ½, Уобеш – 70 1/4, Панама – 117 3/8, Марказий Тинч океани – 99 5/8, Сент-Поль – 51, Ҳаннибал ва Сент-Жозеф – 48, Шимоли-ғарбий – 63, Тинч окени –26 3/4 ва ниҳоят, Оҳайо – Миссисипи 38 3/4 дан қилиб белгиланаётганди. Каупервуд яширин ҳолда фаолият юритаётган фирма бундай катта миқдордаги акцияларга эга эмасди. Ҳали бирорта ҳам мижоз уларни сотиш тўғрисида буйруқ бермаганди, Каупервуд эса уларни сотар, назарида у харидорларни жалб қиладиган, улар хоҳлаган нархда сотаётганди.
– Беш мингта Марказий Нью-Йорк акцияси тўқсон тўққиздан… тўқсон саккиз… тўқсон олти… тўқсон беш… тўқсон тўрт… тўқсон уч… тўқсон икки… тўқсон бир… тўқсон… саксон тўққиз, – ҳар томондан унинг овози эшитиларди; агар дарров келиша олмаса, у бошқа, Род-Айленд, Панама, Марказий Тинч океани, Уэстер-Юнион, Шимоли-Ғарбий Тинч океани акцияларига ўтарди. Каупервуд шошилиб залга кирган укалари ва Уингейтни кўриб, уларга вазифа бериш учун тўхтади.
– Қўлингиздан келганча ҳаммасини сотинглар, – секин деди у, – курсдан ўн беш пунктга паст бўлса бўлаверсин, арзонроқлигининг ҳозирча аҳамияти йўқ ва бундан арзон сотилаётган ҳамма нарсани сотиб олинглар. Эд, сен кўнка темир йўллари курсдан ўн беш пунктга паст кетмайдими, кузатиб тур, Жо, сен эса менга яқинроқ туриб, айтишим билан сотиб олавер!
Роппа-роса соат бир яримда айвончада биржа қўмитаси котиби кўринди.
– “Кларк энд Компани” ҳозиргина тўловларни тўхтатди, – эълон қилди у.
– “Тай энд Компани” – соат бирдан қирқ беш дақиқа ўтганда яна унинг овози эшитилди, – тўловларни тўхтатганини маълум қилди.
– Биринчи Филадельфия миллий банки, – соат иккида эълон қилди у, – ортиқ ҳисоб-китобларга лаёқати йўқлигини бизга маълум қилди.
Ҳар бир ахборотдан сўнг одамларни жим бўлишга чақирган бонг овози эшитилар, оломон орасида эса бир хил “У-у-уҳ!” деган нолиш эшитиларди.
“Тай энд Компани”!
Буни эшитиб, Каупервуд бир сония тўхтаб қолди – мана у ҳам тугади, – ва шу заҳоти яна ўз таклифларини бақириб айтишда давом этди.
Кун охирига келганда Каупервуд сюртуги йиртилган, бўйинбоғи бир томонга қийшайиб кетган ва ёқавайрони чиқиб, бошида шляпаси ҳам йўқ (қаергадир тушиб қолган бўлса керак), бироқ хотиржам ва пинагини бузмаган ҳолда ташқарига йўналди.
– Хўш, Эд, ишлар қалай? – укасини кўриб сўради у. Эд ҳам худди акасидек аҳволда, чарчаб кетган кўринарди.
– Жин урсин! – манжетларини тўғриларкан, сўкинди Эд. – Умримда бунақасини кўрмагандим. Яланғоч қолай дедим.
– Кўнка темир йўллариникидан бирор нарса ола олдингми?
– Беш мингми ёки шунга яқин миқдорда сотиб олдим.
– Жуда яхши, энди Гринникига жўнаш керак (бу Филадельфиядаги ажойиб ресторани бор зўр меҳмон хоналардан бири эди), – деди Каупервуд. – Бу ҳали тугади дегани эмас. Келишувлар у ерда ҳам давом этади.
Каупервуд Жо билан Уингейтни ҳам топиб, улар йўлда ўз олди-сотдиларининг натижасини ҳисоблаб кетишди.
Каупервуд олдиндан пайқаганидек, ҳаяжонлар ҳатто кеч кирганда ҳам босилмаганди. Учинчи кўчадаги “Жей Кук энд Компани” ва бошқа банкларнинг эшиги олдида одамлар тўдаси ҳали ҳам, балки, воқеалар яхши томонга ўзгариб қолар, деган умидда туришарди.
Биржачилар учун баҳс ва ҳаяжон маркази энди Грин меҳмонхонасига кўчган бўлиб, ўн саккизинчи сентябрь куни кечқурун меҳмонхона вестибюли ва йўлаклари банкирлар, маклерлар ва чайқовчилар билан тўлиб кетди. Бошқача айтганда, биржа шу ерга батамом кўчиб келгандек эди. Эртага нима бўлади? Навбатдаги банкротлик кимники? Энди пуллар қаердан келади?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.